Абдулҳамид Чўлпон Абдулҳамид Чўлпон 4,5 трилиён Кўча-кўйда хотиржамроқ юруш ҳам мумкин бўлмай қолди. Нимага десангиз, ҳар бурчак ва ҳар муюлушда тубжой халқнинг ёш ўспиринлари тўдаланишиб чиқиб келадирлар-да, маориф ишларига озроқ алоқангиз борлиғини билсалар сизни тўқтатиб олиб: Биз фалон ердан атайлаб ўқуғали келдик. Мактаблар тўлған, бизни бирар жойға жойланг. Пулимиз ҳам, бошқамиз ҳам йўқ… дейдирлар. Сиз у деб – бу деб, алдаб-сулдаб зўрға қутуласиз. Бир оз юрганингиздан кейин нариги муюлушда яна шул аҳвол. Бу ҳол – кўб яхши фолдир. Бу юртнинг порлоқ келгусидан хабар берадир. Ҳалиги ёш ўспурунларни ўлкамиздаги мактабларга жойлаш қанча қийин бўлса, бошқа мамлакатларга юбориш учун пул топиш ундан ҳам қийин. Шу тўғрида қаерға бош урсангиз: “Пул йўқ!” жавоби келадир. Ҳукумат қўлидан келганини қилиб, бирар мингча ўқуғучиларни ҳам томонға юборди. Қуллуқ. Бизнинг маориф комиссарлигимиз бўлса бундай аҳволларга “кўзни кўр, қулоқни кар” қилиб олишдан бошқа чора топа олмади. Нимага? – Пул йўқ, пул! Фарғона музофот маориф нозири билан жойлардағи маориф идоралари орасида жанжал. Нимага десангиз: пул йўқ!” Андижон шаҳарида босмачилардан тозаланған қишлоқларға муаллим етиштирмак мақсади билан 4 ойлиқ деб очилған таълим-тарбия қурси икки ой давом эткандан сўнг ёпилишқа мажбур бўлуб қолди. Ул қурсларни буюруб очтурған, таъмин қилмоқни бўйнига олған маориф комиссарлиги – қурснинг на очилишидан ва на ёпилишидан хабар олғани йўқ. Ул тўғрида келишмак учун келган кишини маориф комиссарлигида “5 минутга” зўрға қабул этканлар. Ғараз, бу ишларнинг ҳаммаси пулсизлиқ орқасида бўлди. Бутун Туркистонда бир ўзбак тиётр тўдаси яшай олмади. Нимага десангиз, пул йўқ. Бир тиётр биносини марказ бўлған Тошкант шаҳари сололмади, унга ҳам пул йўқ. Биз ҳам “пул йўқ” экан деб тамом хотиржам, бемалол ишимизга кетдик. Ўткан йил қиш ойларида “Колизей” деган тиётрни бир ширкат идора эткан экан. Кўрган кишиларнинг ривоятига қарағанда, ул вақтда мазкур тиётрнинг 100 дан ортиқ хизматчиси бўлған. Ўзи маориф комиссарлиги олдидағи сиёсий маориф идораси томонидан – махсус аҳднома билан ширкатга берилган. Ҳукуматнинг шундай катта бир жойи “ўзини ўзи таъмин қилатурған” усулга қўюлған. Қиш ўтган, ёз келган. Ширкат синған. Хизматчиларга пул тўлашга бир чақа пул йўқ. Иш судга тушган. Натижада суд 4,5 трилён пулни маориф комиссарлигининг бўйнига юклаган. Комиссарлик эса бошини қашлай-қашлай ул пулни бўлиб-бўлиб тўламакдадир… “Колизей” улуғ санъат уйи. Темирйўлдан, ишчилар маҳалласидан йироқ. Шунинг учун уни NEPчилар, чиновникнамо кишилар кўб яхши кўралар. 500 йил (ЎЗБЕК BILIM ҲАЙЪАТИ ЭЪТИБОРИГА) Чиғатой адабиёти ва тилига Навоийнинг қилғон хизмати жуда улуғдир. Бу кунги янги ўзбек адабиёти ва унинг бу кунги содда шеваси, менимча, ўша чиғатой шевасидан ўзга эмасдир. Баъзи бир кишилар, Навоийдан анча кейин чиққан адиб ва шоирларимиздан бир-иккита соддароқ ёзғонларини ушлаб олиб, уларни ҳаддан ташқари кўтармак билан наригини бир қадар туманлашдирмоқчи бўлсалар ҳам, Навоий ўзбек тили ва адабиётида тегишлик юксак мавқеъини олғондир. Усмонли адабиётининг энг улуғ вакили бўлғон Фузулийни машҳур усмонли ёзғучиси Шамсиддин Сомибек Навоийдан кейинга қўйиб, кўрсатадир. Мана бу ҳам, Навоийнинг биргина ўзбек қавми адабиётида эмас, умум турк халқи адабиётида ҳам ўзига яраша жой олғонини кўрсатадир. Тарихларнинг кўрсатишиға қарағонда шу бир йил — бир ярим йил орасида улуғ Навоийнинг вафотиға 500 йил тўладир… 500 йил ўзбек-чиғатой адабиёти тарихига аллақанча нарсалар берган, унда қанча ўзгаришлар ясағон, жуда узун бир муддатдир. Ўз адибларига 5—6 асрлик бир тарих яшата билган халқлар унча кўб эмасдир. Демак, бизга ҳам шу бир йил орасида шундай катта бир шодлиқ, катта бир байрам ўтказишга тўғри келадир. Ватандошларимиз руслар Пушкиннинг ҳар 5 йили учун ҳам катта байрамлар ясайдирлар. Ғарбда эса ундай байрамлар жуда катта тантаналар билан ўтказиладир. Бу тўғрида гапни чўзиб ўлтириш ҳожат эмас. Кўз билан кўрганимиз ҳам етиб ортарлиқдир. Шунинг учун мен айтмоқ истайманким, Навоийнинг 500 йиллигини биз ҳам тегишлик даражада тантана билан ўтказишга шу топдан ҳозирлана бошлайлиқ. Бу йўлда мен қуйидағи чораларни таклиф қилиб, ўзбек билим ҳайъатининг диққатини шунга жалб қилур эдим: 1. Ҳозирдан бошлаб яралиқ кишиларимиздан бир ҳайъат ташкил қилиб, 500 йиллик байрамни мумкин қадар тантана билан ўтказиш йўлини топмоқға ўшал ҳайъат вакил қилинсун. 2. Ҳайъат Навоийнинг босилмағон асарларини топиб, босдиришға лозим кўрулгонларини байрамгача босдириш чорасини кўрсун. 3. Навоийнинг мукаммал таржимаи ҳоли ёздирилсун. 4. Навоийнинг шеваларидан терма бир асар тузулуб, нафис қилиниб босдирилсун. 5. Навоий номиға юқори ўқуш юртларининг адабиёт-тил факультетларида ўзбек талабалари учун стипендиялар очилсун. 6. Ўзбекистоннинг пойтахтида Навоийға ҳайкал тикилсун. 7. Баъзи бир ўзбек шаҳарларининг кўча исмлари Навоий отиға қўюлсун. Абулзиё Талҳабекнинг вафоти Туркиянинг машҳур муҳаррир, ношир ва матбуотчиларидан Абулзиё Тавфиқбек 1913 нчи йили (Болқон уруши вақтларида) вафот қилған эди. У вақтдағи Туркия ва Русиядаги турк газеталари марҳумнинг вафоти муносабати билан анча нарсаларни ёзиб ўтканлар эди. Жаҳон урушининг бошидан бери десак мумкин, Туркия билан узулуб кетканмиз. Бизда, бу ерда бўлған ҳодисалардан у Туркиядаги қариндошларимиз қанча хабардорлар, уни биз билмаймиз. Лекин, Туркиядаги воқеа ва ҳодисалардан биз жуда оз хабардормиз. Телеғрам хабарларида нуқул сиёсий хабарлар ёзилиб, ижтимоий, илмий ва адабий ҳаётдан ҳеч нарса йўқдур. Туркиянинг улуғ шоири Тавфиқ Фикратнинг вафотини, вақти билан қулоқ хабарларидангина эшитган эдик. Русча мажмуалардан бири, юқорида зикр қилинған Абулзиё Тавфиқбекнинг ўғли Талҳабекнинг 1921 нчи йилнинг охирларида вафот қилғанлиғини хабар берадур. Талҳабек отаси Тавфиқбекнинг йўлидан кетиб, матбаачилик, газетачилик ишига берилган эди. Отасидан мерос бўлуб қолған “Тавҳиди афкор” газетасини тараққий қилдирмоқ учун кўб тиришди. Газетанинг нафосат жиҳатини яхшилаш учун у ўз қўли билан расмлар ясар, харита, чизиқлари чизар эди. Талҳабек ўтлик ватанпарварлардан бири бўлғани учун Истанбул шаҳри иттифоқчилар қўлиға киргандан кейин Султон Ваҳид ҳукуматининг ғазабидан қуруқ қолмади. У вақтнинг ҳарбий маҳкамаси уни зиндонга ҳукм қилди. Талҳабек шу зиндонда илаштирган сил касали орқасида эдиким, вафот этди. Ундан бир оз кейин мазкурнинг онаси ва Тавфиқбекнинг рафиқаси ҳам вафот этди. Бу хотун-қизлар орасида очиқ фикрлик, матонатиги билан танилған эди. Тавфиқбек Султон Абдулҳамид замонида “Сирож” газетаси Юлдуз саройига ҳужум қилғани учун машҳур Радос оролиғи нақи қилинған эди. Шу муносабатбилан бечора хотун кўб аламларга йўлуқған эди. Талҳабекдан кейин “Тавҳиди афкор”га эга бўлған Абулзиёзода Валидбек Мустафо Камол пошо ҳукумати билан сўнг вақтда жуда қаттиғ олишди. Шу сабаблик бўлса керак, “Тавҳиди афкор”нинг ҳукумат тарафидан ёпилғанлиғини хабар бердилар. Ҳар ҳолда “Тавҳиди афкор” газетаси Истанбул газеталари орасида энг узоқ яшаған, нафис ва айниқса кундалик расмга кўб аҳамият берган газета эди. Вақтида Туркиянинг энг нафис асарлар бостурған “Абулзиё Тавфиқбек матбааси” тиришқоқ ота-боланинг вафотидан кейин қандоқ ҳолға тушди экан? Муни сўнгроқ англаймиз, эҳтимол. Идора – Туркияда халофат битирилиб, халифа Абдулҳамид Исвичрага жўнаған вақтда унинг орқасидан баъзи иртижочи газета муҳаррирлари, шу жумладан “Тавҳиди афкор” газетасининг муҳаррири ҳам кетган эди. “Тавҳиди афкор” газетаси, янги Туркия қошида иртижочилар жумласидан саналуб, ҳозирда Туркияда қабул этила бошлаған “лотин” алифбосига қарши аксил ташвиқ қилғанлардан биридур. Адабиёт кечаси 10-декабрь, шанба куни, “Етимхона” саҳнасида Шарқ чолғу (мусиқий) мактаби тарафидан бир адабиёт кечаси қурилди. Кечанинг ўзида мен ул кишилардан англадимким, томошачиларнинг кўплигига, шубҳасиз, яхши сезгилар берган. Бу кеча тўғрисида баъзилар: “Бу Бухорода биринчи қатла кўрилатурган бир кечадир”, – дедилар. Баъзилар: “Бухорода адабиёт ва, умуман, санъатга қарши қурилган совуқлик билан кураш йўлида биринчи қадам”, – дедилар. Баъзилар эса: “Бу ҳеч нарса эмас, ёлғиз Шарқ чолғу мактабининг 3-4 ойлик кичкина бир ҳисоботи”, – дедилар. Бу ўйларнинг қайси бири тўғридир? Мен кўп текшириб ўлтирмайман. Мен кечанинг мақсади тўғрисида сўнгги ўйга қўшила бераман. Зотан, кечанинг руҳи бўлган улуғ адиб ва шоиримиз Фитрат парда очилмасдан бурун сўйлаган қисқа сўзида шу фикрни қистириб, аралаштириб кетди. Ҳамда тўғриси-да шу эди. Парда очилиши билан биз Шарқ чолғу мактабининг ўттиз қадар талабаларини қатор-қатор тизилиб ўтирганини кўрдикким, олдинги қаторда буткул танбур, орадагилар эса ғижжак, рубоб, най аралаш эди. Кичкина-кичкина чолғулар бир тартиб, бир йўл билан икки-уч машҳур, оғир куйларни чалиб чиқдилар. Нотасиз, ёзувсиз, ёлғиз эс билангина чолған бу кичкиналарнинг чолғуси бизга яқин, сезиларли янглишлар бўлмади. Туркистон маркази Тошкентдан тортиб йироқ Францияға қадар бузуқ ва ясама бир чолғу тушган. Машхур ўзбек куйи – “Эшбой” бу кичкиналар чолғуларида буткул бошқа бир таъсир берди. Ҳаракат ва товуш ўйнашлари истарлик бўлмаган хитобига кўп кўз солмаслик, иккинчи пардада ўйналған Фитратнинг шеър ва қўшиқлари билан ёзилган “Ўғизхон” томошаси томошачиларга яхши, ҳатто ортиқ даражада чуқур сезги бағишлади. Бош рўлда – Бобой – Фитрат, Ўғиз рўлида яна ўзбекнинг янги адабиёт оламида зўр ҳиссаси бўлған V.М.* ўртоқ эди. Дунёга кўп шодлик билан келиб-кетишда бўлган бир киши “Ўғиз”дан сўнг менга: “Умримда мен бунча йиғламаған эдим”, – деди. Асарнинг томошабинларга бўлган таъсирини мен шу ўлчак билан ўлчасам янглишмасам керак. Бобой рўлида Фитратнинг секин қимирлаши, қарашлари ва сўз вақтида кўрсатган ҳаяжонлари тўғри ва тузук эди. Ўғизнинг товуши кўп ҳайбатли чиқса-да, шу ҳайбатли товушга келишмайтурган ҳаракатсизлиги бир тан ва бир кишида қизиқ бир қаршилик чиқарар эди. “Зотлик шундоқ бўлур”, – дедилар, лекин бу “ўлик-тирикка ўлик, ўзининг кучини сарф этиб турган, юртининг буткул харобалиғини кўриб турган бир ўликдир”. Шунинг учун шунга ярашар ҳаракат таъминланиши керак эди. Чолғу кўп бузуқ ва қийин чалинди, болалар қўшиғи ҳам сезиларлик равишда чала бўлмаса, яна яхши эди демакка журъат қиламан. “Ўғиз”нинг умумий таъсири кўп чуқур бўлди, буни қайтариб айтмакка лозим бор. “Ўғиз”дан сўнг чолғу мактаби қўшиқ бўлаги талабаларидан кичкина-кичкина уч бола энг оғир қўшиқларни айтдилар. Икки ёнларида Бухоронинг машҳур қўшиқчилари – бири … (ўқиб бўлмади), иккинчиси собиқ амир саройи қўшиқчиси муҳтарам Мирбобо танбур чертдилар. Бизнинг қулоқларимиз Домла Абдуҳалим билан ака L. (Левича ҳофиз бўлса керак)дан эшитиб ўрганган катта ва оғир машқларни кичкина-кичкина болалар оғзидан бутун оғирлик, енгиллик илан эшитгач, билсангиз эди, қанча шодмонлик! Бу кичкина товушда устозларига қанча ўхшатмалар қилишда, ҳаракатда ҳам улардан қолишмас эди. Уларда фақат шу икки машхур ҳофизда кўрилатурған қилиқларни кўргач мен ҳеч ўзимни тўхтата олмас эдим. Сўнгра бир хитобидан сўнг чолғу мактаби ҳайъат таълимаси тарафидан икки-уч машҳур куй ўйналиб, кечанинг биткани билдирилди. Парда орқасида биродар Ҳошим Шойиқ адабиёт ва санъат тўғрисида илмий ва фанний бир сўз сўзлади. Киши кўп, ҳукумат аъзоларининг ҳаммаси деярлик ҳозир эди. Шундоғ кечалар, албатта, мундан сўнгра-да ясалмоғи керак. Мундан сўнггиларида уч нарсага диққат қилинса яхши бўлур эди: Биринчиси – куйлар ва қўшиқлар ортиқ бўлмасин. Иккинчиси – саҳнада ва золда электрик чироғи ёруғ бўлсин. Учинчиси – жойлар сонли (номерли) бўлсин-да, ортиқча одамларга киришга йўл берилмасин. Адабиёт надир? Адабиёт ҳар бир миллатнинг ҳисли кўнгул тарихининг энг қоронғу хоналарида маишат (тирикчилик)нинг кетишига қараб ҳар хил тусда ва рангда етишган, файзли тил бирла тақдир этула олмайдирғон бир гулдир. Ушбу яшадигимиз муҳит доирасинда анинг тўлқуни одамнинг ҳар хил маишатига қараб ўзгарадир. Ҳар синф, халқнинг ўзига махсус оҳанги, ўзига таъсир қиладурғон зори бўлур. Мана шул муҳит бўшлигинда бўлган қатъий тўлқуннинг бир-бирига бирлашмагидан ҳар одамга ҳар хил шодлиқ ва ё кўб аччиқ таъсир этмагиндан одамнинг кўнглида ўзи билмасдан ўрнашуб қолғон ва ҳар вақт, умрининг охирига қадар сақланатурғон қайғуланмак ва ё кўкрак кериб қўб дам олурдай оҳ урмаклар — ҳамаси кўнгилда ҳар хил рангда, ҳар хил кайфиятда тўлуб ётқон адабиёт хосасиндан саналур. Киши баъзи вақтда шодликдан кулур ва баъзи вақтда кўз ёшин тўкуб йиғлар, оҳ тортар. Одамнинг мундоғ ҳар хил кайфиятга кируб турмоғи ўз ихтиёри нла бўлмай, балки маишати йўлида ҳар вақт учраб турадурғон фалокатнинг анга баъзи вақтда зулм кўрсатмоғи ва баъзи вақтда бир яхшилик кўрсатуб суюндирмоғидин келуб — яхши кўрганда суюниб, ёмонлиқ кўрганда йиғлаб — шундоғ бўлуб икки турли ўзгаруб турар, баъзи вақтда фалак бир одамни қайғуга солар, ул ўзи тушуниб, ўйлаб туруб, оҳ тортуб йиғлар. Бу ҳасратларни ўз ичига сиғдиролмас. Бировга айтса, «Вой бечора» деюрмукин, деб ўз қайғусини бировга айтмакка тилар. Тўп тўғри айтганда у қадар таъсир қилмас. Адабиёт ила айтганда албатта таъсир қилар. Менинг бир ошнамнинг ўлдиги хабари келар. Мен ҳеч хафаланмайман. Бир вақтда мактуб келар, мактубда аларнинг кўрган кунлари адабиёт ила бундай ёзилур: Гуллар била пок қайғули маҳзун боқурди Кўз ёшларимиз тўхтамай тун-кун оқурди. Мана шуни ўқуб албатта бир таъсир ила аларнинг қайғусига қўшулурмиз. Бир бола ухламаса алла айтарлар. Бола тез ухлаб кетар. Чунки ул андин бир лаззат ҳис қулур. Эски боболарининг бир маъшуқа учун Қошғар тарафларига яёв борганини ва йўлда ўғрилар тарафидан ўлтурулгани ғоят яхши оҳанг билан айтилур. Ул вақтда бола таъсириндан ухлаб кетар. Шунга ўхшаш ўзининг шавкат ва ғайрати ила замонасида бутун дунёни ҳавор ва даҳшатга солғон жаҳонгирларнинг ўтказган кунларин ва даврларин тарихларда кўрса ва эшитса ҳар киши юрагида бир ботирлиқ ва бир фидокорлик ҳис этар ва қаҳрамонона умидларда бўлинур. Мана шундай қаҳрамонона умид, қаҳрамонона ҳис ва қаҳрамонона ғайрат —барчалари тарихий адабиётнинг натижасидан бошқа нарса эмасдир. Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур. Биздан бошқа миллатларга кўз солсак кўрамизки, аларнинг олти ёшдан олтмиш яшар қариларина қадар адабиётдан бир лаззат олуб охир умрига қадар адабиёт ўқуб эшитмакни вазифаи миллиясидан ҳисоб қилур. Мана шунинг учундирки, Оврўпонинг ҳар шаҳар ва қишлоқларида ҳар кун, ҳар ҳафта адабиёт кечалари қилинур, адабиёт ўқилур, нутқ сўйлануб халқ кўб кируб таъсирланурлар. Мана тотор қардошларимиз йилда бир дафъа бўлса ҳам шаҳар ва қишлоқларида «Адабиёт кечалари» қилуб халқға руҳ беруб кўб олқишлар, офаринлар олдигини ғазеталардан ўқуб турмакдамиз. Бизлар эсак адабиётдан лаззат олмак бир тарафда турсун, ҳатто боболаримиз ва болхоса «Ислом маданияти» замонинда катта рўл ўйнағон ва аларнинг маишатларин кўрсатган таърих умумийларни ўқуб англамоқдин ҳам кўб йироқ турамиз. Бизни уламо ва эшонларимиз тўн киймакдан, авомларимиз чойхоналарга чиқуб чой ичмакдан ва зиёлиларимиз эса Оврупо киюмликларидан ва қийматлик папирўсларидан лаззат олурларки, «адабиёт нима?» десанг, жавобида юқорида айтилганча «яъни, масалан»дан бошқа жавоблари йўқдир. Мана шунинг учундирки, кундан-кунга руҳимиз тушуб, келадирғон истиқболимизга умидсиз қараб, бошқа миллатлар каби шод ва умидли яшамаймиз ва бизда шодлик ва руҳ бўлмагани учун бир ишни қиламиз деб энди ўйлаганимизда ўй йўқ — фикрлар чочилуб, ақлларимиз паришон бўлуб кетар. Адабиёт чин маъноси ила ўлган, сўнган қаралган, ўчган, ярадор кўнгилга руҳ бермак учун, фақат вужудимизга эмас, қонларимизга қадар сингишган қора балчиқларни тозалайдирғон, ўткур юрак кирларини ювадурғон тоза маърифат суви, хиралашган ойналаримизни ёруғ ва равшан қиладирғон, чанг ва тупроғлар тўлган кўзларимизни артуб тозалайдирғон булоқ суви бўлғонликдан бизга ғоят керакдир. Энди, эй, қардошлар! Адабиёт ўқуйлик. Адиблар етишдирайлук, «адабиёт кечалари» ясайлук. Руҳ, ҳис, туйғу, фикр, онг ва ўй олайлук, билайлук. Агарда «баёз» ва бемаъни бир-икки дона китоблар ила қолсак, маҳву инқирозий бўлурмиз. Юрагимиз кундан-кун тошдан ҳам қаттиғ бўлур. Юракни эритайлук, руҳ берайлук, инқироз бўлмайлук. Меним бу ожизона фикрима қўшилатурғонлар бўлса адабиётнинг фойдаси тўғрусинда «Оина» ва «Садо»ларимизга тарихий ва адабий мақола ва шеърлар ёзсунлар, китоблар тартиб берсунлар. Ҳозирда бизга бирдан-бир лозим бўлғон нарса — адабиёт, адабиёт, адабиёт… Ал-жазира инқилобчилари ва учинчи байналмилал 3 нчи коммунистлар байналмилалининг раиси ўртоқ Зиновевга бу кунларда Эронға қочиб келган ал-Жазира вакиллари ушбу номани юборғанлар: “Теҳрон. Жумодиял-аввал 1341. Декабрь 21, 1922. Рақам: 15. Раис жаноблари! 22 нчи ўктабр 1922(?) нчи йилда Англтара ҳукумати билан Амир Файсал орасида боғланған аҳднома бўйинча, англизлар ўлкамизнинг озодлиқ ва истиқлолиятини қурмоқни баҳона қилиб, қўшун кучи билан уни қўлға олмоқға киришган эдилар. Англтара ҳукумати бу ишдан кўзлаган мақсадини – ҳали ал-Жазирада ва ҳам бошқа мамлакатларда таъкид қилған эди. Ахири, ал-Жазира ўлкаси англиз қўшуни томонидан қўлға киргизилиб, эгаллагандан сўнг англизлар ўзларининг чин мақсад ва ниятларини юзага чиқардилар. Бу мақсад ва ният эса – ул мусулмон ўлкасини Англтара тупроғиға қўшуб юбориб, қилич кучи билан идора қилишдан бошқа нарса эмас эди… Ал-Жазира халқи, бу ҳақоратга жуда таъсирлик жавоб қайтармоқ қасди билан 1919 (?) нчи йилда ҳаммаси бирдан бош кўтарди. Бу кўтарилишнинг натижаси Англтара ҳукумати ҳам, ахири ал-Жазира ўлкасининг истиқлолиятини тасдиқ қилиб, Ҳижоз қиролининг ўғли бўлған Амир Файсал қўл остида машрутият усули билан бошқарилатурған бир ҳукумат тузушга мажбур бўлди. Англизларнинг ҳийласига ишонмайтурған ал-Жазира халқи янги ҳукуматни бир мунча шартлар билангина қабул қилиб, у ҳукуматнинг сўнградан кетатурған йўлининг натижасини кутмакка қарор берди. Ҳақиқатан, бу ҳукумат кейинча юзидаги риё пардасини бирдан олиб ташлаб, на Миллат Мажлиси ва на-да мамлакат оқсоқоллариға билдирмасдан, фақат англиз найзаларига таянибғина ўлкамиз учун катта бир бебахтлик бўлған бир аҳдномани ақд ва имзо қилди. Агар ул аҳднома тасдиқ қилдирилмоқ учун Миллат Мажлисига ёки кўбчилик ўртасиға ташланған бўлса, унинг кўргулуги бошқача бўлур эди. Барча аҳолининг фикрига қарағанда, бу аҳднома миллатнинг ҳаққи ва эгалиги билан мамлакатнинг истиқлолиятига қўл чўзмоқдан бошқа бир нарса эмасдир. Шунинг билан баробар, бу тўғрида англизлар томонидан берилган таъминотлар ҳам охирда бир мунча далиллар билан рад қилинди. Раис жаноблари, шунинг учун сиз ва сизнинг ўртоқларингизнинг одамгарчилик туйғусиға мурожаат қилмоққа жасорат қилиб, Миллатлар Иттифоқи асосларига қарамасдан бизнинг ўлкамизда пайдо бўлған аҳвол ва можароға диққат қилмоғингизни, умумий сулҳ учун доимий бир қўрқинч ташкил қилған англиз зулм ва истибдодидан бизни ва бизнинг ўлкамизни қутқаруб олмоғингизни ўтинамиз. Ал-Жазира ўлкасининг фавқулодда вакил ва намояндалари.” Бу номага қарши 3 нчи байналмилал раиси бу жавобни юборғандир: “Ҳурматлик дўстлар! Декабрда юборған номангизни улуғ бир истак ва қизиқиш билан ўқудим. Англтара ҳукуматининг бошдан-оёқ хиёнат ва иккиюзлиликдан иборат бўлған сиёсати ал-Жазира фожеасида яна ҳам очиқ-ойдин бўлуб, бутун таги-туги билан майдонга чиқди. Ажабо, бирор жой бормидирким, англиз жаҳонгирлиги у ерда бошқа бир йўл билан юрган бўлсун… Унинг сиёсати хоҳ Ҳиндистонда, хоҳ Мисрда ва хоҳ жанубий Африқада бўлсун – ҳаммаси бирдир ва бошдан-оёқ ёлғончилиқ, хиёнат, сохтакорлиқ, зулм ва жабрдан иборатдир! Кети, чегараси бўлмаған англиз зулмининг натижаси ўлароқ ал-Жазирада кенг ва катта бир бош кўтарилиш бошланғанини бу кунгина газеталарда ўқуб, билдим. 3 нчи байналмилал у қаҳрамонларча курашнинг сўнггини ортиқ бир қизиқиш билан кузатиб бормоқдадир. Яқин эҳтимолдирким, англиз жаллодлари бу янги кўтарилишни фақат ўз кучлари билангина босмоққа қаноат қилмасдан, бир мунча ҳийлалар билан унга ичдан зарба бермакка ҳам тиришурлар. Ҳозирдан тарқала бошлаған ривоятларга қарағанда, гўё ал-Жазирадан хор жафо сурулган инқилобчи саркардалар билан қамоқдағиларға англизлар дархон эълон қилиб, ҳатто хоин Амир Файсалга “миллий вазир” ҳам қилиб қўймоқчи эмишлар. Мен ўйлайманким, илгари бошингиздан ўткан аччиғ тажрибалар англиз вакили (Сарпарисқуқ)нинг иккиюзлик “илтифот”ларини кучлик бир жирканиш туйғуси билан қайтармоқ, рад этмак учун сизга ёрдам қилур. Англизлар агар лозим бўлуб қолса, ал-Жазира устида қонли истибдодларининг яна бир неча йиллар давом қилиб, жойлашмоғи учун сайловларнинг муваффақият билан ўтказилишига ва ҳам ал-Жазира англиз аҳномасининг маҳкам ва пухта бўлуб қолишиға ҳаракат қилишдан ҳам тортинмаслар. Номангизнинг бир жойида ёзилғаниға қарағанда, англизлар ал-Жазирада тутқан ишлари билан гўё Миллатлар Иттифоқининг асосларига қарши ҳаракатда бўлуналар эмиш. Бунда катта бир янглишлиқ бор. Маълумдирким, Миллатлар Иттифоқи урушдан кейин Англия, Франция, Амриқо ва бошқа енгувчи давлатлар томонидан ташкил қилинған бир муассасадир. Уни тузмакдан мақсад енгилган миллатларни таламоқ эди. Ҳозир шу соатда ана шул ўғриларнинг бошида турған яна ўшал Англтаранинг ўзидир! Шунинг учун Миллатлар Иттифоқининг асослари билан, ҳар турлик мудофаа асбобларидан маҳрум бўлған ал-Жазира аҳолисининг ҳаво кемаларидан туруб ўтға тутқан “Англиз асослари” орасида ҳеч бир айримлиқ йўқдир. Буни сизга дўстларча билдирмакдан мақсад, бундан сўнг яна баъзи бир янглишлиқларға тушуб қолмаслиқ учун, Миллатлар Иттифоқининг нимадан иборат эканлигини сизга ва сизнинг рафиқларингизга англатмоқдир. Ал-Жазирани ажнабий зулмидан озод қила олатурған бир қувват бор эса у ҳам – ал-Жазира шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг ажнабий тасаллутига қарши олиб боратурған жиддий курашларидир, йўқ эса, бу ёки нариги бир жаҳонгир ҳукумат ё иттифоқ эмас. Бунинг учун сиз англизлар мамлакатдан чиқиб кетганда кўбчилик учун тинчлик ва роҳат бўлишини аҳолига англатиб, ал-Жазира хоинлари билан Амир Файсал ҳукуматининг чин юзини кўбчиликка очиб бордирмагингиз керакдир. Англия, Франция, Германия, Русия ва ер юзидаги бошқа бир мунча давлатларнинг неча милёндан иборат бўлған ишчи-деҳқонларини ўз қаноти остида тўплаған 3 нчи байналмилал – сизнинг ҳаракат ва ташаббусингизга қарши уларнинг ёрдам ва таважжуҳини таъмин қила олур. Ҳурматлик дўстларим! Агар сиз, машаққат бўлса ҳам, бир мартаба Маскавга кела олсангиз мен сизни зўр бир севинч билан қарши олиб, кўрушар эдим. Агар, воқеаларнинг кетиши сизни Эронда тўқтатиб қолатурған бўлса, ал-Жазирадаги англиз идорасининг нимадан иборат эканлигини кўрсатиб, англататурған суратларнинг йиғилмоғини илтимос қиламан. Агар сиз бу тўғрида бирар китобча ёзатурған бўлсангиз мен уларни севина-севина Оврупо ва Шарқ тилларида босдириб чиқарар эдимким, бу ҳам албатта фойдасиз бўлмас. Самимият билан қўлларингизни қисаман. 3 нчи каммунистлар байналмилалининг раиси.” Бошқармадан: Бу хабарни биз Бокуда чиқатурған “Қоммунист” рафиқимиздан кўчурдик. Хабарнинг бош томонидан икки ерда савол аломати (?) бордирким, уни биз қўйдиқ. Сабаби ҳам ўшал рақамларнинг ҳақиқат ҳолға тўғри келмасликларидир. Масалан: англиз қўшуни томонидан ал-Жазиранинг қўлға олина бошланиши 1922 нчи йилда деб кўрсатилмакдадир-да, бунга қарши ал-Жазира аҳолисининг бош кўтариши 1919 нчи йилда қилиниб кўрсатиладир… Рафиқимизнинг бу ердаги муддаосини ё биз тушуна олмадиқ, ёки аслида бир оз хато кеткан. Ҳар ҳолда бир англашилмайтурған нуқтаси бор. Шунинг учун биз ал-Жазиранинг англиз тасаллутига ўтиши тарихидан қисқағина рақамлик маълумот бериб ўтмакчимиз: Англиянинг ал-Жазирага тажовузи аслида жаҳон урушининг аввалларида (21 нчи нўябр 1914 нчи йилда) бошланадирким, шу кун англизлар Басра шаҳарини оладилар. Сўнгра улар учун катта бир муваффақиятсизлик рўй берадир: 29 нчи апрель 1916 нчи йилда генерал (Tounsand) “Кутал-амора”да 20000 қўшуни билан турк ва араблар қўлиға асир тушадир. Шундан сўнг бир йилгача англизлар қимирлая олмасдан туруб, охирда 1917 нчи йил март ойида уруш бошлаб, Бағдод шаҳарини оладирлар. Ал-Жазира сафарининг 1918 нчи йили 30 нчи сентябрда Туркия қўшунининг юқори Дажлада енгилиши билан тамом бўладир. Шул енгилишда турклардан 7000 киши англизлар қўлиға асир тушган. Шу йилнинг 9 нчи ўктабрига келиб ал-Жазира тугал англизлар қўлиға ўтадир. Шу муносабат билан Амриқода: “Англизлар дунёдағи қораёғ конларининг 90 фоизига эга бўлдилар, биз бўлсақ оғзимизни очиб қола бердик!” деган гап чиқадир. 1919 нчи йили январь ойида англизлар Бағдод темирйўлини ўз тафтишлари остиға олалар. Ундан сўнг бир мунча вақт ал-Жазира масъаласида чучмаллик ҳукм сурар. Ya’ни: унинг устида иттифоқчиларнинг ўзаро жанжаллари бошланадир. Бу ҳол 1920 нчи йилнинг апрель ойиғача чўзуладир. Сўнгра шу тарихда Сан-Ремода бир канференсия бўлуб, Сурия билан ал-Жазира ўлкалари икки мустақил давлат деб таниладирлар. Бу танилишнинг биргина шарти бордирким, ул мустақил давлатлар қўлида мандати бор давлатнинг қарор ва кенгашларига бўюн эгмакка мажбур” бўладурлар. Ал-Жазиранинг мандати Русия, Англия ва Франция ўртасида 1916 нчи йилда бўлған битишиш бўйинча Англияга берилган эди. Араб ва курд халқининг англизларга қарши бош кўтаришлари 1919 нчи йил ўктабр ойида юқори ал-Жазирада бошланадир. 1920 йилга бориб бу кўтарилиш умумий бир шаклга кирадир. 1920 нчи йилда Англия камиссари (Сарқуқ) ал-Жазирага унинг найранглик ва уста сиёсати натижасида 1921 нчи йилнинг июнь ойида Амир Файсалнинг амирлиги хоин, сотилған араблар томонидан тасдиқ қилинадир. Ал-Жазира ўлкаси шу билан бир оз тинчланган каби бўлса-да, у ерда инқилоб учун пухта бир замин ҳозир бўлуб, қўзғалиш ҳаракатларининг доим давом этмаги сўнгғи (1922 нчи йил) телеғромларидан ва манови инқилобчиларнинг Эронға қочиб келишларидан кўрунуб турадир. Ҳар ҳолда ал-Жазира масъаласи англиз ҳукумати ўйлағанча осон эмас, балки баъзи бир англиз сиёсий доиралари тушунгандек кўб оғир ва қийин бир масъаладир. Алдамчи ўғрилар ёхуд лўлилар Туркистон мусулмонлари орасиға зарарли қурт ва ҳашарот каби жой олган қаландар номида бир гуруҳ лояфлиҳун бор эди. Булардан умумтуркистон мусулмонлари мутазарур эдилар. Ҳамдлар ўлсунки, марказ Туркистон бўлан Тошканд шаҳрида ғаюр ва фаол ҳукумат маъмурларининг ҳамда ёш мусулмонларнинг ғайрат ва ҳамиятлари ила буларнинг тилануб юрмаклари ман’ қилинди. Яшасун арбоби ижтиҳод ва ашоби ҳиммат! Бу яхши ташаббус Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам акси андоз ўлмакдадир. Ибрат ила бу ишни татбиқ этмак ҳар виждон соҳибига вазифа вожибул-адодир. Булардан бошқа Туркистонда яна (лўли)лар бордирки, булар қаландарлардан ҳам мудҳиш ва зарарлидирлар. Бу тоифа ҳамма шаҳарларда бир миқдор бўлуб, эрлари асло машру’ касб ила шуғулланмаслар. Хотунлари эса елкаларига хуржин солуб кўча бакўча кезурлар. Баъзилари гадолик тариқасида, баъзилари ҳар хил майда нарсалар сотмак тариқасида уйдан-уйга юруб бечора хотунларимизни “фол боқаман, уйингда амал бор, жоду бор” деб алдарлар. Пуллари бўлса пулларини, бўлмаса эски кийимларини ва эрлари неча машаққатлар ила йиғқан дон ва ғаллаларини бемиқдор олуб кетадирлар. Шундай қилуб бечора жоҳила хотунларимизни хурофотдан хурофотга солмакдадирлар. Жойи келса ўғрилик ҳам ёш йигитларимизнинг ахлоқ ва номусларини бузадирган ёмон ишлардан ҳам тортинмаслар. Яна ўзларини чин мусулмонликларини даъво қилурлар. Таассуфки, буларда исломият осори кўрунмайдир. Кўзга кўрунадирган масжид, мактаб ва мадрасалари ҳам йўқ, бовужуд бир фирқа халқимиз аларнинг сўзлариға ишонуб тағофил қилмакдадирлар. Шаҳримизнинг бир эшони яқин орада бетоб бўлған эканлар шундай лўли хотунлардан бири кируб эшоннинг ҳолиға кўп афсуслар қилур ва эшонга “Сизға биров амал қилған экан, шуни ичингиздан тортуб олсам тузалиб қолурсиз” дер. Эшон анинг сўзини қабул қилуб амални олдирган экан. Уч-тўрт кундан сўнг яхши бўлуб қолибдур. Бундан сўнг ул зотнинг лўлиларға ихлослари зиёда бўлуб бошқа одамларға лўлиларни таъриф қилуб аларни ҳам шундай амал олдирмакға тарғиб қила бошлабдирлар. Иш бундай бўлмаса яхши эди. Уламо ва авомларимизнинг ҳар бирлари бу тоифанинг зарарларини тушунуб орамиздан тез йўқотмак саъйида бўлсалар, ва аларни ўз ҳавлилариға киргузмасалар эди. Ҳамда ҳукумат аҳлиларидан илтижода бўлинуб кўчаларда ҳам юрутмасалар эди. Чунки юқорида сўйлаганимча халқимизга бир тоифадан кўб зарарлар етишур. Ҳам бу йўл ила топган оқчаларин дангаса ва ялқов эрлариға берурлар. Эрлари буларнинг орқасидан давлатлик бўлуб қолуб уч-тўрт мингға қудратлари етадир. Ҳам ҳар қайсилари икки юз-уч юз сўм турадирган улоқчи отлардан икки, учини боқуб ҳар жумъа ва якшанба кунлари далага чиқуб улоқ чопурлар ва гўрудға чиқуб ичкулик қилуб, катта кўчаларда маст бўлуб юрурлар. Менинг фикримча, бу балодан қутулуб қолмак шул фурсатларда мумкин бўлса керак. Чунки меним йўлим кўпинча эски бозори устидан бўлур эди. Сўнгғи икки-уч ҳафтадан бери бозор тинчроқ бўла бошладир. Сабабини эшитсам қаландарларнинг кўчаға чиқуб тилануб юрмаклари ман’ қилингандан кейин булар ҳам қўрқушуб бозор ва кўчаларга чиқуб юрмакни тарк қилған эканлар. Шул сабабли эскиларини сотмак учун бозорга келмай бозор тинчуб турган экан. Биз мунинг ила кифояланмайлук, бу кун чиқмай турсалар бир-икки ойдан сўнг яна секин-секин чиқа бошлаб ўз ишларида давом қилурлар. Ул вақт яна мундан ортиқ зарарлар кўрурмиз. Шунинг учун ҳар ишларда фуқаропарвар бўлган ҳукумат маъмурларини бу тўғрида дурустроқ чора қилмакларини кўбдан-кўп умид қилурмиз. Андижон улуғ кунлар арафасида Чинакам, Андижон мундоқ кунларни умрида кўрмагандур. Оломон қўзғалиши ва “ур Бобирни, ур!” деб қора калтакларнинг қўзғалиб чиқишлари, Бобир каби уста бир ҳукмдорни Андижондан қочирған бўлса ҳам Андижон аҳолиси ҳозирғидак ажойиб кунларни кўрмагандур. Беш-олтита калласи хом, кибр ва ғурури ботмон-ботмон бўлған саркардаларнинг ёввойи истакларини қондирмоқ учун бир-бирига ёв бўлушуб қирилишқан ўзбек, қирғиз ва қипчоқлар ҳам Андижон шаҳари қўлдан-қўлға ўтуб юрган вақтларида бу кунгидек ғалати дамларни кечирган эмасдур. Отаси Худоёр билан “тахт ва бахт” талашқан Насритдинбек Андижон беги (волийси) эди. Отасиға қарши юргизган ҳамма фитна ва можароларини у ҳам шу Андижонда ўтказган. Лекин, “Насритдинбек тўпаланги” деб юргизилган тўпалангларда ҳам Андижон халқи бу кунларнинг билиб югуришини кўрмагандур. Ундан кейин ички урушлар, босмачилиқ даврлари… У даврда Андижон шаҳари ҳар кун бир нечта фожеа кўрар, ҳафтада нечта тўпаланг ва “қоч-қоч”ларнинг бошини ер эди. Лекин, бу куннинг “пўшт-пўшт”лари Андижон аҳолисининг кўкрагидан бошқача жой олди… бошқача! Бошқача! Чинакам, бошқача! Кўчаларда – юрушлар бошқача! Маҳкамаларда – ҳаракат бошқача! Фирқада – мажлислар бошқача! Ҳамма нарса бошқача! “Ойишахоним” томондан келиб, бебозор куни бозорға ўтуб кетаётқан иккита қари чолни кўрдим. Вофурушликнинг нариги бошидан тортиб, “Биржа”гача орқаларидан эргашиб келдим. Ана у икки “сиёсиюн”нинг суҳбатини эшитинг: – Бу нима тўпаланг яна? – Каттаси келар эмиш. – Нелиними? – Йўқ-ей… Нелини ўлган эмасми? – Муниси қайси бўлмаса? – Самарқанддаги каттаси эмиш… – Хайриятликми экан, ишқилиб? – Жуда хайриятлик дейди… Юртни обод қилиш маслаҳати дейди. – Кўчаларни тозалатдирғани шунга десангиз-чи. Шу чоқда Андижон туман-шаҳар ижроқўмининг раис ноиби ўртоқ Халилиф “тасира-тусур” қилиб извошда ўтуб кетди. Ҳалигилар атлас қоровул (“Атлас пошшо” демадик. Савлат тоғамиз хафа бўлуб қолармикан?)нинг бўткасига яқинлашиб келиб, ижроқўмнинг учар отлари ва “гумбир” фойтунига “завқ” қилиб қараб турадилар-да, бурулуб бордон бозор томонға кетдилар. Шунда, ҳалиги чоллардан маълумоти кўпраги наригисига қараб, бояғи гапларига гувоҳ келтиргандай қилиб деди: – Ана моновисининг ҳовлиққанини қаранг. Ҳаммаси ҳам ўша ҳалиги “келди-келди” учун-да… Чинакам бечора Халилиф ўртоғимиз тузук-қуруқ ухлаёлғани ҳам йўқдур. Ундан анча оғир бўлған Ҳакимхўжа ўртоғимиз ҳам, кеча-кундуз кўчаларда иш устида бўлди. Марказ ижроқўм томонидан ҳозирлиқ кўрушга таъин қилинған вакил – ўртоқ Раҳимбобо ўғли қора попкасини кўтариб, кула-кула тегирман тошини ҳар кун ўн мартаба айланди. Камаеф билан Абдулҳайнинг ҳовлиққаниға ҳад йўқ! Мелисаларимизнинг ҳеч биттаси бир дам тингани йўқ десак ёлғон бўлмас. Мана бу – Андижон шаҳаридаги ҳукумат вакилларининг арафа кундаги аҳволлари! Ўзбекистон марказ ижроқўмининг бу 3 нчи ёппа мажлиси Андижон шаҳрининг бир неча хил “ёппа” ва тузалмас жароҳатларига жуда яхши дору – даво бўлуб қолди. Андижон ижроқўмининг қайта-қайта қилған қарорлари, сиёсий маорифдаги Камаеф билан Абдулҳайнинг шунча югуруб елишлари – на ёзлиқ саҳнани ва на қишлиқ саҳнани кўнгилдагидек тузата олмаған эди. Ёз ўтуб, куз тугай деб, қиш яқинлашиб қолғани учун бу йил уларнинг бутуб кетишларига ҳам умуд қилмаған эди. Бирдан “лоп!” этиб бу ёппа мажлис чиқиб қолди ва шунинг шарофати билан ҳалиги саҳналар ҳам кўнгилдагидак бўлуб, битиб кетди. Энди, мундан кейин қолған-қутқани бўлса, шаҳар ўзи тўлдирар, тўлдира олмаса – ундан кейин биргалашиб “жиртак” чолишармиз. Ҳозир Андижон шаҳрини кўрсангиз таний олмайсиз. Темирйўл бекатидан тушуб аста-секин тегирман тошиғача, ундан ўтуб Жомеъгача балки Сойғача боринг – озодаликдан бошқа нарса кўрмайсиз. Қизил байроқлар. Озода йўллар. Ҳаракат. Елиш-югуруш. Мана – Андижоннинг бу кунги таърифи. Гап – шаҳардагина бўлса, ҳисоб эмас. Бу тумтароқларнинг ҳаммаси қишлоқ учун, тўғриси – қишлоқ билан шаҳарнинг иккаласи учун қилинмоқдадур. Шаҳарнинг ишчи-косиблари билан қишлоқнинг қўшчи ва батраклари учун шу елиш-югурушлар бўлуб турадур. Шу учун бу кунларни на Бобир, на Худоёр ва на бошқаларнинг даврига ўхшатиб бўлмайдур. Чинакам Андижоннинг бу улуғ кунларига ўхшатилатурған нарса унинг ўз тарихида бўлмаған. Андижон уездида маориф ҳафтаси (Умумий ҳисоб) Маориф ҳафтаси аллақачон тамом бўлуб кетди. Унинг бориши ва натижаси тўғрисида илгари ҳам бир ёзуб ўтган эдим. У вақтлар ҳисоблар тамом олунуб битмағани учун ҳафтанинг умумий натижаси чала қолған эди. Энди бу сафар у чалани тўлғазамиз. Тошкантда ўлкамизнинг маориф ишлари тўғрисида, катта бир кенгаш мажлиси бўлуб, унда ўртоқ Ирисқул ўғли (Рисқулўф) кичкина бир нарса айтуб ўтган эди. Ўртоқ Ирисқул ўғлининг сўзлари орасида «маориф ҳафталаридан унга яхши натижа чиқмади» деган бир даъво бор. Бу даъво тўғри. Маориф ҳафталаридан унга кўб нарса чиқмади: тўғрисини айтсак биз кутган натижалар чиқмади. Умуман, ҳар хил ҳафта ва ойлар – бир-бир кейин келабериб ишлагучини ҳам, халқни ҳам хийла чарчатқанга ўхшайдур. Ҳафталпар бўлғанда биз очиқдан-очиқ кўрар эдикким, кўбрак вазифа мажбурияти билан ишлб қўялар эди. Шунинг учун ҳафталаримиз кўб вақт совуқ чиқар эди. Бизнинг уезда маориф ҳафтаси хийла яхши ўтди. Уезимизнинг кўб жойларида мана бу ички урушлар вақтда хароб бўлуб, йўқсулликка тушуб қолишига қарамасдан моллий ёрдам бера олди. Ҳафтани ўтиш комисияси қўлидаги ҳужжатларга қарағанда, ҳафтадан ҳозиргача ўтган нақд маблағ шундан иборатдур: червон билан 1980 сўм, қоғоз пул билан бир миллион тўқуз минг саксон саккиз сўм, 10½ пут гуруч, 23 ½ пут шоли. Ҳафтада энг кўб ва улгуржи ёрдам қилған Бозорқўрғон раюни билан Жалолобод раюнидур. Масалан: Бозорқўғон раюнидан чирвон билан 1080 сўм, 2 облигация топширилған. Жалолобод раюни 282, 430 сўм пул, 20 бош қўй, 35 пуд картўшка, 23 ½ пуд буғдой, 21 пуд маккажуҳори йиғиб берган. Буларнинг пулдан бошқа нарсалари ўша жойдаги қирғиз-қозоқ интернатига берилган. Раюнлардан сўнг Ёрбоши, Султонобод, Қўрғонтепа, Ҳаққулобод ва Олтинкўл бўлуслари келадур. Буларнинг барчалари шундоқ: Ёрбоши бўлуси 36.125 сўм пул, 15 пуд гуруч, 23 ½ пуд шоли, Султонобод чирвон билан 150 сўм қоғоз пул билан 124.50 сўм, Қўрғонтепа чирвон билан 150 сўм қоғоз пул билан 5330 сўм, Ҳаққулобод 138.860 сўм қоғоз пул. Ҳозиргача олинған ҳисобга қараганда бошқа раюнларнинг унча мазаси йўқ. Сайилдан 76.200 сўм, ҳар хил кеча ва томошалардан 60.000 сўмгача пул тушган. Бир имзо варақасидан чирвон билан 90 сўм, қоғоз пул билан 33.000 сўм тушган. Избоскент ва Бозорқўрғон бўлусларидан кўб имзо варақалари ҳали топширилмаған. Бошқа бўлуслардан ҳам имзо варақларини ҳалигача топшуруб тугатмаганлари бор. Беш-олти йилдан бери бузғунликдан бошқани кўрмаган Фарғона деҳқонлари, қишлоқ камбағаллари ҳали ҳам ўқуш билим йўлида катта химмат кўрсатуб турубдурлар. Ибрат! Андижон уездининг шўролар қурултойи 27 нчи нўябрда эски шаҳардаги ерлик халқ театри биносида Андижон шаҳар ва уезининг шўролар қурултойи очилди. Андижон шаҳар ва уез қурултойлари орасида тамом тинчилик билан бебосмачи ва беғалва очилған қурултойи бўлди. Бу ҳолни – қурултойда сўз олиб гапирған ҳар ким ҳақли бир севинч билан бир мартаба айтуб ўтди. Қурултойда уезнинг энг узоқ ерларидан, яъни: шаҳардан 300 чақиримча йироқ жойлардан келган вакиллардан бошқа меҳмон сифати бўлган ушбу ўртоқлар бор эдилар: Туркистон жумҳурияти марказ ижроқўм раиси ва ижтимоий шўро жумҳуриятлари иттифоқи инқилоби – ҳарбий шўросининг аъзоси ўртоқ Ҳидирали ўғли, Ўрта Осиё буйрўсининг раиси номли ўртоқ Каркмен, жумҳуриятимизнинг адлия комисари ўртоқ Дадабой ўғли, Туркистон майдони ҳарб бош қўмондони ўртоқ Гладорский, Фарғона музофот фирқв қўмитасининг масъул саркотиби ўртоқ Сегизбой ўғли, музофот ижроқўм раиси ўртоқ Алихўжа ўғли ва бошқалар. Қурултой 29 нўябргача давом қилиб, қуйидаги масалаларни қараб ҳал қилди: 1) аҳволи замон, 2) шаҳар ва уез инқилобий қўмитасининг ҳисоби, 3) молия ва солиқ сиёсати, 4) маориф ишлари, 5)шўро тузумини ва маҳкумлашдириш (райтирование) масаласи, 6) янги ижроқўм сайлаш ва бошқалар. Аҳволи замон тўғрисида чиқарилған қарорда Гирмония меҳнаткашларига салом ва шу ичра бойларига қарғиш юборилди. Шаҳар ва уез инқилобий қўмитасининг (сўнг вақтларда инқилобий-ҳарбий қўмитаси бўлған эди) ишлари қаноатланарлик топилиб, камчиликлари ҳам кўрсатилгандан кейин, янги ижроқўмга йўл-йўруқ чизиб берилди. Молия ва солиқ сиёсати тўғри топилиб, унга ҳам баъзи йўллар кўрсатилди. Маориф ишларида заифлик борлиги вакилларнинг иштирокидан маълум бўлди. Мунга ҳам тегишлик йўллари кўрсатилди. Шўро тузумини ишлари тўғри деб топилди ва маҳкумлашдириш хусусида Андижон шаҳар ва уез инқилоб қўмитаси қошидаги комисиянинг қилған ишлари тасдиқ қилинди. Янги ижроқўм сайлови бўлуб инқилоб қўмитанинг ҳайъатида ҳам яхши фаолият билан ишлаган ўртоқ Ғози ўғлининг раёсати остида янги ҳайъат сайланди. Бу ҳайъатга маҳкум раюнлардан кўброқ одам олинди. Қурултой вакиллари табиий бир майл билан икки нарсага ортиқ аҳамият бердилар: бири – солиқ сиёсати, иккинчиси – маориф ишлари. Солиқ сиёсатининг ўзи тўғри топилса ҳам, деҳқончилик солиғини олиш ишида қурулган бир мунча техника хатолари кўб қилинди. Ҳалиги хатолар тўғрисида қишлоқлардан келган меҳнаткаш вакиллар маърузачига кўб саволлар бериб, сўз олуб сўзлаб, шу йўл билан масаланинг равшанлашишига кўб катта ёрдам қилдилар. Маориф масаласига ҳам вакиллар жуда яқиндапн, ихлос билан аралашуб маориф ишлари хусусидаги маърузасини саволлар билан гангиратдилар. Маориф ишидаги хатолар ҳам очиқ равшан кўрсатилди. Вакилларнинг ҳаммасини бир ҳовуч, бир сиқим қилиб олсак шу ҳовуч, шу сиқимдан табиий равишда чиққан кучлик талаб, қувватли товуш шу эди. Бизга мактаб беринглар! Қурултой аъзолари билан марказдан келган меҳмонлар хусусий суратда ҳам кўб гаплашдилар. Меҳмонларнинг ҳаммаси дуғулдек қурултойнинг мажлисларига аралашуб, марказ билан масалани биринчи мартаба том ва тугал бирлашдирдилар. Шуларни кўруб меним кўнглимга бир узоқ ва қийин тилак келди. Туркистон марказ ижроқўми билан комисарлар шўросини бир ҳафтагагина шаҳар-шаҳарга кўчуруб келиниб, баъзи бир мажлисларни тоғ ораларидаги қишлоқ ва овулларда қилинса ….дедим. Дунёда мумкин бўлмаған нарса йўқ. Халқ билан ҳукумат топишқанда ҳар нарсани қилмоқ мумкин. Андижонда маориф ҳафтаси Газеталарга кўз солуб бораман: маориф ҳафтаси тўғрисида жуда оз ёзиладур. “Фарғона”да ўртоқ Низомбой ўғлининг бир нарсаси босилуб чиқди. Шундан бошқа маориф ҳафтасининг жиғи-бийронини титадурған бир нарса кўрулмади. Бир-иккита ярим юмшоқ нарсалар ўтди, бас… Бизнинг Андижонда ҳам маориф жуда шарпасизўтуб борадур. Маориф теграсида юрган бир неча кишидан бошқалар у хусусни дарёнинг нариги ёқасига ўтказиб қўйғанлар шекиллик! Маориф ҳафтасини ўтказиш учун бу ерда ҳам бир комиссия тузилган. Комиссия раиси: маориф нозири ўртоқ Касаткин бўлуб, аъзолари: Куприянуф (фирқанинг масъул саркотиби), Ғозиюф (инқилоб қўмита раиси) ўртоқлардур. Комисия сентябр охирларида тузулган бўлса ҳам биринчи ўктабрдангина ишга бошлаған. Комисиянинг ташаббуси билан уезнинг маҳкуми (раюни)да маҳкум комисиялари уюштирилган. Бу комисиялар бўлуслардан вакиллар қирадур. Комисия томонидан маҳалаларга қоғоз юборилуб, ҳар ерда ҳафта фойдасига сайил қилишқа рухсат берилган бўлса ҳам, сайил фақат Жалабек деган қишлоқдагина бўлған. Раюнларда. Эски шаҳарда, шаҳар атрофидаги 3 бўлусда фирқасизлар конференцияси бўлуб, ҳафта тўғрисида маърузалар қилинған. Ҳафтанинг бутун ҳисобини ҳали олғани йўқ. Ҳозиргача тутган тушум шаҳардан йиғилған 200,000 сўм (23-йил пули билан) дан иборат.Қишлоқлардан ҳали дараги йўқ. Эски шаҳар тўқуғучилар союзи билан кўнчилар союзининг аъзолари бир кунлик хизмат ҳақларини ҳафта фойдасига бермакчи бўлғанлар. Мундан бошқа ҳам майда-чуйда киримлар бор. Шу киримлардан бир қисми дарсликлар олиш учун Тошкандга юборилған. Ҳафтадан тушган тушум билан баъзи мактабларнинг шикаст-рехтини тузатуб, дарсликлар ва болалар учун оёқ кийими эплаб олиш умиди бор. Ҳафта тўғрисида қолған маълумотни шундан сўнгги мактубимда билдиргайман. Ҳозирги, шаҳримизда (эски шаҳарда) икким от ўюн (цирк) ва бир картина давом қиладур. Одам деган нарса ҳар иковига ҳам (миркларга) ҳар кун лиқ тўлуб турадур. Бу тўғрида ҳам гап кўб. Лекин, ҳозирга шунчаси бас. Андижонда маориф ишлари (Ўз хабарчимиздан) Ёз келиб мактаблар таътил бўлғандан кейин маориф назорати бу ёзни бир оз истифодалироқ қилиб ўтказмакчи бўлди. Шу масъалада бизнинг маориф назоратимиз гапдан кўра ишни олдиға қўюб, индамасдангина икки яхши иш қилиб қўйди. У иккита иш – шаҳаримизда очилған икки ёзлиқ қурслардур. Қурсларнинг бири мавжуд мактабларнинг муаллимлари учун бўлуб, уларнинг маълумотларини кенгайтмак мақсадини кузатадур. Қурсқа муаллимларнинг ҳаммаси дегундак давом этадур. Таълим жиҳатини шаҳримизнинг муқтадир ўрус муаллимлари олуб борадур. Ўз ҳунарларига яхши тайёрлиқ кўрган ўрус муаллимларининг лексия равишида берган дарсларидан муаллимлар яхши истифода қилған бўлсалар керакким, мақтаб суюниб гапирдилар. 17 нчи июлда Фарғона музофот фирқақўм масъул саркотиби Карим ўғли ва музофот ижроқўм раиси Алихўжа ўғли ўртоқларнинг иштироки билан маориф ва ҳукумат ишчиларининг қўшма мажлиси ясалған эди. Шу мажлисда ҳар ҳафта панжшанба куни соат 12 дан сўнг муаллимларни тўплаб, масъул ишчилар билан бирга кенгаш мажлислари ясаб боришқа қарор берилди. У мажлис ҳам мазкур қурснинг биносида бўлғусидур. Жумҳурият ва иттифоқнинг турлук мактабларига талаба тайёрламоқ учун биринчи ўзбак интернати қошида ҳозирлиқ қурслари очилди. Бу қурсқа шаҳар – уяз мактабларининг энг лаёқатлик талабалари тўпланған. Таълим жиҳатини Боку дорулмуаллиминининг юқори синфларида ўқуғучи талабаларимиз олуб борадурлар. У қурснинг ҳам давоми яхши. Бу кейинги қурснинг аҳамияти шундадурким, бу чоққача жумҳурият ва иттифоқ мактабларида анжанлик талабаларнинг сони бармоқ сониға ҳам етмай келди. Мунга Анжандаги беҳуда гуруҳбозлиқлар қанча сабаб бўлған. Энди бу ишга маориф назорати жиддий аҳамият берди, ижроқўм билан ҳукумат ишчилари ҳам қўллашдилар. Натижада қурс очилди. Қурс талабалари яхши тайёрлансалар, Анжан, жумҳурият ва иттифоқ мактабларидан бу йил тегишлик қисматини ола олғусидур. Фақат, бу қурснинг ҳам таълим жиҳатини кучайтирмак – мунга ҳам бериги қурс қадар, балки, ундан ортиқ аҳамият бермак керак. Нимагаким, келгусининг чин муаллимлари шу доирададур. Ҳар ҳолда, Анжан маориф назоратининг шу чоқдағи ҳаракатларини олқишлаб олишқа тўғри келадур. Андижонда маориф ишлари Совнарқўм олдида тузулган маорифга ёрдам қўмитасининг йўлида ишламак учун ижроқўм қошида «Маорифга ёрдам бюроси» тузулди. Доимий бўлған буюронинг умумий ҳайъати шу ўртоқлардан иборат: Раҳматулла ўғли (ижроқўмдан), Бесроф (фирқақўмдан), Касаткин (маорифдан), Эшонхўжа ўғли (ёш коммунистлардан), бир киши касабалар ташкилотидан. Буюро ишга киришди. Маориф нозирлиғиға шаҳримизнинг фаол ишчиларидан ўртоқ Султон Масъуд Ҳолботир ўғли тайинланди. Унинг ҳаракати билан маориф ишларининг жонланиб кетишига умуд бор. Ижроқўм томонидан маориф назоратига буюрулғандурким, уез мактабларига кўбрак аҳамият бериб: исметада уез учун чиқарилған пулларни тугал уезга сарф қилсун. Шаҳардаги интернатнинг кўб болалари уезлик бўлған учун интернат шаҳар уез интернат оталиб, таъминотига уез пулидан ҳам олинадурған бўлди. Олтункўл бўлуси Қораёр ичида Сирдарё сувида қатнаб туратурған 6 та қайиқ бор экан. Бўлус маҳкамаларидан шу қайиқларни маориф фойдасига ишлатиш кераклиги тўғрисида ижроқўмга мурожаат тушган. Ижроқўм, у мурожаатни қабул қилиб, ижросини бўлус ҳукумат маҳкамаларига топширди. Андижонда мусулмонча тиётр Ушбу йил 6-июнь Андижонда ерли ёшлар тарафидан биринчи мартаба тиётр ўйналди. Томошага Ҳожи Маҳмуд афандининг “Падаркуш” исмли фожиаси қўйилди. Ўйновчилар шул қадар муваффақият ва уста ўйнадиларки, тиётр на эканин фаҳмлайдирган овруполилар ила ўн маротаба ўйнаган артистларга ўхшайдирлар. Ҳар парда орасида шул қадар олқишлар бўлдики, биз кўрган тиётруларда бўлган йўқ эди. Тиётрдан сўнг ерли музика ила ҳамма ўйновчилар саҳнада хор ила Абдулла Авлонийнинг “Ўқусин ёшларимиз!” ашъорини ўқуб, халойиқни олқиш ва офаринларга музаҳҳар қилдилар. Соф фойда бир ярим минг сўмга яқин бўлган бўлса керак. Мундан йигирма просенти Андижонда янги солинмакда бўлган қизлар гимназияси фойдасина берилуб, қолмиши Санъатга оид хабар, тақриз ва мақолалар 63 бир киши воситаси ила бонкда бир хайр иш учун сақлансалар керак. Тиётр ўйновчи ёшларнинг ғайратларин ва аларга қаршу турувчиларнинг ҳолларин “Фарғона таъсироти” мақолаларимда ёзсам керак. Андижонда тотор ёшлари Андижонда татар ёшлари тарафиндан адабиёт кечаси ясалурға бўлған эди. Бошинда юрувчилар торолуб, бўлмий қолди. Адабиёт кечаси бўлса жамоат ишларина бойтоқ иона жиюлуви умид этула эди. Ёшларимизнинг йўқғина бир нарса учун торолишуб кечанинг бўлмий қолувина таассуф этуладир. Андижонда вақф ишлари Ишлар йўлида. Андижон вақф шуъбаси ўз ишларини яхшилаб йўлга қўймоқ учун тинмасдан ишлаб турубдир. Марказ ва маҳаллалар билан алоқа. Баъзи бир хил ишларнинг вақти-вақтида битмасдан, кечикиб қолишиға марказнинг йироқлиғи хейли моне бўладир. Масалан: баъзи бир муҳим ва шошилиш ишларни бир ёғлиқ қилмоқ учун мутлақ марказ вақфнинг уқдириш ва йўл-йўруқ кўрсатишига эҳтиёж бор. Шунинг учун баъзи бир хил масалаларда Тошкантга чопмоққа тўғри келадир. Бунинг устига, Андижон мадрасаларининг бошқа шаҳарлардаги вақфларини бажармак иши ҳам қанча чопиш ва югуришни иқтизо қиладир. Бошқа шаҳарлардаги мулклар. Марғилон уезидаги ва Хўқанд шаҳаридаги Андижон вақф мулклари шу жумладан бўлуб, буларни жой-жойлариға бориб етказмакка тўғри келди. Масалан: Асака райўнида Андижон вақф муассасаларига қарашлиқ бирмунча мулк бор эканким, ул мулклардан бу йил 756 пут ғалла чиққан. Шул ғаллани Марғилон вақф шуъбаси ўзи тасарруф қилиб кеткандан кейин Андижон вақф шуъбасининг мудири ўртоқ Қоризода Марғилонга бориб, у ернинг вақф шуъбаси билан сўзлашмаган ва натижада ғаллани тасарруф қилиш иши ҳозирға тўқталған. Бу масала яқин орада буткул бир ёғлиқ қилинғусидир. Хўқанд шаҳарида ҳам Хўқанд вақф муассасалари ўртасида муштарак бир ҳаммом бор экан. Шул ҳаммомни тасарруф қилмоқ тўғрисида бироз англасмаслиқ бўлғандан кейин Андижон вақф шуъбаси мудири Хўқандга бориб, шул ишни битказиб келди. Ул ҳаммомнинг тасарруфига Хўқанд вақф шуъбаси Андижон томонидан ҳам вакил қилинди. Хўқанд вақф муассасаларининг Андижон уезидаги мулкларини тасарруф қилиш учун Андижон вақф шуъбасига ваколат берилди. Бундай бўлғанда вақфлар бир не қадар ортиқча сарфлардан қутулған бўлурлар. Эски мадрасалар. Эски мадрасаларнинг ислоҳи учун дастурлар олинған. Уларнинг ислоҳи масаласи ҳам навбатда турадир. Диний ишлар. Диний ишлар (масжидларнинг идораси; имом қўюш-чиқариш; шуларга оид ҳамма нарсалар) буткул маҳкамаи шаръия қарамоғиға ўтказиладир. Фақат масжидларнинг молия ишлари вақф шуъбасининг диния шуъбаси қўлида қолиб, маҳкамаи шаръия ишчиларининг маошлари ҳам шул шуъбача пулидан берилгусидир. Эски мактабларни тузатиш. Вақф шуъбаси томонидан эски мактабларни тузатиш йўлида ҳам яқинда жиддий ташаббус бошланғусидир. Бу тўғрида тегишлик дастурлар олиниб, режалар чизилған. Андижонда янги бонк Андижонда, мусулмон қитъасинда, «Девони Матқобил ширкат бонки», яъни «вриминний кридит» очмоқға қарор берилди. Ҳозирги аъзоси 180 нафар бўлуб, 130 дан зиёдаси мусулмонлардур. Сармояси 28 минг сўмдур. Машварат аъзолари олти нафар бўлуб, ярми мусулмонлардан: Эшонхон махзум Одилхўжа ўғли, Зуннунбой Қутлуғбой ўғли, Мирҳайдарбой Миркомил ўғлиларидур. Идора аъзолар 3 нафар русдур. Азбаски, бизға замонаға тааллуқдор, илмдан хабардор киши йўқдур. Тафтиш аъзолари уч нафар бўлуб, бири Саъдуллахўжа Турсунхўжа ўғли жанобларидур. Бонка келар ҳут ойинда очилса керак. Ушбуни вужудга келишиға мазкур муҳтарам мусулмонлар ва аларни ёрдамчилари сабаб бўлдилар. Бонка бўлмасун деганлар-да бор эдики, уларни «Ойна» идорасиндаги «Муш»ға ҳавола қилдук. Андижондан мактуб Андижоннинг машҳур милюнури Миркомил афанди ҳақинда «Вақт»да бир мақола ёзилган эди. Ўшал мақолани «Вақт»дан «Таржимон», «Таржимон»дан 14-рақамли «Ойна»га кўчурулди. «Ойна» ҳам ўз тарафидин «муборак бўлсун» деди. Ушбу бобда биз ҳам бир нимарса этмоқчи бўламиз: ўткан ёз Миркомил афанди табиблар тавсияси илан Веёна, Берлин ва Париж ва бошқа баъзи Оврупо пойтахтларига борди, аммо на сабабдандурки Истанбулга борган йўқ. Энди келайлук овруполилардан ибрат олмоқға, ушбулардан ибрат олуб, жаноб бой ўзларига махсус бир офтомобил олуб, миниб юродурлар. Бошқа ўрнак ҳозирда йўқ. Хастахона, мадраса ва жоме бўла турған бўлса, Андижонда Култепа деган бир очиқ майдон бор эди. Ўшал Култепани олган эмишлар деган сўз бор. Жоме солар эмишлар деб миш-миш хабарлар бор, аммо маълум эмас. Эҳтимолки, мундин кейин бўлса, ёшрулуб қолмасунки, Андижонда бир мактаб бино этдурдилар. Муаллимликға катта мадраса мутаваллисининг муовини тайин этилди. Ул муаллим афанди ҳар вақт Андижонни тараққийпарвар ёшларини сўкуб юратурған бир кишидурлар. Ўқутатурғанлари эски усулдир. «Вақт» ва «Таржимон» ва ондин «Ойна»да ёзилган жоме, хастахона ва мактабдан алҳол асар йўқдур. Балки, аввалги хабар бой афандининг ишратлари ила бўлгандур. Ул-да маълум йўқ. Хайр биз ҳам дермизким: «Муборак бўлсун!» Андижондан хат “Муштум” афти бизнинг андижонликлардан ҳафага ўхшайдир. Сабабини сўрасам: “мендан қоча бошладилар” дейди. “Муштум” тоғанинг биздан ўпкалашга ҳаққи йўқ, албатта. Чунки “Муштум”дан қочмоқ айб эмас, лозим, зарур. Бир марта унга йўлуққанлардан буткул айрилуб кетканлар ҳам кўрулди, охир. Қаҳрамонзода “Муштум”нинг даҳшатидан қўрқуб Қўрғонтепада зиғирлар орасида ғойиб бўлди. “Муштум” билан бир қадар ошначилиқ қилиб юрган собиқ “Кўмак” раиси индамасдан, билдирмасдан тоғларға ўчуб кетди. Баъзи бир кишилар: “Қимизға кетди” десалар ҳам, мен ишонмадим. Негаким, қимизға боратурған кишилар одатда бировға зарар-заҳмат бермасдан кетадирлар. Локин, собиқ раис: “Кўмак”нинг белига узиқара отдек шатталаб тепиб, сўнграгина кетиб йўқолди. Ҳозир, “Кўмак” ишсиз қолиб, иш биржасида жой оқтармоқдадир. “Муштум” тоғам хафа бўлмасун. Андижонлик унинг чангалидан қутулмоқчи эмас, балким, кўбрак сиқилиб кирмакчи, лекин бирдан эмас, оз-оз, секин-секин. Ҳозирға шу ҳам бас, дейлик! Андоғ урдиларки (Ҳангама) Меним хафалигим ҳаммадан кўра эътиқоди суст, имони заиф кишилардандир. Масалан: ота-боболаримиздан қолған ширин-ширин китоблар, қисса ва ривоятлар бор. 2-3 юз йилдан бери ўшал китобларнинг баракасида қонимизни совутмай сақлаб келдик. – Паҳлавон Аҳмад Замчи… – Баҳодир Қашамшам (“Бобои Равшан”да)… – Сайид Баттол Ғозий ва ҳоказо… Буларнинг руҳга берган яхши таъсирини инкор қилмоқ мумкинми? Айниқса, самоварнинг салқин бир жойиға ўлтуруб, ёғлиғ паловни буюруб қўюб, аччиғ чойни айлантириб қўюб ўлтуруб ўқусангизми… Босмачилар, уларнинг қамишзорларда чоқиб юруб кўрсаткан “баҳодирлиқлари” буткул эсдан чиқиб кетадир. Айниқса, ўзингиз баққол бўлсангизу бозор қиммат касод бўлсаю сабзини майда қилиб тўрғаб қўйғандан кейин оғзингизға бекарчиликда чибин ўлтуруб кетмаслиги учун “Бобо Равшан”ни очасиз-да, Қашамшамнинг жуҳудни миниб аждарни ўлдиргани кетканини ўқуйсиз… ана шул вақтдағи кайфни кўринг! Ўзингизни худди “Қашамшам” деб ўйлайсизу “Тилсим”га кўмилган аждарга қараб туруб қўлингиздаги елпуғучнинг йўғон ёғочи билан андоғ урасизки, дўконингиздаги лаган-маганларингиз кул-парча бўлуб кетиб шу қимматчилик замонда қадрингиз қуруққа, ҳаётингиз ҳавога чиқадир… Мана бу ўшал жангномаларнинг руҳга бўлған маънавий таъсири! Жангномаларга ишонмаған суст эътиқод кишилар чиққан! Замонимизда Аҳмад Замчининг полвонлиғини, Қашамшам бобойнинг ботурлиғини, Сайид Баттол Ғозийнинг шижоатларини инкор қилған, тонған ёшлар бор! Астағфируллоҳ! Ҳолбуки, илгариги, бурунғи яхши “Мусулмонобод” замонларда эмас, манави охирғи замонимизда ҳам мен мундай баҳодирлар, мундай паҳлавонларни кўрдим. Эҳтимолким, сизлар ҳам ишонмайтурған бўлғандирсиз. Бўлмасам, мен бир мирилик чақани белингизга тугуб бергандек қилиб битта-битта тушунтуб берай: Андижон инқилоб-ҳарб қўмитасининг “Шаҳарни, хона жойларни, ҳар хил дўконларни ва кўча-кўйни озода тутуш” тўғрисида бир мажбурий қарори чиқди. Албатта, бу қарорнинг амалга қўюлушидан мелиса билан назофат камиссияси жуда яхши хабардор бўлса керакким, шаҳаримиз “Эрам” боғидан ҳам озода бўлуб кетди… Кўчаларда ўлуб қолиб, кунларча ётқан итлар, сочиғи бўлмаған, чибиннинг уяси бўлған ошхоналар, бузулған, кўнгил-айнитар марожналар, тупроғиға одам эмас, от ботиб кетатурған кўчалар… Айниқса, анави катта кўчани айтинг: бир қур “сув сеп-сув сеп!” бўлдию олачипор илондек ярим-ёрти сув сепилиб яна Ўшнинг йўлидек бўлуб қолди… Ғараз, замонимизнинг Аҳмад Замчилари шаҳарнинг ифлос калласига назофат таёғини андоғ урдиларки, гард-гард бўлди… Янги чиққан замона бойларидан келинг! Марҳум Миркомилни мактаб солмади, маорифга қарашмади деб сўкатурған эдик. У бечора ҳам бир қорихона солиб қўйған эканким, Бухоро Амирининг… … бардорларидан бир “зоти бобаракот” янги мактаб шогирдларни “қори” қилиб, “қироатлари”ни чиқариб турубдур. Замона Миркомилларини қаранг, андижонлиқ талабалар Тошкант, Боку каби ерларда ердан чўп супуруб еб турған вақтда “трилионлар”нинг ичига кўмулуб нима қиладирлар? Нима қилғанлари кўз олдингизда. Тўйларда, тамошоларда, базмларда “изҳори вужуд” қилиб бутилка (ароқ шиша) лари билан жанг қиладирлар. Яқинда бир “Манманбоев”ни катта бир тўйда бир “нозанин” билан бирга ўлтуруб, замонанинг бошиға шишалар билан андоғ урдиким, кайфлар (настроение) майда-майда бўлди. Энди ўз дардимиздан ҳам жиндак айтайлик: “Дархон” газетасининг ёзғувчиларидан бири шошилиш иш вақтида бепарво қолиб, идора шўъба кучерининг қаҳриға йўлуққан. Кучер “қийиғлиқ”, “кажурлик” қамчиларини ростлаб туруб андоғ урғанким, ёзғувчимизнинг мияси икки бўлак бўлди… Миядан ажралған ёзғувчимиз билан қолған бечораларнинг кўнглини кўтармак учун хлопком бир фойтун бермакка ваъда қилған экан. Ваъда шамоли чопқуллаб келиб, идорамизни ўзига андоғ урдиким, устол-курсиларимиз пора-пора бўлди… Фойтундан дарак йўқ! Мана шунча нарсаларни кўргандан кейин яна жангномаларга ишонмаған Қашамшам азизларга шак келтирган кишига афсус, минг афсус, биродарлар! Асари ҳамийят Петербург дорулфунунида имтиҳон этгувчи Собир афанди Тожиюфға юбормоқ учун тегишли жойға андижонли(к) ҳамийятпарварондан 21 сўм иона юборган зотлар ушбу муҳтарам кишилардур: 3 сўмдан берувчилар: Ҳакимжон афанди Саркоруф. 2 сўмдан берувчилар: Олимжон Миралибоюф, Самарқандий Мулло Обид Аҳмадуф, 1 сўмдан берувчилар: Мулло Тожи Ҳожиюф, Мирзо Нуриддин Каримуф, Мирҳомид Маҳмудуф, Собир Носиржонуф, Носирбой Мақсудбоюф, Аҳмадхўжа Рустамхўжаюф.Исмини билдурмаган бир хотамдан ҳам 1 сўм. Мулло Яъқуб Мулло Отабекуф 1 сўм. 50 тийиндан берувчилар: Мулло Алижон Юсуфбоюф, Мулло Нишон Юсуфалиюф, Юнусали Юсуфбоюф. Татарлардан Али Мустафо, Исмоил Muhammad Иброҳимуф, Muhammad Ориф Юнусуф, Саййид Валихўжа эшон, Мулло Мирҳожи Абдулмаликбоюф, Мулло Комилжон Орифжонуф, Муллоқул Орифжонуф, Олимжон Мирзо Юсуф ўғли, Тожихўжа Азизхўжаюф, Саъдуллохўжа Турсунхўжаюф, Муҳиддинхўжа Шарафиддинхўжаюф. Ашулага ишқибоз Яқиндағина Австриядан Галле деган бир ёзувчи хотин келиб, жумҳуриятимизнинг ҳол-аҳволи билан танишиб кетган эди. Ўзбекистон совет ёзувчилари союзи унинг шарафига кичкина бир мажлис қурди. Чет элдан келган аёл меҳмонни ҳурматлашга, табиий, кўпрак хотин-қизлар келган эдилар. Шулар орасида Ўзбек давлат музика тиётрининг коллективи билан бирга у тиётрнинг севимли артисткаси Ҳалима Носир қизи ҳам бор эди. Мажлис раиси ўртоқ Жавод Обидов бошқа ўктабр аёллари қаторида Ҳалимага ҳам сўз берди. Ўзининг шўх ашулалари билан халқ муҳаббатини жалб этган Ҳалима мажлисда, издиҳом олдида яхши гапира олмаса, бунга нима дея оласиз? Ҳеч нима! Сўзлаш санъати бошқа, куйлаш санъати бошқа! Ҳалиманинг соддагина қилиб сўзлаган бир неча оғиз сўзидан биз шуни англадикки, бизнинг бошқа ҳамма санъаткорларимиз, айниқса, аёллардан чиққан санъаткорларимиз сингари у ҳам тамоман буюк ўктабрнинг берган меваси. Яна ўша қисқа сўзлардан биламизки, унинг оиласи ҳам эскидан санъат севгучи, санъатга ошно бир оила. Онаси ёшлигидан чолғу чалиб, ашула айтишни яхши кўрган. Биринчи опаси чолғуни билади. Иккинчи опаси бир неча йил саҳнада хизмат қилған. Фақат, ҳеч шубҳа йўқки, инқилобнинг файзли қўллари тегмаса, Ҳалима букун кўриб турганимиз талантли, бошқа кўп ноёб талантларимиз сингари тўрт девор орасида қолиб забун бўларди. Унинг тарбия йўли унча узун эмас: Тошкентдаги хотинлар намуна мактабининг 6-синфидан чиқиб, Бокудаги Озарбайжон тиётр техникумига киради ва уч йилдан сўнг уни битириб чиқади. Биринчи ўйнаган рўли «Талабалар ўйини» номлик комедияда Қамар хоним (бу асар таржума асарлардан, инқилобдан бурун рус саҳналарида кўп ўйналарди), сўнгги рўли «Гулсара» трагедиясида Гулсара. Аммо бу «биринчи» билан «сўнгинчи» орасидаги масофа жуда узун. Бу санъаткорнинг ҳаёти қандай алвон ва қизиқ бўлганини кўрсатади. Чолғу саҳнасига ўткунча драм саҳнасида элликдан ортиқ асарга аралашганини Ҳалима ўзи гапиради. Драмда ўзининг энг севган рўллари ҳам бор: марҳум Жаъфар Жабборли (озарбайжонли)нинг тўнғуч асари деса бўлатурған «Ойдин»да Гултакин рўли. Бу рўлни жуда яхши кўрган. Драм саҳнасида унинг бир ўзига уч Қумрини ўйнашга тўғри келган. Ҳалимада санъатни ингичка тушунишлик бор. Унинг Гултакин рўлига бўлган муҳаббатидан ўша тушунишнинг даражасини билиш мумкин, чунки моҳир драм ёзувчи бўлган Жаъфар Жабборли «Ойдин»ни фақат Ойдинбек билан Гултакин хоним учун ёзган дейиш мумкин. Бутун воқеа бир ҳовуч қилиниб, ниҳоят даражада сиқиб келтирилган у санъаткорона асарда (Жаъфарнинг сўнгги асарларига нисбатан эмас, умуман, драм асари бўлуш жиҳатидан анча санъаткорона бўлган «Ойдин»да) ҳар қандай талантли артистка учун ўз кучини истаганича кўрсата олиш, бундан ташқари, бутун қалбини асар қаҳрамонининг қалбиға қуйиб юбориб, шу билан жуда самимий бир қаҳрамон яратиш имкони бор. Ҳалима буни яхши кўра билган. Драм тиётрларимиз (Академик драм, Андижон давлат тиётри)да турли-туман рўлларни ўйнаб ўзини иқтидорли артистка сифати билан кўрсатгандан кейин Ҳалима бутунлай чолғу тиётрига ўтиб кетади. Овози жуда баланд, ўзи ашулага уста бўлганидан кейин бу ўтишдан табиийроқ нима бор? Ўзи ҳам: «Ашулани севишим мени драмдан чолғуға олиб келди», – дейди. Драмда ўйнаган катта-катта рўллари билан («Турондод»да Турондод, «Қарол»да Клариче (Нозлик келин), «Ҳужум»да Ҳужумхон (Турсун Ўроз ўғли), «Икки коммунист»да Дилбар). Биз унда бир неча яхши хислатларни кўрамиз: мимика бойлиги, саҳнада ўзини эркин тутушлик, балки бир даража шўхлик, тил равонлиги, сўзларни тўғри бериш ва ўткур овоз воситаси билан сўзни томошачига еткизиш. Камчилик жиҳатини олганда – рўлни чуқур ишламаслик, жиддий қаҳрамонларнинг енгиллиги ва шўхлиги бўртдирилгани ҳолда, уларнинг оғир ва фожиалик томонларига қунт қилмаслиқ… Ўзи: «Характер рўллар билан севгучи-севилгучи рўлларни яхши кўраман», – дейди. Тихонович «Икки бойға бир қарол»нинг комедия эканини жуда яхши биларди; асарнинг бу жиҳатини у жуда бўртдириб берди, озгина бир фожиалик ва оғир жой бўлса (Клариче рўлида шундай жойлар бор), уни мумкун қадар четлатишга ёки рангини суюқлатишға ҳаракат қилди. Агар шундай қилмаса, Ҳалима Кларичени ўйнай олмас эди. Ҳатто «Ҳалима»да ҳам (айниқса, «Гулсара»да!) Ҳалиманинг эзилиб, хафа бўлуб фожиа ўйнаб ётганини кўрсам кўпда ишонолмайман. Аммо «Аршин мол олон»да Ҳалима Узаирбек эркасининг худди ўзи (яна хафаликка берилмаган жойларда). Ҳалима энди бутунлай чолғуники бўлди. Чолғу тиётрида ҳам «Гулсара» сингари жиддий трагедиялар қўюлиб турар экан, бизнинг бояғи фикрларимиз ўз кучини сақлайди. Чолғу тиётрида, табиий, биринчи ўрунни овоз олади. Худди шу овоз масаласи бизда ечилмаган бир муаммо бўлуб туради. Эски маънидаги овоз устозлари, овоз техникасининг катта усталари (Тўйчи ака, Ҳожи Абдулазиз, Домла Ҳалим ва ҳоказолар) ўзларида бўлган бутун техникани берган вақтларида ҳам бу куннинг талабини тугал қондирармидилар? Тўғридан-тўғри айтмоқ керакки, йўқ! Биз букунгина эмас, эртани ҳам ўйлашга мажбурмиз. Бизнинг улуғ мамлакатимиз ва буюк халқимиз эртага букундан ҳам кучлирак, ҳакимрак ва бахтлироқ бўлади, демак, талаби ҳам шунга кўра ошади. Биз овоз муаммосини ечмасдан иложимиз йўқ. Ҳалима ўзи ҳам шуни тушунган. Кузда Масковга ўқуғали кетади. Ўзининг бу кунги кучли овозининг давримиз талабларига тўла жавоб беролмаслигига Ҳалима иқрор. Бир қанча Ғарб патефон лаппакларини тўплаб олиб, шуларни тинглайди, тинглатади ва шулар тўғрисида алланималар демакчи бўлади. Демак, у ахтаради, излайди, изланади. Ўз устозларимизнинг овоз техникасидан ҳам кўз юммасдан Ғарб техникасини яхши ўзлаштириш, маданий ва ишланган овозга эга бўлуш ҳар бир овозли йигитимиз ва қизимизнинг вазифаси бўлуши керак. Ахлоқ жанжали: Тирноқ орасидан кир изланмасун Андижон муаллимларидан икки киши ўртасига бир ярамас даъво тушуб қолди. Даъвонинг матбуот майдонига тушуб кетишга «курашгувчи» ўртоқларнинг қизғин қонлик ёзған мақолачаси сабаб бўлди. Бу ҳар ҳолда яхши нарса эмас. Туркистон муаллимларининг бошқа камчиликлари тоғларча бўлгани ҳолда, ахлоқ тузатиш деган нарса, матбуот бетига энг фахш даъволарни кўтариб чиқиш билан бўлмайдур. Айб ақтарилса, изланса ҳаммамизда ҳам бор, йўқ эмас. Лекин, айбларни юзга айтиб, ўзаро битмак керак. Айниқса, мундай фахш ахлоқсизликлар. Тирноқ орасинда кир ҳамма вақт бўладур, кавлаган сари чиқаберадур. Лекин одамларнинг умри тироноқ орасидан кир кавлаб ўтиш учунгина тикланмаган. Айниқса, Туркистоннинг оқ қоранинг танумаған ерлик халқига бир нарса билдираман деган муаллимлар бир бирларининг айбларини излаш билан ўтказалар, бу жиноят! Бировнинг ахлоқсиз деб сўкмасдан илгари ўз виждонимизга савол берайлигким бизнинг ўзимизда ахлоқ борми? Бировни хунук демай туруб бир марта ойнакга қарайлик, эҳтимол ўзимиз ундан ҳам хунукдурмиз! Бас энди, бу фахш қадам!… Барча маориф севгучиларга 7 нчи январда (якшанба куни) кундуз соат 3 да қишлиқ “Турон” биносида “НАШРИ МАОРИФ” уюшмасининг биринчи қатла ўлтириши бўладир. Кўрулатурған масъалалар: 1) муассисларнинг доқлади ва бошқарма сайлаш; 2) ўзбаклар орасида илмий текширишлар тўғрисида маъруза (маърузачи Ғози Олим); 3) навбатдаги ишлар. Бу ўлтиришға барча маориф севгувчилар, айниқса маориф-маданийя уюшмаси аъзолари, билим юртлари, таълим-тарбия техникумларининг талабалари ва турли факулталарда ўқуғувчи ўзбак талабаларининг оралашишлари сўралур. Байрам қутлуғ бўлсин! Бу кун Бухоро халқи, Бухоро йўқсуллари қонли тахту тожларидан қутулғон фаҳш ва инодчи амирнинг зулмидан, унинг беҳисоб жаллодларининг даҳшатидан озод бўлғонлари ҳолда биринчи Қурбон байрамини ўтқаралар. Илгари Қурбон байрамларида мингларча сўюлғон қўйлар билан бирга неча мингларча юрт болалари, озодлик тарафдорлари сўйилур эдилар. Сўюлғон қурбонлик устида қўл очиб фотиҳа қилғон кишилар билан бирга, мамлакатнинг бутун аламзадалари қонли салтанатнинг фаносини тилаб дуо қилур эди. Энди ул кунлар тарихнинг қоронғи майдониға кўмилди. Энди бу кун озод халқ, озодлиқ ва биродарлиқ асосинда янги турмуш қуруб ётадур. Юртнинг бутун ёш кучлари ҳукумат ва давлат ишига, халқнинг саодат ва роҳати, илму маориф ишларига киришиб, кундузни кечага, кечани кундузга улаб хизмат қилиб ётарлар. Бу байрамни ўтказганимиздан кейин инқилобнинг бир йиллик байрами келиб турадур. Инқилоб байрамининг тантаналари кунида иккинчи қурултой йиғилмоқчи бўлиб турадур. Буларнинг ҳар бири ўз бошиға айрим бир байрамдурким, фақат озод ва ободлиқ йўлида фидокорлиқ қила билган халққа хосдир. Асрлардан бери давом этиб келган “кайфа мо яшо” бир идорани оғдарғон ва озодлиқ, истиқлолға эга бўлғон халқ ўшал озодлиқ ва истиқлолини мундан сўнг сақлаш йўлида ҳам мол ва жонини аямаса керак. Байрамларини жаллодсиз, салтанатсиз, қарғашсиз ўтказиш учун ҳар қанча фидокорлиқдан тортинмай турғон йўқсул элнинг озодлиқ ичида кечирмакда бўлғон байрами қутлуғ бўлсун! Базм-чолғи тўдаси Ўзбекистон маориф камисарлиги томонидан “Давлат базм-чолғи (концерт) тўдаси” ташкил қилинмоқчи бўлунуб бу ишнинг ашулачимиз Муҳитдин Қори Яқубийга топширилғанини газеталарда ўқуб эдик. У тўғрида маориф камисари ўртоқ Мўмин Хўжанинг махсус мақоласини ўқуғач, у ишга мазкур камисарлик томонидан қандай жиддий аҳамият берилганлигини ҳам ўрганган эдик. Маориф камисарлигимиз сўнг вақтларда илм-маданият ишларининг бошқа хиллари қаторида ингичка санъатларга ҳам жиддий аҳамият бера бошладиким, буни кўргач севинмай ва уни олқишламай туролмаймиз. Бошқа шарқли жумҳуриятлар бу йўлда, албатта биздан кўпрак ишлайлар. Буни ҳам қуюниб, ҳам севиниб иқрор қилишқа тўғри келадир. Яқинда Татаристон жумҳурияти ўз саҳнасининг 20 йиллиқ байрамини жуда зўр тантаналар билан ўтказди. Байрамдан сўнг Маскавга бориб ўйин қилған татар давлат драмаси ҳаддан ташқари катта муваффақиятлар қозонди, Маскавдаги татарлар ва бошқа Шарқ халқларигина эмас, ҳатто Шарққа қизиққан оврўполилар ҳам чинакам кўнгил қўйдилар. Озарбайжон жумҳурияти ўзининг театр байрамини мундан бир-икки йил бурун ўтказган эди. Тунов кунгина Озарбайжон маориф камисарлиги томонидан давлат опера артисти Булбул ўртоқ қўл остида юборилған 7-8 кишилик ширин бир чолғи тўдаси Маскавнинг Шарқ доираларини анча қўзғолон қилиб кетди. Кечагина яна ўша Озарбайжон маориф камисарлиги томонидан машҳур халқ ҳофизи Саробский йўлдошлиғида юборилған 20-30 кишилик муҳташам бир чолғи тўдаси Меерхўлд театрида Маскавнинг овруполи қисмини ҳам анча англантирди. Уч кунга деб тайинланган, “базм-чолғи” (концерт)лар яна бир неча “уч кун”ларга чўзулди. Бу сўнгғи тўдада Қофқосия миллатларининг уч катта шохидан вакиллар бор эди: гуржи, армани, озарбайжонлилардан. Чолғи тўдасининг чинакам уста устози дўқтур Йивнасиони эди. Маскав газеталарида “Қофқасия жаз банди” деб у тўғрида кўпгина нарсалар ёздилар. Шундай бўлғандан кейин маориф камисарлигимизнинг сўнгғи ташаббусини “ҳали эртарак” деганлар бўлса, уларга “сиз кеч қолдингиз!” дейишга ҳаммамизнинг ҳақиқимиз бордир, албатта! Мана, қаршингизда машҳур Юсуф қизиқ: бири Худоёрхондан қолған, яна бири ҳам кеча-илгари кундан бурунроқ қопланған икки катта ноғорани олдиға қўюб олибдир-да, бир қўлида “так” чўпини уруб, яна бир қўлида “тум” чўпини кўтариб турадир… Ноғоранинг бир томонида – ўнг томонда ёлғиз найни жуда аламли лирик қилиб чолғучи Абдулқодир найчи ўлтурадур. Унинг пастида жумҳуриятимизнинг ҳозирға қадар биргина бўлуб келган ҳунарманд қўшнайчиси ўлтурадур: унинг исмини айтиб ўлтуруш ҳам лозим эмас: “қўқонли қўшнайчи” десак ҳамма биладир. Сўнг уларнинг ён-берларида Тўқтасин ғижжакчи, Уста Олим чангчи, Муҳитдин Ҳожи танбурчи, Ҳайит Охун танбурчи, Орифжон ва Жўрахон яллачилар, катта ўюнчилардан Отахўжа Muhammad Бобо ҳофиз, унинг йўлдоши Худойберди, ўзбек хотинларидан Туҳфаниса, Тожиниса, Хончаниса опалар ўлтурадирлар. Наҳоят ўнг қўл томондан ҳаммадан четда ўзимизнинг Муҳитдин Қори билан Тамарахон (Қамара билан Тамара орасида менимча фарқ йўқ!) ўлтурадирлар. Яқиндағина Мухторува хонимнинг “ашула базм”ларида Тошкентнинг муҳташам “Колизей”си 6 мартаба тўлиб-тошди. Яқинда бизнинг шу базм-чолғи тўдамиз ҳам Фарғанада биринчи базмини қурған вақтида кўплар хафа бўлуб, сўкиб чиқиб кетдилар. Нимадан хафа бўлуб, кимни сўкдилар: жойнинг торлиғидан хафа бўлуб, жойни тор солғанларни сўкдилар… Кечагина Ўзбекистон марказ ижроқўмининг Самарқандда бўлған тўртинчи ялпи мажлисида тўданинг биринчи чиқиши бўлди. Жумҳуриятнинг катта-кичик эранлари ҳаммаси бор эди. Ҳаддан ташқари кўб қилиниб тузулган прўғрам ҳеч кимни тўйдирмади. Ҳамма баробар, ҳамма бир тилак билан олқишлади. Йўлдошбой акам чидамадилар, чиқиб сўзладилар, хурсандлик билдирдилар: демак, кўплар хурсанд бўлған! Фирқа марказқўмининг масъул саркотиби ўртоқ Иванўф қизиб-қизиб Юсуф қизиқни чақирар эди. Юсуф қизиқ чиқмади. Чиқмас эмиш-да. Чунки бу бизнинг тарихимизнинг тадқиқиға алоқадор (этнўғрафи) тўда эмиш. Мен Юсуфжонни, унинг ўткур ҳажвли – почти доҳиёна гапларини жуда яхши кўрсам-да, тўданинг асосига қарши бўлғум келмайдир. Чинакам, бизнинг чолғимиз йўқолиб кетишидан сақланмоғи лозим, куйларимиз унутилиш ва бузулишдан асралмаги даркор. Кўпдан бери даркор бўлған бутун кеч бўлса-да тузулибдир. Яшасун, яшнасун, бизнинг кутган тилакларимизни берсун. Бизнинг вазифамиз – ўшаларни тор бурчаклардан кенг майдонларга олиб чиқиш, ўсдириш, парвариш қилиш, тарбия беришдир. Ижтимоий ҳудудлар ичида парвариш топатурған боланинг ижтимоий ҳодисаларга бегона қолиши мумкинми? Йўқ! Демак, бу куннинг вазифаси ўша қари болани парвариш қилмоқ!.. Бир оз тушинг эди! «Қизил Ўзбекистон»нинг 9 нчи сонидағи «Янги кашф» деган мақоладан хурсанд бўлғанимни айтиб сўз бошлайман. Шодиқул ўртоқ каби саҳна дўстлари ва балки мансубларининг бу хилда чиқишлари саҳнамизнинг катта ҳаёти демакдир. Фақат, менинг «Зарафшон»дағи мақолачамга эътироз қилиш учун қўлиға қалам олғанда ўртоқ Шодиқулнинг ҳовури осмонда бўлғанми- билмадим, аччиғланиб «мушт» дўлайиб «мажағлаб юбораман!» деб туруб сарлавҳа қўйибдир. Сарлавҳада шундай қаттиғ бир пўпуса юмшоғроқ қилиб айтгангизда ўткур бир эрмак (ирония) бор. Мақоланинг ичида эса сезиларлик ғазаб йўқ. Шу учун сарлавҳанинг бир оз қалтисроқ кетганини айтиб ўтмак билангина кифояланайлик. Энди туб масалага эътирозға келайлик. Эътирознинг туб тилаги ҳар бир театру севгучини мунаққид (танқидчи) деб қабул этдирмакдир. Мана бу янглиш фикр. Ингичка санъатларнинг танқидида ҳам умуман адабиётдаги танқид усули қўлланиладур. Шу учун қайтариб айтаман танқидчилик-ёзғучилиқ ва ўйнағучилиқдан қийиндир. Шу учун чин танқидчилар ҳам чин ёзғучи ва чин ўйнағучилар каби жуда қийинлиқ билан етишадирлар. Шу учун рус адабиёти ўзининг бутун умрида Белинский каби чинакам танқидчиликлардан бир неча кишинигина етишдира олибдир. Рус адабиётини севган ва уни севуб ўқуған ҳар бир киши нақадар холис бўлса бўлсун оммача танлаган бир мунаққид бўла олмайдир. Театру умуман ингичка санъатларнинг танқиди ҳам шундайдир. Бу кун театрунинг бутун дунёдағи энг соғлом маркази деб танилган Маскавда биргина театру мажмуаси чиқадир ва унда бир нечтагина танилган кишилар театру танқидлари ёзалар. Бутун иттифоқнинг марказ газеталарида ҳам театру танқидлари билинган ва танилган бир неча киши томонидан ёзиладир ва жуда эҳтиёт билан ёзиладир. Сиз бу ўртоғингиз билан бирга «Лайли Мажнун»га борибсиз. Аброр билан Маъсума хонимнинг келишмаган ҳаракатларини дафтарчангизга ёзиб олибсиз. Сўнгра «холисона» бир нарса дебсиз. У – жиддий танқид чин маъноси билан танқид эмасдир. Мен айтамайманким, саҳна муҳиблари ва умуман томошачиларнинг тилаклари эътиборсиз қолдирилсин деб. Йўқ томошачининг руҳини ўрганиш ва тилагини билиш жуда керак. Биздан олдинда бўлғанларнинг театруларида шу мақсадда ишлангизчи махсус тевараклар, уюшмалар бор. Бу йўлда алоҳида қоидалар, усуллар ишланган. Бизда ҳам аста-секин шундай нарсалар бошланиши керак. Бизнинг тилагимиз ҳам шу. Шу йўлда ишламакчимиз ҳам. Мен у мақолачамни чин танқидчилиқ кераклигини айтдим. Сизнинг каби саҳна аҳилларидан албатта ўшандай чин танқидчилар етишади. Лекин бу учун саҳнанинг назариёти билан амалиётиға ошино бўлмоқ керак. Муни энди кўплар тушунган бўлса керак. Ўзбекистон ҳукумати билимли актўрлар етиштириш учун Маскавга алоҳида мактаб очди. Бакуга талабалар юборди. У билимли актўрларимизни танқид қилатурған танқидчилар ҳам саҳна илмида ўшалардан кўбрак билимли бўлсун деймиз. «Зарафшон»да «Сурган»ни танқид қилған ўртоғимиз каби хом хатолар майдонга чиқмасин дейсиз. У хил «танқидлар» албатта яқин келгусидаги ва ҳатто бугунги саҳнамизга ҳам тенглаша олмайдир. Буни эътирозингизнинг бошида ўзингиз ҳам эътироф қилибсиз. Сиз «Зарафшон»да босилған «танқид»ни яна бир ўқуб чиқинг. Ундан кейин менинг ўша мақолачамни яна бир марта яхшилаб ўқинг. У вақтда балки «муҳрли» ҳаракат тўғрисидағи даъвоимга тушунар ва қаноат ҳосил қиларсиз. Унда «фалсафа сотиш» деган сўзингизнинг бир оз жаҳлингиз (аччиғингиз!) чиққан онда ёзилиб қолғаниға ўзингиз ҳам балки унарсиз. Менинг кўнглим қолмайди. Мундайин мунозаралардан мен хурсанд бўламан. Фақат, сарлавҳа қўйишда Омериқо эълончилари йўлини тутиб «зиғрни туя қилиш»каби сисасиялардан эҳтиёт бўлишингизни тилаб қоламан. Бошқармага хат «Қизил Ўзбекистон» нинг шу йил 27 июль сонида ўртоқ Назир Тўрақуловнинг «Ҳамлет» таржимаси тўғрисида бир мақоласи босилиб чиқди. Мазкур мақола муносабати билан қуйидағи уч нарсани кўпчиликка билдиришга шошиламан. 1. Назир ака «Ҳамлет» таржимасини келтирган мисолларига қарағанда русча таржималарининг тизилмалиси (назмлиси) билан солиштирган. Ҳолбуки мен таржима қилған нусха сочмали (насрли) бўлиб инқилобдан бурун босилган. Мен таржимага киришганимдан бурун у нусхани инглиз адабиёти билгичларидан ўртоқ Лан инглизчаси билан солиштириб чиқиб, кўп жойларини мумкин қадар аслига яқинлаштириб берган. Мазкур нусха ҳали ҳам ўртоқ Ланнинг кутубхонасида сақланади. Мен, ана ўша нусхадан бўлган таржима учунгина жавобгарман. Таржима билан таржима орасида, айниқса тизмали билан сочмали орасида катта фарқ бўлади. 2. «Ҳамлет»дай бир асарнинг таржимасида бир неча хато кетмасдан иложи йўқ. Ўша хатоларни хайрихоҳлик асосида кўрсатувчиларга ташаккуримни билдириб, келажакда тузатишга ваъда бераман. Бир нечта тўғри кўрсатилган таржима хатолари Назир ака мақоласида ҳам бор; бунинг учун у кишига ҳам ташаккур. 3. Ўртоқ Лан қўлидағи нусхани олдириб мен қилғон таржиманинг оригиналига солишдириб чиқиб, натижасини матбуотда зълон қилиш керак. Бунинг учун яхши-яхши таржимонлардан иборат бир кўмисия тузилса яхши бўларди. Кўмисия тузиш вазифасини мен Ўзбекистон Ёзувчилари союзининг республика қўмитасидан сўрар эдим. Бошқармаға хат Андижон тинчсиз вақтларда йўқ қилиниш даражасига келган Эски шаҳар муоянахоналари (Омбулатурия), тинчлиқ бўлғандан сўнг ҳам яхши йўлга қўюлмайдир. Эски шаҳар аҳолиси учун йироқ бўлған катта кўчадаги муоянахона ҳам, яхши дўқтурларга молик эмасдир. Эски шаҳарнинг ўрта бир ерига муоянахона очмоқ ва яхши дўқтурлар билан таъмин этмак ҳаракати кўрулсайди. Босмачиларға ҳукм Туркфронт инқилоб маҳкамасининг махсус камисияси Янги Марғилонда Эргаш Миркалониф ва Ёнғор Раҳмониф қўрбошиларнинг ишларини қараб, ўлим жазосига ҳукм қилди. Мазкур қўрбошилар 21 нчи йилнинг кейинида шўролар ҳукуматига қўшулуб, хизматга олинганлар. Ўзларининг хизматда бўлишларидан фойдаланиб мазкур қўрбошилар Чимён томонида яна мустақил ҳаракат қилиб халқни талай бошлағанлар. Ўз ихтиёрлари билан 22 нчи йил ноябрда халқ устига солиқ солғанлар, зўрлиқ билан мол-мулк ва ерларини олғанлар, бир неча киши ўлдирганлар. Ушбу қўрбошиларнинг 3 та йўлдоши ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу кунда Фарғона Бу кунда Фарғонамиз шундай бир тўпаланг ичида қолғанки, ҳеч бир суратга келтуруб ёзуб-да, сўзлаб-да бўлмайди. Қўлға қоғоз-қалам олуб, устол ёниға келуб ўлтуруб, Фарғонанинг бир бошидан иккинчи бошиғача бўлмоқдағи воқеаларни ёзмоқчи бўласан, лекин баъзи бир монеълар кўз олдиға чиқара тура, шундан ихтиёрсиз қаламнинг устол устига отуб, устол ёнидан туруб-да кетганингни ўзинг-да сезмай қоласан. Мана, кўрурсиз, жумладан, бири: ўз ичимиздағи чексиз-тубсиз бўлған камчиликларимиз: иш бошида ўлтурувчи ўртоқларни лаёқатсизлиги; иш бошига ўлтурарлик одамларимизни камлиги, ростини айтганда, йўқлиғи; иш бошида ўлтурувчи ўртоқлари кўброқи ёвруполик бўлғани учун туркча сўзни билмасликлари, онгламаслиқлари; бунинг орқасинда туркча сўз ҳукумат тили бўлмай, четда қолувчи; кўб йиғинларда сўзлар Ёврупо тилларинда юритувлари, буни охирида мусулмонларнинг партия ва жамиятлардан узоқлашмоқи; бунинг устиға Фарғонамизда шул чоқғача ўғриларни давоми, буларнинг йўқотув чорасига ҳукумат тарафиндан икки йилдан бери тадбирлар қилинса-да, кўбда фойда чиқмағанлиғи. Бундай ишларни майда-чуйда қилиб ўйлаған одам, бир минут бўлсун Фарғонада турмоқға тоқати (қолмай), бутун Фарғонадан чиқуб кетмаклигини ихтиёр қилур. Чиқуб кетолмас экан, бутун ишлардан ўзини тортиб, бир чеккага чиқуб, тек ётмоқға мажбур бўлур. Чунончи, қандай бир тўғрида ғазетада тўғри бир сўзни ёзсанг, дарров дудоқларини осилтурған ва орқандан сўккан; ўзингни учратгач, йиғлаб ўпка қилувчилар бўлуб қоладур. Ва баъзи ишликроқи бўлса, тирибуналға беруб, қаматиб ҳам қўядур. Ўғрилардан бир оз ёзмоқчи бўлсанг, бутун шаҳарлар тўла ўғрилар хабарчилари юрар, бу хабар шундоқ Muhammad Аминбекка етадур. “Бор, олуб кел!” – деса, шул кун кеч ўзинг-да йўқ, руҳинг-да йўқ, у дунё мухбирлариндан бўлурсан-да кетарсан. Фарғонамизнинг дохилий аҳволидан хабари бўлмағанлар бундай ишлардан хабари йўқ, ўпка қиладурларки, не учун Фарғона тўғрисида очиқ бир маълумот ёзилмас, деб. Ўртоқлар, Фарғонада иш кўб, ишловчи-да кўб, лекин ҳаммаси пусуб ётадир. Бу қарор жуда жойида Ижроқўмнинг бу қарори бу сафарги қарор эмас. Бундан бурун ҳам шу қарорни чиқарған ва соғлиқни сақлаш шўъбасига буюрған. Лекин, шўъба мунга қарши ўз фикрини билдириб, шу ишни нимагадур қилғиси келмаган. Ҳалиги икки районга янгидан муолажахона очилса яхши бўлур эди, деган. Ҳолбуки, мунга на давлат ва на маҳалла халтасида таъинлик пул йўқ. Агар бу тўғрида кераклик жойға мурожаат қилинатурған бўлса, жавоб келиб иш “кўнгил хоҳлаған” йўлга киргунда уввв… бир неча қовун пишиғи ўтуб кетар. Ҳолбуким, Жалолобод районида муҳожирлар бор. Шуларнинг “шарофати” билан подшоҳлар вақтида бирдан 3 шифохона пайдо бўлуб қолған. Бир райондаги ортиқча нарсани яна бир йўқ районга кўчуруш жуда табиий ва лозим нарса бўлса керак эди. Билмадик, соғлиқни сақлаш шўъбаси нима учун бошқа чораларни қидириб овора бўлди экан? Ижроқўмнинг мазкур мажлисида Эски шаҳар касалхонасидан мусулмон хотин-қизларининг фоидаланишлари масъаласи қаралиб, бу тўғрида соғлиқни сақлаш шўъбасига таклиф қилиндиким, ҳафтада 3 кун мусулмон хотунларини кўриш учун Эски шаҳар муолажахонасига бир хотун дўқтур таъин қилинсун. Қўрғонтепа район ижроқўмининг ул жойда бир касалхона ва бир почтахона биноси солмоқ кераклиги тўғрисида қилған мурожаати маҳаллий маблағ етишмагани учун ижроқўм томонидан рад қилинди. Қўрғонтепа Жалолобод темирйўли устида истансалик ва обод бир район бўлуб, почтахона ва касалхона эҳтиёжи табиий равишда чиққан бўлса керак. Ижроқўм маҳаллий маблағ етмайдур, деб бино солишқа унамаған. Лекин, бирарта ҳозир бинони эплаб шу икки муассасани очдириш учун ҳаракат қилинса яхши бўлур эди. Ҳар ҳолда бўлмағандан кўра, ёмонроқ ва нари-берироқ бўлса ҳам бўлуб турғани яхши. Қишлоқнинг ўзидан чиққан бу ташаббус ҳар нима бўлғанда ҳам, хайрлик фолдур. Булоқбоши бўлусида (Ўш уязида) Булоқбоши ёшларидан ўртоқ Ҳасан Алихон ўғли, Фарғона музофот фирқа мактабини тугатиб келгандан кейин бўлус “Қўшчи” қўмитасига масъул саркотибликка сайланған эди. Мазкур ўртоғимиз ишга киришгандан бери бўлус “Қўшчи” қўмитасининг ишлари тузалиб, олдинға босиб борадур. Ҳозир “Қўшчи” аъзолари 1000 дан ошқан, батраклар 600 га етган. Ленин терими чоғида мазкур батраклардан 30 киши фирқа қаториға ўткан. Батраклар секцияси ташкил қилиниб, жиддият билан ишга киришди. Буюк зиёфат (Фелетон) 8-июлда Русия Шўролар Жумҳуриятининг Бухоро Жумҳуриятига тайинланган янги сафорат ҳайъати тарафидан озод ва мустақил Бухоро Жумҳурияти шарафига катта бир зиёфат берилди. Кеч соат 9 да сафоратхона қошидағи ақчада махсус ҳозирланған жойға Бухоро Жумҳурият ҳукуматининг бутун ҳукумат ва марказий фирқа аъзолари, ҳам нозирлари ҳозир бўлғон эдилар. Юқори ҳукумат бошлиқлари билан сафорат ҳайъати аъзолари ва бошқа меҳмонлар еб, ўзаро хусусий мусоҳаба қилиб ўтурдилар. Соат 10 да гиламлардан ясалғон саҳнада русчага насират – тамошо бошланди. Насиратнинг биринчи қисми тубандаги пруғрам билан ўтди: “Никоҳ оҳанги”(“Верди” операсидан 1-қитъа). Қизил қўшуннинг сафар ашуласи. “Мазурка”(чолғу). “Қайғу”операсидан 1- қита. Болалар ашуласи. Эй, менинг дўстим (жўр). Оғриған товуқ ҳикояси. Чақмоқ (мусиқа ва ашула). Сўнгра фавқулодда сафирнинг ноиби ўртоқ Бодров ушбу сўзлар билан мажлисни очди. Ўртоқ Бодров: – Биродарлар! Бу чоқғача хусусий мусоҳаба равишда давом этиб келган мажлисимизни умумий мусоҳабага айлантиришга рухсат этамиз! Бу ерга келган азиз ва муҳтарам меҳмонлар ичида буюк Афғонистоннинг вакили ҳам бордир. Бизлар ҳозир, эски ва кўчалаш асосиға қурулғон турмуш оғдарилиб, янги озод бир турмушнинг асоси қурулуб ётғон бир даврда турамиз. Бу ишда, бу янги асосни қуруш ишида Русия Шўролар ҳукумати раҳбарлик қилиш шарафига ноил бўлди. Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти ҳам ўз ишини халқчиллик асосида тузуб ётадир. Бу кунги йиғин шу икки ҳукуматнинг орасидағи дўстлиқ ипини маҳкамласа керакдир. Бу тўпланиш, бизнинг буюк аъмолимиз тарафиға қаратиб қўйғон катта бир қадамимиздир. Шундоғ зўр бир тўпланишда ҳозир бўлғон сизни улуғлаб, сўз навбатини Бухоро иштирокиюн фирқаси марказ қўмитасининг масъул саркотиби ўртоқ Турсунхўжаевга бераман. Турсунхўжаев: – Буюк меҳнаткашлар Русиясининг Бухородағи янги элчисини Бухоро меҳнаткашлари отидан саломлайман. Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти билан Русия Шўролар Жумҳуриятида яшағучи меҳнаткашларнинг ўзаро бўлғон муносабатлари фикр ва идрок асосиға қурулғондир. Бухоро иштирокиюн фирқаси ўзининг йўлида тушунган ва англағон ҳолда ҳаракат этмақдадир. Ёш Бухоро Шўролар Жумҳуриятининг фирқа ва шўро ишларида бир мунча камчиликлар ҳам бордурким, уларни тўлдиришлиқда, тузатишликда Русия Шўролар Жумҳуриятининг ва 3-байналмилалнинг кўмагида бўлиниши онқадар. Бухоро иштирокиюн фирқаси яхши биладурким, Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти Шарқ меҳнаткашларининг йўл бошлағувчисидир. Бу жумҳурият қўшини Русия Шўролар жумҳуриятининг кўмаги билан амир ва муллолар салтанатини абадий равишда йўқ қилди. Иш мунинг билан битди, деб айтмаймиз, ишнинг қийини ва оғири доғи олдимиздадир. Олдимизда турли моне’ ва садлар ва хоинона чиқишлар йўқ эмасдир. Биз ҳар турли хоинона чиқишларға қарши ҳозир турамиз ва доғи бутун қийинлиқ ва зўрлиғи билан шарқ масаласи ҳам олдимизда турадир. Шарқда яшағучи милёнларча халқлар ажнабий сармояси қўл остида эзилар. Айниқса, улуғ Ҳиндистон ўлкаси 300 миллион халқи билан бир тўб инглиз мустамлакачилари қўлида эзилиб турадир. Бу эзилганларни қутқармоқ ғарб меҳнаткашларининг зўр вазифалари бўлғонидек, Шарқ инқилобчиларининг, айниқса, Бухоро иштирокиюн фирқасининг ҳам катта вазифасидир. Биз ўзгинамизда 3-байналмилал билан Русия иштирокиюн фирқасининг раҳбарлигига ишонамиз. Тўғри ва ҳақиқатни кўрсаттувчи шиорларни тутуб боратурғон элчилик ҳайъати билан ёш жумҳуриятимиз ҳам ўз мақсадиға етар. Яшасин иштирокиюн фирқаси! Яшасин Русия Шўролар Жумҳурияти! Марказий инқилоб қўмитаси раиси ўртоқ Муҳиддинов: – Русия Шўролар Жумҳурияти вакилининг бизнинг Бухоро Шўролар Жумҳуриятига дўстлик билдириш учун қилғон ташрифига ташаккур айтамиз. Русия Шўролар Жумҳуриятининг бизнинг ёш жумҳуриятимизга кўрсатган кўмаклари учун ташаккур билдирамиз. Кичкинагина Бухоро жумҳуриятинда энг зўр бир курашнинг тажрибаси юргизиладурким, унда ижтимоий асослар учун бўлғон курашдир. Русия Шўролар Жумҳурияти инқилоб ёшидан бери мазлум миллатларга муайян бир ҳимоя сиёсати ила қараб, шул сиёсатни тутуб келадир. Бу сиёсат йўлида икки тараф – сарват аҳли ва меҳнат аҳли курашиб ётадир. Бу курашда кичкинагина Бухоронинг катта бир вазифаси, буюк бир сиёсат бордир. Ya’ни, Бухорода Шарқни эзгучи ҳокимларга қарши катта кураш давом эттириладир. Русиянинг инқилоби муносабати энг очиқ инъикос этган бир кичгина Бухородир. Эрон ва Ҳиндистон, Шарқнинг буюк қитъалари билан Русия Шўролар Жумҳуриятининг алоқаси йўқ кабидир. Бундоғ буюк сиёсат, ёлғиз, кичкина Бухорода юргизилмакдадир. Бухоро илгари ҳам мустақил эди. Локин унинг хорижий сиёсатида Русия интригаси (досеси) иш кўрар, Бухоро Русия сафирининг ризолиғидан бошқа ҳеч бир давлат билан сўйлаша олмас эди. Иқтисодий жиҳатдан бўлса Бухоронинг ҳамма бойлити Русия фабрикалариға кетар эди. Бу миллат, бу Бухоро ҳукумати, илгари бош-оёғи билан Русияга боғлиқ эди. Бухорони қул қилишлиқ сиёсати уруш йўли билан олиб борилмади, уруш муваққатий бир ҳол эди. Қуллиқ сиёсий уруш йўли билан давом эттиради. Русия ҳукумати Бухоро ҳукуматининг бошиға энг ёмон, инсофсиз, сотилғувчи кишиларни қўйди ва шулар орқали турли ихтилофлар чиқартириб, мамлакатни ўз билганича бошқариб келди. Энди биз Русиядан бошқа бир сиёсат кўруб турамиз ва кутамиз. Бир сиёсат бўйинча кучлик ва заиф деган икки нарса бўлмасға керакдир. Мунда кучлик кучсизни эзмаслиги керакдир. Мунда кучсиз Бухоро эзилмаслиги керақдир. Чунки Шўролар Русияси кучсизларни ҳимоя қилишни ваъда қилди ва шул сиёсатни тутмоқ истайдир. Ижтимоий инқилобнинг натижаси ҳам шундадир. Шаркда истибдод остида яшағучи ҳукуматлар Русиянинг ҳақшиносона сиёсатини кўруб англасалар керакдир. Бухоро кичиқдир. Локин Русия тўғри, ҳақ сиёсат тутса, унинг аҳамияти зўр бўлур, яъни Шарқда инқилоб туғар, яъни Шарқ ўзининг ҳақ машруғи бўлғон озодлиғиға етишар. Яшасин ҳақ машру’ сиёсатини юрутган ва унга етиша олғон ҳукумат ва миллатлар! Яшасин у асосдағи Русия ва Бухоро ҳукуматлари! Умид қиламанким, Афғонистон билан Русия Шўролар Жумҳурияти орасидағи муоҳада ҳам пухталанур. Афғонистон элчисининг ноиби Абдурасулхон: Таассуф қиламанки, русча ва туркча билмайман. Шунинг учун ўзимдан илгари сўзлаганларнинг сўзларини онглай олмадим. Биродар Муҳиддинов Афғонистон, Бухоро ва Русия иттифоқидан гапирди. Ҳақиқатан Афғонистоннинг бу жиҳатдан аҳамияти буюкдир. Жуғрофий жиҳатини қарайлик: бир тарафи – Ҳиндистон, иккинчи тарафи – Хитой, учинчи тарафи – Балужистон орқали Арабистон, бир тарафи – Эрон ва бир тарафи – Бухоро – Туркистон. Афғонистон мана шуларнинг ўртасидадир. Энди Афғонистониинг шул мамлакатлар билан бўлғон алоқасиға келсак. Ҳиндистонда Афғонистоннинг таъсири кўб каттадир. Ҳиндистонда 12 қадар афғон қабилалари бордир. Бунлар қарялар ва кичик-кичик бекликлар ташкил этмақдадир. Эронга келсак, бу икки мамлакат ва халк орасида айирма йўқдир, бир эронли афғонистонға келса “ёт ерга келдим” демас. Бир афғонли Эронга борса ҳам шундоғдир. Хитой ҳам Шарқ мамлакатларининг ери бўлғони учун шарқли Афғонистонға яхши қарар. Туркистон билан Афғонистон ҳам яхшидурлар. Афғон халқи билан Туркистон халқи забон, маданият ва дин жиҳатларидан бирдирлар. Ҳам шул жиҳати-да бордирким, Туркистон халқи умумтуркларнинг бир қисмидир. Турклар эса йиллардан бери шарқчилиқнинг умумий асослари, умумий мақсадлари йўлида курашиб келар. Хулоса, Афғонистоннинг атроф, ён-вериси билан алоқаси кўб яхшидир. Энди биз Бухоро билан бўлғон алоқаға келсак, Бухоро билан Афғонистоннинг алоқаси дилу димоғ алоқасидир. Бундоғ бўлғач, икки мамлакатнинг ораси кўб яқиндир. Табиийдирким, дилу димоғнинг қабул этган нарсаларини бутун аъзо қабул этар. Шунинг учун Бухоро ва Афғонистон билан Русиянинг иттифоқи жаҳон иттифоқи каби буюк бир боғланиш саналса мумкиндир. Яшасун Русия Шўролар Жумҳурияти! Яшасун озод ва мустақил Бухоро жумҳурияти! Яшасун бутун ҳурриятлар! Нозирлар шўроси раиси Файзуллахўжа: – Ёш Бухоро Шўролар Жумҳуриятига кўрсаттан ихлослари учун Русия меҳнаткашларига ва Русиянинг жумҳуриятимиздаги янги элчисига қуллуқ қиламан. Русия Шўролар Жумҳурияти Бухоро халқини амирларнинг асрлик салтанатидан қутулишиға ёрдам қилди ва энди мамлакатнинг таъмирот, иқтисодий тараққий этишларига ёрдам қилиб турадир. Бунинг учун Русия Шўролар Жумҳуриятининг ҳақиқий эгаси меҳнаткашларига қуллуқ қиламан. Бухоро халқи ўзининг иштирокиюн фирқаси ва инқилобий вакиллари орқалиқ феодал (дарабчилик) давридан ижтимоий даврга кўчмакдадир. Ўзини ғарбни эзган зўр бонқалар тасаллутига йўлатмасга тиришадир. Шул улуғ ишларни вазифа қилиб бўйнига олғон Бухоронинг инқилобий ҳукумати ўз халқининг ва Русия Шўролар Жумҳуриятининг кўмаги билан ул оғир вазифаларнинг уҳдасидан чиқар. Русия Шўролар Жумҳурияти билан Бухоро Шўролар Жумҳуриятининг орасида янги алоқа ва муносабат бошланмоқдадир. Янги сафорат билан ҳам, бошқалари каби бирга ва баробар ишлармиз деб, умид қиламиз. Мундан сўнг орадағи баъзи бир онглашилмовчиликлар бўлмас. Ҳар икки тараф биродарлиқ ва бирлик асосида ишларлар. Яшасун биродарлиқ ва у асосга қурулғон Русия шўролари билан Бухоро Шўроларининг иттифоқи! Яшасун инқилоб ишидаги самаралик хизмат! Русия Шўролар Жумҳуриятининг фавқулодда сафири ўртоқ Юренев: – Биз Шарқдағи раҳбаримиз бўлғон Бухоро Шўролар Жумҳурияти орқали бутун Шарқ билан алоқа боғлармиз. Биз Шарқ халқи билан қанча яқинлашсак, Русия Шўролар Жумҳуриятининг шайбасини шунча маҳкамлаган бўлурмиз ва шунча тезлик билан дунёга намунасини юзага чиқара олурмиз. Биз Бухоро Жумҳуриятига ёрдам қилмоқ билангина кифояланмасдан, икки орадағи муоҳадани юзага чиқариш, тажриба йўли билан уни ҳаётта татбиқ қилинмағон. Мунда икки тараф ҳам айбдор эмас, айбдор – аҳволнинг оғирлигидир. Бу ерда улуғ Афғонистоннинг вакили бор. Унинг Афғонистон билан Ҳиндистоннинг муносабати тўғрисидағи сўзлари тўғри. Локин Русиянинг Афғонистон тўғрисидағи сиёсати, унингсиз ҳам дўстона ва яқин эди. Биз, яъни Русия Шўролар Жумҳурияти Афғонистон билан бу ерда, тўғри, бирлашмадик. Биз Афғонистон билан маълум муоҳада нома бўйинча бирлашдик. Афғонистон, Бухоро ва Русия ҳукуматлари орасидағи муносабат яқин орада доғи расмийлашур, Бухоро билан Афғонистон муносабатининг яхшиланишиға биз кўмак этармиз. Мен, Бухоро жумҳурияти тарафидан берилган бу зиёфатда бўлуб кўрдимки, Бухоро Шўролар Жумҳурияти билан Русия Шўролар Жумҳурияти орасида иқтисодий муносабат кўб яқин бўлиши керак экан. Бизнинг Русияда юрган кўб асослар бу ерда юрмайлар. Юрсалар-да, буткул эмас. Шунинг учун бизни мунда “эгалик этадур” деганлар тўғри айтмаслар. Сиёсий аҳволнинг кетишига қараб юрамиз. Файзуллахўжа ўртоғимиз айтгандай, энди мундан сўнг англашилмовчиликлар бўлмас. Орада фақат бир-бирига ёрдамгина бўлиши мумкиндир. Биз расмиятта қаттиғ ёпишамиз. Бир-биргина нарсани айтамизки, қайси тараф кўпрак ёрдам эта олса, расмиятга қарамай, тезрак ишда ва амалда кўрсатсун. Бизнинг орамизда Хива жумҳуриятининг вакиллари йўқ. Локин тез замонда бўлиши аниқдир. Эрон ва Анқара инқилобчи ҳукуматларининг вакиллари ҳам яқин замон ичида бизнинг орамизда бўлсалар керак. Ажнабий матбуотнинг сўзлари тамоман ёлғондир, “Бухоро Русиянинг олами”, дерлар ва бу очиқ ёлғондир. Мен Бухоро иштирокиюн фирқасининг бошлиғиға ташаккур айтаманки, ул бизнинг асосларимизнинг бир эканлигини айтди. Ҳам ҳақиқатда шундоғдир ва бир икки ҳукуматнинг ишлари кўб халқларнинг ҳаёти билан алоқадордир. Мен зиёфатга келған бутун қўноқларға қайтадан ташаккур этаман. Сўнгра бир пардалик “Бобойлар” исмли русча кулги песа ўйналиб, кечаси соат 2 ларда зиёфат тамом бўлди. Чақимчилар ҳақинда Исқоблифда чиқадурган “Халқ қалқони” номлик рус ғазетасинда “Мусулмонларнинг тараққийпарварлар фирқаси ҳам бузуқлар” сарлавҳаси ила ушбу йўлларни ўқидим: “Туркистон чақимчилар маҳкамасининг текширув комиссиясидан: Усмонли туркларнинг “Иттиҳод ва тараққий” фирқасига ўхшаб Туркистон мусулмонлари ичинда ҳам “Таракқийпарвар фирқаси” исминда бир фирқа майдонга чиққан эди; аммо унга ҳар тарафдан душманлар кўпайди. Хусусан, эски бойлар бор кучлари ила қарши туруб, унинг нуфузини битиришга тиришдилар. Ҳатто Андижон қорилари “Тараққийпарвар” деган номни “Падаркуш” (яъни отасини ўлдирганлар) деган номга айлантирдилар… Шул қадар монеъларга қарамасдан фирқа ўзбек-турк ёшлари ичинда ўзининг фикрларини таратмоққа давом этди. Мазкур фирқа 1915 ва 16 йилларда ерлик ҳукумат маъмурлари ила курашганда ўзининг мақсадига бир даража етди. Ya’ни уларни устиндан ҳар ерга аризалар беруб, баланд-паст амалдорлардан кўпини бекор қолишга муваффақ бўлди. Ҳам бу иш бир фирқа “бой”ларга маъқул бўлмасдан ул бойлар бўйинларини Туркистон чақимчилар маҳкамасига эгиб, саломни қуюқ бердилар. Охранка эса келажакда ўзига зўр душман бўлиб чиқадурган бу “тараққийпарварлар” фирқаси ила курашмакка бошлади. Чақимчилар маҳкамаси мусулмон ёшларининг янги ҳам қувватлик бўлган бу партиянинг ичига ўзининг заҳарлик томирини ёйди… ҳам ҳаракатлари бўшқа кетмасдан хайрлик “оқибатлари”ни ҳам кўрди… Шундай килиб, “Қори” ҳам “Нозим” лақаблик чақимчилар тез-тез ёшларнинг аҳволидан “яхши хабарлар”ни охранкага билдируб турибдилар… Шул хусусда фирқанинг ва бошқа ҳамма ишларнинг боши ҳамда Тошканддаги охранканинг каттаси бўлган Шалковский ила сўзлашмак учун одамлар ҳам юборилди. Агарда Андижон шаҳрида бу фирқанинг ичига тилмоч бўлуб турган Келгинбоев ҳам Бойтурсунов деган малъунлар кируб, ҳаракат қилуб, иш юритмасалар бу фирқа хийла кучаяр эди… Чунки бу фирқа ҳукумат маъмурларининг ҳар бири ила ҳатто зўр бойлар ила-да курашга бошлаб бутун Андижон ва атрофини даҳшатга тушурган эди. Мана шул ҳолда ҳалиги малъун таржимонлар онларнинг ишларига аралашуб, ўзлари билан бир бўлган бўлуб туруб, онларнинг томурларина болта чопдилар… Комиссияда мусулмонлар ичинда Туркистон ва Бухорода иш бузуб (чақимчилик қилиб) юрганларнинг номларини ва аслларини ғайрат ила текшируб ётадир. Вақти ила онларнинг номлари эълон этилур”. Ғазетанинг ёзғани мунда тамом. Энди ўз тарафимдан шуни айтаман. Андижон мусулмонлари ичлариндаги об-очиқ эълон этилган чақимчиларни оқламоқ учун ҳаракат қилуб ётадурлар. Бири: муваққат ҳукумат аъзоси ҳам миллий мажлис раиси, иккинчиси: қўрбоши, учинчи бириси, потребителчи… Агар, мунда айтилган Келгинбоев биз билган Келгинбоев бўлса, бу киши Избоскандда участка комиссари сайланиб ётадир… Агар, мунда айтилган Бойтурсунов, биз билган Бойтурсунов бўлса, ул-да мундағи ҳамма жамиятларнинг муҳтарам бир аъзосидир… Бутун мусулмон ёшларининг йўлбошчисидир… дума аъзосидир, рабочийдир, тараққийпарвардир, у-дир, бу-дир… Хулоса, ҳар нимадир?!! Мусулмон ёшлари! Ўтган кунларингизни эсдан чиқармангиз! Қора кунларнинг қора кўланкалари сизга оқ шам бўлиб, ёруқ беруб турадир… Қора “Оқ” бўлурми? Эй бечора соддадиллар!!! Четдаги талабаларимизга ёрдам Тошкентда бир неча йил муқаддам муаллимлик қилған эслик ёшларимиздан Абдуваҳоб Муродийнинг Германиянинг олий зироат мактабида ўқиб турғанлиғи тўғрисида газетамизда вақти билан маълумот берган эдик. Яқинда мазкур Абдуваҳоб ўртоқдан «Кўмак» уюшмасига бир хат келган. Ваҳоб ўртоқ ул хатида олий зироат мактабини битиргунича таъмин қилмоқни бўйниға олған хусусий бир шахснинг вафоти орқасида ҳозир буткул таъминотсиз қолғанлиғини, агар ўз юртидан ёрдам бўлмаса, ўқишдан чиқишға мажбур бўлишини ёзадир. Унинг таъминожизлик сабаблик қийин ва оғир бир ҳолда қолғанлигини Германияга янгигина бориб етган талабаларимиздан ўртоқ Саидали ва Аҳмад Шукрийлар ҳам тасдиқ этганлар. 23 ноябрда Тошкент ёшларининг гап мажлисларида шу тўғрида сўз қўзғолиб, ўртоқ Ваҳобнинг ёзган хати ўқулди ва дарҳол уни таъмин қилмоқ учун ташаббус бошланди. Шул ерда йиғилған ўртоқлар барчаси бир оғиздан ойликларининг йигирма беш фоизини беришга қарор бериб, яна бир-икки кишининг ҳамияти билан бир миллиардга яқин ақча тўпланди. Гап мажлисида ҳозир бўлмаған бошқа ўртоқлардан ҳам йиғиб, шул маблағни ўртоқ Абдулваҳобнинг бир йиллик таъминотига еткармакка бўлинди. Шу мақсад билан Эски шаҳарда бир адабиёт-томоша кечаси ясамоқ учун кишилар белгиланди. Бундан бошқа яна четга (Германияга) кетган талабаларимиз фақат бир йилгагина таъмин этилиб кетганликлари эсга олиниб, уларни ўқишлари битгунча таъмин қилмоқ учун жиддий чораларга киришмак лозим топилиб, бу ҳақда келгуси гап мажлисига пухта йўллар ва чоралар топиб келмак учун икки ўртоқ вакил қилинди. Эски одатларимиздан бўлған гап мажлисларида бундай хайрлик ташаббуслар, амалий ҳаракатлар кўрилиши кўп яхши ва ўрнак бўлғулик бир ишдир. Гапдан ишга, ўртоқлар! Чимкант хатлари I Билмадим, нимагадир, “тасодиф” (случай) деган сўз, менга кўб оз, кўб хира, кўп тор бир маънони англатадур; балки, кенграк нарсаларни олған вақтимда “тасодиф”нинг ранги бутун ўчиб, юзи кўрунмай, унинг борлиғи билан йўқлиғи орасида фарқ қолмайдур… “Тасодиф” мен истаган маънони бера олмағандан кейин “насиб” (судьба) сўзини қўлланишқа эҳтиёж сезиладур. Шундоқ қилиб, насиб бизни Чимкантга келтириб ташлади. Улуғ Қитой йўли устида, тарихий жиҳатдан аҳамиятли бўлған асарлари билан бирга булоқларнинг сарин қучоғиға ўрунлашқан бу дарё, бутун дунё доирасида бир шуҳратка ҳам эга бўлса керак. Нимага десангиз, шу эски шаҳарнинг ниҳоятида, Еттисув темирйўлининг ёнида баланд мўриси билан кўрунуб ётқан дармана (сантонин) зовуди, биздан кўра кўпрак ғарб ўлкаларига маълумдур. Қора уй(ўтов)ларининг олдиға ғарам-ғарам қилиб дармана кўкатини тўплаб қўйған бир кўчма қозоқ, кичкина дўконининг қайси бир қутусиға бир неча сиқим “дармана” деган нарсани ташлаб қўйған бир сарт, унинг оламшумул аҳамиятини тушунадур, дейсизми? Туркистонға ва унинг қийматли маъданларига доир ёзилған китобларни ўқуған бўлсам, дармананинг оламшумул аҳамиятидан кўброқ гапирган бўлур эдим. Лекин, таассуфка қарши, илмий асарлар мендан кўб ёмон қочадурлар. Шунинг учун ўз сўзларига ўзлари ишонған кишиларнинг ривоятига қараб, дарманани, Амриқодан бошқа, дунёнинг ҳеч бир жойида йўқ деб, юрубман. Истайманким, шу ишончим тўғри чиқсунда, дармана етишдирадурған ёввойи саҳролар тез вақтда жаннатка айлансунлар! Чимкантнинг ўзи ҳақиқатан жаннатдак бир жой. Саҳролар диёриға махсус такаллуфсизгина темирйўл истансасидан шаҳарга қараб тушуб келаётуб, Ўш-Ўзгант орасидағи “Ўтуз адир”да кетаётқандак бўласиз. Адирларнинг орасида чуқурлиқлар, уларнинг кўксида тўла кўмкўк дарахтларни кўргач бирдан баҳрангиз очиладир. Шу чоқда қулоғингиз тагида Чимкантнинг бир хил юмшоқ шамоли тўқтамасдан “салом”ини такрорлайдир. Йироқдан, адирнинг тепасида бир бутхона кўрунадур. Қандоқ муҳташам нарса, бу? – деб берган саволимга аравакаш: Бурун вақтда жуда катта бутхона эди, ҳозир қулуб қилдилар – деб жавоб берди. “Қулуб”ни арабча айтсак “қалб”нинг жамъи бўлар эди шекилли. Фақат илгариги қалблар билан ҳозирги қалблар орасида қандоқ зўр фарқ бор! Индамай орқа-олдимизға, ўнг-сўлимизға қараб томошаға бериламиз. Чимкантнинг масъул ишчиларидан бири билан уяз ижроқўми (ўзича айтганда “отқару” (“оқартув” бўлса керак – I.М.) қўмитати”)га кирдим. “Тубжой халқ тилида газеталар борми, берсангизчи!” деди рафиқам. Ижроқўмнинг шундоқ ишлари билан шуғулланатурған бир мусулмон хотуни: “бизда “Оқ жўл”ғина бор, қозоқ бўлуслари учун ёздириладур, ўзбакча газеталарни тубда олмаймиз!” деди. Чиқдиқ. Зотан, мунда ўзбаклар камчилик ташкил қиладурлар экан, бу тўғрида жуда ғалати ҳангамалар эшитишка тўғри келадур. Ойниқса, мана бу миллий жумҳуриятлар масъаласи чиққандан бери бир ота – бир онанинг болалари кўб “эҳтирос”ға берилганга ўхшайдурлар. “Бирлашингиз, бутун дунё йўқсуллари!” қандоқ маъноли жумла!.. Тубжойлашдириш ишлари хусусидаги марказ ижроқўм буйруғи, ўлканинг ҳеч қаю ерида, Чимкантдагидак “муваффақиятли” ўтказилган эмас! Уяз ижроқўмида юқорида айтиб ўтилган бир мусулмон хотун бор, саркотибнинг унвони (фамилияси) ҳам тубжой халқникига яқинлашуброқ эшитилди. Шўъба мудирлари орасида тубжойлар бор. Қолғанларнинг ҳаммаси ҳам оврупали ўртоқларимиз! Бу ерда ҳатто, тубжой халқ тилида ёзилған аризаларни қабул қилмаслар эмиш, деган гапни эшитдим. Лекин, шўролар ҳукуматининг 7 нчи йил давомида мундоқ латифа (анекдот)ларга ишонадурған аҳмақ йўқдур деб ўйлайман! Маориф ишларига ҳам бир оз тўқталуб ўтайик. Келгуси хатларимда ҳам яна, эҳтимол, тўқталурман. Нимага десангиз, тубжойлашдириш масъаласидаги ҳалиги мўжиза – кароматнинг калиди шу маориф эшонининг, шу билим пирининг қўлидаку! Катта кўча (Шўро кўчаси)дан ўтуб борамен. Яхшигина бир биноға кўзим тушадур. “Белинский номиға очилған ўрта мактаб”. Очиқ теразаларидан: виқор ва диққат билан дарс бериб ётқан муаллимларни бутун-бутун эътибор ва диққатға айланиб дарс тинглаб ётқан оврупали болаларни кўрамен. Пўчта кўчаси (Полторатский кўчаси)га бурулғач, унда оврупали қизлар ўтурадурлар. (“Луначарский номиға очилған биринчи босқич мактаб”) Шунда: эски шаҳарда, мен ўтурған маҳалладаги мактабдан ҳар кун эрталабдан қулоғимға киратурған “Апаламза ал” довушларини эшиткандак бўламен. “Апаламза ал”, ҳали ҳам шу “Апаламза ал”! NEP (Янги иқтисодий сиёсати)дан бурун шаҳарда эр ва қизлар учун 15, уязда 5 мактаб бўлған. НЕПбой келгандан кейин мактабларни халқ елкасига оғдариш бошланған. Бунинг натижаси ҳозир шу: шаҳарда эрлар учун 4, қизлар учун 1, жамъи 5 мактаб қолған. “Шунга ҳам шукр” дейди, бир муаллим. Бу – фақат, ўзбаклар орасидағи маориф. Қозоқ қариндошларимизнинг кўчмачилик ҳаёти мактабларни кўб-кўб очишқа йўл бермайдур шекилли. Йўқ эса, ишлайдурған кишилари, ойниқса, ўз элига жон куйдируб, ҳатто таассуб даражасида берилиб хизмат қиладурған маърифатли йигитлари кўб. Сирдарё музофотининг қозоқ таълим-тарбия техникуми ҳам Чимкантда, Тошкантдан бу ерга кўчирганлар. Оврупалиларнинг интернатини кўрдим. Болаларнинг кийим-кечак важҳидан аҳволлари жуда хароб. Уларнинг оврупали болалари эканига ишонғум келмади. Шу чоққача, биз овруполиларнинг мактаб ва интернатини ҳамма вақт бошқа хилда кўруб келган ва шунга ўрганиб қилған эканмиз. Тўғриси, мен ҳайрон бўлдим ва одамлиқ туйғум билан улар учун астайдил ачиндим… Чимкантнинг ҳозир мавсуми ўтди. Лекин, шундоқ бўлса ҳам қимизхўрлар жуда кўб келиб турадурлар. Кетаётқанлар ҳам кўб. Кечагина Тошкантдаги маориф ва матбуот ишчиларидан бир нечталари мунда эдилар, Самарқанд маориф ходимлари ҳам бор. Қисқаси: Чимкант, ҳали, одамни ўзига тортишда давом этадур. Эрта-индин, куз шарпалари кела бошлағач шаҳар ҳам, равнақи кета бошлаб, қуруған қирлари билан дардлашиб қолур, дейдилар… Чоржўйдан хатлар: Янги Чоржўй «ажоибалари» Сиз ўртоқлар, марказда ишга кўмулуб кетгансиз-да, бизнинг янги Чоржўй аҳволидан ҳеч нима билмайсиз. Бизлар, ўзимиз жингқорчадек кичкина бўлсақ ҳам, Амударёнинг балиғидай ҳар нарсани билиб турамиз. Сиз ўртоқлар, Чоржўйда сув тошқини бўлуб, қанча иморатларнинг “хижолат” бўлуб, уялиб бўйни букилганини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, ул иморатларни қайтадан турғузмок, қайтадан тузатмак учун тайёрланғон плонларни, исмета ва ҳисобларии билмайсиз. Сиз ўртоқлар, Чоржўй остонасида марказдан келган ва маҳалладан чиқғон масъул ходимларнинг “пайка”ларини (яъни эски массиларини) кўтариб, билим оломай, поездға ҳафталарча саргардон бўлиб юришларини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, янги Чоржўйнинг оқсоқоли, бобойларнинг оқ сочли кампирларини танимайсиз, уларнинг ҳоло ҳам бўлса янги мактабларга ва уларнинг муаллим ва муаллималарига “орқадан ғийбат” тоши ирғитишларини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, Чоржўй “туташ”ларининг “Когон”никилар билан “тақлид” (ўхшаш) майдонида қандоғ чопишқонларини, ёпишқонларини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, янги Чоржўй йигит ва қизларининг оналари олдидан “сорониёға борамиз” деб чиқиб кетиб, шаҳар боқчаси ва темир йўл боқчаларида “семичка” чақиб “собрания” қилишларини билмайсиз. Бизнинг янги Чоржўйда “собрания”лар, “сайловлар” ҳамма вақт кечаси бўладир! Шунинг учун ёш йигитларга кўб яхши ва кўб эркин. Сиз кундуз мажлисларидан сўзламангиз, унда “шу” бор, а бизга “иш” эмас, “тиш” керак. Сиз кўб нарсани билмайсиз, мен кўб нарсани биламан. Мен янги Чоржўйдағи Бухоро Жумҳуриятиға қарашлиқ бир муассасани биламанким, бутун Бухоро Жумҳуриятида мундоғ ишлик муассаса йўқдур… Унинг ака-укаси, тоғо-жиянлари ҳам бор… Уларни ҳам ёзар эдим. Ҳозир қўрқиб тураман, шошманг, бир узунроқ мандат қўлға тушурай, сўнг ёзарман-да балки. Деҳқонлар зиёфати 13 инчи июлда пахта қўмитасининг биринчи заводи олдида шаҳарга иш билан келатурған деҳқонлар учун қизил чойхона очилди. Чойхонанинг очилиш маросимига қишлоқдан деҳқон вакиллари чақирилған эдилар. Ўшал куни Тошкантдан ўртоқ Хидиралиев бошлиқ жумҳуриятимизнинг оқсоқоллари келишиб қолиб, улар ҳам зиёфатда ҳозир бўлдилар. Чой-нондан сўнг марказ деҳқонлар каперативи раиси, ўртоқ Мирза Ҳомид Хўжаев мажлисни очиб, биринчи сўзни ўртоқ Хидиралиевга берди. Ўртоқ Хидиралиев шўролар ҳукуматининг деҳқонларга қараши ва қилган ҳам қилатурған ёрдамлари тўғрисида гапирди. Сўз орасида: “Ҳукумат томонидан деҳқонларга берилатурған ёрдамни жой-жойига топширишда ораға ўзи ишламай турған деҳқонлар ва бурунғи “ками насиячилар” аралашмасун. Ҳукуматининг яхшилиғини улар ўз номларига олиб қолмасинлар”, – деб ўтди. Ундан сўнг ўртоқ Чанишев сўз олиб, деҳқонларни тамом тинч турмушқа киргизмагунча қизил қўшун курашишда давом этадир деди. Сўнгра деҳқонларнинг ўз ораларидан Мавлонқул ота туриб, ҳукуматнинг деҳқонларга қилган моддий ёрдамини, босмачиларни битириш ишида қилаётқан ҳаракатини бир-бир санаб ўтуб, “энди юрт тинчиб қолди” дейдир. Сўнгра ҳукуматдан от-мол ва пул билан яна ёрдам берилишини сўрайдир. Деҳқонлар ўзлари босмачиларни тутуб, йўқ қилишиб берурлар деб деҳқонлар номидан ваъда берадир. Мавлонқул ота шу сўзни айткандан сўнг деҳқонларга қараб “шундай эмасми?” деди. Мунга ҳамма деҳқонлар бирдан гувуллашиб “ҳа!” деб жавоб бердилар. Отанинг сўзлари олқишлар билан қарши олинадир. Ундан кегин ўртоқ Исақулов туриб пул билан ёрдам тўғрисида марказга телегром беришга, ҳозирға эса келтирилган буғдойдан насия бериб туришга ваъда қиладир. Охирда ўртоқ Мирза Ҳомид Хўжаев қизил чойхоналар ва каперациялар тўғрисида сўзлагандан сўнг мажлис ёпилиб, ошдан сўнг мусиқа товуши остида тарқаладир. Дўхтур Муҳаммаддиёр Туркистоннинг қоронғу бир гўшасида... номлик бир уэздни шаҳарда Ҳожи Аҳмад исмли 60 яшар бир камбағалгина сартарош ҳожи бор эди. Анинг хотуни чахўтка (сил) касалига мубтало бўлуб, тўқуз ой қадар хасталик тўшагида ётгандан сўнгра вафот бўлғон эди. Ул хотундан Муҳаммадиёр исминда бир ўғил туғилган эди. Ҳожи Аҳмад ўз шаҳрида «Ҳожи сартарош» деб машҳур эди. Анинг ҳожилиғининг бош сабаби 15 яшар экан вақтида отаси ила ҳажга борган эди. Отаси ҳажда вафот топкандан сўнгра «ёлғуз ўзи Миср, Истамбул, Фас-Марокаш, Булужистон, Бағдод, Эрон ва Афғонистон тарафларни ва ички Русияни ўн йил қадар саёҳат қилуб қайткан эди. Саёҳатдан қилғон фойдаси форсча, арабча, русча ва инглизча тилларда суйламакға қодир бўлди. Аммо ўзининг нодонлиги сабаб бўлуб саёҳатда кўб машаққатлар кўрганлигидан ўғли Муҳаммадиёр ўқув ёшига етар-этмас бутун куч ва қуввати ила ани ўқутурға ҳаракат қилди. Муҳаммадиёр ўн ёшига етканда ичкари Русиядан Уфа мадрасаи Олиясини битурган бир муаллим келуб қолди. Бу шаҳарда бир-икки ҳафта тургач, халқ оғзидан газет ўқийдирган ва «этмиш икки тилни биладирган» ҳожи сартарошнинг шуҳратини эшитуб, кўрушмоқ учун Ҳожи Аҳмаднинг сартарошлик дўконига келди. Муҳаммадиёр ҳам шунда ўтурган эди. Отасининг ишорати ила ўрнидан туруб камоли таъзим ила кўрушди. Ҳожи Аҳмад ила муаллим афанди узоқ сўйлашуб ўтурдилар. Сўз орасида муаллим афандига Ҳожи Аҳмад: — Меним бисотимда шул биргина ўғлим бор. Буни замона иқтизосинча ўқутмоқни хоҳлайман. Агар қабул қилсангиз шунда, бизим ҳавлимизда туруб шунга яхшигина миллий тарбия берсангиз, сўнгра ҳукумат мактабларида ўқутсам, — дейди. Муаллим бироз фикр қилуб тургач, ўқутмакни қабул қилди. Ҳожи Аҳмад дўконини ёпуб, муаллимни ҳавлисига олуб келди. Муаллимда ёш Муҳаммадиёр камоли шавқ-завқ ила ўқумакда эди ва бўш вақтларини ҳам — ўқумаган болалар каби чойхона, базм ва фаҳшхоналарда юрмай — бир рус офицерининг тахти «раёсати»да тарбияи бадани ўйинлари ижро қилмакда ва фойдали китоблар мутолааси ила ўткармакда эди. Бу тариқада бир йил ғайрат ила ўқуди. Бу муддатда бутун аҳкоми ислом, тарих ва жуғрофиёларни мукаммал билди. Бир йилдан сўнг Ҳожи Аҳмад севикли ўғлини ҳукумат мактабларига бермакчи бўлди. Оҳ... фақат пул йўқ эди! Шу пулсизлики жуда эзмакда ва бечора болани аллақанча фазл ва камолот, илм ва урфондан қуруқ ва маҳрум қўймоқда эди! Ночор муаллим афандиси ила баробар ёрдам қилмакларини ўтунмак учун шаҳар мў’табарони ҳузурларига бордилар. Баъзи бойлар муаллимнинг қиёфасини кўрган ҳамон эшигидан кирғузмасдан ҳайдамакда ва баъзилари қабул қилмакда эди, баъзи бирлари эса, Муҳаммадиёрнинг чиройликлигига қизиқуб бирмунча ойлик ила ўзига мирзалик ва маҳрамликға сўрамакда эди. Фақат бизим Ҳожи Аҳмад буларнинг қиладирган кирдикорларидан хабардор бўлгани учун севикли ўғлини бермас эди. Бечора Ҳожи Аҳмад бойлардан ёрдам умид қилмакни ташлаб, бошқа йўллар изламакда эди. Бу вақтда шаҳарда катта тўйлар бўлмакда, қиморбозлар, мастлар бир-бирларин пичоқлашуб, инсон қонлари «жаҳолат!! жаҳолат!!!» деб оқмакда эди!.. Бирдан-бир бўлган шогирдларга ёрдам жамияти ақчасизликдан тўқтаган эди! Бу орада муаллим афанди кетмоқчи бўлуб ҳозирланди. Кеч соат 9 ларда Ҳожи Аҳмад ўғли ила биргалашуб муаллим афандини кузатмак учун вагзалга чиқдилар. Кузатуб қайтуб ётканда бир жойда қиморбозлар пул талашуб мушлашмакда экан. Ҳожи Аҳмад келуб насиҳат қилуб айира бошлагандан сўнг, бириси келуб Ҳожи Аҳмадни бўғуб ўлдурди ва Муҳаммадиёрни ярадор қилди. Ҳожи Аҳмад ўлур вақтида Муҳаммадиёрга қараб: — Ўғлим!.. Мерос сен... га... ўлтурган... жой... Васиятим... ўқу... ў... қу... ўқу... ўқу... Мен... р-р-р... зомен, — деб жон таслим қилди. Муҳаммадиёр ўлдурувчиларнинг бир-иккисин тануб, ҳар нима қилуб бўлса ҳам ўч олмоқни қасд қилуб кўрди. Лекин отасини ўлдурувчилар булар бўлмай, балки жаҳолат эканлигини ўйлаб тинчгина отасини кўмди. Ва ўзи жаҳолат ила чиндан олишмоқга қарор қилди. Жаҳолат ила олишмоқнинг қуроли, асбобини эса отаси айтуб кеткан эди. Ya’ни, жаҳолатга қаршу тўп, милтиқ, топонча, ханжар, ўқ-дору ёлғуз — ўқув, ўқув, ўқув эди!!! Бир тарафдан отасининг ваҳшиёна бир суратда ўлдирилғонлигини ва бир тарафдан илм ва маърифат ила дунёга ном чиқарғон ватани Туркистоннинг жаҳолат дарёсида севина-севина сузганини кўрган Муҳаммадиёр хафачиликдан сил(чахўтка) касалига йўлуқди. Тамом сил бўлуб етмаса ҳам, силлик асари юзинда зоҳир бўла бошлади. Бу орада шаҳарда бир катта ўт чиқуб, мусулмон маҳаллалариндан 6-7 маҳалла куюб, мусулмонлар соҳиблари кўчаларда оч-яланғоч қолдилар. Ўртада бир армани мағазини куйган бўлса ҳам, армани мағазинини истрахавайт этдирилганликдан зарар оз эди. Оҳ... бизнинг мусулмонлар-чи? Бизнинг мусулмонлар истрахавайтнинг нималигин билмайдурлар эди. Билганлари ҳаром, деб қилдирмаган эдилар... Бу ҳолларни кўрганда одам қандоғ чидаб туролсун? Қайси виждон бунга таҳмил қилсун? Бечора Муҳаммадиёр бу ҳолларни кўруб касали яна зиёдаланмакка бошлади. Шаҳарнинг янги шаҳар қисмида «Ибрат» номли театруда «Ичкулик ва анинг ваҳим натижалари» ном ибратли бир картина кўрсатилур эди. Ҳар қанча ҳолини билса ҳам чидай олмади. Бу бадбахт ичкулик натижасини кўрмак учун ошиқуб кечни кутди... Ниҳоят, оқшом намозидан сўнгра пиёда «Ибрат» театрига қараб юрди. Театр ичкарисинда «Ичкилик ва анинг ваҳим натижалари»ни кўрсатуб ярмига етканда, театру боғида бир топонча овози чиқди... Картина тўқталиб, ҳамма халқ ташқарига югурди. Бечора ҳолсиз Муҳаммадиёр ҳам халқ орасида ташқарига чиқмоқда эди. Чиқди. Қайси кўз билан кўрсун!.. Шаҳарнинг мусулмон бойлариндан иккисининг ўғли театру боғчасида маст ҳолда қарта ўйнаб ўлтуруб озгина пулни талашуб туруб бириси топончасин чиқаруб бирисига отуб юборган. Отувчини ушлаб, мажруҳни хастахонага юборсалар ҳам, мажруҳ йўлда жон берган. Отувчи ҳам театру боғчасида бу ҳолга ҳайрон бўлуб ўз-ўзин отган... Икки мусулмон жаҳолат сабабли ёш-ёш бу дунёга видо қилдилар. «Ичкиликнинг ваҳим натижалари» ҳақиқат бўлуб кўрилди... Бу ҳолларни кўрган Муҳаммадиёр ҳам ҳушсизликдан йиқилди. Муҳаммадиёрни политса шаҳар хастахонасига олуб борди... Муҳаммадиёрнинг отаси йўқ, онаси йўқ, қавм-қариндоши йўқ... ким келуб ҳолидан хабар олар?! Оҳ, ёлғузлик... оҳ, етимлик... Оҳ, бунларга сабаб бўлғон жаҳолат... Кет! Йўқол!.. Ўл!.. Бир ой қадар шаҳар хастахонасида даволангандан сўнгра Муҳаммадиёр яхши бўлган эрди. Хастахонадан чиққан вақтда дўхтурлар даволанмоқ учун Қофқозияғача борарға ҳам шул тарафларда туруб ўқурға тавсия қилдилар. Муҳаммадиёр пули йўқлигини куч ҳол билан дўхтурларға баён қилди... Дўхтурлар бироз мушоварадан сўнг Муҳаммадиёрга бир хат бердиларки, бу хат билан бутун Қофқозия хастахоналаринда боруб даволануб ётса ҳам бир тийин ҳақ олинмас эди... Муҳаммадиёр хастахонадан чиқуб ҳавлисига келди... Ҳавлисида ҳеч ким йўқ: на ота бор, на она бор... не қўрқинч манзара!.. Ҳавлини 6 ойга бир русга 225 сўмға ижарага қўюб, кеч соат 7 да истансаға қараб юрувди, келса, пўезд кетган... Эрта билан соат 9 даги пўездга қолди... Маҳзун ҳолда яна уйға қайтуб, ўз хонасидаги русда бир кечалик меҳмон бўлди... Эрта билан соат 8 да истансаға чиқуб, пўездни кутуб турди. Ниҳоят, XX аср маданияти келди аждар каби пишиллаб, ҳар тарафга сув чочуб... Муҳаммадиёрни ватанидан айирмоқчи эди. Истансада бир ғариб манзара эдики, Муҳаммадиёрнинг кўнглини бузмоққа бошлади: бир мусулмон хуржун йўқотган! Бири боратурғон истансасин номини билмай, бошқа истансаға билет олуб қўйғон... ва шунга ўхшаш даҳшатли манзаралар олдида Муҳаммадиёр қотуб қолди. Ниҳоят, иккинчи зуванўк урилганда, чиқуб учинчи класдан жой топуб ўлтурди. Ҳалиги қўрқинч манзаралар бунда андин ҳам зиёда ҳукм сурмоқда эди: бир мусулмон бириси билан урушуб бурни қонағон, бир мусулмонни пўезд маъмурлари тутуб олуб урадирлар... Муҳаммадиёр чидаёлмади. Пўезднинг ташқарисиға чиқуб тикка туруб истансани томоша қила бошлади. Бир армани Қофқознинг қоронғу гўшалариндан келуб, истансада дўкон очуб, бой бўлуб икки ўғлини ҳукумат мактабларида тарбия қилмакда... Ва ерли мусулмонлар эса топкан пулларин тўйға, жанозаға сарф қилуб фақирликда, хорликда қолмоқда эдилар. Яна кўнгли бузулди, яна диққатлик, оҳ... Ўйға ботди. Бир вақт учунчи зуванўк ҳам урулди. XX асрнинг отсиз аробаси юраман деб бир қичқируб, илгарига қараб ҳаракат қила бошлади... Ya’ни Муҳаммадиёр муқаддас ватанидан ажраб ёт элларға боруб, ёт бир маишатға қараб юрар эди. Учинчи (клас — ред.) пўезднинг ичига кируб бироз ул тараф-бул тарафға айлануб юрди. Боши тамом Туркистон ҳақинда фикрлар, ўйлар ила тўлган эди... Бироздан бир овоз келди: — Мухамед’-яр’! Қаради. Ўзига тарбияи бадания таълим берган рус офицери Пётр эди. Муҳаммадиёр боруб кўрушди ва офицерга: — Қайға борасиз? — деди. Офицер: — Мен бир аскарий иш билан иккинчи истансаға тушаман. Сиз қайда борасиз? — деб савол қилди. Муҳаммадиёр бироз ўйлаб тургандан сўнг: — Ғурбатга! — Нима учун? — Ўқумак... ўқумак... ўқумак учун, — деди. Муҳаммадиёрга «Отангиз саломатми?» деб офицер бир савол беришиға қаршу, у кўзларидан ёш оқизуб: — Ўлди... — деб жавоб берди. Бу сўзни эшитгач офицер ҳам кўзларидан марҳаматли ёшларини оқузди. Муҳаммадиёр офицердан бир дурбин сўраб олуб балқўнға чиқди. Ватаннинг тупроғи устина сувларин чочуб, атрофларда ўтурган ерли мусулмонларнинг диққатин жалб қилуб юрмакда эди. Муҳаммадиёр дурбин ила узоқдаги тоғларга қараб туруб, кўз ёшларини оқузуб тоғларга ва ўзининг орқасида қолғон ватанига хитоб қилуб: — Эй, Чингиз ва Темур аскарларини кўрган қоп-қора тоғлар! Эй, ватаним Туркистоннинг эски даврини кўрган тоғ боболар! Чин айтинг! Бу йигирманчи аср маданиятини ҳам кўруб турубсиз! Ўн кунлик йўлни ўн соат қилғон бу йигирманчи аср маданиятининг айғирини кўруб ватандошларим нимага оғизларин очуб қоладилар? Нимага бу маданиятга кирмакка ўзлари ҳаракат қилмайдилар? Қачонгача икки ғилдиракли, кўчаларда сиғмайдирган аробалар? Эй, ватандошларим! Қачонғача бу ғафлат? Нимага бунча хушёқмассизлар? Ахир сизлар ҳам одам-ку! Одамлардек ҳаракат қилингизлар! Кўз олдингизга келуб турғон илм ва маърифат мевасидан фойдаланмасдан нимага оғизларингизни очуб қараб турасизлар? Нимага бу ишларга киришмайсизлар? Уйқудан кўз очинглар! Уйқудан кўз очинглар! Уринунглар! Илм, маърифат ва ҳунар изланглар! Вақт етди, балки ўтди! — дер эди. Кеч соат 7 да офицер ила Муҳаммадиёр видолашди ва ўзининг жойига кируб уйқуга кетди. Бир неча кундан сўнгра Муҳаммадиёр ўзини Бокунинг катта истансасида кўрди. Қўлида тугун ва бошқа нарсалари бўлмаганлигидан тезлик ила пўезддан тушуб, бир аробаға ўлтуруб шаҳар ичига қараб юрди. Мусулмон милиўнерлари, мусулмон бойлари, неча турли жамиятлари, бойларнинг хайрият йўлига милиўнлаб ионалари ила машҳур Боку шаҳри Муҳаммадиёрға ажиб туюлур эди. Бокунинг биринчи газиталаридан бўлғон ва бутун ислом шаҳарларига кетадирган кундалик (ўн саҳифа) «Қофқоз» номли газита идорасига кирди. Мудири ила кўришди. Мудирга ҳамма аҳволни очиқ тушундирди, у чорасига киришурман, деб жавоб берди. Муҳаммадиёр шаҳарни кезмак учун идорадан чиқди. Кеч бир милиўнер тарафидан шарқ усули меъморийсида бино қилинғон «Баҳри Ҳазар» номли нўмирда қўнди. Эрта бирлан машҳур бир китобхонадан бир нўмир «Қофқоз» газитасин олди. Бош тарафида шул эълонни кўрди: Эҳтиром ила жамият мудири... Кеч соат етти яримда бироз аъзолар маслаҳат қилғонларидан кейин Муҳаммадиёрни олий таҳсилигача жамият ўз ҳисобига ўқутмоқға қарор берди. Ўқушни тамом қилғондан кейин икки йилғача Боку ва атроф қишлоқларда лексия ўқумак шарт қилинди. Эмди Муҳаммадиёр бахтиёр ўлмиш ва бахт қушини қўлига қўндирмиш эди. Бунча торткан машаққатларининг мевасин бундан кейин еяжак эди. Ватан ва миллатина моли ва жони ила хизмат қилажак эди... Ўз ватанидан ва ўз ватандошларидан ёрдам кўрмаган Муҳаммадиёр Боку ёшларининг ҳимматлари ила умидига етушди. Ya’ни, шаҳар мактабига дохил ўлди. Демак, энг муқаддас амалига етди. Энди оз бўлса ҳам ўзини хор қилғон ватан ва ватандошлариға хизмат қилажак эди. Муҳаммадиёр қайда бўлса ҳам ўз ватанини, ўз юртини ва ўз жойини тушунар ва йиғлар эди. Бир кун кеч, аср вақтида шаҳар боғчасига кируб, искамияда ўлтуруб газита кўрар эди... бир ерига кўзи тушди. Кўрдики: Ўқуб битирди-да, шодлиғидан қайда ўтурганини унутуб сакрарга бошлади... Шул вақтда ёнига Боку ёш муҳаррирлариндан бир дўсти келуб ўлтирди. Муҳаммадиёрнинг сакраганини кўруб ҳайрон бўлди, этагиндан тортуб искамияга ўлтурғузуб: — Муҳаммадиёр афанди! Нима бор бу қадар севинч? — деди. Муҳаммадиёр ёлғуз: — Туркистонда биринчи м...м...м...м...артаба тиа...т...т...т...тр, — деди-да, фикрға толди. Бокули муҳаррир бироз ўтуруб, туруб кетди. Муҳаммадиёр бир вақтда туруб қараса, кеч соат 12 бўлубдур. Боғчада ҳеч ким қолмоғон. Муҳаммадиёр туруб боғчадан чиқди. Имтиҳон вақти яқин бўлдиғидан Муҳаммадиёр кеча ва кундуз ҳаракат билан чалишмакда эди. Ниҳоят, имтиҳон бўлуб ўтди. Муҳаммадиёр биринчи бўлуб ўтди. Муҳаммадиёр биринчи бўлуб имтиҳон беруб чиқди. Муҳаммадиёр кеча-кундуз тинмай ҳаракат қилғонликдан енгил бир хасталик арз бўла бошлади. Табиблар тавсияси ила Боржўм сувларига боруб бир ой қадар даволануб, тузалуб қайтди. Яна шул Боку жамияти хайриясининг ёрдами ила Муҳаммадиёр Боку гимназиясига кирди. Муҳаммадиёр гимназияға киргандан кейин гимназия дарслариға шул қадар муҳаббат қўйдики, байрам кунларида ҳам чиқмас эди. Соат ўтди, кун ўтди, йил ўтди... Муҳаммадиёрнинг гимназиядан ҳам чиқар вақти етди. Ниҳоят, имтиҳон ҳам бўлуб ўтди. Гимназия имтиҳонида ҳам Муҳаммадиёр биринчи чиқуб олтун медаль олди. Яна Жамияти хайрия ёрдами ва Боку бойларининг ҳимматлари ила Петрўғрад дорилфунунининг тиб шў’басига кирди. Муҳаммадиёр дорилфунунға киргандан сўнг иккинчи йили ватани Туркистоннинг мадраса шогирдлари ҳаётиндан олуб «Умрлик шогирдлар»1 номли бир рўмон ёзди. Рўмони 12 жуз’ бўлуб, Туркистонда ҳануз мундоғ миллий маишатдан олинган катта рўмон чиқмағон эди. Ҳаттоки бу рўмон Петрўғрадда мунташир рус журналларидан бирисида русча таржима этулуб босилди. Бу рўмон шундай моҳирона ёзилғон эдики, мадрасада қирқ-эллик йил турганда ҳам мундоғ яхши ва шогирдларнинг мадрасада ўқумай самоварларда давр сурғонликларини ёзмоқ мумкин эмас эди. Дорилфунунни тамом қилуб чиқишиға бир йил қолғонда пойтахт, чунончи, Маскав ва Петрўғраддағи туркистонли маскавчи бойлар ҳаётидан олуб «Пойтахт меҳмонлари» номли бир театру китоби ёзди. Бу китобда илмсиз бойларнинг пойтахт нўмирларинда тил билмай, илм билмай ва ажнабийлар тарафиндан ўзлариға қилинғон ҳақоратлар ғоят моҳирона суратда кўрсатилмиш эди. Бу китобни ҳам Муҳаммадиёр ўзи русча таржима қилуб нашр қилди. Петрўғрад театрулариндан бирисида баъзи бир истудент рафиқлари ила ўзининг маишатини таъмин қилмоқ учун саҳнага қўюб, китобда энг биринчи бўлғон хўжайин рўлини Муҳаммадиёр ўзи олуб, кўб олқишларға музоҳир бўлди. Бир театрдан расхўддан ташқари ўз маишатиға соф фойда бўлуб 3000 сўм қадар қолди... Ниҳоят, имтиҳон вақти етуб, Петрўғрад дорилфунунининг тиб шуъбасидан биринчи бўлуб имтиҳон беруб, дўқтурликка шаҳодатнома олди... Яна ватаниға қайтмади. Бокудаги ҳимматли бой ва ўзининг театрдан олдиғи пуллари ила бу туркистонли шогирд Швейтсария (Исвейчара) дорилфунунлариға тажриба учун югурди. Петрўғрад вағзалинда кечки пўезддан бутун мактаб орқадошлари Муҳаммадиёрни узатмақдалар эди. Бир туркистонли камбағал бола ҳаракат ва ғайрат орқасинда Русия улуғ мактабларин битируб Оврупонинг энг олға кетган мамлакатларидан Исвейчараға ўқумоққа кетадур... Мана ғайрат самараси, мана ғайрат меваси, мана ҳаракат гуллари... ибрат... ибрат... ибрат... Мана «Жамияти хайрия» фойдаси, мана иттифоқлик самараси, мана бирлик меваси... Бизнинг Туркистон боласи ниҳоят «маданият йўрғаси» ила Исвейчаранинг пойтахтиға боруб дорилфунуннинг тиб шў’басина соме’ ёзилди. Бечора шогирд 7 сана Исвейчарада очлик ва тўқлик билан сабр ва сабот ила турди. Ниҳоят, Исвейчарадан ҳам қайтарға йўлға чиқуб Италиё — Туркия — Румониё— Булғориё тупроқлари ила айлануб Одесга, Одесдан тўғри Тошканд ва Тошканддан Бокуға келди. Боку вағзалинда бутун Боку ёш зиёлилари Муҳаммадиёрни қарши олуб ўзининг маънавий отасиникиға олуб тушушуб, Муҳаммадиёрнинг шарафина 50-60 кишилик бир зиёфат беришдилар. Муҳаммадиёр Бокуда очилғон Ислом тиб қурсинда 3 йил муаллимлик қилуб, ўз ватани Туркистонга қайтмоқчи бўлди. У андаги маънавий отасиндан рухсат олуб, жаҳолат дарёсинда севина-севина сузмакда бўлган ватани Туркистонга қайтуб, қўлдан келган қадар хизмат қилмоққа маслаҳат сўради. Маънавий ота рухсат беруб, кечки парахўд искаласида Боку ёш зиёлилари узатмоқдалар эди. Маънавий ота устиға «Боку ёдгори» ёзилғон бир олтун соатни Муҳаммадиёрга беруб, андағи зиёлиларға қараб бир қисқа нутқ ўқушини Муҳаммадиёрдан тилади. Муҳаммадиёр парахўд устидан туруб зиёли ёшларға хитоб қилуб, қисқача бир нутқ ўқуди. Ҳозирдан Муҳаммадиёрни чучук овозлари ила олқишлаб, чечаклар ирғитмоққа бошладилар. Ниҳоят, парахўд ҳуштак беруб, денгиз сувларини тўлғаландируб Туркистонға қараб юрди... Муҳаммадиёрнинг парахўд устида зиёлиларға хитобан ўқуган нутқи: — Эй, маънавий акаларим! Эй, маънавий оталарим!.. Мен бир фақир шогирд эдим, кенг Туркистоннинг энг қоронғу гўшасиндан илм ва маърифат истаб шаҳрингизға келдим. Сиз ҳимматлуларнинг ҳиммати миллатпарвароналарингиз ила таҳсилимни Русия дорилфунунларидан ўтуб, Оврупо дорилфунунлариға қадар еткуздим. Ишта бу ҳаммаси «Жамияти хайрия» ва «Нашри маориф» жамиятларининг самарасидур. Мен ҳам ватанимга бордигим ила қўлларимни шуморуб жаҳолатда қолган қардошларингизни уйғотмоқ ва турғузмоққа ғайрат қиламен. Маънавий шаҳрим бўлган Боку ва маънавий ака ва оталарим бўлган сизларға самимий ташаккурларимни арз эдуб, у жаҳолат дарёсининг аждар ва балиқлари бўлган биз туркистонлиларнинг уйғонмоқимиз ва йўл топмоқимизға ёрдамлашмагингизни ҳаммаларингиздан рижо этаман. — Сўзи шул ерга келганда, парахўд секин-секин қўзғалмоқда эди. — Хайр яшангиз, соғ ўлунгиз оталарим, акаларим ва суюклу оғаларим! — деб нутқини битирди. «Маданият балиғи» сувни ўртасиндан ёруб бир доҳийни ва бир ходимни ватаниға судраб олуб кетар эди. Ниҳоят, латиф ҳаволи баҳор фаслида дарахтлар чиқарғон барглар каби кўм-кўк, миллат дардида ё бирорта нозанининг ишқида ва ё бирорта хонимнинг чангалида эзилуб юраклари қизил гул каби тўлганларга энг биринчи тасалли берадирган ва онларға буюк руҳ ва умид берадирган тўлқунли денгиздан ваҳший (ёввойи) одам деган бир нарса яшаган ер юзиға чиқди. «Маданият йўрғаси»ға минди. Қани ҳалиги юмшоқ латиф ҳаволи денгизлар ва сувлар? Қани ҳалиги денгиз сувларин тўлқунлатуб юрадурғон шамоллар? Қани 3 — 4 йил аввал Исвейчарада, Францияда, Италиёда, хусусан, Алп тоғларида кўрилган латифликлар? Қани Алп тоғлари устида ишлаб топган пулиға ва дунёсига тўй қилмай, улоқ чопдирмай, бачча ўйнатмай, эшон-муллаларға ва қорни йўғонларға ялтираган тўнлар кийгузмай суюклу ўғлини ўқутган ва тарбия қилган Исвейчара қишлоқилари? Қани 7-8 қабатлик зийнатлик тоғлар қадар хоналар? Ҳозир онлар йўқ! Они ўрниға пастгина хашак ва лойдан ясалган бинолар ва онларда сафил бир ҳолда яшаган мусулмонлар! Топганин бачча, улоқ ва ичкулукка ҳам домла-эшон ва бойларга шалдиратуб тўн ва зарбоблар берган, бойлар қўлинда қул ҳукмида бўлуб юрган ўзбеклар, қозоқлар, туркманлар ва ҳаммаси мусулмонлар... Оҳ... Оҳ!.. Бу разолат ва бу сафолатни ўз миллатида, ўз халқида кўруб, тараққий ва тамаддунларни кўрмак, кўбни билган, кўбни кўрган ва ҳамма нарсадан хабардор Муҳаммадиёрға ғоят оғир туюлур эди... Баъзи вақтларда кўзиндан ёшлар оқар эди. Онинг устига вағўн ичинда пиш-пиш ухлаган ва билет йўқотуб кандўктурлардан таёқ еган бетартиб яна мусулмонлар эди. Ортуқ Муҳаммадиёр сабр қилуб тура олмади. Пўезднинг балқўниға чиқуб узоқларда кўрунган ҳайбатлик қоп-қора ва устларига кўм-кўк майсалар ўсуб чиққон тарихий тоғлар, ота-боболарининг даврларинда онларга буюк-буюк қалъалик ҳукмини олган тоғлар, тепаликлар, баландликлар, сувлар, ўрмонлар, daraxtzorlar ва қумзорларни ялтираган кўзлари ила томоша қила бошлади. Чиройлик манзаралари — узоқ-узоқ, буюк-буюк, яшил-яшил ва баланд-баланд тоғлари Исвейчарадан кам эмас эди. Наҳр-наҳр оқуб турғон сувлари ва нима экса шуни олса бўладурғон маҳсулдор тупроқлари ила Амриқодан ҳеч камлиги йўқ эди. Илмсиз бойлари, жоҳил олимлари, ёлғон эшонлари ва исрофнинг кони бўлуви ила ҳеч бир нарсаға ўхшамас эди... Хитойлар ҳам бу даража ялқов(хушёқмас) эмас эдилар!.. «Халқ ўз фойдасин англаса, миллий мактаб ва мадрасалар очса, Оврупо дорилфунунлариға болаларин юборса, дўқтур, адвокат, муҳаррир ва ҳунарманд, савдогарлар ва муҳандис (инженер)лар чиқса, бунларнинг ҳар бири ўз вазифаларинда туруб ишларин тартиби ила юргузсалар ва халқимизнинг фойдасини кузатсалар, нақадар олий ва нақадар гўзал бўлур эди!» деган хаёллар кўнглига келур эди. Фақат бунларни бўлишиға кўзи етмас эди. Чунки борган сари орқага қараб кетмакдамиз... тараққий асари ҳеч кўрулмасдан бир тараққийға минг таданний тайёр турадир. Йўқ, йўқ! Фақат Муҳаммадиёрга ўхшаган зиёлилардан ҳар шаҳарда бир-икки чиқа бошласа, вужудга чиқар эди, деярга ҳам бўлур эди... Муҳаммадиёрнинг ўз шаҳриға келгунча хўб шу фикрлар ила боши айланди... Ўз шаҳрининг истансаси кўруна бошлади. Ниҳоят, истансаға ҳам келуб тушди. Юруб-юруб яна ўз ватани ва ўз жойига келди. Муҳаммадиёр кетгандан бери ўз шаҳридан ҳам 5-10 зиёли ёшлар етушган эдилар. Муҳаммадиёрни онлар кутуб олдилар. Аробаға ўлтурғузуб эски шаҳарга тўғри юра бошладилар. Шаҳарнинг руслар турадирган қисминда ажиб даражада ўзгаришлар: янги-янги нўмирлар, боғлар, боғчалар, магазинлар, тиатрулар, мактаблар, «Метрўпўл», «Роси», «Русия», «Масква» нўмирлари, йўллар тош, кўчалар кенг, электрик фонарлар Исвейчарага ўхшар эди!.. Фақат шаҳарнинг мусулмонлар турадурган қисми аввал қандай бўлса, яна шундай эрди! Яна хафалик. Муҳаммадиёр ўз ҳавлисининг олдига келуб тушди. Ҳовлисининг иморатларини Оврупо усулида солинган кўрди. Ул иморатларни солувчи у 125 сўмға 4 ойға Муҳаммадиёрдан ижарага олувчи рус экан. Кируб Муҳаммадиёр русга ўзин танитди. Рус Муҳаммадиёрға қараб: — Сиздан мен муни ижарага 4 ойға олдим. Олти ой ўтди — ҳеч ким чиқмади, бир йил ўтди — ҳеч ким чиқмади. Учинчи йилда мен ушбу иморатни солдим. 5-10 минг сўм кетди. Фақат бундан уч йил аввал сарф қилган пулимни иморатингиздан чиқаруб олдим. Уч йилдан берли уч минг сўмдан 9 минг сўм фойда қилдум. Жойингизни тезлик ила бўшатуб бераман, ҳам қўлингизға 5 минг сўм пул бераман, қолганини афу этасиз, — деди. Муҳаммадиёр: — Агарда жойингиз бўлмаса ўтуруб турунг. Менга ёлғуз шул жойдан икки адад хона берсангиз бўлур, — деса ҳам, рус: — Меним бошқа яхши катта жойим бор, шунга кўчаман. Мен сизга 9 минг сўм қилган фойдамни берсам ҳам бўлур эди, аммо 4 минг сўм орада баъзи ислоҳларига кетди, — деди. Муҳаммадиёр суюна-суюна ризо бўлди. Эртаси куни рус ҳовлисини бўшатуб, 5 минг сўм беруб кетди. Муҳаммадиёр кенг жойда роҳат-роҳат тура бошлади. Остидаги магазинларни яна ижарага қўюб, ҳукуматнинг рухсати ила юқори хонада бир хусусий шифохона очди. Бойлардан олуб, ҳеч нарсаси йўқ фақирларни пулсиз даволай бошлади. Ҳар куни 40-50 сўм дўқтурликдан ҳусули бор эди. Қишлоқнинг бир еридан икки таноб келадирган бир боғча олган эди. Муҳаммадиёрнинг ғайрати ҳам худо берган бахти ила нефть (ёқиладирган ёғ) кони чиқди. Ҳозир Муҳаммадиёрға милиўнлар ила иш кўрурга тўғри келур эди. Бир тарафдан ўз ишларини йўлға қўюб, иккинчи тарафдан ёниға 5 — 10 миқдори зиёлилардан олуб рухсатли «Жамияти хайрия» очди. «Жамияти хайрия»га ўзи кўб оқча берди. Шаҳарда бир мусулмон қиротхонаси очилди. Учинчи йили Муҳаммадиёр ҳафталик «Ватан» исмли бир расмли журнал ила «Хабар» исмли кундалик бир газита нашр этарга бошлади. Муҳаммадиёр бир ҳунар мактаби очарға ташаббуслар қилса ҳам, кўб монелар чиқуб они ўрниға ёзлик муаллимлар қурси очилуб, ёз вақтида муаллимларга ҳар хил таълим йўллари, тарбия усуллари ҳақинда ўқутмоқлар ва лексиялар бошланди. Шундоғ қилуб кичкина бир шаҳарда маорифхоналари кўпаймоқда ва бошқа шаҳарларга ўрнак бўлмакда эди. Бутун турк-тотор жаридаларинда Муҳаммадиёрни исми «дўқтур ходими миллат Муҳаммадиёр» аталмакда эди... Эгасиз патталар Рўйхат вақтида ери кўп бойлар тарафидан катта хиёнатлар бўлған. Улар ўз ерларини бошқаларнинг отлариға ёздирғанлар. Рўйхатчилар ҳам суруштурмасдан ёзаберганлар. Ғаллани ундирар вақтда ҳалиги одамларнинг ё ўз исми ё отасининг исми тўғри келмаган ва ҳатто бу тугул ўзи йўқ одамларнинг ҳам номлариға солиқ паттаси келиб чиққан. Мундоқ эгасиз патталар бўлус ижроқўмларида кўбдур. Сўнг вақтда мана бу майда пул қаҳатлиғи солиқ йиғиш ишини яна оқсатди. Маҳаллий молия шўъбаси у хусусда тегишлик жойларға мурожаат қилған, буни ўзи айтиб турубдур. Майда пул қаҳатлиғи ҳали ҳам бартараф қилинғани йўқ. Қишлоқ одамлари эмас, шаҳар одамлари ҳам бу тўғрида кўб қийинлиқ кўрмакдалар. Электрик истансаси Бу чоққача музофот иқтисод шўроси қарамоғида бўлған шаҳар Электрик истансаси, яқинда маҳаллий ижроқўм қўлиға ўтди. Истансанинг ортиқ-камини тўлдуруб, ишларини яхши йўлға қўйиш учун ижроқўм томонидан кераклик чоралари кўрулмакдадур. Электриклаштириш Ўшда сув кучи билан ишлай турған бир электирик истансияси бор. 500 от қуватини бературған бу истансия мундан 10 йиллар илгари сир ҳаракат бир ширкат тарафидан солдирилған эди. Сувни – Ўш сойидан оладур ва бу кунда ҳам Ўш шаҳрини электрик ёруғи билан ёрутуб турадур. Ҳозир шу истансияни қишлоқ хўжалиғи банкасига узоғроқ муддат билан ижарага бериш хусусида Ўш ижроқўми билан банка вакили орасида гаплашиш бўлаётибдур. Банка 30 йилга деб сўраған, ижроқўм озроқ бўлсун дейдур. Ижроқўмнинг қўйғанининг катта шарти шу истансияни аъзамли даражасида кенгайтмакдур. Ўшдан 12 чақирим нарида бир танги (ушеле) бор. Агарда истансияни шу ерда кўчуруб қурғанда 35 000 от қуватини бературған бир мошинадан фойдаланмоқ мумкундур. У ҳолда биргина Ўш уезини эмас, Фарғонанинг бошқа шаҳарларини ҳам электириклашдирмак мумкин бўладур. Ўш ижроқўмининг қўйған шартларидан бири ҳам шулдир. Гаплашиш тугаб, бир қарорға келсалар, у ҳолда бу иш тўғрисида муфассал маълумот олғумдур. Энди янглишмайлиқ (Округ ижроқўми эътибориға) Самарқанд пойтахт бўлғанидан бери дев одимлари билан ўсмакда. Айниқса, бино солиш ишлари жуда қизғин кетаётибдир. Шаҳарга шарқ тарзи меъморийсида чиройли-чиройли бир неча бино тушди. Яна бир нечаси тушиб турибдир. Янги бинолардан бири – эски шаҳардаги кино биносидир. Унинг жойи чинакам муосир бир кино биноси бўлди. Эски шаҳар халқининг бир неча йилги кино эҳтиёжини у бино қоплай олади. Албатта, у бино эски таъбиримизча, 16 чақа билан биткан бинолардан эмасдир. Унга бир неча минг сўм сарф қилинди, қанча меҳнат тўкилди, лекин бинони қилған ва кўбрак қилдирғанлар бир нарсани унутдилар. У эса, у бинони ҳам кино, ҳам театрга яратмоқ масъаласи эди. Бизнинг мамлакатларда ёз фасли жуда узун бўлғучи эди; куз билан баҳорнинг анча вақтлари халққа очиқ ҳавода тафарруж қилмоқ имконини берар эди. Муни шу мамлакатда бир оз яшаған ҳар ким билса керак эди, шу ерда туғилғанларни қўяберинг энди! Ёлғиз, нима бўлибдирки, шу жиҳатни бино солдирғувчилар англамабдирлар. Халқнинг кинога бўлған эҳтиёжи уларнинг кўзларига филдай бўлиб кўринибдир-да, театрга бўлған эҳтиёжи қилдай ҳам кўринмайдир. Йўқса, у жойни ёз фасллари учун эски шаҳарда бирдан-бир кино ва ҳам театр жойи қилған бўлар эдилар. Мунинг учун дунёни пули ҳам кетмас эди. Бир минг – ярим минг ортиқроқ сарф қилинса, саҳнаси кенгаяр, шу билан эски шаҳар санъатнинг бошқа бир бўлагида ҳам қозонған бўлар эди. Энди, эски шаҳар халқининг театрга бўлған эҳтиёжи аниқ билинган вақтда, ё янги ёзлиқ театр биноси солишға тўғри келади, ёки ҳалиги “кино – товуқ катаги”ни бузуб кенгайтиришга мажбур бўлинади. Ўткан йил агар янглишмасам, май ойларида шу бино солина бошланған эди. Ўша вақтларда эски шаҳарда кино “биламан”и бўлиб юрган бир бола (кино жарчиси) эски шаҳарда солинғуси янги бинолар тўғрисида ўртоқ Маъруф Расулий билан сўзлашмак учун сиёсий маориф марказ идорасиға бир-икки дафъа келган эди. Ўшанда кино биносидағи саҳнанинг бир оз кенгайтирилиб солиниши лозимлиғини мен қайтиб-қайтиб айтдим. У бола ўзини шу ишларга жуда уста деб тушунганиданми билмадим, бир неча оғиз ўрисча сўз аралашдириб… гапни бошқа ёқларға бурди ва натижада шунча пул сарф қилинғани ҳолда қуруқ кино биносиға эга бўлиб қолинди, кулли бир фойда қўлдан чиқди… Энди, яқинда Самарқандга 1000 кишилик театр биноси солмоқ учун муҳандислар орасида плон мусобақаси эълон қилинди. Албатта, бутун иттифоқ доирасида бўлған бу ишга театр муҳандислари ҳам аралашар, театрнинг ўзига мувофиқ план тайёрланар. Шундай бўлса ҳам келгусида бўлмоғи эҳтимол янглишлардан сақланмоқ учун, округ ижроқўми ва бошқа алоқадор идораларнинг ишларига мана бу нарсани ҳозирдан тушириб ўтмакчи бўламан: Бизнинг Ўзбекистонда зотан дуруст бир театр биноси йўқ эди. Тошкентнинг донгли “Колизей”си от ўюн учун солинған, у театрга ярамайди. Инқилобдан сўнг эски Бухоро билан эски Тошкентга биттадан иккита яхши бино тушди: улар чинакам театрга атаб солинғанлар, лекин у икки бино ҳам театр муҳандислари маслаҳатидан ташқари солинғани учун бузуқ солинғанлар. Тошкентдагининг саҳнасини жуда ярамас қилғанлар, Бухородағининг тағин катта камчиликлари бор. Ҳолбуки, театр биносининг энг муҳим жойи саҳнадир; золни яхшилаб, кенг қилиб, “минг кишилик” деб ҳовлиққанимиз билан саҳнамиз ярамас бўлса, тор бўлса, ноқулай бўлса, у бино театр биноси бўлолмайдир. Мусобақанинг плонлари келганда шу жиҳатни эсда тутиб, чинакам ҳар томони мукаммал бир театр биноси солдиришға ҳаракат қилмоқ керак. Бу учун театр муаллимлари ва театр аҳлларининг бино солиш ишларига яқиндан аралашмоқлари лозим. Шуни Самарқанд округ ижроқўмиға эслатиб ўтаман. Энг муҳим бир вазифамиз “Зарафшон” рафиқимизда ўртоқ Исмоилзода “Унутилған бир вазифа” сарлавҳаси билан бир бош мақола ёзиб, хотун-қизларимиз борасида маориф тарқатиш масаласидан жиддий суратда баҳс этадир. Бизда мактаб, ўқуш ўқутиш ва билимлик бўлуш масаласи жуда жиддий ҳаракатлар билан йўлға қўюла бошлаған чоқда, шу билимдан халқнинг эркак-хотунини баб баробар фойдалантириш ҳақиқатан муҳим ва муҳимлиги унутилған бир масаладир. Дуруст, ўртоқ Исмоилзода айтганидек, “Кейинги вақтларда газета бетларида мактаб ва маорифга доир бир кўб сўзлар ва ишлар ёзилиб ўтди. Бунинг натижасида бир кўб ишлар ҳам қилиндиким,бунга бир чин кўнглимиздан ташаккур ва тахсин этишдан бошқа бир нарса айта олмаймиз”. Фақат, бу ҳаракатларнинг натижасида ишланган ишлар бир томонлиқ бўлуб қолди. Ya’ни: “Бу қилинған ҳаракат ва фаолият фақатгина ижтимоиятимизнинг бир синфи бўлған эрлар синфи учунгина махсус бўлуб қолди. Ижтимоиятнинг энг нозик бир ери ва балки асос бўлған хотун қизларнинг аҳволи ҳеч бир эътиборға олинмади”. Бу тўғри. “Туркистон”»да Тошкентдаги мактаб имтиҳонлари тўғрисида бир кичкина мақола ёзилиб, имтиҳонлар натижасида қиз мактабларимизнинг ғайри оддий (не нормално) давом этканликлари айтилиб ўткан эди. Сон жиҳатидан ҳам зотан жуда оз бўлған қиз мактабларимизнинг яна бунинг устига ғайри оддий давом этишлари умумий маорифимиз учун катта камчиликдир. Бунинг олдини тўқтовсиз олмоқ даркор. Бу тўғрида марказдан кўра маҳаллалар кўпрак ёмон ҳолда бўлуналар. Исмоилзода ўртоғимизнинг гапига қарағанда “Самарқанддек” вилоят шаҳарида биргина бўлса ҳам мунтазам қизлар мактаби йўқ. Илгарида кўзга кўринарлик бўлуб келган Бибихоним мактаби ҳозирда сўнг кунларини ўтказадур. Бу мактабда 20 нчи йилда 50 дан ортиқ қиз болалар ўқуғани ҳолда,энди юксалишдан пастлашга юз тутуб, ўқувчилари 7-8 та қолған. Бу ҳол – бир Самарқандда эмас, ҳар ерда шундайдир. Бу ҳақда ўйламоқ, тушунмак ва қуруқ тушунмак билангина қолмасдан жиддий ва амалий чора кўрмак яна сиз ва бизнинг вазифамиз. Эпизодик рўллар устаси Ёнғоқ сингари чаноғидан бўртиб чиқиб турган кўзини менга тикиб ёнимда ўлтуради. Жуда кам кулади бу йигит. Ўлтирган жойида бир тиззасини баландрак кўтаради-да, уни икки қўли орасиға олиб, икки қўлининг бармоқларини бири-бирига киргизиш билан тиззасини бир нав’ кишан орасига олади. Саҳнада кўп йиллик хизмати бор эмасми? Омонсиз «грим» ўз ишини қилған: юзида юқоридан қуйиға томон зўр-зўр узун-калта ажинлар… Юзининг ўзи ҳам гримга қобил: кенг, текис, учлик ва кенг бурни Қафқасия одамлариникига ўхшайди. Ўзига жуда келишиб тушган… Тиётр ишларидан ва ўз рўлларидан тўхтаб-тўхтаб менга гапиради ва гапирганда ўнг қўлининг бош бармоғини қур-қур кўтариб қўяди. Цирк санъаткорларининг суяксиз гавдаси каби жуда эгилувчи бармоқлари бор. Майин ипакдай гапиради. Енгил хиргойиларини айтмайсизми. Айниқса, Қафқасия халқларининг куйлари тамоман деярлик акцентсиз чиқади. Суҳбатбоблиги маълум. Мен унинг рўл танлаб режиссўрлардан хафа бўлганини эслаёлмайман. Бу йигит «катта-кичик рўл йўқ, яхши-ёмон актўр бор» деган ҳикматли гапни яхши билатурғанға ўхшайди. Режиссўрлар ҳам саҳнада унинг ким эканини яхши биладилар, унинг саҳнавий «маска»си равшан. Шу учун рўллар, аксари, ўзига боб чиқади. Агар боб бўлмаганда ҳам, у ўзи ишлаб боблайди. «Муштумзўр» пиесасида жуда эпизодик бир рўл бердилар, ёзувчи у рўлни менсимаган, яъни унга ҳеч нарса бермаган. Ниҳояти бир қишлоқ муаллими ёнига кириб бир ариза ёздиради, тамом. Сўз жуда кам. Ғулом Исомов рўлни ишлайди, уста бир санъаткор каби унга энг яхши бўёқларни беради. Бир-икки чўтка уриш билан бир қишлоқ чоли яратиладики, у кўрганнинг эсидан сира чиқмайди. Чол жуда қариғанидан мияси айниб, алжираб қолған. Унинг шу хусусиятини Исомов тақлид қилиб бўлмаслик даражада тўла гўзал ва тўғри беради. Паст рутбали Бухоро амалдорларидан оқсоқол типини бизнинг саҳнамиз тўла маъноси билан Исомов орқали кўрган бўлса керак. («Арслон» пиесасида.) Исомовнинг у оқсоқолини инқилобдан бурунғи ҳамма оқсоқолларнинг типик бир намоёндаси қилиб олганимизда ҳам ютқизмаймиз. Ҳақиқатда биз «Арслон»да тўла бир оқсоқол типини кўрамиз. «Наърангни торт, Хитой»да қайиқчи чолни ўйнайди. Мен у асарни устоз Меерхўлд тиётрида ҳам кўрганман. Шунча кўб массали кўринишларда Исомовнинг қайиқчиси ўзини ажратиб кўрсата олади. Хуллас, саҳнамизда эпизодик ва характер рўллар етарлик даражада кўп, Ғулом Исомов шу учун мижозига боб келган рўлларга бой (уста Марайим – «Рустам»да; Марайим тажанг – «Ёндирамиз»да; Маркиз де Фурлен Пополи – «Мусофирхона бекаси»да; Почта бошлиғи – «Терговчи»да; Козимбек – «Тарих»да, Мистер Гавкер – «Шодлик кўчаси»да). Яхши тиётрлар ёлғиз «катта» рўлларда ўйновчи актўрлар билангина яшамайди, айниқса, бизнинг буюк элимизда!.. Ғарбда санъаткор тақдир этилмак учун мутлақо «юлдуз» бўлиши керак ё гўзал хотин… Бизда эса ҳар кимнинг қуввати ва қудрати, истеъдод ва ҳунарига яраша жой ва ҳурмат таъмин этилган. У ҳурматга сазоворлар орасида Исомов ва унинг қаторидағи санъаткорлар ҳам яхши ва қизиқарли ўрун олганлар. Эпизодик деб аталган рўлларда саҳнага бир нафас чиқиб кўриниб, яна қайтиш билан бутун пиесага жон бериб юборадурған усталарни биз тақдим этамиз. Эргашиш (Кичкина ҳангома) Замонамизни “ўзгариш замони” деганлар тўғри айталар. Асримизни “ақл ва зийраклик асри” деганлар адашалар. Кунларимизни “тақлид ва эргашиш кунлари” деганлар, локин жуда тўғри айталар. Биласизми, пойтахтимизда бутун жумҳурият учун чиқатурған биргина газета бордурким, исм шарифлари “Ахбор”! Ул газетанинг бошида чиройлиқ бир …. ичида “ҳафтада икки мартаба чиқар” деб ёзилса-да, зўр бериб, “ҳа-ҳа”лаб, сур-сур билан, қийқириб. Қийин-қистов қилсангиз ҳафтада бир марта чиқа олур. Ҳар куни чиқиб, деворларда бақиратурған “жарчи” бор эди. Ул ҳам худонинг раҳматига “қовушди” Нима учун “жарчи” ёш туруб худонинг раҳматига қовушди-да “ҳафтада икки мартаба” чиқишға тегишли бўлған “Ахбор” ҳафтада бир ҳам чиқа олмайдур?-деб сўраб кўрунг қани, нима жавоб олурсиз экан! Матбаа мошинаси гумбираб, кичкина “Америка” қўл мошиналари тариллаб, мураётиб қўллари югуруб юруб жавоб берарки: “Афандим, азизим, жоним, газета чиқармоқ учун бизнинг вақтимиз йўқ. Биз – “иш варақаси” – служебная записка ишлаш билан машғулмиз!” Сиз унларнинг бу жавобларига ишонмазсиз. Локин биз жуда катта ихлос ва эътиқод билан ишонамиз, негаким, биз ўз кўзимиз билан кўруб турамизки, худоға шукур шаҳримизда “масъул” бўлмаған бир ишчи қолмади ва “иш варақаси” босдирмаған бир шўъба мудири ҳам йўқдур. Камина, бир кун бизнинг файтун ҳайдовчи кучеримиз келиб дейдирки, “меним учун иш варақаси буюринг” жоним чиқди, дедимки, “кучерга ҳам иш варақасими?” Кучернинг аччиғи келди, индамасдан қобоғини буруб туруб олдимға бир қоғоз ташлади, ўқудим, кўрдим, мана унинг нусхаси Иш варақаси Служебная записка Шўъбасининг масъул от боқари Ответственний Конюх ——————– отдела Қизардим, уялдим, индаёлмадим. Эртаси куни “масъул от” ва “масъул қашлағуч”ға ҳам “иш варақаси” чиқса яна индаёлмайман. Нима деяй: Замонамиз “ўзгариш замони”… Кунларимиз “тақлид ва эргашиш” кунлари… Эски китоблар савдосини қўлга олайлик Эски китобларнинг аҳамиятини сўйлаб ўлтиришга ҳожат йўқ. Умуман, ҳамма маданий мерослар ичида энг катта ўрин туткан китоблар экани барчага белгилик. Жумҳуриятимизнинг турли бурчакларида, ҳар кимларнинг қўлида бекиниб, ортиқча матах бўлиб ётган қимматли асарлар жуда кўп. Булар эгасини тополмай чанг-тупроқ орасида кўмилиб ётади. Ҳолбуки, кундан-кунга сони ўсиб турган илмий ходимларимиз учун улар жуда керак. Ундан ташқари, савияси ўсиб, маданий даражаси кўтарилиб турган омма ҳам янги ва эски китобларга талабгор. Иттифоқнинг бошқа қисмларида эски китоблар савдоси давлат муассасалари қўлига олинган. Булар қимматли асарлар тушганда дарҳол илмий ташкилотлар, кутубхоналар ва музейларга топшириладилар. Шу билан бирга оммавий талабгорни ҳам қондириб турадилар. Чунончи Москвада нуқул эски китоблар олиб сотилатурган ўнларча давлат магазинлари бор. Бизда ҳам эски китоблар бойлигининг зўр эканига қарамай, бутун Ўзбекистонда лоақал бир киоска ҳам йўқ. Шунинг учун бу иш аллақандай саводсиз одамлар, тўғриси чайқовчилар қўлида қолиб келмоқда. Бизнинг фикримизча, Ўзнашр бу ишга айрим аҳамият бериб “букинист” дўконлар очмоғи ёки ўз катта магазинларида айрим бурчаклар ташкил қилмоғи керак. Эҳтимол баъзи ўртоқлар: “Ўзнашр янги китоблар савдосини қанчалик йўлга қўйиб эдики, энди эски китоблар билан машғул бўлсин?” деб айтарлар. Ҳеч бўлмаганда, Ўзнашр тажриба учун Тошкентнинг ўзида бундай бир магазин очиши мумкин. Бунинг устига яна, албатта, бу масала аҳамиятли бўлгани учун, Маориф комиссарлиги ҳам кўмаклашмай қолмаса керак. Айрим кутубхоналар бу ишга қизиққанлари учун улар ҳам аралашиб турарлар. Демак, жамоат контроллиги ва ёрдами ҳар жиҳатдан таъмин этилажақдир. Бундай бир магазин очилганда қадимги босма ва ёзма асарларни таниш, уларни керакли кишилар ва муассасалар қўлига тўплаш мумкин бўлганидек, сўнгги вақтларда чиқиб тарқатилиб кетган ва қайтадан босилмаган китобларни айрибошлаб туриш учун ҳам имконият ҳосил бўлади. Бинобарин, Маориф комиссарлиги ва “Ўзнашр”дан бу ишга эътибор қилиб, “саҳҳофлик” (букинист) магазинлар очиш тўғрисида чора кўрмакларини сўрайман. Эски мақсадқа қайтайлиқ “Ёш бухоролиқ” деган маслак қуйидағи шу уч нарса билан майдонға чиқғандир: мактаб, китоб, матбуот. Ёш бухороликлар ҳам энг олдин бош кўтариб чиқғонларида, юрт ва эл учун кураш майдониға отилғонларида шу 3 нарсани юксак товуш билан қичқирғонлардир: “мактаб, китоб, матбуот!” Буни ёш жумҳуриятимизнинг нозирлар шўроси раиси ва “Ёш бухороликлар”нинг пирларидан бири бўлғон ўртоқ Файзуллохўжа, Бухоро инқилобининг бир йиллиқ байрамида чиқғон “Ахбор”дағи “Хотиримдадир” мақоласида ёзиб тўхталиб ўтди. Кўб яхши. Бунинг устига биздан доғи 5 модда нарса ортдирайлиқ: Маскавда 20 сентябрда улуғ совкўм (“камиссарларшўроси”)нинг отоқли бир пиролетарчи мажлис бўлғон. Мазкур мажлисда Русияда босилатурғон оқчаларнинг 8 фоизини (бир хабарда 80 фоиз) маориф камиссарлигига бериш тўғрисидаги масъалани қарамоқ учун айрим бир ҳайъат тузилган. Озарбойжон жумҳуриятининг комиссарлар шўросираиси ва Русия туркларининг эски жамоат ходимлариданўртоқ Наримонов Озарбайжон жумҳуриятининг маориф хизматчилари қурултойида бир нутқ сўзлаб, ул нутқнинг бир ерида дейдир: “Агар менга фалон ерда, шуролар олами (опарати) кўб яхши қўюлғон, локин маориф ишлари оқсайдир”, – десалар, мен: “ – демак, у ерда шўролар олами яхши қўюлмоғон экан”, – дейман. Доғистон жумҳуриятида маориф ишлари “ортиқдаражада зарбали” деб эълон қилғон. Бухоро халқ қурултойи маориф ишларини“зарбали” (ударний) деб таниди. Жумҳуриятимизнинг маориф назорати 8 ёш билан ёш орасидағиларға “мажбурий ўқуш” эълон қилиб, биркоғаз чиқарди. Шуларнинг ҳаммасининг устига бизнинг айта турғонимиз кўб қисқа: Русия Шўролар ҳукумати энг қийин бир аҳвол ичида маорифга ёпишадир. Озарбайжон жумҳуриятида бу ҳақиқатни бурун ҳам билар эди, тағин қайтариб, маҳкамлаб айтарлар. Доғистон жумҳурияти бу қарорни юзага чиқариш йўлида қатъий чораларга энди киришгандир. Бухоро халқ қурултойи кечагина ўтди – “мажбурий ўқиш” тўғрисидағи эълон яқинда бутун жумҳуриятта тарқатилур. Мактаб учун: муаллим, китоб керак. Китоб учун ёзғувчи, босдирғувчи керак. Матбуот учун киши куч, коғаз, матбаа… яна бир мунча нарсалар керак. Шу кераклар орасида, шу кераклар қўшуни ўртасида қолиб туруб эшитамизки: “Бухорода мактаб биноларини муассаса хизматчиларига хона жой учун бериб туралар. Маориф назоратиға болалар байроқ кўтариб келиб мактаб жойи талаб қилалар. Назоратда баъзан тўпаланг…” эмиш. Мунга ҳам бир нарса демаймиз, бизнинг сўнгги сўзимиз бирдир: Ҳаммамиз эски мақсадға қайтайлик!… Эълон Бу чоққача моддий ва маънавий жиҳатдан ҳукумат нашриётиға боғланиб келган “Ахбор” газетаси 41-сонидан бошлаб маънавий жиҳатдан ўз бошича мустақил олиб бормоқдадур. Шунинг учун газетанинг маънавий томониға тегишли ишлар (мақола, хабар, хат ва бошқалар) тўғридан – тўғри газета идорасига юборилсин. Эътироз ЎЗБЕКИСТОН ИЖТИМОИЙ ШЎРОЛАР ЖУМҲУРИЯТИНИНГ ИККИНЧИ ҚУРУЛТОЙИ МУҲТАРАМ РАЁСАТ ҲАЙЪАТИГА ЧЎЛПОН (АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН) ТОМОНИДАН ЭЪТИРОЗ Муҳтарам қурултойнинг ишларига маъзур важҳлар билан бўлиб, яқиндан аралаша олмаганим учун таассуф қиламан ва сиз муҳтарам ҳайъатдан ўтинаманким, менинг қуйидаги аризамни муҳтарам қурултойга етказсангиз экан. Улуғ Октябрнинг аввалларидан бери ишчи-деҳқонларнинг инқилобий ҳукуматлари томонида бўлиб маориф ва маданият соҳаларида қўлимдан келган қадар самимият билан ишлаб келганим маълумдир. Ватандошлар урушининг энг қизғин даврларида, шонли қизил аскарнинг «Перекоп» музаффарияти дамларида коммунистлар фирқаси томонидан ишлатилган бир газетанинг (ўша вақтнинг энг сўл газетаси) — «Роста»нинг бошида туриб, қўлдан келган қадар инқилобга ва унинг енгишига хизмат қилганман. Бу Тошкентнинг хамма шўро ва фирқа ишчиларнга маълумдир. Ундан сўнг бошқа газета, журналлар ва ниҳоят театр ишларида ҳам, шу ишларнинг раҳбари бўлган сиёсий идоралар назоратида, ўшаларнинг кўрсатган йўллари билан пшлаб келганман. Булар ҳам ҳар қайсиси ўз кишиларига маълум. Сўнгги икки-уч йил орасида шоирлик ва ёшлик майллари билан баъзи бир хатоларим бўлди. Чунончи, миллатчилик ва ватанпарастлик руҳида шеърлар ва нарсалар ёзиб, баъзи жойда шу йўлда сўзлаганларим ҳам бўлди. Сўнг вақтда, айниқса, Москвада ўқиган вақтларимнинг сўнгида ўз хатоларимга ўзим ҳам тушундим. У ёзган нарсаларим ва сўзлаган сўзларим, камбағал ва йўқсуллар душманларининг фойдасига хизмат қилганини билдим. Башариятнинг умумий саодати, эзганлар ва бойларга қарши эзилганлар ва йўқсулларнинг курашида эканини англадим. Дунёда асосан икки қарама-қарши жабҳага бўлинган бойлар билан камбағалларнинг курашида ҳақ ва ҳақиқатнинг камбағал ва йўқсуллар томонида эканига қаноат қилдим. Мундан сўнгги ишимда шу қаноат ва ишончимни асос қилиб тутмакка қарор бердим. Мундан сўнг шу йўлдаги азмимни иш билан кўрсатиб, иш орқасида ҳалиги хатоларни ишчи-деҳқоннииг кўнглидан кетказишга ҳаракат қиламан. Мундан сўнг ўз фаолиятим учун ўзим севган театр соҳасини олиб, унда яқинда (шу йил) RKP(б) Марказий Комитети ташвиқот-тарғибот шўъбаси ёнида бўлган театр маслаҳат мажлисининг қарори асосида, ўшани дастур қилиб иш қилишимни арз қиламан. Фарғонада ЧИТ ЗАВОДИ Туркистон жумҳуриятининг камиссарлар шўроси томонидан Фарғонага бир камиссия юборилиб, муҳандис ва олимлардан бирикган ул камиссияга; марказдан бурунғи “Шефский” чет фабрикасини кўчуруб ўрунлаштирмоқ учун мувофиқ бир жой топиш вазифаси топширилган эди. Ул камиссия Фарғонанинг бирмунча ерларини карағандан кейин, ниҳоят, Марғилон уези Учқўрғон тепаси Испайрам сойининг бўйини маъқул кўрган. Фабрика сув билан юргизилиб, 2200 таноб ерни эгалласа керакдир. Ишлайтурған ишчиларнинг сони 5-6 минг бўлғусидир. Фабрикани Сим шаҳарига (Искобилифга) қилмоқ эҳтимоли ҳам бор. У вақтда бурун тўралар шаҳари бўлған Сим бир тубжой халқ ишчилари шаҳари бўлуб қоладир. Иморат бино сув ва ҳаво важҳидан бу ер мувофиқроқ деб топилган. Ул вақтда электрик кучи (ўти) 35 чақирим йироқликда бўлган ҳалиги Испайрам сойдан келтирилса керакдир. МАРКАЗ ОЧЛИК КАМИССИЯСИНИНГ ЁРДАМЛАРИ Марказ очлиқ камиссияси номидан марказ камиссиянинг раиси ўртоқ Мирза Ҳомид Хўжаев қуйидаги муассасаларга шу ёрдамларни берган: Фарғона музофот очлиқ камиссиясига 95 минг сўм пул, 1000 олчин газмол, 300 та болалар боши, Хўқанддаги “Мирза Ҳомид Хўжаев” номига очилган 3 инчи интернатга 20 минг сўм, Учқўрғон интернатига 10 минг сўм, Ҳаққулобод интернатига 10 минг сўм. Фарёд Маориф ва маданият шўроси раиси ва ишчилар факултаси декани биродар Содиқ Абдусаттороф ва жумҳурият маориф қўмиссари биродар Muhammad Амин Афандизодаларга. Фарёд!.. “Фарёд азин навъи вужуди адам олуда.” Олдимда “Иштирокиюн”нинг кейинги сони ва унда ишчилар факултасининг турк қисми ҳайъати таълимийя аъзоларининг исм ва унвонлари… Кўз олдимда ярқираб ёнуб турган ўлка татар дорулмуаллимини… Қаршимда яна ўзининг руҳлиги билан кўрулуб турган қирғиз дорулмуаллимини… Яна рўбарўмда совуқ, руҳсиз аскарий мусиқанинг “буб-пуф”индан бошқа нарса эшитилмаган маъюс, тушкун ўлка турк дорулмуаллимини.. Ўнгимда бир хато, тузатиши қийин бир хато. Тўғриси, зўр бир хиёнат.. Келажакда – охири йўқ қоронғилиқ… Мана шундай бир ҳолда, мана шу хил нозик бир масъала устида фикр айтмоқ, қалам юргизмоқ керак. Локин, бу оғир, ғоят даражада оғир… Шундай бўлса-да, бир ўзбак боласи, бир ўзбак йигити бўлганлигим учун ўзимнинг овозимни, ўзимнинг юрагимдаги қайнаб турган қайғу денгизининг тўлқунларини тўкишга, бу ишга ва бу ҳаёт-мамот масъаласига совуқлик, қурамаслик билан қараганларнинг юзларига урмоққа, чачмакка мажбурман. Мунинг учун мени афв этарлар. Шўролар ҳукумати, қизил идора Туркистонга ўрунлашгандан кейин, йиллардан бери юракларда ёқилуб келган бир амал, бир хаёл вужудга чиққан, Туркистонда бир турк дорулмуаллимини очилган эди. Туркистондаги ўтроқ ва кўчма миллатларнинг бутун келажаклари, бутун борлиқ ва йўқлиқлари шу дорулмуаллиминга ва ундан етишадурган қаҳрамонларнинг қўлига топширилған эди. Кейин нима бўлди, билмадим, кўчма халқ (қирғиз қардошларимиз) ўзларига айрим дорулмуаллимин очдилар-да чиқдилар. Бу жуда табиий, жуда тўғри бир ҳаракат эди. Тил ва урф-одат тўғрисидан хийла ўзгалиги бўлған бу икки қавмнинг бир мактабда бир хилда ўқиши мумкин эмас эди. Айрим-айрим бўлдилар-да, ҳар бир ўз кунларини ўзлари кўрдилар. Демак, иш ўз йўли, ўзининг табиий йўли билан келди. Татар масъаласи-да шу хилда ҳал этилди: улар-да ғоят табиий ўлароқ ўзларига айрим дорулмуаллимин таъсис этдилар. Қолди ўзбак дорулмуаллимини. Агар унинг эшиги олдина борсангиз зўр бир унвон (вивиска) кўрарсизки: “Ўлка турк дорулмуаллимини” деб ёзилмиш. Фақат бир савол берадурган одам топилмадики, номи мубораклари турк миллатидан бўлган қирғиз ва татарлар ўзларига алоҳида дорулмуаллиминлар очуб, “Татар дорулмуаллимини”, “Қирғиз дорулмуаллимини” деб исм бергандан кейин ва сизнинг дорулмуаллиминда ҳам фақат ўзбаклар қолгандан кейин яна нега ҳамон “турк дорулмуаллимини” бўлуб қолди? – десун… Бу ҳам майли, бу ҳам ўтсун, масъаланинг оғир ери бу ёқда: Ўткан ёз Фарғона музофот маркази Сим (Искоблиф) шаҳрида бутун Фарғона учун бир таълим ва тарбия қурси очилған эди. Ул курсга Фарғонанинг ҳамма шаҳар ва қишлоқларидан (мумкин бўлган ерлардан) ўқувчилар келуб, 3 ой ичида ғоят буюк ва зўр шодлиқлар билан тамом бўлган эди. Ул қурсда таълим берганлар ўлкамизда ҳаққи ила муаллимлик номига лойиқ бўлган кишилар эдики, улар илгари 2 йилдан бери Хўқанд дорулмуаллимининг ҳайъати таълимийясида эдилар. Курс битарга яқинлашқанда бир хабар келди: “Маориф қўмиссари Содиқ Абдусаттороф ўртоқимиз ўлкада мукаммал ва нусха бўлурлиқ бир дорулмуаллимин вужудга келтирмоқ Хўқанд дорулмуаллими хайъати таълимийясини таоми ила Тошкандга чақирған… Ҳар ким шошди, ҳар ким ҳайрон бўлди. Локин шу ўлкада мукаммал нусха бўлурлиқ бир дорулмуаллимин деган сўз билан яна ҳар ким юпанди. Ўлкадан марказдан кутди. Албатта, ул вақтда ул муаллимларнинг ўлка дорулмуаллиминига киражаклари очиқ маълум эди, орада ҳали тотор дорулмуаллими масъаласи йўқ эди. Ҳайъати таълимийя бир вагон бўлушуб келдилар ва ўлка турк дорулмуаллиминига келуб: “Мана биз келдик” дедилар. Локин, бахтсиз халқнинг бахтсизлигина қарши бахтсизлардан бир неча кишининг хаёллар тўла овозлари ила жавоб берилди: “Йўқ, сизнинг керакингиз йўқ. Биз ўзимиз ортуб етамиз…” Мана шул сўз билан фожеа бошланадур. Мана шул сўздан сўнг ҳалиги ҳақиқий муаллимлар юзларини айлантириб, бошқа юлдуз истамакка кетдилар. Орада бир мунча “ярашдириш”, “келишдириш” мажлислари бўлмиш, фақат, мумкин бўлмамиш сабаб нима? Очиқ: ул хоинлар ҳамон дорулмуаллимин курсисидан қуваланмамишлар… Орадан икки йил ўтди. Ҳамон бу нарса йўқ, тотор дорулмуаллимини очилуб гуллаб ётадир. Бунда ҳамон ҳеч бир нарса йўқ… Ҳам бўлмас каби-да… Билмайман, ўн йиллардан бери “Дорулмуаллимин” хаёли билан маст бўлганлар қаерда қолдилар? Комиссар бўлдиларда, басми? Юмшоқ усталга ўлтирдилар-да тамомми?.. Агар шундай бўлса, ул кишилардан на халқ учун, на меҳнаткаш ва на бошқа учун бир чақалик фоида йўқдир. Юрагида инсоф ва виждони бўлганлар айтсунларки, ўлка турк дорулмуаллиминида, бу бутун ўзбак халқига мактаб ва мактаб йўллари ва таълим йўллари кўрсатадурган бу муборак муассасада бир таълим-тарбия мутахассис, ҳеч бўлмаса, таълим-тарбиядан онглайдурган бир киши борми? Бор, десинлар, сўзимиз йўқ! Фақат, агар виждонлари бўлса бор дея олмаслар, виждонларидан эса биз жавоб эшитмаймиз. Бу ҳол бир мунча вақтлардан бери шу хилда давом этадир. Ҳеч бир тадбир қилинмаз. Мен, бир мен шу тўғридан ўзбак шоирларидан ёлқинли, тошқинли, халқчи бўлган ўртоқ Алийифга-да, Низомиддин Хўжайифга-да, Афандизодага-да айтдим. Фақат “ҳмм…” деб лаб тишламакдан бошқа бир нарса кўролмадим. Турк дорулмуаллиминининг (ўлик) каби ҳиссиз шогирдлари менга бир неча мартаба келуб шикоят этдилар. Локин, меним овозим лаб қидиришдан бошқага ярамади. Дорулмуаллиминнинг муаллимларидан баъзи бирларига ҳам айтдим, йўқ, ҳеч нарса йўқ… Ўзбак халқи учун ёниш куйиш деган нарса йўқ… Фақат, амин бўлсунларки, улар халқ учун куймасалар, уларни халқ ўзи куйдиражак. Кулларини осмонга совуражақдир. Сиз агар дорулмуаллимин шогирдларидан “дарслардан мамнунмисиз? десангиз Султон Ҳамид вақтидаги ёш турклардан “ғоят мамнун” дерлар. Локин сиз уларнинг ичларига, юракларига кирсангиз, қандай фарёдлар жаранглар… қандай оҳлар кўтарилар. Мен шу ўзбак (яъни “турк”) дорулмуаллиминига муаллим бўлуб киришга вақтлари бўлмаган ёки бошқа сабаблар билан кира олмаган кишиларнинг “ишчилар факултаси” ҳайъати таълимийясига кирганларини кўрдим. Яна “дорулмуаллиминлардан шогирд олинмас” деган қарорни-да ўқидим. Ортиқ чидаб бўлмади, қўлимга қалам олдим, бақирмоқчи бўлдим; эй халқнинг ёш кучлари билан ўйнашишни ҳунар қилганлар! Ўзбак дорулмуаллиминидаги талабаларнинг ҳақиқий таълим-тарбия ва илму маърифатдан баҳрасизликларин билуб туруб ва шунга ҳеч бир бир чора қилмай туруб, нега тағин “ишчилар факултаси”нинг эшикини ҳам улар учун ёпдингиз? Сизга лозим эдики, ўзбак дорулмуаллиминининг руҳига фотиҳа ўқуб, ундаги бечораларнинг ҳаммасини “ишчилар факултаси”га олсангиз. Қилмайсиз экан, ортиқ демангизки, биз халққа хизмат этамиз. Халқ болалари руҳсиз, халқ болалари ўликдай яшарлар. Сизнинг сиёсатингизда бир ўзгариш йўқ. Энди меним бу фарёдим бир фарёдки, бўлуб қолса бирар натижаси кўрулмаса, тонгла, халқ олдида бутун масъулият сизнинг ва сизнинг устингиздадир. Фарёд, фарёд халқ ила ўйнашганлардан!.. Фузулийнинг пичинглари Ниҳоли гулшани дардамки, сув ерина верир, Бана ҳамиша жигар қони боғбони қазо. Фузулий ўзи Бағдодда ўтган, жануб туркчаси билан ёзган бўлса-да, ўзбеклар орасида Навоий билан баробар танилган шоир. Бизнинг бурунги програмсиз мактабларимизнинг “програм”ларида “Чоркитоб”, “Эшонсўфи” каби ахлоқ китобларидан кейин, Навоий девонларидан бири билан бирга, Фузулий девони бўлунарди. Ҳатто чаласаводлик отинбибилар ҳам ҳеч бир доктор ва ресепсиз, тўппа-тўғри аттордан олинган (балки катта оналаридан қолған) кўз ойнакни ип-боғ билан қулоқлариға илаштириб олиб, Фузулийни таталаб ўлтурардилар. Жануб туркларининг Боқий, Надим, Нафъий ва Эмроларини бизнинг туппа-тузук саводхонларимиз, ҳатто адабиётдан хабардор муллаларимиз ҳам билмас эдилар. Фақат Фузулий уларнинг ҳаммасидан айрилиб, бизнинг саводхонларнинг китоб токчалари ва рафларидан ўзига муҳтарам бир жой олган эди. Шу учун, адабиётшуносларимиз, классик адабиётимизнинг Лутфий, Навоий, Атоий, Бойқаро, Бобир, Амир, Фазлий ва бошқа-бошқаларини текширар экан, Фузулийга ҳам диққат қилишлари керак. Ўзбек классик адабиёти тилининг шаклланишида Фузулийнинг жуда яққол таъсири бор (Муҳаммадалихон шеърларида бу таъсир тўла, бошқаларда оз-кўп кўрулади). Фузулий оз ёзган, лекин соз ёзган шоирлардан. Унинг Истамбулда босилган бир куллиёти (тўла тўплами) борки, унга 1 – қасидалар (“қасоид”), 2 – “Банг ва бода”, 3 – Нишонжи пошога ёзилган мактуб, 4 – соқийнома, 5 – ғазаллар девони, 6 – “Лайли ва Мажнун” киради. Қасидалари кўпгина бўлса ҳам “Лайли ва Мажнун” билан ғазаллар девонидан бошқалари мақола ҳажмидаги кичкина асарлардир. Булардан ташқари, ҳалиги девонга кирмаган яна бир асари – “Ҳадиқатус-суадо”си борким, маълум Карбало фожиасига бағишланиб ёзилган. Унинг бошқа асарлари, борлигидан хабаримиз йўқ. Машҳур чиғатой классик шоири Лутфийнинг бир ғазалига Фузулий томонидан боғланған чиройлик бир мухаммас (бешлик) қўлёзма ҳолида сақланған экан, кўрушга муваффақ бўлдик. (Фузулийнинг мухаммас боғлашдағи ҳунарини кўрсатиш учун ўша мухаммас билан яна ўз устози Ҳабибийнинг бир ғазалиға боғлаған мухаммасини бир қадар изоҳ билан “Гулистон”да бермоқчимиз.) Мен ўйлайманки, турк тилида ёзган ва биз билган (ўзбекларга танилган) классик шоирлар орасида Фузулий ўзининг самимийлиги, куюб, кўнглидан олиб ёзиши билан алоҳида ўрун тутади. Фузулий ғазалларининг самимийлиги, яқинлиғи ва оташинлигини унинг ижоди ҳақида ёзганлар бир оғиздан деярлик тасдиқ қиладилар. Лекин мен унинг шу яқинлиғи ва оташинлигини янада олдинга қўймоқчиман. Фузулийдан гапирганда, унинг дарду аламидан, унинг чангги осмонга чиқишидан, чуқур маъноларга эга бўлган фалсафий нолишларидан бўрттириброқ гапириш лозим келади. Мана бу тўрт йўл нарсасини (рубоийсини) кўринг: Ҳар дамки баҳор қилди оройиши боғ, Навмидлик урди лолаваш бағрима доғ, Zero тикан узра дутди булбул маскан, Гул бад гузаргоҳинда ёндирди чироқ. Идеалист фалсафа тарафдорлари, айниқса билимдон мутасаввуфлар нима деса десинлар, бу тўрт йўлдаги шикоят, ўз даврига кўра, дунёнинг текиссизлигидан қилинган шикоятдир. Буни буюк шоир шундай гўзал рамзлар (символ) либосига ўраганки, гўзалликни ўзига монополия қилиш билан мақтанатурған тасаввуф, бу чиройлик рубоийни бошқа ҳеч кимга, айниқса турмушнинг дағал эҳтиёжларидан кўпрак гапиратурған “қўпол” моддачиларга бермак истамайди. Лекин ўша замоннинг ҳоким мафкурасига катта таъсир ижро қилған тасаввуф салтанати (султон салтанати билан баббаравар халқни кемирган куч), шунингдек бутун мамлакатни ўзининг қаттиқ чангалида ушлаган султон идораси, шундай санъаткор бир шоирга ўрта даражалик бир ҳукумат маъмурига берган давлатни бермайди, ёки бергиси келмайди. Бечора шоирни: Давр жавринда тану жонимда роҳат қолмади, Меҳнату ғам чекмага минбаъд тоқат қолмади деб, даврдан аччиқ шикоят қилишға мажбур этади. Унга мурувват қилиш, унинг қимматли асарларини тегишинча тақдир қилиб, у асарларнинг шоирига шунга яраша муомала қилиш бир ёқда турсин, уни ҳатто ҳар томондан яккалатиб, сўктурадилар ҳам. Yo “шиа” деб, ё бўлмаса умуман “эътиқоди суст” деб, унга кўп таъна тошлари оттиради. Умуман шоирга бўлган жаврлар “кетсиз” бўлади: Интиҳосиз жаврлар ўтлара ёндирди мани, Аччи сўзлар тотли жонимдан усондирди мани, – дейди шоирнинг ўзи. Фузулий даврининг катталари (Бағдод волиси Аёз пошо, Увайсбек, Рустам пошо, Мустафо Чалабий, аскарлар қозиси Қодир Чалабий ва бошқалар), шоирнинг ўз нафсини кучлаб туриб ёзган мақтовлари (қасидалар)дан бошқа нарсага тушунаолганмикан? Ўзларини мақтаб ёзган қасидалар учун баъзи-баъзида “илтифот” қилиб, гадойлар қатори “хайр-садақа” ташлаб қўятурған катталар шоирнинг асил кўнглидан чиққан (эмосионал) ҳаяжонларини англаёлармиди? Демиш ҳар ғунчая ошиқлиғим, розин сабо, дерлар, Эл оғзин дутмоқ ўлмаз, қўрқарам, эй гул, санга дерлар. Хаёлий оразинг жавлон эдар бу чашми пурнамда, Нечикким мавжланмиш сувда акси офтоб ўйнар. Маишат танглиги ниҳоят даражасига етгандан кейин, Фузулий “осилсам баландроқ дорга осилай” деб, энг юқориға ариза берган бўлса керак. Биз ҳозир ўша аризадан яъни Фузулийнинг Нишонжи пошога ёзган мактубидан гапирмакчи бўламизки, унда тасаввуф гўзалликларидан ҳеч бир асар йўқ. У ўша даврнинг инсофсизликларидан соддагина қилиб гапирадиган кичкина бир ҳужжатдан иборат. Фузулий турк султонларининг энг ҳашаматлиги бўлган қонуний Султон Сулаймон даврида ўтган. Султоннинг “қонуний” деган лақаби ўзи кўрсатиб турадики, унинг замонида у кенг мамлакат қонун билан идора қилинған давлат аппарати мунтазам ишлаган. Султонпараст тарихчилар Сулаймон даврини мақтаб тугата олмайдилар. Қонуний Сулаймон ўзининг мунча кенг мамлакатини маълум бир қонун доирасига солишга урунган эди. Бу нарса Фузулий мактубидан ҳам маълум бўлади (вақф даромадларининг турли чиқим бобларига-статяларга бўлуниши). Сулаймон ўзининг бу ташаббусида қанчалиқ муваффақ бўлгандир – билмаймиз, аммо Фузулий мактубидан кўрунадики, мамлакат идораси, барибир, бир тўда ўғрилар ва талончилар қўлида қолған. Кенг мамлакат даромадларининг қаймоғини ўшалар ялаганлар-да, Фузулийдек ҳалол меҳнат қилувчи бечораларга, қанча талантли ва санъаткор бўлсалар ҳам, “заҳматларга тушмак”дан бошқа нарса насиб бўлмаган: Банго бан ўлдуғум манзилда роҳат майл эдиб келмас, Душиб заҳматлара ночор бан ўлдум талабгори. Ҳавои сайр қилдим иртифои қадр учун, зеро – Еринда ҳар матоинг паст ўлур албатта миқдори. Шундай қилиб, юқорида айтганимиздек, фақирлиқ ва йўқсуллиқдан қутулиб бир қадар одам қатори яшамоқчи бўлган Фузулий вақфдан нафақа (“тақоид”) сўраб, ўша Султон Сулаймоннинг бош вазири бўлган Нишонжи пошога ариза беради. У аризанинг устига бош вазир “завоид ҳисобига (вақфнинг туб эҳтиёжларига белгиланган маблағдан ошиқча пуллар ҳисобига) берилсин” деб ёзади. Мана шу “завоид” сўзини дастак қилиб олиб, вақф идорасидаги тўралар Фузулийга ҳеч нарса бермайдилар. Уни кўп вақтларғача ана-мана деб сарсон қиладилар. Ахири, Фузулий вақфдан пул олиш умидини тамом йўқотғандан кейин шу мактубни ёзади. Мактуб жуда тумтароқ, сертакаллуф иборалар билан бошланадики, уни ўрта даражада саводли бир киши ҳам (арабча ва форсийчадан мукаммал хабари бўлмаса) тушунолмайди: “Молики мулк оройи олам ва ҳокими ҳикмат фазои ақолим…” Бу қуруқ бир муқаддимадан иборат. Ундан кейин шоир бир неча йўл шеър (назм) билан ҳалиги аризанинг нима учун ёзилганини, ундан нима натижа чиққанини билдиради. Бу бир неча йўл назм мактубчанинг бошида келади, демак Султон ва унинг идорасига отиладиган пичинг тошлари шу ернинг ўзидаёқ бошланади (шундай жойларнинг остига чизилди): Арз этар хокисору бемиқдор, Бандаи камтарин Фузулийи зор, Ки муқимий мақоми узлат экан, Сокини гўшаи қаноат экан, Бошима душди жоҳ савдоси, Завқи аҳли тама’ таманноси; Ҳаваси касби нангу ном этдим, Талаби рифъати мақом этдим, Истадимким, улувви қадр ўлам, Мазҳари лутфи подшоҳи олам. Билмадим ким, шикастаҳол ўлурам, Ҳасад аҳлина пойимол ўлурам. Тама’, ашрора ходим ўлмоқ эмиш, Суфаҳоя мулозим ўлмоқ эмиш. Кимки Аллоҳдин ибо айлар, Ғайр даргоҳа илтижо айлар, Ҳосили заллату хасорат ўлур, Рахти уммиди яъса ғорат ўлур . Фузулий shy ерда Султон идорасидан бир нарса умид қилиш хато эканини оп-очиқ, лекин қандай усталик билан пичинг тариқасида айтади! Ундан кейин вазирдан жавоб олганини, у жавобга кўп севинганини айтади. Аммо бу қаттиқ севинч яна ўшандай қаттиқ пушаймон ва хафаликка айланганидан кейин шоир чидаёлмай кетади ва қонуний Сулаймон давридаги “қонуний” давлат аппаратини содда, лекин ўткур ва чиройлик сўзлар билан жуда ёмон уриб ташлайди (шу жойини тўла кўчурамиз, лекин асл нусхасини бериб ўтурмасдан, таржимасинигина берамиз): “…ва ҳукмни ижро эттирмоқ учун вақф мутаваллиси ёнига бордим, мутаваллини учратиб бўлмади, ундан кейин молия бўлумига қараб кетиб, энг наҳс вақтда ва энг ёмон фурсатда у жойга етиб борганлигимдан, бир тўда одамларни кўрдимки, ҳикоятлари паришон, на сафодан унда асар-у, на садоқатдан унда нишон бор; тўпламлари ҳиллалар тузоғи, мажлисдағи одамлари “ҳайвоннинг ўзи, балки унинг ҳам озғинроғи”. Келишмаган ҳаракатлари руҳнинг эгови сингари ва озор бергувчи сўзлари Нуҳ тўфони тўлқунларидай жангари; салом берсам, “бу пора эмас” деб олмадилар, ҳукм кўрсатдим, “фойдаси йўқ” деб назар солмадилар, гарчи зоҳирда бўюн эгиш (итоат) шаклини кўрсатдилар, аммо ҳол тили билан ҳамма саволларимга бир-бир жавоб айтдилар: дедим: “ҳой яхшилар, бу қандай феъли хато ва чин абрудир? Дедилар: “ҳамма вақт бизнинг одатимиз шудир”. Дедим: “менга риоя қилинсин. Нафақа учун қоғоз бердиларки, ҳамма вақт ундан баҳра олай, хотиржам ўлтуриб подшоҳнинг ҳақлариға дуо қилай”. Дедилар: “Эй бечора, сенинг уволингга қолғанлар, сени оворалик кўчасига солганлар, энди доим фойдасиз жанжаллар қиласан, хунук юзлар кўриб, дўққи сўзлар эшита беришдан сиқиласан”. Дедим: “Нафақам нима учун қўлға келмас?”. Дедилар: “Завоид деган нарса бизда бўлмас”. Дедим: “Шундай катта вақф завоидсиз бўладими?”. Дедилар: “Вақфнинг туб чиқимларидан зиёдаси биздан ортиб қоладими?”. Дедим: “Вақф молини ортиқча (ўз мақсадидан ташқариға) ишлатиш уволдир”. Дедилар: “Пулга сотиб олганмиз, бизга ҳалолдир”. Дедим: “Ҳисоб сўраб қолсалар жавобгарликка қолинади”. Дедилар: “Ҳисоб деган қиёматда олинади”. Дедим: “бу дунёда ҳам ҳисоб олинади деб эшитдик”. Дедилар: “Ундан қўрқмаймиз, чунки котибларни рози этдик”. Кўрдимки, саволимга жавобдан бошқа нарса бермайдилар, бу ҳужжат билан сўраганимни беришга яқин ҳам келмайдилар, ночор хархашани ташладим, яна маъюс ва умидсиз бўлиб ўзимнинг пана бурчагимга йўл бошладим”. Қонуний деган лақаби билан мақталатурған шундай катта бир султоннинг идора аппаратини қора ерларга уруб тоза разил қилғанидан кейин, ҳалиги икки ўртада сарсон бўлган ариза қоғози тўғрисида мана бу ширин йўлларни ёзади: “Ҳужжатимдан (қоғозимдан) ҳақорат кўрганим учун менга унинг олдида кўп уят, ҳужжатим менга фойда еткизолмагани учун мендан хижолат. У чарх этилган гувоҳдек гапирган гапидан пушаймон, мен ёлғон даъвогар сингари таъналардан паришон; у бекор бўлган оятдек ишга яровсиз, мен одам қаторидан чиққан умматдек овсиз ва довсиз”. Ундан кейин шу юқоридағи сўзларни тўрт йўл байт ичига қандай чиройлик ва бадиий қилиб, яхши образлар билан жойлайди: Бан анга фитна, ул банга офат, Мутанаффир бан андан, ул бандан. Бан анга ғусса, ул бана миҳнат, Мутакаддир бан андан, ул банда! Юқорида ҳам айтган эдик: бош вазирнинг буйруғидағи “завоиддан берилсин” деган ҳукмни баҳона қилиб, мутавалли ва унинг молиядаги тўралари шоирга ҳеч нарса бермайдилар. Шу учун мана шу “завоид” сўз устида ҳам Фузулий бош вазирга қаттиқ пичинглар қилади. “Дарҳақиқат, агар “завоид” сўзидан мақсад – хизматчилар ва рутба эгаларининг ойликларидан, нафақахўрларнинг маошларидан, от, мол ва бошқа ҳайвонларнинг ем-ҳашак сарфларидан, оқтариш ва бинолар солиш харажатларидан ошган пулдан нафақа берилсин, демоқ бўлса, у ҳолда жанобингиз мана бундай демоқчи бўласиз: “олдин ва юқори бўлиш даъвосини қилучи ва ўзини кўп мустаъид одамлардан олдинда деб билучи Фузулий, менинг сояи давлатимда, менинг қайнаб тушган сахийлигим, жўмардлигим ва марҳаматларим орқасида шу сахийлик номасини олиб ва менинг буйруғимға асосан, бундан кейин ўзини – ҳамма гадолардан, балки ҳайвонлар, тошлар ва ҳатто тупроқлардан кам ва паст билсин, беҳудага қоғоз ишлатмасдан ўз мартабасини топсин”. Бу мактуб яна бир неча йўл назм билан битади. Бу назмда ҳам каттакон пичинг бор: …Гарчи андуҳу миҳнатим чўқдир, Ҳечкимдан шикоятим йўқдир, Толиъимдир банга жафо кетиран, Ҳар бир онингда бинг бало кетиран, Йўқса даргоҳи подшоҳи замон, Лутфа манбаъдуру муруввата кон. Газета бетларида Андижон уязида деҳқончилиқ солиғи йиғиш ишлари бошқа уязларга қарағанда секин борадур. Бу тўғрида газеталарда: “Андижон ҳаммадан кейин қолубсан, уят эмасми, тезроқ қимирла!” дейдирлар. Дуруст, деҳқончилиқ солиғини йиғиш ишларида Андижон ҳаммадан кейин қолған, бундан ҳеч ким тонмайдур. Фарғона учун энг ярими кечилиб, ярмига қолған бу солиқни вақти-вақтида йиғиб бериш лозим эди. Лекин, ишнинг тагига назар солуб, аҳвол ва шарт-шароитни текширган вақтда узр саналғулек сабаблар бор. Шу тўғрида маҳаллий ижроқўмға мурожаат қилиб қуйидағи маълумотни олдим. Гуллайсан, маориф! «56 йил чорлар вақтида, олти йил инқилоб ичида ерлик халққа маориф бериш масаласини ўй ўйлаш билангина ўтказдик. Энди амалга, ишга киришиш керак»! (Ўртоқ Султон Сакизбой ўғли). Бу – жуда тўғри бир фикр. Буни ўртоқ Сакизбой ўғлидан бошқа яна кўб кишилардан эшитиб ётибмиз. Инқилобнинг олтинчи йил байрамида ҳам ғоят табиий ва ғоят кучлик бир майл билан оғизларимиздан шиор чиқди: «Инқилобнинг еттинчи йили маориф йили бўлсун!» Газетамизнинг 118-сонида босилған ўртоқ Мирзоҳид Оқилнинг мақоласи билан ўртоқ Лапиннинг яна бир мақоласи шу шиорнинг жуда вақтида майдонга ташланғанини кўрсатадур. Бундан сўнг: «Маориф керак!» – десак, унда самимиятдан бошқа нарса бўлмас. Нимага десангиз, Фарғона халқининг 5 йилдан бери тортуб келган ҳамма кулфатлари шу тилакнинг шу чоққача самимият билан айтилмаганлигидан келди. Илгари: «Маориф керак!» – деб биз айтдик, ҳукумат айтди, англагувчи, билгувчи йигитлар айтди. Энди ҳозир халқ, кўбчилик, омма, қишлоқ ва овул айтмакдадур. «Фарғона»нинг 118-сонида босилған Қўқон уездидаги маориф ишларининг ҳисоби қишлоқдаги тўхтатуб бўлмас тилакнинг тилмочидур. Қўқон уездидаги «Маориф керак!» деган халқнинг тилаги бутун Фарғона халқининг тили билан ҳар кун ҳар соат айтилуб турубдур. Шунинг учундурким, ҳозирги вақтда мактаб кўбчилиги шаҳарлардан қишлоқларга, демак, халқнинг ғужум бўлуб ўлтурған жойиға кўчди. Муаллим топуб, таъмир қилиб мактаб очтураётканлар қишлоқ деҳқонлари бўлуб қолдилар. Халқдан чиққан бу тилакларни силаб-сийпаб жойиға қўятурған маориф идораларимизнинг бошдан бузуқ бўлуб келганлигини кўб гапурдик, кўб ёздик. Локин узоқ вақт товушимиз чўлларга қараб кетди. Сўнг вақтларда жумҳуриятимизнинг Маориф камисарлигида жиндак алмашиниш бўлди. Ya’ни камисарликнинг бошиға унда туруб ишлайтурған, маориф қайғусиға берилган кишилар қўйилди. Бу яхши ҳаракатнинг натижаси кўрилмакка бошлади. Албатта, Маориф камисарлигини қўзғатиш бўйинча бўлса керак, ушбу ойнинг 11-куни Тошкантда Давлат режаси (Госплан) биносида катта бир кенгаш бўлуб, ул кенгашда Туркистон жумҳуриятининг маориф сиёсати масаласи кўрилди. Кенгашга фирқа марказқўми, марказ ижроқўми, комиссарлар шўроси аъзолари, турли комиссарликларнинг коллегия аъзолари, юқори мактабларнинг мударрислари, хусусий маориф-маданият ташкилотларининг вакиллари ва маориф ишига қизиққан айрим кишилар аралашдилар. Кенгаш натижасида маориф ишларига доим ёрдам бериб турмоқ учун энг обрўлик фирқа ва ҳукумат идораларининг вакилларидан иборат бир ёрдам бюроси тузилди. Демак, халқ мактаб сўрайдур, маориф талаб қиладур: жумҳуриятнинг энг юқори идоралари ҳам шу тилакни, шу талабни қандай йўл билан бўлса ҳам амалга келтирмак учун енг шимарлайдурлар, халқнинг тилак, марказдан раҳбарлик ва ёрдам бўлса, ҳар бир ҳақиқатнинг асоси бўлған билим ва уни эл орасига тарқатиш иши ҳақиқат(ан) янги, тўғри ва умидлик йўлга кирган бўладур. Ғафлат обод (Ҳангама) Андижон маориф шўъбаси Миробод деган қишлоққа бир мактаб очаётибдир. Бу тўғрида мана шу газетада бир хабар бор. Меним “Ғафлатобод” бир жой бордур-да, у ерга бирар мактаб-пактаб очилатурғандир, деб ўйласангиз ҳам янглишасиз. Маориф шўъбаси ҳозир тинчланиб қолған бир ерга бир мактаб очди, яна бошқа ерларга ҳам очмоқ нияти бор. Локин, бундан Андижон ёшларининг хабари йўқ. Қайси бир авлия, азиз ва муборак бир зот, ўткан замонларда Андижон шаҳарини “Ғафлатобод” деб каромат қилған эканлар. 1911 нчи йилларгача ул зоти бобаракотнинг каромати ҳақ бўлди. 10 нчи йилдан кейин Ғафлатобод қимирлади, Ҳаракатобод бўлушқа ҳаракат қилди, мактаблар, қурслар, тўдалар, ҳайъатлар, алланима балолар очилди. Ёшлар, улоқчи от бўлдилар. Бу ҳол ҳозир йўқ. Ҳозир ҳам 20, 21 нчи йиллардан бери йўқ. Ҳозир икки-уч қалтираб турған мактаб бор. Битта титраб турған қурс бор. Локин, бундай нарсалардан ёшлар сайил пулини чўнтакга уруш, арақ шишаси (Бутилка)ни амал деб билиш, бир-бирларининг оёқларини чалиш кўйидалар. Ёшлар букун “Ғафлатобод”нинг энг ҳурматлик кишилари, муборак авлиёнинг энг мафтун муридлари бўлдилар. Ёшларни эътиқодсиз деб сўкатурған Шамширхон тўраларга нима десам экан? Шамширхон тўрамлар, Дарра махдумлар Андижон ёшлариға жон қурбон қилсалар бўладир. Беш-ўн йилдан бери жуда тарақлаб кетаётқан Андижон халқини этагига ёпишиб, тўқтатиб қолған, бошини айлантириб, миясини суюлтираётқан “Боғайрат тилмиз”лар Андижон ёшлари бўлдилар. Дарвоқе, Андижонни ҳақиқий “Ғафлатобод” қилишда ёшларнинг вазифаси улуғдир. Буни билмаган, кўрмаган нонкўрдир, кардир. Аҳли ҳақиқатнинг дард забони ҳозир шу бўлмоғи керак: -Зиндабод жўҳори Андижон! -Зиндабод Ғафлатобод бежон! Ғалаба устига ғалаба Бошда Онатўли (Кичик Осиё) масъаласи бўлуб келиб, инқилобчи турк ўрдуларининг порлоқ ғалабаларидан сўнг Истанбул, бўғозлар ва Тракия масъаласи шаклига кирган қийин чигал – ечилмак олдидадир. Сўнг кунларда телеғром ва симсиз телеғром хабарларида уруш, тўқнаш каби нарсалар сира йўқдир. Ҳозир тўплар ва милтиқларнинг вазифалари бир даража тўқтаған, сиёсатчилар уруши, мияликлар тўқнашувиға кенг майдон очилғандир. Юнонистонни шу қонли ўюнға қизиқтириб киргизиб қўйған Англия сиёсатчилари шармандаликни ёпмоқ учун нима қилишларини билмадилар-да, келиб-келиб “бетараф минтақа” “Истанбул ва бўғозлар эгалиги” масъалаларини чиқардилар. Онатўлиға Туркияга мол узатиб, ҳамёни катта қилиб турған французлар сиёсатчи савдогарлари бўлса, бунга қарши оёқ тираб олдилар. Шунинг билан Туркия ва Юнон ўртасидағи жанжал – Франция билан Англия ўртасиға тушди. Лондон билан Париж орасида тўқтовсиз ноталар, изоҳлар, талаблар, фикрлар юруб турди. Англиянинг Шарқ сиёсатида энг катта рўл ўйнағучи Лорд Керзон жаноблари Франциянинг тутқан мавқеидан қўрқдилар. Маскавдан Қарахан ўртоқнинг бериб турған ноталари ҳам хийла “бесаранжом” қилди. Натижада Лорд Керзон енг шимарлаб майдонга кирди, Франция сиёсатчилари билан гаплашиб, уларни йўлға солишлиқ вазифасини у киши бўйниға олди. Лорд Керзон Франция вакиллари билан жиддий суратда гаплашгандан сўнг масъалани бир даража осонлаштира олди. Ya’ни: бўғозларни ҳар кимга очиқ қўймоқ шарти билан Истанбулни Туркия қўлиға топширмоққа рози бўлғандек бўлди. Ҳатто, кечагина “Турк қўшунини энди бир қарич ҳам илгари босдирмайман!” деб тошдек қотиб турған Англия сиёсатчиси бу кун Туркия қитъасини Эдирнаси билан бирга, Маърич наҳрига қадар яна Туркияга бермакка кўнуб турадир. Зотан, Туркиянинг талаби ҳам шу эди. Энди, бир қарашда масъала буткул ечилган каби кўрунадир. Локин, яқин Шарқ масъаласи инсоф аҳлининг кўзида осон бир масъала бўлса ҳам, Оврупо жаҳонгирлари учун кўб қийин бир масъаладир. Чунки, унда уларнинг хусусий манфаатлари бири-бирига тўқнаш келадир, унда Туркиянинг мустақил яшаш масъаласи бордир. Шунинг учун ҳали бир қадар гаплашишлар, музокаралар бўлиши лозимдир. Шунинг учун, бир вақт Италиянинг Венеция шаҳрида чақирилмоқчи бўлунған кенгаш мажлисининг бўлуб ўтиши лозимдир. Туркия ўрдуларининг ғалабаси, бу мажлисни ҳам чатоқлиққа тушурди. Италия ҳукумати Венецияда бўлсун, дейдир, Франция билан Англия ўз жойлариға яқинроқ торталар, Мустафо Камол ҳам: “Мен бош қўмондон бўлғаним учун ўрнимдан жила олмайман, шунинг учун яқин Шарқ масъаласини қарайтурған канференсия Онатўлининг ўзида бўлсун!” дейдир. Ҳар ҳолда масъаланинг тезрак ҳал қилиниши лозим бўлғанлиғидан бу кичкина модда устида унча кўб талашиб ўлтурмаслар. Истанбул билан Эдирна Туркияга қайтарилмоқчи. Масъаланинг бу кунги бориши шуни кўрсатадир. Фақат, ўлмаган бўлса ҳам ўлганлар қаторида ҳисобланған Туркияга шунча кучлик бўлған Оврупо давлатлари нимага бунча “илтифот” кўрсатиб турадирлар? Буни Оврупо давлатларининг инсофларидан кўруш жуда хатодир. Бунинг сабабини – фақат, Онатўли қишлоқисининг азим ва матонатидан, инқилобчи турк қўшунининг порлоқ ғалабасидан ва ниҳоят бу кунги сиёсий вазиятнинг шунга мойил бўлушидан кўрмак керакдир. Масъалани бу кун шу равишча ҳал этдириб турған – Онатўли халқининг кучидир, милтиғи, ўқи, пулимотидир. Йўқ эса, Истанбулнинг музайян саройларида, юмшоқ тахтларда ўлтурған ва англизлар билан французларнинг ҳар бир ҳаракатига “Марҳабо!” деб турған султон ва шаҳзодаларнинг бу масъалада бир чақалиқ аҳамиятлари йўқдир. Улар учун Истанбулнинг Туркия қўлиға кириши муносиб эмасдир, шунинг учун Истанбул масъаласи Туркия фойдасиға ҳал этилатурған бўлғандан сўнг, султоннинг эрка шаҳзодалари ва уларни силаб, сийпаб юрған олий вазирлар Истанбулни ташлаб, Малта отасиға қоча бошлағанлар… Сафарлари бехатар бўлсун! Истанбулда ўлтурған номуссиз султон ҳукумати энди Онатўли ҳукуматини расмий бир ҳукумат деб танимоқчидир. Инқилобчи Онатўли халқини ва унинг ҳукуматини шу чоққача боғий ва осий деб келганлар бу кун ўз қарашлари ўзгартмакка мажбур бўлубдирлар. Мана бу ғалаба – Истанбул, Эдирна ва Тракияни қўлға киргизиш ғалабасидан ҳам аҳамиятлик бир ғалабадир. Бунинг билан Онатўли қишлоқисини самимий суратда қутламоқ керак. Яшасун, ғалаба устига ғалаба қозониб ётқан инқилоб. Ҳақиқий инқилоб Биз бир неча йилдан бери инқилобнинг энг қайнаған муҳитида турамиз. Биз инқилобнинг энг кучайган асрида яшаймиз. Ўктабр ўзгаришидан бери бизнинг ҳар бир ҳаракатимиз, ҳар бир қимирлашимиз инқилобга томон, ўзгаришга қараб ясалди. Чириган, бузулған ҳаётимизни тузатмак учун ҳар йўл билан ўзгариб, бошқаланиб кўрдик. Локин бунларнинг кўби, аксариси эргашиш йўли билан, тақлид усули билан борар эди. Шунинг учун шу 5-4 йил ичида кўзга кўрунгундек ўзгарганимиз кўрулмади. Миямизда, ҳаётимизнинг чуқур бурчакларида бошқалиқ, янгилик бўлмади. Бизга кийимда, саҳнада, юруш-турушда ясалған ўзгаришлардан кўра ортиғроқ ўзгариш қилинатурған ерлар бор эди. Энди унларга сира аҳамият бермадик. Бошқалар олдида ўзимизни қизартатурған қанча ёмон одатларимиз бўла туруб, ул одатларни халқ «қилмаса гуноҳ бўлмади» эътиқоди билан қила туруб, биз бунга индамадик, унлар билан курашмадик. Биз фақат ясан-тусанга ортиқ аҳамият бердик. 5 йил кўпуруб, қайнаб, ўзимизни ҳар томонға уруб қарағандан сўнг, эндигина ҳақиқий инқилобнинг лозим нуқтасини топиб келамиз, шекиллик. Санъатда Ғарб йўли билан эмас, ўз йўлимиз билан, шуни тузатиб, ислоҳ қилиб кетиш керак деган фикр яқиндан бери газетамиз бетларига чиқа бошлади. Мактабларимизда ҳам шаклдан, кўринишдан, ташқи ялтироқлиқдан кўра маънога, ички пухталикка кўбрак диққат қилинғанлиғи кўруладир. Газеталарда ўз ҳаётий масалаларимиз кўбрак ёзилиб, янги чиқаёткан мажмуаларимизда ўз ҳаётимизни текширишларга ортиқ аҳамият берила бошлағанлиғи билинадир. Ғарб музикаси остида секин-секин йўқолиб, кўмулуб борған чолғиларимизнинг ўқутиш, ўргатиш, таълим йўли билан яна жонлана борғанлиғи, унинг учун мактаблар очилғанлиғини эшитамиз. Мана бунлар бизнинг бир қадар сергакланмакка бошлағанимизни кўрсаталар. Бу кунларда Тошкент маҳкамаи шаръиаси Тошкентнинг мўтабар уламолари билан бирга бутун маҳалла имомларини тўплаб бир мажлис бошлаған. Ул мажлисда халқ орасида неча юз йиллардан бери давом этиб, бир одат ва савоб бир одат қаториға кирган кўб хурофотларни битирмакка қарор қилинған ва ул қарорни юзага чиқармоқ учун махсус мухтасиблар белгиланиб, жиддий чоралариға киришилган. Ул мажлисда ман қилинған ёмон одатларимиз орасида ўликка еттилик, йигирмалик, қирқлиқ ва йиллик ошлар қилиш, хотунларнинг йиғлаши, тобутнинг олдида йиғлаш, қора кийиш каби бизни бошқалар олдида масхара қилатурған зарарлик расмлар ҳам бордирким, бу – халқ ҳаётининг энг қора бурчакларида ясалғуси ўзгаришдир. Мана буни олқишламоқ, буни юзага чиқаришда қўлдан келган қадар тиришмоқ ҳаммамизнинг энг ўткур вазифамиздир. Битсун хурофот! Ҳаққулободда янги қурс Атроф ижроқўмининг раиси ўртоқ Иброҳим ҳожи ўғлининг ҳаммани остида ёш батраклар орасидағи саводсиз аъзолари учун 3 ойлиқ вақт белгилаб бир қурс очилди. Бу қурснинг ёнидан ибтидоий мактабнинг юқори синф талабалари учун ҳам ҳозирлик бўлуми давом қилмоқда. Бу ғайрат ёшларни суюндириб ҳар бир ёш саводсиз аъзолар ўртоқ Иброҳим ҳожи ўғлини олқишламоқдадур. Ҳаёт-мамот масаламиз устида «Туркистон» бошқармасиға ўлкамизнинг ҳар томонидан ҳар кун дегудек тўп-тўп хатлар келадир. Газета бошқармасиға келатурған хатлар, албатта, маҳалларнинг кун ўтказиши, тириклик қилишини ҳар тарафдан яхшилаб кўрсатса керак эди. Локин ул хатлардан олған хабарлар билан газетанинг ўлка ҳаётий қисмини кенг, яхши ва тўғри бир йўлға қўюб бўлмайдир. Негаким ул хатларнинг ҳаммаси дегундек маориф, ўқуш, ўқутиш масаласидан ва ул масаланинг-да фақат фожиа ёқларидан баҳс эталар… Ўлка Маориф комиссарлигида ўлтуруб маҳаллардаги маориф шуъбаларининг маъруза (доклад)лари ичига кўмилган ўртоқларимиз, билмадикким, маорифимизнинг ҳақиқий ҳолидан қанча хабардор бўлсалар? Албатта, улар маҳаллардаги маориф ишларининг очиқ чиғармасини биздан ортиқ онглаб, биздан ортиқ билсалар керак. Фақат маҳаллардаги маориф ишларининг ўлиб боришиға қарши у ўртоқларимизнинг бу кун нима тадбир ва чоралар кўрганлиги уларнинг Хўжанд маориф шуъбасига қилған муомалаларидан маълумдир. У муомала шундан иборатдир: ўлкамизда мактаб ўқушларига бир қадар аҳамият берган бир мусулмон шаҳри бўлса, у ҳам Хўжанд экан. Маориф комиссарлигининг мактаблар тури (миқдори) бўйича Хўжандда ҳукумат ҳисобига фақат 8 гина мактаб очишға рухсат берилиб, шунга яраша, балки, озроқ пул берилгани ҳолда, Хўжанд маориф шуъбаси ўзи ҳаракат қилиб 14 мактаб сақлар экан. Бу 14 мактабнинг иккиси ҳам қизлар мактаби экан. Сўнг вақтларда таъминотсизлик сабаблик ҳар ерда мусулмон муаллимларининг мактаб ишларини ташлаб, бошқа йўлларға кириб кетканликларини кўрган Хўжанд маориф шуъбаси турли йўллар билан пул топиб, муаллимларга таърифа (тариф) бўйинчагина оёқ бермасдан, улар билан алоҳида муоҳада (договор)лар ясаб, уларни бир қадар таъмин қилиб келган. Хўжанд маориф шуъбасининг бу ҳаракатини бизнинг ўлка Маориф комиссарлигимиз ўзбошимчалик, режадан чиқишлик деб топиб унга койиш (поритсание) эълон қилған… Бу муомала Хўжанд маориф шуъбасида ўлтуруб, оз-да бўлса ишламак истаган кишиларга: «Ишлама, барибир, сени ишлатгали қўймаймиз!» – демак эмасми? Дуруст, Хўжанд маориф шуъбаси ўзбошича муоҳада боғлаған, ўз билганича иш қилған. Ҳар ҳолда, керак ва лозим бўлған расмиятни бузған. Локин мактаблар тури бўйинча ҳиссасига тушкан мактабларнинг ярим-йўртиси учун ҳам қанча вақтлардан бери таъминот ололмай келган маориф шуъбалари бор, кўб бор. Ана буларга қарши расмиятни бузған Маориф комиссарлигининг ўзи эмасми? Хўжандда 8 мактаб ўрниға 14 мактаб бўлған экан, бир мактабга эга бўла олмаған жойлар ҳам бор. Сўнгра мактабларнинг бу жиҳати ҳам бор: бу кун бизнинг ерлик халқнинг маорифи ўлим олдида; маориф ишида юрган ёшларимиз, муаллимларимиз қоринларини тўйғиза олмасдан маориф ишидан чекилдилар; уларни янадан мактаб-маориф ишига жалб этмак масаласи бизнинг учун ҳаёт-мамот масаласи бўлуб турадир. Шундан бир аҳвол ичида ҳам Оврупо расмиятининг энг бачкана, энг арзимас бир боби учун шундай муомала қилмоқ тўғрими? Ўлар ҳолатда ёткан кишига: «Нимага меҳмонни қарши олмоққа чиқмадинг?» – десак бўладирми? Фирқанинг сўнгғи ўлка конференциясида маориф ишлари тўғрисида қисқа, локин асосли гаплар айтилди. Маориф тўғрисида маҳалдан келган ҳар бир вакил дегундек зорланиб ўтди. Бутун жумҳурият учун биринчи майдон хўжалиқ майдони бўлуб, маориф иккинчи ё учинчи майдон бўлса, бизнинг Туркистонда ўзининг қоронғулиғиға қараб бу майдон биринчи бўлмоғи керак эди. Аммо бизда босмачилик ҳаракати бор. Локин яхшилаб ўйланғанда, шу босмачилик ҳаракати ва унинг орқасида тўрт-беш йилдан бери элни қоқшатиб келган уруш майдони бизнинг жаҳолатимиз орқасида чиқмадими? Бир нарса онглаған, тушунган халқлар сира оёқ остида эзилдиларми? 8 мактаб ўрниға 14, балки 24 мактаб очиб, аҳднома билан эмас, ундан каттараги билан иш кўруш натижасида ҳар бир қуллиқ занжирига оғир, оғир зарбалар тушурилмасми? Ҳиндистонда очлик Бу йил Ҳиндистонда экинлар жуда ёмондир. Ҳар йил вақти-вақтида ёғатурғон ёғмурлар бу йил пастаки бермади. Бухор вилоятлари ва Ҳимолай ён – берларида ва ҳам Панжоб ва шимолий – ғарбий чегара тарафларида кўб оз ёғди. Кўб вилоятларда ҳозир очлиқ бошланди. Ҳиндистоннинг ҳар ерида ғалла ва ем-хашакнинг нархи бирдан кўтарилиб кетди. Ҳукумат қурултойи Шу кунларда ҳар кимнинг қулоғида “қурултой” сўзи жаранглаб турадур: Яқинда қурултой бўлур экан, ҳукумат қурултойи экан! Бу нимадур, нима учун бўладур, қоидаси нимадур? “Қурултой” деган сўз бугунги бухороликлар учун ёт сўздур, таниш эмасдур. Бунинг сабабини, йўлини, фойдасини Бухоро улуси бирдан тушуна олмайдур. Биз, Бухоро, умуман Туркистон халқи ўзимизнинг билмаслигимиз, онгсиз, эпсизлигимиз сабабли “қурултой” сўзини англамасак ҳам бу сўз тарихимизнинг энг эски бир ўртоғи, қалин бир дўстидур. Бурунги турк ҳукуматларидан ҳар бири иш бошига ўтканда, ҳаммадан бурун умумий бир мажлис чақирар эди. Бу мажлисга мамлакатнинг буюклари, халқ тарафидан сайланғон оқсоқоллари, халқ фойдасини тушунган олимлари тўпланар эдилар. Янги ҳукуматнинг сиёсати, салоҳияти тўғрисида гапурур эдилар. Кенгашиб, машварат қилиб, қонунлар ясар эдилар. Бу қонунларнинг ижросини ҳукумат кишиларига топшуруб, ўз юртига қайтар эдилар. Мана шул умумий мажлиснинг оти “қурултой” эди. Эски турк ҳукуматлари бошларига улуғ бир иш тушганда ҳам қурултой чақириб, мушкулларини халқнинг кенгаши билан ҳал қилур эдилар. Тугунларни элнинг тирноғи билан ечар эдилар. Мамлакат идораси учун энг тўғри, энг фойдали йўл шул эди. Лекин замон бизни бу тўғри йўлдан чиқариб, узунроқ отди. Ёш жумҳуриятимизнинг исми “Халқ Шўролар Жумҳурияти” дур. Бу исм уч муҳим улуғ сўздан иборатдур: “халқ” (масса)нинг “жумҳур”и, яъни аксарияти тарафидан юборилғон вакиллар “шўро”, яъни машварат қилиб, мамлакатнинг асосий қонунларини, ташкилий идорасини ҳал қилурлар. Халқимизнинг саодати, роҳати, ватанимизнинг бахти ва тараққийси йўлида берилган қарорларининг ижросини маълум бир ҳайъатга топшириб кетурлар. Бухоро Халқ Шўро Жумҳуриятининг асосий қонунлари, усул идораси “халқ”нинг “жумҳури” тарафидан юборилғон вакилларининг “шўро”лари – кенгашлари билан муқаррар бўлур. – Қаерда? – Қурултойда! Бухоро Халқ Шўро Жумҳуриятининг идора тизгини, қилич ва қалами; “халқ”нинг “жумҳури” тарафидан юборилғон вакилларининт “шўро”си билан сайланғон кишиларига топшириладур. – Қаерда? – Қурултойда! Шу узун муқаддима билан олдимиздағи ҳукумат қурултойининг қандай муҳим ва улуғ бўлғонини кўрсатмак истадик, эҳтимолки кўрсатдик. Халқнинг тинчлиги билан тинчсизлиги, ватаннинг саодати билан фалокати, ҳукуматнинг интизоми билан бузуқлиги шул қурултой натижасида муқаррар бўлур. Юборилғон вакиллар, сайланғон кишилар тўғри, инсофли, виждонли, ватан ва халқ фойдасини тушунғонлар бўлса, бу қурултойдан кейин халқ тинч, ватан масъуд, ҳукумат мунтазам бўлур. Юборилғон вакиллар билан сайланғон масул кишилар инсофсиз, сотилғон, золимнинг қуйруғи, томоқ ва ақча бандаси бўлса – ишимиз яна оқсай қолур. Иккинчи мақоламизда кимларни вакил қилмок керак, идорани кимларга топширмок лозим эканлиги тўғрисида сўз очамиз. Ичкари типларнинг чевари Бу артистканинг бўлакча бир тарихи бор. Совет саҳнасининг бу қадрдон санъаткори билан танишаркан, биз, тилар-тиламас инқилобдан бурунги қора кунларга томон бир бурулиш ясаб оламиз. Қилич ва яроғ-аслаҳа кучи билан Ўрта Осиё ўлкасини ўз тасарруфига олиб, у ўлканинг халқлариға нисбатан зўр бир ғурур билан фотиҳлик сиёсати юргизган чорлар замонини эсга оламиз. Ерли халқ камбағаллари учун “алоҳида” вагон ажратилган, ерли халқни руслаштириш учун махсус “рус-ерли мактаблари” очилган, чиройлик парклар ва боғларға ерли халқ жулдур чапонлари киритилмаган, ҳар бир русдан ерли халққа нисбатан ғурурли ва ҳазар қилувчи бир муомила талаб этилган даврларни кўз олдига келтирамиз. Бутун бу тубанликлардан фарсахларча йироққа кетган бизлар, бу кунги миллий сиёсатнинг гувоҳлари, баъзида, ҳатто ўша кўрсатилган масхараликларнинг бўлганига ўзимизни ишонтиролмай қоламиз… Ўлкамизда ана ўшандай қора бир миллий сиёсат юритилган бир замонда (1899 нчи йилда), Наманган – Тўрақўрғон йўлидаги, Намангандан 2-3 чақирим масофалик бир қишлоқда Маруса хоним туғулади. Унинг отаси, ўша қишлоқдаги пахта заводида ишчи (механик) бўлган. У оилада туғулған болалар, кўча-куйга юриб чиқа олатурған ҳолда келар-келмас, қишлоқдағи ўзбек болалари орасига қоришиб кетиб, чанг ва лойлар ичида, бутун кун ўшалар билан ўйнашдан бўшамас эканлар. Гўдаклар, бир-бирларидан ҳеч ҳазар қилмас, жуда яхши ўртоқ тутушар эканлар. Маруса хонимнинг онаси, ака-укалари ўзбек тилини ўз она тилларидай билганлар. Маруса хонимни саҳнамизда кўрганлар бизнинг миллий хотин-қиз типларини беришда унинг қандай чевар бўлганини яхши биладилар. Маруса хонимнинг биринчи марта саҳнага чиқиши яна Наманганда бўлади. 1917 нчи йилда маҳаллий ўзбек ёшлари томонидан қўюлған таржима бир асарда (“Арвоҳлар”да) Марям ролини ўйнайди. Шундан кейин Наманган шаҳарида саҳнага қўйилған кўп асарларга аралашади. 1918 нчи йилда уни биз Тошкентда учратамиз. Ўзининг айтишича, ўша йили Тошкентда Карл Маркс номидаги театр тўдасида ўйнаган. 1918 нчи йилнинг декабрь ойларида Фарғона шаҳарида Қизил қўшин сиёсий идорасининг ташвиқот поезди тузулади. Шу поезд қошидағи театр тўдасида Маруса хоним ҳам бор. Тўданинг раҳбари Ҳамза Ҳакимзода эди. Тўдада халқ ашулачиси Қори Ёқуб, марҳум Ҳожи Сиддиқ, Рустам Исломов ўртоқлар ишлардилар. Бу тўда илгари Закаспий уруш майдонига бориб, у ердаги қизил аскарларга хизмат қилди. Кейинча Фарғона уруш майдонида босмачиларга қарши урушаётган қизил аскарлар орасида томошалар кўрсатиб юрди. У тўдада Маруса хонимнинг ўйнаган роллари, тамоман деярлик, Ҳамза Ҳакимзоданинг “Фарғона фожеалари” номлик тўрт песасидадир. Ҳозирга қадар ҳаммаси бўлиб 25-30 рол ўйнаган. Булардан муҳимлари: “Ҳалима”да Холжон хола, Ҳалиманинг ўзи, “Лайли Мажнун”да Лайли, “Фарҳод Ширин”да Ширин ва Маҳинбону, “Ёрқин Ой”да Ёрқин, “Аршин мол”да Гулчеҳра, “Лойқалар”да Калонова, “Ревизор”да Анна Андреевна, “Рустам”да Ҳамро, “Уйланиш”да амма, “Менинг дўстим”да София, “Қарол”да Биатрича. Унинг энг яхши ўйнаган роллари, бизча, “Ҳалима”даги Холжон хола роли билан “Лойқалар”дағи Калонова роли. Маруса хонимнинг ўзбек хотин-қизлари ҳаётига (эска ҳаётга) жуда яхши ошна бўлганини назарга олсак, ҳалиги муваффақиятларнинг сири дарров билина қолади. Бу икки рол, эски ҳаётимиздаги хотин-қиз типларининг энг характерлиларидандир. Тўғри, Калонова – ўз вақтида жавобгар бир шўро ишчиси эди. Шўро даврида ишлади, шўро даврида жиноят қилиб, ўз жиноятини жазосини тортди. Фақат, у умрининг муҳим даврини инқилобдан илгари яшаган, инқилобдан кейин ҳам эски турмуш ботқоғидан ўзини тортиб ололмаган эди. Шўро даврида бутун борлиги билан эски турмуш чангалида қолиши, уни, охирда фожиага олиб борди. Шу ҳолда уни Холжон холадан кўпда йироқ қўйиб бўлмайди. Бу иккаловини бирлаштирган икки сифат бор: оғзи катталик ва дадиллик. Шу хислатларга эга бўлмасалар, у иккови, ҳаётда ва саҳнада мунча чуқур из қолдириб кетолмасдилар. Маруса хоним Холжон холанинг шу дадиллигини яхши бўртдириб беради, чунки артистканинг ўз шахсий характерида ҳам шу дадиллик бор… Биз, уч машҳур Холжон таниймиз: Ҳасан машиначи, Баҳри, Маруса хоним (мен марказ саҳнасини оламан). Бизда хотин-қизнинг саҳнага чиқиши эмас, театрга келиши мумкин бўлмаган даврларда режиссёр Уйғур Ҳасан машиначини саҳнага олиб чиқиб аёл ролини ўйнатди. Эркаклиги тамом билиниб тургани ҳолда, Ҳасан ўша типнинг бутун икир-чикирини яхши билгани учун, жуда зўр муваффақият билан ўйнади. Уни кўрганлар эски муҳитдан очиқ ва равшан бир парча кўрардилар. Шу учун эркаклик деган нарса билинмасди… Баҳрининг Холжони жуда жонли, серҳаракат, лекин унча дадил ва баҳайбат эмасди. Зотан, Баҳрининг тан тузилиши ҳам тўйлар қаҳрамони бўлган баҳайбат Холжонни беролмасди. У Холжонни майинрак қилиб, кўпрак унинг шайтонлигини бўртдириб, ҳовлиқмалигини кўп ҳам кўрсатмасдан ўйнади. Маруса хоним тамом бунинг акси. Тошкент томошабинларидан бир кампирнинг ўғли, ўз онасини “Ҳалима” томошасига келтиргач, Холжоннинг артистка эканига ишонтиролмаган. У кампир Холжонни аллақайси бир совчи хотинга ўхшатган, “шунинг ўзи” деб тураберган. Бизда ҳали эски турмушнинг қора саҳифалари кўп варақланиши керак. Янги ва бахтли бўғун, у қора кўринишларни саҳнада жонланган ҳолда кўрсин ва бу куннинг эркин ҳаёти билан солштирсин. Шу нуқтадан қарағанда Маруса хонимнинг саҳнамиздаги мавқеи зўр ва баланд. Бу кунги ёш бўғун артисткаларимиз эски маишатни яхши билмайдилар. Улар учун ўрганатурған бир мактаб керак. Маруса хоним, Лутфи хоним ва бошқа шу сингари артисткаларимиз ёшларга эски турмушни кўрсатишда бир мактаб вазифасини ўтаяжаклар. Бу – зўр шараф. Маруса хонимнинг шарафи ва қадри шу нуқтада бўлса унинг заифлиги ва камчилиги ҳам шу жойнинг ўзида. У эски турмушни жуда яхши, янгисини эса жуда оз билади. Ҳозирги замон песаларида унинг Холжон хола ва Калоновалар даражасига кўтарила олмаслиги ана ўша заифликдан бошқа нарса эмас. “Уйланиш”да амма ролини, “Ревизор”да Анна Андреевнани яхши ўйнамайди, “дурус” ўйнайди, холос. Яхши ўйновчи бошқа актёрлар орасида Маруса хонимнинг ўртача ўйини дарров сезилиб қолади. Маруса хоним яхши, истеъдодли артистка. У шу камчилигини курашиб енгиши керак. Афсуски, ўз иқрорича, адабиётни кам ўқуйди (ҳам ўзбекча, ҳам русчани). Театр-санъат адабиёти билан ҳам кўп шуғулланмайди. Касаллик, иш кўплиги ва бошқа-бошқа сабаблар бор, албатта. Фақат, ўсиш йўлини тўсатурған сабабларни курашиб енгмаса бўлмайди! Идорага мактуб: Нўширавон афанди ҳақинда Марҳум Нўширавон афанди ўлгандан сўнг “Улуғ Туркистон” ғазитасинда андан қолған нарсалар ҳақинда ҳар ким маълумот бермакка бошлаған эди. Мен ҳам ўзимдаги нарсалар ҳақинда ёзиб билдирмакчи бўлдим. Маълумдирким, марҳум Туркистон Чини саёҳатиға тўқталған “Садои Туркистон” ғазитасининг мухбир ҳам вакили сифати ила кетган эди. Йўлдан “Садо”ға икки китоб юборган эди. Бириси: буюк турк шоири Амир Навоийнинг босилмаған бир асарики, унинг миллатга қолдирған вақфлари ҳақида “Вақфнома” деб айтурлик бир нарсадир. Ул асар Навоийнинг ўз асридаги “рўмантизм” руҳинда ҳар турли бўёв билан бўялуб ёзилған (яъни арабий-форсий сўзларнинг бозори.). Марҳум уни асл нусхасиндан ўзимизнинг 6 нчи нўмирлик русий коғазга кўчурган (аслини ололмаған бўлса керак), иккинчи саҳифасинда марҳумнинг ўз қўли билан ким нималар ёзилған эди, ҳозир хотиримда бўлмаса-да, ҳар ҳолда асарнинг исми ҳақиндан бўлса керак, яхшигина адабий бир нарса эди. Иккинчиси: форсий ёзилган “Жангнома” (уруш ҳикояси) бўлуб, яхши мусулмон коғазига ғоят гўзал бир қалам ила ёзилған назм эди. Биринчи асар ҳозир ўз қўлимда эмас. Хўқандда бир биродарим Юнусжон Оғалиқ жаноблариндадир. 2 нчиси ўзимда, аммо 20-30 минг чақиримлиқ ерда; саломатми? Йўқми? Билмайман. Агар меним китоблар қўйған еримга “қаҳрамон” арманилар “қизил лента”лар боғлаб кирган бўлсалар, эҳтимолдирки, асар марҳум Нўширавон афандининг ёнига кетган бўлса… Саломат бўлған тақдирда вақти ила тобшурурман. Ижроқўм Ниҳоят… ниҳоят келиб инқилоб қўмтамиз ижроия қўмита (ижроқўм)ға айланди. Инқилобнинг қонлар кўпурткан вақтларида бутун шаҳар ва уезд ҳарбий ҳолат остиға кириб, тинчлиқ билан иш кўргучи бир маҳкама, бир идорани кўрушдан йиллардан бери маҳрум бўлуб келди. Ҳаттоки, яқин вақтларда инқилоб қўмитасининг исмига «ҳарб» (уруш) деган бир сўз қўшулуб, «инқилоб ҳарби қўмита» номини олиб келди. Ниҳоят ўтган ойнинг 28 нчи куни Андижон шаҳар ва уезднинг бош маҳкамаси, амалий хужайини ўз мажлисини кўрди. У мажлисда «инқилоб, ҳарби» жумлалари бир тарафга олуб қўюлуб, ижроия қўмита номи ўртага чиқди. Ҳозир, ҳар нарса юмшағанидек, ҳар нарса бўшашғанидек. Лекин, ҳақиқатда асл иш, асл меҳнат, асл ўзни кўрсатиш эндигина бошланди, десак бўладур. Чунки бурунғи ҳайъатларнинг вазифаларида душман билан урушмак баробарида бузмоқлиқ ҳам бўлса, ҳозирги ва мундан кейинги ҳайъатларнинг вазифалари тўппа-тўғри: тузатиш, ўнглаш, обод қилиш, гуллатишдур. «КИЧКИНА ОНГЛАШИЛМАСЛИҚ» Яқиндағина Андижон сув идораси (Вод.хоз) ўзининг фаолияти тўғрисида маъруза берган. Маърузадан онглашиладурким, сув идораси Масковдан келган улгуржи червонларни бекорга сарф қилмаған, биргина Ҳаққулобод маҳкумининг ўзида аллақанча иш қилған экан. Демак, сув идорасига бу иш учун «балли» демак керак. Лекин шу маъруза устига Ҳаққулобод шўро маҳкамаларидан бир қоғоз келиб тушадур. У қоғозға қарасақ, Ҳаққулобод маҳкумида сув идораси ҳеч нарса қилмаған. Қилған бўлса ҳам ўз пули билан эмас, юрт пули билан, юрт кучи билан қилған. Мана мунда «кичгина»онглашилмаслиқ бор. Шу онглашилмаслиқни билиб, онглаб ҳукм қилмоқ учун ижроқўм қошида алоҳида бир комиссия тузулмакдадур. Қани бир оз кутайликчи, комиссия қандай ҳақиқатларни кашф қилар экан? Ўзи қилмаған ишни «қилдим» дегани учун сув идорасини айбларими ёки кўз олдида қилинған ишдан бехабар қолғани учун Ҳаққулобод ҳукумат идораларини қоралармиз. Ҳар ҳолда шу «кичкина» англашилмасликни бартараф қилар! ДЕҲҚОНЧИЛИК СОЛИҒИ Уезднинг баъзи жойларида деҳқончилик солиғининг униши сустрак борадур. Баъзи жойларда солиқни тўлашга қодир кишилар (қишлоқ бойлари) хайрлик қилғанға ўхшайдурлар. Солиқ йиғиш ишидаги вакил шул тўғрида ижроқўмға маъруза қилди. Ижроқум унинг маърузаси юзасидан қуйидағи чораларни кўришга қарор берди. 1) ижроқўмга тобе бўлған ҳамма маҳкум бўлус, қишлоқ ва овул маҳкамаларига буюрулсунким, деҳқончилиқ солиғининг 15 нчи январгача битта қолмай йиғилиши уларнинг жавобгарлигидур. 2) яна ўша маҳкамаларга буюрулсунким, тўлашдан бош тортқан бойлар ва бой деҳқонларға қарши қаттиғ чоралар кўрулсун. 3) солиқ комиссиясига ҳам таклиф қилинсунким, мухлатдан бурун ариза (шикоят)ларни тезлик билан қараб чиқсун. Шу уч моддани амалга қўйиш шошилишлиқ билан ишланди. Икки йўқотиш Сўнгги йиллар, ўзбек ёшлиғи, тараққийпарварлиғининг бир мунча чолишқон, пок кўнгиллик йигитларини — ер таги оламига судраб олиб кетди. Ҳаммасини бир-бир санаб эсдан ўткармак шу чоқда мумкин бўлмағонлиги учун, юзакигина бир ўй юргизиш билан ҳам Аъламуф, Исмоилзода, Султонуф, Собир Ғафур ва бошқалардан чизилғон бир қатор теграли садаф доналарини кўрмак мумкин бўладур. Маҳмудхўжа отамиз билан Муфтизода Абдираҳмон ва Аъзамжонлар садаф доналарининг имоми бўлуб кетдилар. Айниқса, Маҳмудхўжа отамиз билан бир қаторда турғон Мирзо Фозил (ўшлиқ), тарихимизга қайтиб кетган ҳар бир чоғимизда ўзини сездириб қўядир. Вақти билан чорнинг темир қўллиқ жондори билан курашиш даврида, шу бир ҳовуч ботурлар, не самимий, не берилган йигитлар эдилар. Ўлганларнинг ўрнига юзлар, минглар билан ўринбосарлар етишиб, кўнглимизга умид ёғдулари ёғдирғон тунларда-да кетганларнинг хотиралари кўб аччиғ ва заҳарлик таъсир этмакдадир. Хўқанддан келган ўшандоқ йигитларнинг бири ёна икки йўлдошнинг орамиздан йўқолғонлиғини хабар берди. Яқин орада Хўқанд ва умуман Фарғона ёшларининг катта оталари, боболари ҳукмида бўлғон домла йўлдош Мавлавий билан ишлик ёшлардан ва тараққийпарпар шоирлардан Иброҳим (Даврон) вафот этганлар. Домла йўлдош Мавлавий — Туркистон ва умуман ислом уламоларининг ҳақиқатга қарши кўр бўлишларидан таъсирлангани ҳолда ўзининг табиати асари ўлароқ бошқа ёшлар каби улар билан курашишликдан ожиз бўлғонлиғидан бир чеккага узлат қилиб, чиқиб кетган олимлардан эди. Ҳўқанддаги «Усули жадида» ҳаракатига бошдан-оёқ оралашқон бу муҳтарам зот, ҳур фикрли ва ринд қаландар бир киши эди. Ўзи сўнг чоқларига қадар дарс айтишини ташламағон бўлса-да, бошқа кўб мударрислар каби шу восита билан Қорун хазинасини тўпламоқ каби йўлға ҳам кетмаган эди. Бурундан бери йўқсул ва қашшоқларча яшаб келди, ўлганида ҳам мерос номига бир нарса ҳам қолдирмағон. Ҳатто, ўзи оғриқ экан… оғриқдан тузалиш чораларини ҳам кўрмаган ва истамаган. Юртимизнинг илмсизлиқ орқасида кетиб борғон йўлининг охири қандоғ қўрқинч эканини ортиқ чуқур тушунар эди. 13—14-йилларда зиёратига кирганимда шу масаладан кўплаб гаплашиб ўлтуриб «мен бу кетишимиздан кўб қўрқаман», деган эди. Ўшал вақтдағи аҳвол ва шароитни яхшилаб билган кишилар бу сўзнинг даҳшатини кўб чуқур тушунар эдилар. 63 ёшинда вафот этгаи бу зот, араб адабиётининг улуғ олимларидан эди, шу адабиёт баҳслари устида «Шўро» муҳаррири Ризо қози билан муҳорабаси бор эди. Туркча (ўзбекча) ва форсча шеърлар ҳам айтар шеърда (Жовид) отини қўллар эди. Марҳум Хўқанд ёшлари тарафидан шаънига лойиқ бир суратда дафн этилган ва асарларини текширмак учун ёш уламолар томонидан 3 кишилик бир ҳайъат юзага чиқарилғон. Иброҳим Даврон — (Аъзамхон Иброҳим ўғли) 48 ёшида вафот этган. Бу йигит Хўқанд ёшлари орасида нашриёт ишлари билан танилғон бир киши бўлуб инқилобгача Ҳўқандда янги китоблар ва газеталарни тарқатар ва ёзғучилик билан шуғулланар эди. Унинг «Миллий жумбоқлар» ва «Ашъори нисвон» отлиқ босилган икки асари бордур. Аввалгиси бизнинг миллий тобишмоқларимизни тўплағон бир асар бўлуб, иккинчиси ўзбеклардан етишган баъзи бир шоираларнинг шеърлар мажмуаси эди. Улуғ аҳамиятга эга бўлғон сўнгги асари, таассуфга қарши майдонда кўрулмайдир. Ҳолбуки, Арбобий томонидан текширилатурғон бир нарса эди. Марҳум расмга ҳам ҳаваслик бўлуб, ўз асарлари учун расмлар ишлаган ва 1914 йилда Туркияда ҳам саёҳат этгандир. «Садойи Туркистон» газетасининг доимий ёзувчиларидан бўлуб, унда шеълар ёзғучи эди. (1914). Буда кўп йўқсуллиқ билан ўлган. Унинг бир жуфт шеъри эсимда қолғонким, ўқумағонлиқға қарши ясалғон бу исён — (ўз вақтида) кўб катта исён эди (ўзича). «Жоҳил падарим, жоҳил модар эса мутлоқ Ҳайрон қолурам куфр айлайман орасинда». Иккинчи Лузон арафасида Эрта-индин Лузон конференцияси қайтадан очиладир. Бу илгариги Лузоннинг давоми эмас, ўз бошиға янги бир Лузондир, деб тушунсак тўғрироқ бўлур. Негаким, бу сафарги Лузоннинг руҳи бурунғисидан хийла бошқадир. Ўтган Лузонда шўролар Русиясининг вакиллар ҳайъати ҳозир бўлған ва бу ҳол ҳар томондан катта шовқунлар чиқишиға сабаб бўлған эди. Яқин Шарқ ва айниқса бўғозлар масаласига шўролар Русиясининг қараши билан юрилган вақтда Лузон «кенгашчилар» бир сесканишиб олған эдилар. Энди бу сафарги Лузонда ҳали русия вакиллари йўқ. Бу тўғрида на газеталарда ва на телеғромларда ҳеч нарса кўрулмади. Бу бир. Иккинчи томондан Рур масаласи узул-кесил шунинг билан бирга нозик ва ёмон бир йўлға кириб кетиб давлатлар ўртасидаги алоқа ва муносабатларни чайқалаштириб юборди. Англия билан Франция ўртасида ясама бўлса ҳам очиқ бир самимият йўқ. Ундан кейин биринчи Лузон билан манави иккинчи Лузон орасида ўтган узунғина муддат орасида «Осий турклар»га қарши бирорта юнонға ўхшаған ахмоқ кўмак ҳозирланмади, тўғриси – ҳозирламоқ мумкин бўлмади. Мариж бўйига 80 000 қўшун тўплаб қўйип «буйруқ» беришкагина қараб қолған Юнонистон хўжайинларидан кўнгли тўлмади шекиллик аччиғиға чидай олмасдан ғарбий …..даги бўлған халқини сиқиб-эзишга киришди. Бошқа ишга ярай олмади. Анқаранинг ўз ичидан чиқиши кутулган «кўнгилсизлик» (неприятност)лар ҳам ҳалиги чиққани йўқ. Туркияни заифликка, бўшашишлиққа кетиб борғанини кўрсататурған бирор аломат ва ишорат йўқ. Бўлшевиклар русияси билан бўлған дўстлиқ алоқаси ҳам узилгани ёки ҳеч бўлмаса бузулғани йўқ. Ўзимиздаги иқтисод конференциясида «Осий турклар» шўролар вакилини қаттиғ олқиш билан қарши олдилар. Ўртоқ Ленин касал бўлғанда Туркия саркардалари саломатлик тилаб телеғром юборалар. …. ҳам касал. Унга ҳали на хабар, на телеғром юборилмадилар. Учинчи ёқдан Туркия ҳукумати Амерқонинг «Чистир» ширкатига бир мунча имтиёзлар бермак билан Лузонда иттифоқчиларға қарши кучлик ва бой бир рақиб ҳозирлаб қўйди. Туркия ҳукумати «Чистир» ширкатига имтиёз бературған бўлса Омериқо унга Лузонда сиёсий ёрдам ваъда қиладир деган бир хабарни газеталарда ўқуб эдик. 19 апрелда чиққан газетамизда «Америқо томонидан Лузонға вакил қилиб Чаул ва адмирал Пристул деган кишиларнинг белгиланганликлари» хабар берилган эди. 20 апрелдағи сонида эса: «ул Омериқо вакилининг Лузонға боришдан мақсади – ширкатнинг олған имтиёзларини мудофаа қилмоқ» бўлғанини хабар бердик. Демак берилган имтиёзларнинг муҳим бир қисми – асл Туркияники бўлуб-да ҳозир Англия қўлида турған Мусл вилоятида бўлған учун расман имтиёзларни мудофаға қолған Омериқо ҳақиқатда Туркияни мудофаа қилған бўлиб чиқадир. Бу иш Англия билан Франциянинг ҳаддан ташқари ўсуб кетган ғурурлариға катта бир зарба бўлиб уларни бир мунча юмшатса эҳтимолдир. Тўртинчи томондан Лўзонға боратурған Туркия вакиллари ҳайъати-нинг бошиға сиёсатда бир оз бўшанглиғи кўрулган Исмат пошшо ўрнига бу сафар дўқтур Ризо Нурибек қўйилғандирким бу-да Туркиянинг Лузондағи мавқеи бу сафар бошқача бўлишини кўрсатадир. Буларнинг устига Сулаймония воқеаси муносабати билан ёзған мақоласида ҳозирғи вазиятга жуда опғалиқ (ҳушдорлиқ) билан қараған Онатўлидағи «Янги кун» газетасининг фикрини қўшсақ бу кунги Туркиянинг Лузондағи мавқеи ва умуман янги Лузоннинг умумий шакли бизга очиғроқ кўрулган бўладир. «Янги кун» ёзған эди: «Бир томондан Лўзон конференция»сига вакилларимизни юбориб қўйиб иккинчи томондан тинч халқимизни урдиришға йўл қўя олмаймиз. Қўшунимиз қурол остида: Муслни йодимиздан чиқарғанимиз йўқ. Иш бошланди Эски Тошкент ижроқўми сўнг вақтларда чиндан-да ўзбек маориф ва маданият ишларининг мушфиқ отаси бўлуб борадир. Давлат ва мамлакатнинг шу пул бухрони вақтида маориф-маданият ишларимиз ҳукумат таъминотидан чиқиб бораётқани бир замонда, эски шаҳар ижроқўми қўлидан келган ҳар бир йўл билан шу ишларнинг оқсамай боришиға, балкида, юксалишига тиришмоқдадур. Яқинда ижроқўм қошидағи мактабларга ёрдам комиссияси томонидан ижроқўмнинг ўз биносида катта бир кеча ясалиб, мунда манави ташқиқотдан ташқари бир мунча моддий фойда ҳам ҳосил этилди. Бу кечага ижроқўм томонидан бутун моддий ва маънавий кўмаклар кўрсатилганлигидан бу кеча шаҳаримизда сўнг вақтларда ясалған кечаларнинг ҳаммасидан ҳам муваффақиятли чиқди. Туркистон жумҳуриятининг маркази бўлған Тошкентда шу чоққача биргина ўзбек тиётр тўдаси бўлиб, унинг ҳам битта декарациа жиҳоз ва бошқа кўб жиҳатлардан қандай ёмон ҳолда бўлғанлиғи газетамизда неча марталар ёзилған эди. Охирда бу ишга ҳам эски шаҳар ижроқўми жиддий аҳамият берди ва ўзининг яқинда бўлған раёсат мажлисида Ҳамид Сулаймон ўртоқнинг шу туридағи маърузасини тинглағандан сўнг қуйидағи қарорни чиқарди: 1) эски шаҳар давлат туруппасини бир мунча вақтқача қандай йўл билан бўлса-да ижроқўм ҳисобидан таъмин қилиб туришға; 2) труппанинг ўюнларидан тушган тушимни шу муддат ичида фақат ўзининг саҳна кам-кўстлари учун сарф қилдиришға; 3) ҳозирға декарациа, жиҳоз ва бошқа нарсалар учун шошилиш ўлароқ 6 юз минг сўм (олти милиард) пул беришга, маориф шўъбасига, қўлидағи тиётрга кераклик муюмларни бепул тиётр учун берсин деб буюруқ қилишға; 4) Тиётрнинг бурунғи ва сўнгғи бутун аҳволини сақлаш, мадохилларини яхшилаб тежаш ва ҳам туруппани ўзини таъмин қилиш (samoopravadaniye)га қарата олиб бормоқ учун Муҳитдин Усмоний билан Ҳамид Сулаймон ўртоқларни масъул вакил қилиб белгилашга. Бу қарор, бошқа кўб қарорлар каби қоғоз устида қолмасдан, қатъий бир йўл билан юзага чиқиб келмакдадур. Ижроқўм вакилларининг ташаббуси билан ҳозир қишлоқ «Турон» тартибга қўйилмоқда. Унинг саҳнаси учун бир қанча яхши декларациалар ишлатилмакда ва жиҳозлари билан тўлдириш учун ҳаракат қилинмоқдадир. Ижроқўм вакиллари совуб кетмасдан шу йўлда ишлай берсалар, ниҳоят эски Тошкент халқи марказ бўлғудек нафис бир тиётр – томошаган эга бўла олғусидур. Иш вақти – ишлаш вақти Муҳтарам Хонтолишский жанобларина! Русия катта. Русия, унда яшайдиган кўб милюнлар халқ 300 йиллик оғир бир тожни тагидан зўрға қутулди. Бир одамнинг қўлида тақдири ўюнчоқ бўлуб юрған кўб милюнлар халқ золимнинг қўлидан тақдирини тортиб олуб, ўзи идора этмакка бошлади. Зулмнинг энг оғирини тортқон руслардан кейин энг кўб бўлған илмий ва маданий жиҳатдан Русиядаги ҳамма қавмлардан кейинга қолган мусулмонлар учун бу воқеа иккинчи бир яратилиш, иккинчи бир туғилиш, иккинчи бир дунёга келишдир. Юқорида айтилганча, илмий ва маданий кучка жуда фақир ва камбағал бўлған мусулмонлар букунги кунда ўзларига берилган, ўзларининг миллий ва маданий ишлариға йўл очадирған бир қанча ҳуқуқ ва праволарин эблаб жойлаб ола олурларми? Бу саволнинг жавобини ўзум қисқагина бериб ўтаман: Русия мусулмонлари ўшал ҳуқуқ ва праволарни сақлаб қолуб, ишлата олурлар шул вақтдаки, унинг ҳамма зиёли ёшлари ўзларига букунги кунни «Иш вақти – ишлаш вақти!» деб шиор қилиб олсалар. Шукрлар бўлсун улуғ Тангриғаки, мусулмон ёшларининг ҳаммаси деярлик бошқа ватандошлари, биродарлари каби юқоридаги қисқа, фақат маъноси узун тирикликдан иборат бўлған сўзни шиор қилиб олдилар. Кеча-кундуз тинмасдан ўзларининг хусусий ишларини ташлаб, бўйинларига 5 – 6 турли иш олуб, шул шиорни кетидан қувлаб кетдилар. Бу энди ҳозирги куннинг оқ тарафи! Бир тарафда кўб эмас, озғина қора тарафи ҳам бор. Ул қора катта дарё ичида кичкинагина бир қуруғликдай, кенг ва кўкмак осмонда бир парча булутдай бўлса ҳам, замон ва аҳволнинг тақозоси шиорнинг «Иш вақти – ишлаш вақти!» бўлуши ул кичкина қуруғликни дарёға ёки ул кичкинагина булутни кўкмак кенг осмонға қўшишни лозим қиладир. Тўғри, кенг, кўкмак осмонда майда бир булут кенг ва кўз етмаслик дарё ичида кичкинагина бир қуруғлиқ, мингларча ғайратлик ишчи-мардикорлар ичида биргина хушёқмас, ёлқов ишсиз мардикор қолмасун! Чунки замонамизнинг шиори аълами (байроғи): «Иш вақти – ишлаш вақти!» Петроград, Масков, Қозон, Уфа, Урунбурғ, Тошканд, Боку, Тифлис ва бошқа ҳар бир шаҳарлардаги мусулмонлар, оларнинг ғайратлик ёшлари «Ҳуррият ойим» бетларидаги қора чиммат – зулм ва истибдод пардасини олуб ташлаб, ҳамма оламни кўзига «Адолат ва мусовот ҳамма миллатларнинг миллий ўсишларига кенг йўл!» деган муборак, пок сийнасидаги ёзувни кўрсатиб чиққандан бери ўзларининг хусусий тирикчиликларини тамом ташлаб, «ойим»нинг сочқон гулларини теришга, улардан кўчатлар олуб, миллат боғчасининг муборак, пок сийнасига ўтқузушка урундилар. Муҳаррир қаламини, шоир шеърини, мудир идорасини, муаллим ўқутишини, артист ўюнини бир неча кунга ташлади. Югуриб, чопиб кетди «ойим»нинг муборак гулларини теришка! Бу орада қофқосияли артист Хонтолишский жаноблари атрофига бир неча «артист»ларни тўплаб тиётр ўйнаб юрубдур. Ажабо! Дуруст, тиётр деган нарса – санойи нафисанинг энг олий қисми. Улсиз бир миллатни бор деб бўлмас. Маданий миллатларнинг ўсиш даражаларини билмак учун тарозуга солинганда тарозунинг ўртасида ярқираб турадурған санойи нафиса ва унинг бир қисми бўлган тиётр. Бир миллатда мукаммал ул саҳна, тиётр олами йўқ бўлса, ул миллатни «Эр юзида бўлмасун!» деган фикр Оврупода хийли кучлик. Аммо шул нарсани вужудга келтириш учун кенг ҳуқуқлик миллий ва маданий ўсишиға ҳеч бир моне бўлмайдирған бир миллат бўлиш керак. Ҳолбуки, биз, мусулмонлар, ва, балки, бутун Русия илгари шундай эмас эдик. Унинг мактабига, мадрасасига, тилига, музикасига, тиётрига урулиб турған оғир бир зарба бор эди. Биз мактаб очдик – бекитдилар. Мадрасаларимизни ислоҳ қилишка йўл бермадилар. Тилимизга «бало» аралашдирмакчи бўлдилар. Музикамизни тараққий қилдиришка йўл бермадилар. «Падаркуш» деган тиётр ўйнаганларни «охран»ларда судрадилар, ҳосили миллий ва маданий ўсишимизга оғир зарбалар туширдилар. Ҳозирги вақт мазкур зарбаларнинг ўрнига келадирған «дору»ларни танларга, сийналарга яхши жойлаб олиш вақти. Букунда ишланган ва ишланадирган ишлар келадирган замондаги тиётрга кенг бир заминий тошдай бир фундамент бўлур. Дуруст, Хонтолишский яхши бир артист, ондан умидим кўб, орқасидаги «артист»лар ҳам, эҳтимол, дурустдирлар. Аммо ҳозирги ўйланиб турган «ҳуқуқ ва праволарни жойлаб олиш» номлик мингларча пардалик драмдан рўл олмаған артист, тўғриси, «орсиз»дир. Хонтолишский жаноблари келуб ҳозирги драмадан рўл олсун. Ишласун! Эргашганларини ҳам ишлатсун! Миллатнинг боғига, унинг муқаддас сийнасиға «ойим» тарафидан сочилган гулларни ўрнатсун, ўсдирсун! Кейин келсин тиётрни тараққий эттиришка! Ман ва маним бутун биродарларим ҳам суюклу миллатим ёрдамға ҳозир. Келингиз, биродарлар! Букунғи куннинг шиори, байроғи: «Иш вақти – ишлаш вақти!» Иш вақтида гап Тасодифий бир иш билан Анжан молия шўъбасига кирдим, би оз солиқ тўласак керак эди. Солиқни кассага тез топширдим, лекин, пулнинг олинғанлиғи тўғрисида берилатурған санадни жуда чўзуб бердилар. Биргина шу санад учун 1,5-2 соат турдим. Маҳкамада иш иш билан келганлар оз кўрундилар. Демак, иш ҳам кўб эмас эди. Иш усталларининг кўпи бўш кўрунди, ишлагувчи йигитлар ва хонимлар уёқ-буёқда юрдилар. Санад ёзатурған ўртоқ қаршисидағи йигит билан гаплашишдан бўшамади. Молия шўъбасида бекар ўтган умрларидан шикоят қилғанлар кўб бўлдилар. Айниқса, Эски шаҳарнинг нариги чекасидан – йироқдан келганлар кўб қийналадирлар. Кимга текиш бўлса шу “иш ўрнига гап”ни бир оз текшириб қўйсин! Ишчи театрининг маҳорати Ўзбекистон халқ маориф комиссарлиги қарамоғидағи давлат асосий драм театрусининг бир бўлаги бўлиб, кўчманчи ишчи театри 29-30 нчи йилдан бошлаб ишга киришган эди. Бу театрнинг иш даврида айниқса Бухоро, Термиз шаҳарларидаги тажрибасизликлари, янгиликлари натижасида келиб чиқған жузъий камчиликлар ҳақида матбуот саҳифаларида сўзланиб келинди. Театр ичидаги бир қисм умидли ёшлар бу танқидларға жиддий эътибор қилиб, театрнинг камчиликларини тузатишга ҳаракат қила бошладилар. Театр ичидаги ташкилий, оммавий, ҳаётий, тарбиявий камчиликлар бир томондан тугатила борған бўлса-да, иккинчи томондан театр бошиға қора бир кун туға борди. У ҳам бўлса, театрнинг бутун ҳаёт-мамоти давлат асосий театрнинг бевосита раҳбарлигида бўлиши, айниқса театрнинг бошқаруви ўтакетган жиноятчи Қосимхўжаевнинг қўлида бўлиши. Қосимхўжаев ишчи театрининг бошлиғилигини назарда тутмади. Уни ўсдириш учун чоралар кўрмади. Балки, унинг кучидан фойдаланди. Асосий драм труппа хизматчиларининг ойлиғини ўз вақтида берганида ишчи театри хизматчиларининг ойлиғини 2 ойлаб чўзди. Буларни қишлоқда оч-яланғоч қолишиға сабабчи бўлди. Қосимхўжаев бу труппа ҳақида нима қилди денг? Қосимхўжаев Ўзпахтасоюз билан 60 кунда 60 та театр қўйиб бериш шарти билан шартнома тузишди. Бундан 25 минг сўм пулни олиб “Эсинг бўлса бу ерда турма” деди-да Маскавга қараб жўнаб қолди. Бу шартноманинг бўлишин театр хизматчиларига ҳеч ким тушинтирмади. Ҳатто танаффус чоқларини ҳам эсларига олувчилар бўлмағани қизиқ ҳол. Шу аҳмоқона шартномани коллектиф хизматчилари бажардими, йўқми? Театрнинг умидли азаматлари “Ишласак ўшал безбетнинг шарафига ишламас эканмиз, ҳозирғи давримизнинг жон томири бўлған колхоз, совхоз оммалари учун ишлар эканмиз, у билан бўлса тегишли жойларда ҳисоблашамиз” деб қилинған шартномани танаффуссиз бажардилар. Қосимхўжаев ёмонлиқ билан қаноатланмай заём тўғрисида ҳам театрни ўтдек куйдирди. Театр хизматчилари учинчи сана заёмиға 5080 сўмлиқ ёзилған эдилар. Шу пулдан 3800 сўмни на банкага ва на бошқа ерга топширмади. Шу сабабдан театр хизматчилари ҳалигача аблигацияларини қўллариға олғанлари йўқ. Шундай бўлса-да театр хизматчилари “5 йиллиқни тўрт йилда” заёмиға бир ярим ойлиқдан ёзилувға қарор қилдилар. Театр Термизга борған вақтда Қосимхўжаев экин кампаниясини ўтказиш камиссиясидан қишлоқларға чиқиб театр қўйиб бериш учун деб 4 минг сўм олған эди. Бу нарсадан театр хизматчиларини огоҳлантирмасдан урра қочиб қолди. Натижада бир неча қишлоқлар театрсиз қолиб, ёмон отға театр қолди. Ишчи театри Тошкентга келиб тек ётмасдан 2-3 театр қўйиб берди. Бу театрларни кўрган киши коллектиф хизматчиларига умид боғлай олади. Марказий саное’-нафиса союзининг яқинда бўлған мажлисида театрнинг кўрсатган хизматлари айрим театрнинг 30-31 нчи йил театр мавсумида алоҳида айрим маъмурияти, айрим хўжалиғи ва бюджети билан давлат асосий театридан ажратишни лозим топди. Шунинг охирида Қосимхўжаевнинг яна бир марта таъкидлаб, алоқадор идораларнинг диққат билан қарашларини кутамиз. Яна бир зарур масъала, коллектиф хизматчилари ўртасида сиёсий тарбияни кучайтириш, бу йилғи ўйнайтурған асарларни саралаш лозим. Истакли муҳаррир ўртоғим! (Бошқармага хат) Яқинда меним бир дафтарчам (тетрад) йўқолди. Қоғоз муқовалик ул дафтарчага сўнг вақтда ёзған шеърларимни йиғиб кўчирган эдим. Агар янглишмасам, у дафтарчада “Ўйнамоқ ва кулмак истар экан”, “Қиш олдида”, “Қора рўмолликка”, “Эчки ўйнатқучи қизға” номлик шеърларим бор эди. Шуни кўрган, билган ўртоқлар бўлса, ўзимга қайтармоқларини сўрайман. Шунинг йўқлиғи иккинчи шеърлар мажмуасининг чиқмаслиғиға сабаб бўлуб турадир. Тўла эҳтиром билан, Истиқбол учун кураш Бизнинг кенг ва улуғ тарихимиз шу қадар оз ва кам текширилган, ковланганким, шу кунда бўлуб турған жуда кўп воқеаларнинг ўхшашини ўткан замонлардан кечкан ҳаётимиздан топмоқчи бўлсак, шошиб қоласан. Бир воқеанинг ўткан замонда ўхшаши бўлуб-бўлмаслиғи ул воқеанинг аҳамиятини ўлчашда кўб катта вазифа юклар. «Қизил байроқ»нинг сўнг сонларидан бирида Оврупоға ўқумоқ мақсадида бир ўзбек қизининг кетмакка ҳозирланганлиғи ёзилғандир. Ўзбек қизи ҳануз янги усул мактабларга ҳали ёлчиб кира олғани йўқ. Ҳатто ўзбекнинг ўзида пардаси, хоҳиши-да кишани бўлмаған эркак болалари ҳам юқори мактабларининг муҳташам саҳналарида кўплашиб юра олғани йўқ. Ҳали ўзбек қизи ота-онанинг тилсиз қўғурчоғи бўлишдан қутула олғани йўқ. Биз сўнг вақтларда ўзбек ёшларининг узоқ элларга, ёт юртларга кетиб билим ортдирмоқ учун жуда қизиб борғанлиқларини кўруб севинмакдамиз. Ҳар бири ўз бошича тиришмасдан бошларини бир бораға тўплаб, «кўмак»лашиш йўли билан ишлаб турғанликларини билиб турамиз. Локин бу ҳол ўткандаги воқеаларнинг такрор этилмагидан иборатдир. Йироқ замонлардан бошлаб то яқин кунларга қадар ўзбек йигитлари (муллабаччалар) Бухороға, Ҳиндистонға, Миср, Арабистонларға қадар бориб ўқуғанлар эди. Бухоро мадрасалари ўзбек – туркистонлик ёш муллабаччалар билан тўлар эди. Туркистоннинг Сирдарёси ва Фарғонаси учун ул вақтларда Бухоро ҳам ҳозирғи Япония ва Амриқо қадар узоқ эди. Ҳозир Амриқо билан Японияға қадар ётиб, ўлтуруб эсон-омон кетмак мумкин. Илгари вақтларда Самарқанд билан Бухоро ораси ҳам ҳозирғи даври олам қилишдан оғир эди. Шундай бўлса-да, Бухоро, Туркистон муллабаччаларини сонлари жуда кўб бўлған мадрасаларига сиғдира олмасдан, масжидларигача тарқатмоққа мажбур бўлур эди. Арабистоннинг дўзах ҳавосида бедовлари каби ёлғиз ҳурмайиб ётқан ўзбек Туркистон йигитлари хийла кўб йўлиқар эди. Кечирган кунларимиздаги ул ҳаракатларимизнинг натижаси тўғрисида гапирмак истамайман. Тарихдаги бир воқеа ва шу кунда қайтадан такрор этилмакда бўлған бир воқеа бўлғанлиғи учун эска олибғина ўтмакчи бўламан. Бу ҳаракат ҳозир такрор этилмакдадир. Кечикиб, кейин қолиб бўлса-да кучлик суратда бошланиб келмакдадир. Бу ҳаракатга тўғридан-тўғри аралаша олмағанларнинг вазифаси восита билан бўлса-да кўмак бермоқдир. Бу ҳол бизнинг келгусимиз учун катта умидлар берганлигини унутмайлик. Чор ҳукумати вақтида Ички Русия мусулмонларини чўқинтирмоқ ишида Рустами зол (Рустам зол) бўлған, бизнинг маълум Остроумўф тўрамизнинг устоди саналған машҳур Илминский чўқинтириш сиёсатининг бири бўлған машҳур Победоносуфга ёзған хатида ерлик халқ орасидан бизнинг учун фойдалик ва ҳеч бўлмағанда зарарсиз кишилар ўрусча тилни тутулиб, уялиб гапиратурған, ўрусча ёзғанда бирмунча хато билан ёзатурған, бизнинг губернатўримиздан эмас, ҳатто устол бошлиғи (мирзо)миздан ҳам қўрқатурған кишилардир деган эди. Мунга қарши биз рус тили билан эмас, ҳатто Оврупо маданий миллатларининг тили ва билими билан жавоб берсак одам қатори яшамоққа албатта ҳақ қозонадирмиз. Энди бу эзгу ҳаракатга тарихимизда кўра олмағанимиз – бу нарса қўшулса, яъни ўзбекнинг эркин йигитлари эмас, тутқун қизлари ҳам Илминский васиятига қарши исён бошласа, ўзи учун энг олий бўлған элидан, ота-онасидан кечиб неча минг чақирим ерга кетсалар, одам қатори яшаш ҳаққини туртки емасдан, урулмасдан, сўкилмасдан кўб кўруш ҳуқуқини ортиғи билан қозона оламиз. Эски турмуш ўлим тўшагида. Йигитларимизнинг чин билимга қараб бу интилишлари эски турмушни бир оз аввал ерга кўмгусидир. Ўзбек хотун-қизлари ҳуқуқ ва эрк учун кураш бошламоқда. Ўзбек қизининг Ғарбга, Ғарбнинг чин билиш, чин маданиятига қараб юруши унинг ҳақ-ҳуқуқини бутун элнинг ҳақ-ҳуқуқи билан бирга тез ва тез фурсатда қўлға келтиргусидир. Жиддий чоралар Солиқ йиғиш ишида шу қадар жиддий сабаблар бор. Маҳаллий ижроқўм шу сабабларни кўруб туруб ҳам яна солиқ йиғиш ишига жиддий аҳамият бермакдадур. Яқинда шу солиқ йиғиш ишига бепарволиқ қилғанлари учун 7 та бўлижроқўм, битта райижроқўм раислари 5 кундан қамоққа олиндилар. Мундан бошқа ҳам яна бутун кучни шу йўлга сарф қилиб, шу ишни тезроқ битириш чоралари кўрулмакдадур. Жойлардағи маблағлар Сўнгғи бир-икки йил орасида ҳукуматимизнинг юргузиб келган сиёсати ҳаммамизга маълум. Шу бир-икки йил ичида энг кўб аҳамият берилган нарса хўжалик ва молия ишлари бўлди. Янги иқтисод сиёсати номи билан юргузилган ва мамлакатни бузғунликдан қутултириш мақсадига тақалған бу сиёсат жуда зўр ғайрат ва матонат билан ўтказилди. Бу йўлда дўст ва душманнинг ҳеч бир гап-сўзига қаралмади. Натижада мамлакатнинг кундан-кун тузалиб, обод бўлуб борганлиғини кўруб турамиз. Ҳар кун дегундай кўб вақтлардан бери ишдан тўқтаб турған бир завуд ё бир фабриканинг очилиб, ишка бошлағанлиғи хабар бериладир. Айниқса, молия сиёсати, яъни пул-мол ишлари ўткур ва интизомли бир доирага олмоқда, бу йўлда аҳвол ва вазиятни тубдан маҳкамлайтурған ҳар бир чора ва тадбир кўрулмакдадир. Мамлакатнинг умумий ободонлиғи учун тутулған бу сиёсат, албатта, ҳаётимизнинг кўб томонлариға турғунлик ва сустлик ҳам келтирмакдадир. Айниқса, маориф ишлари бу сиёсат орқасида жуда қийин бир кунга қолди. Буни шўролар маорифининг отаси бўлған ўртоқ Луначарский ҳам марказ газеталарида «маориф ишлари таҳликада» деган таъбирлар билан бир неча мартаба эълон қилди. Маориф ишларига бурунғидай «ола бер, қила бер» усули билан ҳадсиз-ҳисобсиз пул сочиш йўқ бўлуб, унлар учун ҳам жуда сиқиб-тортиб маблағ (средство) берила бошлағандан кейин, табиий, бундай турғунлиқ ва сусайишлик бўлмасдан мумкин ҳам эмас эди. Ичкари Русияда маданият ва маориф ишларига юз йиллардан бери куйикиб келган бир ерда бу турғунлиқ ва сустликни йўқ қилиш чоралари ҳам топилди. У ерда янгилик ва эскилик фикрларидан ори бўлунған халқ ўз боласи учун керак бўлған билим ва ҳунарларни ўзи топиб, ўзи олиб бормоқдадир. Энди бизнинг Туркистонга келсак, иш бутун бошқа: бунда давлат таъминоти доирасига кирган билим муассасалари (масалан, интернатлар) ҳам ўқуғучи бола йўқлиғидан турғунлиқ кечириб турадилар. Давлат таъминотидан чиққан билим муассасалари бўлса тўғридан-тўғри ишларини қулиплаш мажбуриятида қоладирлар. Масалан: Эски Тошкентда бир неча йилдан бери давом этган марказ расм мактаби давлат таъминотидан чиқарилғанлиғи орқасида бир кун ёпилиб қолған. Унинг шогирдларидан бириси менга йўлуқуб: «Газета ва журналлар учун керак бўлатурған расмлар ва ҳажвий суратларни мактаб талабаларига берилса экан», – деб илтимос қилиб ўтди. Давлат томонидан еткулик таъмин этилмайтурған миллий мусиқий мактаби ҳам ёпилар чоғда «ҳамият ва ғайрат қўзғататурған зиёфат» ясаш орқасида ҳали ҳозирға ўз борлиғини сақлаб қолди. Бу марказда! Энди ўлканинг бошқа шаҳарларига келсак, унда аҳвол яна ҳам оғирдир. Самарқанддаги бирдан-бир ўзбек билим юрти жойдағи маблағ (местное средство) таъминотига ўтказилган. Шу муносабат билан ул билим юртининг ҳам ёпилар-ёпилмас бир ҳолға келганлиги кўруладир. Албатта, ҳукумат боя айтган янги сиёсат орқасида кўб билим муассасаларини ўз таъминотидан чиқарса ҳам, уларни буткул кўчага ирғитиб ташлагани йўқ. Балки ҳар жойнинг ўзидаги бирор иқтисод муассасасига боғлаб, шунинг билан жойлардаги маблағлар таъминотига ўткарди. Фақат ишнинг оғир ва қийин жиҳати шундадирким, маҳаллий маблағлар дейилган пул-мол манбалари (иқтисод шўролари, коммуна шуъбалари, вақф идоралари)нинг ишлари жуда бузуқ, чатоқ ва чувалгандир. У муассасалар бўюнлариға қўюлған билим муассасаларига ёрдам бермак бир томонда турсун, ўзларининг тўғридан-тўғри қилатурған ишларини ҳам тўғрилаб юбора олмайдирлар. Шунинг учун бизга аччиқ кўрунган бир нарса бор: ҳали ўз ишларини керак қадар гуллата олмайтурған жойлардағи маблағ муассасаларига ишониб маориф ишларини ўзларига топшириш ерлик халқ маорифини сўнг даража оғир бир ҳолға келтириш демакдир. Туркистон жумҳуриятининг марказий идоралари бу улуғ муассасаларни тушунуб, бир тарафдан, ерлик халқ билим муассасаларининг таъминоти учун нақадарроқ ва ҳозирроқ манбалар топишлари, иккинчи томондан, ҳалиги маҳаллий маблағ манбаларини энг яхши йўлға қўймоқ учун жиддий чоралар кўришлари тегишдир. Жуда фойдалик китоблар Ҳозирги замонда бизга энг кераклик китоблар: бошлаб мактаб китоблари (дарсликлар)дур. Халқимизда билимга рағбат ортиб, янги мактаблар кўпайган сари мактаб китобларига жуда зўр эҳтиёж сезиладур. У эҳтиёжни даф қилиш йўлида бизнинг Туркистон давлат нашриёти (ҳозир: Ўрта Осиё давлат нашриёти!), гапнинг тўғриси, жуда оз ишлади. Хунук ва янглиш босилишда бир-бири билан пойга қўюшатурған бир неча дарсликлар дардимизга ҳеч шифо бўлолмайдур. Энг зарур эҳтиёжимизни тўлдуруш, яъни дарсликлар тайёрлашда мунча суст кеткан давлат нашриёти, иккинчи бир эхтиёжимизни тўлдурушда ҳам бу чоққача дурустгина бир нарса ишлай олғани йўқ. Иккинчи эҳтиёжимиз деганим – халқ, айниқса, қишлоқ халқи учун кераклик нарсалардан осон тил билан гапуратурған енгил, кичкина рисолачаларга бўлған эҳтиёжларимиздур. Мана бунинг аҳамияти ҳам, умумий халқнинг мактаб ва китоб каби нарсалардан йироқ турғани кўзда тутилғанда, аввалги эҳтиёждан унча ҳам кейин қолмайдур. Яқинда бошқармамизға 7 та майда рисолача келди. У рисолачалар “Туркистон сиёсий онг-билим тарқатиш қўмитаси”нинг ҳаракати билан Туркистон давлат нашриёти томонидан бостирилған халқ учун энг керак ва зарур нарсалардан содда ва осон ўзбек тили билан гапиратурған у китоблар “қишлоқ адабиёти”нинг 21-, 22-, 23-, 24-, 25-, 26- ва 28-бўлакларидан иборатдур. Бу рақамлардан кўринадурким, бу хил асарларнинг босилған ва босилмаған яна бирмунча жузълари бор. Биз қилған жузъларининг ҳам тезроқ босилиб чиқишини умид қилмоқ билан бирга у 7 рисолачанинг исмларини қуйида кўрсатиб ўтамиз: 1 – Отларда қичитма касали (Дездиров асари). 2 – Ипак қуртларини қандай боқиш керак (Соколский асари). 3 – Эчки (Эсгибинов асари). 4 – Уй ҳайвонларида юқумлиқ касаллар (Архипов асари). 5 – Сабза ва мевалардан фойдаланиш йўллари (Эштейнберг асари). 6 – Сутлик сигирни танлаш (Калонтар асари). 7 – Туркистонда боқчачилик ишида қисқача қўлланма (раҳбарлик) (Базаркин асари). Таржума қилғучиларнинг исмлари ёзилмаған. Рисолачалар кичкина ҳажмда, кўпроқ 20 – 25 бетлик бўлуб, ораларида 72 ва 127 бетликлари ҳам бор. Бу рисолачалар тўғрисида умумий бир мулоҳаза ёзишни бошқа вақтға қолдириб, ҳозир бутун “Қўшчи” союзлари, батрак секциялари, сиёсий маориф идоралари, қишлоқ ижроқўмлари ва, айниқса, қишлоқлардағи қизил чойхоналарга у асарларни тезроқ олдириб, халққа баланд овоз билан ҳар қаерда ўқуб, тушунтуруб бермакларини тавсия қилармиз. Жуда яхши иш Тошканд уязининг ижроқўми уязда бўлған бузуқлиқлар билан курашиш тўғрисида жуда яхши ишга киришди. Порахўрлиқ билан курашиш камисиясига кўб аризалар келадур. Камисия кўб кишиларнинг ишларини давлат прокурорлигига топширған. Бунинг орқасида маҳаллий ижроқўмлар ишга жуда яхши қарай бошлағанлар. Бутун Тошканд уязида бўлуб турған бузуқлиқлар ва улар ҳақида ҳукуматнинг этиб турған чоралари оз бўлса ҳам газета бетларида ёзилиб турадур. Аммо бошқа уязларда ишлар қандайдур, бу тўғрида газеталар ҳеч ёзмайдурлар. Бошқа уязларда шундай ярамас бузуқлиқлар жуда кўб бўлса керак. Бу тўғриларда газетага ёзиб турилса, ўрниға тушуб қолар эди. Тошканд уязи тўғрисида газета жуда яхши рўл ўйнамоқдадур. Бу иш биринчидан ҳукумат олдида турған бўлса, иккинчи томондан ўшал ердаги газета мухбирлари билан фирқа аъзоларининг вазифасидур. Катта душманимиз йиқилди Кечаги газетамизда Амриқо ташқари ишлар идорасининг бошлиғи Юзнинг ўз ўрнидан истеъфо берганлиги ҳақида хабар ёзилди. Юз ким эди? Кенгашлар Русиясининг яшашини кўра олмаған, бойлар дунёсининг хизматчиларидан бири бўлиб, кенгашлар устига бўҳтонлар ёғдириш йўлида уста бир муттаҳам эди. У жаноб бу кун “хусусий истироҳат” учун иш бошидан кетадир. Бойлар дунёсининг “ходимлари” ишчилар дунёси билан курашда ўз мақсадларини юзага чиқара олмаса-да топадурған баҳоналаридан бу ҳам биридир. Кенгашлар ҳокимиятини қайси бир Оврупа давлати танишликка қадам босса, у давлатнинг ҳаракатига йўл қўймаслиқ йўлида кўрган чоралари ҳали Русия ишчиларининг эсидан чиқмайдир. Лекин, у ҳаракатлари унинг дунёси учун натижа бермади. Бизни Оврупонинг ҳамма давлати таниди. Энди Юз кетиши билан бу кундан бошлаб Амриқо бизни танийдирми? деган сўроққа келганда бизни танишға тарафдор бўлған сенатор Юзнинг таъсири ўсиб, иккинчидан Амриқо ишчиларининг орасида бизга муҳаббат ортқан сари, бизни таниш яқинлашғусидир. Бу муҳаббатнинг бизнинг томонда эканлигига 2 нчи байналмилалнинг қонғресида бизга қарши ҳаракат режаси қабул этилмаганлиги ҳам шоҳиддир. Тарих бизнинг учун ишламакдадир. Юзларнинг йиртқич сиёсатларининг натижаси чиқмағанда “тинч истироҳат”га кетишлари дунёнинг сармоя ҳокимиятидан қутулушнинг яқинлашқанлиғини кўрсатадир. Катта камчилигимиз Яқиндағина ўзбек қизил матбуотининг 6 йиллигини қилиб ўтказдик. Газеталаримизнинг ҳар бири 6 йиллик матбуот тўғрисида тафсиллик ҳисоблар босдилар. У ҳисоблардан билдикким, матбуотимизнинг рўзнома – кундалик қисми, чиндан ҳам, жиддий қадамлар билан илгарилаган, 2 музофот ва бир марказ газеталари билан Бухоро жумҳуриятининг бир марказ газетаси тўқтамасдан давом этиб келадурлар. Уларнинг ҳоллари қандай ёруқ бўлса, истиқболлари ундан ҳам ёруғроқдур. Буни уларнинг кундан-кун илгари босишлари билан исбот қиламиз. Демак, сўзни қисқа қилиб айтганда: ўзбек қизил матбуотининг кундалик қисми пойдеворини яхши шиббалаб олиб, мустаҳкам биносини кундан-кун кенгайтириб, ўсдириб борадур. Биз юқоридағи аҳволға қанча севинсак, матбуотимизнинг катта бир камчилигини кўрмак билан шунча қайғирмоққа мажбур бўламиз. 6 йилдан бери тўлатилмаған у камчилик ҳафталик ва ойлик матбуотимизнинг қизғанч ҳолидур. Бир вақтлар Маориф халқ камисарлиги олдида татар ёзғучилари томонидан жуда тор доирада чиқарилиб келган «Маориф» журнали ғолибо 2 сондан ортмади. Ундан сўнг Миллий ишлар халқ камисарлиги ёнида «Шарқ» журнали чиқса ҳам, унинг биз билан қилча ҳам алоқаси йўқ эди. «Тонг» журнали чиндан бизники эди; локин у ҳам 3-сондан ортмади. Бизда энг кўп давом этган журнал «Инқилоб» бўлубдур. У билан бирга чиққан «Билим ўчоғи» у билан тенглаша олмади. Ҳозирда «Инқилоб» ҳам йўқ, «Билим ўчоғи» ҳам. «Ўзгаришчи ёшлар» журнали бор. Бу журнал ёшларнинг энг жиддий ва умудлик журналлари. Фақат у ёшларнинг журналидур. Унинг ўзига яраша доираси, чизиғи бор. Катталаримиз учун ҳам шундай бир журнал тўқтатмай давом этиб кетса, бизнинг истагимиз қонған бўлур эди. Яқинда «Инқилоб» идорасидан бир даъват хати олған эдим. Мазкур даъватда «Узоқ вақт тўқтаб ётқан журналнинг яна чиқа бошлағани, сўнг сонининг матбаага берилишга ҳозирлангани, моддий жиҳат тамом таъмин этилгани, энди тўқтамай, мунтазам олиб бориш мумкин бўлғани» баён этилгач, «қалам билан муованатга даъват қилған» эдим. Даъватга ижобат қилдик, ваъда ҳам бердик, бирмунча севиндик ҳам. Лекин… орадан ярим йилча вақт ўтди, «Инқилоб»нинг сўнг сони ҳали майдонда йўқ. Яқинда Тошкантга борғанимда сўраған эдим, «Босилиб биткан, матбаа ҳақини бериб олишга Маориф камисарлигининг пули йўқ», – дедилар. Шу «пули йўқлиқ» ҳам 2 – 3 ойдан бери давом этар экан… Бизнинг Маориф камисарлигимизга ишониб бир ишга киришишнинг ўзи хато. Бу дафъалар билан тажрибадан ўткан. Бу хил нарсалар учун унда пул бўлмайдур. «Колизей» тиётрининг эски пул билан 4 трилиўн қарзини тўлашга, Янги Тошкантнинг ишчилар йўқ районида тарихий рақс (танса) мактаблари очишка, унинг проғрамини кенгайтиришга пул топилғани билан, тубжой халқ матбуоти ва тиётри учун пул топилмайдур. Тажрибада кўрулган шу аччиғ ҳақиқатга тан бериб бир жиддий журнал чиқариш учун бошқа инсофи борроқ жойлардан маблағ қидириб топсак-да, шу зўр камчилигимизни ҳам бартараф қилсак. 6 йиллик байрамнинг катта бир меваси, самараси шу бўлса! Катта мактаб эгаси Буюк Горкийни кўриш ва сўзларини эшитиш шарафига эришганларданман. 1935 йилнинг март ойида эди шекилли (агар янглишмасам), SSSR совет Ёзузчилари союзининг пленумида Горкийнинг сўнгги сўзи бўлди. Ўзи қариған сари руҳи ва инқилобий ғайрати орта борган бу улуғ чол, кучли олқишлар остида минбарга чиқди. Олқишлар ниҳоят тўхтади-да, секин ва паст овоз ҳамда Нижгород лаҳжасининг баъзи бир таъсирлари билан, сўзға бошлади. Овозида қарилиқ таъсирлари ўзини кўрсатарди, яъни орқа қаторлардан товушини эшитиш қийинроқ эди. Бу кекса овоз билан айтилган сўзларда ажойиб бир ёш жонлилик бор эди. Бу жонлилик ҳатто жуда кичкина, оддий кўзга майда каби кўринатурғон нарсаларда ҳам кўринарди. Чунончи, у инқилоб душманларининг қишлоқлардағи бир иғвосидан гапирди. Улар тракторга қарши ташвиқот қиларкан, трактор овозидан қўрқиб баъзи бир қушларнинг қочиб кетганларини, ҳолбуки, уларнинг қишлоқ хўжалигида зарарли ҳашорот билан курашувчи фойдали қушлар бўлганини айтар эканлар. Улуғ устоз, совет ёзувчиларини душманнинг кураш тактикасидаги шундай кичкина жиҳатларига ҳам кўз юммасликка чақирди. Бу, нотиқнинг турмушни қандай яхши билганини кўрсатиб турар ва бизларни ҳам шунга ўргатиб турарди. Мен Горкийнинг энг зўр ва тўнғич асарларидан «Она»ни таржима қилиш шарафига ҳам эришганларданман. Таржиманинг сифати тўғрисида бошқалар гапирар. Мен ўзим фақат шуни айтаман: наср тилини тарашлашни мен бошлаб Горкийдан ўргандим. У, менимча ўзи ишлатадиган тилни жуда яхши кўради, уни ҳар қандай камчиликдан озода ҳолда кўрмак истайди. «Она»нинг тили мана шундай бир тил. «Она» мен учун катта бир мактаб бўлди. Ўзимнинг «Кеча ва кундуз» номли романимда мен ҳам бу буюк услубчининг унумли таъсирини доим сезиб турдим. Совет ёзувчилари унинг инқилобий руҳини, пролетарча мардлигини, жаҳоншумул гражданлигини, сўнгра классик тили ва услубини, ҳатто таржима орқали бўлса ҳам доим ўзларида сезажаклар. Катта тўйга тайёрланайлик (Ўртоқ Лоҳутий докладидан) Ҳозир мавсумнинг ўзи ҳам одамни тинч қўймайди. Тала узоқ уйқудан уйғониб серҳаракат қўлларнинг зарби остида тушди. Қор эригани кеча эди, бугуноқ унинг эриган ерларида чумоли уяси қўзғалған сингари ҳаракат иш… Ҳали кўкламнинг боши; ёз олдинда, куз олдинда, куз ўтиб қиш яқинлашғанда ҳалиги ҳаракатнинг самараси кўрулажак. Шу тобда экилган экинлар унум беражак! “Қизил Ўзбекистон” газетаси қлуб-да, очиқ теразалардан кириб турган юмшоқ шамолга қўшулиб, ям-яшил япроқларнинг чаппаги остида гапирган Лоҳутий ўртоқ… тағин ўттиз ойдан сўнг келатурған байрамга ҳозирдан тайёрланиш кераклигини айтганда, худди шу кўклам серҳаракатлигидан ўрнак ҳам олган каби эди. У шамолдай майин овози билан шу тўғрида бир соатга яқин сўзлаган вақтида кўксида бўлшевик кўкламининг раққоси ўйнарди. Унинг сўзидаги самимийлик шундан эмасми, ахир? Бир оз кечикиб келган бўлсалар-да, чақирилғанлар тўла келдилар ва мажлиснинг бошланишида кенг залда бўш курси қолмади. Ҳамма бу катта Шарқ шоири, коммунист-большевик шоирнинг сўзини маза қилиб тинглади, чунки у яхши мисоллар, чиройлик ўхшатишлар, кучли фактлар, ишонтиручи далиллар билан сўзлади. У октябр инқилобининг туғулишини сўзларкан – ёш бола, ўзига хос болалик камчилик ила туғулади. Ўсиб, катта одам бўлганидан кейин орқасиға қарайди ва узун умрининг ҳар бир мазгилида бир ёки бир неча болалик камчилигини кўради, дейди. Сўнгра бу масала йигирмага кираётган инқилобға боғлаб туриб дейди: “бизнинг октябр эса, катта бир одамдай мукаммал туғулди; унинг болалик камчилиги бўлмади. Партия ва ҳукумат, уни кейин ҳам ҳар қандай камчиликлардан сақлаб келдилар”. Бу сўз, бу ўхшатишлар шоирнинг оғзидан чиқади: Лоҳутий – катта шоир. Кузда олинатурған унум учун бугун (балки кеча) бел боғлаб тушган бўлсак, нима учун ўттиз ойдан сўнг келатурған тўй учун ҳалитдан тарадди қилмайлиқ. Тўй – катта тўй, бизнинг бутун орзу ҳавасимиз унга боғлиқ, демак биз ўзимизнинг у кучли орзу-ҳавасларимиз учун ҳозирдан жон куйдурсак, бундан яхши ва бундан табиий нима бор? Лоҳутий Масков поездидан тушиб ҳали автоўмўбилга ўлтирмасдан деди: “Ўзбекистон олдинги жумҳуриятлардан: у шунга яраша бериши керак!” Бу кунги сўзларида, Лоҳутий, Ўзбекистоннинг нималар бериши кераклигини битта-битта санаб берди. Бу бера турғанлар жуда кўп: ёзувчилар, шоирлар, чолғучилар, рассомлар, актёрлар, олимлар, муаллимлар, тарихчилар, дўқторлар, фельдшерлар, агрономлар, инженерлар ва ғайри ва ғайрилар… Лоҳутийдан сўнг сўзлаганлар Лоҳутий сўзларини тасдиқ қилиш билангина қолмасдан уни ҳар қайсиси ўзича тўлдурди. Мажлис тугаганида ҳамманинг миясида бир фикр айланади: “Мендан талаб қилинғани ҳаммадан зўр ва оғир. Йигирма йиллик тарихнинг штоби! Ёрдамлаш менгаки, мен ўз уҳдамга тушган вазифани бажарай?” Кеча ва кундуз — 1-боб «Ҳамал келди, амал келди». Ҳар йил бир келадиган баҳор севинчи яна кўнгилларни қитиқлай бошлади. Яна табиатнинг дилдираган танларига илиқ қон югурди… Толларнинг кўм-кўк сочпопуклари қизларнинг майда ўрилган кокилларидай селкиллаб тушмоққа бошлади. Муз тагида лойқаланиб оққан сувларнинг ғамли юзлари кулди, ўзлари ҳорғин-ҳорғин оқсалар-да, бўшалган қул сингари эркинлик нашъасини кемира-кемира илгари босадилар. Симёғочларнинг учларида якка-якка қушлар кўрина бошлади. Биринчи кўринган кўклам қуши биринчи ёрилган бодроқ нашъасини беради. Бултур экилиб, кўп қошларни қорайтирган ўсма илдизидан яна бош кўтариб чиқди… Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан бу кўкат! Эркакларнинг гуллик тўпписига тегмай, яланг аёллар билан, уларнинг сочлари, гажаклари ва рўмол попуклари билан ҳазиллашиб ўйнаган салқин шабада… кўклам нашъаси билан шўхлик қилади. Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади баҳорда? Зеби (Зебиниса)нинг қиш ичи сиқилиб, занглаб чиққан кўнгли баҳорнинг илиқ ҳовури билан очила тушган, энди, устига похол тўшалган аравада бўлса ҳам, аллақайларга – тола-қирларга чиқиб яйрашни тусай бошлаган эди. Қиш ичи ҳам кети узилмаган совчилар бир-икки ҳафтадан бери келишдан тўхтаганлар, энди ташқари эшикнинг «ғийт» этиши бир-икки аёлнинг астагина босиб, паранжисини судраб кириб келишига далолат қилмас, ҳали эндигина ўн бешга қадам қўйган бу ёш қизнинг гўдак кўнглини унча чўчитмас эди. Кўк териш баҳонаси билан бир-икки марта кенг ҳовлиларга, шаҳар ичида бўлса ҳамки тола-тузларга чиқиб келганидан бери кўнгли қирларни, толаларни, ишқилиб, олис-олис жойларни яна кўпроқ тусай бошлаган эди. Отаси бомдоддан кирмаган, онаси сигир соғиш билан овора, ўзи кичкина саҳнни супуриб турган вақтида ташқари эшикнинг бесаранжом очилиши Зебининг кўнглини бир қур сескантириб олди. Бир қўлида супургиси, бир қўли тиззасида – ерга эгилган кўйи эшик томонга тикилиб қолди. Отасининг одатдаги томоқ қириш ва йўталишлар билан, катта эшикнинг оғир занжирини шарақ-шуруқ қилиб тушириб намозга чиқиб кетганига ҳали кўп ўтмаган эди. Ҳалол-ҳаромни кўп ҳам фарқ қилмайтурган бу одамнинг авродда ўтириш одатлари, ҳатто ҳаммадан кейин қолиб мачит шамларини пуфлаб чиқиш расмлари бўларди. Айтганидек, эшикдан шошилиб кириб келган – ёшгина, ўзи тенги бир қизча бўлди. Ҳали тузук-қуруқ одам қаторига кириб етмаган бу қизчани катта хотинларнинг орият паранжисига буркаганлар, паранжининг узун этаклари катта бир тугундек унинг қўлтиғини тўлғазарди… Ўрганган қиз ичкари эшикдан ҳатлар-ҳатламас паранжини ирғитди ва ўзининг болалик руҳи билан югурганича бориб Зебини қучоқлади. Иккаласи қувона-қувона кўришдилар. Супурги етган жойидан нарига ўтмасдан ерга ёнбошлади… Иккала ёш – юзлари кулган, кўнгиллари ёзилган – қўлтиқлашиб айвонга бордилар ва Зебининг отаси туриб кетган сўрининг чекасига ўтиришдилар. Салти (Салтанат) эрта саҳарда мунақа ҳаллослаб келишининг сабабини ҳали айтгани йўқ эди: улар кўришган ҳамон ёш қизларнинг ўз ораларида ўтатурган маҳрам гапларини гаплашиб, тикаётган кашталари, пилтага кирган тўппилари тўғрисида бир-бирларига калта-калта маълумот беришган эдилар. Салти энди гап очди: – Эрта саҳарлаб чопганим бекорга эмас… – Мен ҳам сезганман… Юрагим бир қур сесканиб ҳам олди… – Нимага, ўртоқжон? – Ўзингиз билган совчилар балоси-да… Қиш ичи кети узилмади. – Менам безганман, жоним қақа… Шу учун бир қишлоққа чиқиб келсакмикан деб эдим… – Нимасини айтасиз… Ариқдаги сув ҳам музнинг тагидан чиқди-ку. Зебининг юзини шу топда бутун қиш ичи тўпланиб қолган ҳорғинликнинг асарлари эгаллаган эди. Унинг иккала юзи, айниқса, кўрпанинг катта-катта қавиғига тикилган андишалик кўзлари, ҳовур босган ойнакнинг бетига ўхшарди. Аксинча, Салтининг юзлари чарақлаган юлдуздай, сернашъа, қувноқ ва ҳар қандай андишадан йироқ бўлиб, кўнглининг чуқур бурчакларидан чиқиб келган севинч тўлқинларини акс эттирарди. Шу учун у Зебининг сўнг сўзларидаги оғир маъюсликни пайқай олмади. Унинг кўзлари Зебида бўлса ҳам, назарлари бошқа ёқларда эди. – Энахонни биласиз-а? Ёйилма сойдаги ўртоғим бор-ку? Зеби бошини кўтариб ўртоғига қаради, шу қараш унинг нечикдир Энахонни эслолмай турганини кўрсатарди. Сўнгра Салти таъриф қилди: – Ўтган куз бизникига меҳмон бўлиб келишди-ку, келинбибиси билан бирга? Ўшанда неча марта киши юбориб чақиртирдим, бормадингиз, отангиз жавоб бермади… Зеби бош тебратди: – Ҳа, ҳа… билдим, билдим. Ўзини кўрганим йўқ-ку, эшитиб биламан. – Ана ўша қиз ўша сафар келганида мени айтиб кетиб эди. Баҳорлашиб бир бориб келаман деб юриб эдим. Яқинда яна айтиб юборибди. Шунга тенг-тўшларим билан бир бориб келмакчиман. Сизни ҳам олиб бораман… – Қачон? Зебининг бу калта саволидан Салти кўп нарсани англади. Бу савол Зебининг иложи бўлса шу кун паранжисини қўлига олиб (ёпиниб ҳам ўтирмасдан!) шу ердан узоқлашмоқ учун талпинганини кўрсатарди. Шу учун Салти: – Мен сизни олиб кетгали келдим, айланай! – деди. Ва икки ёш бола ниҳоясиз қувончлар ичида яна бир-бирларига чирмашдилар… Одатда, онанинг кўнгли юмшоқ бўлади. Зебининг онаси – Қурвонбиби Салтидан ҳалиги чақириқни эшитгандан кейин дарҳол розилик берди: – Майли, ўйнаб, ёзилиб келинглар. Қиш ичи юракларинг ғаш бўлгандир… ёш нарсалар, – деди. Зеби онасининг бературган жавобини илгаридан биларди. Бу она қизининг саодатидан бошқа нарсани билмайтурган оналардан эди. Дунёда қандай яхшилик ва хайриятлик бўлса, ҳаммасини шу биргина қизи учун истар ва орзу қиларди. Лекин… Онанинг розилик сўзларига шу биргина «лекин» элчиб келганидан, бечора қизлар севиниш тўлқинларини яна бир қур кўтаришга фурсат тополмадилар. Ҳамма жим қолди. Ҳар ким ўз олдида бир нарса топиб шунга кўз тиккан ва у нарсада Зеби – ўз отасини, Қурвонбиби – ўз эрини, Салти – қовоғидан доим қор ёғиб турган совуқ бир сўфини кўрарди. Бу булутли ҳавони очмоқ фақат онанинг вазифаси эди: – Отаси бомдоддан кирсин, – деди у Салтига қараб, – мен ўзим ётиғи билан айтиб кўрай, йўқ демас, – сўнгра Зебига юзланди: – Сен, қизим, уйга жой қил, ўртоғингни ўтқиз, дастурхон сол. Биз отанг билан чойни сўрида ичиб, ҳалиги гапни гаплашамиз. Иккала қиз ҳам оғиз очмай жим қолишди. Чунки Раззоқ сўфининг мизожини уларнинг иккаласи ҳам яхши биларди. Сўфига энг маъқул бир масалани бўлса ҳам уқтириб розилигини олмоқ учун ё ўзининг пири, ёки катта бир давлатга эга бўлиш керак эди. У одам ўз тенгларидан ҳеч бирининг ҳеч қачон ҳеч бир гапини тинглаган эмасди. Аёллардан маслаҳат, айниқса, ўз хотинидан бир таклиф эшитмоқ учун Раззоқ сўфининг қайта бошдан бунёдга келиши керак бўларди… Шу учун Зеби, кўзлари андиша билан кенгайиб очилгани ҳолда, индамасдан жойларни йиға бошлади. У ўринларини йиғиштириб, нонушта жойларини тайёрлаб бўлгандан сўнг ўчоқ бошида чойнакларга чой ташларкан: – Отамдан дарак йўқ-ку? – деб сўради онасидан. Қурвонбиби бир кўча эшигига, бир ёнбошдаги дарахтлар орасидан кўтарилиб келаётган қуёшга, бир ўчоқбошидаги қизига қарагандан кейин: – Билмадим, аврод чўзилиброқ кетдимикин? Сен чойни жиндек қўйиб туриб, чала қолдирган ерларингни супуратур, келиб қолар, – деди. Зеби шу топда яна қайтиб қўлига супурги олишни истамаса-да, ўртоғининг «бу қиз энасининг гапига кирмас экан» деган ўйга боришини ўйлаб, индамасдан супургини қўлига олди ва бир қўлини бир тиззасига қўйиб, саҳн бетини супура бошлади. Зебининг чой дамлаб келишини кутиб уйда – дастурхон бошида ўтирган Салти иккала қаноти очиқ турган эшик орқали бу ҳолни кўрганидан кейин ўрнидан туриб ўртоғининг ёнига чиқди. Зеби уни узр айтиб қарши олди: – Ўртоқжон, – деди, – отам авродда ўтириб қолди, шекилли, шунақа одати бор. Эндиёқ кириб келса керак. Хафа бўлманг-а? Бу сўнгги калта жумланинг айтилишидаги самимият бир-бири билан яқин ўртоқ тутишган ёш қизлардагина бўлади. «Хафа бўлманг-а?» деб турган вақтида Зебининг юзини кўриш керак эди! Бир қўлида супурги, бир қўли тиззасида, супурги ҳам ердан узиб олинган эмас, фақат бош юқори кўтарилган-у – бутун вужуд Салтининг ихтиёрида! Кўнгил, орзу, севги, севинч… булар ҳаммаси Салтига томон учади, унга томон отилади, уни ўраб, уни айлантириб, уни қучади! Зебининг юзларидаги ойдай тиниқ ва қуёшдай ёруғ бу ҳолат моддий ҳақиқатлар қадар очиқ кўринарди. Ўртоғининг бу самимиятини Салти ҳам кўз билан кўрибгина эмас, кўнгил билан сезиб англаган эди. Шу учун Зебининг у сўзига жавоб ҳам бериб ўтирмасдан бирданига унинг қўлидаги супургига ёпишди. Ўз кўнглида супургини олиб бироз супуришиб берса, ҳалиги самимиятга яраша жавоб берган бўларди. Зеби супургини қўлдан олдирди, лекин ўртоғи супура бошлагандан сўнг: – Вой, бу нимаси! Қўйинг, ўзим супураман! – деб яна супургига ёпишди. Салти бермади – бу олмоқ истади, Салти қочди – бу қувалади, шундай қилиб саҳнни супуриш ўрнига бу икки ўртоқ бутун ҳовлини бошларига кўтариб, шовқинлар ва қийқиришлар билан дунёни бузиб бир-бирларини қувалаша кетдилар… Ўз уйининг қабристонлар қадар жимжит, хонақоҳлар қадар унсиз, ўз кўнгли қадар тунд ва хўмрайган бўлишини истаган Раззоқ сўфи худди шу ола-тўполон устига кириб келди! Эшикдан кирар-кирмас овозининг борича: – Бу нима қиёмат!!! – деб шовқин солиши иккала ёш қизни чақмоқ теккан дарахтдай турган жойларида қотириб қўйди. Йўқса, сўфи эрининг диндор хотини бўлган Қурвонбиби ҳам «бас энди!» деб озмунча қичқирмаган эди… Агар бу совуқ сўфи кириб келган бўлмаса, икки ёш қизнинг қиш бўйи тўплаган кўнгил ғашликлари бироз шўхлик билан анча ёзилган бўларди. Зотан, уларнинг ўзларини унутар даражада бир-бирлари билан бу хилда ўйнашувлари ўша ғам-ғашлар пуржинасининг бўшалиши, сиқинтилар оқимининг тўғонни бузиб олдинга томон йўл солиши эмасмиди?! Бундай телбаларча кўпириб-тошувларни тўхтатмоқ учун ҳам, албатта, телбаларча ҳайқиришлар, чақмоқ қадар қувватли зарблар лозим бўларди. Отаси кириб келганидан кейин Зебининг кўнглида ўйнаган изтироб ва ҳаяжонлар Раззоқ сўфининг «нима бу қиёмат!» деган қиёматидан қўрқинчроқ эди. Совуқ бир сўфининг наздида бу қадар ваҳимали бўлиб кўринган оддий ва табиий бир болалик ўйини қафас даричасининг очилишини кутган вақтида даричага каттакон бир қулф урилаётганини кўрган бир қушнинг изтиробидан кам бўлармиди?! Иккала қизнинг, айниқса, Зебининг кўнглидаги изтироб, зотан, сўфи киргандан сўнг авж олиши керак эди. Чунки қизлар шўхлик ва ўйинга берилиб кетиб ҳамма нарсани эсдан чиқарган эмасмидилар? Қоронғи қиш кунларидан қолган доғлар, тўрт довол орасида яшашдан келган сиқинтилар, оталардан ўтган зулмлар, совчилардан етган ташвишлар барҳам емаганмиди? Ёшликнинг қувватли тўлқинлари уларнинг барчасини бир баҳор ёғмури каби ювиб кетмаганмиди? Шундай ўртоқнинг шундай ширин муомилалари олдида шундай тескари, шундай ўжар ва қайсар отанинг борлиги ҳам унутилган эмасмиди? Уйидан «бир зумда бориб келаман» деб чиққан Салти ҳам берган ваъдасини, уйини ва ота-онасини унутиб – қўлида маймоқ ва туллаган бир супурги билан! – қолиб кетмаганмиди? Ғафлатда қолганларнинг бошига тушадиган таёқ ёмон зил кетади, дейдилар. Бу иккала қиз ўйин ва шўхлик ҳаваси билан ғафлатда эдилар. Сўфининг оғир зарби билан ўзларига келгач, олдиларида зўр бир тоғ турганини кўриб, ихтиёрсиз чўчиб кетдилар. Бу тоғдан ўтиш керак эди, ҳолбуки, бу тоғ – мунақа ёш болалар ўта оладиган тоғлардан эмасди. Иккаласи ҳам изтиробнинг бу оғир юкини бир-бирларининг кўзларида ўқидилар… Сўфининг бақиришидан сўнг бироз шошиб тургач, улар югурганча уйга кирдилар ва ўзларини эшикли деразанинг панасига олиб, Раззоқ сўфининг ҳаракатларини кузата бошладилар. Кўзлари сўфида бўлса, қулоқлари Қурвонбибининг оғзида эди. Унинг гапирадиган гаплари уларнинг кўнгилларида тугилган оғир ва чигал тугунчакни ё ечиб юборажак, ёки яна баттарроқ чигаллаштириб, икки ёш нарсани – яна неча ой! – бир-биридан ажратиб ташлаяжакди. Сўфи булар уйга кириб олгунча эшик олдида бўзариб-гезариб турди. Булар уйга кирганларидан кейин, салласини Қурвонбибига узатиб, устидаги малла яхтагини олисдан туриб картга ирғитди ва ўзининг оддий овози билан: – Қанжиқлар! – деб бақирди. – Ёш нарсалар, ўйнашса нима бўлибди? Мунча энди забтига олдингиз? –деди Қурвонбиби. – Гапирма, эшак! Қурвонбиби жим бўлди. Сўфи карт томонга қараб юрди. Карт устига дастурхон ёзилиб, бир мистовоқ нон билан пиёлада қиём қўйилган эди. Сўфи картга чиқиб ўтиргандан кейин, Қурвонбиби ўчоқдан чойни олиб келди. Сўфининг бу авзойини кўргандан кейин икки қизнинг борқадар умиди ҳам узилиб бўлди. Зеби бу умидсизликни яширолмади: – Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди… Салти ҳам ўз ташвишини англатди: – Нима қиламиз энди? Сиз бормасангиз, мен ҳам бормайман… Энахон тоза койийди-да. – Тек ўтирган бўлсак, кўнгли юмшармидикан? – деди Зеби. Салти индамади. Бироздан сўнг яна ўзи илова қилди: – Кўнгли ўлсин, юмшаган вақтини кўрганим йўқ! Катта-катта харсангтошларни сой бўйига девлар ташлашган, дейди… Энг каттасини отамнинг кўкрагига ташлаб қўйиб, «мана шу сенинг кўнглинг!» деганмикан, яшшамагурлар! Бу гап Салтига таъсир қилди, шекилли, «пих-х!» эта кулиб юборди. Зебининг мунга чинакам аччиғи келган эди, қўлини узатиб ўртоғининг оғзини тўсди. – Вой, анови қизни! Яна бешбаттар қиласиз ишни! – деди. Салти зўр билан ўзини босиб олди. Иккаласи яна – кўзларини милтиллатиб – чол билан кампирга тикилдилар. Боядан бери эрига қараб жим ўтирган кампирнинг энди астагина кулимсираши буларга жон киргизди. «Кўрдингизми?» деганни қилиб иккаласи бир-бирига қараб олишди. Чинакам, Қурвонбиби сўфига ёқадиган бир сўз топгандай, дадиллик ва бемалоллик билан, кулиб туриб гап бошлади: – Мен Зебини бир жойга жўнатиб ётирман… Сўфи бу сафар бақирмаса ҳамки, дағал бир овоз билан сўради: – Қаерга? Нега? – Ойдинкўлдаги Халфа эшонимизнинг кичик қизлари бир-иккита ўртоғини «баҳорлашиб кетинглар» деб чақиртирган эканлар. Шуларнинг биттаси Зеби, яна биттаси унинг ўртоғи Салтанатхон экан. Салтанатхон аравани қўштириб қўйиб, ўзи Зебини айтгали келибди. Йўқ десак қандай бўлади? Хотини нима деса «йўқ» дейдиган сўфи бу сафар бирданига «йўқ» демасдан, хаёлга кетди. Қизлар Қурвонбибининг бу тадбиридан хурсанд бўлиб, яна умидлана бошлаган эдилар. – Қурвон холам боплади! – деди Салти. – Энам гапга уста. Эшондан тушганини кўринг. Эшон десангиз отам ўлганини ҳам билмайди… Худо муни эшонлар учун яратган. Салти Зебининг бу гапларини эшитгандан кейин сўфининг хўп деб жавоб беришига ишониб кетди. Бир қўлини ўртоғининг бўйнига ташлаб уни қучоқлар экан: – Бўлди, ўртоқ, энди! Жўнаймиз! – деди. – Санамасдан саккиз демай туринг ҳали! Отам осонлик билан маъқул гапга кўнадиган одам эмас… Жим туриб қолишини кўринг: ҳали ҳам чурқ этмайди. Сукут узоққа чўзилгандан кейин Қурвонбиби энди бу сафар жиддий бир чеҳра билан: – Нимага индамайсиз? Хўп денг! Катта одам, уят бўлади. Бир яхши хотинлари, бир отинча қизлари борки… Ўзларини бўлса ўзингиз биласиз, – деди. Сўфи негадир: – Биламан, фитна, биламан! – деб қўйиб, яна жим бўлди. Энди Қурвонбиби яна ҳам жиддийлашди: – Бўлмаса «йўқ» денг. Салтанатхонга жувоб берай, кетсин! Азонда келиб эди. Шундан кейин сўфининг тили айланди: – Шошма, фитна! «Йўқ» дема, майли, бора қолсин… Қачон келади? – Индинга эрта билан ё кечқурун. – Эшонойимнинг раъйларига қарасин. Сўфи ўрнидан турди. Картдан тушиб, кавшини кияркан: – Овозим бор деб ашуллага зўр бермасин, – деди. – Номаҳрамга овозини эшитдирса, рози эмасман! Бу сафар одамга ўхшаш гапириб Қурвонбибини қувонтирган Раззоқ сўфи шу сўзлардан сўнг яна ўз жимлигига қайтди. Бироз сўнгра, салласини кийиб, яхтагини қўлига олгандан сўнг: – Хуржинни бер, фитна! Бўлмаса, иккита қоп бер! – деб қолди. Қурвонбиби қопни узатаркан, эрининг қўлига шу топда бир оз пул тушганини, энди каттароқ харид қилиш учун бозорга кетаётганини ва ҳалиги зўр илтифотнинг ҳам пулнинг кучи билан бўлганини англади… Сўфи томоқ қириб эшикдан чиқаркан, уйдаги икки шўх қиз яна бир-бирига чирмашган эди. Қафаснинг даричаси очилди! Энди қушларга қанотларини ростлаб туриб «пир!» эта учмоқдан, кенг кўкларга, фазоларга парвоз қилмоқдан бошқа нарса қолмади. Паранжини ёпиниб ўтирмасдан, шундоқ бош устига ташлаб, чимматни «хўжа кўрсин»га тутган бўлиб югуриш керак, холос… Фақат, унда даричанинг очилганига ким севинади? Шодликни ким қилади? Эркинликнинг лаззатини ким тотийди? Шу қадар қайсар бир одамни бу қадар усталик билан йўлга солган онанинг ҳурматини ким ўрнига келтиради? Уни ким қучоқлаб, ким ўпади? Иккала қизнинг уйдан югуриб чиқиб, баб-баробар Қурвонбибининг бўйнига осилишлари ана ўша неъматнинг шукрони эди. Қизлар ўзларининг беҳад севинчларини юзага чиқармоқ билан бирга онага бўлган миннатдорликларини ҳам тегишинча изҳор қилмоққа ошиқардилар. Улар кампирга шу қадар осилиб, эркалик қилиб, у билан шу қадар қаттиқ ўйнашдиларки, кампир ҳолдан кетиб картга думаланди… Булар қийқириқ солишиб, тобига келган чойдишдек шарақлашиб… кампир билан ўйнашаркан, у чарчаб энтикканидан зўрға-зўрға нафас олиб: – Бас, қизи қурғурлар… бас дейман… бўлди энди… Yo‘лингдан қоласан!.. – дея сўзланарди. Кампир ёлворган сари булар авж олишар, бири қўйиб бири: – Шунақа эканми? Вой, тўвва-ей! Халфа эшоннинг қизи чақиртирган эканми? Вой, тўвва-ей!.. – деб унинг энг қитиғи келадиган жойларига чанг солишарди. Ниҳоят, ўзлари ҳам ўлгудек чарчаб, кампирдан қўл тортдилар ва «уҳ!» деб иккаласи икки томонга ўтирдилар. Булар тарақ-туруқ эшик очиб, шошилиб кўчага чиққан вақтларида, пахта заводининг ингичка товушли жинғироғи соат ўн икки бўлганини билдириб қичқирарди. Кеча ва кундуз — 2-боб Салтиларникида кечгача сафарга тайёрланиб – бирозгина патир билан сомса ёпиб, кўча эшигининг чап биқинидаги катта кундадан аравага ҳатлаган вақтларида, кун ботиб борарди. Арава шаҳар ичидан чиқиб, тола йўлига кирганда, кечанинг қора пардаси ер бетини ўраган эди. Қор остидан чиққан ерлар баҳорнинг салқин ҳавоси ва ёқимли шабадаси остида мудрашиб ётардилар. Ой ҳали чиқмаган, фақат кечанинг қоронғисига ўчашган саноқсиз юлдузлар тепада туриб машъалларини ёндирганлар, худди пешона олдида кўринган энг ёруғ бир юлдуз пиёз тўғраётган келинчакнинг кўзларидай пирпираб ёнарди. Қизлар жим эдилар. Аравакаш зерикди, шекилли, астагина ашулла бошлади. Унинг ашулла си хом хиргойидан нарига ўтмаганидан кейин Салти кўтарилди: – Ўлмасжон, бормисиз? Дурустроқ айтсангиз-чи! Салтининг яна бир ўртоғи – Қумри унинг сўзини қувватлади: – Ҳа, рост, шундай яхши овозингиз бор экан, шўх-шўх айтмайсизми? Кенг толада қанча чўзсангиз, шунча кетади варанглаб… Йигитча кулди. У қоронғида секингина орқасига қайрилган эди. Орқа сафдаги қизлар чимматни кўтариб ўтирганларидан уларнинг юзларини сал-пал кўрса бўларди. Кулимсираб туриб қизларга бироз қарагач: – Орангизда донғи кетган ашуллачингиз бор туриб, менга осилганларинг қизиқ! – деди. – Биз «сув бўлмаса – таяммум»га ярайдиган ашуллачилардан… Қизлар ҳаммаси Зебига қарашдилар. Ҳар томондан ҳар хил овозлар чиқди: – Ҳа, рост! – Чинакам, индамай ўтирганимизни қаранглар-а! – Ашуллачи орамизда-ку. Зеби «чурқ» этмасдан ўтирарди. Унинг мундай қилиши ҳам шу хил таклифдан қўрққанидан эди. Албатта, ёш нарсанинг кўнглида ўйнаш, кулиш ва хушвақтлик қилиш майллари бошқа ҳар нарсадан кўра кучлик келади. Лекин Зеби шундай бир отанинг қизиким, унинг қўлида ҳар қандай кучли майлларни ҳам юганлаб тутмоққа, кўнгилнинг ҳар бир ҳавас ва тилагини кўринган жойида бўғиб ташламоққа тўғри келади. Ҳам: Зеби шундай қилишга ўрганиб қолган. Шу учун ҳам йигитнинг оғзидан ўз исмини эшитгач, бадани дуркираб кетди. Сўнгра қизлар томонидан айтилган сўзлар уни изтиробга туширди. Нима дейишини билмас эди. Ўйлаброқ жавоб бермоқ учун кўнгилнинг талвасага тушмаслиги даркор. Ҳолбуки, кўнгил ташвишда ва шу сабабли талвасада… Аравакаш у ёқдан туриб: – Ҳаббаракалла, бор экансизлар-ку! Ўртага олинглар ашуллачини! – дегандан кейингина Зебининг тиллари калдиради: – Гаплашиб кетайлик, шундай қоронғида!.. – Жин урармиди? – деди биттаси. – Яхши эмас, шундай зим-зиё қоронғида… Гаплашиб кетайлик… Ширин-ширин гаплардан… Аравакаш унинг сўзини илиб олди: – Ширин-ширин гап ўрнига ширин-ширин ашулладан бўлсин, опа. Таърифингизни эшитиб жигарларимиз лахта-лахта қон бўлиб кетган. Салти тегишди: – Вой, тўвваей! Лахта-лахта қон бўлганми? Жавир бўлган экан… Аравакаш ҳам бўш келмади: – Қон бўлган юракларни бир нафасда ёзиш сизларнинг қўлингизда, опалар! Биз ҳам дунёга келиб бир яйрайлик-да. Яна индамасдан ўтирган Зебига энди бу сафар Салти ялинди: – Ўртоқжон, бир нарса десангиз-чи. Ҳамма баробар ташна экан… Зеби ўртоғидан астойдил койиб берди: – Сиздан келган гап шуми, ҳали? Отамнинг айтганларини ўз қулоғингиз билан эшитиб эдингиз-ку! Эшитиб-нетиб қолса, нима бўлади? Билиб туриб… Салти ўртоғини тўхтатди: – Биламан, ўртоқжон, биламан! Отангизнинг гапларини бир эмас, икки қулоғим билан эшитдим. Одамлар ичида, кўпчилик орасида қистасам, мендан хафа бўлинг. Бу ер тола жой бўлса, одам асари бўлмаса, кечаси – қоронғи бўлса, бир-икки жуфт айтиб бермайсизми? – Номаҳрамга эшитдириб-а? Зеби бу сўзни чин кўнгилдан чиқариб ва жеркиб туриб айтган бўлса ҳам, қизлар ҳаммаси бирдан кулишиб юбордилар. Яна ҳар хил овозлар кўтарилди: – Шу ҳам номаҳрам бўлибдими? – Шу Ўлмасжон-а? – Номаҳрам ўла қолсин… Зеби чинакам ранжиган эди. Йиғламсирашга яқин бир овоз билан Салтига: – Мунақа қилишингизни билсам келмас эдим… – деди. Қизлар ишнинг бу томонга айланганига ҳайрон бўлишиб жим қолдилар. Аравакаш: – Эт-тўвба! Эт-тўвба! – деб ўз-ўзига сўзланиб, отни қаттиқ-қаттиқ беш-олти қамчилади. От қадамларини илдамлатиб, аравани гулдур-гулдур ғилдирата бошлади. Ҳамма жим бўлди. Фақат Салти билан Зеби иккови бир-бирлари билан пичирлашиб сўзлашардилар. Бу пичирлаш натижасида Салти ўртоғини тинчлатишга муваффақ бўлган, бунинг устига, яна қизлар ёр-ёр бошлаганда унинг қўшилажаги тўғрисида сўз олган эди. “Бир марта бошлангандан кейин ундан нариси ўзи кета беради” деб ўйларди Салти. Дарров қизларга томон бурилди: – Қани, қизлар, ўзимиз ёр-ёр бошлаймиз! – Ҳаббали! – деди аравакаш. Қизлардан жавоб кутиб ўтирмасданоқ Салти ўзи бошлаб юборди: «Узун-узун арғамчи ё… Қизлар қўшилишди: … Ҳалинчакка, Чакан кўйнак ярашар Келинчакка. Чакан кўйнак енгига Тут қоқайлик…» Бир-икки байт ўтгандан кейин Зебининг тиниқ, ғуборсиз, жонон пиёладек жаранглаб чиқадиган чиройли ва ўткир овози қўшилди. Бу овоз пешона устида пилпиллаган энг ёруғ юлдуз сингари бошқа овозлардан очиқ ажралиб турарди. Шу чоққача ёр-ёрга қулоқ бериб, индамасдан, аста-секин отини қамчилаб кетаётган аравакаш бу овоз чиқиши билан оғир бир «уҳ» тортди, қўлидаги қамчиси дарахтдаги кузги япроқ сингари зўрға-зўрға бармоқларига осилиб қолди… Салтининг диди тўғри чиққан эди: энди Зеби ёр-ёрни ўзи ёлғиз айтарди. Аравакаш билан бирга қолган қизлар – ҳаммаси бир қулоққа айланган эдилар. От бу гўзал овознинг ширин куйлари остида бошини қуйи солиб, бўйнини аста-аста ликиллатиб битта-битта қадам босарди… Ёр-ёрлар битиб, бошқа ҳар хил куйларга ўтилди, энди Зебини тўхтатмоқ мумкин эмасди. Зотан, унинг тўхташини ким истар эди дейсиз? Толаларнинг кенг қучоқларидан учишиб келган майин шабадалар қиз оғзидан чиққан унларни ўз қанотларига миндириб аллақайларга, олисларга олиб кетардилар. Ҳў… йироқларда пилпиллаб кўринган қишлоқ чироғлари ҳам, тепадаги юлдузлар сингари, шабада қанотлари билан келган чиройли унларнинг завқи билан маст бўлиб ёнардилар… Зеби юрагида тугилиб ётган зўр тугунни ечиб юборган эди. Раззоқ сўфининг совуқ юзлари унинг кўзларидан йироқлашганлар, насиҳат йўли билан мингларча марта айтилган ва таъкидланган сўзлар унутилган, совуқ сўфиларнинг «ҳаром» деган даъволари синиб парча-парча бўлган, «номаҳрамлик» сафсаталари от оёқлари остида янчилган, тўрт деволнинг бу тутқун қизи ўзига ўхшаган тутқунлардан бошқа ҳеч бир гувоҳ ва тилчи бўлмаган шу кенг толанинг қулоч етмас бағрида йиллардан бери тугилиб келган аламларини куйга айлантириб кетсиз бўшлиқларга ёйиб юборган эди. Арава якка қанотли кичкинагина бир эшик олдида тўхтаб, аравакаш бола қамчи сопи билан эшикни қоққанда ва ичкаридан бир кампирнинг ингичка ва жонсиз овози «ким у?» деб сўраганда, одамлар бир уйқуни урган эдилар… Кампирчанинг сўроғига аравакаш ҳазиллашиб жавоб берди: – Шаҳардан бир арава меҳмон олиб келдим, эна! Уйингиз куйди тоза! Икки кунда бор-йўғингиздан ажралиб қоқланасиз энди! Қани, бўлинг, эшикни очинг! Қорнимиз ўлгудек оч… Қизлар кулдилар. Кампир қизларнинг кулишини эшитганидан кейин меҳмонларнинг кимлигини англади: – Ҳа-а-а, Салтанатхонлардир? – деди у. Шу сўз билан бирга кичкинагина занжирнинг шириқлаб тушгани ва эшикнинг ғичираб очилгани эшитилди. Кампирча эшикни очар-очмас севинчиламоқ учун ичкарига югурган эди. Аравакаш: – Қани, тушинглар энди, опалар! – деб музаффарона бир овоз билан қичқирди. Фақат, унинг бу чақириғи фойдасиз эди. Чунки занжирнинг заиф шириқлаши қулоқларга кирар-кирмас қизлар ўзларини аравадан таппа-таппа ташлай бошлаган эдилар. Ёруғидан кўра тутуни ва буруқсаши кўп фонарчани ушлаган кампир билан бирга Зебилар тенглик бир қиз «Вой, ўлайин, ухлаб қолибман! Вой, ўлайин, кўзим уйқуга кетибди!» деб ҳў… аллақайлардан узр айтиб чиқиб келди. Бу ёқдан: – Вой, айланай, Энахон! Жоним ўртоғим! Бормисиз? – деб паранжисини қўлига олиб Салти югурди. Қучоқлашиб кўриша кетдилар. Бошқа қизлар билан наридан бери – қўл учини теккизиб – кўришгач, Энахон яна Салтига ёпишди ва иккаласи қўлтиқлашиб ичкарига томон юрдилар. Иккала ўртоқнинг шарақ-шарақ гаплашган, бир-бирларига севинч билдиришган қувноқ ва баланд овозлари бошқа ҳамма унларни босиб кетди… Фақат, кўчада – арава устида бошқа ҳангомалар бўлаётган эдиким, булардан ҳалиги икки бахтлининг ҳеч бир хабари йўқ эди: Салтининг онаси билан катта онаси уни ўзи тенглик ёш қизлар билан бирга олис жойга юбораркан, эҳтиёт томонини ҳам унутмаган эдилар. Унинг ойиси ўз қайнонасига: – Ёш қизларнинг ўзларини юбориб бўладими, қалай? Битта-яримтамиз биргалашмасак бўлмас? – деб ўзининг эслик хотин эканини билдирган вақтида, қайнонаси жуда кескинлик билан жавоб берган эди: – Алватта, айланай! Ўзлари ёлғиз боришадиган бўлса, жавоб йўқ!.. Тандир олдида куйиб-пишиб, шабнам доналаридай йирик-йирик терларга ботиб, Зеби билан бирга патир ёпаётган Салтига бу маслаҳат жуда ёмон қаттиқ теккан ва у ҳам дарҳол ўз овозини эшиттирган эди: – Бизни бўри ермиди? Ёш нарсаларга қариларни аралаштириб нима бор? Сиқилиб ўлмайдими одам?.. Катта она неварасининг бу эркалигига фақат эркалик дебгина қараган, шу учун: – Айланай, болам, патирингни ёп! Кечга қолаётирсиз. Бу сиз аралашадиган иш эмас! – деб қўйиб, яна ўзининг «эслик» келини билан маслаҳатини давом эттирган эди. Маслаҳат натижасида қайнона билан келин уйда қоладиган бўлиб, икки-уч ойдан бери буларникида яшайдиган қариндошлардан Саврибиби деган кампир қизларга кўз-қулоқ қилиб берилган эди. Бу қари кампирнинг қўшилганига қизлар хафа бўлмаган, балки, аксинча, севинган эдилар. Бу кампир аравага оёқ қўяр-қўймас – қизларнинг ўртасига жойланиб олиб, Зебининг тиззасига бош қўйгани ҳолда – уйқуга кетган ва шу бўйича қишлоққа келиб етилганда ҳам кўзини очмаган эди… Қизлар ўзларини таппа-таппа аравадан ташлаб, эшикдан ичкарига кираркан, Зеби секингина кампирни уйғотди: – Энажон, туринг, келиб қолдик! Энажондан жавоб бўлмади. Зеби ўша паст овоз билан яна бир қур уйғотди: энажон ҳали ҳам жим эди. Араванинг олди томонидан келиб аравакаш ҳам ёрдамлашди: – Ҳў… хола, туринг, келиб қолдик! Эркак кишининг кучлик овози билан кампир кўзини очди, лекин уйқусираб туриб: – Ҳозир, айланай… хўп, тураман… – дегандан кейин яна уйқуга кетди. Зеби камоли ҳайрон бўлганидан аравакашнинг номаҳрамлигини ҳам унутиб, ҳалиги танғирқаш назари билан унга қаради. Бу вақтда ой анчагина юқори кўтарилиб қолган эди. Аравакаш юмшоққина кулимсиради. Ёш йигитнинг бу ёш ширин табассумини ой ёруғида алайно кўра олган ёш қиз бутун баданларидан мулойимгина дуркираш кечганини пайқади ва қизариб тескари қайрилди… У қараш аравакаш йигитчага ҳам бошқача таъсир қилган бўлса керак, кампирни туртиб уйғотмоқ учун қўлини юқори узатди. Шунда кампирнинг бошидаги қўл бошқа бир қўлнинг ўзига келиб текканини боягидан кучлироқ бир дуркираш билан сезди. Эркак зоти билан биринчи марта бу хилда учрашган ёш қиз шу пайтда бироз гангираган эди. Шу учун қўлини дарров тортиб олмасдан, ўзига келганидан кейин бирданига жеркиб тортди. Фақат, ёш йигитнинг кучли қўллари уни маҳкам ушлаб, кампирнинг бошидан пастгароқ туширди ва иккала ёш шу бўйича турган жойларида туриб қолдилар… Ичкарида ўтирган бахтли меҳмон ўзидек бахтли измон билан бирга ҳў… анча вақт ўтгандан сўнг йўқолган икки меҳмонни излаб кўчага чиққан вақтида, кўчадаги икки ёш вужуд қўлларини бир-бирларидан ҳануз ажратиб ололмаган эдилар. Кампир эса икки ёшнинг бу талвасали учрашувига қуруқ гавдаси билан гувоҳ бўлиб, ҳали ҳам ширин уйқуда данг қотиб ётарди… Қизларнинг бу «иттик»* пойлоқчисини кўплашиб уйғотдилар, кўплашиб аравадан туширдилар. У Салти билан Энахоннинг қўлтиғига кириб, кўзи уйқуда, довдирай-довдирай ичкарига йўл солди. Зеби ҳам бошқа ўртоқларидай аравадан ўзини «тапп!» этиб ташламоқчи бўлди, фақат қамчили йигит келиб яна қўлини узатди ва шу учун шунча баланд аравадан ўзини ташлаган энг сўнгги меҳмоннинг оёқ товуши ҳеч кимнинг қулоғига қоқилмади… Меҳмонлар ош-сув тараддиларига йўл қўймасдан, сут-қатиқ билан қуруқ чой ичиб, дарҳол ўтирган жойларига узандилар ва аравада уриниб келганлари учун узанар-узанмас уйқуга кетдилар. Аравакаш ичкаридан чиққан иккита нон билан бир пиёла қатиқни ичиб олди-да, отни ташқарига боғлаб, ўзи арава устига чўзилди. Уйқуси қочган эди… Миясида умрида биринчи мартаба ўлароқ ажиб ва ширин хаёллар айланарди. Кўкдаги ойга қараб ердаги ойни ўйлар ва боягидай ширин-ширин кулимсирарди… Ичкаридагилар ҳам донг қотдилар. Фақат, ораларида худди кўчадаги ёш йигитча сингари уйқуси очилган, кўкрагидаги янги, бегона ва ширин ҳисларни англаёлмасдан ҳайрон бўлган биров бор эди. У ҳам кўкдаги ойга қараб ердаги «той»ни ўйлар ва юзлари анордай қизарарди… Шу топда қишлоқнинг дарбадар итлари авжга келган, ҳар томондан ҳуришларини юксалтирганлар, тор кўчанинг тугалишидаги сой, ҳамма ухлаб жим бўлганда, ҳайбатли овозини борича қўйиб юбориб, оч йўлбарсдай гув-гув бўкирарди… Кеча ва кундуз — 3-боб Энахон йўқсул бир оиланинг қизи эди. Отаси мунинг ёшлигида ўлиб кетган, онаси иккови биргина аканинг боқимига қараб қолган эдилар. Акаси Холмат эсини танигандан бери меҳнат пешида чопарди. Ҳали энг ўйинқароқ бола вақтларида ҳам бутун қишлоқнинг подасини боқиб, оиланинг эҳтиёжларига бирор нарса қўшиб турарди. Унинг подачи бўлган вақтларини ҳали ҳам қишлоқ одамлари ҳавас билан эслашади. Кўча-кўйда унга йўлиққанлар: – Подамизни етим қилиб қўйдинг-да! – деб бошларини афсус билан чайқаб ўтишади. Тез-тез бўлиб турадиган бу хил гаплар унинг юзини кулдириб, кўнглини кўтаради, тинмасдан ишлаш учун билагига дармон ва қувват беради. Унинг ўз бисотида бир шапалоққина шолипояси бор, у ҳам марҳум қайнотасидан теккан: бор кучини шунга сарф қилади, ҳаммадан бурун иш бошлаб, ҳаммадан кеч тугатади ва ҳаммадан кўп уринади. Шу билангина олти жондан бириккан катта бир оилани наридан бери тебратиб келади. Онаси қариб, мукчайиб қолган, бир қизи билан бир ўғли ҳали ёш гўдак, рўзғорнинг бутун иши хотини билан синглисининг бўйнида. У иккови тола ишларида унга ёрдам беришдан ҳам бош тортмайдилар, уларнинг толада ҳам фойдалари кўп тегади. Холмат ўзи шунча тиришиб ишлаб, катта рўзғорни ёлғиз боши-ла тебратгани учун хотини ҳам, синглиси ҳам уни бошларига кўтарадилар. Ҳар тўғрида унинг талабларига хурсандлик билан кўниб, ҳеч бир ишда кўнглини қолдирмасликка тиришадилар. Меҳнатдан бошқа ҳеч нарсани билмаган бу йўқсул йигитнинг қандай зўр талаблари бўлар эди дейсиз? Бутун ҳаваслар, талаблар ва ўйлар – ҳар нечук бўлса ҳам – шу оилани тебратиб ўтиш теграсида айланади… Албатта, келин ҳам, қиз ҳам – ёш нарсалар, ёшларнинг нозлари, инжиқликлари бўлмайди эмас… Уларнинг инжиқликларини бутунлай ҳақсиз дейиш тўғри бўлмаса керак. Чунки улар ҳам – одам, улар ҳам – ёшлар, бошқа ўз тенглари каби уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бор, кўнгиллари кўп нарсани тусайди… Зиндондаги бандини ҳеч бир хаёл сурмайди деб ким айтади? Гадой подшоҳ бўлмоқ истаса ёмонми? Баъзан шу хил кучли талаблар ё келинда, ё қизда кўрилиб, салгина юзага чиқа бошласа, кўпни кўрган зийрак кампир дарров пайқайди ва олдини олади. Холматга сал оғир келадиган бир иш бўлса, унга еткизмасдан, ўзи бир иш қилиб битиради: жойи келганда мулойим гапириб, жойи келганда пўписа қилиб, қизи ёки келинининг кўнглида кўтарилган ҳавас оловларига сув сепади, у оловларни авж олмасдан туриб сўндиради. Уларнинг талаблари жуда ўринли бўлса, ўзи иложини қилиб қондиради. Уларнинг кўнглини олади, Холматни ортиқча ташвишлардан қутқазади. Шаҳардан Салтиларнинг бир арава бўлиб келишлари ҳам Энахоннинг шу хил ҳавасларидан бири эди. Салтанатлар оиласи билан Энахонлар оиласи орасида ота-бободан қолиб келган бир дўстлик, қадрдонлик ҳукм сурарди. Бу икки оила кишилари йилда бир-икки марта бир-бирлари билан кўришиб турардилар. Ўтган куз, хирмонлар олингандан кейин, Энахон билан келин Салтанатларникида бир ҳафтача туриб келган эдилар. Шунда Энахон ўз ўртоғини бир-иккита тенгдошлари билан бирга баҳорда қишлоққа чақириб кетган, баҳор келиб, табиат жонлангач, шаҳарга тушган бир одамдан яна айтдириб юборган эди. Кампир қизининг бу талабини, албатта, ўринли топарди. Энахоннинг ёнида бола-чақаси билан бирга бир неча кун яйраб келган келин ҳам қизнинг фикрига жон-у дилидан қўшилгач, кампирга ҳеч бир гап қайтариш ўрни қолмаган эди. – Гапларинг жуда маъқул! – деди у шу тўғрида маслаҳат бошланганда. – Бунинг иложини ўзимиз қилишимиз керак. Холмат бечорага ҳеч бир оғири тушмасин. Иложи бўлса, унга билдирмайлик. Меҳмонлар келганда билар. Энахон келинга қаради. Келин Энахоннинг бу қарашидан «қани, гапиринг, нима дейсиз?» деганини англаган бўлса-да, қайнона олдида биринчи бўлиб гап очишни эп кўрмасдан, жим қолди. Шундан кейин Энахон бир нарса демакка мажбур эди. – Майли, сиз ўзингиз биласиз, ойи. Чақириш кераклигига йўқ демадингиз. Меҳмон деганни нон қоқига чақириб бўлмайди. Муни ўзингиз биласиз. Келин шу ерга келганда бир оғизгина сўз билан аралашиб қўйди: – Албатта, айниқса, шунча жойдан келадиган меҳмонни. – Хўп яхши биламан! – деди кампир. У келинининг оғзидан гапини узиб олгандай тез гапирарди. – Кузда иккаланг бориб бир ҳафта туриб келдинг. Бечораҳол бўлсалар ҳам, сенларни хўп хурсанд қилиб жўнатишди. Иккаланг ҳам анчагача гапириб юрдинг… – Рост-да! – деди Энахон. – Унинг отаси ҳам ниҳояти бир айрончи, ер-суви йўқ, дастгоҳи йўқ. Рўзғор катта… Шундай бўлса ҳам, бизга деб нималарни қилишмади-а? Сўнгги саволни келинбибисига берган эди. У ҳам: – Ҳа, нимасини айтасиз, – деб дарҳол тасдиқ қилди. Шу билан ҳаммалари жим бўлдилар. Кампир илож ахтариб ўйга ботган эди. У секин-секин оғил томига ётқизилган шотининг иккинчи поғонасига ўтирди. Қиз билан келин ерга чўнқайдилар. Кампир шотининг ён ёғочини силаб ўйнар, Энахон оғзидан олган сақични қўлида эзиб «соққа» ясар, келинчак бўлса бир чўп билан ерни чизғалар – учаласи ҳам шу равишча ўйга ботган эдилар. Кампирнинг бутун хаёли ҳалиги тўғрида бўлса ҳам, икки кўзи буларда; булар эса дам бир-бирларига, дам кампирга қарар, дам бўлса ерга тикилардилар. Сукутни кампир бузди: – Камбағаллик ўлсин, камбағаллик! – деди у ва чуқур бир «уҳ» тортди. – Ҳеч бир иложини топиб бўлмайди… Бироз жим қолгач, бирданига овозини кўтариб: – Шунча ердан бизнинг сўк ошимизни ичгали келишармиди? Уч-тўрт кун туришади. Дурустроқ бир нарса қилиб қўймасак бўладими? – деди. Улар иккови ҳам уйғонгандай бўлдилар: – Албатта, албатта! – дейишди иккаласи. Худди шу вақтда сомонхонанинг ёнида Холмат кўринди. Булар унга қайрилиб қарагали улгурмасдан, унинг: – Ойи, бормисиз? – деган овози эшитилди. Кампир суҳбатни бўлиб ўриндан тураркан: – Шошманглар, бир оз ўйлайлик, эртагача бирор иложи топилиб қолар, – деди ва югуриб Холматнинг ёнига кетди. Кечқурун ётар пайтда кампир ҳалиги икковини ёнига чақириб, ўз фикрини айтди: – Ўйлаб-ўйлаб қўлимдан келгани шу бўлдики, ўлимлигимга аталган нарсалардан бир озроқ ажратдим. Энди, Эна, сен ҳам бисотингда боридан бир-икки нарса ажрат, келин, сиз ҳам бир нарса қўшинг, эрталаб битта-яримтани бозорга туширайлик, шуларни сотиб ул-бул олиб чиқсин. Кампир ўлимлигига аталган нарсалардан ажратгандан кейин гап тамом эди. – Бўлибди, ойи! – деди Энахон. – Менинг бор-йўғим ўз қўлингизда, ўзингиз ажратиб оларсиз. Хайр, майли, ўзим ҳам бир ўйлаб кўрай… – Мен эрта билан сизга топшираман, – деди келин. Кампир туриб ётоғига кетди; икки ёш ўша жойда ўтириб қолиб, нима ажратиш ва нима бериш тўғрисида маслаҳатлашдилар. Бисотдагининг мазаси бўлмаганлигидан бу маслаҳат анча узоқ чўзилди. Ҳар қалай, эрта билан кампирнинг қўлида мўжазгина бир тугунча бор эди. Тугунчани хуржуннинг бир кўзига солган бола яғир отни йўртдириб шаҳарга томон йўл солди. Ўша кун Салтанатларга иккинчи чақириқ етказилган ва катта хуржуннинг икки кўзи тўлиб қайтган эди. Меҳмонларга қўлидан келганча яхши дастурхон солиб, қўни-қўшни қизлар ва келинчакларни чақиртириб, аллақайлардан тори узилган дуторларни топдириб келган ва уларни хурсанд қилмоқ учун тиришиб-тирмашган Энахон ўз кўнглида яна хижолат тортишдан қутулмади. Қадрли меҳмонларини яна аллақандай зиёфатлар, меҳмондорчиликлар, такаллуфларга кўмиб ташламоқчи бўларди. Унча нарса бўлмаганда ҳам, одамлар сингари тузукроқ бир сийлаб юборишни албатта лозим деб ўйларди. Ўз қўлида мундай қудрат йўқлигини ўйлаб noumidlikka тушар, бўғиларди… Юраги ёмон ғаш бўлиб кетганидан кейин чидай олмасдан кампирга айтиб кўрди: – Ўлганим яхши менинг! – деди у. – Кўнгулдагидек бир сийлай олмасам меҳмонларимни! Одатда юмшоқ гапирадиган кампир бу гапга аччиғланди… – Бўлмаса, ўзингни бозорга олиб чиқиб сот! Кўнгулдагидек меҳмон қилоласан… – деди. – Сизга одам кўнглидаги ҳасратини ҳам айта олмас экан-да, – деди Энахон, кўзларига ёш олиб онасидан узоқлашди. Худди шу ҳасратини томорқа ҳовличадаги ариқ бўйида ўтириб келинбибисига айтганида, у дарров бунинг фикрига қўшилди: – Шундай яхши нарсаларки! Буларга қанча қилсангиз оз! Зебихонди қаранг, Зебихонди! Кузда биз борганимизда кўрмаган эдик-а? – Отаси ўлгур, совуқ сўфи, жавоб бермаган экан… – Мунча ҳам овози чиройлик бу қизнинг!.. Ашулла айтса, қулоғинг маст бўлади одам… Нафаси мунча иссиқ, мунча мазалик! Мунча таъсирлик! – Шуни айтаман-да. Суюқ ош қилдик, ошқовоқ сомса қилдик, палов қилдик… – бўлди! Бундан ортиғига мана бу камбағаллик ўлгур йўл қўймайди… Шу ерда чуқур бир «уҳ» тортди Энахон. Сўнгра яна сўзида давом этди: – Варақи сомсалар қилсак, оқ унлардан ғалати мантилар, чучваралар қилсак, бойларникида бўладиган димлама-қўғурмалар қилсак… Бирдан тажангланиб ўрнидан турди: – Ошқовоқ сомса! Ошқовоқ сомса! Камбағаллиги қурсин, илоҳим! «Камбағал худойимнинг суйган бандаси» дейдилар, шуми суйган банданинг ҳоли?! Боядан бери шу тўғрида ўйланиб, оққан сувга хашак ташлаб ўтирган келиннинг юзларида худди шу пайтда бир ёқимли кулимсираш пайдо бўлган эди. Ўрнидан туриб, ҳалиги ширин кулимсираши борган сари очилгани ва ёйилгани ҳолда Энахонга яқин борди: – Хафа бўлманг, айланай! – деди. – Мен иложини топдим. Бойларникига ўхшаган ғалати зиёфат қилиб жўнатамиз меҳмонларимизни! Энахон бу иложнинг нималигини англаёлмаганидан ҳайрон бўлиб келинбибисига қарар, ҳали юзи кулмас эди. – Нечик? – деди у ва келинбибисининг кўзларига бақрайиб тикилгани ҳолда унинг иккала қўлини қўллари орасига олди. – Ўзимизнинг кучимиз етмаса, тенг-тўшларимиз, ўртоқларимиз бор. Уларга айтиб чақиртирамиз… Энахоннинг юзи бирданига очилди. Лабларига кенг бир табассум ёйилди. У келинбибиси топган иложни англаган эди: – Мингбошининг қизига айтмоқчимисиз? Ўша чақирсин дейсизми? – Yo у, ё бўлмаса кичик хотини Султонхон-чи? – Бўлармикин? Шу ергача улар иккови бир жойда тўхташиб сўзлашмоқда эдилар. Келин: – Бўлдиришни менга қўйиб беринг. Ишингиз бўлмасин. Ишқилиб, меҳмонларни хурсанд қилсам бўлдими? – деди. Шундан сўнг иккаласи бел ушлашиб уйга томон юра бошладилар. – Яхши маслаҳат! Жон келинбиби, бир иш қилинг! – деди Энахон, келинбибисини маҳкамроқ қучоқлади. Келин бирданига тўхтаб: – Уларникидан ҳеч кимни чақиртирдикми? – деб сўради. Энахон ҳам етган жойида тўхтаб: – Йўқ! – дея жавоб берди. – Ким билади дейсиз муни? «Мингбошининг фалон-фалонлари бизни кўзига иладими?» деб хабар ҳам қилмабмиз. Энди қандай бўлар экан? – Биз шу кечага мингбоши тоғанинг қизи билан кичик хотинини чақиртирайлик. Кеча чақиртирганимизда келмасалар, бугун чақиртирсак, албатта, келишади. Сиз нима деб ўтирибсиз! Зебихоннинг овози, ашуллалари ундан каттароқларни ҳам судраб келтиради. Сиз хотиржам бўлинг. Мен ўзим ғизиллаб чиқиб келаман. Бу кеча битта-яримта ашулла эшитиб суҳбатни кўришса, эртага албатта чақиртиришади. Иккаласи юзлари юлдуздай чарақлагани ҳолда даричадан ичкарига ҳатлаган вақтларида, Зебининг «Қора сочим» куйига айтаётган ашулла си қулоқларни ширин-ширин қитиқламоқда эди… Бир томчи сув денгизга айланган бир кеча бўлди. Шу камбағал, бебузоат оиланинг иссиқ ва ҳалол қучоғига қишлоқ қизлари ва ёш жувонларининг ҳаммаси деярлик тўпланди. Бевосита қўшни бўлган хонадонларнинг «ошини ошаб, ёшини яшаган» кампирлари ҳам чиқишдилар. Бу кеча ҳатто шаҳар қизларига пойлоқчи бўлиб келган уйқучи кампирга ҳам жон кирди. Унинг жонланганини кўрганлар ихтиёрсиз ёйилиб кулар ва чин кўнгилдан севинардилар. Бир эмас, икки дутор ва икки яхши дуторчи, бир нечта ўйинчи, Зебихондан бошқа яна иккита овози дурустгина ёш жувонлар келишди. Дастурхонга қараган киши бўлмади: ҳеч ким бу фақир ва содда ҳашамат ичида такаллуф ахтармас, кўнгилнинг хурсандликларга бўлган кетсиз майлини қондириш билангина овора эди. Шу учун бўлса керак, дастурхон устида дув-дув гаплашиб, айвонни овозга тўлдириб ўтирган қиз-жувонлардан ҳеч бири ўнг биқинида ёнма-ён ўтириб, зўрға-зўрға дастурхонга қўл узатган мингбоши ойимларнинг «шу ҳам меҳмондорчиликми?» деган маънода бир-бирига қараб лаб буриштирганларини пайқамади. Дастурхон йиғилгандан кейин базм бошланди, шундан кейин ҳамма ўзини унутди, ҳамма ёш болага айланди. Уч овозлик қизга яна бир нечтаси қўшилиб, ялла оҳанги кўкларга кўтарилгандан кейин қишлоқнинг паст-паст, йиқиқ-ёриқ деволларидан осонгина ошиб ўтиб битта-яримта йигит-яланг ҳам тўплана бошлади. Улар хира ёнган чироқчанинг ишиғи зўрға-зўрға етадиган жойларда – айвоннинг икки ёнида чўнқайиб ўтиришган, нафасларини ичларига олган эдилар. Улар орасида Холмат билан аравакаш бола ҳам бор, улар иккови катта тут ёғочига суяниб тикка турардилар. Холмат ҳавас билан қизиқиб қараса-да, унинг кўнгли тамом бетараф эди, фақат аравакаш йигит шунча тўпаланг ялла орасида Зебининг овозидан бошқа овозларни, нечикдир, фарқ этолмасди. У овозни эшитиш билан кўнглининг чуқур жойларидан хуруж қилиб келган аллақандай тотли бир севинчни яширолмади: – Зебинисанинг овозини айтаман, Холмат ака… – деди у, ўзи шу сўзни айтганидан кейин, негадир, бироз қизара тушиб ерга қаради. – Чакки эмас! – деди Холмат. Сўнгра сўради: – Оти Зебинисами? – Ҳа, Зебинисахон! Йигитчанинг шу «хон» деган қўшимчасида «менинг Зебинисам» деган маънода бир мақтаниш, бир ғурур оҳанги бор эди. Бу оҳанг жуда очиқ эшитилган бўлса керакки, Холмат дарҳол фаҳмига борди ва «О, ҳаромией!» дегандай қилиб унга қарагач: – Юракдан урган экан-а!.. – деди. Йигитча бу сўздан ўнғайсизланди ва тона бошлади: – Йўғ-э, овози соз дейман-да, овози! – деди, лекин тили гапиргани билан, юраги «ёлғон, ёлғон» деб турганини ўзи ҳам билар, Холматнинг ишонмаслигига ақли етарди. Шу учун масалани чуқурлаштирмасдан сўзни бошқа томонгароқ буришни эп кўрди. – Овозига нима дейсиз, чинакам қиёмат-а? – деди Холматга. – Ҳа, овози жойида. Салтанатхонди ўртоғими? – Энг яқин ўртоғи. – Кимнинг қизи ўзи? – Раззоқ сўфи деган бир одамнинг… – Раззоқ сўфи? – Ҳа, Раззоқ сўфи. Худо берган лекин сўфига! – Харидори ҳам кўпдир? – Совчининг кўплигидан остонаси ейилиб кетган дейдилар… Билмадик, қайси толейи баландга насиб бўлар экан! – Худодан тилаб туринг, «noumid шайтон» деган гап бор… Шу сўзларни айта туриб Холмат ҳам йигитчага шайтон қараши билан қаради. Бу вақтда ашулла чи қизлар ялладан тўхталдилар, ингичка-йўғон аёл овозларидан иборат кучли бир хорнинг: – Бор бўлсинлар! – деган олқиши юксалди. Эркаклар ўз олқишларини ичларида сақламоққа мажбур эдилар. Уларнинг тўпланганларини бир-иккита кампирдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ялла битгач, баъзи қизлар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа жилишдилар: баъзилари ўчоқ бошига чой олгали кетдилар, баъзилари жойларини алмаштириб, яқин кўрган ўртоқларининг ёнларига ўтиб ўтирдилар. Энди эркаклар ҳам ўзларини орқагароқ олмоққа мажбур эдилар, улар ҳам жилишдилар. Меҳмонлардан Қумрихон бирданига тутнинг тагига бориб қолиб, у ерда икки эркакнинг ўзига қараб кулиб турганини кўргач, «Вой ўлақолай!» деб уялиб орқага қайтди. Яна Салтининг ёнига бориб ўтиргач, пичирлабгина: – Теварагимизни шундоққина қишлоқ йигитлари ўраб олишибди. Билмасдан тутнинг тагига бориб қолсам, иккитаси менга қараб бақрайиб турибди… Биттаси ўзимизнинг аравакашми… Бу вақтда бу иккала қизнинг нималар деб пичирлашаётганидан васвасага тушган Зеби секингина бўйнини чўзиб, гапга қулоқ солди. У фақат Қумрининг сўзини – «биттаси ўзимизнинг аравакаш…» деган сўнгги сўзини – эшита олди. Юраги ўйнади… ва дарҳол бурилиб ташқарига қаради. Чироғнинг хира ишиғида кампирларнинг ивирсиб юрганларини кўрди. Бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Юрак ўйнаши босилмади. Лаблари титрамоққа бошлаган эди… Бирданига ўрнидан турди: қизлар йўл бўшатдилар, уларни оралаб ўтди. Айвондан чиқиб олгунча ҳамманинг кўзи унда эди, айвондан саҳнга тушгач, қизлар яна ўз суҳбатларига машғул бўлдилар. Саҳнда уни пойлоқчи кампир қарши олиб пешонасидан ўпди: – Илоҳим, ёмон кўздан сақласин, болам! – деди. Иккала кўзидан яна бир мартадан ўпгач, ичкари уйга томон бурилди. – Ҳа, хола, уйда нима қиласиз? – деб сўради Зеби. – Ухлайин, болам, мен қари нарса ярим кечагача ўтироламанми? Сизлар, ёш-яланг, ўйнаб-кулиб кўнгилларни ёзинглар. Мен ором олай… Пойлоқчининг бу хислати ҳаммага маъқул эди. Айниқса, шу топда кўнгли аллақайларга тортаётган Зеби учун бир хил эзма кампирлардан кўра бу – камгап, серуйқу кампир яхши эди. Юраги ургани ҳолда битта-битта босиб қоронғиликка кирди. У ҳам тут тагига – катта сўрининг ёнига бораётир эди. Қоронғида турган аравакаш йигит ёруғ томондан келаётган қизни таниди, бирданига: – Ана, ўзи келаётир! – деб қичқирди. Унинг бу қичқириши ихтиёрсиз бўлган эди. Аллақачонлар масаланинг фаҳмига бориб қолган Холмат шу топда йигитчадан йироқлашувни эп кўрди. Унга маънили қараш билан кулимсираб қараб, елкасига бир-икки ургач: – «Умидсиз шайтон» дедим-ку, ука… Мана, биз кетдик… – деди ва қуюқ қоронғиликка кириб, йўқ бўлди. Йигит эса Холматнинг бор-йўғини фарқ этолмайдиган ҳолда эди. Шундай пайтларда оғиздан ихтиёрсиз чиқиши лозим бўлган «бор бўлинг», «ўлманг» каби миннатдорлик сўзлари ҳам эсига келмасди. У юрагини ҳовучлагани ҳолда, ихтиёрсиз қари тутнинг йўғон баданига ёпишди… Зеби йигитчанинг «ана, ўзи келаётир!» деган сўзларини эшитган эди. Агар эси ўзида бўлса, у ҳам Қумри сингари «вой ўлақолай!» деб қайтиб кетиши керак эди. Ҳолбуки, у ўзини билмасдан ва ҳеч нарса ўйлаёлмасдан телба қадамлар билан битта-битта босиб илгари юрарди… Унинг оёқлари аллақандай ёмон бир кучнинг афсунига илашганлар, ўша кучнинг судраган томонига борардилар. Ёш қиз ўз кўнглининг биринчи марта ўзига бегоналашганини, ўзидан бошқа бир кучнинг кўнглига эгалик қилганини сезарди… Зеби теграсига бир кўз югуртиб олгач, қадам босишини секинлатиб, катта тутнинг ўнг томонида тўхтади. Йигитча чап томонда эди. Иккаласи ҳам анчагача жим қолдилар. Қайси бири олдин гап бошлашни ва нима дейишни билмасди. Ниҳоят, йигитча бир гап топган бўлди. – Бугун саҳар… аравани қўшаманми? – Нимага? – Кетмаймизми? Зеби жавоб беролмай қолди… Бу саволга жавоб бўлгундай бир сўз унинг шу топда жуда ёмон ғовлаб кетган миясига яқин келмасиди. Сўзга-сўз қайтармоқ учунгина: – Шошилтириб нима қиласиз? – деди ва бу сўзларнинг ўз оғзидан узилиб тушиб борганини сезди. Шу топда ўз овози ҳам ўзига ёт эди, шу сўзларни айтаётган овоз унинг ўз қулоғига сойнинг нариги бетидан келаётгандай эшитиларди. Йигитча ўзини тўхтатиб олган эди. Энди у дадилланиб ва кулиб туриб қўлини тутнинг ўнг томонига узатди. Фақат, иккаласининг ораси анча йироқ бўлганидан бошқа бир қўл унинг қўлига уринмади. Ҳолбуки, Зеби бировнинг қўл узатганини пайқайдиган ҳолда эмасиди. Йигитча Зебидан муқобала кўрмагач, қўлини тортиб олди ва энди, бу сафар бўйнини эгиб икки кўзи билан қизни ахтараркан, қувноқ бир овоз билан: – Ҳали бир-икки кун ўйнаймизми? Отга дам берамизми? – деди. Зебидан жавоб бўлмагач, илова қилди: – Хайр, майли, сизлар қачон «қўш» десанглар, шунда қўшаман. Зеби тутга суянган, ўзининг қайда турганини унутаёзган, шунча гапга бир оғиз жавоб бермасдан оғир ўйларга толган эди. У шу топда ўзининг яқин келажакдаги қора кунларини, қай рангда кўриниши маълум бўлмаган бахти, толейини ўйларди. Унинг бутун бахти Раззоқ сўфининг жоҳил вужудига боғлиқ эмасми? Ўша совуқ сўфи шу қувноқ жонни ва сайроқ қушчани истаган вақтида бахтли ё бахтсиз эта олмайдими? Унинг бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» дейиши қиз бечоранинг беҳад қувнаб яйрашига ёхуд хазон япроғидай бир нафасда сўлиб нобуд бўлувига ярамайдими? Қиз шўрлик у бир умр қовоғи солиқ ва юзи кулмас отадан ҳеч бир хайрият кутмайди. Отаси тўғрисида ўйлаган вақтида ўзини ўлимга маҳкум бир одам, отасини маҳкумнинг жаллоди каби кўради… ва титрайди! Бу қишлоқ саёҳати, аравакаш йигитча билан тасодифан танишиб қолиши, шу танишув орқасида кўнглида сезгани бесаранжомликлар бечора қизни ҳалигидек қора ўйларни ўйлашга мажбур қилган эди. У хил қора ўйлар унинг учун янги эмас, албатта. Ёши балоғатга етиб, уйлари совчиларнинг қатнов йўлларига айланганидан бери у шўрликнинг қора ўйларга ботмаган куни йўқ! Фақат, ширин бир умид билан, кўзда кўрилиб, қўлда тутилган – нақд бир умид билан бирга келган қора ўйлар қиз бечорани ёмон эзиб ташлайди! Бир-икки кундан бери ашулла , ўйин деганда ўзини билмас даражада берилиб кетиши шу изтиробларнинг ҳордиғини чиқариш учун эмасми? Кўнглига оғир ташвишлар солган йигитчанинг шундоқ ёнгинасида жуда ширин хаёллар билан бирга жуда қора ўйларга ботиб турган вақтида, бирданига айвон томондан бир овоз эшитилди: – Ҳай, нима бу ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди? Зебинисахон қанилар? Салтанатхон, айланай, ўртоқжонингизни топмайсизми? Яна бир овоз қўшилди: – Рост-а, ҳаммаёқ музлаб кетди! Ҳай қизлар, сизга нима бўлди? Бирдан бир неча овоз кўтарилди: – Зебинисахон, Зебинисахон! Қизлар ўринларидан туриб у ёқ-бу ёққа юришиб қолдилар. Бу қичқиришлар ҳар қандай оғир уйқудан уйғотишга ярардилар. Зеби ҳам ярим мастлик ҳолатидан сесканиб уйғонди ва апил-тапил жавоб қилди: – Мана мен… Ҳозир бораман… ҳозир… Фақат, бу сафар унинг овози касал одамнинг овози сингари дармонсиз ва жонсиз чиқарди. Йигит буни англади ва тезгина: – Боринг, бемалол ўйин-кулгингизни қилинг! Ҳеч нарсадан қўрқманг, ҳеч бир ғам ея кўрманг! – деди. Сўнгра дарҳол ўзини тутнинг панасига олди. У ёқдан бир-иккита қиз югуриб келиб, Зебини етаклаб кетишди, шуларнинг бири мингбошининг кичик хотини Султонхон эди. Бу сафар фақат ўйин бўлди. Ёш жувонлар ва қизларнинг ҳаммасини деярлик тортдилар. Шаҳарликлардан яхши ўйнаган Қумри бўлди. Қишлоқ қизларидан икки-учтаси яхши ўйнадилар. Ҳатто кампирларни ҳам тортдилар. Энахоннинг онаси, ўзи пакана ва унинг устига букчайган кампир, ўйин қилган бўлиб ҳаммани кулдирди. Энахонни кўндира олмадилар. У «мен хизматларингдаман» деган баҳонани қилди. Мингбошининг қизи бир-икки айланиб тўхтади, кичик хотини эса кўнмади: уни кўп ҳам зўрлай олмадилар. Зеби эса дуторчилар ва ашулла чилар билан бирга енгил-енгил яллалар қилиб турди. Ўйин тамом бўлиб, палов дастурхони ёзилганда, ой анча баландга кўтарилган эди. Ошдан сўнг қишлоқ қизларидан ўзига дурустроқ бир деҳқоннинг қизи ўрнидан туриб: – Эртага меҳмонларни биз кутамиз, – деди. Шундан кейин мингбошининг кичик хотини Султонхон катта кундошининг қизи билан гапни бир жойга қўйиб ўрнидан турди ва Энахонга томон юзланиб: – Бўлмаса, меҳмонларингиз индинга бизникида бўлишади, – деди. –Тузукми? Энди бизга рухсат! У кундошининг қизи билан бирга айвондан пастга тушиб, кавшини кия бошлагач, бошқа қизлар ҳам битта-битта ўринларидан турдилар. Шундай қилиб бу қиёмат йиғин кеча ярим бўлганда гув-гув билан тарқалди. Кеча ва кундуз — 4-боб Кундошининг қизи билан апоқ-чапоқ бўлиб уйига қайтган Султонхон, мингбошининг шаҳарга кетган бўйича қайтмаганини билганидан кейин, ўз уйига кирди ва жой солиб, ечиниб ўтирмасдан шундоққина тўшакчанинг устида биргина ёстиққа бош қўйиб уйқуга кетди. Эрталаб уйқудан кўзини очганида бош томонида ёнқўшни хотинлардан Умринисабиби ўтирарди. Тез-тез чиқиб мингбоши оиласининг рўзғор ишларига қарашиб, кўрпа ва тўнлари бўлса қавиб, пахталарини саваб берадиган ўрта ёшлардаги бу хотин шу йўл билан кичик қизига сеп орттирарди. Катта қизини бундан икки йил бурун чиқарган, энди бу қизи одам кўзига кўриниб келарди. Султонхон кўзини очар-очмас: – Яхши чиқибсиз, Умриниса хола, – деди, – ўзим ҳам чақиртирмоқчи эдим. Эртага Энахонларникидаги шаҳарлик меҳмонлар чиқишади. Ош-сувга қарашиб бермасангиз бўлмайди. Бугун бир-икки тандир патир ёпиб олсак, дейман… – Мен ҳам шу тўғрида сиз билан гаплашгали чиқиб эдим, – деди Умринисабиби. – Жуда яхши бўлибди. Нонуштани қилиб, хамирга урина берайлик бўлмаса. Бир-икки жойга бориб дутор-мутор сўраб келадиган ишларингиз ҳам бор ҳали. Умринисабиби ўтирган кўйи суриниб Султонхонга яқин келди: – Мен сизга бошқача маслаҳат билан чиқиб эдим… – деди. Бу сўзлар ярим пичираш овози билан ва ҳам кўзлар икки томонга жаланглаб туриб айтилганидан келинчакнинг кўнгли дув этиб олди. У ҳам Умринисабиби томонга ўгирилди: – Нимага пичираб гапираётирсиз? Нима демакчисиз? Яқинроқ келсангиз-чи! Имилламай қолинг, илоҳим! – деди. Умринисабиби энди келинчакнинг худди қулоғига эгилди: – Шаҳарлик меҳмонларни эртага чақирибсиз, эшитдим. Кеча кечқурун менинг Баҳрим ўша ердайди… Шу сўзни айтгач, у бир нафас жим қолди. Келинчакнинг кичкина, қоп-қора ва ўйноқи кўзлари кенг очилиб, қўшни хотиннинг оғзига тикилган эди. Умринисабиби яна бир қур кўзларини жаланглатиб олгач: – Киши деган ўз томирига болта чопадими? – деди. – Кечаси билан ухлаёлмасдан шуни ўйлаб чиқдим… Султонхоннинг ранги ўча бошлаган эди, икки бетидаги шапалоқдай қизилига сўлғунлик югурди. Оғзи ярим очилган, кўкраги бир ётиб-бир турмоқда, дармони танидан узоқлашиб борарди. – Гапиринг тезроқ… нима демакчисиз? – деди у ҳансираш билан. Умринисабиби бўйнини имкон борича чўзиб туриб очиқ эшикдан ташқарига қаради. Сўнгра яна келинчакнинг қулоғига эгилиб деди: – Келин бўлиб келганингизга энди беш ой бўлди. Ҳалитдан бошингизга янги кундош орттирмоқчимисиз? Эрингизнинг қайлиқбозлигини билардингиз-ку! Султонхон: – Вой, ўлақолай!.. Жинни бўлибман мен! – деб қичқирди ва юзини ёстиққа қўйиб, чап қўли билан бошига муштлади… – Ёшлик қилибсиз, айланай. Билмабсиз. У ашуллачи қизнинг довруғи дунёни босди… Ҳамманинг оғзида ўша. Эрингиздай учига чиққан хотинбоз у булбулникидай овозни ўз қулоғи билан эшитсин-у дарров совчи қўймасин – бўладими, қалай? Келинчак бирданига ётган еридан туриб, Умринисабибининг елкасига осилди: – Нимасини айтасиз, холажон? Мен эсимни ебман, эсимни!.. Энди нима қилдик, энди? Айтсангиз-чи, нима қилдим энди мен? Умринисабиби унинг бошини мулойим-мулойим силади: – Энди ҳовлиқманг, – деди у, – бўлар иш бўлди. Бир иш қилиб зарар етадиган томирини кесайлик! – Энди иложи борми, қалай? – Шошманг, ўйлайлик. Бир маслаҳат топилиб қолар. Иккаласи жим қолиб ўйга ботдилар. Умринисабиби оқ дока рўмолининг учини тугумлаб ўйланар, келинчак эса қўлидаги тилла узугини бармоғидан олиб ўша билан ўйнаркан, хаёл сурарди. Бирданига тилла узукни ўз кўзи олдига олиб борди, у ёқ-бу ёғини айлантириб хўп қарагандан кейин, секингина қўл узатиб уни Умринисабибининг синчалоғига кийгизиб қўйди. Бу вақтда зўр бериб ўй ўйламоқда ва тадбир ахтармоқда бўлган Умринисабиби тилла узукнинг ўзга қўлдан ўз қўлига ўтганини икки кўзи билан кўриб турса-да, бу катта топишнинг қийматини пайқаёлгани йўқ эди. Кейин узукка қараб туриб унинг қандай қийматли нарса эканини, қизи Баҳри учун зўр бир давлат қозонилганини эслагач, севинчдан юзлари алвон товлаб кетди ва тезгина узукни бармоғидан чиқариб, рўмолининг учига маҳкам тугиб қўйди. – Қани, гапиринг, хола! – Нима дейишимга ҳайронман… Меҳмонларни чақириб қўйибсиз. Энди бир илож қилиб қайтариш керак. Кундошларингизга билдирмасдан иш тутиш керак. Хайриятки, кундошингизнинг қизи чақирмабди. У чақирганда ёмон бўларди. – Мен ўлгур, ўша куни Зебихоннинг овозига маст бўлиб, ҳеч нарсани ўйлаёлмабман-да! Кундошимнинг қизига «сиз чақирсангизмикан, мен чақирсаммикан?» деб маслаҳат солибман-а! Муни қаранг! Хайрият, у қиз эслилик қилиб, «Мен бувимдан берухсат меҳмон чақирмайман. Сиз каттасиз, ўзингиз чақиринг» деди… – Аслини ўйлаганда, у ҳам эсипастлик қилибди. Лекин унинг бу эсипастлиги сизнинг фойдангиз. Умринисабиби бир озгина жим қолгач, яна келинчакнинг қулоғига эгилди: – Энди сиз бир иш қилиб тобингиз қочган бўласиз-у, мен бориб Энахонга айтаман. «Бошини кўтариб қолса, мен ўзим хабар қиламан» дейман. Шу билан қолиб кетади… Меҳмонлар бугун-эрта қайтиб кетишар эмиш. Зебихон жуда сўфи одамнинг қизи экан. Отаси бир-икки кунга базўр ижозат берган эмиш… Келинчак ҳали ҳам ўзига келмаган эди, яна Умринисабибининг бўйнига осилди: – Қандай бўлар экан? Жуда хунук бўлади-да. Бутун қишлоққа гап тарқалади… Бу кундошларим, денг, тарқатмай қўйишадими? Бошқа бир иложини топсак яхши бўларди. Келинчак Умринисабибининг кўзларига бир оз тикилиб тургач: – Шу топда онам нотоб бўлиб чақиртирса хафа бўлмас эдим! – деди. – Бўлмаса, онангизни касал қилайлик. У сизни жадаллатиб чақиртирсин. Сиз узр айтиб, жўнай беринг… Шу шаҳарлик қизлар кетгунча, онангизникида турганингиз ҳам яхши. – Муни қандай қиламиз? – Бу осон. Мен ҳозир паранжимни ёпиниб сизларникига жўнайман. Ҳамма гапни онангизга уқтириб, тезда қайтаман. Орқамдан дума-дум одам келади, сиз кета берасиз. Кеч пайт мен ўзим кириб, Энахонга айтиб қўяман. Келинчак бу маслаҳатга тамом қойил бўлган эди. Умринисабибининг кўзларидан ўпди: – Бу яхшилигингизни бир умр унутмайман, хола, – деди. – Қизингизни, худо хоҳласа, ўзим тўй қилиб, ўзим узатаман! Сиз дарров жўнанг! Ана, мистовоқда нон, ликопчада майиз бор; нондан, майиздан олиб йўлга тушинг! Тез бўлинг, жон хола! Умринисабиби ирғиб ўрнидан турди, нон билан майизнинг ҳаммасини рўмолчасига тугиб, уйдан чиқди. Унинг уйдан чиқиб ўз ҳовлисига томон кетаётганини келинчак эшик олдида кузатиб турди. Ташқарида кундошлардан бири Умринисабибидан нима қилиб юрганини сўраган бўлса керак, у кичкина даричани очиб, бир оёғини ўз ҳовлисига қўяркан, баланд овоз билан: – Султонхон эртага меҳмон чақиртирмоқчи экан, шунга қарашиб берай деб чиқиб эдим! – деди. Бу баланд ва кескин овоз Султонхоннинг қулоғига жуда хуш ёқар эди… Ашуллачи қизнинг ўзлариникига меҳмон бўлиб келажагини эшитгандан бери мингбошининг ўртанчи хотини Пошшахон жуда хурсанд эди. Фақат, эрининг шаҳарга кетиб бедарак йўқолганига ачинарди. Шаҳарда бўлмасдан шу ерда бўлса, бир иш қилиб шаҳарлик қизнинг овозини унга эшиттириш ва шу йўл билан кундошнинг устига кундош келтириш қийин эмаслигини яхши биларди. Эрининг хотинбозлиги эса бир унга эмас, бутун дунёга маълум эди. Зебини бир иш қилиб мингбошига олиб бериш устида ўзининг бурунги душмани, яъни катта кундоши Хадичахон билан иттифоқ боғлашдан ҳам тортинмасиди. Шу учун бўлса керак, бугунги нонуштани унинг уйида қилди: энг маҳрам сирларини айтган бўлиб, уни ўзига мойил қилдиришга уринди. – Эрингиздан шу чоққача дарак йўқ-а? – деди у кулиб туриб. Хадичахон ҳам ўша хилда кулиш билан жавоб берди: – Ҳа, эрингиз шаҳарда қолиб кетди. Билмадим, яна битта-яримтага назари тушдимикин? – Назарлари қурсин у кишининг? Ҳадеб туша берар экан-да… – Сиз-биз тушмасин деганимиз билан, тушмай қолармиди? Худо ўзи тушадиган қилиб яратган экан-да. – Худовандикарим бу эркакларни мунча яхши кўрар экан, а… – Ўзимиздан қиёс-да… Орамизда эркакни яхши кўрмайдиган ким бор?.. Нондан олинг! Қиёмга қараб ўтирсангиз-чи… – Нон билан қиём ҳар кун бор… Бошқа дардлардан гапиришайлик. – Нон билан қиём ҳар кимникида йўқ. Бу ҳам борникида бор. Шукур қилсак бўлади… – Минг қатла шукурку-я… Ўз бошингиздан ўтган, биласиз, кўнгулни тинталаган бир нарса бор… – Менинг кўнглим тинталаниб-тинталаниб адо бўлган, айланай… Кўнглимдаги оловнинг қуруқ кули қолган, холос. Энди, худонинг тақдири билан, менинг кунларим сизнинг бошингизга тушибди. Инсоф қилганда, айланай, бу кунни худо ҳеч бир бандасининг бошига келтирмасин. Нондан олиб ўтиринг… Пошшахон ўз кундошининг бу гапларидаги аччиқ кесатмаларни, тўппа-тўғри ўз бағрига бориб санчиладиган найзаларни билиб ва сезиб ўтирарди. Чинакам, бир замон ўзи шу бечора хотиннинг устига кундош бўлиб келиб, унинг юрагини тимталаган, уни рашк ва кўролмаслик оловларида ёндирган эди. У вақтда ўзи – кулди, очилди, қувонди, гердайиб, осмондан қараб қадам босди… Хадичахон эса – эзилди, куйди, ўртанди, хўрланиб-хўрланиб аччиқ-аччиқ йиғлади. Фақат, ҳали бўйида бўлмай туриб ўзининг пешонасига ҳам кундош битди… Бутун ғурури синди, гердайиши поймол бўлди, севинчи сўнди, юзи сўлди, лаблари хазон рангига бўянди, умидлари узилди, оёқлари зўрға-зўрға судралиб жиладиган ҳолга келди. Султонхон келгандан бери унинг лаблари икки тиши орасидан чиқмас, кўзлари сал нарсага ёш олиб юборар, кўкрагида девлар ирғитган оғир тошлардан бири кўндаланг келиб ётарди… Дуруст, қорни тўқ, уст-боши жойида, қават-қават сарпо, оғир меҳнат йўқ… Лекин ёнгинасида бошқа бир юлдуз чарақлаб, кўзларини қамаштириб тургандан кейин бу давлатлардан нима фойда?.. Хадичахоннинг бу ҳақли кесатишларидан кейин чўккан оғир бир жимлик ичида фақат оғизларгина қуруқ нонни чайнашдан чалаплар экан, Пошшахон шу нарсаларни ўйларди. Бугун, ўзининг эски душмани олдида, душманнинг ҳақ эканини иқрор қилиш, албатта, енгил эмасиди. Фақат, нариги – кичик кундош мингбошининг кумуш камарида энг аъло нақш бўлиб ёниб турганда, бу зарарсиз кундошнинг ҳақлигини иқрор қилиб ва унинг синиқ кўнглини овлаб, шу билан уни қўлга олмоқ, ҳозир иккала хотин учун баравар кундош бўлган кичик хотинга қарши ўт очмоқ лозим эди. Бўшалган пиёлани чертиб узатаркан: – Айтганларингиз рост, – деди Пошшахон.– Айтган гапларингиз аччиқ бўлса ҳамки, рост. Бу тўғрида мен сизга ҳеч нарса деёлмайман, айниқса, мен келганда болалик эдингиз сиз… Биламан. Кундошининг қўлидан совиброқ қолган бир пиёла чойни олди-да, бир-бир кетин икки-уч ҳўплаб, бўшалган пиёлани яна қайтарди. Сўнгра давом этди: – У ёғини ўйлаганда, на сизда айб бор, на менда. Қайси биримиз бу одамга ўзимиз хоҳлаб тегибмиз? Ҳаммамизни ота-онамиз биздан сўрамай-нетмай узатган. Бизнинг кўз ёшларимизга ким қараган дейсиз?.. Шу ерда Хадичахон эътироз қилди: – Йўқ, ундай деманг. Мен ўзим хоҳлаб текканман. У вақтда куёвингиз ёш эди, мунча катта амалдор эмасиди, ниҳояти элликбоши эди. Биринчи хотинидан бола бўлмаган экан, икки-уч йил умр қилишганларидан кейин хотини ўлиб кетган. Мени олган вақтида «сен кўз очиб кўрганимсан» дерди… Менинг ҳеч бир нолийдиган ерим йўқ эди. Толейимдан хафа эмас эдим. Бу орада мана бу Фазилат туғилди. Бола деган ота-онани бир-бирига боғлайди… Фазилат туғилгандан кейин мен жуда хурсанд эдим. Худди ўша пайтларда онам ўлди. Отам ҳажга кетиб, у ерда қолди. Шунча мусибатларни қийналмасдан ўтказдим. Нимага десангиз, уйимдан кўнглим тўқ эди… Шу ерга келганда Хадичахон кўзига ёш олди, шапалоқ гулли обиравон кўйлагининг узун енги билан кўзларини артди. Сўнгра ёшли кўзлари билан ташқаридаги сўрида очиқ-сочиқ ётган ва бошига офтоб тушиб қолган Фазилатга қаради. Чойнакдаги сўнгги икки ҳўплам чойни қуйиб, бир ҳамлада ичиб битириб, чойнак-пиёлани нариги ёнига олиб қўйганидан кейин сўзида давом қилди: – Бунингиз амалдор бўлгандан кейин айниди. Мингбошилик ёмон ҳовлиқтирди. Ўз қишлоғини ташлаб бу ерга кўчди. Бу катта ҳовлини сотиб олди. Мана бу катта иморатларни солдирди. Боғ-роғ қилди, ер-сув кўпайтирди. Кўнгли бошқа савдоларга, ўзга кўйларга тушди… Бола ҳам кўзига кўринмади, хотин ҳам. Ёнига «ҳаббаракаллачилар» киришди. Хотин топадиган, маслаҳат берадиганлар кўпайишди. Бир ҳафтанинг ичида тўй қилиб, менинг устимга сизни келтириб қўйди. Шу ерга келганда Пошшахон чидаёлмади: – Мен хоҳлаб келган бўлсам экан… Оёғимдан боғлаб, бир чўридай олиб келдилар… Туғилганимга, ёшлигимда касал бўлиб ўлиб кетмаганимга ўкина-ўкина келганман. – Биламан, айланай, биламан… У ёғини сўрасангиз, бу аёл тоифасининг кўпи ота-онанинг зўри билан эрга тегади. Шундай бўлса ҳам, сиз менга кундош бўлиб келгансиз-да… – Келмай ўла қолай мен! Сизга кундош бўлиб неча йил, неча ойим роҳатда ўтди? Сиз-ку беш-олти йил роҳат кўрибсиз, армонингиз йўқ… Мен шўрлик бир йил ҳам яйраганим йўқ. Бир кечанинг ичида тўй овози чиқди-ю, эртаси куни намозшомда Султонхон кириб келди… Ўлганим яхши эмасми бу кунимдан? Отам ўлгур мунинг ер-сувига, давлатига қизиқди, «ях» деб туриб олди. Бу давлатлардан унга нима фойда?.. – Давлати қурсин, давлати!.. Энахоннинг келинбибисига рашким келади… Давлат асари йўқ. Рўзғорлари зўрға ўтади. Қўзичоқдай икки боласи бор. Эри ҳамиша ёнида… Кундош алами йўқ… – Нимасини айтасиз… Иккови ҳам жим бўлдилар. Бир оздан сўнг гапни яна Пошшахон бошлади: – Мен чидолмайман асло, мен чидолмайман! Мен асло чидолмайман бу аламга! Сўнгра жаланглаб тевараги-атрофга қараб олгач, дастурхон устидан кундошига эгилиб, деди: – Яна биттани олиб бериб, мана бу яшшамагурни қонқора қақшатсам… Кибр-у ҳаволарини синдирсам… Шаштини қайтарсам… Ҳовлиқишини боссам… Ундан кейин сизнинг дастурхонингизни солиб, қўлингизга сув бериб, қизингизнинг чокларини тикишиб, хизматингизни қилиб ётардим! Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг!.. – Шу топда сиз аламзадасиз, ёлғон айтмайсиз… Кундошлик оловлари зотан сўниб битган бу болали хотинга кечаги душманнинг бу кунги хушомадлари ширин эшитилди. Султонхоннинг устига яна бири келса, демак, тўртинчиси бўлади ва кундошлик алами яна ҳам йироқлашади. Шуни ўйлаб, Хадичахон кечаги кундошининг бугун ёрдам сўраб узатган қўлини қабул қилишга йўқ демас эди. Фақат, Пошшахоннинг яна ҳам очиқроқ ва аниқроқ гапиришини, тўғридан тўғри бирлик таклифида бўлишини кутарди. Кундоши кутдирмади: – Қарс икки қўлдан чиқар экан! Иккаламиз бир бўлсак, Султонни тузлаймиз. Ундан кейин кундошлик алами сиздан икки поғона, мендан бир поғона йироқлашади. Икковимиз ҳам хотиржам бўлиб опа-сингил тутишамиз. Шу давлатни қанча керак ўз қўлимизга олиб, ўртада баҳам кўришамиз. Ёшлигимиз шамолга кетиб бўлди… Энди давлатдан бир нарса олиб қолайлик. Қариганимизда асқотади… Хадичахоннинг кутган сўзлари шу эди. Зотан, бу сўзлар унинг ўз кўнглидаги сўзларнинг худди ўзи эмасмиди? Ўзи ёлғиз қолган вақтларида доим шу тўғрида ўйлаб, шу хил тилакларда бўлинмасмиди? Демак, бугун иккала кундошнинг юраги бир зарб билан урибди! Иккала кундош бугун бир-бирларини англаб, бир-бирларига қўл узатибдилар! Мундан яхши нима бор? Бир киши қилолмаган ишни икки киши қила олади. Икки киши қилолмаганини уч киши қилади. Гап ўша уч кишининг бир-бирига қўл узатиб, маслаҳатни бир қилишида! – Соз бир қизни тўғри қилсангиз, ҳали ҳам йўқ демайди у фосиқ! Ўйлашайлик бўлмаса… – деди Хадичахон. Кундоши бирданига ўрнидан туриб, унинг ёнига ўтди ва худди жонажон ўртоқлардай қўлини елкасига ташлаб, бетларидан ўпиб-ўпиб олди. Бу ўпиш риёкор ва алдамчи ўпишлардан эмасиди. Балки, аксинча, чинакам ва астойдил эди. Шу топда Пошшахоннинг бутун вужудини кундошлик олови ўраб олган, кўзлари оловнинг алангалари ила чақнаб ёнмоқда, икки юзи унинг ҳарорати билан қип-қизил чўққа айланганиди… Шу осилиш ва шу ўпишлар билан ўзининг астойдиллигини билдиргандан кейин, Пошшахон ирғиб ўрнидан турди, югуриб бориб эшик ва деразаларни қараб келди-да, деди: – Ўйлаб ўтириш нега керак? Дунёнинг энг соз қизи ўз оёғи билан қишлоғимизга келиб ўтирибди… У қизнинг таърифини эрингизга эшитдирсак, бир илож қилиб қизнинг ўзини ҳам меҳмон қилиб чақирсак… тамом! – Сиз кимни айтаётирсиз? – Энахоннинг шаҳарлик меҳмонларидан Зебихон деган ашуллачисини… Хадичахон тан бергандай қилиб кундошига қаради-да, деди: – Топибсиз-а!.. Эсингизга қойилман! У қизнинг таърифини мен ҳам эшитдим. Бало эмиш… – Шундай бўлгандан кейин бизнинг ишимиз яна ҳам енгиллашади. У қизни эрингизга мақтаб эшитдирадиганлар биздан бошқа ҳам кўп топилади. Мен билан Султонни мақтаб едирганлар шундай қизни айтмайди дейсизми? Ташқаридан йўталган овоз эшитилди. Сўрида ётган Фазилат ўрнидан туриб келаётир эди. Иккаласи ҳам бу суҳбатни шу жойда узиб, майда-чуйда рўзғор гапларига кўчдилар. Бироздан сўнг бет-қўлини ювиб Фазилат кирди. У остонага қадам қўяр-қўймас, онаси: – Бет-кўзингни ювдингми? – деб сўради. – Ҳа! – деди қиз. – Бўлмаса, ўчоқда кичик чойнакда чой бор, ола кир. Нонуштангни қиласан. Қиз чойни келтириб қўйиб, дастурхонга ўтирар-ўтирмас гап бошлади: – Кечаси чарчаб келиб ухлаб қолибман. Бўлмаса, сизларни уйғотиб кўрганларимни гапириб берар эдим. – Нималарни кўрдинг? – деб сўради онаси. – Қани, гапириб беринг-чи, – деди Пошшахон. – Нимасини айтасиз! Зебихон деган бир ашуллачи келибди, овозини эшитсангиз маст бўласиз! Булар иккаласи бир-бирларига қарашиб, мийиғларида кулиб қўйдилар. – Яна кимларни кўрдинг? – Зебихон билан келган бошқа қизлар ҳам бири-биридан яхши, бири-биридан соз, бири-биридан очиқ, бири-биридан қувноқ… Онаси «пих-х» эта кулиб юборди ва эшитилар-эшитилмас қилиб: – Поғонани яна ҳам нарига чўзсак бўлар экан! – деди. – Нима деб ётирсан, ойи? – деб сўради қиз. – Ҳеч, – деди онаси. – Ўзимча бир нарса дедим. Сен эшитмай қўя қол… Бу ҳазилни ўртанчи хотин англаган ва қувониб кулиш билан муқобала қилган эди. – Меҳмондорчилик қанақа бўлди? – деб сўради онаси. – Ҳа, дастурхондан келинг, – деди Пошшахон. – Камбағалнинг дастурхони нима бўлариди? Нон, патир, майиз, ўрикқоқи… савзи қиём… Охирида зиғир ёғи палов… битта-яримта гўшт учраса бор, бўлмаса йўқ… – Вой, ўлақолсин! – деди Пошшахон. – Ҳа-я! – деди қизнинг онаси. – Дастурхонга ким қарабди дейсиз? – деди Фазилат. – Ҳамманинг ақли-ҳуши ўйинда, ашулла да, қизларда, ҳалиги Зебихонда бўлди. То йиғин тугалгунча, ҳеч ким жилмади. Ҳеч кимнинг жилгиси келмади. Ярим кечадан кейин қайтиб келдик. Биз келганда, ҳаммангиз донг қотиб ухлаган эдингиз… – Дастурхони мунча ёмон экан, сен чақирмабсан-да меҳмонларни. Биз бу ерда қиёмат қилиб кузатаридик… – Мен сендан сўроқсиз чақиришга ботинолмадим. Икковимиз маслаҳат қилишдик, эртаги кунга Султонхон аям чақириб келди. Иккала кундошнинг кўзлари бирданига ўғил кўрганини хабар олган отанинг кўзларидай равшан бир олов билан чарақлади. Кўз ҳимоси билан бир-бирларига севинчли хабар узатишиб олдилар. Иккаласи бир-бирини кўз учида қутлади. – Султонхон аянг? – деб сўради онаси. – Ҳа, Султонхон аям. – Мунча эслик экан Султонхон аянг! – Шунга ҳам эс керакми? – деди қиз. Хадичахон кўзларини айёрлик билан ўйнатиб туриб кундошига қаради: – Гапни эшитаётирсизми? – деди. – Эртага бизникига шаҳарлик меҳмонлар келишар экан! Султонхон ойим чақирибдилар. Султонхон ойим… Пошшахон азалдан айёр бўлган кўзларига беш баробар равнақ бериб туриб муқобала қилди: – Мингбоши додхонинг суйгулик хотинлари бўлганидан кейин нима қилса таъби-да! – деди у. – Ким нима дея оларди? Ҳадди борми, қалай?.. – Мунча эслик экан бу Султонхон аянг! – деб такрор килди Хадичахон. – Мунча эслик экан!.. Икки кундош ўша айёр кўзлар билан бир-бирларига қарашиб, маънолик-маънолик кулишдилар. Қиз бечора бу кулишларнинг нималигини англаёлмасдан ҳайрон бўлиб дам онасига, дам кичик бувисига қарарди… Маълум базм кечасининг эртаси куни Энахон билан меҳмонлари қоронғи тушганда меҳмондорчиликдан қайтиб келдилар. Меҳмон қилиб чақирган хонадон қишлоқнинг нариги чекасида яшаганидан булар анча чарчаган эдилар. Зеби ҳаммадан орқада қолиб, қўлидаги насибани аравакашга бериб киргач, Энахоннинг онаси ўз қизини холи топиб, Зеби тўғрисидаги фикрини изҳор қилди: – Бу Зебиниса ўртоғинг топилмайдиган қиз экан, болам. Бир раҳмдил, бир оқкўнгил, бир илинчакки, бу замоннинг ёш-яланги орасида кам топилади. Шунча жойдан олиб келиб, шунча кундан бери пойлаб ётган бечора аравакаш болани бошқа қизларнинг биттаси ҳам эсга олмади, йўқламади, доим йўқлаб, хабар олиб турган Зебихон бўлди. Ўзининг қўшниси бўлиб туриб Салтанатхон ҳам сира йўқламади… Бу сўнгги жумлани кампир паст бир овоз билан ярим пичираб айтган эди. Энахон: – Рост, ойи! – деди. – Зебихон ўртоғим у тўғрида топилмайдиган, лекин… Бу сўзларни айтиб туриб Энахон ўзини тутолмади ва кулиб юборди. Кампир ҳайрон бўлиб: – Нимага куласан? Yo билмай гапирдимми? – деди. – Йўқ, – деди Энахон яна кулиб туриб, – жуда билиб гапирдингиз. Мен бошқа нарсани ўйлаб кулаётирман… Қоронғида паранжи ёпиниб ўтирмасдан, рўмолини пана қилиб аста-секин кириб келаётган Умринисабибини энг илгари Энахон кўрди, юзларида ҳануз ўша кулишнинг алангаси ила товуш бергани ҳолда уни қарши олгали югурди. Зотан, Умринисабибига Энахондан бошқа ҳеч кимнинг даркори ҳам йўқ эди. Қизнинг қўлтиғига кириб: – Юринг бу ёққа, айланай, сизга икки оғиз гапим бор, – деди. Энахон уни айвонга таклиф қилиб, бир пиёла-ярим пиёла чой ичишга ва меҳмондорчиликдан келган қатламадан насиба олишга чақирса ҳам, сира кўнмади. Иккаласи бирга ҳў… нарига, қўшни деволига яқинлашганларидан кейин, Умринисабиби қизни тўхтатиб, деди: – Айланай қизим, бу гапни сизга қандоқ қилиб эшиттиришга ҳайронман. Орага тушмай ўлайин мен… Бу муқаддимадан кейин Энахоннинг кўнгли совуқ бир нарса сезгандай безовта бўла бошлаган эди. – Нима гап ўзи? – деб сўради у товушида очиқ билиниб турган бир талваса билан. – Мени Султонхон юборди… Шуни айтгандан кейин Умринисабиби сўздан тўхтаб, қизнинг юзига қаради. Қизнинг юзи қоронғида унча очиқ кўринмаса ҳам, у ҳалиги сўзнинг қизга қандай таъсир қилганини англамоқчи ва шунга қараб сўз юритмоқчи бўларди. Қиз яна ҳам орта тушган талваса билан бояги саволни такрор қилди: – Нима гап ўзи? – Султонхоннинг онаси бирданига ётиб қолибди… Ҳали ҳозир отлиқ одам келиб, уни олиб кетди. Мен эрта биландан бери ўшаларникида ош-сувларига қарашиб юриб эдим, бирдан мунақа ҳол бўлиб қолгандан кейин мени чақириб олиб, «энди мен кетаётирман, ноиложман, тезлик билан бориб Энахонга менинг узримни айтиб қўйинг» деди… Паранжимни ҳам ёпинмасдан, югуриб сизнинг ёнингизга чиқдим. – Энди эртага меҳмонларни чақириш йўқми? – Султонхон ўзи бўлмагандан кейин ким чақиради? У ҳовлида ундан бошқа одамшаванда ким бор? Ўзингиз биласиз-ку, айланай… Бу совуқ хабар Энахонга ёмон таъсир қилди. У нима дейишини билмасдан ўйланиб қолди. Берган хабарининг ёмон таъсирини кўрган Умринисабиби у таъсирни камайтирмоқ учун сўз тўқиб кўрди: – Ўртоқларингиз, омон-эсонлик бўлса, яна келишар-ку. Ўшанда Султонхон эртанинг ҳиссасини чиқармай қўймайди… Яхши бола у… Ётиғи билан Салтанатхонга айтиб қўйсангиз, эслик қиз, ўзи тушунади… – Гапни чўзиш нима керак, хола? – деди Энахон. – Бўлар иш бўлибди, менинг шўр пешонам экан, майли! – Унақа деманг, айланай! Ҳали ёшсизлар, долай суҳбатларни, долай базмларни, долай тўй-томошаларни кўрасизлар. Султонхоннинг ачинганини айтмайсизми? – Энди ачингандан нима фойда?! Бўлар иш бўлибди… Майли энди. – Бўлмаса, яхши қолинг, мен борай. Супралар, хамирлар шундоқ очиқ-чочиқ қолди. Бориб йиғиштириб қўяй. Кундошлари, ўзингиз биласиз, қайрилиб қарашмайди… – Ўтириб кетардингиз… Энахоннинг бу сўзлари лабининг учидан чиққан, муни Умринисабиби ҳам пайқаган эди. – Яхши қолинг, бўлмаса! – деди Умринисабиби. Сўнгра айвон томонга бориб ўтирмасдан девол бўйлаб тезгина кўздан йўқолди. Энахоннинг кечадан бери тортган режалари ва қурган хаёллари бузилган эди. Энди севгили ўртоқларини кўнгилдагидек хурсанд қилиб жўната олмасиди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, келинбибисини чақирди ва бўлган воқеани унга англатди. У ҳам Энахоннинг хафалигига қўшилди, лекин бошқа бирор илож кўрсатишдан ожизлик қилди. Иккаласи жуда узоқ гаплашдилар, ҳар хил йўлларни ахтариб, ҳар турли маслаҳатни қилиб кўрдилар: ҳеч бири эпақага келмади. Охирда эртага эрта билан ҳалиги хабарни секингина Салтанатга билдирадиган, агар меҳмонлар ўзлари кетмакчи бўлсалар, «йўқ» демасдан уларга ижозат берадиган бўлиб, шу маслаҳатда тўхталдилар. Фақат, эрталабгача меҳмонларга ҳеч нарса демадилар. Улар борган жойларидан чарчаб келишиб, ўтирган ўринларида шундоққина узаниб қолган эдилар. Эрта билан нонушта чоғида Энахоннинг онаси қизига қараб: – Қизим, бугун меҳмонларингни Султонхонларникига олиб чиқасан-а? – деб қолмасинми! Бу савол қизни ҳам, келинни ҳам шошириб қўйди, чунки кечаги хабар ҳали ҳеч кимга эшиттирилмаган эди. Уни нонуштадан кейин Салтанатхоннинг ўзигагина изҳор қилмоқчи эмасмидилар? Энди бу содда кампир у «дард»ни кўпчилик олдида очиб қўйди. Қиз талвасасини беркитишга тиришган ҳолда келинбибисига қаради. Келинбибиси бу қарашнинг маъносини дарҳол англади ва кампирга жавоб қайтарди: – Султонхонларники сал чучмал бўлиб турибди… Энди, меҳмонларимиз қаерни хоҳласалар, ўша ерга олиб борамиз-да… Бўлмаса, шу ернинг ўзида яна ёзилишиб ўтирамиз. Кампир ўринсиз саволдан яна тўхтамади: – Султонхонларники нега чучмал бўлади? Энахон билан келин энди ҳақиқатни очмоққа мажбур эдилар. Энахонга қараб олгач, келин давом этди: – Султонхоннинг онаси бирдан нотоб бўлиб қолибди, қизини кеча олдириб кетган экан. Ўзи у ёқда, қандай бўлар экан деб турибмиз… Салтанат энди оғиз очди: – Биз аравани қўштириб жўнасак ҳам бўлар эди. Шаҳарлик қизлардан иккитаси бу фикрга қўшилишди. Фақат Зеби Салтанатнинг елкасига туртиб, қулоғига секингина шивирлади: – Мунча шошиласиз? Нимангиз қолибди шаҳарда? Неча йилда бир келиб ҳам тузукроқ ёзилмайликми? Шу вақтда салом бериб мингбошининг қизи Фазилатхон келиб кирди. Ёшлар уни ўринларидан туриб қарши олдилар-да, дастурхонга таклиф қилдилар. Қиз кўнмади, айвоннинг ёнгинасига келиб тўхтади-да, тик тургани ҳолда деди: – Мен меҳмонларни айтгали чиқдим. Султонхон аям оналари касал бўлиб, кетиб қолдилар. Ойим билан Пошшахон аям меҳмонларни ўзлари чақирадиган бўлишди. Бугун кечқурун албатта чиқасизлар! Сўнгра хайрлашиб чиқа бошлади. Уни то кўча эшигигача узата чиққан Энахоннинг бесаранжом кўнгли яна ўрнига тушган, ташвишлик юзларига севинч қизилликлари югурган эди. Кеча ва кундуз — 5-боб Акбарали мингбошининг белида кумуш камари, ёнида кумуш сопли қиличи, устида зарбоф чопони бўлмаса, ҳеч ким уни амалдор демайди. Оддий кийимда кўрганлар ё оддий бир қишлоқ бойи, ё Еттисув билан алоқаси бор қўйчи, ё бўлмаса яйлов томон билан иш кўрадиган туячи деб ўйлайдилар. Чакка суяклари туртиб чиққан, пешона – бўйига тор, энига кенг ва ҳам узун-узун уч чуқур ажинга эга… Бурун ўртача, лекин қаншари паст… Кўз қисилиброқ келган, парда томирларидан икки-учтаси ва ҳам иккала кўзининг бир ёнида жиндак жойи ҳамма вақт қизил, бир кўзида пича шапағлиқ асари ҳам бор… Ияк – кенг, жағ – сергўшт. Жуда сийрак бўлган соқол иякнинг ўртасигагина тўпланиб, эчкиники сингари пастга томон сангиллаб тушган. Узиқарароқ хотин учраб бир чанг солса, ҳеч нарса қолмайди! Мўйлов ҳам соқол сингари сийрак. Уста Тўхташнинг «асрдийда» дукати икки кунда бир қириб турганлигидан лаб устида калта ва текис бўлса ҳам, умуман, ўзи ярмидан кўпи йиқитилган daraxtzor сингари хунук кўринади, икки учида олтитадан ўн иккита узун қил сичқоннинг думидай ингичка бўлиб пастга чўзилган… Дукат билан иккала томонга икки марта қўл тегизилса, у сичқон думларидан асар қолмайди, шу билан мўйлов масхарабоз кепатасидан чиқиб, одам нусхасига киради. Санъатига берилган уста Тўхташ таассуб деган нарсани йиғиштириб қўйиб, «санъат – санъат учун» деган назардан қараб… Акбарали мингбошига мўйлов тўғрисида ҳалиги таклифни қилган бўлса-да, шундай катта бир амалдор ҳам халқнинг таънасидан қўрқиб, уста Тўхташнинг таклифини рад қилди. Шу билан у масхара мўйловлар аянч бир кепатада сангиллаганча қолиб кетдилар… Мингбошини бу баланд даражаларга кўтариб, унинг воситаси билан ўз димоғларини ҳам чоғ қилиб турадиган шаҳардаги тўралар унинг икки чаккасида сангиллаб турган у ингичка «кокил»ларни «икки осилганлар» деб пичинг қилардилар… Бу соддадил «сарт» амалдори мунингдек пичингларга тушунмаса ҳам, пичинг қилувчи тўраларнинг ўзлари машҳур рус адибининг «Етти осилганлари»дан ҳам сўзда, ҳам ишда жуда яхши хабардор эдилар… Акбарали мингбоши ўзи ёлғиз қолиб, «виждони» билан қаршима-қарши келган вақтларида, Мирёқубнинг улуғ хизматларини инсоф билан эсга олар, унга ҳар тўғрида миннатдор бўлганини ўз «виждони» олдида иқрор қиларди. Чинакам, бурунги мингбошига яхши бир улоқчи отни бекорга олиб бергани учун элликбошиликка истеҳқоқ қозонганидан кейин, роса олти йиллик умри ўз қишлоғи билан мингбошининг маҳкамаси ўртасида дафтар кўтариб от чопиш, қишлоқдан одам ҳайдаб чиқиб катта йўлга сув септириш билан ўтди. Бу олти йилнинг мобайнида бир улоқчи отнинг эмас, неча улоқчи отларнинг ҳиссаси чиқарилган, бурунги беш-тўрт таноб ерга яна бир неча беш-тўрт таноб ер қўшилган бўлса-да, элликбошилик, ҳарқалай, меҳнат, уриниш ва югуриб-йўртишни талаб қиладиган амаллардан эди… Шу учун мингбоши бир йил куз фаслида Остонақул бойнинг катта бир қовун сайил қилдирганини сира эсидан чиқаролмайди: Мирёқуб билан ўша сайилда учрашиб танишгани учун сайилни эсдан чиқаришга «виждони» йўл қўймайди… Бу орада кўп нарсалар мингбошининг хотиридан фаромуш бўлганлар… У фақат қовун сайилдан икки кун кейин Мирёқубнинг уйига икки арава қовун-тарвуз билан икки замбар узум, икки чораккина қайроқи буғдой юборганини эслайди. Агар хотираси янглиштирмаса, шундан кейин бирор ой ўтар-ўтмас бир кун эрта билан кумуш камар боғлаб уйдан чиққанини, ундан бир кун бурун кечаси дарвоза олдида шоп-шалопли бир миршабнинг пойлоқчи бўлиб чиққанини билади. Мингбоши бўлганидан кейин оз фурсатда Мирёқуб турган қишлоқдан ҳозирги ҳовлини сотиб олиб, у ерга кўчиб борди. Бошқа гаплар аллақачон эсидан чиқиб кетган… Юртнинг кекса одамлари ўзаро сўзлашаркан, бу мамлакатда ҳеч бир хон ва хонваччанинг мунча узоқ юрт сўрамаганини сўзлайдилар. Маллахонлар, Худоёрлар, Насриддинбеклар юрт устидан баҳор булутлари каби келиб кечган эдилар. Акбарали мингбоши, мана, ўн уч йилдан бери шу маснадида ўтиради, давлати, обрўси, нуфузи тобора ошса ошадики, камимайди. – Худо берган-да, худо! – дейишади кексалар. – Худо ол қулим деса, ҳеч гап эмас. Шундайда баъзи бир ёш-яланглар: – Худо ҳадеб шунақа инсофсизларга берар экан-да! Биз бечораларга ҳам бир нарса узатса-чи! – деб қолишади. Буни эшитган кексалар таёқ кўтариб ёш-яланг устига югуришади, бечора ёшлар таёқдан ўзларини олиб қочаркан, бир-бирларига қараб пичинг отишади: – Нимага қочасан? Худо сенга ҳам бераётир, олмайсанми?.. Юртнинг кексалари бутун бу давлат, ҳукумат ва улуғликнинг бир оғиз гапини силлиқ ва ёқимли қилиб гапиролмайдиган содда ва тўнг одамга бирданига «насиб ва рўзий» бўлиб қолишида Мирёқуб аканинг катта ҳунари бор эканини яхши билишади. Шу учун Мирёқуб ака кўча-кўйда кўринганда, унга бериладиган салом ва қилинадиган таъзимлар мингбошиникидан кам бўлмайди. Фақат, шу қадариси борки, мингбоши у ёқ-бу ёққа жуда кам юради, юрса ҳам миршабларини орқасига эргаштириб, кечаси юради, кундузлари бўлса, фақат шаҳардаги улуғлар чақиртирганда, зарбоф чопонларини кийиб ва татти саманни йўрғалатиб ўтади. Унга салом бериш ва таъзим қилишдан белларга оғирлик келмайди, чунки ойда бир, ўн кунда бир эгилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Аммо Мирёқуб аканинг юриши кўп! У, аксари, пиёда юради, юрганда ҳам негадир шошилиб юради. «Ассалому алайкум» деб дона-дона қилиб салом берсангиз, шошилганидан бўлса керак, «васс…» дебгина қўяди. Шу билан бирга, сиз томонга бўйнини қийшайтиб жуда кичиклик билан алик олади, доим кулимсираб турган кўзларини сиз томонга қиягина бир ташлаб олиб, йўрғалаганича ўтиб кетади… Жинқарчадай, ҳамма вақт ва ҳар қайда кўриниб қоладирган бу «асл мингбоши»га салом бермоқдан белларингиз толади… Дўконидан ҳар нарса топиладиган бир баққолга «фаранг баққол» деб ном қўйган кексалар ҳар ишда қўли бўлган бу одамга «Мирёқуб эпақа» лақабини бериб хато қилмаганлар. Ўзлари ҳам бу лақабнинг тўғрилигини осонгина исбот қиладилар: – У аралашмаган иш эпақага келмайди… Мингбошининг ер-суви шу қадар кўпки, ҳисобини ўзи ҳам билмайди. Лекин худо бу севгили қулига давлатни икки қўллаб узатса-да, фарзанд тўғрисида бироз ўкситиб қўйган. Дарҳақиқат, катта хотинидан бўлган қизи Фазилатдан бошқа унинг фарзанди йўқ. Мунча катта давлат кимга қолади? Етти ёт бегоналарга, зурриёти йўқ аёлларгами?.. Мингбоши мана шу аламга илож ахтариб бўлса керак, бир-икки йил ичида иккита ёш хотин олди. Боладан дарак йўқ… Шу учун, баъзида, ўзи ёлғиз қолиб меҳмонхонага беркинганида ва ҳатто ўз соясининг ҳам эшитмоқ эҳтимоли қолмаганда: – Бу қиз ўлгур ҳам бошқадан бўлмасин… – деб қўяди… Мирёқуб унинг ёши анчага бориб қолганда бундай хотинпараст бўлиб кетишига шу фарзанд хусусидаги noumidlik сабаб бўлмадимикан? деб баъзи-баъзида ўйлаб қўяди. Бир кун нойиб тўраникида (уезд ҳокимининг ўринбосариникида) ичкилик қилиб ўтиришган эдилар, ичкилик қуйилмасдан олдинроқ нойибнинг онаси ўз неварасини олиб кириб қолди. У – тилла сочли, тарвуздай думалоқ, ўзи лўппигина ва оппоқ момиқдай бир бола эди. Мингбоши болани дарҳол қўлига олди ва ўз ақидасича «кофир»нинг ва «ўрус»нинг боласи эканига қарамай, маҳкам бағрига босиб ўпди… Бола мингбошининг башарасидан қўрққан бўлса керак, жон аччиғида йиғлай бошлаган эди… Болани олиб чиқиб кетдилар. Шундан сўнг мингбоши бир-бир устун қуйиб ича берди, ича берди, ича берди… Мирёқубнинг имолари, ишоратлари, уй эгаларига эшиттирмай қилган танбеҳлари, ҳатто дўқлари… ҳеч бир таъсир қилмади. Мингбоши тамом маст бўлгач, «болани олиб келинглар» деб сўради. Боланинг онаси бу бадмаст одамга ўз тўқлисини бермоқ истамас эди. Ниҳоят, мингбоши ялиниб-ёлвориб сўрамоққа мажбур бўлди. Ҳатто кўзларига ёш олди… Сўнгра нойибнинг амри билан болани уйғотиб келтирдилар. Фақат, бу вақтда мингбоши ўзидан кетиб диванга ағанаган эди… Фарзанддан ва эсдан маҳрум, лекин ер-сув, пул ва бошқа бойликка кўмилган бу одамнинг бутун борлиги Мирёқубнинг қўлида эди. Ердан чиққан ҳосилнинг қанчаси ўз қўлига кириб, қанчаси Мирёқуб омборига тўкилганини мингбоши ўзи ҳеч қачон билган эмас. Керак бўлганда мингбоши Мирёқубдан пул сўраб олар, ун, гуруч, гўшт, ёғ ва рўзғорнинг бошқа керакларини бўлса ичкарининг талабига қараб яна Мирёқуб тайёрлаб берар, шу учун жонининг роҳатидан бошқани билмаган мингбоши ундан нарисини суриштирмас эди. Мирёқубнинг топиши ёлғиз шу мингбоши орқали бўлса, унга «эпақа» номини қўйиш тўғри бўлармиди? Мирёқубнинг қилмаган иши йўқлигидан шу номни берган эдилар. Қишлоқда иккита баққоллик, битта қассоблик дўкони, гузарда иккита самовар бор. Билган одамлар бу беш муассасадан тўрти Мирёқубнинг кучи билан айланганини сўзлайдилар. Шаҳарда, катта йўлнинг бўйига – қўрғон ташқарисига – бир янги пахта заводи тушди: заводнинг каттакон бир пахта саройи ҳам борки, пахта терим вақтида уч тарози билан пахта олади. Ана ўша заводга ҳам Мирёқубни шерик дейдилар. Воқеан, унинг икки ғилдиракли сариқ файтончаси ва сариқ йўрғаси, аксар, завод олдида боғланган бўлади. Шаҳардаги катта банкалардан бирида «учёт қўмитаси»нинг аъзоси: ҳафтада бир мажлис ўтказади… Шу билан бирга, унинг бирор жойга бирор чақа солиқ тўлаганини, бирор касбга бирор марта «қизил қоғоз» (патент) олганини ҳеч ким билмайди. Мингбошининг бошига не қора кунлар келмади! Яхши адвокатлар томонидан битилган ғалати аризалар қандай терговчиларни келтирмади! Қандай зўр тўралар чақириб сўрамадилар! Ҳоким неча марталар ғазаб билан чақиртирмади! Ундай вақтларда мингбоши, Мирёқубнинг таълими билан, ҳамма саволларга «билмайман» деб жавоб берар ёки бирор айб-иснод қилинса, тониб тура берарди. Расмий сўроқлар бу хилда борганда, орқадан Мирёқуб ғайри расмий йўллар билан сўроқ берар, бир-икки кун шаҳарда қолиб, қишлоққа қайтганида, мингбошининг устидан ҳар қандай оғир тоғ ҳам ағанаган бўларди. Мингбоши қайси бир тўраникига борса, Мирёқуб албатта биргалашиб боради, «бу нимага керак?» деб сўраган одам йўқ. Ахир, Мирёқуб амалдор бўлмаса, лоақал мингбошига мирза ё тилмоч бўлмаса, ўзи ўрус тилини тузук-қуруқ билмаса… нега мунақа мингбошининг кетидан элчиб юради? Нега? Мирёқубнинг кўп умри мингбошиникида ўтади, ўзининг ҳовлиси ҳам шу қишлоқнинг ўзида-ку, лекин чеккароқ жойда. Кечалари унинг ҳовлисида бир-икки миршабнинг пойлоқчилик қилиб чиққанини гапирадилар, фақат муни ўз кўзи билан кўрган киши йўқ, бўлса ҳам очиб гапирмайди, ё… гапиролмайди! Бир куни Мирёқуб нойиб тўранинг уйида эди. Бу сафар олиб борган ҳадяси тўрага ниҳоят даражада ёқиб кетган бўлса керак, тўра уни узоқ олиб ўтириб, кўп нарсаларни гапириб берди. Тўранинг тили чарчаб, Мирёқубнинг оғзида биринчи эснаш асарлари кўринган эдики, ташқаридан бир одам кириб келди. Икки томон ёқасига тилладан болға сурати ўрнатилган – новча бўйлик, мош-биринч соқоллик, хушмўйлов ва бир кўзи жиндак ғилайдан келган бу кулар юзли одам маъруф инженерлардан эди. Нойиб тўра билан бетакаллуф кўришди, Мирёқуб билан кўришиб ўтирмасдан тўппа-тўғри столнинг тўрисига ўтди ва юмшоқ курсини бир қўли билан қаттиққина қимирлатиб кўргандан кейин, аввал билагидаги тилла соатга қаради, сўнгра «да-а» деб чўзиб қўйиб, курсига ўзини ташлади. Шундан кейин нойиб тўра Мирёқуб томонга ишорат қилиб ва янги меҳмон томон бурилиб: – Бизнинг Мирёқуб билан танишмисиз, азизим? Ноёб одамлардан! – дегач, у одам ўтирган ўрнида секингина бош силкиб қўйди. Мирёқуб ғурурининг калтакланишидан келган бир заҳарханда билан кулди, инженер эса бурунги кулар юзини ҳам нўқталаб олди. Муни нойиб тўра яхши пайқади, шекилли, Мирёқубга худди меҳрибон отанинг севимли боласига қарайтурган қараши билан илиқ ва мулойим кулиб бир қаради. Мирёқуб ҳам эрка ўғилдек муқобала қилди. Шу билан бу суҳбатнинг Мирёқуб аралашган кўринишларига парда тортилди-да, иккала билимдон сўзга тушди. Инженер булбул сингари сайрай кетди, сайрай кетди! Мирёқуб адвокат халқининг маҳмадоналигини биларди, бу одамнинг адвокат эмас, инженер бўлганини ҳам ажрата оларди. Шу учун бошда уларнинг тобора қизишаётган суҳбатларига у ҳам қизиқиб қаради. Кейинча тўра ҳам, – меҳмондан юқдими нима? – тилларини бурро қилиб сўзлашга, меҳмоннинг кўп даъволарини акси даъволар билан синдирмоққа тушиб кетгач, бизнинг Мирёқуб секингина қўл узатиб, столнинг бир четида турган катта бир китобни олди. Китоб сурат билан лиқ тўла эди, ҳеч шарпа қилмасдан уни битта-битта варақлай бошлади. Тўра Мирёқубни унутди, гўё у бу ерда йўқ каби… Инженернинг оғзидан баъзи-баъзида сартларга оғир келатурган сўзлар чиқиб кетганидагина, тўра бояги қараш билан Мирёқубга қараб қўяр, лекин ундай фурсатларда унинг икки кўзи китобда бўлса ҳам, икки қулоғи аврашга тушган илондай дингкайганини тўра билмас эди. Узоқ чўзилган бу суҳбатда Мирёқубнинг қулоғи бир марта жуда ғалати дингкайди, ҳатто унинг қоп-қора чиройли кўзларида аллақандай сеҳрли оловлар ёнди. Унинг боши ҳам китобдан кўтарилиб, юзларидан енгил бир қизиллик ёйилиб ўтди. Ўша жойда сартларни камситадиган гап ўтмаганлигидан бўлса керак, тўра ҳам узр сўраган қараш билан Мирёқубга қарамади. Иккала суҳбатдош ўша жойда Мирёқубнинг қулоқларини дингкайтирган сўзларни унга ва у мансуб бўлган халққа алоқасиз бир нарса деб қарадилар, шекилли, худди Мирёқуб шу ерда бўлмагандай, ўз ораларидагина ўтказиб юбордилар… Инженер туриб чиқиб кетгандан кейингина, Мирёқуб ўрнидан турди ва кетишга ижозат сўради. Тўра у билан хайрлашаркан, инженернинг бояги камситишлари учун яна-тағин узр сўраган бўлди. Мирёқуб фақат кулибгина қўйди, бошқа ҳеч нарса демади. Тўра бу кулишни Мирёқубнинг хурсанд ва рози эканига йўйди ва кўнгли ўрнига тушди. Фақат, Мирёқубнинг кўнгли бир неча кунгача ўрнига тушгани йўқ. Бир инженернинг (у, ахир, нойиб тўра сингари катта амалдор эмас!), ниҳояти бир инженернинг бир-икки марта сартларни камситиши Мирёқубни шунча безовта қилдими? Йўқ, унақа камситишлар ҳар қадамда бор! Ҳаммасига безовта бўла берса, Мирёқуб бечора тўрт кунда сил бўлиб қолмайдими? Йўқ, йўқ! Камситишлар ўша оннинг ўзидаёқ унутилган, ўтган йилги қордек эриб йўқ бўлган, баҳордаги ёғмур каби асари ҳам қолмаган… Инженер ўша суҳбатда янги – ҳали сир бўлган! – бир хабарни айтиб эди: шу шаҳардан бошлаб фалон-фалон жойларга поезд йўли тушар экан. Бир ширкат планларини Петербургдаги катта маҳкамаларга топширган, улар тасдиқ қилишга ваъда берганлар. Аллақайси бир банка пул бермоқчи бўлган, текшириш учун яқин орада инженерлар чиқар экан. Иморат-бино ишларига ўша инженерни чақирганлар. Мирёқуб поезднинг қаерлардан ўтишини билиб олган эди. Ўша суҳбатда унинг қулоғи бир дингкайди, жуда ажойиб дингкайди, лекин! Ана ўшанда поезднинг ўтиш жойларини миясига жойлаштирган эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас безовталик ҳаракатга ва ишга айланди. Бир ойга етар-етмас, ўша келажак поезд йўли бўйларидан Мирёқуб жуда кўп – бир неча юз десатин – ер сотиб олди. Ерларнинг ҳаммаси деярлик сувсиз, noobod, ташландиқ ерлар эди. Шунча кўп ерга қанча оз пул кетди. Кўплар бу шошилиш савдони билмадилар, билганлар Мирёқубни «жинни бўлибди» дедилар… Ширкат поезд йўли солишга ижозат олиб, тайёрликларга киришгандан кейингина Мирёқуб қилган ишини нойиб тўрага айтди. – Сен худди бир америкаликка ўхшайсан, Мирёқуб! – деди тўра. – Лекин, кўнглингга оғир олма, чакки шу сартия ичида туғилиб қолгансан! Мирёқуб кўнглига оғир олиш тугул, бу гапга севинди балки, юзларига яна ўша енгил қизиллик югурди. Янги йўлнинг аллақайси бир жойида кўз илғамас бир чўл бор эди. Чўл… қуп-қуруқ чўл… Сув – пастда… чуқурда. Атрофдаги деҳқонлардан баъзилари шу ерни экин ерига айлантириш учун турли даврларда якка-якка уриниб кўрган, лекин ҳамма қилган меҳнатлари бекор кетиб, у ердан ҳафсалалари пир бўлганди. Ҳали ҳам у чўлда унумсиз қолган одам меҳнатининг асарлари, тўғриси, харобалари кўринади: ариқлар… экин поллари… марзалар… бир неча туп қуриган тут дарахтчалари… Мирёқуб оз пул, кўп усталик сарф қилиб, ўша чўлни ўз номига ўтказди. Фақат, бу вақтларда поезд йўлининг режалари тортила бошлаганлигидан, одамлар Мирёқубни «жинни» демадилар, балки «бу – бир нарсани билиб қилади» дедилар. Поезд йўли солиниб битмасдан туриб, у чўлга неча тегирмонлик катта сув чиқди. Аввало, ўз чўнтагининг, қолаверса, отахони мингбошининг ёрдами билан чўлнинг ўртасидан катта бир ариқни ўтказиб қўйди. Шундан кейин ерсиз деҳқонларга чек бўлиб бера бошлади. Кўп ўтмай у ерда бир қишлоқ пайдо бўлди ва сув чиқарган одамнинг шаҳардаги отахони номига аталиб «Парпи чеки» бўлди (нойиб тўранинг номи Фёдор, сартлар «Парпи тўра» дейдилар). Кейинча чўлнинг бир четига поезд станцияси тушди, ёни-берига чойхоналар, дўконлар, саройлар солина бошлади. Поезд йўли очилгандан кейин ўша жойдан пахта заводи учун ер танладилар. Булғориялилардан иборат уч кишилик бир ширкат яна ўша жойдан анча ер сотиб олиб, каттакон бир мевали боғ ва зўр бир сабзавот полизи вужудга келтирдилар. Ҳар қалай, поезд ўтгандан кейин бир неча йил орасида Мирёқубнинг қўлида жуда оз ер қолди, ҳаммаси ҳар кимга ўтиб кетди. Мирёқуб ерни унча севмайди, ер қўлдан чиқса, хафа бўлмайди. Шунча ер қўлдан чиққан бўлса, унинг бараварига қанча давлат қўлга киргандир, муни худо билади-ю худонинг севимли бандаси қоракўз Мирёқуб билади!.. Мингбоши ўзининг рус мирзаси Соколов, иноқ миршаби Мирзабоболар билан бирга саман йўрға устида ўз дарвозасига келиб тўхтаганда, қоронғи тушган, кўчада ўйновчи болаларнинг оналари эшик тагига чиқиб, «бемаҳалда бас энди!» дея тергай бошлаган эдилар. Мингбошининг оти тўхтар-тўхтамас, ташқаридаги миршаблар югуришиб бориб дарвозани очдилар, катта дарвозанинг бир қанотидан чиққан ингичка қийтиллаш овози муаззинларнинг хунук ва қўпол товушларига қоришди… Бу овозлар орасида болаларига қовушган сигирларнинг оғир мўлашлари билан оналарини соғинган бузоқларнинг эрка маълашлари мунгли ва ёқимли эшитиларди. Мингбоши отдан тушар-тушмас сўради: – Мирёқуб келдими? Мингбошининг мусулмон мирзаси Ҳакимжон қўл қовуштириб туриб жавоб берди: – Ҳа, шу ерда. Меҳмонхонада ухлаб ётибди. Мингбоши ўзидан хурсанд, кулди: – Ноинсофнинг кеч кирганда ухлашини қаранг! Бор, уйғотиб чиқ! Икки миршаб мингбошини ечинтирмоққа бошлади. Мингбоши ҳали ҳам бояги кулишида давом этарди: – Оббо бетавфиқ-эй. Намозшомда ухлаганини! Меҳмонхонадан кўзларини уқалай-уқалай Мирёқуб чиқиб келди. У ҳали айвондан тушмай туриб: – Ҳорманг, хўжайин! – деб қичқирди. Мингбоши яна ўша кулиш билан ўтирган жойида унга томон эврилди: – Ҳа, худо бехабар! Нима бу бемаҳал уйқу? Намозшом пайтида-я? – Ҳа, хўжайин, шунақа… Сизни кутиб ўтириб ухлаб қолибман. – Қачон келиб эдинг? – Кеч пешинда. Шундан бери йўлингизга кўз тутиб ўтирибман. – Қани ўтирганинг? Уйқуни урибсан-ку! Қани, нима гаплар бор? Янги гаплардан гапир. – Янги гапни сиздан эшитамиз. Шаҳарда эдингиз. Кимларни кўрдингиз? – Кимни кўрардим? Нойиб тўрани кўрдим. – Нима гап экан? – Нима гап бўларди. Берироқ кел! Мингбошининг бу амри билан унга томон бораётган Мирёқуб миршабларга ишорат қилди, улар узоқлашдилар. Шундан сўнг мингбоши овозини пасайтириброқ сўзлай бошлади: – Қумариқнинг пайновидаги деҳқонлар менинг устимдан ариза берганга ўхшайди. Аптидан, «Ҳамма сувни мингбошининг ерлари ичади-ю бизга тегмай қолади. Шунақа қилиб неча йилдан бери экинларимиз қуриб кетаётибди» деб арз қилишганга ўхшайди. Нойиб тўранинг сўзидан шу маълум бўлади. Шу ерга келганда мингбошининг қовоғи солина бошлаган эди, қисиқ кўзларининг тез-тез юмилиб қалтирангандай бўлганини Мирёқуб ҳам пайқади. – Хўжайин, – деди у, – хотиржам бўлиб, битта-битта гапириб беринг. Ҳеч бокиси йўқ. Мингбоши унинг бу сўзларига қунт қилмасдан забтлик бир овоз билан сўради: – Кимнинг иши бу? Қани, айт-чи! Мирёқуб мингбошининг ҳеч бир сўзини бирданига қайтарган одам эмасди. Шу учун бу сафар ҳам эски одатича айланма йўл билан жавоб беришга бошлади: – Кимнинг иши бўлса ҳам билмай қўймаймиз. Илгари нойиб тўранинг мамиласини, сизга нималар деганини гапириб беринг. – Қайси хотин талоқнинг иши дедим мен сенга. Мингбоши овозини бир оз кўтара тушган эди. – Нойиб тўранинг гапидан билинади ўзи, – деди Мирёқуб. – Сиз бўлган гапларни айтиб беринг! Мингбоши яна ҳовуридан тушмаган эди. Шундай бўлса ҳам, ўша жаҳл овози билан Мирёқубнинг саволларига жавоб берди: – Нойиб тўра айтади: мен сени яхши биламан, дейди. Сен фуқарони яхши кўрадиган одамсан, дейди. Башарти, аризада битилган гаплар рост бўлганда ҳам, сени айблашга кўнглим бормайди, дейди… Ерларингга қарайдиган мутасаддилар шундай қилса қилишгандир. Ўшаларни чақириб тайинлаб қўй, сенинг ерингга икки-уч марта сув берганда, бир-икки марта уларникига ҳам бериб қўйсин. Одамларнинг экинини қуритиб юбориш яхши эмас, дейди. Билдингми энди ариза берганнинг кимлигини? Қани, айт-чи? – Бу гаплардан ҳали билиб бўлмайди. Бошқа гапларини айтинг! – Бошқа гапи йўқ. Бўлса ҳам, эсимда туради дейсанми? – Ўйланг. Мен унинг ҳамма гапини билишим керак… – Билсанг билақўй: ўша тарафларда Ёдгорхўжа, Умаралибой деган обрўйлик одамлар бор, дейди, уларнинг ҳам кўпгина ер-сувлари бор, яхши эмас, дейди. Қора фуқаро бўлса – иш бошқайди, мен дейди, фуқаронинг гапига қулоқ солмайман… Ома-лекин юртнинг эслик, обрўйлик одамларини хафа қилманглар, дейди… – Ана, холос, кўриниб турибди: ариза берганларнинг бошида Ёдгор эчки билан Умарали пучуқ турар экан! Нойиб тўра оп-очиқ айтиб берибди. – Эсингга қойилман, бетавфиқ! Шунча эсинг бор-у, намоз ўқимайсан! – Сизга эргашиб шундай бўлдим-да! Мингбоши энди жуда ёйилиб кулди: – Оббо, бенамоз-эй! Гапдан тоза берган сенга худо! Шайлайсан, шайлайсан! Яна овозини пасайтира тушди: – Ёдгор эчки билан Умарали пучуқнинг бир адабини бермасам, кўнглим тинчимайди. Бир иложини қил! Сенга айтаман! – Хўп, хўжайин! Шошманг, мен яна бир сўраштирай. – Сўраштиришнинг нима кераги бор? Ўшалардан бошқа ким қиларди? – Эҳтиёт шарт, хўжайин! Адаб бериш қочмайди… Масаланинг тагига етайлик, балки бошқа гаплар ҳам чиқиб қолар… Мингбоши бу сўздан шубҳага тушди: – Нима дединг! Бошқа гап ҳам чиқиб қолади, дедингми? Бу нима деганинг? – Эҳтиёт шарт, дейман мен! Эҳтиёт! Яхшироқ сўраштирсак, яхшироқ биламиз-да, ахир! Сизнинг ишингиз бўлмасин, мен ўзим икки кунда тагига етиб, сизга арз қиламан. – Ҳа, майли, сўраштир! Судрама лекин! Ҳа!.. Мингбоши шу жойда ўзининг Мирёқубга эътимодини кўрсатмак учун унинг елкасига уриб-уриб қўйди. – Бўлди, хўжайин, хотиржам, – деди Мирёқуб. Иккаласи ҳам жим бўлдилар. Бир оздан сўнг мингбоши миршабларга қараб бақирди: – Ким бор, ҳой! Ҳакимжон югуриб келди. – Бор, овқатдан хабар ол! Қорин очди! Ҳакимжон югуриб ичкари томонга кетгач, мингбоши Мирёқубга юзланди: – Қани, гапир энди, сен нима хабар топиб қўйдинг? Мирёқуб дарҳол жавоб берди: – Тўй. Мингбоши бу биргина, лекин кутилмаган сўзга бир оз ҳайрон бўлди. – Тўй? – Ҳа, тўй! – Нима тўй? Ким тўй қилибди? – Мен тўй қилмоқчиман… – Сен? Кимга? – Сизга! – А, бенамоз-э! Менга? – Ҳа, сизга. Мингбоши бирдан гапнинг суръатини тортди: – Қўй энди, битта-битта гапириб бер: нима гап ўзи? Мирёқуб яқин ўтириб сўзлай бошлади: – Шаҳарда бир худо бандасининг иккала дунёга арзийдиган бир қизи бор экан! Мингбоши эркин-эркин кулди: – «Тавба» де, бетавфиқ! «Астағфурулло» де! Мирёқуб астағфурулло ўрнига уят бир сўз айтди. Мингбоши бешбаттар ёйилиб кулди. – О, баттол-эй! О, баттол-эй! Худо урди сени! Худо урди энди!.. – деди у. Мирёқуб аста-аста давом этди: – Ўзи ўн беш-ўн олтида экан… Жуда етилган вақти… – Унақа етилганлар қишлоқда ҳам кўп. – Унинг бошқа бир хосияти бор экан… – Хўш? – Жуда яхши, булбул сингари ашулла қилар экан. Овози Довуд пайғамбарники сингари дейдилар… Мингбоши яна кулди. – «Саллало» де, бетавфиқ! «Саллало» де! – Қазосини айтаман бир йўла! – деди Мирёқуб, сўнгра давом этди: – Шуни сизга олиб берай дейман. – Одамлар айта беради. Ўзинг эшитдингми овозини? – Йўқ! Менинг хотиним, қизим эшитиб, ҳар кун мақташади. Ҳамманинг оғзида шу… – Одамларга ишонма, дедим-ку. Бу одамлар тегирмончи Шамсиддинни ҳам яхши қўшиқчи деб ер-кўкка сиғдирмай мақтайдилар. Овозини эшитгандирсан? Эшак ҳанграса ундан авло… – Хўжайин! Ўзингиз бир эшитсангиз эди… – Бўлмайдиган гапни гапирма! – Нимага бўлмасин? Қиз ўзи ҳозир шу ерда, қишлоғимизда. Катта хотинингизга айтинг, меҳмон қилиб чақирсин. Эшитасиз… – Қишлоқда? Кимникида? – Холматникида. – Шу Холматникида? Шу ўзимизнинг Холматникида-я? У бечора очидан ўлолмай юрибди, меҳмон чақириб нима қилар экан? Питини бериб боқадими! – Шу учун сиз чақиртирсангиз, Холмат ҳам хурсанд бўлади, меҳмонлари ҳам. – Ундай бўлса, мен катта хотинимга айтайин, чақиртирсин. Эшитайлик… Мирёқубнинг қулоғига эгилди: – Каттанинг рашки келмас-а? – деди. – Энг кичигидан бошқа ҳеч қайсисининг рашки келмайди. Ҳар қалай, катта хотинингиз эслироқ. – Йўғаса, – деди мингбоши ўрнидан туриб, – мен бир ичкарига кириб чиқай. Овқатдан ҳам шу чоққача дарак бўлмади. Сен ўтиратур, кетиб қолма! Ичкарига томон аста босиб юра бошлади. Ҳали ҳам бояги одатича хурсанд бўлиб кулар ва бирушта: – Оббо бетавфиқ-эй!.. – деб сўзланарди. Мингбоши ичкарига кириб катта хотинини чақирганда, меҳмонлар Пошшахоннинг уйида сертакаллуф бир дастурхон устида эдилар. Дастурхон солиб хизмат қилишмоқ учун чиққан Умринисабибини бир нарсадан гумонланиб Пошшахон қувиб чиқарган: у Зебининг бошига келажак фалокатни унга ёки унинг яқин ўртоқларига қандай қилиб айтишини билмасдан ўз уйида парвона сингари айланарди. Пошшахон билан Хадичахоннинг бошлари осмонда: Султонхоннинг катта, даранглаган уйлари бўм-бўш, ўзи бу ҳангомалардан хабарсиз; дуторчи қизлар ҳалитдан, дастурхон йиғилмай туриб дутор созламоқда эдилар… Мингбошининг чақириғига бирдан иккала хотин «лаббай!» деб югурди. Фақат мингбоши катта хотинига имо қилиб: – Биттанг кел! – деди. Пошшахон орқага қайтди, лекин бу суҳбатдан кўнгил узолмасдан яқин бир жойга беркиниб турди… Мингбоши, одатда, хотинларга калта гапирар, улар билан эзилиб ўтиришни ўз эркаклик шаънига сиғдиролмас эди… – Холматникига келган шаҳарлик меҳмонларни чақиртириб яхши бир зиёфат қилинглар, – деди у. – Шаҳардан келиб Холматнинг қуруқ нонини еб кетса яхши эмас! Сўнгра Хадичахоннинг жавоб беришини кутиб ўтирмасданоқ: – Овқатинг нима бўлди? – деб сўради. – Жадаллат! Қорин оч! Хадичахон мулойим кулимсиради: – Меҳмонлар бизникида, шу учун овқатимиз бугун кечроқ бўлади. Мен сизларга нон-чой чиқараман. Мингбоши меҳмонларнинг ўз уйида эканини эшитиб ҳайрон бўлди: – Меҳмонлар шу ерда? Қачон келишди? – Намозшомга яқин. – Яхши, яхши. Бир оздан сўнг яна такрор қилди: – Яхши… Яхши… Сўнгра бирдан: – Ашулла чиси борми, йўқми? – деб сўради. – Бор, – деди Хадичахон. – Ашулла қилганда мени чақиртир! Дурустми? – шу сўзни айтгач, хотинининг жавоб беришини кутмасданоқ бурилиб ташқарига томон юрди. Бутун умрларида деярлик бундай сертакаллуф зиёфатни кўрмаган ёш қизлар такаллуфга яраша бетакаллуфлик билан, ўлгудек қутуриб ўйин-кулги қилдилар. Ҳориб-чарчаб, зўрға-зўрға оёқ ташлаб қўшхоналарига қайтган вақтларида, ярим кечадан анча ўтиб қолган эди. Уйда қолган икки кампирга саҳар туриб аравани қўштиришга буюрдилар-да, ўзлари кўзларини юмар-юммас оғир уйқуга кетдилар. Булар ёшликнинг бепарво қучоғида маъсум гўдаклардай ҳеч нарсадан хабарсиз тўлиб-тошиб ухларкан, сўри томонда икки кампирнинг ташвишли бир ун билан алланега бесаранжом бўлиб пичирлашгани эшитиларди. Уларнинг бири ўзимиз билган Умринисабиби бўлиб, севимли Зебининг ёш умрига қасдланган ёмонлар тўғрисида гапирарди. Тонг ёришмасдан йўлга тушиб, қишлоқдан чиқар-чиқмас ашулла ни баланд қўйган Зеби неча йиллик ғам-ғашлардан тўрт-беш кун ичида ортиғи билан ёзилиб кетаркан, ўз орқасида ўйналаётган ўйинлардан хабарсиз эди. Кечаси Умринисабибидан Зеби тўғрисидаги ташвишли хабарни эшитганидан кейин Энахоннинг онаси меҳмонлар жавдишган вақтда Салтанатни бир чеккага чақириб, ҳалиги хусусда огоҳлантирган бўлса-да, Салтанат бу қадар ёйилиб ва қувнаб бораётган ўртоғини хафа қилмаслик учун унга ҳеч нарса демасликни эп кўрди. Салтанат у тўғрида бу ёш қизга гап очиб, унинг ёруғ таъбини хира қилмасдан, ўз онаси орқали Зебининг онасига эшитдириб қўймоқчи бўларди. Мингбошиникида жуда сертакаллуф зиёфат еган бу ёш қиз зиёфат берган жувонлардан жуда миннатдор бўлмоқ билан бирга шундай қари ва ниҳоят даражада хунук одамга – яна кундош устига! – тушиб қолганлари учун уларга чин кўнгилдан ачинарди. Салтанат билан бирга Зебининг ўзи ва бошқа ҳамма қизлар мингбошининг давлати ва обрўси тўғрисида қанча мақтов эшитган бўлсалар, унинг бадбашараликда ҳам тенгсиз бўлгани тўғрисида ўшанча ваҳимали сўзларни тинглаган эдилар. Қизлардан ҳеч бири мингбоши хотинларининг давлатига қизиқмаган, уларнинг толеларига кўз олайтирмаган, у давлатлар тўғрисида ўзаро гап очилганда, очиқ жирканиш билан «давлати бошидан қолсин!» дея қичқирган эди. Салтанат қизларнинг ашулла ларига қўшилмасдан, ўз олдига оғир-оғир ўйлаб бораркан, ўзини хаёлида – бир нафас учун! – мингбоши хотинларидан бирининг ўрнига қўйиб қаради… Устида гўё хонатлас кўйлак, Хитой товардан калтача, тоза беқасам камзул, қимматбаҳо шоҳи рўмол, амиркон кавиш-маҳси… Кенг ҳовлида, даранглаган айвонлар ва сўлум уйларда, одамни чиройли қилиб кўрсатадиган қалин тошойнакларнинг қаршисида… Тилла билавзиклар, ёқут кўзли узуклар, хина билан чўғдай ловуллаб турган бармоқлар, сурмали кўзлар… Хонтахта устида анвойи ноз-неъмат, турли-туман мева-чева… Турган сари юмшариб, пиша борадиган ва пишган вақтида оғизга солса эрийдиган ноклар… Қуванинг йирик донали ва нордон анорлари… Ҳалиги нокнинг энг тўлганини олиш учун дастурхонга қўл узатар экан, қўлини бошқа бир қўл келиб ушлайди… Унинг ҳам қизлик ҳаваслари уйғонади, юраклари мулойим ва ёқимли бир талваса билан дук-дук ура бошлайди: икки юзи дастурхон устидаги анор сингари қип-қизил бўлади. Энди у ўзининг «мингбоши хотини» бўлганини унутган, ёшликка хос кенг хаёл қучоғида бошқа оламларга ўтган эди. Унинг қаршисида ўткир ва серҳавас кўзларини ўйнатиб ёш бир йигит турган каби бўларди… Бу қўл, албатта, ўша йигитнинг оч ва қайноқ қўлларидан ўзга эмасди… Ниҳоят, ёш қиз ёш йигитга томон астагина қайрилади ва қайрилган ҳамон ўзидан кетиб қичқиради: – Мингбоши!!! Мунинг ҳолидан бехабар ашулла қилишиб бораётган қизлар бу қичқириқни эшитгач чўчиб тушдилар. – Вой, нима бўлди сизга, Салтанатхон? – деди Зеби. Қизлар Салтанатни ўртага олдилар. У эса икки қўли кўксида, ранги ўчган, ўзини Зебининг қучоғига ташлади. Сўнгра аста-аста кўзини очгач, ҳаммага бир-бирқараб олди, унинг бу қарашларида оғир бир ҳорғинлик бориди… Кейин кўзлари Зебига тикилди, энди у кўзларда айбини яширган бир гуноҳкорнинг қарашлари телмирарди. – Нима бўлди сизга, Салтанатхон! – деди яна Зеби. Салтанатхон жавоб ўрнига қўлларини кенг очиб, Зебига ташланди ва: – Зебихон! Жоним Зебихон!! – дея уни маҳкам қучоғига олди… Қизлар ҳайрон, ҳаммасининг кўзи уларда. Салтанатнинг «мингбоши…» дея қичқириши билан баробар аравани тўхтатган Ўлмасжон от устида орқасига қайрилиб – қандай ҳодиса бўлганини англаёлмасдан – танғирқаш назарлари билан қизларга тикилган эди. Икки қизнинг бир-бири билан қучоқлашиб «айланай, ўргилай» қилишлари ҳали-бери тугалмайдиган бўлгандан кейин, елкасини қоқиб яна олдинга эврилди ва астагина «чў» деб отини қамчилади. Сўнгра, у кичкина бир анҳорнинг кечигидан кечаркан, отини суғоришга тўхтаган вақтида, Зеби билан бирга Салтанат ҳам шарақ-шарақ гапга тушган эди. Шаҳарга киргандан кейин қизлар ўз уйларига яқин жойларда битта-битта туша бошладилар, шу билан сафар охирида Ўлмасжоннинг Зебидан бошқа йўлчиси қолмади. Кўнгилларидаги ажиб ҳисларни бир-бирига билдирмоқ учун ҳали фурсат тополмасдан энтиккан бу икки ёш энди, ўн-ўн беш минут холи фурсат топганларида, ортиқча талвасага тушган юраклари дастидан нима дейишларини билолмай энтикардилар… Униси ҳам, муниси ҳам бир оғиз гап айтолмади. Икки ёш кўнгилнинг шу топда кичкинагина бир тилаги бўлса, у ҳам – бир-икки маҳалла ўтгач етиладиган ҳовлининг яна бир неча маҳалла нарига чўзилиши, ё бўлмаса, кексалар айтгандек, «ер таноби»нинг пичагина чўзилмай туриши эди. Ҳолбуки, шаҳарга, ўзига ошна жойларга, ўз отхонаси бор ерларга келганини пайқаган ва қорни очқай тушган от ошиқ-маъшуқнинг кўнгил тилакларидан бехабар қадамини илдамлатар, «ернинг таноби» ўзидан ўзи тортилиб борарди… Арава Зебилар мачити олдига етганда, Раззоқ сўфи бир неча киши билан бирга бошқа бир аравада қарши томонга ўтиб кетди – Отам бирор жойга кетаётганга ўхшайди, – деди Зеби қувонганини яширолмай. – Йироқроқ сафарга ўхшайди. Оқ йўл берсин! – деди Ўлмасжон ва юмшоққина кулди. Шу топда Зебининг кўнглидан оғир бир тоғ кўчган эди! Кеча ва кундуз — 6-боб Салтанатнинг онаси Зеби тўғрисидаги ташвишни унинг онасига астагина эшитдириб кетгандан кейин, бир кун ўтиб, Раззоқ сўфи қишлоқдан келди. У эшикдан кирар-кирмас тўй тўққизини хотинига узатиб: – Қизинг қани? – дея сўради. Бу шошилиш савол шўрлик онанинг бағрига тикондек ботди. Ранги дарров олинди… – Нимага индамайсан, ҳай фитна? Нима бўлди сенга? – деди сўфи. Хотинининг бу аҳволига у ҳам қунт қилган эди. Қурвонбиби тутилиб, зўрға-зўрға гап эплади: – Шу ерда… шу ерда… қизингиз… – деди у. Уч бўлиб айтилган шу икки оғиз сўзда ҳам бесаранжом бир жадаллик бориди. Эрининг бирор нарса дейишини кутмасдан, бечора хотин бояги бесаранжомлик билан қаторасига уч саволни чизиб ташлади: – Нимайди? Нимага сўрайсиз? Чақириб берайми? Бир-бир кетин ва шошилиш берилган бу уч савол бир онанинг қалбида ёлғиз боласига қарши қандай зўр муҳаббат сақланганини Раззоқ сўфидай бир одамга ҳам керагича кўрсата олган эди. У ясама бўлса ҳамки кулимсирагандай бўлди. – Қизим бўлади-ю сўрамайманми? Қизиқ экансан… Уйга жой қил, жиндак ором олай. Тўйга борган одам уйқудан қолади… Қурвонбиби энди ўзига кела бошлади. – Ким тўй қилибди? – Бадавлат бир одам. Катта ош тортибди лекин! Ҳаст эшонимизни чақирган экан, ҳаммамиз бирга бордик… Қиёмат суҳбатлар[эфн_нотес]Эшонларнинг зикр мажлиси (муаллиф изоҳи).[/эфн_нотес] бўлди! Лекин онанинг кўнгли ҳали ҳам тинчимаган эди: – Зебини нимага сўровдингиз? – деди яна. Энди бу сафар сўфининг аччиғи келди ва бирданига: – Ўз қизимни сўраёлмайманми! – деб бақирди. – Ҳа, бўпти… бўпти… Бақирмай қўя қолинг! – деди кампир ва шошилганича уйга кириб кетди. Ҳовлида – ҳовуз бўйида каштасини тикиб ўтирган Зеби отасининг келганини пайқамаган эди. Фақат, бу сўнгги бақириш унинг қулоғига алайно бориб етди, ҳатто «ўз қизимни…» дегани жуда аниқ эшитилди. Шундан сўнг кўнгли безовта бўлиб, дарҳол ўрнидан турди. У бу ёққа чиққан вақтида чол-кампир уйда эдилар. Шу учун у астагина сўричага бориб ўтирди ва икки кўзи уйнинг эшигида, билинмаган бир кўнгил қоралиги билан онасининг чиқишини кута бошлади… Уйга кириб эшикларни беркитдиргандан кейин Раззоқ сўфи сўз очди: – Зеби қачон келди? – Сиз кетган куни… – Икки кунга деб кетган нарса неча кун юрди, биласанми? – Эшонойим қўймабдилар… – Эшонойим!.. Мендами ихтиёр, эшон ойимдами? – Ўзингиз, ахир, «майли, эшонойимнинг раъйларига қарасин» демабмидингиз? – Э, раъйлари қурсин, раъйлари! Ёш болани бир ҳафта-ўн кун сақлайдими? Кампир нима дейишни билолмай қолди. Кечагина бутун ихтиёрни эшонойимга бериб қўйиб, бугун эшонойимнинг табаррук раъйларини ҳам сўкиб ўтирган бу жоҳил сўфига нима деб бўлади? Ҳар нима бўлганда ҳам, боласини қўриш ўз зиммасига тушган кампир гап топиб жавоб қилмоққа мажбур эди. – Шунча вақтдан бери уйда ўтира бериб юраги сиқилгандан кейин, ёш нарса, уч-тўрт кун яйрамайдими? Ўзингиз кўчадан кирмайсиз-ку! – Мендай бўлганда юраверсин! – деб бақирди сўфи. Кампир ҳам бўш келмади, овозини кўтара туриб: – Сиздай бўлганда ҳам хотин киши бирор жойга чиқа оладими? – деди. – Бу рўзғор ўлгурга ким қарайди? Танур қизитиб нон ёпадими эркак деган нарса? Ёёш нарсани сил қилиб ажалидан беш кун бурун ўлдирмоқчимисиз? Аста-аста авж олаётган бу тажанг овозлар аллақачон Зебининг қулоғига етиб, унинг талвасасини бешбаттар ортдирмоқда эди. У чидаёлмади: сўричадан туриб келиб уй дарпардаларидан бирининг таккинасига ўтирди. Энди уйда ўтаётган гапларнинг ҳар бирини унинг қулоқлари битта-битта овлаб борарди. – Кўп валақламасанг-чи, фитна! Қулоқ-миямни единг-ку! Жаҳлимни чиқарма, ҳа!!! Эрининг ўлгудек баджаҳл эканини Қурвонбиби яхши биларди. Бу сўнгги танбеҳни эшитгандан кейин ҳатто Зеби ҳам ташқарида ўтириб бир томондан онасининг ташвишини торта бошлаган эди. Кампир бирданига овозини пастлатди ва мумкин қадар ўзини босиб туриб сўради: – Хўп, мана, шовқин солмайин. Сиз ҳам ётиғи билан гапириб беринг: нимага ташқаридан кирар-кирмас Зебини сўрадингиз? Бир гап борга ўхшайди… Бирдан бу қадар пасайган овоз Зебининг кўнглини онаси хусусида бир қадар тинчлатган бўлса-да, икки ўртада ўтаётган ва ўзига тааллуқли гапларни очиқ эшитдирмаганлигидан уни яна умидсизликка тушириб, икки кўзини эшик томонга телмиртмоққа мажбур қилган эди. – Берироқ кел! – деди Раззоқ сўфи. Оддий овоз билан айтилган ва Зебига аниқ эшитилган бу икки оғиз сўздан сўнг уйдагиларнинг иккови ҳам пичирлашга кўчдилар. Энди Зеби ҳеч нарсани эшитолмай қолди. Қанча зўр бериб қулоғини дарпардага қўйса ҳам, дарпарданинг секин ғичиллаши билан бирга чол-кампирнинг пичирашгани эшитилар, лекин нима деганларини сира уқиб бўлмас эди. Қурвонбиби эрининг қаршисига бориб ўтиргач, сўфи давом этди: – Жувонмарг Зебинг қишлоққа бориб ашуллани тоза қўйганга ўхшайди. Қишлоқ одамларидан кўп гапларни эшитдим… Ома-лекин тутиб олиб ўлдирсам озлик қилади жувонмаргингни! Шу ерга келганда она бечора бир нарса демоқчи бўлиб эди, Раззоқ сўфи бақириб берди: – Гапди эшит!.. Сўфининг «тутиб олиб ўлдирмоқчи бўлганини» чала-пучуқ эшитган ва бу кейинги бақиришдан эса тамом хабардор бўлган Зеби отасининг айтадиган қўрқинч гапини бир он аввал эшитмоқ учун энтикарди. Фақат, сўфи яна пичирлашга тушди: – Мингбошининг ёни-верида юрадиган бир-икки киши мени холи топишиб, қиз ўлгуринг тўғрисида эҳтиёт билан гап очиб кўришди… – Кимга? – деб сўради кампир ҳовлиқиб. – Кимга бўларди, мингбошига! – Қайси мингбошига? – Акбарали мингбошига! Сен танимайсан уни… Кампир ўзини тутолмади. Юрагининг ҳовлиққани овозининг кўтарилишига сабаб бўлди: – Мингбоши бўлса, хотини бордир? Худо уриб, кундош устигами?! Бу бесаранжом саволлар қизнинг қулоғига жуда аниқ эшитилган эдилар. У иккала қўлининг қандай қилиб кўкрагига бориб қолганини ўзи ҳам пайқаёлмади… Энди унинг юраги нотоб бўлган каби жуда суст урмоқда, ранги оқарган, бутун вужуди латта каби бўшашган эди… Деволга суянганича беҳол ўтириб қолди. Миясида уч-тўрт кун бурун ўтган воқеалар жонланди. Мингбошининг даранглаган уйлари… Сертакаллуф зиёфатлар… Бир-бири билан бу қадар иноқ бўлиб кўринган кундошлар… Султонхоннинг бирданига орадан йўқ бўлиб қолиши… Сўнгра мингбоши тўғрисида ҳар кимлардан эшитган гаплари қулоқларида жаранглай бошлади: у – ўлгудек хотинбоз… у – уч хотин олиб, биргина қиз кўрган… Шунинг аламига чидаёлмасдан ўзини ҳар балога уради… Давлати, бойлиги – ҳеч нарсаси татимайди… Ўзи ўлгудек хунук, бадбашара… Одам кўрса қўрқади… Шундай бўлса ҳам, қандай чиройли ва момиқдай қайлиқлари бор… Бечораларнинг шўри… Сўнгра бирдан унинг эсига аравадаги воқеа келиб тушди: Салтанатхоннинг бирданига «мингбоши» дея бақириши… шу баробар ранги ўчиб, ўзидан кетиб йиқилиши… Кўзини очгандан кейин ҳаммага бир-бир қараб олиб, бунга келганда узоқ тикилиб, кейин бирданига ўзини бунинг қучоғига ташлагани… Сўнгра илгари кунигина Салтанатхоннинг онаси келиб, бунинг онаси билан алланималарни висир-висир гаплашгани… Шундан бери ўз онасининг бунга ҳар дафъа аягандай бўлиб қарашлари… Оҳ, шу топда Салтанатхон бўлсайди! Шу сирларни очиб бериб, бунинг кўнглини тинчлатармидикин? Балки, бу сирларни у ҳам билмас?.. Билса аравада айтмасмиди? Йўл қўйи гаплашиб келиб ҳеч нарса демади-ку. Yo яширармикин? Яширса, унинг дўстлиги қаерда қолди? Бунақа одам дўст бўлармиди, қалай! Бу ўйлар Зебини жон ўртоғидан фарсаҳларча йироқларга олиб кетдилар. Энди у на Салтанатхоннинг кулар юзларига ишонади, на Энахоннинг… Шу топда у – ожиз бир махлуқ, қўли боғлиқ бир қул, ҳеч бир ишонадиган кишиси йўқ, ёлғиз ва ғариб… Фақат, биргина кишининг уйда ўзи учун куйиб гапирганини ўйлади, шу нарса унинг кўнглига таскин берди. Она, ёлғиз она… Жоҳил ва бағритош бир отанинг чегарасиз қайсарлиги ва тескарилиги олдида ожиз бир хотин… нимжон бир кўнгил… Ичкарида суҳбат давом этмоқда эди. Сўзнинг кетишига қараб овозлар дам кўтарилар, дам босиларди. – Сиз нима дедингиз, сиз? – деб сўради кампир. Унинг бу саволидан очиқ бир безовталик сезиларди: «Бу сўфи ўлгур унаб қўймадимикан?!» Раззоқ сўфи индамасдан мийиғида кулимсираб турарди. Бу кулимсирашда бир муғамбирлик асари, «мен бўламан-у индамай қоламанми?» деган ифодалар бориди… Кулимсираш билан яна ҳам хунукроқ кепатага кирган башарасини кампир томон кўтариб туриб: – Ўша бетавфиқ, бенамозга қиз бераманми, қалай? – деди. Бу сўзлардан сўнг кампирнинг кўнгли бироз ўрнига тушди. – Хайрият… шундай дедингизми? Сўфи бу дафъа нодон хотинини масхара қилиб кулди. – Аҳмоқ! – деди у. – Уларинг аллақайлардан даромад қилиб келиб зўрға ипнинг учини чиқаради-ю, мен «йўқ!» деб «томдан тараша тушгандай» жавоб бераманми? – Ҳа, нима дедингиз? – Ишқилиб, мингбоши билан қуда бўладиган жойим йўқлигини яхши билишди… Яна нима керак? Суҳбат тамом бўлиб, кампир ташқарига чиққанида, Зеби ҳолсиз ва дармонсиз дарпарда ёнига чўзилган, унинг ҳали жуда ёш ва жонли кўзларида кўп йиллик меҳнат ва қийналишларнинг оғир бир ҳорғинлиги кўринарди. Раззоқ сўфининг беҳуда тақводорликка суянган сўзлари ва Қурвонбибининг қайта-қайта ишонтиришлари ила Зебининг кўнгли бир қадар тинчланди. Ҳовуз бўйида, ёш толларнинг кўм-кўк баргчалари остида, ҳали ҳам аллақандай белгисиз бир ташвиш ва ҳадиксираш билан жизлаб ётган кўксини юмшоқ шабадага бериб каштасини тикаркан, унинг ғамли овози ғамли куйларни шабадага қўшиб олисларга узатарди. Арава билан у ёқ-бу ёққа қатнайдиган Ўлмасжон ўша кундан бери йўлни бу тарафга солганлигидан, бу ғамли овоз унинг қулоғига ҳам баъзи-баъзида кириб қоларди. Ёш йигит отининг қоринбоғисини маҳкамроқ боғлаш баҳонаси ила аравани девол ёнига тўхтатар, қўли от теграсида айлангани ҳолда бутун вужуди девол ошиб ўтаётган қадрдон ва ёқимли унни овлашга тиришарди. Бир кун қамчиси белида бўлгани ҳолда, девол оша кўринган толдан хипчин синдирмоқчи бўлиб арава устига чиқди, унда ҳам бўйи етмагач, тинч турмаган кегайларга оёқ қўйиб ғилдиракка тирмашди… Бир қўли билан деволга осилиб, яна бир қўлини толга узатган вақтида кўз учи Зебига тушди: бу вақтда сайрашдан тўхтаган у тутқун қушча бутун меҳрини каштанинг иланг-биланг кунгураларига қўйган эди. Ўтган-кетганлар гумонсирамасин деб, йигитча кўз учи ҳамон ҳовуз бўйида бўлгани ҳолда, бир қўли билан кичкина бир тол новдасини синдиришга уринарди. Ниҳоят, кичкина новда қирс эта сингач, Зеби ҳам бошини кўтариб қаради, деволда эркак кишининг қўлини кўрганидан кейин: – Вой, ўлақолай! Эркак киши! – деб қичқирди… Ва ов еган қушдай, каштасини ташлаб ичкари томонга қочди. Бу хил натижани сира кутмаган ёш йигит, гаврони қўлида, ҳайрон бўлиб қолди. Фақат, ўша топда кўчадан ўтаётган бир тақводорнинг: – Ҳой бола, туш бу ёққа! – деган совуқ овози уни саросималикдан уйғотиб юборди… Ғилдирак устидан ўзини аравага ташлаган вақтида, тақводор йўловчи ҳали ҳам сўйланмоқда эди: – Қандай беҳаё боласан! Кап-катта тўнғиздай бўлиб қолибсан-у, шарм-у ҳаё қилмасдан номаҳрам бор ҳовлига қарайсан-а! Сўфи кўргундай бўлса, «гўшт кетти!» қилади. Ҳа!!! Ёш йигит икки бети қип-қизарган ҳолда эшитилар-эшитилмас бир овоз билан зўрға-зўрға: – Отимга гаврон синдирай деган эдим-да… – дея олди. Сўнгра noumid қараш билан яна бир марта девол томонга кўз югуртгач, арава устидан отга ҳатлаб йўлига кетди. Сўнгги хабар билан юраги сиқилганини баҳона қилиб, бир кун Зеби ҳам Салтанатхонларникига йўл олди. Зеби олдида ўзини айбдор санаган ва шу учун кўнгилдан хижолат тортган Салтанат ўртоғини ортиқ даражада зўр ҳурмат билан қарши олди. Унинг ўз ўртоғига қилган муомилаларида ҳатто «пистоқи таъзим» қабилидан бир турли ясамалик асарлари ҳам кўриларди. Қишлоқдаги воқеаларнинг тагидан бехабар бўлган Зеби Салтанатнинг бу қадар меҳрибонлашганини – ўз кўнглида – бошқа нарсага йўяр ва… чин кўнгилдан хурсанд бўларди. Нима учун хурсанд бўларди бу ёш қиз? У билардиким, Ўлмасжон Салтанатлар оиласининг ён қўшнисигина эмас, балки она томонидан бир қадар қариндоши ва бу хонадоннинг энг қадрдон боласи. Сўнгра Зебилар оиласи сингари бу оилада ҳам эркак бола йўқ, шу учун қўшни ва қариндош бўлган бу бола ҳамма вақт шу ҳовлида, у ҳовлидан кўра кўпроқ бу ҳовлининг дастёри ва югурдаги. У бола энди кап-катта йигит бўлиб қолган… Ҳозир уйлантириш тўғрисида айни оғиз соладиган вақтлари… Салтанат ўзининг бу севимли қариндошига бу севимли ўртоғини олиб бермоқ истамайдими? Салтанатда бу истак бўлгандан кейин, уни онаси билан катта онаси билмай қоладими? Онаси билан катта онаси Зебини ёмон кўрадиларми? Ёмон кўрсалар, ўз қизларини унга мунча жонажон ўртоқ қилдириб қўярмидилар? Зеби Салтанатдан кўрган ихлосларини, оё, унинг онасидан ва катта онасидан кўрмаганми? Айниқса, шу сафар? Бу сафар Салтанат унинг теграсида гир-гир айланган бўлса, у икки кекса хотин ўз ёшларига яраша пирпирашган эмасми? Зебидай бир қизнинг келин бўлиб келишини ким истамайди? Қайси ҳовли Зебини ўз қучоғига олишдан тортинади? Учта хотин устига мингбоши ҳам толиб бўлибди-ку!.. Бечора қизнинг бутун бу ширин хаёллари шу биргина «мингбоши» сўзи келиб чиқиши билан бирваракасига паришон бўлиб сочилади, тўкилган тариқ каби ҳар томонга тизғираб кетади. Ҳалиги ширин хаёллар билан кулиб, тўлиб, чўғдай қизариб турган юзлари гармсел теккан экин каби бир нафасда сўлиб, ўлиб, учуғдай бўзариб қолади… Ҳар қалай, севимли ўртоғидан ва унинг оналаридан кўрган ихлос ва хурматлари учун – ҳалиги мулоҳаза орқасида – Зеби хурсанд, унинг хурсандлигини кўриб, ўз гуноҳларининг кечирилганини ё бўлмаса анча енгиллашганини ўйлаган Салти ва унинг оналари хурсанд… Иккала томон ҳам бир-бирининг кўнглидан бехабар, шу хилда хурсандликка кўмилди. Зебининг бу хурсандлиги, албатта, кузатган мақсадига эришмоқ билангина пойидор бўларди. У мақсад ҳам довон ошув қадар зўр бўлмасдан, ниҳояти деволга осилиб гаврон синдирган йигитни бир кўришдан иборат эди… Фақат, чорбозорчи билан аравакашни уйида учратмоқ осон нарсами? Ўлмасжоннинг аравакашликка киришганига фақат тўрт ой бўлди, лекин шу тўрт ой ичида тўрт марта бутун кеча-кундузни уйида ўтказа олдими? Саҳар чиқиб кетади, ярим кечада кириб келади, агар олисга кетмаса! Олисга кетса, икки-уч кун ўтказиб келади. Боласининг дарбадарлигига ачинган она ўша куни – Зеби Салтанатларникига борган куни: – Ҳунар бўлмай ўлсин! – дея сўзланди. – Болам бечоранинг юзини кун ёруғида кўролмайман! Ишлаб-ишлаб топгани нима? Топиб келтиргани нима? Рўзғорга юқ бўлмайди… Қаймоғини карвонбоши ялайди, алватта. Бу шўрликлар юргани-юрган, қатнагани-қатнаган, карвонбоши оғзининг ели билан топади… Шуям инсофми? Бунга отанинг ғаши келди: – Мунча жаврайсан, ҳай! – деди. – Шукур қилсанг-чи! Қиморбоз бўлиб, бор-йўғингни «гарткам»га берса, нима қилардинг? Аҳмадалининг катта ўғлидай бутун рўзғорини ичкиликка совурса, нима қилардинг? Ҳали ишга кирганига тўрт ой энди бўлди. Ҳалигача оз топган бўлса, мундан нари кўп топар. Ҳали ёш, ишласин озроқ… Меҳнатсиз роҳат борми, қалай! – Ишга кирганига тўрт ой бўлди-ю, тўрт йиллик чарчади болам! – деди она.– Тўрт йиллик қариди болам! Бола туғиш, катта қилиш осонми? Кўча-кўйда юриб гапира берасизлар-да! «Тўрт ой энди бўлди-я!..» Оғзингизнинг бир чекасидан чиқади!.. Йўқ, аравакашлиги қурсин! Бошқа ишга берамиз… бўлмади бу. Бошини есин карвоннинг!.. – Бошқа иш осон дейсанми? – деб эътироз қилди ота. – Дунёда осон иш борми? Пулинг бўлса, давлатинг бўлса, оғзинг билан гапириб топсанг… қани энди… Бу давлатни худовандикарим ҳаммага бермас экан! Берганга берар экан! Она бўш келмади: – Бермади деб ётаверасизми? – деди яна. – «Олма пиш, оғзимга туш!» билан бўладими? Ахтарган топади! Истасангиз, болангизга дурустроқ касб ҳам топилади. Сал мундоқ дам олиб яйрайдиган бўлсин-да! – Кечагина қизлар билан қишлоққа бориб, бир ҳафта ўйнаб келди-ку! Отанинг шу «қизлар билан» деган сўзлари Ўлмасжон тенглик йигитлар оғзидан чиқадиган даражада ҳарорат ва илиқлик билан, туртиб айтилган эди. Она дарҳол пайқади: – Ёшингиз элликка бориб қолса ҳам, «қизлар»га қизиқмай ўлинг! «Қизлар билан» деб бир мойлаб айтасизки! Шу аптингизга яна қиз ольгингиз бор! Бўйига етган ўғлингизни ўйланг аввал! Ота у томонда қаҳ-қаҳ отиб кулди. – Сен, – деди у, – қишлоққа бориб бир ҳафта яйраб келганидан гапир! Она жавобни дарров тахлади: – Беш кун яйраб келганига мен қанча нарса сотиб бердим, билдингизми? – деди. – Уч кўйлаклик чит, икки белбоғ, Салтанатхоннинг бир паранг рўмолини сотдирдим! – Кимга бердинг пулини? Ўлмасинг ҳали шунча пулни еб келдими? – Қаерда Ўлмас ейди!.. Ўлмас бир чақа ҳам егани йўқ. От-араванинг ижарасига деб карвонбошига бердим. «Энди бир ойгача бир чақа ҳам бермайман сенга!» деган экан, бола шўрлик йиғлагундай бўлиб келди. Унга жавр бўлмасин деб, Салтанатхон икковимиз бисотимиздан нарса сотиб тўғриладик. Ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, гапира берасиз-да! Кулишдан тўхтаб энди жиддийлашган ота яна эътироз қилиб бир нарса демоқчи эди, даричадан Салтанат билан Зебининг чиқиб келиши уни бошини қуйи солиб кўчага чиқиб кетишга мажбур қилди. Зеби Салтанатларникида туриб бу айтишувнинг баъзи жойларини эшитган, ўз бошига бало келтираёзган қишлоқ сафарининг бу йўқсул хонадонлар учун жуда қимматга тушганини энди билган эди. Шунинг учун дарров ўртоғидан койиди: – Қишлоққа ҳаммамиз бирга бориб эдик. Оғирини ўзингиз билан Ўлмасжоннинг ойисига тортдирибсиз-да! Мен ҳам қўшилишардим-ку… Салтанат ҳам ўртоғинн дарров ўз қучоғига олди. – Битта рўмол кетди, холос, – деди. – Уни ҳам мингбошиникидан ўраб келмадимми? Ўзиники ўзига бўлди, жоним! – Ўлмасжоннинг онаси-чи? – деди Зеби. – Бечоранинг уйи куйибди-ку. Йўқ, ўртоқ, эртага мен сизга бир нарса юбораман! Албатта юбораман! Салтанат бу тўғрида Зебидан ҳатто қуруқ сўзнинг ўзини ҳам эшитмоқ истамас эди. Шу учун дарров сўзни бошқа томонга бурди: – Юринг, бўлмаса! Ўлмасжоннинг ойисини юпатиб чиқайлик… Бу сўз билан бирга ўртоғининг қўлидан тортиб дарча томонга бошлади. Зебининг кўнгли яна ўксиб қолди. Ўлмасжон кечадан бери йўқ эди. Кеч пайтда келармикин деб қоронғи тушгунча қолса ҳам, боладан дарак бўлмади. Салтанат билан оналари уни ётиб қолмоққа қистасалар-да, отасининг қаҳридан қўрқиб сира унамади. Қоронғи тушиб қолганлигидан, «ёш нарса ёлғиз кетмасин» деб, бир кампирни қўшиб бердилар. Булар дарвозадан чиқиб муюлишга етганда, у ёқдан Ўлмасжон кўринди: чарчаган отини ҳорғин-ҳорғин қамчилаб, аста-аста судралмоқда эди. Иккаласи бир-бирини кўришди, танишди… Зеби ихтиёрсиз тўхтаб қолди, Ўлмасжон ҳам ўзи пайқамасдан отининг бошини тортди… Фақат, на униси бир нарса дея олди, на буниси овозини чиқаришга ботинди. Улар ўрнига «номаҳрамлар қасдидан қўриш» вазифасини устига олган кампир ун солди: – Ҳай, нимага тўхтадингиз? – деди Зебига қараб. – Ўлмасжон, нимага тўхтадинг, болам? – деди унга томон бурилиб. Ўлмасжон жавоб эплай олди: – Сизни кўриб тўхтадим, хола! – деди у. – Йўл бўлсин кеч кирганда? – Мана бу меҳмонни кузатиб бораётирман, – деди кампир. Сўнгра, бир-икки қадам босгач, орқасига қайрилиб: – Тез боринг, ойингиз ташвиш тортиб қолди! – деди… Ва Зебининг кетидан йўлга тушди. Зеби ҳам кампирдан қўрқиб орқасига қараёлмасдан, лекин кўнгли ўйнаган ва икки тиззаси енгилгина қалтирагани ҳолда тез-тез юриб кетди. Бу ёқда отига серзарда қамчи берган Ўлмасжоннинг ҳорғин вужуди бу қалтис учрашувнинг гулдирама оловида ёнаркан, ўзидан бегона бўлиб кетаётган Зебининг кўзларида йирик-йирик марварид доналари йилтирарди… Кеча ва кундуз — 7-боб Иккала ёш кўнгил қоронғи муҳитнинг оғир кишанларида боғланган ҳолда noumid муҳаббат билан бир-бирларининг ҳасратида энтикар экан… Акбарали мингбоши кучли панжалари орасига олиб янги бир газетни ғижимламоқда ва қиморбозларга хос оғзи маймоқлик ила газет ёзганларни сўкмоқда эди. Жадидлар томонидан ҳафтада икки марта зўрға чиқариладиган бир газетда мана шу беш-олти оғиз сўз бориди: «… бўлусининг ҳокими мутлоқи ўлан Акбарали мингбоши бутун бўлуснинг ягона усули жадида мактабини боғлатиб, муаллимини ҳақ бермасдан ҳайдатдирди… Уч ойгина давом эта олмиш бу мактаб миллат болаларина оз-да бўлса оқ-қорани танитдирмоққа муваффақ бўлмиш эди. Мингбошининг ўзи эса ҳар сана бир эвланмоқдан, хотин янгиламоқдан бўшалмайдур… Уч хотини устига яна тўртинчисини, ҳатто беш-олти-еттинчисини… ҳам олувга қарши эмас. Муаллим М. М…» Қаршисида чой қуйиб ўтирган Ҳакимжон шу газетни топиб кўрсатганига аллақачон дунё-дунё пушаймон бўлган эди. У бир неча йил шу одамга мирзалик қилиб, унинг жаҳли келган ва тутоққан вақтларини кўп кўрган бўлса-да, бугун шу кичкина мактубчанинг бу даражада ёмон таъсир қилганига ҳайрон бўларди. Мингбоши мирзанинг қўлидан дастлабки бир пиёла чойни олиб, ҳатто бир ҳўпламасдан ёнига қўйди ва шу бўйича уни тамом эсидан чиқариб юборди. Ҳакимжон совуқ чойни унинг олдидан олмоққа ботинолмас эди… Чойнакдаги чой ҳам аллақачонлар совуб бўлди. Ҳакимжоннинг икки кўзи мингбошида, унинг қизариб-бўзарган юзларида, жаҳл билан, тажанглик билан қисилган панжаларида, ғижимланиб бир мушт ҳолига келган газетда… Хўжайиннинг мудҳиш авзойини кўриб сал нарида дарахтга суяниб турган Мирзабобо ҳам ҳайрон. Дарвозабонлик қилувчи миршабга: «Арзга келганларнинг ҳеч бирини қўймайсан. Хўжайиннинг феъли айниб турибди…» – деб Мирзабобо томонидан таълимот берилган, энди дарвоза орқали Мирёқубдан бошқа ҳеч кимнинг оёқ босиб ўта олиши мумкин эмас. Ҳайкалдай қотиб тура беришдан Мирзабобонинг, доим бир вазиятда қимирламай ўтира беришдан Ҳакимжоннинг беллари қайишиб кетди… Мингбоши дам газетни очиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб қарар, дам бўлса панжалари орасига олиб уни ғижимлар, тез-тез дарвоза томонга қараб: – Мирёқубдан дарак йўқми? – дея сўраб қўярди. Мингбоши бу саволни қайтарган ҳамон Мирзабобо югуриб кўчага чиқар, бир оздан сўнг қайтиб киргач, «йўқ» дегали ботинолмасдан гўлайиб жим қоларди. Ниҳоят, мингбоши қўлидаги газетни бир томонга ирғитиб ўриндан турди. – Мирёқуб қани дейман сенга, Мирёқуб?!.. – дея бақирди. Бу ёввойи дарранданинг ўкириши эди! Мирзабободай одам тутила-тутила: – Дарров… отни эгарлаб… уйига бориб келайми? Yo шаҳарга чопайми? – деди. – Энди эсингга келдими, итвачча!.. – деб бақирди мингбоши. Сўнгра асабий одимлар билан ичкарига томон юрди. Ичкаридан ҳам унинг бақирган овози эшитиларди. Фақат, учала хотин унинг нима учун кайфи кетганидан бехабар эдилар. Ўзаро бир-бирларига назар ташлашгач, кўз ишорати ила катта хотинга ваколат бердилар. Хадичахон бир-икки қадам олдинга босиб келиб: – Нима бўлди сизга? – дея сўради. Шу топда ўзи енгилгина қалтирамоқда эди. Мингбоши ниҳоят даражада одобсиз бир сўз билан бақириб жавоб қилди. Иккала ёш хотин секин-секин орқаларига тисарилиб, ўз уйларига кириб кетдилар. Хадичахон турган жойида қотиб қолди… – Елкамда ўн путдан ўттиз пут юким бор… – деди мингбоши. Бу ҳам бақиришга яқин бир овоз билан айтилган эди. Учала хотин ҳам бу юкнинг нималигини англаб етолмадилар. Хадичахоннинг фикрича, мингбошига «ирим» қилган эдилар. Энди уни «қайтартирмоқ»дан ўзга илож йўқ эди. Бу фикр бошқа кундошларнинг мияларидан ҳам ўтмади эмас… Фақат, Хадичахоннинг бу фикри қатъий бўлса керакким, яширишга лузум кўрмади: – Ғанимлар қасд қилганга ўхшайди. Қайтарма қилдириб берсамми? – деди. – Аёлларнинг билгани ирим, билгани қайтарма, билгани азайимхон… Қовоғи учса ҳам азайимхонга чопади… – деди мингбоши. Ва шу сўзларни айтаркан, унинг булутли юзларида жиндаккина очилиш аломатлари кўринди. Шу очилишдан дадилланиб бўлса керак, Хадичахон яна эътироз қилди: – Ўзингиз, ўз оғзингиз билан «юк босди» демадингизми? Мингбоши кулиб юборди: – «Юк босди» деган бўлсам, «қандай юк?» деб сўрагин-да, баччағар! – деди у. Бу вақтда уйдагилар ҳам аста-секин ташқарига чиқиб, яқин ўртага келган эдилар. Мингбоши давом қилди: – Учаланг кам юкмисан менга? – Нима оғиримиз тушди сизга? – деди Хадичахон. – Газетни ўқи, биласан… Сенларнинг туфайлингдан ёмон номим етти иқлимга кетди… Ҳамманг бир қора мўйимга арзирмидинг, қалай?.. Агар олмоқчи бўлса, ҳаммангни икки қўллаб тутардим ўша газетчи даюсга!.. Менга битта хотин бас эди… зурриётлик бўлса… шунча давлатни кимга ишониб қолдираман? Учта безурриётгами?.. – Нимага ҳаммани баробар айблайсиз? Фазилатни оғизга олмайсизми? – Фазилатинг менга асқотармиди? Бир-икки йилдан кейин бировларнинг қўлига сув қуядиган бўлади. Қиз фарзанд бўлармиди? Қайси биринг ота-онангга асқотдинг!.. Бу «маъқул» гапларга эътироз қиладиган жойи бўлмаса ҳам, Хадичахон яна бир нима демоқчи эди, ташқаридан дарвозанинг хархаша билан очилгани эшитилиб, сўнгра «ҳа» дегунча ичкари эшик кетидан Мирзабобонинг йўғон овози чиқиб қолди. – Хўжайин, Мирёқуб акам келдилар! Мингбоши дарвоза очилган ҳамон ташқарига югурган эди. У чиқиб кетгач, учала кундош бир ерга тўпланиб, куёвларининг авзойини муҳокама қилдилар. Анча нари-бери гаплардан кейин эртага эрта билан Хадичахонни чўлоқ азайимхонникига юборишга қарор берилди… Мингбошини ташқарида Мирёқуб ҳам ўша совуқ хабар билан қарши олди: – Хўжайин, сизни газетга урибдилар! Мана, кўринг! «Салом» йўқ, «алик» йўқ, икки ғилдиракли аравасидан тушар-тушмас қўлидаги газетни мингбошига узатиб, кулар юз билан шу сўзларни айтган Мирёқуб мингбошининг кўзига шу топда итдан ҳам хунук кўриниб кетган эди. – Тур-э, афтинг қурсин сенинг!.. Газетинг бошшингни есин!.. Газетни олиб унинг юзига ирғитди. Мирёқуб эса қаҳқаҳа солиб кулди, ерга тушган газетни энгашиб ердан олди-да, қоқиб кўзига суртгач, тўрт буклаб чўнтагига солди, сўнгра тезгина мингбошининг қўлтиғига кириб, апил-тапил уни сўричага келтириб ўтқазди. – Ўтиринг, хўжайин! – деди ўзи ҳам унинг қаршисига ўтираркан. – Нима бу тажанглик? Нима бўлибди? Дунё бузилибдими? Ўзи учун Мирёқубдан бошқа чин кўнгилдан куядиган одам йўқлигини мингбоши яхши биларди. Шу учун унинг бу кунги ҳаракатини сира англаёлмай қолди. Аравасидан тушмай туриб «хўжайин, сизни газетга урибдилар!» деди, сўнгра ўша газетни (ўша газетнинг ўзини!) узатди… Бу нима гап? Тушими, ўнгими? Yo ишонган тоғи ҳам ағдарилмоқчими? Yo Мирёқуб ҳам бошқа ёқадан бош кўтармоқчими? Мирёқубсиз унинг куни кун бўладими? Бу давлатлар, обрўлар, катталиклар… – ҳаммаси қамишнинг тўзғоғидай бир нафасда тўзиб кетадими? Мирёқуб бурунги Мирёқуб бўлса, то мингбоши ўзи гап очмагунча, бу қора хабар тўғрисида гап очишга ҳам ботинолмаслиги лозим келарди… Албатта, кўнгилларида ҳеч гапни сақлаёлмайтурган оғзи бўш одамлар бўлади. Лекин унақа одамларнинг номлари «Мирёқуб», айниқса, «Мирёқуб эпақа» бўлмайди. Мирёқубнинг тишлари, ҳар ҳолда, лабларидан кучлироқ-ку! Лабларини тишлари орасига олса, тили ўлгур бир оз кўмилиб турарди-ку… Фақат, Мирёқуб ҳеч бир ишни билмасдан қилмайди! Ҳалигидек бемаъни ваҳималардан сўнг, ниҳоят, мана шу кейинги натижага келганидан кейингина мингбоши эсини бошига тўплади ва Мирёқубнинг юзига газетни ирғитгани учун ўз-ўзидан койиди. Унинг тирриқ таъби ҳам тезгина ўрнига тушди, юзи кулди… – Ҳазилингни қўй энди, – деди у оддий ва ҳатто бир даража мулойим овоз билан. – Мунга бир маслаҳат топ. Етти иқлимга ёмон номим кетди… Мирёқуб жуда тинчлик билан, кулиб туриб, бемалол гапирарди: – Ҳаббалли, мана мундай денг! Жаҳл билан, ғазаб билан, тутақиш билан бу тўғрида ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Бу маҳкумингиздаги қора фуқаро билан бўладиган иш эмаски, чақиртириб келиб Мирзабобога буюрсангиз-у ертўлага олиб тушиб, қичиган ерини қашласа! Ёзган одам ўша беркитилган мактабнинг домласи… жадид! У аллақачонлар ўз юртига етиб олди, газет бўлса газетчиси билан бирга Тошкентда… Сиз-бизнинг эмас, биздан каттароқларнинг ҳам бўйи етмайди. Газет ёзадиганлар, одатда, закунчи бўлади… Улар билан ярим пошшога ўхшаган улуғ одамлар олишмаса, анча-мунча амалдор бакор келмайди. Жадидлар ҳаммаси маҳмадона келади… – Жадидинг нимаси? Нима деган гап ўзи? – Мактабини ёптирган вақтингизда айтиб берган эдим-ку. – Эсда қолган дейсанми? – Жадид дегани «янги» дегани бўлса керак. Юрт орасида янгиликни расм қилармишлар… Янги ўқиш, янги мактаб, янги урф-одат, янги кийим – ҳар нарса янги… – Эскича бўлса, кимга зарари тегар экан? – Унисини билмадим… Ишқилиб, жадидларнинг қасди шу эмиш… – Янги мингбоши, янги қози ҳам десанг-чи! – Албатта, ўзига мос келадиган мингбоши бўлсин, дейди жадид… – Дарвоқе, Шамсиддин мингбоши билан Тўрақул бўлус тўғрисида ҳеч нарса ёзишмайди-ку жадидларинг… Нимага менинг тўғримда ёзишади? – Абдисамат мингбошини осмонга кўтариб ёзганларидан хабарингиз йўқмиди? – Ҳа, айтганча! Бултурмиди? – Ҳа, бултуриди. Қандай мақтаб ёзишди. – Жадидларингга тушунолмай қолдим-ку! Мен – бутун умримда!– тўртта хотин олибман. Унинг ҳам биттаси ўз ажали билан ўлгандан кейин… Абдисамат бир ўнтача хотин олди… Ҳали ҳам тўрттаси қўлида – нақд… Нега уни ёзмайди жадидинг? – Менинг жадидим эмас, хўжайин! Шундай бўлса ҳам, менинг билишимча, жадидлар янгиликка майл қиладиган одамни яхши кўрадилар. – Ҳа, айтганча, Абдисамат ўз қишлоғига янги тартиб мактаб очган эмасми? Дуруст… – Абдисамат мингбоши ҳавлисида муаллим сақлаб ўғилларини ўқитади. Жадид мактабига пул билан қарашади. Одамларнинг болаларини юбортиради. Ўзи жадид газети ўқийди… – Шу учун жадидларнинг кўзи унинг ўнта хотинини ҳам кўрмайди дегин. – Шундай. Жадидлар янги мактабга қарашмаган бойларни «нодон, жоҳил, у-бу» деб сўкишади. Уларнинг мактабига озгина ёрдам қилган бойни «ҳамиятлик бойларимиздан фалон, фалон…» деб осмонларга кўтариб ёзишади… Сиз ҳам жадид мактабини ёптирмасдан, оғиз учида «ҳа-па» деб қўйсангиз, сизни ҳам мақтаб ёзишарди. Мингбоши шу ерда Мирёқубга томон эгилди ва пастроқ овоз билан деди: – Нойиб тўра қўймади-да, қандоқ қилай. – Нойиб тўра ҳам айёр одам. Ўзи буйруқ бериб ёптирса бўлариди, ундай қилмади. Ўзи бир чеккада туриб, сиз орқали қилдирди… Таёқ энди келиб, сизнинг бошингизда синди! – Йўқ, шошма, мен нойиб тўранинг ёнларига бораман, «Иложини қилинг, ўзингиз айтгансиз», дейман. Қани, йўқ десин-чи! – Йўқ дейишдан қўрқармиди? Йўқ дейди, тониб тура беради… – Нега, ахир? Нега? – Бугун тонадиган бўлмаса, ўша вақтда ўзи ўз буйруғи билан ёптирмасмиди? – Тонганига қўяманми? – Нима қилардингиз? Урармидингиз? – Уриб бўладими? – Нима қилардингиз? Мингбоши жим бўлди. Бир қўлини чаккасига олиб бориб бошини қашларди… Иккаласи ҳам бироз жим қолгач, яна мингбоши гап бошлади: – Бир маслаҳатини топмасак бўлмайди. Мен бу ишни шундай қолдириб кетолмайман… Шамсиддин, Тўрақул, Абдисаматлар қўшкарнай билан жар солишади… биласанми? – Бу гапингиз рост, хўжайин. Уларникида кечадан бери тўй! – Ўша мактабдор домлани топтириб келиб Мирзабобога топширсам-у, ертўлада бир буров солса, деб эдим. Шунда, эҳтимол, кўнглим бир оз ўрнига тушармиди… – Боя айтдим-ку, энди унинг арвоҳини ҳам тополмайсиз. – Нима қиламиз бўлмаса? Мирёқуб жавоб бермади. У айтмоқчи бўлган сўзини фикр тарозисига солиб ўлчамоқда эди. Ниҳоят, мингбоши томонидан ҳалиги савол яна қайтарилгандан кейин: – Нима қилардингиз, тишни тишга қўясиз, хўжайин! – деди. Мингбоши ирғиб ўрнидан турди. – Тишимни тишимга қўядиган ҳезлардан бўлсам, ма, ол, бу шоп-шалопларни! – деди у баланд овоз билан. – Менга бошпут олиб бер, Маккатуллога жўнайин! – Ўтиринг, хўжайин! – деди Мирёқуб, унинг овози ҳам бир оз кўтарила тушган эди. – Ўшқириш билан, зарда билан битадиган иш эмас бу. Ўйлайлик, бир чора топайлик! Сўнгра ўрнидан туриб айвонга борди, у ерда чойнак билан пиёла турган эди: совуқ чойни пиёлага тўлдириб қуйгач, бир шимиришда тамом қилди. Сўнгра орқасига қайтаркан, одатдагидан қаттиқроқ ва тезроқ сўзланди: – Газетни шаҳарда кўрдим. Шундан бери тадбир ахтараман. Ҳеч бир тадбир тополмаганим учун ночор-ноилож кулгига зўр берган эдим. Катта ариқдан ҳатлаёлмаган вақтингизда кулгингиз келади… биласизми? – Биламан. – Йиқилган полвон ҳам аччиғини кулиб енгади, – деди яна Мирёқуб. Мингбоши бир оз жим қолгач: – Ишқилиб, бир чора топмасанг бўлмайди, – деди. Фақат, бу кейинги жумла қутурган дарранданинг эмас, сувга пишилган мушукнинг оғзидан чиқмоқда эди… Ўйга ботган Мирёқуб бошини кўтарди: – Ўзимизнинг газетга келиштириб битта жавоб ёзамиз. Жадид газетида сизни сўккан бўлсалар, ўз газетимизда биз мақтаймиз, муаллимни ёмонлаймиз. Шу билан тарозининг биз томон палласи босиб тушади. Абдисаматларнинг карнайи болалар чаладиган қамиш найга айланиб қолади. Шу бас! – Ҳа, майли! – Дурустми? – деб яна қайтариб сўради Мирёқуб. – Дуруст! – деди мингбоши. – Ўзинг ёзасанми? – Билиб гапирасизми, хўжайин? Мен газетнинг ўзини тузук-қуруқ ўқиёлмайман-ку, унга хат ёзиш қаёқда. Муни ўз аҳли, ўз устаси ёзади. Шаҳарга тушганимда тўғрилаб чиқаман. – Бўпти, – деди мингбоши. – Ишқилиб, ўзинг эпла. Сўнгра ўрнидан туриб Мирёқубга яқин келди ва унинг қулоғига эгилиб: – Пул керак бўлса, аяма лекин! – деди. – Пул деган нарса топилиб кетади, обрў топилмайди, обрў! Орадан икки ҳафта ўтгандан кейин Мирёқуб «сарт» тилида чиқадиган ҳукумат газетасининг бир нусхасини келтириб, индамасдан мингбошининг қучоғига ташлади. У нусхада қуйидаги мактуб босилиб чиққан эди: «Ҳурматли газет муаллифи тўрага саломдин сўнг андоғ арз қилинурким, жадид ном тоифанинг шаҳарларда чиқарилатурғон газетида Акбарали мингбоши хусусида нолойиқ иборатлар билан таъриф қилинган бир нома чоп қилинди. Шу хусусда ҳақиқат юзасидан изоҳ қилиб айтурмизким, Акбарали мингбоши қарийб ўн тўрт йилдан буён оқ подшоҳимизнинг азамат давлатларига садоқат билан хизмат қилиб, шунча замон мобайнида ҳеч қандай сарзанишга мустаҳиқ бўлмадилар. Шаҳар ва уезд ҳокими тўралар ва фуқаро ва боёнлар ва аҳли илм толиблар ва мударрислар ва хонақоҳнишин шайхлар ва эшонлар ва ҳоказо ҳеч кимса мазкур мингбошидан чийзий норози бўлганлари йўқдур. Ва балки ҳамиша анинг ҳаққида хайри дуодадирлар. Ул беодоб мактабдор бўлса ҳамма фуқаронинг назарида паст ва ҳақир кўрилган эрди. Ўзи намоз ўқимасдан ва мактабда гўдак болаларга ер мудаввардур, яъни мисли тарвуз юмалоқдур деб, шариатга хилоф илмларни таълим бергани важҳидан фуқаро безовта бўлиб, ҳар хил қилиқлар пайдо бўлиб, юртнинг осойишига халал келганидан мазкур мактабдорнинг мактабини жаноби Акбарали мингбоши беркитиб эрдилар. Бу важҳидан тамом фуқаро ва алалхусус боёнлар, толиби илм муллабаччалар, мударрислар, имомлар, шайхлар ва зокирлар, сўфилар бағоят мамнун бўлиб, ул шаҳаншоҳи жаҳон оқ подшоҳимизнинг ва ҳам ул улуғ мартабалик ярим подшоҳ жанобларининг ҳақларига дуо айлаб, шундай одил ва инсофлик фуқаропарвар амалдорларни қўйганлари учун уларга миннатдорлик изҳор қиладурлар, валлоҳи аълам биссавоб, таммат-таммат тамом ёзғучи камина холис фуқародин мулла Ривожиддин аълами мулки абадий». Буни ўқитдириб эшитгандан кейин мингбоши жуда хурсанд бўлди. Энди тўй бу томонда бошланди. Энди бунинг карнайи дунёни бузажак, наригиларники бўғулажак эди. Энди етти кишвар, етти иқлимда Акбарали мингбошининг қандай яхши амалдор бўлганини билажакларди. Оқподшоҳ бўлсин-у, етмиш икки тоифанинг тилини биладиган тилмочлари бўлмасин! У тилмочлар томонидан таржима қилиниб берилгандан кейин, бу мактубни оқподшоҳ, албатта, ўқитиб эшитажак… балки ўзи ўқияжак… балки ўзи газетнинг тилига тушунса… қўл остида шунча тоифа яшайдиган бир подшоҳ ўз фуқароларининг тилини билса ажабми? Мулла Ривожиддин ўзи ажиб бир хуштаҳрир одам! Ёзишини кўринг: сувдай равон! Ҳамма уқади, ҳамма англайди! Оқподшоҳ нега англамасин? Шундан кейин Петербургдан Тошкентга – ярим подшоҳга телеграм келса: «Менинг шундай яхши амалдорим бор экан, қадрига етиб, ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турибсанми?» Ана, шундан кейин Тошкентдан чопиб келадиган катта тўраларни айтинг! У вақтда шаҳардаги ҳоким ва приступ тўралар Акбарали мингбошига «час» («чест» демоқчи) берадиган бўлади! Унда наригилар мингбоши эмас, кеч куздаги чибиндан ҳам баттар бўлиб қолишади!.. Бу сафар газетни бағрига босиб шу хил ширин хаёлларга ботган мингбоши ирғиб туриб қаршисида ўтирган Мирёқубни қучоқлаш ва бутун давлатини унга тутиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. Бундай одамга қанча қилса ва қанча берса оз. Шундай бир хурсандлик ичида сузган мингбошига Мирёқубнинг яна бошқа арзлари бор эдиким, улар ҳам – аҳамият жиҳатидан – газетдаги мактубдан сира қолишмасиди. – Хўжайин, кўнглингиз ўрнига тушди, шекилли? – деди у бир турли ғурур билан, лекин бу сўзлар ортиқча «мойланиш» ва хушомаддан йироқ эди. Мингбоши бояги кайфни тўла акс эттириб жавоб қилди: – Нимасини айтасан! – Бўлмаса, нарёғини эшитинг. – Нарёғини? Мингбошининг кўнглига дарҳол изтироб тушиб улгурган эди. Шундай яхши бир хабардан кейинга қолдирилган арз, албатта, хайриятдан гапирмайди. Агар яхши гап бўлса, Мирёқуб уни газетдаги мактубдан бурун айтмасмиди? «Хўжайиннинг бесаранжом кўнглини тинчитай, ундан кейин ётиғи билан бу хабарни эшитдираман» деган бўлса-чи?! Йўқ, амали ҳам қурсин, обрўси ҳам! Мингбошиликнинг шоп-шалопи оғир бўлмаса ҳам, ўзига яраша оғир ташвишлари бор… Катта одам бўлиш ҳам қийин!.. Мингбошининг ҳалиги сўнг саволида бутун шу изтиробларнинг мазмуни бор эди. «Эпақа» лақабини ташийдиган тулки у саволнинг остида ётган беҳуда ташвишларни дарҳол пайқади. Шу учун дарров: – Бугун сизнинг тўйингиз! – деб қўйди. Ва сўзида давом этди. Масала Қумариқ пайновидан сув ичадиганларнинг ҳокимга берган аризалари хусусида эди. Ариза берганларнинг бошида кимлар турганини ўтган сафар нойибнинг мингбошига айтган сўзларидан англаб олган Мирёқуб Қумариқнинг этакларигача бориб келиб, ҳамма гапни билганини ва тегишли тадбирларни ўтказиб келганини гапирди. Ариза эгаларининг адабини бериш вазифаси унинг ўз бўйнига юклатилганлигидан, ҳалиги «ўтказилган тадбирлар» билан у ўша вазифасини ҳам бажариб келган эди. – Яхши. Ариза берганлар Ёдгор эчки билан Умарали пучуқ экан. Аниқ билибсан. Хўш, энди, қани, гапир-чи, улар хусусига нима тадбир қилдинг? Мирёқуб кулди: – Нима тадбир қилдинг дейсизми? – Ҳа, нима тадбир қилдинг дейман. Мингбоши бутун диққатини шу нуқтага тўплаб Мирёқубга томон бир оз эгила тушган эди. Мирёқуб кулишида давом этиб: – Болаларга тайинлаб келдим: пастдаги ерларга ҳам унча-мунча сув бериб туринглар, дедим. Мингбоши яна овозини кўтара тушди: – Шу адаб берганинг бўлдими? – Адаб берганим бўлмаса қилармидим, қалай? – деб Мирёқуб яна кулди. – Нечик, яъни? – Инсоф ҳам керак ахир, хўжайин! Сизнинг ерларингизни суғориб бўлгандан кейин сувни яна Қумариққа очиб қўйса бўлади. Анча сув ортади. Ҳеч ким дод демайди. Айб чоракор болаларда. Сизнинг обрўйингизга таяниб бепарволик қилганлар. – Нимага? – Нимага бўлариди. Улар ерларни суғориб бўлгандан кейин Қумариққа яна қайтиб сув очмас эканлар. Шунча сув ёндаги эски ариқларга, пастликларга тушиб, экинсиз ерларни кўллатиб ётар экан. Пастдагилар ўзларича келиб сувни очгани қўрқишар экан. Мироб бўлса оғиз очолмайди. – Ортиқча сув бўлса, майли, берсин, – деди мингбоши. – Ҳеч нарса демайман. Лекин ҳалиги икковининг адабини бериш керак эди. Нимага менинг устимдан ариза ташлайди? – Адабини бериш керак бўлса, тутиб олиб урамизми? Yo кўпчилик олдида хўрлаб сўкамизми? Yo бўлмаса… Мингбоши Мирёқубнинг оғзидан сўзини узиб олди: – Ҳар нима қиламиз! – деб бақирди. Сўнгра овозини пасайтира тушиб илова қилди: – Мен иккаласини чақиртириб олиб Мирзабобога беришдан ҳам тоймайман! – Бир марта ҳокимга ариза берган одамларни уриб бўлмайди. Кейин улар ҳокимга яна қайта арз қилсалар ё бўлмаса ҳокимнинг устидан арз қилсалар – ёмон бўлади. Адвокатларнинг аризасини биласиз-ку! Мингбоши индаёлмай қолди. Нафаси ичида эди. Фақат, ўз фуқароларидан иккита бойга кучи етмаганига ҳеч чидаёлмасди. Йўғон оёқларидаги зўр-зўр кавишлари билан безовта бўлиб ер депсинарди. Мирёқуб бу ҳолни кўрганидан кейин уни тинчитмоқчи бўлди, мингбошига жуда таниш бўлган кулимсираш билан унинг ёнига ўтди ва душман эшитса ишонадиган бир овоз билан: – Уларнинг адабини деҳқонларнинг ўзлари беришади! – деди. Сўнгра мингбошининг ҳайрон бўлиб ўзига тикилганини кўргач, Қумариқда қуриб келган дасисаларини сўзлаб берди. Унинг сўзидан англашилардиким, Қумариққа борган вақтида у ерига сув етмай аламзада бўлиб юрган оз ерли камбағаллардан билаги йўғон уч йигитни чақириб, уларнинг ерларига сув тегмасликда мингбошининг ҳеч бир айби йўқлигини, ҳамма айб Ёдгор эчки билан Умарали пучуқда эканини сўзлаган. Йигитлар бунинг сабабини сўраган вақтида, Мирёқуб уларни Садақайрағоч деган жойга олиб бориб экинларни кўрсатган. Чинакам, ўша жойда мингбошининг бир шапалоққина ери бўлиб, соя жойда қолиб кетганлигидан ғўзалари унча ўсмаган, кўп чигитлари чиқмай қолган экан. У ернинг ён-веридаги кўп ерлар Умаралибой билан Ёдгорхўжага қарар экан. Уларнинг ерлари мингбошининг пайновидан сувни жуда бемалол ичганлари учун экиннинг кўриниши жуда яхши бўлган. Ана ўша экинларни йигитларга кўрсатиб туриб, «мана, кўринг энди, кимнинг ери кўп ичар экан сувни!» деган. Шундаёқ йигитлар муштларини тугумлаб бойларнинг ерлари томонга ўқталганлар, «ҳап сизними!..» деганлар. Шундан кейин Мирёқуб йигитларни ўтиришга даъват қилиб, уларга бир яширин гап айтмоқчи бўлганини сўзлаган. Улар юракларига талваса тушиб ва лаблари қалтираб унинг оғзига тикилгач, сирни ҳеч кимга айтмасликлари тўғрисида улардан қаттиқ ваъда олган, ундан кейин Умаралибой билан Ёдгорхўжа томонидан ҳокимга берилган аризадан гап очган. Мирёқубнинг гапидан йигитлар англаганларким, Умаралибой билан Ёдгорхўжа яқинда ҳоким тўрага ариза берганлар ва у аризада ўз ерларининг неча йилдан бери сувсиз қолаётганини, Қумариқдаги сувнинг фақат мингбошига қарашли ерлар билан бошқа баъзи бировларнинг ерларини суғорганини, буларнинг ерларига ҳеч бир сув ошмаганини ёзганлар… Бу гапни эшитгандан сўнг йигитларнинг бири ирғиб ўрнидан турган ва муштини тугумлагани ҳолда «ўзим тутиб олиб ураман занғарларни!..» дея ўшқирган… Сўнгра Мирёқуб туриб бундай деган: «Мингбоши додхо бўшаган сувнинг сиз томонга оқишига қарши эмас. Лекин ўша икковига ўчакишиб, пастга сув бергиси келмайди, «ўшаларнинг ери ичадиган бўлса, ҳамманики қуриб кетгани яхши» дейди. Бари бир пастга сув берганимиз билан сизга сув тегмайди, ҳамма сувни улар иккиси тўсиб олади!» Бу сўз йигитларнинг яраларига туз-қалампир бўлиб тушган, улар учаласи бир оғиздан «мингбоши додхо сувни пастга ўтказа берсин, улар билан ўзимиз гаплашамиз!» деганлар. Мирёқуб уларнинг ўз олдиларида мингбошининг чорикорларини чақириб, бўшалган сувни пастга ўтказмоққа буйруқ берган. Мингбоши Мирёқубнинг бу арзини эртак тинглаган ёш боладай буюк бир завқ ва нашъа билан тингламоқда ва эрта-индин иккала бойнинг бошига тушадиган ҳангомаларни кўз олдига келтирмоқда эди. Унинг фикрича, ўсган болага эски кийими тор келгандай, Мирёқубга ҳам энди «эпақа» лақаби камлик қиларди. Унга бошқа бир муносиб лақаб топиш лозим келардиким, ундай лақабни энди бу қишлоқ одамлари тополмасдилар, бунинг учун амир Навоий ёки Мавлоно Жомий ё бўлмаса Шомашрабнинг тирилиб келиши даркор эди. Мингбоши Қумариқда човрилган у ғалати найранглар ва у найрангларнинг устаси тўғрисида шундай ширин ўйларга кетган, Мирёқуб эса мингбошининг хурсандлик ва кайф билан маст бўлган юзларига тикилган бир пайтда ичкаридан бир товоқ тўла манти чиқиб, дастурхоннинг ўртасидан жой олди. Мирёқуб бу даргоҳда тез-тез кўриниб турадиган бу серқатиқ, семиз ва ёғлиқ мантиларга қадрдон дўстини кўргандай ширин бир кайф билан тикилди, сўнгра кўзларини товоқдан кўтариб, мингбошининг юзларига қарагач, шу топда товоқдаги манти билан товоққа томон эгилган юз ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмади: иккаласи ҳам шу қадар ёғлиқ эди! Мингбошининг қўл ювишни унутиб, «олинг-олинг»га қарамасдан, беш панжасини баробар ботириб товоққа ҳужум бошлаганини кўрганидан кейин, Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди-да, қўл чайқамоқ учун ариқ томонга югурди. Лекин мингбоши додхонинг аждар кепатали иштаҳасини бир оз тўхтатмоқ лозим эди, шу учун Мирёқуб унинг ақлини ўғирламоқ мақсадида қичиқ масаладан гап очди: – Тўйни нима қилдик, хўжайин? – деди у қўлини чайқаб туриб. Мингбоши бошини товоқдан кўтармай, оғзида бир манти, қўлида иккинчи манти билан шошилиб жавоб қилди: – Ўзинг биласан! Мен қайдан билай! Мирёқуб мингбошининг бу жавобидан шу топда унинг мантидан бошқа ҳеч бир масала билан машғул бўлолмаслигини англади. Чинакам, у қўлини чайқаб дастурхон бошига келганида, товоқ яримлай деган эди. Шу учун улар иккаласи ҳам бир озгина жим қолишни эп кўрдилар. Айниқса, мингбоши оғзига пахта тиққан каби жиддий сукутга толмишди… Товоқнинг у ер-бу ерида уч-тўртта қатиқсиз манти қолгач, мингбоши додхо товоқдан бошини кўтарди. Фақат икки кўзи ва ҳам қўлининг мўлжали товоқда эди. – Ҳа, хўжайин, – деди Мирёқуб, – бўлдингизми? – Бўлдим ҳисоб! Қани, ол сен ҳам! – деди мингбоши ва ўз олдидаги ёлғиз мантига қўл узатди… Унгача Мирёқуб ҳам ўз томонидаги мантиларни бир жойга тўплаб олган эди! Товоқ бўшалиб ўртадан кўтарилди, унинг ўрнига катта чойнакда чой келди. Шундан кейингина мингбошининг гап-сўзга кўчмак истагани маълум бўлди. – Қани, қиздан гапир энди, бетавфиқ! – деди у. – Отаси нима депти? – Сиз илгари қизнинг ўзидан гапириб беринг. Қалай, овози маъқул бўлдими? – Сўраб нима қиласан? Сенга бутун авлиё-анбиёларни шафе келтириб айтаманки, ўша қиз менга насиб бўлса, ундан кейин хотин олишни бас қиламан! – Ҳеч кимни шафе келтирмай тура туринг ҳали. Кейинги иккитасини олган вақтингизда ҳам, ҳар сафар, «бас энди! Шу – охиргиси!» дердингиз. Бўлмайдиган ваъдаларни тил учига келтирманг, ичкарида тура турсин… Вақти келганда, ваъда бермасдан ҳам биттага таяниб қолсангиз бўлаверади… – Ишонмаганингни қара, бенамоз! Мен астойдил гапираётирман. Худо битта, сўз битта! – Ҳўх-ҳў!.. Ҳали шу даражага бориб қолдингизми? Бўлган экан! – Нимасини айтасан. У келса, учовидан ҳам кечмакчиман. Учовига қайрилиб қарамай дейман… бор-йўғимни ўшанга берай дейман… – Сизга нима бўлди, хўжайин? Ақлингиз жойидами? Yo йўқми? Мингбошининг кўзларида аллақандай бир изтироб бор эди. Унинг оғзидан чиққан сўзлар тилдагина айтиладиган сўзларга ўхшамасиди. Мирёқуб бутун умрида кўрилмаган бу ҳол қаршисида шошиб қолди. Яна бир неча марта бошини элаб «ҳўх-ҳў, ҳўх-ҳў» дея такрор қилди. Орага жимлик чўкди. Фақат, Мирёқубнинг чуқур ўйга кетиб, торта-торта чой ичгани эшитиларди. Мингбоши қўлидаги чойни ҳеч бир лузумсиз айлантириб совутмоқ билан овора эди. – Ҳўх-ҳў! – деди яна Мирёқуб. – Отаси қурғур яқин келмайди-ку. – А? – деди мингбоши. Чойни ерга қўйиб бутун вужуди билан Мирёқубга тикилди. – Сўфиси қурғур ёмон тақводор экан, хўжайин. – Нима депти? – Айта берайми? Мингбоши қичқирди: – Айтмай нима қиласан! Яширармидинг? – Умрида пешонаси сажда кўрмаган одамга қиз бераманми? – депти… Мингбоши негадир қаҳқаҳа солиб кулди: – Тоза авлиё экан-ку, – деди. – Бенамозга қиз бермас эканми? О, авлиёси тушкур-э! – Ундан кейин, бетавфиқ, бузуқ юрадиган депти… Мингбоши яна қаҳқаҳа солди: – Сен билан юриб шундай бўлдим, бетавфиқ! Эпла энди ўзинг. Мен бир иш қилиб оламан қизни! Менга бермай кимга беради? Шу чоққача зўр бериб алланарсаларни ўйламоқда бўлган Мирёқуб ён чўнтагидан соатини олиб қаради: – Ҳўх-ҳў, – деди, – ўн иккига яқинлашиб қолибди. Мен кетдим, хўжайин. Ўрнидан турди. – Шошма, – деди мингбоши, у ҳам ўрнидан турган эди. – Маслаҳат нима бўлди? Отаси бермайди деб кета бераманми? Мирёқуб кавушини кийиб, салласини бошига қўндиргач, мингбошига яқинлашди. – Хотиржам бўлинг, хўжайин! – деди. Овозида жиддийлик, кескинлик ва ўзига ишонч тўлиб ётарди. – Отасини унатамиз, қиз сизники бўлади. Мен ўзим бажараман бу ишни. Мингбоши унинг орқасига бир-икки марта уриб қўйиб: – Сенга ишонаман, сенга, йўлварсим, йўлварсим! – деди. Мингбоши кечанинг чуқур жимлигида каттакон кавушини тарақлатиб, эснай-эснай ичкарига кириб бораркан, Мирёқуб Мирзабобони ёнига олиб дарвоза дарчасидан кўчага чиққан ва қишлоқ итларининг тўпалон вов-вовлари ўртасида кета туриб жоҳил сўфининг қайсарлигини синдириш учун турли-туман тадбирлар ахтарарди… Кеча ва кундуз — 8-боб Раззоқ сўфининг уйидагилар «мингбоши» деган сўзни унутаёзган эдилар. Мингбоши тўғрисидаги довруқ бир хил дайди шамоллардай тўсатдан келиб қолган, сўнгра сўфининг маълум сўзларидан кейин бутунлай жимиб кетган эди. Қурвонбиби яна қўни-қўшнидан иш олиб, кўрпа қавишга ўтирди. Зеби бўлса ҳовуз бўйига тўшакчани солиб, каштасига берилди. Ўлмасжон ҳар ўтганида деярлик сўфининг баланд деволига осилиб хипчин синдирадиган бўлди. Энди каштачи қиз «вой, ўлақолай!» деб ичкарига қочмас, фақат, бетига рўмолини парда қилиб, икки бети чўғдай ёнгани ҳолда, кулимсираган кўзлари ила ҳалиги парданинг ёнидан мўраларди… Саратон яқинлашганга ўхшайди. Офтоб танурини қизита тушди. Кечагина кўкларда қанот қоқиб ўйнашдан туганмас лаззат олган қушлар энди дарахтларнинг қуюқ кўланкали шохларида ўтириб олиб, иссиқдан жон сақлайлар. Кўча-кўйдан бирорта отлиқ ё арава ўтгундай бўлса, дунё-дунё чанг кўтарилади… Одамлар, жонворларгина эмас, дов-дарахтлар, жонсиз махлуқот ҳам энтикиб, бўғилиб нафас олган каби. Сўфи ҳам дайдишдан тийилди. Неча кундан бери суҳбатга ҳам бормайди. Дарпардаларга чойшабдан пардалар тўстириб, уйни қоп-қоронғи қилдириб, битта кийизчадан бошқа ҳамма палосларни олдириб ташлаб, қоқланган ерларга қалин-қалин сув урдириб… эртадан кечгача уйдан чиқмайди. Олдида – яхна чой, ёнида – елпиғич, ўзича зикр қилган бўлади. Бир қарасангиз, «Ҳикмат»дан[эфн_нотес]Мутасаввуф шоир Хожа Аҳмад Яссавий девони.[/эфн_нотес] байтлар ўқиб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлайди… Дам бўлса, суҳбат ҳофизлари сингари аста-аста хиргойи қилади. – Хонақодан кечиб юбордингиз, шекилли! – деди бир кун Қурвонбиби. – Валдирама, фитна! – деб қичқирди сўфи. Сўнгра яна ўз ишига берилди. – Эшон бувам хафа бўлмайдиларми? Қандай муридсиз! – деди яна бир кун Қурвонбиби. – Шу иссиғда суҳбатга ҳафсала борми? Қизиқ экансан… – деди сўфи. Бу дафъа тескари бурилиб уйқуга кетди… Аллаким ичкари эшик кетидан «Сўфи! Ҳов сўфи!» деб чақирган вақтида, сўфи оғир уйқуда, Қурвонбиби эса қавиб бўлган кўрпани эгасига топширмоқ учун қўшнилариникига чиқиб кетган эди. Бу чақириқни ҳовуз бўйида ўтириб эшитган Зеби рўмолини пана қилиб эшик олдига келди. – Кимсиз? Нима дейсиз? – деб сўради. У ёқдан содда ва бир оз дағал, лекин қувноқ бир эркак овози келди: – Ҳа, Раззоқ сўфининг ожизаларимисиз? Қалайсизлар, омон-эсон бормисизлар? – Худога шукур, – деб қўйди Зеби. – Мен отангизни айтгали келиб эдим… – Ухлаб ётган бўлса керак. Уйғотиб берайми? Зарурми? – Эшонбобом йўқлатдилар. Уйғотмасангиз бўлмайди. «Тез, олдингга солиб кел!» дедилар… – Хўп бўлмаса, уйғотиб берайин. Зотан, жуда сергак ухлайдиган сўфи биринчи чақириқдаёқ уйқудан уйғонган эди. Дарпарданинг бир қанотини очиб ташқарига ун солди: – Ким у? Нима дейди? Элчи сўфининг овозини эшитди: – Менман, сўфи, менман: Худойназар! Элчининг ким эканини билганидан кейин сўфи унинг нима учун келганини сўраб ўтирмади. – Шошманг бўлмаса, ҳозир чиқаман, – деди. Апил-тапил ҳовуз бўйига ўтиб таҳорат янгилай бошлади. Қурвонбиби қўшниларникидан қайтиб чиққан вақтда, сўфи аллақачон кетиб бўлган, Зеби эса уйни йиғиштираркан «биргина қизил олма учун девол ошиб боққа тушган» йигитча тўғрисида ашулла ни данг қўйган эди. – Ҳай Зеби, отанг қани? – Эшон бувам олдириб кетдилар. Ашулла нинг бўлинишини истамаган қиз жавобни калта қилиб, яна сернашъа қўшиғини бошлади. Фақат, кампир шу топда гапга ва гаплашувга жуда қизиқарди. Чунки кўрпақавиқ учун бу сафар пулни кўпгина тўлаганлар, боз устига, «мунча чиройли ва текис қавигани» учун уни ўз юзига мақтаганлар; иккинчи томондан, чолнинг «бир ҳафтадан бери уйда сасиб ётгандан сўнг» яна хонақо томонга йўл солиши кампирнинг бўғилган таъбини оча тушган эди. – Худо умрларини берсин эшонбувамнинг! Мунча яхши қилибдилар! Эркак деган ҳадеб уйда ёта берса, сасиб кетади… – Ҳали ҳам кўрпаларидан аллақандай ҳидлар буруқсайди… – деди Зеби. – Оптовга олиб чиқиб ёй! Иложи бўлса, ҳовлига олиб ўтиб қоқ! – деди Қурвонбиби беш-олтита сийқа тангани қайта-қайта санаркан. – Яхши бўлибди, айланай, болам, отангнинг оғир жуссасини эшонбободай одам кўтармаса, ким кўтара олади? Бир оз жим қолгач, эски ҳасратини бошлади: – Илоҳим, қовоққинаси ўчсин унинг… Юрагим лахта-лахта қон бўлди. Қовоғидан доим қор ёғади, важоҳати доим қиш, доим изғирин… ё бир маслаҳатни айтиб бўлади, ё – рўзғор ишини. Кошки, бошқа мўмин-мусулмондай бир касб қилиб, беш-ўн танга топиб келса… Йўқ, йўқ! Ўзи тўй-мўйга бориб қорнини тўйғазиб келса бўлди, бошқа билан иши йўқ! «Уйда хотиним бор, қизим бор, улар нима ейди?» деб ўйламайди. Хонақонинг текин шулонини еб ёмон ўрганган-да! Меҳнат қилиб, пешона терисини оқизишга энди кўнгли ўлгури унамайди. Акаси шўрлик қанча ялинди – «қишлоққа чиқ, бирга ишлайлик!» деб. Кўнмади сира! Меҳнатга тоби борми, қалай? Оч қолса ҳам, бўйни ишга ёр бермасдан, шу бўйича ўтиб кета беради. Тағин ҳар йил бир қур ҳажга жавдиганига куяман! Ёнида бир чақаси йўқ, нимага ишониб бўлсайкин, ҳар йил бир қур «бошпут» олади. Чинакам жўнайдиган кишидай, бор пулига ун олиб, ёғ олиб – кулчалар ёптиради. Тарадди битгандан кейин, ҳажга бориш қолиб кета беради-да, ёғлиқ патирларни хонақодаги текинхўр сўфилар ейди! Адо бўлдим мен мундан!.. Куйдим мен мундан… Кўрпа-тўшакни ҳовлига ташиб ётган Зеби бу ҳасратларни тингларкан, шўрлик онанинг тоғдай бардошига қойил бўларди. Онасининг жуда оғир юк остида энтикканини билганлигидан, эсини таниганидан бери унга ҳар тўғрида ёрдам қилишга тиришиб, бутун рўзғор ишини ўзи эплаб келар, онасига ҳеч бир оғирини туширмас эди. Зотан, бу рўзғорни Қурвонбибининг қавиган кўрпа-тўшак ва гуппилари ила Зебининг чевар қўлларидан чиққан чорси ва дўппилари тебратиб келмайдими? – Пешонамизга битгани шу бўлса, қандоқ қилайлик, ойи?! – деди қиз. Бу вақтда улар иккаласи ҳовличага ёйилган палосларни қоқмоққа киришган эдилар. – Албатта, болам, қазога чора йўқ. Шундай бўлса ҳам, кўнгил тўлиб кетганда, чидамай гапирасан-да одам… Иккови ҳам жим қолиб, ўз ишларига берилдилар. Бир оздан сўнг кампир куйикишдан босилиб, оддий овоз билан сўради: – Эшонбобом нимага чақиртирди экан? Келган одам айтмадими? – Билмадим, жуда зарур, шекилли, «олдингга солиб кел» деган эканлар. Отам ўзи ҳам апил-тапил таҳорат янгилаб чиқиб кетди. – Яхши бўлибди. Бирор жойда тўй-мўй бордир. Отанг келмаса ҳам, эҳтимол, болам, қишлоқ-пишлоққа чиқишадигандир. Бўлмаса, мунча жадаллатиб чақиртирмасиди. – Қишлоққа чиқиб кетса яна яхши! – деди Зеби. Шу топда унинг юзларига қувноқ бир кулиш ёйилган эди. – Салтанатхонди чақиртирай деб эдим. Бир келиб ўйнаб кетса яхши бўлариди. – Майли, бугун кечгача отанг келмаса, эртага чақиртирарсан. Қизнинг юзига ёйилган ва борган сари қуйилмоқда бўлган қувноқлик қумга тушган томчи каби бирданига йўқ бўлди, унинг жиддийлашган кўзларига энди ташвиш кўлагалари чўккан эди. – На унимиз бор, на гуручимиз. Яна нонқоқига чақирамизми? – деди қиз. Онанинг жавобини кутиб ўтирмасдан, ўртанган бир овоз билан илова қилди: –Йўқчиликдан қутулар кун бормикин?.. – Койима, қизим, – деди она, – ўртоғингни қуруқ жўнатмайсан. Ош-сувингга еткулигини эплаймиз. Зеби кўзларини кенг очиб қаради: – Рост айтасизми? Қурвонбиби рўмолининг учидан бояги тангаларни олиб қизига узатаркан, овини йиқитган мерган сингари кўнгли севинч билан тўлгани ҳолда: – Мана, болам, кўрпа қавиқдан пул тегди! – деди. Зеби икки қўлини онасининг бўйнига ташлади, она унинг сочларини икки-уч марта юмшоқ-юмшоқ силагандан кейин, оғзини у сочларнинг ўртасига қўйди. Шундай қилиб, икки аламзада кўнгил жуда қисқа бўлган қувончларга берилдилар… Фақат, бу тўрт девол орасига кирадиган қувончлар ўткинчининг назаридай бир нафасга кириб чиқадилар. Уларнинг кирганини зўрға пайқаганлар чиққанини пайқаёлмай қоладилар. Ўша тўрт девол ичида туғилиб ўсган, ўша тўрт деволнинг тунд назарларидан бошқа ҳеч нарса кўрмаган ва унга кўникиб қолган бечоралар ўз ҳолларининг мунча фожиалигини пайқай олармидилар? Ҳар қандай қувончни ўзларининг ўша тор дунёларидан ахтармоққа мажбур бўлган шўрликлар ташқаридан адашиб кириб қолган орият қувончларга ишониб кўнгил қўярмидилар?.. Одатда хуфтон ўтар-ўтмас ётоғига кириб, илк саҳар уйқудан уйғонадиган Зеби отасининг келиш-келмасини билиб, шундан кейин хотиржам ухламоқ учун анчагача онаси билан гаплашиб ўтирди. Улар иккаласи топган-тутган гапларини бир-бирларига айтишиб, уч чойнак чойни тамомладилар. Бутун эл бир уйқуни уриб бўлганда ҳам сўфидан дарак бўлмагандан кейин, она-бола унинг эшонбобо билан бирга бирор жойга кетганга ҳукм қилдилар. Зеби эртага ўртоқжонини чақиратурган бўлиб ширин хаёллар билан уйқуга кетди. Бир томондан, жуда кеч ётиб, иккинчи томондан, ниҳоят даражада тотли тушлар билан кўп роҳат ухлаганлигидан у эртаси куни одатдагидан анча кеч уйғонди. Уйқудан кўзини очиб, теварак-атрофга қарагач, ташқари эшикнинг карракдай очилиб турганига кўзи тушди. Демак, сўфи қайтган эди. Ўзининг бу қадар қаттиқ ухлаганига ҳайрон бўлди. Отаси, одатда, дарвозани жуда қаттиқ тарақлатарди. Ичкаридан «лаббай» деб жавоб берилгандан кейин, то биров чиқиб дарвозани очгунча, баджаҳл сўфи бардош қилолмас, қўлидаги таёқ билан зўр бериб дарвозани саварди… Демак, бутун шу тарақ-туруқни эшитмаган Зебининг ўликдай қотиб ухлагани маълум бўларди. Энди Салтанатхонни чақириш ҳаваси елларга учди… Энди яна ҳафталарча сўфининг боши уйдаги ёстиқдан кўтарилмайди. Эндияна – қанчагача – ёш қизнинг гулдек умри ҳовуз бўйида игна санчиб ўтади. Ўрнидан туриб бет-кўзини ювди, ўчоққа ўт ёқиб, чойдишни қўйди, сўнгра ташқари эшикни ёпиб қўйиб, секингина уй томонга борди. Бир жуфт дарпарда ёпиқ бўлганидан, уйнинг ичи бир оз қоронғи эди. Астагина қулоқ берди: бировнинг хўрсиниб йиғлагани эшитиларди. Яна ҳам қунт қилиб тинглади. Йиғлаган онаси эди. Кўнгли шув этиб кетди. Бир оздан сўнг сўфининг ғудурангани эшитилди: – Хотин кишини йиғлашга ҳалқ қилган худо… Йиғлайбер! Шундан сўнг уй ичида оғир бир жимлик чўкди. Қурвонбибининг йиғиси хўрсиниш даражасига тушиб қолди. Кейинча у ҳам жимиб кетди. Узоқ жимликдан сўнг сўфининг оғир бир томоқ қиргани эшитилди. Сўнгра у одатдаги амирона овози билан: – Қани, бўл, чойингни бер! – деди. Кампир эзилиб мулойимлашган овоз билан: – Шу ерга берайми, ё эшикка чиқасизми? – деб сўради. Сўфи яна ўша дағал овоз билан: – Дам уйда нима бор! – деб қичқирди. Онаси ташқарига чиққач, Зеби бориб унинг бўйнига осилди. Қурвонбибининг кўзлари қизариб, қовоқлари кўкарган эди. – Нимага йиғладингиз, ойи? – деб сўради Зеби. Онаси дарҳол жавоб беролмасдан бир оз ўйланиб тургач: – Ҳеч… – деб қўйди. Жавобнинг бирданига берилмагани, сўнгра бу «ҳеч» деган маъносиз жавоб Зебининг ташвишга тушган кўнглини баттар ташвишлантирди. – У нима деганингиз? Бекорга йиғлайдими киши? – деди у. Қурвонбиби яна жим қолди. – Ойи, бир ёмон гап борга ўхшайди. Мендан яшириб ётирсиз! – деди Зеби. Унинг кўнглидаги ташвиш энди тилига, овозига ўтган эди. Она энди бу сафар боласини қондиргундай жавоб бермоққа мажбур бўлганини пайқади. Фақат, нима дейишини билмасиди. – Сўраб нима қиласан, болам? Отангнинг феълини биласан-ку, бекордан бекорга мени ғадаблаб ўтирибди… – Нима дейди, ахир? – Нима дериди? Бошимни олиб бир ерга кетаман дейди… тўйдим сенлардан дейди… Зеби онасининг бу гапларига ишониб, кўнгли анча тинчиган бўлса-да, онанинг ўзи ўз оғзидан чиққан бу ёлғонларга сира ишонолмас, «ўзим ишонмаган нарсага қизим бечорани қандай ишонтираман» деб ўйларди… – Отамнинг шунақа хулқи бор, – деди Зеби. – Баъзи-баъзида феъли айниса, «кетаман»га тушади. Қўйинг, хафа бўлманг. Эрта-индин босилиб қолади. Илгари қилмаган бўлсайкан… Зебининг бу муҳокамаси онанинг кўнглини дарров тинчитди. Қизининг бу сўзларида ва у сўзларни айтган вақтидаги овозида ёш болаларда бўладиган бир соддалик кўринарди. Қиз бечора ҳали кўп содда! У онасининг оғзидан нима чиқса дарров ишонади! Фақат, она бечора ўз қизини қачонгача алдаб юра олади? Қизнинг бу соддалиги қачонгача давом этади? Бу алдашлар эрта-индин очиқ ҳақиқатлар қошида чилпарча бўлиб синмайдиларми? У вақтда алдамоқ учун сўз топиладими? Ёш қизнинг «қарс» эта ёрилиши мумкин бўлган кўнгил шишасини ямаш учун онанинг тадбир сандиғида ҳеч нарса топиладими? Содда қиз тил учида айтилган бир-икки оғиз гап билан тинчланиб, сўрига жой қилгали чиққан вақтида, айвоннинг бир чеккасида ўрнидан жилолмай қолган онанинг кўнглида шу ташвиш ва шу андишалар айланарди. Кейинча, қизнинг тамом тинчланганини кўргач, Қурвонбиби ҳам изтироблардан енгиллангандай бўлди. Сўрига келиб тайёр дастурхонга ўтиргач, Зебининг пешонасидан ўпиб-ўпиб қўйди. Отасини нонуштага чақирмоқ учун кирган Зебига Раззоқ сўфи нимагадир: – Чойингни ҳовлига чиқиб ич! – деб буюрди. Бу буйруққа на она эътироз қилди ва на қиз. Айниқса, Зеби бутун бу нарсаларни отасининг феъли айниганидан кўрарди. Онасининг кўзларида шунча изтироблар қайнаб тошган ҳолда, ёш қизнинг содда кўнгли уларни кўролмас эди. Онанинг кўнгли сир беркитиш орқасида ғашдан ёрилай деганда, қизнинг кўнгли дам Ўлмасжонни, дам Салтанатхонни эркалатиб ўйнарди. Ҳовуз бўйида яна ўша қўшиқ, яна ўша ёқимли овоз сувларнинг жимжимаси устида йўрғаларди. Яна ўша кашталарнинг яна ўша кулар юзли ипаклари иланг-пиланг чизиқ устидан бориб, кунгираларнинг шаклини қавартирарди. Яна ўша деволдан яна ўша аравакаш бола мўралаб, ёш қизнинг мунгли қўшиғини бўларди… Бир кун эрталаб иккита қўй билан бир арава ун-гуруч келиб киргандан кейин, Зеби онасининг андишали кўзларига қарамасданоқ тунов кунги кўз ёшларнинг маънисига тушунди. Ёш қизнинг кўнгил шишасига бир тош келиб теккан каби бўлди… Нонуштадан бироз кейин қўйлар келган бўлса, тушга етмасдан қассоб тайёр бўлди ва Раззоқ сўфи этагини белига қистириб, енгларини шимариб ташқарига жомларни, саватларни ташимоққа бошлади. Қўйларнинг қоп-қора қонлари ерларни бўямасдан туриб, ташқари томондан хурсанд овозларнинг: – Тўй қуллуқ бўлсин, сўфи! – Жуда соз бўлибди! – Бундай давлатни кам бандасига беради худо! – деган хушомадлари кўтарилди. Энди онага қўшилиб қиз йиғлар, қизга қўшилиб она йиғларди. Буларнинг йиғилари кучайган сари ташқари томондан келаётган хушомадлар ҳам кучаяр, бутун маҳалла-кўй Раззоқ сўфининг бахтини олқишлаб чапак чаларди! Ўртароқ бир хонадоннинг орзу-ҳавасли каттакон тўйидан ҳашаматлироқ бўлиб ўтган фотиҳа тўйидан кейин Қурвонбибининг кўзларида йиғлайдиган ёш ҳам қолмаган эди. Зебининг кўз ёшлари сира тинмади. Бу орада Салтанатхон икки марта келиб кетди. Қумрихон келди, бошқа ўртоқлари келишди, ҳар йўл билан Зебининг кўнглини олишга, уни юпатишга уриндилар. Бўлмади? Кўз ёшлари ариқнинг сувидай ўзлари келиб, ўзлари қуюлардилар. Илгарироқ кунда юз марта қизини юпатган, унинг кўз ёшларини енглари билан артган она энди у ёшларга кўникиб қолган, индамасдан ўз ишига машғул бўлар, тўй ҳозирликларини кўрарди. Ҳар ҳафтада бир келадиган қўй, ун-гуручни ташимоқдан Раззоқ сўфининг қўллари қаварди… Тоза гуручлар билан бўрдоқи қўйларнинг паловларини емоқдан қуюқ ёғлар меъдасига урди… Ёғлиқ қўлларини арта бермоқдан унинг эски бедана маҳсиси ойнадай ялтираб кетди. Бутун буларнинг орқасида она билан боланинг қайноқ кўз ёшлари қуйиларди. Бутун бу ноз-неъматлар ёш қизнинг кўнгил шишасини синдириш баҳосига тушган эди. Фақат, сўфи кўнгилдан ва унинг нозик шишасидан бир нарса англайдиган одам бўлмаганлигидан бу каттакон ишнинг оқибатини хаёл қилган вақтларида «келаси йилга (иншаолло!) ҳажга кетиш насиб бўлади» деган умидлар билан хурсанд бўларди… Биринчи марта қўй келган кундан бери бутунлай эсидан оғиб қолган Қурвонбиби фотиҳа тўйидан кейин бир оз ўзига келган эди. Бора-бора Зебининг кўз ёшлари ҳам қуриди. У ҳам худди суратдай жонсизгина судралиб юра бошлади. Бурунгидай онасининг ҳеч бир сўзини қайтармас, нима деса оғзидан чиққан ҳамон бажарарди. Эс-ҳуши ўзида бўлмаган бу жонсиз суратнинг ёғочдай қотиб қолган қўллари ва бармоқлари ила рўзғор ишларини яна бурунгидай пухта бажаришлари онанинг қуриган кўзларини ҳам яна ёш билан тўлғазиб юборарди. Зебининг оғзидан на бир оғиз сўз чиқар, на бир байт қўшиқ, на бир оҳ-воҳ. Бу ҳол онанинг изтиробини бешбаттар оширарди. «Бу кетишда қизим шўрлик тўйга етармикан, йўқмикан?» деган хаёллар онанинг бағрини тилардилар. Эшон чақиртириб кетган куннинг эртасида, Раззоқ сўфи уйига қайтиб келганидан кейин «қизингни мингбошига бериб келдим, тараддингни қил!» деган, шундан сўнг Қурвонбиби йиғлашга бошлаган, уни Зеби юпатган, шу билан иш фотиҳа тўйига бориб етган эди. Бу орада анчагина вақт ўтса ҳам, Қурвонбиби ўз эридан илгари рад қилган мингбошига кейинча розилик беришининг сабабларини сўрамади. Гапнинг рости, юраги бетлаб сўролмади. Илгарилари Зеби ўз отасидан қандай қўрқиб қочган бўлса, энди Қурвонбиби ҳам ўз эридан шунча ўзини четга тортарди. Зебининг ҳалиги аҳволи кўнглига ташвиш солганидан кейин чидаёлмади, бир кун Зебининг йўқ вақтини топиб туриб эрига сўз очди: – Бошим гангиб, ҳеч нарса деёлмай ётибман… – Ҳа, нима демакчисан, фитна? – Сўфи аввалгидай қуруқ ва совуқ гапирарди. Қурвонбиби ҳўрсинганидан бирозгача нафаси бўғзига тиқилиб, гапиролмай турди. Кейин, нафасини бир оз ўнглаб, яна боягидай ҳўрсиниш овози билан бўлиб-бўлиб сўзлади: – Бу нима қилганингиз? Бу… – Ҳа, нима қилибман, баччағар? – Илгари… мингбоши ўлгурга… бермайман деб келиб эдингиз… қўрсайиб… мақтаниб гапириб эдингиз… «Бенамозга… қиз йўқ!» деган эдингиз… Қани у қўрсайишлар? Нима бўлди? Туппа-тузук сўфи одам бир бенамоз, бир бўзахўрга қиз бериб ўтирибсиз? – Берсам нима бўпти, баччағар? Ўз қизим… – Ўз қизингиз-ку… Тенгини топиб беринг-да… Эшонбобомнинг ман қилмаганларига ҳайронман. Ҳа… ҳа… Шу ерга келганда Қурвонбиби бироз дадилланиб, овозини кўтара тушди. Гўё эшонбобо унинг томонида бўлиб, Раззоқ сўфига қарши чиқажак эди: – Ҳа… ҳа… энди билдим! Бу гапдан, валлоҳи аълам, эшонбувамнинг хабарлари йўқ! Бўлмаса, сизнинг бу беҳуда ишингизни қилдиртмас эдилар. У ёқда сўфи аччиғи келиб бақириш ўрнига, бир нарсадан хурсанд бўлгандай, мийиғида кулиб турарди. Қурвонбиби давом этди. Унинг овози яна ҳам кўтарила тушган эди. – Шошманг! Эшонбувамга бориб дод дейман! Ори рост, бир бўлган ишни энди буздириш мумкин эмаску-я, ишқилиб сиздан дод деб бир кўнглимни бўшатмасам бўлмайди… – Э аблаҳ, фитна! – деди сўфи кулиб туриб. – Эсинг йўқлиги шу-да! Шу-да эси пастлигинг! Шу-да хотинлигинг! Қурвонбибининг аччиғи келди: – «Эчкига ўлим, қассобга ёғ!» Мен ўлолмай гарангман, сиз ҳадеб куласиз. Ҳа, эшонбувамга айтолмайманми? – Ҳа, айт! Айт бориб! – деди сўфи яна кулиб туриб. – Аблаҳлигингни пиримизга ҳам кўрсат, фитна! – Оббо, ақллиг-эй! Шошманг, ҳали! Эшонбувам ғадаблагандан кейин эсингиз киради. Ҳали ёғлиқ паловлар билан мастсиз! Сўфи кулишдан тўхтаб жиддийлашди. – Бас дейман, аҳмоқ, бўлди! – деб қичқирди у. – Ҳеч нарсадан хабаринг йўқ, валақлай берасанми? Мингбошига бергин деб, қистаб юриб мени кўндирган эшонбувамнинг ўзлари бўлса, нима дейсан? Қурвонбиби ихтиёрсиз: – Вой, ўлақолай! – деб бақирди. – Эшонбувам ўзлари бошми ҳали? Вой, шўрим қурсиней! Бечора кампир бошларига муштларди. – Муштла бошингни, фитна! – деди сўфи яна ўша жиддият билан. – Кўпроқ муштла, ёр ўша эси паст бошни!.. Иккаласи ҳам жим бўлишди. Сўфи ҳамон ўша жиддият билан бир нуқтага тикилган, Қурвонбиби энди бир оз ўзини тўхтата бошлаган эди. У оддий ва тинч овоз билан сўради: – Эшонбувам қистаган бўлсалар, қаттиқ турсангиз бўлмасмиди? Фақат, кампирнинг бу сўзларида энди тақдирга тан бериш унлари бор эди. Бу унни сўфи ҳам пайқади. У бугун нечундир бир оз юмшара тушган, хотини олдида ўзини оқламоққа тиришгандай кўринарди. – Ҳовлиқмай гапирсанг, фитна… Дунёни бузасан… – деди у. – Мен кўп олишдим. «Бенамозга қиз бермайман!» дедим. «Сен-бизнинг минг йил ибодатимиз-у уларнинг бир кунлик хизматлари – баб-баробар! Мингбоши қанча мўмин-мусулмоннинг ҳожатини чиқаради, қанча аламзаданинг додига етади, қанча ўғри, кисавур, қароқчининг жазосини беради! Қанча ноҳақ бўлган ишларни ҳаққа қарор топқизади. Ибодат ҳам – ибодат, мўмин-мусулмонга хизмат ҳам – ибодат! Балки бу кейингиси – авло!» дедилар. Нима дейин? Нима деб бўлади? Мен оми бўлсам, саводим бўлмаса, оқ-қорани танимасам, у киши мулла бўлса, забардаст бўлса, худонинг буйруғини тушунса, шариатни, тариқатни сувдай билса… нима дейман? Сўфининг ўз хотинига астойдил куйиб-ёниб ўз қилмишларидан бунча дурув-дароз ҳисоб бериб ўтириши – мана шу эди. Буни Қурвонбиби тегишинча тақдир қила билди. Эрига иссиқ назар билан қараб, унинг аҳволига энди бир даража ачина бошлади. Шу учун анча оғирлик ва босинқилик билан: – Мен-ку ҳеч нарса демас эдим, – деди у, – мана бу қизингиз худди бир суратга айланиб қолди… Қўрқиб ётибман… – Ўртоқларини чақиртир, фитна… Ўйин-кулги қилишсин… У тарафдан мен ҳам тўйни тезлатай… Тезроқ бериб қутулайлик. – Салтанатхон ўртоғини ўзи ҳам чақирмоқчи бўлиб туриб эди, – деди кампир. – Сиз уйда бўлганингиз учун… – Мен хонақога кетаман. Чақиртира берсин. Ун-гуруч бўлса сероб… Пул ҳам бор, орзу-ҳавас қиламан деса, мана пул. Бозордан олдирсин. Кўнгли хоҳлаганини қилсин! Шу сўзларни айта туриб, ёнидан битта ўн сўмлик янги қоғоз олди, уни бармоқлари орасида увиб, шир-шираган овоз чиқарди, ундан кейин юзларида шу чоққача ҳеч бир кўрилмаган болаларча қувониш билан кампирга узатди. Кампир умрида кўрмаган ўнталикнинг нақшларига қараркан, шу нақш сингари жонсиз бўлиб қолган шўрлик қизини кўз олдига келтирди-да, кўзларига ихтиёрсиз ёш олиб юборди… Кеча ва кундуз — 9-боб Зебини тушириб келиш учун шаҳарга борган хотинлар, уларнинг ўз тиллари билан айтсак «қудалар», бошларида Пошшахонга ўхшаган эслик ва айёр бир жувон турганига қарамасдан, негадир, «кичкина митти»ни назардан қочирдилар. «Кичкина митти хон хўжани йиқитди» дейди ўзбек мақоли. Қудалар қофиласи шаҳарга жўнаркан, Умринисабибини аравадан ўз қўли билан тушириб юборган ва унга қараб «агар тўйда ё тўйдан кейин мен сизни уйда кўргундай бўлсам, мингбоши додхога айтиб авақтага жўнатдираман!» деган Пошшахон Умринисабибининг қизини ё кўрмади, ё кўрса ҳам назарига илмади. Пошшахоннинг қўйган қизлари, яъни унинг ўз «одамлари» шаҳарнинг ўзида, йўлда ва ҳар ерда Зеби билан бирга бўлиниб, фаришта қиёфасидаги шайтон каби унинг ичига кириб, пистоқи таъзимлар ва серхушомад гаплар билан унинг кўнглини овлаб – мингбоши додхога уни «иситтираркан», ўзларининг муваффақиятларидан ҳеч бир шак-шубҳа қилмасдилар. Тезда-тезда уларни чақириб таълимот бериб турган Пошшахон ўз одамларининг маърузаларини эшитгандан кейин, боз устига, ўзи ҳам чимилдиқ кетига ўтиб Зеби билан жонажон ўртоқдай гаплашгандан сўнг, «қизнинг муқоваматини синдирдим, ўжарлигини енгдим!» деб ўйларди. Ўзига кўп бино қўйганларнинг алданиши ёмон бўлади! Икки қиз ва бир жувоннинг бутун меҳнатларини Умринисабибининг «кичкина митти»си бир неча оғиз гап билан ювиб ташлашга жуда осон муваффақ бўлди. Умринисабибини ишга солиб қўйиб, ўзи аллақайларда тажанглигидан кокилини юлиб юрган Султонхон энди шайтон кулиши билан кулиб, қўли толгунча чапак чалса бўлади. Унинг кўнгли олдин сезиш йўли билан бир нарса сезган бўлса, ҳали ҳам жиртак чалиб кулаётгандир. Ким билади! Шаҳарда бир неча минут, қишлоқда – мингбошиникида ундан ҳам озроқ холи фурсат топиб, «кичкина митти» Зебига айтиладиган ҳамма гапни айтиб олди. Мингбошини шундай тасвир қилдики, энди унинг ўрнига – куёв ролида – бир дев кириб келса, Зеби «жон!» дерди. Бунинг устига, «бечора Султонхоннинг маъсум кўз ёшлари», «иккала иттифоқчи» (Хадичахон ва Пошшахон)нинг минг бир «ҳилалари» ҳам (Хотинлар ўзлари худди шу шаклда – «ҳила-а» деб гапирадилар) ёш ва маъсум бир қизнинг самимий тили билан бир-бир баён қилинди. Шу учун тўйга яқин ва тўй кунларида ўз ўртоқлари билан кулиб гаплашган, Пошшахоннинг одамларига эса қиёматлик дўстлардай муомала қилиб, уларга «ғалаба» ғурурини берган Зеби қишлоққа жўнар куни бирданига ўзгариб, ёнига ўз онасидан бошқа ҳеч кимни киргизмай, бирданига бурунги қуруқ «сурат» шаклига киргач, иттифоқчилар шошиб қолдилар. Зеби ўзи учун ажратилган катта уйга кириб, ипак чимилдиқнинг кетига ўтган вақтида, иккала иттифоқчи тўйчи хотинларни ҳам унутиб, дастурхон ва ош-сув масалаларини ҳам бировларга топшириб, ўзлари Пошшахоннинг уйига чекилдилар ва бу ўзгаришнинг сабабини текшириб, чорасини ахтармоққа бошладилар: кўп ўйладилар, кўп режаларни чизиб кўрдилар… Фақат, шу кичкина митти ҳеч бирисининг эсига келмади. Шу учун ўзгаришнинг сабаби билинмади! Улар бир чора топишдан ҳам ожиз эдилар, шу қалтис пайтда ақллари ҳеч нарсани олмасди. Бир тарафдан – куёвнинг кирар вақти яқин, иккинчи тарафдан – ҳовли юзи тўла хотин-халаж, бола-чақа, етти иқлимдан одам бор, шовқин-сурон, қий-чув, мия айнайди… мия айнайди, холос! Бир кучли овоз бўлса-ю ҳовлига чиқиб ўкирса ва хотин-халаж бир нафасгина жим бўлса… Булар ўйлаб бир фикр чиқарсалар! Ҳолбуки, хотин-халажнинг қий-чуви авж олаётир. – Шошманг, нима гап? – деди бирданига Пошшахон. Дарҳақиқат, ташқарида хотин-халажнинг умумий хори бошланган эди. Ҳовлидаги хотинлар ҳаммаси бирдан алланима деб, бир сўзни такрорлаб шовқин солардилар. Булар ҳам бир-бир кетин ҳовлига чиқишди. Кичкинагина бир воқеа бўлиб ўтган эди. Зеби каттакон уйнинг тўрисида, очиқ дераза ёнидаги бурчакда, чимилдиқ кетида онаси билан бирга ўтирарди. Унча бесаранжом бўлгани ҳам кўрилмасди. Ҳатто хотинларнинг қизиқроқ гапларини эшитса кулиб қўярди… Ҳовлида, деразанинг таккинасида турган иккита хотин – ким эканликлари номаълум! – тик ҳолда ўзаро гаплашиб туриб гапни мингбоши додхо ва Зеби тўғрисига кўчирдилар. Зеби уларнинг суҳбатларини юраги ўйнаб туриб тинглар ва онаси суҳбатга моне бўлмоқ истаса, йўл қўймасди. Иккала хотин овозларини пича кўтара тушиб, хотинлар қий-чуви орасида суҳбатда бемалол давом этдилар. Зебининг қулоғи ҳам гўё деразага осилиб қолди. – Қизингиз етилиб қолди, мингбоши додхога бермайсизми? – деди уларнинг биттаси овозини кўтара тушиб. Яна бири овозини анча баланд чиқариб бундай деди: – Буватаваккал адирида одам сонидай йўғон илонлар бўлар эмиш. Шуларга берсам бўлмайдими!.. Зеби «оҳ» деб бир қичқирди-да, онасининг қучоғига йиқилди. Хотинлар чувиллашиб чимилдиққа томон югурдилар. «Вой, нима бўлди? Вой, нима бўлди? Вой, ўлақолай! Вой, шўрим!» овозлари ҳар тарафдан юксалди. Чимилдиқ атрофини қуршаб «вой, нима бўлди?» деган хотинлар орасида ҳалиги иккови ҳам бор эди… Бироздан сўнг улар иккови орадан йўқ бўлишди. Уларнинг келиб-келмаганини ҳеч ким билмади. Шунча кўп хотин-халаж орасида иккита хотинга сон борми? Пошшахон билан Хадичахон воқеани суриштириб кўрдилар. Ҳар оғиздан ҳар хил гап чиқарди. «Аллаким келинга эшитдириб куёвни ёмонлади» деганлар бўлди. «Ўз қулоғим билан эшитдим» деганлар бўлди. Фақат уйдаги хотинлар «Ташқаридагилар гапирди!» дедилар, ташқаридагилар ичкаридагиларни айбладилар… Зеби кўзларини мўлтиратиб, қўли кўксида, бедармон ётарди. Оғзини очиб бир сўз демас, саволларга жавоб бермас, ёнига кирган Энахонни ҳам танимасди. Ранги пахтадек оқарган, қовоқлари бирушта учиб турарди. Пошшахон Умринисабибининг эшигига қулф солдириб қўйиб, иттифоқчиси билан яна кенгашгали кирди. Бу сафар кенгаш жуда калта бўлди. Чунки вақт нозик, тезроқ чора кўриш лозим: куёв кирадиган вақт бўлган эди. – Куёвингизни бугунча киргизмай турсак, – деди Пошшахон. – Эртага Зебихонни алдаб-сулдаб йўлга солардик… Кейин олиб кириб қўйсак, ундан нарисини эркак киши ўзи эплаб оларди… – Ў-в-в… – деди Хадичахон. – Кошки, эп деган нарса бўлса куёвда… – Униси ростку-я… Ҳар қалай, эртагача худо пошшо эгам… Бугуннинг маслаҳатидан келинг. – Ҳалиги маслаҳатингиз дуруст… Бугунча тура турсин, ўлмас… – Ўлмайди, албатта… Пешонасидан кўрсин… Ишқилиб, Султоннинг ошиғи олчи! – Нимасини айтасиз. Умриниса фитна етказгандир бу чоққа… – Қўяди дейсизми? Эрта қачон… – Жиртак чаляпти десангиз-чи, яшшамагур… Иккаласи ҳам бир нафас жим қолишди. – Маслаҳат ҳалиги бўлдими? – деди яна Пошшахон. – Бугунча кирмай турадими? Яхши маслаҳат. – Бошқа иложи ҳам йўқ. Аммо у ўжар куёвни ким кўндиради бунга? – Ғалати экансиз! Ким кўндирарди?! Мирёқуб акангиз-да… – Ўзингизнинг акангиз… – Ҳаммамизнинг акамиз… – Чақириб айтинг бўлмаса. – Йўқ, сиз каттасиз, сиз айтинг! Мен яқин йўламайман! Хадичахон Мирёқубни чақириб гаплашгали ташқари эшик олдига чиқди. Пошшахон Зебидан хабар олгали югурди. Султонхон тўйга бир неча кун қолганда онасиникига кетган эди. Кетаркан кимдан сўраб – ижозат олиб кетишини билолмади. Сўраганда кимдан ҳам сўрайди? Мингбошининг онаси ролида ҳозир Хадичахон. Унга кириб ялинадими? Yo Пошшахонга таъзим қилиб ундан сўрайдими? Улар нима дейдилар? Тил учида «вой, айланай, вой, ўргулай» қилсалар ҳам, кўнгилларида «Ўла-ҳ, ўлганинг яхши! Алам қилдими? Қочгинг келдими? Қоч, орқангга қарамай қоч, кавушингни қўлтиқлаб қоч!» демайдиларми? Мингбошидан сўраш керак эди, албатта. Унинг олдидан ўтмай бўлмайди. У – эр, эр – подшо, хотиннинг инон-ихтиёри ўшанинг қўлида. Фақат, шу топда мингбошининг кўзига оқ-қора кўринмайди. Мингбоши шу кунларда ўз соясидан ҳам бехабар… Беш-олти ой бурун бор эди унинг Султонхони. Энди йўқ! Бир йил бурун унча-мунча «Султоним» деб турарди мингбоши. Тез-тез бунинг ёнида бўларди. Бу даргоҳга эрта баҳорда Зебининг қадами теккандан бери Султонхон бутунлай нест-нобуд бўлди. Кечаги ботган қуёшдай… Унутилди! Паранжисини ёпинди. Умринисабибининг дарчасига яқинлашганида бирдан тўхтади ва орқасига қайтиб, Хадичахоннинг уйига томон йўналди. – Мен ойимларникига кетяпман. Уч-тўрт кун айланиб, кўнглимни ёзиб келай… Хадичахон «ҳа, майли» деб қўя қолса нима бўларди? Жуда чидамай кетса – индамасиниди, бунга қараб мийиғида бир кулсиниди – шу ҳам етиб ортарди. Йўқ! Пошшо афсунчининг бу ўргатма илони бир марта нишини ботириб олмаса бўладими? – Вой, бу нима қилганингиз, Султонхон? Шундай яхши тўйлар бўляпти… Тили зўрға-зўрға калдираб: – Тўйгача… келаман… – дея олди Султонхон. Умринисабибининг дарчасидан ҳатлар-ҳатламас ҳўнгурак отиб йиғлаб юборган эди. У ерда кўп ўтирмади. Бир оз ҳасратларини айтиб, кўнглини бўшатгандан кейин, «кичкина митти»дан фойдаланиш тўғрисида бир-иккита маслаҳат кўрсатиб, онасиникига кетди. Шу бўйича тўй куни ҳам қайтиб келгани йўқ. Янги келин келган куннинг эртасига – худди нонушта чоғида Умринисабиби етиб борди. Ўпкаси оғзига тиқилиб, ўлгудай ҳаллослаб туриб кутилмаган ютуқлардан гапирди. Кичкина миттининг катта ишлари, айниқса, дераза олдида томоша берган икки хотиннинг ўйинлари ўлган Султонхонни тиргизди. Унинг беҳоллик ва уйқусизликдан юмилган кўзларини қайта бошдан очирди. Умринисабибининг буришган терили бармоқларида янги узуклар ялтиради! Иккаласи бир-бирини қучоқлаб ширин-ширин нашъага ботдилар. – Йўқ, хола, ҳали эрта! Эрта ҳали… – Нима демоқчисиз, айланай? – Маъракани йиғиштиришга ҳали вақт эрта. – Нима қилайлик, айланай? Мени у эшикка қадам бостиришмайди. Қизим кириб юриб эди, ҳалиги иккала хотиннинг ишидан кейин ўртадаги эшикка қулф солдилар. – Йўқ, хола! Йўл топилади, топиш керак. – Хўп, айланай, топамиз. – Топамиз!.. Топамиз… топамиз… топамиз… Ақли бошқа жойда бўлгани ҳолда Султонхон ҳадеб шу бир сўзни такрорларди. Бирдан сўраб қолди: – Энахон қаерда? Уни киргизишадими? – У ҳамма вақт Зебихоннинг ёнида. – Бўлмаса, ўша билан гаплашинг. Бугуноқ гаплашинг. Ҳозир бориб гаплашинг. – Ҳозир жўнайман бўлмаса. – Менга қаранг! Икки қўли билан Умринисабибининг икки елкасига ёпишди. Юзини унинг юзига яқин олиб борди. – Менга қаранг, холажон! Энахон Зебига дўст. Чинакам дўст. Мингбошига хотин бўлишини ҳеч хоҳлаган эмас. Ҳали ҳам хоҳламайди. Қўрқмасдан очиқ гаплаша беринг. Гапдан гап чиқади. Гапдан маслаҳат чиқади! Умринисабиби каттакон белбоғини ун-гуруч билан тўлғазиб, дарров йўлга чиқди. Энахонларникига бориб кирган вақтида, Энахонларнинг бутун оиласи ёйилган қопнинг теграсида жугари уқалаб ўтирардилар. – Айланай, Энахон. Шошилиб турибман. Сизга икки оғиз гапим бориди. Иккаласи бирга ҳовлига ўтдилар. Ариқ бўйига ўтиришган ҳамон Умринисабиби гап бошлади: – Зебихоннинг аҳволи қалай, айланай? Жиндак гапириб беринг. Ҳеч нарса билолмай, юрагимиз эзилиб кетди. Кўзимнинг қорачиғидай яхши кўрардим. – Уни яхши кўрмаган ким бор, холажон? Ҳамма яхши кўради. Яхши кўриш бошқа экан-у, толе бошқа экан… – Нимасини айтасиз, айланай? Етти ухлаб, бир тушига кирмаган кунларни кўрди шўрлик… Бироз тўхталди. Рўмолчасини ариққа солиб ҳўллагач, юзини бир қур артиб олди. – Куйиб кетдим, айланай… Бир жойда ўтиролмайман… Қизим Баҳридан сўрайман, бир оғиз гапни эплаб гапиролмайди. Кеча кечаси ўша ердайди. Шаҳарга ҳам бирга бориб эди. Гап сўрасам, худди тили йўқ соқовдай «и, и…» қилади, холос… Юрагим «қарс» эта ёрилгундай бўлди. Шундан кейин бу ерга чопиб келдим, айланай. Содда Энахон бу ёлғонларнинг ҳаммасига астойдил ишонарди. – Зебихон энди пича дуруст, – деди у. – Кеча кечаси куёв киришига яқин аллакимдан бир ёмон гап эшитиб… У шошилмасдан ҳамма бўлган гапларни айтиб берди. Бу гаплар ҳаммаси Умринисабибига маълум бўлса-да, эшитмаган одамдай бирушта «вой, тўвва! Вой, ўлақолай! Вой, шўрлик! Шунақами?» деб турди. – Энди ҳамма ҳайрон, холажон… Бугун кечаси нима бўларикин? Куёв кирмай туриб бу шунақа қилади. Куёв кирганда нима бўлар экан? – Шуни айтаман, айланай! – Мен ҳеч чиққим йўқ ўша томонга. Чиқмасак, оқибатдан эмас. Бизни деб келиб тузоққа тушди шўрлик. Менга шундай кўзларини мўлтиратиб қараса, юрагим «жиғғ!» этиб кетади… – Рост, айланай, рост… Ҳамма деганларингиз рост… – Бу ишни қилган кундош ўлгурлар энди ўзлари ҳам ҳайрон… – Яшшамагурлар… – Султонхон бўлса у ёқда жиртак чаляпти! – Яшшамагур… – Азайимхонларга катта-катта сарф қиляпти, дейди… Отаси бой эмасми? Онасида ҳам бисот каттаймиш… – Яшшамагурлар… – Бир ўйлаганда, у бечорада ҳам айб йўқ. – Рост айтасиз, айланай… – Ана у кундошларда ҳам айб йўқ. – Алватта, айланай… – Кундошлик ўзи бир бало. – Нимасини айтасиз, айланай… Энахон оғир бир уҳ тортиб ўрнидан турди. – Жиндак туриб яна чиқиб бормасам бўлмайди. Юрагим бўлса сира бетламайди. Бу кеча нима қиламиз энди, билмадим… – Нима қилардингиз? – деди Умринисабиби. – Дод-войига қарамасдан куёвига қўшасиз-да, айланай! – Менга қолса, бир умр қўшмас эдим, – деди Энахон. Яна қайтиб жойига ўтирди. Умринисабибига бор-йўғи шу гап керак эди. Дарҳол ўрнидан туриб ариқнинг у юзига ўтди ва Энахоннинг ёнгинасига ўтирди. Устозидан олган таълимини эслаб, икки қўлини унинг елкасига қўйди ва бошини ўз бошига томон тортиб туриб, кўзига маҳкам тикилган ҳолда сўради: – Зебихонга чинакам дўстмисиз? Йўқ, айланай! Худойимни ўртага қўйиб айтинг: астойдил дўстмисиз? – Гумонингиз ҳам борми? Жонимни беришгача борман! – Бўлмаса, менинг гапимга кириб, Зебихоннинг қулоғига секингина шипшитиб қўйсангиз: ҳар кун – ёлғондан бўлса ҳам – бир соат, ярим соат ўзидан кетиб турса… Умринисабиби бирданига овозини пасайтирди: – Биласизми, айланай, бу куёв шундай нарсаки, ҳар қандай хотин ўзи хоҳлаб бориб бўйнига осилмаса… ўзича ҳеч нарса қилолмайди! Ўзи ҳам қариб дармони кетиб қолган… Нимага ҳадеб уйлана берар экан, ҳайронман. – Пул қутуртиради! – деди Энахон. – Рост айтасиз, айланай, давлат қутуртиради! Умринисабиби яна овозини пичирлаш даражасига туширди: – Биласизми, айланай, оқпошшо етти қирон билан уришаётган эмиш… Ҳамма фуқароси қирилиб тамом бўлипти… Юртида одам қолмапти. Бугун эмас, эртага мингбошиларнинг ҳаммасини урушга олиб кетаримиш… – Оғзингизга ёғ, холажон! – Рост гап бу… Ҳакимжон айтипти… Мингбошининг мирзаси эмасми? Тил билади у… газит ўқийди… – Сизга ким айтди? – Бир жойдан эшитиб келдим. Ҳакимжон бориб юрадиган жойдан. Сиз, айланай, Зебинисага сал учини чиқариб қўйсангиз бўлди. У ёғини ўзи эплайди… эслик қиз… Мингбоши урушга кетдими, ҳамма қутулади унинг дастидан. Ёвлашган қирон жуда каттаймиш… Индамасдан келиб ўлдирадиган ўқи боримиш… Осмондан қанот тақиб келиб уришаримиш… Мингбошингиз ўқ тегмасдан туриб йиқиладиган одам… «Урушга борасан», дедими, тамом… юраги ёрилиб ўлади! – Илоҳим, айтганингиз келсин! – деди Энахон. Шу пайтда Холматнинг «эна!» деб чақирган овози эшитилди. Иккала ҳамдард ўринларидан туриб ичкарига томон юрдилар. Шундай қилиб, ўша кечадан бошлаб Зебининг тутқалоғи ҳар кун – намозшом пайтида мунтазам тутадиган бўлди. Кеча ва кундуз — 10-боб Мингбоши ишнинг бу равишга киришини ҳеч бир кутмаган эди. Бошқа ҳамма кишилардай у ҳам Зебининг тутқалоқларини «қизнинг нози» деб билар ва тезда ўтиб кетишига ишонарди. Шу учун кундузларини жуда бесаранжомлик билан ўтказиб, кеч кирганда энтика-энтика ичкаридан севинчлик хабар кутарди. Беш кунгача ҳар оқшом бир хилда совуқ хабар чиқиб турди: «келинчакнинг тутқалоғи тутиб қолди…» Бу беш кун ичида мингбоши, ўз иқрорича, беш йиллик заҳмат тортган эди… Маҳкама ишларини Ҳакимжонга ташлаб қўйди, зотан, тўйга икки кун қолганда ёнидаги муҳр ҳам Ҳакимжон киссасига тушганди. Мирёқуб, бир жойда бир нафас ўтиролмайдиган нарса, олти-етти кундан бери мингбошининг ёнидан жилмайди. Жаҳли чиқиб тўнини тескари киймоқчи бўлган мингбошини гап билан совутади ва йўлга солади. – Ўзингиз айтасизки, – деди Мирёқуб, – сизга «гаҳ» деганда қўлга қўнадиган тайёргина қуш бўлса… Мунақа қўлга қўнмайдиган ёввойи қушларни овлашга ҳунарингиз йўқ экан. Шундай бўлгандан кейин тишни тишга қўйиб чидаш керак, хўжайин! – Чидаб-чидаб шу ерга келдим. – Оббо-о! Уч кун ўтмай туриб-а?! Шунча бардошсизликми? Ёввойи қушни аста-секин алдаб-алдаб ўргатадилар. Қўрқитсангиз, «пирр!» эта учиб кетади. – Учиб кета қолсин! Шу топда «бор, кет!» дегим бор. – Эсингиз жойидами, хўжайин? Менга қаранг… бу нима гап? «Кет» десангиз, жон дейди. Шамолдай учади. Унга сизнинг «кет!» деганингиз ёввойи қушга қафас даричасини очгандай гап. Ким армонда қолади? Уми? Мингбоши ўйлаб қолди. Сўнгра ювошланиб деди: – Рост айтасан. Қариганда эснинг ҳам мазаси кетганга ўхшайди… Мирёқуб билан Хадичахон шу беш кун орасида бир-бирларидан қочмайдиган даражага келдилар. Хадичахон уни кунда уч марта чақирса, бу уни беш марта чақирарди. Пичир-пичир гап, пичир-пичир гап… маслаҳат! Тутқалоқ беш кун батартиб давом этганидан кейин, Мирёқуб мингбошининг жуда ёмон безовта бўла бошлаганини пайқади. Ўзининг икки ғилдиракли сариқ файтўнини олдирди. – Қани, юринг, хўжайин! – деди. Мингбошининг эътирози ва баҳоналарига қарамасдан, етаклаб олиб бориб файтўнга ўтқизди ва, орқаларида яроғли от қоровул, эрталаб йўлга тушдилар. Шаҳарда мингбошини энг яхши ва обод самоварга туширди. – Боплаб нонушта қилинг, хўжайин, чой ичинг. Томоша қилиб туринг. Мен тезда келаман! – деди. Яна файтўнга ўтириб кетди. Мингбоши қаймоқлар ва ширмон нонлар билан нонушта қиларкан, шаҳарга нима учун келганини билолмасдан боши айланарди. Ўйлади, ўйлади, охирда «Бир қалтис иш чиқиб қоганга ўхшайди. Бўлмаса, бунча шошилиш келмас эдик. Бу Мирёқуб бир ишни ўйламасдан қилмайди» деган қарорга келди. Сўнгра яна ўйлашда давом этди. «Шу қиронларнинг бир-бири билан урушгани ёмон бўлди… «Кўп одам қирилди» дейди нойиб тўра. Менинг мирзам Соколов ҳам дараксиз кетди. Уч ойдан бери дараги йўқ. Юрт ҳам самовардай ичидангина аста-аста қайнаб ётибди. Бир тошади бу! Ёмон тошади лекин. Одамларнинг юзига қарасам, ўрис-мусулмон ҳаммасининг кўзи бежо… «ютаман!» дейди. Қимматчилик борган сари авж оляпти. Шундай оқпошшонинг хазинаси қоқланиб қолдимикин? Оқпошшо менинг гапимга кирса, юрт берса берардики, тезроқ яраш қилиб одамларни тинчитарди. Аллақайлардаги юртларни деб ўз бошини қазога тутадими киши…» Бу ўйлар мингбошининг миясига биринчи марта келаётган ўйлар эди. У бунақа нарсаларни ўйлаб ўрганган одам эмас. Фақат юрт орасида ҳар хил гаплар юради. «Ҳамма амалдорларни, шу қаторда мингбошиларни ҳам урушга жўнатармиш» дейдилар. «Ҳамма юртни поездга солиб Гирмонга қарши ҳайдармиш» деган гаплар эшитилади. Бу гаплар мингбошига таъсирсиз қолмайди. Мингбоши ҳам «замона охир» бўлишига ишонади эмасми? «Замона, чинакам охирга етган бўлса керак» деб ўйлайди; «йўл очиқ бўлса, ҳажга кетардим» деб қўяди. Яна орқасидан «йўл очиқ вақтида қайда эдим? Тавфиқни ҳам жуда кечикиб бераётир худованди карим…» дейди ўз-ўзига. Ўйланиб ўтириб устунга суянганича ухлаб қолди. Кўзини очган вақтида, Мирёқуб тепасига келиб, «қани, юринг, хўжайин!» деб турарди. Бу сафар Мирёқубнинг ўз файтўни эмас, киракаш извош билан янги шаҳар қисмида – бир қаватли эскироқ бинонинг шийпонли зинаси олдида тўхтадилар. Мингбоши хурсанд бўлиб кулди, бу жой унга таниш эди. – Қани, юринг, хўжайин! – Қишлоқда айтсанг бўлмасмиди? Худди зинасининг тагига олиб келгунча ҳеч нарса демайсан. – Мен сизни ёмон йўлга бошлайманми, хўжайин? – деди Мирёқуб ва кулди. Мингбоши ҳам маълум кулиши билан кулиб, эски гапини такрор қилди: – Оббо, бетавфиқ-э! Шаҳарнинг бузуқлик ила ном чиқарган машҳур номерларидан бири эди. Бу номерга келадиган кишилар фақат айш-у ишрат учунгина тўхталардилар. Шу учун у бир хонали айрим уйлардан иборат бўлиб, ярим қоронғи уйчаларда бир карт, икки-уч эски курси, бир овқат столи ва бир жавончадан бошқа ҳеч нарса бўлмасди. Одамнинг ҳайвонлик ҳирслари авж олган вақтда ҳар нарсадан гўзал кўринадиган бу хоналарга у ҳирслардан озода бўлиб кирган одамни дафъатан белгисиз бир қўрқув ҳисси босарди. У хил ҳирслардан озод бўлиш билан кўпда мақтанолмайдиган бизнинг мингбошидай одам ҳам бурун бир неча марта келган вақтида, кутилган хотинлар киргунча дераза олдига бориб ифлос ва қуруқ саҳннинг хунук манзарасига тикилар ва шу ердан тезроқ чиқиб кетгиси келарди. Бу дафъа мингбоши хона ичига кирганидан кейин ўз кўзларига ишонолмади. Хоналар яхшилаб тозаланган, деволларга ҳар хил гулларнинг ва яланғоч хотинларнинг суратлари осилган, деволда ликкагини ўйнатиб катта бир соат чиқилламоқда, кундуз бўлишига қарамасдан хулё рангли қалпоқ остида ёруғ фонарлар ёниб туради. Қаторасига икки хона, икковини бир-бирига улайдиган эшиклар катта очиқ… Биринчи уй иккинчидан кенгроқ, унда катта бир стол, оппоқ дастурхон ёпилган, усти тўла ҳар хил овқат, ширинлик ва ичкиликлар… Овқатлар ўртасида ясама гуллар… Ерда чиройлик бир гилам. Курсилар – янги ва тоза. Бир чекада ойнали, каттакон кийим жавони, унинг кетида оппоқ чойшабли ва қўш парқув болишли карт… Карт олдида – ерда пояндоз гиламча. Нариги уйда оппоқ чойшабли битта карт, қўш парқув болиш, битта жавонча – бошқа нарса йўқ. Фақат, бунда ҳам карт олдида пояндоз гиламча… Ҳар уйнинг фонари бошқа ранг берса ҳам, ранглар ҳаммаси одамнинг ҳирсини қитиқлайдиган аллақандай сирли ва ғалати… Деволдаги яланғоч хотиннинг оппоқ ва текис танлари тепчиниб тургандай, худди жони бордай жозиб… Кулимсираган кўзлари, юқорига томон бир оз керила тушган қилдай ингичка қошлари… ҳавас ва ўйнашнинг чопарлари! Кўкраклари олмадай кичкина ва таранг… Мингбоши кирган ҳамон хурсандлигини очиқ билдириб кулди ва Мирёқубнинг елкасига қоқиб туриб деди: – Ўлма, бетавфиқ! Боплабсан! – Камарни ечинг, хўжайин, – деди Мирёқуб, – иккала уй сизники. Ҳеч нарсани ўйламанг. Енг, ичинг, кайф қилинг. Сассиқ сўфининг нозли қизи ахир бир кун шайтонлашлардан чарчайди. Қачон бўлса ҳам у сизники! Уни ўйламанг сира, ундан қолишмайдиганлар бор бу ерда. Шу ерда мингбоши, шодлигидан бўлсамикин, очилмоқчи ва кўнглидаги бир сирни Мирёқубга очмоқчи бўлди: – Биласанми, Мирёқуб? Мен у қизга қиз деб, хотин деб талабгор бўлсам экан… Мирёқуб кўзларини кенг очди ва мингбошининг ёнига келиб ўтирди. – Нима дейсиз, хўжайин? Нима, нима? «Эски оғиздан янги сўз?» – Ўзим ҳам ҳайронман. Ашулласини эшитсам бўлди, дейман ўз кўнглимда. Ашулласига, овозига ишқим бор, унақа итлик йўқ… – Оббо! Итлик йўқ! Сизда-я? Э тўвба… – Нон урсин агар… Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди: – Бўпти бўлмаса! – деди у.– Итликни шу ерда қолдириб, унинг ёнига одам бўлиб қайтасиз. Унда қиз сизники! Бўлди, хўжайин! Мана бу ер ҳар қанча итлик қилсангиз кўтаради… Шу топда ўзининг негадир «одамлаша бошлагани» тўғрисида ўйлаб кетиб Мирёқубнинг сўнг сўзларини эшитмаган бўлса, мингбошини айблаш керак эмас. Бу қабиҳ одам сўнг вақтларда ўзининг ўзи эканига ҳам унча ишониб етолмайди. – Мен бир айланиб келаман, хўжайин. – Қаерга бормоқчисан? – Сўраманг, хўжайин. Сиз айшингизга қаранг. Ҳамма итликни шу ерга кўмиш керак-а! Биласизми? Керак бўлса, ўзингиз биласиз, мана тугма, шуни босилади. У ёқдан одам кирганда, тортинмай буюра беринг, ҳамма нарса бор… Чиқа бошлади. Сўнгра эшик олдидан яна орқасига қайтди. – Хўжайин, – деди унга томон эгилиб. – Ҳаммасига бир стакандан қуйиб берасиз. Ундан кейин биттасини танлаб ёнингизга оласиз. Бошқалари чиқиб кетади… Тартиб шу! – Биттасига кўзим тўймаса-чи? – У ёғини ўзингиз биласиз. Итлик ҳам тоза жойида экан, хўжайин! У ердан чиқиб, Мирёқуб номер эгасининг ўз уйига кирди. Хўжайин ўн битта хотинни унинг олдидан ясов тортдириб тўрт мартадан ўтказди. Қизиқ: Мирёқуб биринчи сафарда уларнинг юзларига қаради. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи сафарда фақат юришларига назар солди. Сўнгра еттинчисини кўрсатиб туриб деди: – Менинг номеримга юбор. Мен келгунча жилмасдан ўтирсин. Бировга кўрсатма! Ҳа! Ванна бор-а? Ваннага туширтир. Қолганлари нариги номерга кириб, бизнинг хўжайинга кўриниб чиқсинлар. Мирёқубнинг ҳалиги икки хонали уйдан бошқа, ўзига хос алоҳида бир хонаси бор эди. Унинг ички зийнати олдида нариги икки хонали уй ип эшолмаса, бунга таажжуб қилиб бўлмайди. Чунки Мирёқуб – Мирёқуб, мингбоши эса – бир Акбарали, холос… Акбарали деган бир одамнинг ёнида ҳукумат муҳридан, зотида паст бир итликдан бошқа нарсаси йўқ. Мирёқубнинг каттакон мияси, ўткир ақли бор! Мингбоши ўйлайдики, Мирёқуб унинг қуйруғи… Мирёқуб ишонадики, мингбоши – туя, бурнига ип ўтказилган, ипнинг учи – сарбонда, яъни туячида, сарбоннинг номини Мирёқуб қўйганлар… Ана, Акбарали деган одам мингбоши бўла туриб арзимас хотинлар орасида итлик ролини ўйнаб ётади. Шу топда юрт куйса иши йўқ, парвойи фалагига! Мирёқуб деган киши – мингбоши ҳам эмас, савдогар ҳам эмас, деҳқон ҳам эмас, шундай бекорчи бир одам – ўн биттанинг энг аълосини танлаб қўйиб, ўзи мингбошиликнинг ишлари, яъни юрт қайғуси билан – пиёда ҳаллослаб! – нойиб тўраникига кетиб боради. Мирёқубга маъқул бўлмаган ўнта хотин кириб мингбошининг теграсини ўрайди… Мингбоши одам шаклидаги ит бўлгани учун бирдан ҳаммасига чанг солади, ҳаммасини бирдан чангаллари орасига олмоқчи бўлади, қутуриб терисига сиғмаган шердай ҳаммасини баравар парчаламоқ истайди… Ниҳоят, мастлик билан ва ҳам – ўтакетган ҳайвонлардагина бўладиган олчоқ, очкўз, мечкай ва ямловчи ҳис билан! – кўзи кўр бўлиб, ҳушёр вақтда қарасанг кўнгил айнайдиган биттасини илинтиради-да, ўзи ифлос, чангалидаги ови ифлос, икки ифлос бир-бирига суйканиб, тагсиз ботқоқ ичига ботиб кетишади! Мастликда хотин танлаб бўладими? Мастнинг кўзига мушук – филь, филь – мушук бўлиб кўринади… Кампирни пари қиз қилиб кўрсатадиган тилсимли ойна ичкиликдан бошқа нарса эмас! Мирёқуб – ит эмас, одам! У ёш бир хотин баззоз дўконидан ўзига тоза кўйлаклик танлагандай қилиб танлади. Еттинчиси чакки эмас… юзининг тозалиги биринчи қарашдаёқ барқ уриб туради. Мирёқубнинг ўша танлаш чоғида электрикни ўчиртириб қўйиши ва намойишни дераза ёнига келтириши ҳикматдан холи эмас. Буни – белида кумуш камари борларгина тушунолмаса мумкин! Номер эгаси Мирёқубни яхши танийди, унинг жуда мушкилписанд гумашта, инжиқ харидор, завқи қайралган шинаванда эканини яхши билади. Шу учун еттинчисининг танланганини кўриб ошнаси Мирёқубнинг елкасига қоқди ва «Ўлма, Мирёқуб! Сарт боласи француз…» деб қўйди. Чунки ўн бир хотин орасида еттинчиси бўлиб қўлга кирган Мария Острова ҳали ёш… Яқиндагина яхши ва нажиб бир оиланинг эрка қизи бўлган… Хўжайиннинг айтишича, бир хиёнат уни бу кўйларга келтирган… Хўжайин ҳам уни кўз қорасидай сақлайди… Мирёқубга кўрсатди, бошқа анча-мунча одамга кўрсатмайди… Хотин ўзи ҳам одам танлайди… Йўқ, одам эмас, пул танлайди! Унга бир ярим минг сўм пул керак, шуни топади, сўнгра йироқ бир мамлакатга кетади. У ерда турмушини бошқа асосларда қуради. Гуноҳларига аччиқ-аччиқ йиғлайди. Ҳозир мўлжалланган сумманинг ярмидан кўпи бор. Уч киши билан «кўришиб» саккиз юз сўм тўплади. Бирор ҳафта-ўн кундан сўнг мўлжалланган сумма қўлга киражак ва ёш хотин янги турмушга қараб йўл солажак! – Ана, ошнанг ваннага кетаётир! – деди хўжайин айвондан ўтаётган ёш хотинни кўрсатиб. – Битта яхши оқсочни тайин қил, ювинтирсин. – Хотиржам бўл, Мирёқуб, унинг ўз хизматчиси бор. – Мен сендан хафаман… – Йўғ-э! – Хафаман… – Рост айтасанми, Мирёқуб? – Рост… – Сабаби? – Ўзинг биласанки, бунақа хотинга пул аямайман. – Биламан. – Билсанг, нега бошқа хотинларга қўшиб кўрсатдинг? Ҳатто уларнинг ўртасига қўйибсан… Хўжайин хохолаб кулди: – Завқингни синамоқчи эдим, жинни! – деди. – Ўзим билардимки, ўшани танлайсан! Мирёқубнинг менлик ҳисси қонган эди. Кулди. – Саккиз юз сўм ишлади дегин? – Саккиз юз сўм! – Сен қанча ишладинг? – Мен бир оз ортиқроқ… Мирёқубнинг миясига бир фикр келган эди. Бир нафас тўхтаб ўйлади ва дарҳол қарорини берди. – Чакки эмас… У бир ярим минг сўм ишлаганда, сен икки мингга еткизмакчисан. Инсоф ҳам керак! – Инсоф кераку-я. Лекин, мунақа фурсатлар кам учрайди. Бизнинг касбимиз – шу, фурсатни қўлдан чиқариш ўз касбига хиёнат қилиш демак… – Мендан қанча оласан? – Сендан юз эллик сўм, холос! – Унга қанчасини берасан? Эллик сўминими? – Йўқ! Унга ўзинг билиб берасан. Мирёқуб ўрнидан турди. Дўстининг елкасига қоқди. – Шайтонсан, дўстим, шайтон! Етти дўзахга кунда бўладигансан!.. – деди ва тез-тез қадам қўйиб кўчага чиқди… Нойиб тўра Мирёқубдан узр сўради. – Мени ҳоким тўра чақираётир. Ҳозир бормасам бўлмайди. Кечроқ уйга келсанг яхши бўларди. – Хўп бўлади. Ортиқча ишим ҳам йўқ. Қоғоз-моғоз бўлса ола кетай деб эдим. Ундан кейин, сизга бир нарса топиб келдим. Ёнидан газетга ўралган бир нарса олди. – Жуда яхши, жуда соз! – деди тўра. – Уйда берарсан. Акбарали қаерда? Мирёқуб ҳалиги нарсани яна қайтиб қўйнига соларкан жавоб қилди: – Шу ерда. – Шаҳарда? – Ҳа, шаҳарда. Телефон жиринглади. Нойиб телефон қулоғини олди: – Мен, менман, Александр Василевич. Ҳозир бораман… ҳозир… Телефон қулоғини яна жойига қўйди. – Шаҳарда дегин? Нима қилиб юрибди? – Гап кўп, тўра. – Яхши, уни ҳам уйда айтиб берарсан. Хайр, ҳозирча. Эшикни очиб саркотибни чақирди: – Игнатюк! Акбаралига тегишли қоғозлар бўлса бериб юбор! Нойиб шошилиб чиқиб файтўнга ўтирди. Мирёқуб қоғозларни олгандан сўнг битта-битта босиб ҳаммомга кетди. Ювиниб, соқол-мўйловларини «фасон» қилиб олдириб, номерга қайтган вақтида, мингбоши ичкари уйда ўзи ёлғиз ухлаб ётарди. Стол усти, ерлар эгаси кўчган уйдан нишон берарди. Уйнинг ҳавоси ҳам бузила тушган… У ердан чиқиб номер хўжайинига учради. – Мингбошига овқат берилдими? – Ҳалигача берилгани йўқ. – Хайр, майли. Ўзи уйғониб сўраса берарсиз. Аммо уйни йиғиштирмасанг бўлмайди. Одам буюр! У ўз хонасининг эшигини секингина очиб кирган вақтида ёш жувон кийимларини ечган, картда ухлаб ётарди. Боши ёстиқдан тушган, сочлари тарқалган… Мирёқуб яна секингина қайтиб чиқиб хўжайининг ёнига кирди. – Бориб уйғот, дўстим. Туриб, ювиниб, кийимларини кийсин. Мен у билан тўппа-тўғри картда учрашмоқчи эмасман… – Сенга нима бўлди, Мирёқуб? – деди хўжайин, кулди. – Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Менинг одатим шу… мен ошначиликни картдан бошламайман… Хўжайин кула-кула чиқди. Хотиннинг безаниши бир соатга яқин чўзилди. Бу орада Мирёқуб бардош қилиб ўтирса ҳам, хўжайин тажангланиб беш-ўн марта бориб келди. Ниҳоят, Мирёқуб ўз хонасининг эшигини иккинчи марта очиб кирди. Ёш жувон ҳарир ва чиройлик кийимлари билан ювиниб-тараниб уйнинг ўртасида турарди. Электрикнинг билинар-билинмас қалтировчи ўткир ёруғида унинг оқ юзлари, айниқса, порлоқ кўринарди. Мирёқуб кирган ҳамон салом қилди ва худди эски бир ошнаси билан кўришаётгандай кулиб туриб кўришди. Хотиннинг қўл беришида шу хил хотинларда бўладиган бир лоқайдлик бориди. Совуқ қўл совуқлик билан узалади: «Ҳа, эски танимнинг янги харидори» дегандай… Мирёқубнинг одатда ҳамма қўлни маҳкам сиқиб кўришадиган қўллари бу кичкинагина, оппоқ ва юмшоқ қўлларни ҳам куч борича сиқдилар. Фақат, бу қисишлар ҳам оловсиз ва ҳароратсиз эдилар: «Ҳа, чуқур чўнтагимнинг очкўз меҳмони!» дегандай… Бутун бу кўришувлар, қўл сиқишувлар ва кўз тутувларда, шунингдек, бу кўришувни ўраб турган шароитда маъни деган нарса топилмасди. Бу иккала «савдогар»дан бир маъни излаш, айниқса шу топда, беҳуда уриниш бўлади. Фақат иккаласининг икки жуфт кўзи бундан мустасно… Хотиннинг қовоқларига оғир бир алам ва изтиробнинг кўлагаси тушгани ҳолда, ёшлик ва жувонликнинг кучи билан беришмай, бўш келмай турган ёз осмони каби тиниқ ва тоза мовий кўзларида кучли бир савол аломати бориди: «бошқаларга ўхшамаган харидор, кимсан ва нима қилмоқчисан?» дегандай… Мирёқубнинг ҳар қандай хотинни лоқайдлик ҳолатидан чиқара оладиган қоп-қора ва думалоқ кўзларига эса бир андиша ва ўйланиш ҳоким эди: «тили кўнглидан жудо бўлган махлуқ, нега сен бу ердасан?» дегандай… Мирёқуб фонарни ўчириб унинг қаршисига келганда ва иккаласи бир-бирига ҳавонинг табиий ёруғида индамасдангина бир-икки минут тикилишганда, иккала томон ҳам бир-бирининг кўзида ҳалиги маънини равшан кўрди ва ўқиди. Мирёқуб ҳали боя номер эгасининг уйида берган қарорини қувватлаш учун хотиннинг мовий кўзларидан қувватли далиллар топган эди. Хотин эса ҳозирга қадар қилган ишлари ва муомалалари билан ўзга «харидорлар»га кўп-да ўхшамаган бу Осиё одамининг, ўз ақидасича, айёр кўзларида оддий «харидорлик» доирасидан четгароқ чиқадиган аломатларни мушоҳада этарди: «Бу одам ҳам, – деб ўйлади хотин, – бошқалар каби чўнтагининг кучи билан мени олаётир… Бу ҳам бошқалар каби ёш гулбундан бир гулни сотиб олиб, дарҳол узажак, узган ҳамон яна ўша гулбуннинг оёқлари остига – чанг ва тупроққа! – ташлаяжак, сўнгра совуқ қўлини узатиб лоқайд хайрлашажак, балки хайрлашиб ҳам ўтирмасдан, бурилиб кетажак. Бир умр учрашмаслик учун кетажак!.. Чунончи… Лодзили вояжор каби…» Шундан сўнг, бир онда ўтган ҳафтадаги учрашувни кўз олдидан кечириб олди. Шу номернинг шу хўжайини кечаси соат иккиларда бунинг эшигини чертиб очтирди. Бу ечиниб ётган эди. «Туринг, Мария Степановна, – деди, – учинчи номерга киринг. Тез! Айтган суммангизни тез тўлатадиган бир олижаноб киши бор. Сизни кутиб ётибди!» «Хўп, ҳозир кийиниб-тараниб бораман». «Йўқ, – деди хўжайин, – йўқ! Айвонда ҳеч ким йўқ. Чойшабни ёпиниб ўта беринг. Кийимсиз ҳам гўзалсиз!» Кулди ва ҳайрон бўлиб турган хотиннинг елкасига картдаги чойшабни ташлади-да, қучоқлаб айвонга олиб чиқди. Янги «касб»нинг мунақа дағал талабларига ўрганмаган ёш жувон ўшанда бутун танининг дир-дир қалтираб борганини сезди. Унинг ёш ва тароватли танидан, ҳали софлигини сақлаган, ейилмаган руҳидан норозилик фарёдлари юксаларди. «Ушидингизми?» – деди хўжайин маҳкамроқ қучоқлаб! «Йўқ, – деди ёш жувон лаблари титраган ҳолда. – Кўнглим айнийди! Бу қадар олчоқлик!..» Хўжайин дарров тўхтади, айвон устунидаги хира чироқнинг шуъласида ёш жувоннинг кўзига тикилди. «Олчоқлик? – деб такрор қилди хўжайин. – Меҳнатсиз, осон пул топмоқчи бўлганлар менлик ҳисларини ўз оёқлари билан тепкилашга мажбурлар… Дунёнинг устуни – пул, пул топиш – қийин! Осон пул топиш олчоқлик бўлса, мардикорлик қилишга нафсингиз кўнадими? Ана, кўчада Турсунбой деган сарт қоровул бор, ҳали ҳам кўча супуриб юради. Олти сўм ойлик олади… Ўшанинг ишини қилишга ўзингизни кўндира оласизми? Хурсанд! Вақти чоғ! Қачон кўрсангиз ашулла айтади. Менинг оқсоч хотинларим билан ўйнашади. Топганини ўшаларга сарф қилади. Ўзи доим оч…» Ёш жувон бошини қуйи эгиб, юзини чапга бурган ва борган сари қалтираши кучайган лабларини ўткир ва оппоқ тишлари ўртасида қисарди… «Беҳуда гапларни ташланг! Ярим соатдан сўнг қўлингизда банкнинг кўп суммали чеки бўлади. Ўшани сўриб-сўриб ўпингиз (орқа томонини ўпинг, йўқса, номери ўчиб кетмоғи мумкин)! Она – боласини, ошиқ – маъшуқини, булбул – гулни, бадавий – тевасини, сарлашкар – қиличини ўпгандай ўпингиз! Негаким, ҳамма гап – ўша чекда, чек – банкда, банка – пулнинг маркази, пул, агар ҳақиқатга тобингиз бўлса – «оллоҳ! Қозий алҳожат!..» Эшикни очиб, бу ёш хотинни – ҳатто бир даража қўполлик билан! – учинчи номерга киритиб юбориб, хўжайин эшикни астагина ёпди-да, «шунақа хотинларни қашқарлик мардикорлар билан бирга ғўза чопиғига юборсанг, айни саратон иссиғида!» деб ғудуранди… Бу хотин шу топда фақат бир нарсага муҳтож эди – исиниш! Ёзнинг дим ва илиқ кечасида пайдо бўлган бу ғайритабиий титрамани тўхтатиш! Бу – бир. Иккинчидан, – уҳдага тушган «вазифани» наридан бери бажариш… Бу ерда «вазифа»нинг гўзаллиги, мулойимлиги ва ёқимлилигини суриштириб турадиларми? Бу ернинг қонуни қаттиқ, унга эътироз қиладиган, гап қайтарадиган кишиларни у ўз доирасига олмайди. «Кирдингми, бўюнсун!» дейди ва ўзича у ҳам – ҳақли! Кўнгилни ғаш босадиган кичкина ва яланғоч хонанинг фонари ўчирилган, ҳеч нарса кўринмайди. «Қандай яхши! Кечанинг битта фазилати, қоронғиликнинг бир яхшилиги – шу!» Айвондаги хира фонардан бир сиқимгина хира шуъла тушиб, эски ва бўёғи ўчган картни, карт ёнидаги курсини, курси устидаги босма айилли шимни, курси оёғидаги бир жуфт ранги белгисиз ярим ботинкани зўрға-зўрға ёритарди. Эшик очилиши билан картда яланғоч ётган эркак бошини кўтарди, бир қимирлади: ёнидан жой бўшатган бўлса керак… Ёш хотин картни кўрган ҳамон ҳеч ўйлаб турмасдан чойшабни ерга ирғитиб ёт эркакнинг бегона қўйнига кирди. – Бунча совуқсиз! – деди эркак хирқироқ овоз билан. – Худди муз! Хотин индамади. У ҳали ҳам лабларини тишларди… Тонг отиб, уй ичи ёришганда, хотин ўрнидан турди ва дарров чойшабни ёпиниб орқасига қайрилди-да, усти очилиб ётган эркакка кўз ташлади: тарвуз сингари юм-юмалоқ, семиз қорни солиниб тушган, икки бети сергўшт-бўртма, кичкина ва маъносиз кўзларга эга бир махлуқ! Пишиллаб нафас олади, хуррак тортиб ухлайди! Ана, у ҳам уйғонди, жойидан турмасдан бошини бир оз кўтарди. Кулди. Бунча хунук кулади! Иккита тилла тиши ўчаётган чўққа ўхшайди. Жуда сийрак бўлган сочлари чала ўрилган экинзор каби… «Нечик мен бутун бир кечани шу билан ўтказа олдим?..» дейди хотин ўз-ўзига, яна лабларини тишлайди. – Берироқ кел-чи! – деди эркак. Хотин қон чиқар даражада шиддат билан лабларини тишлагани ҳолда, ўйлаб ўтирмасдан, қўмондага итоат қилган солдатдай картга яқин борди. – Эгил бир оз! Хотин эгилди. – Чакки эмас! – деди эркак, хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра қўли билан дераза токчасига ишорат қилиб: – Ана чек! – деди. Яна бошини ёстиққа қўйди. Хотин тезгина чекни олиб, хайрлашмасданоқ уйдан чиқди. Ўз уйига келганидан сўнг дарҳол ойнага қаради, ўз афтидан қўрқиб кетдими, билмадим – ўзини картга ташлаб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлашга тушди… Уч юз сўмлик чек қўлидан тушиб аллақайларда тўнтарилиб ётарди… Шу учун Мирёқубга бошқа «харидорлар» каби қараёлмаслигини бу ёш хотин ўзи ҳам билди. «Бу, ҳеч бўлмаса, олган молини қадрлай оладиган савдогар муомиласини қилди-ку, – деб ўйлади у. – Хотин кишига нозик тарбияли бир француз каби яқинлаша билди-ку! Кошки ҳамма харидор шундай бўлса!» Бу хотин ўзича ҳақли, албатта. Қулларини урмасдан, яхши гапириб ишлатадиган, урганлар кунда ўн беш соат ишлатса, яхши гапириб кунда йигирма соат ишлатадиган хўжалар ҳам бўлади-ку… – Ўтир! – деди Мирёқуб сенсираб. Фонарни яна ёқди. Столнинг паст томонига ўзи ўтириб, тўри томонидан унга жой кўрсатди. Ўтирдилар. Хотин ўз «вазифа»сини яхши билганлигидан шу топда гап эмас, «иш» кутарди ва бу таҳқирланишнинг сабабини англаёлмасди… «Ҳар қандай оригинал тип бўлса ҳам, мақсади белгили. Бу жойда ўзга мақсад бўлиши мумкин эмас!» деб ўйларди у. Мирёқуб бўлса нима дейишга ҳайрон бўлиб боши қотиб ўтирарди. Бу одам халқ орасида закунчи ҳисоблангани билан рус тилини мақсад англатарлик билмайди. Қаршисида – Осиё билан яқинда танишган бир нозик рус хотин, Осиё билан яхши танишганда ҳам сарт тилини ўрганишга таназзул қиладими? Зоҳирда бу нарсага далолат қиладиган ҳеч бир асар йўқ! «Бу хотин мен билан французча гаплашса гаплашадики, сартча бир сўз ҳам билмайди» деди ўз-ўзига Мирёқуб… Ҳолбуки, айтадиган анча сўзлар, сўрайдиган анча гаплари бор. Бу хотинга бошқа шу хил хотинларга қараган сингари қараёлмаслигига унинг ўзи ҳам энди ишониб қолган. Бошида бошқача планлар айланади… Ниҳоят, ширин майдан бир қадаҳчага тўлдириб унинг олдига қўйди. Ўзига ярим қадаҳ ароқ қуйди. – Ич! – деди Мирёқуб яна сенсирашида давом этиб. Биринчи марта сенсираганида негадир қунт қилмаган хотин бу сафар ҳайрат аралаш ранжиб қўйди. «Бу осиёли ҳам «сен» билан бошлади», деди ўз-ўзига. Чўқиштириб ичдилар. Мирёқуб энди бир иш қилиб мақсадини англатишга бел боғлади. Русчага сира ўхшамаган бир тил билан, кўпроқ қўлларига ва юз-кўзларига зўр бериб, мақсадини англатишга киришди. Хотин қотиб-қотиб кулар, юзлари чўғдай ёниб қизарар, Мирёқубнинг қистови билан ширин майдан бир оз-бир оз ҳўплаб қўйиб, сўз тингларди. Сўзлар бошда Мирёқубнинг ғалати саволларидан иборат бўлди: – Қачон жўнайсан? – деди у. Бу биринчи айтилган сўз эди. Хотин англамади. Бошини чайқади. Сўнгра Мирёқуб қўл ишоратлари билан бирга ҳалиги сўзни яна такрор қилди. – Қай ерга? – деди хотин. – Мен билмайман. Ўзинг биласан. Бу нарса хотинни бутунлай гангиратиб қўйди. «Нима демоқчи бу севимли азиат?» Мирёқуб мақсадини англатолмасдан саволни бошқача қилиб берди: – Бир ярим мингга етдими? Yo ҳали ҳам саккиз юзми? Хотин тушунди, у шошиб қолди. «Нималар дейди бу ғалати азиат? Менга бир ярим минг сўм пул кераклигини, ҳозир фақат саккиз юз сўм йиғилганини қайдан билади? Муаммо, муаммо!..» Бора-бора керакли сўзлар осонроқ топиладиган, бошқачароқ сўзлар билан айтилган мавҳумлар ҳам икки томонга англашиладиган, қўл ва юз-кўз ҳаракатлари кўзга таниш кўринадиган бўлиб қолди. Хотиннинг ёқимли, жаранглаб чиқадиган қувноқ овози Мирёқубнинг танларига игна ботгандай ботар, лекин ниҳоят даражада кайфини келтирарди. Мирёқуб номер хўжайинининг уйида берган қарорини мустаҳкамлади, яъни бу жувонни ўзи билан бирга бир-икки ой ўйнатиб келиш учун Қримга олиб кетадиган бўлди. Қримдан сўнг қўлига икки минг сўм пул беради ва мумкин бўлса, Петроградгача олиб бориб қўяди. Ундан нари бу хотин ҳалиги пулнинг кучи билан Германияга (душман мамлакатига!) қочади ва унда бадавлат акасига қовушади. Бу сирларни у Мирёқубга «кўнглининг яқинлигидан» айтди ва «сирларнинг очилиши унинг ҳалокатига сабаб бўлишини» ҳам қайд қилиб ўтди. Мирёқуб дераза токчасидан эски бир кулги журнални олиб, ундан туя суратини топди ва «Туя кўрдингми? Йўқ!» деган чучмал мақолни англатмоқчи бўлди, шекилли: – Кўрдингми? Йўқ! – деди хотинга. Бу сўз русча «Видел? Нет!» шаклида чиққанлигидан хотин: – Кўрганман (видела)! – деб жавоб берди. Хотин унинг жон куйдириб гапирган гапини англамаган эди, Мирёқуб қизиди, бармоғи билан туя суратини бир неча марта туртиб, яна ўша саволни такрорлади. Хотин бу дафъа: – Ҳа, ҳа, кўриб турибман (вижу), кўриб турибман! – деб жавоб берди. Мирёқуб тажанг бўлиб ўрнидан турди, тезгина хотиннинг ёнига ўтиб, туя суратини яна қаттиқроқ туртиб кўрсатди, бармоғини оғзига қўйди, бироз шу кўйича жим қолгач, яна ўша саволни такрорлади. Хотин Мирёқубнинг шу қадар зўр беришлари ила мақолнинг мазмунини англаёлмаса-да, унинг нима демоқчи бўлганини англаган эди: «Айёр, лекин, бу азиат! – деб ўйлади у. – Демак, сирни ҳеч кимга айтмайди. Туя каби доим жим қолади». Шу учун ўтирган жойида бошини кўтариб Мирёқубга қаради, кўзлари ўйнаган ва мулойим кулган ҳолда: – Тушундим, тушундим. Раҳмат сизга! – деди. Шу билан Мирёқуб ҳам тинчланиб яна ўз жойига ўтирди. Бу хотин ўзи ёш бўлса ҳам, эси жойида эди. Кўп эркакларнинг ширин тиллари… биринчи ётоққача калдираганини, ётоқдан турар-турмас юзлари буришиб, ҳалиги тилнинг аксига айлана бошлашини яхши биларди. Гимназиянинг сўнг синфини битиролмай қолган бу қиз гимназияда француз тилини тузук-қуруқ ўрганиб, ҳандасани дурустгина ўзлаштириб чиқмаган бўлса-да, ишқ романларини кўп ўқиган эди. Арсибашевнинг тарақлаган даврларида ўртоқлари билан бирга бутун кеча ухламай, ўша «севимли» ёзувчини ўқир ва кечалари пойтахтнинг кенг паркларида ҳар бир учраган эркакни бир «ошиқ» хаёл қилиб, ҳар бир она сути оғзидан кетмаган тентак гимназистни бир «озитқи» деб биларди… «Бу яна-тағин, ёввойи бир азиат… Бунинг гапи, ваъдаси борми? Эртага унутади! Эртагаёқ ўзининг қирқта (!) хотиндан иборат ичкарисига (ўзича айтсак «гаремига») киради-кетади! Топиб бўладими уни – номи йўқ ва номери йўқ, бир-бирига ўхшаган иланг-пиланг кўчаларда?» деб ўйларди хотин. Бир оздан сўнг бу фикрга ўзи қарши бўларди: «Бунинг мақсади карт бўлса, ана – карт, мен – амрига ҳозир, нима учун сўз қилади-ю, «иш» қилмайди? Йўқ, бу бошқа эркакларга ўхшамайди!» Шундай бўлса ҳам, қўлда бир дастак бўлиши керак. Хотин ўйлади ва деди: – Сизнинг бу яхши гапларингиз мени қондирди. Фақат бу гапларнинг эртага эрта биланоқ кул бўлиб учмаслиги учун бирорта дастак борми? – Дастакми? Билмадим… Сиз кўрсатинг, мен ё «хўп», ё «йўқ» дейман? – Гапларингиз рост бўлса, мени ишонтиргунча… менга тегмайсиз! – Бошқаларнинг ҳам тегмаслиги шарти билан! Хотин «Минг бир кеча»даги золим ҳукмдорларга ўхшаган бу «мутаассиб мусулмон»нинг шу қўйган шартидан шу топда жуда рози эди. Фақат, бу жойда, бу бинода у шартни бажариш мумкин эмас. Шу учун у эртаси куни – Мирёқуб ҳисобига – шаҳарнинг энг аъло номерига кўчадиган бўлди. Мирёқуб қаттиқ ваъда олди, ўзи ҳам қаттиқ ваъда берди. Бир ҳафтага қолмай жўнаб кетишга жазм қилдилар. Кеч кирган эди. Кўча фонарлари ёқила бошлаган, уйларига қайтаётган извошчилар чарчаган отларини эринибгина қамчилардилар, отлар ҳам қуруқ аравани шошмасдан аста-секин ғилдиратардилар… Мирёқуб битта-битта қадам босиб нойиб тўранинг уйига томон юрди. Унинг миясида аллақандай бесаранжом фикрлар айланарди. – «Мирёқуб бурунги Мирёқуб эмас, нега бу қадар секин юради? Унинг шу чоққача санаб қадам босганини кўрган одам борми дунёда? Нима бўлди унга? Ўзи ҳам ҳайрон! Акбарали мингбошида бўлган итлик бунда йўқмиди? Бу қутурмаганми? Бу сувдан ҳам мулойим, сутдан ҳам оқ, чумолидан ҳам беозор, мусичадан ҳам сўфими?» – «Йўқ! Бу ҳам Акбаралига ўхшаган мингларча итларнинг бири. Фақат, бу билан Акбарали мингбоши ўртасидаги фарқ шуки, бу ўзини ундан юқори олади. Шу юқорилик ҳисси, шу ғурур унинг ўзидан итликни тўсиб туради, ўзига кўрсатмайди, унинг ўзини алдайди…» – «Йўқ! Бу билан Акбарали ўртасида тоғ қадар фарқ бор! Ана, Петрограддан келган мовий кўзли дилбар бунга гувоҳ! Мирёқуб Акбаралига қараганда фаришта! Буни Петроград гўзали ҳам тили билан тасдиқ қилади. Мирёқубда итлик йўқ!.. Бўлса ҳам, шу топда ҳеч нарса қолмади… Ҳаммасини ана у мовий кўзли гўзалнинг билинмас кучи юлиб ташлади, таг-томири билан юлиб ташлади!..» – «Юлиб ташладими? Таг-томири билан юла олдими? Йўқ! Бекор гап! Неча йиллардан бери илдиз ёйган, шох тарқатган, қулочлаб ўсган нарсани бир қарашда юладиган куч йўқ ва топилмайди! Унинг илдизлари Мирёқубнинг баданида ҳали жуда кучли! Ана ўша куч эмасмики, уни кетаётган йўлида бирданига тўхтатди. Тўхтаган жойида бир уйнинг зинасига ўтиришга мажбур қилди. «Итлик» бош кўтариб келарди…» – «Нима беҳудагарчилик бу? Машҳур бир нўмерда маълум «касб» билан шуғулланадиган бир хотинга йўлиқди. Ори рост: бу ўша жойдаги ўзи сингари хотинларга ўхшамасди. Бошқача кўринарди. Ёш, тароватли ва тоза эди. Нима бўпти? Ҳар қанча танноз бўлса ҳам – яна ўша жойнинг ўшанақа хотини. Мунинг уйига нега кирди? Нега киргани маълум. Бу келганда ечинган кўйи мунинг картида ётиши – нега кирганини кўрсатиб туради. Очиқ кўз билан ўйлаганда мунга нима қилиш керак? Белгили: бориб эшикни очиб кириб, фонарни ўчириб, индамасдан картга тортиш… У ўзи ҳам эрта биландан бери шуни кутиб ўтирмайдими? Шу учун ювиниб-таранмадими? У – Лайли, бу Мажнунмидики, «оҳ, оҳ» деб тоғ-тошларда, ваҳший ҳайвонлар билан улфат бўлиб юра берса? Тоғ-тош қани? Бу – шаҳар… Маданийлашган, «европалашган» шаҳар. Ҳар бурчакдан ҳар минутда бир танноз бурилади ва сузгун кўзлари билан егундай бўлиб одамга қарайди! Шу замонда Мажнун бўламан деганларни ўлганларидан кейин туғ кўтариб мозор қилмайдилар, «жинни эди, ўлиб қолибди», дейдилар ва бир кулиб қўйиб, ўтаверадилар, ўлиги ҳам кўчаларда қолиб кетади. Ўлигини итлар еса, эгаси хурсанд бўлади. Бекор чириб, сасиб ётгандан кўра…» Итликнинг шу хилда осий ўйлари билан Мирёқуб қандай қилиб ўрнидан турганини ва номер зинасидан шошилиб юқорига чиқаётганини ўзи ҳам билмай қолди. Юзлари, кўзлари куларди ва бу кулиш қондирилмаган нафснинг бирданига хуруж қиладиган шўхликларидан ўзга эмасди. Ўз хонасига яқин етгач, деразадан юпқа тўр парда орқали айвонга тушиб турган мулойим шуълани кўрганидан кейин, негадир, юраги ўйнаб, қадам босишини бирданига сусайтирди. Итлик фикрлари яна орқага тисарила бошлаган каби бўлди. Эшик олдига етгач, қабзага қўл узатолмасдан тўхталди… Ичкаридан ёш хотиннинг ширали бир овоз билан оҳистагина айтаётган ашулласи эшитиларди. Бу хотиннинг гапирганида жаранглаб чиқадиган ширин овози энди, ашулла айтаркан, чолғу торидай дарров кўнгилга таъсир қилди! – «Бу қандай овоз? «Итлик» асари борми шу овозда? Шу овоз билан каравотга чақириб бўладими? Ўхшамайди-ку сира! Йўқ! Бояги бир туш эди… бир босирқаш келиб кечди… У оғир босирқашдан уйғонмоқ учун шу қушчанинг сайрашига эҳтиёж бор экан! Ана, сайраётир! Ўзи билган, ўзи таниган, ўзига ёққан овози! Ўзига ёққани учун ваъда бериб, ваъда олган!.. – «Ҳай, кет! Кет, малъун шайтон! Мен Акбарали эмасман! Менинг кумуш камарим, подшоҳлик муҳрим йўқ! Мен – Мирёқубман, Мирёқуб!..» – «Ҳай, Мирёқуб! Писмиқ Мирёқуб! Айёр Мирёқуб! Тулки Мирёқуб! Шайтон Мирёқуб! Нафсининг бандаси, бузуқ, шарманда Мирёқуб! Умрингда бир марта салгина, пичагина, қиттайгина итликни ташлаш, одам бўлиш фурсати топилибди-ю, шунда ҳам мағрур бўйнингни жиндаккина эггинг келмайдими? Шунда ҳам-а! Сен ит бўлсанг, шошма, итлик қилишга ҳали улгурасан! Итлик топиладиган нарса. Пул бўлса – бўлди! Пул ҳар қайда ҳар қанча ҳар қандай итликни амрингга омада қилиб бера олади. Пулинг бўлса, бутун умрингни итликларнинг бир-бирига уланиб кетган занжирига айлантириш ҳеч гап эмас!..» – «Еттинчи сеники, ахир! Сеники! Сендан бошқага йўқ энди у мулойим махлуқ! Сеники у хотин! Ҳеч бўлмаса, шу биттани фоҳиша каби тасарруф қилма! Ҳеч бўлмаса, унинг кўнглини ўлдирма! Умидини синдирма! У сенга одам деб қарайди, «харидор» деган фикрини ташлади, ташлата олдинг. Овозини эшитасанми? Бу овоз чўнтагида пули бор харидорни кутган бузуқ хотиннинг ўз ёзмишини қарғаб айтадиган аламлик ашулла сидаги овоз эмас! Бу овоз бузуқлигидан завқ оладиган хотиннинг айнима қўшиғи эмас! Бу оқшом чоғи куёвини кутиб ётган ёш келинчакнинг маъсум ашулла си! Севганига қовушган ёш махлуқнинг севинч қўшиғи! Жуфти уясига қайтган она қушнинг шукрона куйи! Мирёқуб! Мирёқуб! Мирёқуб!..» Мирёқуб иккита эди: бири қочди, бири қувалади, шу қочиш ва қувалаш суръати билан нойиб тўранинг уйига етиб бориб, жинғироқнинг тугмасини босган вақтида… чўзиб-чўзиб, ҳансираб-ҳансираб нафас оларди… Уй бекаси хоним йўқ эдилар. Катта залда нойибнинг ўзи овқат столи кетида чой ичиб ва газет кўриб ўтирарди. – Ҳа, келдингми, Мирёқуб? Марҳамат! – Келдим, тўра. Қалайсиз? Омонмисиз? Бола-чақа? – Шукур. Ёмон эмас. Қани, ўтир! Мана чой, марҳамат қилиб ўзинг қуйиб ич. Нондан ол. Мана сариёғ, нонга қўшиб е. Конфет, ширин кулча… булардан ол. Ўз уйинг, таклифни кутма. – Қуллуқ, тўра, – деди Мирёқуб ўтираркан. – Ўзим қуйиб ичаман. Янги гаплар, янги хабарлардан гапириб беринг бизга. Каттакон газетларни ўқийсиз… Тўра кўзидан тилла ойнагини олиб, стол устига қўйди ва ўз тиззаси билан стол ўртасида ёйилиб ётган газетага қараб деди: – Катта газетларда катта хабарлар бор, бир-биридан ёмон… Мирёқуб курсини яқинроқ жилдирди, чиройли бир чиноёққ самовардан қуюққина чой қуйгач, чиноёқ ликопчасига иккита конфет олиб қўйди. Сўнгра қўйнидан газетга ўралган нарсани олиб оча бошлади. – Нима у? – деди тўра. – Боя маҳкамада айтган нарсангми? – Ҳа, тўрт хат форсча байт экан. Шаҳобиддин домлага кўрсатиб эдим. Умархон замонида қози бўлиб ўтган Адо деган бир шоирнинг байти, ўз қўли билан ёзилган дейди. – Ундай бўлса кўп ҳам эски нарса эмас, – деди тўра қўлёзмани олиб туриб. – Лекин чинакам мавлоно Адонинг хати бўлса, табаррук нарса. Раҳмат сенга, Мирёқуб. Тўра яна кўзойнагини кийди. – «Лимуҳарририҳу…» Чиройлик хат… Мавлоно Адо шунча хушхат эканми? Шарқда, ислом шарқида сураткашлик дин томонидан ман қилингани учун ривож топмасдан, дин томонидан тарвиж этилган бу хаттотлик санъати яхши тараққий қилган эди. Хўп, қани… ўқиб кўрайлик… «Гулрангли кўз ёшлари ва сарғайган юзлар ажиб гўзал бўладилар, худди зар юргизилган ёқут каби гўзал бўладилар. Сен агар бодом сингари бошдан оёқ кўздан иборат бўлсанг, ҳеч нарса кўролмайсан, аммо севги сурмаси ила очилган кўз равшан бўлади». Тўра ерли халқнинг тил ва адабиётини жуда яхши биладиган маъмурлардан эди. Айниқса, форс тили ва адабиётини яхши билар, Туркистон тарихига оид қўлёзма асарларни ҳар йўл билан қўлга туширишга тиришарди. Унинг бу ҳавасини билгандан кейин, Мирёқуб ҳар қаердан қўлёзма асарлар топиб келтирадиган бўлди. Ўзининг яқин ошнаси бўлган Шаҳобиддин мударрис орқали уч-тўртта қимматбаҳо нарсалар топиб берди. Нойиб тўра Мирёқубнинг бу хизматларини сира унутолмайди. Буни Мирёқуб ўзи ҳам яхши билади. Иккови ҳам бири-бирининг катта-кичик илтимослари бўлса, қўлдан келган қадар бажарадилар. Шу учун совға-салом, тансиқ қўлёзма асарлар ва баъзан оз-кўп пул хусусида тўра Мирёқубга миннатдор бўлиб туради; амалдорнинг қўлидан келадиган баъзи бир хил ҳимоят ишлари тўғрисида Мирёқуб тўрага миннатдор бўлиб туради. Ишқилиб, қарс икки қўлдан чиқади ва ҳамма иш гўзаллик билан битиб боради! «Дунёда ҳамма одам болалари бизнинг иккимиздек бўлсалар, дунё жаннат бўларди» деб ўйлайди тўра. Мирёқуб ҳам шундай ўйласа керак: иккови бир жон, бир тан эмасми ахир! – Мавлоно Адонинг бу байтига ҳеч қайда дуч келмаган эканмиз. Бу жиҳатдан ҳам бу ёзманинг қиммати бор. – Байтнинг маъноси нима, тўра? Тўра тушунтириб берди. – Гўзал шеър… Умуман, Умархон эслик подшо бўлган эди. Мулло одам, ўзи ҳам шоир. Вазирлари ҳам шоир эдилар. Ундан кейингиларнинг мазаси бўлмади… Шаҳобиддин мударрис мунинг мавлоно Адодан бўлганини қайдан билган бўлса? – Тагида қозининг муҳри бор дейди. Ўша қози мавлоно Адо экан… – Э, дарвоқе, бунда муҳр ҳам бор… шошма… ҳа, мана, мана: «Қози Абдиллатиф»… «Саййидалмуслимин Амир Умар»… Чинакам, бу хат Умархон даврининг асари экани маълум бўлди. Аммо муни ёзган Адо бўлмаса керак. Мавлоно Адонинг номи Султонхон бўлса керак… Мен ўқиб эдим. Абдиллатиф эмас. Шаҳобиддин хато қилибди. Сизнинг домлаларингиз мунақа нарсаларни яхши билишмайди… – Мен билмадим, тўра. Шаҳобиддин махсум шундай дедилар. Мен яна суриштириб юрибман, топсам олиб келиб бераман. – Ҳали ҳам кўп қимматбаҳо нарсаларни бердинг, Мирёқуб. Сенинг маданиятга хизматинг катта. Ўтган йил бир тарих китоби берган эдинг, у тўғрида Петрограддаги каттакон мажмуаларга мақолалар ёздим. Сенинг номингни ҳам кўрсатдим. Ҳозир у китоб тўғрисида Англистон, Фарангистон ва Ламса (Немис) мамлакатларида каттакон мажмуаларга кўп нарсалар ёзилди. Раҳмат сенга, Мирёқуб! Катта хизмат қилдинг. Иккови ҳам жим бўлишди. Бир оздан сўнг Мирёқуб гап очди: – Газет хабарларидан гапириб беринг, тўра. Тўранинг бу чоққача кулиб турган башарасига бирданига ғам чўкди. Қовоқлари солинди, лаблари – безгакдай – енгилгина қалтираб учдилар. Қўлёзмани столга қўйди. – Шунақа, дўстим, ишлар ёмон. Бизнинг адади ҳамманикидан кўп бўлган мудҳиш ўрдумиз бир-бир устин енгилаётир… Энг уста ва эслик қўмондонларимизнинг бутун тадбирлари натижасиз қолаётир… Мустаҳкам қалъалар бир-бир кетин душман қўлига ўтмоқда, қанча вилоятлар, ўлкалар, шаҳарларни душман эгаллади… – Оқподшо қаердалар? Бир чора кўрмайдиларми? Ҳаммамиз севган оқподшо… – Бу саволни, Мирёқуб, биз ҳаммамиз бир-биримиздан сўраймиз. Ҳеч қайсимиз жавоб тополмаймиз. Ўз-ўзимиздан сўраймиз. Тажангланиб, хафа бўлиб, қизиб сўраймиз. Шошилмай, тааммул билан, ўйланиб туриб сўраймиз. На ўзимиздан жавоб бор, на бошқадан! Бу – малъун савол, Мирёқуб! – Унақа деманг, тўра… Биз, сартия халқи, худодан кейин оқподшога ишонамиз. – Ишонганларинг яхши. Биз ҳам ҳаммамиз сизлар сингари ишонамиз. Фақат… оғзингга эҳтиёт бўл… фақат… ишониш бошқа, иш, амал, воқеа – яна бошқа. Бири-бирига зид! Биласанми, Мирёқуб, рус халқининг ўқиганлари орасида маъюслик бор, оғир бир маъюслик бор. Улар бутун бу бахтсизликларни оқподшонинг ўзидан кўрадилар… – Оқподшодан? Ҳеч бир подшо ўз юртини ёвга бергиси келадими? – Сенларнинг хонларинг билан бизларнинг подшоҳларимиз юртларига кўп ҳам ачинмайдилар, шекилли… Сенларнинг Худоёрхонингга «ўруслар Оқмачитни олиб қўйди» деганлар. Худоёрхон «у юртим неча кунлик йўлда?» деб сўраган, «бир ойлик йўлда» деганлар. «Ундай бўлса, менга унақа олис жойдаги юртнинг кераги йўқ. Ола берсин» деган… Бизники ҳам, валлоҳи аълам, ундан қолишмас. Мирёқуб нима дейишини билмай қолди. Бунақа сиёсатларга сира аралашмаган ва бу тўғрида шу чоққача ҳеч бир бош қотирмаган киши бундай катта сиёсий масалалар олдида бирданига шошмасдан иложи ҳам йўқ эди. Қуруқ бўлмасин деб гапга аралашиб қўйди: – Илгари бир ойлик йўл бўлса, энди поезд билан уч кунлик йўл бўлиб қолди… – Ҳаво кемаси билан эртага уч соатлик йўл бўлади. Умуман, эртага масофанинг аҳамияти қолмайди, Мирёқуб. Бизнинг катталаримиз асрнинг суръатини англамоқ истамайдилар. «Шошилмасанг етасан» деган мақол бошимизга бир бало бўлди. Германия нега кучлик? – Сиз биласиз, тўра. – Мен, албатта, биламан, сен ҳам билиб қўй. Германия суръат билан ютади. Суръат машина билан ҳосил бўлади. Германия – биздан неча баробар кичик, одами бизнинг учдан биримизча ҳам келмайди! Аммо бир қарич ери темир йўлсиз, тош йўлсиз эмас. Бугун, айтайлик, Самарқандда бўлган аскарини эртага Оқмачитга олиб бориб тўка олади. Бизникилар бир излик темир йўл билан судралиб боргунча иш тамом бўлади… Нимага германлар Фарангистонда қаришлаб олдинга жиладилар? Чунки Фарангистон ҳам, Германия сингари, суръат деган нарсани билади. Техникага бой. Бизнинг шалдирама аравамиз, сизнинг анови девсифат араваларингиз бутун-бутун халқларни ухлатадиган нарса… – Чора нима, тўра? – Чорани ўйлашга ҳам қўрқаман, Мирёқуб, шошма, биттадан ичиб олайлик. Тўра ўрнидан туриб жавонга томон бора бошлади. Шундаги оёқ босишидан Мирёқуб унинг бир оз ширакайф эканини англади. Демак, бу қадар зўр масалаларни ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, оғиз ели билан чиқариши ичкилик таъсири билан эди. – Кел, ичайлик, Мирёқуб. Биз, руслар, ароқ ичишни ҳаммадан яхши биламиз… Сенлар ҳам истеъдодли халқ экансан, биздан ўтказа бошладинг… Чўқиштирдилар. Тўра алланарсанинг соғлигига кўтарди. Фақат Мирёқуб «…соғлигига» деганинигина англаб қолди. Сўзнинг бош қисми, ғолибо, ичда айтилган эди. – Сен чора нима деб сўрайсан, – дея бояги сўзини давом эттирди тўра, – чорасини топишдан биз, биз амалдорлар, ожизмиз. Дуруст, ичимиздаги душманга, қора халққа қарши чиқиш бўлса – тадбири осон. Қозоқ ўрисимиз, миршабимиз, жандармамиз, аскаримиз бор… фюшт!.. Хориждан келаётган ёвга биз ожизмиз, нима қилишимизни билмаймиз. Биз билан бирга – бизнинг томондан – жанг майдонига тушган қиронлар ҳам бизга ишонмай бошладилар. Бу – ёмон, бу жуда ёмон ҳол, Мирёқуб. Кел, яна битта ичайлик… – Чорани айтмадингиз, тўра. «Чорасиз дард йўқ» дейди бизнинг ҳакимлар… «Ўлим билан ишқдан бошқа ҳамма дарднинг чораси бор» дейдилар. – Сафсата ҳаммаси, сафсата… Чорани бизнинг ички душманларимиз, яъни инқилобиюн деган тоифа кўрсатади. Лекин ўзича кўрсатади… – Қани, нима дейди у тоифа? – Подшони ҳам ҳайда, амалдорни ҳам ҳайда. Миршабларни йўқот, жандармларни ўлдир, урушни тўхтат; бойлардан – ер-сувни, фабрикачилардан – фабрикаларни, заводчилардан – заводларни тортиб олиб халққа бер, дейди. Уларнинг халқ дегани – қора халқ, ялангоёқлар… Юртни ўшалар сўрасин, дейди. Мирёқуб хохолаб кулди. – Номаъқул отнинг тезагини епти ўшалар! Саводи йўқ, оми бир ялангоёқ келсин-у юртни сўрасин эмиш… Бойдан ерни тортиб олиб камбағал экар эмиш… Камбағал шунча сўкиб уришсангиз ҳам ерингизга бундай бир ҳафсала қилиб ишламайди-ю… хўжайин бўлмаса, ишлар эмишми? Ўша урушни тўхтатсин дегани дуруст… Уруш чиққандан бери юрт қимматчилик бўлиб кетди. Ўзига яраша давлати, савдо-сотиғи бор одамларни жин ҳам ургани йўқку-я… қайта, молларнинг нархи ошиб, бири беш бўлди. Аммо шу қимматчилик бўлгандан бери одамларнинг кўзига қарасангиз, қўрқиб кетасиз, тўра. – Ҳаббаракалла! Бизнинг ҳамма хавфимиз – ўша «кўзлар»дан… кўзлар кўп хунук қарайлар. У кўзларнинг сони-саноғи йўқ. Гермонни енгсак, кўзлар ювошланади. Худо сақласин, агар шу хилда кета берсак, у кўзлар бизни еб ташлаши мумкин… Тўра жим бўлди. Мирёқуб ҳам жим қолиб унга тикилган эди. Тўра олис хаёлларга кетиб туриб, бошини чайпади. Сўнгра бошини оғир-оғир тебратиб туриб деди: – Хулосайи калом, бу улуғ кема… бу буюк «империя» даҳшатли тўлқинлар ичида зулматга, белгисизликка, йўқликка қараб кетаётир. Уни тўхтата оладиган ва қутқариб қоладиган ҳеч бир куч кўринмайди… балки, ундай куч аслида йўқдир ўзи… – Бир сўз айтдингиз, тўра… «Импер»ми, нимайди? – Ҳа, империя, империя. – У нимаси, тўра? Тўра бир оз ўйлаб тургач, подшонинг деволдаги суратини, сўнгра ўзини, елкасидаги погонини кўрсатди. – Мана шу империя… Мирёқуб ҳеч нарса англамади. Сўнгра тўра оғир бир нафас олгандан кейин: – Менга қара, Мирёқуб, – деди, – қўй энди бу гапларни! – Ҳа, қўйинг, тўра, одамни хафа қиладиган гапларни гапирмайлик. «Эртанинг ғамини эшак ейди». Эртага худо пошшо эгам… – Ҳали Акбарали шу ерда дединг. Уйланганига бир ҳафта бўлмай туриб шаҳарга нега тушди? Биронта иш биланми? Шундан кейин Мирёқуб ўзининг ғамхўр отахонига бутун воқеани гапириб берди: – Эҳ-ҳе, ҳали шунақа дегин! – Ҳа, шунақа, тўра. , – Акбарали аҳмоқ! Эшшак! – Рост айтасиз, тўра, бир оз эси пастроқ… – Сизнинг шариатингиз тўрт хотин олишга йўл қўяди. Бу қонун, аслида, чакки қонун эмас… Ҳар бир эркак буни билади… Фақат, у мундан юз йил, эллик йил бурун дуруст эди, замон кўтарарди. Энди замонлар бошқа, Мирёқуб. Ҳозир тўрт хотин олиб, тўрт ташвишни елкага ортишнинг нима ҳожати бор? Одам деган, албатта, биттага қаноат қилолмайди… бу маълум. Лекин бунинг учун уйланиб ўтириш керакми? Бекорчи хархашани кўпайтириб нима қилади киши? Тўра овозини пасайтира тушди: – Ҳой-ҳавас учун мутлоқ уйланиб ўтириш шарт эмас. Сен ўзимизникисан, сенга ишониб айтганда, менинг бир ошнам бор: урушга кетган офицернинг хотини. Ёш, чиройли нарса. Яқинда, зиёфатда бир савдогар бойнинг хотини билан танишдим… бу оқшом ўшаникига бормоқчиман… очиқ, дилкаш нарса. Мана холос! Аҳмоқ, Акбарали аҳмоқ!.. – Рост айтасиз, тўра, рост. Мана, мен ҳам биттага «қаноат» қилиб ўтаётирман-ку… ҳой-ҳавасларим қолиб кетаётгани йўқ… – Ҳаббаракалла, – деди тўра. – Хотининг битта, айшинг жойида… Кейин бармоғи билан «ҳап сени» қилиб туриб: – Сен, Мирёқуб, ёмонсан лекин… – деди. Мирёқуб аввал бир оз қизаринди, сўнгра кулимсираб тўрага қарагач, жавоб берди: – Худовандикаримнинг раҳмат дарёси кенг дейдилар, тўра. Шунга ишониб унча-мунча эркалик қиламиз-да. Унча-мунча… – Тоғдай-тоғдай гуноҳлар ҳам унча-мунча бўлар экан-да. Мирёқуб хохолаб кулди: – Тоғдай-тоғдайини энди сиздан ўрганамиз, тўра, худо хоҳласа… Сиз, ахир, мулла одамсиз… Тўра ҳам қаҳқаҳа солиб кулди. Сўнгра деволдаги соатга қаради: 8 дан 15 минут ўтган эди. Ўрнидан турди. – Сен ўтириб тур, мен кийиниб олай. Биргалашиб чиқамиз. Тўра кийиниб чиққандан кейин, Мирёқуб ҳам ўрнидан турди. – Қани, юр бу ёққа. Боқча томондан чиқайлик. Хоним келмаган, кампир ухлаб қолибди. Эшикни беркитиб оладиган киши йўқ. Айвонга чиқдилар. Саҳнга тушгач тўра тўхтади. – Мирёқуб, янги гапдан хабаринг борми? – Йўқ, тўра. – Тоғ томонда оломон қўзғолон кўтариб, бир-иккита амалдорникига ўт қўйибди. Эртага тушдан кейин ёнимга аскар олиб чиқиб кетаётирман. Бугун ҳам ўн етти кишини ушлаб келтирдилар. Оломон қутурган, дейди. – Қачон келасиз? – Икки-уч кун қолсам керак. Сен Акбаралига айт, тезроқ жойига борсин. – Хўп, жоним билан. Биз ҳам эртага чиқиб борармиз. – Ҳозир ҳар бир мингбошига яна еттитадан йигит бериш масаласини кўтардик, эҳтимол, яқинда рухсат бўлиб қолса. – Яхши бўларди. Буларнинг овозини эшитиб, ошхона томондан тўранинг ошпази Зуннун келди. Мирёқуб билан кўришди. – Мирёқуб ака, чиқиб кетаётирсизми? Бизникига бир кириб чиқинг. Битта чой дамлаб берай. Сизга бир гапим бориди… Мирёқуб тўрага қаради. – Жуда яхши! Бир оз чой ичиб, гаплашиб борарсан. Зуннунбой зериккандир. Тўра кумуш бошли ҳассасини ерга ура-ура панжара эшикдан чиқиб кетди. Булар ошхона томонга бурилдилар. Зуннун аканинг уйи ошхона билан дон омборининг ўртасида эди. Бу бир қаватли, тор деразали, хом ғиштдан ёпилган бостирмалар эса саҳннинг тўрисида, нойиб тўранинг ўз уйлари ўрнашган пишиқ ғиштли яхши бинонинг қаршисида бўлинарди. Бу бостирмаларнинг кети боқча ва гулзор. Ошхонанинг деразаси саҳнга – олдинга қарагани ҳолда, Зуннун ака турадиган уйнинг фақат боқча томондан бир кичкина дераза ва эшиги бориди. У уйга ошхона орқали ўтса ҳам бўларди. Ошхонадан ҳам саҳн, ҳам боқча томонга эшик очиларди. Зуннун аканинг уйига кирмасдан гулзорда бир скамяга ўтирдилар. Мирёқуб тезроқ бориб ўзининг янги юлдузини яна бир кўрмоқчи ва ўз бошига ёлғиз қолдирилган мингбошидан ҳам хабар олмоқчи эди. Мингбоши – боладай нарса… уни кўп ҳам ёлғиз қолдириб бўлмайди. Шу учун Мирёқуб чой қўймоқ учун тураётган ошпазни тўхтатди: – Зуннун, мен шошилиб турибман. Гапингни айт. Тезроқ бормасам бўлмайди. Мирёқубнинг овозида аллақандай бесаранжомлик ҳам йўқ эмасиди. Буни Зуннун пайқади. – Нима бўлди сизга, Мирёқуб ака! Овозингизда бир безовталик бор… – Ҳеч нарса бўлгани йўқ, шошилиб турибман. – Ундай деманг. Барибир, мен биламан. Бизнинг тўра ҳам жуда хафа. Хоним бўлсалар тезда-тезда «Русияга кўчиб кетсакмикан?» деб қўяди. «Сен ҳам кетасанми?» деб сўрайди. Улар дунёнинг ҳамма ҳол-у аҳволини билиб турадиган одамлар, бир нарсани сезишгандир-да. Мен бу ерда ҳар хил ўруслар билан гаплашаман. Ҳаммаси ҳар нарса дейди. Ўйлаб кўрсангиз, ҳаммасининг гапи бир: «бир бало бўладиганга ўхшайди». Мирёқуб бошини кўтарди. – Ўруслар шунақа дейдими? Қани, гапир, яна нима дейишади? – Айтдим-ку, ҳамма ҳар хил гапиради. Лекин гапнинг таги бир жойдан бориб чиқади: «бир бало бўладиганга ўхшайди». Нима бало экан, бизнинг ақлимиз етмайди. Ҳар қалай, бир балоси бор. Мирёқуб аҳволдан бу даража хабардор бўлган одамдан сир яширишни лозим кўрмади: – Рост айтасан, – деди. – Тўра менга кўп гапларни айтди. Бири-биридан ваҳималик… Унинг гапларини эшитиб, мен ўз-ўзимга «замона охир бўпти. Қиёмат яқин, шекилли» дедим… – Шу учун мен сизни чақириб эдим. Зуннун Мирёқубнинг ёнгинасига ўтирди. – Мен қирққа бориб қолдим. Ҳалигача битта бошим иккита бўлгани йўқ. Кенг кўрпада ёлғиз ўзим қалтираб ётаман… Менинг ҳам орзу-ҳавасим бор. Уйлансам, бала-чақа кўрсам дейман. – Жуда яхши. Ўзингга лойиқ бир қиз топилади, албатта. – Қиз тайёр… қишлоқда менинг бир холам бор, ўша дарак солиб топган экан. Энди қистаб ётибди. – Уйланабер, нимаси бор? Тараддингни қилабер, тўйни биргалашиб ўтказамиз. – Мен хўжайиннинг олдидан бир ўтиб қўйсаммикан деб эдим. – Тўғри, сенинг отахонинг бўлиб қолди. Сўраганинг яхши. – Шуни айтаман. Зуннун кулди. Мирёқубга томон яна ҳам яқинроқ сурилди. – Шу тўғрида хўжайин билан гаплашиб берсангиз деб эдим. – Ўзинг-чи? – Ўзим… бетлаёлмайман. – Нега? Айта бер. – Сиз айтсангиз дейман. – Яхши, мен айтай. Мирёқуб бирдан суҳбатдошига томон бурилди: – Хоним билан қалайсан? – Жуда қалин… – Бўлмаса, унга айт, эрига ўзи айтади. Зуннун кулиб юбориб ўрнидан турди, икки қўлини чаккасига қўйиб, суҳбатдошидан беш-олти қадам йироқлашди. Унга орқасини ўгургани ҳолда қуйигароқ эгилган бошини қаттиқ-қаттиқ чайқаб, сўнгра бирданига югуриб Мирёқубнинг ёнига келди. Ҳамон қизариб кулишини давом этдиргани ҳолда, Мирёқубга эгилиб, деди. – Сиз билмайсиз, хўжайин! – Албатта, билмайман. Сенинг кўнглингни мен қайдан билай? Гапир! Мирёқубнинг бу сўзларида бироз қаттиқлик асари бориди. У, ғолибо, ўзига тенг бўлмаган бир киши билан ортиқча бачканаланишни истамас эди. Ҳоланки, Зуннуннинг қилиқлари бачканаликка қараб кетди. Зуннун суҳбатдошининг овозидаги ўзгаришни пайқади ва дарҳол унинг ёнига ўтирди. – Ҳамма бало хонимда-да! – деди у. Мирёқубнинг кўзлари олайди. Яна суҳбатдошига томон бурилди. – Нималар деб ётирсан? – Хоним бўлмасалар эрта қачон уйланиб олардим, ака! – Оббо худо урди! – деди Мирёқуб, ирғиб ўрнидан турди. Бошини чайқади. Иккала қўлини Зуннуннинг елкасига қўйди. – Нима бало, сенга кўнгли тушиб қолганми? Зуннун зўр бериб куларди. – Ҳой тентак, гапир дейман! Нима бало бор ўртангизда? Зуннун ҳали ҳам куларди. Шу онда бирданига ҳовли томондан хотин кишининг чорлаш овози эшитилди: «Зуннун! Зуннун!…» Бу хонимнинг овози эди. Зуннун ирғиб ўрнидан турди. – Туринг, дарров менинг уйимга киринг! Чироғни ёқмасдан дераза олдидан томоша қилинг… Нафас ўтмай Мирёқуб дераза олдида ўтириб ташқарини кузата бошлади Зуннун гулзор ўртасидаги электрик фонарни ўчирди, ўзи югуриб ошхонага кирди. Ошхонадаги ёруғ фонарнинг шуъласи эшик тирқишидан уй ичига шуъла ташлаб турарди. Ташқарида – гулзор томонда эса ола қоронғилик ҳукм сурарди. Мирёқубнинг ўткир қулоқлари ошхона томонни тингларкан, икки кишининг пичирлашиб гаплашганини аниқ эшитди, юраги обжувоз линкопидай ура бошлади: – Шошма, Зуннун, шошма дейман! Бу ерда яхши эмас… – Бу ерда яхши эмас дейсиз… Уйимга киргали унамайсиз… Хоним секин жавоб қилди: – Мендан уни кутма! У тўғрида гапирма ҳам! – Сўнгра овозини бир оз пастлатиб деди: – Ўзинг бир яхши менинг уйимга кела биласан… Шошма, Зуннун! Сурсан! Шошма дейман сенга! Хўжайининг қани? – Бир жойга кетди! Кеч келаман, деди. Зарур иши бор экан… – Бас дейман! Кармисан? Вақти бор ҳар нарсанинг. Хафа бўламан бекор! Яна ярим кеча-саҳарларда келади десанг-чи! Оҳ, бу эрлар!.. – Ҳа, кечроқ келаман, деди. – Бунча сур бўлдинг? Мастмисан, нима бало? Юр, боқчага ўтайлик. Дарранда… Бирдан ошхонадаги фонар ўчди. – Ўчирма! Зуннун, ёқиб қўй, жоним…Ёқ дейман! Аввал «чўп» этган кучли бир ўпиш эшитилди. Сўнгра фонар ёнди. Ундан кейин ой қоронғисида қўлтиқлашган икки киши дераза олдидан бир-икки марта у ёқ-бу ёққа ўтдилар. Сўзлари эшитилмасди. Зуннун ўз ҳунарини кўрсатмоқчи бўлди, шекилли, худди дераза қаршисига келганларида хонимни маҳкам қучоқлади-да, деразанинг пастгина супачасига ўтқизди. Мирёқуб ичкарида юрагини ҳовучлади: тўранинг хотини лабларини ошпаз Зуннуннинг лабларига қўйиб унинг қучоғида ҳансирарди… Бирор минутдан сўнг хоним ирғиб ўрнидан турди, шу онда ошхонанинг эшиги очилди. Сўнгра ошхонанинг ҳовли томонидаги эшиги олдидан хонимнинг сўзлагани эшитилди: – Ўзим айтаман… мана шу вақтларда… Ўзинг биласан-ку… Ошхонанинг у эшиги ҳам ёпилди. Бироздан сўнг Зуннун кириб ўз уйининг фонарини ёқди. Мирёқубнинг ранги ўчган эди… – Тоза бўлган экан бўлгулик! – деди у. – Ҳали гап шу дегин? – Бир-икки йилдан бери аҳвол шу… Қани, юринг, гулзорга чиқайлик. Гулзорга чиқиб яна скамяга ўтиргач, Зуннун давом этди: – Мана шу аҳвол. Гапини эшитдингиз-а? Бугун хўжайиннинг чиқиб кетганини билмай қолди, ўзи уйда йўқ эди. Ўзи уйда бўлса, бундай ҳолларда хўжайиндан сўрайди: «қачон келасан?» дейди. «Яна ярим кеча-саҳарларда келармикансан? Кутиб ўтирайликми? Самоварга бир қоп кўмир ташлайликми?» деб ўшқириб ҳам олади. Хўжайин «бугун иш жуда муҳим. Гарнизон бошлиғи иштирок этади. Шу учун кеч келсам керак. Соат 2 дан аввал кела олмасман… Сизлар бемалол ёта беринглар» дейди. Хотинидан узр сўрайди бечора! У кетган ҳамон хоним мени чақиртиради. Онаси олдида буйруқ қилади: «хўжайининг келгунча залда ўтир. Келганда чиқиб эшикни оч. Секин юр! Бизнинг уйқумизга халақит берма!» дейди. «Хўп» деб залда қоламан. Залнинг бир ёнидаги эшик хонимнинг уйларига очилади, бир ёнидагиси йўлакка, йўлакдан – кўча эшигига. Онаси бўлса бола билан бирга, ҳў… нариги чекадаги уйда ётади. У мана бу вақтларда данг қотиб ухлаб қолади. Бола ҳам ювош, мўмингина… Мен залда қоламан. Зал билан ётоқ уйи ўртасидаги эшикнинг бир қаноти очиқ… Хуллас, хўжайин жинғироқ чалганда, секингина ўрта эшикни ёпиб йўлакка чиқаман-у уйқусираб, эснаб, пайпасланиб эшикни очаман. Хўжайин, аксари, маст келади, ҳеч нарсани билмайди. Ҳушёр келганида «бор, энди, жойингга чиқиб ёт! Секин юр, хонимни уйғотасан. Шу чоққача тахталик полда юришни билмайсан. Ҳўкиз!» дейди… Мирёқуб ҳайратлар ичида қолган эди. Шунча гапни эшитишга вақти бўлмаса ҳам, шошилганини унутиб, диққат билан қулоқ солди ва бирушта бошини чайқаб ўтирди. Бироз ўйланиб турганидан сўнг бошини узун-узун чайпаб: – Империяси тағин ҳам ботмасинми? – деди у. – Неча минг, неча лак фуқаронинг жони шуларнинг қўлида. Буларнинг жони эса мана мунақа манжалақилар қўлида экан!.. – Нима дейсиз энди, Мирёқуб ака? – Қайси тўғрида? Сенинг уйланишинг тўғрисидами? – Ҳа. Хаёли бошқа томонда бўлган Мирёқуб: – Яхши, уйлан! – деди. – Қайлиқ олиш яхши нарса. – Уни биламан. Хўжайинга айтиш маслаҳатини сўраб ётирман. – Ҳа, у тўғрини айтасанми? Яхши. Ўзим гаплашиб бераман. Лекин ҳали эмас, бир-икки ойдан кейин… – Унгача қиш келиб қолади-да? – Хотин деган қишда керак-да. Ёзда хотинсиз ҳам иссиқ ўзи… – Бор бўлинг, топдингиз! Мен сизга ишониб тураман, бўлмаса. – Эртагаёқ сўраб берардим. Тушдан кейин хўжайининг тоғ томонга чиқиб кетар экан. Икки-уч кунсиз келолмайман, дейди. Ундан кейин бирор ҳафта ўтказиб ўзим ҳам Қримга жўнайман. Тўйни бизсиз ўтказма, Зуннун! – Ҳа, албатта, албатта! Мингбоши тоғам билан сиз икковингиз бўлмасангиз тўй татийдими? – Бўпти. Зуннун яна кулди. – Эртага хўжайин уйда бўлмас эканми? – Шундай деди. – Менга қаранг, Мирёқуб ака. Мирёқуб бурилди. Зуннун эгилиб туриб сўради: – Бизнинг хоним қалайлар? Тобингиз борми шу кишига? Мирёқуб бирданига жавоб бермади. Ўйланиб қолди. – Айтаберинг, ака. Мен ўз кишингизман… – Ўзи қалай деб сўрасанг, чакки эмас: семизгина, лўппигина, бадани оппоқ, тароватини сақлаган, анча ёш кўринади… Ўзи ҳам 27 – 28 дан нари эмасдир? – 27 да бўлса керак. – Ҳа, мен адашмайман. Энди «тобингиз борми?» деб сўрайсан. Нима дейишга ҳайронман… Биз, эркак халқини ўзинг биласан. Итмиз! Шайтон ҳамма вақт елкамизда… Тизгинни доим чапга буриб туради… Лекин, Зуннунбой, икковингиз ҳам етиб ортасиз бечорага… – Нега икки киши бўлсин? Бир киши, холос… – Нима демоқчисан? – Эри – номига эр. У бошқа хотинлар билан юради. Унинг ўйнашлари кўп. – Сен қайдан биласан? – Мен ҳаммасини биламан. Баъзи бирларини ўз хотини ҳам билади. Унинг менга бунча осилиши ҳам бесабаб эмас. Икки киши деманг, бир киши. Менман, холос! Эҳтимол, ташқарида бўлса… Йўқ, агар бўлса, сезардим, албатта. Сиз менга қаранг, эртага хўжайин уйда бўлмаса, кечлатиб келинг. Аллақайси бир мингбоши тўрага бир тўққиз илварсин юборган экан, учтасини алоҳида тузлаб қўйдим. Яхши палов қиламан. Хоним ҳам бўлади. Тобингиз бўлса, у ёғи осон… Мирёқуб индамасдан ўрнидан турди. Ёнидан пул олиб Зуннунга узатди. – Яхши. Шомдан кейин келаман. Мана бу пулга ичкилик ол… Кўрамиз. Зуннун пулни олмоқ истамаса-да, Мирёқуб қўймаганидан кейин ноилож олиб, стол устига ташлади ва ўша мақтанчоқ кулиши билан кулиб туриб: – Эртага кутаман, – деди. – Хўп, – деди Мирёқуб. Яна боягидай бош чайпаб уйдан чиқди. Номерга қайтиб бораркан, ҳамон бошини чайпаб ўз-ўзига сўзланарди: – «Империяси чирибди… Йиқилса ҳам ҳеч ким танғирқамайди. Менинг миямда шу бугун ғалати фикрлар қўзғалди. Нималигини ўзим ҳам билмайман… Илгари ҳеч бунақа гаплар йўқ эди. Аллакимдан алланималарни сўрагим, билгим, ўргангим келади. Бир пирни топиб – тариқат сўрасамми? Бир закунчини топиб – закун сўрасамми? Yo бир муаллимни топиб – масала сўрасамми? Ҳайронман…» – «Империяни кемага ўхшайди дейди… Йўқ, кема дейди, кема… Нималигини билсам эди! Империя нима десам, оқподшони, ўзини, погонини кўрсатди. Оқподшонинг нималигини ўзи айтиб берди, ўзининг кимлигини ўзим биламан, бугун яна ҳам очиқроқ билдим, эртага жуда равшан билсам керак… Энди, елкасидаги погони қолди. У бир латта, зардан тикилган бўлса ҳамки, бир латта… Машиначи тикади. «Эшагига яраша тушови» деган гап бор. Эгасига яраша – погони… Демак, империя ботишга томон боради». – «Биз нима бўламиз? Фуқаро нима бўлади? Бизнинг топган-тутганларимиз, ортдирган давлатимиз нима бўлади? Азбаройи худо, кимдан сўрасам? Шошма, янги ошнамдан, мени занжирсиз боғлаб қўйган айёрдан сўрайман! У, ҳар ҳолда, ўрус-ку… ўқиган-ку… билади. Йўқ, шошма, у ўзи нима бўлади? Ўзи? Шундай катта империя ботади-ю, у соғ қоладими? Нима, азбаройи худо, бу империя? Кимдан сўрайман энди? Кимдан?!» Соат ўн бирларда номерга келиб мннгбошининг ёнига кирди. У икки хотинни икки ёнига олиб, иккаласининг бўйнига баравар қўл ташлаб, мудрамоқда эди… Кирган ҳамон баланд овоз билан қичқирди: – Туринг, додхо! Хирмонга ўт кетди!!! Мингбоши сесканиб уйғонди, ирғиб ўрнидан турди. – Қаерда қолдинг, ноинсоф? Мени ёлғиз ташлаб? – Ким ноинсоф? Икки таннознинг ўртасида ўтирибсиз-ку, яна ёлғизман дейсиз… – Зерикдим буларингдан… кўнглимга урди. Юр, кетайлик! – Қуллуқ бўлсин итликнинг йўқолиши! Худога шукур, минг қатла шукур, одам бўлибсиз. – Ўтир! – деб бақирди мингбоши. Иккала хотин чўчиб тушди. Мирёқуб ёйилиб-ёйилиб кулди. – Қаерда қолдинг? – Империяга ўт кетган экан. Ўчиришгали бориб эдим… – Нимага? – Империяга… Империя… Хотинларнинг бири мунинг ёнига ўтди. – Сиз «империя» дедингизми? – дея гап бошлади хотин. – Бизнинг шаҳримизда «Империал» деган бир номер бор эди. Тоғнинг шундоққина тепасида, пастда – дарё. Номернинг олди – боғ, боғнинг олди – пастлик, жар… – Империя ўзи ҳам жар бўйига келиб қолган эмиш, – деди Мирёқуб. Хотин унинг ёнига суқулиб кириб: – Нима дедингиз? Англамадим, – деди ва қўлини Мирёқубнинг елкасига ташлади. Мирёқуб унинг қўлини мулойимлик билан ўз елкасидан олиб қўйиб, ўрнидан турди-да, мингбошига юзланди: – Мен кетдим! Эски шаҳарда ишим бор. – Шошма! – деб бақирди мингбоши. – Мен ҳам бирга кетаман! – Сиз бугунча шу ерда ётатуринг. Қорнингиз тўқдир, албатта? – Қорним тўқ, аммо зерикдим. Қачон кетамиз? – Индинга эрта билан, саҳар, худо хоҳласа. Зериккан бўлсангиз, эртага бошқа номерга кўчираман. У ер яхши. – Индинга кетадиган бўлсак, менга бир дутор чалиб ашулла айтадиганини топиб бер. Бу тил билмасларинг билан зерикиб кетдим… – Хўп, хўжайин. Эртага кундузи ҳаммаси бўлади. Индингача империяни ботирамиз… – У нима деганинг? – «Итликни ўлдирамиз!» деганим… Яхши туш кўриб ётинг, хўжайин! Хайр энди, хонимлар! Тез-тез ҳатлаб ташқарига чиқди. Айвонга ўтиши билан ўз уйидаги қизил фонарнинг шуъласи кўринди. «Демак, менинг уйимда». Эшикни секингина очди. Ёш хотин стул кетида китоб ўқиб ўтирарди… Мирёқубни кўргач, ўрнидан туриб жой бўшатди ва тўрига таклиф қилди. Мирёқуб соддагина кўришиб, тўрига уни ўтқазди ва ўзи пастга ўтирди. Аввал ёш хотиннинг кўзларига қаради: ҳорғинлиги, уйқусираганлиги очиқ кўриниб турарди. Картга қаради: одам ётгани билинмайди. Шундан сўнг кўнглида бир севинч қўзғалди, бутун баданини бир завқ ўраб олди… Яна ёш хотинга тикилди: у бир бет қолган китобни охирига етказмоқ учун уринарди. Бу дафъа Мирёқуб худди ўзининг неча йиллик синоқта хотинини кўргандай бўлди. Бу хотин гўё неча йилдан бери ҳар кун шу равишда муни кутиб умр ўтказган… Империя эсидан чиқди. Хотин китобни битиргунча, бу жимгина ўтирди. Китобни ўқиб битиргач, хотин енгилгина, эҳтиёт билангина эснаб олди-да, сўнгра бу ишидан ўзи уялди, шекилли, юзини қўли билан тўсиб кулди. Юмшоққина кулди… Бетларига қизил қон оқинлари югурган эди. Мирёқуб ҳам кулди ва секингина ўрнидан турди. – Хўп, ётиб ухла бўлмаса, мен эски шаҳарга тушиб кетаётирман. – Яхши, бора беринг. Бугун хўжайин эшикни чертиб келган эди, «тобим йўқ» деб киритмадим. – Нима дейди? – «Бир сарт бойвачча келди. Беш юздан кам олмайсиз. Мақсадингизга етдингиз… Ўзи ҳам ёш, чиройлик, оригинал…» дейди. «Яхши, индинга келсин. Тобим қочиб турибди, ваннада совуқ олдирибман…» дедим. «Аттанг, аттанг…» деб қайтиб кетди. Ўзи хоҳламасдан, бўлиб-бўлиб, оддий овоз билан бу воқеани сўзлаб берган хотин энди бу сафар худди ёлворишга яқин бир овоз билан деди: – Эртага шу ердан кетармиканмиз? – Албатта, эрта билан келиб ўзим тўғрилайман. – Нарсаларни қандай қиламиз? – Нарсаларинг кўпми? Хотин кулди. – Бир чамадон, халос. – Осон экан. Эрталаб шу уйга чиқариб қўяласанми? – Эрталаб бўлмас, кечаси бир иш қилиб эпларман. – Ундай бўлса, хотиржам. Сен кийимингни кийиб чиқаверасан, тамом! Мирёқуб чиқиб кетишга мўлжаллай бошлади. – Йўқ, шошманг! – деди хотин. – Мен бу паспортим билан у ерда туролмасман… – Оббо! – деди Мирёқуб. – Ҳали бу масала ҳам бор экан. – Нима қиламиз? – деб сўради хотин. Мирёқуб ўйланиб туриб деди: – Бир йўлини топармиз… шошма. Бир оздан сўнг юзлари кулиб, кескинлик билан деди: – Хотиржам бўл, паспорт топаман. Эртага эрта билан қўлингда бўлади. – Ташаккур этаман. Мирёқуб ташаккурга жавоб қайтаришни билмасди… Лекин у шу топда, негадир, ўзи ҳам хурсанд бўлиб, алланечук чарақлаб очилиб кетди. «Мирёқуб эпақа ҳар ишни эплайди» деган хаёлга бордими, ё бошқа бир ёқимли хаёлга бордими, ҳар қалай, таъбининг чоқлигидан бўлса керак, ёш хотиннинг ёнига бориб пешонасидан бир ўпиб олмоқчи бўлди. Фақат, яна дарров ўзини тўхтатди: «Йўқ, қизиган оловмиз икковимиз ҳам… Қанча йироқ бўлсам, шунча яхши…» – деди ўз-ўзига. – Хўп, ёт, ором ол, бўлмаса. Эшикни ичидан беркитиб ёт! Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди. – Табиий, – деди хотин, у ҳам секингина ўрнидан туриб эшик томонга юрди. Мирёқуб айвонга чиққач, ичкаридан калитнинг шарақлагани эшитилди. «Мен учун очиладиган эшик бошқалар учун ёпилди!» – деди у ўз-ўзига. Хурсанд, кўнгли очилган, алланечик енгиллаган, кўзлари, юзлари, бутун борлиги билан кулгани ҳолда илдам-илдам босиб кўчага чиқди. Муюлишда ухлаб ётган извошчини уйғотиб, икки отни чоптирганича, ярим кечада нойиб тўра маҳкамасининг котиби Игнатюкни қидириб кетди. Кеча кечаси кўча эшиги зинасида арвақ Игнатюкнинг қуруқ чангалига қистирилган ўн сўмлик қоғоз ўз вазифасини бажарган эди: эрталаб соат 10 да маҳкамага келиб кирган Мирёқубнинг қўлига Игнатюк бир янги паспорт узатди. 24 яшар Евдокия Захаровна Кабилина номига ёзилган бу муддатсиз паспорт ёш хотиннинг кечаги ташвишини тамоман бартараф қила оларди. У ёзлик кийимини кийиб чиқиб, тўппа-тўғри биринчи класс номерга борди ва ўзи учун ажратилган кичкинагина чигилинг ва соз уйига ўрнашди. Бир соат ўтар-ўтмас нариги номернинг йўғон гавдали, девсифат, узун соқол хизматчиси бир қоп ичига солиб хотиннинг чамадонини келтириб берди. Унинг нариги номердаги хонасида энди ҳеч нарсадан хабари йўқ хизматчи хотиндан бошқа нарса қолмаган эди… Мирёқуб мингбошини ҳам бошқа бир номерга кўчиргандан кейин, ўз номерининг ҳисобларини тамомлаб, номер эгаси дўстига қўл узатди: – Хайр энди, мен қишлоққа жўнайман. – Хайр, Мирёқуб, келиб тур, дўстим. Хотин қалай? – Сўрама. Бир-икки кундан кейин яна келаман… – Арзийди… арзийди, чўрт вазми! – деди хўжайин. Ўзидан хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра сўради: – Қанча бердинг? – Ишинг нима? – Айтабер… ҳимматингни билайин дейман. Кечадан бери ўзи ҳам сеникидан чиқмайди. – Меникидан чиқмагани рост, фақат нотоб ўзи… – Сен уни совуққа олдириб қўйгансан. Кеча бир бойвачча келган эди. «Нотобман» деб чиқмади. Сен менга катта зарар келтирдинг. Вагончи бойнинг ўғли эди… Ваҳоб… Биласанми? Ана, пул деган нарса ўшанда! Бир қучоқ! – Бу хотин шу ерда бўлса, вагончи бойваччалар кўп келади ҳали… Шошма! – Албатта, албатта! Ҳар ҳолда қанча бердинг? Айт! – Кўп эмас, фақат… минг сўм! – Минг сўм?! Ростми? – Нега ёлғон бўлсин? Минг сўмлик чек бердим. Банкага кетди. – Чўрт вазми! Бир ярим мингдан ошиб кетибди… «кетаман» деб қолмасин. – Пул ширин. Қанча кўпайса, яна шунча кўпайтиргиси келади. – Рост айтасан. Бир иш қилиб яна бир-икки ҳафта олиб қоламан. Қўяманми мен? – Сен қўймайсан, биламан. Хайр энди! – Яхши бор! Мирёқуб ўз дўстининг аҳмоқлигидан кулиб кўчага чиқди. – Эртага эрта билан қишлоққа жўнайман, – деди у кўнгли илинган хотинга. – Кўп бўлса беш кун туриб қайтаман. Ўша куни жўнаб кетишимиз керак. – Мен сизга кўп ташаккур қиламан, азиз дўстим. Сиз, чинакам, азиз дўстим бўлдингиз. Келинг, мен сизни бир сингил сифатида ўпиб қўяй… Мирёқуб бу сўзларнинг маъносига тушунгунча, ёш хотин келиб пешонасидан ўпди. Бу ўпиш ҳар қандай ярамас ҳисдан узоқ ва эҳтиётли бўлса-да, хотин кишининг бу қадар яқинлашиб келиши Мирёқубни дир-дир титрашга мажбур қилди. Унга нисбатан хотин жуда тинч ва лоқайд эди. Ўпиб бўлгандан сўнг Мирёқубнинг ёнидан унча узоқлашмасдан унинг қоп-қора ва бесаранжом кўзларига тикилиб турган хотин, ғолибо, унинг шу топда кечираётган талвасаларидан хабардор эмасиди. Мирёқуб бир-икки қадам орқага чекинди. – Эски паспорт қани? – Номерда қолди. – У керак эмасми? – Йўқ, йўқ, йўқ! Яхши бўлди, жуда яхши бўлди. Мен бутун қора кечмишимдан қутулдим. Раҳмат сизга, мен бундан сўнг Мария Степановна Острова эмасман – Евдокия Захаровна Кабилинаман. Хунук ном, хунук фамилия… ўзим ёқтирмайман. Лекин менга бундан нари шу номдан қадрли нарса бўлмаяжак! Йўқ, кечирингиз, бу номни менга берган киши, албатта, ундан қадрлироқ! Раҳмат сизга, азиз дўстим. Яна келиб, Мирёқубнинг бир қўлини иккала қўли орасига олди ва силкитиб-силкитиб сиқди. «Қандай қизғин ва ёқимли қўллар!..» – Раҳмат, азиз дўстим! «Арзимайди» деб қўйишни билмайдиган бу гўл «азиат» бутун вужуди билан яна қалтирай бошлаган эди. Тағин икки қадам орқага чекилди. Эшик олдига етиб қолдилар. Буни пайқаган хотин орқасига қайтди ва уни ўтиришга таклиф қилди. – Йўқ, мен кетаман. Эшикни ичидан беркитиб ўтир, ташқарига чиқа кўрма… – деди Мирёқуб. Орқаси билан эшикни очиб йўлакка чиқди. Эшик яна ичидан беркитилди… «Бошқалар учун ёпилди, мен учунгина очилади бу эшик!» – деб ўйлади Мирёқуб яна. Ўзида йўқ, югурганича зинадан туша бошлади. Ичкарида ўз ихтиёри билан қамалган ёш жувоннинг кўзлари шу топда севинч ёшлари ила ҳўлланган эди… – Келинг, Мирёқуб ака. Кечикиб қолдингиз? – Ҳа, эртага эрталаб қишлоққа жўнаймиз. Ишларни битиришим керак эди. Ошхонадан уйга ўтдилар. Зуннуннинг уйи жуда чиройли қилиниб йиғиштирилган эди. Ерда катта янги гилам, деволларда суратлар, ўртада катта стол, оппоқ дастурхон, стол тўла ноз-неъмат, ичкилик… Деразада чиройлик тўрпардалар. Стол теграси тўла курси. – Уйингни таниб бўлмайди, Зуннун. Зуннун ўша бурунги кулиши билан кулди. – Ҳаммаси хонимнинг ишлари… – Бўлмаса, сен уйланиб нима қиласан? – Бола-чақа, рўзғор кўргим келади. – Боласи йўқлар болага қизиқади. Лекин боланинг «бало» бўлгани ҳам бор… – Йўқ, Мирёқуб ака. Мен болани яхши кўраман! – Хўп. Мен курортдан келай, дарров тўйингни қиламиз. – Тезроқ келинг, ишқилиб… – Қани, ҳеч ким йўқ-ку? – Келишади. Хоним келадилар… – Бошқа? – Бошқа йўқ. Хўжайин жўнаб кетди. Уни ҳам чақириб эдим, узр айтди. «Бизнинг кичкинагина бир ҳайитчамиз бор, хўжайин, Мирёқуб акамлар келадилар» – дедим; «Менинг ўрнимга хоним бориб бир пиёла чойингни ичиб, Мирёқуб билан гаплашиб келади» – деди. Хонимга менинг ўз олдимда тайинлади. Хоним, мен сизга айтсам, эрининг олдида ноз қилган бўлди. Пешонасини уқалаб, бўшашган бўлиб, «бошим оғриб турибди…» дейди. «Бошинг оғриса, пирамидон ичиб, жиндак ухла, кечгача ёзилиб кетасан. Зуннунни ўкситма!» – деди хўжайин. Бўлмаса, ундан илгари хоним билан гаплашиб, гапни бир жойга қўйганмиз… – Шошма, – деди Мирёқуб, – у сени яхши кўради… сеники бўлиб қолган. Мен нима қиламан бу ерда? – Қизиқ экансиз, Мирёқуб ака. Мени севса, эрим деб севармиди? Yo мен ўша билан умр ўтказармидим? Шунчалик гап-да… эрмак… Ана, келаётир. Жиндак кайф қилгандан кейин ёнига ўтиб, дадил-дадил тегиша беринг. Бу кеча мен бу ерда йўқман! Тузукми? – деди Зуннун. Чопиб чиқиб кетди. Хоним, унинг боласини кўтаргани ҳолда онаси кириб келдилар. Дераза эшикларининг оҳистагина тарақлаб ёпилгани эшитилди. Ҳаммалари Зуннунни қутладилар ва стол тегарасига ўтириб, унинг соғлигига қадаҳ кўтардилар. Хўжайиннинг йўқлигига ачиндилар. «Ундай олижаноб ва кўнгилчан кишининг бу замонда камёб эканини» сўзлаб ўтдилар. Хоним икки гапнинг бирида ўз оиласи аъзоларининг одам болаларига меҳрибон ва улфат бўлганини қайд этиб ўтарди. Хоним ҳирсли ва майлли кўзларини суза-суза Зуннунга қараб олиб: – Биз ҳаммамиз Зуннунни яхши кўрамиз, – деди. – Бу бизнинг оилада энг қадрли киши. Бизнинг ҳовлимизга келган вақтида 12 – 13 яшар бола экан. Энди, мана, кап-катта киши бўлди. Яқинда уйлаб қўймоқчимиз… Шундай-а, Зуннун, азизим? Зуннун уялиб қизарди. – Валя, уялтирма Зуннунни, – деди онаси. Зуннун тез-тез ичкилик қуйиб, уларни ичишга қистарди. Хоним стол устидаги бир чиройлик шишани Мирёқубга кўрсатиб: – Энг севган ликёрим, – деди. – Маст бўлгунча ича бераман… Жуда нафис нарса. – Атайлаб сиз учун олдим! – деди Зуннун. – Зуннун менинг завқимни яхши билади… Хоним катта бир сир айтгандай қилиб тоғ воқеасини айтди: – Биласизми, биз бунда ичишиб ўтирибмиз. Хурсандмиз. Яхши дўстлар тўпланишганмиз. Федя шўрлик нима ҳолдайкин? Биласизми, юз элликта солдат билан, тўп-тўпхоналар билан кетди. Тоғ одамлари жуда мерган келади. Менинг Федям, сиз билмайсиз, жуда ёвюрак нарса. Солдатлардан олдинда ўзи чопиб кетади… қиличини суғуриб! Бирорта сартия қирғиз мэргани отиб қўймасин деб қўрқаман. Хотя сартлар уни яхши кўришади… Ўзингиз биласиз, тилни жуда яхши билади. Сарт китобларини ўқийди. Сартча ёзади. Сартлар уни «Парпи тўра» дейишади… Биласизми, у ўзи ҳам сартларни жуда яхши кўради. Ювош, қўйдай халқ, дейди. Қанча жабр кўрса, қийналса ҳам «худо!» деб тура беради, дейди. Сартларнинг шу диндорлигини, айниқса, яхши кўради. Зуннун хўжайиннинг соғлигига кўтарди. Қадаҳларнинг жаранглашидан мукаммал бир симфония ҳосил бўлди. – Илоҳим, эсон-омон қайтиб келсин… Илоҳим. Юрагим узилиб кетаётир… Биласизми, сартлар ҳам энди айниб қолишди. Кўп ичкилик ичишади. Мастлик қилишади. Янги шаҳар бузуқхоналарида бир-бирига пичоқ солганлари кўп бўлар экан. Маст бўлиб қолса, сарт жуда ёмон ёввойи бўлармиш… Қани, кўтаринг, Мирёқуб, сартларнинг соғлигига… Ичдилар. Хоним бироз алжий бошлади. Бирор соат ўтгач, хонимнинг онаси ўрнидан турди. – Бола ухлаб қолди, энди мен кетай. Яхши қолинглар! – деди. Хоним ҳам турди: – Энди мен ҳам борай. Кундузи кўп юриб чарчабман… Кечир, Зуннун! Зуннун «йўқ, йўқ» деган маънода қўлини чайпади: – Сизга жавоб йўқ, хоним! Сиз – хўжайин томонидан вакилсиз. Ўтирасиз бир оз. Ҳали кўп гаплашамиз. Эртага кундузи ухларсиз. – Ҳа, шундай бўлсин! – деди Мирёқуб. Кампир қизига юзланди: – Сен ўтир, Валя, гаплашиб борарсан. Вақт ҳали эрта, уйга борганинг билан уйқунг келмайди. Ўзинг ёлғиз зерикасан. – Хайр, майли, – деди хоним, – бўлмаса, беш минутга рухсат беринглар. Уйларни беркитиб, эшикларни қараб келай. Чиқдилар. – Мунча сергап экан бу хотин? – деди Мирёқуб. – Грамафон-а! – Энди билдингизми? Жуда очиқкўнгил нарса. Ичиб қизигандан кейин ўзи ҳам очилиб кетди… Мирёқубга яқин келди: – Уйни беркитиб келаман дедими – бўлди. Энди ҳамма гап ўзингизда! Мирёқуб ҳам ароқ қуввати билан қизиша бошлаган эди… Хоним келиб кириб, уйнинг калитини дераза токчасига қўйганда, иккала эркак уни чапак билан олқишладилар. Яна ичиш бошланди. Мастлик авж оларди. Хоним бир тўхтамай гапирарди. Мирёқуб ўзига таниш «империя»ни яна неча марта эшитди. Фақат, энди ундан осонроқ гапни ҳам англайдиган ҳолда эмасди. Кўзлари чўққа айланганди. Хонимнинг кўзлари эса сузилиб юмила бошлаган эдилар. Фақат, айёр Зуннун бошқаларни кўпроқ ичириб, ўзи камроқ ичар, ҳушёрлигини қўлдан бермасиди. – Туринг ўрнингиздан, Мирёқуб ака! – деди у. – Хонимнинг ёнларига ўтинг. Зерикмасинлар… Мирёқуб бироз довдираниб хонимнинг ёнига ўтди. – Мумкинми, хоним? Хоним кўзи билан ёнидан жой кўрсатди: – Пожаста… Мирёқуб ўтирар-ўтирмас қўлини хонимнинг елкасига ташлади. Хоним оғирлашган бошини буриб, маст кўзлари билан эшик томонга қаради. Зуннун уйда эмасди. Шундан сўнг яна Мирёқуб томонига бурилиб, қўлини унинг елкасига ташлади. Яна ичдилар… Хоним ҳамон сўзларди. Фақат, сўзлари томчилаб томизилаётган дори сингари битта-битта тўкилиб борарди. Хоним тамом маст бўлган кўзлари билан гоҳ-гоҳ эшик томонга қарар, Зуннуннинг киришини кутарди. Зуннун кирмади. Яна ичдилар… Яна ичдилар… Мирёқуб шарпа сезиб кўзини очган вақтда, хоним ойна қаршисида сочларини тузатмоқда эди. Мирёқуб ўрнидан турмоқчи бўлиб ёстиқдан бошини кўтарди. Хоним дарров орқасига бурилиб, уни кўргач… қизариб кулди. – Шошмай тур, Мирёқуб, азизим, – деди. – Мен чиқиб кетай, сўнгра турарсан. Қарама менга… Сўнгра секин келиб картга ўтирди: – Энди мен уйга борай. Кўп ичиб қўйибмиз, бошим оғриб ётир… – деди, лабини Мирёқубга узатди. – Кўришиб турайлик, – деди Мирёқуб. Хоним очилиб кулди: – Жоним билан… – деди эшикдан чиқа туриб. Мирёқуб кийиниб ташқарига чиққан вақтида тонг ёришиб келарди. Ошхонадан Зуннуннинг бесаранжом хурраги, йироқлардан хўрозларнинг чўзиб-чўзиб чақиришлари, ҳовли томондан очилаётган эшикнинг шарпаси эшитиларди… Ҳамма уйқуда… Мирёқуб кўчага чиқди. Доим бир-иккита извош тўхтайдиган жойга – уезд маҳкамасининг нариги муюлишига борди. Ўндан ортиқ извошчиларнинг қатор-қатор чизилиб турганларини кўрди. Тўғри бориб биттасига чиқди. Извошчи унга томон бурилиб: – Тушинг, ака, биз бандмиз, – деди. Наридан рус миршаб қичқирди: – Ким у? Туш аравадан! Мирёқуб извошдан тушди. Ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қаради. Миршаб етиб келиб, извош фонарининг мазасиз ёруғида унинг юзига қаради. Таниган бўлса керак, сизлаб гапирди: – Бу ерда турманг, ака. Бу извошлар банд. Ярадор солдатларни лазаретга олиб боришади. Мирёқуб бошини чайпай-чайпай, эски шаҳарга – ҳаммомга томон пиёда йўл солди. Боши оғирлашган, гаранг, қовоқлари тошдай қотиб кетган, тиззалари ўз-ўзидан букилиб борарди. Унинг миясида яна иккита Мирёқуб пайдо бўлди: бири – терговчи, яна бири – жавобгар. Эски шаҳар билан янги шаҳарнинг ораси йироқ эди. Уюшган, мажолсиз ва бўшанг оёқларини судраб, энг яқин ҳаммомга етиб боргунича тонг отиб, кўча-кўйда одамлар ўрмалаша бошладилар. Лекин қанча эзилган бўлса ҳам Мирёқуб йўлнинг узоқлигини сезмади. Чунки мияси ажиб бир қувват билан ҳаракатга келган ва золим терговчи борган сари забтини ошириб тергарди: – «Хўш, Мирёқуб, кайфинг қалай?» – «Жойида… Кайфим жойида…» – «Ёлғон гапирма, Мирёқуб. Сен терговчи қошидасан. Биз кўнглингда ёзилганларни баралла ўқиб турибмиз. Вексилдан ё ер васиқасидан сен қандай копия олсанг, биз ҳам сенинг кўнглингдан ўшанақа копия олганмиз. Шу учун ростини айта берсанг – ўз ҳайриятинг. Барибир бизни ёлғон гапга ишонтиролмайсан. Хўш, гапир: кайфинг қалай?». – «Кайфим унча жойида эмас…» – «Ҳаббаракалла, гапир, гапир!» – «Таъбим кир, кўнглим айниган, алланарсадан жирканган кабиман…» – «Алланарсаданми? Yo аллакимданми?» – «Билолмадим». – «Яхшироқ ўйла. Аллакимдан бўлмасин?» – «Аллакимдан десам ҳам бўлади. Лекин кимлигини билолмайман». – «Билолмасанг, биз ёрдамлашамиз. Менга қара, кимдан жирканасан? Мирёқубдан эмасми? Нега индамайсан? Нега даминг чиқмай кетди? Биз тўғри айтган эканмиз, бўлмаса? Шундайми?» – «Тўғри айтдингиз, Мирёқубдан жирканаман…» – «Ҳаққинг бор, ҳаққинг бор! Мирёқуб қанча баландпарвоз бўлгани билан, ўз бўйидан ортиқ кўтарилолмайди. Чунки у – бир ит! Олчоқ, паст ва аянч бир ит! У ўз-ўзини гоҳ арслон рангига, гоҳ қоплон рангига, гоҳ шер ва гоҳ эр бўёқларига бўяб кўрсатади. Фақат, оҳакка ағанаб каптарлар орасига киргач, яна ўз овози билан «ғо-оғ, ғо-оғ!» деб юборган гўнгқарға сингари унинг асил итлиги барала кўриниб туради. Доим кўриниб туради. Мирёқуб Акбарали мингбошини ҳақир кўради, хўрлайди, унинг итланишидан кулади. Уялмайди Мирёқуб, хижолатидан етти қат ер остига кириб кетмайди. О… уни ер ҳам ўзининг маҳрам қўйнига олишдан тортинади, чекинади!..» – «Мен ўзимни терговчи олдида деб билиб, фақат саволларга жавоб беришга тайёрланган эдим. Энди кўраманки, ўша терговчининг ўзи қораловчи сифатида чиқа бошлади. Мен нима қилдим энди? Қайси бирига нима дедим?» – «Сен жим тур, Мирёқуб! Биз керак бўлганда сўроқ сўраймиз, керак бўлганда қоралаш нутқи билан ўртага чиқамиз. Сен чидаб тур, Мирёқуб! Сенга Мирёқубни ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Сен ҳали сўз оласан, гапирасан. Шошилма! Шошма! Вақтини, соатини кут! Ҳар нарсанинг вақти бор! – «Мен мундай терговчи ва мундай қораловчига жавоб бермасликка ўзимни ҳақли санайман!» – «Нима дединг, қаҳрамон Мирёқуб? Ҳали терговчи билан қораловчига эътирозинг, норозилигинг ҳам борми? Сабаб?» – «Кўп одамлар от билан хачирни ажрата олмайдилар. Бунга ҳеч нарса деб бўлмайди. Бу – мумкин, чунки улар бир-бирларига ўхшаб келадилар». – «Хўш, хўш? Қани, гапир-чи!» – «Аммо от билан эшакни ажратолмайдиган одамлар адолат мансабига ўтириб бировни тергамасин ва қораламасинлар. Бунга уларнинг ҳақлари йўқ!» – «Хўш, Мирёқуб, гапир! Бу хилда гапиришинг бизга ёқади… Хўш, нима демоқ истайсан?» – «Акбарали мингбоши билан тенглаштирилувимга, ҳатто у билан – қай даражада бўлса ҳам – муқояса қилинувимга қаттиқ норозилик билдираман! Ҳақорат бу, сўроқ эмас!..» – «Кўнглингни тўқ тут, азизим: Мирёқуб билан Акбарали мингбоши ўртасида ер билан осмон қадар фарқ борлигига биз қаттиқ ишонамиз! Акбарали – бошқа одам, Мирёқуб – бутунлай бошқача одам…» – «Бу изоҳдан сўнг мен қониқдим. Сўроғингизда давом этингиз!» – «Сен қониққан бўлсанг, у – ўз ишинг. Қониқувингда бўл! Аммо биз ҳали қониққанимиз йўқ». – «Ya’ни?» – «Биз Акбарали мингбошини Мирёқубдан кўра одамроқ деб биламиз…» – «Нима, нима?!» – Мирёқубнинг нафаси бўғзига келиб тиқилди. – «Афсуслар бўлсинки, бу – шундай!» – «Нега шундай бўлади? Нега?» – Мирёқуб шердай ўкирарди. – «Мирёқуб! Сен шу кечани қайда ва кимнинг қўйнида ўтказдинг?» Мирёқуб тутилиб қолди. Қизарди, бўзарди… Қочмоқ истарди. Ўзидан ўзи қочиб кетмоқчи бўларди… Йўқ, киши ўзидан йироқлашолмайди! – «Гапир, Мирёқуб! Кўнглингдан олинган копия кўз олдимизда… Гапирганинг, иқрор қилганинг яхши!» – «… Мен бу кечани нойиб тўранинг ҳовлисида ўтказдим… Унинг ошпази Зуннун ака зиёфатга чақириб эди». – «Шу холосми? Yo яна борми?» – «Шу холос… Эрталаб маҳкама олдига чиқсам, тоғ томондан ярадор солдатлар келганини айтдилар…» – «Раҳмат, Мирёқуб! Бу хабарни биз ҳали эшитишга улгурганимиз йўқ эди… Раҳмат сенга. Фақат, сен бизга айтиб бер: кечани кимнинг қўйнида ўтказдинг?» – «Мен англаёлмадим… Тонг ёришганда уйқудан кўзимни очсам… ўзим картдайдим, яқинимда нойиб тўранинг хотини турган эди. Кечаси кўп ичган эдик, нима бўлганини билмайман…» – «Сен демоқчи бўласанки, у ишлар ҳаммаси ихтиёрсиз бўлди, сен ўзинг истаганинг йўқ. Шундайми?» – «Шундай!» – «Сени қилич яланғочлаган миршаблар ўраб келиб ўша хотиннинг қўйнига ташлаб юбордиларми? Бечора Мирёқуб! Сенга жабр бўлибди. Зиндонга ташлабдилар сени! Шундайми?!» – «Йўқ! Ўзим – ўз оёғим билан келдим… Ўзим истаб отилдим у хотиннинг қучоғига!» – «Ичкилик олиш учун пул ҳам бердинг?!» – «Бердим!» – «Хотин кийиниб чиқиб кетаркан, «кўришиб турайлик» деган ким эди? Билмайсанми?» – «Мен эдим». – «Хотин «жоним билан» деганда, севинган ким эди?» – «Мен эдим». – «Мирёқуб! Адолат тилида шу феълни «босқинчилик» деб таъриф қиладилар: «ўзга кишининг хотинига босқинчилик қилиш!» Акбарали мингбоши бутун умрида шундай бир иш қилганми? Билмайсанми?» – «Қилмаган бўлса керак. Билмайман…» – «Баракалла! Акбарали мингбоши сенга ким бўлади?!» – «Отахон. Валинеъмат…» – «Ўшанинг орқасида катта давлатга эришдингми? Кўнглингдан олинган копия қўлимизда, гапир!» – «Эришдим». – «Хўп. Пошшахон деган номни эшитганмисан?» – «Билмайман. Йўқ!» – «Яхшилаб ўйла. Жуда яхши биласан!» – «Ҳа, биламан!» – «Ким у?» – «Акбарали мингбошининг, агар янглишмасам, иккинчи хотини». – «Тўғри айтасан. Энди сендан эшитмоқчимиз: у ҳам бировнинг хотини эди, унинг эри, ўз иқрорингча, ҳатто отахонинг, валинеъматинг эди. Уни нега йўлдан урдинг?» – «Сиз менга туҳмат қиласиз! Мен уни йўлдан урганим йўқ!» – «Қизимай гапир. Биз сенга қулоқ берамиз. Нечук сен уни йўлдан урмадинг? Сен билан ўйнашиб юрганидан тонасанми?» – «Тонмайман. Ҳақиқатда мени йўлдан урган у ўзи бўлди…» – «Нечик?» – «Рухсат этсангиз, мен биринчи воқеани айтиб берсам…» – «Бизга ҳақиқатни билиш керак. Бўлган гапни айтиб бер!» Мирёқуб бир-икки йўталди, у ёқ-бу ёқа қараб олди, сўнгра сўзга бошлади: «…Мингбошининг бошқа ҳамма хотинлари каби у ҳам менинг оилам билан бориш-келиш қилиб юрарди. Ўзимизнинг сартия расми бўйича, ҳар бир зарурат кўрилганда, дастурхон қилиб келиб бир-бирларини йўқлаб турардилар. Бундан, чамалаб айтганда, тўрт-беш ой бурун, эрта баҳор фасли эди, шекилли, хотиним менга «мингбоши додхонинг иккинчи хотинлари Пошшахон мунча яхши жувон экан! Бизга шундай меҳрибонки, сира қўяқолинг. Тез-тез дастурхон қилиб келади. Ўтириб, гаплашиб, баъзи кунлари ётиб кетади» деди. Мен «мингбоши додхо бу бечорага жавр қилди. Ёш нарса, эри ҳеч хабар олмаса… зерикиб сиқилганидан келади-да» дедим. Хотиним бу фикримни тўғри топди. Бир кун кеч пайт – шомга яқин, бошида дастурхон, дарвозадан кириб келди. Мен ташқарида – меҳмонхона ичида бўлганимдан тезгина деразага яқин келиб қарадим. Паранжисидан ва юришидан билдимки, ўша эди. Мен кавшимни кийиб ташқарига чиққунимча, у ичкарига ўтиб кетди. Орқасидан думма-дум кирдим. Ичкарида ҳеч ким йўқ эди. У ёқ-бу ёқни қаради. – Вой, ҳеч ким йўқ-ку! Булар қаерга кетишиб қолдилар экан? – деди. – Болаларини олиб онасиникига кетди, – дедим мен. – Вой, ўлақолай, сизмисиз? Мен билмабман, бир бориб, гаплашиб ётиб келай дебман. Эсизгина… Ташқарига томон чиқа бошлади. Мен ҳам орқамга бурилиб, ундан бурунроқ ташқарига чиқдим ва айвонча олдида тўхтадим. У ҳам ташқарига чиқиб деволга яқин бир жойда тўхтади. – Эсизгина… Гаплашиб ётиб кетай деб келиб эдим, – деди яна. – Зерикдим… Айтганча, қачон келишади? Эндиёқ келишиб қолмасмикан? – Келса, эртага кечқурун келади. Ундан бурун келмайди. – Қачон кетиб эди? – Кеча кечқурун… – Тўвба! Билмабман… аттанг… Яна қайтиб ўша уйга бораман экан-да. Ўлақолсин… У ёқ-бу ёққа қаради. – Вой, ўлақолай, қоронғи тушиб қолди. Энди қандоқ қилиб уйга кетаман экан? Ёлғиз ўзим қўрқиб ўламан… – Мен бирга олиб бориб қўйсам бўлмайдими? – Вой! Кўча-кўйда кўрганлар нима дейди? Шундан кейин бу хотиннинг тўғри ният билан менинг уйимга келганига гумонсираб қолдим. Шу гумон менга дадиллик берди. Энди гап бошлайман деб эдим, у ўзи сўраб қолди: – Ўзингиз ёлғиз қолдингизми? – Қандоқ қилайлик?.. – Бечора… ёлғизлик қурсин! Ўзингиз биласиз, бошимдан ўтгани учун айтаман. – Дастурхонингизда нима бор? – Жиндак манти қилиб келиб эдим. Бу хотиннинг бир ғарази борлигига борган сари ишончим ортди. Мен ҳам ўзларингга ўхшаган одамман… итлигим қўзғалди. – Мантига жуда устасизлар… биламан. Аттанг, биз еёлмас эканмиз-да, – дедим мен. – Нимага еёлмайсиз? Манг, меҳмонхонангизга олиб кириб енг. Ош бўлсин! Сизга деб пиширганман… Дастурхонни олай деб унга томон бора бошладим. Бирдан: – Вой, ўлақолай! – деди. – Дарвозангиз кап-катта очиқ! Кўчадан ўтганлар гаплашганимизни шундоққина кўришиб турибди. Беркитиб қўйсангиз бўлмайдими? Ҳолбуки, уни дарвозанинг бир қаноти тўсиб турарди, кўчадан ўтганлар фақат менигина кўра олардилар. Бундан ташқари, ўша пайтда кўчадан ҳам ҳеч ким ўтгани йўқ. Мен кўриб турибман. Шу гап, шу муомила, шу ҳимолардан кейин мақомига яраша жавоб қилмасам… ё фаришта бўлардим, ё – жинни! Дарвозанинг нариги қанотини ҳам ёпиб ичидан занжирлаб қўйдим. Шайтоннинг ҳам қўлидан келмайдиган бир кулиш билан кулди: – Вой, ўлақолай, қамалиб қолдим-ку… – деди. Бошидан дастурхонни олдим. – Қани, юринг, – дедим, – чарчагандирсиз… жиндак дам олинг. Овқатни биргалашиб ейлик. Ундан кейин бирор маслаҳати топилиб қолар… Бир-икки қадам босиб тўхтади. – Ҳай, шошманг. Ўзингиз ёлғизмисиз? – Ҳа, ёлғизман. – Ростдан-а? – Нон урсин! – Қарғанманг… ёмон бўлади. Ёлғиз бўлсангиз, сизга бир-икки гапим ҳам бор эди… Отахонингиздан дод демоқчи эдим… Дадил босиб орқамдан кирди. Меҳмонхонада чироғ ёқилмаган, қоронғи эди. Эшикдан киргач тўхтади. Дастурхонни токчага қўйиб: – Қани, ўтиринг! – дедим. – Вой, ўлақолай! Эшигингиз, деразангиз катта очиқ… ўтириб бўладими бу ерда? Дарров бориб деразани беркитдим. Меҳмонхона эшигини ҳам ичидан занжирладим. Чироғни ёқиб эдим, яна қичқирди: – Хотинингиз хотин эмас экан! – деди. – Дераза деган пардасиз бўладими? Шундай кўриниб турибди… Деразага парда тўсдим. – Мана, энди ўтиринг! – Мана, энди… Энди… энди… Шу сўзни чўзиб-чўзиб уч марта қайтарди, сўнгра бирданига: – Сиз ўз акамсиз-ку! – деди. – Сиздан қочиб ўтираманми? Тоза паранжисини ифлос обрезга ирғитди. Эртаси куни тушга яқин дастурхонни кўтариб менинг меҳмонхонамдан чиқиб кетди»… – «Пошшахоннинг мен билан биринчи учрашуви шу хилда бўлди. Мен бўлган гапни гапирдим». – «Бу ҳикояда ёлғони йўқ. Биз унга ишонамиз. Биз…» Бу «биз» сўзи терговнинг бошидан бери жуда кўп такрорланди. Бу ҳол натижасида Мирёқуб ўзини чинакам суд сўроғи олдида тўхтагандай сеза бошлади. Унинг хумор билан куйиб ёнган мияси шошилиш поезднинг ўтхонасидай тез ва соат механизмасидай мунтазам ишларди. Суд олдида тўхтаганига ўзи ишонган ва суднинг ҳар ҳолда ўзига хайрихоҳ кишилардан, яъни бадавлат одамлардан иборат бўлганини билган Мирёқуб энди дадилланди: ҳар бир саволга очиқ ва ўзича тўғри жавоблар бера бошлади. Бадавлатлар суди унга ёмон кўз билан қарамаслиги маълум, негаким, бадавлат одамлар қанча кўп давлатга эга бўлсалар ҳам, яна пул-давлат деган нарсага лоқайд қараёлмайдилар… Пул деган нарса Мирёқубда оз эмас. Ҳали бу терговчиларда ҳар бир бандада бўладиган «муҳаббат» (муллажиринг муҳаббати) йўқ деб ким айта олади? – «Биз Пошшахон воқеасида, шу биринчи кўришувнинг ҳозирланиши ва юзага чиқиши устида сени айбламаймиз. Худди шу бир парча воқеада сенинг айбинг йўқ! Аммо-лекин биз Пошшахонни ҳам айбламоқчи эмасмиз. У шундай қилишга мажбур эди. Бошқа иложини тополмади у ёш жувон… Сенга келмаса, бошқа бировга борар эди. Ҳолбуки, сенга келиш осонроқ… Бу ерда айб бошлича мингбошига тушади. Шу билан бирга, Пошшахон ишида биз сени бутунлай айбламасдан ўтолмаймиз…» – «Нима, нима?» – «Тинч бўл, Мирёқуб! Аввало, сен мингбошига, унинг машру’ хотинига хиёнат қилган бўлмасанг, ҳар ҳолда, ўз хотинингга хиёнат қилгансан…» – «Бу фоний дунёда ўз хотинига хиёнат қилмаган эркак борми ўзи? Бизнинг сартия ўртасида ўз хотини, ҳатто икки-уч хотини устига «бола» асраганлар камми? Хотинимга хиёнатим – биринчи эмас, мингинчи!.. Кўнглимнинг копиясини яхшироқ ўқингиз!» – «Яхши, у жиҳатга ҳам кўз юмайлик. У тўғрида ҳеч биримизнинг пешонамиз оқ эмас… Фақат, Пошшахонни ўша номашру’ муносабат йўлидан тўхтатиб қолиш, унга мингбошидан чиқиб кетиб бошқа – ўзи тенг бир эрга тегиб роҳат яшов имконини бериш сенинг қўлингдан келарди… Сен шуни қилмадинг! Сен…» – «Шошманг, тақсир, шошманг! Нечик менинг қўлимдан келарди?» – «Бизнинг саволларимизга калта-калта ва тўғри жавоб берсанг, масала ўз-ўзидан очилади. Бутун дунёда мингбошига гапи ўтадиган бир киши бўлса, у ҳам сенсан деб ўйлаймиз биз. Тўғрими?» – «Тўғри!» – «Пошшахон бир одам орқали мингбошига ёлворди: «Менга жавоб беринг, бошқа эр қилай. Ҳали ёшман, кўнглимда орзу-ҳавасларим бор. Қолган умрим хазон бўлмасин!» – деди. Ўша одам шу гапни мингбошига эшитдирганда, сен ҳам бор эдинг. Ёлғонми?» – «Рост!» – «Ўшанда мингбоши нима деди?» – «Эсимда йўқ!» – «Кўнглингда ёзилган гапларни эшит бўлмаса: мингбоши жуда кескин жавоб берди: «Менга хотин бўлган киши бошқа бировга ҳам хотин бўлса, мен эл-халқ орасида қандай бошимни кўтариб юраман? Менинг қўлимга тушибди, тақдирга тан бериб ўтирсин. Мендан жавоб йўқ! Мендан бежавоб кетиб кўрсин, қани?» Жавобини тугатар-тугатмас келган одамни ҳайдаб чиқарди. Ёлғонми?» – «Рост!» – «Сен ўшанда бирор оғиз бир нарса дедингми? Десанг, мингбоши кўнармиди?» – «Демадим, эҳтимол, кўнарди…» – «Нега демадинг?» – «Очиқ айта берайми?» – «Албатта!» – «Пошшахон билан танишганимдан кейин мен уни мингбошидан чиқмаслккка кўндирган эдим…» – «Албатта, лоақал ҳафтада бир марта кўришиб турар эдингиз. У сендан хурсанд эди. Фақат, сен нима учун уни мингбошидан чиқмасликка кўндирдинг? Мақсадинг нима эди?» – «Отахонимнинг кўп узоқ яшаёлмаслигини яхши билардим. Юрагида касали бор… Сўнг вақтларда қийналиброқ нафас олади…» – «Биламиз, биламиз. Сўзингни калта қил!» – «Қазо етиб ўлақолса, Пошшахонга уйланмоқчи эдим… чунки мингбошидан тегадиган мерос чакана бўлмасиди…» – «Яхши, жуда яхши… Катта меросга эга бўлишни ҳаммамиз ҳам истаймиз… Бу машру’ ният. Фақат, мингбошининг у катта давлатига, ҳар ҳолда, беш меросхўр бор. Биргина Пошшахонга теккани сени қаноат қилдирардими? Сен, ахир, ўзинг ҳам бадавлат одамсан!» – «Менинг ҳеч бир касбим бўлмаса, савдо-сотиқ қилмасам, қизил қоғоз олган бўлмасам… озгина ер-сув билан нечик бадавлат бўлайин?» – «Бизни алдаёлмайсан, Мирёқуб! Биз сени ниҳоят даражада ҳурмат қиламиз. Бугун ҳузуримизга олиб келиб сўроқ қилганимиз учун сендан кечирим сўрашгача борамиз. Сен – бизнинг оламимизда улкан кишилардансан. Ўруслар сенга ўхшаганларни китобларда мақтайдилар. Сенинг ҳамма ҳунаринг – енг ичида иш кўриб, шунча пул топишингда. Сен завод парракларини айлантираётган кишисан. Фақат, бир жойга бир чақа солиқ тўламайсан. Шундай бўлгандан кейин, сендай улуғ бир одам бир ишни чуқур ўйламасдан қилмайди. Ҳалиги масалада бизга ҳақиқий планингни айтиб бер!» – «…Нима десам? Ҳайронман… Борингки, мингбоши ўлишига яқин унинг Пошшахондан бошқа меросхўри қолмаслиги керак эди. Yo бўлмаса васиятнома бўйича ҳамма мерос ўшанинг номига ёзиларди…» – «Биз ишонамизки, бу нарса сенинг қўлингдан келарди! Яхши, Пошшахон масаласида биз сени айблашдан воз кечдик. Бизнинг оламда мундай дадил ниятларни қоралаш эмас, оқлаш керак!» – «Раҳмат! Энди менга рухсатми?» – «Йўқ. Жиндак шошма! Биз сени нойиб тўранинг хотини тўғрисида чинакамига айбламоқчимиз! Биз…» – «Йўқ, тақсир! Пошшахон масаласида мени оқлаган маҳкама бу масалада қоралаёлмайди. Мантиқ деган нарса бор…» – «Хўш, гапир!» – «Пошшахон масаласида хиёнатим катта эди: ҳам мингбошига, ҳам унинг тўрт меросхўрига… Унутмангизки, шу тўрт киши ичида Фазилатой сингари балоғатга етмаган қиз бола, умр бўйи мингбошига хизмат қилиб ўтган Хадичахон бор… Бу катта хиёнат эди! Бу ишда мени оқладингизми?» – «Оқладик!» – «Ундай бўлса, иккинчи иш тўғрисида бир эмас, минг марта оқлашингиз керак! Нега десангиз, империя – оқ подшодан, нойиб тўрадан ва унинг погонидан иборат экан. Шунча минг фуқаронинг ва ҳам биз сингари бебузоат бечораларнинг ихтиёри, ўзингиз биласизки, нойиб тўрада, яъни «погон» эгаларида, уларнинг бутун инон-ихтиёри эса хотинлари қўлида бўлар экан. Пошшахон – катта меросга эга бўлиш учун бир қурол эди; мерос – давлат демак, давлат – пул демак. Империя – «погон» демак; «погон» шундай нарсаки, доим «пул, пул, пул!» деб туради. Кўплар унинг сўраганини, яъни пулни берадилар, қайтиб ҳеч нарса олмайдилар. Ҳолбуки, иш билган киши погон «пул» деганда беш сўм бериб, уни – ўша погон ёрдами билан – беш юз сўм қилиб олади. Мен шунақа ишларга ўзимни эпчил деб биламан… Кеча кечаси нойиб тўра хотинининг маст лабларига қўндирилган маст ўпишнинг ёлғиз биргина маъноси бор эди: пул! Тақсирлар, мен нойиб тўранинг хотини билан айш-у ишрат қилмадим, ўлай агар! У бизнинг иш устидаги биринчи учрашувимиз, ўз тилимизда айтсак, биринчи бай очишимиз эди!..» Шу сўзлардан сўнг бояги терговчи ва сўроқчилар гўё ўз-ўзларидан эриб йўқ бўлдилар. Суд зали бўшаб қолди. Мирёқуб кўзини очди: Ҳаммом миён хонасининг ён гумбазларидан бири. Ходмигарнинг бўз лунгиси танга дағал-дағал уринади… Бошида муштдай қаттиқ лунги-ёстиқча… Ёнида – бир чойнак кўкчой… Мияда – суд мажлиси, нойиб тўра хотини, номерда кутиб ётган мовий кўзли дилбар… Аллақайдан мунгли, ҳасратли бир ашулла овози ҳаммом акси садоси билан жаранглаб эшитилади: «…Мусулмоннинг иши кофирга тушди-эй, ё-о-р, ё-о-р-ларим…» Кеча ва кундуз — 11-боб Кун ботишга бораётган вақтда «отахон» билан «болахон» катта дарвозадан кириб бордилар. Айвонда ағанаб ётган Ҳакимжон мингбошини қўйиб Мирёқубга арз қилди: – Юртда ҳали ҳозир тинчлик. Унақа зўр дегундай иш йўқ. Майда-чуйда аризалар кўп, албатта. Уларнинг кўпини ўзим тўғрилаб юбордим. Беш-тўртта каттароқ аризалар бор, уларни ўзимча ҳал қилишга ботинолмадим. Ичкарида аҳвол тузукка ўхшайди. Янги келиннинг отаси икки кеча ётиб, бугун саҳар жўнаб кетди. Қизи, афтидан, анча юмшарган, шекилли: катта кундошлари томонидан ҳам ҳаракат катта… Ҳар кун қорилар келишиб, «чиллаёсин» ўқилиб туради… Хўжайин кетганларидан бери келинчак ўзи ҳам тинчиб қолганга ўхшайди. Тутқалоқ тутмас эмиш. Билмадим, хўжайин келдилар, яна бошланмаса… Кундуз кунлари кулиб, дуторни сайратиб, ашулла ни баланд қўярмишлар. Айтганча, хўжайиннинг учинчи хотинлари – Султонхон ҳам отасиникидан келиб қолибди. «Ҳамма балони ўша қилди» дердилар, ўзи ҳам жуда бўғилиб, нима қилишини билмай, ўтирадиган жой тополмай юрар эканмиш. Энди бирданига жуда бошқача бўлиб келибди. «Ҳамма ҳайрон» дейди. Катта кундошлари унинг бу хилда ўзгаришига сабаб тополмасдан ҳайрон бўлишар эмиш. Дарвозадан – худди яқин ўртоғини кўргали келган қиздай – кулиб ва қувнаб кириб, тўппа-тўғри кичик келиннинг ёнига кирган эмиш. Кечагина қарғаб, сўкиб, «ўлдирсам!» деб юрган кундошини ўпиб, қучоқлаб, силаб-сийпаб бир нафасда иккаласи «қалин дўст» бўлган эмишлар. Энди кичик келин ҳам тез-тез «Султонхон аям қанилар?» деб сўраб турармиш. Бу кичик келиннинг келиши ўша Султонхоннинг бошида бўлаётган найранглар эмасми? Нега бу хотин мундай қилади? Ҳайронман, Мирёқуб ака! – Ҳайрон бўлмай қўяқол! – деди Мирёқуб. – Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бирданига мундай ўзгарган бўлса, тагида бир гап бор. Ишқилиб, мундан қўрққулик!.. – Шунга ҳайронман-да! – деди яна Ҳакимжон. – Мен бошқа нарсага ҳайронман, – деди Мирёқуб. – Мен Ҳакимжоннинг мингбоши додхога бешинчи хотин бўлиб тегмаганига ҳайронман. – Тилингиз қурсин, Мирёқуб ака! Шу ҳам гапми энди? – Қаердан билдинг бўлмаса бунча икир-чикирни? Бу ҳаммаси хотин киши биладиган гаплар. – Э, Мирёқуб ака! Сиз хўжайин билан бирга, юрасиз шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ – кайф қилиб! Мен бўлсам, қоққан қозиқдай шу жойдан бир қарич жилолмайман. Иш бўлса ҳам шу ердаман, иш бўлмаса ҳам. Бўш вақтим кўп… зерикаман. Ўтган-кетган хотин-халажни, қиз болаларни тўхтатиб гапга соламан. «Бирга минг қўшиб» узатишади. Айниқса, менинг бир дўстим бор: Умринисабиби деган. Баҳрининг онаси бор-ку? Кўп гапни ўшандан эшитдим. – Қўй энди, кечқуруннинг маслаҳатини қилайлик. Бугун кечқурун куёвни бир иш қилиб суйганига қовуштирмасак бўлмайди. Жуда алангаси осмонга чиқиб кетди! Ўзи ҳам хунук иш бўлди. Эл оғзига тушса ёмон бўлади. – Албатта. Ҳали ҳам унча-мунча гап-сўз йўқ эмас. Янги келинни анча бўшашиб қолган дейишади. Хадича холам билан гаплашиб кўринг. Мирёқуб дарвоза олдига бориб Хадичахонни чақирди. Хадичахоннинг айтган гаплари Ҳакимжон берган маълумотнинг айни ўзи эди. Мирёқуб кулиб қўйди… Мирёқубнинг фикрича, энди нозли келинга мингбошининг шаҳарда изҳор қилган фикрини, яъни унинг фақат дутор ва ашулла га ошиқ бўлганини, итлик туғёнлари тўғрисига келганда, уларни астойдил нўқталашга бел боғлаганини эшитдирилса, балки, қиз ҳам «йўқ» демасди; биринчи учрашув тутқалоқсиз ўтиб олса, ундан кейин осон бўларди. Бу мулоҳазани Хадичахонга эшитдирди. Муни эшитгач, Хадичахон узил-кесил ўз фикрини билдира қўйди: – Ундай бўлса, иш жўн, – деди. – Ҳозир кириб гаплашаман. Кечгача хайриятлик хабарини эшитдирарман. Сиз айвонга, куёвнинг ёнларига боринг: жиндек овқат бориди, ҳозир чиқараман. Ўрнидан тургач, бир кўзининг бир чеккаси билан Мирёқубга қаради: – Сизга жавр бўлди, Мирёқуб! – деди. – Мингбоши додхо худди бир гўдак бола, сиз – она… Сиз бўлмасангиз, очидан ўлади у киши… Овқатдан сўнг бир-икки чойнак чой ичилди. Ҳакимжон бир-иккита ариза кўтариб келиб, мингбошидан фикр сўради. – Сира эсинг кирмади-да, Ҳакимжон! – деди мингбоши. – Шу топда ариза қулоққа кирадими? Қулоғим – ичкарида! Эртагача туратур, бир-икки кун кечикса, ҳеч бало бўлмас! Жуда шошилсанг, ана, ана у бетавфиқдан сўрайқол! Хадичахоннинг чақириши билан эшик олдига бориб бир нафасда яна қайтган Мирёқуб мингбошининг елкасига қоқди. Мингбошининг икки кўзи ундан узилмасди. – Суюнчи беринг, хўжайин! Бугун, мана, ашулла эшитасиз. – Шукур-эй! Шукур-эй! – деди куёв. – Оғзингга қант-у новвот! – Билиб қўйинг, хўжайин, – деди Мирёқуб жиддий бир чеҳра билан: – Менга берган ваъдангиз бор-а! Дутор, ашулла! Итликни ташқарида қолдириб кирасиз… Сўнгра овозини пасайтирди ва мулойим қилиб деди: – Рост айтаман, хўжайин. Дастлабданоқ чўчитиб қўйманг… Ёш нарса. Мирёқуб уйига кетди. Мингбоши кеч киргунча ўтадиган «бир неча йиллик» вақтни қисқартмоқ учун қоронғи меҳмонхонага кириб кўзини юмди. Мирёқуб тўппа-тўғри ўз уйига бориб, зарур бир иш билан икки ойлик сафарга чиқаётганини айтганидан кейин, хотинининг қўлига етарлик пул берди. Баъзи бир гапларни тайинлади. Гузарга чиқиб, ўзига қарашли баққолга уйидан хабар олиб туриш вазифасини юклади. У ёқ-бу ёққа бориб ўзининг хусусий ишларини тўғрилади. Хуфтон пайтларида мингбошиникнга келиб, аҳволдан хабар олди. Куёвнинг ичкарида эканини, биринчи кўришув тутқалоқсиз ўтганини, лекин ҳали ҳозирча дутор ва ашулла овози эшитилмаганини айтдилар. Бу тўғрида ҳам кўнгли жойига тушди. Ҳакимжонга мингбоши додхонинг мансабига оид баъзи ишларни тайинлагач, эртага эрта билан яна шаҳарга тушиб чиқмоқчи бўлганини айтиб, у ердан чиқди. Ичкарида хотини йиғлаб ўтирарди. Болалари ухлаган эдилар. Товоқдаги ошнинг кўпи ейилмай қолганлиги кўриларди. Дастурхон устида гурунч доналари кўп эди. Демак, ошни болалар ўзларигина еганлар… оналари емаган… – Нимага йиғлайсан? – деди Мирёқуб. – Шаҳардан бугун келдингиз. Энди икки ойга кетаман дейсиз… Ёш-ёш болаларингиз бўлмаса ҳам майлийди… – Болаларимга етарли пул қолдирдим. Баққолга тайинлаб қўйдим, нима десанг бериб туради. Икки ой узоқми? Лаҳзада ўтади кетади. Иш бўлмаса, юрмас эдим, иш бор, ночор-ноилож юраман. «Иш қилма, пул топма!» де, ишни сен қил, пулни сен топ, мен уйда ўтирай, жон дейман… Хотини жим бўлди. Фақат, йиғидан тийилмаган эди. – Гугурт бер. Меҳмонхонанинг чироғини ёқай. – Мен сизга ана у сўрига жой қилиб қўйдим. Кетадиган кунингиз болаларингиз билан бирга ётинг энди. – Сен ўзинг биласанки, мен ичкарида ётолмайман. Ичкарида ётсам, кечаси билан кўзимга уйқу келмайди. Гугуртни бер, чиқиб ташқарида айвончада ётай. Тинч ухласам, саҳар туриб жўнаб кетаман. Хотин гугуртни узатди. – Тур, ўрта эшикни занжирлаб ол. Хотин индамасдан ўрнидан турди ва узун енги билан кўз ёшларини арта-арта эрининг орқасидан дарвозагача келди. – Қачон уйғотай? Йўлга нималарни тугиб қўяй? – деб сўради хотин хўрликдан овози тутилгани ҳолда. – Ҳеч нарса керак эмас. Ўзим уйғонаман. Ўрта эшик жуда оҳисталик билан ёпилди. Сўнгра яна ўшандай оҳисталик билан занжир солинди. Ундан кейин айвончага етиб қолган Мирёқубнинг қулоқларига яна ўша томондан ҳўнграб йиғлаган бир овоз эшитилди… Меҳмонхона эшигини очиб гугуртни чаққан вақтида, меҳмонхонанинг ўртасида икки қулочини кенг ёзиб… Пошшахон турарди! Бу дафъа Мирёқуб, бир томондан, номерда қолган олтин сочли дилбарни ўйлаб, яна бир томондан, мудҳиш суднинг сўроқларини эслаб, Пошшахонга совуқ муомала қилди. Уни ҳали вақт ўтмасдан уйига қайтиб кетишга қистади. Насиҳат қилган бўлди… Фақат у насиҳатлардан ҳеч нарса чиқмади. Ҳаётида шу номашру’ эрдан бошқа ҳеч бир юпанчи бўлмаган ёш хотин унинг бўйнига маҳкам осилди, шу қадар ҳирс билан осилдики, Мирёқуб унинг иродасига бўйин эгишга мажбур бўлди. – «Бу фоний дунёда машру’ йўл билан битадиган бирор нарса борми ўзи?» – деди Мирёқуб ўз-ўзига. Кеча ва кундуз — 12-боб Мирёқуб эрталаб уйқудан кўзини очган вақтида, аллақайси станциядан жўнаган поезд у издан бу изга дўқиллаб ўтмоқда эди. Вақт ҳали эрта бўлганлигидан, биринчи класс вагоннинг юмшоқ йўлаги томонидан ҳеч қандай оёқ товуши эшитилмади. Демак, ҳали ҳамма йўлчилар уйқуда. Эҳтиёт билан босиб ўтган бир оёқ шарпаси бир нафасгина эшитилиб, сўнгра узун йўлакнинг чуқурликларига ботиб йўқ бўлди… Поезд станция чегарасидан ўтиб, экин далалари орасига кирган эди. Бир терилган пахталар яна чаман-чаман очилиб ётардилар. Аллақайда бир сигирнинг мунғайиб мўрагани эшитилди. Эшак минган бир йўлчи станцияга томон чопиб ўтди. Кичкина эшакнинг кичкина оёқлари шабнам тушиб намланган тупроқ устида болаларнинг олма парра кегайчалари сингари кўзга илашар-илашмас қимирлардилар. Ундан кейин орқаларида чанг булутларини қолдириб отлиқлар ўтдилар. Сўнгра аравалар, пиёдалар, яна эшак, яна отлар бир-бирини таъқиб этди. Эрта биланнинг совуқ шабадаси сур тупроқ чангларини аста-секин вагон деразаси орқали ичкарига томон сура бошлади. Мирёқуб бир нафасга кўзини юмди. Поезд кескин бурилиш билан чапга қайрилди, чанг булутларига кўмилган қишлоқ кўчаси ўнг томонда қолиб кетди. Олисдаги тоғларнинг нил рангли суратлари гавдаланди. Баланд-паст дарахтларнинг учларида ҳамда кенг толанинг бир қисмида эрталабки қуёшнинг зарчавага ўхшаб ёйилган шуъласи кўринди. Қалин дарахт ораларидаги номаълум қишлоқлардан кўтарилган тутун устунлари у жойларда одамлар яшаганини кўрсатарди. Поезд чапга бурилгандан кейин, совуқ шамол толаларнинг хуш ёқадиган салқинини олиб кириб юзларга урди… Шу топда кўзлар ихтиёрсиз пастга қарайди. Ўз ёзмишини бегона бир осиёликнинг қўлига топшириб қўйган ва машру’ номи ташланиб, қалбаки ном берилганига хурсанд бўлган мовий кўзли гўзал юмшоқ ўринда силкина-силкина ухламоқда эди. Шу кеча айниқса бахтли бўлганми бу жувон ёки ширин тушларнинг сеҳрли қучоғида сузадими – нима бўлса бўлсин – шу топда мулойим кулимсираб жуда чиройлик ухлайди. Бу ухлашнинг чиройлилигини Мирёқуб тушунолмайди, албатта! Бу хотин бутун кеча бўйи жуда тинч ва хотиржам ухлаганга ўхшайди. Бир оёғи тиздан қуйиси букилиб, сўричадан пастга осилибди, бир оёғи унисини қувлаб бориб, сўричанинг қирғоғида ухлаб қолибди. Узун кўйлаги бутун баданини кам-кўстсиз ёпиб туради. Фақат, бир енги тирсаккача шимарилиб қолган… Оппоқ қўллари ва билаклари ўз ёнида – ўз онасининг тўқлисидай – бир чиройлик ухлайди. Мирёқуб жонидан кўзини ололмайди. Юқоридан туриб шу бир сиқим вужудни томоша қилади. «Меники, шу гўзал махлуқ меники, бутун вужуди меники» дейди ва қувонади. Фақат, қулоғи остида капа тикиб ётган терговчи дарров ўз борлигини билдиради: – «Мирёқуб! Қайси кўзинг билан шу чиройлик манзарага қарайсан? Ҳаққинг борми унга бу хилда қувониб қарашга? Сен билан кўришганидан бери бу жувон бошқа ҳар нарсани унутди. Берлиндаги севимли акаси ҳам эсига келмайди. Биласанми, тушида ҳам сени кўраётир у! Сен нонкўрни! Сен бевафо дўстини! Сен уста савдогарсан, биламиз, ҳурматлаймиз! Сен пулни ўйнатасан, пул билан ўйнашасан! У сенинг қўлингдан келади, ортиғи билан келади! Пул билан ўйнашсанг, пулни ўйнатсанг яхши бўлариди. Сен чакки мунақа гўзал махлуқларнинг кўнгли билан ўйнаша бошладинг! Гўзал хотинларнинг кўнгли жонон пиёлага ўхшайди, сендек қўпол кишилар унинг жаранглаганини эшитмасдан туриб синдирадилар… Сингандан сўнг улардан аянч нарса қолмайди дунёда!» – «Мени беҳуда айблайсиз. Мен уни ифлос жойлардан ўғирлаб олиб чиқдим. Энди ҳеч бир ҳаром қўл, номаҳрам қўл теголмайди унга! У ҳозир номусли бир эркакнинг номусли хотинидай тоза…» – «Сен ўзинг-чи? Сен ўзинг? Эндигина қилинган янги гуноҳларинг билан?» – «Янги гуноҳ қилганим йўқ! Ҳали ҳам эски гуноҳларим кетимдан қувалаб юрибди. Ўшалардан қутулай деб қочдим. Қочиб кетаётирман. Бас энди, мунча таъна». – «Ҳар нима десанг, де, икки кун аввал нойиб тўранинг хотини, бир кун аввал мингбоши додхонинг хотини сенинг қўйнингда эди. Энди бугун-эрта бу оқкўнгил махлуққа ҳам чанг соласанми? Қандай ботина оласан?» – «Мен мунга тегмоқчи эмасман, тегмайман ҳам. Сиз билмайсиз, шу хотин билан кўришганимдан бери ўз-ўзимни таниёлмай қолдим!» Мирёқубнинг бу сўзлари тўғри эди. У, чинакам, ҳамма вақт бу хотиннинг ёнида ўтириб, у билан бир хонада ётиб боришга мажбур бўлса ҳам, унга қўл узатиш деган васвасали фикр билан доим курашиб келарди. Белгисиз бир жойда, белгисиз бир замонда, белгисиз шартлар ичида улар иккаласи ўз-ўзларидан қўшилиб қолишлари керак эди. Хотин ҳам шу хилда ўйлаб, шу хилда тушунгани учун ўзини она қўйнида кетаётган каби сезарди. Шу учун бўлса керак, Мирёқубнинг мумкин қадар ўзини четга тортишга уринишларини англаёлмасди. Ҳайфки, улар иккаласи – бир-бирининг тилини яхши англаёлмаганлари учун – йўл қуйи ўйлаб ва ўйланиб боришга мажбур бўлсалар-да, ҳар кунги ўйлари ва ингтиболарини бир дафтарчага ёзиб боришни эсларига келтирмадилар. Улар иккови биттадан «кундалик дафтарча» юритган бўлсалар, мана бунга ўхшаган яхшигина саргузаштнома ҳосил бўлариди. Ж а к о б. (Хотин томонидан Мирёқубга берилган ном). «Билмадим, бу поезд мени қаерга олиб боради? Қримга деб йўлга чиқдим. Белатлар Москавгача. У ерда нима бўлади? Унгача нима бўлади? Билмайман. Нима учун бу сафарга чиққанимни ҳам билмайман… Қишлоққа жўнаганимда тўрт-беш кун турарман деб ўйлаган эдим. Бир кеча ётдим, холос. Саҳар туриб, ҳалиги бўйнимга осилган илонни чиқариб ташлагач, ичкарига кирдим. Хотиним ичкарини супураётган эди. Кўзига қарадим, туни бўйи ухламагани кўринарди. Мен ҳам туни бўйи ухлаёлмай чиқдим… Илон кирган эди қўйнимга! Илонни ўпган ҳаром лабларим билан ухлаб ётган болаларимни ўпай деб қуйига эгилдим, кўнглим чидамади. Кўрпанинг қирғоғини ўпдим. Хотиним кўриб турган эди. «Бу одам биздан кечиб кетаётганга ўхшайди. Ҳатто ўз болаларини ҳам ўпкиси келмайди» деб ўйлагандир, тўлиб-тошиб йиғлагандир. Бечора хотин, билмайдики, болаларимни ўпмаслигим уларни севганлигимдан эди». М а р й а м. (Мирёқуб томонидан хотинга берилган ном, хотиннинг асл номи Мария эмасми). «Yo раббий! Yo раббий! Нима бу? Тушимми, ўнгимми? Қайдаман? Нима ҳолдаман? Кечам нимайди? Бугуним нима? Эртамда нима бор? Жакоб номернинг эшигини очиб чиқиб кетди. Мен дарҳол ичдан қулфлаб олдим. Унинг ўз сўзига қараб лоақал беш кун ўзимни қамоққа ҳукм қилган эдим. Беш кунда беш марта кечаси, ҳамма ухлаганида ташқарига чиқиб келишни чамалардим. Бошқа вақтларда доим уйда, доим шу кичкина, ширин ва ишончли уйда! Беш кун ичида нималар бўлмас эди дейсиз? Кўнглимда ташвишларим йўқ эмасиди: балки, келмай қолади? Балки, мендан айниди? Балки, бир ойдан, бир йилдан сўнг келар? Балки, тез орада келар, лекин ўйлари ва ниятлари ўзгариб, оддий бир «харидор» каби келар, бир соатга келар, ярим соатга келар… Шундай бўлса, мен нима қиламан? Яна ўша ифлос муҳитга қайтаманми? Йўқ. Йўқ! Ўлим ундан енгил… анча енгил. Нима учун мен унга ишондим? Нима учун? Нима учун ёт бир одамнинг қуруқ сўзи билан бутун ниятларим, қасдларим ва хуляларимдан кечдим? Қандай эсипаст хотин эканман мен! Яна қайтиб ботқоққа сакрамоқ учун баландроққа чиқибман… Баландроқ ерга чиқиб туриб – худди денгизга ўзини ташлайдиган ҳопитувчилар каби ўзимни яна ўша хандаққа ташламоқчи бўлибман! Билмабман, ўйламабманки, хандақнинг ичида турган вақтингда одам унинг ҳавосига кўнасан. Фақат, бир марта у ердан чиқилгач, очиқ ва соф ҳавога чиқилгач, тоғ ҳавоси каби тоза ҳаволи тепаларга чиқилгач… қайтиб хандаққа тушиб бўладими? Телбаман мен! Телба! У пули кўп бир савдогар эди, шуни билардим. Нима учун мен унга «минг сўмга чек ёзиб бер, шунда ишонаман!» демадим? Ёзиб берарди. Ундан кейин истар келсин, истар келмасин эди. Мен қўлимда пулим билан йўлда бўлардим… мақсад йўлида бўлардим. Ёзиб бермаса, севмаганлигини билардим, унга ишонмас эдим… алданишдан қутулардим. Мен телба!.. Икки кеча-икки кундузнинг қандай ўтганини билмадим. Чунки ҳалиги хилда фикрлар, васвасалар менга кун бермайлар эди. Ўйлардим, ўйлардим, на йиғлашимни билардим, на кулишимни! Йўлакда, эшигим ёнида эҳтиёт билан босилган қадамлар эшитила бошлади. Ўз-ўзини қамоққа олган ёш ва гўзал хотинга қизиқувчилар топилди, шекилли. Хизматчи овқат келтирган вақтида: «Нимага чиқиб юрмайсиз?» – деди. «Мени сўраган киши йўқми?» – дедим. «Йўқ, – деди. – Ким келмоқчи эди?» «Эрим» – дедим, жим бўлди. Шундан сўнг оёқ шарпалари ҳам эшитилмас бўлди. Тушиммиди, ўнгиммиди? Оҳисталик билан эшикнинг чертилганини эшитдим. Унинг мен билан хайрлашиб чиққанига фақат икки кеча, икки кундузгина ўтган эди. «Беш кундан сўнг келаман» деб эди ўзи. Бу чертиш хизматчининг чертишига ўхшарди. Хизматчи бўлса керак деб, сўрамасдан очдим. У кириб келди! Оҳ, шу азиат! Биз кўришмадик, нима учундир, у қўл узатмади, мен ҳам унутдим. Сўз ҳам айтмади. Соқов каби кириб келиб, қўлидаги билетларни кўрсатди. Хизматчини чақириб ҳисобларни уздик. Дарҳол вокзалга чиқдик. Иккимиз бир уйда ётибмиз. Кўнгилларимиз – бир. Баданларимиз – бошқа. Поезд тез юриб кетаётир. Кўзларим юмилди… Тушимми, ўнгимми?..» Ж а к о б. «Тошкентдан кечаси ўтганга ўхшаймиз. Одамни зериктирадиган қуруқ чўлга кириб борамиз. Вагонимизда янги нусха Тошкент тўпписи кийган, сочини бир энликкина ўстирган, форма кийимли бир одам пайдо бўлди. Калтагина, чиройликкина мўйлови бор… Оқ юзли. Ўзи ҳам чиройлик. Жуда олифта қадам қўяди. Тошкент одамига ўхшайди. Масковчи савдогармикин? Yo закунчими? Yo маҳкамаларда ишлайдиган одамми? Ҳар қалай, ўрис тилига омил бўлса керак, қўлида ўрис газетлари кўраман. Бизнинг хонамиз олдидан бир неча марта у ёқ-бу ёққа ўтди. Синчиклаб қарайди. Билмадим, менгами, Марямгами? Қўрқаманки, кўзлари Марямда! Тошкент савдогарлари олифта бўлади. Оврўпа хотинларини яхши кўрадилар. Йўлдан уришга ҳам эпчил, дейдилар… Менга катта ташвиш ортди. Эшикни беркитиб қўйдим… Хона ичи дам. Марям ўнғайсизлана бошлади. Эшикни қайтадан очиб қўйишга мажбур бўлдим». М а р й а м. «Жакоб мени севадиганга ўхшайди. Севмаган одам мундай қилмайди. Оҳ, агар рост бўлса! Чиройли бир сарт йигити бизнинг хонамизга кўп қарайди. Унга қарайдими, менга? Билмайман. Менга қараса керак. Чунки эркак эркакка нега қарасин? Хотя, сартларда эркак эркакни севадиган одат бор эмиш… қизиқ! Жакобчик, менинг севимли Жакобчигим очиқдан очиқ безовта бўла бошлади. Эшикни бир қур ёпди. Кейин мен бир-икки марта оғир «уҳ» тортиб эдим, очиб қўйди. Оҳ, биз хотинлар! Шу сарт йигити тезроқ гап ташласайди. Жакобни яхшилаб синардим. Тезроқ синасам, кўнглим ўрнига тушса. Шу учун йўлакка чиқдим. Очиқ деразанинг орқасида кетсиз чўл, яланғоч саҳро узала тушиб ётади… Қандай тўйдирувчи якнавлик! Ёлғиз бўлсам, илинчагим бўлмаса, зерикиб ўлардим. Томоша бошланди: орқамдан дарров Жакоб чиқди. Ёнимга ўтиб тўхтади. – Ҳаво яхши-а? – деди. – Чакки эмас, – дедим, кулдим. Бу олов билан ўйнашаётган боланинг бепарво кулиши эди… Сарт йигит ҳам дераза олдида эди. Жакоб унинг томонига ўтиб тўхтади. Поезд станцияда бир оз тўхтаб жўнагандан кейин, сарт йигит ёнимиздан ўтди, бизга қўшни бўлган дераза олдида – менинг қаторимда тўхтади. Шундан кейин секингина Жакоб ҳам ўша томонга ўтди. Сарт йигит нега гап ташламайди? Жанжал бўлармиди? Бўлсин! Жанжал қўзғалади, ётади, фақат, уйғониб «ҳой» деган кўнгил жавоб эшитади: «Лаббай!» Менга шу керак. Сарт йигит, у ҳам – азиат! Хотин кўнглини билмайди. Аччиғим келди, уйга кириб эшикни ёпиб қўйдим. Шошма, шошма! Нима гап? Улар иккови сўзлаша бошладилар. Фақат жанжалга ўхшаган ери йўқ… Яна аччиғим келди. Ну, их!..» Ж а к о б. «Хайрият, Марямга эмас, менга қараган экан. Мен билан танишмоқчи бўлганини сўзлади. Танишиб олдик. Тошкентлик савдогар. Финландияга бораётир эмиш. У қайси мамлакат?» М а р й а м. «Жакоб сарт йигит билан қалинлашди. Энди у бизнинг хонада кўп ўтиради. Мен бир чеккада. Ёнимда Жакоб… Жакобчик. Унинг ёнида – йигит. Русчани жуда яхши билар экан бу йигит. Жакобни хижолат қилди. «Хотинингиз билан таништирмайсизми?» деди, шекилли, Жакоб менга қаради. «Бу кишини танийсанми?» деди. Мен қайдан танийман? Қизиқ! Қўлимни узатдим. «Шарафуддин Ходжаев» деди. Қандай қийин от! Жакоб, Жакобчик… Бу бошқа. Ўзи чиройлик нарса лекин». Ж а к о б. «Саволларимнинг жавобини энди топадиганга ўхшайман. Бу йигит жадидларнинг катталаридан бири экан. Энди «империя»ни сўраб олай дейман. Шундай гапларни гапирадики, кўзим пиёладай бўлди. Мен уйқуда эканман… ғафлат босган экан бизни. Миллат деган нарсамиз бор экан, биз – омилар уни «фуқаро» деб юрганмиз. Бу йигит «миллат» деган вақтида аллақандай ширин эшитилади. Лекин «бу киши кимингиз?» деб сўрагани ёмон бўлди. Нима деб жавоб беришга ҳайрон бўлардим. Ҳали жавоб тополганим йўқ эди. Ўзи ёрдам қилди: «Аҳлиянгизми?» «Ҳа, аҳлиям». Қутулдим! Ундан кейин бизнинг хонага кириб ўтириб, «Аҳлиянгиз билан таништириб қўймайсизми?» деди. Мен Марямдан «танишмисан?» деб сўрагунимча бўлмай, Марям қўл узатиб ўтирибди. Кофирнинг қизи! Ўрганиб қолгансан-а! Хайр, майли, мен бу йигитга ишонаман. Унинг бошида хотин савдоси борлигини пайқаганим йўқ. У ўз «миллати» билан овора. Ҳаддидан ошиб кетса, биз оддий халқ, мушт ҳам кўтара берамиз!» М а р й а м. «Сарт йигити бало бўлди. Жакоб эртадан кечгача ўша билан гаплашади. Мен ҳеч нарса англамайман. Ўз тилларида газетлар ўқишади. Йигит ўрисча газетларни ўқиб тушунтиради. Бир томондан олганда, бу яхши: Жакобнинг фикри очилади. Одам бўлади. Маданийлашади. Фақат, мен уни шу ёввойи ҳолида ҳам севаман, шекилли. Зерика бошладим. Нима қилсам? Китоб топиб ўқий. Жакобнинг юзида ва кўзида ўйчанлик аралаш бир табассум пайдо бўлди. Диққат қилдим: кўнглида ажиб бир олов ёна бошлаганга ўхшайди. Оҳ, ё раббий! Мени севган кўнглидаги муҳаббат олови эмасми? Фақат… ундай бўлса, у ажиб ва ширин кулиш билан кулган кўзлари нима учун менга эмас, бошқа ёқларга, олисларга қарайди? Бошқа севгининг олови эмасми? Оҳ, ё раббий! Yo раббий!..» Ж а к о б. «Бу йигит бошқача чиқди. Мен излаган пир шу бўлса-я? Нима учун мен шу вақтгача жадидларни сўкиб келганман? Агар жадид шу бўлса, нимага мен жадид эмасман, нимага мингбоши жадид эмас, ҳамма жадид эмас?.. Фақат, нойиб тўра бойлардан ерларни, заводчилардан заводларни тортиб оладиганлардан гапирди, улар ҳам жадидларга ўхшаган янги бир тоифа эмиш… Йўқ, мен мундан эҳтиёт билан бир сўраб кўраман. Ўзи айтиб берар. Нойиб тўра билан ўртамиздаги алоқани, нойиб тўранинг мусулмон тилига ва хатига омил эканини, унинг «Империя» тўғрисидаги гапларини гапириб бердим. У ҳам гапириб кетди… гапирди… гапирди… оғзидан ажойиб таъсирлик сўзлар тўкилади. У сўзларнинг ҳар бир донаси кўзимдан бир қават пардани сидиради. Очилдим… Умримда биринчи марта янги танишган бир кишига кўнгил сиримни айтиб бердим. Марям воқеасини мендан батафсил эшитгандан кейин калтагина бир сўз қилди: – Сиз энди бу хотинни қўлдан чиқарманг! Бу – бизнинг бошимизда данак чақаётган бир дунёнинг қизи. Биз буларни кўнгилдан ёмон кўрамиз. Булар – бизнинг душманлар! Фақат, булар ҳаммаси, бутун ҳолда – душман! Якка-якка бўлганда, ораларидан дўст топа оламиз. Яхши дўстлар топилади. Жуда яхши дўстлар… У дўстлар билан оғиз-бурун ўпишар экан, уларнинг чангалидан қандоқ қилиб қутулишни бир нафас ҳам унутмаймиз! Сиз уни ифлос чуқурдан тортиб чиқарибсиз. У муни тақдир этади, ўзининг ёш ва тоза кўнглини сизга тутади. Сизга қарашларидан англайманки, унинг кўнгли кўпдан сизники бўлган! Сиз – бахтлисиз. У ҳам сизни энди сиз учун янги бўлган бир дунёга олиб киради. Сиз унда ҳақиқий оналарни кўражаксиз. Миллат болаларининг бахти ҳақиқий, маданий оналар қўлида бўлмаса, бизнинг оқибатимиз ёмон! Сиз ундан кўп нарса ола биласиз. Сингилларингиз, қизларингизни шуларга ўхшаб тарбия қилсангиз, шундагина вазифангизни бажарган бўласиз! Эскиларнинг тили билан: «қўшоқ қарингиз!» дейман… Қўшоқ қарингиз – миллатнинг, миллат оналарининг саодати учун!.. Бизнинг тилимизни биладиган амалдор ошнангиз тўғрисига келсак… Бизнинг мамлакатимизга рус ҳукумати бир «мустамлака» деб қарайди, яъни мамлакатларнинг ўгайи сингари… Шу учун бу ерга яхши амалдорни юбормайди. Битта-яримтаси адашиб келиб қолмаса… Улардан бизга дўст йўқ… Бизнинг дўстимиз – ўзимиз! Бизнинг дўстимиз – миллат! Улар – миллат душманлари… Биз уларга – душман! Шуни унутмангиз! Мамлакатнинг тарихи, адабиётига оид қимматбаҳо асарларни текинга бериш ҳамда бир рус амалдорига бериш, билмадим, нимага тенг? Менча, бу – миллатга хиёнат! Ундай асарларни сиз тўплангиз, миллий кутубхона ташкил қилайлик. Тўғри йўл – шу! Биздан неча баравар кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб, ўз давлатлари ила Овропанинг, шу маданий Овропанинг марказида, яъни киндиги сингари жойда яшайди. Тошкент трамвайини ўшанақалар айлантиради… Бизнинг бахтсизлигимиз – нодонлигимизда, холос. Миллат уйғонсин, кўзини очсин, ўқисин, билим олсин, маданий миллатлар қаторига кирсин, сўнгра у ҳам ўз давлати, ўз бахти, ўз саодатини қуради. – Миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси. Мана, сиз, анча эслик, ҳушёр, зийрак одам кўринасиз. Иш биласиз экан. Давлатингиз бор экан. Фақат биргина айбингиз шуки, замон аҳволидан хабардор эмассиз. Газет ўқимайсиз. Шу замонда мундан ёмон гуноҳ борми? Қандай яхши газеталар бор. Оренбургда, Қозонда, Уфада, Бокуда, Астарханда, айниқса, Москавда, уруш битгандан кейин четдан олдириб ўқинг! Боқчасаройга беш сўм пул юборсангиз, бир йилгача ҳар куни «Таржимон» келади. Биласизми, «Таржимон» нима дейди? Шу ерда мен унинг сўзини бўлиб, дедим, чунки жуда пайти келган эди: – Бойларнинг ер-суви, заводчиларнинг заводлари олиниб, яланг оёқларга берилсин демайдими? Шуни айтиб берсангиз. – Сиз социалистларни айтасиз, – деди, – бизнинг орамизда социалистлар йўқ. Биз социалистлардан йироқмиз. «Таржимон» нима дейди? «Таржимон» – жадид газетларининг отаси, Исмоил бобойнинг газети. Энг эски газет… «Тилда, фикрда, ишда бирлик!» – дейди, яъни биз мусулмонлар, турк халқлари, бир тил билан гапирайлик, бир фикрда бўлайлик, бир иш қилайлик, дейди. Мундан яхши нима бор? Бойларнинг ерлари, заводчиларнинг заводи, фабрикачиларнинг фабрикалари билан бизнинг ишимиз йўқ. У уларнинг ўз ишлари. Биз ўқийдиган газетларнинг ҳеч бири ундай демайди. Улар қайта: «Бой бўл! Завод сол! Фабрика оч! Беш минглаб, ўн минглаб рабочи ишлат! Миллий саноатни ривожлантир!» – дейди. «Вақт» газетасининг мутасаддиси ким? – Рамеев. Биласизми у ким? У – миллиончи. Тилла конлари бор. Жадидлардан қўрқманг. Миллатни билинг, танинг, унга хизмат қилинг. Шу билан сиз ҳам жадидсиз. Номингиз миллий тарих бетларига олтин билан ёзилади. Ким пул топма дейди сизга? Мана, мен: Финландияда магазиним бор, Петербургда магазиним бор; ҳар йил ярмаркага бориб иш қиламан. Францияда Лион, Германияда Ҳамбург шаҳарларига бораман. Тери, мўйна, маҳаллий саноат молларини ўтказаман. Дунёнинг пулини топаман. Фақат, менинг ўғлим улоқчи от миниб пойгаларда юрмайди, мендан пул олиб қимор ўйнамайди, менинг топганимни бесоқолга, фоҳишага бермайди. Ўқийди, билим олади, одам бўлади, маданият касб этади. Бир укам – Финландияда, Ҳелсингфорс гимназиясининг 5-нчи синфида. Бир укам – Уфада, машҳур Олия мадрасасида. Акамнинг бир ўғли – Тошкент Реал мактабида. Ўз ўғлим ҳали кичик бола. Финландияда, махсус муаллим солиб берганман, ўқийди… Энди бу жадиднинг гапдан тўхташини истамай қолдим…» М а р й а м: «Жакоб мени унутди. У ҳалиги сартнинг афсуни остига тушди. Нима қиламан мен? Хайр, майли, чидайман. Маданий Жакоб, албатта, тил билмас, ёввойи азиат Жакобдан яхшироқ. У мени хандақдан тортиб чиқарди, энди менинг сабабим билан ўзи ҳам маданий одам бўлиб кетса – қандай яхши! Фақат, зерикдим. Китоб олдим. Журнал олдим. Ўқидим… Ўқийман… бўлмайди. Йўл узоқ. Якнав манзаралар… Зерикишдан бўғиламан… Жакобнинг бўйинига осилиб бўғсам дейман! Ниҳоят, бир рус хотин билан танишдим. Эри Тошкент шаҳрида адвокат экан. Оналарини кўргали Москавга кетаётир. Энди менга ҳам сўзлашадиган одам топилиб қолди. Биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳ.к. гапларимиз… севги тўғрисида бўлди!» Ж а к о б. «Қизиқ: гап деган нарса шунча таъсирлик бўладими? Кечагина мен «жадид» деган сўзни эшитсам, белим қайишарди. Юртимизнинг катта, обрўйли, эслик одамлари ҳаммаси жадидларни ёқтирмасиди. «Жадид кофирнинг ашаддийси» дерди Шаҳобиддин домла. Газет ўқийтурган битта муллабаччани мадрасадан расво қилиб ҳайдаган эди. Шаҳардаги катта бойларимиз бўлса улар тўғрисида «тирранчалар», «ҳаромилар» демаса гапиролмасиди. Мана, мен энди жадидни кўриб ўтирибман. Эрта-кеч гапига қулоқ соламан, қулоғимни унинг оғзидан узиб ололмайман… Бир ёмон жойини кўрганим йўқ. Гаплари ҳаммаси маъқул. Бировнинг мол-мулкига чанг солатурганга ўхшамайди… Ўзи ҳам бадавлат одам. Ҳалол касб қилиб пул топишни, дунё орттиришни билар экан… Бу ёмонми? Агар жадид шундай бўлса – мен ҳам жадидман… Фурсатни тўғри келтириб туриб: – Империя нима дегани? – деб сўрадим. – Нега сўраб ётибсиз? – деди. – Ўзингиз билган амалдор ошнам бир кун «Империя ботиб боради» деди, шунда жуда хафа бўлиб гапирди. – Унинг Империя дегани ўрис подшосининг қўл остидаги юртлар. Унда ҳар қайси миллатдан бор, шу қаторда биз шўрликлар ҳам бормиз. Улар, уруш муваффақиятсиз битса (шу сўзини тушунолмадим), ўша юртларнинг парча-парча бўлиб бўлиниб кетишидан қўрқадилар. Русияни, шу қулоч етмас кенг ўлкани, қилич кучи билан, қозоқ ўриснинг найзаси билан қўрқитиб, бутун ҳолида қиёматгача ушлаб қолмоқ истайдилар. Соғим сигирни ким истамайди? Оппоқ, ширин сути бор… – Ниманинг сути бор? – деб сўрадим мен. Кулди. – Сиз-биз соғим сигирмиз, бизнинг ширин сутимиз бор, руслар ва бошқа ажнабийлар «бизни» эмиб ётадилар. Бир биз эмас. Қарангиз: Ҳиндистон, Шарқий Туркистон, Тунис, Жазоир, Мағрибистон, яъни Марокаш… Миср ҳам Англия қўлига кириб битди. Энди аста-аста Туркияни бўлаётирлар. Бутун ислом олами, мусулмон ўлкалари бирма-бир ажнабийлар қўлига ўтаётир. Қарангиз: Эронни, бир томондан бизнинг иванлар, бир томондан – «Маккор Албиён» уз нуфузлари остига олдилар. У гапиради, гапиради. Мен ҳайрон бўламан. Мунча номларни қайдан билади? Ҳаммаси қандоқ қилиб эсида туради? Ҳаммасини ўз кўзи билан кўрганми? Yo мени лақиллатиб, ўз ичидан чиқариб айтадими? Ҳали Финландияда бир шаҳарнинг номини айтди, тил ўлгурни бир мундай эпга келтириб айтиб бўлмайди… Ҳар қалай, бу хотин менга ҳеч нарса бермаганда ҳам розиман. Кўзимни тўсиб ётган пардаларни олиб ташлади-ку. Фақат… Марям аллақайси бир уйда бир хотин билан танишиб олиб, бизга ўхшаган суҳбат бошлади. Бир хабар олиб қўяй, суҳбатларига бирорта бегона эркак ораламадимикин? – Мен бир хотинимдан хабар олиб келай! – дедим. Ёнидан жилдим. Борсам, Марям китоб ўқиб ётибди, нариги диққат билан қулоқ солади. Бир эркак бор, юқори сўрида ухлаб ётади. Хайр, майли, зерикмасин бечора Марям. Яна жадиднинг ёнига қайтдим. У бирданига сўраб қолди: – Сизнинг мусулмон хотинингиз ҳам борми?! – Бор… йўқ, янглишдим: бор эди… – Ҳар ҳолда, мусулмон хотин билан туриб кўргансиз-ку?! – Ҳа… албатта. – Энди, мана, тарбиянинг нималигини ўз тажрибангиз билан биласиз. Тарбиясиз, онгсиз ва нодон мусулмон хотин билан тарбиялик маданий оврўпалини солиштириб кўрасиз. Фарқ ер билан осмон қадар! Дарҳол билинади. – Ҳали ҳам ўғлимни ўрис мактабига бераман деб қўйдим. – Бу фикрингиз хато. Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танитгандан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин (бу одамнинг гапларида шунақа мен англамайдиган сўзлар кўп: у ўзи ўйламасдан гапириб кета беради. Тез-тез тўхтатиб сўрашга мен уяламан. Баъзи сўзларни англамасам-да, ҳамма гапларини англайман. Газет ўқий берсам тушуниб кетарман). Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чекасидаги Амриқога юбориб ўқитиш керак… Ўрусларда илм кўп. Ўруслар – мутараққий миллат. Лекин улар ўзлари ҳам асл илмни ўша ёқдан оладилар. – Шундайми? – Шундай. Мана бу уруш тугасин, Финландияга бир келинг. Ундан нари биргалашиб Германияга ўтамиз, Францияни кўрамиз, Англияни томоша қилиб келамиз. Шундан кейин жадидларнинг нима демоқчи бўлганини биласиз… – Мен ҳали ҳам сизнинг гапларингизга қойил келиб ўтирибман… – Қойил келган бўлсангиз, миллатга хизмат қилингиз, ғафлатда қолган халқни уйғотингиз, янги мактаблар очингиз! Болаларингизни янгича ўқитингиз. – Албатта, албатта. Бундан кейин шундай қиламан энди. Кўзим очилди… мен ҳам тараққий қилиб қолдим… Миллатни одам қилишга уринаман энди… – Ҳаббаракалла! Сиз Абдисамат мингбоши деганни танийсизми? – Ўзимизнинг Абдисамат калми? Танийман. Қишлоғи бизга яқин. – Ана, ҳақиқий миллат ходими ўша! Ҳамма мингбоши ва амалдорларимиз ўша одамга ўхшаса, миллат тез тараққий қиларди. – Қизларини янгича ўқитади деб эшитаман. – Қизларини янгича ўқитиш учун Уфадан махсус муаллима олдирган. Ҳозир ўша муаллимага ўз уйида янгича қизлар мактаби очиб бермоқчи бўлибди. Яқинда юқорига ариза бериб, «усули жадид» мактаби очишга рухсат олди. Тошкентдан биз муаллим жўнатдик. У одам – миллатнинг отаси! Ҳаммамизнинг отамиз! Кўрсангиз, салом айтинг. Ҳамма жадиднинг орзуси ўша одамни бир кўриш! Марям чақирди. Билмадим, нима гап. Бу тўйилмас суҳбатни бўлиб чопдим». М а р й а м. «Қарта ўйнаб-ўйнаб зерикдим. Жакоб мендан тамом кечиб юборди… Жинимдан ёмон кўраман у маданий сартни! Ер ютсин уни! Қартада фол очсам, бир-бир кетин «бахтсизлик» (несчасте) чиқади. Қўрқиб қолдим. Демак, менинг Жакобимни тортиб олажаклар! Маданиятдан ёмон нарса борми экан дунёда? Ҳатто маданийлашган сарт ҳам эртадан кечгача валдирашдан бўшамас экан… Чидаёлмадим. Чақирдим. Келса, чинакам гаплашиб, масалани ҳал қиламан. Ана, келаётир… келди. Жакоб!!» Ж а к о б. «Уйга келиб киришим билан, «Жакоб!» деб бўйнимга осилди. Эшик очиқ, ҳамманинг кўзи бизда! Ана, ҳўнграб йиғлай бошлади! Бошимга бало бўладиганга ўхшайди. Менинг фикрим ҳозир бошқа ёқларда, бошқа кўчаларда. Марям муни билмайди… Ҳар қалай, силаб-сийпаб юпатдим. «Бир оздан сўнг қайтиб келиб, туни бўйи сен билан гаплашиб ўтираман» дедим. Кулимсиради… Йўқ, шу кулимсирашидан кечиб кетолмайман!» М а р й а м. «Ҳеч нарса деёлмадим, тилим тутилди… Бўйнига осилиб йиғладим. Эркалатиб, юпатиб, ваъда бериб кетди». Ж а к о б. «Москавда бир-икки кун тўхтаймиз. Шу вақтда Марям масаласини бир ёғлиқ қилиш керак. Шунга жазм қилдим. Унгача Марямни юпатиб бориш керак. Марям масаласи – кичкина масала. У осон ҳал бўлади. Аммо миямда пайдо бўлган фикрлар мени қаерга олиб боради? Шунга ҳайронман». М а р й а м. «Жакобчикнинг менга муомиласи ўзгарди. Қандай бахтлиман! Фақат… «У менинг кимим, нимам? Уни мен севаманми?» деган саволлар миямни тинталайди. Кейинги саволнинг жавобини ўзим беришим керак. Энди бу тўғрида қатъий бир фикр айтадиган вақт келди. Соддалик бас энди! Бир нарса дейишим керак. «Севаманми, йўқми?» Ўзимга берадиган жавобим Москвагача берилмаги лозим!» Ж а к о б. «Оренбургдан жўнаб эдик, ширин сўзли «жадид» шаҳарни кўрсатди. Қарадим. Шаҳар орқада қолган эди… – Бу ерда бир мадраса бор. Номини “Ҳусайния” дейдилар. Уч қават, европача иморат. Унда жадид илмлари ўқилади. Биласизми уни ким солдирган? Жадидларнинг энг катта отахонларидан Аҳмадбой Ҳусаинов… Жуда бой одам эди. Усули жадид мактабларига кўп пул сарф қилди. Миллатга қилган хизмати саноқсиз… Бизда ҳам шундай бойлар бўлса? Анжонда Миркомилбой бор. Эшитгандирсиз? Миллат йўлига бир чақа бермайди. Жоҳил!..» – У нима, бир оми эшак-да… – дедим мен. – Тараққий қилган эмас… Газет ўқимайди… Темир кўприкдан ўтиб, daraxtzor ичига кирдик. Ўрмон дарахтлари сарғая бошлаган эди. – Менга қаранг, – дедим мен, – жадидлар ҳам «бойларнинг ер-суви олинсин» дер эмиш-ку?! Биров менга шундай деди, жуда ишонтириб айтди! – Йўқ, йўқ! Асло! Илгари хам айтиб эдим-ку: улар – социалистлар. Жадидлар социалист эмас. Асло! Асло! Эндигина Аҳмадбой Ҳусаинов тўғрисида гапирдим. Шундай одам жадидларнинг отаси саналади… – Ундай бўлса, жуда яхши, – деб қўйдим мен. – Ори рост, – деди жадид. – Илгари жадидлар орасида ҳам, ҳалиги айтганингиздек, социалист бўлиб юрганлар бор эди. Чунончи, татарлардан Аёз Исҳоқий. У бир неча йил бурун бойларга қараб аюҳаннос тортарди. Ҳозир Москавда бойлардан ёрдам олиб газет чиқаради. Холисанлилло миллатга хизмат қилади… Москавга борсангиз ўша газетни топиб ўқинг… «Сўз» газети… жуда яхши газет! Кўнглим бирмунча тинчланди. Жадидларга энди ишониб қолдим. Улардан ёлғончи чиқмайди. Яхши одамлар! Марямга ваъдам бор эди, вагонда чироғлар ёқилгач, хайрлашиб уйимга кетдим». М а р й а м. «Бу кеча Жакоб мен билан бўлди. Чала-чулпа у гапирди – мен англадим, чин кўнгилдан мен гапирдим – у англади. Англашдик. Қандай бахтлиман мен! Ҳеч шубҳа йўқки, Жакобнинг ўхшовсиз кўзлари бор… қоп-қора, ўйноқ, жонли! Йўқ! Мен у кўзлардан кечиб кетолмайман!.. Нима бу? Иқроримми? Севганимни иқрор қилдимми шу билан? Севаманми мен уни? Севаманми? Йўқми? … Севаман! Лекин… у севмаса? Мендан оладиганини олиб қўлимга чек узатса? Муни ўйлашдан ҳам қўрқаман! Лекин… Севишга ҳаққим бор! Севаман! Нарисини билмайман!..» Жакоб. «Жадид яна Марям масаласига тўхталди. Кўп гапирди. – Юртингизда қолган болаларингизнинг тарбиясини шу хотинингизга топширинг! Одам бўлади улар. – Миллий мактабда ўқимаганлар-ку?! – дедим. – Ундай бўлса, давлатингиз бор, хусусий бир муаллим ё муаллима олинг. Тез бўлади. Сиз агар Қримга борсангиз, Боқчасарой деган ерга тушинг. «Таржимон» газетасини излаб топинг. Ўша ердаги устодлар билан гаплашинг. Балки, муаллим, муаллима хусусида сизга ёрдам берадилар, йўл кўрсатадилар. Қўлимга газетнинг номини ёзиб берди. Мусулмонча хати хунук экан… Марям масаласини Москавда ҳал қилишга тўғри келади. Янги кўришган куним чизилган режалар бузилди… Энди уни Москавда ташлаб, ўзим яна ўз юртимга қайтиб кетсамми? Жадиднинг сўзлари мени қўзғатиб қўйди, унинг сўзларини мен ҳам бошқаларга худди ўшанинг ўзидай чиройлик ва таъсирлик қилиб гапирсам дейман. Одамларнинг кўзини очсам дейман. Йўқ… бўлмайди. Марямни ташлаб кетиш қўлимдан келмайди. Шошма, жадид домла ҳам Марям тўғрисида кўп нарсалар деди-ку! «Миллат оналари етказиш учун ғайримиллатнинг оналаридан ўрнак олайлик» деди. Ҳали Марямнинг ўрнак бўлиши бор… Йўқ, уни ташлаб бўлмас. Қани, Москавга борайлик-чи. «Эртанинг ғамини эшак ейди». Ана, Москав атрофидаги ёзлоқлар ҳам бир-бир кетин ўта бошладилар». М а р й а м. «Москвага яқинлашиб келамиз. Ана, дачалар… баланд иморатлар… катта шаҳар… Фақат, кўнглимни бир қистов, бир хафалик чангаллайди. Алланарсанинг белгисиз ташвиши, андишаси бор… Нима у? Айрилиқ! Йўқ, мен айрилиб кетолмайман!» Ж а к о б. «Озода мусофирхоналардан бирига тушдик. Иккимиз икки хонадамиз. Марямнинг кўзларида ҳақорат қилинган бир қараш пилпиллайди. Бечора… Жадид кетди. У билан вагоннинг ўзида хайрлашдим. Шундан кейин кўрмадим. Энди, унинг ширин овози қулоғимдан йироқлашгач, таъсирли сўзларининг шошилиш оқими узилгач… у сўзларни эс тарозисига солиб кўраётирман. Ростми у гаплар? Ёлғон эмасми? Бир мусулмон одамни дин йўлидан, ота-боболар, бурунгилар йўлидан чиқариш учун ғайридинлар томонидан қурилган тузоқ эмасми? Бу йигит намоз-ниёзни билмайди. Қиёфатида мусулмонлик асари йўқ… Домлаларимизнинг айтганлари ростми экан? Нега мен у йигит билан баҳс қилишмадим? Йўқ, у билан баҳслашиб бўлмайди. Унинг гапларига гап топиб жавоб бериш қийин. Унинг гапларига ҳеч ким жавоб айтолмайди. Қани, кўрайлик, нима бўлар экан. Қримга бормай иложим йўқ. Мен Марям учун бўлса ҳам бораман. У ерда жадидларнинг катталари бор эмиш. Уларни кўраман, гаплашаман. Агар жадидларнинг асоси пуч бўлса, Халифайи Рум жадидларга тарафдор бўлармиди? Ҳамма тартиб, низом ўша томонда дейди-ку. Янгича ўқиш Румдан келган… калта кийим Румдан чиққан… румча ёқалар ўша томондан келиб расм бўлган… Ғалати аҳволга тушиб қолдим мен. Миям ғовлаб кетмаса деб қўрқаман. Илгари тинчгина пул топишимни билардим. Ота-бобомиз юрган йўлдан бора берардик. Энди аллаким чиқиб, «ота-боболарнинг йўли эгри эди, тўғри йўл бу ёқда!» дейди. Одам ишонадиган қилиб айтади. Шу икки йўлдан бирини танлаб олишим керак. Бирданига икки йўлдан юриб бўлмайди. Яна жадидлар билан кўп сўзлашмоқ керак. Газет ўқиш керак. Ҳар кун-ҳар кун янги-янги газетларни ўқиш керак. «Москавда яхши газет бор» деган эди, шуни ахтариб топай. Янгича китоблар топиб олиб, уларни ҳам таталаб кўрай. Майли, ишқилиб, кўзим очилсин. Билинмаган нарсаларни билай. Кўп нарса ўрганай. «Билган билмагандан яхши» дейди жадид. Мана бу гап – ҳақ, лекин!» Марям. «Москвагача Жакоб мен билан бўлди. Муомаласи бутунлай ўзгарди. Қарта, ўлгур, алдадимикин? Ўзим янглиш очдимми? Yo тескарисига айтадиган қартамикан? Фақат, нима учун номерда икковимиз икки хонага тушдик? Демак, Жакоб мен билан айрилишмоқ истайди. Агар кўнглида муҳаббат бўлсайди – шаҳарда уч кеча бирга бўлдик, йўлда олти кечани бирга ўтказдик – менга яқинлашарди. Мен қаршиманми яқинлашса? Yo пул бериш керак деб қўрқармикин? Мен ҳозир пул деган нарсани ўйламайман. Истаса, ўз пулларимни ҳам бераман. Фақат, ҳайдамаса бўлди! Мен шошиб қолдим. Нима қилишимни билмайман. Бу Жакоб жуда берк одам, ҳеч нарсасига тушуниб бўлмайди. Японларни шундай бўлади, дердилар. Бу ҳам Осиё боласи эмасми? Ҳаммаси бир бало!.. Хўп… иккимиз бир хонага ҳам тушдик, у келиб мени ўпди ҳам дейлик… қучоқлади ҳам дейлик… Албатта, у ҳолда мен ўзимни тутолмайман… у ҳам тутолмайди… Фақат, натижа? Натижа нима бўлади? Одатда, эркаклар шундан сўнг совунадилар. Бу ҳам совунса… Қўлимга чек узатса… Хайр-маъзур дегани бўлади! Йўқ, йўқ! Чеки қурсин! Пули қурсин! Истамайман!.. Чора нима, чора? Билмайман… Менда нима ихтиёр? Мени сотиб олган у, пул унда… Ихтиёр унда… Ўшанинг оғзига қарайман-да. Кет дермикин ўша оғиз? А?!» Жакоб. «Қрим санаторияларидан иккитасининг адресини олдим: «Икки кишилик жой борми?» деб телеграмм бермоқчиман. Телеграммни ёздирай деб эдим, бўлмади… Чунки икки жойми, бир жойми? Илгари Марям масаласини ҳал қилиш керак. Мен учун-ку, у масала ҳал бўлган, фақат у нима дейди? «Пулимни бер, кетаман» дейдими? Yo мен билан умр қилишга унайдими? Ҳозир бориб тўппа-тўғри сўрасамми? Сўрай. Йўқ! Сўз билан сўраш бўлмайди… Қани менинг чек дафтарим? Ҳа, мана. Ўрусча ёзишни билмайман-ку. Бўлмаса, сифрини ёзиб тагига қўл қўяй… бўлди!» М а р й а м. «Жакобни куни бўйи кўрмадим. Овқатдан кейин ўз уйига чиқиб кетди. Анчагача кутиб ўтирдим, кирмади. Нима бўлади бу ишларнинг охири? Мен ҳайдаладиган бўлдимми? Ўзини бу қадар четга олишидан, оғир ўйчанлигидан қўрқаман. Соат неча? Ҳў-ҳў… 11 га яқинлашибди. Кеч кирганда ёмон ухлабман. Жакоб ётиб қолгандир энди? Эрта билангача яна жудолик! Энди ўрнимдан турсам… бир ваннахонага чиқиб… яхшилаб ювинсам. Ундан кейин бир нарса еб… пастга тушсам… Зерикдим. Бахтим йўқ менинг! Хазон вақти… табиат аста-аста ўлиб боради… Шундайда менинг ўлук кўнглим тирилди. Яна ўлиш учунми?.. Бир яхши совуқ сувки! Роҳатлар қилдим. Бу нима? Yo тавба! Мен чиқиб кетгандан кейин Жакоб кирганга ўхшайди… Чек! Тамом! Шўрим қуриди…» Ж а к о б. «Бир қучоқ газет олиб келиб ўқидим. Тили ғализроқ… тез чарчайман. Шу кеча Марям билан бирга ётиб, эрта билан қўлига чекни берай деб эдим, кейин мулоҳаза қилдим: мундан «Ишинг битди. Хайр энди!» деган нарсани англамасин, дедим. Чекни аввал бердим. Англармикан? Бир оздан сўнг уйимни қулфлаб ёнига бораман». Марям. «…Қанча йиғласам, шунча дармоним қурийди. Қрим саёҳати пешонамга ёзилмаган экан. Бир кеча-икки кеча, кет дегунча, бирга бўламан. Мендан оладиганини олади… Сўнгра пулни олиб чиқиб кетаман. Яна бурунги хуля: Петроград. Германия… акам. Фақат у хулядан шу қадар қўрқаманки! Нима қилай, сарт йигити йўлдан урди. «Сарт хотинингни ташлама!» деди, шекилли, тағин зиёли. Иблис! Мен қароримни бердим, қатъий қарор: мен уни севамн. У мени қуваётир. Майли, бир-икки кун тамоман меники бўлади. Севган одамим билан икки қиёмат кечани ўтказганман деб, шунга қувониб юрарман! Бўлди! – Тухум қовурмасими? Майли, беринг. Бир шиша портвейн ҳам қўшиб келтиринг! – дедим хизматчига. Оҳ, май! Кўнглимда бир нашъа пайдо бўлди. Негадир севинаман. Эшикни чертдилар. Ким у? Жакоб!..» Жакоб. «Кирганимда кечки овқатни еб битирган экан. Май ҳам ичибди. Ўзи хурсанд! Тушунганга ўхшайди. Шунда ҳам шошилмоқчи эмасман. Илгари бир олдидан ўтиб, баъзи вазифаларни бўйнига қўйиш керак деб биламан. Туриб келиб бўйнимга осилди. Мастлик билан жуда қаттиқ, жинниларча осилди. Мен ҳам муқобала қилдим… Фақат бироздан сўнг қўлини бўйнимдан олиб қўйиб: – Ўтир, – дедим. – «Мени қувма, Жакоб! – деди. – Мен сенга бир-икки кечалик меҳмонман! Шу икки кечанинг ихтиёри менда! Мен – жинланганман, мен – ўтман, оловман! Қарши келма менга!» Кулдим. – Мен сенга хотин бўл деб таклиф қилмоқчиман. Сен нега меҳмонман дейсан? Yo мен билан бирга яшашни истамайсанми? Ранги ўчди. Кўзлари ёшланди. Қалтироқ босди. Нафаси ичига тушди. Ёнига ўтиб эркалатдим. Сўнгра ўзига келди. – Ўнгимми, тушимми? – деди. – Рост айтасанми? Yo ҳазилми? Мунақа ҳазиллар одамнинг ўлишига сабаб бўлади, Жакоб! – Биласанми, Марям, менинг икки қизим, бир ўғлим бор. – Бўлсин. – Катта қизим 12 да, қолганлари ундан кичик… – Жуда яхши. – Болаларнинг саодати учун хотинга жавоб беришга тўғри келади. Бошқа чора йўқ. Қизларни-ку бермас, ўғлимни оламан-у, тарбиясини сенга топшираман. Нима дейсан? «Рост айтасанми» деганни қилиб кўзимга қаради. Мен «рост» деган маънода бош тебратдим. – Мен сеникиман. Нима десанг шу! Икки кишилик жой сўраб, санаторияга шошилиш телеграм жўнатдик. Дераза ёнидаги кенг ва юмшоқ курсига ўзимни ташладим. – Энди меники бўлдингми, Марям? – дедим. Тотли-тотли кулимсираб келиб қаршимда тўхтади: – Кўришган кунимиздан бери! – деди. Ўзи жуда сокин ва ювош эди. Телбаларча қутуришлари кўринмасиди. Кўп интизордан сўнг севганига қовушадиган ҳароратли жувонга ўхшамасиди. Нечундир кўпдан бери эр билан яшаб келган бир оила хотинининг сокинлиги бориди. Илиқ сокинлик… – Тугмани бос, – дедим. Хизматчи келди, соат 11 бўлиб қолганига қарамасдан, ваннани қизитишга буюрдим. Номер халқи пулни яхши кўради. Битта уч сўмликни олиб, бир нафасда ҳозир қилди. Марямнинг пардози узоқ кетишини билганим учун бемалол ювиниб чиқдим. Мен чиққунча Марям кийиниб бўлган эди. – Соат неча? – деб сўрадим – 12 дан бир оз ўтибди. : – Қани, юр бўлмаса! Кўзлари олайди! – Қаерга? Ярим кечада-я? – Юрабер, сен меникисан. Яна тотли-тотли кулди. Москавда нўғойларнинг мачити борлигини тошкентлик йигитдан эшитган эдим. У йигит шуни айта туриб ҳам жадидлигини қилди: «Кўрдингизми, – деди, – динли бўлиш либосга қарамайди. Бизнинг жоҳил уламо кимнинг салла-чопони бўлса мусулмон дейди. Ҳолбуки, мусулмонлик кийимда эмас, қалбда, дилда. Рус тилида бўлса ҳам беш вақт намозларини тарк қилмайтурган мусулмонлар бор». Ярим кечаларда биз – икки телба таъқибдан қочган ўғридай Москав кўчаларида от қўйиб кетдик. Имомни уйғотиб чиқдилар. – Никоҳ, ҳазрат, – дедим, нўғойлар домлаларни «ҳазрат» дер эканлар. Бир менга, бир унга қаради. – Сиз-ку мусулмонсиз, биламан. Бу хоним мусулмонми, йўқми? – деб сўради. – Ҳали ҳозирча йўқ. – Қандай бўлар экан? Уйқули кўзлари билан менга қаради. Битта ўн сўмликни узатдим: – Мусулмончилик – аста-секинлик, ҳазрат. Аста-аста йўлга солиб оламиз. Пулни олиб, докторлар сингари қарамасдан киссасига солди: – Воқеан, – деди ҳазрат, – шариатда ҳам жавоб борку-я… Кўп ўтмасдан сўфини чақириб чиқди. Уни шоҳид қилиб туриб никоҳимизни ўқиди. Сўфига ҳам бир нарса бердик. Шу билан менинг номим ўзича қолиб, янги хотинимнинг номи «Биби Марям Ойша қизи» бўлди… Ойша қизи билан эр-хотин бўлиб, уйга қайтган вақтимизда соат иккига яқинлашиб келарди». М а р й а м. «Yo раббий! Никоҳ ўқитиб келдик, никоҳ! Мен агар бошим айланиб йиқилсам, ҳеч бир таажжуб қиладиган жойи йўқ. Мундан бир неча соат бурун кўз олдимда ўлимдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Кўзимдаги туман бошқа нарсани кўрсатмас эди. Ҳолбуки, ҳали ёш эдим ва яшамоқ истардим!» Энди – никоҳ! Никоҳли эр! Манфур ботқоқдан абадий қутулиш! Фақат… қандай никоҳ? Бошқа ва бегона бир диннинг ҳаддан ташқари содда ва ўз умматлари сингари ваҳший никоҳи… На жило, на порлоқлик! На савлат, на ҳашам! Ҳинд фақири қадар содда ва яланғоч… Ўчган ёнар тоғлар каби нурсиз ва зиёсиз. Эскирган кема каби равнақсиз ва аянч… Йўқ! Йўқ! Йўқ! Бу, балки, ҳамма учун – шундай. Аммо мен учун… мен учун ундан иссиқ, ундан ёруғ, ундан порлоқ ва муҳташам никоҳ йўқ! Энди ҳамма изтироблар – орқада, ҳамма қора кунлар – ўтди. Энди у – меники, ўзимники!» Ж а к о б. «Мана, Марям энди меники бўлди. Ўзимники, ўзимдан бошқага тирноғи ҳам тегмайди. Ана у айтгандек, душманнинг бу фитначи қизини қўйнимга оларкан, унинг ҳали ҳеч бир қондирилмаган, чанқоқ ва қизғин лабларига лабларимни қўяркан, миллатни, унинг жоҳил оналарини, бечора қизим, синглим ва опаларимни ўйлашим керак… Одамнинг нафаси шунақа ўткирми? Бир хушмўйлов тошкентлик тўрт кунда мени бошқа кўчаларга буриб юборди! Мен ҳали пухта жадид бўлганим йўқ… Жадидлар тўғрисида гумонларим йўқ эмас. Лекин кўнглим ўша томонга майл қилиб қолди. Мен ҳам энди «миллат одам бўлсин!» дейман. «Ота-боболар йўли ҳақ» дейишга энди тилим бормайди. Жадидларни ҳам «булар – ҳақ!» деб очиқ айтолмайман… Аммо жадидларнинг деганларини бошқаларнинг деганларидан кўра осонроқ ва тезроқ англайман… Yo улар ўзлари шунақа чечан одамлармикан? Бизнинг Шаҳобиддин домла тўрт оғиз гапиргунча одамни сил қилиб юборади. У гапирганда ўз гапига ўзи ҳам ишонолмагандай гапиради… Ҳеч бир таъсири йўқ! Йўқ, бизнинг мусулмонлар ҳам энди тартиб, низомга тушмасалар бўлмайди! Марямнинг кўзларида ғалати бир олов ёнади. Шу топда шу кўзга жон берсам арзийди. Бир ҳафта-ўн кун бурун номерда кўп қатори тасарруф қилган бўлсам, бугун қандай асар қоларди? Ҳеч қандай! Акбарали нечтасини тасарруф қилди? Беҳисоб! Ўзим ҳам беҳисоб тасарруф қилганман. Бугун бир асари борми? Йўқ! Қўл ювиб тўкилган сувдай изсиз-асарсиз ўтди-кетди ҳаммаси… Бу-чи? Бу қаноат орқасида қўлга келган давлат! Бу, хушмўйлов йигит айтгандай, миллат болаларига ҳақиқий оналар қозониш йўлини кўрсатади. Бу миллатга хизматнинг боши, бошланиши!…» М а р й а м. «Жакоб фонарни ўчирган эди, мен яна ёқдим. Бу дафъа у ҳайрон бўлди: унинг кўз олдида бояги чекни майда-майда қилиб йиртдим. У пешонамдан юмшоққина бир ўпиб қўйди. Шундан кейин фонар энди бу кеча ёнмайдиган бўлиб ўчди. Ташқарида телба шамол қутурарди… Майли, қутурсин, менга нима!..» Кеча ва кундуз — 13-боб Султонхон… Зебининг мингбошига унашилганини эшитгандан кейин Султонхон ҳар нарсадан умидини узган эди. Ўша куннинг ўзидаёқ масалани кўндаланг қилиб қўйди. – Мен чиқаман мингбошидан! – деди онасига. – Бошқа эрга тегаман. Устимга кундош келишига тобим йўқ. – Бир оз бардош қил, қизим. – Бардоши нимаси? Пошшахон неча йилдан бери бардош қилиб ёш умрини чиритди. Ўша бадбашара куёвининг юзини ҳам беш ойгина тўйиб кўрган эмас! – Ўшалар ҳам қаноат қилиб ўтирибди-ку, қизим. – Улар эсини еган бўлса, мен еганим йўқ! Менинг эсим бор. Умр деган бир келади. Ёшлик ҳам бир келади. Улар ҳам умрларини, ҳам ёшликларини ўз қўллари билан ўтга ташлар эканлар, мен ҳам шу жинниликни қилайми? Мен ёшман! – Нима қилайлик бўлмаса? – Отамга айтинг. Чиқариб олсин. – Отанг хафа бўлармикин? – Хафа бўлса, чиқариб олмаса – мендан койимасин. Шундай ишларни қилайки, бошини кўтариб юролмайдиган бўлсин! – Ҳай, ундай дема, қизим. Яхши ният қил. – Ниятим яхши. Севмайдиган эрдан чиқиб севадиганига тегаман, дейман. Нимаси ёмон? Иккита опам бир яхши ўз тенги билан умр қилиб ўтирибди-ку. Менинг айбим нима? Эртагача отамдан жавоб олиб беринг. Бўлмаса, ҳаммангизни ерга қаратаман! Зарда қилиб ўрнидан турди ва кавшини наридан бери оёғига илиб, онаси ёнидан чиқа бошлади. Бу бир дўқ эди. – Жинни бўлма, қизим, – деб қичқирди онаси орқасидан. – Бугуноқ гаплашаман отанг билан. Тепа сочинг тик бўлмай турсин! – Эртага жавоб кутаман! – деган овоз келди йироқдан. Айб Садриддин чўлоқнинг ўзида эди. Теварак-атрофдан кўп совчи чиқди бу қизга. Ҳаммасини қайтарди. Баъзиларига қиз ўзи ҳам розийди, онаси ҳам йўқ демасди. «Йўқ, – деди Садри чўлоқ, – икки қизимни қишлоқига бердим, биттасини шаҳарликка бераман. Жуда лойиқ-қобил жойини топиб, бадавлат, обрўлик одамга бераман!» Қизнинг ёши ўн еттидан ўтганда она ташвишланди: «Нимага шаҳарликка бераман дейсиз? Қизнинг ёши ўн саккизга кетди. Бекор қаритиб қўясиз!» деб кўрди. Бунга қарши ўжар чўлоқ: «Аввал қуда қилиб, кейинча ўзим ҳам шаҳарга кўчмоқчиман», – деб жавоб берди. Хуллас, унинг ўжарлигини енголмадилар. Қиз чиройлик, оппоқ, дўндиқ ва таърифи бўлганидан чўлоқнинг бу катта умиди анча давом этди. Унинг бу аҳмоқларча ўжарлигини фақат мингбошининг обрўси синдира олди. Мингбошига рад жавоби бериб, унинг қўл остида тинч туролмаслигини билди ва «хўп» деди. Мингбоши таърифига қизиқиб уни олгандан сўнг бир кун ўтмасдан одамларга «қари қиз экан» деб гапирди… Шунда Султонхон ота-онасини қарғаб қанча йиғлаган эди. Ҳозир қиз 19 га етаёзиб қолган. Чинакам, мингбоши янги қайлиқни олиб, муни бутунлай ташлаб юборди. Жабр, ахир, ёш нарсага! Хотинининг маъқул сўзларини қайтаролмаган Садри чўлоқ ўз ўртоғи Абдулла Саркорни мингбошига вакил қилиб юборди. «Шунча йил яхшими, ёмонми – хизматларини қилди. Энди янги канизаклари бор. Мунисига рухсат берсалар. Ёши ўтмай туриб бир жойга берсак». Садри чўлоқнинг элчисига ҳам мингбоши Пошшахоннинг отаси томонидан қўйилган элчига берган жавобни берди. Мунинг устига яна таъна ҳам қилиб қўйди: «Ким оларди энди у кампирни?» Садри чўлоқ бу жавобни эшитгандан кейин аламига чидолмасдан бир оёғи билан диканг-диканг қилса ҳам, тишини тишига қўйиб чидашга мажбур эди. Мингбошига кучи етадими? Шаҳарга ариза бериши мумкин: «Адвокат яхши пул олиб, яхши ариза ёзиб беради. Фойдаси бўладими? Ҳамма амалдорнинг тили бир эмасми? Шунча ариза берганлар нима қилолди? Бу золимнинг жабрига худо ўзи хат тортмаса, бандаси… невлай-да!» Кампир йиғлаб юборди. Енги билан кўз ёшини артаркан: – Қизнинг авзойи бузуқ! – деди. – Мингбошидан чиқариб олмаса, сатанглар билан дўст тутишаман, дейди. Нима қилдик энди? – Нима қилардинг? – деди Садри чўлоқ пастгина овоз билан. – Бардош қиласан, чидайсан. Бошқа иложи йўқ. – Сатангларникига бориб дутор-муторга илашармикан? Ёш нарса… – Ётиғи билан айт: майли энди, вақтини чоқ қилиб юрса юратурсин, аммо-лекин ҳаддини билсин, ҳаддини… Чўлоқ ўрнидан турди. – Вой, ўлақолай! – деди кампир. – Шўрим бор экан! Отаси фотиҳа бермаса ҳам, ёш жувонга ўз кўнглини бир иш қилиб овутмоқдан бошқа чора қолмаган эди. Бу тўғрида унга маслаҳат кўрсатадиган маҳрам ўртоқлари бўлмаганидан ҳамда опалари бири унда, бири бунда сочилиб, ўз-ўзлари билан овора бўлганларидан, овуниш йўлларини қизнинг ўзи ахтаришга мажбур. «Ундан кейин, опаларга ишониб бўладими? Опа – баъзида дўст, баъзида – душман… Сингил ҳам шундай!» Ишни аввал ўзи туғилган уйда бошлади. Мингбошиникига боришни бир ёққа ташлаб қўйиб, ҳар кун ўртоқларини тўплар, ўйин-кулги, дутор, ашулла базмлари қиларди. Кейинча улар билан бирга у ёқ-бу ёққа юрадиган бўлди. Булар ҳаммаси жонга текканда, ўтириб йиғлар, сўнгра мингбошиникига қараб жўнарди. У ерда кўпроқ Умринисабибиникига, Энахонларникига ўтар, қаллоб баққолнинг эгизак қизлари билан толаларга чиқиб ўйнарди. Зеби келин бўлиб келиб биринчи марта шайтонлаганда, яна кураш олови туташди. Умринисабибининг ҳаракати билан тутқалоқ ҳар кун тутадиган бўлди. Бечора соддадил Султонхон ҳовлиқма Умринисабибининг сўзи билан у тутқалоқларга анчагача умид ҳам боғлаб юрди. «Мингбоши, бир жаҳли келса, ҳайдаб солади яшшамагурни!» деб ўйлади. Рашк олови бир оз пасайганда, орқа-олдини ҳам ўйлаб кўради: «Хўп, у яшшамагурни ҳайдади. Яхши! Мундан менга нима? Уни ҳайдаб менга қайтармиди? Яна биттани олади. Мен яна етим бўлиб юра бераман. Майли, ўша яшшамагур билан бўла қолсин!» Бу инсоф овозини бошқа бир овоз чиқиб босади: «Бу ишни қилган Пошшахон билан Хадичахон. Мен у шаҳарлик қиз билан олишмайман. Унга адоватим йўқ. Мен номус кучидан анови иккаласи билан олишаман!» Мана шу овоз уни кўп кучлар сарф қилиб, бир неча кун Зебини шайтонлатдиришга мажбур қилди. У ҳам бир неча кун, холос… Чунки бир-икки кундан кейин ўзи ҳам бу фикрдан қайтиб қолган эди. Иккинчи томондан, иккала катта кундошнинг Зебини юмшатиш учун жуда қаттиқ ҳаракат қилаётганларини эшитди. Энди Умринисабиби билан унинг қизини оёқ бостирмай қўйдилар. Энахонга ҳам катта кундошлар совуқ муомала қилганлар. У энди кам чиқармиш. Ўзи ёлғиз қолган Зеби қачонгача чидаш беролади? Шу билан Султонхон бу курашда енгилганига ўз-ўзича иқрор бўлди. Энди нима қилиш керак? «Яна ўз кайфимга қарайман!» деди у ўз-ўзига. Қандоқ қилиб «ўз кайфига қараш» масаласи осон масала эмасиди. Энди у масалани «қандоқ қилиб ёш умримда орзу-ҳавас кўриб қоламан?» деган шаклда қўйишга тўғри келарди. Сатангларни унча ҳам жини севмас эди. Унинг миясида, бошда чучмалроқ бўлса ҳам, сатангликдан кўра ёмонроқ ва мудҳишроқ қадамларга тортувчи хаёллар қўзғалди… Уч кеча туни бўйи ухламасдан, бутун хаёлига зўр бериб, ағанай-ағанай ўйлагандан сўнг қатъий қарорини берди… ва шу билан тинчланиб уйқуга кетди. Эртаси куни пешингача данг қотиб ухлаганини кўрган кампир ҳайрон бўлди: – Шунақа ҳам ухлайдими одам деган? Тур, айланай, болам. Кўзини очиб бироз қараб тургач, онасини қучоқлади: – Ойи, ўпинг пешонамдан! Менга инсоф кириб қолди. Энди кундошларимнинг ёнига жўнайман. Улар билан апоқ-чапоқ бўлиб яшайман. – Айланай болам, эслик болам, кенжа болам! – деб эркалатди кампир. Ўша куни кечлатиб мингбошиникига жўнади. Ҳакимжоннинг Мирёқубга айтган қуйидаги сўзлари тўғри эди: «Энди бирданига жуда бошқача бўлиб келибди. Дарвозадан кулиб, қувнаб кириб келган эмиш. Ҳамма ҳайрон дейди». Мирёқуб ҳам бекор айтади деб бўлмайди: «Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ишқилиб, мундан қўрққулик!» деган эди у. Икки катта кундош душманларининг бу хилда ўзгариши сабабини билолмадилар. Хадичахон: – Эсини топса топгандир, – деди. Пошшахон бу фикрга қўшилмади: – «Таши ялтироқ, ичи қалтироқ» деган гап бор, – деди у. – Мунинг бу кулишидан қўрқаман! Зебихон билан мунча апоқ-чапоқ бўлиши бекор дейсизми? Хадичахон ўз сўзида қаттиқ турди: – Нима қилсин? Қўлидан нима келади? Куёвингиздан чиқиб бошқа эрга тегаман, деб эди, куёвингиз кўнмади. Отаси қизини ҳар қанча яхши кўрса ҳам, мингбоши билан ўчакишувдан қўрқади. Мингбоши бўлса қайрилиб ҳам қарамайди… Нима қилсин? Қаерга борсин? Ночор-ноилож ўзини хурсанд қилиб юради-да. – Зебихон билан апоқ-чапоқ бўлганига нима дейсиз? Ўзининг ашаддий душмани?.. – У ҳам ноиложликдан, айланай. Бошқа иложи йўқ. Ундан кейин, Зебихон ёмон қизми? Ким ўртоқ бўлишни хоҳламайди? Хушчақчақ, базмбоб, очиқ… – Йўқ, жоним, хом ўйлайсиз. Жуда хом ўйлайсиз. – Кўрармиз. Бир кун маълум бўлади. – Ҳа, кўрармиз. Султонхон бўлса кўзини тўрт қилиб, ташқаридан биронта аризачи хотиннинг кириб келишини кутарди. Мингбошига ариза олиб келадиган хотинлар, аксари, қатиқ, қаймоқ ва қовун-тарвуз сингари нарсаларни кўтариб келиб, уч кундошдан қайси бири учраса, шунга ёлворардилар. – Айланай, ойимпошша, шу аризани эрингизга бериб қўйинг. Ноҳақдан бола-бечорага зулм қилаётирлар… Айланай болам, орзу-ҳавасларингизга етинг, бола-чақа кўринг, тилагингизни берсин худойим! Мингбоши додхонинг хотинлари мунақа ёлворишларга жуда баланддан туриб қарардилар. Аризачи хотинларнинг яхши тилаклари уларни кўпда қизиқтирмас эди. – Ўзига беринг, хола! Биз аралашмаймиз… – Айланиб кетай, сиздан нима кетади? Бир оғиз сўз… Бизнинг қўлимиздан олмайди. – Ў-ўв… хола! Жуда шаллақи нарса экансиз. Ўзи олмаса, мирзасига беринг. Бечора кампирлар йиғлагундай бўлиб, ичларида қарғай-қарғай чиқиб кетардилар. Мингбоши шошилиш равишда шаҳарга чақирилган эди. Султонхон «аризачи кампирларнинг ичкарига қатнаши энди авж олади» деб кутарди. Ҳеч ким йўқ… кечгача ҳеч қаерга чиқмай – дам уйида, дам айвонда, дам саҳнда ўтириб – кўп кутди… Ҳеч ким кириб келмади. «Нима бало бўлди бу аризачиларга? – деб ўйларди у. – Керак бўлмаганда қулоқ-миянгни ейдилар. Керак бўлганда жимиб кетадилар… Тескари дунё!» Ниҳоят, аср билан шом ўртасида бир кампир кириб келди. Шу топда иккала катта кундош Зебининг уйида овқат устида эдилар. – Айланай болам, – деди кампир. – Мингбоши додхога арз билан келиб эдим… – Оббо, яна битта аризачи келди. Шулардан тўйдим бу даргоҳда! – деган овоз эшитилди Зебининг уйидан: Пошшахоннинг овозийди. – Қаердан келдингиз? – деди Султонхон ва айвондан пастга тушди. – Қўя берннг, – деди уёқдан Хадичахон. – Кундошингиз муомала қилаётир. У ҳали зерикмаганга ўхшайди. – Тошлоқдан келдим, айланай. Шунча жойдан пиёда келдим. Қари нарсаман. – Ўзингиз ким бўласиз? – Мен, айланай, Қиёмиддин ҳожининг онаси бўламан. Танирмикансиз? – Вой, айланай хола, – деди бирданига Султонхон. – Қиёмиддин ҳожи акамнинг онасимисиз? Вой, у киши отамнинг энг яқин ўртоғи-ку! Иккала «қадрдон» қучоқлашиб кўриша кетдилар. Султонхон бутун бу суҳбатни кундошларига эшитдирмоқ учун мумкин қадар баланд овоз билан олиб борарди. – Ана, топишиб ҳам кетди! – деди Хадичахон ичкаридан. – «Пес пес билан… қоронғида!» – деди Пошшахон. – Ҳай, ана у хотинни… Нега ундай дейсиз? Нафасингиз қурсин! Бу Зебининг овози эди. – Хўп, холажон, Қиёмидднн ҳожи акамнинг ишлари бўлса, албатта тўғрилаймиз. Паранжингизни олиб бир нафас ўтиринг, бирор пиёла чой ичиб, дам олиб кетарсиз. – Йўқ, айланай, ўтирсам кечга қолиб кетарман. Шомдан кейин ёлғиз кетишга қўрқаман. – Одам қўшамиз, холажон. Ўтиринг, чойим тайёр. – Вой, айланақолай, ишимнинг ўнгидан келганини қаранг. Чойга ўтирдилар. – Қани, аризангизни менга беринг-чи. Аризани олиб у ёқ-бу ёғини қаради. Сўнгра ўнг чўнтагига солиб қўйди. – Қиёмдан олинг, холажон. Аризангизни дарҳол тўғрилатамиз. – Худо ярлақасин, болам. Кампирга иккинчи пиёла чойни узатиб уйига кирди. Ўнг чўнтагидаги аризанинг ичига чап чўнтагидаги «ариза»ни ҳам олиб қўшгач, яна кампирнинг ёнига чиқди. – Нонга қаранг, хола. Қиёмдан олинг! – Энди мен жўнайин, болам. Аризани ўзингиз куёвингизга топшириб қўярсиз. – Одам қўшайми? – Йўқ, айланай, овора бўлманг. Вақт бор, ўзим ҳам кета оларман. Турдилар. – Холажон, ташқарида Ҳакимжон деган мирза бор. Бу аризани ўша кишига бериб ўтинг. «Мингбоши додхонинг хотинлари – Султонхон аянгиз тайинладилар» денг. Ундан кейин ўзим ҳам чақириб тайинлайман. Ҳамма иш ўшанда. Ўша ўзи тўғрилаб юборади. – Илоҳим, орзу-ҳавасингизга етинг, айланай! – Эҳтиёт бўлинг, хола. Бошқа бировнинг аризасини ҳам қўшиб қўйдим. У ҳам зарур эди. Кампир паранжисини ёпинди. – Холажон, – деди Султонхон овозини пасайтириб, – мирзага жиндай пул бериш керак эди. Кампир ёнини кавлади. – Бор-йўғи уч танга пулим бор экан, бўлармикан? – Шошманг, хола, эплаймиз. Уйга кириб битта уч сўмлик қоғоз олиб чиқиб кампирга узатди. – Яхши қолинг, айланай, болам! Ҳакимжон овқатни энди еб бўлиб, сўричада чой ичиб ўтирарди. – Айланай болам, Ҳакимжон мирза сизмисиз? – Ҳа, мен. – Мана бу аризани… – Мингбоши ўзлари йўқ, хола, эртага олиб келинг. – Мингбоши додхонинг хотинлари Султонхон аянгиз тайинладилар. Мана, иккита ариза, – деди кампир ва устига пулни қўйиб узатди. Биринчи галда пулни чўнтакка солгач, аризани оча бошлади. – Бўпти, хола. Сиз бора беринг. Жума куни эрта билан жавобини оласиз. Кампир дуо қила-қила чиқиб кетди. Ҳакимжон кампирнинг аризасини ўз одати бўйича наридан бери ўқиб чиқди. «Ҳа, осон иш экан» деб қўйиб, чўнтагига солди. Иккинчи аризани очди. – Худоё тўвба! Бу нима гап? Чироққа яқин олиб борди. Бир чой қоғознинг орқасига оддий қарандаш қалам билан: Фатонатлик эй яхшилар сарвари, Башармусен ё малоик, ё пари? Жафо қилсанг, кўп ошиқнинг дафтари, Не гуноҳим, менга танҳо айладинг, – деб тўрт хат байт ёзилган. Тагига жуда саводсиз ва хунук хат билан қуйидаги сўзлар ортдирилган эди: Дардингизда эзилиб адо бўлдим, Кўришмак иложи бормикин? Ҳакимжон бу хатни қайта-қайта ўқиди. Ўзи жуда ювош ва беозор бўлган бу бола умрида биринчи марта юрагининг ўзига бўйинсунмаганини, ногаҳон уйғотилган кўнглининг ғалати ҳислар билан энтикканини, кўкрагида оғир бир тўқмоқнинг тўхтовсиз бир кўтарилиб, бир тушиб турганини ва ўзига ёт бўлган аллақандай туманли хаёлларнинг миясида пойга қўя бошлаганини сезди. «Ариза»ни берувчи ҳам, олувчи ҳам бу кеча ухлагани йўқ. Эртаси куни эрталаб икки катта кундош Зеби билан бирга ҳовлида – ҳовуз бўйида нонуштага ўтирдилар. Дастурхонда янги узилган ва шудринг еган салқин узум бориди. Зебининг сўрови билан Хадичахон ёмон кўрган кундошини – Султонхонни ҳам чақирди, – Хўп, – деди Султонхон, – биргалашиб нонушта қилайлик. Мен Ҳакимжонни чақириб кечаги Қиёмиддин ҳожи акамнинг аризаларини тайинлаб қўяй… Жуда уятлик одамлар эди. Ундан кейин хушчақчақ кулишамиз. Хадичахонни ҳовуз бўйига жўнатиб, ўзи ташқари эшик олдига келди. Эшикдан бошини чиқариб у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳеч ким йўқ… – Ҳакимжон, ҳо Ҳакимжон! Меҳмонхонадан Ҳакимжон чиқиб келди. – Хўш! Ким у чақирган? – Менман, мен. Султонхон аянгиз. Бир-икки оғиз гапим бориди. Ўзини панага олди. Ҳакимжон қип-қизариб, чўғдай ёниб, эшик ёнида тўхтади. Икки кўзи кўча томонда – дарвозада… Султонхоннинг овозида ҳеч қандай қалтираш, қўрқиш ва тортиниш асарлари йўқ эди, худди қичқиргандай чиқарди. Ҳар бир сўзи дона-дона ва дадил-дадил айтиларди. «Хат ёзган бошқа бўлса керак, – деб ўйлади Ҳакимжон. – Мунақа нозик гаплар мундай дадиллик билан айтилмайди». – Миршаблар қани? – деб сўради Султонхон овозини пасайтириб, ўзи панада турарди. – Иккитаси шаҳарда, биттасини гузарга чиқардим, элликбошини топиб келиш учун… – Яхши қилибсиз… Сўнгра овозини кўтара тушди: – Кеча бир кампир сизга ариза топширган бўлса керак. Мен тайинлаб эдим. – Ҳа, топширди. – Ўша ариза берган одам отамнинг жуда қалин ўртоғи. Мингбоши додхонинг қўллари тегмаса, ўзингиз бир нарса қилиб тўғрилаб юборинг. Жуда уятлик одам эди. Қиёмиддин ҳожи деган, тошлоқлик. – Осон иш экан. Ўзим тўғрилаб юбораман. – Шундай қилинг, мирза. Овозини пасайтира тушди: – Миршабингиз келгани йўқми? – Ҳали тез келмас. Элликбоши шу топда гузарда борми, йўқми… Эшикдан мўралаган бўлиб Ҳакимжонга жиндаккина кўриниб қўйди. Ҳакимжон баттар қизарди ва орқага тисарилди. – Мунча қўрқасиз? Яқинроқ келинг… – деди Султонхон жуда паст овоз билан. – Сизни биров еб қўядими? – Йўғ-э, – деди Ҳакимжон зўрға-зўрға. – Хатни ўқидингизми? – Ҳа… ўқидим… – Аччиғингиз келгани йўқми? – Нега, нега… хурсанд бўлдим… – Хурсанд бўлдингизми? Ростдан-а? Шу онда ҳовуз бўйидан кундошларнинг баланд қаҳқаҳалари эшитилди. – Бошим осмонга етди. – Нечага кирдингиз? – деди бирданига Султонхон. Яна кўриниш берди. Бу кутилмаган саволга Ҳакимжон ҳайрон бўлди. – Йигирма тўртга… – Йигирма тўртга? Ёш экансиз… Мунча қочасиз одамдан? Нимадан қўрқасиз? Берироқ келсангиз-чи… Ҳакимжон бир-икки қадам олдинга босиб, кўзларини ердан ололмай тўхтади. Султонхон бошини чиқара тушиб Ҳакимжонга тикилди. Сузилган ва майлли кўзлари ўтдек ёнарди. Секингина бир «уҳ» тортди. «Қип-қизил чўғ…» деди ўз-ўзига. – Шунақа уялчанмисиз? – Уялганим йўқ… – Ҳа, ёлғончи! Нимага, бўлмаса, қип-қизил чўққа айланиб кетибсиз? – Билмасам… – Хатга аччиғингиз келгани йўқми? – деб яна сўради Султонхон. – Йўқ… нега? Жуда хурсанд бўлдим… – Кичкина ҳужрада кеча-кундуз бир ўзингиз зерикмайсизми? Ҳакимжон англади. – Зериксам қандоқ қилай? Худо овунчоқ бериб қолар… – Астойдил тилаб турсангиз, ажаб эмас. Ҳа, боринг энди, сизни қийнаб қўйдим… Ҳакимжон ўрнидан жилолмай қолди. Ҳовуз бўйидан яна қаҳқаҳа юксалди. Султонхон қизариб турган ёш йигитга охирги марта ташна назарларини ташлаб, аста-аста йироқлашди… Султонхон яқиндагина мингбошининг ёш ва севимли хотини бўлганлигидан ичкаридаги уйларнинг энг катта, ясадоқ ва савлатлиси унга берилган эди. Ичкарининг этагида, бир ёни ҳовуз олдидаги майдончага ёпишадиган бу сиркорлик уй ичкаридаги бошқа уйларнинг ҳар биридан бир, бир ярим баробар зўр келади. Пошшахон билан Хадичахонни ўртаган аламларнинг бири шу уй эмасмикин? Ажаб эмас: энг яхши уй энг севимли хотинники бўлади-да! Зебининг тўйига икки-уч кун қолганда, Султонхоннинг йўқлигидан фойдаланиб, иккала катта кундош у катта уйни бўшатдилар: Султонхоннинг унча кўп бўлмаган рўзғор ва кийим-кечакларини бевосита ташқарига ёпишадиган кичкинагина, пастгина, тахта шифтли ва оддий ганчли бир уйчага кўчириб қўйдилар. «Ортиқча ҳақорат бўлиб кетмасин» деган мулоҳаза билан Хадичахон ўзи Султонхоннинг ҳамма бисотини кичкина уйга чиройлик қилиб жойлаб ҳам қўйди. Ҳатто катта уйда етимдек кўринадиган бир сиқим рўзғор ва кийим-кечак кичкина уйчани кемтиксиз тўлдирди; катта уйнинг бир чекасида на у ёққа ва на бу ёққа қарашини билмай саргардон бўлган чиройли қашқар гилами бу кичкина уйга жуда чоқ келди. Шундай қилиб, бу мажбурий кўчириш Султонхонга чигилинггина ва сўлунгина бир уйча бахш этди. У кичкина уйчанинг ичкари томон ёнбошида, Хадичахоннинг дахлизи билан бир қаторда, кичкина бир ганжинача бўлиб, унда қиш ичи мева-чева ва қовун-тарвуз сақланар, бир-иккита семиз ошқовоқлар чириб тамом бўлгунча ўша қоронғи ганжинада қолардилар. Ганжинанинг ўнг томонида, бўргарлик обрез ёнида ташланган бир ўчоқ, неча йилдан бери ётган бир қучоқ ўтин, деволда сиркадан бўшалган бир-иккита қовоқ… Ганжинанинг бутун борлиги шундан иборат! Чап томонда эса бир одамнинг ярим бўйи қадар келадиган тор ва кичкина дарича. Бино бўлганидан бери кўп бўлса икки-уч марта очилган, ичкаридагилардан ҳеч бирининг эсида ва хаёлида ҳам қолмаган бу даричадан ошиб ўтсангиз, қатор-қатор уйларнинг кетидаги каттакон ва тартибсиз ўстирилган боқчага тушасиз. Даричанинг чап томонида – беш қадам нарида – ичкари бокчаси билан ташқари боқчасини бир-биридан айирган беш пахсали эски девол. Деволнинг уйларга яқин бир ерида – бу ҳам ўн қадамдан ошмайди – ичкарига очиладиган бир қанотли эски эшик, ичкаридан занжирланади. Эшикдан у ёққа ўтсангиз, ташқарининг чўзиқ, энсиз боқчаси. Унга фақат мирзахонадан бир дераза ва бир эшик очилади. Дераза олдида Ҳакимжоннинг ёзув столи. Мирзахонадан бир эшик даҳлизга очилади, бир эшикча Ҳакимжоннинг кичкинагина ҳужрасига олиб киради. Ичкаридаги уйларнинг бошқа ҳеч биридан боқча томонга на дераза бор ва на эшик. Чунки боқча – кўча демак, кўчада номаҳрам бўлади, номаҳрам назаридан ўз номусли хотинини сақлаш – ҳар бир мусулмоннинг вазифаси! Қатъий қарорини бериб, мияда чала-чулпа ишланган планлар билан эриникига қайтган Султонхон бу мажбурий кўчиришдан хурсанд бўлган ва ўз кундошларини кўнгилдангина олқишлаган эди. Ҳовуз бўйида кундошлари билан ўйнаб-кулиб нонушта қилгандан кейин, ичкарининг кенг саҳни ўртасида – шафтоли тагидаги сўричада йиғиштирилмасдан турган ўринларини йиғиштирди, аста-секин уйчасига ташимоққа бошлади. – Ҳай, қишга бир талай бор, ҳалитдан уйга кўчаётирсизми? – деди Хадичахон саҳндан ўта туриб. – Эри йўқ, совқотиб қолгандир шўрлик, – деб кесатди наридан Пошшахон. – Эрдан умидни узганман эрта қачон! – деди баланд овоз билан Султонхон. Кейин ўзига томон келаётган Зебига қараб изоҳ берди: – Тунов кун мана бу кигизнинг тагидан каттакон бир чаён топиб ўлдирдим… Ундан кейин худди ёнғоқдай битта бузоқбошини ўлдирдим. Шундан бери кечалари ухлаёлмай чиқаман. Тушимга киради, босирқайман… Уй яхши, жонгинам. – Қиров ҳам тушиб қолди ўзи. Яхши қиласиз, жонимни қоқай! – деди Зеби. Шу «жонимни қоқай» сўзи Султонхоннинг қулоғига аллақандай ширин эшитилиб кетди. Зебининг чин кўнгилдан чиқариб айтган бу сўзи унинг хитой чиннидай жаранглаган овозига буриниб, дуторнинг ғўнғ-ғунғи сингари майин ва юмшоқ ун берган эди. Султонхон ўз кундошини маҳкам қучоқлаб ўпди. У ёқда мингбоши шаҳардан янги гаплар топиб келган эди. Ташқаридан унинг сўзлангани эшитилгач, шом чоғида хотинлар эшик олдига бордилар. – Шундай нозик вақтда Мирёқуб ноинсофнинг ўйнагани кетганини айтмайсанми? – Мингбоши Ҳакимжонга қараб сўзларди. – Битта ўрус хотин билан Сувайсатопилга кетибди… – Мингбоши хохолаб кулди, ичкарида Пошшахон кўкрагини ғижимларди. – Баччағарди боласи-ей! Жуда танноз нарсани топибди, дейди. Икки ойгача ўйнатаримиш… Тўраларимизнинг қовоғидан қор ёғади… Яқин бориб бўлмайди. Ҳар бир мингбошига ўнтадан, ҳар бир аминга иккитадан, ҳар бир элликбошига биттадан яроғли йигит берадиган бўлишибди. Ярим сарфи – ғазнадан, ярим сарфи юртдан! Энди одам дараклаш керак. Мингбошиларга ҳоким тўра ўзи ваъз қилди. «Маҳкам бўл ҳамманг! Тоғдаги гаплар бўла кўрмасин» деди. – Айтганча, тоғда нима гап бўпти? – Тоғда оломон хуруж қилипти. Бир мингбошини ўлдирипти. Икки амин зўрға қочиб қутулипти. Элликбошилар қўрққанидан оломонга қўшилиб кетипди… Маҳкамаларга ўт қўйишипди. Бир-иккита судхўр бойни дўппослашибди. Бизнинг Ёдгор эчкилар ҳам эшитиб қўйса бўларди. Ортиқча ҳовлиқади, қизиталоқлар! – Хайр, тоғдан гапиринг, хўжайин! – Бизнинг нойиб тўра 150 та соллот билан чиқиб, тўполонни босиб келди. Икки қишлоқни теп-текис қилиптилар. Баъзи қишлоқларда баъзи бировларникига соллотлар ўт қўйибди. Чопиш ҳам бўпти… Уч-тўрт юз одам қирилганга ўхшайди. 137 кишини шаҳарга олиб келиб қамаптилар. Яқинда катта суд бўлади, дейди. Нойиб тўранинг гапига қараганда, суд жуда шошилиш бўладиганга ўхшайди. Бир нафасда ҳукм қилиб ота беради дейди-ку! Соллотлардан ҳам тўрт-беш киши ўлипти. Ярадор йигирматача бор, дейди. Айтишларидан, ўрус соллотлари қишлоқларда мусулмон аёлларига ҳам дахл қилганга ўхшайди… Хунук гаплар бор, ишқилиб. – Биз нима қиламиз, хўжайин? – Нима қилардик. Яна еттита йигит қиламиз. Ҳушёр бўламиз. – Мингбоши бир оз ўйланди. – Э, бизнинг юртлар тинч. Фуқароларимиз ҳаммаси ювош, қўйдай. Мен бўлсам уларнинг отахониман… Қаттиқ гапирмайман. Жавр қилмайман… Нимага тўполон қилсин? Ухлай бер, бемалол! Менинг сояйи давлатимда, хоҳласанг, боққа чиқиб ёт! Ҳа! Ўзидан хурсанд, кула-кула ичкарига қараб юрди. Хотинлар чекилдилар. Уч-тўрт қадам босиб яна тўхтади: – Айтганча, Абсамат ёмон хижолат бўлди лекин! – Хўш, хўш? – деди Ҳакимжон. – Ҳамма мингбошиларнинг олдида ҳоким тўра ундан койиб берди. Уйига аллақандай бир нўғой хотинни олдириб янгича мактаб очган экан: эркак болаларга ҳам янгича мактаб очмоқчи бўлиб Тошкентдан бир «форма» мактабдорни чақиртирган экан. Шуларни айтиб койиди. Бир нима бало деди… Ҳа, ёш сартларга эргашманг, деди… Улар ёш турклардан ўрганган деди. У нима дегани бўлсайкин… Ёш сартлари нимаси? Ёш турклари нимаси? Нимани ўргатади улар? Билолмадим. Мирёқуб бўлсайди ковлаб топарди, бетавфиқ! Хайр, ёт энди! Роҳат қил! Бир оздан сўнг катта уйдан Зебининг бидратма дутори ва ширин ашулла си эшитилди. Кундошлар сўриларга чиқиб ётдилар, Султонхон, негадир, уйғоқ: уйига кирмасдан, саҳнда – айвон чекасида ўтирарди. Ниҳоят, ҳамма ухлаб кетди. Шундан кейин Зебининг ашулла си тинди. Яна бир оз кейин дутор товуши ҳам алланечук бирданига узилиб қолди. Бу узилишда аллақандай бир зарда қилиш, бирданига дуторни ирғитиб ташлаш бориди… Шу билан у катта уйга ҳам бир нафасда жимлик чўкди. Ерга тушган уч-тўртта хазон япроқлари куз кечасининг совуқ шабадаси билан ер бетида шитир-шитир суринардилар. Узоқ-яқиндаги итларнинг ҳуриши ва япроқчаларнинг шитирашидан бошқа ун қолмади. Шундан сўнг Султонхон секингина уйига кирди. Юраги бир оз ўйнагани учун бир пиёла совуқ сув ичди. Деразанинг бир қанотини очиқ қолдириб, эшигини ичидан беркитди ва қоронғи уйда жимиб йўқ бўлди… Кўзига уйқу келмаган Ҳакимжон ярим кечага яқин мирзахона деразасининг оҳистагина чертилганини эшитди. Ташқарида ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди: миршаблар дарвозахонада ва отхона томида ухлардилар. Юраги ўйнаса ҳам, шу тобда ўзидан бошқа кимса йўқлигини билганлигидан дадил босиб мирзахонага чиқди ва товуш чиқмасин деб, эшигини эмас, паст супали деразани очди. Деразани яна беркитиб, бу бемаҳал меҳмоннинг орқасидан оҳистагина ўз ҳужрасига қайтди: уятчан кўзларини ердан сира узиб ололмасиди. Фақат у – ёш ва зориққан хотин чидаёлмади: ўзича отилган пўк сингари томоғидан ихтиёрсиз отилиб чиққан кучли ва иттик овоз билан: – Бераҳм… – деб қичқирди… Ва ўзини унинг қучоғига ташлади. Кеча ва кундуз — 14-боб Мингбоши шаҳардан тегишли дастурларни олиб қайтгач, бошқа ҳамма мингбошилар каби, тўхтовсиз ишга киришди. Ўз қўл остидаги ҳамма амин ва элликбошиларни ўз маҳкамасига чақириб, бир кун эртадан кечгача беҳуда интизор қилгандан кейин, ниҳоят, айвонда чой ичиб ўтириб «кенгаш мажлисини» очди. Пойма-пой ва бир-бирига қовушмаган гаплар билан «замона аҳволи»дан, тоғ воқеаларидан ва унинг натижаларидан даромад қилгач, мақсадга ўтди: – Шунақа, яхшилар, – деди у, – энди менинг уч йигитимга яна етти йигит қўшилади. Аминлар иккитадан, элликбошилар биттадан йигит олишади. Йигитларнинг ҳаммасига соллот бешотари берилади. Отадиган азамат топилармикин?.. Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳамма жим эди. – Нега индамайсанлар? Оғзингга пахта тиқдингми ҳамманг? Гапир, Матхолиқ! – Ишқилиб… катталаримиз бир ишни қилса, билиб қилади, – деди Матхолиқ амин. – Ҳа, алватта, билиб қилади, – деди бир элликбоши. – Биз нима дердик? Маъқул маслаҳат, – деди яна биров. Сўнгра ёнидагиларга қараб сўради: – Шундаймасми, яхшилар? – Ҳа, шундай, шундай! – деб шовқин солди ҳар ким ҳар жойдан. – Сенлар айтмасанглар ҳам маслаҳат маъқул, – деди мингбоши овозини кўтара тушиб. – Уни биламан. Соллот бешотарини отадиган азаматлар топиладими деб сўрайман. Мунга жавоб бер! – Юрт эмасми, чиқиб қолар, – деди Матхолиқ амин. – Билмаса ўрганар, – деди бир чекада турган Ҳакимжон. – Ишни тўхтатиш керак эмас. Йигитларни ола берайлик, билмаганига шаҳардан одам чақириб ўргатдирармиз. – Маъқул, – деди мингбоши. Кулди. – Ҳаммангнинг ақлинг шу тирранчанинг ақлича бўлмади-я, ҳайф сенларга. Амалдорлар жим қолдилар. Мингбоши давом қилди: – Бўлмаса, маслаҳат шуки, ҳар амин ўзига керакли икки йигитни топиб, индингача менга билдиради. – Рўйхатини топширади, – деди Ҳакимжон. – Ҳа, рўйхатини топширади, – дея такрор қилди мингбоши. – Мундан ташқари, ҳар амин менга ҳам биттадан йигит топиб беради. Қолганини ўзим шу қишлоқдан оламан. Ундан кейин аминларнинг ўзлари қишлоқма-қишлоқ юриб юртга эшитдиради. Мингбоши тўхтади, шамасини кам туширишга ҳаракат қилиб чойнакдан пиёлага чой қуя бошлади. Ўтирганлар бир-бирларига қарашдилар: «Нимани эшитдирамиз?» деган шивирлашлар бошланди. Мингбоши сўзини тугатмаган эди. Ҳакимжон сўради: – Нимани эшитдиради булар? – Ҳа, айтганча, – деди мингбоши, – эсимдан чиқипти: йигит олишни эшитдиради, ундан кейин пул тўғрисини. Ўтирганлар бир сесканиб олдилар. – Қанақа пул, тақсир? – деди Матхолиқ амин. Ҳамманинг кўзи унинг оғзига тикилган эди, ундан кейин ҳамма кўзлар бирданига мингбоши томонга бурилиб, унинг оғзига осилдилар. Кўплар оғизлари билан ҳам тинглардилар. Мингбоши кулди: – Қанақа пул бўлариди! Йигитларнинг ярим ойлиги ғазнадан, ярми юртдан. Ўтирганларнинг оғзидан хор билан айтилгандай яхлит ва бесаранжом бир овоз чиқди: ғу-в-в!.. Худди «до-д-д» дегандай… Зўр ҳовлининг кенг саҳнига гўристон жимлиги чўккан эди. Ҳакимжон оҳистагина бир «уҳ» тортиб ўрнидан турди, айвон устунига чиғаноғи билан бир-икки ургач, битта-битта босиб жамоатга яқин келди. Шу топда унинг жуда эҳтиёт билан – ҳеч бир шарпа чиқармай босган қадамларининг бўшанг шитираши ҳам ўтирганларга малол келган каби эди. Ҳамма кўзини ерга тикиб, узун якандознинг манғизи билан ўйнарди… – Нимага имонинг ўчди бирданига? – деб қичқирди мингбоши ҳайбатли овоз билан. – Ярим пули қанча бўлади, тақсир? – деди яна Матхолиқ. – Ўзингизга бериладиган етти йигитнинг бештасига ҳам юрт тўлайдими, додхо? – Ҳа, бўлмаса, мен ёнимдан тўлайманми? – деди мингбоши дағаллик билан. Яна жимлик чўкди. Мингбоши давом этди: – Уч кун орасида юртга эшитдириб, бўлган гапни менга маълум қиласанлар. – Хўп, тақсир! – деди Матхолиқ. Бошқалар жим қолдилар. Мингбоши қичқирди: – Нега бошқаларинг индамайсан? Қанжиқсан ҳамманг! Сенларди амин қилиб, қўлингга амал бергандан хафа бўлдим-ку! – Бекор қилиб қўйсангиз ҳам тузук эди, тақсир, – деди бир амин. Ҳамма унга томон эврилди. – Сени бекор қилмасдан бурун отхонага қамаб калтаклатаман… Шошмай тур! – Тақсир, тақсир, тақсир! – деган овозлар юксалди ҳар томондан. – Бўлар иш бўлди, яхшилар, – деди Матхолиқ жамоатга юзланиб. – Юртнинг катта-каттасини чақирамиз-у «буйруқ шу» деб эшитдирамиз. Бизнинг ишимиз шу. Юрт «йўқ» деса, катталаримиз бирор маслаҳат кўрсатар. – Йўқ деб кўрсин, қани? – деди мингбоши. – Оқподшонинг ўз буйруғи бу! Йўқ деб кўрсин! – Шу чоққача йўқ демаган, энди ҳам йўқ демас, – деди Ҳакимжон. – Рост айтасан, мирза, – деди мингбоши. У бу сўзнинг аввалги ҳижосини қалин қилиб айтарди. – Йўқ дейдиган топилмайди. – Рост айтасиз, тақсир, – деди Матхолиқ. – Йўқ демаса керак. Аммо-лекин подшоликнинг пастарин бир ити бўлганимдан кўрган, билганимни айтиб қўймасам бўлмайди. – Айт, айтма деган одам борми? Ҳамма Матхолиққа тикилди. – Юртнинг важоҳати бузуқ, тақсир. Гап кўтармай қолди. Асад ойида рўза тутган бангига ўхшайди, тақсир… Энди, юрт – кўпчилик, эҳтиёт керак, деймиз-да. Ҳамма бирданига тасдиқлади: – Рост, тақсир, рост! – Рост бўлса ростдир, ёлғон деган одам йўқ. Аммо-лекин «ким катта: юртми, оқподшоми?» деб сўраганда нима дейсанлар? Қани? Ҳеч ким оғиз очмади. Яна Матхолиқ гапирди: – Албатта, «оқподшо» деймиз, тақсир! – Ундай бўлса, гап тамом. Омин, оллоҳу акбар! Борабер ҳамманг ўз ишингга… Элликбошилар ўринларидан туриб у ёқ-бу ёққа ёйилгач, мингбоши Матхолиқни чақириб олди. Унинг бир қулоғини қўли билан чўзиб келтириб деди: – Абсаматни йиқитсам, сени мингбоши қилиб қўярдим. Абжирсан, баччағар! Матхолиқ кулди. – Қуллуқ, тақсир, хизматингизни қилсам бўлди. Шунга хурсандман. Мингбоши унинг бошини яна ҳам ўзига яқинроқ тортди: – Бу қиш ичи на битта қовуним бор, на бир дона тарвузим. Уч-тўрт аравагина эплагин, ҳиссасини чиқариб бераман. – Хўп, хўжайин, жоним билан. Матхолиқ узоқлаша бошлаган эди, яна чақирди: – Айтганча, эсимдан чиқибди. Буларингга айт: юртни намозга кўпроқ ҳайдаб туришсин. Буйруқ шу! Матхолиқ ҳаммани чақириб олиб баланд овоз билан бу янги буйруқни ҳам эшитдирди. Шу билан тарқалишдилар. Кенгаш мажлисини ўтказгандан кейин мингбоши дарҳол ўзига йигит тўплашга киришди. Етти киши ўрнига йигирма-ўттиз талабгор бир қишлоқнинг ўзидан чиқди. Ҳакимжон муни мингбошига арз қилиб туриб деди: – Ишлар яхши, тақсир, еттита десак, ўттизтаси келиб ўтирипти. Ҳакимжоннинг биринчи жумласида сезиларлик даражада очиқ бир пичинг бор эди. Лекин у пичингни мингбоши додхо пайқаёлмади. – Бекорчи кўп қишлоқда, бекорчи! – деди мингбоши. – Йўқ, хўжайин. Мен гаплашиб кўрдим. Ҳаммаси чорикор болалар. «Жонимиздан тўйдик, бола-чақамиз оч…» дейди. Мингбоши бирданига қўпол бир овоз билан кулиб юборди. Ҳакимжон бу ногахон кулишнинг сабабини билолмай ҳайрон эди. Кейин мингбоши ўзи англатди: – Жонидан тўйган бўлса яхши! – деди у. – Жонидан тўйганлар яхши сўқишади. Оқподшо «вайна»да қийналиб қолса, қишлоқнинг ҳаммасини йиғиб жўнатаман! Иш йирик, мирза. Яна ўша хунук овоз билан кула-кула ичкарига кириб кетди. Ҳали қоронғи тушиб паловга дастурхон ёзилган йўқ эдики, ташқарига бир меҳмон кириб келди. Ҳакимжон уни кулар юз билан, севиниб қарши олди. Бир оз кейин ичкаридан чиққан мингбоши ҳам унга нисбатан бир қадар мулозимат билан муомала қилди. Лекин бу мулозиматнинг ясамалиги шу қадар очиқ эдики, меҳмоннинг кўзлари Ҳакимжоннинг кўзларини тўғри келтириб туриб у тўғрида бир ҳимо қилиб ўтди. Ҳакимжон ҳам кўз қараши билан меҳмондан узр сўради. Меҳмон эса «мунинг ўзи нима-ю, муомиласи нима бўларди?» деган маънода кулиб қўйди, холос. Палов ейилиб бўлгач, кўк чойни ичиб ўтириб, улар учови суҳбатга тушдилар. Меҳмон Ҳасанов деган бир татар йигити бўлиб, қишлоқ қарз ширкатларининг инспектори эди. – Урушдан гапиринг, абзи! Уруш нима бўляпти? – Урушни сиз биласиз, мингбоши. Сиздан эшитайлик, – деди Ҳасанов. – Мен урушни қайдан билай? Газит ўқимасам?! – Сиз, ахир, бир бўлуснинг каттасисиз. – Э, катталиги қурсин! Керак бўлса, олинг шу катталикни! Мингбоши бу сўзларни жиддият билан айтарди. Меҳмон кулди: – Зерикдингизми, хўжайин? Дарҳақиқат, бу нозик замонда катта амал ҳам зериктиради. Ҳакимжон ўз хўжайинининг таъби бир оз олинганини пайқади, шекилли, унинг ёрдамига етишмоқчи бўлди: – Чинакам, – деди у, – шу замонда амалдор одамга жуда қийин… Сиз билмайсиз. Мен, мана, доим хўжайиннинг қўлтиғларидаман. Яхши биламан. Жуда қийин… – Биламан, жуда яхши биламан, – деди Ҳасанов. – Албатта осон эмас. Мингбоши ҳали ҳам жим эди. У қўлидаги бўш пиёлани айлантириб ўйнарди. Ҳакимжон давом этди: – Замон нозик бўлмаса, мингбошиларнинг йигитлари ортдирилармиди? – Шундай гап борми? – деб сўради Ҳасанов. – Гап бор эмас. Буйруқ бор. Биз одам чақирдик. Учта йигитимизга еттита қўшилади… Мана шу жойда мингбоши ҳам бирдан гапга аралашди: – Ҳаммасига соллот бешотари бермоқчи… Соллотликка машқ қилдирмоқчи… Мунга нима дейсан? – Жуда соз! – деди Ҳасанов. Папиросини узун сўриб тортган ҳолда ўйлаб кетди. – Нимаси соз? – деди мингбоши қўпол бир хитоб билан. – Жуда соз, мингбоши афанди. Фақат… мен ишонмайман мунга… – Нимасига ишонмайсан? – деди мингбоши яна ўша қўполлик билан. – Бизнинг мусулмон-турк йигитларининг қўлига рус ҳукумати бешотар милтиқ бериб қўярмиди? Ҳукуматнинг эси бор. Мингбоши ҳайрон бўлиб қолди. Бу етти ухлаб бир тушига кирмаган фикр эди. Кўзини кенг-кенг очиб меҳмонга қаради. Бу қарашда ҳам ҳайрат бор эди, ҳам қўрқув… – Нега бермасин? Ўзи буюриб ўтирипти-ку? – Битта-яримта эси пастроғи буюргандир, тақсир. Эси борлари мунга йўл қўймайди! Мингбоши индамади. Ҳакимжон бутун борлиги бир диққатга айланиб, икки кўзини меҳмонга тиккан эди. Меҳмон давом этди: – Мусулмоннинг қўлига яроқ бермайди бу ҳукумат. Биз мусулмонлар, турк болалари, ўзимиз яроқ олмасак, душманларимиз ўзи ўз қўли билан бермайди. – Ким душман? – деди мингбоши. Бу саволда энди пўписа асари бориди. Меҳмон сира шошмасдан, бемалол жавоб берди: – Сизнинг душманингизни айтаётганим йўқ, додхо афанди. Турк-ислом халқининг душманларини айтаман… – Гермонни айтасанми? Ҳакимжон бирданига кулиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. – Шундай, тақсир! Гермонни айтаман. Турк миллатига яроғ бериб қўймайди у! У – турк миллатларининг жон ва қон душмани! – Ундай бўлса… бутун қишлоқни йиғиб, қўлига бешотар бериб, Гермон билан урушгани жўнатмоқчи бўлганимга нима дейсан? Мингбоши бу сўзларни ғурур билан кулиб туриб сўзларди. – Нима дердим? Ундай қилсангиз, сизни «ғозий» дердим… Ислом миллати сизнинг бу хизматингизни ҳеч бир унутмас эди… – Миннатинг билан ишим йўқ. Туркингни ҳам билмайман мен. Мана бу мирза айтадики, қишлоқда жонидан тўйган кўп. Шуларнинг ҳаммасини Гермон урушига жўнатсам – оқподшонинг қўли юқори келади, бу қишлоқлар ялангоёқ, безориларнинг касофатидан қутулади! – Ҳай, ҳай! – деди меҳмон. – Мунинг савобига ким етсин! Жуда зўр хизмат қиласиз, додхо! Фавқулодда буюк хизмат!.. Шу суҳбатдан кейин Ҳакимжонда мингбошига нисбатан бир қараш туғилди. У қарашда ихлос ва ҳурматдан бошқа ҳамма нарса бориди. Бу қарашни ўша кечаси, мингбоши ётгани кириб кетгандан кейин, Ҳакимжон меҳмоннинг ўзига ҳам бир оз изҳор қилди. Меҳмон Ҳакимжоннинг эътирофини эшитгандан кейин жуда ўт олиб, қизиб гапирди: – Бизнинг бутун фожиамиз шундаки, – деди у, – дўстимиз билан душманимизни ажрата олмаймиз. Эшитдингизми унинг гапларини? Бизнинг диндошимиз, миллатдошимиз бўлган Туркия билан бир сафда урушаётган Германия бизга, биз Туркистон туркларига душман эмиш… Меҳмон бир оз тўхталди. Папиросини қаттиқ-қаттиқ тортиб, оғир-оғир бош тебратди. – Булар барчаси илмсизлик касофати, Ҳакимжон! Нодонлик меваси. Бу йўғон саллали, бўш каллали ҳайвонлар, Бухоройи шарифни спекуляция қилиб, ислом миллатини заҳарловчи микроблар бизни шу ҳолга келтирдилар… Эҳ… эҳ… эҳ!.. Астойдил куйиб гапираётган меҳмон Ҳакимжоннинг кўзи уйқуга кетгандан кейингина сўздан тўхтади. Иккаласи сўрига жой қилиб узалган вақтларида, Ҳакимжоннинг яна уйқуси қочган, биринчи хўрозлар унда-мунда қичқира бошлаган эдилар. Булар иккаласи кўрпага узалгандан кейин ҳам анчагина гаплашиб, мингбошидан, умуман, ўша замоннинг ҳамма амалдорлари, ҳукумат ва идора усулларидан шикоят қилишдилар. Меҳмон бир вақтлар нойиб тўранинг Мирёқубга айтган гапларини яна кўпроқ тафсилот билан Ҳакимжонга айтиб берди. Ўз мингбошисининг ишларига қараб ҳамма мингбошилар ва умуман ўша замон ҳокимияти тўғрисида кўп ҳам яхши фикрда бўлмаган Ҳакимжон шу суҳбатдан сўнг ўзининг хом ва чувалашган фикрларини пишитди, бир орага йиғди, бошидаги фикрлар бир тартиб доирасига тушиб, янги-янги пардаларни унинг миясидан сидира бошлагач, ўзида аллақандай бир ўзгариш бўлаётганини ўзи ҳам сезди: ўша кундан бошлаб унинг ҳамма нарсага қараши бошқа бўлди! Мингбоши – бурунги мингбоши эмас, фарсаҳларча йироқларда. Яқинлашиб келганда ҳам худди буни ўлдиргани келаётгандай… Мирёқуб, унинг ишбилармонлиги, эпчиллиги, зийраклиги… «У агар ҳақ йўлни топса борми – ноёб одам бўлади!» Ҳар бир катта саллали домла – беморга заҳар бераётган табиб… Ҳар бир бошини қуйи солган эшон – одамларнинг киссаларига яширинча қўл узатган кисавур… Абдисамат мингбоши – уни ўйлаганда Ҳакимжонга жон киради! «Уни кўрса тикилиб, кўзини олмай, узоқ-узоқ қараб турса, зиёрат қилиб қўлини ўпса, нима буюрса шуни қилса!..» Ҳасановнинг фикрлари, айниқса, янги олинатурган йигитлар тўғрисидаги фикри мингбошига ҳам таъсирсиз қолмаган эди. Мингбоши Ҳасановдан бироз қўрққан ва шу учун унга совуқ қараган бўлса-да, унинг ўша йигитлар тўғрисидаги фикрига қарши келмасди. У ҳам ичкарига кириб жойига чўзилгач, у тўғрида анчагина ўйлаб ётди. «Бу баччағарнинг гапи қурсин! Нимага бўлсайкин, унинг гапларини эшитганда одам чўчиб тушасан: худди… оқподшони сўкиб юборадигандай! Худди… унинг сўкканини биров эшитиб қолиб, Ёдгор эчки ё Умарали пучуққа етказадигандай! Улар бўлса оқизмай-томизмай ҳоким тўрага чақадигандай! Боз устига, улар «оқподшони сўкиб турган вақтида Акбарали мингбоши «ҳа, ҳа» деб турган эди!» дейишдан ҳам тоймадигандай! Сўнгра ҳоким тўра чақириб олиб ғазабига оладигандай! Мингбошиликни тортиб олиб, эл кўзида тамом шарманда қиладигандай! Абдисамат билан Ёдгор эчки, Умарали пучуқлар яна қўшкарнайи билан жар соладигандай!..» – «Лекин, баччағар кофир, бир нарсани билмасдан айтмайди. Нимага десангиз, у «закон» китобини кўп ўқиган, ҳамма вақт ўриснинг ичида қайнайди, ўрис тилини сув қилиб ичиб юборган… Катталаримиз ўрус-да, ахир! Ўрис бўлганидан кейин мусулмонга ён босмайди. Бу рост! Шу ерда Ҳасан абзи билиб айтади! Мусулмоннинг қўлига яхши бешотарни бериб қўярмиди? Йўқ! Агар мен ўрус бўлсам (астоғфурулло!), мусулмоннинг қўлига асло яроғ бермасидим! Асло! Абзи рост айтади. Абзи, абзи, абзи!..» Мана шундай уйлар билан мингбоши зўрға ухлаб кетди. Эрта билан уйқудан уйғонгач, яна ўша – йигит масаласини ўйлади. Йигитларнинг учта ё ўнта бўлиши мингбоши учун барибир эди. «Кўп бўлса, ғалваси ҳам кўпроқ бўлади» деб ўйларди у. Фақат… фақат… – Ўнта яхши йигитга яхши от, яхши сарпо, яхши яроғ-аслаҳа бериб, ўз маҳкумимни бир айлансам, иложи бўлса, Абдисамат турадиган қишлоқдан бир от чоптириб ўтиб қўйсам… бас! Шундан кейин катталар уч йигитни биттага қолдирсалар ҳам майли эди!.. Бу ўйнинг натижаси шу бўлдики, эртаси куниёқ қишлоқдан одам ола бошлаб, 2-3 кунда еттита навқирон йигитни – чертиб-чертиб! – миршабликка қабул қилди. Ундан-бундан сўраб, сўратиб, иложи бўлмаганда… тортиб олиб бўлса-да, ҳаммасини яхши отга миндирди, аллақайлардан ов милтиқлари топиб, ўновини яроқлантирди, уст-бошларини текислади, ўзи ҳам энг яхши зар чопонини кийиб, тилла камарини боғлаб, узун қиличини осиб, саман йўрғани миниб йўлга чиқди. Кеча ва кундуз — 15-боб Икки кун бурун Қумариқ қишлоғига еттита йигити билан мингбоши келиб кетган эди. Унинг бу келиши қизиқ бўлди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан тўппа-тўғри мачитга тушиб домлани йўқлатди. Ўзлари хабар топиб мачитга келган амин ва элликбошилар ҳайрон бўлдилар. «Нимага бизга ҳеч нарса демайди мингбоши додхо?» деб бир-бирларидан сўрашдилар. Элликбошилардан бири югурганича бориб домла-имомга хабар берди. Домла-имом яқиндагина уйланган ёшроқ бир муллавачча бўлганлигидан, «мингбоши чақираётир» дегач, анча ташвишга тушди. Салла-чопонини кийиб мачитга томон бораркан, ўйлади: «Нима учун йўқлатган бўлса?» Мингбошининг уни излатишига зоҳирий бир сабаб йўқ эди. Шунинг учун турли хаёлларга бориб кўрди: «Тунов кун, шаҳарга тушганимда, мударрис домланинг ўғилларига қаттиқроқ тегишиб қўювдим… Ўзи ҳам, баччағар, ипак саллани чамбарак қилиб ўраб, ёмон кўзга илашадиган бўпти-да! Устимдан арз қилган бўлса-я, ҳароми бачча?» «Yo… бурунги имомат қилган жойимда ваҳим ерни Садриддин бой билан чиқишиб, икки-уч йил ўзим ёлғиз тасарруф қилиб эдим. Маҳалладан битта-яримтаси шуни қўзғадимикин». «Yo бўлмаса ўтган ҳафта қовун сайилида янгича мактаб очган тошкентлик нўғой домлага йўлиқиб қолиб, анча қаттиқ сўкиб эдим. Унинг мактабини Абдисамат мингбоши очиб берган экан, мен уни билмабман… Бу бизнинг мингбошига Абдисамат мингбоши итоб қилиб ёздимикин? Кейин, мактабнинг асл соҳиби Абдисамат мингбоши эканини билиб, ҳалиги нўғой домла билан муросага ҳам бордимку-я… Ҳар қалай, бошда аҳволдан бехабар, қаттиқ, гапириб қўйиб эдим… аттанг! Шу ташвишларга Абдураҳмон понсот сабаб бўлди, баччағар! Ноинсоф! Бўлмаса, жимгина ўтириб эдим. Кейин нўғой домланинг олдида одамларга бир-икки оғиз ваъз қилиб, лаънати жадиднинг кўнглини кўтариб қўйдимку-я… «Албатта, – дедим, – нўғой ҳам – мусулмон, аҳли суннат, тошкентлик ҳам – мусулмон, аҳли суннат… Ҳаммамиз бир одам. Дунёвий илмларни ўқиш ҳам шариатимизда бор, чунончи, жаноби ҳасти пайғамбаримиз «утлубулилму валавкана биссин», яъни «Чин мулкида, яъни Хитойда бўлса ҳам илм талабида бўлғил» деганлар. Бу – «ҳадиси саҳиҳ», дедим. Жадид домла хурсанд бўлиб кетди: «Шундай ҳақиқий уламолар бўлса, миллат тараққий қилади», – деди. Шу «миллат» деган сўз туфайлидан яна жиндак мунозара қилиб олишдик. Абдураҳмон понсот нўғой домладан «миллатингиз нима?» деб сўраб қолди, нўғой домла аввал «ислом миллати» деди, ундан кейин – негадир – «ислом ва турк миллати» деб, «турк» деган тоифани ҳам қўшиб қўйди. Мен чидаёлмадим: «Йўқ, дедим, мусулмон одамдан «миллатинг нима» деб сўралса, «миллатим Иброҳим Халиллулло» деб жавоб бериши вожиб. Динимиз – ислом, миллатимиз – миллати Иброҳим Халиллулло. «Турк» деган тоифа Ўзган тарафларида бор, ўзлари элатиядан, бизнинг сартиядек касируладад эмас, унинг миллатга ҳеч бир дахли йўқ!» дедим. Ундан кейин ҳасти Иброҳим Халиллулло тўғрисида ҳасти Сўфи Оллоёрдан далил келтирдим: Халиллуло учун ёндирдилар нор, Қадам қўймай ўшал ўт бўлди гулзор. Жадид домла туриб «Иброҳим пайғамбар яҳудийлар пайғамбари, ҳатто тўрт китобдан бирига ҳам эга бўлган эмас», деди. «Тўвба де, эшак!» деб бақирдим. Ортиқча қизиб кетибман. Кейин пушаймон бўлдимку-я… Энди фойдаси йўқ. Афсус! Афсус!» Имом домла келгандан сўнг, кўп ўтмасдан, мингбоши мачитдан чиқди. Отига отланиб туриб бир элликбоши билан бир-икки оғиз гаплашди. Аминга ва бошқа элликбошиларга сипо қараши билан бир қараб қўйиб, яна дарҳол йўлга тушди. Гузарда ўтирган беш-олти киши ҳайрон бўлишиб бир-бирларига қарашдилар. «Нимага келди-ю, нимага дарров жўнаб қолди?» деган саволга жавоб ахтардилар. – Нимага аминни чақиртирмасдан, имом домлани чақиртиради? – Нимага имом домла келар-келмас жўнаб қолади? – Нимага бу сафар йигити кўп? – Нимага қишлоғига қайтиб кетмасдан дарё томонга ўтди? – Нимага гузарда ўтирганларга ҳеч нарса демай ўтди? – Нимага? Нимага… нимага… Дув-дув гап кетди. Ҳар ким ҳар тарафдан ҳар хил овоз чиқарди, лекин ҳеч бир овоз қулоққа ёқмади, «соз тушмади». Мачит томонда имом кўринди. Унинг юзига тикилдилар. – Ҳой кал, сарасоп солдингми? Ҳали ўтганида имом домланинг қош-қовоғи солиқ эди. Энди очила тушибди. Хайрият бўлса керак. – Сўраймиз қўямиз-да, жинни, – деди кал. – Сен сўра, тилла бош, сенга айтади. – Сўрайман, қовоқбош. Сўрамай нима? Имом домла секин-секин, лекин ишончли ва хотиржам оёқ ташлаб гузар ўртасига келди. Икки томондан саломлар кўтарилди. – Тақсир, чой бор экан! – деди кал. – Бир пиёла тутайлик. – Қуллуқ! – деди домла, тўхтади. – Уйга борай… – Биламиз, тақсир, янги уйланган одамди гапга тутиб бўлмайди! Мингбоши додхо нима хабар олиб келган экан деб сўрамоқчи эдик. Имом домла кулди. – Уйлангандан эмас, Ҳасанбой, – деди. – Бошинглар қичимаганда, тилинглар қичиб турмаса бўлмайди-да, а? Гузардан кулги кўтарилди. – Қичиғини босиб ўтинг деймиз-да, домла! – деди кал Ҳасан. Яна кулдилар. Домла қип-қизариб кетди. – Мингбоши додхо юртнинг омон-эсонлигини сўраб ўтдилар, холос. Бошқа гап айтмадилар. Хўш, менга жавоб энди! Домла яна йўлига тушди. Гузар одамлари унинг гапига ишониб етмадилар. Ҳасан кал деди: – Биздек фуқаро ёлғон айтганда, ишонмаган одам бир-икки марта зўраки йўталиб қўйсин. Амалдор билан домла-имом ё обрўйи катта бойлар ёлғон айтса, ишонмаган одам кавшини қўлга олиб турсин: «Ўғри кетди» бўлмай иложи йўқ! Яна кулдилар. Нарида, кўприк бошида домлага Умаралибой дуч келди. – Ҳа, домла, Акбарали нима деди? – Мингбоши додхо ҳеч нарса деганлари йўқ. «Жамоатнинг намозга юриши қалай?» деб сўради. «Маъниси йўқ», дедим. «Элликбошига айтаман, кўпроқ ҳайдаб беради», деди. Шу, холос. Умарали бой қаҳқаҳа солиб кулди. – Умрида бир марта пешонаси сажда кўрганмикин, сўрамадингизми? – Катта одам. Мен нима деёламан. – Хайр, домла! – деди бой. Йўлга тушди. Кейин орқасига қайрилиб кулди ва деди: – Замонанинг охир бўлгани шу-да, тақсир. Бенамоз раис бўлиб, намоздан қолганни тергайди! Уч кундан кейин жума намозига жуда кўп одам йиғилди. Умуман, мачит билан ҳеч бир алоқаси бўлмаган кишилар ҳам қоқ ерга белбоғларини ёзиб, фақат пешоналарига яраша жойни тўшадилар: имомдан бурун бош қўйиб, имомдан бурун бош кўтардилар, имом «оллоҳу акбар» деб саждага эгилганда, булар қиёмга кўтарилдилар… Сафларда пих-пих кулишлар кетди. Салом берилар-берилмас йўталга зўр бериб ўринларидан турган «намозхонлар»ни сўфининг ёғланмаган араваники сингари ингичка ва ғашга тегадиган овози тўхтатди: – Халойиқ! Яқин-яқин келиб имом домланинг ваъзига қулоқ солинглар! Халқ орасида ўтирган амин ва элликбошилар ҳам уларнинг белгилаб қўйган кишилари сўфининг сўзларини илиб олдилар: – Ҳа, жамоат! Домланинг сўзларини эшитиш зарур! Юқорида, айвоннинг ичкарисида ўтирган домла саф оралаб ташқарига чиқди. Панжара эшик олдида тўхтаб гап бошлади. Мингбоши ўша кунги келишида, шаҳардан берилган таълимотга мувофиқ, ҳамма мачитларда тўхталган, жумадан сўнг одамларга ваъз айтиб, «уларни тинч тириклик билан шуғулланишга ва ҳар хил фитна-фасодларга берилмасликка» чақириш вазифасини мачит имомлари зиммасига юклаб кетган эди. Бизнинг домла сўз тополмасдан тутилиброқ ва қийналиброқ бошласа-да, кейинча жўнашиб кетди: қавмининг ҳаммаси деярлик саводсиз қишлоқ одамларидан иборат бўлганига қарамасдан, «балоғати араб ва фасоҳати фурс»ни мумкин қадар кўп ишлатди, эшон Сўфига жуда мухлис бўлганлигидан, унинг маънилик байтларидан анчасини ҳар ер-ҳар ерга қистириб ўтди. Бир қанча вақт зўр бериб шаҳардаги ҳоким тўраларни, ўзимизнинг «Мулла Акбарали додхо»ни, шулар қаторида – гарчи бошқа маҳкумнинг улуғи бўлса-да – «фаросатлик, ҳушёр, донишманд, сахий ва мурувватманд» ҳукуматдорлардан мулла Абдисамат мингбошини мақтаб ўтди. «Нўғой домла эшитсин» деб янги замон мактабларидан, унда Қуръоннинг тажвид билан – махражига тўғрилаб – ўқитилишидан, у мактабда ўқиган болаларнинг «Шариатул имон»ни катталардан кўра яхшироқ билганларидан, озод бўлишга яқин Миср оҳангида саловот ўқиганларидан, уни эшитган одам йиғламай ўтолмаганидан, ҳатто… ҳатто гарчи у мактабнинг домласи болаларга «ер мудаввар, яъни бамисоли соққа ёки ёнғоқ ва ёки тарвуз – думалоқ» деган бўлса ҳам, бу даъвонинг шариати Мустафога унча хилоф келмаганидан, яъни эшон Сўфи Оллоёр, Амир Навоий, Мавлоно Фузулий, эшони Ҳазиний абъётларида фалакнинг гардиши, яъни айланиши хусусида кўп сўзланганидан гапирди. Бош қизиб, гап қозони қайнагандан сўнг, домламиз алжий бошладилар. Гаплар пойма-пой кела бошлади. Ундан кейин қавмнинг намозга кам юрганига, бойларнинг закот ва садақа хусусида шариат амридан четлашганларига, қишлоқ одамлари орасида «хамр», яъни ароқ ичадиганларнинг кўпайганига ўтди… Ҳеч кимни қолдирмай сўка бошлади. Энди бу руҳоний грамофонни тўхтатиш қийин эди. Домла кимдан койиса, ёнидагиси, албатта, хурсанд бўларди. Домланинг ўткир тилларидан фақат элликбошилар билан аминларгина қутулиб қолдилар. Домла сўзни тамом қилгандан кейин, одамлар яна ўринларидан тура бошлаган эдиларки, айвоннинг ичидан Умаралибойнинг хирқироқ овози кўтарилди. – Домла яхши айтдилар! Балли домлага! – деди бой. – Бенамозларнинг касофатидан ҳаммаёқ қимматчилик бўлиб кетаётир! – Хотинбознинг касофатидан-чи, хотинбознинг? – деди биров пастдан. – Бойбува ўз қилмишидан ҳам гапирсин жиндак! Эшитайлик! – деди яна биров. Бой аччиғланди. Саф оралаб айвон қирғоғига келди. – Ким у менга таъна қилган? Қайси бенамоз? – деди у. Ўзи қалтирарди. Жавоб бўлмади. – Имом домланинг қўлларига дарра олиб берамиз энди, бенамозларнинг жазосини беради? – деди ичкаридан ташқарига чиқаётган Ёдгорхўжа. – Судхўрдан гап эшитинг! Судхўрдан! – деди пастдагилардан бири. – Пул меники! Кимга қандай шарт билан берсам – ихтиёр ўзимда! Сенга нима, ўғри? – деди Ёдгорхўжа. – Ўзинг ўғри, ҳаммани ўғри деб биласан! – Нима, нима? – Ҳовлиқма! – Биласизми, тақсир, – деди Умаралибой, – ҳамма бало амалдорларимизнинг ёмонлигида. Мингбошимиз – Акбарали бўлса, пешонаси бир умр сажда кўрган бўлмаса, хотинлари бузуқ бўлса, ўзи пияниста, бузуқ одам бўлса! Бошқалардан койиб бўладими? – Ҳай, Умаралибой, ундай деманг! – деди имом. – Мулла Акбарали додхога тил тегизманг. У кишидан фуқаро ҳеч қандай бир ёмонлик кўрган эмас. Унча-мунча чакки юришлари бўлса, амалдор ҳам подшодай гап, подшоларга буюради ўзи… – Мен мулла Абдисаматга ҳеч нарса демайман, – деди Умаралибой. – Мулла Абдисамат бўлса ҳамма жон дейди! – деди Ёдгорхўжа. – Мулла Абдисаматдек амалдор йўқ! – деб давом этди Умаралибой. – Акбарали одамми? Сипоҳми? Амалдорми? Унинг ўрнида мен бўлсам, гузардаги самоварларни тақатак беркитдирардим. Ҳамма бенамоз шу ерга йиғилади. Намоз ўқимаганни ёзда дарралатардим, қишда муз тешиб сувга пишардим. – Шу учун худо сенга амал бермайди-да! – деди биров пастдан. – Туяга қанот берса, қайси иморат соғ қолади? – деди кал Ҳасан. Ҳамма кулиб юборди. Умаралибой яна давом қилди: – Мен амалдор бўлсам, шу қишлоқдан беш-тўртта ялангоёқни Сивирга ҳайдатардим. – Ҳаббаракалла! – деди Ёдгорхўжа. – Биз Сивирга кетардик, сенлар қолиб – биттанг қишлоқда соғ хотин қолдирмасидинг, биттанг юзни мингга берардинг! – Юрт обод бўларди! – Биттанг Қумариқнинг сувини ўз ерингдан чиқармасдинг. Биттанг Катта ариқдан қишлоқ одамларига бир томчи сув бермасидинг. Хайрият, амалдор эмассан! – Бўламан амалдор! – Кўрамиз! – Кўрамиз!! Умаралибой қизиб кетди: – Кўрасан! Кўрсатаман сен хотинталоқларга! Пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик наъра солди: – Ким хотинталоқ?!! Ўнлаб киши муштини тугумлаб айвонга югурди. Бақиришлар, дод-войлар, фарёдлар юксалди. Оғир муштларнинг оғир зарбалари эшитилди. Бутун қавм бир-бирига киришиб кетди… Амин осмонга қаратиб бир-икки марта тўппонча чиқарди. Унга қараган ва аҳамият берган бўлмади. Бир йигит роса мўлжаллаб туриб аминнинг қўлига муштлаган эди, тўппончаси йўлидан тушди. Уни бошқа бир йигит олиб ёнига солди, ёнидагиларга қараб мағрур-мағрур… кулди. Муни кўрган икки элликбоши ўзини дарвозага уриб қочди. Мачит айвони олдидаги эски чирик панжаранинг шарақ-шуруқ синиши кўчанинг у юзида чўзиқ бир акс садо берди. Бир оздан сўнг бутун қишлоқ исён ҳолатида эди. Мингбоши бу ёқда йигит ортдириш тўғрисидаги буйруқнинг амин ва элликбошилар томонидан нечик бажарилгани хусусида расмий маълумот кутиб ўтирарди. Қишлоқларни айланган вақтида амин ва элликбошиларнинг баъзиларига ўзи яна эслатиб ўтган эди. Ҳакимжондан тез-тез сўраб турарди. У бу ишни мумкин қадар тез ва ҳаммадан олдин битказиб, ўзи шаҳарга тушмоқчи, ҳоким тўрага арз қилиб, ўз садоқатини кўрсатмоқчи бўларди. Иккинчи томондан, Ҳасан абзининг васвасалик фикрлари ҳам уни ҳали тарк этмаган эдилар. Бу жиҳатни ўйлаган вақтида у ўзининг қишлоқ айланиб келишидан хурсанд бўларди… «Ўзимни кўрсатдим! Хўп яхшилаб кўрсатдим! Абдисаматнинг қишлоғидан от қўйиб ўтиш насиб бўлмаса ҳам, шу айланишимнинг ўзи чакки бўлмади. Абдисамат эшитгандир. Эшитдирмай қўядими одамлар? Юраги ўртансин баччағарнинг!..» Фақат, амин ва элликбошилар жойларига қайтгандан сўнг нафасларини ичларига солиб ўтира бердилар. Кўплари кўчага ҳам чиқмай қўйди. Улар одамларга қандай қилиб янги пул солиғидан гапиришга ҳайрон эдилар. Орадан бир ҳафта ўтди. Ҳеч бир амин ва элликбоши бу тўғрида ҳеч бир кимга оғиз очгани йўқ. Мингбоши тажанглана бошлади. – Мирза, бу занғарларинг эсидан чиқардими? Yo имони ўчиб индаёлмай турадими? Бир-иккитасига фармойиш ёзиб, от чоптир! – Хўп, тақсир! Йигитлар фармойишни кўтариб йўрта кетдилар. Ичкарида бутун ишлар мингбошининг истаганича ҳал бўлган эди. Илгари дутор чалиб «Нетайхон» куйига сайрайдиган шаҳар булбули, кейинча секин-секин қўлга қўна бошлаб, Султонхон ташқарига йўл солган кечаси – бироз ижирғаниб бўлса ҳам – ўзини мингбоши додхонинг ихтиёрларига топширди… Топширмай нима қилсин? Бошқа иложи бормиди? Қани у илож? У ҳам шу ўлкадаги мингларча, неча ўн минг, юз мингларча аянч қулларнинг бири эмасми? Савдогарлар билан лиқ тўла қул бозорида сотиладиган канизак ҳеч бир тадбир билан сотилишдан ўзини қутқаролмайди. Мунинг учун ўзига ўхшаш канизларнинг кўп бўлиши, у кўпнинг бир бутун бўлиши, бир бутуннинг савлатли ҳукмларга, яъни ўлимга тайёр бўлиши керак. Ота-оналари томонидан қари чолларга сотилган қизлар озмиди? Қайси бири қаршилик қилиб эплай олган? Қайси бири ҳийла билан қутулиб кетган? Ундайлар тўғрисида халқ оғзида битта-яримта достон ҳам йўқ. Халқ тақдирга тан берганлардан гапиради. Кўпчиликка қулоқ солсангиз: қутурганларнинг чор-ночор юмшаганини, осийларнинг бўйинсунганини, телбаларга эс кирганини, оловларнинг пасайганини, алангаларнинг сўнганини, фарёдларнинг бўғилганини, дод-войларнинг бўғизлардан берига чиқолмасдан эриганини айтади, айтаркан ё кўзидан бир-икки томчи анъанавнй ёш чиқаради, ё бўлмаса маънилик қилиб бошини чайқайди. Зеби отасининг хунук феълини билади. Отаси шаҳардан пиёда келган эди. Оппоқ соқоли билан кўз ёшларини тўкиб йиғлади. «Қизим, – деди, – мени мунақа шарманда қиладиган бўлсанг, илоҳим, бўйнинг тагингда қолсин… Муродингга етмагин…» Мундай қарғишларнинг ортиқ даражада қўрқинч эканини ҳар оғиздан эшита-эшита ўсган; «эрга теккунча, худодан кейин ота-она келади» деган талқинлар остида катта бўлган ожиз, иродасиз, аянч ва яккабош бир қиз учун, Раззоқ сўфидай одамнинг омонсиз назарлари остида етилган бир нотавон махлуқ учун ҳалиги хилда қарғишларнинг руҳий таъсири бўлмаса мумкинми? Мунинг устига, Зеби онасини ҳаддан ортиқ яхши кўради, бу кўнгли қаттиқ отанинг дардини у муштипар ҳам кам тортган эмас… У бечора ҳали ҳам шаҳарга қайтиб кетолмайди. Бир сиқим рўзғор соврилиб битмадимикин? Она шўрлик ҳар кун йиғлайди, кўз ёши қилади: «Айланай қизим, менга раҳминг келсин, – дейди. – Мен сенга оналик меҳримни қўйиб катта қилганман, бошқа гуноҳим йўқ. Сени суймаган кишига берган бўлса, отанг берди… Мен бир нарса деб эплай оламанми, қалай? Ўзинг биласан. Отанг тепа тўнини тескари кийиб келибди. Мингбоши додхо олдида мунақа шарманда қиладиган бўлса, қиз ҳам керак эмас менга, сен ҳам керак эмассан, дейди. Айланай болам. Мен отангдан қўрқаман… Шаҳарга боролмайман. Бу ерда ҳам қололмайман… Ҳеч бўлмаса менга раҳминг келсин, болам. Жон болам, кўз болам!» Ҳар кун бошқачароқ шаклда такрор қилинган бу сўзлар таъсирсиз қолмайди, албатта. Айниқса, юмшоқ кўнгилли қиз болага… Ўзи ҳам ўйлайди: «Мен, – дейди Зеби, – якка бошим билан қаршилик қилиб эплай оламанми? У девдай бир эркак бўлса, мен бир сиқим жони бор қиз бўлсам? Онам бечора шаҳарга кетолмай, жонини қўлига олиб, ҳар кун, ҳар кеча қулоғим остида йиғлаб турса? Икки кундошим кеча-кундуз менга қараб кулиб, мени эркалатиб, силаб-сийпаб муомала қилгани билан, кеча-кундуз менга дейдигани шу: «Мунақа қилманг, айланай!» Мингбошини мендан узоқ тутиш учун жон олиб, жон бериб уриниши керак бўлган Султонхон келганидан бери ҳар кун қулоғимга эгилиб иккала кундошининг гапини қайтаради… билолмай қолдим! Умринисабибини чиқармай қўйдилар, қизига ҳам йўл йўқ. Энахон ҳам кам чиқади, чиққанда ҳам шу кундошларнинг гапини қайтаради. Ёлғиз жоним билан ҳеч нарса қилолмайдиганга ўхшайман, тақдирга тан бераман, шекилли. Вой, худойим, ўзинг ташлаганингдан кейин бошқа чора борми?» Шундай қилиб, қиз бечора тақдирига тан беришга жазм қилганидан кейин, омонсиз тақдирнинг суниб турган жомидан ўзини маст бўлгандай хаёл қилиб, ўзи хоҳламаган ва ўзи қўрққан завққа толди. Ўша шумлик кунда то кечгача Зеби неча марта тишини тишига босиб ғижинди, оёғи билан ер депсаб ўзини зўрлади, оқшом чоғи кўнглидаги изтиробларни дутор қилларига ва Нетайхон яллаларига топширди. Ортиқча қийналмаслик учун бутун оқшом ичи фонар ёқмади, ташқаридан тушган заиф ёруғда – мингбошига қайрилиб қарамасдан – дуторини чалиб, ялласини қила берди. Келин бўлиб келган кундан бери ўнтача қалин кўрпадан иборат ҳашамли ётоқ уйнинг ўртасида ҳар кун куёв-қайлиқни кутарди. Мингбоши ҳар кунги одатини қилиб, кирган ҳамон ечиниб ётган, устига катта чойшабни ташлаб ўзи севган яллаларини тингларди. Итлик қилмасликка ваъда берган бу одам, билмадим кимдан хижолат тортиб, ваъдасини бузишга уринмаган эди. «Бу оқшом ҳам сеҳрли яллани эшитиб ухлаб кетарман» деб ўйларди у. Зеби аввал ашулла ни тўхтатди. Ундан кейин, ташқарида ҳамма ухлагач, бирданига дуторини ирғитди: «Бир нарса бўлмадими?» деб ўйлаб бошини кўтарган мингбоши ёнига салгина қалтираниб Зебининг кириб келаётганини кўрди. Қиз унинг очилган қучоқларига бир қулдай эътирозсиз кириб кетди… Эртаси куни унча ижирғанмади. Ундан кейин табиат ўз ишини қилди. Мамлакатнинг қизғин қуёшида тез етилган тан бечора қизнинг маъюс кўнглини ўз илиқ қучоғига олди. Эрта билан иккала катта кундош қаҳқаҳа солиб туриб бу ёш кундошни олқишладилар. Улар ўз қаҳқаҳалари билан нариги кундошни – Султонхонни бўғмоқ истардилар. Ҳолбуки, у ҳар кеча деярлик мирзанинг қўйнида саодатдан бўғиларди… У ҳалиги юксак қаҳқаҳани эшитгач, унинг маъносини англади: югуриб Зебининг ёнига кирди, ҳаммага бирдан салом бергач, Зебига осилди; уни ҳам – худди мирза каби – бутун ҳирси билан қучоқлаб, чўп-чўп ўпди, бу билан иккала катта кундошга демоқчи бўлдики: «Сиз қанча севинсангиз, мен сиздан ортиқроқ севинаман! Сиз қуруқ ваҳимани қучоқлаб севинасиз, мен тирик ва жони бор одамни қучоқлаб яйрайман. Ким аҳмоқ! Ким аҳмоқ?!» Султонхон бечора кундошларнни «аҳмоқ» деб ўйлайди. Ҳолбуки, у сиқиқ муҳитда, у кишанли жамиятда ва у «мамну’ ўлка»да яшовчиларнинг ҳаммаси бир-бирини алдашга, бир-бирини «аҳмоқ» қилиб қолдиришга уринади ва ўзи муваффақ бўлгач, бошқа ҳаммани «аҳмоқ» санайди. Яшаш учун кураш бораётган бўлса, одатда, куч билан енголмаган одамлар ҳийла билан енгадилар: бу – жуда табиий нарса. Айниқса, хотинни қулдан баттар хўрловчи бир муҳитда хотин чор-ночор ҳийланинг устаси бўлади. Хотиннинг икки қўлига кишан солиб, кўча дарвозасини ташқаридан қулфлаб дўконига кетадиган савдогар ҳаммадан ортиқ аҳмоқ бўлганини англамайди… Кеча ва кундуз — 16-боб Йигитларни фармойиш билан аминларникига жўнатгандан сўнг мингбоши додхо ичкарига кирди. Сўнг вақтларда феъли жуда ўнгланиб қолганидан ҳамма хотинларига бир-бир тегишиб, гап ташлаб ўтди. Сўнгра Зебининг уйига кирди. Зеби ташқаридайди. Онаси хотиржам бўлиб шаҳарга қайтиб кетган эди. Хадичахон ҳовлига чопди ва Зебини айтиб келди. «Уйга киринг, айланай, эрингиз кириб кетдилар». Зеби кулди, Хадичахон ҳам кулди: бу кулишнинг маъносини фақат кундош аҳли ўзи англайди… Мингбоши Зеби киргунча дуторни олиб чертиб боқди. Чиқмади. «Шоп-шалопга ўрганган қўл дуторга ярармиди?» деди ўз-ўзига, шу билан ўзини юпатган бўлди. Зеби кириб майда йўллардан биттасини олди. Дуторнинг овозига эндигина ўз овозини қўшаман деганда, ташқаридан мингбошини чақирдилар. Бу Қумариқ мачитидаги тўполон хусусида келган биринчи хабар эди. Ярим соат ҳам ўтмасдан, мингбоши эски йигитлардан иккисини, янгилардан тўрттасини олиб, Қумариққа қарата от қўйди. Мачитдаги воқеани от чопиб келиб мингбошига хабар берган ва унинг ёнида от йўртдириб бораётган одам тўппонча воқеасидан сўнг мачитдан қочган икки эликбошининг бири – Қосим лайлак эди. Бўлган воқеани оёқ устида туриб мингбошига англатди ва аҳволни жуда ваҳималик қилиб кўрсатди. Унинг айтишича, «мингбоши етиб боргунча қишлоқнинг қарийб ярми қирилиб битади». Йўлга чиққандан сўнг мингбошининг саман йўрғасига етолмасдан ҳансираб йўртаётган йўғон қора биясини тўхтовсиз қамчилаб, мингбошига «гап едиришга» уринди. Бойларнинг икковидан ҳам Қосим лайлак дилгир эди. Подшоликнинг патталик солиқлари, яъни ўлпон ва тутун пулларини ҳаммадан кеч тўлайдиган, аммо қоровул пули ва капсан каби паттасиз солиқларни сира тўламасдан, элликбоши ва аминларга ўшқириб муомала қиладиган бу пурзўрлар ёлғиз Қосим лайлакка эмас, бошқа элликбоши ва аминларга ҳам унча ёқмасдилар. Ёлғиз элликбоши ва аминларгагина эмас, ундан каттароқлар ҳам «берганни» ёқтиради-да! Фурсат жуда қулай келганлигидан Қосим лайлак имкон борича фойдаланиб қолмоқчи бўлди. – Мингбоши додхо, отларга жиндак дам берсак, оқ кўпикка тушиб кетди жониворлар! Сизга бир-икки оғиз зарур гапим бор эди. Мингбоши саман йўрғанинг бошини тортиб орқасига қайрилди, йигитлар йироқда қолган эдилар, фақат улар ҳам отларнинг бошларини торта тушдилар. – Уялмасдан катта холангдай бияни миниб юрганингни қара, лайлак! – деди мингбоши. – Менинг қашқа йўрғам уйда қолди, тақсир. Мачитдан чиқиб уйга боролмадим: фурсат бўлмади. Гузарда битта шу от бор экан, миниб чопа бердим. – Баракалла, лайлак! Подшоликка шунақа хизмат қилсанг, мартабанг ошади. – Шунисига ҳам шукур, тақсир. – Қани, гапингни гапир. – Шу Умаралибой билан Ёдгорхўжани айтаман. Бугунги фасодга ҳам ўшалар сабаб бўлди. Патталик солиқ чиқса, ҳаммадан кейин тўлайди. Паттасиз солиқларни ҳеч бўйнига олмайди. Бориб сўрасанг, ўшқириб беради. Қўрқасан одам… Шу бугун ҳам домла-имомдан кейин бири қўйиб, бири юртни тергади, намоз ўқимаганларни сўкди. Ўзлари ўқиса экан, кошки… Юрт жуда ёмон кўради у икковини: қишлоқнинг тўртдан бир ҳисса ери ўшаларники, иккала ариқнинг сувини ҳам ўшалар ичади, ҳеч кимга бермайди. Ҳамма улардан қўрқади. Ўзимиз ҳам унча-мунча яхши гапириб турмасак, шаҳардан катталар чиққанда, устимиздан арз қилишади. Қосим лайлак бир-икки йўталди, орқасига қараб олди, сўнгра яна сўзида давом этди: – Шунча халқ олдида сиздай одамга тил тегизишди… Мингбоши отининг бошини яна торта тушиб сўради: – Нима, нима? Менга тил тегизди? Нималар дейди хотинталоқ? Шундан кейин Қосим лайлак иккала бойнинг мингбоши тўғрисидаги фикрини бирига беш қўшиб айтиб берди. Мингбоши қишлоққа келган куни кўприк устида Умаралибойнинг домла-имомга айтган сўзлари ҳам мингбошига тўкис-тугал еткизилди. Бу узунқулоқ ҳеч бир шоҳид йўқ ерда айтилган у сўзларни қайдан эшитгандир – билмадим, мингбошига эшиттирган вақтда ярим ҳижосини ҳам ғалат қилгани йўқ. Шундай қилиб, Акбарали мингбоши исён чиқарган Қумариқ қишлоғига тайёр фикрлар, ҳозир ниятлар билан кириб борди. Булар қишлоққа бориб кирганда, офтоб кенг толалар устидан ўз уйига томон йўл солган эди. Ҳали анча баландда бўлса ҳам, унинг камолидан заволи яқинроқ экани кўриниб турарди. Саман йўрға гузарнинг ўртасида тўхтади. Югуриб келиб юганини ушладилар. Мингбоши ирғиб тушди. Гузардагилар ҳаммаси оёққа қалқдилар. Мачитда одам кўринмади, фақат намозхонларнинг ҳаммаси гузар олдида тўпланган эдилар. Улар орасида ҳалиги иккала бой йўқ, булар ҳаммаси супанинг пастида намоз ўқиган ва «хотинталоқ» деб сўкилган деҳқонлар, чоракорлар, қароллар эди. Мингбоши ўнг томондаги озодароқ самоварга чиқиб, ўзи учун тўшалган тўшакка ўтирмасдан, гиламнинг бир четига ўтирди ва чилим буюрди. Чилимни жуда узоқ тортиб чеккандан кейин, сарғимтил тутунини оғзидан совуриб туриб, ўтирганларга хитоб қилди: – Нима номаъқулчилик қилиб қўйдинг, баччағарлар? Ҳамма жим қолди. У ер-бу ердан бир-иккита йўтал овози эшитилди. – Қани, гапириб бер менга. Нима номаъқулчилик қилдинг? Яна ўша оғир жимлик бузилмади. Сўнгра мингбоши Қосим лайлакка юзланди: – Қани, Лайлак, сен гапир, бўлмаса! – Мен, тақсир, подшоликнинг одами бўлсам. Нима деб гапираман? Юрт ўзи гапирсин. Ҳақиқат маълум бўлади. Ҳамма гапни йўлда гапириб бўлган Қосим лайлакнинг юрт олдида гапириб жавобгар бўлишдан ўзини олиб қочаётганлиги маълум эди. – Бўлмаса гапиринглар. Нега жим турасанлар? Мен ҳақиқатни билай деб келдим. Ниҳоят, бойга қараб мушт кўтарганлардан бири ўрнидан турди. Кўзларида ғазаб учқунлари чақнаса-да, ҳаракатлари оғир ва бепарво эди. – «Хотинталоқ» демаса, ҳеч ким тегмас эди уларга. Ҳаммамизни бирдан хотинталоқ деб юборди, тақсир. – Ўзи хотинталоқ! – деди мингбоши. Мингбошидан бу хил жавобни кутмаган оломонга жон кирди. Ҳар қайси ҳар тарафдан қичқириб гапира бошлади. – Биттанг гапир! Биттанг! Ҳамманг баравар шовқин қиласан, гап уқиб бўладими?! Битта-битта келиб гапир. Бошқа бириси туриб келди: – Сенлар намоз ўқимайсан дейди, тақсир. Бенамозсан дейди, тақсир. Нима, у подшолик қўйган раисми ё имомми? Тергаса имом домла тергасин. Яна бири турди: – Ўзи намоз ўқийдими денг, тақсир. Жумага келса келади, келмаса йўқ. Иккала ҳайит намозини ўқийди, муниси рост лекин. – Биттаси ўлгудек хотинбоз. Унинг дастидан хотинларимиз, опа-сингилларимиз кўчадан ўтолмайди. Ўтган хотинга гап ташлайди. Уят гапларни гапиради… – Биттаси судга пул беради. Бошқалар бирни бирга берса, бу бирни бешга, ўнга беради. Қишлоқ одамининг уйи куйиб кетди, тақсир! – Ҳамма ерлар аста-текин ўшаларга ўтиб кетаётибди. Қўлимизда ер қолмади. Ҳаммамиз чоракор бўлиб қолдик. Ишлатиб-ишлатиб ҳеч нарса бермайди. Бир сўм қарзимизни ўн сўм қилиб кўрсатиб, бизга кўнадиган ҳақни олиб қола беради. – Бир дафтари бор, ўзи ёзиб, ўзи ўчиради. Биз билмасак, тақсир… «Мунча қарзинг бор, мунчаси тегди, мунчаси қолди» дейди. Биз қайдан билайлик? – Бўйнимиз қарздан чиқмайди. – Подшолик «вайна»га чақирар эмиш деб эшитдик. Тезроқ чақира қолса, ҳаммамиз кетардик. Жонимиздан тўйдик, тақсир. Орқасида ўтирганларга қаради. Улар барчаси бир овоздан тасдиқ қилдилар: – Шундай тақсир. Жондан тўйиб кетдик. – Ҳаммамиз бола-чақалик бўлсак… Нечтадан ёш жўжаларимиз бор… Биз ўзимиз оч-яланғоч ўта берамиз, ёш бола уни билмайди: «нон» дейди, «ош» дейди… – Кеча-кундуз ишлаб қорнинг тўймаса, бу қандай замон бўлди? Мингбоши қичқирди: – Гапириб бўлдингми ҳамманг? – Бизда айб йўқ, тақсир! – деди бириси. – Бизда айб йўқ! – деб қичқирди оломон. Шу вақтда ҳаллослаб югурганича Умар амин келиб қолди. – Ҳа, Умар, қаерда қолдинг? – деди мингбоши. – Ассалому алайкум, тақсир! Хуш келибсиз. Мен шу тўполон билан овора бўлиб юрибман. Тўполонда тўппончамни йўқотиб эдим, шуни топиб олдим. – Бойлар қани? – Бири беҳуш бўлиб уйида ётибди. Бир қўли синганга ўхшайди. Боши ёрилибди. Яна биттаси бир жойга бекинган бўлса керак. Дараги йўқ… – Ўша иккаласи қишлоқда қоладиган бўлса, биз қишлоқни ташлаб кетамиз! – деди биров. – Рост айтасан! – деб қичқирди оломон. Мингбоши нима қилишини ва нима дейишини билмасди. Ниҳоят, қарорини берди: – Оломон тарқалсин. Ҳамма уй-уйига кетсин. Тирикчилигини қилсин. Айбдорларни биз ўзимиз топиб, жазосини берамиз. Унинг сўзларини амин ҳам баланд овоз билан такрор қилди. – Ишқилиб, инсоф билан тергалсин! Юртда айб йўқ! – Юрт оғиз очмай туриб, Умаралибой сўз бошлади. – Ҳаммамизни ҳақорат қилди. – Мингбоши тоғанинг ўзини ҳам ҳақорат қилди, занғар! Амин бориб шу сўнг сўзни айтган одамга дўқ қилди: – Жим тур, аблаҳ! Унақа гапларни гапирма! Яна ўзаро ғудрашиб-ғудрашиб, тўпланганлар тарқалиб кетдилар. Улар кетгач, мингбоши мачитга бориб воқеа жойларини кўрди, имом домлани топдириб келиб, воқеа тўғрисида батафсил маълумот олди. Имом қўрққаниданми ё бошқа бир хаёл биланми, бўлган воқеани айнан гапириб берди. Ортиқча ёлғон қўшмади, ҳеч кимни қораламади, ҳеч кимни ёқламади ҳам. Маълумот олингандан кейин, домлага жавоб берилди. Энди икки элликбоши, бир амин ва бир мингбоши маслаҳат учун мачит айвонига чиқиб эдилар, ташқаридан Ёдгорхўжа кириб келди. Мингбоши қарагали улгурмай туриб, бой шовқин солди: – Мингбоши ётади тўртта хотинни олиб! Бу ерда ялангоёқлар, бошкесарлар, ўғриларнинг дастидан ҳеч кимга кун йўқ! Бу қандай замон бўлди? Мингбоши супа қирғоғида тўхтади. – Шовқин солмай гапиринг, бой. Қулоғимиз бор. – Бизнинг бўлусимизда қулоғи бор одамлар қолгани йўқ ўзи! Энди ер-сувимизни сотиб, бошқа тарафларга кетмасак бўлмайди. – Нима бўлди сизга, Ёдгорхўжа? Нега ётиғи билан гапирмайсиз? – деди амин. – Сен гапирма, хотинталоқ! Сендан каттароғидан ҳам қўрқмайман мен! – Нима, нима? – деди мингбоши. – Сен қутурибсан, Ёдгор! Сенга одам мамиласини қилиб бўлмас экан ўзи. Юрт билиб қилганга ўхшайди… – Вой-до-од!.. – деб қичқирди Ёдгорхўжа. – Вой-до-од Акбаралининг дастидан! Айтмадимми! Ҳамма ўғри, бошкесар, ялангоёқларнинг бошида Акбарали ўзи туради! Кечалари йигитлари билан босма қилади. Йигитлари ҳаммаси босмачи! Ўғри!.. – Олиб бор баччағарни! Қамаб қўй! – деб бақирди мингбоши, жаҳлдан ўз қўлларини чимчиларди. Ҳеч ким қимирламади. – Қаматиб кўр-чи, қани! Қаматиб кўр-чи! Нима қилар эканман! Ўғри! Босмачи!.. – Ҳой болалар, сенга айтаман! – деб қичқирди мингбоши.– Олиб бор бу босмачини, қамаб қўй ўша ҳужрага! Дарвоза олдидаги йигитлардан учтаси келиб бойга ёпишдилар. Бой уларнинг учаласига ҳам сўз бермасдан, оғзидан тўхтовсиз «куфур» совурарди. Кейин бошқа йигитлар ҳам ёпишиб уни ўртага олдилар: зўр билан сўфининг ҳужрасига олиб кириб, устидан қулф солдилар. Бу вақтда мачит дарвозаси олдига яна одамлар тўплана бошлаган эди. Мингбоши ўзининг эски, синоқта йигитларидан бирини эшик олдига қўйди, янги йигитлардан иккисини унинг ёрдамига берди. Сўнгра синоқта йигитнинг қулоғига эгилиб, бир оз таълимот берганидан кейин гузарга чиқиб отига отланди. От тизгинини ушлаб турган аминга икки оғизгина сўз деди: – Юрт ҳам тинчиди, бойлар ҳам тинчиди. Мундан кейин иккови ҳам номаъқулчилик қилмайди. Юртга ҳам насиҳат қил: ўз бошига иш тутмасин. Керак бўлса бизга арз қилсин. Ўзимиз адабини берамиз! Шундан кейин отнинг бошини буриб, йигитлари билан бирга ўз қишлоғига қайтиб кетди. Қоронғи тушган, йўлнинг икки томонида қуруқ ғўзапояси қолган, баъзи жойларда ғўзапояси ҳам юлиниб яланғочланган ерлар энди биринчи қорнинг совуқ тамосини кутиб ётардилар. Келишда бирушта чопиб келиб оқ кўпикка тушган отлар бу қисқа тўхталишда жиндак дам олган бўлсалар-да, яна ўша хилда тез юришга тоблари йўқ эди. Унча-мунчага чарчамайднган саман йўрға қамчининг ели билан оёқларини бидратмоққа бошлаганда, мингбоши ўзи унинг бошини тортиб қўярди. Йигитларнинг отлари, барибир, қамчи зарби билан ҳам шошилмоқчи эмасдилар. Йигитлар мингбошига малол келмаслиги учун оҳистагина ғингшиб ашулла бошладилар. Нозик замон, қоронғи кеча, совуқ ҳаво, кенг толада бу хиргойи, негадир, мингбошига ёқиб кетди. – Ҳа, йигитлар, овозингни кўтара туш! Йигитлар бир ерга ғужум бўлиб олиб ашулла ни бир йўсинда чўзиб юбордилар. Отлар ҳам ашулла нинг зарбига оёқ ташлаб, оҳиста-оҳиста борардилар. Бу чопиб келиш ва ҳадемай яна отга отланиб уйга қайтишнинг бемаънилигини мингбоши ўзи ҳам англаган эди. «Бутун бир қишлоқ қўзғолон кўтарди, – деб ўйлади у. – Бир одамни чала ўлик қилиб ташладилар. Мачитнинг панжаралари синди. Яна бириси қочиб қутулмаса, у ҳам ўларди ё майиб бўларди. Йигит-яланг чинакам қутурган эди. Бу ҳазилакам гап эмас. Қишлоқнинг икки элликбошиси, бир амини ҳеч нарса қилолмасдан, менга одам юбордилар. Апил-тапил кийиниб, отга отланиб, етти-саккиз йигитим билан келдим. Келишим чакана бўлмади! Фақат, натижа? Натижа нима бўлди? Нимага эришдим? Нима қилдим? Нимани бажардим? Йигит-ялангнинг арзини эшитдим (мингбоши, негадир, энди «юрт» дегиси келмайди). Ёдгорхўжа ўшқириб келиб эди, қаматиб қўйдим. Жиндак ҳовуридан тушмаса бўлмайди. Ўз қилмишига пушаймон бўладими, йўқми – уни билмайман, аммо-лекин бугун-эрта чиқиб кетишига қаттиқ ишониб турганини яхши биламан. Қамоқдан чиқса менга ёмон осилади. Иложи бўлса, ярим подшогача боради. Қўймайди лекин! Битта оғзи катта бойга кучим етмагандан кейин, бу шоп-шалопни нега тақдим, денг? О, пули тушкур-э! Амалдан ҳам кучли экан-а!.. Рост-да, Ёдгорхўжанинг оқибати нима бўлишини мен биламанми? Шундай катта мингбоши? Йўқ, билмайман! Уни шу ҳолда кўп сақлаб бўлмайди, эртага эрта билан ё конвой билан шаҳарга жўнатилади, ё чиқариб юборилади. Бошқа йўл йўқ! Шу йўлларнинг қайси бири маъқул? Қайси бири эп келади? Қайси бирини қилсам, ўзимга хайрият бўлади? Билмайман! Ҳайронман… Шу топда Мирёқуб жувонмарг бўлсайди. Бир оғиз гап билан маъқул маслаҳатни топиб берарди, «Қўй ҳам бутун, бўри ҳам тўқ» бўларди. Хотин дардига қолмай ўлсин, бетавфиқ! Битта ғайридинни топиб неча ойлик йўлга кетибди-я!..» Отлар ўлчовли қадам ташлаб ва бошларини жирка-жирка илгари босаркан, йигитларнинг гоҳ кўтариб, гоҳ пасаядиган мунгли ашулла лари остида мингбоши додхонинг мияси шу хил фикрлар билан ташвишланарди. Мингбоши ўзининг Мирёқубсиз ҳеч нарсага ярамаганини умрида биринчи марта ўз-ўзига иқрор қилди. Тўғриси, қилишга мажбур бўлди. Мингбоши қанча ўйласа ҳам, маъқул бир маслаҳат топа олмади. Мияси чарчади. Боши енгилгина оғригандай, кўзлари тингандай бўлди. «Хайр, қўй, – деди яна ўзига ўзи. – Уйга борайлик-чи. Ҳеч бўлмаса, Ҳакимжондан маслаҳат сўрарман». Сўнгра йигитларга юзланди: – Қани, йигитлар, шўхроқ ашулла дан бўлсин! Жаноза босиб кетди ҳаммаёқни. Йигитлар кулдилар. Йўлда учраган кичкина бир қишлоқдан чиққач, шўх ашулла бошланди. Унгача қиш арафасининг совуқ ва сержаҳл шамоли қўзғалди, унинг игналари юз ва қулоқларга ачитиб-ачитиб санчиларди. Қор учқунлари келиб гоҳ-гоҳ юзларни чимчиларди. Бир оздан сўнг саман йўрғанинг оёқ бидратганини кўриб, йигитлар ҳам қамчига зўр бердилар ва эл уйқуга ётганда, ўз қишлоқларига кириб бордилар. Ҳаял ўтмай йигитлардан иккитаси чарчамаган отлардан иккитасига отланиб яна Қумариққа жўнадилар: Ёдгорхўжани бўшатиб юборишга фармон берилган эди. Султонхонни ўз ҳужрасида қолдириб, негадир, ҳалитдан қишлик пўстинини устига ташлаб ва уйқусираган сингари довдираниб ҳовлига чиққан Ҳакимжон икки йигитни у ёққа жўнатгач: – Чакки иш қилиб қўйибсиз, хўжайин! – деди. – Билмадим, бу ишнинг оқибати нима бўларкин? – Нима бўлса бўлар! – деди мингбоши. – Олса амалини олади-да. Жонни олармиди? Шунча йил хизмат қилганман. – Мундай нозик вақтда хизматга қарамайди, хўжайин. Мингбошининг жаҳли чиқди: – Уйқудан қолибсан, мирза! – деди у. – Тур, жойингга кириб ёт! Эрта билан гаплаш мен билан. Ювуқсиз!.. Ўзи ҳам таппа-таппа қадам босиб ичкарига томон юрди. Мингбошининг бу узун суҳбатни мундай қирт кесиб ичкарига йўл солганига ичдан хурсанд бўлган мирза ўз уйига кирган вақтида, мингбоши додхонинг хотинлари юрагини чангаллаб ўтирарди. – Қўрқманг, – деди Ҳакимжон уни пўстини орасига олиб, – сиз ўз уйингизда ўтирибсиз… Бу кеча Ҳакимжон қанча кам ухлаган бўлса, мингбоши ундан ҳам кам ухлади. Ярим кечада катта хотинини уйғотиб, жиндак гўшт қовуртирди. Бир шиша ароқ билан уни егандан кейин яна бир шиша ароқни ярим қилди ва шундан сўнг оч бўридай увлаб-увлаб уйқуга кетди. Кеча ва кундуз — 17-боб Кечаси ташқарига бир қарич қор тушди. Деразаларнинг ойнаклари панжара гулчин сингари ғалати-ғалати нақшлар билан безандилар. Жипс ёпилмайтурган эшикларнинг икки қаноти орасидан совуқ қорнинг заҳарли изғирини кириб, уйларнинг токчаларини айланмоққа, унинг совуқ «ҳув-ҳувлари» шифт ораларидан эшитилмоққа бошлади. Қалдирғочнинг ташландиқ уясидан чигиртканики сингари ингичка ҳуштак овози чиқарди: изғирин беркиниб олиб шўхлик қилаётганга ўхшайди! Ҳакимжоннинг уйқусираган кўзларини уқалаб туриб кеча ярмида қилган ваҳимаси мингбошининг ўзига таъсирсиз қолмаган эди. Кечаси ичилган бир ярим шиша ароқ унинг миясини тарози тошидай оғирлаштириб, бир нафасда кўзларини юмдирган бўлса-да, тонг ёришар-ёришмас яна безовталик билан уйғонишига сабаб бўлди. Кўзини очган вақтида боши худди прессга тушган тойпахтадек, ёрилгудек бўлиб оғрирди. Зўрға-зўрға қайрилиб ёнига қаради: севимли булбули, сочларини тўздириб, ширин уйқуда роҳат қилмоқда эди! «Нима қилсам? Уйғотсамми? Yo уйқусига халал бермасамми?» деб ўйлади мингбоши. Фақат, бошида ўтирган алвасти йўғон болтасини қўлига олиб энди ўтин ёришга киришганидан, чор-ночор қичқиришга мажбур бўлди: – Тур, ҳай! Тур дейман! – Бу мингбошининг ўз севимлисини биринчи марта сенлаши. – Қотиб қолибди баччағарди қизи! – Зебини туртди. – Тур дейман, тур! Зеби кўзини очиб дарҳол эшик томонга қаради: – Ким у чақирган? – Менман, мен. Тур ўрнингдан! – деди мингбоши унинг елка томонидан. – Тур, кечаги ароқди олиб бер! – Сизга нима бўлди? – Кейин биласан. Бўл, ароқди бер тезроқ. Бир катта пиёлага чоч қилиб тўлдиргандан кейин бир шимиришда ичиб бўлди. – Аҳ, худога шукур! – деди. – Ётиб ухлай бер. Ҳали вақт эрта. Ўзи оғирлик билан ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Ташқарида жон асари йўқ. Ҳамма уйқуда. Янги ёққан қор оёқ остларида ғирчиллама этик сингари овоз бериб ётарди. Дарвоза даричаси очиқ, демак, йигитларнинг намозхони Ўлмас ота намозга чиққан. Сўрига бориб ўтирмоқчи бўлди: сўридаги йиғиштирилмаган палослар қалин қор остида қолганлар. Тўшакча устидаги думалоқ болиш – тепаси қор, икки ёни қуруқ – чала бўялган тухум сингари чучмал ва ғалати кўринарди. Айвондаги гиламга чиқиб ўтириб бошини чайқаб кўрди. Оғриғи тарқалган, енгиллашгандай бўлган, лекин мияга ўйларни тўплайдиган ҳолда эмасди. Ўйлар булут устига мингашган булутдай мужмал ва рангсиз эдилар. Гиламга узаниб бошини қўллари устига қўйди: бемаҳал қишнинг совуқ тонгида шамоллаб уйқуга кетмоқ истарди. Бўлмади. Уйқу келмади. Кўзларининг уст пардаси юмилса-да, ич пардаси юмилмоқ истамас эди. Гўё бир бўлак гўшт бошининг олдига – худди пешона тепасига келиб олиб, билакдаги томирдай бирушта лўмшиб турарди. «Нима бўлди менга?» деб ўйламоқчи бўлди мингбоши: шу уч сўзни миясига тўплай олмади. Учала сўз бошининг уч бурчига тарқалиб, ҳар томондан пойма-пой овоз берди: «Бўлди… нима?.. менга…» Ўрнидан туриб каттакон чорсисини ариқ сувига ботирди, сўнгра наридан бери сиқиб олиб бошига босди ва шу бўйича касал одамдай ўнтаб ётиб уйқуга кетди. Ҳакимжон келиб уйғотганда, соат 11 га яқинлашган эди. Ўрнидан турмасданоқ ётган жойида учта-тўртта қалампир солинган аччиқ шўрвадан ярим коса ичди. Устига катта бир кўрпа ташладилар, ётиб терлади. Шундан кейин мияси жойига келгандай бўлиб, ўрнидан турди. – Мирёқуб акамдан хат бор, – деди Ҳакимжон. – Ким олиб келди? – Бошқа қоғозлар билан бирга шаҳардан юборибдилар. – Нима дебди? – Ўқиб берақолай. Ҳакимжон ўқий бошлади. Бошида узундан узоқ дуо-ю саломлар – ҳаммага алоҳида-алоҳида, номма-ном… – Ўтабер, – деди мингбоши. – Ундан кейин йўлдаги саргузаштлар… – Ўтабер… – Ундан кейин Қримнинг тоғлари, денгизларининг таърифи. Бир неча бет… – Ўтабер… Лақма бўлмай ўлсин! Қачон келишини айтмайдими? – Йўқ, – деди Ҳакимжон. Хатни энди Ҳакимжон ўз ичида ўқий бошлади. – Ҳалиги манжалақи тўғрисида ҳеч гап йўқми? – Йўқ. Бир жойда «жуда хурсандман, айшим жойида» дебди. – Унинг айши жойида бўлмаган вақти йўқ… Менинг уйим куйди бу ерда! Ўтабер! – Мана мунда бир гапи бор. «Агарда биронта нозик иш чиқиб қолса ва ҳам ҳоким тўра билан хилватда гаплашмакни тақозо қилинса, ҳамма гапни Зуннунбой орқали нойиб тўранинг оғачаларига айтилсин. Inshoollo, ҳар қандай мушкул ишлар ҳам хайрият саранжом топқай». – Шуниси керак эди бизга. Яна қайтиб ўқи! Ҳа, балли, энди қаерга тушгани борми, йўқми? – Ҳа, адреси бор. – Бўлмаса, тезлик билан телеграмма жўнат. «Тез етиб келмасанг бўлмайди» дегин. Уқдингми? – Хўп, хўжайин. Менга қаранг, додхо. Хатнинг бошида ғалати бир гап бор, сиз қунт қилмай ўтдингиз. – Хўш, хўш? Қани? – Мана муни эшитинг: «Жаноби ҳурматлик отахонимиз, қиблагоҳимиз, миллатнинг отаси ва тараққийпарвар мулла Акбарали афанди мингбоши додхо ҳазратларига кўп-кўп саломдин сўнгра андоғ маълум ва равшан бўлгайким… в.ҳ.». – Нима бало? Жинни бўлдими? Йўқ ердаги бемаъни сўзлар… – Биласизми, хўжайин, бу сўзлар ҳаммаси жадидлар айтадиган сўзлар. Абдисамат мингбошига Самарқанддан бир жадид муфтининг ёзган хатини кўриб эдим. Ўшанда ҳам «миллатнинг отаси, тараққийпарвар» деган гаплар бор эди… – Нима дегани у? Ҳакимжон шу бемаъни саволга жавоб бермасликни эп кўрди. Шу учун калтагина қилиб: – Ўзим ҳам билмайман, – деб қўя қолди. – Ишқилиб, бизни Абдисаматга тенглаштирибди, дегин. Мирёқубдан келган оқибат шу бўлибди-да… Шу топда мингбошининг юзида ёш болаларнинг аразлаши сингари бир нарса бориди. Ҳакимжон муни дарров пайқади. У аввал билинар-билинмас қилиб кулди, кейин овозида бир нав эрмак асарини босолмагани ҳолда мингбошига «насиҳат» қилган бўлди: – Йўқ, хўжайин, ундай деманг, Мирёқуб акамнинг сиздан бошқа ҳеч кими йўқ. Сизга ҳеч қачон игнадек бир ёмонликни раво кўрмайди. – Мен раво кўраманми бўлмаса? – деди мингбоши. Шу топда унинг кўнглидан «менинг кимим бор ундан бошқа» деган аламлик бир фикр ўтди. Мингбоши бу оғир суҳбатни ёпмоқчи эди, шу учун дарров сўзни бошқа томонга бурди: – Хўш, болалар келишдими? – Йўқ, хўжайин. – Нима, нима? Шу вақтгача келмайдими? Қумариқ қанчалик йўл экан? Хуфтонда одам жўнатган эдик. – Билмадим, хўжайин. Худди шу пайтда янги йигитлардан бири арвоқ отни оқ кўпикка тушириб чоптирганича етиб келди. Дарвозани очгунча бўлмай отдан ўзини ташлаб, ранги ўчган ва ҳаллослаган ҳолда мингбошининг қаршисига келиб тўхтади. – Нима гап? Мунча ҳовлиқдинг? – Иш ёмон, хўжайин. Иш ёмон… Йигит сўзлай билмасди. – Ўтир, дамингни ростла! Битта-битта гапир! Мингбоши ўзи ҳам икки қулоғини дингкайтирди. Йигитга бир пиёла чой бердилар, ичди, нафасини ростлади. Сўнгра бирин-бирин сўзлаб берди. Мингбошининг кечаси жўнатган икки йигити бу қишлоқдан чиқмай туриб, у қишлоқда яна тўполон бошланади. Тўполонни қамоқда ётган Ёдгорхўжанинг барзангидай икки ўғли билан нариги – калтакланган Умаралибойнинг бир ўғли бошлайдилар: кейинги бойваччанинг қўлида кичкинагина оппоқ «Смет-виссон» тўппончаси бўлади. Булар аввал Ёдгорхўжани қамоқдан қутқариб, кейин Умаралибойни калтаклаганларнинг бошлиғи ҳисобланмиш Маматурдини отиб ўлдирмоқчи бўладилар. Маматурдининг ўзи Умаралибойга йигирма йил қарол бўлган киши. Тўхтасин бойвачча қўлидаги оппоқ тўппончани ялтиратиб қоронғида гузар олдидан ўтар экан, овозини бемалол қўйиб юбориб: – Ўз хўжайинига, нон-тузини ичган кишисига қўл кўтарган одам қандай одам бўлади? – деб сўзланади. – Ундай одамни тирик қўйиш ярамайди. Уни тирик қўйсак, бошқалар ҳам шунга эргашадиган бўлади. Ака-ука бойваччалар ҳам бу фикрни маъқул топадилар ва мардларча қадам қўйиб, гузар олдидан мачитга томон ўтадилар. Бу вақтда гузарда оқ аланга қилишиб ўтирган бир-икки йигит дарров бориб, эшитган гапларини Маматурдига айтади. Маматурди қора синчалоғи билан ўнг қулоғини бир кавлаб олгач, жулдур гупписини елкасига ташлаб уйидан чиқади, бироздан сўнг улар ҳам беш-ўн киши бўлишиб, кўприк олдида – баққол дўконининг айвончасига тўпланадилар. Бу вақтда биринчи қор қўшинининг илғорлари ерга етиб келиб, бир-бир қатор чизила бошлайдилар. Аччиқ изғирин чилдирмасини қўлига олиб гиждангни қизитади… – Мен ҳеч кимга тегмоқчи эмасман, – дейди Маматурди. – Мачитда гап бошлаган ким бўлди? Ўшалар! Ўзлари «хотинталоқ» деб сўкмаса, биз қўл кўтармас эдик. – Ҳа, албатта, – дейди йигитлар. – Биз энди ҳам қўл кўтармаймиз. Қўл кўтариб келсалар, алватта, жон борича тортишамиз. Пакана Тўхташ кўпчиликнинг фикрига қўшилмайди: – Улар қўл кўтаргандан кейин қўл кўтарсак кеч қоламиз, оғайнилар, – дейди у. – Орқаларидан қувиб бориб бирданига солдирмасак бўлмайди! Ҳа! Эрали семизнинг жувозкаш боласи Тўхташнинг фикрини қувватлайди: – Бостиргандан босган яхши, алватта! – Йўқ, сенлар тушунмайсан, – дейди Маматурди. – «Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин» деган гап бор. Ким кучлик? Пули бор кучлик. Подшолик, амалдор, яримпошшо – ҳаммаси пули борнинг оғзига қарайди. – «Пули борнинг гапи ўнг, пули йўқнинг гапи тўнг»,– дейди яна биттаси. – Ҳаб-баракалла. Биз олдин қўл кўтарсак, бу номард амалдорларинг бутун қишлоқни отув қилишдан ҳам тоймайди. Ўзлари бир нима деб келишса, биз ўшанга қараб муомала қилайлик. – Ҳа, ҳа, тўғри, – дейди қишлоқ йигитлари. Бироз ўйлагандан кейин Маматурди бошини кўтаради: – Менга қара, болалар! Унинг қасди менда. Мен ўзим олишаман. Сенлар аралашмасанг ҳам бўлади. Сенларда қасди йўқ. Йигитлар ҳаммаси бир оғиздан: – Йўқ! – деб қичқиради. – Биз сенга қўл тегиздирмаймиз! Бу орада учала бойвачча қамоқдаги «бечора»ни қутқариб олиш учун қанча зўр бериб, ҳеч нарса чиқара олмайдилар. Мингбошининг синоқта йигити қаттиқ туради, милтиқ қўндоғини ўз кўксига қадаб туриб қичқиради: – Яқин келганингни отаман! Мингбошидан буйруқ келмагунча ҳеч кимни яқин келтирмайман. Унинг ёнидаги йигитда ҳам ов милтиғи бўлганидан, бой болалари қўрқадилар: тўппончани қўйнига солиб туриб қаҳрамон бойвачча аччиқ-аччиқ сўкинади, шу билан улар учови тез-тез қадам қўйиб мачитдан чиқиб кетадилар. Мачитнинг чап биқинидаги тор кўча билан толага чиқиб, ундан сув бўйлаб тўппа-тўғри Маматурдининг уйига борадилар. У ерда Маматурди бўлмаганидан, «бирор жойда беркиниб ётгандир» деб, уйнинг ҳар томонини қидира бошлайдилар. Маматурдининг гангиб қолган хотини «кўчага чиқиб кетди, гузардадир, фалон» деса ҳам, қулоқ солмайдилар. Хотин бечора бойваччанинг қўлида оппоқ тўппончани кўргандан кейин қўрқиб кўчага чиқади ва овозининг борича бақириб «дод» демоққа бошлайди. Хотинининг фарёдини эшитгандан кейин Маматурди ишнинг нималигини дарров пайқаб, йигитлар билан бирга ўз уйига қараб югуради. «Ҳай, ҳай! Ҳай, ҳай! Бу нима гап?» деб эшикдан кирган ҳамон бойвачча айвон олдидан югуриб келиб унга қарата бир ўқ узади, ўқ Маматурдининг чап елкасига тегиб уни ярадор қилади; у ёқдан пакана Тўхташ етиб бориб калтагина бир таёқ билан бойвачанинг қўлига уради, тўппонча икки-уч қадам нарига бориб тушади; нариги икки бойвачча буларга қараб тош отишга киришадилар. Шундай қилиб, икки орада яна уруш бошланиб, натижада ака-ука бойваччаларнинг бири ўлади, бири озроқ калтак егандан кейин қочиб қутулади; тўппончали бойвачча эса тўппончасидан воз кечиб, қоронғида бир жойга беркинади. Қон кўп кетганлигидан Маматурди ҳам йиқилиб қолади. Унинг хотини эрта қачон ўзидан кетган бўлади. Мачитда эса ҳужранинг дарпардасини ағдариб ташқарига чиққан Ёдгорхўжа икки йигитга сўз бермай чиқиб кетмоқчи бўлади: йигитлар қор билан намланган ерда у билан анча олишгандан кейин қўл-оёғини боғлаб, яна ҳужрага киритиб қўядилар. Шундан кейин икки йигит етиб бориб мингбошининг буйруғини эшитдиради. Бой қўл-оёғи бўшалгандан кейин йигитларни масхара қилиб кулади, жуда бўлмағур гаплар билан ҳақорат қилиб сўкади: «Ҳаммангизни оттириб юбормасам номимни бошқа қўяман!» – деб қичқиради. Йигитлар индамай тура берадилар. Фақат, енгилгина кулиб қўядилар. Янги йигитларнинг бири қаттиқроқ кулиб юборгандан кейин, бой туриб унга ёпишади – урмоқ қасдида бўлса керак. Шундан кейин, синоқта йигитнинг ман қилганига қарамасдан, мингбошининг янги йигитлари унинг ўзини анчагина калтаклаб ташлайдилар. Бутун шу ҳангомалар бўлган вақтда қишлоқнинг бир амин ва икки элликбошисидан ҳеч бири кўринмайди: улар мингбоши кетар-кетмас уйларига кириб яширинган бўладилар… Мингбоши бутунлай гангиб қолди. Нима қилишини билмайди. Кимдан маслаҳат сўрашга ҳайрон бўлади. Шу тирранча Ҳакимжондан маслаҳат сўрай берса, у нима хаёлларга боради? Ҳолбуки, бу Қумариқ воқеаси уни икки ўт орасига ташлаб қўйди: бир томонда – ҳақлиги очиқ кўриниб турган фуқаро, халқ; бир томонда – пули кўп, обрўйи катта бойлар. Мингбошининг ўзи учун, шу топда, фуқаро қўрқинч эмас: мингбоши нима деса, йўқ демайди фуқаро. Бойлар бўлса на фуқарони бир чақага олади (муниси-ку майли-я!), на мингбошини (мана мунисига чидаб бўлмайди!). Очиқдан очиқ сўкади, ҳақорат қилади, халқ олдида «сени у қилдим, бу қилдим!» деб бақиради. Мингбошига қолса иккала бойни Сибирга жўнатарди. Лекин бу – бўладиган иш эмас. Фуқаро қанча ҳақли бўлса ҳам, шаҳардаги катталар пули борнинг тарафини олади, унга озор бердирмайди. Энди мундан кейин бойлар ҳам тек турмайди: бор-йўғини адвокатга бериб, каттакон аризаларни ёздиради, катта нойибга, уезд ҳокимига, ярим подшогача ариза юборади. Ишқилиб, мингбошининг бошини емай қўймайди… Қани энди, Мирёқуб бўлса! Албатта, бир тадбирини қиларди. Қўймасди. «Аттанг, – дейди мингбоши ўз-ўзига. – Қишлоқ одамлари чакки қилибди. Кечанинг ўзида иккала бойни ўлдириб юборишса яхши бўлариди. Айб менга тушмасиди: чунки мен у ерда йўқ эдим. Жуда соз бўларди. Аттанг, аттанг…» Нима қилишини билмасдан ичкарига кириб, ташқарига чиқиб, ҳовлига ўтиб, кўчада айланиб – кеч киргунча хаёл суриб юрди. Кеч кирганидан кейин, Зебининг ёнига кириб, кечки овқат билан бирга бир шиша ароқни ичиб олди. Сўнгра тўшакка ёнбошлаб, ўзининг хунук ва қўпол овози билан турли-туман, алмойи-алжойи ашулла ларни айтишга бошлади… Учала хотин даҳлиз эшиги олдида тўхташиб ашулла ни эшитар ва ағанаб-ағанаб кулардилар. Фақат, биргина Пошшахоннинг кўзларида Зебининг тўйидан бурун бўлгани сингари ўткир бир жиддият кўринарди. Бу жиддият ичидаги оғир изтиробларнинг кўзларда акс этган кўлагалари эди. Унинг шу топдаги кўзларига тикилиб қараган киши қўрқиб кетади. Фақат, ҳар бири ўз кунини ўзича кўраётган кундошлар у кўзларнинг қўрқинч ифодаларидан бехабар… «У – енгган, ютган, ошиғи олчи келган, деганини бўлдирган кундош эмасми? Нима ғами бўлсин?..» Кундошлар шундай ўйлайди. Лекин ҳақиқатда… Ҳақиқатда эса мингбоши хотинлари орасида энг жонли ва энг эслиги бўлган бу жувон Султонхонга қарши очган курашининг натижасидан норози эди. Зеби келмасдан бурун қандай зўр бериб ўйланган бўлса, энди ундан кўпроқ хаёл суради. Унинг хаёли дарёлардай бу жувонни аллақайларга оқизиб олиб кетади. Ушлаб бўлса экан хаёлларнинг учини! «Нима бўлди? Зебихонни келтирдик: қанча қийинликлардан сўнг унинг қайсарлигини синдириб, қўзидай ювош ва мулойим қилиб мингбошига топширдик. Мингбоши энди ундан хурсанд: Зебихоннинг ҳам хафа бўлгани маълум эмас. Нега хафа бўлсин? Мингбоши ўзи қари бўлса ҳам, қуввати жойида: у ўзи бир хотинга қаноат қиладиган бўлса, хотин киши албатта қаноат қилади. Ундан кейин, «ёш хотин қари эркакни яшартади» деган гаплар бор: қариганда уйланадиган эркаклар шу ҳикматга амал қилар эмиш. Мингбошига тегмагани билан, Зебихоннинг бахти кулармиди? Маълум эмас. Мингбоши қари бўлса, унинг ўрнига мутлоқ ёш бир йигит келишига ким кафил бўларди дейсиз? Зебихоннинг отаси қизининг нозига қарайдиган кишими? Йўқ, асло йўқ! Мингбоши билан оралари тузалгандан кейин муни Зебихоннинг ўзи ҳам иқрор қилмадими? Бир куни кундошларига нима деди у? «Ў-в-в, – деди, – қиз боланинг пешонаси қурсин! Ўзи хоҳлаб эрга тега олармиди? Мени отам шу қари одамга берди деб койийман: мунга бермаса, кимга берарди? Ўзим суйган йигитга берармиди, қалай? Тантилиги тутиб кетганда эшонбобога бериб юборарди… У мундан бешбаттар!» Хўш, мингбошининг ўзи, одамлар айтгандай, жуда хунук ва бадбашара одамми? Албатта, кўп эркаклардан хунукроқ… Ўлгудек қўпол… Аммо-лекин дунёда ундан хунук, ундан қўпол эркаклар ҳам бор-ку! Мунга бермасалар, ўшалардан бирига ҳам бермас эдилар деб ким айта олади? Ҳеч ким!» Пошшахоннинг ўткир ўйи ўргимчак тўридай ҳар томонга ёйилиб миясини ғовлатади. Тиним йўқ у ўйлардан! «Султонхоннинг ўрнини Зебихон эгаллади. Мингбоши Зебихоннинг уйига бутунлай капа тикиб олди. У уйдан гоҳ ёш келиннинг қувноқ ва болаларча кулиши, гоҳ қари куёвнинг хурсанд қийқиришлари, гоҳ бўлса янги қайлиқнинг йўрға зарбли дутори билан ширин ва ширали овози, гоҳ бўлса янги келтирилган грамофонда Нетайхоннинг қичиқ яллалари эшитилади… Ана турмуш! Ана куёв-қайлиқ! Пошшахон билан Султонхон қайлиқ бўлибдими? Зебихонга элчи қўйиб юрилган вақтларда мингбоши бир сўз деган эмасмиди: «Шуни қўлга келтирсам, бор-йўғимни тутаман. Бор-йўғим шуники бўлади. Биттагина бола туғиб берса, меросхўрим ўша бўлади. Бошқаларга ҳеч нарса йўқ!» Яқинда ҳам Ҳакимжонга айтган эмиш: «Мен энди топдим бахтимни. Ҳамма йўғим шуники. Бошқаларга беш-тўрт таноб ерни тириклигимда ўтказиб бериб, қолган давлатимни батамом шунга қолдираман». Мингбошининг катта давлатидан катта мерос кутгани учунгина қора кўзли Мирёқуб Пошшахонни қучоғига олган эмасмиди? Орада ваъда беришлар бўлган эмасмиди? Мирёқубдай қора ва чиройли кўзли, тани-жони соғ, ўзи бардам, базмчи, айш-у ишратни ҳамма вақт ширин суҳбат билан бошлайдиган, озода ва ширин сўзли эркакни қайдан топиб бўлади? Мингбошининг ҳамма давлати қолмаганда ҳам, кўпроқ қисми Пошшахонга қолганда, Мирёқуб яна қучоғини очиб келардику-я. Бир ўрис хотин билан аллақаёққа кетган эмиш. Бу эркак халқи шунақа итмижоз бўлади. Биттага илиқса, эргашиб кетаверади… Майли, ўйнаб келади. Мингбошининг катта давлати тинч қўяди дейсизми?» Пошшахоннинг кучли ўйлари шамолдай учади, баланд-пастни айланади. Қани энди, уларни тутиб бўлса! «Мирёқубга ваъда қилинган катта давлат яқин ўртада Зебихонга тегадурганга ўхшайди. Мингбоши ахир ҳамма хотинларидан қари. Сўнг вақтларда ароққа ёмон берилди. Бу хилда ича берса, бирда бўлмаса бирда юраги куйиб ўлади. Ўлими ҳам яқин энди унинг! Юрт бесаранжом… Мингбошига эмас, ундан каттароғига ҳам сўз бермайди. Қумариқдаги тўполон мингбошининг ошига заҳар қотиб қўйди, ўтирар жойини тополмайди. Мингбоши шу кетишда ўлмаганда ҳам, ё бекор бўлади, ё бошқа. Аччиғи келса, «вайна»га кетиб қолади… Борди-ю, бир кун эрта билан мингбоши жон таслим қилди. Давлати нима бўлади? Давлати қурсин! Ҳаммани еб адо қиладиганга ўхшайди. Илгари тўрт киши ўртасидайди, энди беш киши ўртасига тушади. Илгари ҳеч бўлмаса ҳар кимга ўз ҳиссаси тушади деган умид бориди, энди уч хотинга бир ҳовучдан ер, қолган ҳаммаси Зебихонга. Дунёда ўз оёғига ўзи болта чопадиган аҳмоқ ҳам бўладими?» Ойнага қарайди Пошшахон: «Мана, мана, ўша аҳмоқ!» дейди, йиғлашга ҳозирланган хўрсиниқ овози билан қаҳқаҳа солиб кулади. Пошшахоннинг жаҳлига теккан яна бир нарса – Султонхоннинг бепарволиги! Шу бепарволик, шу ўйнаб-кулиб юришлар Пошшахонни сил қилади, сил! «Нима бўлди бу жувонга? Эртадан кечгача кундошлари билан ўйнашади, гапиради, ашулла қилади, кулади, кулдиради, тегишади, ҳазил қилади, қитиқлайди, қочади, қувлайди, қувлашади. Қор ёққанидан бери қишлоқнинг ярим хотин-қизлари билан қор отишиб чиқди… Учта билан «қорхат» ўйнаб ютди… Нима бало бўлди бу жувонга! Кеч кирса, хуфтондаёқ ўз уйига чекилиб, эшикни ичидан беркитиб олади: тонг отгунча дов-дараги йўқ бўлиб сингиб кетади… Энг ашаддий душмани Зебихон эди, энг яқин ўртоғи Зебихон бўлиб қолди. Иккаласи сирдош, маҳрам…» Бир замон Султонхоннинг бошидан ўтган уйқусиз кечалар энди Пошшахоннинг кўзини юмдирмайди. Ҳар куни шомдан тортиб азонгача ётган жойида у ёқ-бу ёққа ағанаб ўй ўйлайди. Кўп ўйлаш натижасида Султонхон ўзининг маълум қарорини бериб, дарҳол ишга киришган эди, энди Пошшахон ҳам ўзининг қўрқинч қарорини берди ва ишга бошлади: «Энди бир ўқ билан икки қушни ағдариш керак!» Пошшахоннинг қарори қандай қўрқинч бўлса, унинг бажарилиши шу қадар тез ва осон бўлди: баққолдан яширинча олдирилган кучала кичкинагина декчада эртадан кечгача қайнади; эрталаб унинг суви бир чойнакка солиниб, Зебининг уйига олиб кирилишга мўлжалланди… Бу вақтда мингбошининг қолган учала хотини Дадабой баққолнинг катта қизиникига зиёфатга чиқиб кетган эдилар. Мингбоши эса шошилиш суратда шаҳарга чақирилган, яшириб бўлмаслик даражада бесаранжомлик ва талваса кўрсатган ҳолда эрталаб шаҳарга жўнаб кетган эди. Пошшахоннинг уйида аллақандай бир қариндоши ўтирганлигидан кундошлари уни қистамадилар. Хадичахон келиб уни ташқарига чақириб олган ва «Меҳмонингизни жўнатгандан кейин чиқинг. Кечгача ўйнашиб ўтирамиз» деган эди. Шундай қилиб, ўзи ёлғиз қолган Пошшахон бемалол Зебининг уйига кирди… Токчада бир кичкина чойнакда «табаррук» сув бор эди: у сувга Раззоқ сўфининг илтимоси билан эшоннинг ўзи дуо ўқиб дам солган, уни ичгандан сўнг тез фурсатда Зеби ҳомиладор бўлиб, бола туғиши керак эди. Чойнакдаги «табаррук» сувни ҳўл обрезга тўкиб ташлаб, ўрнига ўз чойнагидаги сувни тўлдирди. Тамом! «Зеби кечқурун чиқиб сувдан ичади-да, тил тортмай ўлади. Ундан кейин кундошини ўлдирган албатта Султонхон бўлади. Тўртинчи хотиннинг учинчидан бошқа кундоши бўладими? Муни ёш бола ҳам билади…» Уйдан тўппа-тўғри баққолнинг қизиникига чиқди. Анчагача кундошлари ва ўртоқлари билан гаплашиб, ўйнашиб, кулишиб ўтирди. Ўзи заҳар бераётган кундошини бир қучоқлаб ўпти… Зебининг ўпишлари иссиқ ва астойдил бўлса ҳам, Пошшахон, негадир, ҳалитдан уни ўликнинг совуган лабларидан олгандай бўлар ва нишаб сувга тегиб турган майса учидай енгилгина қалтирарди. Қаҳқаҳалар билан дунёни бошига кўтарган вақтларида ҳам ўз қўлининг беихтиёр кўкрагига бориб қолганини пайқар, аллақандай совуқ бир туман парчасининг кўкрагида ивирсиб, у ер-бу ерга қадалиб юрганини сезарди. Шу қадалган нарсани чиқариб юбормоқ учун ўзини зўрлаб бўлса ҳам бир-икки марта қаттиқ-қаттиқ йўталди. Фақат, бу йўтал унинг оғзидан эмас, аллақандай етти ёт бегоналарнинг оғзидан чиқди, бу йўтал овозидаги орият шу қадар очиқ эдики, йўталдан сўнг Пошшахон яна кўксини ғижимлашга мажбур бўлди. – Нима бўлди, жоним, сизга? Шамоллаб-нетиб қолдингизми? – деб сўради Зеби. Зебининг шу меҳрибон, шу содда, шу болаларча маъсум кўзларида самимиятдан бошқа ҳеч қандай маъно бўлмаса-да, Пошшахон унда қуйидаги сўзларни ўқиди: «Бир мени ўлдирганинг билан мақсадингга етолармидинг? Бекор менинг ёш жонимни жувонмарг қилганинг қолади». Шундан кейин ҳалиги туман парчаси кўкрак теграсида от қўйиб чопқиллай бошлади. Бутун аъзойи баданида ялмоғиз кампирнинг муздек совуқ қўллари ўрмалагандай бўларди. Ёш жувоннинг ранги ўчди. Кундошлари унинг теграсини олдилар: – Нима бўлди, Пошшахон, сизга? – Совуқ олдирибман, шекилли. – Чиқиб ётинг, бўлмаса. Овқатга ҳам қарамасдан уйига чиқиб кетди. Шу бўйича эртаси куни ҳам бошини кўтаролмади… Кеча ва кундуз — 18-боб – Акбарали, сен шундай бир иш қилибсанки, – деди нойиб тўра, – энди мундан нари мен сени ҳимоя қилолмасман. Мингбоши нима дейишини билмасдан ерга қараб жимгина ўтирарди. Нойиб тўра давом этди: – Иккала бой бир бўлиб энг яхши адвокатга икки қулоч ариза ёздиришиб, тўппа-тўғри ҳоким тўрага тутибдилар. Ҳоким тўра телефон берди, мендан бироз койиди. Энди бугун ўша аризани менга чиқариб, мендан маълумот сўрабди. Аризани кўрдим. Ёмон нарсалар бор унда… Сени энди ҳеч ким ҳимоя қилолмас деб қўрқаман… Мингбоши беихтиёр бошини кўтариб нойиб тўрага қаради, сўнгра яна бурунгидан кўра пастроқ энгашиб, амиркон этигининг букилган болдирларига тикилди. Нойиб давом этди: – Ҳозир, сен келмасдан бир оз бурун, бир одамимни Қумариққа юбордим. Участка пристави ҳам ўша ерда. Мачитда икки бойга қарши мушт кўтариб чиққанларнинг ҳаммасини қамоққа олади. Бошқа чора йўқ. Имом домлага бизнинг номимиздан раҳмат айтишга буюрдим. Жуда яхши сўз қилган дейдилар. Мингбоши чидаёлмади: – Тақсир тўра, мен ҳайронман: ҳалиги қамоққа олинадиганларда заррача гуноҳ йўқ-ку. Бу қандай бўлади? Агар ўзингиз ўша ерда бўлсангиз, у иккала бойни отардингиз… – Биламан, – деди нойиб, – жуда яхши биламан. Унақа мингта аризадан сенинг бир оғиз сўзингга кўпроқ эътибор қиламан. Бойларнинг қутургани рост, суриштириб кўрдим. Улар ўз қилмишларининг жазосини тортганлар… Мингбоши дадилланди: – Ундай бўлса, мундай адолатлик подшо вақтида очиқдан очиқ ноҳақлик қилишга қандай йўл қўйилади? Нойиб кулди: – Соддасан, Акбарали. Подшолик ҳамма вақт юртнинг обрўйлик одамларини ҳимоя қилади. Обрўй давлат билан топилади, муни биласан. Ундан кейин, қишлоқ одамларининг шунақа ўзбошимча ҳаракатларига йўл қўйиб берсак, оз вақт ичида қишлоқдан қўл ювишимиз керак бўлади. Сен хомсан сиёсатга… – Мен бир оми одамман, – деди мингбоши, – сиёсатингизни билмайман. Қўлимдан келганича подшоликка хизмат қилиб келдим. Шунча замон қилган хизматимни назарга олмасмикин? – Мен ҳам шуни ўйлайман. Акбар, сен ҳозирча боравер. Мен ҳоким тўранинг олдида сени оз бўлса ҳам ҳимоя қилиб кўраман. Бўлмаса, сенинг ўрнингга бошқа одам қўярмиз. Давлатинг катта, еб ёта берасан. Ўзинг ҳам қариб қолдинг. – Майли, тақсир, – деди мингбоши бир оз енгил тортиб, – амалдан туширингиз, майли. Қариган вақтимда сўроқ бериб юришга нафсим кўнмайди… – Менга қолса сенга тегмас эдим, Акбар. Иш ҳоким тўрада. Ҳоким тўрани йўлга солиш қийин бўлади, унга бир нарса дегани мен қўрқаман… чунки иш жуда хунук. Хайр, боравер, иложи бўлса, ўша иккала кўппак билан ўзинг битиш. Балки, аризанинг беоқибат қолдирилишини сўраб ариза берарлар. Мирёқуб бўлсайди, сенга осон бўларди… – Нимасини айтасиз, тўра, бошим қотиб қолди. Шу билан мингбоши кўнгли бузилиб маҳкамадан чиқди. Мингбошиликдан бекор қилсалар, унча қайғурмас эди: мунга ўз нафсини бир иш қилиб кўндира оларди. Лекин «Акбарали мингбоши амалидан бекор бўлибди» деган хунук гапни ҳалиги икки бой билан Абдисамат каптарларнинг қанотига илиб, шамолнинг қўлтиғига қистириб, ёмғирнинг томчисига жойлаб, булутнинг қўйнига солиб учиради; ҳар бир учган қарға шуни айтиб қағиллайди, шу билан икки кун ичида у шумли хабар ер юзини айланиб Маккатиллогача етиб боради. У ерда мингбошининг эски кушандаси Насриддин бақироқ Каъбайи шарифнинг баланд томига чиқиб араб тилида айюҳаннос тортади… Ундан кўра ўлгани яхши эмасми?.. Зуннун билан бирга нойиб тўранинг уйи олдидаги пастгина скамяга ўтирдилар. – Мен ҳам эшитдим, ота, хунук гап бўлибди, – деди Зуннун. – Ёмон бўлди бу иш, шу сабабдан мен сенинг ёнингга келдим. Яқинда Мирёқуб акангдан хат келиб эди, «баъзи бир нозик ишларни Зуннун билан гаплашинглар, у ўзи нойиб тўранинг бекасига айтиб тўғрилайди» деган экан. Шунга келиб эдим. – Жоним билан, ота! Мирёқуб акам айтмаса ҳам қилиб бераман. Бемалол буюра беринг. – Ҳамма гап ҳоким тўрада, дейди. Ҳайронман. Бека билан гаплашгин-чи, нима маслаҳат берар экан. – Сиз эски шаҳарга тушиб, кечгача бир айланиб келинг. Мен бека билан гаплашиб қўяман. Кеч пайтида жавобини айтаман. Шунга қараб иш қиласиз. Мингбоши ўша кунни зўрға ўтказди. Намозгар бўлмасдан туриб Зуннуннинг олдида эди. – Катта пул керак эмиш, – деди Зуннун бирданига. Мингбоши ҳам устидан тоғ тушгандай енгил нафас олди. – Пул билан битадиган бўлса, майли. Пул топилади. Мингбошининг енгил нафас олганини кўриб, Зуннун ҳам очила тушди, унинг кўзларида бурунги андиша қолмаган эди. – Бекамиз мундай дедилар: ҳоким тўранинг хотини билан ўзим гаплашиб кўраман, иш қалтис, бир нарса чиқадими, йўқми – олдиндан айтолмайман. Ҳар қалай, бир минг, бир ярим минг пул керак, дейдилар. Ўзимга бўлса, Акбарали қадрдон одам, иш эпланадиган бўлса, кейинча бир нарса қилар, дейди… Аммо, дейди, иш жуда нозик, бир нарса чиқариб бўлармикин, йўқмикин – ҳайронман, дейди. Пулни олиб кела берсин, «Ётиб қолгунча отиб қолайлик» дейди. Аммо менга ишониб ўзи ҳаракатсиз юрмасин, дейди. – Қуллуқ, Зуннун, қуллуқ сенга. Бу иш тузалмайдиганга ўхшайди. Хайр, майли, эрта-индин пулни эплаб олиб келайин. Бир уриниб кўрайлик. Чиқса – чиқар, чиқмаса, отасининг гўрига… – Ичкарига кирайлик, ота. Битта-яримта чой қилай. – Йўқ, Зуннун, томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Мингбоши Зуннун билан хайрлашмасданоқ ўрнидан туриб кетди. У ердан чиқиб оддий бир майхонага кирди. Бир шиша ароқни жиндек кабоб билан ичиб олди. Сўнгра мияси хамирдай кўпиб, от устида қийшая-қийшая орқасида икки йигити билан қишлоққа жўнади… Уйдагилар аллақачон ётган эдилар. Довдираганича қоқилиб-йиқилиб Зебининг уйига кириб борди. Мияси ҳеч нарса олмасиди, шундай бўлса ҳам эртага ё индинга бир иш қилиб лоақал уч минг сўм пул топишга жазм қилди. Мунинг учун ҳеч қандай тадбирдан чекинмаяжак эди. – Тур, ҳой! – деди Зебига. Зеби ётган жойидан туриб, фонарни баландлатди. – Дастурхонни ёз! Егулик нарсанг борми? – Ҳа, косада ош бор. – Бер бу ёққа. Зеби эрининг маст эканлигини билса-да, унинг овозидаги бу ғайритабиий қўрслик ва қаттиқликка ҳайрон бўлди, бошини кўтариб унга тикилди, «ўзими, бошқами?» дегандай… – Нимага менга қарайсан? Yo мастмисан, синталоқ? – деди мингбоши. Зеби индамасдан дастурхонни ёйиб ошни қўйди. – Оч муни! – Мингбоши ёнидан бир шиша ароқ олиб узатди. – Мен очишни билмайман, – деди Зеби, кўз ёшлари қовоғига келиб тизилган эди. – Менинг хотиним бўлиб ароқ очишни билмайсанми? – деди мингбоши, хохолаб кулди. – Ўрган! Мана, қараб тур! – Шишанинг тагига йўғон шапалоғи билан икки марта урди, пўкак сачраб чиқиб шифтга тегди, сўнгра у ердан сачраб токчадаги катта жомга келиб тушди: «жар-р-ранг»… этди жом. – Ха-ха-а!.. – деди мингбоши. – Жомларингни жаранглатдим, синталоқ! Бир-бир кетин икки пиёлани тўлатиб ичди, енги билан оғзини артди. Сўнгра бир пиёлани чоч қилиб Зебига узатди: – Ма, ич! Одам бўласан! – Вой, ўлақолай! Ароқ ичаманми? Қўйинг, гапирманг! – Одам бўласан, дейман! Ол! О-ол!!! Зеби орқасига чекилиб йиғлаб юборди. – Қўй, майли, ичмасанг ичма, – деди мингбоши. – Ўзим ичаман! Бир шишани тамом қилиб, ювуқсиз қўли билан ошга чанг солди. Ошнинг ярми бармоқлари орасидан дастурхонга, кўрпа-тўшакка, ўзининг либосларига тўкиларди. Зеби деворга суяниб, бу қўрқинч куёвни томоша қиларди… Мингбоши оғзида тўла ош билан: «Нетайхон айланай йодимга тушди-э…» деб хиргойи қилди. Ошли оғиз билан бошланган хиргойи томоққа тиқилди, мингбоши қоқаб кетди ва оғзидаги ошни косага пуркаб, яна ошга қўл узатди. Зебининг кўнгли айниди, шекилли, секингина тисарила-тисарила даҳлизга чиқди. Даҳлизда бир пиёла совуқ сув ичди. Юраги куйгани босилмади, шекилли, яна қуймоқчи бўлди. Сув йўқ эди. Бир қаноти очиқ эшикдан уйга қаради. Мингбоши яна битта шишани очиб пиёлага тўлдираётган эди… Зеби ташқарига чиқиб тоза қор билан қўлини ювди, тоза қорни юзларига суркади, жиндак еди. Анча шамоллаб ва енгиллаб кирган вақтида, мингбоши дастурхон ёнида ағанаб учиб қолган эди. Уни қўзғатиб ўтирмасдан дастурхонни секингина йиғиштириб олди-да, бир чеккага бир ёстиқни ташлади, устига бир тўшакчани ёпинди, фонарни пастлатди, шу билан уйқуга ётди. Орада қанча ухлагандир, ўзи ҳам билмайди, бесаранжом бир қичқириш билан уйғонди: – Сув! Сув! – деб қичқирарди мингбоши. Зеби уйқусираб келиб, яна фонарни баландлатди. Унгача мингбошининг қўрқинч овози яна кўтарила тушди: – Синталақди қизи, сув дейман! Сув! Юрагим куйиб кетди… Ёниб кетди!… Сув! Сув!!! Зеби шошиб қолди, тез бориб чойнакдаги табаррук сувни қўлига олди ва – ҳеч нарса ўйлашга фурсат йўқ – дарҳол мингбошига узатди… Мингбоши чойнакдаги сувни бир шимиришда тамом қилди. Зеби энди унинг тинчиб уйқуга кетишини кутарди. Ёнига юмшоқ болишлардан иккитасини қўйди, устига кичкинагина бир тўшакни ёпди. Мингбоши ҳам тинчиб қолгандай бўлди. Зебининг киприклари энди бир-бирига текканда, мингбоши бирданига даҳшатли бир ун чиқарди. Ўрнидан туриб камарларини, тўнларини апил-тапил ечишга бошлади. Зеби бутун бу ҳаракатларни бояги сингари мастлик асарлари деб ўйлади. Унинг камар ва тўнларини бир-бир олиб, қозиққа илди, иккаласи учун солинган жойни тузатди – эрини секингина олиб бориб ётқизмоқчи бўларди… Мингбошининг кўзлари чаноғидан чиқиб кета бошлади. У энди кўйлакларини йиртиб кўксини, томоқларини тинталай бошлади… Бор кучи билан зўр бериб нафас олишга тиришарди. Сўнгра бузуқ овоз билан зўрға-зўрға: – Бўғма, бўғма мени… – деб қичқирди. Бир-иккита қадам босиб девордаги жавонга суянди, бир нафас тинч қолгач, яна бўғзига қўл узатиб этларини чўзди. Кўксига муштлади. Ундан кейин бир қўлини юқори кўтариб бошига қўйди. Кўзида икки-уч томчи йирик-йирик ёш кўринган эди. Ғалати, ювош, мулойим, беозор ва аянч назар билан Зебига қаради ва иккала қўлини қўйиб юбориб, бошини бир томонга шилқ этиб ташлади-да, ўзи ҳам деворга суйкана-суйкана секингина ерга ўтирди, бир нафас ўтиргандан кейин бир тарафга қийшайиб, оҳистагина ёнчасига йиқилди ва шу бўйича қимирламай қолди… Нафаси ичига тушгани ҳолда деворга орқасини бериб бутун бу фожиани кузатаётган Зеби бўлган ишни англадими, йўқми – ҳар ҳолда, қиш кунида югурганича кўйлакчан ташқарига чиқди ва ихтиёрсиз фарёд солди. Кундошлари ҳам бирин-бирин уйғониб чиқдилар ва мингбошининг кенг ичкарисида азонга яқин тўрт хотиннинг азани билдирган йиғи овози кўтарилди. Улар орасида ўқ отиб мўлжалига тегизолмаган Пошшахон ҳам бориди. Ким билади, мингбошининг ўлимига йиғлайдими у жувон, ё – Мирёқубнинг бевафолигига, ё бўлмаса – ҳайф кетган кучалага… Кеча ва кундуз — 19-боб Кундошлик орқасида юз берган бу жиноят замоннинг нозиклиги орқасида оловга ташланган жиззадек бўлди. Кичкинагина уезд шаҳрининг кичкина ва тор мияли амалдорлари – ҳаммаси аскардан етишган «азаматлар» – келишмаган бир тасодифнинг тўрт чақага арзимаган бу қурбонини замоннинг зўр қаҳрамони даражасига кўтариб юбордилар. Шу билан улар янги fath этилган ўлкада ва янгигина бўйинсунган «ваҳший» халқ орасида жуда яхши ва зийрак сиёсат юргизиб, ўша халқ орасидан шундай эслик ва тадбирлик, тож-у тахтга нисбатан шундай содиқ ва астойил маъмур етишдирганликларини ўзларидан юқори амалдорларга кўрсатмоқ истардилар. Буларнинг шунча йиллар зўр бериб зўрға-зўрға етиштирган зийрак давлат одамларини мунақа осонгина (кучала билан!) ўлдириб кета берсалар, ўлкада тутилган сиёсатнинг ва ҳам у сиёсатни амалга оширувчиларнинг бир чақалик обрўси қоладими? Айниқса, ерли халқ ўртасида? Сиёсатнинг обрўсизлиги нима демак? Идора усулининг обрўсизлиги эмасми? Ҳиндистонга қўшни ва дарвоза бўлган бир мустамлакадаги сиёсатга тўкис-тугал обрў таъмин этилган бўлиши керак. Йўқса – натижа ёмон! Қўрқинч!!! Мана шу ваҳима ва ташвишлар билан лиқ тўлиб Тошкентга томон қанот қоққан депешалар (расмий телеграммалар) воқеанинг учинчи кунида Тошкентдан Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъатини учириб келди. Сўроқнинг ўзи эса суднинг етиб келишидан ҳам тез ўтди. «Мундай шошилиш суд уруш майдонларида бўлмаса, бошқа жойда бўлишига ақлим етмайди!» деб пичинг қилиб гапирди тилмоч… Бу одам эскидан бери судларда ишлаб келиб, муттаҳамликка гувоҳнома олган қадрдон тулкилардан эмас, негадир, четдан, холис кишилар орасидан чақирилган эди. Уни шаҳар одамлари, айниқса, ерли халқ кам танийди. Ниҳояти почтада ишловчи (ўзи ерли халқдан етишиб қолган!) пастроқ бир маъмур… Аммо закунчи… Закунчи – бошқа одам! Бу одам, йўқ, бу зот – Туркистон ўлкасининг қайси бир олис жойида (Закаспийда эмасмикан?) давлат хазинасининг кўпгина пулини еб қўйган аскарий бир тўра. Агар ҳақиқий қонунларга амал қилинганда, уни ё отиш, ё умрлик сургун қилиш керак эди. Фақат, у ўзи жуда иссиқ мамлакатда яшаса ҳам, бошида қалин-қалин соябонлари бор экан. Улар ўз кишиларини бутунлай куйдириб ташлашга йўл қўймаганлар. Уларнинг сояларида бу зот аскарий рутбаларидангина ажраб, киссаси кўп ҳам қоқланмасдан, ўлканинг у чекасидан бу чекасига «сургун» бўлиб (ўз истаги билан «сургун» бўлиб!) келган ва мунда… хусусий закунчилик касбига киришган. Давлатни алдаб ўринлатган киши бошқаларни алдаб ўринлатолмайдими? Тажриба – зўр давлат ўзи! Бу одамнинг чўпқатлари жуда кўп! Ўз-ўзини ҳурматлай билган ҳеч бир закунчи томонидан олинмайтурган ҳамма «гумонлик ишлар»ни шу киши олади ва, кўпинча, ютиб чиқади. Хуллас, мустамлака ўлкасининг нодон ерлилари орасида уезд миқёсига яраша иш кўрадиган кичкинагина бир Плевако. Маҳаллий терговчининг «тергов протоколи» билан ҳарбий суд прокурорининг айблаш қоғози закунчининг қўлига топширилган вақтда, у бошқа катта бир ишни олиш тўғрисида ўзига ўхшаган бир киши билан гаплашиб ўтирган эди. Ким экан у – «ўзига ўхшаган» киши? Шаҳарда бўлсин, уездда бўлсин, уни танимаган одам йўқ, ўзи ерлилардан. Ерли халқ уни «Обрезқора» деб атайди. Ўрта бўйли, қоп-қора танли, арвоқ, қотма бир киши… Бу закунчи руслардан чиққан «адвокат» бўлса, Обрезқора – ерли халқлардан чиққан «адвокат»… Қайси бир суд мажлисида «ёлғон гувоҳ»га ҳожат кўрилса – Обрезқора тайёр. Унинг бу хислати ҳам ҳаммага отнинг қашқасидай маълум. Катта-катта қозилар, бойлар, обрўйлик одамлар шу Обрезқора билан олишиб… ер билан яксон бўлишган! Муни ҳам ҳамма билади. Шу учун ундан ҳамма қўрқади… «Бу Обрезқора босма қилишдан ҳам тоймайди!» деб гапиришади шаҳар одамлари. Шундай азиз бир чўпқат «хизмат ҳақи» беш минг сўмларга етиб борадиган бир «иш» топиб келиб, шу тўғрида қаймоқлашиб ўтирганда, аллақандай ҳарбий суднинг бефойда ишига вақт сарф қилиш закунчига анча оғир келди. Келган қоғозларга устидангина бир кўз югуртиб олди-да, бир чеккага ташлаб қўйди. Улар ўз мундарижаларида зикр этилган шахслар сингари то сўроқ кунигача – йўқланмасдан ва эсга олинмасдан – ташландиқ ҳолда қолиб кетдилар. Сўроқ кунигача закунчи уларни хотирлаб қўйишга ҳам фурсат тополмади. Кичкина шаҳарнинг кичкина Плевакосида иккитагина қоғозни кўриб чиқишга фурсат топилмайдими? Вокзал қаршисидаги кўчада бир салқин такя бор, уни эртадан кечгача шунда ўтириб Обрезқора билан қимор ўйнайди дейдилар. Демак, фурсати эмас, ҳафсаласи бўлмаган. Арзийдиган иш бўлса, ҳафсала ҳам топилардику-я!.. Сўроқ куни эрта билан ҳалиги икки «етимчани» топиб олди ва нонушта чоғида алланечук бир ихлоссизлик билан тезгина кўриб чиқди. Бу иш шу қадар тез бажарилдики, нонушта дастурхонига закунчи келиб ўтирмасдан бурунроқ қуйилган бир стакан чой иккала қоғоз ўқиб чиқилгандан кейин ҳам совуниб етмаган эди, шу учун унинг совунишини яна бир оз кутишга тўғри келди. Иккала қоғознинг мазмуни ҳам закунчига худди гўдаклар фалсафасидек туюлди. Қоғозларни ўқиб туриб ҳамда уларни ўқиб бўлганидан кейин адвокатнинг чўзиқ юзларига бир кулги ёйилди, унинг мошбиринч мўйловларини икки томонга кериб юборган бу кулишда, чинакам, отанинг боладан кулганига ўхшаган бир нарса бориди… Аммо протоколга совуқ қарашда фақат закунчинигина айблаш мумкин. Ёзув машинаси бўлмаган терговчи маҳкамасининг мирзаси бечора протоколни жуда зўр диққат ва ҳафсала билан кўчирган. Ори рост, ерли халқнинг номларини ёзишда у ҳам чаласавод болаларнинг ишини қилади, яъни «Акбарали» деган сўзни бир жойда «Умарали», яна бир жойда «Амир ўғли», яна бир жойда «Қамбар вали» деб юборади… Зотан, бунинг нима аҳамияти ҳам бор? Тил келмаган нарсага қалам қандай келсин? «Акбар» бўлди нима, «Қамбар» бўлди нима – бари бир эмасми? Бир сартнинг номи! Инсоф қилиш керак: протокол ниҳоятда чиройлик хат билан ёзилган. Қоғоз бетида худди поезднинг изларидай теп-текис кетади. Ҳаммадан ҳам «д» ва «б» ҳарфларини кўринг! Ҳайрон қоласиз! Қаерда «б» учраса, қуйруғи ўнгга қайрилган. Икковининг ҳам қуйруғи баландда, икковининг ҳам қуйруғи кулча бўлган илондай буралиб-буралиб ётади! Протокол эмас, томоша! Томоша!.. Унда мана бу нарсалар бор: Бўлиб ўтган воқеа, ўлдирилганнинг кимлиги, унинг Русия давлатига садоқат билан қилган кўп йиллик хизматлари, идора ишларида кўрсатган зийраклиги ва усталиги батафсил баён қилинади; ўлдирувчи аёлнинг кимлиги эса бир неча оғиз сўз билан айтиб ўтилади. Гувоҳлар (мингбошининг уч хотини) бир оғиздан ўзларининг аралашмаганликларини сўзлаб, «Зебинисахондан бошқа ҳеч ким қилмайди» дейдилар. Холис тариқасида сўралган қўни-қўшнилар бундай дедилар: «Мингбошининг бошқа хотинлари кўниб қолган эдилар; Зебинисахон бўлса анчагача мингбошини хафа қилиб, хотин бўлгиси келмай, ўзини касалликка солиб юрди. Сўнг вақтларда мингбоши билан умр қилишга кўнгандек бўлиб эди; бир неча кун яхшигина яшадилар. Бу кейинги юмшоқ муомалалар, бизнинг фикримизча, кўз бўяш учун қилинган бўлса керак. Энди билсак, қиз ўлгурнинг ғарази бошқа экан». Мингбошининг иккинчи хотини Пошшахон ўша воқеадан бир кун бурун шамол олдириб қўйиб, нотоб ётган экан: терговни унинг ётган ерида ўтказишга мажбурият кўрилган. Айбдорнинг ўзига берилган саволлар ва унинг жавоблари шундай зўр протоколда ҳаммадан оз жой олади. Шу қадар озки, мирзанинг қалам учини сиёҳга ботириб ўтиришига арзимайди. Терговчи бечора шунга ҳам умр сарф қилган-да, шўрлик! Бор-йўғи иккита савол, иккита жавоб. Саволлар калта-калта, жавоб ундан ҳам калта: – Мингбошига сувни ким берди? – Мен бердим. – Демак, мингбошини ўлдирган – сиз? – Йўқ… «Айблаш қоғози» эса протоколдан бир ютим, яъни шу қадар калта! Унда протоколдаги маълумотнинг хулосаси: мингбошининг зийраклиги ва тадбирлилигига оид калта-калта, лекин кучлик ва ҳайбатлик иборалар. Сўнгра талаб: «Фалончи фалон модда билан фалон жазога мустаҳиқдир». Хуллас: қон ҳиди!.. Суд мажлисига ярим соат қолганда, закунчи келди. Суд бўладиган бинонинг боқчасида тикка туриб айбдор билан гаплашди. Бу гаплашув ҳам калтагина савол-жавобдан иборат бўлди. Бу дафъа саволларнинг адади иккидан бешга чиқди: – Мингбошига сувни ким берди? – Мен бердим. – Сув чойнакда экан, чойнак кимники эди? – Меники эди. – Ичида қандай сув борлигини билармидингиз? – Билардим. – Чойнакдаги сув заҳарлик экан, демак, эрингизга заҳарни сиз бергансиз?! – Чойнакда заҳар борлигини билмадим. Эримни мен ўлдирганим йўқ… Закунчи елкасини қоқиб йироқлашди. Воқеанинг юз берганига бир неча кунгина бўлди. Бу тўғридаги довруқ ҳали шаҳарга эшитилгани йўқ. Битта-яримта шаҳар одамлари эшитган бўлсалар ҳам, Зебининг ота-онаси бу гаплардан бехабар бўлсалар керак. Улар ҳали қизларига мингбоши додходан авлод тилаб эшонбобонинг табаррук нафасларидан яна табаррук сув ҳозирлаб қўйганлардир… Жумани ўтказиб чолнинг ўзи бир бориб ҳам келар… Умид каттадир! Башарти улар билган бўлсалар ҳам, закунчи солиш ёки бирор жойга арз қилиб бош уришни на чол билади ва на кампир! Гапнинг калтаси, улар «ўрус маҳкамаларига бориб бир нарса чиқаролмайдилар». Жуда чидамай кетса, Раззоқ сўфи тўппа-тўғри эшонбобонинг ёнларига боради: ўзини кўтариб уриб йиғлайди… Шу! Зеби бўлса ўша заҳарланиш ҳодисасидан бери доим карахт бир ҳолда бўлинарди: унинг мияси бирдан фалажга йўлиққан каби эди. У бутун бу сўроқ, тергов, конвой, суд ва закунчиларга ажиб бир лоқайдлик билан – худди жонсиз одамдай қарар, нималар дейишни, ўзини нечик мудофаа қилишни, нима деб гап қайтаришни ўйламасиди. Унинг миясида, миясининг ҳам аллақайси олис бир бурчида хира ва туманли бир фикр бор, у фикр шунча олисда ва хираки, унинг нималигини англаёлмайди бечора… Миясини тугумлаб жуда зўр берган вақтда у туманли фикр мана бу кепатага киргандай бўлади: «Мен ўлдирганим йўқ… Бу аниқ… Мени қўйиб юборадилар… Яна ўша ерга қайтаманми?.. Нима кераги бор… Ойим-чи? Ойимнинг ёнига қайтаман… Эрим ўлиб қолди, дейман… Йиғлайман…» Суд мажлиси бўладиган кенг залда шамоллар учиб ўйнарди. Қатор-қатор чизилган вена курсилари ҳафталик уйқуларидан ҳали ҳам уйғонмаган эдилар. Энг олдинги қаторда ҳоким, нойиб, гарнизон бошлиғи, полиция бошлиғи, поп, учинчи қатордаги энг чекка курсида оппоқ ва зўр саллали чол – жоме’ мачитининг ингичка овозли имоми ўтирарди. Бир томонда – закунчи, бир томонда – тилмоч, бошқа ҳеч ким йўқ. Зеби икки конвойнинг яланғоч қиличи ўртасида залга кириб келди: устида қора барқут паранжи, қора чиммат, оёғида қора амиркон маҳси-кавуш билан суд қаршисига келиб тўхтади. Бу омонсиз суддан ва бу ялтираган яланғоч қиличлардан кўра унинг ўша қора қиёфаси қўрқинч эди: ўрта асрлардаги Испания инквизиция маҳкамаларининг қора аболи ва сирли кардиналларига ўхшарди… Поп қаради: бошини чайқади; домла қаради: «астағфурулло» ўқиб соқолини силкитди. Суд раиси, ниҳоят, тилмочга юзланди: – Айтингиз, айбдор юзини очсин. Тилмоч бу буйруқни Зебига тушунтириб берди. – Вой, ўлақолай! Шунча номаҳрамнинг олдида юзимни очаманми? Ундан кўра ўлганим яхши эмасми? Бу сўз таржима қилиб берилгач, пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик, суд ҳайъатидан бир неча киши енгилгина кулиб олдилар. Улардан икки киши айрилди: биринчиси – ниҳоятда семиз ва йўғон гавдали гарнизон бошлиғи, бу одам товуқнинг қақалашига яқин бир ун билан овози борича ва бирданига қаҳқаҳа солди. Ҳамма унга томон эврилди. Суд раиси жинғироқ чалди. Гарнизон бошлиғи ёнидан рўмолчасини олиб, юз-кўзини арта бошлади… Иккинчиси – имом-домла: бу киши ўзларининг ингичка – ҳуштак сингари овозлари билан, ихтиёрсиз «маша-олло!..» деб юбордилар. Ҳамма у кишига томон эврилгач, қип-қизариб ва ҳам… қўрқиб бошларини қуйи солдилар. – Сиз бу аёлга тушунтириб айтингиз: юзини очмаса бўлмайди. Суднинг қоидаси шу. Паранжи остида айбдордан бошқа кишининг ҳозир бўлишига йўл қўймаслик учун биз унинг юзини очдиришга мажбурмиз. Айтингиз, қаршиликдан фойда йўқ! Зеби худди ўйинда шеригига аччиқ қилган боладай тескари бурилиб олди. У индамай турганлигидан, суд раиси яна сўз олди. – Яхшилаб тушунтирингиз, юзини очмаса, суд мажлисини олиб боролмайман. – Олиб бормаса майлига… – деди Зеби. – Билганини қилсин! Тилмоч ўзи кулиб, қип-қизариб туриб таржима қилди. Суд раиси овозини кўтара тушди: – Ҳарбий суд масхарами бу кишига? Айтингиз, яхшилик билан очсинлар. Бўлмаса, куч билан очдирамиз! – Вой, шўрим! Шунча эркак ўтирса-я! Ўлганим минг марта яхшироқ! Сўнгра овозини пасайтириброқ тиркади: – Отамнинг пиридай кап-катта саллалик домла ўтирибдилар. Қандай юзим билан қарайман?.. Суд раиси энди бу сафар мулойим гапирди: – Айтингиз, суд томонга қараб, домлага орқасини ўгириб турсин! Зеби яна индамади. Домла ўтирган жойидан бир оз кўтарила тушиб: – Ҳечқиси йўқ, қизим! – деди. – Мен қарамайман! – Мана булар-чи? – деди Зеби. Суд ҳайъатини кўрсатди. Энди бу сафар домла ўрнидан туриб тилмочга юзланди: – Эшони мирза! Менга ижозат берилса, шу аёлга икки оғиз насиҳат қилсам. – Марҳамат, тақсир! Домла Зебининг ёнига бориб насиҳатга бошлади. Зеби борган сари сусайиб бўлса-да, домланинг ҳар бир сўзига жавоб қайтарарди. Охирда домла ўз диндошлари ўртасида машҳур бўлган бир эътиқод масаласини очди: – Кофир билан итнинг фарқи йўқ. Итдан қочмайсизми? Шундай бўлса, кофирдан ҳам қочмасангиз бўлади. Бу жоиз! Домла шундай жойда бу хил гапларни гапиришдан жуда қўрқарди. Шу учун бошда бошқа сўзлар билан Зебига таъсир қилишга уринди. У уринишлардан тезроқ бир натижа чиқмагандан кейин мажлис аҳлини маҳтал қилиб қўймаслик учун бу масалани очишга мажбур бўлди. Мажбур! Шу учун сўнгги сўзларни жуда паст овоз билан айтган эди. Зеби унади: – Бўлмаса, сиз ўзингиз нарироққа бориб ўтиринг! – Хўп, қизим, хўп, – деди домла. Тўрт-беш қатор орқага бориб ўтирди. Ҳамманинг кўзи домлада экан, Зеби чимматини юзидан олди ва судга томон эврилгани ҳолда бир қўлини яна юзига парда қилди. – Мана, қилақол сўроғингни! Ҳозир бўлганлар ўртасида «бу содда мусулмон қизини уялтирмаслик учун» кўзини бошқа томонга буриб ўтирганлар билан бирга, икки кўзини ундан узмаган ва алланималар деб ўзича сўзланиб, лабларини тез-тез қимирлатганлар ҳам бор эди… Айбдорнинг кимлиги суриштирилгач, суд котиби дарҳол ўрнидан туриб айбномани ўқиди. Ундан кейин яна калта савол-жавоблар кетди. Бу дафъа уларнинг адади орта тушди: – Айбномани эшитдингизми? – Ҳа… – Мингбоши сувни ўзи сўрадими? – Ҳа, ўзи сўради… – Мастмиди? – Кўп ароқ ичиб эди. – Сувни ким берди? – Мен бердим. – Чойнакдамиди? – Ҳа… – Мана бу чойнакми? – Ҳа… – Кимнинг чойнаги бу? – Меники. – Сизникими? – Ҳа, меники. – Ичида қандай сув борлигини билармидингиз? – Билардим. – Қанақа сувиди? – Ирим сувиди. – Кимга қилинган ирим? – Менга… – Нима учун ирим қилдирардингиз? – Фарзанд бўлсин деб… Пастда ўтирганларнинг домладан бошқалари, сўнгра суд ҳайъатидан бир-икки киши, закунчи ва тилмоч енгилгина кулиб қўйдилар. – Нега у сувни мингбошига бердингиз? – Жуда ташна бўлиб сўраган эди, шундоққина токчадан олиб узатдим. – Чойнакда заҳар борлигини билармидингиз? Зеби кулди. – Қизиқ экансан («ўрусни сизлаб бўлмайди»), мен қаердан билай? – Демак, эрингизни ўзингиз ўлдирдингиз? Зеби қаттиқроқ ва чўзиброқ жавоб берди: – Yo‘-ў-қ!.. Ўлибманми ўз эримни ўлдириб. Унинг бу сўнгги жавобида ҳар қандай қиз боланинг ўз ўртоғига ўзини оқлаб гапирадиган содда гапидаги гуноҳсиз оҳанг бориди: «Вой, ўлақолинг! Мен шунақа дермидим?» Зеби суд раисининг бола эмаслигини қайдан билсин? Шу ерда ўтирган шунча эркакнинг ойдай равшан бир нарсани англаёлмасликларини қайдан билсин? «Ўрус-у мусулмон бўлиб шунча одам ўтирибди, ахир. Мингбошини ўлдирган Зеби эмаслигини ҳаммаси билади. Билиб туриб яна қайтовлаб сўрай бергани қизиқ! Yo ўсмоқчилаб сўрармикин?» Суд раиси гапирмоқчи бўлиб ўрнидан турган вақтда Зеби: «Ана, сўроқ тамом бўлди. Энди уйимни қандай қилиб топиб бораман?» – деб ўйлади. – Ўтиринг, – деди суд раиси Зебига. Секингина ва эҳтиёт билангина ўтирди. Суд раиси сўз олди: – Воқеа шу қадар очиқ, масала шу қадар равшанки, менингча, мажлисни давом эттиришга ҳам ҳожат йўқ. Айбдор ўзи ҳар бир саволга берган жавоби билан жиноятини иқрор қилди. Шундай бўлгач, биз ҳукм чиқариш учун ичкарига кира берсак, дейман. Суд мажлисида фақат айбдорга берилган саволлар, сўнгра тергов протоколи билан ҳукмноманинг энг керак жойлари таржима қилинар, бошқа сўзлар ўрусча кетарди. Шу учун тил билмаган Зеби ўтирган жойида гапирган тўраларнинг юз ҳаракатларини томоша қила бошлади. Суд раиси прокурорга қаради: – Сиз нима дейсиз, зоти муҳтарам? Прокурор ўрнидан туриб, икки қўлини столга қўйди-да, ярим энгашиб туриб деди: – Мен бу таклифга қарши эмасман. Албатта, менинг бу масалада бошқа мулоҳазаларим бор. Мен уруш вақтининг нозик пайтларида бўлган бу ўлдиришга оддий ўлдириш каби қараёлмайман. Ўлдирилган одам Русия давлатига ва подшога садоқати билан танилган одам эди. Уни «ёш сарт» махфийлари, айниқса, уларнинг душманимиз бўлган Туркия билан фикран боғланишган унсурлари ёмон кўрардилар. Мен бу «содда» ва «гуноҳсиз» сарт аёлнинг шундай унсурлар қўлида ўйинчоқ бўлмаганидан амин эмасман… Биз сарт халқига алланечук бепарволик билан қараб ўрганганмиз: «Қўйдай ювош улар!» – деймиз. Албатта, уларнинг мамлакатларини қон тўкиб олган фотиҳлар сифатида бу қарашимиз бир нав тўғри ҳам бўла билади. Фақат бизга энди бу нотўғри қарашни ташлаш керак! Туркиядаги 1908-йил инқилоби, ўзимиздаги шумли бешинчи йил тўполони, Эрондаги сўнгги машрутият ҳаракатлари сартларнинг кўзини очаётир… Зоҳирда рус маданиятига ёпишиб келган европа қиёфали жадидлар, аксари, кулар юзли ёш савдогарлардан иборат бўлган «ёш сарт» кадрлари империяга қарши тиш қайрашда Туркия иттиҳодчиларидан қолишмайлар… Дуруст, сарт халқининг кўпчилиги муаззам давлатимизга, севимли подшоҳимизга содиқ… Эслик, тажриба кўрган катта савдогарлар, қишлоқнинг обрўйли бойлари, айниқса, уламо тоифаси «ёш сарт»ларнинг нуфузини қирқиш учун зўр бермоқдалар, буларни биламан. Лекин ҳаддан ташқари эҳтиёт билан, сергаклик билан иш олиб бормасак, бир кун эмас бир кун ҳалиги кўпчиликнинг «ёш сартлар» байроғи остида бош кўтариши жуда мумкин нарса. Ўзингиз биласиз, декабристлар хуружи чоғида давлат ва давлатчиликка, подшо ва Ватанга қарши бўлган унсурлар буюк Пётрнинг улуғ шаҳрида биргина майдонни зўрға тўлғазган эдилар; 1905-йилда ўша хилда боғовот майдонларининг сони-саноғи бўлмади. Ҳолбуки, биз яқиндагина эшон тўполони бўлиб ўтган жойдан унча олисда эмасмиз… У вақтда муҳтарам муттафиқимиз Англия биз билан тегишган бўлса, энди душманимиз Германия ва унинг қўғирчоғи бўлган Туркия биз билан унақа ҳазиллашиб ўтирмайди. Муни билиш керак! Кечагина бўлиб ўтган тоғ воқеалари, Қумариқ ҳодисалари назаримиздан қочмасин, тақсирлар! Мана шу нуқталардан қараб, мен бу «соддадил», «ювош» ва «гуноҳсиз» сарт қизига энг олий жазо талаб қилмоқчи бўламан. Модомики, масала ўзи бу қадар равшан ва айбдорнинг ўзи ўз оғзи билан иқрор қилиб турибди, майли, музокара очиб ўтирмасак ҳам бўлади. Мен ўз фикримни муҳтарам суд ҳайъатига арз қилиб, масаланинг бу томонига ҳам диққат қилинмоғини сўрайман. Закунчи суд раисининг мурожаатини кутмасданоқ ўрнидан турган эди: – Мен ҳам сўз айтишдан воз кечаман! – деди у, яна дарҳол жойига ўтирди. Суд ҳайъати ўрнидан туриб ичкарига чекилди. «Ана, – деб ўйлади Зеби, – ўзим айтган. Ҳамма гап ойдай равшан… Энди уйимни топиб кеталармикинман?» Чорак соат ўтмасдан ҳукмномани эшитдирдилар. Унда бу ишнинг асосан сиёсий бир рангдан холи эмаслиги иқрор қилинмоқ билан бирга, бу сўроққа тўғридан тўғри алоқаси бўлмаганлиги, ишнинг у жиҳатини алоҳида текшириб, лозим кўрилгани тақдирда қайтадан иш қўзғатмоқ тегишли маҳкамаларнинг вазифаси эканлиги, энди бу ўлдириш ҳодисаси тўғрисига келганда, масаланинг жуда аниқ англашилганлиги, айбдорнинг ўзи томонидан неча марталар иқрор қилингани, шу учун гувоҳ жалбига ва музокарага лузум кўрилмаганлиги айтилади. Ундан кейин: «Айбдорнинг қилган гуноҳи оғир бўлиб, ҳозирги уруш вақтида ва нозик шароитлар ичида давлат одамига қасд қилгани учун фалон, фалон моддалар бўйича олий жазога ҳукм қилиш керак бўлса-да, бовужуд Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъати айбдорнинг маданиятсиз ерли халқ аёли эканини, ўзининг ёш ва турмушда тажрибасизлигини ва ҳам ҳамма гуноҳларини номус билан иқрор қилиб бўйнига олганини назарда тутиб, фалон, фалон моддалар бўйича етти йил сургунга ҳукм қилди. Бу ҳукм устидан тегишли жойларга шикоят қилиш мумкин», – дейилади. Тилмоч ҳукмномани тўрт оғизгина қилиб эшитдирди: – Айбдор Зебиниса Раззоқ сўфи қизи, Ҳарбий суднинг ҳукми билан етти йил Сибир қилиндингиз. Норози бўлиб ариза берсангиз мумкин. Ҳукмнома ўқилиб битар-битмас, залдагилар чиқа бошлаган эдилар. Ўқилиб тамом бўлгач, суд раисининг ишорати билан қилич яланғочлаган конвойлар яна бояги тахлитда Зебини олиб чиқиб кетишди. Шундан кейин суд ҳайъати ҳам чиқиб кетди. Залда фақат тилмоч, закунчи, ундан кейин нима учун ўзининг бу ерга чақирилганини билмаган имом домла қолган эди. Тилмоч домла-имомнинг ёнига келди: – Тақсир! Сиз жиндак сабр қилинг. Мен ҳозир келаман, ундан кейин гаплашамиз. Домла юрагини қўлига олиб, ранги ўчган, лаблари бир оз қалтирагани ҳолда… суд залида қолди. Закунчи тилмочни олиб ташқарига – Зебининг ёнига чиқди, Зеби чиммат остида ҳўнгур-ҳўнгур йиғламоқда эди. Закунчи сўради: – Нима дейсиз? Ариза ёзиб берайми? Зеби хўрсинган овоз билан йиғлаб туриб, узук-узук жавоб қилди: – Кимга? – Юқорига. – Унда… нима бўлади? – Нима бўлариди, эҳтимол, яна сўроқ бўлади, ишни қайтадан кўрадилар. – Ким… кўради? Шулар… кўрадими? – Бошқа суд кўради. – Бари бир… оп-очиқ турган нарсани… булар тушунмайди-ю, улар тушунармиди? – Ариза бермайми? – Қўяқол!.. Мен учун… овора бўлиб ўтирма… Закунчи кулумсираб тилмочга қаради, у елкасини қоқди. Закунчи боқча дарвозасидан чиқиб кетмак учун ўша томонга қараб юрди. – Ҳай, шошма, – деди Зеби. – Шаҳарда… Шаҳарда… ота-онам… бор… кўрсатармикин? – Авақтага олиб боргандан кейин кўрсатади. Закунчи дарвозага қараб кетди. Тилмоч у билан хайрлашгач, яна домланинг ёнига кирди. – Эшони мирза, – деди домла-имом уни бесаранжомлик билан қарши олиб, – мени нимага чақирган эканлар? Тилмоч кулди: – Сизни, тақсир, суд садри чақиртирган эди. Башарти қасам бериш лозим бўлиб қолса, мусулмон шариатига мувофиқ қасам бериш учун. – Қасам бермадилар-ку? – Лозим бўлмади, тақсир. Аёл ўзи иқрор… Домла англаёлмади, шекилли, мирзанинг сўнгги сўзини савол шаклида қайтарди: – Ўзи иқрор?! Тилмоч яна кулди: – Ҳа, ўзи иқрор… Эшитмадингизми? – Ўзи иқрор эмас, инкор қилди шекилли-ку? – Дамингизни чиқарманг, тақсир. Бу нозик масала… – Ҳа, албатта, албатта… – Энди, тақсир, суд раисининг сиздан илтимоси бор: ўзингиз эшитдингиз, бу аёл Раззоқ сўфи деган одамнинг қизи, ўз эрига заҳар берган. Эри хизмати сингган мингбошилардан экан. Прокурор отиб ўлдирилсин деган эди, суд қабул қилмасдан етти йилга Сибирга кесди. Эртага жумадан кейин мачитда икки оғиз гапириб қўйсангиз, дедилар. – Нима тўғрида, мирза? – Ya’ни оқподшонинг содиқ одамларига ким қўл кўтарса, оқибати мана шундай бўлади деган мазмунда… – Хўп, эшони мирза, хўп. Албатта, айтаман, албатта. Энди менга рухсатмикин? Домланинг бу саволида худди гуноҳ қилган одамнинг очиқ безовталиги сезиларди: «Мени қамамасмикин?» дегандай… Тилмоч муни пайқади, шекилли, қуруқ ва совуқ жавоб берди: – Бора беринг. Домла мактабидан «озод» бўлган эски мактаб болалари сингари ўзини эшикка урди ва ўша онда кўздан йўқ бўлди. Тилмоч кулди: «Имон йўқ тақсиримда», – деди ўз-ўзига. Сўнгра битта-битта қадам босиб эшикка томон бораркан, айланиб орқасига қаради: кенг зал бўм-бўш, худди етимчадек кўринади. Суддан сўнг у ёқ-бу ёқда тартибсиз қолиб кетган курсилар бозорчиларнинг карвонсаройга боғлаган отлари сингари бир-бирларига тескари эврилганлар… Кўк ёпиқли узун стол устида суд аъзоларидан бирининг кўзойнак қутичаси қолиб кетган, зал ўртасидаги оғзи очиқ печдан ўтиннинг чарсиллаб ёнгани эшитилади. Тилмоч яна олдинга юрди ва бошини чайпай-чайпай: – Безобразие, безобразие! 10 – деб сўзланди. Кеча ва кундуз — 20-боб Жума намозидан сўнг ташқаридаги жамоат дув эта ўрнидан турди ва фотиҳани кутмасдан ўз ишига кетди. Айвондагилар ҳам уларга қўшилдилар. Унда-мунда якка-ярим кишиларнинг бўйинларини қуйи эгиб фотиҳани кутганликлари кўриларди. Намоз дуоси, ундан сўнг «дуойи холис» ўткач, айвон билан ташқари томон бўшади, хонақо ичидан ҳам йўтала-йўтала бир қанча киши чиқиб келди. Улар ҳам чиқиб битгач, имом туриб сўз бошлади. Умуман, жамоат олдида гапиришни севмайдиган, ўзининг имомлик вазифасига ҳам жуда расмий равишда қарайдиган; уйидан жомеъга келиб, жомеъдан уйига қайтгунча фақат салом-алайкдан бошқага оғиз очмайдиган, онда-сонда янги келинчакдай мулойим ва юмшоқ йўталиб қўядиган ингичка овозли домла-имом бир неча оғиз сўз қилиб, суд раисининг илтимосини расман ўрнига қўйди ва қайтиб жойига ўтирди. Шундан кейин хонақодагилар аста-аста чиқа бошладилар. Ҳамма чиқиб бўлгандан сўнг, бир-икки марта ингичка йўталиб домла ҳам ўрнидан турди ва эшикка томон юрди. Хонақо ичи ярим қоронғи эди. Эшик олдида қоронғиликдан бирданига бир овоз келди: – Тахсир, арзим бор эди… Сўйловчиси қоронғида қолиб кўзга кўринмаганлиги учун домла бу кутилмаган шарпадан чўчиб тушди: – Астағфурулло! – деди домла шошилиб ва орқасига тисарилиб қўлини кўксига олиб борди. Қоронғидаги одам ёриққа чиқиб келиб сўзида давом қилди: – Кечиринг, тақсир. Акбарали мингбошини қайси хотини ўлдирибди? – Қанақа одамсиз? Аввал бир йўталиб шарпа қилсангиз бўлмайдими? Ҳайвон экансиз-ку! – Кечиринг, тақсир, билмабман. – Билмабман… Қачонгача билмайсизлар, ахир? – Кечиринг, тақсир, айб менда. Акбарали мингбошининг тўртта хотини бор. Битта хотини менинг ожизам бўлади. Шунга сўровдим, тақсир. Домла ўзини тўхтатди ва битта-битта босиб у одамнинг ёнига келди, «э афтинг қурсин!» деган маънода у одамга қаради. Сўнгра деди: – Номини унутибман… Қора паранжиси бориди… Валлоҳи аълам, отасининг номи… бир нарса сўфи… ҳа, Раззоқ сўфи… Раззоқ сўфи… Сўфининг номини бир неча марта такрорлаб хонақо эшигидан чиқди. Раззоқ сўфи эса ранги ўчган ва қалтираган ҳолда эшикка суянганича қолди. Ниҳоят, ўзига келиб мачитдан чиққач, уйига ҳам хабар бермасдан ўткинчи бир аравага ярим сўм бериб қишлоққа жўнади. У ерда Ҳакимжондан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳакимжон бўлган воқеани англатди ва Зебининг терговчилар ва докторлар келган куннинг ўзидаёқ шаҳарга олиб кетилганлигини сўзлади. Суд ҳукмидан Ҳакимжон ҳам бехабар эди. – Нима қиламан энди мен? – деб сўради сўфи. Унинг овозида ожизлик ва аламзадаликдан келган бир қалтираш бориди. Ўлгудек аянч қалтираш… Ҳакимжон сўфига тикилди. Бурунги сўфидан, яқиндагина келиб бир ҳафта ётиб кетган сўфидан асар йўқ. Унинг ранги мачитнинг жайдари шамидек сап-сариқ… гўё касалдан яқиндагина бош кўтарган. Фақат Ҳакимжон сипоҳликни қўлдан бермай оғир ва кескин жавоб қилди: – Нима қилардингиз? У ер, бу ерга арз қилиб кўринг. Бу нозик замонда арз қилишдан бирон натижа чиқармикин? Невлай-да. Бир суднинг ҳукмини юқорироқ бир суд буза оладику-я. Замон нозик, иш нозик: шундан қўрқаман! Сўфининг ундан кейинги сўзи Ҳакимжонни бутунлай шошириб қўйди: – Ўрусга ҳам қийин, – деди сўфи.– Ундай уста амалдорни энди Чин-Мочиндан топиб келмаса, бу юртларда топилмас… Ҳакимжон ҳайрон бўлганидан қўлини ёқасига олиб борди ва «сўфи гапираётирми, ё бошқами?» дегандай қилиб яна сўфининг юзига тикилди. Дарҳақиқат, сўфининг ўрнида унинг кўлагаси ё арвоҳи сингари бир нарса кўринарди. Ҳакимжон бу дафъа сўфига ачинган бўлса-да, жавоб беришда ўша сиполик йўсинини бузмади: – Одам тайин бўлган. Индинга келиб мансабига ўтиради. – Ўрусга одам қаҳат эмас экан бўлмаса, – деди яна сўфи. Шундан кейингина Ҳакимжон сўфининг нималар гапираётганидан ўзи бехабар бўлганини пайқади. Сўфи давом этди: – Ким у киши? Мана бу савол Ҳакимжонни яна шошириб қўйди. «Рост айтдими бу одам ё мени маймун қилиб ўйнатадими?» деб ўйлади у, шу сабабдан қўрсроқ ва жеркиброқ жавоб берди: – Сиз танимайсиз! Зуннунбой деган! Олдин нойиб тўранинг хизматида бўлган киши! – Тадбирлик экан бўлмаса, – деди яна сўфи. Ҳакимжон сўфига энди очиқ бир жирканиш билан қаради. Сўфи эса йиғига ўхшаган бир кулимсираш билан ундан кўзини олмасди. Ёш йигит чидаёлмади, шекилли, тез-тез босиб ичкари эшик олдига бориб қичқирди: – Фазилатхон! Меҳмонга дастурхон чиқаринглар! Ичкаридан жавоб бўлишини кутмасдан, ҳақорат кўрган кишидай таппа-таппа босиб кўчага чиқиб кетди. Фазилат ичкаридан бир мис товоқда нон билан майиз кўтариб чиққанда, ташқарида на Ҳакимжон бориди ва на сўфи! Сўфининг арз қилиб борадиган бирдан бир маҳкамаси яна эшонбобонинг хонақолари эди. Дастурхонни кутмасдан дарҳол йўлга чиқди ва ярим йўлни арава билан босиб, тўппа-тўғри хонақога борди. Эшон йўқ эди. «Тўйга кетди» дедилар. Кутиб ўтирди ва ўйга толди: «Эшонбобо нима қилсин? У киши закунчи эдимики, ариза битиб берса? Ўрус тилини билармидики, амалдорлар, судлар билан чиқишса? Башарти, закунчига, амалдорга, судга бориладиган бўлса, ҳаммасига пул керак, мўмай-мўмай пул керак, менда унақа пул йўқ. Зебининг орқасида энди қўлга пул тушармикин деб умид қилардим, эндигина кафтим қичиша бошлаган эди. Бу ҳодиса кафтимнинг қичиғини вақтидан илгари босиб қўйди… Эшонбобо хотиржам, бир чақа ҳам бермайдилар. У киши, албатта, бераман десалар-ку қўлларидан келади: ҳар қандай катта закунчининг иштаҳасини қондирадиган дунёлари бор. Фақат, нечораки, у киши бериб ўрганмаганлар, олиб ўрганганлар: «Ўрганган кўнгул ўртанса қўймас» дейди бурунгилар. У кишини беришга ўргатиш қийин! У киши шунча бадавлат бўлиб туриб, эшикдан гадой кирса, қўлига қарайди, «назри йўқмикин?» деб. Бу хабарни қизнинг шўрлик онасига эшитдириш керак ҳали! Менинг кўнглим тош-метин! Фақат, шўрлик онанинг ёлғиз боласига бўлган меҳри шундай кучлик нарсаки, ундақа тош-метинларга қарши ўз тош-метинини ирғитади, балки бир ирғитишда парча-парча қилиб ташлайди!.. Йўқ, бу кеча уйга бориб бўлмас. Бу кечани шу ерда тунайман. Эшонбобомга арз қилиб маслаҳат сўрайман. Бир нарса дер, ахир… Ундай десам, икки кундан бери уйга қайтганим йўқ. Уйдан «жумага бораман» деб чиққанман. Кампир нима ўйлайди? Ҳалиги шум хабар қулоғига киргундай бўлса, турган жойида қотиб қолмайдими? Йўқ, бориб кўнглини кўтарай… Йўқ! Ҳар нима бўлса ҳам, эшонбобом келсинлар. Бир оғиз айтиб ўтай, нима дер эканлар». Ниҳоят, эшонбобо келдилар. Кайфлари чоғ, нашъалари баланд, овозларида аллақандай бир шўхлик бор. «Тўйда қимиз ичганга ўхшайдилар, – деб ўйлади сўфи. – Кўп ичса, у ҳам одамни айнитармиш. Қишда қимиз нима қилади? Ҳайронман… Хайр, ўзлари биладилар». Эшон бу воқеани эшитган эди, лекин унга ўз муриди Раззоқ сўфининг аралашганини билмасиди. Сўфи кўзларида марварид доналаридай йирик-йирик ёшлари кўрингани ҳолда, билганича айтиб берди. Пир кулиб туриб (кулиб туриб!) эшитди. Бу нашъалик кулиш, бу кайфи чоғлик, бу овоздаги шўхлик ҳеч нари-бери бўлмади. Сўфи воқеанинг энг қўрқунч жойларини айтиб берган вақтида ҳам, эшоннинг юз-кўзларида ҳамон ўша шўх ва ўйноқ кулиш жилваланарди. «Мен тошга гапираётибман, шекилли» деган ўйни ўйлаб олди сўфи: орқасидан дарров истиғфор айтди… Сўзини битиргач, сўфи эшоннинг оғзига тикилди ва «муборак» сўзларига мунтазир бўлиб қолди. Эшоннинг шўхлиги яна орта тушган эди. Хонақо куйларининг энг шўхини олиб, бошини тўлғай-тўлғай бутун вужуди билан силкина-силкина куйлади: Фоний дунё бе-эш кундир, бе-эш кундир, ҳо-ов, Сўфилик аҳди-ин синдур, аҳдин синдур, ҳо-ов. Биллур қада-аҳлар бирла май сўнгил, соқи-ей, Хонақо қаро-о тундур, қаро-о тундур, ҳо-ов… Сўфининг кўзлари олайиб кетди: бу – муриднинг ўз пирига биринчи марта кўз олайтириши эди. – Тақсир, бирон маслаҳат… – Маслаҳат? – деди эшон, хохолаб кулди. – Одам ўлдирган боланинг отасига қандай маслаҳат бўлади, сўфи? Боласининг ёнига нима учун отасини жўнатмайди бу аҳмоқ ўрус? Адолат борми кофирда?! Сўфининг танларига бирданига ўт туташгандай бўлди. Бутун вужуди қизиган танурдай тобига келган эди. Қўллари ихтиёрсиз баландга кўтарилди, муштлари ўз-ўзича тугумланди… Бу мушт пирнинг бошига тушмоқчи эди. Фақат, қаршидаги ким? – Пир! – Эшон! Эшонбобо! Йўқ, унга қўл кўтариб бўлмайди! Яна бир онда сўфи сувдай суюлди, қордай эриди, орият оёқлари билан омонат ерни босиб ташқарига чиқди… Уйга бориб индамасдан ётоққа чўзилди, кампирнинг саволларига жавоб бермади. «Яна феъли айнибди чолнинг!» деб ўйлади кампир. У бечора ҳали воқеадан хабарсиз эди. Эрта билан нонушта чоғида бутун бўлган воқеани ётиғи билан кампирга айтганидан кейин сўфи кеча пирининг бошига тушмоқ учун кўтарилган муштнинг бу кун ўз бошига тушаётганини кўрди. У мушт шу қадар даҳшатли эдики, «кечанинг ўзида ўз жойига туширсам бўлар экан!» деб ўйлади сўфи, аччиғидан муштини тишлади. Пиёладаги чойни ярим қолдириб кўчага чиққан вақтида сўфи ўз-ўзини таниёлмай қолди. Оёқлари худди тобут кўтариб бораётган мусулмоннинг оёғидай бир-бирига тегмасиди. Бармоқлари бири очилиб, бири юмилар, ичидан кучли бир овоз тўлқини чиқиб келиб кўча ўртасида томоғига ёпишарди. Салом берганлар аликсиз, сўрашганлар жавобсиз қолдилар. Унинг яқинидан ўтганлар мутлоқ туртилдилар, дастурхон кўтарган хотинлар ҳаммаси деярлик қарғаб ўтдилар. «Жинними, нима бало?» деган овозлар эшитилди, бу овозлар сўфининг қулоғига «Ким жинни? Ўрусми ё ўзларими?» деган шаклда бориб кирди. Аравакашларнинг «пўшт, пўшт!» деган овозларини «ўлаҳ, ўл!» деган каби таъна шаклида эшитди ва худди елкаси олдида тўхтаган отнинг кўпикли тумшуғига қараб туриб, «ўзлари ўлсин, ўзлари!» деб сўзланди: аравакашлар араваларини унинг ёнидан секингина буриб ўтар эдилар. Бозор ўртасида бир нонвой обинон саватини тутди, сўфи ихтиёрсиз қўл узатиб иккита нонни олди, сўнгра бир нафас ўтмай нонни яна саватга қўйгач, нонвойга қараб кулди: «Мен оламан ҳам, бераман ҳам, у киши фақат олишни биладилар!» – деди, яна йўлга тушди. Шундан кейин юришини секинлатди, оғир-оғир ўй сурарди: «Худо – худо бўлиб туриб – ҳам олади, ҳам беради, йўқ-а, у илгари жон беради, кейин жон олади. Ер, ер бўлиб туриб, илгари ризқ беради, кейин жон олади. Олган беради-да! Сен нимасан, пирим, сен? Худодан зўрмисан? Ердан кучлимисан? Оласан, бермайсан. Оласан, бермайсан…» Хонақода намоздан кейин «сукут»га кетиб, мудраб ўтирган эшонни Раззоқ сўфининг телба ҳайқиришлари уйғотиб юборди. Эшон сесканиб кетди. Кўзини очиб у ёқ-бу ёққа қарагунча бўлмасдан эшикдан баланд овоз билан сўзланиб Раззоқ сўфи кириб келди. Оғзидан кўпик сочиб, бошларини жеркиб-жеркиб сўзланарди: – Худо, худо бўлиб туриб аввал жон беради, ундан кейин жон олади. Сен кимсан? Худодан зўрмисан, тақсир? – Бай-бай! Тилинг кесилсин, бадбахт! Кофир! Сўфи ўша хилда гапирганича пирнинг бошига келиб тўхтади. – Ер жонидан – илгари беради, кейин олади. Ердан ҳам кучлимисан, тақсир? – Нима бўлди сенга, сўфи? Жинни бўлдингми? – Ўзлари жинни, тақсир, ўзлари! Эшаклари жинни, итлари!.. – Ҳай, ким бор? Болалар! – деб қичқирди эшон, ўрнидан туриб орқага тисарилди. – Қочма, тақсир! Ҳовучингни оч! Мен гадой бўлсам ҳам, хуржунимнинг икки кўзи тўладир… Сендақаларни неча йил боқишга ярайман… – Болалар! – деб бақирди яна эшон. Ўзи тисарилиб-тисарилиб бориб хонақонинг бир бурчига қисилган эди. – Қўрқутманг, тақсир, бечора муридингизни. Мен нима қилдим сизга? Сўфи бирданига йиғлай бошлади. Ташқаридан муридлар югуриб келишдилар. – Қайда қолдинг ҳамманг? Чақира бериб томоғим йиртилди. Олиб чиқ бу жиннини! Сувга пиш! Муридлар ҳаммаси сўфига ёпишдилар. – Тегма менга! – деб бўкирди суфи. – Мен ўрус судидан қочиб қутилган киши бўламан. Эшонингни соғ қўяманми мен? А? Муридлар истиғфор айтиб, сўфини қарғадилар. – Тилинг қурсин, тилинг узилсин! – Кофир! – Насора! – Мардуд! Кўча дарвозалари тақа-тақ беркитилгач, ҳовузнинг қалин музини тешдилар: сўнгра сўфини яланғоч қилиб кўтарганларича ҳозузга ташладилар. Сўфининг тани шу топда Арабистон тоғларининг саратондаги тошларидай қизиб ёнарди. Унга хуш ёқди бу жазо… Сув ичида жиннилардай наъра солиб бақирарди. Муридлар кулишиб қарардилар. – Бас энди! – деди эшон ичкаридан. – Энди озроқ хипчин! Сўфини ҳовуздан чиқариб олиб ингичка новда билан гавронладилар. Яланғоч ва нам баданига теккан беҳи савачўп «чирс!» эта овоз чиқарарди. Зарбларнинг саноғи анчага етгач, сўфи бир марта қаттиқ фарёд кўтарди, шу билан ҳушидан кетиб муридлар қўлига йиқилди… Ундан кейин куни бўйи карахт бўлиб ётди. Кечаси иситма бошланди. Ичкаридан чиққан бир коса қайноқ шўрвани муриднинг юзига ирғитди. Шундан кейин муридлар яна калтакладилар. Фақат, ўзи иситма билан ёниб турган одам калтак зарбини сезмади. У калтаклар унга уқалашдай туюлган эди. Эрта билан ўзига келди, иситмаси тарқалган эди. Ҳорғин кўзларини очди, калтакланган ерларининг ачишганини сезди. Қамиш савачўпни куйдириб кулини боғладилар, ором олгандай бўлди. Фақат, бу ором ухламаган кўзларининг ўткир талабидан ўзга эмасиди. Ухлаб кетди. Икки кундан сўнг у мусичадек ювош ва мулойим бўлган эди. Ташқарига чиқиб юрди, муридларга кулиб қаради. Фақат, гапга жавоб бермади. Хаёли бошқа жойда, бошини чайпар, кулимсираган кўзлари билан муридларга тикиларди. Эшонга айтдилар, «ҳайдаб юборайликми?» деб сўрадилар. – Юра турсин. Энди ўзи билиб кетади, – деди у, кулди. Яна уч кундан сўнг жума куни эрта билан намозга турган муридлар эшоннинг хонақода ўлиб ётганини кўрдилар. Соқоллари юлинган, томоғида чуқур бармоқ излари бориди. Хонақонинг бир бурчида кичкинагина жавончада эшоннинг энг азиз китоблари сақланғучи эди: жавон очилган, китоблар ҳам очилиб-сочилиб ётардилар. Ўша ердан бир неча уч сўмлик ва беш сўмлик қоғоз пул топиб олдилар, улар ҳам сочилиб ётарди. – Ҳам жонига, ҳам молига қасд қилган экан баччағар! – деди бир мурид. Бошқалар ҳам бошларини тебратиб бу фикрга қўшилдилар. Сўфидан дарак йўқ эди. Қурвонбиби жинни бўлиб паранжисиз ва йиртиқ кийимлар билан эшонникига келган вақтида, уни занжирга боғлайдиган одам ҳам топилмади. Эшоннинг катта хотини раҳми келганидан муридларга буюрди: улар жинни хотинни тутиб ичкаридаги катта толга боғладилар. Қурвонбиби бир нафас тинмасдан ўзича сўзланар, ким ёнига борса, Зебини мақтаб гапирар, унинг дутор чалиши, ашулла айтиши, чок тикиши, тўппи босишларини ҳикоя қилар, юриш-туришлари, қадди-қомати, бўйлари, кўзлари ва қошларининг чиройлилигини айтиб, ҳар кимдан «Қани менинг Зебим? Қани Зебонам?» деб сўрар, шундан сўнг ҳўнграк отиб йиғлаб юборар эди. Қиш чиқишга яқин аллақандай қариндошлари келиб уни олиб кетдилар. Қорилар, домлалар, парихон, азайимхон, дуохон ва бошқаларга пул бериб ўқитдилар, кўчиртирдилар, дам солдирдилар – фойдаси бўлмади. Ҳамон ўша эшонникидаги сингари ҳар кимга қизини мақтаб гапирар, сўнгра ҳўнграк отиб аччиқ-аччиқ йиғлагач, «Ёрилтош» куйида ўзи тўқиган байтларини ўқирди: Зеби, Зеби, Зебона, Мен кўйингда девона. Сени сотди ўз отанг, Мен бўлайин садағанг! Заҳар қилиб ошингни, Пирим еди бошингни! Зеби, Зеби, Зебонам! Қайда қолдинг, дилбарим?.. Килеўпатра Эй Мисрнинг тангриси, Нилнинг маликаси Килеўпатра! Ойдин кечаларда, сирли Нилнинг бўйларида узун этакларингни майсалар, гуллар устидан судраб юруб янги очилғон вафо ҳидли нилуфар чечаги узубсан. Ўзингни елпиб турғучи қулға чечакнинг фазилатларидан гапирганингни эшитдим: «Бу гул сувда ўсиб, сувда етишиб, яна сувда битадир», — дединг. Биламан, тенгсиз қиз, биламан. Нил суви билан ўсган нилуфарни қанча мақтасанг ҳам оздир. Менинг бағримда-да севги ҳидли бир нилуфар ўсмакдадир. Уни сувлаб ўсдирган, етишдириб турғон нарса меним «нилий» кўзларимнинг ёшидир. Не аччиғ, не заҳар, не тотлиғ — тўюб бўлмас тоти бордир унинг! Юзларингни энг оддий бир бозор қизининг юзларидай кўрксиз қилмоқ учун алам ҳидини соча бошлағон чоқда сергак бўл-да, менга яқинлашма! Юзлари қайғидан — сен узуб ташлағон Нил гулларидек — сўлғон ошиқларингга айт, келсинлар унинг севги ҳиди сочқон чоқларидаким, юзлари бурунғи аслига қайтсун! Гўзал Килеўпатра! Отанг фиръавннинг заҳарлари қадар аччиғ заҳарларни унинг кўк япроқларидан — истаганинг қадар — ола биласан. Ўзингнинг юзларингдек юмшоқлик ва малоҳатни яна унинг қизил япроқларидан эма биласан. Балки, эсингда йўқдир. Бир кун отанг билан чиққан овдан чарчаб, ўзинг ёлғиз қайтиб келдинг. Чарчағон бўлсанг-да қарамасдан югуриб Нил бўйиға тушдинг. Ўтган тонгда бир ҳиндистонли ошиқни тимсоҳнинг оғзига ташлаб берган жойингдан бир тўплам нилуфар чечаги йиғдинг. Ҳарам уйингнинг айвонидағи супачага жой солдириб ётдинг-да, ҳалиги гул тўпламини қизил ипак билан бошингға осдириб қўйдинг. Ўйчан, қайғили кўзларингни Нилнинг устида каби кўрунган ойға тикиб олиб, тўймаслик билан гулни ҳидлаб-ҳидлаб ва шунга алданиб уйқуға кетдинг. Тонгга ҳали йироқ эди. Ой ёғдусини бутун тўлалиги билан сепиб, ер юзини сутдек ёруғиға кўмуб ташлашға тилар эди. Миср — у сирлар ва яширинликлар уяси бўлғон Миср ўзининг бутун гўзалликлари билан бирга ухлар эди. Қатор-қатор фаллоҳ қишлоқлари, қатор-қатор эҳромлари, қатор-қатор абулҳавллари, хавфдан титраб турғон бани Исроилға махсус маъбудлари билан бирга ухлар эди. Нил — оппоқ оқариб, тала ўртасида илондек буралиб ётқон Нил ҳам кечанинг шу шарпасиз қучоғида жимгина ухлар эди. Отангнинг ҳашаматли саройлари, хурмозорлар бирга-бирга, бир тўплам ҳалокат, бир қора ғужум бўлуб ухлайлар эди. Сени елпиб турғон қулча елпиғичи билан, соқиянг косаси, чолғичи қизинг чолғиси, кеча тоғлардан олдирғон подачинг найи билан ухлар эди. Сенгина, сен — фиръавн қизи, даҳшатли фиръавннинг юмшоқ қизи — уйғондинг. Сени эркалатиб ухлатғон нилуфар гулларинг сўлғон эди: нозик қўл билан нозик ипини бир тортдинг — узулди. Гулни — ҳеч қизғонмасдан — ғужумладинг-да, бош томонингга ирғитдинг… тушди — кетди! Сен гулни ғужумлаган тинда бош томонингдан, боқчадан «оҳ» тортқон бир товуш келди; у бақирғон сенинг ошиқларингдан, эртага Нилнинг тимсоҳлар тўлуғ қучоғига киратурғон бир шаҳзода эди. Сен товушингни чиқармадинг, балки, эшитмагандирсан?! Гулнинг сўлғониға жонинг чиқар даражада қизиғон эдинг. Туруб бориб яна бир тўплам гул узуб келмакчи, унинг ҳиди билан тонг отдирмоқчи бўлур эдинг. Аммо буни қилмадинг, қила олмадинг, сўнг ортуқ тушунмакка, кўзингни бир нуқтаға тикиб оғир-оғир ўйланмоқға бошладинг. Бирдан турдинг, хизматчилардан бирини уйғотиб гулга юбормоқчи бўлдинг шекиллик, у ёқ-бу ёқға қарагач, яна ётдинг. Яна оғир-оғир тушунар эдинг. Нақ бошингда — айвоннинг пастида — қараб турғон мен секингина бошингға келдим. Сезмадинг. Секингина бағримдаги гулни олиб бошингға ташладим. Билмадинг. Унинг ҳидлари сени бўшаштира бошлади. Шул қадар бўшашган эдингким, сен Килеўпатра бўлуб бунча яхши ухламағон эдинг. Кун ўзининг ўткур тиғларини юмшоқ юзларингға санчғонда-да, уйғонмас эдинг. Ён-берингдагилар уйғондилар. Кўрдиларким, сен ҳеч бир турмишингда кўрулмаганча тўлуб, тошиб, қайнаб, роҳатланиб ухлайсан. Ҳеч ким уйғотишқа журъат қила олмади. Отанг фиръавндан сени сўраб келган кишига пойлоқчи кампиринг: «Ул кўб тотли уйқудадир», — деб жавоб берди. Бош томонингда эндигина бош кўтариб келаётқон ёппа-ёлғиз хурмо оғочиға суянганим ҳолда мен сени кузатар эдим. Мен сени-да, ён-берингдагиларни-да эркин-эркин кўрганим ҳолда, билмадим нима учундир, сенинг қулларинг, жорияларинг, оқсоч ва чўриларинг мени кўрмадилар ёки кўрсалар-да: «Бу-да бир бечора ошиқдир, бу-да эрта-индин Нилнинг қурбони бўлур», деб ўйлайлар эди. Фақат унлар янглишалар эди! Мен бош томонингда ўлтуруб сени кузатганим билан-да, кўзим — кўнгил кўзим сира сенда эмас эди. Меним кўзим ўзимизнинг мутакаббир, семиз, даҳшатли Амуда эди… Ниҳоят кўзингни очдинг. Бошингни қалдиратиб туруб эснаш-ҳидлаш, сезгининг бутун кучи билан гул исини эснадинг. Сенинг севгисиз бағрингға юмшоқлик сепиб турғон гулим шул тинларда бутун борлиғи билан сенинг тегрангга севги ҳиди сочиб турар эди. Севгисиз кўнгилга севги ҳиди, билмадим, қандай хуш келди? Фақат, юзларингнинг тағин-да яшариб кетганлигини очиқ-ойдин кўрдимким, мана бу гулнинг таъсири эди. Ёнингдағилар ҳам сенга ва сендаги ўзгаришга тонгға қолалар, лабларини тишлайлар эди. Кўзларингда яна уйқу кўланкалари учқони кўрилди, яна ухламоқ истадинг. Фақат, ҳиди тегрангни қоплағон сўлмас гулнинг қайда эканини билмак истаги уйқу истагидан ортиғроқ эди. Шунинг учун-да бошингни қалдиратиб, кўзларингни ўйнатиб, тинсизгина уни излар эдинг. Ниҳоят сўрадинг: — Бу хуш ис қайдан келадир? Ёнингдағилар бирдан жавоб бера олмадилар. Бири — иккинчисига, иккинчиси учинчисига қарай бошлади. Фиръавн қизи эмасмисан — дарров ғазабинг чиқди: — Шуни ҳам билмайсизми? Мен сизни нима учун боқиб ўлтураман? Бир ҳабаш хотун дудулаб-дудулаб жавоб берди: — Боқчадан! Кулуб юбординг. — Хурмозордан! Яна кулдинг. — Нил бўйидан! Бу йўли аччиғинг келди: — Жим! Тентакмисан? — дединг. Тиндилар… Бир қизиқчи кампиринг бор экан, маймун каби қихихлаб келди-да: — Нариги дунёдан! — деди. Шарақлаб кулуб юбординг. Кампирнинг кайфи келди: — Нариги дунёдан деганим, яъни — гўристондан! — деди. Бу йўли кулмадинг. Бироз қовоғингни буруштирдинг-да: — Маъни бериш керак эмас. Бу хурмоға туз сепган каби бўлди, — дединг. Шунда мен сенинг ақлингни олқишлағон эдим. Бирдан ўрнингдан туруб, юзингни боқча томонга қаратиб тиз чўкдинг. Бошингдан бир болишни олиб ташладинг, орадан гул келиб чиқди, севиниб кетиб «Мана тобдим!» деб дарров қўлингға олдинг. — О-о… Бу гул ёт гулдир. Миср гули эмас! Ёнингдағилар яна тиндилар. — Қайдан келди бу? Ким келтирди? Яна жавоб бўлмади. Қизидинг: — Нимага индамайсиз? Тилингиз узулдими? Унлар қалтириб, титраб бир-бирларига қарамоқға бошладилар. Билдимким, сенинг аччиғинг ёмон қўзғалса, у заволлилар учун ёмон бўлар эди. Шунинг учун югуриб бошингга келдим. Ортиқ такаллуф қилмай, ортиқ ерларга эгилмасдан бошим билан ҳурмат саломи бердим-да: — Гулни мен келтирдим, у меним гулимдир, — дедим. Сен дарров сўрадинг: — Сен кимсан? Тинчгина жавоб бердим: — Мен бир адашиб келган кишиман. Кўзларинг оғули ҳаваслар билан менга қарай бошлағон эди. Бирдан юзингға жиддият кирди, шамол тезлиги билан юзимга: — Адашиб келган бўлсанг, йўл кўрсатсинлар, кет! — деган сўзни ташладинг. — Гулимни олайин-да, кетайин, хўп! — деб гулга қўл узатдим. Амирлар товуши билан бақирдинг: — Тегма, у гул мунда қоладир! Тўқтадим. Ўзинг кўзингни узмасдан менга қарай эдинг. — Йигит, сен ёмон тилак билан келмадингми? — Йўқ, тескарисидир: энг яхши ва тўғри тилаклар билан келдим. — Айт, нима учун келдинг? — Севганимга Миср нилуфаридан бир тўплам олиб келмак учун келдим. Бирдан уйғондинг. — Севганингми бор? — Бордир. Шошилиб-шошилиб сўрадинг: — Фиръавннинг қизи эмасми? — Йўқ. — Нил бўйида эмасми? — Эмас. — Қайдадир? — Аму наҳри бўйида. — Аму… Гул кимники? — Боя ҳам айтдим: меники. — Ким учундир? — У учун. — У кимдир? — У… менинг Килеўпатрамдир. — Жим! Мендан бошқа Килеўпатра йўқдир. — Сен Миср, Нилбўйи Килеўпатрасисан, у эса Ҳазарбўйи, Аму Килеўпатрасидир. — Жим! — Севгида жимлик бўлмас. — Гул Аму сувиндами ўсмишдир. — Йўқ… Кўзларимнинг ёшида ўсмишдир. — Оҳ! Кўзларингда томчи-томчи ёшлар кўринди. Бошингни ёстиқға қўйдинг-да, ўйга ботдинг. Бироздан сўнг ўрнингдан турдинг. — Ол гулингни! Олдим. Ўзинг олдимға тушдинг, менга «орқангдан юрмак учун» ишорат қилдинг, юрдик. Этакларинг ҳар-ҳар ерларни супуриб борар эдилар. Бир уйга кирдикким, зийнати мени тонгға қолдирди. Сен олтун оёқли юмшоқ супачага ўлтурдинг; сенинг ишоратинг билан мен ҳам ёнингға ўлтурдим. Сўз бошланди. — Нега Нилбўйи нилуфарлари тез сўлалар? — Унлар оддий гул бўлғонлари учун. — Сенинг гулинг нега тез сўлмайдир? — У сира сўлмас! — Нима учун? — Меним кўз ёшимда битиб, меним кўз ёшимда ўсгани учун. — Кўз ёш тубда аччиқдир, бу нимага аччиғ эмас? — Мунинг-да, аччиғ ҳид сочқон чоқлари бордир. Бу севги чечагидир, умидлик кўз ёшларини ҳам кўб эмгандир. Шунинг учун тотлидир. — Менга қолдириб кетмак истамаганинг нима учун? — Ўзимники бўлғон учун! Тиндинг. Фақат, кўзларинг эгри ҳаваслар билан тўлғони ҳолда менга қарайлар эди. Сенинг қарашларингда хиёнат оловларини очиқ сеза бошлағон бўлсам-да, тиндим. — Мен гулсиз қола билмайман. — Сенинг учун мундоғ гуллар йўқ эмас, бор. — Қайда? — Истасанг Нилнинг бўйларида, истасанг шаҳар кўчаларида. — Йўқ, ишонмайман — бўлмас, топилмас. Ҳам бу гулнинг эгаси бўлғон гўзал сира Миср Килеўпатраси каби бўла олмас. — Менинг қарашимда ундан ҳам ортиғдир. Бу жавобимга аччиғинг келмади, сўзни бурдинг: — Мен шундай гулни қандай қилиб топаман? — Нилга ташланғон, тимсоҳларга ем бўлғон ошиқларингда шундай гуллар бор эди. Сен жиддийлашдинг: — Йўқ, — дединг, — яхши ишонгилким, улар менга гўзал бўлғоним учун эмас, фиръавн қизи Килеўпатра бўлғоним учун «ошиқ» эдилар. Биргина киши бўлсун чин севиш билан севгани йўқдир. Агар сенга ўхшағон бўлсалар… Мен уларни Нилда эмас, кўзимнинг қоралари орасида сақлар эдим… Мен уларни биламан: улар бир қўрқув олдида мени унуталар. Шунинг учун мен уларни қўрқинч тимсоҳларга ем қилдим. Сенда бу йўқ. Сен фиръавн қизи Килеўпатра ёнида турғонинг ҳолда… — Аму бўйида турғон кабиман. Жим бўлдик. Сўзни мен бошладим: — Боқчангда бир ошиқ бор, чин ошиқдир. — Сўзлама! У мени эмас, менинг жорияларимдан лублонли бир қизни севадир. Шунинг учун мен унга тегинмадим. — Шундайми? — бармоғимни тишладим. Шул вақтда кўзим кўзингга тушди; ёмон қўрқинч тус олғон, қизиғон эди. Ҳар иккаласидан хиёнат тўлуб-тошар эди. Қўрқа бошладим. Локин яна тиндим… Кичкина бир ишоранг билан уйда ҳеч ким қолмади; пардалар тушди, нариги ёқда ингичка чолғи товуши аралаш қизлар қўшиғи эшитила бошлади. Танингда бир ҳовлиққанлик сездим. Ўзимда-да чолғининг таъсири билан бир тўлқун бошланди. Чолғи, сездимки, эҳтирос куйини ўйнар эди. Муни сенинг хоин, кулган ва қуюқлашғон кўзларинг ўйнаб-ўйнаб кўрсатар эди. Чолғи бир даражага етдиким, мен бўшашиб секингина ёнбошладим. Бу чоқ сенинг танингнинг ўтдек қизиғони ҳолда менга яқинлашқонини билдим. Қалтирар, қўрқар, кўз олдимда ўз Килеўпатрамнинг хаёлини истар эдим. Оҳ, хиёнат дамларида ул нечик келсун! Яна гул кўмагимга етди. Сен — мени ўзингнинг эҳтирос кучинг билан маст қилиб — гулимни ва йигитлигимни тортиб олмоқ истаган эдинг. Ишни шул даражага етказган эдингким, менда қаршилик қилмоқ учун куч қолмағон; мен бутун эҳтиросим билан хоин танларингга илондек ўралиб кетган эдим… Бирдан гул ўлимлик ҳидини сочди. Мен уйғондим, эҳтирос танимда ўз-ўзидан эриб йўқ бўлди. — Сен — юзларинг сўла бошлаб — бўшашиб йиқилдинг. Мен гулимни қўлга олдим-да, тўғри Нил бўйига чиқдим. Ўзимнинг гулимни Нилнинг сувларига, кўкат-майсаларига «кўст-кўст»лаб юруб, ўз Килеўпатрам учун бир тўплам нилуфар йиғдим-да, йўлимға кетдим… Мен Аму бўйиға етганимда орқамдан бир каптар учуб келди ва сенинг шу хатингни топширди: «Йигит! Мен бутун дунёға машҳур фиръавннинг қизи гўзал Килеўпатра бўлғоним ҳолда чин ва соф бир севги учратмадим. Чин муҳаббат эгаларининг кўз ёшларида етишатурғон узоқ умрли, вафо ҳидли нилуфарни сенинг қўлингда кўрганимдан бери кўрмадим. Оҳ, унинг мен ухлаёлмай ётқон чоғимда сочқон ҳидлари қандай эди? Сира англаёлмайман. Сен «севги ҳиди», дединг шекиллик. Оҳ, агар севгининг бир чечагидан чиққон ҳиди шундай бўлса, унинг ўзи қандай нарсадир? Кошки сева билсам, ўзимнинг энг ҳақир кўрган қулимни бўлса-да сева билсам! Сени севдим, деб ўйлағон эдим, ўзинг кетгач билдимки, у сенга — сенинг йигитлигингга бўлғон шоҳона бир муҳаббатгина, бир ҳавасгина экан… Оҳ, ул гулингга нима деяй экан? Агар ул ёмон ҳидини сочмаса, бир зумда пайдо бўлғон тентак бир ҳаваснинг қурбони бўлур эдим. Софлигим кетар эди. Оҳ, у софликнинг ҳақиқатда нима аҳамияти бор? Бўлди нима, бўлмади нима? Тубда софликни-да сақлаб қолатурғон муҳаббат керак эмасми? Менда у йўқ… Шунинг учун софликнинг аҳамияти ҳам йўқ… Тахтнинг, салтанатнинг қайғидан бошқа яхшилиги йўқ… Гўзал Нилнинг гўзаллиги йўқ… Хурмо ўрмонлари ваҳший… Нилуфарлар вафосиз… умрлари беш-ўн нафас… Кел, менга соф муҳаббатдан бироз сўзлаб бер! Энди эҳтиросга берилмайман, кел. Мен-да соф севиб, севилмоқ истайман… Миср, Нилбўйи. Килеўпатра». Гўзал Килеўпатра! Хатингни олдим. Аму кўпурмишдир, тошмишдир. Амунинг тошқини ўзимнинг Килеўпатрамга-да, сенга-да йўлни тўсди. Гулим ҳам ҳозир етим қолди… Кирзон нотаси Англия миллат мажлисида Сўнг вақтда матбуот, бутун Русия ва балки бутун дунёнинг миясини бир нарса овора қилдиким, у ҳам Англия ҳукуматининг шўролар Русиясига берган нўтасидир. Англия ҳукуматининг «урушқа қилиқ» сезгиларини жуда очиб кўрсаткан бу нўта бизнинг шўролар матбуотида «Кирзон нотаси» деб аталадир. Бу – дарҳақиқат тўғри. Нотанинг руҳи Кирзон тўрадир. Унинг маъноси «Кирзон тўранинг урушқоқлиғи» демакдир. Шул нўта, яъни «Кирзон нотаси»сўнг вақтда Англия миллат мажлисида қаралиб ўтди. Нота очиқдан очиқ «нимага хотунингга ковуш олиб бермадинг? Шунинг учун сенинг адабингни бермак керак деган руҳда бўлғани учун бу масала миллат мажлисида катта филь воқеаларға сабаб бўлса керак эди. Лекин ундай бўлмаған. Маскавда чиқатурған «Ҳақиқат» (Правда), «Хабарлар» (Известия) газеталари бунга бағишлаб бош мақола ёзиб чиқардилар. Биз ўқуғучиларимизни марказ газеталари орқалиқ шу муҳим масала билан таништирмоқчи бўламиз. «Ҳақиқат» (Правда) газетаси ёзадир: «Авом палатасида ҳақиқий бир кулки (камедия) бўлуб ўтди. Бу кулки – миллат мажлиси деган нарсаларни урушқоқ лўрдлар қўлида қандай оддий ўюнчоқ бўлуб юрганлигини кўрсатадур. Кирзон нотасини «иғво» деб турған ҳолда Англия чет эллар нозирининг муовини Мок Ноил туруб Англия ҳукуматининг кенгаш-менгашларни рад қилғанлиғини узун-узун гап сўзларни хоҳламағанлиғини ўз талабида маҳкам турғанлиғини анча-мунча нарсаларга қаноат қилмағанлиғини сўзлайдир. Шундан сўнг миллат мажлиси тарқаладир. Шундан сўнг ҳукумат буткул Кирзонга топшириладур. Кирзуннинг қўллари ечилган истаганини қилаберади. Мана Англияда миллат мажлиси шу ҳолдадир. «Хабарлар» (Известия)да ўртоқ Истиклўф ёзадир: «Русиянинг қайтарған жавобида Мок Ноилга маъқул бўлған жойи – инглиз балиқчи кемалари тўғрисидағи моддалардир. Бошқа моддалар унга сира маъқул эмас. Англия ҳукумати умуман озроқ бир нарса билан рози бўлмоққа истамайдир. Ўзининг талабларини тугал олмоқчи бўладир». Гап-сўз кўриниш хили «ваҳималик» Англия талабларининг қаттиғлиғи жойида юмшағани йўқдир.Русия билан «барча баробар» бўлуб туруб гаплашишни хоҳламаслиқ яна ўз жойида. Биз жанжаллиқ масалаларда Англия ҳукумати билан гаплашишга ҳозирмиз. Лекин ўз бўйниға бировларнинг иродасини осдиришға шўролар ҳукумати сира ва ҳеч бир йўл билан рози бўла олмайдир. Қиссадан ҳисса чиқарайлиқ. «Ҳақиқат» газетаси бу«жиддий қисса»лардан Русия ишчи-деҳқонлари учун шундай бир ҳисса чиқарадир: «Ишчи – деҳқонлар! Ҳар бир қўйилған қадамни кузатиб борингиз». Кисловодскда Икромов номидаги санатория 1932-йил охирларида Ўзбекистон ХКСнинг ташаббуси ва қарори билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги қарамоғида Ўзбекистон санаторияси очилган. Бутун Русия курортлар идораси бизнинг санатория учун шаҳарнинг яхши ва баҳаво бир еридан жой берган. Дуруст, у жойдаги биноларнинг кўп мазаси йўқ; санаториянинг иккала корпуси ҳам, агар янгилшмасам, илгари хусусий кишилар (бойлар)нинг ҳовлилари бўлган. Санатория тузулгач у биноларни наридан-бери санатория талабларига уйғунлаштирганлар. “Наридан-бери” деганим асоссиз эмас: ҳали ҳам санаториянинг ошхонаси, қлуби ва бошқа ёрдамчи жойлари тарқоқ ва ўз шаънига унча ярашмайтурған биноларда бўлунади. Санатория мудири жой хусусида Тошкент шаҳар советидан кам қийналмайди. Бутун Русия курортлар идораси билан қилинған шартнома бўйича 1932-йилдан бошлаб махсус санатория биноси солиниши керак. Ҳозир 1936-йил бўлатурған бўлса у масал ҳали ҳам очиқ туради. Санаторияни беркитиш керак деган фикрлар борга ўхшайди. Бу фикрлар ҳам қатъий эмас, шу учун санатория мудирлиги эртага нима бўлушини билмасдан, ёлғиз бугун учунгина иш кўради. Ҳолбуки, бундай катта ишда истиқболнинг аҳамияти катта. Шунинг учун санатория ўз тақдирини аввалдан узул-кесил билиши керак. Шу йил май ойининг бирида санатория ремонтдан чиқиб очилди. Республикамизнинг ҳар бир томонидан дардига дармон қидирган меҳнаткашлар бора бошладилар. Уларнинг кўпчилиги – мамлакатимизнинг шарафли эранлари: стахановчилар. Каганович районидан бир чолни курорт билан мукофотланганлар. Унинг номи Жалил полвон Исматиллаев, “Ободон” колхозининг раиси. Бу колхоз 1932-йилдан бери пахта планини вақтидан илгари бажариб келади. Бу йил эса Жалил полвон пахтасини 12 апрелда экиб битирганда, биринчи чопиққа одам тушуриб, сўнгра ўзи дам олгали жўнаган. Полвоннинг қисиқ кичкина кўзлари тинмасдан ўйнайди. Унинг бадани роҳатда бўлса ҳам, кўнгли бесаранжом: “Марказга ваъдани катта берганмиз. Ваъдага вафо қилиш керак. Бунинг учун тинмасдан ишлаш лозим. Мен бўлсам бу ерда ўйнаб юрибман. Яхши жой экан, сероблари бор экан, чўмулиб ётибман. Аммо, муллака, кўнгул тинчимайди… тушимда ҳам талаларимни кўриб чиқаман…” дейди. Бир кун менга яна нималар дейди. Бир кун менга яна нималар дейди: “Мудирга айтсангиз, тезроқ жавоб бера қолса!”. Жалил полвон колхоз таласини яшнатиш билан бирга колхозчининг маиший талабларини ҳам унутмаган. “Қишлоқимизда бузулиб вайрон бўлиб кетган бир ҳаммом бор эди. Янгидан солдиргандай қилиб тузаттирдик. Ҳали райондан ҳам кўп одамлар ҳаммомлашгали бизнинг қишлоққа келадилар” дейди. Янги мактаб биноси бор, лекин кичикрак. Ҳозир ғишт қуйдирилмоқда, мактаб учун катта бино солинмоқчи. Колхоз йўл бинокорлиги планининг ўзига тегишли қисмини тўла бажариб келади. Колхознинг 80 та қўйи бор. Ҳар колхозчида яна бир нечта қўй бор. “Моли йўқ колхозчи кам қолди, кўп бўлса 5-10 дан ошмас. Бу йил уларни ҳам моллик қиламиз” дейди полвон. Республикамиз ўзининг бундай азамат ўғуллари учун ҳар қанча қилса яна оз! Кисловодск олисда бўлгани учунми, билмадим – бизнинг Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тегишинча аҳамият бермайди. Шу йил ҳам ремонт битишга яқинлашғани ҳолда маблағ масаласи ҳал бўлган эмас эди. Бирорта адабий кеча ўтказиш мумкунми, йўқми деган мақсад билан февраль ойида Кисловодскка жўнаркан Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигига кириб, курортлар бошлиғи ўртоқ Камшенкодан санаториядаги касалларнинг миллий составини сўрадим. У ўртоқ менга “билмайман” деб жавоб берди, “Ўша ерга бориб санатория мудири ўртоқ Назаров билан гаплашинг” деди. У ерга борган вақтимда ўзбеклардан 5-6 гина киши бор эди. Касалларнинг 60 просенти ўзбеклардан бўлсин деб халқ комиссарлар советининг қарори бор экан. У қарор бу йил ҳам (чунончи май ойида) бажарилгани йўқ. Ўтган мавсумда касаллар санаториядан, айниқса, овқатдан нолир эдилар. Бу йил овқат учун белгиланган пул орттирилган бўлмаса-да, санаториянинг хўжалик қисмида янгиланиш бўлди. Натижада овқатларнинг анча яхшиланганини айтдилар. Ҳозир касаллардан нолиган кишига учрамадим. Шундай бўлса ҳам санаториянинг камчиликлари бор, уларни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги ташаббус кўрсатсагина йўқ қилиш мумкин. Ҳар ҳолда Ўзбекистон марказий уюшмалари бу ишга жиддий қарашлари даркор. Кўлагада қолғанлар тўғрисида Бизнинг адабиёт соҳасида, таассуфга қарши, кўлагада қолиб кетган – тўғриси кўлагада қолдирилиб келган! – бир тоифа бор. Бир чекаси ўзим ҳам шу тоифага мансуб бўлганимдан шу тоифанинг аҳволини кўпчиликка билдириб ўтай дедим. Йўқса, у тоифа аллакимлар томонидан – атайлабми, ё бепарволик натижасидами? – ҳалигача кўлагада қолдирилиб келади. У “аллаким”ларнинг бу ғалати қилмишлари бир системага айланиб бораётир. Шу учун ҳам товуш чиқариб “қоровул” деб қўйиш лозим, зарур! Мен – шўрлик таржимонлар, адабий таржимонлар, саҳна таржимонлари тўғрисида гапирмакчиман. Агар адабий таржима иши ўша аллакимларнинг ўйлаганидай, осон ва енгил бўлсайди, индамасак ҳам бўларди. Фақат, яқинда бир дарслик учун баъзи нарсалар таржима қилишға тўғри келди. Ўшанда қандай қийналғанимни ўзим биламан, ҳам ўша таржима қилинған материал билади! Бизнинг бу гўзал ва буюк ватанимизда 17 йилдан бери шундай бир қонун ҳукум сурадики, ҳар ким ишига яраша, меҳнатига, урунишига лойиқ мукофот олади, тақдир қозонади. Аммо, ҳалиги кўлагада қолған шўрликлар шу неъматдан, одам болалари тарихидаги энг буюк ва ҳақли инқилобнинг меваларидан тўла фойдаланиб келадиларми? – Йўқ! Шу “йўқ” сабабидан мен бу сатрларни қоралаб ўлтурибман. “Қуруқ гап қулоққа ёқмайди”, десангиз, мана фактлар, ўжар ва қайсар фактлар. Кечагина севимли Академик театримизнинг режиссёри ўртоқ Виттнинг “Ревизор” қўюлиши тўғрисида мусоҳабасини ўқидингиз. Бошидан-оёқ диққат билан ўқуб чиқсангиз сизда шундай бир таъсир ҳосил бўладики, бу буюк ўлмас асарни улуғ Гогол ўзбек тилида ёзган-да ўртоқ Витт тайёр пиесани саҳнага қўяётир! Фақат, ҳақиқат ундай эмас-ку. Уни Гогол рус тилида ёзган. Рус тилидан украина тилига (бир-бирига яқин бир тилга) ағдарилған вақтда ҳам (“таржима” деб аталиб) таржимоннинг номи ҳар ерда кўрсатилади. Айниқса шундай асарни қўючи катта киши санъаткор мусоҳаба берган вақтида таржима тўғрисида сўз бўлмаслиги мумкин эмас. Фақат бизнинг театрларда бизнинг ҳурматли санъаткорларимиз шу тўғрида, нечикдир, “паст хотир, унутучан” бўладилар. Аксари либосчига қадар унутмасдан реклам қилғанлари ҳолда шу қадар бой ва ишланган тиллардан анча камбағал ва ҳали ишланиб етмаган тилларга таржима қилғанларни дарров унута қоладилар. Буларнинг бу унутишлари эски мадраса мударрисларининг “лашай” (ҳеч нарса)ларини эслатади… Газеталаримизни батартиб ўқуб борганлар бу унутқоқлиқ “одати”нинг кўп-кўп саҳна асарлари, кўп-кўп режиссур ва қўючиларда бор бир касал бўлганини яхши биладилар. Мен шу “Ревизор” таржимаси тўғрисида бир кун ўртоқ Витт билан бир-икки оғиз гаплашиб эдим (таржима Санжар ўртоқники). Таржиманинг баъзи жойларидан норози бўлиб гапиради. Демак, таржима тўғрисида (ёлғиз камчилигини олиб бўлса ҳамки) гапириш учун асос бор эди. Буни ўртоқ Витт билмас эди десак, албатта хато бўлади. Асарнинг тилидан ҳеч нарса билмаган одам уни саҳнага қўя оладими? Йўқ! Шу ҳолда ўртоқ Виттни унутқоқлиқдан бошқа нарсада айблаб бўлмайди. Мен демак истайманки, бу ҳам кичик айб эмас. Театр афишасида (эълони) бошқа масала. Майли, унда фақат қўючи билан администратор ва ғайри-ғайрилар кўрина берсин (гарчанд бу ҳам қонуний эмас!) Лекин жиддий асарнинг жиддий қўйилиши тўғрисида жиддий санъаткор томонидан жиддий сўз кетаётганда охирга қадар жиддий бўлиш керак! Ҳанри Барбюсни билмаган ким бор? Социалистик инқилобнинг ва социалистик ватанимизнинг бу оламшумул буюк мудофаачиси “Ўт” (олов) номли бир роман ёзган. Уни бизнинг давлат нашриётимиз бостириб чиқарди. Аслида французча ёзилиб русча орқали ўзбекчага таржима этилган бу асарнинг ўзбекчасидан таржимон исмини ахтарсангиз анча овора бўласиз. Умидсизланмасдан варақлай берсангиз асарнинг тиражи ва заказ нўмери ёзилган жойда жуда кичик (ажинадай!) ҳарф билан қаторасиға уч унвон ўқийсиз: масъул муҳаррир, техника муҳаррири, сўнгра… таржимон. Шу ерга етганда сиз биласизки, асарнинг таржимони BUYUK ўртоқ экан. Балки BUYUKнинг таржимасида кўп камчиликлар бордир. Шундай бўлгани тақдирда ҳам уни бир бурчакка беркитиб ўтуш лозимми? Нега ёзувчининг ёни-берига жойлаштириб, сўнгра шунга яраша у танқид қилинмасин? Бу “дардни яшириш” эмасми? Мирзакалон ўртоқ Толстойнинг катта бир асарини таржима қилиб чиқди. Асар босилди, сотилди. Мирзакалоннинг яна бошқа катта таржималари бор. Нима учун ўша таржималар, уларнинг тили, услублари тўғрисида яхши текширишлар, танқидлар, тақризлар йўқ? Шекспирнинг “Ҳамлет”ини айтиб ҳам ўлтурмайлик… Хуллас, нашриётларда ўлтурган аллакимлар ёзувчи билан техника муҳаррирларини; театрларда ўлтурган аллакимлар ёзувчини, ўзларини, администратор ва либосчини биладилар. Иккиси ҳам ўйлайдики, ўз ишларида шундан бошқа аралашучи йўқ. Бу агар фақат унутучанлик натижаси эса, демак, унутучанлик бир касалга айланиб боради. Совет адабиёти ва саҳнаси турли касаллар билан курашиб ва енгиб келган, буни ҳам енгиб ташлашга гумонимиз йўқ. Кўлагада қолғонлар тўғрисида Бизнинг адабиёт соҳасида, таассуфга қарши, кўлагада қолиб кетган; тўғриси, кўлагада қолдирилиб келган — бир тоифа бор. Бир чеккаси ўзим ҳам шу тоифага мансуб бўлганимдан шу тоифанинг аҳволини кўпчиликка билдириб ўтай дедим. Йўқса, у тоифа аллакимлар томонидан — атайлабми, ё бепарволик натижасидами — ҳалигача кўлагада қолдирилиб келади. У «аллаким»ларнинг бу ғалати қилмишлари, бир системага айланиб бораётир. Шу учун ҳам товуш чиқариб «қоровул» деб қўйиш лозим, зарур! Мен — шўрлик таржимонлар, адабий таржимонлар, саҳна таржимонлари тўғрисида гапирмоқчиман. Агар адабий таржима иши ўша аллакимларнинг ўйлаганидай, осон ва енгил бўлсайди, индамасак ҳам бўларди. Фақат яқинда бир дарслик учун баъзи нарсалар, таржима қилишга тўғри келади. Ўшанда қандай қийналғонимни ўзим биламан, ҳам ўша таржима қилинғон материал билади! Бизнинг бу гўзал ва буюк ватанимизда 17 йилдан бери шундай бир қонун ҳукм сурадики, ҳар ким ишига яраша, меҳнатига, уринишига лойиқ мукофот олади, тақдир қозонади. Аммо, ҳалиги кўлагада қолғон шўрликлар шу неъматдан, одам болалари тарихидаги энг буюк ва ҳақли инқилобнинг меваларидан; тўла фойдаланиб келадиларми? — Йўқ! Шу «йўқ» сабабидан мен бу сатрларни қоралаб ўлтурибман. «Қуруқ гап қулоққа ёқмайди», десангиз, мана фактлар, ўжар ва қайсар фактлар: Кечагина севимли Академик театримизнинг режиссури ўртоқ Виттнинг «Ревизор» қўйилиши тўғрисида мусоҳабасини ўқидингиз. Бошидан-оёқ диққат билан ўқиб чиқсангиз сизда шундай бир таъсир ҳосил бўладики, бу буюк ўлмас асарни улуғ Гогол ўзбек тилида ёзганда ўртоқ Витт тайёр пиесани саҳнаға қўяётир! Фақат, ҳақиқат ундай эмас-ку. Уни Гогол рус тилида ёзган. Рус тилидан украина тилига (бир-бирига яқин бир тилга) ағдарилғон вақтда ҳам «таржима» деб аталиб таржимоннинг номи ҳар ерда кўрсатилади. Айниқса шундай асарни қўювчи катта киши санъаткор мусоҳаба берган вақтида таржима тўғрисида, сўз бўлмаслиги мумкин эмас. Фақат бизнинг театрларда бизнинг ҳурматли санъаткорларимиз шу тўғрида, нечикдир, «паст хотир, унутувчан» бўладилар. Аксари либосчиға қадар унутмасдан реклам қилғонлари ҳолда шу қадар бой ва ишланган тиллардан анча камбағал ва ҳали ишланиб етмаган тилларга таржима қилғонларни дарров унута қоладилар. Буларнинг бу унутишлари эски мадраса мударрисларининг «лашай» (ҳеч нарса) ларини эслатади… Газеталаримизни батартиб ўқуб борғонлар бу унутқоқлик «одати»нинг кўп-кўп саҳна асарлари, кўп-кўп режиссур ва қўювчиларда бор бир касал бўлганини яхши биладилар. Мен шу «Ревизор» таржимаси тўғрисида бир кун ўртоқ Витт билан бир-икки оғиз гаплашиб эдим. (Таржима Санжар ўртоқники.) Таржиманинг баъзи жойларидан норози бўлиб гапиради. Демак, таржима тўғрисида (ёлғиз камчилигини олиб бўлса ҳамки) гапириш учун асос бор эди. Буни ўртоқ Витт билмас эди десак, албатта хато бўлади. Асарнинг тилидан ҳеч нарса билмаган одам уни саҳнага қўя оладими? Йўқ! Шу ҳолда ўртоқ Виттни унутқоқликдан бошқа нарсада айблаб йўлмайди. Мен демак истайманки, бу ҳам кичик айб эмас. Театр афишасида (эълони) бошқа масала. Майли, унда фақат қўювчи билан администратор ва ғайри-ғайрилар кўрина берсин (гарчанд бу ҳам қонуний эмас!) Лекин жиддий асарнинг жиддий қўйилиши тўғрисида жиддий санъаткор томонидан жиддий сўз кетаётганда охирга қадар жиддий бўлиш керак! Ҳанри Барбюсни билмаган ким бор? Социалистик ннқилобнинг ва социалистик ватанимизнинг бу оламшумул буюк мудофаачиси «Ўт» (олов) номли бир роман ёзган. Уни бизнинг давлат нашриётимиз бостириб чиқарди. Аслида французча ёзилиб русча орқали ўзбекчага таржима этилган бу асарнинг ўзбекчасидаи таржимон исмини ахтарсангиз анча овора бўласиз. Умидсизланмасдан варақлай берсангиз асарнинг тиражи ва заказ нўмери ёзилган жойда жуда кичик (ажинадай) ҳарф билан қаторасига уч унвон ўқийсиз — масъул муҳаррир, техника муҳаррири, сўнгра… таржимон. Шу ерга етганда сиз биласизки, асарнинг таржимони Буюк ўртоқ экан. Балки Буюкнинг таржимасида кўп камчиликлар бордир. Шундай, бўлгани тақдирда ҳам уни бир бурчакка беркитиб ўтиш лозимми? Нега ёзувчининг ёни-берига жойлаштириб, сўнгра шунга яраша у танқид қилинмасин? Бу «дардни яшириш» эмасми? Мирзакалон ўртоқ Толстойнинг катта бир асаринн таржима қилиб чиқди. Асар босилди, сотилди. Мирзакалоннинг яна бошқа катта таржималари бор. Нима учун ўша таржималар, уларнинг тили, услублари тўғрисида яхши текширишлар, танқидлар, тақризлар йўқ? Шекспирнинг «Ҳамлет»ини айтиб ҳам ўлтурмайлик… Хуллас, нашриётларда ўлтурган аллакимлар ёзувчи билан техника муҳаррирларини; театрларда ўлтурган аллакимлар ёзувчини, ўзларини, администратор ва либосчини биладилар. Иккиси ҳам ўйлайдики ўз ишларида шундан бошқа аралашувчи йўқ. Бу агар фақат унутувчанлик натижаси эса, демак, унутувчанлик бир касалга атсланиб боради. Совет адабиёти ва саҳнаси турли касаллар билан курашиб ва енгиб келган, буни ҳам енгиб ташлашга гумонимиз йўқ. Кўзи қотқан дўқтур Бизнинг харобалиқдан зорлануб йиғлаған “Ҳақулобод” районидаги йиртиқ тўнлик меҳнаткашлар учун уяз ҳукуматларимиз “Ҳақулобод” қишлоғиға кичкина бир “Амбулатория”ни муносиб кўруб, бир рус дўқтури ва пичрлари билан юборған эди. Меҳнаткашлар энди турлик-турлик касалликларидан осонлиқ билан қутулар экан, деб хийла суюнган эдик. Аммо кейинги кунларда “лекини” чиқиб қолди. Дўқтурнинг… талаб қиладурған нафсларига меҳнаткашларнинг олуб келган туҳфалари муҳтарам дўқтурни хийла семиртиркан шекиллик, яқинда бир ўюни маълум бўлуб қолди. Даволаниш учун дўқтурнинг олдиға борған ишончлик бир меҳнаткашнинг сўзига қарағанда, ушбу 2 нчи июлда дўқтурнинг касал кўрадурған “хос” хонасининг олдида бир мунча эркак-хотун ҳар кунидек навбат кутмакда экан. Бу киши ҳам энг орқада навбат кутуб турган, бир вақт бир хотуннинг навбати келиб ичкарига кириб икки минут ўтмай шошилган ҳолда ўпкаси оғзиға тиқилиб чиққанда қочқан. Муни кўруб ҳамма ҳайрон… Иккинчи сафар кирган хотун ҳам шу хилда: “Дорунг бошингни есин! Сен билан ҳазиллашкали келганманми?! Ер юткур ўрус!” деб қарғаб, чиқиб кеткан. Бу хилда хотунларнинг безанглашидан ҳалиги киши секин огоҳланса, иш мундай экан: дўқтур афанди хотунлар кирган вақтда энг аввал: – Сенинг касалинг мана бу ерда экан” деб хотунларнинг баданига совуқ қўлини текизар экан. Муни билган меҳнаткашлар: – Дўқтурнинг бу “ҳунари”дан дуохонларимизнинг ўқуб тузатишлари ҳам яхши экан, деб ихлослари қайтмоқдадур. Кўзингга қара, амалдор! Ойимқишлоқ бўлуси Тошлоқ деган қишлоқда Бойбобо бойбачча деган киши меҳмонхонасида шериклари билан хўб ичкилик ичкандан кейин маст ҳолида кўчага чиқиб, шовқун-сурон билан халқни бесаранжом қилған. Ўз қўл остида шундоқ тўпаланглар бўлғани ҳолда маҳаллий ҳукумат мунга қарши керакли чораларни кўрмаган. Ижроқўм бу тўғрида хабар олғандан кейин кўчада мастлик қилиб халқни бесаранжом қилған бойбаччага 300 сўм жарима солишқа ва шу воқеага суст қарағани учун Ойимқишлоқ бўлус ижроқўми раиси Қувватбой ўғлини 5 кун қаматмоққа қарор берди. Мастлик қилиб кўча-кўйда халқнинг тинчлиғини бузғанлар қонун бўйинча жазо тортишқа тегишлар. Сўнг вақтда марказ ҳукумат тарафидан чиқарилған бир декрет бўйинча мастлик орқасида кўча-кўйда тўпаланг қилмасдан, кўчада маст ҳолда кўрунганлар ҳам жазо кўришга тегишлар. Ижроқўмимиз Ойимқишлоқдағи бир мастга, у мастга совуқ қараған амалдорга адаб берди. Бу яхшиликни шаҳарнинг ўзида, куппа-кундуз одам кўб жойда анчагина масъул ишдаги ўртоқлар тайтанглаб, маст ҳолда гапириб, халқ қошида ҳукуматнинг эътиборини тушурушга сабаб бўладурлар. Ундоқ ҳолларни милиция кўрмайдур. Ўшандай одамлар, балки, ўзлари милицияга қарашлиқ бўлурлар… Мунга яхшилаб диққат қилинмайдур. Агар ўткурроқ кўз билан, астайдил қаралған вақтда бизнинг кўзимизга илашган суратлар ҳукумат маҳкамаларининг кўзига ҳам илашиб қолар эди. Мадрасаларимиз аҳволи Андижонда Маҳмуд дастурхончини(нг) мадрасида турғучи бир неча нафар ахмоқ, бузуқ, ёмон муллолар бир яхши пок муллани мадрасада зўрлик қилиб чиқарибдурлар. Бечоранинг гуноҳи бачабозликдан ман’ қилиши экан: Сўнгра бечора тўғри муалло (жаноб инспектўр тўраға) арз қилибтур: Инспектўр тўра мазкур ишни ҳақиқат қилмоққа мадрасага бориб пўлисия билан хужраға кириб китобларни кўруб турулған ҳолда бир тўнга бошчиликда бачаларға солуб ўйналадурған (кокил) топибдурлар. Бул ишда кўп норизо бўлуб жаноб домуллани инспектўрға юборибдурлар! Ана муллоларни аҳволи. Маҳкамаларни тубжойлаштириш Шўро маҳкамаларининг ишларини тубжой халқ тилида юргизиш масаласи бу ерда ҳам амалий ранг олуб борадур. Музофот инқилобий қўмитасининг буйруғи чиққандан сўнг Андижон шаҳар ва уез инқилобий қўмтасининг биринчи ўктабр мажлисида бу масалага қаралди. Ижроқўм аъзолари музофот марказининг бу қарорини чин кўнгилдан олқишлаб қарши олдилар. Ул қарорни ҳеч бир нари-бери қилмасдан юзага чиқаришқа қарор берилди. Уезнинг олиш маҳкумига дарҳол тегишлик буйруқлар юборилди. Қарорни ҳаммадан бурун инқилоб қўмитаси ўзи юзага чиқарди. Ёзиш-чизиш ишларини билатурған йигитларимиз дарҳол ишга тортилуб, инқилоб қўмитасининг ишлари ўзбекча юрмакга бошлади. Ҳозир унинг ҳамма ишлари дегундек ўзбекча юрадур, русча бўлаги озгина қолди. Шаҳар хўжалиги шўъбаси (комунални отдел) ҳам ёш йигитларимиздан бир нечтасини мағҳкамасига олуб, ўзбекча иш юритишга қадам қўйди. Локин, унинг ишлари хали кўпрак ўрусча юрадур. Яхшироқ ҳаракат қилинғанда, тез фурсатда, унда ҳам ишлар тубжойлашса керак. Энди, навбат, маориф назорати, ер-сув ва молия шўъбаларига етиб қолди. Улар айнуқса, молия шўъбаси қанча қийин бўлса ҳам ишларини тубжойлаштиришка тегиш. Нимага десангиз, шаҳарнинг бутун қон томири, жон томири унинг қўлида бўлуб, ерлик халқнинг бутун иши ҳам келиб тушадур. Мактаб имтиҳонлари тўғрисида Эски Тошкент мактабларида имтиҳон бошланди. Имтиҳоннинг умумий натижаси тўғрисида ҳали тугал маълумот олинғани йўқ, шундай бўлса-да унинг бир неча кунлик таъсироти – кўб яхши ва қувончлиқдир. Ҳар мактабнинг имтиҳони, ўқуғучи болаларнинг оталари ва яқин қариндошларидан бошқа, маҳалла-кўйдан ҳам аҳолини кўпгина жалб этмакдадир. Имтиҳон яхши бўлғандан кейин, оталарға, қавм-қариндош ва маҳалла-кўйга, албатта, яхши таъсир этар. Бу таъсирнинг натижасида табиий, халқ билан мактаб, яна очиғроқ қилиб айтганда билим олғучи билан билимни бергувчи орасида иссиғлиқ, самимият ҳосил бўлур. Халқ мактабга иссиғ кўз ва ишонч билан, чўчимасдан қарай бошладими, мактабнинг муваффақияти таъмин этилди, демакдир. Бунда “ишонч”нинг вазифаси улуғдур. “Ишонмаслиқ” – бузғунлиқ ва заволнинг катта ва муҳим омилидир. Халқ мактабдан бир нарса чиқишиға маҳкам ишонмоғин керк. Бир нарса чиқмайтурған мактаблар ишонмаған халқни “заволга маҳкум деган “янги олифта” (джентелмен) йигитлар”имиз номаъқул бузоқнинг гўштини ебдирлар… Халқ, кўбчилик қулоғ билан эшитиб эмас, кўз билан кўрубгина ишонадир. Бу унинг руҳий ҳолати, унга тан бериш керак. Шунинг учун-да халқда бизнинг янги мактабларимизга қарши бир ишонч, бир иймон туғдирмоқ керак. Имтиҳонларнинг бир неча кунлик таъсиридан, келгуси ўқуш-ўқутиш ишимиз учун чиқарған натижаларимнинг бир муҳим жойи-да шудир. Ҳали қиз мактабларимизнинг ҳаммасида имтиҳон бўлуб ўтмаган. Фақат, 1-2 тасидагина бўлуб, ҳозирда давом этмакдадир. Ҳаммасини кўрмасдан туруб тугал, тўла ва узул-кесил бир нарса айтиб бўлмайдир. Шундай бўлса ҳам ишнинг бошланиши имо қилмоқдадирким, қиз мактабларимиз эр мактабларимиз қаторида текис кета олмағанлар, ҳатто кўпгина кетда қолғанлар. Буни ҳаётимизнинг умумий вазиятидан кўрмак хато бўлса керак. Негаким, қиз мактабларимиз эрларникига қарағанда озроқ бўлсалар ҳам, мавжудиятлари важҳидан сира қолишқанлари йўқ. Унларга ҳам, умуман эр мактаблари қадар аҳамият берилган. У ҳолда касал қайдадир? Касални мен бир нуқтада кўраман: қиз мактабларининг ички кетишларига ўткур кўз билан қаралмаған. Ya’ни: таълим ҳайъатини таллаб қўйиш, унинг маълумотини ортдириш, уни – ўзбек қизининг руҳиға ва эҳтиёжиға фидокор қилиб етишдириш йўлида оз ишланган. Бунга диққат этилмаги керак. Ҳам: имтиҳоннинг натижаси ва ундан олинған таъсир ўлка доирасида англашилмоғи ва англатдирилмоғи лозим. Маним эълоним Маҳалладан, маҳалладан ва атрофдан менга, биргина менга ҳар вақт матбуот, маориф, саное’-нафиса ва бошқа ҳисобсиз, сонсиз масъалаларда мурожаатномалар, хатлар келиб турадир. Фақат мен, бир мен бу хусусда турлук расмий ва ғайрирасмий борди-келдиларни билмаганлигим учун кўпларига аҳамиятсиз боқмоққа мажбур бўламан. Нима қилмоқ керак?… Хайр… Марҳум Тавфиқ Фикрат Усмонли адабиётини оз-моз ўқуганлар, унинг билан бир даража ошно бўлганлардан қайси бириси бу исмни билмайди, қайси бириси муни танимайди. Усмонлиларнинг «адабиёти жадида» (янги адабиёт)чиларининг пир ва устози бўлган Тавфиқ Фикратбек бутун янги насл туркларнинг юракларина гўзал, нафис ва латиф шеър букетлари қадамишдир. Унинг кенг хаёли равон (тез) ва енгил ифодаси кимни, қайси бир шеър ва адабиёт муҳибини тасхир этмас? Хусусан унинг «Рубоби шикаста» (синиқ дутор)си, ундаги баланд ва латиф йўллар нақадар жозибали ва завқли нарсалардир! Тавфиқ Фикрат «Рубоби шикаста»си ила қанча танилган бўлса, унинг ила қанча нафосат суювчиларни ўзига мафтун этган бўлса, «Тарихи қадим»и, у даҳшатли фарёди ила одамларнинг қалбинда буюк-буюк ўзгаришлар вужудга келтирмишдир. «Тарихи қадим» «Рубоби шикаста»дай эмасдир: «Рубоби шикаста» дунё кўрмишдир, матбаъда темирлар орасинда қисилмиш, қоғоз бетларинда неча минг нусха босилмишдир. Локин, «Тарихи қадим» маҳфийдир, қўлдан қўлга кўчирилуб, ёзилуб юргизиладурган нарсадир. У тарихнинг жиноятлари каби сирлидир, ҳар кимга «мана мен!» деб кўруна бермас. Уни босдириш мумкин бўлмади. У олий фикрлар бечора Шарқнинг кўҳна, чирик миясига сиғмади; забун, эзилган шарқлининг кенг қалбинда жой топа олмади; бир вақтлар. Умар Ҳайёмнинг энг аччиғ ва даҳшатли фикрларига майдон берган Шарқ муҳити, асорат ва қуллик остинда шу қадар эзилмишдирки, буни, бу қийматли асарни ўзига сиғдира олмади… Эҳтимол, энди Шарқнинг четлар султонидан қутулуб ҳақиқий инқилобга яқинлашуб келаётган вақтларида буюк шоирнинг улуғ фиклари дунё юзи(ни) кўрса… Тавфиқ Фикратбек ўзининг бу буюк руҳи ила, у: («Тарихи қадим») деган, қонга, зулмга, жиноятга қарши кўпурган жони ила — бу жиноят уяси бўлган «эски дунё»да зўрға-зўрға тоқат қилуб чидаб турди. Охирда, у неча милиўн гуноҳсиз жонларни ютуб, кўб мамлакатларни вайрон қилуб келган «маданият уруши» (Оврупо муҳорабаси)дан сўнг чидай олмади; одамлар у ваҳший «ҳайвон»лар ичиндан чиқди. Истанбулнинг бир чекасида, бир жаъра гўшада 1—2 йил ёлғиз бошига дарвешлардай умр ўтказди. Охирда Оврупо «ўлум машинаси»нинг энг тезлаган ваҳшат оташининг энг қизиғон бир вақтида кетди тинч, роҳат дунёга кетди. Бу «ваҳшатобод»ни тарк этди. Энди унинг қабри бутун усмонли ёшларнинг зиёратгоҳидир. Дунёнинг ваҳшатига ўч, лекин ўзи каби дарвешлардан бири, файласуф дўқтур Ризо Тавфиқ унинг қабрини зиёратига боруб қабри устинда айтадир: (босилмаган асарлардан). ФИКРАТНИНГ ҚАБРИНДА Дейдиларки, эссиз қолан тирбангда Ваҳший гуллар очмиш, кўрмая келдим; У боғ жаннатинг ҳокина банда, Ҳасрат-ла юзимни сурмая келдим! Дейдиларки, сенга амал боғлаян Қабрингда диз чўкуб бир дам оғлаён Бир мурод ўлурмиш, банда бир замон Оғлаюб мурода эрмая келдим! Шу ҳижрон йилининг сўнг баҳоринда Чолалар титраган чаманзоринда Кун буғмазди банда мозорингда, Мотам чечаклари дермая келдим! Сени онгдим бутун ғам чеканлар-ла Ишқ ҳақ ўғринда ёш дўканлар-ла Сориғинча вайрон шу деганлар-ла Тошингга бир чаланг урмая келдим! Йодинг ўлум каби бир сир мубҳам Нашъа шу долли бу ҳис исм. Руҳимда на фусун айладинг илҳом Бу кун сенга кўнгул вермая келдим! Шундай қилиб, улуғ бир шоир дунёдан кетди. Уни билганлар йиғлаб қолдилар, билмаганлар — яна илгаридай. Дунёнинг ваҳшатлари бўлса яна ҳамон давом этмакда, мазлумлар инқилобигина ниҳоят бермаса бошқа мажот кўрилмайдир. Роҳат, масъуд ёт қабрингда эй улуғ пир!.. Марказий масъала Марказ «хабарлари» (Извести)да ўртоқ Стиклўф сарлавҳа билан бош мақола ёзиб, саноат ва қишлоқ хўжалигини кўтариш масаласининг аҳамиятидан сўз қиладир. Ўртоқ Стиклўф фикрича: «Бу икки масаланинг бир бирига ўзаро жуда зўр алоқаси бор. Агарда қишлоқв хҳжалигининг кўтарилиши саноатимизнинг йўлга қўйилиши ва борған сара кенгайиб бориши учун энг муҳим бир шарт бўлатурған бўлса, саноатни тузукгина йўлга қўймасдан туруб, қишлоқ хўжалигидаги маҳсулот кучининг юксалишидан ҳам гапириб бўлмайди». Бошқа бир таъбир билан айтсак, бу икаласи катта бир асосий масаламизнинг икки шохи, икки томонга айрилиб кетган икки бутоғидан иборатдир. Энди бу энг муҳимнинг қайсиси яна ҳам муҳимрак? деган бир сўроқ келадир. Бу сўроққа ўртоқ Стиклўф: «Биринчи навбатда саноат масаласи турадур», деб жавоб берадур ва шундан сўнг бу жавобнинг сабаблартига кўчуб айтадир: «Дуруст, саноат ҳам, қишлоқ хўжалиги ҳам шўролар хўжалигининг тамойилидир. Лекин саноат меҳнаташлари ҳокимияти (диктатура-пролетариата)нинг асоси бўлиши важҳидан наригидан кўра ортиқроқдир. Шунинг учун унинг тезлик билан йўлга қўйилиши ва борған сари ўсуб бориши асаласи меҳнаткашлар ҳокимиятини маҳкамлаш масаласи ўлароқ қаршимизга чиқадирда, биздан ечилиш (ҳал қилиш)ни кутадир». Дуруст, масаланинг аҳамияти зўр. Бу бизнинг марказий масаламиз. Буни ҳалқ қилмоқ керак деб ҳаммамиз айтамиз. Бу ҳолда орага яна бир масала келиб чиқадур. У да: маблағ масаласи. Саноат мамлакатнинг жон томири. У жуда кенг ва зўр нарса. Унга куч қувват, улгуржи улгуржи маблағ керак. Анашул маблағни қандай оламиз? Саноат учун зарур маблағнинг бир мир санбаи борми? У манба нимадан иборатдир. Бу чоққача ўртоқ Стиклўф айтганидек: «Саноат сақлаш қисман йўлга қўйиш учун кераклик маблағ қишлоқ халқидан деҳқонлардан олинатурған солиқлардан чиқарилур эди, авваллари бу ҳол табиий саналған. Негаким, ўзлик элларга чўзулған урушларда бир даража сақланиб қолған ва ўзини тезроқ ўнглаб олатурған бир бойлигимиз бўлса, у ҳам шу қишлоқ хўжалиги эди. Шунинг учун қишлоқ саноатни тузатиш йўлида шу чоққача қурбон бериб келди. Лекин бу усулни «ҳа» деб чўза бериш, дам юргиза беришмумкин эмас. Энди бошқа манбалар ҳам қараб топиш керак. Бошқа манбалар йўқ бор,бизга, фақат. Шулардан фойдаланишгина керак. У манбалар қайсилар? Ул манбаларнинг бир қисмини ҳукумат муассасалари айниқса, молия идоралари толпишлари керак. Молия идоралари ўз ишларини шундай йўлга қўйсунларким, уларга киратурған киримлардан бир қисми мутлоқ саноатнинг юксалиши учун сарф этилуб «шунинг билан баробар саноат идораларимиз уўлари ҳам шу чоққача бўлуб келган зарар қилиш» йўлидан чиқиб, фойда қилиш ва йўл фойдаларини саноатнинг юксалиши учун ишлатиш йўлга кирсинлар». Бу тўғрисида сўнги умумий русия фирқа қурултойининг чизған чизиқлдари кўрсаткан йўллари бор. Бизга, бизнинг йўл молия идораларимиз ва саноат муассаларимизга, шул чизиқлар ва йўлларни пухталик билан, натижалик равишда амалга қўймоқ вазифасигина тушадир. Марказий труппамиз Фарғонага келадур Фарғона меҳнаткаш оммасини ўзбек театрининг бу кунги даражаси билан танишдирмак мақсадида Самарқанддаги Марказий ўзбек давлат труппаси Фарғонага чиқмоқчи бўлди. Сафарга труппанинг ҳамма актўр ва актрисалари, чолғучилар ҳайъати, муаллим ва раҳбарлари, декарация, кийим ва бошқа ҳамма асбоблари билан бирга чиқадурлар. Труппанинг тахминий режаси бўйича, ўйин мана бу шаҳарларда қуйидағи вақтларда бўлинадур: Қўқонда 1 нчидан 11 нчи сентябргача, Наманганда 12 нчидан 18 нчи сентябргача, Андижонда 19 нчи сентябрдан 29 нчи сентябргача, Марғилонда 30 нчи сентябрдан 6 нчи ўктабргача, Фарғонада 6 нчи ўктабрдан 12 нчи ўктабргача. Ундан кейин труппа Самарқандга қайтади. Труппанинг сафарга олиб чиқадурған асарлари (репертуари) мана булардан иборат бўладур: “Маликаи Турондот”, “Ҳужум”, “Фарҳод ва Ширин” (бутунлай янги асосда тайёрланади), “Ёрқиной”, “Арслон”, “Ҳалима” (Фарғонада қўйилмаған тарзда), “Икки бойға бир қарол”. Булар юқоридағи шаҳарларнинг саҳна имконлариға ҳар ҳолда тўғри келади. Аммо, вилоятларнинг саҳна имкониятлариға сиғмай қолиши эҳтимол бўлған “Ўсиш” ва “Зағмуқ” пессалари қўр бўлиб сақланади ва уларни қўйғундай саҳнаси бор жойларда, лозим бўлса қўйилади. Яқиндағина Масквадан келиб катта ютуқлар билан Ўрта Осиёни айланиб кетган “Маскав инқилоб театри” ўзининг моддий ва маънавий ютуқларини маҳаллий касаба ташкилотлари ва оқартиш муассасаларининг кўмаги билан қозонған эди; буни театрнинг раҳбарлари маҳаллий матбуотда қайд қилиб ўтдилар. Айниқса уларга матбуотнинг ёрдами катта бўлди (Тошкентда). Марказий давлат труппаси ҳам бу сафарида ўз асарларини кўпрак, уюшқан томошачиға – касаба аъзолариға, фирқалилар ва камсамўлларга кўрсатмакчи; қўйған асарлари тўғрисида бошлича меҳнаткаш оммасининг фикрини эшитмакчи, бу йўлда труппа қўлидан келган тадбирларни қилса керак. У томондан маҳаллардаги касаба ташкилотлари билан оқартиш муассасалари ҳам ҳаракат қилиб, труппани меҳнаткаш омманинг ўзига яқинлашдириш учун бу кундан бошлаб баъзи бир чораларни кўра бошласалар яхши бўлур эди. Зотан Андижон касаба ташкилотлари билан оқартиш идоралари ва Наманган маориф идораси труппани расман чақириб марказга мурожаат қилдилар. Улар албатта даъватга ижобат бўлғандан кейин, бўйинлариға тушган вазифаларни яхши биларлар. Биз, демак айтамизким, ўша вазифалар труппани расман чақирмаған жойлардағи ташкилотларнинг бўйинларида ҳам бор. Чунки нафис санъат сўнг вақтларда фирқа ва шўроларнинг жиддий аҳамият берган маданий бир ишлари бўлиб кетади. Труппа бутун кучни вагонга юклаб, энг яхши нарсаларини олиб, меҳнаткаш томошачини излаб боради. Ҳақиқий нафис санъатга чанқаған меҳнаткаш томошачи ҳам, ўз ташкилоти орқали, марказий труппасини кутиб олишқа тегишдур. Маскавда икки турк санъаткори Бугунги Маскав ингичка санъати юксаклиги жиҳатидан ғарб пойтахтларининг ҳаммасидан олдинда туради. Унинг «Санъат театри» (Xudojestvennny театр) ҳозиргача на янги ва на эски дунёдан ўз жуфтини топа олғони йўқ. Ингичка санъатнинг юксалишини мақсад қилиб олиб шу йўлда инқилобдан бурун ҳам холис ва фидокорона чолишқон у табаррук муассаса бугун ўзига қарашли бир нечта шўъбалари билан бирга юксалишда давом қиладир. «Санъат театри» кўб тўғриларда фақат Русиядаги театрларгагина эмас, ғарбдаги ингичка санъат муассасаларига ҳам анча таъсир қилғондир. У ингичка санъатда тутқан йўли эътибори билан ҳали ҳозирга (қадар — Д. Қ.) ёлғуз саналиб келган эски муассасалардандир. Ана ўша театрнинг актурларидан бир кучли санъаткор — Всеволод Меерхўлд деган киши инқилобдан сўнг янги бир театр таъсис қилди. Ўзининг исми билан «Меерхўлд театри» деб юргизилган бу янги муассаса ҳам санъатда тутқан йўли эътибори билан яна жуфтсиз ва ёлғуз саналиб келадир. Бу—чинакам инқилоб театри, унинг ҳар нарсаси дегундек янги. Шу билан бирга у янгиликлар ҳам муқаррар ўрнашмағон — «вақтли» иарсалар. Шу учун бу муассасани уқтирғон вақтда «исташ театри», деб қўядирлар, бу тўғри уқдириш: ҳақиқатан «Меерхўлд театри» ҳар кунга, талабга қараб янги йўл ақтарадир. Маскав ҳозир ингичка санъатда янги-янги йўллар ақтаргучи театрлар билан тўлўғдир. У йиллар ва жараёнлар тўғрисида кейинча тўлароқ бир нарса ёзишқа ваъда бериб мақсадга ўтайлик. Бугунги Маскавнинг санъат жараёнларини текширмак ва ўрганмак учун дуёнинг ҳар томонидан жуда кўб санъаткорлар келадирлар. Ғарбдан ва Муҳит денгизининг нариги қирғоғидан келганлар тўғрисида бир нарса ёзиш эмас бир нарса ўйлаш ҳам қийин: улар шу қадар кўб… Қизил чегара ичидаги турлук-туман миллий шўро жумҳуриятларидан келганларнинг, албатта ҳадди-ҳисоби йўқ. Бизнинг Ўзбекистон маориф камисарлиги ҳам бу ерда алоҳида бир «санъат-драма студияси» очиб 20 қадар йигит ва қизчаларимизни келгуси саҳнамизга тайёрлаб ётадир. Мундан бошқа кинў курсида ва мусиқи мактабларида ўқуғучи йигитларимиз бор. Ўзимизнинг истудиямиз ва умуман бугунги санъат билимларини ўрганишимиз тўғрисида алоҳида гаплашишга тўғри келадир, муни келгуси сафарларга қолдирайлик. Маскавнинг бугунги ингичка санъати билан танишмак ва ундаги турлук-туман янги жараёнларни ўрганмак учун узоқ-яқиндан келганлар орасида Туркиядан ҳам икки санъаткори бор: бири—кинў ва театр режиссўр (муалим) ларидан Эртўғрул Муҳсинбек, яна бири — кинў ва театр актриса (хотин тамсилчи)ларидан Найира Найир хонимдир. «Маориф ва ўқитғувчи» мажмуасининг ёзғучиларидан бири сифати билан уларни зиёрат қилдим, улар билан қилган мусоҳабамнинг натижасини қисқағина арз қиламен. Эртўғрул Муҳсинбек 1892 нчи йилда Истанбулда туғилғон, Туркиянинг ўзида ўрта даражада таҳсил кўргандан кейин Парижга кетиб, у ерда Франциянинг ва ҳатто дунёнинг улуғ театр олимларидан бўлғон машҳур режиссўр Антуан қўл остида 3 йил ишлаган. Ундан кейин ўша домласи Антуан билан бирга Истанбулга келиб «Дорилсадое’ (олий санъат мактаби) ни ташкил қилғон. Бу «Дорилбадое’» деган муассаса Туркия пойтахтининг театр-санъат ҳаётида кўб муҳим ўрун олғон муассасадар. Туркларнинг ўзларидан (айниқса хотин-қизлардан) чинакам санъаткорлар кўпая бошлағон давр шу «Дорилбадое’» давридир. Туркияда сўнг 10 йил орасида босилган театр китобларидан кўпини кўрсангиз, биринчи ё иккинчи бетига «бу асар Усмонли дорилбадое’ санъаткорлари томонидан биринчи маротаба тамсил қилинғондир», деган жумла ёзилғон бўладир. Муҳсинбек Истанбулда шу йўл билан 3 йил ишлаганидан кейин яна Оврупога кетадир. Бу сафар Германиянинг энг машҳур санъат уйларидан «Лессинг» кинў театрида 5 йил режиссўрлик (муаллимлик) қиладир. Мундан бир-бир ярим йил бурун Ўзбекистоннинг кўб шаҳарларида қўюлуб ўтган машҳур «Милйўнчи хотин» картинаси ўша муассасанинг ҳосили бўлуб, Муҳсинбекнинг режиссўрлиги билан ўйналғондир. Ундан бошқа Муҳсинбекнинг режиссўрлиги билан чиққан герман картиналаридан яна биттаси у «Қора лола» дегани — бизнинг шўра жумҳуриятларида қўюлуб ўтган. Унинг режиссурлиги билан Гирманияда тайёрланган картиналарининг ҳаммаси 15—16 га етадир. Гирманиядан сўнг Муҳсинбек Асвач мамлакатига борадир ва у ерда бироз қолиб кинўчиликни текширадир. Ундан кейин Муҳсинбекнинг энг кўб ишлаган ери яна Туркия — Истанбулдир. Бу сафар Истанбулда тўрт йил қолиб Туркия кинўчилигига пойдевор қурадир. Истанбулда ҳаммаси бўлуб 10 тача турк картиналари ҳозирлағон. У картиналардан бири машҳур турк адибаси Ҳолида Адиб хонимнинг «Оташдан гумлак» (Оловдан кўйлак) деган ҳикоясидир. Уда Ҳолида Адиб . Туркиянинг сўнгги истиқлол курашлари даврини тасвир қиладир. Асарнинг бош қаҳрамонларидан бири бўлғон Эҳсонбек — Мустафо Камолнинг кинояли нусхасидир: ана ўша Эҳсонбек рўлини Муҳсинбек ўйнайдир. У 10 картинанинг яна бири машҳур турк насрчиси Яъқуб Қадрибекнинг «Нурбобо» деган асаридир. Муҳсинбек театр-саҳна учун ёзғон ва ўзгартирган бир неча асар бор. Бизнинг Бухоро ҳаётидан олиниб ёзилғон бир асари ҳозир Истанбулда босилиб ётар экан. Муҳсинбек қўл остида ишлаган турк саҳнаси бизнинг ўрус адиблари (кўпроқ классиклари) томонидан ёзилғон шоҳ асарларни ҳам кўб кўрган. Шу учун бўлса керак, Истанбулнинг санъатга «ўюн ва кўнгил очиш» дсб қарайтурғон табақалари (обивател халқ) унинг теграсига яқинлашмағон. Унинг саҳнаси чинакам санъат деганлар ва ингичкаликни севганларнинг жойи бўлуб қолғон. Муҳсинбек шўролар иттифоқининг чинакам маориф ва санъат бошлиғи — раҳбари ўртоқ Луначарский томонидан Маскавга чақиртирилғон. Бу ерда ингичка санъатнинг ҳолини ва унга берилган фавқулодда аҳамиятни кўрганидан кейин ҳам йшламак ва ҳам ўрганмак мақсади билан Маскавда қолди. Ҳозир бир томондан «Давлат кинў» нинг картина фабрикасида режиссўрлик қилмоқда иккинчи томондан, бу ердаги инқилоб йўлидаги театрларни текширмакдадир. Шу кунда, ўзининг гапига қарағонда, ҳозирги ўрус ёзғучиларидан Третякуфнинг «5 минут» деган (Амриқолилар турмушидан олиниб ёзилғон) асарига кинўда режиссўрлик қилмоқдалар. Мундан бошқа ўртоқ Луначарскийнинг бир асари ва Франция адибларидан Александр Душеннинг «Тамилла» деган асари устида ҳам ишлаб турадир. Муҳсинбек Маскавга келишидан жуда хурсанд бўлғон, «санъат Германияда ўлган, Францияда ҳаракатсиз, бугунги Русияники эса ер юзида биринчи бўлуб турадир» дейдир. Бу фикрини бу ердаги «Ўзбек драм истудияси» талаблари билан қилғон мусобаҳасида ҳам айтиб ўтди. Унга энг ёққан театр — Меерхўлд театридир, у театр тўғрисида жуда қизиқиб гапирадир, уни «инқилоб ва истиқлол театри, эртанинг санъати», дейдир. Бизнинг драм истудия талабаларимизни ҳам тамоман ўша театрга бориб ишлашга даъват қилди. Шўролар мамлакатидаги кинўчилик ишларига ҳам катта умидлар билан қарайдир ва «Яхши, — астойдил ишланса 2—3 йил орасида кинўчиликда ҳам шўролар мамлакати биринчи бўлуб кетадир», дейдир. Баҳор вақтларида бизнинг Самарқандимизни ҳам зиёрат қилмоқ ният бор. Биз ҳам Ўзбекистон исмидан даъват қилғон бўлдиқ… Ўзининг асл исми Мунира Айюб бўлғон санъаткор турк қизи саҳнада Найира Найир номи билан танилгандир. Истанбулда «Дорилмуаллимот» ни битирганидан кейин икки йил қадар яна ўша Истанбулдаги «Амриқа қўллежи»да ўқуғон. 1922 нчи йилда биринчи маротаба «Истанбулда кинў саҳнасига чиқиб, Ҳолида адибнинг «Оташдан гумлак» деган асарида биринчи рўллардан онатўли қиз Қазбоннинг рўлини ўйнайдир (кинўда). Ундан кейин французчадан ўзгартирилган «Қиз қуласи» деган асарда турк қизи Зайнаб рўлини ўйнайдир (яна кинўда). Ундан сўнг 1923 нчи йилда биринчи маротаба театр саҳнасига чиқиб улуғ Шекспирнинг «Отеллў»сида Амелия рўлини ўйнайдир. Асл турк хотинларидан биринчи маротаба саҳиага чиққон ҳам шу Мунира хонимдир. Ундан бурун турк саҳнасидаги хотин-қиз рўлларини арман, рум ва «қибти» қизлари ўйнаб келганлар. Яқинда Муҳсинбекнинг даъвати билан Маскавга келиб бу ердаги театр жараёнларини ўрганиш ишига киришди. Ҳозир машҳур ўрус санъаткорларидан Вахтангўф номига очилғон санъат мактабида ва ҳам Меерхўлд театрида ишлаб турадир. Бизнинг ўзбек хотин-қизлари билан танишмак ва уларнинг ҳаётларини кўруб-билмак орзуси олдинги сафда турғон бу шарқ қизида албатта бор. Локин мунинг қалбидаги орзуларни бизнинг хотин-қизларимиз ҳам сақлағон бўлсалар эди… Қани энди! Маскавдаги драмстудиямиз «Эр юзи» журналининг ўқувчиларига нафис санъат муассасаларимиздан студияни танитиш зарур; чунки, биз ўртоқ Мўмин Хўжа айтгандай, ингичка санъатимизга бино қуриш кунларидамиз. Ҳозир бу йўлда нечта қадам қўйсак, ҳар бир қадамимиз келгуси замонда минг маротабалар текширилиб, сараланадир. Ундан кейин: менинг бу кичкина мусобаҳам билангина элни бу муассасага тегишинча ошно қилолмаймиз. Чунки, яна ўртоқ Мўмин Ҳўжа айтгандай «Ўзбек театрининг асосидир». Маскавдаги театр жараёнлари билан чала-чулпа танишиб чиқмоқ учун студия талабалари 7—8 ой лекция эшитдилар. Яқин келгусида бизнинг театримиз ҳам ўша даражаларга қараб анча йўл босиб қолар. Ўша вақтда бу кунги ёзилғон ҳар бир хат (сатр) ёзув, кўп чигалларни ечишга ёрдам қилар. Студия бундан икки йил бурун Маскавдаги «Сталин номига очилғон ўзбек билим юрти» қошида алоҳида студия бўлиб ташкил қилинғон. Бошда унга Маскав давлат театр мактабида ўқувчи йигитларимиз кирганлар; ундан кейин ўшал вақтгача саҳналаримизда ўйнаб келган атоқли санъаткорларимиз кирганлар. Уларнинг орасида Тошкент билан Бухоро ва Фарғонадан элга машҳур ва мақбул бўлғон йигитларимиз бўлғонлар. Хотин-қизлар ҳайъати эса бизнинг тарихимизда биринчи дафъа ўлароқ, ўзбек қизлари билан Ўзбекистонда туғулиб ўсган тотор қизларидан иборат бўладир (кейингилардан фақат биргина киши). Биринчи йилда студияда ингичка санъатга оид бирмунча дарслардан бошқа рус тили, она тили ва баъзи бир умумий фанлар ҳам бўладир. Саҳна ҳунари (стсеническое м:астерство) фанининг мударрислари у йил ўша фан устида французларнинг классик (қадим) адибларидан Молернинг машҳури жаҳон бўлғон «Хасис» песасини тайёрлайдилар. Бу песа узоқ йил Самарқандда бир, Тошкентда бир қўйиладир-да, шу билан студиянинг ёзлиқ иши тамом бўладир.. Бу йил (1925—1926 йилларда) эса студиядан умумий фанлар билан она тили фани муаллимсизликдан чиқориладир, бошқа ингичка санъат фанлари бояғидай давом этдириладир. Айниқса, ўткан йил қадим замон театр тарихини ўқутган муаллим ва мунаққид Филиппов бу йил студия талабаларини Маскавдаги театрларнинг тарихлари ва масалалари билан таништирадир. «Саҳна ҳунари»нинг муаллимлари эса бу йил «Хасис»ни бир оз тузатмак билан бирга машҳур рус адиби Гоголнинг ўлмас кулгуси бўлғон «Терговчи»ни инқилобий фожеалардан «Лаббай» (Эхо) ни сўнгра Холхўжа қўрбоши турмушидан сўзсиз ўйин—«Қоровул уйқуси»ни тайёрлайдилар. Бундан бошқа ўз муаллимларимиз ўртоқ Уйғур томонидан каминанинг «Ёрқиной» («Саркаш қиё») песаси тайёрланди. Булардан «Ёрқиной», «Терговчи» песалари Фарғонанинг Намангандан бошқа ҳамма шаҳарларида «Лаббай» билан «Қоровул уйқуси» Тошкентда, Самарқандларда қўйилди. Олдимиздаги бир қиш таҳсил билан студия тамом бўладир. Ундан сўнг Маориф комиссарлигимизнинг фикрига қараганда, ўша студия талабалари асос қилингани ҳолда марказий ва доимий жумҳурият театримиз ташкил қилинса керак. Шу йил театрнинг қошида ўзига махсус студияси (мактаби) бўладир. У ҳолда, Маскав студияси, эҳтимол, тамом беркитилса. Бу йил ингичка санъат фанларидан баъзилари чиқарилиб, ўринлариға бошқалари киргизиладир. Чунончи: юз ясаш (грим), саҳна ясаш (декорациячилик) ва бошқалар. Бу йилги репертуарда миллий нарсалар кўпроқ бўлса керак: «Ёрқиной» хомроқ бўлгани учун яна ишланмакчи; каминанинг 4 пардалик «Узун қулоқ бобо» деган песаси ҳам репертуарға кирса керак. Яна бошқа миллий песалар топиш ҳаракати бор. Студиянинг ўзи билан қисқача таништирғондан кейин энди унинг саёҳатидан ҳам озроқ гапириб ўтайлик. Тошкентда (театр санъатининг бу марказида) —студиянинг моддий муваффақияти мазасиз бўлди. Ўзбек базм тўдаси моддий жиҳатдан ақллар ишонмаслиқ муваффақият қозонғон ҳолда студиянинг муваффақиятсизлиги албатта сабабсиз эмас. У сабаб ҳаттоки кўпимизга маълум. Бизнинг миллий чолғувларимиз асрлардан бери базмларимизда тайёрланиб, халқнинг руҳига сингиб кетган енгил бир шабада ҳам уни қўзғай берадир. Театр эса биз учун янги нарса, сўнгра мингларча тўдаларимизнинг бемаъни ва санъатсиз театрлари халқни бездирган. Шуларни англағон учун студиянинг ўзи ҳам моддий муваффақиятга аҳамият бермади; бу ҳолатни ҳаммадан кўра кўпроқ тушунган Маориф комиссарлигимиз шу моддий тежаш даврида студиянинг моддий камчилигини ёпди. Моддий жиҳат шундай заиф бўлса ҳам маънавий жиҳати анча яхши бўлди. Санъатни тушунган кишилар келдилар, кўрдилар, ҳарорат билан олқишладилар. Ана шу олқишлар, ана ўша самимий алоқа студияга руҳ берди; бу олқишлар бу кун бир ҳовуч бўлсалар ҳам, самимий бўлғонлари учун келгусида у ҳовучларнинг ҳеч қаерга сиғмай кетишига қатъий имон келтирадилар. Сўз охирида студия талабалари тўғрисида икки оғиз гапириб ўтайлик: мен, студия билан бирга бир ярим ойча юриб чинакам санъат фидокорларини кўрганимга ишониб суюндим. Моддий муваффақиятсизлик ҳали бизнинг кўп «фидокорларимизни» ярим йўлда йўлдан урадир. Булар ўз ҳаётларидаги моддий муваффақиятсизликларга ҳам эътиборсиз қарадилар ва кўзларини қизил Маскавнинг тоглар қадар театрлариға тикиб туриб: «— Бизнинг тилагимиз шундай!» дейдилар… Матбуот тўғрисида кенгаш 17 нчи июлда музофот фирқа қўмитасининг масъул саркотиби Карим ўғли ва музофот ижроқўм раиси Алихўжа ўғли ўртоқларнинг иштироки билан, Эски шаҳар маориф ва ҳукумат ишчиларининг қўшма мажлислари бўлди. Фирқа қўмитасининг ҳаракати билан чақирилған у мажлисда ўртоқ Карим ўғли матбуотимизнинг бу кунги аҳволи тўғрисида маълумот бериб, матбуотга, айниқса “Фарғона” газетасининг моддий ва маънавий ёрдамига даъват қилди. Умуман қизил матбуот ва айниқса “Фарғона” газетаси тўғрисида бир мунча кенгаш бўлғандан сўнг, биринчи авғустда бошланатурған матбуот ойида жиддий ишлага сўз берилди. Маъдан сувларидаги курортлар Табиат бу ўлкага алланечик бўлакчи бир сахийлик кўрсатган, ер тагидаги соғлиқ хазиналарининг кўп эшикларини шу ўлкага очиб берган. “Маъдан сувлари” (Минералний води) стансаси билан Кисловодск стансаси орасидаги масофани поезд роса икки соатда босиб ўтади. Поезднинг юрушини жуда тез қилиб олганда ҳам юз чақиримнинг ёни-берида бўлади. Дунёнинг кенглигига нисбатан бир ҳовучдеккина келатурған шу жойда, қаторасиға деярлик, тўртта курорт шаҳари жойланган: Железноводск, Пятигорск, (унга яқин бир жойда “Бештов” тоғлари бор, бунинг номи шундан олинган), Есентуки, Кисловодск. Булардан бошқа майдароқ шифо жойларини айтиб ҳам ўлтурмаймиз, бу ерда саналганлар бутун ер юзига донг чиқарган курортлар. Бу курортларнинг ҳар бирида бошқа-бошқа маъдан сувлари, хосияти бири-бириникидан бошқа булоқлар бор; ҳаттоки, айрим курортларда (чунончи Есентукида) бир эмас, бир неча булоқ бўлиб, ҳар бирининг суви шифо бўлуш жиҳатидан бири-биридан фарқ қилади. Бу шифо булоқларининг илгари кимларга ва энди кимларга хизмат этганини статистик рақамлар жуда маънолик қилиб кўрсатади. 1907 нчи йилнинг статистикасини олсак, касалларнинг туб гуруҳлари, ижтимоий состав эътибори билан қуйидагича бўлган: Катта ер эгалари, дворянлар, савдогар (“купас”)лар – 41,9 просент. Ўрта буржуазия, деҳқонлар, қулоқлар, казаклар – 23,8 просент. Офисерлар – 10,5 просент. Тўралар (ҳукумат хизматчилари) – 11,9 просент. Ўқутувчилар, ўқувчилар, билимдонлар, доқторлар ва медисина арбоби – 10,5 просент. Руҳонийлар – 1,2 просент. Паст рутбадаги кишилар – 0,2 просент. Энди Советлар идораси даврини олайлик: оила аъзолари Бу ерда яна бир нарсани айтиб ўтиш керак: рус буржуазияси зотан ўз ватанидаги курортларга унча аҳамият бермас эди. Қўлида бир оз давлати бор ҳар бир рус бойи ёз ойларида, истироҳат учун чет элларга боришни эп кўрар, ўз юртида чет элларникидан қолишмайтурған шифолик сувларнинг борлигини эсига ҳам келтирмасди. Инқилобдан бурун Кавказ курортларининг тараққийси тошбақа қадамлари билан борарди. Ўша вақтларда “Старая Русса” курортларини идора қилған жавобгар бир киши ўша замоннинг курортларини мана бундай тавсифлайди: “Курортда тиббий ташкилот йўқ, касалларга ихтиёрий тажрибада бўлунувчи доқторлар қарайди, курортларнинг маъмурияти, бошлича маъмурият – хўжалик ва санитария вазифаларинигина бажарадилар”. Яна бир мисол: 1898 нчи йилда курортларга оид бир қонун лойиҳаси тузулади, орадан ўн бир йил ўтгандан кейин у лойиҳа қонун ҳолига келади, қонун ҳолига келгандан эътиборан яна беш йил ўтгач Давлат думасига киритилиб, яна бир йилдан сўнг тасдиқ қилинади. Курортларга келувчи касаллар ададининг инқилобдан илгари қандай секин ўсганини мана бу жадвал яхши кўрсатади: Инқилобдан кейин курортдан фойдаланувчилар адади ва курортларга харжланган маблағлар суммаси жуда тез ўсади. Чунончи, ҳамма курортларга борган касаллар: Курортларга харжланган маблағлар (бинокорлик ва ҳам тоғ-техника ишларига): Маъдан сувларидаги курортларнинг орасида бутун дунёга донғи кетган нарзон сувлари билан ҳамда ўзининг тоза ва соф билан танилгани Кисловодск курортидир. У ерда Ўзбекистоннинг ўзига хос санаторияси бор. Ўртоқ Икромов номига бўлган бу санатория хусусида алоҳида тўхталиш керак. Мей Лан Фон Қанча одам ширин куйли сўзларин тинглаб, Ўйинини кўз олмасдан таъқиб этади. Талвасадан денгиз каби қайнаб-қимирлаб Алвон рангли сарполарга кўзни тикади. Мей Лан Фоннинг Хитой халқи ўртасидаги обрўсини кўрсатиш учун бир шоирнинг юқоридағи тўрт йўл байтини келтириш кифоя. Бу тўртгина, лекин жуда самимий ёзилган йўлларда Хитой томошабинининг ўз севимли санъаткорининг ўйинларини қандай берилиб томоша қилғани тасвир этилади. Хитойда Мей Лан Фоннинг «Ёруғ юлдуз» деб аталиши бежиз эмас. Мей Лан Фон эндигина донг чиқара бошлаган даврлардаёқ унинг ўйинлари тўғрисида бундай бир сўз юрарди: «Унинг бир кулумсираши – минг йиллик асирлар, унинг бир «оҳ»и – минг йиллик хазон». Хитойда хотин киши рўлини ўйнайтурған актўрларни, умуман, «тан» дейдилар. Мей Лан Фон шу «тан»лардан. У фақат аёл рўлини ўйнайди. Ўтган март ойининг 27-куни Масковнинг катта томоша залларидан «Музик-холл» залида унинг бир кечалик томошасини кўришга муваффақ бўлдим. Мей Лан Фоннинг гастроллари чоғида қўйилатурған пиесалар учун рус тилида алоҳида бир либретто китобчаси чиқарилған. Ўша китобча қўлимда. Унда 6 пиеса, 6 рақс (оёқ ўйини) кўрсатилган: шу 6 пиесанинг ҳаммасида аёл рўлларини Мей Лан Фон ўйнайди: 1. «Шубҳали кавуш»да Суйнинг хотини Ин Чун. 2. «Фей Чен О» ва «Йўлбарс генерал»да канизак. 3. «Мазлумларнинг ўч олиши» деган пиесада балиқчи чолнинг қизи. 4. «Ёлғондакам жиннилик»да бош вазирнинг қизи. 6. «Най камалак довони»да эса генерал Синнинг хотини. Хитойда аёл рўлини ўйнайтурған эркаклар кўп; унда аёл аралашмаган нуқул эркак тиётр тўдалари, шунингдек, ҳеч бир эркак аралашмаган аёл тиётр тўдалари бор; унда мана бу сўнг замонларда эркак ва аёллардан иборат аралаш тиётр тўдалари ҳам юзага чиқди. Фақат бутун шу тўдалар орасида аёл рўлини ўйновчиларнинг олдини ва зўри Мей Лан Фондир. Унинг саҳнадаги жойини ўз аҳли тоғнинг чўққисиға ўхшатади. Мунда ҳеч лоф асари йўқ. Букун тиётр-саҳна санъатида бутун дунёга ўрнак бўлуб ўлтурған Масковда санъат шинавандалари ила лиқ тўлган зал ўйин сўнгида Мей Лан Фонни чарчатар даражада кўп мартабалар олқишлаб чиқарди. Санъат билимдонлари унинг санъатига ошиқ бўлганларини айтдилар ва ёздилар. Умуман, Хитой классиқ тиётри японларнинг «Кабук»лари сингари Оврупо учун, шу қаторда биз учун ҳам жуда қизиқтирувчи санъатдир. Бу кунги хитойларнинг ўзлари ҳам тушунмайтурған бир тилда (VII – VIII асрлар тилида) ёзилмиш ва феодализм тараққиётини кўрсатувчи асарлари, ҳар бир асарга мутлақ жўр бўлуб борувчи беш тонли (татар-мўғул унқаторидағи) чолғиси ва куйи саҳна безалиши, ўйиннинг қоида (прием)лари, актўрларнинг техникаси – мана шуларнинг барчаси хитойларнинг ўзларига хос ва биз қизиқатурған нарсалардир. Чолғининг ибтидолиги (примитив бўлиши) унинг татар-мўғулларда қўлланилатурған ва бизга яқин унқатори ўйин қоидаларидағи «шартлилик» (условност)лар, аёл рўлини эркак ўйнаши, айниқса, Бухоро бойларининг нақшли ва шарафли меҳмонхоналарининг айни ўзи бўлган уй зийнати, албатта, бизга таниш ва бизнинг яқин ўтмушдаги халқ ўйинларимизга боғлиқ; лекин, шу билан бирга, актўр техникаси, репертуар бойлиги ва чолғининг мукаммал жўр бўлуб боришлари бизга насиб бўлмаган юксакликлардир. Масковда бир ўзбек саҳна ходими мендан Мей Лан Фоннинг ўйини тўғрисида фикр сўради. Мен шунда «сатанг» деган сўзни ишлатиб калтагина жавоб бердим. «Ҳеч бир сатанг баъзи аёл рўлларидаги Мей Лан Фон қадар сатанглик қилолмайди…» …Бу сатанг менинг фикрим эмас. Бу – тиётр билимдонларининг муштарак фикридир. Бир билимдон Мей Лан Фоннинг қўл ўйинларидан баҳс эта туриб: «Шу ўнта бармоқ бор, бошқа аъзолар билан ҳеч нарса кўрсатмаса ҳам бўлади», – дейди. Чинакам, унинг ўн бармоғи ўнта талантли актўрнинг вазифасини бажаради, хусусан, қўлини гоҳ енг ичига олиб, гоҳ чиқариб, енг билан шундай ўйинлар қилдики, кўзингизни узолмайсиз! Мен унинг бармоқлариға кўз тикканим ҳолда ўз Академик драмамизнинг ўйин техникасини ўйладим, қанча аччиғ бўлса-да, айтиш керакки, биз ҳали бу хусусда кўп олисдамиз. Аброр, саҳнамизнинг мақтаниқлиғи бўлган Аброр «Закмук»да Жар Сивон рўлини ўйнаркан, ўн бармоғини баробар бир ўйнатган эди, мен уни сира эсимдан чиқара олмайман. Аммо Аброр ўзи аллақачон эсидан чиқарғанға ўхшайди. Мей Лан Фон тиётрида ўйналатурған асарлардан кўпининг тилига бу кунги Хитой оммаси тушунмайди. У асарларни тушуниб томоша қилатурғанлар жуда оз, кўп томошачилар ё чолғи эшитиш учун, ё ўйин кўриш учун келадилар. Сўнгра минг йиллардан бери ўйналиб келган ва, зотан, мазмуни соддагина бўлган у асарлар томошачига кўпдан йод бўлуб кетган. Томошачи ўзига таниш асарнинг ўзига маъқул бўлган бир жойини кўриш учун ҳам келади. Япон тиётрида баъзи асарларнинг ёлғиз бир пардасига билет сотилади, шунда одам лиқ тўла бошқа пардаларида томоша зали бутунлай бўш деярлик… Япон тиётрининг бу хусусияти Хитой тиётрида ҳам йўқ эмас. Шу учун Мей Лан Фон тиётри ўзининг нуқул феодализм жамиятини тасвир этган ва, мунинг устига, феодализм дунё кўришини акс этдирган пиесалари билан биздан, бизнинг социалистик тиётримиздан жуда олисда туради. Бу жиҳатни олганда, биз Хитой тиётридан эмас, Хитой тиётри биздан ўргануви керак. Фақат шакл жиҳатидан олганда (ёлғиз шакл жиҳатидан!) биз у тиётрни ўрганишимиз керак. Уни ўрганган вақтимизда унинг нимаси бизбоб, нимаси бизга бегона ва фойдасиз экани ўз-ўзидан англашилади. Шарқ оламида ўзича бир ўрун тутган япон ва хитой тиётрларини ўрганайлик. Рус тилида бор бўлган асарлар бизга бу тўғрида ёрдам этажаклар. Ҳар қалай, Мей Лан Фоннинг тиётри жуда зиёли тиётр. Унинг директори билан директор ўрунбосари профессор даражасига эга бўлган санъат олимлари Мей Лан Фоннинг ўзини ҳам «дўқтўр» деб атайдилар. Бу – минг йилларнинг тиётри, бу – анъана тиётри, бу – юксак санъат тиётри. Биз эса ҳали шакл жиҳатидан ёшмиз, 15 йиллигимизни эндигина ўтказдик. Фақат… Фақат биз шундай бир ўлканинг тиётримизким, бошқа соҳаларда ўлкамиз юз йиллик йўлларни беш йилда, ҳатто бир йилда босишга интилади ва муваффақ бўлуб боради. Бизнинг 15 – 20 яшар саҳнамиз саҳна санъати ва маданиятининг минг йиллик йўлларини беш-ўн йилда ўтиши керак ёки биз ҳам унинг ҳунарларини кўраркан, хитойлар сингари дейлик: «Мунинг бир қадами – юз йиллик йўл, мунинг бир ҳамласи – тарих бўйи давом этган ҳужумлари». Меерхўлд театри “Ер юзи” мажмуаси ўз ўқувчиларини энг зўр тиётр муаллимларидан бири билан танишдирмоқчи бўлиб, шу вазифани менга топширди. Бу кўп шарафлик бир хизмат бўлса ҳам тиламасданрак бажардим. Бунинг сабаби белгили. Меерхўлд тўғрисида китоблар ёзилади, мақолалар, айниқса, “Ер юзи”нинг ўлчовли бетларига сиға оладурған қисқа мақолачалар ёзиш билан уни керагича танитиб бўлмайди. Модомики, тугал танита олинмас экан, ҳозирға сабр қилиб туриш яхшимасмиди? Йўқ! “Оз бўлса ҳам таниб турайлиқ” дер экан ўқувчилар, шу учун биз ҳам қўлдан келганини қилишға мажбур бўламиз. Боринг, бу сарлавҳаси бўлсин, бир оздан сўнг “мадҳал”ини бошлашға ҳам мумкин бўлиб қолар. Меерхўлдни махтағанлар “рус тиётрининг мумтоз санъаткори” деб махтайлар; ҳатто унинг мухолифлари ҳам сўкиш чоғида “Энг буюк муаллимлардан бирининг хатоси”, дейиб ўталар. 1926 нчи йили апрель ойида унинг тиётри 5 йиллик тўйини ўтказди. Шу тўйни ўтказмак учун 101 кишидан иборат махсус қўмита тузилган эди. Қўмитанинг раиси Клара Тсеткин, ўринбосарлари Луначарский билан Славинский ўртоқлар эди. Бошқа аъзолар орасида Бела Кун, Буденний, Догодоф, Лазуфский, Симашкў, Думбол ва Уншлихт каби улкан номлар учрайди. Мана бунинг ўзгинаси ҳам бу кун Меерхўлд тиётрининг аҳамиятини кўрсатишга етади. Тўйға қадар бир коллектиф ҳолда ишлаб келган бу тиётр, тўйдан сўнг ҳукумат қарамоғиға ўтти ва “Меерхўлд номиға ҳукумат тиётри” деб аталди. Бу тиётрнинг ўз бошиға мустақил бир муассаса бўлиб ишлаши, 1922 нчи йилдан бошланади. 1922 ва 23 нчи йил тиётр фаслида у аввал “Меерхўлд тиётри” бўлиб, сўнгра “Меерхўлд номиға тиётр” бўлиб ишлайди. Унгача бу тиётр бир неча муассасага аралашиб чиққан: 1920 нчи йилнинг нўябр ойидан 21 нчи йилнинг ёзлариғача, бу тиётрнинг туб кучлари, бошларида Меерхўлд бўлғани ҳолда “RSFSRнинг биринчи тиётри”да ишлайлар. У ерда “Тонг қизиллиқлари (“заря”)”, “Мистерия Буфф”, “Ёшлар союзи” деган нарсалар қўйилади. Буларнинг биринчиси балчиқоли адиб ва шоир Верхорнники бўлиб, муъаср сармоядор жамиятдан бошқа бир олийроқ жамиятга кўчишни тасвир қилади. Унда синф кураши бир неча табақа орасида кўрсатилади. Иккинчиси рус футуристларидан машҳур Маяковскийнинг асари бўлиб, нариги (маънавий) оламларни эрмак қилади. Ниҳоят, учинчиси нўрважли адиб Ибсенники бўлиб, асримизнинг муаммоларига қоқилади. Бу асарларнинг ҳар бири ўша вақтда жамиятга ҳаяжонлар солған, уни силкиткан нарсалардир. Меерхўлд ўша тиётрда вақтида эдиким, “тиётрда ўктабр” шиорини майдонга отти. Унинг ғайрати ва ташаббуси биландирким, ўша тиётрда янги асослар амалга қўйилди. Бу янги асосларнинг бири “Тиётр санъати ҳам сиёсатдан холи эмас”дир. Қандай бўлса ҳам бир синфнинг манфаатига хизмат этганини даъво қилар, шу учун ўзи ҳам мамлакат тизгинини қўлға олған тумоёқ синфига хизмат этарди. Бу мафкура масаласидир. Яна бир янги асос саҳнанинг тузилишига оид бўлиб, саҳна майдонининг чиройлиқ қилиб ясатилишиға қарши саҳнада энг оддий муйимлардан энг осон ва арзон шакллар уюшдиришга тиришарди. Бу ҳам, албатта, “сиёсатдан холи эмас”, негаким, бу содда саҳна содда халқ учун, содда халқ эса – тумоёқлар эди. Бино етишмаслиги орқасида у тиётр бурунғи Низлубин тиётри билан бирга қўшилиб “Актёр тиётри”ға айланди. Ўша тиётрда қўйилиб жуда катта муваффақият қозонған “Великодушний рогоносес” томошаси, “Актёр тиётри” қурулмасдан бурун “Биринчи RSFSR тиётри” билан юқори режессўр курслари томонидан бирликда тайёрланған эди. Меерхўлднинг иккинчи асоси (саҳнани соддалаштириш), ўша вақтда авжига чиққан эди: унинг ўз гапига қарағанда юқорида айтилган асарнинг қўйилиши фақат 200 сўмгагина тушкан. Ўзига ҳамма вақт янги йўллар ақтарған бир ерда тўқтамаған, “тиниб ўлмас” Меерхўлд ва унинг тўдаси, албатта, Низлубин тўдаси билан чиқиша олмас эди. Ҳам шундай бўлди-да: илгари иккови орасида кураш кетди, сўнгра узилишишга мажбур бўлдилар. “Актёр тиётри” тамоман Меерхўлд қўлиға қолди. Ундан кейин “Актёр тиётри” деганимиз “Гитис тиётри”1 ға айланди. Унда ҳам икки тўда ўйнарди: бири Меерхўлдники, яна бири “Тажриба қаҳрамонлиқ тиётри”. Бу иккала тўданинг курашиши натижасида сўнгғи тўда йўқ ўлди ва 1922 нчи йилда “Меерхўлд тиётри” деган мустақил бир тиётр ташкил қилинди. Ўзининг ўша йўли билан Меерхўлд тиётри ҳозирғача юриб келди. Албатта, бу орада чайқалишлар бўлмади эмас, бўлди, лекин уларнинг моҳиятидан гапирмакчи бўлсақ, китоблар ёзишға тўғри келадирким, унга бизнинг кучимиз ҳам ҳали ҳозирға етмайди. Бу орада Меерхўлд тиётри “Муаллим бубус”, “Д. I.” (Бер Оврўпони!), “Мандат”, “Ер кўпди”, “Юр, Хитой” қаби ҳар жиҳатдан янги ва муъаср нарсалар берди: қадимги Островскийнинг “Ўрмон”и билан Гоголнинг “Терговчи”сини янгилаб астар-аврасини ағдариб қўйди. “Ўрмон”да унча қилу қол қўзғалмаған эди. Аммо бу “Терговчи”да жуда катта қилуб қил қўзғалди. Қўйилғанига бир ярим ой бўлиб қолғани ҳолда, ҳали ҳам мақташ ва сўкишлар тўқтағани йўқ. “Терговчи”га баҳо беришда Маскав билан Ленинград танқидчилари иккига бўлиндилар. Маскав сўкади, Ленинград махтайди. Бу сўкиш ва махташлар тўғрисида гапирмак учун ҳам яна айрим мақолалар ёзиш керак. Шунинг учун қисқа қилиб шунигина айтамизким, Маскав мунаққидлари Меерхўлдни “ўнглашиб кетишда” айблайлар, Ленинград мунаққидлари эса Меерхўлднинг терговчисидан Гоголнинг чин руҳини топалар ва янги ҳеч ким тополмаған нарсалар топилғанини даъво қилалар. Чинакам, “Терговчи” билан “Великодушний рогоносес” орасида шакл жиҳатдан жуда катта фарқ бор. Сўнғи нарсани 200 сўмга тайёр бўлған деб ўткан эдик. “Терговчи”нинг саҳна жиҳозларига бир неча минг сўм кетган десак хато қилмаймиз. Кийимлар ҳаммаси тоза нарсадан, хотин кийимлари ҳаммаси ипак бошқа жиҳозлар ҳам киноларники қадар бой. Меерхўлд тиётрида бу чоққача парда, декарация ва саҳна олди фанорлари бўлмас эди. “Терговчи”да парда деворға айланган. Равот дарвозалар… Ўйинларда “От ўйини” (цирк) ва кинонинг кўб таъсири бўлған бу тиётр гапнинг қисқаси, теварак-атрофни энг кўб машғул қилаётқан бир санъат муассасасидир. Бу тўғрида бир эмас, кўб, кўб мартаба сўз қилишға тўғри келар– ҳозир сўзни тамом қилмасдан бурун Меерхўлд тиётрининг бизга таъсиридан икки оғиз сўзлаб ўтай: Бу тиётрнинг соддалиги биз учун керак, кўбчиликка яқин келиши – яна биз учун лозим. Бизнинг халқ тиётрлари унсурларидан баъзилари бу тиётрда бор. Шу учун бизнинг янги тиётримиз ҳам бундан қочиб қутулолмайди ва қочмоқчи ҳам эмас, албатта. Балки, Маскав драм истудияси бу йўлда биринчи қадамни қўйди: ўткан йил Маскав истудиясида Меерхўлдчилардан ўртоқ Свердлиннинг таълими билан “Қоровул ўйқуси” деган бир сўзсиз ўйин тайёрланған эди. Энди, бу йил эса “Пул ундириш” деган бир кулги асар тайёрланиб турадир. Меерхўлд тиётри «Эр юзи» мажмуаси ўз ўқувчиларини энг зўр тиётр муаллимларидан бири билан танишдирмоқчи бўлуб шу вазифани менга топширди. Бу кўп шарафлик бир хизмат бўлса ҳам, тиламасданрак бажардим. Бунинг сабаби белгили. Меерхўлд тўғрисида китоблар ёзилади, мақолалар, айниқса, «Эр юзи»нинг ўлчовли бетларига сиға оладурған қисқа мақолачалар ёзиш билан уни керагича танитиб бўлмайди. Модомики тугал танита олинмас экан, ҳозирға сабр қилиб туриш яхшимасмиди? Йўқ! «Оз бўлса ҳам таниб турайлиқ», – дер экан ўқувчилар; шу учун биз ҳам қўлдан келганини қилишға мажбур бўламиз. Боринг, бу сарлавҳаси бўлсин, бир оздан сўнг «мадҳал»ини бошлашға ҳам мумкин бўлуб қолар. Меерхўлдни махтағанлар «рус тиётрининг мумтоз санъаткори» деб махтайлар; ҳатто унинг мухолифлари ҳам сўкиш чоғида: «Энг буюк муаллимлардан бирининг хатоси», – дейиб ўталар. 1926 йил апрель ойида унинг тиётри 5 йиллик тўйини ўтказди. Шу тўйни ўтказмак учун 101 кишидан иборат махсус қўмита тузилган эди. Қўмитанинг раиси Клара Сеткин, ўринбосарлари Луначарский билан Славинский ўртоқлар эди. Бошқа аъзолар орасида Бела Кун, Будённий, Догодоф, Лозовский, Семашко, Думбол ва Уншлихт каби улкан номлар учрайди. Мана бунинг ўзгинаси ҳам бу кун Меерхўлд тиётрининг аҳамиятини кўрсатишга етади. Тўйға қадар бир коллектив ҳолда ишлаб келган бу тиётр тўйдан сўнг ҳукумат қарамоғиға ўтти ва «Меерхўлд номиға ҳукумат тиётри» деб аталди. Бу тиётрнинг ўз бошиға мустақил бир муассаса бўлуб ишлаши 1922 йилдан бошланади. 1922 ва 1923 йил тиётр фаслида у аввал «Меерхўлд тиётри» бўлуб, сўнгра «Меерхўлд номиға тиётр» бўлуб ишлайди. Унгача бу тиётр бир неча муассасага аралашиб чиққан: 1920 йилнинг ноябрь ойидан 21 йилнинг ёзлариғача бу тиётрнинг туб кучлари бошларида Меерхўлд бўлғани ҳолда, «RSFSRнинг биринчи тиётри»да ишлайлар. У ерда «Тонг қизиллиқлари» («Заря»), «Мистерия буфф», «Ёшлар союзи» деган нарсалар қўйилади. Буларнинг биринчиси балчиқоли адиб ва шоир Верхарнники бўлуб, муосир сармоядор жамиятдан бошқа бир олийроқ жамиятга кўчишни тасвир қилади. Унда синф кураши бир неча табақа орасида кўрсатилади. Иккинчиси рус футуристларидан машҳур Маяковскийнинг асари бўлуб, нариги (маънавий) оламларни эрмак қилади. Ниҳоят, учинчиси норважли адиб Ибсенники бўлуб, асримизнинг муаммоларига қоқилади. Бу асарларнинг ҳар бири ўша вақтда жамиятга ҳаяжонлар солған, уни силкиткан нарсалардир. Меерхўлд ўша тиётрда вақтида эдиким, «Тиётрда ўктабр» шиорини майдонга отти. Унинг ғайрати ва ташаббуси биландирким ўша тиётрда янги асослар амалга қўйилди. Бу янги асосларнинг бири «Тиётр санъати ҳам сиёсатдан холи эмас»дир. Қандай бўлса ҳам, бир синфнинг манфаатига хизмат этганини даъво қилар, шу учун ўзи ҳам мамлакат тизгинини қўлға олған тумоёқ синфига хизмат этарди. Бу мафкура масаласидир. Яна бир янги асос саҳнанинг тузилишига оид бўлуб, саҳна майдонининг чиройлиқ қилиб ясатилишиға қарши саҳнада энг оддий муйимлардан энг осон ва арзон шакллар уюшдиришга тиришарди. Бу ҳам, албатта, «сиёсатдан холи эмас», негаким бу содда саҳна содда халқ учун, содда халқ эса тумоёқлар эди. Бино етишмаслиги орқасида у тиётр бурунғи Незлобин тиётри билан бирга қўшилиб, «Актўр тиётри»ға айланди. Ўша тиётрда қўйилиб жуда катта муваффақият қозонған «Великодушный рогоносетс» томошаси «Актўр тиётри» қурулмасдан бурун «Биринчи RSFSR тиётри» билан юқори режиссўр Қурслари томонидан бирликда тайёрланған эди. Меерхўлднинг иккинчи асоси (саҳнани соддалаштириш) ўша вақтда авжига чиққан эди: унинг ўз гапига қарағанда, юқорида айтилган асарнинг қўйилиши фақат 200 сўмгагина тушкан. Ўзига ҳамма вақт янги йўллар ақтарған, бир ерда тўқтамаған, «тиниб ўлмас» Меерхўлд ва унинг тўдаси, албатта, Низлобин тўдаси билан чиқиша олмас эди. Ҳам шундай бўлди-да: илгари иккови орасида кураш кетди, сўнгра узилишишга мажбур бўлдилар. «Актўр тиётри» тамоман Меерхўлд қўлиға қолди. Ундан кейин «Актўр тиётри» деганимиз «GITIS тиётри»ға айланди. Унда ҳам икки тўда ўйнарди: бири Меерхўлдники, яна бири «Тажриба қаҳрамонлиқ тиётри». Бу иккала тўданинг курашиши натижасида сўнгғи тўда йўқ ўлди ва 1922 йилда «Меерхўлд тиётри» деган мустақил бир тиётр ташкил қилинди. Ўзининг ўша йўли билан Меерхўлд тиётри ҳозирғача юриб келди. Албатта, бу орада чайқалишлар бўлмади эмас, бўлди, лекин уларнинг моҳиятидан гапирмакчи бўлсак, китоблар ёзишға тўғри келадирким, унга бизнинг кучимиз ҳам ҳали ҳозирға етмайди. Бу орада Меерхўлд тиётри «Муаллим Бубус», «Д.Э.» (Бер Оврупони!), «Мандат», «Эр кўпди», «Юр, Хитой» каби ҳар жиҳатдан янги ва муосир нарсалар берди: қадимги Островскийнинг «Ўрмон»и билан Гоголнинг «Терговчи»сини янгилаб астар-аврасини ағдариб қўйди. «Ўрмон»да унча қилу қол қўзғалмаған эди. Аммо бу «Терговчи»да жуда қилу қол қўзғалди. Қўйилғанига бир ярим ой бўлуб қолғани ҳолда, ҳали ҳам мақташ ва сўкишлар тўқтағани йўқ. «Терговчи»га баҳо беришда Масков билан Ленинград танқидчилари иккига бўлиндилар. Масков сўкади, Ленинград махтайди. Бу сўкиш ва махташлар тўғрисида гапирмак учун ҳам яна айрим мақолалар ёзиш керак. Шунинг учун қисқа қилиб шунигина айтамизким, Масков мунаққидлари Меерхўлдни «ўнглашиб кетиш»да айблайлар, Ленинград мунаққидлари эса Меерхўлднинг «Терговчи»сидан Гоголнинг чин руҳини топалар ва янги ҳеч ким тополмаған нарсалар топилғанини даъво қилалар. Чинакам, «Терговчи» билан «Великодушный рогоносетс» орасида шакл жиҳатдан жуда катта фарқ бор. Сўнгғи нарсани 200 сўмга тайёр бўлған деб ўткан эдик. «Терговчи»нинг саҳна жиҳозларига бир неча минг сўм кетган десак хато қилмаймиз. Кийимлар ҳаммаси тоза нарсадан, хотин кийимлари ҳаммаси ипак, бошқа жиҳозлар ҳам кинўларники қадар бой. Меерхўлд тиётрида бу чоққача парда, декорация ва саҳнаолди фанорлари бўлмас эди. «Терговчи»да парда деворға айланган. Равот дарвозалар… Ўйинларда «От ўйини» (тсирк) ва кинўнинг кўб таъсири бўлған бу тиётр, гапнинг қисқаси, теварак-атрофни энг кўб машғул қилаёткан бир санъат муассасасидир. Бу тўғрида бир эмас, кўб, кўб мартаба сўз қилишға тўғри келар – ҳозир сўзни тамом қилмасдан бурун Меерхўлд тиётрининг бизга таъсиридан икки оғиз сўзлаб ўтай. Бу тиётрнинг соддалиги биз учун керак, кўбчиликка яқин келиши яна биз учун лозим. Бизнинг халқ тиётрлари унсурларидан баъзилари бу тиётрда бор. Шу учун бизнинг янги тиётримиз ҳам бундан қочиб қутулолмайди ва қочмоқчи ҳам эмас, албатта. Балки Масков драм истудияси бу йўлда биринчи қадамни қўйди: ўткан йил Масков истудиясида меерхўлдчилардан ўртоқ Свердлиннинг таълими билан «Қоровул уйқуси» деган бир сўзсиз ўйин тайёрланған эди. Энди бу йил эса «Пул ундириш» деган бир кулги асар тайёрланиб турадир. Милисияларга кўмак Тошкент уяз милиция идораси милицияларнинг 5 йиллик байрами тўғрисида жиддий ҳозирлиқлар кўрди. Ҳар бир қишлоқда ихтиёрий ионалар тўпланиб турадир. Милицияларнинг 5 йиллик байрами учун Хонобод (Облиқ мавзуъи) раёнидағи деҳқонлар ўн миллиярдға яқин ақча тўплағанлар. Шундан 5 миллиярдини уяз милисия идорасига бериб, қолғанини ўз ерларида байрам ўтказмак учун олиб қолдилар. Қанд зовуди идораси 5 пут шакар бериб, милиция идорасини ремонт ва электрик билан ёритишни ўз бўйниға олған, мой зовуди идораси бундан кейин милицияларга ўз ишчилари баробарида паёк (мой, собун) бериб турмоқчи бўлди. Ҳар районда ишлар яхши бўлуб борадир. Уяз камисияси янги Тошкантда милициялар фойдасиға 26 нчи январда кеча ясади. Ҳар районда милициялар фойдасиға кечалар ясалиб турадир. Уяз милиция байрамини ўтказиш камисияси уязда байрамни ўтказмак ишини 5 га бўлган. Ҳар районда ҳам уяз милиция идорасида бўлур экан. Миллат масаласи Тошкентда қозоқ-қирғиз шевасида чиқатурған «Оқ жўл» рафиқимиз «Туркистондаги миллатлар орасини яқинлаштириш керак» деган сарлавҳа билан бир бош мақола ёзадир. Бу – миллатлар масаласининг қайтадан қўзғатилиши, шўролар ҳокимиятининг эски ва зўр асосларидан энг каттасига яна бир мартаба қайтмоқ демакдир, бу қайтиш керак, лозим, зарур бир қайтишдир. Йўқ эса, манави NEP (янги иқтисод сиёсати)нинг «шарофати» билан бу муҳим ва қийин масала хийла унутулуб, кўздан ташланиб юборилған эди. Агарда масала тугаб, ҳал этилиб, тамом бир тараф қилиниб ташланған бўлса, майли, локин ундай эмас. Буни «Оқ жўл» рафиқимиз ҳам: «Миллат масаласи битди деганларнинг гапи тагсиз, қип-қизил ёлғон. Ўртоқ Тротский айтганидек, миллат масаласини ечилди деб юрганлар ўшал масаланинг орасида димиқиб қолған кишилардир…» – деган сўзлар билан билдириб ўтадир. Айниқса, бизнинг Туркистонда бу масаланинг ўзига кўра нозиклиги бор. Буни «Оқ жўл» йўлдошимиз ўз қараши билан қараб исбот қиладир. Ya’ни миллат масаласида эзилганларнинг эзилгани қилиб кўчма халқни кўрсатиб айтадир: «Туркистондаги халқларнинг орасида оёқлиқ мол чорвасини қўллатиб юрган, уни ташлай олмай ё бўлмаса илгари бостириб, яшната олмай келаётканлар туркманлар билан қирғиз-қозоқлардир. Шунинг учун янги иқтисод сиёсати орқасида Туркистондаги бошқа халқларнинг оғзиға тушуб, тишига юмшоқ келиб ётканлар ҳам туркманлар билан қирғиз-қозоқлар бўлуб келмакдадир». Фақат шундай оғир бир масала тўғрисида ёзилар экан, очиқ-сочиқ, тўппа-тўғри, ойдек ёруқ қилиб ёзмоқ керак эди. Ҳолбуки, «Оқ жўл» йўлдошимиз кучлик бир асабият билан ёзған шу мақоласида айтмак истаганини очиб бера олмайдир. Мана қуйидағи сўзларини ўқунг: «Янги иқтисод сиёсати чиққандан бери у еримни ундай қилдилар, бу еримни бундай қилдилар деб безиллаб ўлтурғанлар туркманлар билан қирғиз-қозоқлар бўлуб келди. Ўрун (ўтроқ)лашкан чорваси бор, ўзи эплик халқлар арзон олиб, қиймат сотиб, янги иқтисод сиёсати натижасида туркман билан қирғиз-қозоқдан фойдаланиши аниқ». Бундан нима онглаймиз? Бундай «аниқлар» кўб, лекин мақсад, асос аниқ эмас. «Оқ жўл» рафиқимизнинг: «Эрлик халқлар бир-биридан фойдаланмоқчи бўлса, икковини қўшуб фойдаланайин деб орқасида тайёрланиб турған мустамлакачилар бор. Ерлик халқларнинг ҳаммасини бирдай ҳайдаб, юргузуб келган ўрус муштумзўрлари бор», – деган сўзлари миллат масаласига унинг қарашини аниқроқ кўрсатадир. Туркистонда эзилган халқлар бор. Эзилган синфлар бор, эзгувчи халқлар, эзгувчи синфлар бор. Сиёсатни олиб борғанда эзгувчилар билан эзилгувчиларни айириб олиб бормоқ керак. Фирқанинг сўнгғи умумий қурултойи бу тўғрида кўб гапирди. Мирзо Улуғбек Илми ҳайъат тарихида Туркистоннинг шарафли бир мавқеи бордур. Милоднинг 1420-йилида машҳур Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек илми ҳайъатга бўлған кучли муҳаббати орқасида Самарқанд шаҳрига бир расадхона бино қилдирған эди. У вақтдан бери орада 400 йилча вақт ўтуб ерлар тагида кўмулуб кетган у расадхонани мундан 10 йиллар бурун самарқандли мусташриқ Вяткин топуб ковлатган эди. Бу расадхона мармардан ясалған зўр бир бинодан иборат эди. У ерда бизнинг Туркистон ўғли Мирзо Улуғбек дунёнинг ҳар тарафидан тўплаб олған олим йўлдошлари билан зўр бериб ишлаган эди. Мирзо Улуғбек томонидан тузилган битта “Юлдузлар жадвали” бор. Бу жадвалда ўша вақтда маълум бўлған юлдузлар жуда очиқ таъриф қилинадур. У жадвал машҳур юнон ҳайъат олими Хиппорих вақтидан бери тузулган биргина жадвал, деб ҳисобланадур. Туркистон халқи, айниқса биз тубжой халқ, ўзимизнинг шу олим кишимизни сира эсга олмаймиз. Унинг исмига биргина, кичкина бўлса ҳам хотира нишона йўқ. Шаҳарларда очилған мактаблар билангина у улуғ олимни тақдир қилдиқ, деб айта олмаймиз. Сира, сира айта олмаймиз. Тошканд расадхонаси ҳозир бир ишга қадам қўйди. Гирмониядағи Насийс корхонасига буюриб, катта бир телескўп (расадхона дурбини) ясатдирмоқчи ва у дурбинни Тошканд расадхонасига ўрнатуб, унга “Мирзо Улуғбек дурбини” деб ном қўймоқчи. Бу дурбин бир Туркистондагина эмас балки бутун дунёда бирдан бир катта дурбин бўладур. Нимагаким, бундоқ зўрлиқда ва бу ўткурликдаги дурбин фақат Амриқодагина бордур. Корхоначи билан сўзлашилган. Дурбин олтун ҳисоби билан 96000 сўмга тушадур. Бу пулдан 40000 сўми пишаки берилса, дурбин 2-2,5 йилда тайёр бўлиб келадур. Ташаббус бошланған. Иш, фақат шу пулни йиғишда қолған. Пул ваъда қилған идоралар ҳам бор. Биз умид қиламизким, Улуғбекнинг она юртида мундоқ хайрлик ташаббусга керак бўлған пулни Туркистон ҳукумати ҳам, халқ ҳам қандоқ қилиб бўлса-да, тўлдуруб берар. Муҳим «кичкина»лардан Шаҳаримиздаги халқ сўроқхона (судья)ларидан эски шаҳар мусулмонлариға турли чақириқ хатлари тушадир. Ул хатларда мусулмонлар ё гуноҳкор, ё даъвогар ва ё гувоҳ қаторида чақириладирлар. Бунга сўзимиз йўқ. Бу ўз йўлида. Локин мусулмонларға тушкан чақириқ хатлари ўрусча ёзилиб тушадир. Сўнгра ўшал ўрусчани ўқуб ҳам бир нарса тушуниш жуда қийин. Нимага десангиз, ўрусча хатлар ҳам жуда хунук. Мусулмонларға тегишлик чақириқ хатларни мусулмонча ёздириш иложи йўқми экан? Муҳтарам ёзғувчиларимизға Маълумдирки, ҳар нарса ўз аҳли (яъни ўз касб-корлари — У. С.) тарафиндан ёзилса яхши ёзиладур. Шукрлар ўлсунки, бизнинг орамизда ҳам сўнгги йилларда миллий тиётр ва рўмон китоблари ёзилуб босдирилувлар кўрилмакға бошлади… «Падаркуш» ёзилғондин кейин ёшларимизда катта бир рағбат ҳосил бўлуб ҳар шаҳарнинг саҳналарида ўйналди. Тошканд, Самарқанд, Хўқанд каби марказларда 2—3 маротаба ҳам ўйналди. Ишта булар миллатнинг интибоҳига хайрли бир фолдир. Аммо мунинг илагина суюниб ўзимизни юпатмайлук. Ҳали бизга кўб тиётр ва рўмон китоблари ёзмоқ керакдурким, бу қарз бир ҳовуч зиёли ёшларимиз ила аҳли қаламимиз устларига тушадир. Муҳтарам қалам аҳллари, миллий маишатни ёмон деб ёзмай, зоҳирда бўлса ҳам тўйларда, гапхоналарда, баччабозлар мажлисида, базмларда ва шунга ўхшаш миллатнинг энг танқид қилатурғон ўринларинда бирга аралашуб юрмаклари керакдурки, токи комил ўшал одатларни китоб саҳифаларида чиройлироқ қилуб ёзгундай бўлсунлар. Миллий маишатдан безган билан безилуб, кўмилуб кетаберадир. Онда аралашиб юрулса, ондаги сўзларни, одатларни ўрганмоққа бўладурки, китоб бетларига кўчируб ёзмоққа материёлларнинг энг асллари халқ орасидан олунадир. Оврупонинг катта-катта муҳаррирлари ўшал ўзларининг яхши-ёмон одатлари орасида юрубдирлар. Сўнгра қўлларига қалам олуб, яхшисини яхши, ёмонини ёмон кўрсатуб ёзубдурлар. Ишта муҳтарам ёшларимиз машаққат бўлса ҳам халқимизнинг ичида оралашуб юруб китоблар ёзувға материёллар тайёрласалар. Бу йўлдаги иҳтиёжни бир қадар адо қилғон бўлур эдилар. Бизим бу арзимиз бир муҳаррирларгагина эмас, муҳтарам артистларимизға ҳам бордир. Улар ҳам саҳна керакларини халқ орасида юруб ўрганмаклари лозимдир. Ожизона бу фикримни ҳурматли ёшларимизга арз қиламан. Мусулмонлашдириш Сарлавҳа қалтис кетди. Хийла қалтис кетди. Буни ўрусчалаштирсак, мусулманизация бўладирким, эски тўра, бурунғи чиновниклардан чиққан мустамлакачи – колонизаторларнинг кайфлари учади. – Ҳа, мусулмонлашдириш? Бу нима деган гап? Бунга йўл бериб бўлурму? Ҳай, сергак бўл! Йўлни тўс! – Қоч, ўғлон, қоч, от босди – миллат келур! Ол-ҳа, қоч-ҳа!.. Қандай қиласиз, мустамлакачи ўртоқ? Замон шу, шўро ҳукуматининг тутқон йўли шу. Шўро ҳукумати бор жойда ерлилашдириш, мусулмонлашдириш деган гаплар бўла берадир. Сиз қовоқ солиб, лунжингизни пастга туширганингиз билан шўро ҳукумати тутқон йўлидан кета берадир. Қўйинг, кўп хафа бўлманг. Шўро ҳукумати: «Ишингизи мусулмонча юргизинг, шундай қилмасангиз, тўғри келмайдир», – деб бизнинг мусулмонларға буйруқ қилса ҳам, бизлар бошимизни қалаб, ў… бирмунча ўйланамиз, «Қилайликми? Йўқми?» – деймиз. Бирмунча ўйлар, фол боқдиришлар, истихора қилишлардан сўнг ул буйруқни бажо келтиришга қарор берамиз. Сиз, мустамлакачи ўртоқ, бажо келтиришдаги ҳунарларимизни қаранг. Сизга бир мисол келтурай: Андижон инқилоб-ҳарб шўроси билан қўмитаси, шаҳар маҳкамалари, идоралари, дўкон-савдохоналаридаги вивеска (унвон)ларни мусулмончалашдиришга қарор бериб тегишлик буйруғини чиқарди. Бир-икки ҳафта ўтгандан сўнг катта-катта, қулоч-қулоч вивескаларнинг устида қарич-қарич, вершук-вершук келатурған «қўшма» (илова)лар пайдо бўлди. Агар яқинга бориб дурбин билан қарасангиз, ҳалиги «қўшма» тунукаларга чизилғон хатларни ўқий оласиз. Масалан: Андижоннинг марказий суратхонаси Медвед фамилиялик бир кишиники экан. Ya’ни суратхонанинг каттаси «Медвед» деган бир бандаи Худонинг авлодидан экан. Шул ҳам вивескани мусулмонлашдирибдир, яъни «Централная фотография. Медвед»нинг устига мусулмон хати билан «Марказсуратхона. Айиқ» деб ёзибдир. Ана холос, бўлди-кетди. Яна бир мисол: Эски шаҳарда, Қатортеракнинг бошида (Инқилоб дарвозаси ёнида) бир идора пайдо бўлубдирким, мусулмонча вивескаси мана шу: «Кина маҳкама нажолис мелиса фуркур ули район Андижон эски уяздини». Мен бунинг мусулмончасидан, азбаройи Худо, ҳеч нарса фаҳмламадим. Ўрусчасини ўқиганимдан кейин билдимким, «Андижон шаҳар атрофининг мелиса идораси» экан… Биз ҳам «Дархон» газетига бир вивеска буюрдик. Бир Худо ярлақаб, ўшал кўчалардан ўтиб қолсангиз, кўзингиз йўғон бир вивескага тушар. Вивесканинг йўғон ўрусча хатлари устида мусулмонча ёзилғон шу хатларни кўрарсиз: (эски араб ёзувида) «Ўзбекча «Дархон» газетаси идораси»). Ҳозирдан айтиб қўяйлик: ул хатларнинг маъноси мундай бўладир: «Ўзбекча «Дархон» газетасининг идораси»… Балли, отангга раҳмат, ўлма, мусулмон!.. Муттаҳид фронтимизнинг биринчи вазифалари Ниҳоят, Тошкент ёшлари Туркистоннинг марказида ишлаб юрган масъул маориф ходимлари маориф ва маданиятимиз устига келаёткан зўр таҳликани англадилар. Газетамизнинг Янги йил сонида босилған “Ерлик халқ маорифида муттаҳид фронт” сарлавҳалик хитоблари билан жаҳолат ва таассуб отлиқ “қора бало”га қарши бирлашиб қўзғолдилар. Тошканд маориф оқсоқолларининг бу ҳаракатлари жуда вақтида бўлди. Агар бир оз кейин бўлғанда ҳам кечикиб қолмоғимиз эҳтимол эди. Негаким ҳукуматимизнинг кечирмакда бўлған пул танглигини (молия буҳрони – финансовый кризис) ҳали енгилгани йўқдир. Ҳукуматимиз бу тангликдан қутулмоқ учун ҳар нав чора ва тадбирларни кўрмакдадир. Мамлакатнинг ҳамма ишини бир даража оқсатиб турған бу тангликни йўқотмоқ учун пул-молия ишларини пухталаб тежаш лозим бўлса, бу йўлда маориф ишларига зарар келтиратурған баъли бир чораларни ҳам кўрмакка, қўлланмоққа тўғри келадир. Шунинг учун маориф ишларида биз ҳукуматга ортиқ зўр умидлар билан таяна олмаймиз. Маориф муассасаларимизнинг кўпини ўз гарданларига олған маҳаллий маблағларимиз эса ортиқ даражада бузуқ йўлсиздирлар. Демак, улар билан ҳам биз истаганимиз натижага ҳали-бери ета олмаймиз. Шундай бўлғандан кейин энди бирдан-бир йўл бизга “Ўзинг учун ўл, етим!” шиори-да қоладир. Бизнинг муттаҳид фронтчиларимиз ўзларининг кетатурган йўлларида шу шиорни маҳкам ушлаган кўриналар; уларнинг хитобларида шу ҳақиқатлар жуда очиқ кўрсатмишдир. Муттаҳид фронтни уюштирған марказдаги маориф оқсоқоллари фронт очилғандан сўнг қилинатурған ишларга бир дам ҳам кечикмасдан ёпишмоқлари лозимдир. Фронтни очишда кечикишдан сақланған бўлсалар, унинг биринчи вазифаларини бошлашда ҳам сира кечика кўрмасунлар, бу йўлдаги кечикиш натижа эътибори билан баб-баровардир. Фронтнинг биринчи вазифалари, бизнингча, ўлкага тарқалиб иш бошламоқ, миллий бойлиғимиз бўлған вақфларға ёпишмоқ бўлса керак. Ўлкада ишламак, маҳаллаларнинг ҳақиқатан ўлиб қолған маорифини гўрдан тортиб чиқармоқ вазифаси сира кечикдирилишга ярамайдир. Маҳаллаларда наридан-бери маориф ишларига аралашиб келаётқан ёшларга англамас миялар томонидан қўл текизилмакка бошлағани тўғрисида дараклар кела бошлади. Масалан: Самарқандда маориф ишларини яхши йўлга қўйиб келаётқан маориф мудири Вадуд ўртоқнинг ишдан бўшатилиб, ўрнига ерлик халқ маорифи билан кўпда алоқаси бўлмағон кишиларнинг қўйилғонлиғи тўғрисида “Зарафшон” рафиқимизда бир бош мақола ўқудук. Вадуд ўртоқ тўғрисидағи бу ўрунсиз ҳаракат Самарқанд ёшлари орасида “Мана, айтмадикми, биз ёшларға ишлагали йўл бермайлар…” деган бир фикр туғдирған. Ҳолбуки, бу фикрнинг туғулиши бизнинг муттаҳид фронтимизға қарши биқиндан ясалған ҳужум кабидир. Бу ҳужум бизга ўз кишиларимиз томонидан билмаслик орқасида қилиниб турулған ҳужумдир. Бизнинг муттаҳид фронт оқсоқолларимиз бир камисия ёки бир тўда ҳолида тезлик билан маҳалларга бориб ёки марказий ҳукумат билан онглашиб бу ҳужумни қайтаришлари, балки буткул енгиб ташлашлари тегишдир. Муттаҳид фронтнинг биринчи вазифаларидан яна бири вақфлар масаласи деб эдик. Яқинда бу тўғрида марказий ҳукумат маҳкамаларида жуда яхши қарорлар чиқарилди. Шу қарорни дарҳол юзага чиқариш ишига киришмак, қарор ёзилган сиёҳ қурумасдан туруб режани чизиб олмоқ марказдаги маориф оқсоқолларининг муҳим ва ғалабага қарата олиб боратурған қарзларидур. Юринг, ўртоқлар! Музофот ижроқўми диққатига BU HAM BIR TOUN (ЎЛАТ) Хива, Туркманистон томондан келаётқан toun балоси даф’ қилинғанға ўхшамайдурким, матбуотимиз ҳам жим бўлуб қолди. Албатта ўз вақтида тегишлик чоралар кўрулгандан кейин ундай балоларни даф’ қилмоқ, ҳеч бўлмағанда улардан бошқа соғ таналарни сақлаб қолмоқ мумкиндур. Бир жойдан, бир райондан шундай маълум, танилган бало чиққанда ҳам бесаранжам бўладур. Матбуот ҳам фарёд қиладур. Ҳукумат ҳам аҳамият берадур. Тегишлик идоралар ҳам жиддий чоралар кўруб, вақти-вақтида олдини оладурлар. Лекин, баъзи бир балолар бордурким, зарарлари ҳалигилардан кам бўлмағани, балки ортиб кетгани ҳолда уларга ҳеч ким аҳамият бермайдур, халқ ҳам қиёмат тўпаланг қўзғатмайдур. Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби шудурким, у балолар бир жой ва бир районда, бирдан ва улгуржи пайдо бўлмасдан, кенг халқ орасида ёлғиз-ёлғиз аста-аста пайдо бўладур. Сўнгра, у балолар ҳалигилар каби танилган ҳам бўлмайдур. Танилган балонинг энг каттаси, юқорида айтганимдек, toun (ўлат) эди. Амударё бўйларида пайдо бўлуши билан дарҳол олдини олиб йўқ қилдилар. Лекин зарари ундан кам бўлмаған бир бало бу кун Фарғонанинг баъзи бир шаҳарларида давом қилиб турадур. Мунинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Меним toun қаториға қўйғаним у касал: ёш болаларда кўрулган йўтал касалидур. Анжан ва Ўш шаҳарларининг кўб жойларида шу касални кўрдим. Бир кечанинг ичида бечора бола энг ками 20 марта йўталадур. Баъзан бу йўтал 1,5 минут давом этиб, болаға жуда ёмон азоб берадур. Ширин болаларини доим шу қийноқда кўрган кўп ота-оналар жонлариға теккан вақтда “мунинг бу хилда яшашидан кўра ўлгани яхши эди” дерлар экан… Шаҳарларимизда “ишлаб” келаётқан “фаол” соғлиқни сақлаш маҳкамаларимиз бу касалга қанча аҳамият бердилар экан, хабарим йўқ. Лекин, уларни бир тарафга олиб қўйғанда, халқнинг ўзи ҳам бу тўғрида умумийроқ бир бесаранжамлик кўрсатмайдур. Ҳар оила шу балога йўлуқған бўлса ўз дардини ўзи тортадур, бас. Лекин, буни бу ҳолда қолдирмоқ мумкин эмас. Айниқса, ҳозирги ҳукуматимиз замонида келгусининг ҳур ватандошлари бўлатурған кичкина ука ва сингилларимизни кўз олдимизда шу балонинг панжасига ташлаб қўйишимиз катта хиёнат! Фарғона музофот ижроқўми ва ундан юқорироқ турган идоралар ёш кучлар учун келган бу tounga қарши бутун кучни сафарбарлик остиға тўпламоқлари керак. Музофот ижроқўмининг II ялпи мажлиси Музофот ижроқўмининг иккинчи ялпи мажлиси 15-мартда чақирған эди. Гарчанд чақирған вакиллар шу кунга етиб келса-да, мажлисда марказдан келган ўртоқларнинг ҳам иштирок этишлари матлуб бўлганидан, улар ўша куни Фарғонадағи фирқа аъзоларининғ умумий мажлисларида бўлғанликларидан белгиланган қун 15-мартда ялпи мажлис очилмай, эртаси – ўн олтинчида эрта билан соат ўнда ўртоқ Алихўжа ўғли томонидан очилди. Бундан сўнг биринчи сўзни Турк Жумҳурияти Халқ Камисарлари Шўросининг раиси ўртоқ Ислом ўғли олиб, ҳозирги вақтда Фарғонаға бериб турган ёрдамлар тўғрисида сўзлаб ўтди. Ислом ўғлининг маърузаси биткандан сўнг, ялпи мажлис ўзининг рўзномасидаги масалаларни кўришка бошлади. Рўзномадаги масалалар шулар эди: 1) музофот ижрокумининг уч ой ичида қилган ишларининг ҳисобини; 2) маҳаллалардан маърузалар; 3) қишлоқ хўжалиғи тўғрисида; 4) молия ва солиқ сиёсатлари тўғрисида; 5) идораларни ерлилаштириш; 6) маориф тўғрисида. Музофот ижроқумининг 3 ойлик қилған ишлари тўғрисида ўртоқ Алихўжа ўтли ўзининг маърузасида босмачилиқни битириш, Фарғона қишлоқ хўжалиғини тиркизиш, молия ишлари, идора ишлари ва маҳаллий саноат-хўжалик ишларини йўлга қўйишда кўрилган чоралар ва кўрилган муваффақиятларни тўкус-тугал айтиб ўтди. Маҳаллардан бўлған маърузаларда уезд ижроқўмларининг раислари юракларида тўлуб қолған ҳамма дард-ҳасрат ва камчиликларини бир-бир баён этиб, бу ялпи мажлисга ўзларининг тилакларини вужудга чиқаришни таклиф этиб ўтдилар. Қишлоқ хўжалиғини ва суғориш ишларини тўғрисида маърузачи ўртоқ Ҳожибой ўғли қишлоқ хўжалиғи ва суғориш ишларини йўлга қўйиш, ерсиз ва ери оз деҳқонларни ер билан таъмин этиш тўғрисида қандай чоралар кўрулаётканини билдирди. Молия ва солиқ сиёсати тўғрисида ҳам ўртоқ Сайид Али ўғли билан ўртоқ Бурнашовлар солиқларнинг қайси хилда тушуб турганлиги, ярим йиллик молия йили ичида тушкан даромад ва қилинган масорифларнинг ҳисобини бошдан-оёқ айтиб бериб ўтдилар. Ҳамма маърузаларнинг ичида энг аҳамият ва диққат билан тингланган маъруза идораларни миллийлаштириш тўғрисидағи маъруза бўлди. Ўртоқ Алихўжа ўғли музофот ерлилаштириш камисиясининг раиси бўлиши сифати билан бу ҳақда қилинган маърузасида камисиянинг камчиликларини айтиб ўтиши билан баробар бу йўлда кўрулиб ва қилиниб турган монеликларни на қийин шароит ичида анчагина муваффақиятлар ҳам кўрилганлигини, уездларнинг бу тўғрида ҳеч иш кўрсата олмағанлиқлари, ҳатто шу вақтга довур музофот камисияси билан бир дафъа ҳам алоқада бўлуб, ўзларининг бору йўқларини билдирмағанлиқларига кўбрақ тўхтаб ўтди. Маъруза тамом бўлгандан сўнг музофот камисияси томонидан ҳозирланған 9 моддалик қарор ўқулуб, бир оғиздан қабул этилди. Мундан сўнг маъруза маориф тўғрисида бўлса-да, билмадик, нима сабаб билан бўлса керак, мажлис маърузани эшитишни ортиқ кўруб ҳозирланған қарорни баъзи бир қўшумчалар билан қабул қилиб қўя қолди. Маориф тўғрисидаги маърузадан сўнг ўртоқ Бурнашов бирлашкан қишлоқ хўжалиқ солиғининг асослари тўғрисида (маъруза) қилмоқчи бўлса-да, вақт жуда кечикиб қолганликдан, кечқурун соат 12 да ялпи мажлиснинг тўртинчи ўлтурушини ёпиб, маърузани эртаси 17-мартдаги сўнгги мажлисда эшитмакка қарор қилиб мажлис ёпилди. 17-мартда эрта билан соат тўққузда сўнгғи мажлис очилиб, ҳалиги маърузадан сўнг расман 16 мартда бошлаб очилған ялпи мажлисни ўртоқ Алихўжа ўғли “ёп(ил)ди” деб эълон қилди. Музофот ижроқўмининг бу иккинчи пленумининг қилинган маърузаларига чиқарған қарорлари газетамизнинг келаси сонларидан бошлаб босилур. Музофот қурсиндаги воқеа “Музофот турк муаллимлар қурси”нинг талабалар ётардирган иқоматгоҳина (илгариги рус-ерли мактаби биносинда, сой бўйинда), андижонлик талабалар турган хонага сешанба куни 29 нчи июлда кечаси соат 12 ларда 10-15 нафар номаълум яроқлик босмачилар кируб, “Асрорхон” деган йигит борми?” деб сўраб, 3 нчи табииёт синфи талабалариндан Асрор Акбарзода “менман!” дегандан кейин уни олдиларига солишуб, бошқа талабаларнинг кийим, уст-бош ва пулларини талаб, олуб чиқуб кетдилар. Талабалардан баъзилари 3-4 мингга пулларли нарсаларини олдирдилар; хусусан усмонли (Туркия) табаъаси Мақсуд афанди Фидоий қуруқ бир кўйлак ва лозим ила қолди… Бошқа зарар йўқ. Ўғрилар милтиқсиз бўлуб, қуруқ “наган” усулиндаги тўпончалар ила қуролланган, ул тўпончалар ҳам ҳужрага кирганлардан, фақат 4 нафарида бор эди. Ўзлари янги фўрмада кийинган, бир-бирларини “товариш” (ўртоқ) деб айтишар эдилар. Эшикда турганлари ичкаридагиларга ҳатто русча: “искори товариш!” (тез бўл, ўртоқ!) деб турдилар. Улар ўзларини Андижон уязинда бўлған машҳур Маҳкам ҳожига нисбат бердилар; қарандаш қалам билан хунук қилиб муаллимлар исмина ёзилган хатда “Асрорнинг керак бўлса Маҳкам ҳожи ёнидан, ё солдат ёки муаллимлар ўзлари боруб олуб келсалар керак эканлиги” баён этиладир ва тагига русча хунук хат билан “Маҳкам Ходжаеф” дея ёзилмишдир. Хатнинг равиши Маҳкам Ҳожига ҳеч алоқаси йўқдай кўрунадир. Қурс биносини сақлашда илгари бир нав’ бепарволик бўлса ҳам, шул воқеадан кейин бинони яхшилаб сақламоқ учун керакли тадбирлари кўрулди. Зарар тортган талабаларға ҳам моддий ёрдам этилажак. Бутун музофот мусулмон меҳнаткашларининг келажакда чин меҳнаткаш бўлуб тарбия этиладурған болаларини тарбия этадурған муаллимларга бу жиноятни ишлаған босмачилар не қадар шоёни нафрат бўлсалар, музофот маркази бўлган бир шаҳарда шундай аҳамиятли бир жойни яхшилаб сақламай, ўз вазифаларина бепарволик қилган ҳукумат кишиларида шул қадар таассуфга шоёндирлар… Нефть учун кураш Нефть… Мана, кейинги вақтда жаҳонгирлар ўртасида бўлған битмас-туганмас талаш, жанжаллар, охири кўринмаган сиёсий музокаралар ва дипломат майнабозлиқларининг сабабчиси нефтдир. Жаҳонгирларнинг бутун тутқан сиёсатлари, қилған ҳаракатлари яна нефть билан ўлчанадир. Нефть дунё сиёсатида муҳим, жуда муҳим рўл ўйнамоқға бошлади. Буржуазия бунинг учун ҳар соатда бир-бирининг бўғзига осилмоқға, зарур бўлса беҳисоб қон тўкишга ҳозирдир. Ёврупо дипломатларининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи майда халқларни муҳофаза, “мазлум миллатларга истиқлолият” дея ашула қилишлари сулҳпарварона алжишлари… тегида буларнинг аслини текшириб кўрсак нефть ётадир. Дунё ҳукмдорларининг бутун ҳаракатлари, бутун сиёсий ўюнлари – ҳаммаси нефтга боруб тиркаладир. Бу нарса жаҳонгирларнинг кеча-кундуз кўз олдиларида; улар бунинг билан ўзларининг “нафис” қўлларини қора қилмоқдан ҳам қўрқмайдирлар. Жаҳонгирларнинг бутун канференсиялари, улуғ давлатларнинг беҳисоб “нуфуз доираларини” белгилаш мажлислари ва ҳоказо, шунинг ичида бўлуб ўткан Генуя, Ғаға, ўшандоқ яқинда марҳум бўлған Лузон канференсиясида ҳам энг шовқунлиқ масъала Месопотамияда нефть чиқатурған муҳим бир районнинг маркази – Мўсул шаҳри устида эди. Бунда эски йўлбосар давлат Англия ва Амриқо ёқалашадир, қолған давлатлар ўзларининг манфаатларига қараб шунлардан бирининг томонини оладирлар. Мана, байналмилал сиёсатда нефтнинг тутқан ўюни… Бунинг сабаби нима? Сабаблари жуда очиқ: ҳозирги кунда катта саноатнинг ўсуви ва бунинг учун ёқиш асбобларининг зарурлиги, бу бир; нефть, тошкўмирга қарағанда кўброқ иссиғлиқ берадир, шунинг устига нефтни чиқариш ва ёқмоқ учун тошкўмирга кетгандек кўб куч сарф қилинмайдир ва арзонроқ турадир, бу икки, уч. Шунинг билан баробар юк ташимоқ йўлларида бунинг аҳамияти улуғдир. Нефть билан ҳаракатга келатурган уруш кемаси, тошкўмир билан юратурганига қарағанда уч мартаба ва балки ортиғроқ тез юрадир. Юк ташимоқ йўлларида, катта саноатда нефть билан иш кўриш кундан-кунга ортадир. Тошкўмир ва бошқа ёқиш асбоблари секин-секин иккинчи ва учинчи планға кўчадирлар. Шуни ҳам эсдан чиқармайликким, нефтдан тағин бензин, ер кўмири, асфальт, газалин, ҳар хил ёқиш ва суркаш ёғлари ва ғайрлар ишлаб чиқариладир. Мана бу ҳоллар нефть чиқариш ишининг кундан-кун ўсишига асосий амаллардир, албатта нефть саноати ҳали кўб ёшқа киргани йўқ. 1870 нчи йилда бутун дунё масштабида фақат 50-55 милён пуд нефть чиқарилур эди. Лекин бора-бора бунинг маҳсулоти ортуб, 1920 нчи йилда 5.552 ва балки ортуғроққа чиқди. Демак: эллик йил ичида нефть чиқариш юз мартабадан ортиғроқ кўтарилди. Дунёда ниҳоятда кўб нефть истеъмол қилғувчи икки давлат – Англия ва Шимолий Амриқодир. Шимолий Амриқо нефть истеъмол қилишда биринчи мамлакат ҳисобланадир. Англиянинг ўз чегарасида (балки 165 минг тонна нефть берган Шотландияни ҳисобламағанда) нефть чиқаролмайдир. Лекин денгизларда подшоҳлиқ қилмоқ учун яхши уруш кемаларига молик бўлмоқ устига, шунга етарлик нефть ўчоқлариға ҳам эга бўлиш керак. Англия ўзига керак нефтни (қора ёғ) чет эллардан оладир. 1920 нчи йилда чет эллардан 3363 тонна (бир тонна олтмиш икки ярим пуд) нефть сотиб олди. Бу бўлса нефть жиҳатидан Англия жуда қийин шароитларда эканлигини кўрсатадир. Англия мустамлакаларида ҳар йили қуйидағи миқдор нефть чиқариладир: Бирма . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 8 милён бочка Ҳиндистон . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 1 милён 200 минг тонна Тринидат . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 3 милён бочка Миср . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 1,5 Қанада . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .1 Месопотамия . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 10 минг Бундан бошқа Англия капиталистлари янги Зеландия жазирасида, Сомали, Новуй Гвинея ярим оқаларида, Фаластинда ва бошқа ерларда нефть чиқармоққа киришдилар. Лекин бир Англия қўл остида чиқарилған миқдор нефть унинг саноат, савдо ва ҳарбий кемаларига керак эҳтиёжларни ёпа олмайдир. Чунки нефть чиқарған мустамлакаларнинг ўзига ҳам нефть керак, кўпига ўзларига ўзларида чиқарилған нефть етмасдан чет эллардан нефть сотуб олмоқға тўғри келадир. Ҳиндистонда 10.200.000 тонна нефть ҳосил қилинса ҳам, буни четга чиқариш ҳақида оғиз очиб бўлмайдир. Чунки Ҳиндистоннинг ўзи ўзида ҳосил бўлған миқдордан ортиқ нефть истеъмол қилуб, етмаганини Эрон, Ҳолландия Ҳиндистони ва Шимолий Амриқодан келтирадир. Шундоқ қилиб Англия нефть билан таъмин қилиш ишида тамоман Амриқо қўлидадир. Англия 1920 йилда чет эллардан сотуб олған нефтнинг 61% ни Шимолий Амриқо жамоҳирул-мутафақасидан олди. Шунинг учун Англиянинг уруш натижасида қўлиға кириб қолған мустамлакалари Миср, Месопотамия ва бошқаларни икки кўзини сақлағандек сақламоғи табиий бир ҳолдир. Англия учун қаналлар, бўғозлар жуда муҳим рўл ўйнайдир. Албатта, унинг учун бўғозларнинг ҳар бир мамлакат кемалари учун очиқ бўлиши ҳеч тўғри келмайдир. Ул денгизларда подшоҳлиқ учун ўзига нефть ўчоқларини таъмин қилмоқчидир. Нефть хусусида Англиянинг ҳоли шу. Энди Амриқоға келайлик: бу мамлакат нефть масъаласида жуда яхши ҳолдадир. Бутун дунёда ҳосил бўлған нефтнинг 70-80 фоизи Шимолий Амриқо жамоҳирул-мутафақасининг ёлғуз ўз чегарасидагина ҳосил қилинадир. Шунинг билан бирга бу мамлакатнинг нуфузи остида нефтга жуда бой бўлған Мексика мамлакати турадир. Ёлғуз бир Мексика нефть ўчоқлари ишлаган тақдирда бутун дунёнинг эҳтиёжини таъмин қилишқа ва балки ундан ҳам ортиқ чиқаришқа қодирдир. Демак, Амриқо билан нефть масъаласида рақобат қилмоқ мумкин эмас. Лекин нефтга шундай бой бўлған Амриқонинг Англия томонидан Эрон, Месопотамия ва бошқа жойларда ўзига нефть ўчоқлари олмоқ ҳаракатларига тинч қарай олмаслиғи ва албатта ўзига ҳам қисмат талаб қилмоғи бир оз ажиб бўлуб кўринадир. Бунинг сабаби нима? Сабаби маълум: Амриқода бўлған нефть заҳираларининг камайиши, ўчоқларнинг кундан-кунга нефтни оз бера бошлашидир. Амриқо ҳар йили 400 милён бочка нефть истеъмол қиладир. Агар нефть харажати ҳар йили шундай бўлуб турса Амриқонинг бутун бераётқан нефть заҳиралари 17-20 йилларгагина етадир. Амриқо учун 10-20 йиллардан кейин Англия ҳолига тушиш хавфи бор. Шунинг учун Амриқо жаҳонгирлари нефть ҳақида масъала чиқғанда албатта аралашадирлар ва ўзларига қисмат олишқа ҳаракат қиладирлар. Айрим мамлакатларнинг нефть муносабатида аҳамиятларини белгилаш учун уларнинг ерда ётқан нефть заҳираларини тасвир қилатурған бир икки рақамларни кўрсатуб кетамиз: Жанубий Амриқо . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 73,6 милярд пуд Шимоли Жамоҳирул-мутафақа. . . . . . . . . . . . 56 Русия . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 53 Эрон ва Месопотамия . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . 46, 5 Мексика . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 36 Ҳолландия Ҳиндистони . . . . . . . . . . . . . . . . . 24 Румония . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 9, 4 Бундан Шимолий Амриқо Жанубий Амриқодан орқада эканлиги кўринадир. Албатта, бундай бўлғандан кейин Шимолий Амриқо нефть масъалаларига бир чекадан тамошабин бўлуб қола олмайдир. Унинг рақиби Англия Мўсул нефтини ўз қўлиға киргизди. Англия ҳимояси остида бўлған ва 1917 нчи йилда тузилган “Рўял – детч – шелд” нефть ширкати ўзининг томирларини – Калифорния, Мексика, Миср, Русия, Зонд жазиралари, Қанада, Руминия, Эрон ва бошқа ерларга ёйиб бир нефть денгизи ташкил қиладир. Бу ширкат 123 жамъиятдан иборатдир. Энди ўзида камрак солуқлари киргизган Амриқо бошқа мамлакатларда бўғозларнинг ҳар бир миллат кемалари учун очиқ “Озод савдо”ларини киргизиш учун талашадир. Бу Амриқо учун фойдалик ва жуда зарур. Амриқо Англиянинг ўз нефть ўчоқларини ортдирмоқ ҳаракатига қарши ва Англияни ўз қўлида тутмоқчи бўладир. Мана булар ўртасида “нефть денгизлари” учун кураш, талаш кетадир. Чунки “нефть денгизлари” ким қўлида бўлса, байналмилал сиёсатда подшоҳлиқ шунингдир. Генуя ва Ғаға канференсиялари шу нефть (рус нефти) масъаласида Амриқо ва Англиянинг рақобатлари натижасида тарқалдилар. Лузон канференсияси ҳам кўбинча Мўсул нефти масъаласида бу икки рақибнинг келиша олмағанлиғи учун натижасиз ёпилди. Нима эди, нима бўлди? Шаҳар хўжалиғи шўъбаси кўчиб тушкан семун иморатнинг 3 хонаси қироатхона-кутубхонага банд эди. Шўъба тушатурған бўлғач кутубхонанинг эски архивлар ва бошқа қийматбаҳо қўлёзма китоблар турған бир хонасини бўшатдирдилар. “Бу ерга ишхона, канселар бўлади зарур”, – дедилар. Кутубхона ул нарсаларини қироат золиға кўчурди. Ўрун торлиқдан қироат золи энди барҳам еди. Локин бўшатилған хонага на канселар, на ишхона кўчмади. Балки шуъбанинг қоровулини ўрнаштирдилар. Кундузи кутубхонага тушканимда ул хонадан қизиқ-қизиқ товушлар эшитдим. Яхши бўлған, қироатхонаға кераклик бир хонани шўъбалари учун хушчақчақ, ўюн-кулги макони қилиб қўйғанлар. Нонушта – Потишхон, қумғонингиз қайнадими? – Салайбуш, яқинлашиб қолди. – Ҳали энди ёқалашиб келаётибдир денг. – Эндиёқ мушлашиб кетадир шу деганингизга! Эгачиси Фотима ўчоқ бошида қумғон қайнатиб, синглиси Солиҳа сўрида ўрунларни йиғиб туриб бир-бирларига пичинг отишиб ҳазил қилишар эдилар. Эгачиси Фотима ўтдан йироғроқ туруб қолған қумғонни ўтнинг ўртасиға жилдириб қўйди-да, Солиҳага қараб: – Ҳуй Салайхон! Мен чой дамлаб, дастархон солиб, бувимларни ўтқузғунча ғизиллаб ҳавлига ўтиб қатиқнинг бетини олиб чиқмайсизми? – деди. Солиҳа ҳавлига ўткани эринди ва шу эринганини билдирмаслик учун: – Билмасдан гапирманг, кеча сут қайнатиб қатиқ уютканимиз йўқ! – деди. Фотима хохолаб бир кулгандан кейин: – Вой, ўла қолай, кеча бувим қатиқ уютамиз деганда Турғунбушларникидан оқлиқ тилаб чиққан ўзингиз эмасмидингиз? – деди. Солиҳа шошди, юзлари қип-қизил анор бўлди. Бирпас нима дейишини билмасдан тутулуб турғандан кейин суст овоз билан айтди: – Турғунбушларникидан оқлиқ тилаб чиққаним эсимда борув, илгари куниги иш деб ўйлабман. – Йўқ, кеча намозгарга яқин эмасмиди? – Майли, ундай бўлса, чиқай. – Ундақа баҳона қилмай чиқиб кела қолинг айланай, келин… – Ўла қолинг, ўзингиз келин! Мен ҳали ёшман. Эрта-индин «ёр-ёр» қилиб сизни узатамиз, тўйингизда бир ўюнға тушай, бир тушай… Ҳамма ҳайрон қолсун! – Мендан кейин сизга ҳам навбат келиб турубдир-да, отинбу. – Менга навбат келмайди, мен бувимнинг бошини боқиб қоламан. – Ҳа, бувингизнинг бошини боқарсиз, а?! Қайнанангизнинг бошини боқарсиз… – Ўзингиз боқарсиз, ўзингиз боқарсиз, ўзингиз боқарсиз, ўзингиз боқарсиз… – Ҳа, алам қилдими? Чидамай кетдингизми, ойим? Чидаганга чиқарған муни… Ҳай, боринг, тезроқ қатиқнинг бетини олиб чиқинг, қумғон қайнаб қолди! Солиҳа чинакам хафа бўлуб қолған эди: хўрлиғи келиб, йиғлағундай бўлуб туруб, бурни билан гапириб сўради: – Қатиғингиз қаерда? – Қаерда бўлар эди, ҳавлида. – Биламан ҳавлидалигини, ҳавлида қаерда дейман? – Ҳавлида қаерда бўлар эди, ўша ҳовузнинг бўйидағи сепояда. Солиҳа бошиға тўнини ташлаб судрала-судрала чиқиб кетди. Фотима варақлаб қайнаб, тошиб турған қумғонни ўчоқнинг бир чеккасига олиб қўюб чойнакларга чой сола бошлади. Фотима уч чойнакка чой дамлаб ўчоқнинг олдиға қатор чизди-да, ўзи нонуштага жой тайёрламоқ учун сўрини супурушга киришди. Узулуб бир тутамғина қолған эски, калта, яланиб кетган ойим супурги ҳар бир ишқанишда яна бўлак-бўлак новда ташлар эди… Фотима ҳар ишқанишда бир қарғаб, ҳар тўкулганда бир сўкуб юруб охирда катта, олти-этти киши қатор ётатурған сўрини супуриб бўлди. Супургини жаҳл билан сўрининг тагига ирғитқандан кейин юқориға, ўнг-сўлга биттадан учта тўшак солди. Ўртага малла дастархонни ёйиб қўйғандан кейин эрина-эрина босиб нон-чой ташимоққа бошлади. Нон севатдан қотқан-қутқан, бурда-бурда ушатилған нонларни олиб туруб ўз-ўзига сўзланди: – Нон ҳам узулубдир. Ҳали хамир қилиб, нон ёпиш керак экан. Вой, ўлсун, бу кун кундузи анави Зийнатнисаларникига чиқиб шаҳардан келган эшоннинг қизларини кўруб чиқайин деб эдим. Эшоннинг ўртанчи қизи шунақа дутор чалиб ашулла қилар эмишки, анави Ўамза сатанг мақтай бериб ўлди. Эсизгина, эртага… кетишиб қолармикин? – Ҳали уч-тўрт кун шу ерда турушар эмиш, шошилмасак ҳам бўладир, – деб йўтала-йўтала узумхонанинг ёнидағи уйдан қизларнинг оналари Саодатбу чиқиб келди. Қиз ҳалиги гапирган гапларини онаси эшитиб қолғани учун хийли уялиб олди. «Бувим гапни яна ўша тўғрида бошламасун», – деган хаёл билан шошилиб апил-тапил гап бошлади: – Буви, мунча кеч чиқдингиз? Мен нонуштани қачонлари тайёрлаб қўюб эдим. Уч чойнак чой аллақачондан бери ўчоқда дам еб турубдир. Кампир, қизнинг бахтидан бўлуб, ҳалиги тўғрида гап қўзғатмасдан, нонушта тўғрисида суруштуруб кетди: – Уч чайнак чойнинг нима кераги бор эди? – Ҳай, нонушта қилиб ўлтуруб ичмаймизми? – Нонуштада уч чойнак чойни ким ичади? Бекор исроф бўлуб қолиб кетадир. – Бирор чойнак ортиб қолса, совутуб қўярмиз. Акам баъзи вақтда яхна чой деб нах оламни бузуб юборади. – Нонуштани қаерға тайёрладинг? – Сўрига. – Айвонға тайёрласанг бўлмасмиди? Сўрига эндиёқ офтоб тушуб қолади. – Ҳаҳ, ҳали офтоб тушишига… 20 соҳат бор. Чиқиб ўлтурунг, мен ҳозир чойни олиб бораман. Саодатбу индамасдан сўрига чиқиб ўлтурди. Дастархонға аллақанча бурда, ушоқ нонлар билан иккита пиёла қўюлған эди. Фотима бир чойнак чойни олиб келиб онасининг олдиға қўйғач деди: – Қумғонни яна қайтиб ўтга қўюб келай, ҳали акам келиб қолса, нонуштасига чой керак бўладир. Чойни сиз ўзингиз қуюб ичаберинг. Югуриб ўчоқнинг олдиға борди. Катта, эски, қорайиб кеткан мис кўзадан қумғонға сув тўлдирғач лабини тишлаб туруб катта қумғонни ўчоқнинг ўртасиға қўйди. Ўчоққа катта бир тут томирини тиқиштирғандан кейин алангаси тугаган ўтни пувдаб ёндирди-да, секингина сўрига келиб ўлтурди. Чойи бор пиёлани айлантириб совутиб турған Саодатбу чойнакни чойи билан қизиға узатди-да: – Салайинг қани? – деб сўради. Кампирнинг бу сўроғи Фотимага жуда бўлуб берди: шу сўроққа жавоб бериш баҳонаси билан кўнглидаги аччиғ-чучугини бир йўли бўшатиб олмоқчи эди. Шу учун бирга ўн қўшуб гапира бошлади: – Салайингиз тўғрисида, буви, нима дейишимни билмайман. Ётишда ҳаммамиздан бурун ётадир, турушда яна ҳаммамиздан кеч турадир. Тунов кун, анави отинбуларимиз келишганда, савачўб билан саваб ҳам уйғота олмадим. Бу қандай гап ахир? Мундай бўлатурған бўлса, бу қиз ҳаммамизни шарманда қиладир! Ахир бировға – бир Худо бандасига берасиз-да шуни! Узиқарароқ қайнананинг қўлиға тушуб қолса нима бўладир бу? Анави Азиз шаллақиға ўхшаған бир қайнаға йўлуқса борми. Нах қадримизни бир чақа қиладир бу қизингиз!.. Саодат кампир мунга жуда ҳам яхши жавоб берди: – Қандай қилайин, қизим, ҳамманг бир қаро гўрсан! У ёмон бўлған билан, сен яхшимидинг? Сени уйғотмоқ учун ўзим ҳам кўб савачўпларни синдирғанман… У ҳали ёш, сендай бўлғунча ўзини тузатиб олар. Сен бўлсанг эрта-индин кетасан. Ҳали сенинг аҳволингга қараб туруб она сутим оғзимға келадир!.. Фотима ўйламасдан калтак кўтариб қўюб ўша калтакнинг тагида ўзи қолса ҳам, яна бор кучини ишлатиб ўзини оққа чиқармоқчи бўлди. Шу учун онаси гапдан тўқтар-тўқтамас гап бошлади: – Ўша қизингиздан ёмон бўлсам бўлган эканман, буви. Менинг қилғанларим сизга кўрунмас экан-да. У кенжа қизингиз бўлғани учун сизга яхши кўрунуб кетар экан-да… Бўлмасам, рўзгорнинг ишини ким қилиб ётадир? Салайингиз нима иш қилди? Чой дамладими? Нонуштани тайёрладими? Қатиқнинг бетини олиб чиққани кетганига аллақанча бўлди, ҳали ҳам дараги йўқ. Ўйнаб қўшнидан-қўшниға чопиб юргандир… Саодатбу индамади, қиз ҳам жим бўлди. Жимгина чой ичишга киришдилар. Ичкари уй тарафдан тақур-туқур товуш келди, иккаласи ҳам қарадилар. Чиқиб келаётқан келинлари Паризод эди. Саодатбу дарров оғиз очди: – Вой, келин, сизни нонуштага чақириш ҳам эсимиздан чиқибдир. Манави Потиш ўлгур ҳам чақирмаған экан-да. Буларнинг эслари қурсун, буларнинг! Фотима онасининг гапини оғзидан узуб олиб ўзини оқлаш учун яна бир важ айтди: – Бир қарасам, жойини йиғиб турған экан, у вақтда қумғонни эндигина қўюб эдим, шунинг учун чақирмадим. Анави Салайингиз чиқса, нонуштани тайёр қилиб қўюб, инайкин чақирмоқчи эдим. Оқ кўнгиллик, эслик Паризодхон бу керак эмас жанжалларга калтагина жавоб берди: – Нонуштага ҳам чақиртириб ўлтуруб, нима, мен меҳмонмидим? Нонуштани ўзим чиқиб тайёрламағанимға хижолат бўлуб ўлуб кетаётибман-у… Шу гапни айткандан кейин бетларини ярим ёпиб турған иккита кокилчасини секингина ён сочлари орасиға қистириб туруб «Қизим, сенга айтаман, келиним, сен эшит!» деган мақолни ўйлади. Сўнгра кўксини жуда кенгайтириб ҳаво тўлдириб оғир-оғир бир дам олди-да, Саодат кампирнинг сўлған ва бурушқан юзларига тикилди. Кампирнинг бетига бир кичкина чўп ёпишиб турған экан, қўл узатуб олиб ташлади. – Вой, нима бало экан? – деди Саодатбу. – Бир хашак, ёпишиб турған экан, – деди келин. Фотима келинга чой узатди. Келин унинг хийлийдан бери таралмаған сочлариға қараб туруб чойни олди-да, астойдил ва чинакам кулуб туруб: – Патмахон, бугун сочингизни ювинг, чиройлиқ қилиб ўруб қўяман! – деди. Фотима ҳам кулди. Яна жим бўлуб чой ичишга киришдилар. Минғиллаған товуш келди. Қарадилар: бир косада қатиқ бети кўтарган Солиҳа эди. Онаси дарров ғадаблашга оғиз очди: – Жувон ўлгур қизим, илоҳи, яшшамағур қизим! Битта қатиқнинг бетини олиб чиқиш учун шунча ҳаялми? Сени ҳеч одам қилолмадим-да! Солиҳа қатиқни секингина онасининг олдиға қўйди, ўзи сўрига ўлтурмай туруб узр айтишга бошлади: – Анови… буғдой экилган ернинг бериги чекасидаги бир туп қора гилос пишиб тугаёзибдир, шу чоққача битта ҳам еганим йўқ эди. Сизлар ҳам еганингиз йўқ, ўзимизнинг оғзимиз тегмасдан туриб тугашга яқинлашибдир. Ҳаммасини бировлар еб кетишибдир. Қатиқнинг бетига деб чиқсам, бир-иккита бола деворға чиқиб олиб ҳадеб мўтаб ётқан экан, бориб урушдим. Менга қараб кесак отиб-отиб ўзлари қочишиб кетди… Инайкин қарасам, гилос оз қолибдир, оғзим тегиб қолсун деб жиндак териб эдим… Солиҳанинг бу «баҳона»сига келинбуси билан опаси кулдилар. Онаси қовоғини солиб туруб: – Фолбин лўлига ўхшаб жаврамай ўла қол, илоҳим, қилган гуноҳингдан ҳам мана бу баҳоналаринг ёмон… Ҳавлида бошқа мева қуруб кеткан эканми? Кундузи бекорчиликда чиқсанг нима бўлар эди? Видирамай ўл… Ўтур, нонуштангни қил! – деди. Солиҳа чиқиб ўлтурди. Яна индамасдан чой ича бошлаған эдилар. Шу чоқда келинчак ҳиққиллаб кулуб юборди. Унинг кулушига қараб бошқалар ҳам кула бошладилар. Сабаби билинмаса ҳам, шундай қилиб ҳаммалари бир қур кулишиб олдилар. Бурушқан юзларини яна кўпрак буруштуруб кулган кампир ўзини тўқтатқандан кейин сўради: – Келин, айналай, нимага кулдингиз? – Ҳеч… шундай… ўзимча кулдим… – Вой, киши бекордан-бекорга ҳам кулаберар эмишми? Сўзга қақажон Солиҳа аралашди: – Келинбум менинг гапларимга кулаётқандир… Келинчак яна кулди. Бу Солиҳага тоза бўлуб берди. – Ана, рост, рост, менинг гапларимга кулаётқан экан! – деди Солиҳа. Шундан кейин келинчак кулишини бир оз пасайтирди-да, яна очиқ юз ва кулган кўзлари билан Солиҳага қараб туруб: – Йўқ, Солиҳахон, мен сизнинг гапингизга кулганим йўқ. Бояғи опа-сингил иковларинг гапирган гапларга кулдим, – деди. Шундан кейин кампир сўради: – Булар нималарни гапиришти, келин? – Қизларингиз икаласи ҳам эрга тегиш тўғрисида гапиришиб тўйнинг режасини чизишдилар. Йўқ, унга ҳам кулмайман, ҳалиги – қумғонни ёқалаштириб, мушлаштириб ўйнағонлариға куламан. Келинчак бу сўзларни зўрға-зўрға айтиб яна кулишга бошлади. Уни кўруб қолғанлар ҳам кула бошладилар: яна кулиш, қизариш бошланди. Пастки кирпикларига ёпишқан уч-тўрт томчи кулги ёшларини локисининг учи билан артиб туриб кампир сўради: – Қумғонни ёқалаштирғани нимаси? Қани, айтиб бер-чи, Потиш! Потиш онасининг бу таклифидан уялиб: – Йўқ… Салайингиз айтиб берсун! – деди. Салай ҳам ўз қаторида: – Йўқ… Потишингиз айтиб берсун! – деди. Бирмунча қийин-қистовдан кейин икаласи ҳам ҳали-боя қилған қилиқларини яна қилиб бермакчи бўлдилар. Фотима кула-кула ўчоқнинг олдиға келди, Солиҳа сўрида қолиб бояғидай сўз бошладилар: – Потишхон, қумғонингиз қайнадими? – Салайбуш, яқинлашиб қолди. – Ҳали энди ёқалашиб келаётибдир денг. – Эндиёқ мушлашиб кетадир шу деганингизга! Яна кулиш бошланди… Олданмайлиқ Сўнг вақтларда шаҳаримизда қўллариға Маҳкамаи шаръиялардан қоғоз олған янги шаклдаги гадойлар айлана бошладилар. Улар ўзларини Туркия қўшуни хизматидаги курд аскарлари деб танитадирлар. Улар гўё, жаҳон урушида асир тушган эмишлар-да, энди элга қайтмоқ учун бу ерга келганлар эмиш. Ҳозир, йўл харажати учун мусулмонлардан иона сўраб юрадирлар. Мен улардан икки гуруҳга тўғри келдим. Бир гуруҳнинг қўлиға Андижон Маҳкамаи шаръиясидан иккинчи гуруҳнинг қўлиға Конибодом Маҳкамаи шаръиясидан ёрдамға даъват қилиб қоғоз берилган. Бу кишилар – менга нима учундир шубҳалик кўриндилар. Ҳақиқатан тегишлик бир ишга ёрдам қиламиз деб гадойлик каби ёмон одатни бошқа бир шаклга солмайлиқ. Оқпошшонинг инъоми Кеч қолган бозорчилардан бир тўдаси отларига шўх-шўх қамчи бериб кўчадан ўтгач, камқатнов кўчанинг кўпда увалиб етмаган йирик чанглари ҳар томонни булутдек босди. Шундан кейингина масжид жиловхонасида ўлтурганлар кўзларини юмдилар. «Туркистон вилояти газети»ни уларга ўқиб бераётган Мулла Шамсиддин ҳам кўзини юмуб газет билан бетини тўсди. – Ҳа, ивирсимай ўлсин, қишлоқи, – деди у. – Номозшом бўлганда бозордан қайтаётир… – Кеч қолгандан отга шошилиб қамчи беришини кўринг, – деди яна битта чол. – Битта-битта юрса ҳам бир нави эди, ҳаммаси балодай тўдалашиб юради тағин. Сўфининг шу сўзларидан кейин чанг бир оз тарқала тушиб, яна мирзанинг газет ўқуған овози чиқди. Газетнинг энг қизиқ хабари Маскавдаги виставка тўғрисида эди: у виставкага Санкт-Петербург шаҳридан оқпошшонинг ўзлари келар эмиш, виставкада ўз ҳунарини кўрсатган ҳар бир фуқаросига шоҳона инъомлар берар эмиш. Дурадгор уста Тўхташ гараниш (пристуф) маҳкамасининг мирзаси бўлган Мулла Шамсиддинга юзланиб виставкага аралашув тўғрисида маслаҳат сўради. Пияниста Шамсиддин негадир отахонлар муомаласини қилиб уста Тўхташнинг виставкага атаб тайёрлайтурған муюмини ўз қўли билан пўчтага топширишга ваъда қилди. Шомга азон айтилгач, эрмакли қарашлар остида мачитга кираётган уста Тўхташнииг юзларида қунт қилган одам ҳалитданоқ ўюнда ютиб чиққан қиморвознинг нашъасини кўрарди… Бир ҳафта ўтмасдан ичига каттакон бир ёғоч кавуш солинган посилка пўчта орқали Маскавга жўнаб кетди. Ёғоч кавушни аслига қараганда икки-уч баравар зўр қилиб тайёрлаган ва бир пойининг бир ёғини елим билан наридан-бери ёпиштириб қўйган устанинг ўз дидлари ва чўтлари, шунга яраша умидлари бор эди. «Оқпошшо кўради, – деб ўйлаган эди у. – Бу мамлакатдаги фуқароларнинг мунчалар йўғон оёқли бўлишидан қотиб-қотиб кулади. Эҳтимол, кийиб кўргиси келади. Кийиб кўради. Бир-икки қадам босар-босмас «тап» этиб йиқилади. Бир кулги беради… Шундан кейин инъом кавушнинг ўзидан ҳам катта бўлади». Уста Тўхташнинг қора бахтига, оқпошшонинг ўзи келмади. Ўз ўрнига аллақандай бир аъён (сенатор)ни юборади. Аъён ёнида Маскав губернатўри ва бошқалар бўлгани ҳолда виставкани қараркан, Туркистон бўлимида уста Тўхташнинг ёғоч кавшига ҳам диққат қилди: – Нима бу? Калўшми? – Шундай, тақсир, – деди бўлим бошлиғи. – Аъло ҳазратнинг Туркистон ўлкасидаги қайси фуқаролари мунча зўр кавуш кияр эканлар? – Сартлар бўлса керак, тақсир… Аъён кулди. – Сартларнинг оёқлари мунча йўғон бўлса, ўзлари қандай келар экан? – деди. Кавушни олиб кўрди: анча оғир эди. Яна сўради: – Бунинг саноатда аҳамияти қандай? Бизнинг «правўдник» калўшлари билан рақобат қилоладими? Бўлим бошлиғи жавоб берди: – Туркистонда бизнинг калўшларни туб жой халқ сира киймайди. Қишда ҳам мана шуни кияди… – Ундай бўлса, ички Русиядаги саноат шаҳарларидан бирида шу калўшга атаб катта бир завўд очиш масаласини кўтарингиз. Ватандош саноат ривожлансин. – Жуда яхши бўлади, – деди Маскав губернатўри, – ўрмонга бойроқ шаҳарларимизнинг бирида очайлик… Аъён кавушни ҳали ҳам қўлида айлантиргани ҳолда: – Буни кийиб кўрсататурған биронта одам йўқми? – деб сўраб қолди. Бу савол чақмоқ тезлиги билан бир неча оғизда такрор қилингач, бурун Туркистонда ишлаган аскарий тўралардан бири олдинга чиқди: – Мен биламан, тақсир… Катта аъёнларнинг мароқли назари олдида бу кичкина тўра ҳаддан ташқари зўр ва қўпол кавушни кийиб бир-икки қадам босар-босмас шоп-шалоплари билан гулдираб ерга йиқилди ва ҳамманинг тортинчоқ кулиши остида залдан чиқиб кетди. Шунда қари аъён Маскав губернатўрининг қулоғига уста Тўхташга тегишли инъомни эшитдирган эди. Шоҳона инъомни Маскав губернатўри Туркистон губернатўрига, у вилоят ҳарбий губернатўрига, у, ўз навбатида, уезд ҳокимига, у эса ярим кечага яқин телефўн билан иккинчи даҳа приставига эшитдирди. Бемаҳал уйқудан уйғотилиб уста Тўхташнинг уйига юборилган Жалол миршаб устанинг эшигини синдиргудай бўлиб тақиллатди. Устадан бурун қўни-қўшнилар уйғониб чиқдилар. Уста Тўхташ кеча ярмида миршабни кўргач қўрқиб кетди. – Севинчини катта беринг, уста, – деди Жалол миршаб. – Оқпошшонинг инъомини келтирдим! Шундан кейин уста Тўхташ ваҳимаси босилиб, юзида ҳайрат аралаш бир севинч ҳосил бўлди. Лекин боши ҳали ҳам гаранг эди. Устанинг ёнидан бор пулини (олти тангани!) қоқиб олгандан кейин Жалол миршаб унинг қулоғига эгилиб деди: – Хизматингиз оқпошшога жуда маъқул бўлиб, сизга «испасиба» айтиб юборибдилар! Уста Тўхташ миршабни жўнатиб ташқарининг эшигини занжирлаб ичкарига кираётган вақтда кўзига бутун дунё қоронғи эди. Бунинг устига, ичкарида тўполон бошланди. Оқпошшонинг инъоми келганини эшитган хотинлар (устанинг онаси ва хотини) талашиб нари-бери гапга бориб қолдилар. Уста соқов сингари тилини сўзсиз қалдиратгани ҳолда икки аёлни мушт дўлайиб зўрға тинчитди. Эрта билан гузардан йўлкирага лойиқ пул топиб вилоят марказига келган уста Тўхташ вилоят губернатўрининг муовини томонидан қабул қилинди. Устанинг тилини ундан яхшироқ билатурған бу одамга Тўхташ арзини қисқа қилди: – Тақсир, Оқпошшонинг бу катта инъомлари мендак фақир одамга оғирлик қилиб қолди… Шу учун сизга олиб келдим… Уста амалдор бу нозик пичингни англади ва таъсирланиб кулгани ҳолда «икки юз сўм берилсин» деган мазмунда бир фармойиш қоғозчасини уста Тўхташнинг қўлига узатди. Катта инъомни катта амалдорга қолдириб икки юз сўм пул билан юмшоқ вагўнда ўз шаҳрига қайтаётган уста Тўхташ шу топда товуқ катаги бўлиб турган ёпиқни даранглаган бир уйга айлантиришга қатъий қарорини берган, фақат кимнинг қизига совчи қўйишини билмай ҳайрон эди… Осмонда, ерда Қишлоқнинг мачити ҳайитдагидак тиқин. Эски, йиртуқ-ямоқ яктаклик, ялангоёқ деҳқонлар мачитнинг саҳнида қоқ ерда ўлтурадирлар. Нариги ёқда аллақанча тикка турған кишилар ҳам бор. Унда-мунда елкасига “бешотар” милтиқ осқан милиса йигитлар кўрунадирлар. Жамоа ижроқўмининг раиси шошилиб, пишилиб уёқ-буёққа чопиб юрадур, унинг қўлида бир неча ўзбакча газеталар, бир мунча хитобнома – шуларнинг ҳаммасини бир айб билан боғлаб олиб, кўтариб юрубдур… Уни – ҳали ҳам “Амин” деб атайдирлар. Мачитнинг эшигидан 5-6 та ёроғлиқ милисалар билан бўлус ижроқўмининг раиси келиб кирди. Унинг елкасида ёпунларнинг – ўзларига ўхшаған калта бўйлик – бешотарлари! Жамоа ижроқўм раиси югуриб, келганларнинг ёниға борадир. Бўлус ижроқўм раиси жамоа ижроқўм раисини кўргандан кейин: Хўш, эшони амин бошламадингизми? – деб сўрайдир. Унга қарши қишлоқ ижроқўм раиси кулиб туриб: Сизнинг келишингизга қаратиб туриб эдик, мингбоши додхоҳ! – дейдир. Бўлмаса бошлай бердик. Хўб. Жамоа ижроқўм раиси шошилғанча халқ орасиға кириб кетадир… Қизиқ ҳол: Ўзбекистоннинг – энг чекка ва қоронғи қишлоқларининг бирида бўлаётқан шу йиғин (митинга)да осмонда учуб юриш тўғрисида маъруза ўқудилар. Йиғин очилмасдан илгари қишлоқ йигитлари ўзаро қизиқ-қизиқ гапларни гапиришиб ўлтурарлар эди. Шундай айланиб юрсам ўнтача ёш йигит бир жойға тўпланиб олиб, кулуша-кулуша гаплашадирлар: Осмонда учамиз экан-да! Қийғирға ўхшаб-а? Ҳа, худди қийғирға ўхшаб. Йўқ-е… Биз қийғирдан ҳам ўтуб лочин бўлиб кетамиз! Бедана тутуб ейишни кўрунг бўлмасам. У вақтда қийғирнинг ҳам кераги йўқ. Какликни айтинг. Эй-й-й… маз-за!.. Уларнинг ёниға шаҳардан чиққан бир ташвиқотчи йигит борадир. Бир оз ҳалигиларнинг гапларини эшитиб турғандан кейин ҳалиги ташвиқотчи йигит ҳам гапга аралашиб, ҳаво кемаларининг иқтисод жиҳатидан келтиратурған фойдаларини тушунтириб кетадир. Мана унинг гаплари: Акалар, каклик билан бедана ейиш-ку, ҳали қийғир билан ҳам бўла беради-я. Лекин мана бу тўпаланг йилларида бузулған юртни, вайрон бўлған шаҳар ва қишлоқларни обод қилиш керак. Ҳаммадан кўра мана бу иш зарур… Деҳқон йигитлар унинг гапини бўлиб: Рост айтасиз муллака, ҳаммадан ҳам бу зарур. Биз энди, бояғи гапларни ўйнашиб, ҳазиллашб айткан эдик-да! – дейдирлар. Шаҳарлик йигит сўрида давом қиладир: Майли, ҳазил ҳам керак. Беш-олти йилдан бери ҳазил юзини кўрганингиз йўқ. Гапимизга келайлик: ободлиқ деган нарса борди-келди қатнов билан бўладир. Қатновға от – арава, пойиз, кема керак. Буларнинг боролмайтурған жойиға тезлик билан, осонлиқ билан ҳаво кемаси борадир. Масалан: Қашқар томонға, Авғон томонлар узоқ яйловларға Маскав билан Тошкантнинг ўртаси тез юратурған пойизга беш кеча-кундузлик йўл бўлса, ҳаво кемага бир кеча-кундузлик йўл… Деҳқон йигитлар ҳайрон бўлиб, ёқаларини ушлайдирлар: Қаранг-а… Худоё тавба… Қани, ҳой биродарлар, яқинроқ келиб ўлтурунглар, шаҳардан келган меҳмонлар ваъз айтар эканлар! Жамоа ижроқўм раисининг баланд овоз билан айткан шу гапидан кейин ҳамма дув-дув жойидан жилиб даврани торроқ оладир. Йиғиннинг ўртасидан бўлис ижроқўм раисининг хириллаган, кучсиз, бўғуқ товуши эшитиладир: Яхшилаб қулоқ беринглар, тўпаланг, шовқун, ғовур-ғувур қилманглар, ўзингларга фойдалик гаплар бўлади! Ҳамма жим. Йиғиннинг ўртасига бир сандал қўюлған. Сандалнинг теварагида учта ёғоч эшак. Унда бўлус ва қишлоқ ижроқўмларининг раислари, шаҳардан келган икки мусулмон ташвиқотчи, бир оврўпали қизил камандир ўлтурадирлар. Жамоа ва бўлис ижроқўмларининг мирзалари билан, 2-3 та мелиса йигитлар ҳам бор ўша жойда… Маскавдами, Тошкантдами ўқуб ётқан ёш бир йигит “фўрум” кийим устидан ёзлиқ шоҳи тўн кийгани ҳолда, секингина сандал (танча)нинг устига чиқадир. Тутула бериб оёқлари банд-бандидан ажралған, сўлқиллаб қолған сандал, йигит чиқиши билан уёқ-буёққа қингғайиб қўядир… Йигит, бир-икки пиланглаб олиб, сандалга қарайдир-да уятқанидан енгилгина қизариб кулар… Тоғалар, акалар, оталар!… Йигитнинг жаранглаб тоза, кучлик овози шу сўзларга қанот қоқиб, йироқ-йироқларға олиб кетадир… Сўз тугагандан кейин ижроқўм раисларига эргашиб бир мунча киши секингина, эринчаклик билангина чаппак чалиб қўядир. Сандалга яна бир йигит чиқадир. Тажанглиги юзларидан белгили бўлған бу арвоқ ва қотма йигит, муаллим бўлса керак, бирдан баланд овоз билан сўз бошлаб, маориф масъаласидан тушадир. Йигит қизиди. Сандал ланг-ланг қиладир, йигитнинг қўллари уёқ-буёқларға учуб, бирушта қимирлаб турадир. Юзлари қип-қизарди, терлар дона-дона бўлуб, юзларида кўпиклашди… Йиғилғанлар жим, ҳеч ким қимирламайдир. Йигит – йиғилғанларнинг оғир жойларидан, яраларига ништар бўлуб тегатурған нарсалардан гапирди шекилли… Деҳқонлар орасида енглари билан кўзларини артганлар бўлди… Йигит сўзини тамом қилиб тушкандан кейин ижроқўм раислари чаппак чалмадилар; нимага десангиз, уларнинг енглари ҳам, даст-рўмоллари ҳам кўзларида эди… Оврупали камандир илгари ваъз айткан йигитдан сўради: Нимага булар йиғлайдирлар? Ваъз таъсирлик бўлди. Нима тўғрисида гапирди ўртоғимиз? Билмаслик, тушунмаслик тўғрисида!… Бунга роса 6 ой бўлди. Бир замон қиш вақтида йўл усти тўғри келиб қолди-ю, ўша қишлоқдан ўтдим. Менга таниш селижроқўм раиси бир кеча мени олиб қолди, кечаси, гулхан қилиб ўлтуруб кўп кишилар билан гаплашдим. Орада менга энг маъқул бўлған бир йигит бор эдиким, у ҳам бўлса – ўша қишлоқда шу йил очилған янги мактабнинг мудир ва муаллими! Муаллим, қишлоқ болаларидан хурсанд. Уларни мақтаб: Фавқулодда истеъдод бор. Миялари ҳеч нарса билан бузулмаған; тоза, кенг, худди ўзларининг толалариға ўхшайдир! – дейди. Ўткан куз ҳалиги йиғиндан 1-2 ой кейин ҳаво кеманинг учуб ўтканини кўрубдирлар. Шуни, меҳмонхонага тўпланған деҳқонлар жуда ғалати қилиб. Айтиб бердилар. Улар – хийла вақтқача “азкия” қилишдилар, “пайрав” боғлашдилар, бир-бирларини чандишдилар. Кулишдик. Мен ҳам дунё – оламнинг аҳволидан хийла гапириб бердим. Ош қилиб – чека ва қоронғи қишлоқларда юруб ҳам осмон билан ерни чайнашдик… Ота-бола санъаткорлар Хоразм… Эски китобларимизда «Ховаразм» деб юритиларди. Кўпчилик ўша вақтдағи хонликнинг пойтахти бўлган Хева шаҳрининг номи билан «Хева» деб атарди. Бу иккала номни билмасдан «Урганч» деб айтадиганлар ҳам бўларди. Хуллас, букун жумҳуриятимизнинг олисрак бир округи ҳисобланган Хоразм инқилобғача Туркистон аҳолисининг кўпчилиги учун «Жобилға, Собилса» ўлкалари сингари хаёлсумон бир мамлакат эди. Бунга, албатта, Хоразмнинг жуғрофий вазияти, яъни Туркистон ўлкасининг маркази ва марказга туташган жойларидан олислиги, асл обод вилоятлардан чеккалиги, қатнов ва қулай йўллардан маҳрумлиги, бирдан-бир дарё йўли ҳисобланган Аму йўлида ўнғай қатнов воситаларининг бўлмаганлиги эди. Ахир Хоразм қўшиқчиси машҳур Сафо Муғанний Ўзбекистон оқсоқоли ўртоқ Охунбобоевни Хоразм меҳнаткашлари номидан ашула билан қаршиларкан: Хоразм бир узоқ округ, Йўллари йўқ, бузуқ кўпрук, – деб шикоят қилди-ку! Шу учун эмасмики, жумҳуриятимизнинг раҳбарларидан биронтаси бориб қолса, Хоразм меҳнаткашлари учун катта бир тўй бўлади ва у шодлик дарҳол шеърда (ашула) ва чолғу (куй)да акс этади. Буюк инқилоб олисларни яқин қилди, масофаларни камайтирди, эскиларча айтсак, «эрнинг танобини тортди», ажралганларни бирлаштирди, яширинганларни очди, кўлагада қолғанларни ёруқлиққа олиб чиқди. Бугун мамлакатимизнинг ёши-қариси унинг муҳим бир бўлаги бўлган Хоразмни билади, танийди, унинг санъаткорлари билан юзма-юз келиб танишди, унинг тарихин ўқуб билди, кечмишдаги қора саҳифаларини варақлади, хонларнинг қонли даврини ва у хонларга қарши кўтарилган кўпчилик ҳаракатларини ўрганди. Бугун Хоразм меҳнаткашлари ҳам бутун Ўзбекистон, бутун Ўрта Осиё ва бутун Иттифоқ меҳнаткашлари билан бирга ўз вилоятларида социализм қуриб, янги, тўқ ва қувноқ турмуш йўлида жон куйдириб, пахта далаларида юксак меҳнат намуналарини кўрсатиб турадилар. Бир замон Хоразмнинг сарой адабиётини ўқуй олганлар унинг шеърдаги катта устозларини – «Мунис», «Огаҳ» ва «Комил»ларини – бир қадар билардилар. Биз «Комил» (ўзича айтсак, Комил Хоразмий) кейингирак даврнинг одами бўлганидан уни дурустгина билардик. Шунда ҳам биз кўп нарсаларни билмас эканмизки, бундан 70 йиллар бурун Хоразмнинг пойтахти бўлган Хева шаҳрида Қурбон ака деган бир харрот (дукчи) яшар экан. Ўзининг кичкинагина дукчилик дўконида ёғочдан эшик, дук (йиг), чиғириқ, сумак, теша, болта соплари ва ўқлоғ қилиб тириклик қилар экан. Унинг шогирди ва халфаси бўлмаган. Унга дукчилик ишларида ўғли Матёқуб кўмаклашар экан. Эслик ота ўғлининг билимга ва чолғуға ҳавасини кўргач кўп ўйлаб турмасдан уни тўппа-тўғри ўша замоннинг катта шоир ва уста чолғучиси бўлган Комилнинг ёнига олиб борган, «Шуни менга яхши одам қилиб беринг», – деган. Партия марказий органи бўлган «Правда» газетасининг шу йил 12 сентябрда чиққан сонида мўйсафид ва нуроний бир чолнинг танбур машқ қилиб ўтурган сурати босилиб чиқди. Сурат остида шундай дейилади: «Тошкентга Хоразмнинг энг қари халқ ашулачиси ва чолғучиси Матёқуб Харратов келди (ёши 70 да). У Хоразмнинг бутун классиқ мақомларини ва халқ чолғусини билади. Унинг ашулалари Тошкентда грамўфўн лаппакларига олинажак». «Правда» орқали бутун Иттифоққа, балки бутун дунёга танилган бу одам – ўша дукчи Қурбон аканинг ўша биз айтган ўғли Матёқубнинг худди ўзи. У Комил (Паҳлавон Ниёз)нинг, кўпрак унинг ўғли шоир ва чолғучи Матрасул Мирза (тахаллуси «Мирза»)нинг тарбиясини кўриб етишади. Ҳозир 70 ёшда бўлган бу одам, юқорида айтилгандек, Хоразм классиқ мақомларини (шашмақомнинг Хоразм вариантини) «Хоразм чизиғи» деб машҳур бўлган Хоразм ноталари билан бирга мукаммал билади. Хоразм халқ куйлари (кўпрак достон йўллари)дан ҳам яхши хабардор. Ўзининг «Харратий» деган бир куйи ҳам борки, шашмақомға қўшулади. Асосан танбур чолса-да (танбурни мукаммал билади), чанг машқ қилишда ҳам маҳорати катта. Ўзи жуда хушхат, ўз умрида икки юзга яқин китобни чиройлиқ хат билан кўчириб чиққан. Кўп ҳикоя, чўпчак, латифаларни билади. Суҳбати ширин. Фасоҳат билан, сўзга оро бериб гапиради. Соғлиқни сақлаш хусусида бу одамнинг ўзига хос бир усули бор: у бутун умрида кўпрак қатиқ ва нон еб ўтган. Иложи бўлганда қатиқни бир кун ҳам тарк қилмайди. Ёши 70 га борса ҳам, ўзини йигитдек сезади. Қувватли ва қувноқ… кўп юради, кўп ишлайди, чарчамайди. Тошкентга келганида пиёда юришда ўз ўғлини шошириб қўйган. Ўзи соғлом ва тетик кўринади: шу учун бўлса керак, Тошкентдаги ўғлига тегишкан: «Ўғлим, сен қариб қолибсан», – деган… Илгари Хоразм музика техникумида ишлаган, кўп шогирд етишдирган. Ҳозир Янги Урганчда давлат тиётрида чолғучи бўлуб ишлайди. Ҳозирги тиётр, чолғу, рақс масалаларига қизиқади, «Бир оз ёш бўлсам, оврупоча нота ўрганардим, – дейди чол, – аммо ёшим 70 га етганда эп келмас. Ёшлар ўргансин, албатта ўргансин». Чолнинг бу насиҳатини бошлаб ўз ўғли Матюсуф Харратов қулоғиға олади. Матёқубнинг ўз ўғли билан Оврупо нотасига ёзган куйлари 15 га етади. Матюсуф оврупоча музика илмининг бошланғич асосларини билади. Ёши қирқдан ўтганда Самарқанддаги Музика институтида (1930 – 1931 йиллар) нота билан скрипка ўрганди. Унинг «Хоразм чизиғи нотасини Оврупо нотасига уйдуриш», «Эрли чолғу асбобларини нота усулига уйдуриш» деган асарлари бор. Матюсуф 1889 йилда туғулди. Умуман, чолғуни ўрганишда Матрасул Мирза билан ўз отасидан таълим олди. Чангни унга Қаландар Дўнмас ўргатди: ашулани Хоразмнинг биринчи ҳофизи ва тамбурчиси бўлган Матёқуб Пазочидан ўрганди. Тамбур билан чангни яхши билади; бундан ташқари, ғижжак, скрипка, гармон, дутор ва доира (чилдирма) чалади. Доира усулларига ошно ашула қилади. Харратовнинг бошқа бир қанча эски ҳофиз ва чолғучиларимиздан айрим яхши сифати шуки, ўзи куй чиқариш ва халқ куйларини ишлаш ҳамда уларни ўзи нотага олиш билангина қолмасдан, музика соҳасида қўлидан келганча илмий асосларда ишлашга урунади. Юқорида айтган икки китоби бунга далил. Бундан ташқари, у ўзининг Шарқ (ўзбек) чангини қайтадан ишлаб Оврупо товуш қаторлари усулига солди, яъни чангда ҳар қандай Оврупо куйини тўғри чала биладиган бир иш қилди. У ҳозир тамбурни ҳам мукаммаллаштириш устида ишламоқда. Унинг «Хоразм мусиқий тарихчаси» деган китоби 1925 йилда Масковда босилди. Унинг ижод қилған ва нотага солған куйлари социалистик қурулишнинг энг актуал мавзуларига бағишланган. Бу нарса уларнинг номлариданоқ кўриниб туради: «Колхоз куйи», «Ғайрат – пахтага!», «Пахтани теринг», «Қизил аскар», «Мудофаа марши», «Яшасин Совет!» – булар ҳаммаси ўзбекча; бундан бошқа тожикча уч куйи бор (ашулалари билан): «Шавем қижлоқ равона», «Зиндабўд деҳқоний!», «Чиндани пахта». Хоразмда хонлик ағдарилған кунлардан бошлаб инқилоб ишларига яқиндан ва фаол аралашади. Хоразмда биринчи маориф назоратини ташкил қилишади. Хоразмда музика техникуми ташкил қилиб, унда мудир бўлади. Ўзбекистон маркази Самарқандда эканда Маориф комиссарлиги чақиртириб олади. Бунда у Музика институтини ташкил этиш(да қатннаш)ади ва институтда тўрт йил муаллимлик қилади. Самарқанд радиосида муттасил 7 йил ишлайди. Ҳозир Тошкент радиосида ишламоқда. Таржумаи ҳол қабилидан бўлган бу маълумотлар билан кифояланмакчи эмасмиз, албатта. Айниқса, ҳали отасига нисбатан ёш, истеъдодли ва ғайратли бўлган ўртоқ Матюсуф тўғрисида, унинг бундан кейинги йўли ва қилажак ишлари хусусида фикримизни айтмасдан ўтолмаймиз. Ўртоқ Матюсуф, боя айтганимиздек, бизга Оврупо музика билимининг кераклигига ҳеч бир шубҳа қилмайди. Отаси ҳалигидек деб турганидан кейин жиндак шубҳа қилса ҳам айб бўлар эди. Фақат ўртоқ Матюсуф, у билан бирга бошқа кўп чолғучиларимиз ҳам билишлари керакки, Оврупо музика билими фақат бошланғич назариядан (нота ўрганишдан) иборат эмас; унинг гармония (оҳанг илми), кўнтрапункт сингари жуда муҳим, лекин оғир поғоналари бор. Оврупо музика билими зинасининг биринчи поғонасиға қадам қўйганлар нариги поғоналарға ҳам тирмашиб чиқмасалар чала билим билан музика соҳасида кўп нарса қилолмайдилар. Ҳолбуки, ўртоқ Матюсуф кўп нарса қилмоқчи; бу хусусда унга кўмак бермаганлардан койиб гапиради. Лекин, ҳаммага маълумки, бизда билим ортдириш учун имконлар катта. Бу йўлда ҳар кимга ҳар қандай ёрдам кўргазилади. Фақат кишининг ўзидан ғайрат талаб қилинади. Ўртоқ Матюсуф шу ғайрат билан қуролланиши лозим. У Оврупо музика билимини етарлик даражада ўрганиб, ундан кейин Шарқ классиқ мақомлари ва халқ куйларини ҳам яхшилаб текшириб, Шарқнинг эски музика билимлари билан ҳам танишиб майдонга чиқса қимматбаҳо асарлар берган бўлар эди. Рост, унинг ҳозирги ишларига совуқ қараган, айниқса, чангдаги ўзгаришларга аллақандай қуруқ билимдонлик билан яқинлашиб, конкрет ва тўғри йўл кўрсатмаган кишилар бор. Унинг баъзи илмий асарларини йиллаб «сақлаб» ётган, нусхасини йўқотған, қадрлай олмаган идоралар бор. (Ўзнашр ва Санъат институти.) Биз улар тўғрисида қичқиришдан тўхтамаймиз. Лекин дўстлик кенгаши яна Матюсуф аканинг ўзига оид бўлади. У кенгашни эса биз бердик. Ўгайлар Ўгай онадан ўгай қизга мактуб “Ўзбекистон марказида ипак мактабида ўқиб турувчи асакалик Ҳожарой ўртоққа муштипар онаси Парқубибидан кўп-кўп соғиниб-соғиниб саломдан сўнг маълум бўлсинким, мен шўрлик кампирни йўқлаб бир илик хат ёзмайсиз. Оқибат шудирми, мактабингизни қачон тамом қилурсиз? Қачон бир томонларга келурсиз деб укаларингиз Ғофиятхон, Тўтихон, Аҳмаджон, Умаржон, Қаюмжонларнинг кўзи тўрт бўлди. Отангиз мени ёш-ёш болаларим билан ташлаб кетганига мана икки йил бўлиб келаётибдир. Икки йилгача беш болани боққунча она сутим оғзимға, тана сутим бўғзимға келди. Сизга хат ёзай десм кўнглим бетламади. Бир замон сизни ёш вақтингизда ўгай кўриб, хафа қилғанларимни ойладим. Сизга юз ўгургали тортиндим, айланай, энди аҳволим ниҳоят даражада танг бўлганидан кейин қандоқ қилай, айланай. Ялиниб, ёлвориб шу хатни хотинлар қлубиға бориб, ўша ерда ёздирдим. Мирзабола хатни ёзиб туриб кўзларимдан милт-милт ёш қўюлади, айланай. Бир ёнимда Охунбобоев, яна бир ёнимда Ленин қараб турибди. Уялиб-уялиб шу хатни ёздим. Бир келинг, айланай, мактабимизнинг катталаридан ижозат сўранг. Муштипар онам бор денг. Беш боласи бор денг. Қийналиб қолибдир денг. Ўгай бўлса ҳам ҳоли оғир бўлганидан мени паноҳ тортиб хат қилибдир денг. Эслик одамлар билиб бир чорасини қилар. Келинг, айланай болам. Бир келиб кетинг. Асакалар ҳам энди бошқача бўлиб кетди. Паранжи ташлаганлар кўп. Колхозларда кўп ишларни хотинлар қилаётибдир. Битта колхоз раиси чиққан Солия опа деган кўп абжир хотин эмиш. Ҳамма хотин-халаж гап қилади. Келиб ўз кўзингиз билан кўрмасангиз бўлмайди. Сизнинг илмингиз зўр. Солия опа кўрса ҳамма колхознинг устидан катта қилиб қўяди. Шукурни қилиб ётамиз, айланай”. Ўгай қиздан ўгай онага мактуб. “Асакага ўга она Барқубибига. Ўгай қизингиз Ҳожар Исломовадан соғиниб ўртоқларча салом. Мактабни тугатганимга шу бугун бир ҳафта бўлди. Яқинда бизни ишга юборади, қаерга юборишини билмайман, ўзимдан маслаҳат сўраса Асакани танлайман. Жуда соғиндим. Хафа бўлсангиз ҳам айтай: кеча кечаси бир ўртоғимникида бошқа ўртоқларим билан бирга ётиб қолиб эдим. Туни бўйи ухламасдан гаплашиб чиқдиқ. Мен уларга ўзимнинг ёшлигимдан ўгай она қўлида хор-зор бўлганимдан, охирда чидаёлмасдан қочиб кетиб, Наманганда мактабга кирганимдан, иш қилиб сизнинг қўлингизда тортган кулфатларимдан гапириб бериб, ўзим ҳам йиғладим, уларни ҳам йиғлатдим”. Ҳу… ярим кечадан кейин кўзим уйқуға кетган экан, тушумда сизни кўрибман. Бир қўлингизда кўсов, мени урмоқчи бўласиз. Бир қўлингизда ўғлингиз Умаржон, “ҳа, мана: уканг. Жиндак кўтариб юрсанг-чи. Сени соғиниб бола бечора ичика ётибди” дейсиз. Тушумда ҳам йиғладим, кўрсангиз. Кап-катта қиз йиғлаб ўлтурса ғалати бўлар экан… Эрта билан ётоқхонамға келсам, стол устида хатингиз турибди, дарров очиб ўқидим. Яна йиғладим… Майли хафа бўлманг. Мен бораман, албатта бораман. Бормасам ҳам сизни бу ҳолда ташлаб қўймайман, сизга қўлимдан келган ёрдамимни бераман. Болаларингзни сағирхоналарға жойлайман, мактабга ўрнаштираман. Иш қилиб уларни одамлик йўлига йўллайман. Сиз менга бир замон ўгайлик қилган бўлсангиз, энди у замонларни унутиш керак. Ҳозирги турмуш шундай яхши, қувноқ, севинчликки, кечаги аламлар эсда қолади дейсизми? Айб сизда ҳам эмас. Айб кўпрак отамда. У ўзи ҳам менга аллақандай совуқ қаради. Бўлмаса, отам яхши қараб турса, сизнинг ҳаддингизмидики, менга ёмон гапирсангиз. Сиз ҳам отамдан қўрқиб япроқдай дир-дир қалтирардингиз-ку? Отамдан еган калтакларингизни ўйладим, сизга ҳам раҳмим келди… Сиз ҳам тортдингиз хўб! Хўб тортдингиз! Укаларимда нима айб? Улар – гўдак болалар. Ҳаммасининг битта-битта кўзларидан ўпик қўйинг. Яқинда ё ўзим бораман, ё қўлимдан келган ёрдамимни юбораман. Бизнинг мамлакатимизда ўгай йўқ, ҳамма бир туғушган, қариндош. Йиғламанг, ўртоқ, мен сизни ташламайман. Ўртоқлиқ саломи билан қизингиз Ҳожар Исломова. Кўп-кўп салом. Йиғламанг”. Ўликларга қарши (Инқилобий ҳукумат томонидан шаҳар ичидаги қабрлар йўқотила бошлаши муносабати билан) Руҳларини бошқаларға топшириб, ер остига яширинган кишилар учун етар ортиқ бу ҳурмат! Тириклик қайнаған, турмуш вулқонланған, иш тўлиб-тошған, кураш қутурған жойларда энг қиммат тупроқларни ўликлар эгаллаб ётмасинлар! Ўликларнинг қони, ёт ислари тор, ҳавосиз кўчаларимизда буғланиб юриб, дайди шамолларнинг кучлари билан қанотланмасунлар! Қанотланмасунлар-да, ҳаётдан қатралар эмган тоза димоғларимизга кириб қолмасунлар! Кириб тўлмасунлар-да, руҳимизни оз чоққа бўлса-да, чарчатмасунлар! Чарчатмасунларким: Ҳозир чарчағанлар учун – енгилиш, енгилганлар учун – ўлим! Шаҳар ўртасида гўр нима қиладур? Яшайтурғанларни-да яшамаслиқ учун, тирикларни-да ўлдирмак учун, ер юзидагиларни-да ер остиға тортмоқ учун, кураш полвонларини ҳам чолиб йиқитмоқ учунми? Қўйинг! Дунё иккига бўлинди, Шиддатли, узил-кесил, жон аччиғи кураш боради. Шу чоқда – қабрларга ҳурмат, Шу чоқда – ўликларга риоя эмиш… Йўқ! Яшамоқ учун тўсуқ бўлатурған ҳар нарсани, кураш йўлина кўндаланг келатурған ҳар кучни олиб ташламоқ, оғдариб йиқитмоқ чоғи! Ўликлар устига тириклар мамлакати қурунгиз! Қабристонларға ҳаёт салтанати бино қилингиз! Ўликлар тирикларни тортмасунлар! Тириклар – ўликларни тирилтиш ўйида бўлсунлар! Борлиғи, яшайиш учун, бўғушуб ётған эл, энди ўликларнннг ҳам нозини чекмасин! Ҳаёт, Турмуш, Кураш – элнинг истагани! Қутулмоқ учун уйғонингғиз! Ўрта мактаб имтиҳони Шу ҳафта бошларида Эски шаҳар дорулмуаллимини (ўрта мактаб) шогирдларининг имтиҳони бўлди. Имтиҳон мажлисига маориф ва ҳукумат идораларидан кишилар ва болаларнинг оталари чақирилған. Мажлисда одам кўб эди. Имтиҳон бошланди. Ҳар бир дарс устида болалардан қийин ва узоқ сўроқлар сўралиб, қаноатланурлик жавоблар олинди. Тажриба билан кўрсатилиши керак бўлған дарслар (кимё, ҳикмат каби) тажриба асбоблари билан ишланиб кўрсатилди. Асбобларнинг камчилигидан кўз юмғанда тажрибалар муваффақиятлик чиқди. Имтиҳондан кўрулдики, шогирд ва ўқитувчилар ўз сабоқларини тиришиб ўтказганлар. Шогирдларнинг ҳандаса даъволарини исбот қилишлари, адабиётни очиқ ва тўғри текширишлари, сарф-наҳвда жуда олдинға кетганликлари, табииёт ва ташриҳ дарсларини амалий суратда кўрсата олишлари, айниқса рус тилидан ўзбекчага, ўзбекчадан русчага осонлиқ билан таржима қилишлари ва рус тили қоидаларини жуда яхши билишлари, англизча ўқуй бошлағанлари ҳаммани ҳайрон қолдирди. Имтиҳон мажлиси ёпилғунча келган меҳмон ва оталарға чой-дастурхон берилиб турилди. Имтиҳон тугагандан кейин ош тортилди. Оталар шогирд ва ўқувчилар ҳақига дуо қилдилар. Ҳар кимда севинч ва қувонч излари кўрилар эди. Ўртоқ Калинин Қўқонда Келатурған кунида Шўро жумҳуриятлари иттифоқи марказ ижроқўмининг раиси ўртоқ Калинин 9 нчи ҳут (февраль)да Қўқонға келди. Ўртоқ Калининни “келади, келади!” деган хабарлар икки кун бурун ёйилған эди. Кўчаларда ҳам бир-икки кун бурун улуғ меҳмонни қарши олиш ҳозирлиқлари кўрула бошлаған эди. Турли идора ва ташкилотларнинг бинолари олдида кўм-кўк арчалардан гуллар, улуғ раҳбарларнинг суратлари, байроқлар ўрнатила бошланған… Халқ – эл орасида ҳам гап-сўз. – Яна битта Ленин келар эмиш. – Шунинг учун кўчалар тозаланиб қолған экан-да! – Бўлмаса ҳар ойда бир келиб турсин-ей… – Кўчаларни қара! Озода, тоза, теп-текис, гилам ёйғандак! Кўчалар, муюлишлар, маҳкама ва ташкилотлар кўм-кўк арчалар ва қип-қизил байроқлар билан кўмилган куни, 9 нчи ҳутда қизил Фарғонада ёзилған бир эълоннинг бурун ўрусча, сўнгра ўзбекчаси ёпишдирилди. Тўп-тўп одам, кўзларини деворларға тикиб, пичир-пичир эъломнома ўқуйдир. Саводи йўқлар кулган ва қизиққон юзлари билан бир эъломномага қарайдур ва бир арк-равоқларға тикиладурлар… Кўчада одам демаган тўлиб қолибдур. Қий-чу. Уёқдан-буёққа, бу ёқдан-уёққа денгиз тўлқунларида катта одам тўдалари оқадур, оқадур. Бўйинлариға қизил рўмолча ташлаған пионер бола ва қизчалар, кўпикдак қайнашиб, кулушуб чопишадурлар… Келган вақтда Темирйўл бекатининг ёни-бери одам дарёси. Кўчанинг икки томониға қатор-қатор чизилған неча саф одамлар растадек келишганлар… Байроқ, байроқ, байроқ… ҳар томонда қизил байроқ. Махсус белатлар билан темирйўл бекатининг саҳнига чиқдиқ. Унда вилоятнинг фирқа ва шўро бош мутахассисларининг раҳбарлари, хотун-қизлар, фирқалилар, аскарлар. Соат 4 га чорак қолғанда йироқдан “тув-тув-тув” деган чўзуқ бир ҳуштак. Ҳамма тайёр бўлуб, Хўжанд томонға тикилди. Аскар музиқаси “Хуш келдинг!” машқини урди. Кичкина, келишган, зийнатлик ўтхона кутганлар ёнидан секингина ўтуб кетадур… Бобой чиқди. Кутганлар ёнидан ўтди. – Булар кимлар? Бобой сўрайдур: Вилоят фирқўм жавоб берадур: – Булар каммунарлар. – Яшасун каммунарлар! – дейдур бобой. – Урра-урра!.. Шаҳарда Бекатнинг орқа томонидан 25-30 мингча халқ. Бобой майин ва чарчаған товуши билан бир неча оғиз сўз сўзлаб, марказ ишчи-деҳқонларининг саломини атроқ (окраина) меҳнаткашларига эшитдирадур. Чарчаған товуши бўғулған; кўплар, жуда кўплар эшитмай қолди. Ундан “Қизил ўктабр” ёғ зовутиға жўналди. У ерда нуқул ишчилар. Уларга ҳам бобой марказнинг саломини эшитдирди. Қимматбаҳо пахтанинг чигити ва ёғини ишлаб чиқаратурған ишчиларга марказнинг самимий саломи эшитдириладур. – Урра-урра!.. Жомеъда Жомеъда 5-10 минг одам. Унинг кенг саҳни, кўча минди-минди, босди-босди! Бир чекага минбар тайёрланған. Салла, дўппи, телпак, қалпоқ, шапка, рўмол, паранжи… дарё! Бир вақт бобой келиб кирди. Худди аризадан гилам ёйдилар, аризадан чойшаб ёпдилар дейсиз! Додхоҳ келган, додхоҳ!.. Соат расо 6 да ўртоқ Алихўжа ўғли мажлисни очиб улуғ меҳмонни қутулди. Вилоят фирқақўм “хуш келдингиз!” қилди. Тубжой халқ ишчи-деҳқонлари, шаҳар аҳолисига ҳам бобой марказ ишчи-деҳқонларининг саломини эришдирди. Меҳнат асосиға қурулған азаматлик союз (иттифоқ)нинг кундан-кун маҳкамланиб борғанини гапирди. Пахтанинг аҳамиятини, қишлоқ хўжалиғининг тикланиши лозимлиғини сўзлади. “Атроф вилоятларнинг тараққиётини ўз кўзимиз билан кўрайлик деб келдик” деди. “Бурунғи Русия императорлиғининг зулм билан хароб бўлған кенг мамлакати устига меҳнат, иш асосида қурулған шўро жумҳуриятлари иттифоқининг кундан-кун маҳкамланиб борғанлиғини” сўзлади. – Урра-урра!.. Хон саройида “Деҳқонлар уйи”га айлантирилган ва ўртоқ Калинин исми билан аталған бурунғи хон саройида, ўртоқ Калинин деҳқон, қўшчи ва батракларга сўз қилди. Уларга “ер ислоҳотидан, унинг зарурлиғидан” гапирди. – Лекин, деди бобой, – ер ислоҳоти деган нарса мамлакатнинг иқболиға зарар бермаслиги лозим. Ҳозир бизнинг ҳамма кучимиз мамлакатнинг иқболи, бойлиғи ва баракалик бўлиш учун сарф қилинадур. Ер бўлса давлатнинг ўз ери; давлат ўзи режа билан, йўл-йўруғи билан, хўб олди-кетини ўйлаб ер ислоҳотини қилиб берадур. Ер ислоҳоти баҳорда бўлмайдур. У кузда бўладур. Шу учун мен марказий ҳукуматнинг исмидан ҳаммага эшитдираманким, бу йил ҳар ким бор ерини эксун, бир қарич ҳам экинсиз ер қолмасун!” Урра ва олқишлар остида бобой деҳқонлар ўрдасидан кетди. Ўш Фарғона областининг энг кичкина шаҳарларидан бири-да Ўш шаҳридир. Ўш шаҳри 40 минг қадар нуфусли бир шаҳар ўлиб, Қашғар ҳудудина от билан 4 кунлик йўлдир. Қитойнинг катта ва эскидаги тарихий шонлари билан машҳур Қашғар вилоятина Русиядан ва бутун Овруподан келган моллар шул Ўш йўли била кетадир. Ҳар кун деярлик 50 – 60 отли мол юклаган карвон Қашғар йўлида юруб турадир. Ўш шаҳри кичиккинарак бўлса-да, оқ ва тоза суви, жой вақтинда салқин ҳавоси, бир тарафиндан қоб-қора даҳшатли тови билан шул қадар матур манзара ташкил этадики: тов бошина миниб остга қараған вақтда киши ўзини Швейтсариянинг машҳур Алп товларинда ҳис этадир. Маълумдирки, Туркистон ҳавоси жой вақтинда бик иссиқ бўла, мана шул вақтда салқин олмоқ учун Туркистоннинг ҳар тарафиндан келувчилар кўпаялар. Иккинчи тарафдан: мунда бир тов бор, бу тови ерли халқ ҳазрат Сулаймонға нисбат бериб, ҳар турли янглиш эътиқодларға чўмалар. Эмиш, ҳазрат Сулаймон бир вақтда девларга тахтини кўтартуб юрган вақтда Ўшға келуб, шул тов бошинда бир неча вақт тахт қуруб ўлтурған. Ўш ўртасиндан оғуб турған кичкинагина дарё бўйинда катта-катта 40 – 50 одам кўтара олмаслик тошлар бор. Мана шуший тошларни ҳазрат Сулаймон девлари бармоқлари билан тов бошинда ерга ирғитқанлар. Ёзин тов устидаги мозор шарифни зиёрат қилурға зиёратчилар кўб келалар. Муна ҳозир зиёратчиларча биз-да бир зиёрат қилиб қарайиқ. Ул ҳазрат Сулаймон пок қабри шарифина борамиз. Ондин тушуб, 50 – 60 қадар хайрчига бирор нон ёки бирор тийиндан оқча улашгач матур ҳам буюк бир масжидга кирамиз. Масжиднинг бир четинда бир улуғ қабри шарифни зиёрат қилиб, онда турған қоридан Қуръон ўқутиб, оқча берамиз-да, кетамиз. Мозорнинг шайхлари (шайх – мозорларда туруб келувчи ва зиёратчиларни зиёрат қилдирувчи, берган нарсаларни олувчи одам) тарафиндан солинған бир масжид бор. Шул масжид Ўшда мусулмонларнинг синоат била фахр этарлик бирдан-бир муассасаларидир. Ҳар тарафи кирпичдан ишлануб, ичинда меҳроблари ва атрофлари мусулмон бўёвчилари тарафиндан Эски Туркистон тарзида ҳар турли зийнатлар била зийнатланган масжидда ҳар икки байрамда Ўшнинг яртиси деярлик шунда намоз ўқийлар… Ўшда Исмоил ҳожи исминда бир бой бўлған. Ул одамнинг сув бўйиндаги бир парча ерини «Ўш электрический обшества»си электрик истансаси учун сўраған. Муна шул одам ризо бўлуб сотқан. Условия (маоҳида) вақтинда бой обшестваға юқорида зикр этулган масжидни 20 йил оқчасиз ёқтиритмоқ учун шарт қўйған. Муна шул ҳимматли бойнинг ўринли ташаббуси соясинда бутун масжид 20 йилға қадар оқчасиз ёқтирила. Яна бирор ҳимматли бой чиқса-да, мозори шариф ёнинда тартибсиз ва беусул ётқан мактабни тузатдуруб, яхшироқ йўлға қўйса… Юқоридаги бойдан ўрнак олсалар! Бу масжидга минг қадар халқ сиғадир. Муна бу масжидни зиёрат қилғач масжид ортидағи қабрга кириладир. Ондан ўзуб эски усулда бир бинони зиёрат қилина, ондағи шайхнинг таърифи бўюнча бу хона «Маккаи ажам» эмиш. Маккаи аъроб Каъбатуллоҳ бўлса, «Маккаи ажам» деган бир каъба-да бўла эмиш… Ондан иккинчи хона ҳазрати Хизр алайҳиссаломнинг қадамлари теккан ер эмиш. Они-да зиёрат қилғач тов устина минамиз. Товнинг бир четина чиқғач бир моғорога кирила, ҳавосизликдан тин олиб бўлмий. Бик ичка киргач, қўлни сузсанг, қўлинг сувға тия. Муна шуший сувдан ичасиз. Ул сувни Оллоҳ таоло осмондан фаришталар овзиндан қуйдириб тура эмиш. Ондин-да чиқғач бир шайхнинг ёнина келасинг. Мунда тошқа ўйилған кичкина бир тешик бор. Ул тешикда ҳазрат Сулаймон (а.с.) ош пиширган эмиш. Бу тешикға қўлни солған киши умринда ҳеч қўл овруви кўрмий эмиш. Ондин ўткач, яна бир шайх бор, ул шайхнинг хидматида шулар каби бир тош бор, шул тошға ётасан, умрингда бел овруви кўрмийсан. Ондан ўтасен, катта оқ юрт, олдинда уч шайх ўтура. Юртға кируб, ҳар ким 2 ракаат намоз ўқуса бошқа вақтдағи юз ракат намознинг савобини тоба эмиш. Онда ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.) намоз ўқуған эмиш-да, ўтурған вақтда тош кенат ўюлуб кетган эмиш. Муна бу-да зиёрат қилинатурған ер… Шул юрт ортинда бир тошға ўюлған ёзув кўрдим. Тонуб бўлмий, «тисъа» деганни ўқуб бўлди… ҳамда остиндароқ яна: «Султон ал-Маҳмуд Ғаз…». Бу тарафин топуб бўлмади. Машҳур султон Маҳмуд Ғазнавийга ишорат тугулми экан? Ондан ўтуб, бир-икки шайхни зиёрат қилғач бир тешикка бош очуб, бошимизни тиғамиз, муна умримизда бош оврувини кўрмиймиз… Шунинг бирла зиёрат тамом бўла-да, тушамиз. Ўш Туркистоннинг бошқа шаҳарларина қараганда ҳар тарафдан сўнгға қолған. Мунда икки усулда икки мактаб бор. Иккисинда-да 60 адад бола ўқуб ётар. Бир «русский-туземний» школа бор. Мунда-да кундуз 40 қадар, кеч (вечерний Қурс)да 30 қадар мусулмон болалари ўқийлар. Мунда частний ўқуб юрувчилар-да 5-6 адад бор. Қироатхона йўқ. Мунда руслар-да йўқ, деярлик, оз. Китобхона-да йўқ эди. Аммо сўнгғи кунларда Ўш ёшларидан Қодиржон Қобилжонов ила Юсуфжон Юнусов афандиларнинг китобхона очарға ариза бердиклари эшитилди. Муваффақият тилаймиз. Мана Туркистоннинг яхши ҳаволи кичкинагина матур Ўш шаҳрининг аҳволи… Ўша қичиқ масала Тузалмаган ва тузалишига умидимиз қолмаған бир касалимиз бор. У тўғрида жуда кўп “дод” дедик, фарёд қилдиқ – ҳемирилиқ фойдаси бўлмади. Энди, у тўғрида қўлни ювуб, қўлтиққа уришимиз лозим эди; яна бир мартаба додлаб қўймоқчи бўлдиқ. Шу охирғи фарёдимизни эшитган қулоқлар, айниқса, “Қизил Ўзбекистон”, “Зарафшон”, “Озод Бухоро”, “Янги йўл” ва “Муштум”ларимиз фарёдимизга қўшулуб бир қаттиғроқ бир шовқун солсалар, балки эшитилар эди! Шу умид билан бу сафар ҳам ўша масалага қоқилиб кетамиз. Масала – ҳафталик ва ойлик матбуотимиз масаласи, касал – ўшанинг матонатсизлик ва бепарволик касалидур. Узун сўзнинг кераги йўқ, қисқа қилайиқ: Фарғона вилоятида 3–4 ойдан бери биттагина ўзбакча журнал кўрганимиз йўқ! “Билим ўчоғи” кўмилди. “Инқилоб” унинг кетидан кетди. “Ўзгаришчи ёшлар” бедарак йўқ бўлди, у бўлғанда ҳам фақат ёшлар учунгина эди. Тошканд муаллимлари томонидан “Таълим-тарбия” журнали чиқарилибдур. Унинг мундарижаси жуда суюқ бўлғанидан гапирмасак ҳам, давомига кўзимизга битмаганини айтиб ўтамиз. Маориф комиссарлиги “Маориф ва ўқитғувчи” (номни қаранг!) журнали чиқарибдур; “чиқди” деб эълон қилинғаниға бир ойдан ортди, ҳануз ҳеч бир жойда биргина нусхаси ҳам йўқ! “Инқилоб”нинг 11 –12 нчи сони Фарғона бозориға эндигина чиқди; унинг 13–14 нчи сони ҳали бизга янгилик! Ҳолбуки, 13–14 нчининг чиққаниға ҳам бир-икки ой бўлди! Жойи келганда шуни ҳам айтиб ўтайлик: Ўктам, Мунаввар Қори ва Шоҳрасуллар томонидан ёзилған “Сарф” билан ёш шоиримиз Ботунинг шеърлар тўплами ва А.Саъдийнинг “Адабиёт дарслари” мундан бир ойча бурун “бозорға чиқди” деб эълон қилинди. Ҳолбуки, эълон чиққандан бир неча кун сўнгра давлат нашриётининг магазинига кирган кишилар “ҳали муқоваси тайёр бўлғани йўқ!” деган жавобни олғанлар… Ким билади, у қийматли нарсалар бизнинг Фарғонамизга бирор 6 ойдан сўнг насиб бўлурмикан?… Фарғонанинг ҳамма катта шаҳарларида дегундек, давлат нашриёти, болаларға ёрдам жамияти матбуот каператифи ва бошқа-бошқаларнинг китоб дўконлари бор; улар йўқ жойда аллакимларнинг кўшак (киўска)лари бор. Янги асарларни ўша китоб дўконлари ва кўшаклар орқали вақти-вақтида нимага тарқатилмас экан? – буни ҳеч ким билмайдур. “Правда Восток”, “Қизил Ўзбекистон” ва “Оқ жўл” газеталарининг тарқатғучи контўрлари ва улар қошида газета-китоб кўшаклари, Ўзбекистоннинг ҳар бир катта шаҳрида бор десак мумкин.Демак, тарқатиш (ҳам вақти-вақтида тарқатиш) учун васоиёт (вазият) бор. Фақат ўша васоиётдан тегишинча фойдаланиш йўқ. Мана бунга аҳамият бермак керак. Бу ҳалиги асосий масаламизнинг бир бети. Яна бир бети Ўзбекистонда, ўзбек тилида ҳеч тўқтамасдан, дам олмасдан доим ўз вақтида чиқиб туратурған бир журнал бўлунтиришдур. “Қизил Ўзбекистон”нинг сўнг сонида Тошканддаги “Таълим-тарбия” журнали билан Самарқанддаги “Маориф ва ўқитғувчи” журналининг бирлашганини ўқувдиқ. Бу – жуда яхши. Энди, мунга марҳум “Инқилоб”нинг меросларини ҳам (агар бўлса!) қўшулса ва жиддий, кенг, матонатли, доимий, тўла бир журнал чиқарилса бизнинг ва бошқаларнинг энг ҳақли талаби жойиға келган бўлур эди. Шундоқ, биродарлар. Матонатли, доимий бир ўзбекча журнал. Уни вақтида тарқататурган васоиёт. Ўшда истироҳат уйи Ўшдаги собиқ ҳоким тўранинг шаддодий боғлари бу йил истироҳат уйи бўлуб, Фарғона ишчилари ва ҳукуматнинг масъул ходимлари учун роҳат-саодат манзили тусига киргандек бўлди. Ижтимоий муҳофаза (сосстрах) бу йил бу тўғриға жуда ҳамёнини очиб қўйди. – Кимлар учун? – Кимлар учун бўлар эди? Яна бир қанча паппалоқ акамлар, семиз лўнда билқиллаган баришнахонлар учун бунда бўлған базм ва сафоҳат эс кетарлик виждонлик кишиларнинг сочини тикка-тик тургузарликдир. Бунда мусулмонлар кўринмайди. Кўринмаслиги ҳам табиийдир. Чунки мусулмонлар учун фоний дунё роҳатининг даркори йўқдир. Мусулмон масъул ишчилари ҳали бу истироҳат уйининг кимлар учун ва кимлар суммасидан очилғонини билмайлар. Бошда беш-олтита оёқяланг ишчи ва батраклар бўлиши бароварида мусулмон комиллардан келган эканлар. Лекин уларга бу ер жаҳаннам каби торлик қилғон. Ҳалигилар буларнинг ҳолиға кулиб, …масхара қилганлар, ҳар вақт ҳазил-мазах гўё иштонсизлар почаси йиртиқдан кулганлар, кўп вақт уларга бериладиган овқатни еб, товоқ-қошиққача ялаб қўйғонлар. Ниҳоят, ҳалиги 4 – 5 меҳмон ҳам аразлаб ташлаб кетганлар. Девона аразласа, шўрвасига зарар. Ака, зардангни кимга қиласан? Лекин хўб яхши бир бўлған-да, нозик баришнахонлар олдида ваҳший ишчиларнинг кўкрак очиқ шалвураб юриши, бир столда овқат ейиши жуда макруҳ бир нарса эди. Мен борганимда бу истироҳатгоҳга кунда янги меҳмон келар эди. Шускунларда доимий равишда истироҳат қилувчи 88 киши. Бундан 8 таси мусулмон (ўзбек, бир тотор, бир қошғарлик – бу кейинги ҳисоб). Ҳаммасидан истироҳат қилишға ҳақли бўлғани 12 киши. 10 та камиссарлар ва уларнинг хотинлари, 7 таси ухожёрлик мақсадида келган, бизча айтганда, модабозлар, 8 таси қип-қизил хулиган болалар (яъни жувонмарглар), 5 таси менга ўхшаш эҳтимоллик келган саргардонлар, 12 таси ёш болалар, 6 таси ҳақиқий ишчилар. 6 ўзбек, 1 татар, 1 қашқарлик, 80 таси руслар. Мана истироҳат уйининг умумий ва расмий ҳисоби. Ҳафтада 8 кун байрам. Бир кечада 24 соат ўйин ҳам айшу ишрат, бир кунда беш маҳал овқат, бутун кечаси модабозлик, ҳар кечада 8 соат эчки ўйини. Икки ой ичида шу муборак боғчада 2 та никоҳ тўйи, битта ўғил тўйи, бир марта қўйди-чиқди ҳамда 8 та хотин ҳомиладор, 12 та қиз нишондор ва бир қанча эр-хотин замона касалига гирифтор. Бир қанча Лайли ва Мажнун юрагида муҳаббат олови аланга уриб, нах бемазани бешта қилди. Муштум оға! Миллатчилик билан мустамлакачиликни ажратолмағон қип-қизил ошқобоқларни бу ерга келиб, паст-баланд нима эканини ўз кўзи билан кўруб, ўз қулоғи билан эшитиб кетишини тавсия қиламиз. Хўжалик ишида, иқтисод йўлида хом-хатала бўлған ҳукумат арбоблари (ҳам) бу ерга келиб ибрат олсун! Бу дам олиш уйининг ходим, ходималари ҳам, Худо ҳаққи, юлдузни бенарвон урадир! Иложи бўлса, булардан ҳамма идора ва камисариятларға тарқатиш керак. Марҳум Ўш ҳокими ҳозирги ҳуррият замонида ўз боғида бўлуб турган айшу ишрат, завқу сафоҳатларни кўруб турса эди, “Ўҳў, булар биздан ўтказиб юборди-ку”, – деб рашк қилар эди. Истироҳат уйи турмушидан тўлиқ маълумот бериш учун бир неча ўзбек ёшлари тумшуқ тагида турган Уш угоркоми ва исполкомига маъруза қилсалар; улар қўйни бўрига топшириб ўшалар кабилардан контрўл юбормоқчилар. Э… шундоқ қилиш керак, ишбилармон катталар, бўлмаса ҳол хароб-ку… Ҳар нарса ерлилашганда шифохона ва истироҳат жойларида ҳам қоидалар ўзгарилсун, бўлмаса, ҳозирги кўриниш мустамлака кўринишидан бир кўринишдир. Агар сўзимиз ёлғон бўлса, ё сизни Худо урсин, ё бизни! Ўт арава тўғрисида Ўт арава демакдан мақсадим автўмўбил эканлигини билсангиз керак. Халқимиз «автўмўбил»ни ўт арава дейдур. Мен бу мақоламда ўт араванинг фазилатларидан гапирмакчи эмасман. Йироқ йўлни яқин, қийин ишни осон қилиш учун ўт арава жуда керак нарса, фойдалик муюм. Лекин бу мақоламда бошқа нарса тўғрисида гапирмакчиман. Ҳозирги вақтда газеталаримизни ўқунг. Энг кўб ёзилған нарса Гирмония масаласи. Ҳар кун, ҳар сонда десак мумкин: Штреземан, Эберт, Албер, Сект, Карвакитлердек жонли номлар; Саксония, Турингия, Бавария, Рур, Райн каби жонсиз исмлар; булар ҳам ҳаммаси хабар, даракдан иборат. Масалан: мен борсам-да, Штреземан ким, Эберт қандоқ киши, Гилфердинг ўзининг сарватга доир машҳур асарида қандоқ асосларни олдинга сурадур деб катта саволларни берсам ва шунга кенг-ковур жавоб олмоқчи бўлсам… қаерға бош ураман? Мусулмончани, туркчани яхшиғина билсам ҳам ўрусчани билмайман, уни дарров бир-икки ойнинг ичида ўрганиб олиш қийин, мусулмонча сиёсат китоблари бўлса йўқ. Тошкентда ё Масковда бўлсам бирорта қулубга борар эдим. У ерларда нима кўб? Қулуб билан лексия! Мен турған ерда мендан бошқа ҳам бир неча миллион менга ўхшаған бахти йўқ «аҳли вилоят» (провинциал) туратурған жойларда қулубнинг мазаси йўқ. Қулуб бор ерда лексиянинг бурди йўқ. Сўзнинг қисқаси: йўқ, йўқ, йўқ. Мен йўл усти тўғри келганда газетачилар билан ҳам сўзлашдим. «Нимага бир масаланинг асл-асосидан тузук-қуруқ маълумот бермайсиз? Бу кундалик хабарингиз билан ишнинг тагига етиб бўлмайдур», – дедим. Газетачилар сира ҳовлиқмасдан шу жавобни бердилар: – Ҳар нарсанинг ўз жойи, ўз асбоби бор. Газетларимизнинг вазифаси – кундалик воқеалар тўғрисида – газетанинг ўз миқёсидан ошиб кетмаслик шарти билан – тафсилот босиб тарқатмоқдур. Сиз айтган чуқур таглик масалаларни қулоч-қулоч қилиб ёзмоқ учун мажмуа, яъни журнал деган нарса бўладир! Сўнгра журнал қидиришга тушдим: «Билим ўчоғи» деган бир нарса бор экан, вафот қилибдур. «Инқилоб» деган биттаси Ўрта Осиё шўро жумҳуриятларининг ҳаммасига баробар «ўғул» бўлуб, ҳаммасининг дастмояси билан дунёга чиқмоқчи бўлған экан. Уни ҳам Бухородан нари дараксиз кетди дейдилар. Ҳар ҳолда, билиниб қолди. Айниқса, бизнинг Туркистон жумҳуриятининг – марказлик бўлиш шарафидан маҳрум қолған – вилоят фуқаролари мунга кўб ташна бўлдилар. Бир мажмуанинг чиқмоғи жуда зарур, жуда лозим. Шу зарурат нимага ўталмайдур деб кўб жойга мурожаат қилдим, жавоб бердиларки: – Пул йўқ! – Пул йўқ! «Билим ўчоғи» билан «Инқилоб» мажмуалари ҳам шунинг учун тўхтаб қолған эканлар. Локин мен мунга ишониб етолмайман. Татаристон шўролар жумҳуриятида бир-икита мажмуа тўхтовсиз чиқиб турар экан. Ақлим олмайдур: Татаристон шўролар жумҳурияти бизнинг Туркистон шўролар жумҳуриятидан бойми экан? У жумҳуриятнинг пахтаси йўқ эди-ку. Бизда ахир пахта бор, радий жавҳари бор, дармона (сантонин) кони бор, тошкўмир, қора ёғ, яна нима балолар бор. Шуларнинг ҳаммаси ижтимоий асосдаги маслаҳатлик жумҳуриятимизнинг бойлиги-ку! Yo шундоқ эмасми? Қани, гапиринг-чи! Фарқ бўлса-бўлмаса шундадурким, Татаристон шўро жумҳуриятининг оқсоқоллари ҳалиги шиддатлик эҳтиёж ва заруратни сезганлар, билганлар. Бизнинг оқсоқолларимиз бўлса «Прожектор», «Красная Нива», «Эхо», «Огонёк», «Новый Восток» ва бошқа минг хил русча мажмуалардан истаганларини ола бериб, ўзларидан бошқа ўрусчага олим бўлмаған биз вилоятлик бечораларни унутуб қўйғанлар! Фарқ ёлғиз шунда. Яқинда Тошкентда бўлдим. Баъзи бир идораларнинг чиройлиқ, чаққон, ҳайбатлик ўт аравалари ёнимдан шамолдек шувуллаб, ўқдек ғувуллаб ўтуб кетдилар. Мен бечора вилоятлик ақл ва ҳушимдан ажраб – танг қотиб қараб қолдим. Яқинда Хўқандга келдим. Эски шаҳардан келаётуб эдим, бир муюлушдан икки жавобгар ишчи ўртоқларим ғалати извошда учар отларни тизғиратиб чиқиб қолдилар. Агарда дарҳол ўзимни чеккага олуб, деворға орқамчасиға ёпишмасам извошнинг ғилдираклари тагида қолуб кетар эдим-да, сиз ҳам бу кун бу мақолани ўқушдан маҳрум бўлуб қолур эдингиз… Бир оз суруштурғанимдан сўнг маълум бўлдиким, ўт араванинг ўзи чиройлиқ, чаққан оёғи енгил нарса бўлса ҳам, ашқол-дашқоли жуда кўп, сарф-харажати жуда катта экан. Унга кетатурған бензин деган ёғнинг пули бизнинг қишлоқ маҳкамаларига ошуб-тошкундай бир исмета бўлар эмиш… Айниқса, ўт аравани ҳайдайтурған «шуффер»и жавобгар ишчилар ойлиғиға зўрға унар эмиш… Извошнинг харажати ҳам оз эмасдур. У – савлатлик, у – семиз, у – чопонғир отлар озмунча овқат емайтурғандур. Кучир ҳам ахир ноз-ситамдан холи эмасдур. Битта маҳкаманинг ўт аравасини сотсақ, иккита маҳкаманинг иккита извошини ҳам отлари билан сотуб юборсақ, шуларга кетатурған бир йиллик харажатни ҳам Чирвонбойнинг қурси билан ҳисоблаб шунга яраша маблағни ажратуб қўйсақ: шу маблағларнинг ҳаммасини шотираған чирвон қилиб «Туркистон» газетими, «Фарғона»ми, «Зарафшон»ми – учаласидан биттасининг бошқармасиға топширсақ, битта мажмуа чиқаруб беришга унарларми экан? Мен ўйлайманким: жон дерлар, жон дерлар… Ўзбек давлат труппаси Эски шаҳар ижроқўмининг ёрдами билан ўзбек давлат труппаси ва қишлиқ «Турон» биноси яхши йўлға солиниб келмакдадир. Ижроқўмдан белгиланган вакилларнинг ташаббуси орқасида ҳозир «Турон» саҳнасининг декорациялари учун икки рассом ишлаб турадир. Саҳнанинг бошқа кам-кўстлари учун яна иккита дурадгор уста солинди. Бундан сўнг саҳнада қор, ёмғир ёғдириш, ой-кун чиқориш, шамол, булут қўзғотиш, ёруғлик, қоронғилик қилиш учун керак бўлғон асбоблар буюртилмоқдадир. Шу ишларнинг ҳаммаси январнинг яримларида тамом бўлгусидир. Декорацияларнинг кўпайиши, жиҳозларнинг ортиши саҳнанинг тузалиши натижасида Эски шаҳар халқи январь ойидан бошлаб ғоят жиддий ва зўр санъат асарларини томоша қилмоққа муваққат бўладилар. Январь ойида декорация ва янги жиҳозлар билан тўла мукаммал қилиниб ўйналатурғон асарлар шунлардир. 7 ва 8 январда турк адибларидан Шамсиддин Сомибекнинг қадим эрон асотиридан олиб ёзғон «Коваи оҳангар» отли томошоси 14 январда машҳур немис адиби Шиллернинг «Макр ва Муҳаббат»и, 16 январда мазкур адибнинг «Босмачилар»и, 21 ва 22 январда Ғози Юнуснинг Эрон асотирига оид «Заҳҳоки Морон»и, 28 январда яна Шиллернинг «Босмачилар»и қўйилғусидир. Бу асарлар маданий миллатларнинг энг юксак саҳналарида ҳам кўп ўйналатурғон, жиддий ва оғир нарсалардир. Бунларни ўйнамоқ, халқ олдида шу қадар жиддий нарсаларни жонлантириб кўрсатмак бизнинг ёш труппамиз учун катта бир имтиҳон кабидир. Ўзбек труппаси шу нарсаларни ўйнамоқ билан ўз кучига бир кўриш (маневра) ясаб ўткан бўладир. Ўзбек труппаси февраль ойи ва ундан сўнгги ойлар учун ҳам «Фарҳод ва Ширин», «Ёрқиной», «Чин Темур ботир», «Узунқулоқ бобо», «Шайх Санъон» каби жиддий асарларни белгиламишдир. Ўзбек давлат труппасида Эски шаҳар ижроқўмининг ёрдами билан ўзбек давлат труппаси ва қишлиқ “Турон” биноси яхши йўлға солиниб келмакдадир. Ижроқўмдан белгиланган вакилларнинг ташаббуси орқасида ҳозир “Турон” саҳнасининг декорациялари учун икки рассом ишлаб турадир. Саҳнанинг бошқа кам-кўстлари учун яна иккита дурадгор уста солинди. Бундан сўнг саҳнада қор, ёмғир ёғдириш, ой-кун чиқариш, шамол, булут қўзғотиш, ёруғлиқ, қоронгғилиқ қилиш учун керак бўлған асбоблар буюртилмоқдадир. Шу ишларнинг ҳаммаси январнинг яримларида тамом бўлғусидир. Декорацияларнинг кўпайиши, жиҳозларнинг ортиши саҳнанинг тузалиши натижасида Эски шаҳар халқи январь ойидан бошлаб ғоят жиддий ва зўр санъат асарларини томоша қилмоққа муваққат бўладилар. Январь ойида янги декорация ва янги жиҳозлар билан тўла ва мукаммал қилиниб ўйналатурған асарлар шунлардир. 7 нчи ва 8 нчи январда улуғ турк адибларидан Шамсиддин Сомибекнинг қадим Эрон асотиридан олиб ёзған машҳур “Коваи оҳангар” отли томошаси 14 нчи январда машҳур немис адиби Шиллернинг “Макр ва муҳаббат”и, 16 нчи январда мазкур адибнинг “Босмачилар”и, 21 ва 22 нчи январда Ғози Юнуснинг Эрон асотирига оид “Заҳҳоки Морон”и, 28 нчи январда яна Шиллернинг “Босмачилар”и қўйилғусидир. Бу асарлар маданий миллатларнинг энг юксак саҳналарида ҳам кўп ўйналатурған, жиддий ва оғир нарсалардир. Бунларни ўйнамоқ, халқ олдида шу қадар жиддий нарсаларни жонлантирб кўрсатмак бизнинг ёш труппамиз учун катта бир имтиҳон кабидир. Ўзбек труппаси шу нарсаларни ўйнамоқ билан ўз кучига бир кўриш (маневра) ясаб ўткан бўладир. Ўзбек труппаси февраль ойи ва ундан сўнгғи ойлар учун ҳам “Фарҳод ва Ширин”, “Ёрқиной”, “Чин Темур ботир”, “Узунқулоқ бобо”, “Шайх Санъон” каби жиддий асарларни белгиламишдир. Ўзбекистоннинг олтини Жумҳуриятимизнинг энг бой райони, хўжалиғнинг манбаи Фарғонадир. Фарғона пахта, қорамой, кўмирлар устиға яна бир қанча бойлиқларға эгадир. Жумҳуриятимиз яшаған, хўжалиқ ва рўзғоримиз тикланган сари бойлиқлар, ишлаб чиқаришлар яна кўпаймакда, яна кўп ҳосиллар бермакдадир. Фарғона шаҳари ҳозирда бу бойлиқларнинг тугал маркази бўлмаса ҳам, келгусида зовуд-фабрик, ишлаб чиқариш корхоналарига эга бўлғусидир. Ипак фабрикаси Хўжалиғи пилла – ипакчилик иши билан машғулдир. Бу хўжалиқларнинг 3/1 эҳтиёжини шу ишдан келган даромад қоплайди. Пиллачилик иши бошқа хўжалиқ ишларига қарағанда бир қанча енгил ва унумли саналади ҳам ортиқ харажат ва ишлаш учун ер талаб қилмайди. Деҳқонлар, бошқа хўжалиқ ишларига зарар еткизмасдан туриб, пилла – ипакчилик билан машғул бўла олғанлари орқасида бу ишдан бир қанчалаб даромад ола биладирлар. Пилла – ипакчилик ишининг ҳосили инқилоб вақтида, босмачилиқ даврида анча пасайиб кетиб, 19-20 нчи йилларда урушдан аввалги миқдорнинг 5 фоизинигина ташкил қилар эди. Бу ишга милли й чегараланишдан кейин аҳамият берилиши орқасида пилла – ипакчилик ишининг ҳосили урушдан аввалги миқдордан ўтиб кетди. Пилла қурти тутиш, уни вояга етказиш ва тўйдириш учун энг керакли мева-овқат тут дарахти – баргидир. Урушга қадар (ҳозирғи Ўзбекистон ўлчовида олғанда) тут дарахтлари 15 милён саналиб, босмачилиқ даврида деҳқон хўжалиғиға қаралмағандан, тут дарахтлари озайиб, ҳозирда 10 милёнга келди. Шундай бўлса ҳам тут дарахтидан фойдаланиш тузук йўлға қўйилғанлиғидан пилла ҳосили урушдан аввалги миқдордан ортди. Инқилобдан илгари пилла – ипакчилик ишлари хусусий сармоя қўлида бўлиши билан баробар бутун пилла чет элларга юборилиб, у жойларда ишлатагандан кейин Русияга киргизилар эди. Ипакка доимий эҳтиёжи бўлған маҳаллий халқ, ўз молини бир неча баробар қимматга қайтиб сотиб олишқа мажбур бўлар эди. Чет эл фабрикантлари пиллаларни хом ҳолида олиб кетишдан катта фойда қилар эдилар. Шунинг учун пиллани пилла етишадурған ернинг ўзида ишлаш, ипак тайёрлаш ишлари йўлида ҳеч қандай корхона йўқ эди. Иккинчидан, ўз ерида корхона бўлмағанлиғидан пилла баҳоси жуда арзон саналиши орқасида бу иш билан машғул деҳқонлар сарф харажатларини қайтариб ҳам ололмас эдилар. Шўролар даврида ҳар бир иш, айниқса қишлоқ хўжалиғини тиклаш иши деҳқонларнинг фойдасиға тўғрилаб қўйилғанлиғидан жумҳуриятимизда ипакчиликни ҳам деҳқонларға фойдалиқ қилиб йўлға қўйиш ишига киришилгандир. Биз ҳозир бир неча йилдан буён йўлға қўйилиб ишлаб келмакда бўлған Фарғона шаҳаридаги (Самарқандда янги очилған фабрикага ҳали тўхтаймиз) ипак фабрикаси билан фахрлана оламиз. Бу фабрика ўз орасиға маҳаллий халқдан ишчилар тўплаб, келгусида таянадирған истеҳкомимиз – пролетарият етказишда катта рўл ўйнайди. Бу фабриканинг муваффақияти ва тажрибаси орқасида Ўзбекистонда пилла ва ипакчилик ишини, бу йўлдағи саноатни катта одамлар билан олдинға олиб боришқа имкон очилади. Бир вақтда губернатур ва унга қарашлиқ порахўр чиновник – палискалар эга бўлған чиройлиқ, ёқимли, кўринишли Фарғона шаҳарига бу кун фабрик – зовуд ишчилари эгадирлар. Бу фабрика Ўзбекистон ипакчилиги фабрикасидир. Фабрика ва унинг идорасида бўлған ишларнинг оддийлиги ҳар бир кишининг ҳурсанд қилади. Кўзимиз ўрганган баҳайват маҳкама, юмшоқ мебеллар, асбоб-ускана тароқлашлар бу ерда йўқ. Бу ернинг кўриниши оддий, соддалиги пролетар макони эканлигига шоҳиддир. Фабрика ичига кириш билан, гулдир-гулдир машиналар атрофида пиллани қайнатиш, ишлаш, ўраб чиқариш ишлари билан машғул бўлған меҳнат эгаларини кўрасиз. Бу меҳнат эгалари ўзларингизнинг кунда кўрған, кунда учратган опа-сингил, ака-укаларингиздирлар. Ҳали бировга кўз кўтариб қарамайдирған номусли ўзбек қизлари, бошқалар билан биробар ҳуқуқли опа-сингиллар; ўзининг оддий кийимида бўлған хотин-халаж; чиройлиқ шоҳидан тикилган кийимли ва рўмолчасини ихчам ўраб олған кўзи қоралар ишлайди. Моҳир қўллар ишни тартиб, интизом ва тўғри йўл билан олиб боради. Ўзбекистоннинг қимматли олтини – ипакни юрзага келтиради. Фабрикадаги ерлик ишчилар ҳозир 71 прасентни ташкил этади. 1926 нчи йилдагига қарағанда 10 прасент ортқан. Ҳозирда фабрика 3 исмен билан ишлайди. Ишлаш ва янги ишчилар олиш яна кенгайди. Олинадирған ишчиларнинг бундан кейин ҳам энг кўби ерли халқлардан бўлади. Иш ҳақи 24 нчи йилда 100 прасент саналса, 25 нчи йилда 112 прасент, 26 нчи йилда 118 прасентга чиқди. Ишлаб чиқариш иши қуйидағача: ҳар бир тоза (пиллани ишлаб чиқарадурған қозон) 24 нчи йилда 39 пут 4 қадоқ пиллани ишлаб чиқарған бўлса, 25 нчи йилда 51 пут 32 қадоқ, 26 нчи йилда – 153 пут, 27 нчи йилда 195 пут 20 қадоқ ишлаб чиқарадирған бўлди. Келгуси 4-5 йил ичида янгидан қуриладирған ипак фабрикалари ўз атрофига ўн минглаб пролетарият тўплашни ўйлайдирлар. Ўзига нисбатан кўп Энг илгари Андижон уязига тушкан деҳқончилиқ солиғи, ўзига нисбатан кўпдур. Бу уяз босмачилиқ деган бало чиққандан бери тўқтовсиз уруш майдони, босмачилиқ уяси бўлуб келган. Муни босмачиларға қарши охирғи маърака (компания)ни шул уязддан бошламоқ билан ҳукуматимизни ўзи исбот қилди. Босмачиларға 5 йил муттасил жавлонгоҳ бўлуб келган бу уяз, табиий, ҳамма уяздан ортиқрор таланған, бузулған, хароб қилинған мана шундоқ хароб бир уязга 406500 пуд деҳқончилиқ солиғи тушкан. Андижон уязида 85000 гина рўзгор бор. Ҳолбуки, мандан кўбрак рўзгорга эга бўлған баъзи бир уязларга мундан озроқ тушкан. Мана бу жиҳатни албатта эътиборға олмоқ керак. Пахтачилик ишлари («Йўқолған пахта» вагўндан топилди) Андижон уези «Ҳаққулобод» қишлоғидағи пахтақўм пунктига куз бошидан ҳар бир қишлоқлардан пахталар кела бошлади. Андижон уезида энг кўб пахта бературған бизнинг мана шу Ҳаққулобод раюнидур. Жағирағи мавқеи ҳам жуда кенг. Шунинг учун аллақанча чақиримлардан пахта юклаб келган аравалар хлопкўмнинг тор саройида тиқилишиб тоза қийналиб эслари кетадур. 3-4 кун бўлди,ҳали ҳам пахтамни тортишка навбат тегмайди, деб самоварларда тумалашиб ётқан деҳқонлар жуда кўп. 10-15 чақиримлар наридаги қишлоқлардан олиб келиб тарозуга навбат кутуб турған қоп-қоп пахталарни бир кўрсангиз эди!.. Аммо идора аъзолари ҳам тарозудан «акам»ларнинг улфатлари тўни янги, сўзи ширалик кишиларнинг пахталари бўлса торозунинг устида ҳамма вақт нақд! Бир мўйлаб билан тортилади. Бу мўйлаб билан пул олинади. Муниси яна ортиқча. Ҳаққулободдан унча узоқ эмас,бир қишлоқдан пахта юклаб келган бир деҳқоннинг 3-4 кундани навбатга қўйған бир қоп пахтасит йўқолган экан. Ёнимға келди: «Мулла ака ўлиб-тирилиб олиб келган пахтам саройда йўқолиб қолдур «нима қиламан?»деб айтади. Бечора деҳқонни кўрсангиз йиғларсиз, оёғида, устида ҳеч нарса йўқ. Йўқалған пахтаси тўғрисида «заведиш»дан қанча-қанча турткилар, қанча чўрт-пўртлар эшиткан. Хайр, мен йўл кўрсатдим. Қўшчиға аъзо экан,райжроқўм орқали чора кўрилди. Бир вақтда кўрсак вагўнга юкланган пахталар орасиға «адашиб» қўшулиб кеткан экан… Ҳайрият бечора деҳқоннинг пахтаси топилиб оғзи қулоғиға етди. Аммо кейинги кунларда яна бир қоп эмас 13-14 қоплаб йўқола бошлади. Лекин муниси ҳам сингиб кетмади. Райжроқўмнинг ҳаракати билан бир идора аъзосининг ўзидан чиққанлиғи эшитилди. Шуниси қизиқким, йўқолған пахталар пунктнинг ҳақиқий ошналаридан ёхуд «корчалон»ларникидан йўқолмайди. Балки энг чет жойлардан бир мунча машаққатлар билан қийналиб олиб келган тўни йиртиқ, қўли қабарған деҳқонларники йўқолади. Мана шундоқ аҳволларни райжроқўм томоша қилиб ўтавермади. Пункт мудирининг қулоғини хийла чўзди ҳам дарров деҳқонлар томонидан бир кишини вакил қилиб қўлиға яхшиғина гувоҳнома бериб тарозунинг теппасига ўтурғузиб қўйди. Қадрли меҳмонларни қарши олиш Ақраб (ўктабр)нинг 2 нчи куни. Жумъа. Ҳамма бўш. Шу учун Эски шаҳар бир ҳайит (байрам) шаклини олған. Одам деган нарса жимир-жимир қайнайдур. Тегирмон тоши билан Чархи фалакнинг ораси қиёма-қиёмат! Қишлиқ тиётрунинг ўнг биқиниға ёппа йиғин кунлари учун атайлаб кичкинагина бир кўргазма (виставка) уюшдирилған. Қатор дўканларнинг бирида Фарғона пахтақўм идорасининг техника бўлаги томонидан пахтани экиб ва уни ишлаб чиқаратурған турли-туман мошиналар қўюлған, унинг ёнида яна пахта идорасининг ўзи томонидан пахтачилиққа оид бир бўлим очдирилған. Унинг ёнида ипакчилик бўлуми очилиб, унда ўзимизнинг тубжой ипакчилар пилла қайнатиб, ипак пишитиб, йигириб, ўраб ўлтурадурлар. Одамлар тиқилишиб, бир-бирини туртушуб туруб тамоша қиладурлар. Ўша ўртадағи самоворлар ҳам минди-минди. Одатдаги каби қатор-қатор чўзулуб кеткан киракаш извошлар йўқ. Ҳаммаси вағзалда, меҳмонларни кутадур: халқ ҳам – кўзи йўлда, катта кўчадан битта от қаттиғроқ чопиб кела бошласа ҳам: – Ана, ана келиб қолдилар! – деб бир қайнаб оладур. Темирйўл бекатининг тор майдончасини сира сўраманг: қиёмат! Шаҳарнинг ҳамма меҳнаткаш ташкилотлари шунда – байроқлари билан истиқболға чиққанлар. Қишлоқлардан келган деҳқон вакиллар – улар ҳам қаторға кириб, йўлға кўз тикканлар. Авғон боғнинг рўбарасига келган поез, севинчи сўраб ётқан боладак ўкирадур: – Тув, тув! Тув, тувввв… тув! Тўпаланг бошланадур. Тартиб сақлашқа имкон қолмайдур. Ҳар кимнинг фикри: улуғ меҳмонларни бир нафас бурун кўруб олиш! Тўпаланг, қий-чув ичида кўк адипли ҳипқит ва ўтхона вошшиллаб бекатга кириб келадур: яна минди-минди! Вағўндан бир мунча ҳукумат аъзолари билан бирга тушган ишчи-деҳқон оқсоқоли ўртоқ Охунбобо ўғли бекат саҳнига чизилған меҳнаткаш сафларини айланиб юруб, ҳаммаларига бир қурдан “салом” берадур. Сўнгра бекатнинг ёниға солинған гўзал минбардан туман – шаҳар ижроқўмининг раиси ўртоқ Ҳаким Хўжаефнинг йўғон, лекин кучи озроқ, бўшангроқ овози кўтариладур: – Ўртоқлар! Мен Андижон туман – шаҳар фирқа қўмитаси ва ижроқўми томонидан шаҳаримизга марҳамат қилған азиз меҳмонларға “хуш келдингиз!” айтаман. Олқиш тўфони. “Урра!”, “Яшасун, Ўзбекистон марказ ҳукумати!” деган товушлар. Ўртоқ Ҳаким Хўжаефдан кейин вилоят ижроқўми томонидан ўртоқ Алихўжаеф сўз олиб меҳмонларни “хуш келдингиз!” қиладур ва Андижонда очилатурған мажлисдан жумҳуриятимизнинг ва шу жумладан Фарғонанинг хўжалиқ жиҳатидан кўтарилиши йўлида жиддий қарорлар умид қиладур. Ундан сўнг навбат билан темирйўл ишчилари, қўшчилар, касабачилар ва қизил кашшофлар “хуш келдингиз!” қилдилар. Буларнинг ҳаммасига ўртоқ Охунбобо ўғли жавоб берди ва ёппа йиғиннинг аҳамиятини ва унинг рўзномасидаги масъалаларнинг моҳиятини хулоса қилиб ўтди. Шундан сўнг ҳамма ҳозирун Эски шаҳарга қараб жўнайдур. Эски шаҳарда ҳам ўша биноқат бўлуб кутиш, ўша “ана-ана!”лар ўша “минди-минди”! Наримониф боқчаси қаршисидағи кенг майдонга тақтадан ўроқ-болға ҳайкали ясалған. Ҳайкалнинг ярим белидан туруб Ҳаким Хўжаеф мажлисни очадур ва ўзи туман фирқақўм ва ижроқўм томонидан қутлағандан кейин, навбат билан Муҳаммадали Отабоеф (қора ишчи, профсоюз томонидан), Бадалбоеф (ёшлардан), Қурбониф (уйғурлардан) “хуш келдингиз!” қиладурлар. Уларга ўртоқ Охунбобо ўғли жавоб бериб – каммунистлар фирқасининг миллият сиёсатидан, миллий чегараланишдан, Ўзбекистоннинг тузулишидан, очилғуси мажлисдан ва унинг вазифаларидан гапирадур. Ундан сўнг Ўзбекистон марказ фирқақўм жавобгар котиби ўртоқ Акмал Икромиф сўз олиб, Ўзбекистон каммунистлар фирқаси ва шўролар ҳукумати қошида турған энг муҳим масъалалардан маълумот берадур. Халқ орасида ўртоқ Охунбобоеф тўғрисида, умуман ёппа мажлис тўғрисида кўб гап бўлуб турди. Йиғин (митинг)га тўпланған халқни, “молларни арзон қилиш” масъаласи анча қизиқтирадур. Бир косиб бир қўлидағи бир боғ пиёзни у қўлиға олиб туруб ёнидағи кишига: – Молни арзон қилиш деган гап ҳам яхши гап. Ҳукуматимиз шундоқ ишларга бел боғлаған бўлса – яхши, иш қилиб… яхши! – дейдир. Йиғин тугагач ўртоқ Охунбобо ўғли ўт аравага ўтуруб жўнайдур, орқасидан бир мунча халқ уни анча жойғача узатиб, “яшасун!” қилиб борадур. Қаламнинг тойилиши Бизда бир гап бор: биров бир қалтис гапни билмасдан айтиб қўюб жуда изза бўлуб кетса, орқасидан қизаруб-бўзаруб туруб: «Суяксиз тил экан, тойиб кетди», – деб қўядур. Рост, тил суяксиз, тойиб кетса мумкин. Лекин қалам деган нарса тилдек эмас. У ё қамишдан, ё темирдан, ёки ёғочдан ясаладур. Замонанинг маданий қалами бўлса, мутлақ пўлат учлик бўладур. Пўлат-а, пўлат! Унинг тойиб кетиши хийла қийин. Масковдаги «Бош пахтақўмитаси»да битта-яримта тоятурған қалам бор, локин ҳарчанд ундек катта бир идоранинг қаламлари ёт мамлакатларда ишланган (заграничный) ва биринчи навдан (первый сорт) учларга эга бўлсалар ҳам, шошилишда қоқилиб ҳам кетарлар экан! Ўша Бош пахтақўм томонидан пахта хусусида ўрус тилида бир китоб нашр этилган эди. Китобнинг исмидаёқ шу «қалам тойилиши» ҳодисаси жуда аниқ кўринадур. Ya’ни ижтимоий асосга қурулған Шўро Жумҳуриятлари Иттифоқининг Шарқ томонидағи аъзолари (Ўрта Осиё ва Қафқасия жумҳуриятлари) тупроғида унатурған пахтаға «ўрус пахтаси» (русский хлопок) деб исм қўйилған. Бош пахтақўмдағи «тойилғич қалам» Туркистон билан Қафқасия ўрниға Рязан ва Тобол вилоятларини келтириб қўюб, осиёликларнинг «яқин» ва «ғамхўр» дўстлари бўлған Милюков ва Чўқаевларға Париж майдонларида жиртак чалишқа ортиқча ва керакмас бир замин тайёрлаб берган… Масковдаги Бош пахтақўмдан ва унинг «тойилғич қалами»дан хафа бўлишқа ҳам тўғри келмайдур. Чунки у қалам бирорта «собиқ»лардан чиққан «спетс» (ишбилармон)нинг қалами бўлса керак. Лекин ўзимизнинг қизил Тошкентдаги Ўрта Осиё шўро жумҳуриятларининг бош газети бўлған «Туркправда»ға нима дейлик? Муҳташам кабиналарда ўлтурғанлари билан, «Туркправда» сотрудниклари орасида ишбилармонлар йўқ эди, шекилли. Тожикистон жумҳурияти тўғрисида ўртоқ Имомов билан мусоҳаба қилған «Туркправда» сотрудниги «Помир» (Мурғоб)ни нимага «Ўрус Помири» (Русский Памир) деб атади экан? Ахир «Хитой Помири», «Инглиз Помири» деган атамалар бор, бу ҳам жуғрофий бир «атама»-да демакчиларми? Унда Туркистонни ҳам «Ўрус Туркистони» (Русский Туркестан) десунлар; «Хитой Туркистони» деган атама ҳам бор… Биз ҳайрон бўлдик, ўйладик, охирда шу қарорға келдикким: «Туркправда» идорасида ҳам бирорта «тойилғич қалам» пайдо бўлуб қолғандур-да!.. Гап чўзулуб кетди. Бош оғриғи бўлмасун деб қўрқамен: Туркистон иқтисод шўроси томонидан шу йил нашр этилган «Статистика солномаси» (Статистический ежегодник)ни ўқуб эдим. Ундаги тойилған қаламнинг қўполлиғини кўринг! Ya’ни ўша китобда: «Туркистонни олған ўрус подшоҳлари уни мустамлака қилмоқ учун муайян режа билан иқтисодий зарурат орқасида олғанлари йўқ. Балки Русияга чегарадош бўлған қабилалар ўрус савдо карвонларини талаб, ҳадеб бесаранжом қила бергандан кейин шуларни босамиз деб айланишиб келиб қолған!» – дейиладур. Бу кучли даъвога кучли далил лозим бўлғанидан: «Мана далил керак бўлса!» – деб ушбу сўзлар ёзиладур: «Шунинг учундурким Туркистонни олғандан кейин чор ҳукумати уни нима қилишини билмай ҳайрон бўлған эди»… Қаламнинг бу даража эсирикларча тойилиши одамни қўрқутиб юборадур. Бу тойилған қалам ўзининг шу тойилиши билан ўктябр инқилобининг биринчи кунидан бери қилиниб келаёткан даъволарнинг устига катта бир қора чизиқ чизмоқчи, шекиллик! Ya’ни ўктябр инқилоби «Чор ҳукумати Туркистонни мустамлака қилиш учун олған эди» деган шиорни ташлаған бўлса ҳам, биздан (статистикачилардан) сўрамасдан, ҳақиқат қилмасдан шошилиб ташлаб қўйған… демакчи, шекиллик! Баракалла!.. Қамалған деҳқонларни бўшатиш Ўзбекистон марказ ижроқўмининг 3 нчи ялпи мажлиси Андижон шаҳрида очилиб, шунинг орқасида Фарғона деҳқонлари билан жонли алоқа қилинған бўлди. Шу алоқага бир мисол ҳам шудурким, марказ ижроқўм томонижан таъйин бўлған алоҳида комиссия шу кунларда Андижон овақтасини текшириб кўруб чиқди. Ўша текшириш натижасида ишчи-деҳқонлардан 17 кишини қамоқдан чиқаришқа марказ ижроқўм томонидан қарор берилди ва ижроси тегишли идораларга топширилди. Қатъий дамларда Бундан 50-60 йил илгариги Франция-Германия урушида Францияни янчиб, эзган Германия букун Франция остида янчилиб бормоқдадир. Илгари “ғолибият” билан гердайиб, катта-кичикни, ёш-қарини, гуноҳли-гуноҳсизни ажратмай ястаған гермон афисерларининг “шарафлик” вазифаларини букун Рур музофотида француз афисерлари ортиқ даражада қобилият ва “усталиқ” билан адо қиладирлар. Рурдаги француз ёввойилиғи оғизларда достон, тиллада мақол бўлди. Ғарб газеталаридан баъзи бирлари француз панжасида Рурнинг кундалик воқеаларини ёзар экан “жабр ва зулм шууноти” деган маънилик бир сарлавҳа қўядирлар. Шу ҳолда… шу ҳолда бутун шу “жабр ва зулм”га кўндаланг бўлған Германия халқи, олмон миллати ўзининг мувосачи ҳукуматидан қандай қизиқ, қандай ажиб нағмаларни эшитадир! Бу кун шу нозик дақиқада, масъалани ё уёқ, ё буёқ қилиб, узул-кесил ҳал этатурған қатъий дамларда, “мувосачи” афандилар қандай фикрда юрадирлар? Шундай нозик ва қатъият талаб этган дамларда, Пруссия дохилия нозири мувосачи Зверинг туруб: “Германиянинг миллатчи-тескаричиларига қаттиғ ҳужум қиладир”. Пруссия Миллат мажлисида зўр тантана ва дабдаба билан бир нутқ сўзлаб бир тарафдан: “Ўнглар ташкилотининг тарқатилиб, қурол-яроғлари тортиб олинишини талаб қиладир”. Иккинчи томондан эса: “Ортиқча бузулуб, йўлдан чиқиб кетган тескаричилар босқинидан ишчи халқни муҳофазат қилмоқ учун тузулган ишчи ташкилотларининг ҳам тарқатилишини талаб қиладир. Ҳолбуки, Зверингнинг бу ҳаракати, бу ҳужуми аслида кўбрак ишчиларга қаршидир. Мувосачиларнинг ўнгларга ҳужуми, кўбрак, тилдагина бўладир”. Аҳвол жуда мужмал, жуда чучмал. Қатъий бир йўл тутулмағанда бу мужмал аҳволдан қутулуб бўлмас. “Маскав правда”си айтгандек: “Шу мужмал аҳволдан қутулмоқ учун қўлларида муайян бир проғрамлари, йўл-йўруқлари бўлған фирқалар, подишоҳчилар билан каммунист фирқаларидир. Буларнинг аввалгилари мужмалликдан қутулмоқ учун, тож ва тахтни тиргизиб, юрт бошиға бир подишоҳни ўтқазиб қўюб, сўнгра Францияга қарши уруш очарлар, иккинчилари бўлса мамлакатда ҳақиқий ўзгариш ясаб, шўролар Русияси билан иттифоқ боғларлар. Бу икки фирқанинг қайси бири зўр келса ҳам Франция билан узулишлик бор”. Шунинг учун ҳозирғи чучмал вазият орасида юраги дукиллаб турғанлар орасида, фақат мувосачи Зверинг ва шерикларининггина эмас, Пуанқара, Банар Lou, Керзон ҳам Муссолиниларнинг ҳам қаторлашиб турғанлиғини кўруб турамиз… Ҳар ҳолда, бундай қатъий дамларнинг бирдан чиқиб қолатурған қатъий воқеалари ҳам кўб бўладир!.. Қаердан топқан эканлар?! Бу кун баъзи бир бўлус ижроқўм бошлиқларининг ўғулларини тўй қилиш ниятида ўн кунлаб тўй-тамошо қилиб, аллақандоқ ўринсиз, беҳуда исрофларга урнаб турғанлиқларини эшитмакдамиз. Мана шулар жумласидан, Исфара бўлус ижроқўмининг бошлиғи Отабой ўғли деган бир “олийҳиммат” ўртоғимиз Марғилондан тортиб қизиқчилар чақириб, ақлға тўғри келмайтурған ишлар, дабдабалар билан тўй қилмоқдалар. Бу кишининг қилған сарфлари, тутқан ишларини эшитиб: “Бунча пулни бу ўртоғимиз қаердан топқан эканлар?” деб киши ҳайрон бўладур. Воқеан, бу кун қишлоқ, бўлус ижроқўмларимиз ойлиқ ололмай, тузукрак бир таъминотга эга бўлмай турғанлари вақтда Исфара волижроқўмининг бу хилда пул чочиб, дабдабали тўйлар қилиши қизиқ ва сирли бир ишдур. Мана бу тўй, бизга икки турли масъалани келтириб чиқарадур: 1) ўртоқ Отабой ўғли бунчалик тўй қилишдан катта бир бойнинг боласиға, мерос бойбаччасига ўхшайдур. Бу ҳолда Исфара меҳнаткашларининг устида бу хилда бойбаччанинг ижроқўм бўлуб ўтуришга ким йўл берди? 2) Ўртоқ Отабой ўғли ўтурған мансабларидан фойдаланиб, Исфара ишчи-деҳқонларининг терисини сидириб чўнтакларини тўлдирғанға ўхшайдурлар. Исфара волижроқўми тўғрисида бир вақтлар газета бетларида ёзилған шикоятлар шу эҳтимолнинг ҳақиқат эканлигига тонуқлиқ берадир. Мана бу ҳоллар кўрсатадурким, пастги шўро ташкилотлари меҳнаткаш деҳқонларнинг бошлиғи ва йўлбошчиси бўлуш ўрниға, уларнинг кучидан, пешона терисидан фойдаланатурған ҳар хил чайқовчи кишиларнинг қўлида ўйинчоқдур. Шунинг учун пастги шўро ташкилотларини тозалаш, яхшилаб ва мустаҳкам йўлға қўйиш масъаласи энг муҳим ва зарбали бир йўсунға қўйилиши керак. Бу кунгача бу тўғрида, оғизда, қоғозда гапириб келган бўлсақ, эндиликда иш ва қатъий ҳаракат билан ҳал этишимиз, пастки шўро ташкилотларидан шу хилда бузуқ, ярамас унсурларни ҳайдашимиз лозим. Қайси жинни? Андижон ила Ўш шаҳарлари орасида Хўжаободда бир одам жинни бўлуб, бозорларда халқга баланд овоз ила қичқируб юрубдирки: “Эй биродарлар! Кимки ўғлини ва ё қизини ўқутмаса ул одам худои таолонинг катта бир неъматидан маҳрумдир…” Аммо кўб ерларда катта катта маҳалла оқсоқоллари халқга: “Биродарлар! Кимки ўғлини ва ё қизини усули жадида мактабида ўқутса тўйига ҳам жанозасига ҳам бормасмиз” дейдилар. Ўқувчилар! Ўйлаб қарангиз! Булардан қайси жинни? Қайтиш йўқ Февраль инқилоби ўтининг тутантируғлари ўчоққа келтирилуб қўйилған бўлса-да, гўгирт ҳали чақилгани йўқ эди. Петроград меҳнаткаши ул вақтда – шул ўчоққа ўт тутантиришни ўз бўйнига олуб, ниятни маҳкамлаган бўлса-да, ҳали гўгиртни тоба олгани йўқ эди. Ҳали Февраль инқилобина, чамамда, бир ойдан ортиқроқ вақт бор эди. Туркистон ва туркистонликларнинг бошига “бало” ёғмурлари, “қазо” селлари ёғдируб кеткан қора булутлар ҳали кўздан йўқолмаган, кўкмак сиёсат осмонининг ул… нари чеккасида ўзининг девга ўхшаган хунук чеҳраси билан кўрунуб турар эди… Ул булутларнинг “ҳокими мутлақи” бўлғон Николайнинг бугун “қарияи шоҳона” (подшоҳ қишлоқчаси Сарское село)нинг хаёлий тўқай (ўрмон)лари ичина эски ҳикояларда айтиладурған сари саройларга ўхшатуб солинған гўшакининг, боқча тарафдаги айвонида “муборий Распутин”нинг “муқаддас хаёли” билан хаёллануб ўлтурған эртага “узун мўйлов бобой” билан бирга Пскоф йўлида кетуб борған шоҳона вагоннинг ойнаги олдида ўлтуруб, қўрқа-қўрқа ташқарига қараган вақтлари эди… Ул ҳали бир ойдан кейин бўладурган “(ҳ)ангама”ларни ўйламас, ҳамон, ҳамон… шу салтанат, шу кайф, шу сафо билан умр ўтказишлигига ишонар эди. “Трудовик” Керенский ҳам ҳали граммофун лаппагидай чарчамас оғзини очмаган, шамол вақтида бир тўқтамай айланадурган пилдироқдай тилини ҳам калдиратишга бошламаган эди… Онасининг қорнида экан, “Чин рус иттифоқи” аъзолигина ёзилуб, ажал фариштасиндан монархистликка қоғоз олган “ҳурматли” Пуришкевич-да ўзи мансуб бўлган “Иттифоқи муқаддас ва муборак”нинг 1917 нчи йилда қиладургон ҳаракат ва фаолиятинда йўллар изламак, лойиҳалар тузулмак ила машғул эди. Караулоф-да жойидан туруб журъат билан бақирмаган, Чехаидзе билан Чеханкали ҳам ҳали трибуна (курсии хитобат)да олинадигон вазият ҳақинда ҳеч нарса ўйламаганлар эди. Букунги кунда меҳнаткаш инқилобининг муташаккил душмани бўлган Родзанко-да ул вақтда ҳали тез вақтда “Муваққат қўмита” раиси бўлуб бутун Русияга бир неча кун ҳоким бўлишликни эмас, думада қўнғироқ чалавуруб қўли толишлигини ҳам ўйлагани йўқ эди… Ҳурматли ўртоқ Ленин ҳали Оврупода Маркс назариясининг асосларини онтар-тўнтар қилиш билан машғул; бир кун келуб унинг инқилоби йўлинда раҳбар бўлтургони Русия меҳнаткашининг қувватлик бўлгон инқилоби ҳиддатининг яқиндай-ла мавж уруб, пишқируб кетишлигини балки хотирига ҳам келтиргани йўқ эди… Билмадим, биродар Тротский ўзининг оташли қалбини, ўртоқ Зиновеф билан Исвердлофлар ўзларининг маҳкам матонатларини қайда, қайси бурчакда сақлаб тургон эдилар экан?.. Инқилобнинг жуда чаплашиб кетишиндан қўрқуб Сибир ҳукуматининг қучоғина сиғинган қора “адмирал” Колчак тарафиндан – бир даҳор Русиянинг ички ишларини аралашмайдурган қилинуб – Оврупога “узатилган” Овксентеф, билмадим, қаерда эди?.. Русиянинг бугунги “Маҳди”си бўлгон Колчак тўрам Қора денгиз бўйларинда ботирилган турк уруш кемаси “Мажидия”нинг мазори устинда кўкрак керуб тенгиз зобитларина зафар хитоблари сўзламакда эди… Деникин тўрам улуғ Оврупо урушининг қулоч етмас майдонларинда, Юденич ҳам шул майдонларнинг бир чеккасинда Туркистондан келган “сорт” рабочиларини бир маротаба кўздан ўтказуб, хандақ кавлатмак учун урушнинг олдинги сафларига юборган эди… Бизнинг “Каклик тўра”миз эса, букунги “Оқ уй” (Белый дом)нинг ўртасиндаги қишлиқ боқчасинда ўлтуруб Жиззах “қаҳрамони” полковник Иванофнинг Фарғонада қилган фаолият ҳаракатларини 5-6 варақлик “ахборот” (донесоние)лардан ўқуб билуб, унинг чинини (мартабасини) яна бир поғона оширишни сўраб “зоти шоҳона” (Николай)га мурожаат этмоқчи эди… Хайр, ул шу кунларда “мардикор исёни”га аралашканликлари учун ҳарбий маҳкама тарафидан ўлим жазосина ҳукм этилган бир неча “осий сортлар”нинг ҳам гуноҳини “марҳамат қилуб” озроқ кечуб, “ўлим жазоси” деган ҳукмнинг 20 йиллик Сибир билан алмашдирган эди… Унинг қулоқларидан ўзининг Тошканд шаҳар думасида, Андижонда маориф нозири (инспектур) Кузнетсуфга қарши сортларни мақтаб сўзлаган нутқи ва ул нутқдан кейин урулган қарсакларнинг овози ҳам йўқ бўлмаган, хаёл кўзи эса, ул нутқ муносабати ила “ўлка бошлиғи” (начальник края)ни жуда мақтаб ёзган “Элонура Дексун”нинг мақоласини ҳали ҳам ажойиб шодлик билан кўриб турмоқда эди… Полковник Иваноф ҳам Фарғонада ўз фаолиятини ижро қилмоқда давом эта эди… Хулоса, ҳамма нарса ўша “эски, гўзал, роҳат” вақтларнинг қонунлари ила секин-секин айланмакда эди… Ўша вақтда, ўша истибдод идорасининг энг шиддатлик вақтларида чаплиги билан шуҳрат чиқарган бир газета идорасида ҳайъати таҳририя аъзоси синфи ила мен ҳам хизмат этар эдим. Шу газетани чиқаруб, бошқаруб тургон кишилар ва шулар орасинда мен ҳам ул вақтдаги ҳукуматнинг тескари назарини қилган эдик. Газета идорасиндан чиқуб Николай кўчаси (ҳозирги Керенский) бўйлаб уйга қайтганимизда ёки матбаъага борганимизда магазинлар олдидаги искамейкаларга гулдай бўлушуб чизилишуб ўлтургон эр ва хотунлар бизга қарашуб алланима деб бижирлашар, сўйлашарлар, бир-бирларига имо ва ишорат қилишурлар эди. Ул вақтнинг муҳофизлари бўлган ўғри полисалар бизга шубҳалик назар билан хўмрайиб-хўмрайиб қарарлар, қўллариндан келса, алланима қилгундай бир чеҳра кўрсатурлар эди… Шул вақтда биз, бизнинг шериклар ул вақтда “чаплик” аталган фикримизни тарқатиш йўлинда давом этмакда эдик. Бир кун идорада зарур иш бўлганлиги учун (мусулмонча газета чиқариш хусусинда) кечка қолдим. Мен идорадан чиқған вақтда кечаси соат бир яримдан ўткан эди. Чиқдим: кўчадан жон асари йўқ… Жим-жит… Шу дамда ширин уйқуда ёткан одамлар билан бирга гўё бутун коинот, бутун борлиқ ухлар эди… Атрофимга яхшилаб қарадим, мендан бошқа жон асари йўқ эди. Ёлғиз йироқда, йироқда мусофирхона (нумера) олдинда ўзининг нурларини чачуб турган электрик фонаринда бир хил қалтираш, титраш сезилар эди. Тун қоронғу… Кўчалар лой… Кўнгилсиз… Сиёсий ҳаво ундан ҳам қоронғу, ундан ҳам кўнгилсиз; кўнгилсизлик билан илгари (ҳ)атладим. Қийин бўлди. Лойнинг энг ёпишқоқ ерларидан юрушка тўғри келди. Шу ҳолда уйга қандай қилуб лойга ботмай бора оламан? Миямда бу савол бўлгани ҳолда ўзим ҳамон оёқларимни чапланиб босуб илгари (ҳ)атлар эдим. Бир кўча ўткандан кейин бурчакда бир фойтун кўрдим; фойтун эгаси (извушник) арба ичинда ухлар, отлар ҳам бошларини пастга эгуб ухларлар эди… Яқин бордим. Бир оз қараб турдим, қаттиғ ухлаган экан, уйғонмади. Яна яқинроқ боруб: “Биродар!.. Турунг!..”, дедим. Яна уйғонмади. Яна қаттиқроқ айтдим: “Ҳўй, биродар!”. Секингина бошини кўтаруб: “Нима?” деди. Мени олуб боруб қўйинг. Қаерга? зовудига. Бир ярим сўм берасиз-да. Хўб… Бир (ҳ)атлаб фойтун эгари (козла)га чиқди. Чу!.. кетдик! Индамай отни ҳайдаб ул боради, баъзан-баъзан лой чачратиб отлар борадилар, қоронғи ўйлар ўйлаб мен бораман… Бир оз борган эдик, рўбарўмиздан бир полиса маъмури (полицейский) чиқди: Тўқта, извушник!.. Одам бор! (занят). Фойтунчи юра берди… Тўқта, дейман!.. Занят, афандим!.. Тўқта, ярамас (негодяй), тўқта, дедим. Тўқтадик. Маъмур афанди келди-да, менга қараб: Сиз ким? Бир одам. Қандай одам? Тўғри бир одам! Қандай одам? – деб аччиғланди маъмур. Аччиғингиз келмасин, афандим. Бир фуқаро… Ҳукумат одам эмас? Йўқ. Тушингиз фойтундан! На учун? Чиновник особих поручений…га керак. Менга ҳам керак! Тушинг, бошқа гап!.. Еталаб тушируб қўйди, ўзи фойтунга ўлтуруб кетди, мен қотуб қодим… Керенский вақти… Ҳуррият, адолат, мусовот, уҳувват шиорлари… Бир китобчамни босдурмоқ учун Хўқандга боришга деб поездга чиқдим. Поезд кетишига жуда яқин қолди. Зўрға билет олуб улгурдим, вагонга чиқдим. 3 инчи классда халқ яхши бош олган жўгаридай лиқ тўлгон, тикка туруб кетишга ҳам мумкин бўлмади… Поезд қўзғалганда югуруб 2-га ўтдим. Унда ҳам одам кўб. Локин унчамас. Йиқилуб, қисилуб бир хонага кирдим. 9 киши мусулмонлар бор эди, мени қабул этдилар; 10 бўлдик… Бошқа хоналарин овруполи “буржуйлар” 6-7, баъзиларида 5 киши ичдан бекитуб олганлар, ҳеч ким киргизилмайди. Бир хонада(н) бир тарафка семиз чиновник чўзилуб ётуб, ёнидаги кичкина бир “ойим”га ҳадеб Корнилуфни ёмонлаб, мусовот ва ҳурриятни мақтаб кетаяпти… Бир вақтда – 2 киши келди, бириси офисар, бириси темирйўл чиновниги. Хоналарни қараб юруб бизнинг хонага келган офисар: – Муна мунда ерлилар ўтирадилар, – деди. Давай! Давай! Бизнинг хонага келуб чиновник: Хонани бўшатингиз гражданлар! Хўш, нимага? Зобитлар хайъати (офицерский состав) учун банд. Йўқ, биз ҳам билет олган. Озмисиз билет олгансиз (мало что ли!). Офитсар ғазабланди: Чиқингиз, гражданлар! Ғалвани кераги йўқ… Бошқа хоналар-чи? Сиз бошқа хоналарга бўлинг, бу хона нумерлик ва фақат (ўзини кўрсатуб) бизнинг учун банд!.. Йўқ, сиз бизга жой топуб берингиз! Хўп, топуб берамиз! – дедилар. Чиқдик. 4 офисар келуб ерлашди. Эшикни ичдан бекитиб олдилар. Маъмур боруб бизни ҳамма хонага жойлашдираман деб кўрди, овруполи қардошлар унамадилар. Бўлди жанжал, бўлди жанжал… 2-3 истанса ўтди. Ундан кейин маъмур ҳам тушуб кетди, жой ҳам бўлмади… Биз каридорда тикка туруб кетдик… Кўнглим шу нарсаларни ўйлаганда айтди: Эски замонга қайтиш йўқ! Қишлоқларда Фарғонанинг эски шаҳарларидан биттасидамиз. “Чархифалак” деган жой, бозорнинг ўртаси. Уёқ сомовор (чойхона); буёқ сомовор, ўртасидан тўла суви билан бир анҳор ўтадур. Анҳорнинг қоқ ўртасига бир сўрича қўюлған. Асад (июль) ойи. Кун жуда қизиған. Ҳаво, Сўфи Оллоёр айткандак: “Миска ўхшаб қизған”. Дунё тўнгкарилиб қолған иссиғ мис идиш дейсиз… Ҳар кимнинг қўлида бир елпиғуч, елпинадур, “оҳ-воҳ” қиладур… Бозорларда санқираб юратурған овора итлар ҳам кўрунмайлар. Суяк умид қилиб қоссоблар олдида, ошхоналар теграсида ҳамма вақт айланатурған бозор итлари, соя жойларға кириб ухлаш ҳаракатидалар… Катта тоғора билан чоч айран қилиб, ўртасига катта икки парча муз солиб қўйған айранчи, айранни ҳар шопирған сари енги билан юзини артадур. Бурунғидай: “устаси манбайдан, шогирди таралайдан келган айран!” деб бақириб, мақтаб сотишқа ҳам ҳавсаласи йўқ… У мақтамаса ҳам ўткан-кетканлар бир пиёла совуқ айран ичмасдан ўтмайдурлар. Жангр-р-р-р… Жунгр-р-р-р… Шалдир-р-р-р… Шулдир-р-р-р… Бу ҳозирғи вақтларда чайнак ўрниға ишлатилатурған чойдишлардан чиққан товуш… Тўпаланг йилларида чайнаклар ҳам қолмаған эди. Янгилари келгунча очилған сомоворларда кичкина-кичкина сарғич келган қизил мисдан чиройлиқ енгил чойдишчалар пайдо бўлған. Чойни пиёлага қуймоқ учун чойдишчанинг бўйнини эгсангиз, қопқоғидағи кичкина қутичаға жойланған майда тош парчалари уёқ-буёққа ўтуб ёқимли, жангираган товуш чиқарадурлар… Сомоворчи ҳам ярим ухлаб, ярим уйғоқ ўлтуруб чойдишчаларға сув қуядур. Сомоворда ўлтурғанлар ҳам оғанаш ҳаракатида… Бизнинг катимиз – сўричамиз онҳорнинг қоқ ўртасида биз билан сув орасида бир қарич очиқлиқ бор. Картлик оёқлариға шалоплаб теккандан кейин, икки ажралиб, шир-шир оқиб кетаётқан сувларнинг бетида кичкина хашакчалар ўйнаб-ўйнаб оқиб борадурлар. Кат устида ётқанлар ҳам, иссиғнинг шиддатидан ўзларини сувға ташламоқчи ва ўша хашаклардек сув қўйнида аллақайларға судралиб кетмакчи бўладурлар! Қаршимиздағи сўричада қишлоқ халқи эканликлари афтларидан билиниб турған икки киши ўлтурадур. Биз билан қўшни бўлсалар ҳам бир-биримиз билан таниш эмасмиз. Улар гоҳ-гоҳ бизга қарайдурлар, биз ҳам тез-тез уларга қараймиз. Бизда шулар билан танишмак, шуларнинг қаерлиқ эканликларини билмак, билгандан кейин турған жойлари ва яшаған қишлоқлари тўғрисида бир нарса эшитмак ҳаваси қўзғолди. Қандоқ қилиб бўлса ҳам танишмак истар эдик. Қишлоқ халқи, асти ўзи бетакаллуф бўладур. Биттамиз сўрадиқ: Сиз шаҳарлик эмасмисиз? Йўқ, биз қишлоқ одами. Қайси қишлоқдан? “Моси”дан. Бозорқўрғон “Моси”сиданми? Шу билан гаплашиб кетабердик. Кенг тала. Қатор-қатор талалар; ўтлар, баъзи жойларда бир-икки туп қайрағоч ҳам бор. У дарахтларнинг ўртаси кўм-кўк қамиш. Шамол келган сари шатир-шутур товуш чиқарадур. Қамиш орасидан чигиртка, шом яқинлашиб, қоронғи тушиши билан “чир-чир” қилиб қулоқларни ейдур… Баландроқ бир жойдан қарангиз у ер – бу ерда зўр-зўр оловларнинг гулдираб ётқанини кўрасиз. Нима бу қишлоққа ўт кетдими? Йўқ, тўпаланг вақтида экин ерларни босиб кеткан қишлоқларға деҳқонлар ўт қўйғанлардур. Кесиб тамом қилиш мумкин эмас. Қамиш ёниб-ёниб тўхтағандан кейин деҳқон хотун бола-чақаси билан талада: Ерини шудгар қиладир! Yo‘лингиз яна қишлоққа тушуб қолди. Yo отлиқ ё пиёда тала йўли билан кетиб борасиз. Йироқдан қўш, омоч кўринадур. От йўқ. Нима бало? Оновилар ер ҳайдаб ётқан деҳқонлар эмасми? От борми, йўқми? Мен кўрмай ётибман. От йўқ, муллака. Ҳўкуз қўшғанми? Йўқ муллака. Эшакми? Йўқ муллака. Ҳа, бўлмаса омочқа нима қўшқан? Нима билан ҳайдайдур? Одам билан… Ерга яқинлашдингиз. Қамишлар шатир-шутур қилиб орқангизда қолиб борадур. Неча йилдан бери чопилмаған ориқлар кўкатлар остида қолиб кеткан, кўрунмайдур. Ориқ, чарчаған отингиз йиқилай-йиқилай деб орқадан ўтди. Кўзингиз экинлик ерда. Кўз олдингизда чиндан фожи’ бир кўруниш очиладур: Эски, пачоқ бир омоч… Орқада омочни ушлаб бораётқан бир одам… Олдида отнинг, ҳўкузнинг ўрнида иккита одам… Дона-дона оччиғ, заҳарлик терилар яланғоч танларидан юмаланиб тушуб борадурлар… Юзлари – совуған ўчоқдай бўлған… Ҳансираб, чарчаб, ҳориб-толиб чидамлик оёқларини илгари босадурлар… Асад (июль) ойлари… Ҳаво “Мисдек қизған”… Иссиғлиқ – ерни даҳшатлик қучоғиға олиб, жониворларнинг ҳаммасини қўғурмоқчи, кабоб қилмоқчи… Қишлоқ одамлари тез-тез терларини артиб гапиралар. Биз ҳам – иссиғлиқни эсдан чиқариб юбориб, бутун борлиғимиз билан қишлоқиларнинг гапини тинглаймиз. Ўша деҳқонларнинг чангқоғларини қондириб келаётқан онҳор суви, севиниб-севиниб оқиб борадир. Қишлоқилар гапни давом этдирадурлар. Биз тинглаймиз. Асад (июль) ойлари… Ҳаво “Мисдак қизған”… Қишлоқларда даво ўринлари Бу кунгача Наманган қишлоқларининг кўбида соғлиқни сақлаш ишлари йўқ даражасида эди. Ижроқўмнинг сўнгғи ўтуришида Чустга бир хастахона, Чортоқ, Хонобод, Косон, Поп қишлоқлариға дорухона ва давохона очиш лозим топилди ҳам очилди. Қизиқлар Айтадиларки, бурун замонда бир хоннинг ўзига хос қизиғи бўлар экан. Бир кун хонга салом бергали кирганида у қизиқ билан хон ўртасида мана бундай бир сўзлашув бўлуб ўтган: X о н: – Хўш, фалончи, қалайсан? Қ и з и қ: – Отдек, тақсир. Хон (кулиб): – Отдекми, итдекми? Қ и з и қ: – Бўлмаса, сояи давлатларида итдек… Хон (жиддий): – Нимага бўлмаса, илгари «отдек» деб эдинг? Қ и з и қ: – Унда, тақсир, сояи давлатлари бошимизга етмаган эди. Буни нақл қилувчилар ундан нарисини, яъни шу жавобдан кейин бечора қизиқнинг боши омон қолғанми ё дарҳол танидан жудо қилинғанми – буни айтмайдилар. Одатда, сарой можароларини кўпрак саройнинг хос тарихчилари – «воқеанавислар» ёзар эдилар. Уларнинг кўпчилиги қуруқ мақтовчидан иборат бўлгани эса ҳаммамизга маълум. Бир саройнинг разолатларини фақат иккинчи саройнинг воқеанависи журъат қилиб ёза оларди. Подшоҳларга тил тегиза олмоқ, уларни ҳақ ва ҳақиқат устида бир оз танқид қила билмак учун Фирдавсий ва Фузулий каби саройдан йироқ турган ва юксак шоирлик мақомиға эришган кишилар керак эди. Тарихда бундай сиймолар кам учрайди. Сарой воқеанавислари жим қолған бўлсалар-да, юқоридағи жавобни берган қизиқнинг хон ҳазратдан, ҳар ҳолда, сийлов олмагани ўз-ўзидан маълум. Бундай нозик пайтларда жим қолишнинг ўзи ҳам кўп нарсани билдиради. Халқнинг ўзи «индамаганим – нима деганим» демаганми ахир? Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, халқ кўпчилиги ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда (бу хусусда маълум бир ҳикоя бор эмасми – «подшоҳнинг боши кал экан»), халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, кўпчилик фуқаронинг дард ва ҳасратларини биронта сарой ёки халқ қизиғи чиқиб «ҳазил» йўли билан едириб юборарди. Катта-катта издиҳомларда, йиллик сайилларда, неча кеча-кундузлик тўйларда сўз қилатурған қизиқлар неча мингларча халқнинг жуда зўр мароқ билан ўзларига тикилиб турганини кўрсатганларидан кейин жамиятнинг файзи билан дадилланиб, мамлакатнинг катталарини, беклар, ҳокимлар, қозилар, раислар, муҳрдорлар ва ҳатто хонларнинг ўзларини танқид қилиб ташлар эдилар. Натижада баъзиларининг боши кетиб, баъзи бирлари «оқ уйлик» (бадарға) қилиниб, бир хиллари эса бошқа мамлакатларга қочиб, хонавайрон бўлардилар. Фақат уларнинг оғизларидан чиққан буюк ҳақиқатлар ҳақиқатгўй шоирларнинг ўлмас асарлари каби халқ кўнглига ёзилиб қоларди ва мучаллардан мучалларга ўтарди. Фақат шоирларнинг асарлари қоғоз бетига битилгани учун шу кунгача сақланиб қолғани ҳолда, у қизиқлар айтган ҳақиқатлар тилдан-тилга кўчаркан, юз йилларнинг узун йўллари ичида ўчиб, йўқ бўлуб кетганлар. Яқин Шарқнинг муштарак хазинаси демак мумкун бўлган Насриддин Афанди шу улуғ эранларнинг устози эмасми? У ҳам шу «қизиқ» деган шарафли ном остига киради. Қизиқлиқни шариатга хилоф деб уни паст пояга тушурганлар паст пояли руҳонийлардан бошқалар эмасди! Ҳали ўрганилмаган, текширилмаган ва очилмаган, феодализм даврига оид тарихимизда катта ҳақиқатгўй қизиқлар кўп бўлуши керак. Эзилган, жабр ва зулм остида инграган халқнинг кўнгул очишга, хурсанд бўлушга, ўйнаш, кулуш ва яйрашга бўлган табиий ва кучлик майли, руҳоний жандармаларининг сунъий тўсқунлиқларини емириб ўтган ана ўша кучли майл, ана ўша катта талаб ўзига яраша катта устозлар етиштирган. Фольклор адабиётини яхшигина текшираётган илмий марказларимиз у адабиётнинг мана шу муҳум қисмиға ҳам керагинча аҳамият берсалар, кўп қиммат нарсалар қазиб чиқарилажақ, бир қанча кулки хазиналарига эга бўлажақмиз. Бурун ўтган улкан қизиқларни, шу топда ҳаёт бўлуб, кенг оммани кулдириб келган катта ва кичик қизиқларни бир оз сўраштирдим. Худоёр даврининг машҳур қизиқларидан бўлган Нормат «оғзи катта» билан Абдулазиздан нарисини ҳеч ким билмайди. Улардан кейин ҳозирги Юсуфжон ака (Марғилон)нинг устози бўлган Матхолиқ қизиқ келади, унинг тўғрисида Юсуфжон акадан маълумот олиш мумкун. Балки, Юсуфжон ундан наридагилар тўғрисида ҳам маълумот бера олар. Ҳар ҳолда, битта-яримта манбаларнинг борлигини ғанимат билиб, бирон нарса олиб қолиш керак эди. Бу ҳам илмий текшириш муассасаларимиз бўйнига тушатурған вазифа. Матхолиқ қизиқни Фарғонада эшитиб билганлар кўп. Бу одам ўлар ҳолатида ҳам қизиқчилиғини қўймаған. Бу тўғрида мана бундай бир латифа нақл этадилар: Матхолиқ қизиқ ўлим тўшагида ётади: аҳволи оғир; нафасдан нафасга унинг узулишини кутадилар. Шунда Юсуфжон бошлайди: – Уста, шунақа қилиб сафарга бел боғладингиз, шекилли. У дунёни кўп узоқ дейдилар, чарчамасдан, қийналмасданғина етиб олинг-да, ишқилиб… Саломат бориб олсангиз биздан илгари кетганларга – Нормат «оғзи катта», Абдулазиз қизиқларға салом айтиб қўясиз-да… – Ҳа, саломингни ҳам айтаман. «Ҳеч эси кирмади шу Юсуфнинг, нафаси борган сари музлайди», – деб жиндек махтовингни ҳам қилиб бераман. – У дунёда ҳам одам сероб дейди. Маъракаларда сўз қилиб у ерлардагиларни ҳам кулдуриб турарсиз? – Ҳа, маъракани бор-йўғи ўша ерда қурамиз-да! – У ернинг одамлари бу ерларникидан сахийроқ дейди. Ишларингиз тарақлаб, қўлингизға кўп-кўп пул тушса, бизга ҳам оз-оз узатиб турасиз-да! – Ҳа, албатта, қўяманми? Бозор чаққон бўлуб кетса, бир энлик хат ёзиб ўзингни ҳам олдириб кетаман! Ўлаётиб ҳам қизиқчилиғини қўймаған бу одамларнинг тирик вақтларида кўпчиликнинг руҳий аҳволига қандай таъсир ижро қилғанлари ўз-ўзидан кўруниб туради. Юсуфжон ҳали ҳаёт. Бугун Риштон районида ишлаб туради. Уни бутун Фарғонада билмаган одам йўқ. Тошкент, Самарқанд, Бухорода ҳам унинг шуҳрати бор. Қизиқчилиғидан ташқари ҳамма куйларимизни яхши билган, куйларимизнинг чолғу қисмидағи усул (зарб)лар хусусида ва ҳам миллий рақсда устоз саналган бу одам ўзининг эски репертуари билан колхозчи оммани ҳали ҳам кулдуриб келади. Унинг босмачилар, уларнинг катта-катта қўрбошилари, шаҳарма-шаҳар қатнайтурған савдогарлари тўғрисидағи латифалари ҳали ҳам тилдан-тилга ўтиб юради. Юсуфжон аканинг ҳаётида ундан фойдаланиш (қизиқлиқ тарихига оид материаллар олиш, рақс ва чолғу усулларини ўрганиш, ёзиб қолиш) керак эди. Қўқонда машҳур аскиячилар (Юнус ва бошқалар), Комил қори деган бир қизиқ, унинг ёнида яна шериклари бор. (Бурунроқ ўтганлар Нормат ва Шаматлар.) Марғилонда Юсуфжон акадан ташқари Мамажон махсум, Сулаймон қори, Усмон қори деган қизиқлар, Жалил бўқоқ, Мамажон қовоқ, Мамат бобо деган аскиячилар бор. Ан(ди)жанда Ориф гармончи билан унинг шериклари. Хоразмда бурун ўтганлардан Болта қизиқ, Бобо тўқ-тўқ, ҳозиргилардан Юсуф ва Қурбонбой шалламалар, Аваз бобо. Бу сўнггиси ҳозир шуҳрат чиқарған қизиқлардан. Наманганда Мирзараҳим сурбет деган бир дурадгор кўп мажлисларни обод қилиб юради. Тошкентда Карим қизиқни билмаган ким бор? Унинг анча бой репертуари бор. Бу одам рус klounlaridan энг машҳурларини кўрган, бир қадар уларнинг таъсирига тушган. Унинг биринчи дафъа майдонга чиқиши 1905 – 1906 йилларда, 30 йилдан бери тсирк оламида ишлайди. Ёлғиз қизиқчи эмас, яхши муаллақчи, от ўйнатувчи (унинг хотини ўзига партнер бўлуб ўйнайди). Бурунроқ Тошкентда Абдулла фонусчи, Саид Аҳмад аския, Саид Аҳмад дуккибош, Ғозибек деганлар бор эди. Булардан баъзилари бутун Ўзбекистонга танилган кишилар. Бу аскиячиларнинг пири (устози) Аскиябий деган одам, унинг доимий шериги Исмат аския, булар бир-бирларига назм йўли билан тегишардилар. Аскиячилик бир вақтлар жуда авж олган санъат эди. Бу кунги Текстилкомбинатнинг бозорчаси бўлуб турган жой илгари «Аския» дейиларди. Ака Бухорий деган бир қизиқ қанчадан бери Икромов паркида халқни кулдириб келади. Республика колхозларида қанча қизиқ, аскиячи, пайровчи, чандувчи йигитлар бор. Шулар ҳаммаси санъат ишига раҳбарлик қилатурған идораларнинг диққат ва эътиборларидан йироқда, ўз бошларига халқни кулдуриб келадилар. Кенг омма тсиркни яхши кўради; тсирк қизиқларини, умуман, қизиқларнинг ўйинларини севади. Бизнинг санъат идоралари, тиётр раҳбарликлари, ёзувчи, шоир ва бошқа санъаткорларимиз эса шу чоққача кенг омманинг эҳтиёжига хизмат этатурған қизиқлиқ санъатини ҳеч бир қарамай, у муҳум санъатни писанд қилмай, назарларига илмай келдилар. Қизиқларимизнинг ҳаммасида кўрулган репертуар қаҳатчилиғи, даққи Юнусдан қолған қизиқлиқларнинг ҳадеб қайтарила бериши, қизиқлик репертуарига мазмунлар кирмаслиги – ёлғиз қизиқларнинг айбими? Масала фақат текшириш ва тарихга материал олиш устида эмас, бизда кундан-кун гуллаб келаётган, ҳар ерда махталган, ўзини кўрсатган, Шекспир асарларини қўюш даражасига эришган тиётр бор. Унинг озиғи фақат классиқ ва замона асарларидан, таржумалардан иборат бўлуб қолса, тўғри келмас. Қозоқ тиётрининг катта муваффақияти, ундан аввал Украина коллективи қозонған ғалабанинг асоси халқ ижодига суянганида эди, аччиғ бўлса ҳам ҳақиқат шундаки, биз бу жиҳатга тиётр ишларимизда ҳозиргача кўп аҳамият бермадик. Халқ қизиқларини ўрганиш тиётримизнинг комедиячилик томони учун катта озиқ беради. Буни кеч бўлса ҳам иқрор қилиб, шунга яраша тадбирлар кўрайлик. «Ҳамза»нинг илмий лабораториясига биронта қизиқнинг қадам қўйғани маълумми? Биз билмаймиз. Қизиқлар ҳозир кулушга ва яйрашга эришган халқ учун янада керакли кишилар. Уларни, уларнинг асарларини, уларнинг оммавий ва янги ижодларини ёлғиз сайиллар, тўйлар ва очиқ майдонлардагина эмас, ўпера, драм, комедия саҳналаринда ҳам кўрмак истаймиз. Қофқозияга кетган Фарғона ҳайъатидан Эл қурултойи ила шаҳар идоралари сайлови яқин, балки, шаҳар идоралари сайлови бўлуб ётадур. Бахтимиз, тақдиримиз, ёзиш-ёзмишимиз, қартага қўюладур. Боютуб, дунёда тинч ва ҳар яшайиш учун асослар қурармиз, ёютулуб дунёда яна илгаригидай сиқилуб, эзилишга маҳкум бўлурмиз. Мундай бир замонда сўнгғисидан қутулуш учун ҳар тарафда тарқалган “турк”ларнинг, “Турон” болаларининг бирлашишлари лозим. Шунинг учун Қофқозда биздан, Туркистонда Қофқоздан, Вўлға бўйидан бизда, биздан Вўлға бўйинда ҳайъатлар, вакиллар бўлушга керак. Бошқа тарафларда келарга ҳозир вақт номуносибдур. Бизлар “Фарғона ҳайъати” (балки Туркистон” бу хатни поезднинг лип-лип қимиллашини, тоқ-тоқ тақиллаши орасида ёзамиз. Бизки Қофқозга кетамиз. Ул ердаги турк қариндошларга, Туркистон туркининг иссиқ саломини олуб борамиз, ўз аҳволимизни уларга баён қилуб, ёрдамчи ёшлардан, ишланган кишилардан чақирамиз, уларнинг тилакларини текшируб билуб, ўз ватандошларимизга баён қилурмиз, ҳар бўлса ҳам бирлашдирамиз, мақсад – бирлашишлик, турклик! Ватандошлар! Вакилларингизга муваффақият тилангизлар, моддий ва маънавий ёрдам беринглар! Хайр биродарлар, биз кетдик. Хайрлик сафар! Ҳайъат аъзолариндан: Қоқилғанға жавоб “Қизил Ўзбекистон”нинг ўтган сонларидан бирида газетанинг Масков мухбири ўртоқ Охунбобо ўғлининг Масков саёҳатидан ёзиб туриб бу ердаги ўзбек драмстудиясига пича қоқилиб ўтган. Албатта, йўл билган киши, орқа-олдинга қараб қадам босган киши қоқилмайди. Мухбир ўртоқ тиётр санъати кўчасидан ғофил бўлса керакким, кулгу булғундай ёмон ва хунук қоқилибдир. Балки, у кўчадан ўтгандир-да, лекин ўт-арава ёки яхши отли извош билан… Шунинг учун пиёда ўтилмакчи бўлинганда қоқилиб кетилгандир. Майли, ҳеч бокийси йўқ. Истудиянинг мана бу қисқа “Справка”ларини хотирға олиб қўйсалар бўлади: 1. Мухбир ўртоқ ўлтирган кечада “Ёрқиной” песасидан икки пардаси қўйилган эди. Ундан илгари Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида суфлёрсиз етти марта қўйилиб ўтган бир асарнинг ўйнағувчилари рўлни йод билмайди эмас, билади, фақат нима учундир мухбирнинг кўзига шундай кўриниб кетган. Масков билим юртининг саҳнаси кўп тор бўлуб, ўйинчилар саҳнанинг олдига (суфлёр жойига) яқин келиб ўйнашга мажбур эдилар. Балки, шу сабабдан мухбир ўртоқ гумонга тушгандир. Йўқса, ўша саҳнада суфлёр жойи йўқ эди. 2. Сиддиқ ҳожи ўзини аллаким деб ҳеч кимга танитгани йўқ. У истудиянинг бир талабаси. Кўпнинг талаби бўйича чиқиб “Муштум”дан олинган баъзи нарсаларни ўқиб беради. Ўша кеча ҳам кўп кишилар (масъул ишчилар) хусусий суратда сўрадилар. Ҳатто ўртоқ Охунбобо ўғли ҳам олқишлагучилар орасида эди. “Точка” масаласи маълуф бир кайф (настроение)ни англатиш учун қўлланилган нарсадир. Унинг ёмонлиги тўғрисида шу чоққача шу қадар талабалардан бир оғиз гап эшитилмади. Ҳолбуки, томошачилар, сиз айтгандай, ёш болалар эмас, турли юқори билим юртларида ўқувчи онгли талабаларимиз эдилар. Умуман, концерт қисмида истудиянинг камчилиги кўп бўлса мумкин, чунки у драм тиётридир. Ашула, ўйин ва ялла мактаби эмас. Сиздак азизларни хурсанд қилмоқ учун қўлидан келганча ҳар доирага кириб кетар экан, бу қадар қаттиқ ва мағрурларча қалам юргизиш, ҳар ҳолда, яхши фазилат эмасдир. Маҳбубахон тўғрисидаги хушомад (комплимент)га биз жон деб қўшиламиз. Қўқон шаҳар шўросига кимлар сайланди Қўқон шаҳар шўросига кўброқ фирқа аъзолари сайландилар. Бу кунга довур касаба иттифоқлари тарафидан қуйидағича вакиллар сайланди: Темир йўл ишчиларидан: 20 та фирқа аъзоси, 6 та фирқасиз – 26 вакил. Шўро ишчиларидан: 6 та фирқа аъзоси, 3 та фирқасиз – 9 вакил. Тиббий ишлар хизматчиларидан: 3 та фирқа аъзоси, 2 та фирқасиз – 5 вакил. Нотавон (инвалид)лардан: 2 т фирқа аъзоси. Ҳукумат тегирмони ишчиларидан: 1 та фирқа аъзоси. Маориф ишчиларидан: 3 та фирқа аъзоси. Ҳамма сайланган 46 вакилдан 35 таси фирқа аъзоларидир. Қуллуқ қиламиз Март ойининг 18-19 ларида биз бир неча киши Бухородан Тошкентга қараб йўлга чиқдик. Бизнинг бу сафаримиз қуруқ бир “командировка” “сафар савдогарлиги” учун эмас эди. Биз бу сафарда Туркистон жумҳурияти ўзбекларининг иккинчи Маданият ва маориф қурултойига келиб тура эдик. Бухоро билан Тошкент орасида юратурған Нозирлар Шўросининг хизмат вагони бўлмаганидан ва қурултойнинг очилишига икки кунгина қолганлигидан биз шошиб йўлга чиққан эдик. Масковдаги Бутун Россия пирқа қурултойига 4-5 кишидан иборат вакиллар элтгувчи бир вагондан ўрин олишимизга ишониб, Когонга чиқдик. Когонда қатъий айтдилар-ки, вагонда жой йўқдир. Шундан кейин биздан уч киши Бухорога қайтиб кетди. Иккимиз эса қандай бўлса-да кетмакчи бўлиб ҳаракат эта бошладик. Бир оздан сўнг бизга шул вакиллар йўлагидан жой берилди. Бир кеча йўлакда ва томда қўндиқ. Ҳолбуки, эртаси куни англаганимизга кўра ичкарида бўш жойлар кўп ва делегатлардан бошқа “командировкаликлар” ҳам кўп эдилар. Сўнгра Қоровулов ва Рашид Валидий ўртоқларнинг бир оз ёрдамлари орқасида ўринлашиб келдик. Лекин, шу сафарда биз Бухоро большевиклар пирқаси Марказий комитети аъзоси ўртоқ Рубенштейндан шу қадар қўпол, тор миллатчилик иси келатурған бузуқ муомала кўрдиқким, бир умр эсимиздан чиқмас! Ўзи билган, таниган ва танимаган овруполикларни “пожалиста” (марҳамат) билан қарши олиб, жой бергани ҳолда бизни вагондан қувлаш учун бор кучи билан тиришди. Ёлғиз Қоровулов, Валидий каби бир икки ўртоқларинг ёрдами орқасида саломат келдик. Бунинг учун Қоровулов, Валидий ўртоқларга қуллуқ қиламиз ва ўртоқ Рубенштейнга эса: ўртоқ “байналмилалчилик”ни митинг нутқларида эмас, ишда, амалда кўрсатишга тиришингиз, Шарқ мазлумларининг дўсти бўлган, меҳнаткаш бева-бечоранинг терисига кириб олиб икки мазлумнинг орасини бузатурған ишлардан сақланингиз, деймиз. “Бухоро ахбори” газетасининг собиқ муҳаррири Абдулҳамид Сулаймон; “Қизил байроқ” газетасининг масъул мудири Ғози Юнус. “Қизил байроқ” – темирйўлларда хизматда юрган онгсиз, қора овруполиларнинг бундай ишлари русчадан хабарсиз ерлик қора халқлар устида жавлон этадир, деб хафа бўлмасак ҳам бўлар экан, чунки, BKP MKнинг аъзоларидан овруполик ўртоқ Рубенштейннинг бундай ишини ҳукумат ишчиларидан бир оз хабардорларининг устида кўрилди. Газета муҳаррири А.Икромов газетага мазкур хабарни жойлади ва айни пайтда темир йўл раҳбариятига мурожаат этади. “Ёрлиқ” номли махсус текст тайёрлаб ҳамма темир йўл шаҳобчаларига илиб қўйишга чақиради ва темир йўл маъмурларига аҳолига нисбатан камситувчи ҳатти-ҳаракатларга нисбатан қатъий кураш олиб борилиши айтилди. Қутурған мустамлакачилар Қуршоб Ўш билан Ўзгант орасида, машҳур Ўттиз адирнинг ёнида, Қуршоб деган қишлоқ бор. Унинг номи ҳали ҳам расман Покровский деб русча аталиб келадур. Ундаги фуқаро тамоман кўчкунчи (муҳожир) ўруслар бўлуб, булар ўзларининг истакли оталари ва ҳомийлари бўлған Некалай подшоҳнинг даврида шу мунбит тупроққа келиб жойлашканлар. Бечора қирғизларнинг энг унумлик жойларини қозоқ ўрусларнинг заҳарлик қамчиси орқасида тортиб олиб, уларнинг ўзларини «тўрт тарафинг қибла» деб ҳайдаб юборғандан кейин тез орада шу қадар бой бўлуб кетган эдиларким, уларнинг бу «ҳаром давлатлари» тўғрисида ўша вақтдағи турк-татар газеталари ҳам кўб нарса ёзған эдилар. Ернинг, тупроқнинг асл эгаси, хўжайини бўлған бечора қирғизларнинг кўби ўша вақтдаёқ бу «бетакаллуф меҳмонлар»ға хизматкорликка ёлланған эди: ҳар бир уйи бор муҳожирнинг энг ками 1-2 та қирғиз хизматкори бўлғучи эди. Қуршоб қишлоғининг ўзи ҳам оз фурсатда жуда обод бўлуб кетиб, бир шаҳар рангига кирган. Русиядан келганда икки оёқ, икки қўлларидан бошқа нарсалари бўлмаған муҳожирлар ғалати иморатлар, бой хўжалиқларға эга бўлғанлар эди. Ўктябр инқилобининг аввалги 2-3 йилида буларнинг тарихлари бутун номуссизлиқ, хиёнат, жиноят ва зулмлар билан тўладур. Булар инқилобнинг бошларида шўролар ҳукуматига қатъиян ишонмай турсалар ҳам, кейинча қизил қўшун қаториға кириб олиб ерлик халқнинг қишлоқ ва шаҳарларини талон-торож қилиб юрдилар. Бир вақт озуқ сиёсатида шўролар ҳукумати томонидан разверстка ва монополия усуллари ушлангач, машҳур Мадаминбекга қўшулуб Андижон шаҳрини муҳосара қилдилар. Эр ислоҳоти вақтида буларнинг бир қадар адаблари берилган бўлса-да, инқилобкача улар тарафидаи қирғиз халқиға берилган «адаблар»га нисбатан ҳеч нарса эмасдур. Энг керакли бир иш Ўтган йил ўша атроф қирғизларининг мўтабарларидан бир нечтаси Ўш шаҳар ва атроф қизил милициясининг бошлиғи Қорабеков ўртоқнинг тарғиб ва ташвиқи орқасида қирғиз халқи орасиға билим-маориф тарқатиш ишига жиддият билан киришдилар. Қирғиз халқи орасида бошланғич мактаблар очиб, у мактабларни кўчманчи халқнинг маишат усулларига тўғрилаб олиб бориш ва бунинг учун-да ўша халқнинг ўзидан муаллимлар етишдириш ҳалиги мақсад йўлидаги энг кераклик бир чора эди. Шу чорани амалга татбиқ қилмоқ учун бир таълим-тарбия Қурсиға эҳтиёж кўрулиб, у Қурс ўтган 1923 йил мазкур Қуршоб қишлоғида очилди. 6 ойлик қилиб очилған бу таълим-тарбия Қурсининг бутун таъминоти ерлик халқ – қирғиз халқининг бўйнида эди. Андижондан 3 та муқтадир муаллим ҳам чақирилди. Ўқушлар ҳам бошланди, иш ҳам яхши, севинчлик бир йўлга тушди. Мустамлакачилар қутурдилар Бу иш, бу яхши ташаббус Некалайнинг ҳақиқий ўғуллариға, Қуршобдағи ўрус мустамлакачиларига ёмон таъсир қилди. Нимага десангиз, улар қирғиз халқининг маърифатлик, билимлик бўлуб, дунёда одам қатори яшашка истиҳқоқ касб этишини сира истамаслар эди. Улар кўз олдиларида қирғиз халқининг юксалиб ётканиға, ёш-ёш қирғиз болаларининг билим олиб, дунёни таниб, янги ҳаёт майдонига завқ билан кириб боришлариға чидай олмадилар. У ерда, у қишлоқда аксариятни ўзлари ташкил қилғанликлари учун ва ҳам эскидан келган «хўжайинлик»ларининг таъсири билан Қурсға эркин-эркин ҳужум қилишға бошладилар. Ҳар бир йўл, ҳар қандай ҳаракат билан шу Қурсга озми-кўбми зарар беришга, бир даража таҳқир қилишға киришдилар, қурснинг талабалари, муаллимлари, ишқилиб, шу Қурсчилар чиққан вақтларида: «Тфуу, сарт!» – деган таҳқирларға жуда кўб учрарлар эди. Бу нарса одат бўлуб кетди, бунга қурсчиларнинг ўзлари ҳам аҳамият бермадилар. Локин Қуршоб мустамлакачиларининг ҳаддан ошиб кеткан ҳужум тааррузлари борким, буларга Қурсчиларғина эмас, бутун ҳукумат аҳамият билан қарашга тегиш. Шунинг учун шу ҳаддан ошкан, ортиқча ҳужумлардан 3 тасини шу ерда ёзиб ўтаман. Айниқса, шу ортиқча, жиноятлик ҳужумларга бир фирқа аъзосининг аралашиб қўюши, мунга қарши на фирқа ва на шўро маҳкамаларининг маҳалда ҳеч бир чора кўрмасликлари юқори фирқа ва шўро маҳкамаларининг ҳам диққатларини жалб этишга тегиш. Одам устида от ўйнатиш 28 январда кундузи Қуршоб кўчасида бир маст муҳожир от чопиб кела бошлаған. Шу вақтда бир муаллим ўртоқнинг бири 5 яшар, яна бири ундан кичик икки ўғли кўчада ўйнаб юрган экан. Маст муҳожир катта боланинг устидан от ирғишлатиб ўтмакчи бўлуб боланинг устига от солған. Баракат берсунким, бола от остида қолуб кетмасдан, отнинг ёнбошиға тўғри келиб қолған экан, от уриб кетиб, бир ҳафта касал ётуб, зўрға тузалган. Бу боланинг устида от ўйната олмагач маст муҳожир кичкина боланинг устидан ўтмакчи бўлуб от солдирған. Лекин буниси қочиб қутулған. Бу тўғрида ҳам ул ижроқўм раисига оғзаки арз қилинған, раис ўртоқ: «Ана у қилдим, мана бу қилдим», – деб мақтанған бўлса-да, ҳақиқатда ҳалиги мастга қарши ҳеч нарса қилған эмас. Мушт билан ҳужум Қурс очилғандан бир ой кейин Қурснинг хўжалик мудирини кечаси кўчада тутуб олуб урғанлар. Бу сафарги мушт ҳужумчилари орасида ҳалиги ўртоқ Кириловнинг фирқасиз укалари ҳам бор. Молия мудири шу ҳужумнинг натижасида қаттиғ касал бўлған, дўқтўрға кўрсатилган, дўқтўрдан шаҳодатнома олинған. Дўқтўрнинг шаҳодатномаси билан бирга бир ариза ёзилиб, Қуршобка иш билан келган вақтларида музофот фирқақўмининг раёсат аъзоси ўртоқ Мирзоҳид Оқил билан Ўш шаҳар ва уезд ижроқўм бошлиғи ўртоқ Тўрақул ўғиллариға берилган. Тўрақул ўғлининг буйруғи билан ҳалиги урғанларни қамаған бўлсалар-да, у кетгач, яна дарҳол чиқарғанлар… Мустамлакачилар ва маҳаллий ҳукумат Қуршобда ҳар уйда десак мумкин, кишмишовка машинаси бор ва ичкилик, мастлик, кўчаларда мастлик билан тўпаланг қилиш ишлари ривожда. Мунга қарши маҳаллий ҳукумат ҳеч нарса қилмайдур. Эрлик халқнинг энг муқаддас бир билим муассасасига қарши қора куч билан ҳужум қилаётған Кирилов ва шерикларига қарши ҳам маҳаллий ижроқўм жиддий бир чора кўруб, қирғиз халқининг шу кўз қарашини қора гуруҳ (черносотенство) мустамлакачилардан сақлашка тиришмайдур. Билмаймиз, бунинг сабаби нима бўлса? Қўрқамизким, ҳалиги мусаллас қурғурнинг бу ишларга ҳам катта таъсири бўлмағай (бўлмаса) деб. Ҳар ҳолда, бу мустамлакачилар мустамлакачилик ҳаром саналған мамлакатда тезрак йўқ қилинишка тегиш. Раҳматуллоҳ Султонов Ўктабрнинг 18 нчи куни 10 ларда Эски Тошкент оғриқхонасида ўшлик талабалардан Раҳматуллоҳ Султонов вафот қилиб, эртаси куни ғариблар мазориға дафн этилди. Ғариблар мазори – ҳукумат томонидан мусофир ғариблар мазори учун айриб қўйилған бир парча ердир. Ул ердаги бир мунча ғариб – мусофирлар ёниға дўстим Раҳматуллоҳ ҳам қўйилди, кетди… Ул-да ғариб – мусофир бўлди, ғариблар мусофирлар қаториға кирди… На қизиқ тасодиф! Ўзи бир вақт менга: “Меним учун Туркистоннинг ҳар ери ватандир!” деган эди; бироқ, яш бўлғанлиқдан ҳали “бутун дунё – ҳамма ер бари меним ватаним” дея олғани йўқ эди. Шундай эътиқодлик бир руҳ ғариблар – мусофирлар мазорига кўмилди. Унинг туғилған ери пойиз ва отлиқ бўлиб 3-4 кунли йўлдир. Бироқ, ул мусофир бўлди… Марҳум асл Фарғона вилояти Ўш шаҳаридан бўлиб, илм суйганлиги ила мени ва меним билан бирга кўпларни ҳайратда қолдирған эди. Эски уяз вақтида мен уни Ўш ерли-рус мактабининг ҳам кундузги ва ҳам кечки дарсларига жуда тириша-тириша юрган вақтида таниған эдим. Керенский вақтида ва эски идоранинг сўнг нафасларида Андижон шаҳар рушдияси (Городское училище)да ўқур эди. 19 нчи йилда унга Турк (ул вақтда Турк эди!) билим юрти талабаси эди. Мундан 4-5 ой бурун уни Андижонда “Ватан қаҳрамонлари” деган бир песа ўйналғанда яш, ботир қизил зобит рўлида кўрган эдим. Ул рўлни ул ҳаддан ташқари яхши ўйнаған эди. 2 ойлар бурун уни мунда учратдим. Ул бу ерга ўқумоқ учун келган бўлса керак, локин мен уни бу кўрувда ортиқ қўрқған эдим: чунки ул сил (чохиртка)га чалинган эди… Шул дард уни “ғариблар мозориға” судраб кетди. Шунинг билан Ўш халқи: умидлик бир муаллим, ғайратли бир талабаларидан, Туркистон саҳнаси уста бир оқтйўридан айрилди; мен бўлса қадрлик бир дўстимни йўқотдим. 17-18 ёшлик бир дўстларини йўқотқан яш талабалар, кўнглингиз тинч бўлсун! Унинг орқасидан тағин минглаб етишар; амал деган нарса кўб, ўлимлар билан кела. Мунинг учун кўп қайғирувға ярамайдир. Етим қолған ота-онаға тасалли, унинг ўзига тинч турмиш, енгил тупроқ тилайман. Ризо Тавфиқбек Ризо Тавфиқбекни танимағон қайси турк қавми бор? Жаҳон урушидан бурун турк матбуотини таъқиб қилғонлар, унинг тўғрисида жуда кўп нарсаларга йўлиқарлар эди. Унинг ошиқ тарзида ҳижо вазнида ёзғон тасаввуф ҳидли шеърлари баъзи бир танқидлари, фалсафий асарлари унинг ўзини ҳар ерда, ҳар кимга яхши танитқон эди. Жаҳон урушидан бери яна кўб нарсаси чиққондур. Лекин, биз, машҳур шоир Абдулҳақ Ҳамид тўғрисида ёзилғон «Ҳамиднома» отлиқ танқид китоби билан, сўни замон содда адабиётчиларининг 8 китобдан иборат шеър; мажмуаларида қисқа-қисқа, лекин маънолик бир-икки шеърларидан бошқа нарсасини кўра олмадиқ. 50—60 жилдлик (ёки жузлик) «Қомус фалсафа» ёзғон эмиш деган ривоятлар эшитилди, у тўғрисида ҳам аниқ бир хабарга йўлуқмадиқ. Шундай қилиб, Туркияда бу киши кўб катта ҳурмат қозонғон эди. Адабиёт оламида унинг эътибори жуда зўр эди. Бир вақтлар, бир иш тўғрисида қамоққа олиниб, қамоқхонадан сўроқхонага келтурилар чоқда аҳолининг қўллари устида кўтарилиб келтурилган; қамоқхонадаги ҳужраси бир зиёфат дастурхонига айланган. Сўзнинг қисқаси, жаҳон урушининг сўнггигача унинг шуҳрати, ҳурмати ва эътибори катта эди. Инқилоб — ғоят кучлик бир омил экан. Қандай зўр шуҳратлар ерларда судралмади? Бечора Ризо Тавфиқ ҳам шундай шуҳратларнинг бири бўлди. Туркиянинг янги шоирларидан энг кучлиги бўлғон Яҳё Камолбек билан Истанбул дорилфунунининг форс (эрон) адабиёти мударриси Ҳусайн Донишбек орасида миллият жанжали бошланиб кетгандан сўнг, Эрон миллиятпарвари бўлғон Ҳусайн Дониш тарафидан Ризо Тавфиқ ҳам турк миллиятпарвари бўлғон Яҳё Қамолга қарши чиқди. Даъвосини исбот қилиш учун, бу муқтадир файласуф машҳур Фузулий Бағдодий тўғрисида дорилфунун саҳнида бир лексия ўқуб, Фузулийни турк эмас, эронли (форс) қилиб чиқарди. Фузулийнинг асарларини Эроннинг машҳур бир шоиридан олғонлиғини даъво қилди. Мана шу кундан тортиб Ризо Тавфиқнинг шуҳратда, ҳурматда пастлаши бошланади. Жаҳон уруши тугагандан кейин Франциянинг Севр шаҳрида мағлуб Туркия учун бир муоҳада ҳозирландиким, у муоҳадани Туркия матбуоти «Турк мнллати учун ўлум муоҳадаси» деб, жуда тўғри айтган эди. Шул хўрлағучи муоҳадаги имзо қилатурғон бадбахтлар Туркияда тезгина топилмади. Ҳар ким, шу разил вазифани бўйнига олмоқдан бош тортар эди. Шу вақтда ўша кунларнинг аъён-аъзоси бўлғон Ризо Тавфиқ майдонга отилиб чиқди ва индамасдан бориб муоҳадага қўл қўйиб келди. Шу ҳодисани французларнинг бир газети жуда кулги қилиб ёзғон эди. Бу иш бечора файласуфнинг эътиборини тамом тушурди. Истанбулга Мустафо Қамолнинг ғолиб ўрдулари киргандан сўнг шу масалалар яна бир дафъа қўзғалиб, турк матбуотида файласуф ҳақида кўб қаттиғ нарсалар айтилиб ўтди. Бир вақтлар, дорилфунун талабалари уни мударрислигидан ҳайдадилар. Яқинда олинғон бир хабарга қарағонда, бу бечора файласуф дорилфунундан чиқкондан сўнг бўлса керак, Истанбулдаги Амриқо қўллежига (қуллиясига) кириб, талабаларнинг ғалваси орқасида ундан ҳам кетмакка мажбур бўлғон экан. Ундан чиққач Зунғулдоқ деган жойга бориб у ердаги бир қўллежда турк тили ва адабиёти дарсларини бера бошлагон экан у қўллежнинг талабалари ҳам уни ҳайдашга уруна бошлағонлар. Шундай қилиб, Туркиянинг адабиёт ва илм олмидаги энг катта бир кишиси, замоннинг қизиғон қонли ёшлари билан чиқиша олмасдан, кенг фикрини мия ҳуржунига солиб, саёқлик-дарбадарлик кўчасига кириб қолғон… Рўйхат чатоқлиқлари Рўйхат вақтларида ҳам жуда кўб бепарволиқлар бўлуб, шуларнинг чатоқ натижалари тўплаш чоғида кўрулди. Рўйхатчиларнинг кўпи ўша рўйхат қилинатурған райўнларнинг ерлик халқларидан бўлса, табиий албатта енгил бўлур ва букунги чатоқлиқларға йўл қолмас эди. Лекин, иш тамом мунинг тескарисича бўлған. Рўйхатчилар орасида тажрибасиз тил билмас йигитлар кўб бўлғанлар: ораларида чала хат ёзатурғанлари ҳам бўлған. Масалан: рўйхатчилар томонидан русча 4 деб ёзилған рақамларни молия шўъбасида 7 деб ўқуғанлар. 4 билан 7 орасида 3 пуд фарқ бор. Деҳқон учун бу 3 пуд ҳам оз эмас. Руҳимиз ўлмасун Сўнгғи вақтларда матбуотимиз маориф масалаларидан кўпгина баҳс қилмоққа бошлади. Таъминот тўғрисидан кўпинча халқнинг ўз бўйниға юклатилган мактаб ва ўқуш ишлари кўп куч ва ғайрат сарф қилмоқ билангина истакка мувофиқ юруб борса мумкиндир. Йўқ эса, аввалдан келган қўрамаслик ва эътиборсизлиғимизнинг давом эта бериши маорифимизни бўғуб ўлдургусидир. Мактабларни таъмин этмак вазифаси ўз бўйниға тушган халқимизнинг савия фикрияси, мактаб ва ўқиш-ўқитиш ишларига назари маълумдир. Мавлуд муносабати билан Тошкентда Маҳкамаи шаръиа томонидан ясалған улуғ намойишда бу эътиборсизликни зарарли самараси жуда очиқ кўрулди. Бизни яшатишга эмас, ўлдиришга судрайтурған эски мактаб болалари хорлик ва масканатни кулдириб турған қонсиз чеҳралари билан ола-була тўнлар кийиб Жоме’ билан Кўкалдош саҳнасига тўлған чоқларида халқнинг кўзи ёшлар билан тўлди. Халқнинг кўзларидан тўкилган у ёшлар нодонлик ва таассиб орқасида келган беҳуда ва шунинг билан бирга самимий ёшлардир. Бу манзара қаршисида бутун умрини халқнинг маорифи, янги мактаби, тараққий ва таълими учун сарф этган кишилар бошқа тушунча ва бошқа ўйлар билан йиғиладилар. Бирмунча вақтдан бери маориф ишларидан четда юрган эски бир маориф ходими ўшал манзарадан олған таассуротини жуда аччиғ қилиб онглатди. Унинг маориф ишларидан четда юриши учун гуноҳни кимнинг бўйниға қўя оламиз? Ҳар ҳолда, мавлуд кунидаги ҳазин манзарага шу чеккалаб юришларнинг хийла улуғ таъсири бордир. Ҳозир ҳукумат қарамоғида бўлған мактабларнинг сони жуда оздир. Бўлған қадарисини ҳам ҳукумат тўла ва етарлик равишда таъмин қила олмайдир. Янги иқтисодий сиёсат (NEP) деган нарса билан бу кун жуда бузулиб кетган халқ руҳи мавлуд куни кўрганимиз каби масканат манбаи бўлған эски мактабларда бўлса, ул мактаблар бундан сўнг, шубҳасиз, кундан-кунга кучайиб борғусидирлар. Уларга қарши курашмак лозимдир. Фақат бу курашни ҳеч бир куч билан давом этдириб бўлмас. Бунинг учун ҳукумат қарамоғида бўлған мактаб ва интернатларни кучайтирмак, тўлайтирмоқ ва ҳар жиҳатдан мукаммаллашдирмак керакдир. Бунинг устига, яна халқ ҳисобиға ҳам янги усул мактаблар очдириб, уларни ҳам моддий ва маънавий ёқлардан мукаммаллашдиришга бутун маориф ва ёшлик кучларини завқ этдурмак керакдир. Тарихнинг бизнинг учун тескари бўлған жараёни натижасида келиб чиққан шу ҳолларнинг айбини биримиз дўлга ва биримиз тегирмонга қўймоқ билан фақат аҳволни оғирлашдирган бўлурмиз. Тегирмон тарафдорлари ва дўлни ёқлағучилар учун қўшмоқ бир вазифа бор: бор қадар янги мактабларни ҳар жиҳатдан мукаммаллашдириб, эски мактаб таҳликасига қарши курашмак! Ҳозир шу мақсад билан болалар ҳафтаси ясалмоқдадир. Дўл деганлар-да, тегирмон деганлар-да очиқ майдонда ўзларини кўрсатсунлар. Рус тилини ўрганишнинг фойдаси ҳақида Дунё бамисли як работ, дар он дудараст, Ҳар рўз дар ин сарой қавм дигар аст. (Дунё гўёки икки эшикли работ, Ҳар куни қавмлар ўзгариб туради.) Саъдий Мана бу дунё яратилғандин бу замонға қадар шулай бўлуб келади. Дуняда бўлған ҳар бир мамлакатнинг тарихина назар қилсақ, кўрамизки, ҳурматли Саъдий жанобларининг сўзлари ҳар бирисининг тиллодин ортуқдур. Бу дунёга бировлар кетуб, анинг ўрниға иккинчиси келуб, бу дунё шул кўпинча айланиб турадур. Муна бизнинг Туркистон вилоятимиз қанча мартаба бузулуб, қанча мартаба тузалиб, Саъдий жанобларининг айтқани шекилли қанча кишилар келди, қанчалари кетди. Замони минан машҳур Искандар Румий бизнинг Туркистон вилоятини олиб бир подшолик ясаған эди. Ул вақтда бизнинг боболаримиз бадавий бир ўрундин иккинчи ўрунға кўчуб юрур эдилар. Дунёдин ҳеч жабри йўқ қай жер (ер) ўтлов бўлса, шунда кўчиб боруб қимиз минан қатиқдин бошқани билмас, ўқуш-ўқутуш нима эканин ўйламасди эдилар. Искандар Румий қўлиндин келганча бизларга кўб зулмлар қилди. Анинг қўйған ҳокимлари одатдин, қонундин таш ишлар ижро қилуб ниҳоясиз зулм келтурди. Бизнинг ҳар бир зотимиз минан фойдаланди. Лекин бизға уч пуллук фойда қилғани йўқ. Бизларга на мактаб ва на мадраса бино қилди. Мундай бизнинг дунё охиринда роҳат бўлувимизға сабаб бўладурган ишни ҳеч қилған эмасдур. Бизнинг мол-мулкимизни худди ўзининг ватани бўлган Македонияға ташиди. Ўз юртин бизнинг кўчимиз минан бой қилди, ғаний этди. Шунинг учун-да Искандарнинг подшолиғи юз йилдин ортуққа бормасдин вайрон бўлди. Искандарнинг подшолиғи бузулуб, вайрон бўлғандин неча юз йил кейин бизнинг Туркистонимизни араблар келуб олдилар. Бизлардек исломни қабул этдук. Шунинг минан бирга араб маданиятин қабул қилуб, қанча ўрунларға мактаб, мадрасалар солдуқ. Бутун Туркистон ул вақтларда бир беҳишт шекилли бўлди. Ул вақтлар Бухоро, Самарқанд бутун дунёға машҳур бўлуб дунёнинг ҳар тарафидин сайёҳлар, шогирдлар бизнинг мамлакатимизға тўлар эдилар. Бизнинг Туркистонни билмаган одам ер юзинда қолмас эди. Бу вақтимиз кўб ўзмади, Қитой ёғиндин Чингизхон деган бир одам чиқуб, бизнинг мамлакатимизни барбод қилуб, остин-устинга келтурди. Қанча бегуноҳ бандаларни қўй шакилли қируб, масжид-мадрасаларни хароб, вайрон қилди. Бу одам-да Искандар Румий шакилли бизга ҳеч нима бермай, хароб этиш, вайрон қилишдин бошқа ҳеч нарса кўрсатгани йўқ. Бу одамнинг қилған ишлари, бузған бинолари бу замонда кўзимиз олдинда турубди. Худо ўзининг паноҳида сақласун. Бунинг-да жафосидин қутқазди. Чингизхон подшолиғи бузулди. Ҳама иш ўзимизга қолди. Машҳур Амир Темуримиз қанча мамлакатларни fath қилуб, етти иқлимнинг тўртини олуб, бешинчиси бўлған Қитой мамлакатига борған вақтда йўлда вафот этдилар. Мундин сўнг ишимиз бир оз йиллар тузув бўлса-да, кейин ҳеч бир ишимиз ўнгалмади. Хонларимиз бекорға киши қонин тўкди. Бир-бирина ёв бўлуб, қанча қирилишлар, ўлтуришлар бўлуб, ҳеч бир ёруқ кун бўлмади. Бола онасин сўйди. Хотун эрин заҳарлади. Туну кун хавф-хатарда бўлуб, бир роҳатлик бўлмади. Бир овул икинчи овулнинг молин талаб, бир халқнинг одами икинчисининг хотун-қизларин ўғурлаб, фуқаро жуда камбағал, ниҳоясиз даражада хор эдилар. Бизларда ҳеч роҳатлик ҳеч касб, ҳеч бир ҳунар бўлмас эди. Бор билган ҳунаримиз талов, ёв-ёв бўлув, урушув эди. Бизнинг шундай роҳатсиз кунларимизда Худо ўзи бизни оқпошшонинг фуқароси қилди. Ҳар ерда тинчлиқ, ҳар ерда роҳатлик бутун Туркистон бойлиқ минан роҳатликка ғарқ бўлди. Муна Искандар кетди – араблар келди, араблар кетди – Чингизхон келди, ниҳоят, букун боримизда бир иттифоқ минан оқподшонинг фуқароси бўлдуқ. Хурматли Саъдий жанобларининг ҳар бир сўзи ҳақ экан. Юқорида мен Искандар ва бошқаларнинг бизларга ҳеч бир нима бермаганин, балки биздин қанча фойдаланса-да, алардин жабр-зулмдин бошқани кўрмаганимизни ёзған эдим. Бизлар эмди ҳозирги кунимизга қарайиқ. Бизнинг бурунғи мусулмонобод вақти минан ҳозирги ҳолимизни текшуруб қарасақ кўрамизки, ул вақт минан ҳозирги ҳолимиз орасида жер минан кўк шакилли айирма бор. Мусулмонобод вақтларида бизнинг Тошкандимизни баъзан Хўқанд хонлиги, баъзан Бухоро, баъзан Туркистон хонлиғи келуб чопиб олур эди. Ул вақтларда бизнинг қанча молимиз, қанча жонимиз ҳалок бўлур эди. Туни-куни хавф-хатарда бўлуб, шаҳарнинг қўрғонининг ташина чиқуб, жой қилув асло мумкин эмас эди. Қўрғоннинг ташига чиқдинг эса ҳозир каллангни чопуб олишқа тайёр турувчилар бор эрди. Ҳозирда ул вақтлардағи қўрғон, ул вақтлардағи хатар, ташвишлар қайда қолди? Бойлик тарафин ўйласақ, ҳозирда Худо бизга шул қадар неъмат берганга ул вақтларимизға қарағанда биримиз ўн ҳисса ортди. Мусулмонобод вақтларда нимамиз бор эди? Бир сафар минан бир от, бир омоч минан бир ҳўкуз, бошқа нима давлатимиз бор эди? Ул вақтларда гурунч ботмони уч-тўрт сўм бўлса, ҳозирда эллик сўм эмасму? Буғдой ики сўм – бир сўм бўлса, ҳозирда йигирма сўм эмасми? Ҳозирги паровончилиқ daraxtzorlik мусулмонобод вақтларда биттаси йўқ эди. Бурун Тошканд минан Писканд ораси тўрт кунлик йўл эди. Ҳозирда кўб юрганда тўрт соат борадилар. Мусулмонобод вақтда Ўрунбурға йилда бир мартаба боруб келса кўб хурсанд бўлур эдилар. Ҳозирда икки кунда борув мумкин бўлди. Бурун чўлистон бўлган жерлар обод бўлди. Ариқсиз, сувсиз ётқан ўрунларға ариқ қозилуб, сув келтирди. Буларни ким қилди? Худоёрхонми, Насриддинхонми, қайсилари қилдилар? Муна буларди ўйлаб қарасақ, уламомиз бўлсун, авомимиз бўлсун хурсанд бўлуб, оқподшонинг фуқароси бўлғанға Худоға шукрлик қилурмиз. Ўқуш тарафин қарасоқ, албатта, бурунғи замонимизға қарағанда кўб тузумимиз қанча мактаблар очилди. Қанча ишкўллар солинди. Болаларимиз ҳар қаювсида ўқув-ёзув билуб, ҳар ишга уста бўлуб қолдилар. Бизни русча билсунлар деб қанча ўрунларға ишқўллар солдилар. Бизлар ўзимиз нодон бўлғанимиздин шунда кўруб ўқувни яратмаймиз, болаларимиз ўрус бўлуб кетади деб қўрқуб, беҳуда ўйлар минан ўқумай нодон қолувимизни ортиқ кўрамиз. Бизга тайёр мактаб бўлса, тайёр домла бўлса, нимаки бизга бекорға умримизни ўткарамиз? Бизнинг шариатимизда ҳар бир илмни билмак дуруст бўлса, бу ўрусча, бу фалонча деб фарқ қилмай ўзимиз учун солинған ишкўлларға кируб ўқийиқ. Сабаблар кўб Булардан бошқа ҳам яна ҳар хил сабаблар кўб, айниқса, пул қурси масъаласи билан самовий офат масъаласини муҳим сабаблар қаториға киргизмак керак. Қурс чатоқлиғи орқасида бир пуд ўрнига бир ярим-икки пуд тўлаганлар ҳам кўб бўлди. Бизнинг содда қишлоқиларимиз қурснинг асли, таги-тугини билмасдан солиқ тўлаш вақтида ҳам кўб зарар кўрдилар. Сўнгра: Андижон уязида самовий офат кўб бўлди. Пахтанинг унуми оз. Шолининг ҳосили кўб ерларда сира бўлмади. Экинларни “гармсел” деган шамол уруб, бутун-бутун маҳв қилди. Бу тўғрида вақти билан газеталарда ҳам кўб ёзилди. Самовий офатга йўлуққанлар озод қилиндилар. Шу муносабат билан уларнинг аризаларини кўрмак учун махсус камисиялар тузулди. Лекин, аризаларнинг кўблиги сабаблик камисиялар ишларини тезроқ тугата олмадилар. Мана бу иш ҳам солиқ тўпланишдағи тўсуқлардан бири бўлди. Саҳна сирларига ошно санъаткор Ўзи ўрта бўйлик, ўрта жуссалик, кулган вақтида кулгисини бутун юзига ёйиб юбориб – кенг-кенг кулади; бировга қараб кулганида кўпрак кўзлари, айниқса, кўзларининг икки чеккаси ҳаракат қилади. Юзида эски турмуш бепарволигининг излари қолған: билинар-билинмас чечак доғи… Саҳнанинг юз ўзгартириш (грим) деган нарсаси бу ёш одамнинг юзларини бошқа ҳар бир актўр каби ҳалитдан қарита тушган, юзида юқоридан қуйиға томон бир неча ажин чўзулади. Лутфулла ёйилиб кулганда у ажинлар бой камалакдай яққол гавдаланадилар. Овоз, одатда, унча эркакча эмас, ингичкарак. Лутфулланинг қудрати ҳам шундаки, ўша ингичка овозини ўз жойида янада ҳам ингичкалаштирмак билан («Ҳужум»да Эшон) томошачига унутилмас завқлар беради. 1926 йилларда бўлса керак, Лутфулла Масков драм истудиясининг талабаси эди. Уни ўшанда биринчи мартаба бутун дунёга донг чиқарған француз адиби Мўлернинг машҳур «Хасис» деган асарида кўрдим. У вақтда Лутфулла, агар янглишмасам, оддий бир хизматчи рўлини ўйнарди. Ниҳоят даражада енгил ва шўх ўйнагани учун истудиялилардан унинг кимлигини сўрадим, «Бухородан келган ёш кучлардан бири», – дедилар. Шу учун бўлса керак, унинг ва у билан келган ёшларнинг тилларида ўзбекчанинг ғализ бир сўзланиши бўларди. Кейинча Лутфулла, Саъдихон, Исомов ва Шариф ўртоқлар у ғализлиқни енга олдилар. Саҳнада биз ҳозир ҳеч бир тил ғализлиғи сезмаймиз. Лутфулла Бухоро шаҳар ўзбекчасининг ўша ғализлиғидан ҳам, юқорида айтганимдек, жуда яхши фойдалана билди. «Ҳужум»даги Эшон рўлининг Лутфуллага «қуюлиб тушганини» ҳамма билади, шу «қуюлиб тушуш» сабабларидан бири, шубҳасиз, ҳалиги ғализлиқдир. Негаким уни бизнинг Лутфулла жуда усталик билан ёғдай силлиқ қилиб ўтказади ва биз сезмай қоламиз! «Ҳужум» нақадар ғайрижиддий ва енгилтак нарса бўлса ҳам, ўзбек совет саҳнасида бир неча йил гулдек умр кўрди. Уни жиддий ишдан сўнг чинакам дам олмоқ истаган томошачи ҳамма вақт кўнгулдан олқишлади. Бунинг бош сабаби, албатта, саҳнамизнинг оригинал кулги асарларга бўлган эҳтиёжи эди. Совет драм ёзувчиларининг, умуман, қалам аҳлининг юзини қизартиб бўлса ҳам шу ерда айтиш керакки, яхши кулги асарларга бўлган эҳтиёжимиз ҳали ҳеч бир қониқтирилғани йўқ. Биз таржума йўли билан Ғарб ва рус классиқларини яна кўп кўрсатишимиз керак. Фақат оригинал кулги асардан майдонда ҳеч нарса йўқ! Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ғайритабиий бир ҳол. «Ҳужум» пиесаси саҳнага чиққан ҳолатида фақат уч муҳим омилнинг қўлида бўлади ва шулар унинг ғалабасини таъмин этадилар: 1. Турсун Ўроз ўғли (Қаландар бола). 2. Эшон. 3. Табиб. Шу уч омилнинг чолғу тиётрида барбод қилиниши бутун асарнинг ҳам саҳнада нест ва нобуд қилинишиға сабаб бўлди. Музаффар отанинг «Ҳужум»и Лутфулласиз, Саъдихонсиз ва Сорасиз «Ҳужум» – соғлом кулги бературған томоша эмас, томошачининг ғазабини келтиратурған бир онглашилмаслик эди. Уста актриса Лутфихонимнинг у қадар енгил сакрашлари ҳам ҳалиги камликни тўлдира олмади. «Ҳужум» яна саҳна юзини кўратурған бўлса, ишчи томошабин, ўзининг эски қадрдонлариға яна қовушмоғи лозим. Ҳар қандай ижодий асарни ҳам ишлаб пишитадилар. Шоирнинг шеъри, насрчининг рўмон ё ҳикояси, бастакорнинг чолғу асари, чолғучининг бажармаси, ҳатто заргарнинг чиройлиқ балдоқ ё шокилдаси, йўнмачи устанинг нафис ишланган йўнмакор асари… булар ҳаммаси ишланиш орқасида пишади, етилади, қимматли асар ҳолига келади. Бу нарса, айниқса, тиётрда кўп сезилади. Тиётрда яхши актўр рўлни ишлаб пишитатурған актўрдир. Лутфулла бу хусусда кўпларга ўрнак бўла билади. Биз Лутфулланинг ўйинларида бир нарсани доим очиқ кўриб ва сезиб турамиз, у ҳам бўлса табиийлик. Шу учун эмасмики, «Қўзи булоқ»да қизнинг отаси рўлини ўйнаркан, бир қанча репликалари билан зални ширин-ширин кулдуради. «Ҳамлет»да ҳам шундай. Ундаги Полоний эслик, зийрак, билимдон ва мустақил фикрли шаҳзода Ҳамлетга қарши қўйилған эси паст, маҳмадона, саёз билимли ва қатъиян ўз фикри бўлмаган аҳмоқ бир чолдир. Шекспир унга шу тавсифга яраша сўз берган. Агар у сўзларни эплаб, келиштириб айтолмаса, чолнинг саҳнада борлиги қуруқ бир суратдан иборат бўлуб қолади. Ҳамлетнинг сўзларини залга етказиш, менингча, Полоний сўзини етказишдан оғир эмас, чунки Ҳамлет жуда актив одам, пиесада ҳамма имкон унга берилган. Бутун курашни у олиб боради. У ҳислар, хаёллар, ўйлашлар, тушунишлар билан тўла. Уни ўйнаган актўр истар-истамас унинг сўзларини томошачига еткизишга мажбур, акс ҳолда, «Ҳамлет» деган бир асар саҳна юзида қолмайди, қололмайди. Ҳолбуки, Полоний томошачига етмаса, кўплар бунга қунт ҳам қилмайдилар. Ҳамлетни таъқиб этиш билан овора бўлуб бошқаларға аҳамият бермайдилар. Ёзувчи унча-мунча чакана одам бўлсайди (Шекспир бўлмасайди), Ҳамлетдан бошини кўтаролмас, бошқаларни қуруқ бир сурат қилиб қўярди. Фақат у доҳий ёзувчи бўлгани учун бинонинг бош бўлагини жуда яхшилаб ишламак баробарида ёни-беридаги кичкина (ёрдамчи) бўлакчаларни ҳам унутмаган, уларни ҳам боплаб ишлаган, ишлаб еткизган. Лутфулланинг Полонийсини кўрганда қўювчиға ҳақ бергинг келади; қўювчи Полонийнинг аҳамиятини тушунган, шунга кўра, у рўлни Лутфуллага берган. Лутфулланинг Полонийси томошачига етди. Томошачи унинг кўп сўзларига ёзувчи кўрсатганча кулади. Лутфулла – Полоний кўп жойда зални кулдура олади. У парда орқасида беҳуда бир тасодиф билан ўлиб кетгач, унга ачинганлар унинг бу қадар аҳмоқ бўлушига ачинадилар. Ачиниб туриб ҳам кулушдан ўзларини тўхтата олмайдилар… Лутфулла асосан кулдирувчи актўр эмас. Унда кулдиручилик – қизиқлиқ важҳидан ижод қуввати йўқ, яъни у, айтайлик, Ҳожи Сиддиқ марҳум ва Миршоҳид каби ҳозиржавоб ҳам эмас (бу иккала қизиқнинг ҳозиржавоблик санъатини ҳам унча юқори қўймайман; ҳар ҳолда, чўмучга чиққундай бир нарса бор). У асарнинг ўзида бўлган кулгили репликани ғоят табиий, тўғри бера оладики, ана шу нарса залнинг кулгисини таъмин этади. Турмушда кулунатурған жойлар бор; аммо у жойларни саҳнада ясамалик билан берилганда кулги чиқмайди, балки, аксинча, табиий, турмушдагидай қилиб берилса, кулги чиқади. Ана ўша табиий ўйнаш орқасидадирким, Лутфулла саҳнада вақтида ҳеч бир такаллуф, айниқса, зўр бериш деган нарсани билмайди. Дуруст, саҳнада кечирма (переживание) билан ўйнаш йўсуни бор. Бизнинг кўпгина актўрларимиз бу йўсунга ўзларини яқин келтирмасликка тиришиб: «Йўқ, мен кечирма билан ўйнамайман!» – десалар-да, уларга унча ишонолмайман. Ёлғиз техника билан ўйнаш учун жуда зўр санъаткор бўлуш керак. Актўр ўз рўлига қизиқиб ўйнаса, бир оз кечирмага ўтмай иложи йўқ. Фақат ҳунар шундаки, оқил пойлоқчиси ҳамма вақт пойлаб турсун ва актўрга унинг саҳнада эканини, бутун бу нарсалар бир ўйиндан иборат эканини, саҳна чегараларидан чиқиш ярамаганини доим эслатиб турсун. Марҳум Сиддиқ ҳожидай моҳир актўрларимизнинг энг дардли жойи шу пойлоқчидан, шу тенгшовчидан маҳрумлиги эмасмиди? Сиддиқ ҳожи саҳна қонунлариға кўпда унаган актўр эмас… «Ҳужум»да шу нарса равшан кўрунади: эшон билан табиб – икки мустақил олам, балки бири-бирига қарши қўюлған оламлар. Рўлни пишитиш хусусидаги жидди-жаҳди, ўзидаги қобиллиқ ва истеъдодга ҳеч бир гумоним бўлмаган Саъдихон табибни ўйнаркан, шамолга тутулган оловдай безовта бўлуб, ортиқча берилиб ўйнайди; аксари саҳна чегараларидан ҳам чиқиб кетади. Лутфулла эса бунинг тамом акси: у ҳар бир ҳаракатини нўтага ўйдурган балет ўйинчиси сингари салмоғлиқ ва оғирлиқ билан ҳаракат этади. Шу билан, шубҳасиз, ютиб чиқади. Бу фарқ эшон билан табиб типларининг ўзидан келиб чиққан фарқ дегувчилар ҳам бор. Бу, менингча, янглиш даъво. Уйғур у икки типнинг туб чизиқларини олиб туриб умумий суратда йўрган-да, сўнгра актўрнинг ўз шахсий ижодига кенг йўл қўйған. Режиссўр Уйғурнинг ғалабасини таъмин этган сабаблардан бири, менингча, шу эди. Шу кенг йўлда Лутфулла ишлади ва рўлни сувдай силлиқ ва юмшоқ қилиб чиқарди. Лутфулланинг саҳнадаги муваффақияти кўпрак унинг табиий талантидан келади. Шу талантни ўзи ҳам ишлаб, тарашлаб, силлиқлаб борса қандай яхши бўларди. Бу нарса, менингча, Лутфуллада бор бўлса ҳам, етарлик эмас. (Бу даъвони кўб актўрларимизга ёйиш мумкин.) Сўзлаш бойлигини етарлик даражада кенгайтириб уни навлаш хусусида Лутфулла ҳали ҳозиргача кам, жуда кам ишлаган. Полонийдек чолнинг юрушларига ҳам қарилиқ аломатлари бера билган (қалтираб юришлар) Лутфулла нима учун унинг овозига қарилиқ беришга урунмайди? Лутфулла Полонийсининг овозида риёкорлик – икки юзлилик, мудоҳана хусусиятлари бор. Аммо қарилиқ асари очиқ эмас. Ишлаш билан буни ҳам қилиш мумкин. Буни Лутфулла билмайди эмас. Яна бир танбеҳ: Полонийнинг бекорчи гапларни кўп гапиратурған чиройли ва пардозли сўз сотатурған маҳмадона бир аблаҳ эканини Шекспир жуда яхши кўрсатади. (Қирол ва қирўлича олдида Ҳамлетнинг Офелияга ёзган хатини ўқумасдан бурун айтган сўзлари.) Қўювчи Полонийнинг сергаплигини кўрсататурған у ажойиб монологни қўйилиш талабига қараб анча камайтирган. Лекин актўр ўша асл нусханинг ўзини қат-қат ўқуб, ўйлаб, умуман, маҳмадона, сергап ва сўз пардозига берилган одамлар билан кўпрак танишиб, ўша хил типларнинг ичига кириши керак эди. Лутфулла ўша жойни ўйнаганда биз шундай чуқур текширишлар бўлганини англаёлмаймиз. Ҳолбуки, турмушда ҳам шундай одамлар кўп! Лутфулла – олдинги актўрларимиздан. Ишонаманки, у борган сари юксалажак, рўлни ишлаб пишитишга аввалгидан ҳам кўпрак зўр бериб давом этажак. Фақат саҳна санъати – айниқса, актўрники – жуда нозик санъат. Уни ёш боладай доим парвариш қилиб туруш керак. Саҳнада талантдан ташқари маданият ҳам керак. Бунинг йўли маълум: ўрганиш! Актўр энг аввал турмушнинг ўзидан (типлар, сўзлар ва ҳоказо), китоб мутолааларидан, лексия ва дарслардан, бошқа тиётр ва актўрлардан, ўз устозларидан ўрганади. Шуларнинг биргинаси камлик қилғанда ҳам, актўрнинг турган жойида депсангани билиниб қолади. Саҳна санъатининг сирларига мунча ошно бўлған Лутфулладан бизнинг кутганимиз доим олдинга қараб интилишдир. Саҳналар теграсида Озарбайжон турк саҳнаси яқинда 50 ёшға кириши муносабати билан катта бир байрам қилиб ўтказди. Ҳақиқатан, Русия турклари орасида энг эски саҳнага эга бўлғонлар — Озарбайжон туркларидир. Озарбайжон театр ёзувчилиғининг отаси бўлғон Мирзо Фатхали Охундўвнинг ўлганига, озарбайжон саҳнасининг улуғ оғаси бўлғон Араблинскининг дунёдан кетганига бир неча йил бўлуб қолди. Ўзининг шу учун умрида кўб оғир кунларни ўтказган бу саҳна, бу кун улуғ ва ярашар бир шараф билан ўзининг эллик йиллик байрамини ўтказмакдадир. Бокуда чиқадурғон «Кўммунист» рафиқимиз шу байрам шарафига бир бош мақола бағишлаған. Ул мақолада нафис санъатнинг аҳамияти, озарбайжон саҳнасининг бошидан ўтказган оғир кунлари ва унинг ҳозирги аҳводи тўғрисида фикр юргизиладир. Ҳақиқатан, 50 йил оз муддат эмас. Бу муддат орасида кўб нарса ишламак мумкин. Лекин, озарбайжон саҳнаси ҳам бизнинг саҳнамиздек халқнинг энг қора жоҳил вақтида бош кўтарганлигидан; «Чапга айланса кофирлик, ўнгга бурилса динсизлик таънага йўлуқуб, дин талқин қилғувчи динсизларнинг ҳар турлик ҳужумлари остида қолиб оқ саллалик бойқушлар, қоп-қора нодонларнинг чангалидан халқни қутқазиб олмоққа тиришқон». Албатта, бундай бир муҳитда 50 йил яшағон саҳна жуда кўб нарса қила олмаса, маъзурдир. Учмасдан, сўнмасдан, йўк бўлмасдан давом этиб келган бўлса, бу кун шу ҳам катта хизматдир. «Кўммунист» рафиқимиз: «Бу кунги театримиз кечаги вазифасини ифо(да) қилиб турадирми? Бу кунги саҳнамиз маданиятга томон ҳатлағон қадамларимиз билан чиқишдирила олурми?» деб иккита муҳим савол бергандан кейин, бу саволга ўзи: «Таассуфга қарши, дарҳол «йўқ!» калимасини қўллашга мажбур бўлиб қоламиз», деб жавоб берадир. «Қўммунист» рафиқимиз бу савол ва бу жавоблари билан саҳнанинг шу кунги ҳолиға қаноатлана олмағонлиғини кўрсатмак истайдир. Мақоласинниг охирида саҳнанинг тузалиши учун «масъулиятни уҳдасига олғон Озарбайжон маориф комиссарлигига муваффақият» тилайдир. Зотан, рафиқимизнин тилаган муваффақияти таъмин этилган ҳисобдир. Саҳна ва санъат ишлари учун бурун ҳам ҳозир ҳам энг керак бўлғон моддиёт масъаласи ортиғи билан ҳал этилган: «Байрам кунида Озарбайжон турк театрига декарациялар ҳозирламоқ учун маориф комиссарлиғи томонидан 100 сўм олтун пул чиқарилғон. Байрам комиссиясининг бир мажлисида хўжалик идораларининг турк театрига моддий ёрдам беришлари лозим эканлиги тўғрисида бир қарор чиқарилиб, биринчи ўлароқ қуйидағи идоралар иона қилғонлар: Халқ комиссарлар Шўроси раиси ўртоқ Сабикиф, комиссарлар шўроси отидан 15000 сўм олтун пул, Озарбайжон нефть идораси раиси Йўлдош Серибруфски 15000 сўм олтун пул, саноат тижораси комиссари ўртоқ Султониф 10000 сўм олтун». Бу ёрдамнинг бошидир ҳали давоми ва охири бор. Демак, Озарбайжон саҳнаси тўла таъмин этилган. Биз, бу ерда — ўзбек давлат труппасини тарқатиш арафасида турубмиз. Шунда ҳам маъюс бўлмаймиз. Унингда қадри билинур вақти бордир, ахир! Ҳозирча том маъноси билан етим бўлған ўзбек саҳнасининг бир муҳиби, бир орқадоши сифати билан: Озарбайжон саҳнасини қутлаймиз! Саҳнамизда — Ижроқўм биносида! — Катта томоша! — Тонг отқунча танса!.. Мана Эски шаҳар ўзбек санъатининг чопқиллаб, югуруб кетиб бориши шу йўлдадир. Сўнг кунларда хунук-хунук, қўпол-қўпол, саводсизларча ёзилғон шундай эълонлар орасида «Ҳалима», «Або Муслим», «Гуноҳкорнинг оиласи» каби жиддий нарсалар ҳам кўрула бошлади. Бизнинг бояқиш Давлат труппаси ёлғуз Эски шаҳар маориф шўъбаси томонидан берилиб турғон оз-моз ёрдамга таяниб, питиллаб, қимирлаб ётқонға ўхшайдир. Устига қора бўёқ берилса қора «бархут» тусини олиб, пачақланғон, синғон, йиртилғон саҳнамизнинг «гуноҳларини» ёпиб туратурғон калинкурми, қопми, нимадир олинғон; яқинда бечора томошачилар парда орасида зерикиб, ухлаб кетиш балосидан бир қадар қутулурлар, деган умид бор… 11 декабрда ўшал ўзимиз кўрган қишлиқ «Турон» биносида — юзинчи мартаба бўлса керак — «Ҳалима» ўйналди. «Ҳалима»да ўзбек саҳнаеида бирдан-бир ўзбек ҳаётининг энг қаттиғ фожиаси, энг кулги ўринлари, энг аҳмоқларча тўй-томошаси кўрсатилгандир. Шунинг учун бўлса керак, асарнинг алланечанчи мартаба қўюлушиға қарамасдан халқ тўладур, жой тегишмайдир. Узоқдан-узоқ кутиш, пардага кўз тикиш натижасидан ниҳоят парда очилди. Бузуқ, йиртиқ-йиртиқ, қўпол, ранги ўчган, туллаб-кетган декарация. Ўюн ўшал ўзимиз кўрган ўюн, ўйнағучилар ҳам ўшал ўйнаб юрганлар… Фақат, бошиға «Гулёр» куйи билан бир хўр ортдирилғон ва бу мартабада ўюнға Эски шаҳар бола боғчаларининг ҳамма мураббиялари дегундек аралашқонлар. Хўр яхши хўрдур; локин қўшуғи жуда узун, бунинг устига йод олинмағонлиғини ҳам қўшсак, бўш ва маъносиз. Мусиқа бу сафар жуда эзди, бир неча куйни саҳна билан баробар олиб бора олмади. Гримлар ҳам жуда ортиқ даражада сунъий эди. Шу йод олмағонлиқнинг натижаси бўлса керак, қизнинг онаси совчи хотунларга: «Келинглар, эсон-омон келдингларми?» деб 80 тош йўлдан келган меҳмонга айтилатурғон сўзни айтадир. Сўнгра, совчилар чиқиб кетаётқанда, уй эгаси: «Яхши қолинглар!» дейдир. Шундай бўлса ҳам она рўлида (1 ва 2 пардаларда) Р. Туташнинг жуда ботирлик билан дадил гапириши яхши. Бизнинг саҳнамизда баъзи бир артисткаларимиз жуда сиқилиб, тортиниб ўйнайдилар. Саҳнада эркин бўлиш — бу энг керак нарсадир. Иккинчи пардада айтилган азон ўзи жуда жойсиз бўлиши билан баробар шу қадар тез айтилдиким, такбир ҳам бундан секинроқ айтилгучи эди. Иккинчи парда энг фожиалик бир пардадир. Унда шодлик билан қайғининг қаршиға-қарши келиб қолишлари жуда нозикдир. Бир тарафда ўлим, йиғи; иккинчи томонда тўй-томоша. Бир томонда фақирлик, йўқсуллиқ; иккинчи томонда бойлик, исроф… Мана бу парданинг таъсирини бузғон нарса: қиз томонда гап бошланғонда, йигит томонда онанинг шовқун қилиб, йиғлаши бўлди. Одатда саҳна иккига бўлинганда, бир тараф сўз бошлағонда иккинчи томон товуш чиқармаслиғи керак эди. Сўнгра бу парда ўзи ҳам эртарак тушди. Охирги парда бутун мураббиялар аралашқони ҳолда жуда совуқ чиқди; жонлилиқ тўй ва келин тушурди вақтидағи гап, сўз, шовқун, тўпаланг, ўюн бўлмади. Бу парданинг энг қизиқ вақтида электрикнинг ўчуб қолиши, орадан қарийб ярим соат ўткандан кейингина бир хира чироғ ёндирилиши… бешинчи парданинг ҳақиқий фожиаси мана шулар бўлди. Рўлларда: Маъсума хоним, Аброр, қизнинг отаси йигитнинг отаси яхши эдилар. Бошқалари ҳам текис ўйнадилар. Ўюн чоғида пиражектурнинг қилғон адабсизликларини айтайлик-да, «Ҳалима» тўғрисида сўзни тўқтатайлиқ. Сандуқ озлиғи Солиқнинг йиғилишида тўсуқ бўлған шартларнинг бири – районларда солиқ топширадурған сандуқ (касса)ларнинг жуда кам бўлувсидур. Бюджетни сиқмоқ, сарфларни ҳисоблатмак мақсади билан бу тўғрида ҳам жуда жиддий иқтисод (экономия) йўли тутулган. Андижон уязида шаҳардан бошқа, фақат биргина Жалолобод районида солиқ топширадурған сандуқ бўлған. Солиқ топширғани келган деҳқонларнинг бир кун-икки кун туруб, навбат етмай кўблаб-кўблаб қайтуб кетганлари кўрулган. Бир, ёки бир неча қишлоқ аҳолиси томонидан бир вакил келиб тўласа ҳам бўладурган бир тартиб ҳам чиқди. Лекин, бу тартиб ишнинг қизиған вақтида эмас, кейинроқ чиқиб қолуб, амалда фойдаси озроқ бўлди. Савод қурслари Ёз вақтларида қизил қўшун орасидаги сиёсий маориф ишчиларининг кўмаги билан бирдан кўпайиб кетган савод қурслари куз ойларида яна хийла сусайиб қолған эди. Ҳозир, мана бу сўнг кундарда, савод қурслари яна кўпайиб борадур. Саводсизлиқни тугатиш тўғрисида яна бир қадар жонланиш кўрилмакдадур. Илгарилари бизда баъзи бир нарсалар, айниқса, шундай қурслар бирдан кучайиб, гуруллаб кетиб, кейин – ғўзапоя ёқған ўтдек – сусайиб, пастлаб кетар эди. Андижон маориф назоратининг саводсизликни тугатиш бўлимчаси илгариги тўртта қурс устига яна тўртани очди. Бу қурслар эски шаҳарда халқнинг ғужум ерида Кўтак тегирмон деган жойдадур. Жалолободга қарашлиқ Сузоқ деган қишлоқда ҳам савод мактаби очилди. Қишлоқларда савод мактаблари очишға ҳаракат қилиш Андижон маориф назоратининг яхши ва олқишлайтурған қадамларидандур. Шу хил қурсларни янги мактаблари бор бўлған бошқа қишлоқларда ҳам очмоқ керак. Янги очилған қурсларнинг қолған икиси шаҳар ичида бўлуб, улари, фақат, ишчилар учундур. Масалан: биринчи пахта завути олдида тубжой халқ ишчилари учун бир мактаб очилди. Темир йўл яқинида темир йўлдаги оврупалик ишчилар учун бир қурс очилди. Бирдан кўб ва катта ишни бошлаб сўнгра ташлаб юбориш бизда одат қаториға қираёздир. Бунинг зарарини инқилобнинг бурунғи йилларида кўб кўруб, эслаб ҳам қолдик. Эмди оз бўлса ҳам, кичкина бўлса ҳам пухта ва асослик иш бошлаб, шуни секин-секин илгари босдириб, кенгайтиш, зўрайтиш керакдур. Маориф назоратининг бу кейинги очқан тўрта савод қурсларини шу умид билан қарши оламиз. Сайил Батраклар секцияси ва маориф эҳтиёжлари учун Ўш сойининг бўйиға сайил чақирилған. Кундузлари халқ оз бўлса ҳам кечалари кўп бўладур. Анжандан машшоқлар ва қизиқлар борғандир. Бу сайилнинг бир ёмон жиҳати борким, у ҳам бўлса қимордур. Кундуз куни эртадан кечгача 6-5 ерда давра бўлушуб ўтурган тубжой халқни кўрамизким, ҳаммаси навкар бошида, қимор ўйнаб ўтурадурлар. Бор-йўғини қиморға «бой бериб» қўюб, ёмон йўлларга кетканлар озми дейсиз? Бир қишлоқ деҳқони бир арава шафтоли, бир арава узумини ютқузғандан кейин, охирғи ўюнда от-аравадан ҳам ожралған… Фарғона учун от-улов, пул-оқчанинг аҳамиятини тушунганлар Ўш ҳукуматдорларининг бу ҳаракатини олқишлаб қарши олмаслар керак. Сени кўб кўрмасун – Ҳаҳ, Тангримга шукур-аҳ, ухлаб кетди! – деди ва эски тўшаклар орасида тўлуб-тошиб ухлаб ётқан боласиға она муҳаббати билан узоқ-узоқ тикилиб қарағандан кейин: – Жиндак мизғиб олай! – деди ва бошини секингина болишға қўйди. Бу каттагина бир қишлоқда ўтуб ётқан бир рўзгор, у боласини ухлатқан Хадичахон деган ёш бир жувон. Ухлаб ётқан бола бўлса унинг кичик ўғли Ишоқжон эди. Ишоқжоннинг отаси Розиқжон ўша қишлоқлиқ бир деҳқон йигит бўлуб, тўрт-беш таноб ерга ўзи ишлаб беш-олти йилдан бери шу рўзгорни айлантириб келар эди. Рўзгор катта эмас: бир хотуни, бир онаси, икки боласи ва бир ўзидан иборат кичкинагина бир йиғин эди. Инқилобдан бир-икки йил бурун, янги уйланган вақтларида, рўзгорлари яхши, тинч, бир хилгина ўтуб туруб эди. Инқилоб бўлуб, мана бу ички урушлар бошланиб, юрт уруш майдониға айлангандан кейин толаға чиқуб деҳқончилиқ қилиш қийинлашиб, рўзгорни калдиратиб олиб бориш ҳам жуда оғир бўлуб қолди. Шундай бўлса ҳамки, ёш, ғайратлик, локин ёшлиғидан бери тинчлиқни севиб катта бўлған Розиқжон куч ва қувватини, ғайрат ва ҳаракатини бирга ўн ошириб бир қарич тупроқ устида ишлади. Сўнг чоқларғача рўзгорни тебратиб келди. Рўзгорнинг ички ҳожатлари учун иккита соғим сигир, битта қўшчи от ортдирди. Шундай қилиб, бу турмуш ўткан йили шу чоқларғача бир хилда давом этиб келди. Бултур шу вақтларда Розиқжон ў… хуфтонгача толадан қайтмасдан кечикиб қолди. Хадичахон замонанинг тинчсиз вақтларида эрининг кеч қолишидан қўрқса ҳам, «Бугун ўроқни бўлса, нариги жугари томонға сув боғламоқчи эди», – деб шу билан ўзини юпатди. Ярим кеча – саҳар бўлди. Розиқжондан хабар бўлмади. Хадичахон билан қари кампир оғир бир изтироб остиға тушкан эдилар. Эшикни қоқдилар. Эшик очмоқ учун чиқиб кеткан кампир «вой, болам»лаб йиғлаб кирди. Кўнгли бузулған Хадичахон ирғиб ташқариға чиқиши билан уч эркакнинг қўллари устида қора қонға бўялиб ётқан Розиқжонни кўрди. Бир нафас тўқтади, на йиғи келди, на бошқа, боши қотди. Кейин ўликни бўйранинг устига қўйиб кетаётқан кишилардан: – Вой, бу нима гап? – деб сўради. Қишлоқ кишилари шошилмасдан, ҳовлиқмасдан, вазминлик билан: – Келинбу, толадан келаётиб йўлда беклар отиб кетибдур… – деб жавоб бердилар… Мунга бир йил бўлуб ўтди. Розиқжон эсдан чиқаёзиб қолди. Хадичахон боласи Ишоқни ухлатиб бўлуб ўзи болишқа бошини қўйған вақтида Розиқжон хаёлиға тушди. Ундан кейин ухлай олмай узоқ-узоқ ўйланиб ётди. Кун чиққан, тиғлари панжара орқали чўзулуб уй ичига кирганлар эди. Ухлай олмади, турди. Боласиға яна бир тикилиб олғач бошига калта камзулини ёпиниб тўппа-тўғри кўчага чиқди. Беш қадам юруб чап қўлдағи тор кўча билан толаға чиқди. Толада ишлаб ётқан деҳқонларға қараб Розиқжонни тугалгина эска солмоқчи эди. Бу йил бирмунча ерга пахта экилган, ана у Турдиали ўз ерида пахта чопиб турадур. Тутнинг тагига ўт ёқиб кичкина човгунчани қайнатиб қўйған, тўнини тутқа илган… Оҳ, агар шу Розиқжон бўлса эди, чойдишни қўюб чой дамлаб, зоғора нон билан олиб чиқар эди… Кўнгли тўлди. Кўзига хоҳлар-хоҳламас бир неча томчи ёш келди. Кўз ёшларини кир-моғор енги билан секингина артиб яна уйга қайтди. Кўча тарафдаги эшикни очиб ичкарига кириши билан кампир йўлуқуб: – Собиржонни икки хурмача қатиқ бериб шаҳарга юбордим, «Дарров сотиб бир қадоқ-ярим қадоқ гўшт олиб кел!» – дедим, болам бечора кетди, – деди. Келиннинг ақли толада, бир вақтлар толани яшнатқан Розиқжонда эди. Англар-англамас бир афт билан, бўшангғина, эшитилар-эшитилмас қилиб: – Яхши қилубсиз, – деди. Шу билан индамасдан уйга кириб кетди. Пешин бўлди, кеч кирди, Собиржондан дарак бўлмади. Кампир билан келин талвасаға тушдилар. Дарҳол қўни-қўшниға хабар бериб қўшнининг катта ўғли Холматни отқа миндириб шаҳарга юбордилар. Холмат у кеча қайтмади. У кечани кампир билан келин бир дўзах азобида ўтказдилар, чой ҳам ичмадилар, овқат ҳам емадилар. Эртаси куни эрта билан Собиржоннинг ўлигини кўтариб Холмат келди. Йиғи-сиғи орасида сўрағанларға Холмат йигит сира пинагини бузмасдан: – Шаҳарда отиш бўлған экан, дайди ўқ текгандур ё арманилар отиб-отиб кеткандур, – деб жавоб берди. Хадичахон йигирма учга қадам босқан. Локин ҳеч ким уни йигирма учда демайдур, билмаган кишилар уни қари жувон, ўттиз бешларга кирган бир хотун дейдурлар. Унинг ақлу ҳуши ҳам жойида эмас, қишлоқ болалари «Хади жинни» деб от қўйғонлар. Мунинг аҳволини яхши билган кишиларнинг ҳамма вақт унга раҳмлари келадур, «бечора жувон» дейдурлар. Бечора жувоннинг кичик ўғли Ишоқжон ҳам касал. Мундай замонада табиб, дору-дармон ҳам топилмайдур. Бечора жувон безгак чангалида қалтираб ётқан боласини заҳарлик кўз ёшлари тўкуб туруб қуруб-қотиб кеткан бағриға босадур-да: – Биттаю биттам, ёлғуз қўзичоғим, Худойим сенигина кўб кўрмасун!.. – дейдур. Ва тиқилған, бўғулған нафаси билан узулуб-узулуб йиғлайдур… Шаҳардан – қишлоққа! I Хўп муллака, учовинглар ярим сўмдан бир ярим сўм беринглар, мана мен бир пастда олиб бориб ташлайман. Яшгина, чеҳраси иссиққина бир йигит шу сўзларни айтиб, белбоғиға қистирилған чиройлиқ қамчисини қўлиға олиб, ёнимизға келди. Шерикларимиз орасида гапга уста, маҳмадана, эпчили Самиъжон эди. Илгари, йигитнинг қўлидан қамчисини тортиб олиб, ёнида турған Зокирхўжани ўтар-ўтмас қилиб бир-иккита урғандан кейин: Пулда гап йўқ яхши йигит. Топқанимизни берамиз, индамай олаберасиз. Лекин, гап шундаким, бизни олиб бориб ташлабғина қўймасдан, кечгача ўша ерда биз билан бирга юриб кечқурун яна олиб келиб қўясиз, – деди. Хўп муллака, мен сизларни хурсанд қилай, сиз мени рози қилинг. Бўладими? Аравакаш йигит югуриб бориб – бўйниларига қатор-қатор оқ мунчоқлар таққан отиға бир ирғиб минди ва аравани гумирлатиб келиб ёнимизға тўхтади. Самиъжон икки отлаб отнинг ёниға борди, уёқ-буёғиға яхшилаб назар солғандан кейин: Яхши йигит, от жойида! Мунчоқларни ҳам хўб эринмай осибсиз. Аммо лекин орада туморчалар кўрунмайдир? – деди. Аравакаш йигит шундак яхши отиға кўз тегиб кетишидан қўрқмабдир- да! – дедим мен. Тумори бор эди-ю муллака, латталари жуда ёмон титилиб кетган экан, янгилатгани бериб эдим, – деди аравакаш. Латтаси титилган туморнинг хосияти ҳам бир ёғлиқ бўлғандур!.. – деди Муслимжон. Гумур-гумур сайвон араванинг ичида 5-6 киши шундақа қилиб йўлға чиқдик. Туркистонимизда янги шаҳар – эски шаҳар деб иккига бўлинмаган ва бирор баландроқ жойиға битта “турпоқ қўрғон” солинмаған шаҳар борми экан? Йўқдир. Бўлса ҳам битта ё иккита. Гумбурлама сайвон аравада кетаёткан 5-6 киши – бизлар ҳам янги шаҳарнинг бир чекасидан, “турпоқ қўрғон”нинг бир ёнбошидан, унча ҳам баланд бўлмаған бир адирни ошиб ўтдик. Адирнинг нариги юзидан пастга қараб тушаётканимизда қаршимизда гўзал бир манзара кўруниш очди: Кўзга равшан кўрунарлик бир масофада қатор-қатор адирлар чўзилиб кетган. Адирларнинг баъзи бир жойлари булутдан тушган кўланкадек чучмалгина қорайиб турадир; ана ўша жойларға буғдой экилган. Адирнинг бошқа жойлари кўклам – баҳор чоғида келатурған лойқа суврак қорамтил сарғайиб турадир, у жойларға ҳеч нарса экилмаган. Адирнинг энг тепа жойларидан – йироқлардағи қорлиқ тоғларнинг энг баланд ерлари, кўкка қараб чўзилған чўққилари кўрунадир. Адирнинг энг тепасидан кўруниб турған қорлиқ тоғлар – баланд деворнинг устидан оппоқлагиси билан мўралаб турған кампирга ўхшайдур… Берида – пастда сийрак бир ўрмон – бир тўқай ёйилиб ёнадур. Фақат, бу ўрмон – бошқа мамлакатлардаги ўрмонлардек бир хил дарахтлардан бириккан эмас; мунда тут, тол, қайрағоч, ўрик, олма, гилос, бақатерак, мирзатерак… ҳамма нарса бор. Дарахтларнинг тагларида “шир-шир” шириллаб тиниқ, ўйноқи сувлар оқиб ётадир. Дарахтларнинг ораларида – чорси қилиниб бўлинган майдончаларда турлук-турлук экинлар униб, ўсиб турадир… Самиъжон экилган экинларнинг ҳар бирини бир санаб, уларнинг қачон экилиб, қачон ва неча мартаба суғорилиб, қачон чопилиб, қачон ўрилишини игнасидан ипигача тушунтириб борадир. Сами’, еч, ташла бу калта, тор кийимларингни! Ҳа, нима бўлди? Сен деҳқончилиқ ишларини, қишлоқ зиндагарчилиғини бир қишлоқидан ортиқ биласан. Қўлингға бир кетмон олиб, 5-10 таноб ерни экиб, обод қилиб ётмасдан, калта, тор кийимлар орасида сиқилиб нима қиласан? Хайр – майри йўқ. Сен агар бир қишлоққа бориб деҳқончилиқ қилсанг – қишлоқ халқиға ҳам кўп фойданг тегадир. Нуҳ замонидан қолған омочларнинг ўрнига янги, осон фойдалик қуролларни ўзинг ишлатиб кўрсатасан. Бу билан қишлоқ халқи, маданий деҳқончилиққа ўрганадир. Бу – бир. Ундан кейин ўша қишлоқни ва унинг ёни-беридаги бошқа қишлоқни маориф, билим тўғриларидан ҳам юксалтишга ҳаракат қиласан. Сендек қишлоқ халқининг руҳиға яқин турған бир йигит бу йўлда ҳаракат қилса, шубҳасиз жуда кўп натижаларга эришади. Самиъжон ўйлаб кетди. Сами’, мунча чуқур ўйлаб кетдинг? “Қайси қишлоққа ўрунлашсам экан” деб, қишлоқ танлаб қолдингми? Баракалла! Самиъжон уйғотилған кўзлари билан менга бир қараб олди ва оғир, ўйчан овоз билан: Ҳали, қишлоқ танлаш қаёқда дейсан? Шаҳардан қандай қилиб ажралиш ўйи билан чуваламан дейди-да, яна аравакашнинг йиртиқ чопониға тикилиб ўйға ботди… – Сами’, тур етиб қолдик! Самиъжон секингина бошини кўтарди. Биз индамасдангина аравадан топ-топ туша бошлаған эдик, у ҳам бир қўлини араванинг шотисиға қўюб туриб, ирғиб ерга тушди. Гўристоннинг ёниға, кичкина анҳорчанинг бўйиға самоворчининг бир гилам – бир шолчасини ёйдик-да устки кийимларимизни ечмакка бошладик. Анҳор, 10-15 тупроқ зина билан чиқилатурған тепанинг устидан гўристоннинг бўйлаб ўтадир. Анҳор билан зинанинг ораси, ниҳояти, икки қулоч келадир. Уёғи – пастлик биз борған жой – катта бир мозор. Ҳалиги пастлик ўша мозорнинг кенг майдони текис ва салқин ҳовлиси. Пастда, ҳудди бизнинг ёнғинамизда кичкинагина, лекин чуқур бир ҳовуз бор. Ҳовузнинг бир тарафидан кирган сув, нариги тарафидан секин-секин чиқиб кетиб турадир. Ҳовуздан чиққан сувға бир самоворчи “парра – шамол” ўрнатибдир-да, унинг шабодасида бемалол ухлаб ётибдур. Пастда, у ер – бу ерга ўрунлашкан 5-6 та самовор, бир-иккита қассоб, боққол ва мевафурушлар бор. Нарида – пишиқ ғиштдан ясалған болахоналик икки хона уй бор. Уйларнинг ўртасида яна пишиқ ғиштдан ишланган ҳовуз. Ҳовузнинг тўрт чеккасида пилапоя – зиналар бор. Унинг девориға, одам белича жойға ёғочдан тарнов ўрнаштирилган. Ҳалиги тарновдан ҳовузға муздек совуқ сув – булоқ суви тушадир. Шорр-шорр-шорр!.. Булоқ уйларнинг олдида 3-4 та лунгини илиб қўйиб ёшқина бир шайх ўлтурадир. Баъзилар “савоб” деб, баъзилар “лунги пули” деб шайхга оз-моз пул қолдириб кетадирлар… Шайх ҳам, оз демай кўп демай “қуллуқ” қилиб олиб қоладир! Булоқнинг орқасида яна бир зина бор; у билан ҳам ҳалиги тепага чиқиладир. Зинадан чиққан ҳамон яна бояғи анҳорча; ундан ўткач мозор эгасининг мақбараси, ундан нариси кенг гўристон… Мозор – кичкина бир уйдан иморат; уй олдида – икки томондан чириб, ранги ўчиб кеткан иккита ёғоч; устида ярим сиқим ҳам келмайтурған от думи – қора қил… Мақбара (сағана) олдиға бир ёғоч карт қўюб, икки шайх ўлтурған. Пастда, катта бир қабр тошнинг устида ёш бир кўр бола ўлтуруб, ҳасрат овози билан Қуръон ўқуйдир… Самиъжон, самоворчидан эскирган, сирлари кўчиб кетиб – қуруқ миси қолған бир патнус сўраб олиб, гўшт-ёғ, сабзи-пиёз, гуруч олиб келди. Ана, кўзларидан ёшларини тўка-тўка пиёз тўғрайдир. Ҳа, Сами’ онанг ўлдими? Ёшға тўлған кўзларини бир-икки мартаба чип-чип юмиб оладир-да: Ҳа, катта холангиз ўлиб қолди… кўб яхши хотун эди, раҳматлик! – деб қўядир. Самиъжон ҳансираб юриб ошни пиширгунча биз – бир неча киши – Ҳиндистон миллатчиларининг бошлиғи “Гандҳи” тўғрисида француз адиби “Рўман Рўллар”нинг (Роман Роллан – I.М.) асарини ўқуймиз. Орамизда икки истудент (олий мактаб талабалари) бор. Улардан бири ўқуйдир. Бири таржима қиладир. Сўнгра: “Рўман Рўллари”нинг даъволарини ҳинд камунисти “Равий”нинг даъволари билан чоғишдириб кўрамиз. У тўғрида бир нарса айтар-айтмас талабалардан биттаси ўзбекча газеталарнинг тили тўғрисида сўз қўзғатадир. Бу тўғрида ҳам узул-кесил бир фикрга келмай туриб, гапимиз саҳнадаги асарларга, ижроқўм сайловлариға, маориф ишларига кўчадир. Масъалалар ҳам, йигитларнинг кўнглидак сакраб, ирғиб, чопиб юрадир! Ошдан кейин Самиъжон билан Сайфидин ўзаро ҳазил қилишиб, бири-бирини пийпалашка киришдилар. Биз, уларнинг ҳазилларига унча кўнгил ҳам қўйғанимиз йўқ; бир-биримиз билан чандишиб ўлтурамиз. Бир вақт “шолоп!” деган товуш эшитамиз. Қарасак: Самиъжон билан Сайфидин қучоқлашиб ҳовузға юмаланғанлар. Шундан сўнг “сув ўюни” – “сувга пишиш ҳазили” бошланди. Кучлиграк биттаси кучсизрак биттасини судраб олиб бориб ҳовузға юмалатадир; нариги – юмаланған ҳам мунинг оёғиға осилған бўлса, унинг кетидан бунинг ўзи ҳам кетадир… Шундай қилиб ҳамма бир қур – кўйлак-мўйлаги била ҳовузни айланиб чиқғандан кейин, яна жимлик ўрунлашадир. У – унда, бу – мунда; ҳамма ўз бошиға кийим қурутмоқ билан овора! Ёз ойлари нимаси? – юпқа, енгил кийимлар тезда қуриб қоладир. Яна жойимизға ўлтуришиб жой ичишамиз. Бу сафар ҳам суҳбат қизадир: Хотун-қизларни мактабларга қандоқ олиб келиш, қиз мактабларини кўпайтириш тўғрисида сўз очиладир. Гув-гув, ғовур-ғувур гап, сўз! Охирда қамчисини ўйната-ўйната аравакаш келадир-да: Қани муллакалар, кеч кирди, энди аста-секин жўнашиб қолсакми экан? Аравани қўшиб қўйдим – дейдир. Қўзғаламиз. Аравага тушуб, алвон ранглик, кенг таланинг бағридан қайтиб ўтиб кетар экан: Сами’, қишлоққа чиқиш нима бўлди? Дарров эсингдан чиқдими? – деди. Бу сафар афтини жиддийлаштирди. Кўзларида янги тилаклар қўзғалғандай бўлди. Бир нарсага ният қилмоқчи бўлған кишидай – хаёл кўзларини йироқларға ташлаб туриб: Шаҳардан қишлоққа! Бу сўзнинг қандай зўр тилакларга тилмоч бўлғанини ўзум ҳам тушуниб қолдим. Рост айтасан: шаҳардан қишлоққа! – деди. Кун биздан юз-юз эллик қадам йироқлиқда турған адирчанинг ҳазилакам ўюндак кичкина, “бурди йўқ” чўққилари устидан аста-секин пастга қараб, шаҳар устига юмланиб борадир. Унинг сўнг шуълалари адир устидаги уч-тўрт туп “заранг” дарахтларининг шохларида, хушёқмас, эринчак болалардек эркаланиб, чўзилиб, ёйилиб ётадир… II Бу сафар биз уч отлиқ – чанг йўлда от чопишиб борамиз. Кун эндигина адирларни тирмашиб келадир. Унинг эрталабки гудак тиғлари – гўрустоннинг “беш панжа” суратлик алам ёғочиға келиб тушган; чириб, занг босиб, ранги ҳам билинмай кетган мис панжараларни йилтиллатишга тиришадир… Қишлоқ яқин. Дарахтлари кўрина бошлади. Кўпрукни ўтсак – қишлоқнинг талалариға кирамиз. Эй-й-й… шу кичкина сойға ҳам кўпрук емишми? Сувдан кечаберамиз! – деди биттаси. Биз индамадик. Кўпрукка етмасдан туриб сойнинг кичиги келиб қолди. Индамасдан отни буруб, сойға тушдик. Онлар ҳам, сувга тушканларига хурсанд бўлдилар, танларига совуқ сув тегиб хуш ёқди шекилик, сойнинг чуқурроқ ерларига сура бошладилар. Биз ҳам қўйиб бердик… Талалардан ўтуб борамиз. Ғўзанинг иккинчи чопиқ вақти. Мардикорлар ҳали талаға чиқмағанлар. Бир вақт битта шеригимиз: Ана, ана! – деб бақирди. Қарадик. Наридан-теграси тут билан ўралған экинлик ерда пешонасига рўмолчани эшиб боғланған ялангғоч бошлиқ биров ҳадеб кетман чопиб ётадур. Яқинроқ бориб, ҳаммамиз бирдан: Хорманг йигит! – дедик. Йигит илгари бир мартаба қараб олди, кетманини секингина ерга қўюб жўяклар орасидан юриб – ёнимизға келди. Сайфидин ҳазиллашиб туриб, у йигитни бизга танитди: Мана бу деҳқон йигит, шаҳарни ташлаб қишлоққа кўчкан ўзимизнинг эски бир биродаримиз! Исми шарифини билмайман… Самиъжон кулди, эшиб боғланған рўмолчасини бошидан олиб туриб: Сараст, шаҳарингизнинг тор ва сиқиқ кўчаларидан, чекланган ва бўғуқ маъволаридан қочиб – мана шу кенг талаларға чиққан биз камина бандангиз! – деди. Ўзимиз, Самиъжонни кўруб, бир оз гаплашгач қайтмоқчи эдик. У қўймади. Йўқ, йўқ… сен ишдан қоласан, Сами’! Ҳозир, айни ғўза чопиқ вақти, бир кунинг ҳам ғанимат! – дедик. Йўқ… бу баҳонангиз ўтмайдир. Кўнманг қанча қийматлигини сиздан ортиқ биламан. Эртага ҳашар чақирғанмен, ҳозирликларим жойида. Кечкача шу ерда қоламиз, гаплашамиз, балиқ овлашамиз. Кечлатиб шаҳарга тушуб кетасиз! – деди. Қолдик, гаплашдик. Ўйнашдик. Балиқ овлашдик. Самиъжоннинг қишлоққа кўчканига ниҳояти бир ярим йил бўлди. Ўткан қиш – қишлоқда икки синфлик, яхши мактаб давом эткан. Қишлоқ халқи Самиъжондан хурсанд. Қишнинг узун кечаларида тукма-капаларда турлук газеталар, дунё аҳволини билдиратурған китоблар ўқулған. Айниқса, ерни қандай семиртиш ва серҳосил қилиш тўғрисида Самиъжоннинг гапирган гаплари қишлоқ халқини ҳали ҳам ўйлатар экан! Баъзи бир хил деҳқончилиқ мошиналарини қишлоққа олиб бориш учун Самиъжоннинг ҳаракати бор. Ҳаммадан шуниси қизиқ: қишлоқ халқи олиқ-солиқ тўғриларида Самиъжонни шу қадар ишлатадирки, бечора йигит “бепул ва чарчамас закунчи” бўлуб қолған! Шунга ўзи ҳам – ўлгудак хурсанд. Самиъжон, баъзида ўз қишлоғи тўғрисида гап қўзғалиб қолса, бир мунча режа ва чизиқларни айтиб берадир-да, орқасидан тугал ишонч билан: Яна беш йилдан сўнг қишлоқни бир кўринг. Яна ўн йилдан сўнг кўрсангиз танимайсиз! – деб қўядур. Кеч. Ғира-шира вақти. Шаҳарга яқинлашдик. Орқамизда кенг тала, эркин қирлар қолиб кетди, олдимизда: қинғир, тор кўчалари ва сиқиқ, бўлғулған иқлими билан бир сиқим бўлиб шаҳар ётадир. Йироқдан, қорайиб кўруниши – кийимга тушган қора доғ, ё чопонға солинған думалоқ бир ямоқча ўхшайдир… Кун, бошини бир кетиб олди, ёлғуз, унинг ўюнға тўймаған ёш болалари – қизил кийимлик шуълачалар, дарахтларнинг шохларида барглар билан ўйнашиб қолдилар. Шом бўлиб қолса ҳам, ўюндан кўнгил ўзолмаған болалардек – оналари бошқа дунёларға йўрғалаб кетса ҳам, бериги дунёдағи кўм-кўк баргчалар билан ўйнашиб қолған шу қизил гулдак болалар, ҳақиқатан, қандай чиройлиқ!… Ўша гўдакчалардан кўзини ололмасдан тез-тез орқасиға қараб келаётған Сайфидин, ўша гўдакчалар томонида қолиб кеткан қишлоқларни ўйлаб туриб чуқур бир “оҳ” тортадир-да: Эслик ўртоқлар биз шаҳардан қишлоққа чиқиб ётқанда, биз эси йўқлар яна шу тор иқлимли шаҳарга кириб келамиз! – дейдир… Шаҳарни ёритиш ишлари Шаҳарни электрик билан ёритиш ишлари мундан 10 – 15 йиллар бурун бошланған эди. У вақтда хусусий бир ширкат томонидан Янги шаҳарга мукаммал бир электрик истансияси солиниб, унинг билан Эски шаҳарни ҳам ёрутиш мумкин бўлмағанлиғи билингандан кейин Эски шаҳар учун ҳам алоҳида кучлик бир истансия солған эди. Инқилобнинг бузғучи даврларида ва босмачилар эгалиги вақтида Эски шаҳар истансияси тамом бузулиб эсдан чиқди. Унинг хиштдан ясалған биноси ҳозир бир омбор вазифасини ўтаб турубдур. Янги шаҳардаги истансия бўлса ҳозир ҳам бор. Яқин вақтқа қадар музофот иқтисод шўроси қарамоғида бўлған бу станса яқинда маҳаллий ижроқум қарамоғиға ўтди. Маҳаллий ижроқўм ҳам уни истисмор (эксплоатасия) қилмоқ учун баладия шўъбасига топширди. Ўлкамиздаги баладия шўъбалари аксарият эътибори билан “нокдек”… Буларнинг муқаддароти – “маҳаллий маблағ” деган чигал нарсага элитиб қолған. Айниқса, бизнинг хароб Фарғонамизнинг вайрон шаҳарларидан бўлатурған унум ҳам маълум. Ҳар ҳолда, электрик истансиясининг шаҳар қўлиға кўчишидан анча умид бор. Исми улуғ “Музофот иқтисод шўроси” истансиянинг камчиликларини тўлдуруш хусусида ҳеч нарса қилғани йўқ. Шаҳарнинг ўзида туруб унинг ҳамма кам-кўстидан хабардор бўлуб турған бир идоранинг қўлида, эҳтимол, ўнгғарилиб кетса… Ижроқўм ҳозир эски шаҳардаги бузулиб кеткан пахта завутларининг биттасини сув билан юратурған электрик истансиясига айлантирмакчидур. Завутни пахтақўмдан сўраб олиш учун расмий мурожаатлар қилинған, харажатга кирмаклик маблағ ҳам қидирилиб турубдур. Ижроқўм бу ишга жиддий киришкан. Агар бу мақсад юзага чиқа қолса, Эски шаҳарни ёруғ билан жуда арзон таъмин қилмоқ мумкин. Электрик истансияларда кўп харажат ер ёғи (нефть)ға кетадир. Шу билан бўлған вақтида шу улгуржи харажатдан қутулунган бўлунадур. Андижон ижроқўмиға ишда муваффақият ва, шу билан бирга, азм ва матонат тилаймиз. Шарқ уйғонган Оврупа бойлари Ғарб жаҳонгирлари Шарқ элларига чанг солған вақтларида «маданият киргизамиз!» деган шиор билан майдонга чиқарлар эди. Жаҳонгирлар қўлиға ўтган Шарқ ўлкаларининг ҳаммаси аслида шу баҳона билан қўлға киргизилган. Олайлиқ Ҳиндистонни, олайлиқ Мисрни, олайлиқ Тунис, ал-Жазоир, Форс, Судан, Тараблисни олайлиқ – ниҳоят манави – жаҳон урушидан сўнг бўлиниб олинған Арабистон (ал-Жазира, Фаластин, Сурия)ни. Бизнинг Туркистон ҳам подшоҳлар, генераллар, оқ суяклар Русияси томонидан олинғандан шу баҳона ўртоға ташланған эди. Бу даъвони Ғарб жаҳонгирлари ҳали ҳам жуда жиддият ва оҳлаш билан татбиқ қилиб туралар. «Мандат» билан идора этилган ўлкалар (ал-Жазира, Фаластин, Сурия), «маданият ташиғучи» бўлуб келган меҳмонларни қандай қилиб ҳайдашни билмайдилар. Газетамизнинг бу сонида ал-Жазоира (Ироқ)дан Эронға қочиб келган араб мужаҳидларининг 3 нчи байналмилалга ёзған хатлари ва ул хатга байналмилал раисининг қайтарған жавоби босиладир. Ул хат билан 3 нчи байналмилалдан кўмак сўраған араб вакиллари, «маданият киргизгучи» инглизларнинг зулм ва жабридан қочиб юрган халқ вакилларидир. Асл халқ вакиллари, туб юрт эгалари бошқа юртларда қочиб юрмоққа мажбур бўлунған вақтларда инглиз бойлари муҳташам зиёратларда Шарқда ўрнаштириб ётқан «маданиятлари»дан мақтаниб баҳс эйтмайларми экан? Эталар: ҳар кун ҳар жойда, ҳар бир ўнгғай жойи келганда айталар мақтаналар. Ишчи-деҳқон манфаатига қарши қўзғалған тескаричи бир пўпни шўролар маҳкамаси ўлим жазосига ҳукм қилиб эди. «Лўндўндан: «бу қандай гап? Ёввойилиқ-ку! Маданиятга қарши ҳаракат-ку!»деган қаттиғ фарёдлар эшитилди. Ҳолбуки, юртларига истиқлол учун ва эрк истаган мингларча инқилобчилар Миср зиндонларига тўлдурилған чоқда бу тўғрида на Лўндўн, на Париждан бир товуш, бир шарпа йўқ. Ҳиндистон зиндонларида ётқан сиёсий маъюбларнинг сони 40 000 га яқинлашиб борар. Ҳиндистоннинг Xourixora деган жойида пўлиса зулмига қарши қўзғалған 5000 кишилик бу қишлоқ халқидан 228 киши қамоққа олинадур. Ўтган январь ойида буларнинг 172 таси ўлим жазосига ҳукм қилиниб, 6 таси зиндоннинг ўзида турлик йўллар билан ўлдириладур. Панжоб, Оқхоли, Сақхоф деган ерларда инглиз молини олмай қўйған деҳқонлардан 5603 киши қамоққа олинадир. Буларнинг туб айблари инглиз молини олмаслиқ: лекин, «қонун юзасидан» қўйилған айб – қонунни бузуш ва ўғрилиқ қилиш берилган. Ҳозир олти ойдан 2 йилгача зиндон- бир зиндондан икинчи бир зиндонға кўчирилатурған Ҳиндистон деҳқонларидан 70 киши йўлда – юк вағўнида бўғулуб ўлганлар. Бундай воқеаларнинг ҳадди ҳисоби йўқ. Бу тўғрида Лўндўн «озодалари», Париж «олифталари» ҳеч нарса билмайлар. Ёки билсалар-да сирни бой бермайлар. Фақат, у қонҳурлар бир дафъа тушунсун, эсга олсунларким, Шарқ энди илгариги Шарқ эмасдур. Шарқ бу кун инқилобчи Туркиядан ўрнак олған. Русия меҳнаткаш-деҳқонлари билан қўл беришган, бутун эгри-қингғирни онглаған, кўз очқан, уйғонған Шарқдир!.. Шўролар ҳукумати ва саное нафиса Саное нафиса деган сўзни онглағувчилар бизнинг орамизда ҳам кўпайиб қолди. Илгари оддий бир томоша (театр)ни ҳам тушунмаган, драм билан кулгуни ажрата олмағон халқ ҳозир саное нафисанинг худди ўзига ҳам тушуниб келадир. Ишнинг ўзи ҳам шундоғ бўлмоғи керак эди; чунки меҳнаткаш, қўли қабарғонлар ҳокимияти бўлғон шўролар тартибининг юзага чиқишига бугун 3 йил бўладир. 3 йилдирки, эзилганлар эзганлар устида, маҳкумлар ҳокимлар тепасида ҳукумат сўралар. 3 йилдирки, ишчи ва деҳқонлар ер юзининг хийла зўр бир бўлимида ўз эгаликларини қуруб, ўзини бўғмоқ учун келган ёвлар билан дам олмасдан ёқалашалар. Қонлар тўкула, жонлар кета, ўлимлар қайнайдир. Бу ҳолда гўё ҳеч бир оғиз ёйиб кулишлик мумкин эмас кабидир. Гўё ҳар нарса ёлғиз мотам, ёлғиз қон, ёлғиз аччиғ ва ғазабдан иборатдир. Бу ҳолларни биз тарихда ўқуғон бўлсак, ўйлар эдикким, ул даврда қаҳру ғазабдан бошқа нарса бўлмагандир. Ўюн-кулги деган нарсани кишилар унутқонлардир, деб… Локин бу ўзгариш, бу 3 йилдан бери бўлиб келаётқон талаш, кураш бир тарафда бўлиб ётадир. Қонлар тўкилиб, жонлар бериладир. Бироқ иккинчи тарафда кулалар, ўйнайлар, шодланалар. Кўнгил очалар, ҳам шундай бир ўйин-кулгиким, тарих мунинг сингарисини сира кўргани йўқ. Неча минг йиллардан бери бўлуб келган эски дунёни оғдармоқ, янги дунё тузиб, они тамом бошқа бир рангга бўямоқ иши тобширилғон ўзгаришчилар турмушнинг ҳар бир жузъида, ҳар бир бўлагида ҳаракат қилалар. Турмушнинг ҳар ёғин, ҳар тарафини ўзгарталар. Шул ўзгаришлар ичига ўйин-кулги ҳам кируб қоладир. Илгари ҳам ўйнаб кулганлар. Бироқ бу кундагидан бошқачароқ бир йўлда. Саное нафиса эски замонда бойлар, подшоҳлар салтанати замонида ҳам бор эди. Бор эдигина эмас, жуда юксалган, авжига чиққон эди. Яқин замонлардағина туғилғон саное нафисани буржуазия хаёлчилари жуда нозиклашдирганлар, хаёлийлашдирганлар эди. Бутун умрини ишламай бекор ўтказатурғон бойлар, бойбаччалар, тўра болалари, хон, хонзодалар бекорчиликдан зерикмас учун саное нафисага берилалар; чолғу чалалар, ўйинға тушалар, севги шеърлари тўқийлар, ўқийлар эди. Буларнинг устига, катта шаҳарларда бир эмас, 5—6 бизнинг «Колезей»дай театрлари бўлар, шуларда пул билан, олтун билан санъатни сотуб олуб (яхшироқ тушунингиз: санъатни сотиб олуб!) завқланурлар эди. Қисқаси саное нафиса эски дунёда бир қисм халқнинг завқи, айш ва ишрати учун ишлайтурғон бир нарса эди. Унга юрагида, кўнглида бир севги, бир интилув сезиб, берилган қанча паст синф, тубан қисм, эл болалари ўша бой ва бойбаччаларни завқландириш йўлида вақтсиз жон бердилар. Қурбон бўлдилар, жинни бўлғон чолғичилар, варам (сил касали)нинг аччиғ панжасига тушган мумассил артист ва мумассила артисткалар саноғсиздир. Энди бу ёқға, янги дунёға, меҳнаткаш ва эзилганлар оламига кўз солсак, ўша саное нафиса, ингичка ҳунарни тағин кўрамиз. Бироқ мунда кўбгина бошқалиқ бор. Театр-томошалар бор, локин улар илгаригидай биргина бой болалари, бойлар ва тўразодаларнинг кайфи, лаззати учун эмас, бутун эл, бутун халқ, ҳамма ишдан бўшағоч кўнгил очмоқчи бўлғонлар учундир. Саҳна бу дунёда юқори синфларнинг тумтароқли турмушларини кўрсатмайди эмас, кўрсатади, бироқ шул турмушнинг аччиғ ва жирқантиратурғон ҳидини томошачиларға ҳидлатмак учун кўрсатади. Чолғининг қиллари яна боёғидай чертилиб турур, бироқ бойлар кайфи учун ўйнағониға йиғлаб эмас, чарчағон халқнинг кўнглини очқони учун севиниб, эзилган халққа эзилув даврларини эслатмак учун йиғлаб чертилур. Шеър ҳам, ашула, қўшиқлар ҳам ёзилурлар. Бироқ бойларни, уларнинг хаёлий саройларини мақтаб эмас, очиқ, тортинувсиз равишда кўнглидагини айтмак, элнинг ўз турмушини ўзига ингичка қилиб кўрсатмоқ учун ёзилур. Меҳнаткашлар саное нафисаси кенгдир, мунда буржуазия тақлидчилиги йўқдир; унда ўзидан чиқарув, ўзидан сочув бордир. Унинг йўли кенгдир. Саное нафиса бу дунё ва шаҳар учунгина эмас, мана шу ер, шўролар идорасининг энг улуғ хосиятидир. Саное нафиса ўзини туғдирувда кўб рўл ўйнайтурғон қишлоқ ва қишлоқ меҳнатчилари учун кўб ишлагусидир. Бироқ бу кунгача тегишинча бўла олмағон экан, бунга 3 йиллиқ турмушнинг талашув, курашув ва ғавғолар ичида ўтуви сабабчидир. Ҳозир бир Туркистонда, Туркистоннинг Тошканд шаҳридаги ишларни кўз олдига келтирганда ҳам, Шўроларнинг саное нафисага қандай зўр аҳамият билан карағонлиқларини кўрмак мумкиндир. Тузуккина бир труппаси бўлмағон эски Тошканд букун яхши бир яхшиғина икки труппага моликдир. Расмий бир тотор труппа украинали, ёҳудий, озарбайжонлилар ҳам бирар юварак, бирар тўн бўлиндиралар. Мундан сўнг тағинда яхшилантирмоқ учун ҳозиргача баъзи жойларда театр ишларининг бошиға чиқиб кўб ишларга қаршилиқ ва зарар қилиб турғон эски дунё «йўғонлари» билан кураш борадир; шуларнинг натижаси Туркистонда саное нафисани ҳам энг юқори даражага кўтаргусидир. Шўролар ҳукумати, ишчилар эгалиги — саное нафисанинг энг суюкли, муҳтарам бобосидир. Ул бобонинг тарбияси саное нафисани осмонларға чиқарғусидир, бироқ жабр йўли билан эмас, ишқ берилув ва севги йўли биландир. Шўролар саное нафиса ила Шарқни қул эмас, ҳур қплғусидир. Шарқ саное нафисаси келгусида Ғарбники билан бир бўлғон ҳолда ўзининг ишчи болаларининг кўнгилларини очуб, руҳларини юксалтирғусидир. Шўролар ҳукумати ва санойи нафиса Саное нафиса деган сўзни онглағучилар бизнинг орамизда ҳам кўпайиб қолди. Илгари оддий бир томоша (театр)ни ҳам тушунмаган, драм билан кулгуни ажрата олмаған халқ ҳозир саное нафисанинг худди ўзига ҳам тушуниб келадир. Ишнинг ўзи ҳам шундоғ бўлмоғи керак эди; чунки меҳнаткаш, қўли қабарғанлар ҳокимияти бўлған шўролар тартибининг юзага чиқишига бугун 3 йил бўладир. 3 йилдирки, эзилганлар эзганлар устида, маҳкумлар ҳокимлар тепасида ҳукумат сўралар. 3 йилдирки, ишчи ва деҳқонлар ер юзининг хийла зўр бир бўлимида ўз эгаликларини қуруб, ўзини бўғмоқ учун келган ёвлар билан дам олмасдан ёқалашалар. Қонлар тўкула, жонлар кета, ўлимлар қайнайдир. Бу ҳолда гўё ҳеч бир оғиз ёйиб кулишлик мумкин эмас кабидир. Гўё ҳар нарса ёлғиз мотам, ёлғиз қон, ёлғиз аччиғ ва ғазабдан иборатдир. Бу ҳолларни биз тарихда ўқуған бўлсак, ўйлар эдикким, ул даврда қаҳру ғазабдан бошқа нарса бўлмагандир. Ўюн-кулги деган нарсани кишилар унутқонлардир, деб… Локин бу ўзгариш, бу 3 йилдан бери бўлиб келаётқан талаш, кураш бир тарафда бўлиб ётадир. Қонлар тўкилиб, жонлар бериладир. Бироқ иккинчи тарафда кулалар, ўйнайлар, шодланалар. Қўнгил очалар, ҳам шундай бир ўйин-кулгиким, тарих мунинг сингарисини сира кўргани йўқ. Неча минг йиллардан бери бўлуб келган эски дунёни оғдармоқ, янги дунё тузиб, они тамом бошқа бир рангга бўямоқ иши тобширилған ўзгаришчилар турмушнинг ҳар бир жузъида, ҳар бир бўлагида ҳаракат қилалар. Турмушнинг ҳар ёғин, ҳар тарафини ўзгарталар. Шул ўзгаришлар ичига ўйин-кулги ҳам кируб қоладир. Илгари ҳам ўйнаб кулганлар. Бироқ бу кундагидан бошқачароқ бир йўлда. Саное нафиса эски замонда бойлар, подшоҳлар салтанати замонида ҳам бор эди. Бор эдигина эмас, жуда юксалган, авжига чиққан эди. Яқин замонлардағина туғилған саное нафисани буржуазия хаёлчилари жуда нозиклашдирганлар, хаёлийлашдирганлар эди. Бутун умрини ишламай бекор ўтказатурған бойлар, бойбаччалар, тўра болалари, хон, хонзодалар бекорчиликдан зерикмас учун саное нафисага берилалар; чолғи чалалар, ўйинга тушалар, севги шеърлари тўқийлар, ўқийлар эди. Буларнинг устига, катта шаҳарларда бир эмас, 5-6 бизнинг “Колизей”дай театрлари бўлар, шуларда пул билан, олтун билан санъатни сотуб олуб (яхшироқ тушунингиз: санъатни сотиб олуб!) завқланурлар эди. Қисқаси саное нафиса эски дунёда бир қисм халқнинг завқи, айш ва ишрати учун ишлайтурған бир нарса эди. Унга юрагида, кўнглида бир севги, бир интилув сезиб, берилган қанча паст синф, тубан қисм, эл болалари ўша бой ва бойбаччаларни завқландириш йўлида вақтсиз жон бердилар. Қурбон бўлдилар, жинни бўлған чолғучилар, варам (сил касали)нинг аччиғ панжасига тушган мумассил артист ва мумассила артисткалар саноғсиздир. Энди бу ёқға, янги дунёға, меҳнаткаш ва эзилганлар оламига кўз солсак, ўша саное нафиса, ингичка ҳунарни тағин кўрамиз. Бироқ мунда кўбгина бошқалиқ бор. Театр-томошалар бор, локин улар илгаригидай биргина бой болалари, бойлар ва тўразодаларнинг кайфи, лаззати учун эмас, бутун эл, бутун халқ, ҳамма ишдан бўшағач кўнгил очмоқчи бўлғанлар учундир. Саҳна бу дунёда юқори синфларнинг тумтароқли турмушларини кўрсатмайди эмас, кўрсатади, бироқ шул турмушнинг аччиғ ва жиркантиратурған ҳидини томошачиларға ҳидлатмак учун кўрсатади. Чолғининг қиллари яна бояғидай чертилиб турур, бироқ бойлар қайфи учун ўйнағаниға йиғлаб эмас, чарчаған халқнинг кўнглини очқани учун севиниб, эзилган халққа эзилув даврларини эслатмак учун йиғлаб чертилур. Шеър ҳам, ашула, қўшиқлар ҳам ёзилурлар. Бироқ бойларни, уларнинг хаёлий саройларини мақтаб эмас, очиқ, тортинувсиз равишда кўнглидагини айтмак, элнинг ўз турмушини ўзига ингичка қилиб кўрсатмоқ учун ёзилур. Меҳнаткашлар саное нафисаси кенгдир, мунда буржуазия тақлидчилиги йўқдир; унда ўзидан чиқарув, ўзидан сочув бордир. Унинг йўли кенгдир. Саное нафиса бу дунё ва шаҳар учунгина эмас, мана шу ер, шўролар идорасининг энг улуғ хосиятидир. Саное нафиса ўзини туғдирувда кўб рўл ўйнайтурған қишлоқ ва қишлоқ меҳнатчилари учун кўб ишлагусидир. Бироқ бу кунгача тегишинча бўла олмаған экан, бунга 3 йиллиқ турмушнинг талашув, курашув ва ғавғолар ичида ўтуви сабабчидир. Ҳозир бир Туркистонда, Туркистоннинг Тошканд шаҳридаги ишларни кўз олдига келтирганда ҳам, шўроларнинг саное нафисага қандай зўр аҳамият билан қарағанлиқларини кўрмак мумкиндир. Тузуккина бир труппаси бўлмаған эски Тошканд букун яхши бир яхшиғина икки труппага моликдир. Расмий бир тотор труппа украинали, ёҳудий, озарбайжонлилар ҳам бирар теварак, бирар тўн бўлиндиралар. Мундан сўнг тағинда яхшилантирмоқ учун ҳозиргача баъзи жойларда театр ишларининг бошиға чиқиб кўб ишларга қаршилиқ ва зарар қилиб турған эски дунё “йўғанлари” билан кураш борадир; шуларнинг натижаси Туркистонда саное нафисани ҳам энг юқори даражага кўтаргусидир. Шўролар ҳукумати, ишчилар эгалиги – саное нафисанинг энг суюкли, муҳтарам бобосидир. Ул бобонинг тарбияси саное нафисани осмонларға чиқарғусидир, бироқ жабр йўли билан эмас, ишқ берилув ва севги йўли биландир. Шўролар саное нафиса ила Шарқни қул эмас, ҳур қилғусидир. Шарқ саное нафисаси келгусида Ғарбники билан бир бўлған ҳолда ўзининг ишчи болаларининг кўнгилларини очуб, руҳларини юксалтирғусидир. Соғлиқни сақлаш ишлари Ижроқўмнинг сўнг мажлисларидан бирида соғлиқни сақлаш шўъбасининг маърузаси эшитилди. Шаҳарда: соғлиқни сақлаш ишлари бу йил бурунғиға қарағанда жуда тубан бўлса ҳам қишлоқ ва овулларға қарағанда дуруст экан. Бир мунча камчиликлари билан бирга бир касалхона, 2 муолажахона (амбулатория), 2 дорухонаси бор. Дўқтурлар ҳам йўқ эмас, бор. Кўз оғриғи, қулоқ-томоқ касаллари учун уста дўқтурлар бўлса ҳам, бошқа касалларники бор. Биттагина бўлса-да хотун дўқтур ҳам бор ва ҳоказо. Энди “қайчи”нинг нариги тарафига келайлик; районларнинг аҳволи жуда ёмон. Баъзи бир районларда касалхона бор (Жалолобод), баъзиларида муолажа хона бор. Баъзиларида ҳеч нарса йўқ. Касалхона, муолажахона, дўқтур, фелдер каби нарсаларни эшитмаган икки бечора район бор: Избоскент, Ҳаққулобод; булар шаҳардан аллақанча узоқ, темир йўл йўқ. Сўнг йилларда ҳар хил касаллар ҳам кўбгина. Ижроқўм шу ҳолларни кўзда тутуб соғлиқни сақлаш шўъбасиға қаттиғ буйруқ бердиким, Жалолобод районидаги 3 шифохонадан биттасини Избоскент ва биттасини Ҳаққулобод районига кўчириш чорасига киришсун. Суғориш ишлари Ҳукуматнинг ортиқ даражада аҳамият берган бир нарсаси – суғориш ишлари. Муни ҳамма билади десак хато бўлмас. Туркистон жумҳуриятининг бюджетидаги улгуржи рақамларнинг олдини ҳам шу суғориш рақамлари бўлса керак. Газеталарда, суғориш ишлар ишлари учун чиқарилган маблағлар жуда улгуржи учрайдур. Локин, ул маблағлапрнинг сарф этилишида қинғирлиқ демайик, нобажолик, исроф, ортиқча сарфлар кўб бўлғанлигини кўрсатиб кетмак лозим. Бу масаланинг жуда қичиқ жойи. Шу хусусда бизнинг уезда бўлған бир ишни ёзуб ўтмакчи бўламан: Андижон атрофининг сув идораси, яқинда шаҳар ва уездаги ҳамма ориғ оқсоқолларининг рўйҳатини кўруб чиқмоқ учун ижроқўмға топшурған. У рўйхат ижроқўмнинг мажлисида қаралуб чиқди. Аллақанча гап-сўз бўлди, хўб текширилди. Натижада: шаҳар ва атрофига тайинланган оқсоқолларнинг адад эътибори билан кўб бўлғанлиқлари онглашилди. Масалан: Сой ориғиға бир эмас, 2-3 оқсоқол тайинланганким, бунинг сув бўлиш ишида кўб зарари ва ўнгғайсизлиғи кўрулса мумкин. Бундан ташқари ҳалиги оқсоқолларнинг кўби маҳаллий ижроқўмнинг фикр ва хоҳиши олинмасдан туруб, қўйилған. Ижроқўм шу ҳолларни эътиборға олуб туруб қарор бердиким, мазкур оқсоқолларнинг ижроқўм билан қамту тайин қилинишлари тўғрисида музофот ижроқўмиға мурожаат қилинсун. Ижроқўмнинг қарори жуда тўғри. Фақат, масалани умумийроқ қилиб ҳал этиши учун тегишлик идораларнинг ҳаракати лозим. Суғориш ишлари – Туркистон деҳқончилиғининг жони, асоси. Шу жонни айлантириб турган олат (аппарат)ни тубжой халқға яқинлаштирмоқ керак. Ҳам: яқинлашдириш гапда эмас, ишда, амалда бўлуши лозим. Билмадиккиим, бу тўғрида марказимиз нималапр қилған ва нималар тушунган бўлса? Маҳалларни танимаслиқ Юқорида суғориш ишларидаги чатоқлиқлардан ёздим. У ишнинг ҳам тагида бир ҳол бордурким, у-да – баъзи бир марказий идораларнинг маҳаллар билан ҳисоблашмаслиқлари ва маҳалларга “бу ҳам одамми?” дегандай қилиб қараб, марказнинг маҳаллардан тўпланғанини, маҳал учун яшағонини билмаганликларидур. Андижон ижроқўмида шу тўғрида ҳам бир масала кўрулди. Ya’ни: музофот ва марказнинг кўб иқтисод идораларидан иш учун келган вакиллар, ишлари тўғрисида мағҳаллий ижроқўмга хабар бермасдан маҳалдаги қиладурған ишлари тўғрисида маҳалнинг ҳоким идорасини хабардор қилмасдан тўппа-тўғри тегишлик идоралапр билан гаплашиб кетаберар эканлар. Бу ҳолнинг тўғри эмаслигини кўзда тутуб ва ҳам маҳаллий ҳукуматни ўз қўл остидағи ҳамма идораларга яқинлаштириб, боғламоқ мақсади билан ижроқўм, шул хусусда чора кўрулушини сўраб музофотга мурожаат қилди. Музофот, маҳалларнинг бу ҳақлиқ талабитга дарҳол “ҳўб” деса керак. Тагўр ва тагўршунослик ТАГЎРНИ ҚАНДАЙ ТАНИЙЛАР? Ҳиндистон ва балки бутун дунёнинг бу кунги улуғ адиб ва шоири бўлғон Рабиндранат Тагўрни маданий оламнинг ҳаммаси танийдир. Маданий оламга нисбатан анча кетда бўлғон бугунги турк-тотор шўро жумҳуриятлари халқлари ҳам уни анчадан бери танийдирлар. Мундан роса 12 йил бурун (1913 йилда) чиққан «Шўро» мажмуаси дунёда энг ўткур адибга берилатурғон Нўбил мукофотининг ҳиндистонли Тагўр деган кишига берилганини ёзиб чиқади. Мундан 6—7 йил бурун Қозон шаҳрида Шарқнинг улуғ шоирлари тўғрисида бир рисола чиқди, ўша рисолачада — агар янглишмасам — Умар Хайём билан бирга Тагўрдан ҳам гапирилган ва унинг баъзи бир парчалари таржима қилинғон эди. Бокуда чиқатурғон «Маориф ва маданият» мажмуасининг мундан 2 йил бурунги нусхаларида дўқтур Саъдитдин томонидан Тагўрнинг баъзи бир нарсалари сочма йўли билан таржума қилинди ва ўзи тўғрисида бироз маълумот берилди. Бизнинг ўзбек ўқиғучилари эса мундан бир йилча бурун «Инқилоб» мажмуасининг бир сонида маоли Тагўрдан олинғон «Чироғлар» деган шеърни ўқудилар. Ундан кейин мана бу мажмуанинг ўтган сонида каминани Тагўр тўғрисидаги мулоҳазаси билан бирга унинг болаларга атаб ёзғон шеърларининг сочма таржимасини кўрдилар. Лекин, бизнинг ўзбек ўқиғучилари Тагўрнинг кимлигини, зотини ва аслини ҳали била олғонлари йўқ; газета ва мажмуаларнинг ўз сўзи билан айтсак, ўзбек тилида Тагўрнинг «таржумаи ҳоли» чиққани йўқ. Бу сафарги мусоҳабамиз ўша камчиликни тўлдирмоқ ниятида ёзиладир. Тагўрнинг «таржумаи ҳоли»ни топиш кўп қийин бир иш бўлди. Нимага десангиз, унинг ҳамма асарлари дегундай англизча орқали таржума қилиниб неча маротабадан босилиб турғон ўрус тилида тузук қуруқ бир «таржумаи ҳоли» йўқ. Ўрусча китобларнинг бозори ҳам жуда қизиқ: бир Тагўрнинг бир асари неча мутаржим томонидан неча хил таржума қилиниб, ҳар ном билан босдирилиб чиқариларди. Чунончи, унинг кичкина адабий ҳикоялари энг аввал ўша ҳикоялардан биттасининг номи билан — «Бахтли кеча» бўлиб чиқди, ундан кейин ҳикоялардан битта-яримтаси туширилиб ўрнига битта-яримта янгиси қўшулди-да, «Янги ҳикоялар» исми билан чиқди, энг охирида яна ўша ҳикояларнинг ўзлари ораларидан биттасиниг бўлакча номи билан — «Ташна тошлар» бўлуб чиқди… Унинг баъзи бир песалари ҳам ўрусча китоблар бозорига неча хил кийим кийиб чиқдилар. Тагўрнинг асарлари устида бўлғон бу ҳангама унинг ўз тўғрисида ёзилғон мулоҳазалар устида ҳам бўлуб келадилар. Чунончи: Францияда Тагўр билан Гандҳини (Ҳинд миллатчиларининг бошлиғи эди, вафот этди) севган бир адиб бор, исми Роман Роллан! Бу киши Тагўр билан Гандҳини парастиш қилар даражада яхши кўрадир. Унинг «Маҳатма Ганди» деган китоби Гандҳи билан бирга Тагўрни ҳам осмонларга кутариб ёзилғон нарсадир. Ана шу одам Тагўрнинг французча босдирилғон асарлари учун узунгина бир муқаддима ёзиб берганким, у ҳам бошдан-оёқ мақташ билан тўладир. Ана ўша муқаддимани Тагўрнинг ўрусча ноширлари «афандининг қуши»дай қиладилар. Ya’ни: биттаси у муқаддимани бутун ҳолида босдирадир, бошқа биттаси унинг бош томонидан бирмунча жойини олиб қўюб яширадир, яна битта чиқиб ундан ҳам кўпроқ тушуриб қолдирадир-да, бир «чимдим» қилиб босдирадир ва ҳоказо!.. Бу тўғрида яна битта асл (оригинални) мисол келтирай: 92-нчи йилда Московда босилғон қимматбаҳо ва жуда яхши бир китоб бор, исми: «Ҳиндистон истиқлол учун кураш йўлида». У китоб мақолалар мажмуасидай бир нарса булуб Палўвич, Гўрку-Крашин ва Велтман каби шарқиёт олимлари оралашқонлар. Ўшанда Велтманнинг «Тагўр ва Ҳиндистон» деган 26 саҳифалик катта бир мақоласи бор. Худди ўша мақоланинг ўзи бош-оёғи бироз қирқилгани ҳолда мундан бир ярим-икки ойлар бурун «Ўттуз кун» (30 дней) деган ойлик бир мажмуада ҳам ўртоғимиз Велтманнинг имзоси билан «Ҳинд тасвирлари» (Индийские силуэти) сарлавҳаси остида босилиб чиқди. Агар янглишмасам, ўша мазмун ва ўша мавҳум мундан бир йилча бурун «Янги Шарқ» (Новый Восток) мамжуасида ҳам яна ўша имзо билан ўтуб эди. Узун сўзнинг қисқаси шуким, Тагўрнинг асарлари ва ўзи устида бўлғон шунча ҳангамалар орасида унинг «Таржумаи ҳоли»ни топиш жуда мушкул бўлда Ҳатто Тагўрнинг ўзи ҳам ўз ҳаётига оид ёзғон «Хотиралар»ида бир адабий ҳикоя бошлағондай силлиқ ва текис бир шеър бошлаб кетадир-да, бизга лозим булғон «таржумаи ҳол» қолаверадир. У «Хотиралар»ни бошдан-оёқ ўқусак, Тагўрнинг болалигидан тортиб сунгги вақтиғача ўтказган ҳамма саргузаштини биламиз, лекин қайси йил туғулғонини яна билмай қоламиз. Тагўрнинг «Таржумаи ҳоли»ини тузук-куруқ топиб ёзғон киши ўрусларнинг тил-адабиёт олимларидан Грузинскийдир. Унинг 1918 нчи йилда босилғон асари бор. Тагўрнииг 3—4 асаридан териб олинғоч шеърлар ўша Грузинский томонидан ўрусчага тизма (назм) билан таржума қилиниб босдирилғонлар. Таржума текис англарлик, равон, лекин оҳанги ва қофия-вазн зътибори билан, албатта, аслига тўғри келмайдир; буни мутаржимнинг ўзи ҳам айтиб ўтадир. Ана ўша асарни, сўнгра Тагўрга оид ўрусчада босилғон бошқа баъзи бир асарларни дастак қилиб туриб бу сафар мен мажмуа ўқиғувчиларига Тагўрнинг «таржимаи ҳол»ини тақдим қилмоқчи бўлдим. ТАГЎР КИМДИР 1913 нчи йилгача на Оврўпо ва на Русия, дарҳақиқат, Тагўр тўғрисида ҳеч нарса билмайдир, уни тақир ганимайдир. Ҳиндистонни ҳокима ва у ерга «маданият киргизувчи» бўлғон англизлар унинг тўғрисида ҳаммадан кўб ва ҳаммадан бурун, ҳаттоки Ҳиндистон билан баб-баробар билишлари лозим эди. Ҳоланки англизларча «Муҳит ул маориф» (энтсиклопедия)нинг 1911 нчи йилги босмахонасида ҳам Тагўр тўғрисида ҳеч нарса йўқ. Ўша «зўр» асарнинг «т» бобини бошдан-оёқ қараб чиқинг, Ҳиндистоннинг тил ва адабиёти тўғрисида ёзилғон жуда кўб мақолаларни ўқуб чиқинг яна Тагўр тўғрисида ҳеч нарса топа олмайсиз. Ҳолбуки, Тагўрнинг шеър майдонида ишлай бошлоғонига ўша вақтда 30 йил бўлғон ва у ўз ватанида улуғ шуҳратга эга эди. Оврупо уни биринчи маротаба 1913 нчи йилда танийдир. У йилда унинг «Гитанжоли» деган муножотлар мажмуасининг англизча таржумаси босилиб чиқадир. У таржимани Яитс номли бир англизнинг ёрдами билан шоирнинг ўзи қилғон. Асарга ҳалиги аиглиз бир муқаддима ёзиб, шоирни асарини осмонларга кўтарадир ва ҳинд шоири тўғрисида кўпгина маълумот берадир. Англизча таржумаи ҳол мажмуаларидан биттасининг 1915 нчи йилда берган маълумотиға қарағонда, «Рабиндранат Тагўр» Калкутта дорилфунунининг адабиёт дўқтиридир. 1861 нчи йилнинг 6 майида магариш (аллома) Дибиндранат Тагўрнинг сулбидан дунёға келган Дорканат Тагўр деган шаҳзоданинг набирасидир. 1885 нчи йилда (24 ёшида) уйланган. Бир ўғли ва икки қиз бор. Бангала вилоятида Болпур шаҳрининг яқинида Шанти Некитон деган жойда турадир. Болалик ва ёшлиги Калкуттада ўтган. 1901 нчи йилда «Шанти некитон»да бир мактаб таъсис қилди, у мактаб ҳозирга қадар унинг ҳаётида катта бир иш бўлуб келадир. 1912 нчи йилда Англияни зиёрат қилди ва «Гитонжоли» китобчаси англиз тилида босилиб чиқди. 1913 нчи йилда Нўбилнинг адабиёт мукофотини олди. Бангала тилида 30 қадар тизма (шеърли) асарлар, 28 та сочма асарлар (ҳикоя, мақола, нутқ ва драмалар) бостириб чиқарди. («Тагўр» — англизча айтилишидир. Асл бангалча ҳиндчаси «к» билан «Такўр»дир. Ч.) 1913 нчи йилда ҳам англизча таржумаи ҳол мажмуаси мундан ортиқ маълумот бермайдир. Тагўр қадим наслли бир брахман оиласига мансубдир. Уоила Калкуттада «Тагўр» номли кўчада 150 йилдан кўпроқ бир замондан бери истиқомат қиладир. Тагўрлар оиласи қадим замонлардан бери Оврупо билан муносабат қилиб, унинг урфонини ўрганиб келган, Рабиндранатнинг катта бобоси Дорканат Англия ва Францияга бориб, ўша вақтнинг қироллари (Виктория ва Луи Филипплар) билан кўришган. Ўз отаси «аллома» маъносида бўлғон «магариш» лақаби билан лақабланган. Ўзининг таржумаи ҳолини ёзғон ва у асар англизчага таржума қилиниб босдирилғон. Унинг бир биродари шуҳратли рассом бўлиб, ҳунарлари Англиянинг расм кўргазмаларита чиқадир. Яна бир биродари Суриндрама Гун 1875 йилда Калкуттада ҳинд мусиқаси тўғрисида англизча бир китоб босдиртқон. Тагўрнинг энг катта ва Шарқ руҳи билан Ғарб асосини бирлаштирган асари «Шанти некитон»да очқон мактабидир. У мактаб 1901 нчи йилдан бери давом қиладир ва ўзи ўрмонлар орасида, отасининг ёлғиз қолиб ўйлашни севган жойида очилғондир. Дарахтлар орасига томи майса кўкатлардан ёпилғон олачиқлар (капалар) тикилган, улар — шогирдларнинг ётоқхоналаридир; муаллимларнинг уйлари ҳам ўшанда, шогирдларнинг адади 200 га етадир. Мактаб тамоман ҳинд тарзидадир, ўқитғучи ва ўқиғувчилар — кийим, яшаш, урф-одат ва англаш жиҳатидан асл ҳиндилардир. Дарслар очиқ ҳавода бўладир. У мактабга Англия ҳукумати моддий ёрдам бермакчи бўлғонда Тагўр рад қилғон ва мунинг сабабини шоирнинг ўзи бир зиёратчига тинч бир жилмайиш билан жилмайиб туруб, мана мундай кўрсатган: «Улар менинг болаларимни искамия (курси) ларда ўлтуришқа мажбур қилар эдилар, менинг фикримча улар дарахтлар остида ва бўйралар устида ўлтуруб ўқусалар яна, яхшироқдир». Мактабда шу миллий хусусиятлардан бошқа бу кунги Ғарб мактабларининг меҳнат ва мухторият асоси ҳам татбиқ қилинадир. Чунончи уй ишларининг ҳаммасини — то кир ювишгача болаларнинг ўзлари қиладилар, рўзғор, хўжалик ишларини болалар орасидан сайланғон қўмита бажарадир, мактаб мудирини ҳам муаллимлар ўз ораларидан сайлайлар. Тартиб ва интизомни катталар суди билан кичиклар суди амалга қўядир ва иккаласи ҳам сайланиб қўйиладир. Тагўрга «ўлим»нинг зарбаси ҳам жуда қаттиғ бўлғон. Шунинг учун унинг асарларида «ўлим» тўғрисиға кўб учратиладир. 1885 нчи йилда биродарининг хотини ўладир; 1902 нчи йилда хотини, ўғли ва қизи ўладир; 1905 йилда кичик ўғли ва отаси ўладир. 1918 да яиа бир қизи ўладир. Тагўрнинг шеърлари ҳаммаси дегундай куйли, куйлари — халқ куйи. Унинг ҳар бир шеъри ўз куйи билан халқ орасида ўқуладир, у ўз шеърларига куйлар ҳам топадир, нўта ҳам ёзадир. Бу улуғ киши тўғрисида узунроқ ёзишни бирорта жиддий асари ўзбекча чиқар вақтқа қолдириб, бу сафар унинг бир ашуласини тизма йўли билан таржума қилиб берамиз (адабиёт бўлумида). Тарихнинг зарарлик такаррури Дунёнинг кетиши, турмушнинг оқишида шундай воқеалар пайдо бўладирким, у воқеаларга ўхшаш ҳоллар ундан бурун ҳам кўрулиб ўтади. Ана шу вақтларда маҳмадона, чечан кишилар чиқиб «тарих такаррур қилаётир», деб шовқун-сурон қилиб юборадилар. Мен маҳмадона ҳам эмасман, чечан ҳам. Шовқун-сурон қилмоқ ҳам қўлимдан келмайдир. Мен, ўзинг билган Фарғонанинг баъзи бир аҳволларини, эски котибларнинг қалами қандай секин юрса, шундай секинлик билан ҳовлиқмасдан, шошилмасдан сизга ор қилиб этмакчиман. Шу холос. Фарғонанинг 1919 ва 20-йиллари эсингизда бордир. Фарғонада оққон ҳақли ва ҳақсиз қонларнинг ҳиди Тошкент, Самарқандларни эмас, Москва, Ленинградни ҳам тутиб кетди. Шунча қон тўкилган жойда, албатта, воқеа эмас, ҳодисалар бўлуб турадир. Ҳодиса ва воқеалар шу қадар тез ва шошилишлиқ билан юз кўрсатадирларким, уларни тарих бетларига жойлаб қолмоқ ҳам жуда қийин бўладир. Фарғонада ҳам шундай бўлди. Кечаги воқеалар бугун эсдан чиқди. Эртанги воқеа олдида илгари кунгиси ҳеч нарса бўлмай қолди. Ақллар, ҳатто шу воқеаларга гувоҳ бўлатурғон бир тарих борлиғини ўз доираларига сиғдира олмай қолдилар. Шундай вақтда бизнинг буюк бир ҳиссиётли адиб ва шоиримиз чиқиб, ўшал воқеаларнинг ҳаммасини адабий томоша, нафис песа ҳолида тарих бетларига нақш қилиб қолмоқчи бўладир. Журъатни, жасоратни қаранг! Ҳамза Ҳакимзоданинг 6—7 бўлакдан иборат валуолалиқ (сенсационний) «Фарғона фожеалари» ана ўшал ховлиқишнинг мевалари эди. Томошачи муаррихимиз ўз асарларини ўшал вақтда «тарих учун оддий бир матириёл» деб ўйлагон эмас. Ҳатто, муни даъво қилиб чиққанлардан жуда қаттиқ хафа бўлгон. «Фарғона фожеалари» муаллифининг фикрича Шекспирнинг «Ҳамлет»» «Мақбет», «Рўмеў ва Жулет» ларининг ўзбек ва Фарғона муҳитидан етишганларигина эди; шунинг учун унда юксак мафкурали қизлар, юқори тушунчали аллақандай Талъат афандилар бор эди. Ўшал вақтнинг оммаси халқи ҳам қизиқ. «Фарғона фожеалари» дедими, 5000 киши сиғатурғон кенг саҳналарга ҳам одам лиқ тўла берган. Муни кўрган муаллиф, «қимматлик, «нафис» асарларини кенг Туркистоннинг у бошидан бу бошиғача кўтариб бориб, ўйнатиб юрған… Ораға «Чиғатой гурунги» деган бир жамият чиқиб қолди. У жамиятга мансуб кишилар тилни соддалаштирмак мақсадини асос қилиб ушлаганлари ҳолда, ўзбек адабиётининг тугалланишига ҳам катта аҳамият бердилар. Тугалланадургон адабиёт чин адабиёт бўлмоғи керак. Шунинг учун адабий асарларга ҳақиқий қийматини бериб, адабиёт кира олмағон нарсаларни шафқатсиз суратда майдондан ҳайдай бошладилар. Ана шу ҳаракатнинг зарбига учрағонлар орасида, Хуршид Шарафнинг «Кичик аскар»и (ўзича: «Кучук аскар») билан бирга бизнинг «Фарғона фожеалари» ҳам бор эди. «Чиғатой гурунги» асосини маҳкам қурғонлиғи ва чизиқни тўғри чизғонлиғи учун — ўзи йўқ кетса ҳам ўзбекнинг янги адабиётида янги, порлоқ, шарафлик саҳифалар очди ва очмоқда давом этадир. Лекин, қуруқ воқеаларни ингичка, нозик адабий йўл билан кўрсатмак истаган «Фарғона фожеалари» ўшал вақтларнинг ўшал вақтдағи хабар (хроника) ларидан бошқа нарса бўла олмадилар. Шунинг учун 20-йиллардаёқ мотамсизгина кўмулдилар. Тарихнинг такарруримикан? Яқинда Қўқон (Фарғона музофотининг пойтахти) шаҳарининг кўчаларида бир хитобнома қадар узун, Бухородағи «Анас» ёки «Улуғ Туркистон» газетасининг тилидек «қурама» бир эълон ўқудим. Эълонда: бир-икки соатлик муқаддима (тўғриси, реқлам!) дан сўнг «Фарғона фожеалари»нинг саҳнага қўйилғуси хабари берилган. Ҳайрон бўлдим, шошдим. Нима учун шошдинг дейсизми? Бу дунёда «ўликларнинг қайтадан тирилишига» ишонмағоним учун! Шу учун ҳайрон бўлиб шошқон эдим, локин «Раҳимбоев» тиётрининг пардаси очилиб, «босмачи» ва «дошноқ» сўзлари эшитилгандан сўнггина «ўликларнинг тирилмаги мумкин бўлғонлиғига» ишондим. Песадан гапириб ўлтурмайман. Пес ва мохов қилиб ўйнолғонидан ҳам сўз очмайман. У кунги ўйинға ўшал ўзингиз билган «атоқли актриса» Кузнетсова ҳам оралашғон эди. Оврупо асарларида бир овруполи қиз рўлини қандай ўйнаш лозим бўлса бир ўзбек қизи рўлини Фарғона саҳнасида шундай ўйнағон Кузнетсова у кун саҳна олдиға чиқиб гапирган бир ўртоқ томонидан жуда кўб махталди. Шу жойни сизга билдириб ўтмасам бўлмайдир. Ўзи оддий бир хизматчи бўлғони ҳолда, «Истамбул дорилфунуни муаззинлари»дек гапиратурғон бир дошноқ армани рўли ҳам бор. Бу рўлни ўйнаган «Уста» артист арман-озарбайжон тилларининг хусусиятидан шу қадар хабарсиз эдики, ўшал вақт дошноқларининг зулмларини кўрсатмак билан эмас, тилларини бузуб, масхара қилиб гапирмак билан уларнинг адабини берган бўлди… Баракалла, бу ҳам катта ҳунар! Мен, у тўғрида кўп гапирмоқчи эмас эдим. Баъзи бир удур-будур ерларини кўрсатиб ўтаман деб, хийла вақтингизни олдим. Меним асл тўхталмоқ истаган нўқтам шудирким, шу песани шу ҳолда ўйнамоқ билак ишга киришган шу театр тўдаси, маҳаллий маблағнинг таъминотига ўтказилар эмиш деган гап бор. «Фожеалар»нинг муаллифи ва тўданинг руҳи бўлғон Ҳамза Ҳакимзода ўртоғимиз, атай шу иш учун Хевадан чақирилиб келтирилган. Ҳамза ўртоқнинг ўзи ҳам хусусий бир гаплашиш вақтида «шу тўғрида 20—30 кишилик исмета тузиб музофот ижроқўмиға топширмоқчи бўлғонини» айтиб ўтди. Ўзбек театрини тиргизмак, ўзбек санъатини яшатмоқ йўлида Фарғона музофот ижроқўмининг жиддий ҳаракат кўрсатиши — олқишга лойиқ иш. Лекин шуни билмак керакким, ўзбек театр ва санъати бу хил санъатдан йироқ асарлар ва санъатга 1919 йил кўзи билан қарайдурғон тўдалар томонидан тиргизилиб, яшатила олмас. Бу муҳим ишни ёш кучларга, санъатни тўғри кўриб таний оладурғон кучларга топширмоқ керак. Шубҳасиз, Ҳамза ўртоқ ўзбек театрининг, ўзбек санъатининг юксалишида муҳим бир омил бўла оладир, уни бу соҳада ишлатмак керак. Лекин унга билдирмак, тушундирмак керакким, ўзбек театрини, Туркистоннинг марказида собиқ «Карл Маркс» тўдаси бошлағон тўғри йўл билан олиб бормоқ керак. Бу тўғри йўлга тушгани унамасалар тарихни қурамаслиқ билан «такаррур» қидирмоқчи бўлсалар, саҳнани воқеаларнинг қуруқ бир хабарлар бобидан иборат қилмоқ истасалар— уларга хоҳ маҳаллий маблағ ва хоҳ бошқа маблағдан бир чақа бериш керак эмас. 19-йилнинг «фожеафурушлиқ» даври ўтган ва тарихнинг бу «такаррури» биз учун зарарлик!.. Таржума тўғрисида жиндак “… Сайфуллинанинг жуда нафис ва санъаткорона ёзилған ҳикояларида…” деб жуда тўғри айтадир ўртоқ Любимова. Мундай нафис асарларни бир тилдан – иккинчи тилга ағдариш жуда оғир бўладир. Айниқса, ишланган тилдан ишланмаган тилга; адабиёт аҳллари яхши биладирлар. Мутаржимни тиқилиш қилиб ганггиратган нашриёт идораси ҳам, бу жиҳатни билмайдир эмас, биладир. Бизнинг замон талабича ишланмаган, хом тилимиздан атамалар топишнинг қийинлиғини ҳам нашриёт идораси жуд яхши биладир. Фақат, “шундай яхши ва ўз турмушимиздан олинған асар рус тилида қачонлар чиқдию, бизда ҳали ҳам чиқмайдими?” деб шошиладир. Шу учун, мана шу ҳақли шошилиш орқасида қўлингиздағи таржума – менинг фикримча Лолахоннинг нашриётнинг, менинг ва ҳаммадан муҳими танқидчиларнинг кутганини бера олмайдир… Бундай асарлар 5-10 йилдан сўнг кучли бир ҳайъат томонидан таржума қилинса, балки, ҳаммамизнинг истаганимиз бўлур, балки, Лолахон ҳам ўзининг бечора қаҳрамонлари киби ҳаётни қарғамас эди… Шунда ҳам “балки”си бор, чунки, тиллар – асрларнинг шогирди. Лолахон бу шоҳ асарини жуда бой бўлған рус тилида ва шеърли – вазнли наср билан ёзадир. Рус адабиёти муаллимлари асарнинг наср вазнини кўрдилар ва уни қадим юнон Ҳомерларининг “Илиада”лари вазнида ёзилған, дейдилар. Мен Ҳомер адабиётининг беганаси, ўзбек турмушидан олинғани учун бизнинг сўз тартибимизга қаратиб ёзилған, дедим. Рус адабиёти муаллимлари жим бўлдилар, мен ҳам жим бўлдим. лекин, ким енггани маълум бўлмади; у яқин келгусининг иши бўлар. Таржумада, лекин Ҳомер вазни йўқ. Ишланмаган муосир ўзбек адабий тили бор, унинг камчилигини тушунганлар, балки “Ҳомерчи” бўлолмағанимиздан кулмаслар. Балки, куларлар… Кулсинлар, майли, кулиш – йиғлашдан яхши албатта! Йўқ… Ҳомерга дейман – Лолахон сўз усулига эргашилган бир ҳикоя бор: “Чўл одатлари” мана бундай бошланадир: “Кўтарилди баландга кўкатлар, Етилди ҳозир хуш исли баҳор” Ундан кейин ҳикоянинг бошидан охириғача жумла узулишлари шунақа “тескари”. Чунончи: “Бахтли бир кечада, ёруқ юлдуз шуъласи остида туғулди гул жамол, назар солди яхши шамол эндигина очилған кўзларига”. “Кирпик панжаралари орқали кўрадир у…” “Кўб байталлар бор менинг йилқимда” Бу “тескари” жумлалар, балки қоидага хилофдир, лекин жуда ширин, Лолахон ҳикояларининг мазияти ҳам, менингча, кўбрак шу ширинлигида. Бошқа ҳикояларда ҳам кўб жумлалар Лолахоннинг йўлиға эргашиб кетди… Мен тўқтата олмадим, тўғриси тиламадим тўқтатишқа. Шарқ ва ғарб чегарасида аламли ҳарамларнинг кўз ёшлари билан очилиб қолған лола гулдан кечирим сўраб қоламен! Таълим-тарбия теварагида 23 инчи ўктабрда бутун Андижон тубжой халқ муаллимларининг ёппа йиғини бўлди. Маориф назоратининг ижтимоий тарбия шўъбасининг ҳаракати билан йиғилған у йиғинда, шўъба мудирининг маслаҳати билан ҳамма муаллимларнинг ўз синфлари ахволидан маълумот бериб ўтишлари лозим топилди. Ҳамма мактабларнинг ҳар бир синфини ўқутуб турған муаллимлари ўз синфларида таълим-тарбия татбиқи тўғрисида маълумот бериб ўтди. Маълумотлар эшитилгандан кейин ҳар мактаб ва ҳатто ҳар синфдаги таълим йўлининг бошқа-бошқа бўлғанлиги англаштилди. Кўз олдиларида бу катта хато ва айбли кўрган муаллимлар, таълим-тарбия ишларининг бирлашишига хизмат этмак мақсади билан бир таълим-тарбия тевараги очишға қарор бердилар. Теваракни олиб бормоқ учун ижтимоий тарбия мудири қўл остида, маориф нозири ва муаллимдан иборат 3 кишилик бир ҳайъат ташкил қилди. Теваракнинг мажлислари ҳафтада бир кун (жума кунлари) бўладур. 28 инчи декабрда ҳайъат тарафидан муаллимларнинг ёппа мажлиси чақирилиб, теваракнинг биринчи ўтуруши ҳисобланған у мажлисда ҳайъат раиси тарафида лексия ўқулди. Масковда тузилган 7 йиллиқ меҳнат мактаби прўғраммасининг (юрт таниш) қисмининг таржима ва изоҳидан иборат бўлған у лексия, муаллимлар тарафидан яхши қизиқиш билан эшитилди. Бундан сўнг ҳам теварагнинг мажлислари давом қилиб, таълим-тарбия-га оид ҳар хил лексия ўқулуб турғусидур. Шаҳар мактабларининг муаллимлари бу теваракни ихлос билан олиб борғанда, кўб фойдалар кўрса керак. Ижтимоий тарбия шўъбасининг шу яхши қадамини олқишламоқ билан бирга кўбчилик ташкил этган қишлоқ муаллимларини ҳам теварак фойдаларидан насибадор қилиш йўлида чоралар ақтармоғини умид қиламан. Театр – санъат («ҚИМОРБОЗЛАР ҲАЁТИ», «ХИЁНАТКОРЛАР ЖАЗОСИ», «ЭР-ХОТИН», «АРШИН МОЛОЛОН») УМУМИЙ ҚАРАШ Ўртоқ Уйғур Бухородан келгандан бери саҳнамиз жонлана бошлади. Шу бир-икки ҳафта ичида яна бурунги каби камчиликлар, қарғиш ва лаънатлар билан бўлса-да, бир неча томоша кўрдик. Матбуотимизда исми кўрунуб келатурғон «С» (Санжар) ўртоқ томонидан таржима қилинғон «Қиморбозлар ҳаёти» — Оврупо қиморбозлиғининг қўрқунч ёқларини яхши кўрсатадир. Бунда қиморбозлиқнинг қайнағон жойи, қиморбозларнинг иш устидаги «фаолиятлари» кўрунмайдир. Бунда бу ёмон одатнинг оилага қилғон таъсири кўбрак кўрсатиладир. Таржима текисгина чиққон. Ғудур-будурлиқ кўб сезилмади. Фақат бунда ўйнағучи артистларимиз (Аброр, Сайфи қори, Зиё Саид, Шокирлар) нимагадир хийла ёт ва бегона бўлуб ўйнадилар. Самимийлик, рўлни англаб ўйнашлик, саҳнада эркин бўлишлиқ — мана буларни кўра олмадик. Халқ оз эди, кирим ёмон бўлғон, эҳтимолким шунинг учун артистларимиз «барибир» деб ўйнағон бўлсалар… Давлат труппасининг бу «барибир» томошасидан сўнг Эски шаҳар ишчилар факультети талабаларининг бир «Томоша ва концерт кечаси»ни ҳам кўрдик. Томоша қисмида қўюлғон тўрт пардалик «Хиёнаткорлар жазоси» деган нарсани ёзиб ўлтириш ҳам вақт исроф қилишдир. Баъзи бир пардаларнинг 3—5 минут қадар давом этишлари бунга катта гувоҳдир. Фақат концерт қисмида миллий чолғи мактабининг биринчи имтиҳонини кўрдикким, бу хийла умидликдир. Болаларнинг кўбайишиб айтган ашулалари заиф бўлса ҳам, бир боланинг ёлғиз ашуласи, бир йигит томонидан ёлғиз айтилган «Гулёр» яхши эди. Шу «Гулёр» айтган йигитда яхши кучлик товуш бор. Фақат, ишланмаган. Миллий чолғи мактаби ғолибо 3-4 йилдан бери давом этадир. Фақат сўнг чоққача унда муаллимлар ўрнига «тўнкалар» ўлтурғони учун ҳеч самараси кўрулмаган. Яқинда ясалғон ислоҳот ва таълим ишига қўюлғон муқтадир муаллимлар (Қурбон ва Шожалиллар) мактабни умидли йўлға қўйғонлар. Яна ҳам диққат, яна ҳам кўбрак аҳамият берилмаги керак. Саҳнамизда неча маротаба ўйналғон «Эр-хотун» ва «Аршин мололон» томошалари тўғрисида қайта-қайта ёзишни ортиқ топаман. Бу тўғрида шунигина айтаманким, бизнинг саҳнамизнинг энг зўр камчилиги — драм ўйнағучиларнинг ўперада чиқишларидир. Мана бу камчилик ҳар икки томошада ҳам энг қаттиғ сезилди. Билмадим, қачон бизнинг саҳнамиз ўперада бошқа, драмда бошқа ҳайъатга эга бўлур экан. Ҳар ҳолда, сўнгги икки томоша саҳнамизнинг яна жонланиб, тузалиб борғонини кўрсатадир. Саҳнамиз яна тирилмакчи. Халқ саҳнада яна руҳига озиқ топа бошлади. Энди шу ҳаракатни тўқтатмай, оқсатмай олиб бориш — (ҳар бир санъат — Д.Қ.) арбобининг вазифасидир. Энди умумий суратда бир нарса ёзиб ўтмакчи бўламан: умумий деганим саҳна ва санъатимизнинг моддий жиҳатидир. Қиш яқинлашиб, юпқа кийимлар ярамай бошлағон бир вақтда ҳам халқимиз ўзи тубданда ўлгундек зах бўлғон ёзлиқ «Турон»да томоша кўрмакка мажбур. Қишлоқ «Турон» қатъиян ярамайдир. ToshPO ўрни тилга ҳам олинмоғон, янги бино эса маҳаллама-маҳалла кўчуб, ҳар кун бир камисия томонидан бир тўқтатилиб, бир рухсат этилиб, сарсон ва саргардон бўлуб гурадир. Билмадим, бу иш жиддий бир йўлға тушарми, йўқми? Қиш келганда кўчада қолғон саҳнадан нима умид қилмоғ керак? Бухородан чақиртириб олинғунча минг ваъда, минг хил роҳат ва таъминотлар тақдим қилинғон Уйғур ҳануз турғали бир жой, баъзи тажрибалар учун икки газ ойнаға эга бўлмағон. «Уйғурни Бухородан олиб келиш учун пул сарф қилиб Ғози Юнус ўртоқни Бухороға юборған» Эски шаҳар ижроқўми унинг қўл остиға келиб кирган санъаткорга жой топиб беролмайдир-да, «Шарқ» кутубхонасининг жойиғача бир якатчига ижарага қўядур. Санъатнинг қиймати шу эса, ундай санъатдан умид узмаса керак эди! Театр – томоша Шанба куни – декабрнинг 3-нчисида “Етимхона” саҳнасида машҳур бошқирд қўшиқчиси Азиз ал-Ҳамид (Ал-Маҳмуд) билан тотор чолғувчиси Сайдашевнинг концертларини томоша қилдик. Азиз ал-Ҳамиднинг концертларини биринчиси эмас, бир нечанчи мартаба кўрамиз. Шунинг учун сўзнинг тўғриси, бу концертнинг бизга кўп совуқ таъсир этганини айтмакка мажбурмиз. Негаким, Азиз ўртоқ бу йўли саҳнага истар-истамас чиққон каби эди. Унинг тотор ва бошқирд томошачиларининг кўнгилларида чуқур из қолдиратурғон узун ва чўзилувчи бошқирд кўйлари бу йўли бундан ортуқ бўлмади. Уни эшиттирган яна бир узун куйида шарқ қайғуси, шарқ тушкунлиги сира йўқ. Аллақандай ёт бир нусха… Хайр, буларни қолдирайлик. Бу концертда янги бир “ижод”, янги бир усул кўрилди. Ул-да эса бошқирд-тотор қўшиқчиси Азиз ал Ҳамид (Ал-Маҳмуд) тарафидан эски ўзбек куйларининг бузилмоғидур. Бу бобда энт бошда ўқилғон машҳур (қашқарча) куйи нақадар бузуқ, нақадар ғайритабиий, овруполаштирилғон ва қўпол эди! (Бошқирдча) куй эски ўзбак куйидир; илгари эл орасида кўп тарқалғон бўлса-да, сўнгги чоқларда йўқ бўлиб кетаёзган эди. Бирдан оралиқда Фарғонанинг машҳур Муҳиддин қориси чиқди ва шунинг саҳнага чиқиши билан бу куй яна таралди. Ана ингичкалик, истаган кўнгилларни завқлантирди. Бу куйни биз Ал-Маҳмуд ўртоқдан эшиттач, яна қўл кўтариб дуо қилдикким, бу бечора куйнинг таралганидан ўлгани яхши экан деб. Бундан сўнг айтилган ва Ҳамза Ҳакимзода ижодидан бўлғон (“Ғайратсиз Туркистоним”) куйи оз зафар билан ўтди. Энг сўнг айтилган Ғулом Зафарийнинг “Эрк болалари” операсидан олинғон машҳур “Ёр-ёр” куйи эса қашқарчанинг қаторига чизилди. Майда тафсилотларга киришмайман, улар жуда кўпдир. Йолғиз шунисини айтаманким, кечадан на тотор, на бошқирд, на ўзбек мамнун бўлди. Бу кечада Ал-Маҳмуд ўртоқ нақадар руҳсиз кўринган бўлса, рус ва оврупо куйлари билан тотор куйларини бирга қўшиб, иккаласидан “атала” пиширган Сайдашев ўртоқ яна ундан-да руҳсиз кўринди. Бир оғиз сўз учун ўринсиз ерда турли “кулги” ҳаракат ясалғон артистчиликнинг қилиқларидан гапирмак ҳам ортиқчадир. Тил билмаганлик «хосият»и Шул яқинларда Петроғраддаги Обуховский касалхонасинда ярадор бўлуб келган бир туркман ўлубдур. Бу бечора команда сўзлариндан бошқа сўз билмас экан. Касалхонада ётганда ҳоли оғирлашгандан кейин ҳаракат қилиб, имо-ишора илан бир нарса англатмоқчи бўлган, туркманча ҳам сўзлаб қараган, лекин касалхонада туркманча биладурган ҳеч бир киши йўқлиги учун анинг мақсудини била олмаганлар. Касалхона идораси “Вечерняя время” газетаси орқали халққа мурожаат этуб, туркманча биладурған топилиб келгунча бечора туркманни умри вафо қилмай оламдан ўтган. Тил билмаслик “хосият”идан бечора ўзининг дунёдаги васиятларини англатолмай ожизлик ҳолда дунёдан риҳлат қилган. Ҳозир эмди бу воқеадан кейин Петроғрадда генерал Давлетшин газета идораларига хат ёзибдурларки, минбаъд шундай воқеалар бўлса, менга хабар бериб маълумм қилинглар деб илтимос қилибдурлар. Тилимизнинг ишланиши «Бухоро ахбори» йўлдошимизнинг шакли: босилиши ҳозир хийла текислашди. Сўнг вақтларда бу газетанинг ўз вақтида мунтазам чиқиб турғани кўруладир. Қоғозларининг яхшилиғи, ҳарфларининг очиғлиғи, расмлик чиқиб туриши жиҳатидан бу газеталаримиз орасида биринчи ўрунни тутадир. Халқимиз нодон, китоб мутолаага рағбатсиз. Уни шунга ўргатмак ва қизиқтирмоқ учун матбуотнинг очиқ, аниқ, чиройлиқ босдирилиши жуда аҳамиятликдир. Туркистон, Бухоро ва Хива газеталари бунга айрим диққат қилишлари керак. «Бухоро ахбори» йўлдошимизнинг бу тўғридағи ғайратини олқишлаймиз. Локин йўлдошимизнинг доим кўзга қадалатурған битта зўр хатоси бордирким, уни хайрихоҳлиқ билан айтиб ўтмасак бўлмайдир. Бизнинг кўрсатмак истаганимиз камчилик тил, шева камчилиги, тўғриси, тилга аҳамият бермаслик хатосидир. Бош сарлавҳаси ёнида «адабий жаридаи туркия» деб ёзилған бу газета, маълумдирким, ўзбек шевасида чиқадир. Бухоро ҳукумиятининг расмий тили ҳам ўзбекчадир. Бухородек форс-эрон таъсирига ортиқ ютулуб кетиб, ўз тилидан ажралиб қолған бир ўлка учун, у ердаги кўпчилик авом учун тилнинг аҳамияти жуда зўрдир. Ҳолбуки, «Ахбор» йўлдошимизда бу жиҳатга сира диққат этилмайдир ёки этила олмайдир. Унинг ярим татар ва чала-була ўзбек шевасида босилатурған мақола ва хабарларидан бир неча мисол кўрсатай. «Ахбор» йўлдошимизда «шунлиқдан», «тишдан», «ўздирмоқ», «тули», «ничка», «топқир», «кабик», «ортидан», «соқчилари», «юнди», «қотнашдир», «бик», «кўб», «тевиш», «олу», «ясов», «ясалаж(ч)ақ», «олинажақ», «қолдирилажақ», «келачак», «сиза» каби шевамизга ёт бўлган сўзлар жуда кўб ишлатиладир. Фақат сўзларгина эмас, (айнан) «Бутун саройдағи ғўзани қалай маорифга бериб қўямиз?»; «Оиласи ёнида тунларда йўқласа…» каби жуда ёт, жуда қўпол, ўз эмас жумлалар бор. «Ахбор»нинг 142-сонида «Ўртоқ» деб бошланатурған бир хитоб бор, ундан бир неча жумла кўрсатай (айнан): «Сан дўкончи (?) бўлсанг, тинч савдо (?) қилишқа тиласангдур (?), деҳқон бўлсанг, меҳнат билан йиғнаған (?) ғалланг ҳам қўй, дава; ҳўгиз (?) ва бошқа хил молларингнинг ўғрилар томонидан zo‘rliQ билан олинмоқини (?) устамайсангдур» (?) «Ахбор»нинг бош муҳаррири ўртоғим Қори Йўлдошнинг Масков ва Петроградға бориб келиши муносабати билан ёзиб bosdirayotQan «Йўл хотиралари»да Петрограддағи «3-нчи Александр мавзаси» тўғрисида (айнан): «3-нчи Александр Русия ҳукуматининг (хориждан кейин ўтирилган) 2-нчи Ниқолай олдида подшолиқ қилған ва рус тарихида ғоят қора жой қутқучи бир золимдур», – дейилган шу қўпол ва англашилиши қийин жумладан бошқа мавза залининг таърифинда: «Қизиғтим рангликдаги мирамирдан», «биргина тошдан ясалған катта ва нафис истўлбалари бор» каби ажиб, атала ибора ва жумлалар бор. Бу – тилнинг ишланиши! Энди адабиётнинг (тил билан бирга) ишланишига келайлик: сўнг вақтда «Моиқий» деган бир «шоир»нинг шеърларига йўлуқатурған бўлдиқ. «Ахбор» шоири биродаримиз ўзининг «Қизил милиция учун» сарлавҳали бир «шеър»ида милиция йигитини (айнан): Сан бу юртнинг боқчиси (?), Сан инқилоб соқчиси… Отанг санинг Арслон, Сан ҳам ундан қолишманг… (?!)» – деган бузуқ сўзлар билан таъриф қиладир. Моиқий ўртоқнинг Бухоро деҳқонларига қилган шу: Қани, деҳқон қариндош, Кунинг қандай таланғоч… – хитобини ўқуш билангина дарров онглаб бўлмайдир. Бу ёш «ўзбек» шоирининг миллий байрамимиз – Наврўзни қутлаб ёзган бир шеъридан кўпрак кўчириб кўрсатмакка мажбурман (айнан): Наврўз қутлуғ бўлсун янги келган! Бу кундир биринчи кун Янги йилдан, Ортидан яна бир кўп йил йиллар келиб – Кутайлик кўб хайрият ҳар бириндан. Кечурган неча қалай қайғу-ҳасрат – Мундан сўнг унутулуб битсун бари. Одашқан, йўлдан ёзған халқмиз кўб: Юрупди йўл топа олмай кўзи кўрдан Айтсанг-да, қичқирсанг-да гап эшитмас На кўзи, на қулоғи, сўзи бирдан. Хўш келдинг, Наврўз ака, бугун бизга, Кўпдан-кўп бағишлайман салом сизга. Туркман, қорақалпоқ, қозоқ, ўзбек – Ҳаммаси бош эгади ўзингизга… Бу йўл тил ва адабиётимиз учун жуда зарарликдир. Бошқа тўғриларда яхши ишлаб келаётқан «Ахбор» йўлдошимиз бу тўғрида ҳам дурустрак бир қадам босмоғи лозим. Бировнинг риоя-хотири учун тилни бузушдан бошқаға ярамайтурған бузуқ шеърларни газетанинг чиройлиқ юзларига чиқариш тўғри эмас. Моиқий ўртоқнинг ўзи ҳам шу ҳақиқатни тушунмаги керак. Шеърингиз тилни бузар, Моиқий ака, Бир қадар ҳурмат керак газетага. Тил учун ишлашингиз «Ахбор» билан! Самимий саломимиз иккингизга!.. Тинчлиқ Шаҳар 3-4 ойдан бери тинч, милтиқ товуши эшитилмайдур. “Қоч-қоч!”, “босди-босди!”лар ҳам кўринмас бўлди. Ўш, Жалолобод, Избоскент йўллари қатов кеча демак, кундуз демай от-арава юруб турадур. Панжшанба куни бозорға кирсангиз бозор маҳшар шаклини оладур. Милтиқларнинг дангғиллаған товушларини ҳар кун, ҳар кеча ва балки ҳар соат эшитиб ўрганган қулоқлар; деворлари қалин. Ғалвасиз. Жимжит бир уйнинг ичига киргандай бир оз гангиратуб ҳам олған бўлсалар керак! Кулоқлар милтиқ товушиға хумор бўлуб қолғанлар, эмиш… Лекин ҳеч ким. Ҳеч бир жон у кунлапрга қайтишни истамайдур. Бугунги тинчлиқни кутуб олғунча халқнинг юраги доғ-ҳасратга тўлған эди. Ҳали ҳам 5 йил муттасил уруш майдонида ўлтурған халқнинг бардошиға балли денг! Янги сайловлар Мана шундай тинчлиқ ичида янги сайловлар учун ҳаракат бошланди. Энг аввал уез ва шаҳар фирқа қўмитаси томонидан уез сайловларини ўтказиш учун битр камисия тузулди. Бу камисиянинг хайъати ушбу ўртоқлардан иборатдур: Ғози ўғли (Угоррефқўмдан), Ҳакимхўжа Саъдуллахўжа ўғли (Прафбюродан), Бухоритдиноф (Угоркўмдан). Мирза ўғли (қўшчилар союзидан), Неўниолоф(ҳарбий ташкилотлардан). 29 ўктабрда бу камисиянинг биринчи мажлиси бўлиб, у мажлисга музофот сайлов комисиясининг раиси Алихўжа ўғли билан марказ сайлов камисияси аъзоларидан Ёрмуҳаммад ўғли ўртоқлар оралашдилар. Бу мажлисда шаҳар сайловларини ўтказмак учун ҳарбий ташкилотлар, эски шаҳар фирқа ячейкаси, касаба иттифоқлари, ёшлар ташкилоти ва хотунлар шуъбаси вакилларидан иборат айрим бир камисия тузулди. Уезнинг 6 маҳкуми (раюни)га 6 шаҳар атрофига бир, барчаси 7 кишидан иборат вакиллар тайинланди. Бу вакиллар ҳар маҳкумнинг қишлоқ, овул ва бўлус сайловларини ўтказиш ишига вакил қилиндилар. Раюн қурултойларини ўтказмак учун булардан бошқа яна 6 киши тайинланди. Бу кейингиларнинг ҳаммаси дугундек, шаҳар ва уез доирасида ишлаб келган масъул ишчилардур. Ҳозирда ҳар ики камисия ўзига керакли кишиларни тўплаб олуб, жиддият билан, енг шимариб ишга киришди. Биринчи нўябрдан тортуб сайловнинг ташвиқий ишлари бошланғусидир. Буткул тинчланиш йўлида Қолған-қутқан қўрбошларнинг қўшулуши давом этадур. 29 нўябрда кечаси машҳур Аҳмад полвон Асакага кириб, ярашди. Ўзига қарашлиқ йигит ва маҳрамлари ҳам ўзи билан бирга кирди. 30 нчи ўктабрда яна Асакага Аҳмад полвонға қарашлиқ қўрбошилардан “Саксан” қўрбоши кириб, ярашди. Андижоннинг ёнида Хирабек деган ерга мундан 5-10 кун бурун машҳур Юнус қўрбоши кириб ярашқан эди. Шунинг билан Андижон уези тамом тинчланган десак бўладур. Ўктабр байрами яқинлашуб сайлов кунлари келган вақтда Фарғона қўрбошиларининг кириши юрт-элга жуда таъсир қилди. Юртнинг тинчланишига ҳар ким ортиғи билан ишонуб қолди. Тиётру танқидларига аҳамият Бизнинг чинакам тиётрумиз қурилиш арафасида бўлса ҳам, бу кунга етгунча хийла мазгиллар отдиқ. Орқамизда тахминан 12 – 13 йиллиқ ҳаваскорлик йўли қолди. Чин маъноси билан тиётрумиз эмас, саҳна билан ошнолиғимиз бошланғичликдан чиқди. Шу учундирким тиётрумизға энди жиддий талаблар берилиб, муҳим вазифалар юклатила бошлади. Демак, биз саҳнада (қайтариб айтаман: саҳнада!) анча ўсдик. Фақат танқид жиҳатимиз тиётрумиз билан бирга бора олмай ётибдир. Танқидчиларимиз нима учундир тиётру санъатини яқиндан англаёлмаған ҳолда майдонга чиқадирлар. Бунинг сабабини нимадан ақтарамиз? Менимча, саҳнамиз унинг ўз ичига кирганлар томонидан зўр ғайрат билан илгари олиб борилмоқда; ўша саҳна хизматчиларининг фаолияти билан юксалтирилмакдадир. Аммо саҳна аҳли, саҳнани севганлар ва севдим деганлар ўйин ўйналған куни бир томошачи қаторида залга кириб ўлтириб, ўйин битгач, ўша кунлик таассуротни кўтариб мубоҳаса йўли билан уйга қайтадирлар. Эрта билан ухлаб турканларида кечаги таассуротларидан ҳеч нарса қолмайдир. Чунки улар ўз ишларига кетадирлар. Баъзи бир саҳна аҳли ёки «санъат муҳиблари» текин белат (кантрамарка) олиш учунгина санъатга севги баслайдирлар. Бу ярамас жараён ҳатто тушунчали йигитларимизни ҳам, таассуфга қарши, ҳануз ўз оқишиға солиб кетмакдадир. Мақсаддан жиндак узоқлашдиқ. Мен демак истайманким, тиётру танқидчилари ҳам ҳалиги «муҳиблар» ва аҳллар орасидан чиқадир, шу учун танқидимиз ўйимиздан кейинга қолиб борадир. Танқидни, бошқа бир таъбир билан айтсак, яланг «рўбару келган» (случайный) кишилар ёзалар. Табиий, бундан саҳнанинг юксалиш ва тузилишига фойда эмас, зараргина келадир. «Зарафшон»нинг 425-сонида «Сургун» пиесасининг танқиди босилған. У, менингча, танқид эмас, оддий бир томошачининг санъатдан йироқ таассуротидан иборатдир. «Қўлини ундай қилмади, мундай қилди», – деган танқидлар… «Теразанинг синиши чиройлиқ бўлди», – деган таҳсинлар… 7 – 8 йил бурун келишса келишарди. Бу кун ўйналған асарнинг руҳини очиб ташлаш керак. Бу кун қўйишдағи асосий камчиликларни кўрсатиш керак. Бу кун ўйновчининг тубли хато ва фазилатларини кўрсатиш керак. Бу кун, ниҳоят, тамойил (уклон)ларни очиб бериб, йўл-йўруқ кўрсатиш керак. Йўл-йўруқ кўрсатиш ҳам яна аъзо-баданни қимирлатишға оид бўлмасдан, умумий асосларда бўлмоғи керак. У қўл-оёқ қимирлатиш масалалари режиссўр ва ўйновчининг ишидир. «Оҳ!» «Ўлдим!» «Куйдим, ёндим!» – деганда мутлоқ кўкракни ушлаш керак эмас; шундай қилмаған ўйновчини айблаш танқид эмасдир. Режиссўр ва ўйнағувчи ҳар кимга ва ҳар онда ўзига, ўз шахсига ярашар қилиқ қилдириға ихтиёрлидирлар. Бу қилиқ ва бир ҳаракатни ушлаб олиб ҳар қайда ва ҳар онда шуни қила бериш «муҳрли» (штампованный) ҳаракат аталадирким, саҳна оламида ярамас фазилатлардандир. Саҳна хизматчилари саҳна муҳиблари, саҳна аҳллари ва, умуман, санъат севганларнинг эътиборларини танқидимизнинг бу қизғинч аҳволига жалб қиламен. Тизгин талаш (Генуя кенгаши муносабати билан сиёсий ҳангома) От миништанмисиз? Агар минишган бўлсангиз, от устида бора туриб бир қўлингизда мутлоқ бир қайиш бўлғондурким, у қайиш билан сиз отнинг бошини у ёқ бу ёққа буриб тургансиз, отнинг тизгини қўлингизда бўлғон чоқда сиз ўзингиз истаган тарафга буруб тургансиз. Агар у қайиш қўлингизда бўлмаса, отнинг ўзи билган йўлига кета берар эди. Сиёсат дунёсида ҳам катта-катта тўралар, Рустами достонлар бордурким, бутун дунё сиёсатининг тизгинини ўз қўллариға олмоқчи бўладурлар. Бутун бурун замонларда ҳам бутун дунё тизгинини қўлға олмоқ, яъни оламга “подшо” бўлмоқ учун тиришғон улуғлар бор эдилар: Бизнинг Чингиз ва Темуримиз, юноннинг улуғ Искандари ва Оврупонинг Наполеони шу ботирлар эдилар. Улар шу хаёллариға етмоқ учун бутун дунёни енггудай қўшин куч ҳам ҳозирлағонлар ва шу кучга таяниб олиб ишга киришган эдилар. Лекин ҳозирги ботирларнинг ундоғ катта кучлари йўқ. Қўшинлари бор бўлса-да, ўз юртлариға зўрға сақлай олатурғон даражада кучсиз; уларни ҳам истаган чоқларида уруш майдониға ҳайдамоқ замонамизнинг ботирлари учун мумкин эмас. Матбуот, афкор оммаси, халқ, парламент (эл мажлиси) деган нарсалар бор. Ул ботирлар уруш қилмоқчи бўлиб бир қадам босмоқчи бўлсалар, дарҳол қиёмат-қойим бўладур. Маданият, илм-маориф дунёни шу ҳолға келтиргандур. Аммо бизнинг замона ботирларининг бутун дунёни олғандай кучлари, қўшинлари бўлмаса-да, уларнинг бир қадар кучли бўлғон яроғлари, таянчлари бор. Ул эса: ҳийла, яъни ўзларининг тиллари билан сиёсат (политика)! Кўп ақл ва тажриба билан ниятлариға етказадур. Бизнинг замон ботирлари-да жуда кўп; улар бу ниятта кўп ўчлар. Шу кучи билан сиёсат тизгинини ҳам ўз қўлларига олмоқ учун ул ботирлар 1914 йили, қони қизиғон бир серб йигитининг бир донагина “ўқи”ни баҳона қилиб катта ва жаҳонни қоплағон бир уруш ясадилар. Сиз ва бизнинг тилимизда “Герман уруши” деб айтилган “маърака”да, худога шукр, 10 миллион одамни қириб, 40 миллион одамни чўлоқ, оёқсиз, қўлсиз, кўзсиз, қулоқсиз қилиб тўхтадилар. Милтиқ отиш, тўп ўқларини учуриш, миналар ташлаш вақтинча тўхтади. Лекин уруш ҳам қаттиқ бўлиб, сиёсат, яъни ҳийла кураши бошланди. Сўз – бомбалар, нота ва талабнома ўқлари ёға бошлади. Ҳамон яна бутун дунё сиёсатининг тизгинини олиш учун кураш борар эди. Инглиз французга, француз итальянга, японга, япон америкаға ҳийла олиб борилди. Ҳийла майдонида бизнинг ботирлар ҳам дам унга, дам бунга қулоч очалар, сўз отар эди. Ҳатто Амриқо ва инглиз каби улуғлар ботирлари бир ҳамлада уч-тўрт тарафга қулоч отдилар. Тузоқ қуроллари, тўр ташланар эди. Ва кураш билган кишига ўзимизнинг хўроз ва қўчқор урушларининг энг қизиғидай ўтар эди. Лекин ботирлар дунё тизгинини қўлға олмоқ ўйи билан бир-бирларига сиёсат тошлари ирғитар экан, оёқларининг остидағи босиб турғон ерлари юмшоқ, бўшашиб, ағанамоқ истай бошлади. Ya’ни 4 йиллик катта ва ўхшаши йўқ урушнинг натижасида дунёни хароблик қилиб, тузатиб турғон саноат (промышленност) ишдан чиқди, яъни завод ва фабрикалар ёнди, куйди, бузилди. Бузилғонлари тиклангани йўқ. Сабаби, ул мулкни мамлакатдан ҳам олиб чиқиб кетиш мумкин бўлмай қолди. Қулочласак, қулоч етмаслик ҳам молини истаганча олиб кетиш, одамларни эшак каби ишлашга бераётган улуғ Шарқ ўлкаси қимирлай ва жонлана бошлади. Милтиғи бўлмаса, қўлиға касов олиб “…” Асрга қарши чиқиб қолди. Ҳар ерларда тўпалон бошланиб қолиб, тинчгина хом мол ташимоқ мумкин бўлмай қолди. Ишлагувчи ишчилар шу кундалик иши билан қорин тўйғазиб, умр ўтказиб турғон миллионларча худо бандалари ишсиз ва овқатсиз қолдилар. Қоринлари очғач, кўп-кўп бўлиниб, кўча айланишиб: “ – Иш, иш! Иш бермасанг, иш бошидан туш!” – деб бақира бошладилар. Бизнинг ботирларға юмшоқ усталларда ўтириб, попурисини чекиб, 1510 хил таом еб, дунё тизгинини қўлиға олмоқ учун деб бир-бирлариға “ҳийла тоши” ирғитиш осон ва роҳат бўлса ҳам қорни очларнинг у бақиришлари кўп-да ёқимли келмас эди. Шунинг учун, шу фалокатдан қутулмоқ учун, дунё тизгинини қўлға олиш хаёлини амалга ошириш учун ўзаро йиғилиб, кенгашиб олмоқчи бўлдилар. Бу ишга энг кўп ғайрат қилғон Амриқо ботири кенгаш мажлисини ўз пойтахти Вашингтон шаҳрига чақирди. Ботирлар тўйдан олдин ноғора чалдилар. Ya’ни “Бизнинг Вашингтон шаҳрига бориб кенгашимизда дунёда тинчлик ва осойишталик ўринлаштирамиз. Бунинг учун нима лозим бўлса шуни қиламиз, саноатни кучайтирсак, лозим бўлса уруш кемаларимизнинг бир қисмини саноат ва савдо учун айирамиз, яъни йўл савдо кемаси ясаймиз. Қўшин сақламоқ учун кўп пул сарф бўлмасин, қўшинни озайтирамиз. Уруш кемалари солдириб боришни тўхтатамиз. Ишқилиб, дунёда уруш бўлмаслик йўлини қараймиз!” -деб бутун оламга бақирдилар. Тўралар Вашингтонга бориб, энди йиғилишиб турдилар. Амриқонинг дарё вазири бақирди: “Кенгаш мажлиси бир қарорга келгунча биз уруш кемалари солдириш ишини юргиза берамиз!” Бунга қарши япон индамади. Лекин ҳозирги уруш кемаларини ясашдан ҳам катта бир уруш кемаси тайёрлаб, худди кенгаш вақтида дарёга тушурди. Француз ботирлиғи дейдирки: “Қўшинингизни камайтиринг, сув ости кемалари солишни тўхтат!” Француз ботири қовоғини буруштириб дейдики: “Бошқалар қўшинини камайтириш эмас, кучайтирганда мен камайтирайми? Инглиз сув остида балиқ бўлмоқчи-да, мен сув остиға улча-да бўла олмайманми?” Ола!!! Нима бўлди? Охирида ҳаммалари бир-бирларига душман бўлсин, ҳурпайишиб, қизишиб, уруш кемаларини кўпайтира боришға, қўшинни орттиришға, эрта-индин уруш бўлатурғондай ҳозир бўлиб туришға етти марта қасам ичиб қайтиб кетдилар. Уйга келсалар бу ишсизлар яна кўпайганлар, яна қаттиқроқ бақирадилар. Ва ниҳоят “Генуя” деган сўз русча (бўлиб), “йиринг” демакдур. Қўрқаманки, бу катта чипқоннинг қон аралаш йиринги чиқмаса… Тошқун Ушбу кунларда Андижон ва уездларда сел ёғмури бўлув сабабли сувлар тошуб, 25 минг таноб қадар ерни олуб кетуб, кўб одам ҳалок бўлди. Баъзи бир катта сувлардан ўтмак ҳозирда от ароба ила ҳам мумкин эмас. Тубжойлаштириш Маҳкамаларни тубжойлаштириш ишлари заиф борадур. Шуни қўзғатиб қўймоқ учун ижроқўм қошида бир камиссия тузулди. Камиссия ўзи ҳам шул тубжойлаштириш ишларида сусайиб кетмаса, шу яхши иш бир йўлга кетар эди. Туркистонда матбуот Эски вақтларда: “Матбуот еттинчи давлатдир” дерлар эди. Бу сўз, бу даъво энди-да аҳамиятини йитирмабдир. Бу кунда-да матбуотнинг аҳамияти буюкдир. Хусусан, Шарқ халқи бу кун матбуотнинг аҳамиятини тушунмишдир. Буюк инқилоб оламнинг кетишидан бехабар ётган шарқлиларни уйғотмиш, қонсиз томирларга қон, “яшамак учун мубораза эдажақ” муқаддас қон савқ этмишдир. Қамоқда матбуотни ажнабийларга – хорижликларга махсус бир “шай” билан шарқлилар бу кун уни излар, топар, унинг устида мулоҳаза юритарлар. Оламнинг тугул, ҳатто шаҳарнинг ҳаётига-да кўзининг учи билан боққан кўйли, кендли бу кун кўйнинг ташқарисида, йироқларда тантанали, муборазали ва ўзига ҳам тааллуқли бўлган ҳаётни билмоқ ва ўрганмоқ истаб таъқиб этадир. Унинг қулоқларига эшитилган шаҳардан келган “насиҳатчилар”нинг “Кўйлининг ҳақи буюқдир!”, “Ҳукумат амалаб ила кўйлинингдир!”, “Кўйли ўз ҳаққини уни эзганлардан олмалидир!” каби сўзлари шубҳалар-ла қоришиқ ширин ва ёқишиқли бир ҳолда унинг кўнглига, юрагига таъсир этадир. У матбуотни танир ва таъқиб этар. Фақат инқилоб сабаби-ла ўзига халқнинг, амала ва кўйлининг муҳаббатини жалб қилган матбуот на ҳолдадир? Бизнинг мақоламиз шу саволга жавоб беражақдир. Февраль инқилобига қадар чиққан газета ва журналлар “Хуршид” – тараққийпарвар, мўътадил маслакли газета. Муҳаррири эндиги “Шарқ қурултойи” аъзоси ва Туркистоннинг машҳур кўҳна жамоат ходими Мунавварқори Абдурашидхондир. Бу газета икки ой қадар давом этиб, 15 нчи нўмердан шу ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Тараққий” – тараққийпарвар бир газета бўлиб, муҳаррири ички Русия тоторларидан Исмоил Обидий йўлдош эди. Ўктабр инқилобиндан сўнгра бу киши сўл сусиёлист революсионер фирқаси вакили ўлароқ доҳилия кўмисари мансабинда бўлинди. Икки ой қадар давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Осиё” – тараққийпарвар бир газета бўлиб, муҳаррири Аҳмаджон Бектемиров эди. Бир ой ярим қадар давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Шуҳрат” – тараққийпарвар газета, муҳаррири – Абдулла Авлоний. Авлоний йўлдош Туркистоннинг машҳур шоирлариндан бўлиб, “Ҳижрон” тахаллус этар. Яқин замонларда Русия ижтимоий шўролар жумҳуриятининг Афғонистонда Ҳирот вилояти кўнсули эди. Бу кунларда қайтиб келди. Икки ой қадар давом этгандан сўнгра ҳукумат тарафиндан бекитилди. “Тужжор” – қора маслакли тижорат газетаси. Ношири Сайидазимбоев эди. Уч-тўрт ой қадар давом этгандан сўнгра моддий жиҳатдан қисилароқ ёпилди. Мазкур газеталарнинг ҳаммаси ўлка маркази Тошкандда чиқмишларди. Сиёсат ижбори ила бир неча йил Туркистон газетасиз қолгандан сўнгра (ҳукуматнинг расмий газетасини газета ўрнида ҳисобламайман) Бухорода форсча “Бухорои шариф”, ўзбекча “Турон” газеталари чиқди. Аввалгисининг муҳаррири кофқосияли бир ёзувчи эди (агар янглишмасам, Жалол Юсуфзода эди). Булар ҳар иккиси икки-уч ой қадар давом этгандан сўнгра, Бухоро рус сиёсий агентининг ҳийла ва дасисалари ила Бухоро ҳукумати тарафиндан бекитилди. Сўнгра Самарқандда “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журнали чиқдики, буларнинг муҳаррир ва ношири ўтган йили Боку сафаринда Бухоронинг Қарши шаҳринда беклар ва муллолар тарафиндан рафиқлари ила баробар хоинона суратда шаҳид этилган Маҳмудхўжа устод Беҳбудий эди. “Самарқанд” газетаси бир-икки ой давом этгандан сўнгра моддий жиҳатдан заифлашиб қолгани туфайли ҳафталик журналга айлантирилиб “Ойина” исми берилди. Буларнинг ҳар иккиси туркча эди. “Ойина” 2 йил қадар давом этиб, моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. “Ойина”нинг Туркистонга хизмати буюкдир. “Ойина”нинг давоми вақтинда Туркистонда бирдан икки газета чиқди: “Садои Туркистон” Тошкентда тараққийпарвар, севимли бир газети бўлиб, ҳафтада 2-3 дафъа нашр қилинар эди. Тили ўзбек шевасида, муҳаррири ва ношири маъруф ҳуқуқшунос жамоат ходими Убайдулла Хўжаев эди. 80-нўмерга қадар давом этиб, моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. Бу кунги Туркистоннинг кўпгина ёш муҳаррирлари бу газета воситаси-ла етишмишлардир. Бу газетанинг ёшларга хизмати буюкдир. “Садои Фарғона” (Фарғона маркази Қўқон шаҳрида) – тараққийпарвар газета. Муҳаррир ва ношири ҳозирги “Шарқ курултойи” аъзоси Обиджон Маҳмудўф эди. Бу газета 126-нўмерга қадар давом этиб, моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. Бунинг бир неча нўмери чиққан русча таржимаси (“Ферганское эхо”) бор эди. “Олош” (Тошкентда қирғиз-қозоқ шевасинда) тараққийпарвар, сусиёлистликка мойил бир газета эди. Муҳаррири Кўлбой Туғусўф бўлиб, Февраль инқилобиндан бир неча ой ўтгач, моддий ва маънавий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. “Ал-Ислоҳ” (журнал Тошкандда туркча). Муҳаррири Абдураҳмон Сайёҳ эди. Бунинг маслаги бошда мутаассиб, сўнгра ҳур ва энг охирда бобийлик ношири бўлди. Ҳурриятдан сўнг бир оз давом этуб, маънавий ва моддий жиҳатлар сабаби ила бекитилди. Февраль инқилобидан Ўктабр инқилобига қадар чиққанлар “Нажот”, муҳаррири – Мунаввар қори Абдурашидхон. У вақтги ҳукуматнинг нашри афкори бўлган бу туркча газета 3 ой қадар давом этгандан сўнгра ҳукуматнинг ҳимматсизлиги сабаби ила бекитилди. “Кенгаш”, муҳаррири – Аҳмад Закий Валидий. Ношири – Мусулмон шўроларининг марказий бюроси. Закий Валидий машҳур муаррих ва сўнгги вақтлар Бошқирдистон шўролар жумҳурияти аъзоси эди. Бу газета 2 ой қадар давом этгандан сўнгра муҳаррирнинг бошқа ерга кетмаги ва маънавий қувватнинг озлиги сабабли ёпилди. “Шўрои Ислом”, муҳаррири – Абдулбори Баттол (ички Русияли тотор). Ношири – Тошканд “Шўрои Ислом” идораси. Биринчи нўмердан сўнг уламоларнинг эътиборсизлиги ила бекитилди ва муҳаррир бўлган Баттол гарой Қозонга қайтишга мажбур бўлди. “Турон”, муҳаррири – Абдулла Авлоний. Ношири – тараққийпарвар “Турон” ташкилотлари марказий идораси. Бу газета у вақтдаги ўзбек газеталарининг энг мундарижали ва ҳурриятпарвари эди. Унинг 2 нчи нўмерида Туркистон жумҳурияти Марказий фирқа қўмитаси ва Марказий ижроия қўмиталарининг эндиги нашри афкори бўлган “Иштирокиюн”нинг ҳайъати аъзоси Мирмуҳсин йўлдош Шермуҳаммадўф Бухоро ва Хива инқилобига доир ҳурриятпарварона бир мақола ёзмиш ва у мақоласинда қўҳна мадрасалардан ақлларни чуритган “Шарҳи мулло” китобларини отмоқ замони келганини билдирмишди. Бу мақола бутун мутаассиб уламоларни ғайратга келтирди. Муҳсин йўлдошни қўҳна Тошканд уламолари ҳукуматдорлар-ла бирликда тутдилар. Халқ ичида қўлини боғлаб кездириб сазойи қилдилар. Қозига келиб қозидан уни 18 ой дустоққа ҳукм эттирдилар. Фақат у вақтда мавжуд ҳурриятпарвар муассасаларки Туркистон қўмитаси ва аскар, ишчи шўролари эди, бу адолатсизликни қўймади. Муҳсин йўлдош қўҳна шаҳардан янги шаҳарга кўчирилди. У ерда фақат жонини сақлай билди. Шу воқеадан эътиборан Туркистон жавонлари ила уламо ораси тузалмас бир ҳолга келди. Ўктабр инқилоби ўлмайди, уламолар жавонларни бир ерга қўймасдилар. Ва бўйлаликла ширин ҳуррият зоҳир бўларди. “Турон” газетаси 5 нчи нўмердан сўнг жоҳил халқ уламо иғвоси ила унга бойқот ясагандан сўнг ёпилишга мажбур бўлди. “Турк эли”, муҳаррири – бокули Муҳаммадали Афандизода, ношири – Турк адами марказият фирқаси. Бу газета-да 5 10 нўмери чиққандан сўнгра моддий сабаблар ила бекитилди. “Улуғ Туркистон”, муҳаррири – собиқ “Вақт” муҳаррирлариндан Кабир Бакир. Ношири – Марказий тотор бюроси. Нимтотор шевасинда чиққан бу газета икки сана қадар давом этди. Энг фойдали, энг мундарижали ва энг узоқ яшаган газета шу эди. Шу вақтга қадар саналганлар фақат Тошканд шаҳринда чиқмиш газеталардир. Вилоятларда чиққанлари булардир: “Ҳуррият” – туркча ҳурриятпарвар газета, Самарқандда чиққан. Абдурауф Фитрат муҳаррирлигида давом этган бу газета бир йил қадар давом этди. “Эл байроғи” (Хўқанд шаҳри) – туркча, муҳаррири – машҳур Туркистон ва Шарқ тарихи олимларидан Бўлот Соли. Ношири – “Ғайрат” ширкати. Бу газета Ўктабр инқилобига қадар давом этди. Хўқанд фожиасиндан сўнгра битди. “Равнақ ул-ислом” – Хўқанд шаҳринда чиққан муҳофазакор газета. Муҳаррири – Нурмуҳаммад ўғли Тошмуҳаммад. Ношири – “Халойиқ” жамияти. Бу газета бир-икки ой давом этгандан сўнгра моддий ва маънавий сабаблар ила бекитилди. “Озод”, Фарғона ноҳияси Сим (Искобулўф) шаҳринда нашр этилган бу туркча газета 2 нчи нўмеридан сўнг моддий ва маънавий сабаблар ила бекитилди. Муҳаррири – Ҳоди Файзий. Ношири – инқилоб қўмитаси. “Садойи тарончи”, Еттисув вилоятинда чиққан бу газетанинг ноширлари тарончи турк жавонлари эди. Муҳаррири тотор шоирлариндан Зариф Баширий эди. 1-2 ой давом этди. Булардан бошқа Фарғона ноҳияси, Наманган шаҳриндан мухталиф номлар ила бир неча газета чиққан эса-да, исмлари хотирамда йўқдир. Журналлар “Ал-Ислоҳ” (Тошканд). Қора фикрли уламо ва сарватдорларнинг нашри афкори бўлган бу диний ва таассуб мажмуаси жавонлар ила гураша-гураша, бир йил қадар давом этгандан сўнг Ўктабр инқилобидан сўнгра ёпилди. “Изҳор ул-Ҳақ” (Тошканд). Муҳаррири – Садриддинхон. Ношири “Фуқаро” жамияти. Бу мажмуа мўътадил маслакли бўлиб, жавонларни мудофаа этар, халқни ҳурриятга ва тараққийга тарғиб этар, уламоларга қарши қалам қўлланарди. 5 6 ой давом этиб қопатилди. “Баён ул-Ҳақ” (Тошканд). “Изҳор ул-Ҳақ” ўрнига чиққан бу мажмуанинг ношири “Мадания” ширкати эди. Аввалгининг йўли ила кетарди. “Юрт” (Хўқанд шаҳри) – адабий мажмуа. Муҳаррири – Ашурали Зоҳирий. Ношири-да ўзи. 5-6 нўмер чиққандан сўнгра моддий жиҳатдан сиқилароқ ёпилди. “Кенгаш” (Хўқанд), муҳаррири – Ҳамза Ҳакимзода. Ношири – муаллимлар жамияти. 3 4 нўмеридан сўнг ҳимматсизлик сабабли ёпилди. “Ишчилар дунёси” (Тошканд) – сусиёлист фикрли. Ношири – мусулмон амалалари шўроси. Муҳаррири – Ғози Юнус. 15 кунлик бўлган бу мажмуа 7 нўмерига қадар давом этиб, моддий жиҳатдан ёпилди. Бу мажмуа уламо ва сарватдорларга қарши чўқ шиддатли ёзар эди. “Чаён” (Скорпион) – яримтотор шевасинда Тошкандда нашр этилган бу ҳажвий мажмуанинг муҳаррир ва ношири – Халаф Тўлакўф. Бош муҳаррир эса Иброҳим Тоҳирий эди. Сўнг “Чўл чаёни” номига табдил этилган бу мажмуа икки йил қадар давом этди. Расмлар ва баъзи мақолаларни “Мулло Насриддин” мажмуасиндан ўғирларди. “Садоқ” – (Гулла) Еттисув вилояти Олмаота шаҳринда чиққан бу ҳажвий мажмуа 5-6 ой давом эта билди. Ҳажвий жиҳати яхши, фақат шахсиятга чўқ кенг майдон берарди. Шеваси – яримтоторча, муҳаррири – Зариф Баширий. Ношири ёшлар ташкилоти эди. Туркистонда тартибли мактаблар Сўнгғи вақтларда Туркистон атрофинда тартибли мактабларга эҳтиёж бик нақ сезила ва яхши онглашила бошлади. Бир шаҳарлардагина тугал, овуллар (қишлоқлар) била бунинг керагин била бошладилар. Фарғона вилоятинда овуллар шаҳарлардан олға кетдилар деярга-да ёрий. Масалан, Андижоннинг ўзинда кўнгил тутарарлиқ бир мактаб бўлмағани ҳолда уязинда бўлған Жалолободда Тожризо Бадалий афанди тарафиндан 3 шўъбали зўр бир мактаб таъсис этилди. Мактаб ҳар жиҳатдан ҳифзи сиҳатга мувофиқ; зўр ва ёқти. Намангондан бир муаллим олинуб янги усулға солинди. Шулуқ уязда Избоскандда Жўрабой афанди тарафиндан яна бир мактаб очилди ва Хўқанддан муаллим кетирилуб 50-60 бола тартиб билан ўқитула бошлади. Мактаб ҳифзи сиҳатга (гигиена – I.М.) шул қадар мувофиқ, кенг ва тамиздирки, бундай мактаб Андижон, Ўш ва Марғилон шаҳарларинда-да йўқдир. Хўқандда Камол Қози тарафиндан солинған мактабгина бунга муқобала этса эта олур. Хўжанд уязи Ҳистивоздада бир мактаб очилди. Мадрасаи Олияда ўқуған Муҳаммаджон афанди муаллимлик эта. (Бу киши “Садои Туркистон” ёзувчилариндан – муаллиф.) Муна шулардан очиқ кўринадирки бу кун Туркистон овулларинда мактабка эҳтиёж шаҳарларга қарағанда яхшироқ онглашилуб борадир. Шаҳар кўбрак мавдо ортиндан бора. Аммо овул халқи ҳақиқий илм ва ҳунар излий. Масалан, атрофиндағи овуллардан алланеқадарси (аллақанчаси – I.М.) тартибли мактабли бўлуб турғанда Андижонда тилга олурлиқ ёлғиз икки мактаб бор: 1) си Зиёиддин афанди мактаби, 2) Тошкандлик Ҳасан қори мактаби. Бошқалари ҳануз қаноат қилинурлиқ бир ҳолга кела олмайлар. Туркистоннинг жон томири “Туркправда” йўлдошимиз-да ўртоқ Ефаниф “Суғориш ишчилари ҳозирлаш” тўғрисида бир мақолача ёзиб, бу муҳим масъаланинг шу кунги вазъиятидан бир оз маълумот бериб ўтадир. Бизнинг Туркистонда суғориш ишларининг аҳамияти маълум. Бу тўғрида газеталарда, йиғинларда, қурултой ва кенгаш мажлисларида жуда кўб гап-сўз бўладир. Жуда кўб қарор ва тилаклар чиқариладир. Локин жаҳон уруши ва айниқса ички урушлар бошланғандан бери суғориш йўллари (анҳор, сой, ариқ ва ҳоказолар) тузалиш эмас, бузулиш билан келмакдадир. Туркистон, озуқ ва ғалла етишдириш билангина қолған вақтларда ҳам, суғориш йўлларининг аҳамияти камаймайдир. Локин мана бу йилгидек пахтаға кўбрак аҳамият бериб, унинг учун марказдан улгуржи пул чиқарилған вақтда суғориш йўлларининг аҳамияти жуда зўраядир. Шуни тушунуб бўлса керак, марказ Туркистоннинг суғориш ишлари учун олтун ҳисоби билан 6 милён сўм пул чиқарди. Пул бўлғандан сўнг уни ишлатиш, айниқса “сарф қилиш” жуда осон. Фақат, ишлатилган ердан унум чиқариш масъаласи қийинроқ. Демак, истаймизким, олинған пуллар ўз йўли билан ўз жойиға кета берар, янги ариқлар кавлатилар, бузулған ариқлар тузатилур. Сув чиқмаған ерларга сув чиқарилур. Фақат, буларнинг ҳаммасига одам керак, ишчи керак. Ўртоқ Ефаниф бу тўғрида гапириб туруб: “Аниқ маълумдирким, ариқ оқсоқол ва мироблар билан тарақлай олмаймиз. Яхши ҳозирлиқ кўрган бир мунча ишчилар, яъни: сув техниги, муҳандис ва бошқалар керак. Улар эса бизда йўқ.” дейдир. Бу тўғри, бу рост. Шундай бўлғандан кейин у ишчиларни етиштирмак керак. Етиштиратурған муассасаларимиз борми? Бор бўлса қандай ҳолда? Бу тўғрида гапни яна ўртоқ Ефанифдан эшитайлик: “Бу кун бизнинг қўлимизда сув техниклари тайёрлайтурған биргина муассаса бор. Муассаса Тошкантдаги кечлик техникумдирким, бизнинг ихтиёримизни сира таъмин қила олмайдир. Шу кунларда суғориш ишлари тўғрисида бир кенгаш мажлиси бўлуб, сув техниклари етишдириш тўғрисида бир мунча кундалик йўллар кўрсатди”. Бу кенгаш мажлисининг кўрсатган йўллари орасида: шу кўклам ва ёз ойларида сув техниклари етиштиратурған бир мунча ўрта мактаблар очиш; Байрамалида сув ўнбошилари мактаби очиш; келгуси йилда эса Самарқанд, Полторатск ва Олмаотада сув техниклари мактаби очиш нияти бордир. Дуруст, булар кўб яхши тадбирлар, кўб яхши йўллар. Энди масъаланинг бошқа бир муҳим жиҳати бор, у-да шу мактабларга ерлик халқни кўбрак тортиш масъаласи. Бу тўғрида ўртоқ Ефаниф қисқағина қилиб, шу тўрт оғиз гапни айтиб ўтадир: “Сув техниклари етишдиратурған мактабларга ерлик халқни жалб этиш мақсади билан ҳар бир мактаб ёнида тайёрлиқ синфлари очмоқчи бўлунадир”. “Очмоқчи бўлунадур”- бу ният “тайёрлиқ синфлари” – мактабнинг кўланкасидир. Буларни ҳам қилатурған бизнинг “Туркпрофубар” ва “Туркторкомпрос”… Масъала муҳим, Туркистоннинг жон томири, фақат, нимага эканки кўнгил тўлмайдир. Туркия – Русия муоҳадаси Туркия – Онатўли ҳукумати билан Русия шўролар ҳукумати орасида ўтган март ойининг тугалланишида сиёсий бир муоҳада ясалғонлиғи вақтида ёзилиб ўтган эди. Ҳозир Қримда чиқатурғон “Янги дунё” газетасидан мазкур муоҳаданоманинг моддаларини кўчирамиз: 1-Ушбу муоҳада бўйинча, икки томондан бирига тегишли бўлғон бирор муоҳадани иккала тарафнинг бириси тасдиқ қилмаса, қолғон бири ҳам тасдиқ этмон. 2-Туркиянинг тупроғи, Туркия миллат мажлисининг 1920-йилда қабул қилғон Миллий Мисоқ аҳдномаси бўйича таъйин қилинадир. 3-Нахачиван вилояти Озарбайжон жумҳуриятининг қўли остида ўз бошлиқ ва имтиёзлиқ ўлка саналур. 4-Ордаҳон, Ортавин ва Қовус вилоятлари туркларники бўлур. 5-Шарқ миллатлари ўз истак ва орзулариға мувофиқ қандоғ ҳукумат ва идора усулини қабул этсалар, шуни ҳар икки тараф қабул этар. 6-Истанбул – Туркиянинг пойтахти деб топилур. 7-Бўғозлардан тижорат кемаларининг сарбаст (эркин) ўтуб юрушларини таъмин қилмоқ учун қора тенгиз ва бўғозларға тегишли бўлғон низомномалар, Қора тенгиз бўйларида бўлғон ҳукуматларнинг вакиллари томонидан белгиланур. 8-Русия билан Туркия орасида бўлғон эски аҳдномалар ва Туркиянинг Русиядан олғон қарзлари йўқ қилинур. 9 – Иккала тарафнинг ҳар бири иккинчиси тарафидан ёки унга қарашлиқ гуруҳлар тарафидан ҳукуматни қўлламоқ ҳаракатига ёки унга қарши курашмак истаган фирқаларға йўл бермас. Туркияда сайловлар Инқилобчи бош Туркияда яқин ўртада умумий бир сайлов бўлуб ўтди. Сайловнинг муқаддимаси қандай белгиланиши, қандай аҳвол ва вазият ичида сайловға киришилгани тўғрисида бизга баъзи нарсалар маълум. Лекин, сайловнинг қандай давом этиб, нима билан тугалгани тўғрисида телеғрам ва на газеталарда ҳозирғача ҳеч нарса кўрганимиз йўқ. Маълумдирким, иттиҳодчилар фирқаси мамлакатни ҳалокат қирғоғиға келтириб қўюб, Оврупо урушининг тугалиш кунларида ўзи ҳам тарқалиб кетди; унинг мамадана ва қайнар қонлиқ оқсоқоллари, ҳаммаси ҳар томонға қочиб битдилар. Унинг ўрниға ўлтурған файласуф табиатлик, жанжал ва ғалвага тоби йўқ эътилофчилар бўлса, Туркия давлатини кўмишдан бошқа нарса бўлмаған машҳур “Севр муоҳадаси”га бемайл ва хотир қўл қўюб бердилар. Ниҳоят, Севрда аҳднома боғлашқан иттифоқчи жаҳонгирлар муоҳаданинг асосларидан четга чиқиб, Туркиянинг тегилмас жойлариға ҳам қўл узата бошлағандан сўнг бир неча фидокор ёш туркларнинг раҳбарлиги остида бутун Онатўли халқи, қишлоқлари бош кўтардилар. Истанбулнинг гўзал, чиройлиқ ўрдаларига Ваҳидиддин деган бир “қўғурчоқ”ни “султон” қилиб ўтқузуб қўюб, ўзлари Онатўли исёнчилари билан курашишга киришган афандилар бутун турк халқига ва балки бутун дунёға Туркиянинг қолған-қутқанларини ҳам оринмасдан бировлар қўлиға топширишдан бошқа вазифалари бўлмағанлиғини кўрсатдилар. Бу орада икки йил ўтди. Инқилобчи Онатўли ҳукумати халқнинг бутун кучини “Буюк Миллат мажлиси” теграсига тўплаб туруб, Туркиянинг истиқлолини сақлаб қола олди, тўғриси, улуғ бир шараф билан сақлаб қолди. Туркиянинг қўлидан қайтмаслиқ бўлуб чиқди дейилган ерларни яна Туркияга қўшди, улади. Енггувчи турк қўшунини Истанбулнинг дарвозаси олдиға келтириб қўйди. Бир тарафдан Истанбул ва бўғозлар учун катта давлатлар билан сўз ва сиёсат кураши бошлаған ёш Туркия, иккинчи томондан пишиқ ва тублик бир ҳукумат қурмоқ учун умумий сайлов эълон қилди. Ya’ни: Туркия Буюк Миллат Мажлиси кўбчиликнинг текис аралашиши билан сайланиб қўюлмоқчи бўлди. Мамлакат минг азоб билан ҳалокат қирғоғидан қутулмоқ учун тиришқан чоқда турлиси турли ёқда “ғариб” бўлуб юрган бурунғи оқсоқоллар сайлов чоғида қайтадан кўрунуб қолдилар. Тарқалған Иттиҳод фирқасининг сайловларға жуда “жиддий” аралашмоқчи бўлғанлиғи тўғрисида Истанбул газеталарида хабарлар бўлди. Иккинчи группа номи остиға йиғилған бир тўда Туркиянинг ёш ва инқилобчи ҳукуматига сайловлар орқалиқ жиддий зарба бериш учун енг шимарған эди. Бу тўда бурунғи фирқаларнинг бирартасими, ёки янги пайдо бўлған айрим бир фирқами, бу ҳақда телеғрамда ҳеч нарса билдирилмади. Ҳар ҳолда, бу фирқанинг тескаричи тўралар ва ўнг муллалар бўлиши эҳтимол. Сайлов чоғида бу фирқа ва бошқа сиёсий фирқалар билан чинакам тўқунушатурған фирқа эса, бошида Мустафо Камол бўлған “Халқ фирқаси” ёки “Мудофааи ҳуқуқ” тарафдорлари эди. Сайловлар шу аҳвол ва шу шароит ичида бошланди. Бу сайловлар охир бориб нима билан тугагандир, билмадик. Фақат, сиёсат оламида, айниқса Лузон канференсиясида бўлған баъзи зўр вақеаларга қараб, сайловда ҳам ғалабанинг ким томонида бўлғанини бир даража билмак мумкиндир. Туркияни ҳалокат чуқуридан қутулдирған Туркия миллий ҳукумати, сўнг вақтда сиёсат майдонларида ҳам катта ғалабаларга эришди. Иттифоқчи жаҳонгирлар, биринчи Лузонда ҳеч нарса чиқара олмағандан сўнг, иккинчи Лузонда тақдирларига тан бермакка, инқилобчи халқнинг кучи олдида бўюн эгмакка мажбур бўлдилар. Туркия билан битишиш телеғрам хабарига қарасақ бўлди ҳисоб. Тез фурсатда туб яраш муоҳадасизга ҳам қўл қўюлур. Ундан сўнг англизлар Истанбулни бўшата бошлағайлар. Бунинг учун ҳозирдан тайёрлиқ бошланди. Катта, жанжаллиқ масъалалардан Туркиядаги ажнабийларнинг ҳуқуқий масъаласи Туркия фойдасиға тугалди. Юнонистоннинг қўшун йиғиб, пўписа қилишидан ҳурккан киши бўлмади. Юнонистон, тазминот ўрниға қора оғоч истансасини (Эдирна томонда) бериб қутулди. Туркия ўзининг тугал истиқлолияти, бутун борлиғини қайси куч ва қайси группа орқасида сақлаб қола олди? Бу саволнинг жавоби очиқ кўрунуб турғандан сўнг, сайловлардағи ғалабанинг ҳам ким томонидан бўлиши сезги биланоқ билиниб қоладир. Турксоюз ва ерлик халқ Янги Иқтисодий Сиёсат даврида энг муҳим бир муассасага айланган Турксоюз тўғрисида газета бетларида хийла кўб ёзилди, хийла кўб танқид этилди, сўкулди, локин, бу бечора муассасанинг тублик суратда тузалгани кўрулгани йўқдир. Бу идорадан ерлик халқнинг меҳнаткашлари бир чақалиқ фойда кўрди деб даъво қилған киши – бу даъвоси олдида ўзи уялмоққа мажбурдир. Бу идоранинг умуман ерлик халқ билан, ўшал ерлик халқнинг фойдасиға бўлатурған алоқа ва муносабати йўқдир. Унинг ерлик халқ билан бўлған муносабати ерлик халқ қўлидан озиқ-овқат ва ҳар хил бошқа молларини сотиб олиш ва бир неча мусулмон қорунларини тўйғазиш, семиртишдан иборатдир. Мусулмоннинг энг виждонсиз, ифлос ҳаннотлари, энг маслаксиз қорин бандалари унинг вакили бўлуб олғанлар. Бу ҳақиқатлар янги кашф этилган ҳақиқатлар эмас, ҳаммага очиқ равшан, маълум бўлған ҳоллардир. Буни қайтадан ёзиб ўлтурмоқнинг фойдаси-да, кераклиги-да йўқ эди. Локин, Турксоюзнинг ерлик халққа қарашини очиқ кўрсататурған бир воқеа, бизни шу сатрларни ёзмоққа мажбур этди. У-да шундан иборатдирким, Турксоюзда Туркистон дорулфунунининг ижтимоиёт шўъбаси учун бир неча истипендия (жой) бор экан. Бизнинг олған маълумотимизға қарағанда мазкур жойларда биргина бўлсун ерлик халқ йигитлари бўлмай, ҳаммаси овруполиларға таҳсис этилган экан. Бизнинг кўз олдимизда ерлик халқ ёшларининг “Кўмак” уюшмаси олий мактабларга кирмак истаган ўзбек ёшларини қандоғ қилиб жойлашни билмай, ўзини ҳар ёққа уруб турған чоқда шу ҳолатни кўргандан сўнг ўзимизни тўқтата олмасдан, ихтиёрсиз: – Ҳой уятсизлар! – демакка мажбур бўламиз… Турсуной саҳнада «…баъзида алланималарни умид қилған бўласан киши, лекин бахтнинг шоҳи этаги сира тутқин бермайди…» («Икки бойға бир қарол» пиесасида Клариче – Турсунойнинг сўзларидан») 1 «Икки бойға бир қарол» пиесасида Клариче рўлини ҳар тўғрида яхши ва жонли қилиб ўйнаған Турсуной Клариченинг шу аламли сўзларини сира таъсирли қилиб айта олмас эди. Бу қисқағина жумла, агар яхшилаб айтилганда, ўз тилагига эриша олмаған бир қизнинг оғир фожиасини ҳар қандай тош кўнгилларга ҳам сездира олади; ҳар қандай метин юракни ҳам бир қадар қалтирата олади. Аммо бу жумлани Турсуной ўйнаған Кларичедан эшитганлар неча марта эшитган бўлсалар ҳаммасида ҳам ҳижир алам таъсири(ни) ололмадилар, жуда бўлса енгилгина бир кулиб қўйдилар… Бизнинг бу гапларимиздан Турсунойнинг ҳунарсизлигини англамоқчи бўлғанлар бор эса шошмасинлар! «Бир қарол»ни саҳнага қўйған киши – режиссўр сўниб бораёткан Дорабек (феодал) оиласининг эрка ва нозли қизи Кларичега шундай бир табиат ва хулқ берган эдиким, унинг дунё-дунё алам ва изтироблари ҳам ҳеч кимда ҳеч қандай марҳамат сезгиси қўзғатмас эди. Демак, ўз муаллимининг шу мафҳумда берган рўлини шогирди Турсуной жуда яхши бажариб чиққан: шундай аламли бир жумлани айтган вақтида уни ҳеч ким қизғанмаған. Зотан, Турсунойнинг ўз табиати ва хулқи шу эди. Уни кўрган вақтларимда мен ҳамма вақт шоирнинг шу тўрт йўл байтини эслар эдим: Турмушнинг ўзисиз дея олмайман, Чунки юзингизда доим жилмайиш, Қайғи-аламларни эрмак қиласиз, Эҳтиёж қошида гўдак боласиз… Турсуной жуда жонли ва шўх бўлса-да, «турмушнинг ўзи» эмас эди, чунки у «доим кулиб ва жилмайиб» юрар эди, ҳолбуки, турмуш ҳамма вақт ва ҳар ким учун «ўйин-кулги» эмасдир; унда «эчкига жон қайғи, қассобға ёғ» деган ҳикмат ҳали ҳам бутун даҳшати билан ҳукм суриб келади. Дунёнинг ёлғиз олтидан биридагина эзилганлар эзганларга қарши қўзғалиб, ёруқ дунё тузиш йўлида иш бошладилар; жиддий, астойдил ва ҳаяжонли иш бошладилар, лекин дунёнинг олтидан беш ҳиссасида ҳалиги ҳикматни ҳақ деганлар ҳукм суриб келадилар, ҳукм! Мана шу учун «доим ўйин-кулги»дан бўшамаған, ҳамма вақт «қайғи-аламларни эрмак қилған», эҳтиёжини сира писанд қилмаған, унинг олдида «гўдак бола» каби бепарво юрган Турсуной, албатта, турмушнинг ўзгинаси эмас эди. Шу учун у турмушнинг ўзгинасини тўғри акс этдирган асар ва рўлларда муваффақ бўлолмасдан, ҳамма вақт жиддиятдан кулган нарсаларда муваффақ бўлуб келди. 2 Дорабек қизи Клариче турмушда, ҳақиқатда, балки, мунча енгил ва мунча эрка бўлмағандир. Юқоридағи жумлаларни у, балки, йиғлаб туриб гапиргандир. Лекин Клариче – Турсуной уни бизга бошқача қилиб, у бой қизидан кулиб, уни эрмак қилиб кўрсатди. Турсунойнинг шўх ва ўйноқи табиати ҳам бунга катта ёрдам қилди. Турсуной Кларичесида бир умр эсдан чиқмайдурған жойлар бор эдиким, билмайман, ёш саҳнамиз яна ўшандай бир тасвирни қачон кўра олади. Ёш «номаҳрам» ва севилмаган бир эркак («Беатрича») билан ёлғиз бир уйда қолған ва ота-онанинг ризолиғи учун у билан хушчақчақ қилиб гаплашишга мажбур бўлған Клариче (худди бизнинг ўзбек қизлари каби!) бирдан қошидағи эркакнинг эркак эмас, хотин бўлғанини эшитади. Шунда Турсуной югуриб ўша эркак кийимли хотиннинг ёниға боради, унинг хотин-эркаклигини билиш учун баъзи бир синашларни қилиб ўтказади: мўйлавини кўради, танларини сийпалаб қарайди, ўткур ва, айни ҳолда, ўйноқ-шўх кўзлари билан қаршисидағи одамни бошдан-оёқ бир сузиб чиқади: сўнгра хотинлиғини жуда очиқ билдиратурған бир ишни қилади – яъни уни қитиқлаб кўради, шунда иккаласи ҳам тамом хотинлар кулиши билан кулиб юборадилар… Шу билан қаршидағи эркакнинг хотинлиғи аниқ билинади. Ана ўша синаш вақтида Турсуной енгил, юмшоқ ва худди ўзига махсус ҳаракатлар билан шундай ширин бир ўйин берар эдики, энди уни, билмадик, ким бера олади. Сўнгра эркак қиёфатли хотин билан дўстлашади, қалинлашади, дардлашади. У хотин мундан шу дўстлик ҳурматига бир ўпиш сўрайди, сўрағанда ҳам эркакларча эмас, хотинларча сўрайди. – Келинг, битта ўпиб олай! – дейди. Шунда Клариченинг бир уялиши бор, оддий сўзлар билан айтилади: – Йўқ, мен уяламан… Лекин шу оддий сўзга Турсуной шундай бир оҳанг берадики, у оддий сўз буткул танимаслик бир ҳолга келади ва хотин-қиз уялишларининг энг нозик бир онини жуда ширин қилиб кўрсатади. Сўнгроқ Клариченинг яна бир нозик ўйини келади: у ўзининг асл севгилиси билан (аҳмоқ ва телба Силвио билан!) бир уйда ёлғиз қолади. Боя «эркак қиёфали» бир одам билан хилватда бир оз гаплашиб қўймадими? Аҳмоқ куёв у одамнинг хотин бўлганини билмайди, Клариче эса буни айта олмайди (чунки айтмасликка аҳд қилған); шу учун куёв йигит ундан хафа, ўпкаланган, уни «жиркангич хотин!» деб сўкади. Бу унга: – Мен сизни бутун кўнглим билан севаман! – деса, у бунга: – Мен сизни бутун қалбим билан ёмон кўраман! – дейди. Ниҳоят, Клариче аҳмоқ куёвини ўлим билан қўрқитмоқчи бўлади-да, орада мана бу гап ўтади: «К л а р и ч е: Агар шу ситамларингизни ташламасангиз, мен ўламан! С и л в и о: Сизнинг хиёнатингизни кўргандан кўра ўлигингизни кўрсам яхши. К л а р и ч е: Бўлмаса, мен сизни хурсанд қилишга ярайман! С и л в и о: «Жон» деб кўраман бу томошангизни…» Шундан сўнг Клариче қилични қўлиға олади ва ҳазилакамдан ўзини ўлдирмакчи бўлади. Ўшанда Турсунойнинг жуда бебаҳо ҳаракатлари бор. Қиличнинг ўткурми-йўқми эканини билмак учун унинг тиғиға қўлини тегизиб кўради, шунда қўли тегар-тегмас қўрқиб тортиб олишлари ва қиличнинг учини эмас, соп томонини кўксига қўйғани ҳолда оғриқ, изтироб ва қийналишни ёлғиз юз ҳаракатлари билангина шунча очиқ ва гўзал кўрсатишлари катта маҳоратнинг борлиғини билдиради. Умуман, Клариче рўлида Турсуной жуда берилиб ўйнаб, унинг ичида эркин-эркин яшар эди. Шубҳасиз, у рўлга биздан янги кучлар чиқади, янги нарсалар беради, кўрсатади, лекин Турсунойнинг ўзига хос ҳаракатлари ўзи билан бирга кетган бўлади… Адиб Фитратнинг содда, лекин қийматли бир асари бўлған «Арслон»да Турсуной кичкина бир рўлни ўйнар эди. Турсунойнинг қудрати ва қуввати ўша кичкина рўлни ҳам улканлар қаториға чиқарди, бир кўриниб ўтатурған Зайнабни бир умр унутилмас тасвирга айлантирди. Зайнаб – Мансурбойнинг катта хотини. Унинг устига Мансурбой Шарофат деганни олған: энди унинг ҳам устига Тўлған деган камбағал бир қизни олмоқчи бўлуб юради, Зайнаб эрининг бевафолиғи ва занпарастлигига бир замонлар хўб ёниб-куйган бўлса керак. Энди унинг рашк оловлари ўчган: у ўзи ҳам ўша қишлоқнинг имом домласи билан (дуо, эм, қайтарма ва ҳоказолар баҳонасида) ўйнашиб юради. Зайнаб билан домланинг Зайнабга хос уйда базм қуришлари «Арслон»нинг энг гўзал ва қизиқ кўринишидир. Ҳар сафар диққат қиламан: халқ, томошачи ўша кўринишда доим яшайди, унга «жон» кириб туради. Ўша кўриниш қайта-қайта олқишланади. У олқишларнинг кўпи, шубҳасиз, Турсунойға бориб тегиши керак. Чунки у Зайнабда сўз оҳанги (интонация) билан ҳаракат (движение)дан бирлашган ажойиб, гўзал, янги ва асил ўйинлар беради. У ўйинлар режиссўр кўрсатган саҳна чизиқлари ичида Турсунойнинг ўз ижодлари, ўзи яраткан бадиалар эди. Унда Зайнабнинг бир сўзи бор, оддий сўз, хотин-қизнинг турмушидағи майда, лекин характерли сўзларидан: – Бойингиз ҳам қурсин! Тутуриқсиз! Кунда бир хотин олиб, нима қилар экан? Бу сўзни Турсуной ўйнаған Зайнабнинг оғзидан бир марта эшитган киши яна қайтиб-қайтиб эшитмак истайди ва бундан сўнг у сўзни айтадурған Турсунойнинг буткул йўқлиққа кетганини ўйласа, чинакам алам ва ҳасратлар ичида қолади. Турсуной у сўзга жуда ғалати бир сўз оҳанги бериб гапиргач, ўша гапнинг ўлчови билан ерга ўлтириб қоларди. Бу, албатта, унинг «вазн» ва чолғи қувватини кўрсатади. Яна ўша кўринишда Зайнабнинг мана бу сўзлари ҳам Турсуной ўйнағанда жуда ажиб бир сўз оҳангларига эга бўлар эдилар: – Лўли хотин, мени тушунмайди деб ўйлайсанми? Жуда яхши биламан. Сўнгра: – Шарофатнинг жодуси билан Тўлған ўлса, менинг жодум билан Шарофат ўлади! Бу содда, лекин Турсуной оғзида ширин ва гўзал жонланған сўзларнинг оҳанглари унинг ўзи билан бирга ўлдилар. Ўрниға келган бошқа оҳанг, албатта, бошқалиғини сездириб туради. 3 «Ҳалима» ва «Турондод» тўғрисида гаплашишни бошқа вақтға қолдираман. Турсуной бир мақоланинг замини эмас, бир неча мақола керак. Турсуной енгил пар каби бир учиб ўтди. Тўзған пардан ҳеч нарса қолмайди. Аммо унинг yaratQan рўллари саҳнамизни бир йилгина бўлса ҳам яхши ёритди, нурлантирди. Украина бандурачилари Бизнинг севимли мамлакатимизда ингичка санъат ишларига бошқача аҳамият берилмоқда. Нариги дунёда – капиталистик Ғарбда – ингичка санъатдан ва унга мансуб кишилардан ҳар бир нарса йўқ бўлган бир даврда санъатнинг биздаги бу азизлиги кўп нарсаларни англатиб туради. Бизда кундан-кун ўсаётган ингичка санъат, айниқса, сўнг вақтларда жуда ажиб ва гўзал товушлар бермоқда, яъни, биринчидан, у ўз ижоди учун халқдан ва халқ адабиётидан руҳ ва озиқ олмоқда; иккинчидан, қуруқ шаклчилик ўйинларидан қутулиб бормоқда; учинчидан, мамлакатнинг кенг қучоғида яшовчи турли-туман халқларнинг санъатларини у халқларнинг бири-бирига кўрсатиш йўли билан интернационал тарбия жиҳатидан катта ижобий рўл ўйнамоқда. Бутуниттифоқ Халқ Комиссарлари Совети қошида, шу билан бирга, миллий республикаларнинг Халқ Комиссарлар Советлари олдида санъат ишларига қарайтурған алоҳида қўмита тузилгандан кейин ҳалиги учинчи жиҳат, яъни миллатларнинг санъатларини уларнинг бир-бирларига кўрсатишга алоҳида аҳамият берила бошлади. Бу йўлда Бутуниттифоқ Халқ Комиссарлари Совети қошидағи Санъат қўмитасининг ташаббуси, айниқса, махтарликдир. Яқиндағина Масковда бўлуб ўткан Қозоғистон санъати ўн кунлиги, Қозоғистон чолғи тиётрининг Масковдаги муваффақиятлари, чолғи тиётрининг томошаларига …бутун партия ва ҳукумат раҳбарларининг келиб туриши, қозоқ санъати арбобларининг олий нишонлар билан мукофотланиши – булар ҳаммаси юқорида айтилган вазиятни тасвирлайди. Қозоғистон ўн кунлигидан бурун Масковга Украина ўпера тиётри келиб, катта муваффақиятлар билан Украина совет санъатининг ютуқларини кўрсатиб кетган эди. Масков академик бадиий тиётрининг бу ёз ичи Украина советлар республикасининг маркази бўлган Киев шаҳрига бориб, томошалар бериши бу йил ҳар йилгидек оддий гастролчилик шаклидан чиқиб, катта бир тўй-томошага айланаётир. Тиётрнинг келишига бир ойдан кўпрак вақт бор бўлса ҳам, советлар Украинасининг янги ва гўзал маркази Бадиий тиётрни яхши қаршилаш учун жиддий ҳозирликларга киришган эди. 1937 йилда Масковда Ўзбекистон ва Арманистон санъатларининг ўн кунликлари белгиланган. Мана шундай гўзал ва катта ташаббуслар чоғида Украина давлат копелласи (чолғи тўдаси)нинг Тошкентга келиб концертлар бериши жуда вақтида бўлган ва унумли бир ишдир. Бу концертларни ташкил этган Қизил қўшун уйи мудирлигидир. Бир замонлар Польша ҳукумдорлари, ундан кейин Русия чорлиги томонидан, яна бир томондан – ўз бойлари ва мулкдорлари томонидан ҳар тарафлама жабр-зулм кўриб келган Украина халқининг шу узун қуллиқ йиллари орасида яратган адабиёти, куйлари, чолғиси жуда бойдир. Масковда катта муваффақият билан кўрсатилган икки чолғили асар асосан халқ ижоди устига қурилған нарсалар эди. У асарларнинг Украинанинг ўзидаги муваффақияти яна ҳам каттадир. Шаҳримизга келган копелла ўша кенг ва бой чолғи санъатининг бир шаклини, бир бўлагини кўрсатади. Тўдада энг кўп ва асосий асбоб «бандура»* (мандолин шаклида бир асбоб)дир. Фақат бунинг овози нозик, таъсирли ва ёқимлидир. Тўдада бандурадан бошқа асбоблар ҳам бор (чилдирма, чанг, тсимболи ва бошқалар). Бандура билан бирга туб рўлни мукаммал хор, чолғи ва ёлғиз ашулалар ўйнайди, хор, чолғи ва ёлғиз ашулаларнинг ҳаммаси музика билимининг талабига кўра яхшилаб ишланган. Шу учун хорларнинг овози бир хилда ва тўлдиручи эмас: ҳар хил товуш беради. Тўдада яхши овозли ашулачилар бор. Программадаги куйларнинг ҳаммаси деярлик халқ куйлари. Орада «Виночок» аталган уч куйли шўх, қувноқ ўйин мақомлари бор. Булар бутун томоша залини ҳаракатга келтирадилар. Куйлар орасида Украина куйларидан бошқа рус куйлари ҳам бор. (Қизил қўшунда айтилатурған «Приамур» қўшиғи.) Украинанинг машҳур тарихий қаҳрамони «Мамлюк»нинг қўшуғи томошачини эски замонларга, Украинанинг поплар (мулкдорлар) қўл остида эзилган даврларига, олиб кетади. Бундай мунгли, ғамли куйлар програмнинг бошиға қўюлған. Програм секин-секин қувноқ куйларга ўтади. Биз қўшни совет республикалари халқларининг санъатлари билан кўпрак танишув кераклигини тегишли уюшмалар эсига солиб ўтамиз. Уламо бош кўтарадир Самарқандда чиқатурған “Зарафшон” йўлдошимизда Бектош ўртоқ “Улармолар кимлар?” сарлавҳалик бир мақола ёзиб, уламони бундай таъриф қиладир: “Умаман уламо сўзини айтганда иш бузар мунофиқлар синфи кўз олдимизҳа келиб тўқтайдир. Чунки, башарият тарихининг саҳифаларига бир карра қаралса, қайси миллат ва қайси мамлакатда бўлса бўлсун, бутун балолар, фитналар, муқоталалар ҳаммаси ҳам шул синфнинг оёқлари остидан қўзғалғани кўруладир.” Бу таъриф тўғри. Бу таърифнинг тўғрилиғини, айниқса, эзилган, янчилған, маҳкум бўлған миллатлар ортиғроқ эътироф қилалар. Ҳар бир маҳкум миллат, маҳкум синф, маҳкум эл, ўзининг “маҳкумлигини” тушунуб, сабабларини истамакка бошладими, қаршисидағи биринчи ва энг лўнда сабаб – уламо бўлуб чиқадир. Шунинг учундирким, уламо халқни қоронғилиқда, нодонлиқда сақлаб, сабаб суруштирарлик ҳолда келтирмак истамайдир. Шунинг учундирким, бутун куч-қуввати билан халқнинг кўзи очилишиға, билим-маориф олишиға тўсуқ бўладир. Шунинг учундирким, Бектош ўртоқ дегандек букун ҳам: “Шу иғволар яна кўрунмакка бошлади. Эндигина тушунуб келаётқан халқимиз, буларнинг ташвиқлари билан, янгиликка қарши яна нафратга киришдилар. Кейинги вақтларда шўро ҳукуматининг ён бериши ва Янги Иқтисодий Сиёсатдан истифода этиб шаҳар маҳаллаларида, масжидларда ҳар турлик иғволар кўруна бошлади.” Бектош ўртоқнинг бу ёниш куюшлари, бу кўпириш – қайнашлари қуруқ замин устида эмас, далиллик, ҳужжатлик, вуқуот қаршисидағи фарёдлардир. Ҳақиқатан, уламо яна бош кўтара бошлади. Яна қимирламоққа, қўзғалмоққа бошлади. Масалан: Бектош ўртоқнинг хабарига қарағанда: “10 нчи декабрда Самарқанд Навганда гузарининг имоми, эрта намозидан сўнг: “Янги шўрои мактаблар ҳаром, болаларингизни эски мактабларга юборинглар” деб фатво берган. Сўфи Розиқ гузарининг имоми эрта намозидан сўнг халққа: (ман ташабиҳи биқум…” ишоратини билан: “ёшларнинг кофирлигига фатво берган. Ҳодийхон деган қози ҳам билим юрти талабаларидан бирини унда ўқумаслиғи учун танбиҳ қилған ва ҳоказо.” Дуруст. Уламо бош кўтарадир: уламо яна қимирламоққа бошлайдир. Бунга қарши курашмак керак, ўртоқ Бектош айтгандек: “Бу ишнинг олдини олмоқ учун жиддий ишга киришмак лозим. Буларга ён бериш эмас, балки йўл қўймаслиқ керак”. Бош кўтариб, қўзғалмоққа, қимирламоққа бошлаған бу ҳаёт душманлариға бизнинг айтатурған сўзимиз, “Зарафшон” муҳаррири ўртоқ Исмоилзоданинг бош мақоладаги хитобидир: “Майли, қўй! Бу сафар ҳам ҳаёт душмани уламо Туркистон ишчи ва деҳқонлари муқобилида ўз кучини синаб қарасун!…” Улуғ ҳинди “Шу нарсани юрагим дук-дук уриб туруб ёздим” десам ё ишонасиз, ё ишонмайсиз. Лекин, юрагим “шамол теккан япроқдай қалтирайдир…” Бир хил завқ – “нашъа” билан қалтираған юрагим, бутун танимни силкитадир ва қўлим ҳам шу орада енгилгина чайқалиб турадур. “Бу нимадан келди?” десангиз, англатай: Шу сўзларнинг энг юқорисида “Улуғ ҳиндий” деб қўюбмен-ку, ана ўша улуғ зот, яъни Робиндранат Тагор деган киши, ёшроқ вақтларида бутун дунёнинг энг баланд тоғларидан бўлган Ҳимолаянинг ҳайбатли ёнбағирларида отаси билан бирга саёҳат қилиб юрган экан. Ўша вақтларда ҳам ниппа-ниназин (яъни балодек) шоир бўлған у буюк зот ҳеч нарса ёза олмабдир. Шундай улуғ Ҳимолаянинг кўклар билан ўпишган чўққиларида, тун қоронғисидан ҳам қалин ўрмонлар қўйнида, шундай катта шоир бир оғиз нарса дея олмаса, биргина шеър парчаси ёза олмаса-я? Муни қаранг! Ўз тирикчилигига оид китобида ўзи шундай деб ёзғандан кейин танғирқаб – ҳайрат ёқасини ушлаб қолдим… Русчага таржума қилиниб, босилған асарларининг кўпини ўқуб ўтганимдан кейин, шу улуғ ва қийматбаҳо одамни ўз элимга танитмоқчи бўлдим. Шу ният билан қўлимға неча мартаба қалам олған бўлсам, ҳаммасида ҳам қалтироқ босди, тўқтадим… Фақат, менингча, у қалтироқ босишларнинг ва у юрак қалтирашларнинг “сирри” ҳам шу орада билинди, шундайким: – Ҳинд доҳийсининг Ҳимолая тоғларида ҳеч нарса ёза олмаслиғи у тоғнинг жуда ҳайбатли, азамат ва улуғ бўлуб ақлни шошириб қўйишлиғидан бўлса, менинг у азим зот тўғрисида ҳеч нарса ёза олмай қалтироқланишим ҳам у одамнинг Ҳимолая тоғлари қадар ҳайбатли ва улуғ бўлишидан келган экан! Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолған шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин – яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Бири-биридан ширин ахир! Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан – ҳеч сабабсиз! – аразлаған, хафа; янгига – эндигина суқулиб кирмоқда. У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола, гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; (безпризорный), ўзбошли! Журъат қилиб: «йўлсиз» деб юборайин деймену, қўрқамен; негаким бошлаб… ўзим йўлсиз! Ўзимнинг йўлсизлиғимдан бир оз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил! Кўнгил бошқа нарса – янгилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқинбойларни ўқиймен, қувонтирадир, холос! Улар менинг учун ёнған чироғлар бўлса ҳам, менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий ва Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен. мени шу ҳолға солған ўшалар!.. “Нечун очилди кўзим. Қайда кетди уйқуларим?..” Тўқайдан тортиб Қави Нажмигача – татар адабиётини, Ҳодидан тортиб Жаводга қадар Озарбайжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!), Номиқ Камолдан Али Сайфи (А.Сайфи)га довур усмонли адабиётини ўқуймен: ё – ортиқ янгилик, ғарблик, ё ортиқча шарқлилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган сўфийларча шеърларини ўқуймен; шуларга дурустгина қонамен; ундан кейин Яҳё Камолнинг “Саъдобод” руҳида баъзи нарсалари. Фақат – улар шу қадар озки… Ана шу вазиятда экан, ҳалиги улуғ зот менга йўлуқди. Шундан кейин чинакам қондим! Қўлим қалтираса ҳам, юрагим ўйнаса ҳам, қудратим етмаса ҳам ўша “Шарқ ва Ғарб ўртасидағи олтун кўпрук”ни элимга танитмоқчи бўлдим. Мундан ортиқ бир нарса демак, чинакам, қўлимдан келмайдир. Менинг қўлимдан келгани: у муборак одамнинг баъзи бир нарсаларини наср билан русча орқади таржума қилиб бериш бўлди. Шу ҳам – катта гап. Қуйида унинг “Ўроқ ой” деган асаридан учта шеърнинг таржумаси босилди. У шеърлар тўғрисида фақат шунигина айта оламанким, улар ёш бола, яъни гўдак аҳволи руҳиясини кўрсатишда бир-бирлари билан пойгак қўйишадирлар. Шуларни ўқудим, қайтиб-қайтиб ўқудим, ундан кейин Ҳожи Ражабнинг Шукур ва Ҳабиб деган кичкина-кичкина болалари билан гаплашдим ва бирга-бирга… ўюн қилишдим! Шунда билдимким, ўшаларнинг ҳар бири: бир Тагор, бир улуғ Ҳиндий! Улуғ ҳиндий «Шу нарсани юрагим дук-дук уриб туруб ёздим» десам ё ишонасиз, ё ишонмайсиз. Лекин, юрагим «шамол теккан япроқдай қалтирайдир…» Бир хил завқ — «нашъа» билан қалтирағон юрагим, бутун танимни силкитадир ва қўлим ҳам шу орада енгилгина чайқалиб турадур. «Бу нимадан келди?» десангиз, англатай: Шу сўзларнинг энг юқорисида «Улуғ ҳиндий» деб қўюбмен-ку, ана ўша улуғ зот, яъни Робиндранат Тагўр деган киши, ёшроқ вақтларида бутун дунёнинг энг баланд тоғларидан бўлган Ҳимолаянинг ҳайбатли ёнбағирларида отаси билан бирга саёҳат қилиб юрган экан. Ўша вақтларда ҳам ниппа-ниназин (яъни балодек) шоир бўлғон бу буюк зот ҳеч нарса ёза олмабдир. Шундай улуғ Ҳимолаянинг кўклар билан ўпишган чўққиларида, тун қоронғисидан ҳам қалин ўрмонлар қўйнида, шундай катта шоир бир оғиз нарса дея олмаса, биргина шеър парчаси ёза олмаса-я? Муни қаранг! Ўз тирикчилигига оид китобида ўзи шундай деб ёзғондан кейин танғирқаб — ҳайрат ёқасини ушлаб қолдим… Русчага таржума қилиниб, босилғон асарларининг кўпини ўқуб ўтганимдан кейин, шу улуғ ва қийматбаҳо одамни ўз элимга танитмоқчи бўлдим. Шу ният билан қўлимға неча маротаба қалам олғон бўлсам, ҳаммасида ҳам қалтироқ босди, тўхтадим… Фақат, менингча, у қалтироқ босишларнинг ва у юрак қалтирашларининг «сирри» ҳам шу орада билинди, шундайким: — Ҳинд доҳийсининг Ҳимолая тоғларида ҳеч нарса ёза олмаслиғи у тоғнинг жуда ҳайбатли, азамат ва улуғ бўлуб ақлни шошириб қўйишлиғидан бўлса, менинг у азим зот тўғрисида ҳеч нарса ёза олмай қалтироқланишим ҳам у одамнинг Ҳимолая тоғлари қадар ҳайбатли ва улуғ бўлишидан келган экан! Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин —яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин? Бири биридан ширин ахир! Бизнинг ўзбеклар учун ҳали ҳозирға у хил чучмаллик йўқ. Нимага десангиз, ўзбеклар эскидан — ҳеч сабабсиз — аразлағон, хафа; янгига — эндигина суқулиб кирмоқда У адабиёт майдонида янгиликка нисбатан: ёш бола гўдак, чақалоқ, эскиликка нисбатан: етим, кимсасиз; беспризорный, ўзбошли! Журъат қилиб: «йўлсиз» деб юборайин деймену, қўрқамен; негаким бошлаб… ўзим йўлсиз! Ўзимнинг йўлсизлиғимдан бир оз сўзлаб ўтайин: Навоий, Лутфий, Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийларни ўқиймен: бир хил, бир хил, бир хил! Кўнгил бошқа нарса яигилик қидирадир: Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, Жулқинбойларни ўқиймен, қувонтирадир холос! Улар менинг учун ёнғон чироқлар бўлса ҳам менинг эртам учун! Авлоний, Тавалло, Сиддиқий, Ҳакимзодаларни ўқумаймен, ўқумаймен, мени шу ҳолға солғон ўшалар!.. Нечун очилдп кўзим. Қайда кетди уйқуларим?..» Тўқайдан тортиб Қави Нажмигача — татар адабиётини, Ҳодийдан тортиб Жаводга қадар Озарбайжон адабиётини (Ҳусайн Жовидни ажратиб олиб қолдим!), Номиқ Камолдан Али Сайфи (А. Сайфи) га довур усмонли адабиётини ўқуймен: ё — ортиқ янгилик, ғарблиқ, ё ортиқча шарқлилик! Фақат усмонличадан Ризо Тавфиқнинг баъзи бир янги шакл билан эски руҳда айтган суфийларча шеърларини ўқуймен; шуларга дурустгина қонамен; ундан кейин Яҳё Камолнинг «Саъдобод» руҳида баъзи нарсалари. Фақат — улар шу қадар озки… Ана шу вазиятда экан, ҳалиги улуғ зот менга йўлуқди. Шундан кейин чинакам қондим! Қўлим қалтираса ҳам, юрагим ўйнаса ҳам, қудратим етмаса ҳам ўша «Шарқ ва Ғарб ўртасидаги олтун кўпрук»ни элимга танитмоқчи бўлдим. Мундан ортиқ бир нарса демак, чинакам, қўлимдан келмайдир. Менинг қўлимдан келгани: у муборак одамнинг баъзи бир нарсаларини наср билан русча орқали таржума қилиб бериш бўлди. Шу ҳам — катта гап. Қўйида унинг «Ўроқ ой» деган асаридан учта шеърнинг таржумаси босилди. У шеърлар тўғрисида фақат шунигина айта оламанким, улар ёш бола, яъни гўдак аҳволи руҳиясини кўрсатишда бир-бирлари билан пойга қўйишадирлар. Шуларни ўқудим, қайтиб-қайтиб ўқудим, ундан кейин Ҳожи Ражабнинг Шукур ва Ҳабиб деган кичкина-кичкина болалари билан гаплашдим ва бирга-бирга… ўюн қилишдим! Шунда билдимким, ўшаларнинг ҳар бири: бир Тагўр, бир улуғ Ҳиндий! Умид сиздан! Мухторият эълон этилди! Унинг тўғрисида дўстлардан ҳам, душманлардан ҳам кўб гаплар эшитдик. Дўстларимиз: «Муборак бўлсун, хайрлик натижаларини кўрингиз!» – дедилар. Баъзи дўстларимиз ёпилиб-ёпилмасдан: «Мухториятингизга «Яшасун!»дан бошқа сўзимиз йўқ. Аммо, аммо… ҳозирланмаған, тайёрланмаған, ўқумаған вақтингизда бўлған Мухторият илгариги хонликларни келтирмаса эди…» – деб қўюрлар. Энди большевикларга келсак, уларнинг назарлари жуда очиқ ва қатъий: «Бизнинг сўзга унасанг унадинг, унамасанг – шоп»! Бошларингда қизил гвардиянинг немисни уриб, Берлинни олиб, Англия ва Австриядаги мазлум миллатларни қутқазуб, франтсузларнинг Тунсин ерлиларига олиб берган қутлик қиличи капалакдай пириллар… Хулоса: «Хўб»ми? «Хўб» бўлмаса, Аллоҳу акбар!» Балки, баъзи мухбир кишилар большевикларни бу даражада очуб кўрсатишимизга рози бўлмасалар-да, мендан хафаланадирлар. Ҳам: «Далилсиз даъвонинг қозиси – даъвогарнинг ўзи!» – деган гапни такрорлар. Мен уларга мавлуд куни Тошкентда тўкулган қонлар ила Бухорода ва Хивадаги большевик ҳукумати бўлғандан кейин(ги) ҳолларни кўрсатсам. «Наша газета»* бетлариндаги узун мақола ва хабарларни ўқуб кўнгиллари ул тарафга мойил бўлғанликдан қаноат этмаслар. Аммо бу кунларда Андижонда бўлған бир воқеани айтсам, эҳтимолки, бир оз юмшарлар: Андижонда большевиклар Солдат ва ишчилар шўроси воситаси билан собиқ милисия началниги Самойлуф исмли бир кишини қўймоқчи бўлдилар. Дума аъзолари ила аксарият(ни) ташкил этган мусулмонлар бошқа кишини кўрсатдилар, уларнинг (большевикларнинг) жавоблари яна ҳалиги: «Унамасангиз, қон тўкилади!»… Шунинг билан ҳозир Андижонимиз кўнгилсиз воқеалар олдинда туради!.. Ўйламоқ керак: ҳозир Николай вақти билан замонамизнинг фарқи йўқ! Николай вақтида губернатурлар бирор кишини ҳокимлик ва бошқа ишларга ўзлари тайинлаб қўярлар эди. Мусулмонлар эътимодсизлик билдурсалар, баъзан бошқани ҳам қўярлар эди. Бир ҳоким учун қон тўкилганини мен эшитганим йўқ… Шунинг учун ҳуррият, адолат ва мусовот каби шуълалар ёрқираган бир замонда бўлған шундай воқелар яна бизнинг Николай асринда яшадигимизни кўрсатадир! Мана шундай ҳолларни ўйлаганда кўнгуллар умидсизлик дарёсига ботуб, кўнгилсизлик тўфонларинда ғарқ этиладир. Қаламлар илгари раҳмсиз сензурлардан қўрққандай бўлуб қоғознинг йўлларига юз қўйишга унамайдирлар… Ана шундай вақтларда пастда айтиладирган воқеалар кўз олдиға келуб, ночор-ноилож юракларнинг фавқулодда шодлик ила кўтарилишлариндан пайдо бўлган овозни тилини ғулдиратуб айтишга мажбур бўласан: «Яшасун Туркистон Мухторияти! Бор бўлсун ҳақиқий ва тўғри йўлдаги фуқаҳолар! Гуллаб кўкарсунлар умид юлдузлари бўлған ёшлар!» – деб… 1. Тошкентда «Фуқаҳо жамияти» большевикларнинг энг зўр суянчлари бўлган қўл кесиш ва қасосга доир очиқ ва яхши йўл топди! 2. 1-2 миллион қаҳрамон турк-татар аскарига таянган Ҳарбий шўро бўлған ҳолда каллалануб, очилуб, яшнаб келмакда бўлған Ишчилар ва деҳқонлар шўроларининг Мухторият байроғи остида Мухториятга жон ва қон фидо этишга ҳозир бўлуб туришлари; Мухторият (байроғи) остида қонун ва шариат йўллари ила ўзлариға ёруқ кун исташлари, уларнинг ул талабларина миллат ходимларимизнинг ҳам яхши юз кўрсатишлари. 3. Андижонда «Жамиятлар жамияти» ташаббуси билан бўлған шаҳар ва атроф съездига ҳамма жамиятдан 2 кишидан вакил киритилғани ҳолда «Шўрои исломия» раиси жанобларининг ташаббуси ва ғайрати ила мажлиснинг жамиятиндан 20 вакил қабул этиши, ҳар ишга ишчиларни яхши назар билан киргиза бошлаши. 4. Шу съездда улоқ, тўй, маърака каби бидъатларнинг исрофлари тамом битирилуб, сарфлари куч билан бўлса ҳам олинуб, очлик билан азобланғанларга ёрдам берилиши ғоят жиддий тадбирларга киришишга қарор чиқарилиш ва ул қарорларнинг самаралари кўринмакка бошлаш. Яна шу съездда Туркистондаги ортиқ ерларни суғориб, ишчиларга топшируб, Туркистондаги мусулмон ишчиларни ер билан таъмин этишга йўл очилиши. 5. Мухторият фойдаси учун Андижонда бўлған тиётрларда Туркистоннинг ўз турк боласи, гимназия шогирди, 16 ёшлик Санжар Фозилбек ўғлининг Мухторият байроғи ила унинг остига қилган ажойиб бир манзаралик расмининг Амриқо усулида аукцион (мазоида) 1200 сўмларга сотилиши, қаҳрамон ходими Қўчқорбой афандининг буюк ҳамият билан ул расмни олиши, бошқаларнинг ҳам бу ишка яхши аҳамият беришлари… Булар ҳаммаси, ҳаммаси қоронғу кечаларда ялтираған юлдузлардир… Булардан умид, булардан имон, булардан руҳ кўринадир. Булар бизнинг истиқболимизнинг, келадурған йўлимизнинг чақириқлари, аломатлари, белгиларидир. Турклар, турк уруғлари, турк эллари инқирозга, йўқ бўлишга маҳкум эмаслар. Булар ўзларининг эски бешиклари бўлған Туркистонда яна илгариги шавкат ва салтанатларини тиргизарлар. Тўғрилик, кенглик, қардошлик асосига қурулған тахтларини (Миллат мажлислари демакдир) обод қилурлар. Хусусан, бизнинг Туркистон ҳеч вақтда ҳам порлоқ ва ойдин эрталардан қуруқ эмас ҳам қуруқ бўлмас! Чунки турк қайнаған ернинг исми Туркистон: «Сен қаерликсан?» – деб сўрама, «Мен туркистонликман!» – дер ва унинг юраги Туркистондадир. Туркистон номи бор вақтда Туркистон улуғдур, зўрдур, ул 100 миллиондан ортиқ кучга таянуб унинг кўксига қилич тиққани келганларга қачон-да бўлса: – Кет, маҳв бўлурсан! Яқинлама, қул бўлурсан! – дея ва дея олур. Айтингиз онангиз Туркистонга: «Ёв сўққали келгач, қиличини юрагингга тут(иш) олдида: «Ол кўксуми, қалқонми керакдир?» – деб… Унумлик иш Маълумдирким, ер-сув шўъбалари томонидан ўткан йилларда деҳқонларға қарз уруғлиқ берилган эди. Камбағал, унинг устига талануб, қоқланған деҳқонлар у уруғлиқлардан оз, кўб фойда кўрдилар, қарз деб берилгандан кейин ундирилиши лозим эди. Ҳам албатта ҳаракат қилиниб ундирилди-да. Бизнинг Андижон шаҳар-уезд ер-сув шўъбаси томонидан ҳам камбағал деҳқонларға қарз уруғлиқ берилган эди. Ўткан ёз пишиқчилиқ вақтларида шу уруғлиқларни қайтаруб, йиғиб олиш ҳаракати қилиниб, ер-сув шўъбаси томонидан ўша вақтда ижроқўмға (у вақтда инқилобқўм) бир лойиҳа киргизилди. Ижроқўм у лойиҳани кўргандан кейин “қарз берилган уруғлиқларни махсус вакиллар орқалиқ йиғиш” моддасини ортиқча деб топуб, у ишни ижроқўмнинг тайёр олатига (аппаратиға), яъни: район, бўлус ва қишлоқ ижроқўмлариға топширди. Улар ҳам бу вазифани бажариб бердилар. Шунинг билан “махсус вакилларга” кетадурған ортиқча чиқимдан қутулинди. Ижроқўмнинг бу хизмати учун унга музофот ижроқўмининг қарори билан ундирилган дондан бир фоиздан мукофот чиқариб берилган эди. Ҳозиргача ижроқўм қарамоғида турған буғдойнинг 400 пуди маориф шўъбасига миллий қўмондон қурслариға берилди. Мана бу иш жуда яхши. Муни қилғанларға баракалла! Устоднинг хислатлари Менга М. Горкийнинг энг яхши асарларидан «Она»ни таржима қилиш шарафи тушган. Мен уни анча узоқ муддат ичида таржима қилдим. Чунки севардим, севганим учун бутун кўнглимни шунга қўяр ва шунга қўярдим. Асар ўзи одамни жуда қизиқтиради, шунингдайки, таржима қилатуриб ўзим асарнинг мафҳумига берилиб кетаман-да, таржимани унутиб, асарни ўқиб кетаман. Шундай ҳоллар менда кўп бўлди ва бир неча марта ўқуғон жойларимда бўлди. Мен равшан сезаманки, улуғ устод Горкий ўзининг классик ижоди билан менга ўша ижоднинг мафтун таржимонига ўзим сезмаганим ҳолда таъсирини ўтказиб қўйғон. Бу таъсир менинг рўманларимда ўзимга кўруниб туради. Горкий — одам дўсти. Бизнинг инқилоб раҳбарлари Ленин ва Сталин, одам болаларининг ҳақиқий душманларига қарши омонсиз бўлган бу зотлар, асл инсонларни қандай олижаноб бир севги билан севадилар. Бунинг далили мингларча. Фақат бир Лениннинг, ўша очлик ва қаҳатчилик йилларида, ўз номига келган (унинг ўзига атаб, олис вилоят ишчилари томонидан атайлаб юборилган) ғаллани ўша бўйича гўдак уйлари ва мактабларга бериб юборганини эсласак кифоя. Улуғ Сталин тоғлик қизи Мамлакат билан кўришаркан бу ғамхўр отанинг юзидаги чин севинч оловининг алангаларини эслайлик! Шу биргина мисолнинг ўзи кифоя. Бутун мазлум башариятнинг неча юз, минг йиллик севгисини ўзида акс этдирган у юз ифодасига дўст қувониб, душман куяди. Ўша севинч олови, одам боласига бўлган ҳақиқий муҳаббатнинг у жилваси Горкийнинг асарларида тўлиб ётади. «Она»да Онанинг образи, София, касал (мум заводидаги сил касал) ва бошқа-бошқалар одам боласини севишда ёзувчининг кўнгли поёнсиз бир денгиз эканини кўрсатади. Горкий одам боласига мунча меҳр ва муҳаббат кўрсатган бўлса, бу унинг ўз кўнглидаги одам севиш хислатидангина келиб чиққан субъектив бир нарса эмас. Бу — ёзувчи мансуб бўлган Улуғ синфнинг умумий хислати. Буни «Она»да Горкий жуда ширин қилиб айтади. Ишчилар бировга бир оз озор берганлар. Шу ҳақда улар орасида гап боради: — Биз билан улар ўртасидаги фарқни кўрдингми: бировни сал уриб қўйибди-ю (бизникилар—Ч) энди кўнгли кир бўлиб, уялиб, озор чекиб юрибди. Ҳаммадан ҳам кўнгил кирлигини айт! («Она», 1-бўлим, 27-боб). Горкий — шоир. Унинг асарларида фақат бир насрчи (романчи) кўринмайди, ҳар ер-ҳар ердан нозик кўнгулли, гўзаллик севгучи ва табиат мафтуни бир шоир келиб чиқади. Мен ўзим ҳар қандай насрли асарда (роман, ҳикоя) гўзал ташбеҳлар ва табиат тасвирларини яхши кўраман. Горкийда бу нарсалар кўп эмас, оз; унинг ширинлиги ҳам шундан. Улар жуда кўп бўлиб кетса, рассомнинг санъат асари қолмайди-да, бўёқчи (сирчи)нинг андозасиз ва санъатдан маҳрум чизма чизиғи қолади. Горкий ҳар қандай табиат манзарасини жонлантириб, унга жон киритиб, уни кўз олдимизга шундоққина келиб тўхтайдиғон қилиб оладир. Унинг жонли романлари у ёқ бу ёқда юборадилар: у тасвирлаган оловнинг алангаси ёниб турган қуруқ ҳаво эмас, у ўйнайди, ўйнаб, қимирлаб сиз-бизга ўхшаган яшаб туради: «У ўт яна туташди, лекин бу дафъа илгаригидан кучлироқ, ёруғроқ; кўлагалар яна ўзларини ўрмонга урдилар. Яна ўт тегарасига ёпирилиб келдилар ва гулхан атрофида, унсиз, ёвлар ўйинини бошлаб, қалтирашға тушадилар. Ҳўл шохлар ўтда жавраб дод-вой қиладилар. Илиқ ҳавонинг тўлқинлари билан безовта қилинған япроқлар бир-бирлари билан қучоқлашиб, дам сариқ ва дам қизил рангларга кириб ўйнашар — учқунларини соча-соча, юқориларға кўтарилишар, куйган барглар учушар, кўкдаги юлдузлар эса учқунлани имлашиб, уларға табассум қилишарди». Горкий ишчилар синфи етиштирган энг буюк санъаткор, санъат устоди. Увайсий Классик мақомлар орасида кўпчилик ичига энг кўп ёйилгани, шубҳасиз, «Ироқ» куйидир. Уни Бухоронинг шашмақомчи ҳофизлари кўп айтар эдилар. Тўйчи акав а унинг жўралари ҳам уни бошқача қилиб ишлаб, омма орасига ёйдилар. У саҳнамизда энг аввал «Ҳалима» воситаси билан жаранглади. «Ҳалима»нинг биринчи — дастлабки вариатида «Ироқ» куйи йўқ эди, кейинча пиесани бир қадар ншлашга тўғри келган вақтда Ҳалима (қиз) нинг арияси бўлиб саҳнага чиқди. «Ҳалима» пиесасида уни марҳум Турсуной, сўнгра Ҳалима Носир қизи, Назираойлар; айрим нўмер ўлароқ Абдулҳақ Султонов, Раҳимберди Бобожонов, Бобораҳим, Карим Зокирий, Қўлдошев ва бошқалар айтдилар. Кўпчилик ёқтирди ва у, том маъноси билан гражданлик қозонди. «Ироқ»ни айрим нўмер ҳолида ўқувчи ҳофизларимиз у куйга Увайсийнинг: «Забонингни кетургил, эй шакарлаб тўти гуфтора, Нечикким марҳамат бўлсин неча мандек дилафгора». деб бошланатурғон машҳур ғазалини ўқуб келадилар. Ана ўша ғазални ёзган Увайсий Умархон даврида яшаган аёл шоирлардан бўлиб, номи Жаҳон отин эди. У, «эваз» баҳрли бир ғазалининг охирида ўз тахаллуси, (шоирлик номи) ва исмини мана бундай қилиб билдиради: Йўқотиб ўзни фано мартабасига ета кўр, Вайсий номим менинг ул номи Жаҳонимга эваз». Жаҳонойи асли ўзи Марғилонлик бўлган. Умархон ўрдасида хоннинг ўзи бошлиқ бир неча шоир бўлганини (Фазлий, Адо, Ҳозиқ, Гулханий ва бошқалар), уларнинг тез-тез тўпланиб мушовара қилишғанларини эшитгандан кейин, ўша шоирлар мажлисига кирмак ҳавасига тушади. Бунинг учун Қўқонга бормоқчи бўлиб отасидан ижозат сўраганида отаси унинг талабини қайтармаса-да, қизнинг саройдаги шоирлар мажлисига киришига ёрдам кўрсатар деган умид билан Қўқондаги обрўли одамлардан бир дўстининг ҳовлисига юборади. У одам, қизнинг шоира бўлса ҳам ҳали ёш эканини кўриб, иккиланади: — Бу ҳолингизда бориб киролмассиз. Биронта қари хотин қиёфасида бориб кўрсангиз, — деди. Жаҳонойи қари кампир кийимларини кийиб, эски паранжи ёпиниб ўрдага боради. Уни киритмайдилар. Сўнгра, у, юқорида кўрсатганимиз «Забонингни» дея бошланган ғазалидан мана бу икки йўлни ёзиб шоирлар мажлисига киритади: «Мени «Латакҳули» деб маҳрум этма боғбон аҳли, Азал дегони бағрим қонини тўккан бу гулзора». Шундан сўнг уни шоирлар мажлисига киритадилар, Фақат у ерда унинг қари кампир эмас, ёш бир жувон экани билингандан кейин, бирор «фитна» чиқмаеин деб бўлса керак, уни дарҳол сарой ичкарилигига киритиб юборадилар. Шу бўйича Жаҳонойи Умархон саройида қолиб кетади ва сўнгроқ «Жаҳон отин» деб шуҳрат чиқаради. Саройда яшаган даврида Марғилоннинг Қаландархона деган жойига яхши сиркорлик бир уй солдирган экан. Ўша уй ҳали ҳам сақланган дейдилар. Унинг «Карбалонома»си, «Девон»и ва ҳам Муҳамадали хонга (Умархоннинг ўғли, шоир) бағишланган «Хитой сафари» номли асарлари бор. Жаҳон отинга бир кун, дастурхон устида анорни кўрсатиб, шу тўғрида бир нарса демакни илтимос қилғанлар. Жаҳон отин ўша минутнинг ўзида анор тўғрисида тўрт йўллик бир шеър ёзган. Бадеҳагўлик (экопромт) йўли билан ёзилган бу тўрт йўллик байт анорни қандай гўзал ва санъаткорона тасвир қилади: «Бу на гумбаздир, эшиги туйнугидан йўқ нишон, Неча гулгунпўш қизлар манзил айлабдир макон, Синдириб гумбазни қизлар ҳолидан олсам хабар: Юзларига парда тортиғлиқ, турурлар бағри қон». «Юзларига парда тортилган «қизларнинг» бағрлари қон» бўлганини айтган, сарой чўриқизларининг оҳи зорини тасвирлаб берган. Вақф ишлари Андижон шаҳар ва уезд вақф шуъбаси ўзининг чин ишлик даврини май ойининг ўрталарида бошлаған эди. Шундан бери ҳам бутун қилған ишлари шаҳардаги вақф мулкларини рўйхат қилиш, уезднинг 6 маҳкумига махсус вакиллар қўюб, шулар орқали уезд вақфларининг рўйхатини ола бошлаш ва рўйхат қилиниб, қўлға кирган мулкларини ижарага қўйишдан иборат бўлди. Булар ташкилот жиҳатидан. Энди маориф – илм жиҳатига келсак, унинг қилған улгуржи бир иши ёз ойларида шаҳримизда давом этган таълим-тарбия Қурслариға улгуржи ёрдам қилишидур. Бу Қурс магар вақф шуъбасидан ёрдам олмаған бўлса, очилар-очилмас ёпилған бўлур эди. Яна шаҳримизнинг бундан бошқа мусулмон мактаб ва интернатлариға катта-катта муованати кўб бўлди. Маориф важҳидан бу кунгача мундан ортиқ бир ёрдамни вақф шуъбаси қилғани йўқ, гапнинг ростини айтсак, қила олғани йўқ. Чунки вақф шуъбаси ҳали шу чоққача ташкилот ишини жойлай олғани йўқ. Яқинда марказ вақф идорасидан бир муршид келиб, шунинг ёрдами билан ташкилот ва молия ишларига пухта пойдевор қилинди. Энди киримнинг оз-кўплигига қараб маориф важҳидан ҳам дуруст нарсалар кўрсатса керак. Киримни кўпайтиш масаласи умидли бир рангга киргани йўқ. Тағин қайталам умидсизрак рангга кириб борадур. Шаҳар хўжалиғи шуъбаси билан вақф шуъбаси орасида бозор жанжаллари бўлуб, у жанжаллар кўбрак вақфнинг зарарига тамом бўладур. Бунда жиддий зўр ва асослигина бир онглашилмаслиқ бор. Айниқса, Туркистон марказ ижроқўмининг вақф ишлари тўғрисидағи машҳур 173-декрети бир қадар ўзбошимча тафсирларга йўлуқмоқдадур. Бу ҳол бошқа шаҳарларда ҳам бўлса керак. Буни мутлақ, умумий доирада ҳал этмак лозим. Андижон шаҳар ва уезд инқилобий қўмитасининг қарори билан маориф назорати қарамоғидағи бешинчи «Намуна» мактаби вақф шуъбаси таъминотига ўтди. Шу биргина мактабни яхши йўлга қўюб, чиндан «намуна» қилмоқ ҳаракатидадур. Мудир ва ҳайъат таълимия янгиланди. Иккинчи синфдан оша олмаған бу мактаб учинчи ва тўртинчиларга эга бўлмоқдадур. Агарда маҳаллий маблағ (средство)га ишонса, мутлақ шикаст-рехти қаралмай қоладурған бу мактаб яхшилаб тузатдирилмакчи. Керакли режа ва чизиқлари чизилиб бўлди. Мактаб олдида рушдий синфлар очмоққа вақф шуъбаси қарор бериб қўйди. Локин муаллим йўқлигидан бу қарор ҳалига қолуб кетатурғанға ўхшайдур. Вақф шуъбасининг қарамоғида эски мактаблардан учтаси ислоҳ қилинди. Буларнинг жойлари ярамас. Яхши жой топуб кўчириш, эски жойларни тузатуб, ярарлиқ ҳолға келтириш учун ҳам ҳаракат бор. «Ҳаракатда баракат!» – деган гап бор. Сони бормоқ ҳисобиға етмайдурған Андижон маорифчиларига шундан бошқа тасалли ҳам йўқ… Ватанимиз Туркистонда темир йўллар Ушбу сана ўтган апрель ойидан бошлаб Андижоннинг кўб қишлоқлариға темир йўллар ғоят тезлик билан ишлануб турмоқдадур. Чунончи: 1 нчи. Намангандан келуб Андижонға, Андижондан – ҳазрат Айюбга, ҳазрат Айюбдан чўзулуб Олмота тарафлариға кетадур. 2 нчи. Андижондан бир шоҳ чиқуб Хўқанд қишлоқ моси Бозорқўрғон тарафлариға. 3 нчи. Андижондан Ўш, Жалолобод, Ўзганд билан Қитойнинг Кашғар ҳудудиғача борадур; (Ўш, Жалолобод, Ўзганд темир йўллари ҳозир ишланса ҳам Кашғар ҳудуди темир йўли бир неча йиллардан кейингина ишланмоқға бошланса керак) Бул йўллар ҳаммаси “Ўрта Осиё темир йўллари”ға туташиб ғоят мукаммал бўладур. Бул темир йўлларнинг кўб экин жойларни босуб ўтмоғи, масжид ва хоналарни вайрон қилуб (?) ўтмоғидек зарарлари бўлса ҳам фойдаси яна кўброқдур. Йўл босмачилар ва бошқа ўсалларнинг ҳужумидан қутулмоқға фойдаси тегар, қишлоқлар яқинлашар, обод бўлуб маъмурлашар, арзон ерлар қиймат бўлур. Фақат газета муҳибларимиз ва темир йўл бўйидағи бахтли қариндошларимиз “Садои Фарғона”нинг 18-инчи нўмерусидағи андижонлик Убайдуллахўжа Сулаймоний жанобларининг “Туркистондағи ва билхосса Фарғонадаги мусулмон қариндошларимизға хитоб” унвонли мақоласининг мазмуниға қараб амал қилмоқларингиз керакдур. Темир йўлнинг бормоғи билан таноби 100 сўмлик ерлар албатта, 1000 сўмгача чиқар, фақат Убайдулла афандининг айтганича “бе бақо мингларга қизиқмаса керак” оқча битар, қадр кетар, аммо ул ерларни топиб бўлмас. Замонамиз шундоғ замондурки тирикчилик билан рақобот қилмоқға, маишат зулмидан қутулмоқға қўлда ер бўлмоқ керакдур. Ер сотган пулға қизиқғанларни маишат, тирикчилик тошқини ва тўлқуни келуб уруб, парча-парча қилмоқда.Шубҳа йўқдур, 100 сўмлик еримиз бора-бора обод бўлуб 5-10 минг сўмға ҳам чиқар, буни яхши ўйламоқ керак. Ер ва тупроқ сотган бола-чақа ва наслини сотган билан баробардур. Бир ота ерини сотди демоқ бола-чақа ва наслини то қиёмат оч ва яланғоч қолдурди демоқдур. Ватан тупроқ шундоғ онадурки, буни хор қилдук, ўзимизнинг ҳам хор бўлмоқимиз кўз олдидадур. Ер сотуб хонавайрон бўлганлардан ибрат олайлук! Жаноб Ҳақ икки кўз ва ақл берубдур. Кўзларимиз ила кўруб ақлимиз илан ўйлайлук! Ўзимиз дунёға яланғоч куюнча келуб, онамиз, ватанимиз тупроқимиз бизни боқар, ризқ берар, катта қилар, дунёда яшатар, ул онани сотганлар, албатта, неъматнинг қадрини билмаган куфрон неъмат қилган бўларларки кўб ёмон гуноҳға ботарлар. Тупроқдан яратилдук демоқ тупроқ танимиздур. Ўз танимизни ўзимиз сотсак беақллик эмасму? Ажабо!! Ватанимиз аввал обод эмас эди. Мана темир йўллар келмоғи ва солинмоғи билан обод бўлар, қишлоқларға ҳам маданият кирар. Эй қариндошлар! Шаҳарликлар бўлдук! Бўлдук! Аммо қишлоқлилардан катта илтимосимиз шулдурки,Оврўпонинг мудасидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан балки, илм, фан, ҳунар, санъатга ўхшашлик маданиятларидан намуна олуб бул жиҳатдан тақлид қилмоқингиз лозимдур. Оврўпонинг мўдаси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан асир – қул қиладур. Бундан сақланингиз!! Оврупонинг мактаб, мадраса, илм, фан, санъат, ҳунарга ўхшаш маданиятлари сизларни обод, маъмур олим қилуб, жоҳилликдан асорат-қулликдан қутулдурадур. Биродарлар кўзларингизни очуб яхши ўйланглар!! Мана шул Фарғона темир йўлида бир суюнадурган иш бордурки: 700 танобча ерга истансия вагзал ва искалад қилмоқ ишини (подратини) Намангандан туруб асл ташкандлик муҳтарам мулла Абдуллоҳ афанди Ҳамидуллайўф олмишдур. Вагзални томоша қилмоқ учун борганимизда мулла Абдуллоҳ афандининг укаси Абдулазиз афанди ила кўрушганимизда Абдулазиз афанди таассуф қилуб дедики: Шундоғ катта муассаларнинг фойдасини Оврўполилар кўруб, онларнинг қўллариға ўтаётганига ичимиз ачишуб “Наманган” истансиясини бино қилмоқға ҳам олган эдик. Энди мана Андижон катта истансиясини ҳам олдик дейдур. Вагўнлаб семент келуб турмоқдадур. Сементдан хиштлар қўюб турадурлар. Биринчи бошлаб истансияларға армани ва руслар келуб ўтурмоқдадур. Бечора мусулмонлар бўлса ерларини ойлик қилуб бермоқдадурлар. Ҳозирдан ижарага берсалар бора-бора оз пул билан сотуб ҳам қўярлар. Вагзалға яқин ерларда истансия атрофида энди ғайр миллат кўринмоқға бошлади, дейдур. Мана шундоғ гапларни Абдулазиз афанди билан сўзлашиб ўлтурдик. Қариндошлар диққат лозим! Сўнг пушаймон бўлмоқдан фойда йўқлиги ҳаммамизға маълумдур. Ҳеч бўлмаса Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб,Ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагиға солмасдан ва бермасдан, ўз чўнтагимизда олуб юрмагимиз керакдур. Бизга шундоғ ишларға кирушмоқға вақт!.. Биз ҳам инсонмиз инсондек яшайлук!.. Маишат тўлқуни билан урушайлуқ! Қариндошлар!.. Вақт ғаниматдур. Ватанимиз Туркистонда темирйўллар Ушбу сана ўтган апрель ойидан бошлаб Андижоннинг кўб қишлоқлариға темирйўллар ғоят тезлик билан ишлануб турмоқдадур. Чунончи: Биринчи. Намангандан келуб, Андижонға, Андижондан Ҳазрат Айюбга, ҳазрат Айюбдан чўзулуб Олмота тарафлариға кетадур. Иккинчи. Андижондан бир шох чиқуб Хўқандқишлоқ, Моси, Бозорқўрғон тарафларға. Учинчи. Андижондан Ўш, Жалолобод, Ўзганд билан Қитойнинг Қашғар ҳудудиғача борадур. (Ўш, Жалолобод, Ўзганд темирйўллари ҳозир ишланса ҳам, Қашғар ҳудуди темирйўли бир неча йиллардан кейингина ишланмоқға бошланса керак.) Бул йўллар ҳаммаси Ўрта Осиё темирйўллариға туташиб, ғоят мукаммал бўладур. Бул темирйўлларнинг кўб экин жойларни босуб ўтмоғи, масжид ва хоналарни вайрон қилуб ўтмоғидек зарарлари бўлса ҳам, фойдаси яна кўброқдур. Йўл босмачилар ва бошқа ўсалларнинг ҳужумидан қутулмоқға фойдаси тегар, қишлоқлар яқинлашар, обод бўлуб маъмурлашар, арзон ерлар қиймат бўлур. Фақат газета муҳибларимиз ва темирйўл бўйидағи бахтли қариндошларимиз «Садои Фарғона»нинг 18-нўмерусидағи андижонлик Убайдуллахўжа Сулаймоний жанобларининг «Туркистондағи ва билхосса, Фарғонадаги мусулмон қариндошларимизға хитоб» унвонлу мақоласининг мазмуниға қараб амал қилмоқларингиз керакдур. Темирйўлнинг бормоғи билан таноби 100 сўмлик ерлар, албатта, 1000 сўмгача чиқар. Фақат, Убайдулла афандининг айтганича, «бебақо мингларга қизиқмаса керак», оқча битар, қадр кетар, аммо ул ерларни топиб бўлмас. Замонамиз шундоғ замондурки, тирикчилик билан рақобот қилмоқға, маишат зулмидан қутулмоқға қўлда ер бўлмоқ керакдур. Ер сотган пулға қизиқғанларни маишат, тирикчилик тошқини ва тўлқуни келуб уруб, парча-парча қилмоғида шубҳа йўқдур. 100 сўмлик еримиз бора-бора обод бўлуб, 5 – 10 минг сўмға ҳам чиқар, буни яхши ўйламоқ керак. Эр ва тупроқ сотган бола-чақа ва наслини сотган билан баробардур. Бир ота ерини сотди демоқ бола-чақа ва наслини то қиёмат оч ва яланғоч қолдурди демоқдур. Ватан, тупроқ шундоғ онадурки, буни хўр қилдук, ўзимизнинг ҳам хўр бўлмоғимиз кўз олдидадур. Ер сотуб хонавайрон бўлганлардан ибрат олайлук! Жаноб Ҳақ икки кўз ва ақл берубдур. Кўзларимиз ила кўруб, ақлимиз илан ўйлайлук! Ўзимиз дунёға яланғоч куюнча келуб, онамиз, ватанимиз, тупроқимиз бизни боқар, ризқ берар, катта қилар, дунёда яшатар, ул онани сотганлар, албатта, неъматнинг қадрини билмаган куфрони неъмат қилган бўларларки, кўб ёмон гуноҳға ботарлар. Тупроқдан яратилдук, демак, тупроқ танимиздур. Ўз танимизни ўзимиз сотсак, беақллик эмасму? Ажабо! Ватанимиз аввал обод эмас эди. Мана, темирйўллар келмоғи ва солинмоғи билан обод бўлар, қишлоқларға ҳам маданият кирар. Эй қариндошлар! Шаҳарликлар бўлдук! Бўлдук! Аммо қишлоқлилардан катта илтимосимиз шулдурки, Оврупонинг мўдасидан, шишасидан, бузуқ ахлоқидан намуна олмасдан ва бунларға бул жиҳатдан тақлид қилмасдан, балки илм, фан, ҳунар, саноатга ўхшашлик маданиятларидан намуна олуб, бул жиҳатдан тақлид қилмоқингиз лозимдур. Оврупонинг мўдаси ва бузуқ ахлоқи сизларни хонавайрон, беватан асир-қул қиладур. Бундан сақланингиз! Оврупонинг мактаб, мадраса, илм, фан, санъат, ҳунарга ўхшаш маданиятлари сизларни обод, маъмур олим қилуб, жоҳилликдан, асорат-қулликдан қутулдурадур. Биродарлар, кўзларингизни очуб, яхши ўйланглар! Мана шул Фарғона темирйўлида бир суюнадурган иш бордурки: 700 танобча ерга истансия вагзал ва скалад қилмоқ ишини (подратини) Намангандан туруб асл тошкандлик муҳтарам мулла Абдуллоҳ афанди Ҳамидуллаев олмишдур. Вагзални томоша қилмоқ учун борганимизда, мулла Абдуллоҳ афандининг укаси Абдулазиз афанди ила кўрушганимизда, Абдулазиз афанди таассуф қилуб дедики: Шундоғ катта муассасаларнинг фойдасини овруполилар кўруб, онларнинг қўллариға ўтаётганига ичимиз ачишуб, «Наманган» истансиясини бино қилмоқға ҳам олган эдик. Энди, мана, Андижон катта истансиясини ҳам олдик», – дейдур. «Вагонлаб тсемент келуб турмоқдадур. Цементдан хиштлар қўюб турадурлар. Биринчи бошлаб истансияларға армани ва руслар келуб ўтурмоқдадур. Бечора мусулмонлар бўлса ерларини ойлик қилуб бермоқдадурлар. Ҳозирдан ижарага берсалар, бора-бора оз пул билан сотуб ҳам қўярлар. Вагзалға яқин ерларда истансия атрофида энди ғайр миллат кўринмоқға бошлади», – дейдур. Мана шундоғ гапларни Абдулазиз афанди билан сўзлашиб ўлтурдик. Қариндошлар, диққат лозим! Сўнг пушаймон бўлмоқдан фойда йўқлиги ҳаммамизға маълумдур. Ҳеч бўлмаса, Абдулла афандидек намуна кўрсатғучи фидокор савдогарларимиздан ибрат олуб ватанимизнинг бойлигини, тижоратимизнинг фойдаларини четлар чўнтагига солмасдан ва бермасдан ўз чўнтагимизда олуб юрмагимиз керакдур. Бизга шундоғ ишларға кирушмоқға вақт!.. Биз ҳам инсонмиз, инсондек яшайлук!.. Маишат тўлқуни билан урушайлук! Қариндошлар!.. Вақт ғаниматдур. «Садои Фарғона»: Аҳоли ризо бўлмаганда темир йўли масжид ва мадрасани ҳеч бир вақт вайрон қилуб ўтмас, ризолик билан ўтканда ҳам мунинг учун катта пуллар беруб ўтар. Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик I Муҳтарам муҳаррир афанди! Ушбу мактубимни «Садои Фарғона» газетангизни бир гўшасида дарж қилуб деҳқон қардошларимизни суюндирсангиз эди. Бутун Русияда манбатлик жиҳатдан Ватанимиз Туркистоннинг илгарида эканлиги ҳаммаға маълумдур. Ва ҳатто бутун дунёда манбатликнинг биринчиси Амриқо бўлса, бизнинг Туркистон ҳам иккинчи саналадур. Ватанимизнинг туфроғи шунча манбат бўлса ҳам, ўзимиз ҳар вақт умримизни банка эшиклари остида судралуб ўтказамиз. Ҳар куни газеталарда фалоний синди, фалонини вексели процент бўлди, дўкони печатланди деганға ўхшаш қўрқинчлик хабарларни ўқуб эшитмоқда ва кўруб билмоқда бўлсак ҳам, аммо ибратланмаймиз, сабабини ҳеч текширмаймиз. Ёлғуз «бозор касод» деб ўта берамиз. Аммо бозорни касодлигиға нима сабаб эканлигини текширмаймиз. Мундоғ таассуфлик хабарларни эшитган амриқоликлар таажжуб қилсалар керакким, шундоғ манбат туфроғлик халқи нимага мундоғ деб, аммо ул амриқоликлар экин асбоблари ишлатуб биз 10 киши 10 кунда қилған ишимизни онлар 2 киши билан 10 соатда қилмоқдадурлар. Онларда ўриш, чочиш, чопиш, териш, экиш ҳаммаси осон. Олат (машина) билан тез тайёр бўладур. Онлар ўшал машина билан вақтинда тез йиғуштуруб оладурлар. Биз бўлсак еримизни тўплаб ташигунча ёмғир, қор ёғуб қолса, далада тамом қолдирамиз. Шул осон асбоблар Русияни бутун деҳқонларида бордур. Бизлар ҳам шул экин асбобларидан олиб ишлатсак, оғир меҳнатларимиз енгилланур эди. Бул тўғрида «Ойна», «Садои Фарғона»ларимиз, мумкин бўлса, қишлоқ тилида кўброқ ёзиб онглатсалар, бор-йўқдан иборат ёшларимиз ҳам бўш вақтларида қишлоқларға чиққанларида оғизларига попирус солуб, онгламаған халқға сафсата сотмай, шундоғ фойдалик нарсалардан билдурсалар ва тушундурсалар, халқ турмушини енгиллик тарафиға неча одум отланған бўлур эрдилар. II Ўтган мақоламда деҳқон қариндошларимиздан ҳеч бирларининг зироат машиналари ишлатмаганликларини ёзган эдим. Мақолани ёзгандан сўнгра қишлоқларда юруб, ўзум кўб деҳқонлар билан кўрушиб фикр олдим. Энди аларни фикрларини ўйлаган миллатпарвар киши кўзларидан қонлик ёшларини оқузмай мумкин эмас. Алар айтадурларки: «Дуруст зироат машиналари қандайлик экан, аммо пул керак. Бизнинг қўлимизда бўлса нақд тайёр пул йўқдур». Мен айтдим: «Экин вақтида пул бўлур ёки пул ўрнига эккан экинлардан олуб боруб берсангиз ҳам мумкин-ку…» Улар шу таассуфлик ёмон жавобни берадурлар: «Пахта эксак ғўзапоясиғача, буғдой эксак сомониғача қарзимиз бадалиға хўжайинларимиз бойларға олуб боруб берамиз. Яна иккинчи экинга берадурған бўлуб бойлардан пул олуб, қиш ичи бола-чақаларимиз ила минг машаққат ва минг қийинлик ила овқат ўткарамиз. Қиш чиққанидан кейин бола-чақаларимиз ила ишга тушамиз. Болаларимиз ўқушдан қоладурлар. Мардикор олсак, яна сарф зиёда бўладур, пул йўқ. Ноилож болаларимизнинг мактабдан қолишига ризо бўлуб бўлса ҳам болаларимизни далага олуб чиқуб, қўш ҳайдаш, ғўза чопиш, чигит экиш – шунга ўхшаш қийин ишларга қўямиз. Чигитга пул деб борсак, хўжайинлар сўкуб, ҳар турлу ҳақоратлар ила йиғин-терин вақтида 100 сўм қилуб беришга 40 – 50 сўм пул берадурлар. Иккинчи они олуб чиқуб, бир кун ҳам қишлоқда ҳовлимизда соқолни олмаймиз. Яна бу аҳволимизни устига бирор тўй-мўй бўлуб қолса, тамом оч-яланғоч, ер-сувларимиз бойлар қўлида, кўчаларда тиланчи-гадо бўлуб қоламиз, «Қани мунга чора?» – дейдилар. Буларни ўйлаганда кўзлардан тамом қонлик ёшлар тўкмоқға тўғри келадур. Эй тараққийпарвар ёшлар! Сиз ҳам ёзсангизлар ҳар вақт бечора мазлум деҳқонларни пулдорлардан, қуллик, асирликдан қутулдурмоқ чоралари тўғрисида ёзинглар. Ҳаммадан йўл керак. (Яна бўлур.) III Ватанимиз Туркистонга тараққий даври киргандан бери татар газеталарида бўлсун ва ўз газетамизда бўлсун бор қувватимиз, бор овозимиз билан: «Илм керак», «Ўқумоқ керак», – деб қичқуруб келдук. Мана шул қичқирмоқликлар меваси бўлса керакдурки, қишлоқларда ҳозирда бўлмаса ҳам, ҳамма шаҳарларимизда оз бўлса ҳам «янги усул» мактаблар очилди. Қисқачагина айтганда, ўқумоқ ва ўқутмоқ ишларимиз, алҳамдулиллоҳ, секин бўлса ҳам олдинға қадам босадур. Мана, кўнглимизда неча йиллардан бери яшурунуб ётган миллатни тараққий қилдурмоқ йўллари, планларини очмоқ учун қўш «Садо»миз, бир дона бўлса-да ҳамма Туркистоннинг яхши эмаслигини кўрсатуб турадурған «Ойнак»* (Ойна)имиз бўлди. 40 – 45 йиллардан бери давом этуб келган Туркистонимиз бўлса ҳам кифоят қилмас эди. Энди келайлук муддаоға, муддаомиз шулки: зироат ишлари. Мана бу зироат ишлари тўғрисида ёзғучи ҳам йўқ, ўқуғучи ҳам йўқ. Ҳайҳот, зироат ишларимиз тамом хароб! Хароб! Хароб!.. Олдинға бир одум отилгани ҳеч кўрулгани йўқ. Бир таноб ер қишлоқларда 1000 сўмларга чиқди. Аммо ер деҳқонда эмас, миллатға, халқға яна бермай тек сақлаб ётадурған бойларда; «оҳ», шул бизни тамом куйдурадур. Мундан 10 – 15 йил аввалги мактабларнинг ҳолини ва зироат аҳволини чақишдируб кўрайлук қани… Мактаб: Мактаб эса аввалги вақтларда бир отхонадан иборат эди. Бир халфа ўзидан катта таёқ ушлаб, боши, оёғи йўқ китобларни ўқутуб, бекор умрларини ўтказур эдилар. Ҳозирда эса ўшал мактаблар кундан-кун йўқолуб, ўрнига мунтазам усули савтия мактаблари очилмоқда ва халқ хийла рағбат этмоқдадур. Ya’ни мактаб ишлари аввалда хароб бўлса-да, ҳозирда яхши йўлга кируб бормоқдадур. Зироат: Авваллари қандоғ яхши бўлса, сўнг кунларда ва сўнг йилларда кундан-кун орқаға қараб қадам қўймоқдадур. Масалан: мундан 10 – 15 йил аввал бир деҳқонни ўзига яраша ери бўлуб, бола-чақаси билан ишлаб чиқған. Маҳсулни бозорға керак вақтида олуб тушуб, оз-оздан сотуб, бола-чақалари билан қиш ичи роҳат умр ўткарур эди. Ул вақтларда бундоғ беҳуда исрофлик тўйлар ҳам бўлмас эди. Ҳозирда эса деҳқонлар ҳаммаси ёз-қиш тинмай ишлаб-ишлаб, бойларға олуб боруб берадурлар. Бойлар деҳқонларни қўллариға 5 – 6 пул беруб: «Бор, йўқол! Қишлоққа чиқуб ишингни қил!» – деб сўкуб юборурлар, деҳқоннинг пешона терини оқузуб ишлаган пахтасининг пулини қандоғ жойларға сарф бўлишини кейин-да ёзарман. Ҳозирда ёшларнинг ва ёш қалам соҳибларининг зироат тўғрисида ёзмоқларини ўтунуб қоламан. Ёзайлук, қариндошлар, зироатдан! Ёзайлук, қариндошлар, иқтисоддан! Алар бўлса, мактаб ҳам бўлур, илм ҳам бўлур. Деҳқонлар бойлар қўлидан қуллик, асирликдан қутулса, ҳаммаси бўлур. Ёзайлук, қариндошлар!.. Вайроналар орасидан Эрталаб азон вақтида жўнамоқчи бўлуб ётқан эдим. Энг қизғин уйқуда вақтимда уйғотдилар, «Тур, аравакашлар келиб қараб турубдурлар», – дедилар. Уйқусирамадим, ирғиб ўрнимдан турдим. Наридан-бери, чала-чулпа бет-кўзни ювуб, апил-тапил кийимларимни кийдим-да, ташқариға чиқдим. Қоронғи, хийла қоронғи эди. Қоқилиб-тиқилиб пиллапоядан тушдим. Орқамдан чироғ кўтариб онам келди, кўчага chiqdiQ. Тўрт арава – ўзимизнинг девсифат аравалар кўчанинг ўртасига тўқтағанлар эди. Шу оғир, шу бўшанг, шу лавашоқ аравалар билан олти тош (48 чақирим) йўл босмоқ! Ўҳ-ҳў! Янги руҳ ва эски тил билан «таваккал»ни айтиб аравага ирғидим. «Чиқир-чуқур»… арава қўзғолди… Арава қўзғолиб, унинг доираси бемалол уч қулоч келатурған ҳайбатлик ғилдираклари 5 – 10 марта айлангунча онам бечоранинг хира чироғи бизни узатмоқда давом этар эди. Мундай қоронғи бир кечада ёлғуз ўзум танимаған кишилар билан кимсасиз вайрон йўлга чиққаним учун қўрқишдан ҳам холи эмасман, лекин хира чироғининг кучсиз ёруғлари билан бирмунча жойғача кузатиб борған онам оналарға махсус шафқати, муҳаббати билан қандай қўрқуларға йўлиққандур. Меним ўзим учун унча қиммат бўлмаған борлиғим унинг учун ҳамма нарсадан қиммат эмасми? Шаҳарнинг чекка жойлариға яқинлашамиз. Неча йиллик ички урушлар билан чарчаған жойнинг даштлардек ёввойилашиб кетган кўчаларида мушук кўзи қадар бир ёруғлик билан ёниб турған электрик фонорлари… орқамизда қолиб борадур. Бир-икки бурулиш билан нафаси шаҳарнинг ўзидан chiqdiQ. «Пахтақўм»нинг биринчи зовудининг кет томонидан ўтуб борамиз. Энг ёруқ электрик чироғларининг ўткур ёруғлари орасидан гувиллаган товуш келадур. Бу зовуд парраларининг айланишидан чиққан товуш. Чироғ зиёлари орасидан қорайиб кўрунган кўк онамиз ернинг қора бағриға ўхшайдур. Қора бағирлик ерни ўйлағандан кейин хаёл кўзлари олидан кенг бир пахта таласи очиладур, кенг пахта таласида маҳшарда тўпланган саллалик мусулмонлардек оқ бошлари билан бир маҳшар ҳолини олған пахта дарахтлари – ғўза поялари ҳақиқатан одам болалари учун ҳақиқий маҳшар манзарасини келтуралар! Пахта маҳшари билан пахта зовудининг гувиллаган товуши… ўт билан сув, ўлим билан ҳаёт оҳанглари каби бир оҳанг (гармония) вужудга келтирадур… Ўша ўртада яна 1-2 та зовуд бор эди, харобага айланган. Бир неча тери зовуди бор эди, биттасигина соғ қолған. Арава йўли ниҳоятда оғир, отлар кўб ёмон қийналадурлар, уларни кўзғотиб олиб бориш учун товуш борича қийқирған, уруниб-сурунған аравакашларнинг ҳоли ҳам ундан енгил эмас. Аравалар бир неча ерда лойға ботди, кўпайишиб қийқиришиб юруб чиқардилар. Шу ҳолда минг бало билан Анжон адириға етдик. Ҳали тонгдан дарак йўқ. Қоронғилиқ яна бояғи ранги билан қуюқлашиб, қаймоқлашиб турубдур. Қоронғилиқ, назарларимда, баъзан қаттиғ қуюқлашгандек бўлуб кетар-да, кўзимни бир очиб-бир юмуб: «Ёлғон тонг (субҳи каззоб)ми бу?» – дейман. Адирдан тушуб Хартум қишлоғиға кириб борамиз. Чеккарак жойлардағи иморатлар, ҳовлилар бузулған, бўш, вайрон кўрундилар. Илгари жуда обод бўлған гузардан қоровул тахтасининг маъюс-маъюс товуши эшитилди. Ёмон, лой йўллар билан Зовроқ қишлоғиға ўтдик, ундан Чек қишлоғиға етиб, катта адирға чирмаша бошладик. Қишлоқларда қимирлаған жон йўқ, ҳамма уйқуда, ҳамма хонада жон бор, одам бордек кўрунадур. Лекин хона жойларнинг бўш бўлғанлари, эгасиз, кимсасиз қолғанлари ҳам кўб дедилар. Томларға босилған беда, макка ва ғўза поялари ёнларидан ўтғанда аллақандай хаёлий шакл кўрсаталар. Гоҳ дев бошидек, гоҳ олбости тўдасидек, гоҳ ухлағанларни масхара қилиб кулган хаёли бедордек, гоҳ дарахт шохида ухлаб ёткан бир тўп қарғадек кўрунадур. Ҳолбуки, қишлоқнинг бутун умуди, тасаллиси, бори-йўқи шу бир ғарам поя! Адирнинг текис тош йўлида отларни қамчиладилар, «гур-гур» арава чопиш бошланди. Илгари вақтда босмачиларнинг бозорчи тўсатурған бир ерларига – Тўра булоғига келдик. Кўнглим тўлқунланди, қолған-қутған босмачилар бор бўлса… рўбаримиздан чиқсалар… Мен бу хаёллар билан бош айлантиргунча аравакашлар булоқдан ҳам ўтиб кетдилар, қатор-қатор чизилған аравалардан ҳар хил қўшиқлар эшитиладур. «Гулёр», «Узмагул», «Махзумжон», «Омонёр»… ҳаммаси, ҳаммаси! Шаҳардан чиққандан бери 15 чақирим йўл юрдик, тонг отгани йўқ, фақат тонг еридан кичкинагина бўшанг ва хира бир қизиллик кўрунди, 20 чақирим йўл босиб Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасидағи Хўжаобод қишлоғига яқинлашганимизда аста-секин тонг отди. Йўлда бир қишлоқни кўрдик. Ярмидан кўпи куюб кетибдур. Сабабини аравакашлардан сўрадим, «Босмачилар билан урушгани чиққан арманилар, 3-4 йил бўлди, талаб, ўт қўюб юбордилар», – деди… Арманиларнинг «миллий дашноқ» фирқалари шўро ҳукумати ёш вақтида қизил байроқ остиға кириб олиб, уларнинг қилған ваҳшатлари, 18 – 19-йилларда Фарғонадаги «армон диктатураси» кўз олдимдан битта-битта чизилиб ўтди. – Кўпрукка келиб қолдик! – дедилар. Хаёлдан айнидим. Шаҳрихон сойининг кўпругига етган эдик. Бир вақтлар кўп пул сарф қилиниб бино этилган бу темир кўпрук жуда ёмон бузулубдур. Икки чеккадаги панжара темирлари буткул қолмаған, ернинг баъзи жойлари от сиғарлик даражада тешилган, бу тешикларга хода юмалатиб қўйғанлар. Хўжаобод ҳукуматдорлари ёғоч тошишиб қўйғанлар, кўпрукни тузатмакчи бўлған бўлсалар керак. Лекин кунлар, ойлар ўтмоқда, ҳали ишдан дарак йўқ. Ҳолбуки, бу йўл катта ва обод бир йўл бўлуб, кеча-кундуз арава қатнаб турадур. Кўпрукни тезроқ тузатиш чорасини кўрмак керак эди… Кимнинг вазифаси бу? Нонушта маҳали Хўжаобод қишлоғиға кириб, бир чойхонага тушдик. Аравакашлар отларни ўтга қўйдилар. Мен газетага ёзмоқ учун хабарлар истадим, халқнинг кам-кўстини суруштирдим. Хўжаободнинг Шаҳрихон сойи томонида Ўш сойи деган бир кичкина сой бор экан. Бу сой Ўш томондан келиб, Шаҳрихон сойиға қуюлар экан. Ўтган йил шу Ўш сойининг суви тентакланиб кетиб, 500 таноп қадар экинлик, ҳовли ва боғ ерларини оқизиб кетган. Ҳозир шу ернинг ёнидан яна оқизмоқда давом этар экан. У тўғридан Хўжаобод халқи ҳар йўл билан ҳукуматга арз қилған; Андижонда ўтган йил чиқиб тўхтаған «Дархон» газетасида ҳам у тўғрида ёзилған; «Фарғона» газетасида ҳам дод дейилган. Ўтган йил Туркистон марказ ижроқўми ва Фарғона музофот ҳукумат бошлиқлари ўзлари келиб кўриб кетганлар. Лекин шу чоққача ҳеч бир чора кўрилмаган. Шу нуқтаға Фарғона музофот ижроқўмининг диққатини қайтадан жалб қиламан. Саёҳатимизни Хўжаобод қишлоғиға келиб тушган жойимизда тўхтатган эдик. Ундан нарисини ёзмоқ учун эс-ҳушни тўплаб ўтириб, қўлға қалам олғунча анча вақт ўтуб кетди. Бу орада «Туркистон» газетасининг ёзишқучиларидан Ғози Юнус ва Элбек ўртоқлар билан бирга ўшал йўллардан яна бир мартаба ўтишга тўғри келди. Эсдаликлар яна янгиланди, кўрган-билганлар яна орта тушди. Саёҳатнинг давомини энди «икки мартаба бўлған саёҳатнинг давоми» қилиб ёзатурған бўлдим. Хўжаобод: кўринишга кичкина қишлоқ бўлғани билан гап-сўз кўп экан. Айниқса, газетачига гап-сўз топила берадур. Ўшдан 20 чақирим йироқлиқда Қорасув истансаси солиниб, тўғри қатнов йўл тушгандан бери Хўжаободнинг илгариги мавқеи сусайиб қолибдур. Бўлмаса, Хўжаобод арава, от, пиёда, фойтун, почта ва ўт арава карвонлари учун (ҳожилар таъбирича) бир «Харкоф» каби эди. Помир ва Қашқарға ёпишган, Ўзгант ва Гулша каби кенг жойларни ўз доирасига олған Ўш уездининг марказ томон билан бўлатурған қайноқ алоқасида Хўжаобод муҳим бир истанса эди. Ҳозир бўлус ижроқўми бор экан. Битта мактаб ҳам бор дедилар. Лекин унинг ўзидан кўпроқ «оти» бор, шекиллик… Кўкламдан тортиб то кузгача мактаб таътил экан, деҳқонлар болаларини фақат қишдағина ўқута олурлар экан. Мактаб мундай бўлғани билан, бошқа ғалати нарсалар кўп: ўтган сафар ёзилған кўприк ҳали ҳам тузалмаган, биз сўнгғи боришимизда файтунни ҳам еталаб ўтдик. Ўшга борғанимизда дедиларким, кўпрукни халқ ҳисобиға тузатдирмакка Ўш ижроқўми қарор берди. «Ҳукумат маблағига бўлмас эканми?» – деган эдик, «Баладия идорасининг пули йўқдур», – дедилар. Баладия идораларидан сўз очилғандан кейин гапиргандан кўра гапирмаган яхшироқ дедик-да, жим бўлдик… Сой оқизиб бораётган ерлар яна ҳам ўша кўйи турадурлар. Бир оз вақтдан кейин Хўжаободнинг ярмини олиб кетса ҳам мумкин. Сув идораларидан 3 муҳандис битта-битта бориб, 3 мартаба режа тортиб келган эмиш… Муҳандислар ишбилармонлар (спетсы) қаториға кирганлари учун ойлиқ ва кундалик (суточный) кўпгина берилатурғандур. Мундай бўлғандан кейин 3 эмас, 30 мартаба режа тортсалар, нима зарар? Пахтақўмнинг бир пункти бор экан. У ерда ишлагучиларнинг ҳаммасидан ҳам халқ тескарисига рози кўрунди. Бир Зубов деган хазиначи бор экан, унинг энг ширин гапи кўча сўкишларининг ўртачароғи экан… Бир деҳқонға 2 десатина пахта учун 100 сўм ва 20 пут буғдой бериб, буғдойнинг пулини ҳалиги 100 сўмдан олиб қолса керак экан. Хазиначи эсидан чиқарибдур-да, олмабдур. Деҳқон ташқариға чиқиб, пулни санаб, буғдойни олғоч: «Буғдойнинг пулини олиб қолмабсиз», – деб хазиначининг олдиға кирган экан, «Сен ўғри, муттаҳам», – деб арава-арава ҳақоратлардан кейин 3 сўм жарима тўлатибдур. Бу кишини юртнинг аризаси устидан Ўш ҳукумати (уезд маркази) чақирған экан, «Иш вақти, бора олмайман», – деб бормабдур. «Пахта маъракаси»га зарар келмасин деб, Ўш ҳукумати ҳам ўзича бир нарса қилмасдан музофот маҳкамаларига ҳавола қилубдур. Хўжаобод деҳқонлари шу аризаларнинг жавобини кутадурлар. Деҳқонлар бу йил ер экишга астойдил киришганлар. Ҳар ким тиришиб-тирмашиб бир от-улов топишга урунған, топа олмағанлари чопиқ билан бўлса ҳам экин экишга киришган. Халқ юртнинг тинчланганига, эркин-эркин деҳқончилик қилишга мумкин бўлуб қолганиға хурсанд. Ҳукуматнинг оз-кўп, қўлидан келган қадар ёрдамидан ҳам жуда мамнун кўрундилар. Хўжаободдан 3 чақирим нарида бурунғи замонда почта аравалари билан дилижонларға бекатлик вазифасини ўтайтурған бир бино бор эди. Ул бино Ўш билан Андижоннинг қоқ ўртасига ҳар икки тарафини 24 чақиримдан тўғрилаб солинған эди. Ҳозир иморатлари қуруқ девордан иборат бўлуб қолибдур. Саҳнига пахта экибдурлар… Ундан 2-3 чақирим нарида неча минг десатина келатурған бир боғ бор. Ул боғ мундан 10 – 12 йиллар бурун Фарғонанинг машҳур қорунларидан яҳудий Симҳоевлар томонидан қилинған эди. Боғнинг ерларини деҳқонлардан (ҳарчанд noobod ерлар бўлса ҳам) арзон-арзон олиб беришга ўзимизнинг аҳмоқ тўраларимиздан бири кўб катта хизмат қилған эди. Ҳатто бу тўранинг ҳаракати билан сув келмас ерларга сув келди, яъни юқоридағи қишлоқларда ўлтурған деҳқонлар ўз сувларидан кесиб, тўрамнинг боғиға бердилар. Деҳқонларнинг кўплари тўранинг муриди бўлғани учун, тўра ул ишни жуда осон бажарди. «Оқ қилдим», «Қора қилдим!» – дейди, бўлди, бас. Кейинча Симҳоев тўранинг ўзини ҳам боғдан ҳайдади, киргизмайтурған бўлди. Шунчаликки, аҳмоқ тўра ўзининг камбағал деҳқонларини бир бойнинг манфаатига қурбон қилди. Ҳозир жанжалларнинг бир асоси мана шундай жойларда бўлар экан. Кўпи мевалик дарахтдан иборат бўлған ул кенг боғнинг жуда кўб, ҳадсиз-ҳисобсиз терак кўчатлари бор экан. Ғалати, овруповорий иморатлар, гулшанлар ясалған, неча юзлаб қўй, неча ўнлаб мол-сийирлар, яхши ҳўкузлар, неча жуфт отлар турғанлар; деҳқончилиқ асбобларининг ҳам ҳар хили бўлған. Бу, албатта, илгари вақтда. Мана бу ички урушлар вақтида боғча тамом ишдан чиқиб, бир чакалакзор бўлуб қолған, иморатларни истеҳком ясаб олуб, босмачилар билан аскарларимиз, аскарларимиз билан босмачилар отишканлар. Ҳисобсиз милтиқ тешиклари яқин замондағи даҳшатлик дамларни эсга солуб, масхара қилиб кулуб турадурлар… Илгари тубжой халқидан бир неча киши боғни ҳукуматдан ижараға олған эканлар. Кейинги вақтда ҳукумат ул ижарачилардан қайтариб олиб, «қишлоқ союзи» деган ташкилотга берган. Бу ташкилот зироат муҳандислари юборған, хўжаободликлардан мардикор ёллаб ишлатиб турадир. Биз ўтуб кетаётканда бир неча киши замбар тўқуб турар эди. Бузулған, йиқилған уйлар тузатилмакга бошлаған, боғчаға ҳам чинакам бел боғлаб ишлаган кўрундилар. Андижондан Хўжаободғача (адирларни қўшмасақ) қиш фаслларида йўл ёмон бўладур. Хўжаобод билан Ўш орасида қиш фаслида ҳам йўл яхши, теккиз, қуруқ бўладур. Кейинги сафаримизда кўкламнинг кўм-кўк қўйнида гуллар орасида кетдик. Йўл жуда чиройлиқ бўлған эди, дарахтларни сиқиб бўғуб олған туфайли (паразит) чирмовуқлар қуюлиб туша бошлағанлар. Экинсиз, ўт босиб ётған ерларга қўш чиққан, ҳайдалған, чопилған. Ориқларни тузатганлар. Сувлар шириллаб оқиб борадур. Ўшнинг яқинидағи тоғлар ҳайбатлик бўлуб кўруна бошладилар. Ўш ва Андижон уездларига кўклам фаслида ривоч (шукри) етиштириб бературған «Шукри тоғи» кўм-кўк кўкариб ўнг биқинимизда турадур. «Сурат тоғ»нинг орасидағи узун ўрмондек чиройлиқ йўлдан ўтиб борамиз. Ўша жойда ёғоч кўмир куйдиратурған кўралар бор. Баъзиларининг оғзини очиб ўтун тўплаб қўйғанлар. Баъзиларига ўтин тиқиб тайёрлаб қўйғанлар. Баъзилари тутун чиқариб куюб турадир. Баъзиларининг ўти ўчган, оғзига чаплаган лойлари сарғайиб кесак бўлганлар, очилишга ҳозир турадурлар. Ўшга яқинлашқанда бир тўп катта терак келадур, ўшлиқлар ҳам уни «катта терак» дейдилар. 1916 йилда Ўшдан Николай ҳукумати ва Оврупо истилочиларининг улуғ қурбонлариға «мардикор-лошмон» номи билан олиб берилатурған ўшлик йигитларни Ўш халқи – катта-кичик – шу «катта терак»гача узатуб қўйған эди. Йироқдан теракни кўриш билан эсимга бечора мардикорлар тушди, аллаким-аллакимларнинг нафсларини қондириш учун шу йироқ юртлардан аллақайларға бормоқ учун шу йўлға чиқиб, шу теракнинг тагида ота-оналарининг иссиғ ёшлариға қуюлғанлар… Теракнинг ҳозир бошқа каромати чиқибдур: кимдур, биров, бир «эътиқодлиқ» банда айтибдурким: «Ҳар ким шу теракнинг пўстини қайнотиб ичса безгакдан қутуладур». Теракнинг ўзи ҳам бир неча юз йилги қадим терак эмасми, дарҳол «азиз»лигига ишонишибдур: одам бўйидан юқориғача пўстини тамом шилиб олибдурлар… Буни олмоқ учун дўхтўрнинг қоғози (рецепт) керак эмас, бир бошидан ўтган бирга ўн қўшиб айтдими, ишонтирдими, бўлди. Қанча узоқ йўллардан шу бир қарич пўст учун келатурған бечора бордур! Хива томонда «toun» касали бор эмиш, унга ҳам шундай бир терак топилғанда Соғлиқни сақлаш комиссарлигининг шаҳардан ташқариға чиқмайтурған пуллари Аму бўйлариға ҳам мажбурият билан бориб қолмас эди!.. Бас энди, Ўшга етиб qoldiQ! Бутун Фарғонада ҳавосининг тозалиги ва иқлимининг хушлиги жиҳатидан Ўш билан тенглашатурған жой йўқ. (Бобир) Фарғона музофотидағи шаҳарлар орасида энг гўзал жойға ўринлашқан ва энг соғлом иқлимға эга бўлғани Ўшдур. Бу атроф, умуман, жуда яхши суғориладур ва унинг муаттар бинафшалик кўклами чинакам жозиб! Бундан бошқа яна ҳар қоидалалар ва қизил гуллар ўсадур. («Қашқар амири Ёқуб». Номи французча асардан) Бир ўзбек-турк ва бир французнинг бир маънини onglatQan юқориғи икки сўзиға ўзимдан бир нарса қўшуб ўтурмайман. Ўш – чинакам мақталишка арзийтурған жой. Муни кейинги саёҳатимда бирга бўлған рафиқларим ҳам жуда самимий бир тил билан сўзладилар. Лекин… Лекин ҳозирги Ўш Бобир айтган ва француз муаллифи ёзған иқлим ва ҳавоға эга бўлса ҳам, ўзининг бу кунги бузғун ва хароба ҳоли билан 10 йил бурунғи Ўш ҳам эмасдир. Юқорида қўйған сарлавҳам Ўш шаҳрининг энг чинакам тилмочи! Андижон йўлидан шаҳарга кириб кетатурған, у… 5-6 маҳаллани ўткунча бўшаб қолған ҳовли-жойларни ва уларнинг йиқилиб, ағдорилиб ётқан уй ва деворларини кўрасиз. Бозорға яқинлашқанингиздағина жон асари, тириклик асари, уй-жой, тузуклик асари кўрасиз. Бозор куни бир баланд жойдан туруб томоша қилдим: оддий бир қишлоқ бозоридан бошқа нарса кўринмайдур. Шаҳар ва шаҳарликдан нишон йўқ. Хароб бўлған, бўлаётған ва хароб бўлғуси катта мадрасалар ва уларнинг бир хил ваҳший чеҳра кўрсатгучи, қўпол пештоқлари ўтгандаги шаҳарлардан бир нишон ва аломат сақлаб туродурлар. От, туя… туя, от… Мана Ўш бозорининг энг кўп меҳмонлари! «Эшагига ярашар тушови!» – дегандек, Ўш шаҳрига яраша шаҳар ғамхўри, яъни баладия шуъбаси! Шаҳарнинг биргина жойида биргина нарса кўринмайдурким, баладия шуъбаси ўшани қилған бўлса… Бозор ўртасидан оқиб ётқан чиройли сойнинг устида бир катта кўпрук солишибдур, сўраттирсам: унда ҳам баладия шуъбасининг кўп дахли йўқ экан. Бу Эски шаҳар. Янги шаҳар ҳам мундин дуруст эмас. У балки мундан ҳам бадтар. Инқилобнинг бузуш даврида бузилған шаҳарлар мана бу 2-3 йилги тузаш даврида tanimasliQ ҳолиға келаёздилар, баъзилари келдилар ҳам. Лекин Ўш шаҳри тез орада муни даъво эта олмайдур. Мунга катта бир сабаб: Ўшнинг темирйўлдан йироқлиғи. Замонимиз электрик замони. Шундай замонда темирйўлдан ҳам қуруқ қолған бир шаҳар тезгина обод бўла олмас. Мундан 10 йиллар бурун темирйўл Андижондан нарига ўтмас эди. Улуғ «олти шаҳар» Қашқар билан бўлатурған муносабат Ўшни катта бир бекат (истанса) ясаб олған эди. Бир томони Еттисув музофотиға етатурған орқа тараф шаҳар билан бўлатурған муомаласини Ўш оралиқ қилур эди. Туркистоннинг пахта ишлари учун Қашқардан чиқиб келатурган арзон қўл мардикорлари… 50 000 ва 100 000 лаб Ўш орқалик ўтарлар эди. Сўнгра: Ўш ҳам чегарага яқин, ҳам зиёратгоҳ бўлғанлиғидан кўп кучларнинг ўзиға тортилишиға сабаб бўлур эди. Мана Ўшни бурунлари обод қилиб келган омилларнинг бир нечаси! Бу кун шу омиллардан ҳеч бири йўқ. Шунинг учун Ўшнинг шаҳарлик ва ободлик важҳидан аҳволи бирмунча вақт шу ҳолда қолса керак. Тоғ яқин: шундай биқинда. Бир неча қадам: тоғ! Биз ҳам рафиқлар билан биргалашиб chiqdiQ. Тоғнинг ёнбағирларида одамнинг белига етиб ўсатурған ўтлар, кўкат, майсалар, қизғалдоқ ва бошқа гуллар ҳали пастак-пастак бўйлари билан ёш боладек энди тиккаланиб, оёққа босиб келадур… Тоғнинг қора, жонсиз ва қўпол тошларининг ҳам бир «хосияти», бир «каромати» бор бу мамлакатда. Қўл тиқилса – қўл оғримайтурған, бош тиқилса – бош оғримайтурған, бел тегса – бел оғримайтурған «муборак» чуқурчиқлари бор у тошларнинг! Ҳар бир «шифохона» олдида бир шайх, бир очкўз, таъмакор алдамчи ёлғон ва ёлғон сотиб ўтурадур… Тоғда, қора тошлар орасида бир қаричдан ортиқроқ ўсган бир кўкат, бир ўт йўқдурким, бошлариға бир парча латта-путта илинган бўлмасун! У латталар ҳаммаси ҳам ирим, тегиб бўлмайдур. Фақат «жинлар», «ажиналар», «арвоҳлар»гина кўзга кўринмасдан келиб-кетиб кетадурлар. Бечора ўзбек хотуни! Сенга 12 ёшингда кафан кийгизган жаноблар туғулған кунингдаёқ сени иримларнинг бемаъни қучоқлариға ирғитадурлар! Билмайсен. Билмайсен. Билмаганинг учун сен ҳали кўб йиллар шу иримлар учун энг тоза умидларингни сўлдирғайсен! Сенинг билмоғинг, ўрганмоғинг учун кенг йўл очилған шу замонда сенга очилғуси мактабларнинг таъминоти учун маҳаллий маблағ (местное средство)нинг кўпайишини тилайлик!.. Ўшда шаҳар ва уезд ижроқўми бор, унинг биноси ҳам Ўшнинг ўзига яраша тарқов, очиқ-сочиқ, маҳкамага келишмайтурған бир болахона. Бошқа идораларнинг жойлари ҳам шундай. Балки мундан ҳам бўлмағурроқ. Лекин биргина мактаб бор. Биноси жуда яхши, бурун рус ерлик мактаби бўлған. У ҳам биз борғанда ремонт қилинмаған эди. Ремонт учун баладияда пул йўқ, муаллимларнинг таъминоти учун маориф шуъбасида пул йўқ, маориф шуъбасига бермак учун Маориф камисарлигида пул йўқ. Шундай қилиб, шу биргина мактабнинг ҳам тақдири қалтираб турадур. Халқ таъминотига ўтказганлар, халқдан пул йиғиш қийин… Биз шаҳар боғчасида, энг гўзал бир жойда ўлтуруб эдик, «газетачилар келибдур» деб хабар эшитган бир киши ёнимизға келди. Ярим соат жон куйдириб кап-катта одам йиғлағундек бўлуб бир жойға 2 мартаба солиқ чиққанлиғини, шикоятларидан фойда бўлмағанлиғини онглатди. Шўро матбуоти ўз асосини хийла маҳкамлаб олған экан, буни биз ўша ерда очиқ билдик. Ўшда сув билан юратурған бир электрик истансаси бор. Қуввати кўб. Нархи ҳам арзон, олғучилар оз. Ҳозир сим тортилмаған кўчаларга сим тортишга, нархни яна ҳам арзонлаштиришга ҳаракат бор. Ўшнинг атрофида яшағучи қирғиз халқи мактабга ва билимга жиддий интиладур. Гулшада юрт йўли билан яхши бир мактаб биноси тушди; очилиш маросимида тўй ясалиб, мактабнинг 6 ойлик таъминоти йиғилди. Ўзгантда ҳам мактаб биноси солинди. Гулшада муаллимлар Қурси очилди. Шулар ҳаммаси – халқнинг ташаббуси. Лекин Ўш шаҳри биргина мактабни ҳам ишлатолмайдур. Ўшнинг босмачилардан қутулғаниға 2 йилча бўлди. Шунинг учун атрофида экилган ерлар кўп, деҳқончилик яхши. Сув сероб. Ҳар ерда бўлғанидек, мунда ҳам от-улов камлиги бор. Бу ҳам вақти билан тўлдирилур, албатта. Биз Жалолободга келгандан сўнг билдикким, шу чоққача Ўшда давом қилиб келган биргина кинўтиётр ҳам яқинда Жалолободға кўчубдур… Ниҳоят, бир кун тонг чоғида Жалолободга бормоқ учун Қорасув истансасига қараб йўлға чиқдиқ. Гўзал тоғи, гўзал кўриниши билан гўзал Ўш шаҳри бузғун чеҳрасини қайғуға тўлдируб орқамиздан қараб қолди… Ўшдан жўнадик. Ўш билан Қорасув ўртасидағи йўл нима учундир Ўш – Андижон йўлидан ҳам бўш, қатновсиз кўрунди. Бўлмаса, Ўш шаҳрини темирйўлга туташдирадурған ҳам текис, ҳам яқин бўлған бу йўл қатнов, обод, карвонлар узилмайтурған бўлиши лозим эди. Бу ҳол Ўшнинг ҳар бир жиҳатдан илгариги мавқеини йўқота бошлағанини кўрсатадур. Ҳозир унинг ўрнини Жалолобод билан Ўзгант қишлоқлари олиб борадурлар. Ўзгантга кетатурған йўлнинг устида бўлуб, яқиниға темирйўл истансаси солинғани учун кичкинагина Хонобод қишлоғи ҳам обод бўлуб борадур. Жалолобод бўлса аллақачондан бери Ўшнинг энг муҳим савдо ва саноат жиҳатларини ўзига тортиб олуб, кундан-кун кенгайтириб келадур. Ўзгант қишлоғи ҳам бутун муносабатини Хонобод орқалик темирйўлга боғлаб олди, Ўш билан ҳеч бир иши йўқ. Мозорлар, шайхлар, «улуғлар» маскани бўлған чиройли Ўш шаҳри устига кундош келиб қолған ёш жувондек бир чеккада маҳзун-маҳзун қолуб кетди… Ўш билан Қорасувнинг ярим белидаги Қашқар қишлоққа яқинлашамиз. Ўнг ёнимизда кенг ва зўр бир ер. Бу Туркистонни ўруслар олмасдан илгари қайси бир хон ё бекнинг боғи бўлған жой. Қари-қари ўруклари ўша шонсиз, шарафсиз кунларни эсга тушуруб турадурлар… Инқилобдан бурун у ер «подшоҳлик ерлар идораси» (управление государств. земел) деган маҳкаманинг қўлида бўлуб, яхши насллик отлар етиштириш учун унда «от зовуди» очилған эди. У зовуддан Ўш ва атрофи, умуман, шу атроф учун бирмунча яхши насллик отлар етишган эди. Бурунлари зовуднинг ёнидағи кенг экин ерлари ҳам бир қарич қолдирилмасдан экилиб турар эди. Биз ўтиб кетаётган вақтимизда экинлик ерларни қарич-қарич ёввойи ўтлар босуб ётганини кўрдик… «От зовуди» ҳам бузулуб кетган. 1919 йилда Фарғона босмачиларининг сардори бўлган Муҳаммадаминбек муҳожир ўруслар билан биргалашиб Ўш шаҳрига ҳужум қилған ва олған вақтида Сафонов ўртоқ қўл остидағи қизил аскарлар шу «от зовуди»да босмачилар билан жуда кўб отишган эканлар. Муни бизнинг аравакашимиз бўлған ўшлик ёш йигит содда ва ширин бир тил билан сўзлаб берди. Ўша отиш вақтларида милтиқ отмоқ учун тешилган девор тешиклари оқ бодроқдек бодраб кетганлар. Ҳозир у тешикларни лой билан чаплаб, зовуднинг яхши уйларига ўшал жойлардағи баъзи бир деҳқонлар кириб олғанлар эмиш. Қорасувға келдик. Истансанинг ичкари ва ташқарисиға одамлар кўб тўпланғанлар: Андижондан келатурған пўездни кутадурлар. Биз ҳам билет кассасига яқинлашиб, навбат билан кута бошладик. Пўезд нариги истансадан чиқди. «Энди касса очиладур», – деб навбатдагилар сиқилиша бошладилар. Бирдан бир ўрус бақирди: – Пўезд тўла, шунинг учун одам ҳам олинмайдур, билет ҳам сотилмайдур! Ҳамма ҳайрон бўлди. Биз ҳаммадан ҳам ортиқ ҳайрон бўлдиқ. «Муштум» билан кенгашдик, у: – Рассомим Тулля бўлса ҳалиги «билет сотилмайдур» деган темирйўлчининг баъзи бир қилиқларини чизиб олур эди! – деб ўз ҳасратини қилди. «Муштум» бир нарсани сезмасдан гапирмайдур. «Билет сотилмайдур», – деб эълон қилған темирйўлчи ташқариға чиқиб, баъзи бир «ишончлик» савдогарларга: «Бир нарса беринг, билет топамиз!» – демакчи бўлуб қўли билан «оқча»ға ишорат қилған. Темирйўлчининг бу ҳийласи «Муштум»нинг ўткур кўзидан қочуб қутулмади, эҳтимолким, «Муштум»нинг келгуси сонларида шундай «фазл ва ҳунарлар»га доир баъзи бир «ажойибот»ларни томоша қилсақ! Ўзимизнинг бемалол арава билан бўлса ҳам Жалолободға кетмакчи бўлдик. Фақат аравакашлар дарёнинг сувидан қўрқдилар. Сўнгра кечки пўезд билан Андижонға қайтмоқчи бўлдик. «Жалолобод пўездини узатуб қўяйлик», – деган баҳона билан истансага чиқдик. Билетларни олуб, бир қизил вағунға чиқиб ўрунлашдик. Вағунларда тиқинлик деган гап йўқ. Бўш жой жуда кўб. Ҳатто кўб «эрка» кишилар баҳузур чўзулуб ухлаб борадурлар. Агар 1-2 юз кишига билет сотилса ҳам вағунлар сиғдирғундай… Қўнғироқлар чолинди. Вағунларға биздан бошқа ҳам 5-10 та мусулмонлар хуржун кўтаришиб кирганлар эди, бемалол жойландилар. Бошқа вағунларға ҳам чиққанлар кўп бўлди. Учинчи қўнғироқ бўлди. Пўезд қўзғолди… Эшикдан тафтишчи (контролёр) келиб кирди. Билетсизларға солинатурған жаримадан ва уни ундиришдаги узил-кесилликдан хабаримиз бўлғани учун юрагимиз бир дукуллаб олди. Пўезд ичида ғалати-ғалати, «ажойибот», қизиқ «сир»лар, тубжой халққа қилинаётған муомалаларни тоза томоша қилдик. Султонободнинг бузулуб кетган истансасида тўхтамасдан, катта дарёдан отлаб ўтуб, Хонободда жиндак тўқтағандан сўнг Жалолободга кириб кетдик. Водийлар ичинда қанча водий, Қон қилди жигарни водий, бодий! Фарғона водийси тўғрисида айтилган шу икки йўл байт Фарғонадан йироқ тушуб қолған бир фарғоналикнинг ўз водийсини соғиниб айтган байтларидан икки йўли. Мен ҳам шу икки йўл байтни қайтара-қайтара Жалолобод – Кўгарт водийсиға келиб кирдим. Аввалги сафаримда ҳам, кейингисида ҳам Жалолободда кўп тўхташға тўғри келмади. Бир кун-икки кун! Зотан, Жалолободнинг ҳафталарча юруб кўратурған жойлари ҳам йўқ. Мусулмонлар қошида ҳазрати Айюб пайғамбарға нисбат берилган учун муқаддас саналған, замон фикрчилари учун эса ернинг кўгартлик табақаларидан ўтуб чиққан сувдан бошқа нарса бўлмаған қайноқ булоқлар бордурким, Жалолободнинг кўрилатурған нарсаси шулгинадур. Жалолобод қишлоғи ёки шаҳарчасининг кун чиқиш биқинидағи баланд адирларнинг бир чеккасидан чиқиб ётқан у булоқлар бурунғи чор ҳукуматининг диққатини яхшигина жалб қилған эди. Чор ҳукумати ул жойни яхши, мукаммал бир курурт қилиб, шимол ва ғарбнинг бир кўзлик кўзойнак таққан жинтилмон (олифта) бой болалари учун ҳам шифо манбаи, ҳам исроф ва фаҳш уяси қилмоқчи эди. Шунинг бошланғичи ўлароқ алоҳида-алоҳида 10 хоналик булоқ ҳаммомлари вужудга келтирган, уларнинг теварагида зиёратчилар учун шаҳар мусофирхоналари шаклида айрим хоналар бино қилдирған эди. Булоқнинг юқори томониға, адирнинг энг устига, боғчалар ясатмоқ, яна яхши бинолар солмоқ режалари чизилиб, ерости сув йўллар учун темир қувурлар санчилған эди. Чор ҳукуматининг совуқ ва кўм-кўк кўзлари, юқориси жабр, қуйиси зулмдан иборат бўлған кирпикларини бир-бирига ёпишдириб шундай хаёлга ботган вақтида Осиёнинг шу ёввойи адирлари ўрнида «муаззам ва бўлинмас Русия»нинг рус завқини сепайтурған гўзал «Баден-Баден»ини кўрар эди. Жаҳон уруши бошлангандан кейин тор миллатчи ўрус муҳаррирлари Гирмония курортлари орқали Гирмония хазинасига тушган пуллари учун қайғирмоққа бошладилар. «Ватанпарвар» ўрус газеталарининг биттасида бир қайноқ миллатчи ёзадурким: «Бизнинг энг кўп пулимиз Гирмониянинг «Баден-баден» каби курортларига тўкуладурлар: унда сарф қилинған пулларимиз Гирмония давлатининг хазинасиға тушадур, давлат эса у пулларни «Круп» фабрикасиға бериб, ўрус қўшинини қирмоқ учун 42 сантиметрлик тўплар ҳозирлатадур. Сарф қилинатурған пулларимиз кўб бўлса, киборларимиз яхши ҳаволик жойларни истасалар, Қрим ва Қафқазия куруртларига борсунларким, ўз чўнтагимиздан чиққан пул яна ўз чўнтагимизга тушсун. Шунинг билан баробар ҳукуматимиз ҳам Қафқазия ва Қрим курортларини Гирмония куруртларидек яхшилаш йўлларини қарасун. Сўнгра бошқа ўлкаларимизда ҳам яхши, шифолик жойлар бор. Масалан: Туркистонда мундай жойлар биргина эмас, бир нечта бор. Шуларни Гирмония куруртларидек мукаммал қилсак, ватанимиз учун қанча катта хизмат қилмоқ мумкин». Ўрус миллатчисининг шу мақоласини 1914 – 15 йилларда ўқуған бўлсам ҳам, у вақтда унинг чин маъносига унча тушунмаган эдим. Орадан 10 йил қадар вақт ўтди, Русияда улуғ ўзгаришлар бўлди, «ватанпарварлик», «миллатчилик» каби сўзларга янги маънолар берилди. Энди юқоридағи мақоланинг маъноси ҳам бизга бутун очиқ ва ёпиқ жиҳатлари билан бирга яхши онгланадур. Айниқса, ўшал «Қизбулоқ»нинг ёнида туриб Кўгарт водийсиға назар солсак, унда қатор чизилиб кетган ўрус қишлоқларини кўрсак, мақоланинг мазмуни яна ҳам очиқ фаҳмланадур. Чор ҳукуматининг муҳожират идораси ҳақиқатан муқтадор кишиларнинг қўлиға топширилған экан. Бу атрофда, фикримча, шу Жалолобод – Кўгарт водийсидан унумлик тупроқ бўлмаса керак. Шу жойга энг катта муҳожирлар қишлоқлари саналған энг қора муҳожирлар ўрнатилған. Муҳожирлар қишлоқларининг ўртасида ярқираб кўринган ҳайбатлик бутхона қуббалари чор ҳукуматининг ният ва идорасини жуда очиқ кўрсатадур. Ўктябр ўзгаришидан кейин босмачи курашининг энг қизғин даврларида Кўгарт Ўш билан Ўзгант орасида муҳожирларни босмачилар сафида кўрамиз. «Озуқ инҳисори» (монополияси)га қарши шиддатлик исён кўтарганлар шу муҳожирлар бўлдилар. 1919 йилда Андижонни авраб олған босмачиларнинг энг қалин қатори муҳожир аскарлари эди. 1920 – 21 йилларда ўтказилган ер ислоҳоти чор ҳукуматининг қора мақсадларига содиқ қолуб келган муҳожирларга яхши сабоқ берди. Теваракларида туя миниб юрган қирғиз, арава ҳайдаб юрган ўзбекларни «булар ҳам одам» дейишга мажбур қилди. Қанча қийин бўлса ҳам, бурун кучлаб олған жойларини асл, ўз эгаларига қайтариб беришга мажбур бўлдилар. Водийчанинг муҳожирлар масаласини шўролар ҳукумати мана шу йўл билан яхшилаб ҳал қилди. Энди курорт масаласи бор. Уни ҳам ҳал қилмоқ керак. Бугунги Ҳазрати Айюб том маъноси билан бир курурт эмасдур. Лекин шундай қилиниши керак. Туркистон шўролар жумҳуриятининг марказ ҳукумати жумҳуриятнинг бу ҳол қимматбаҳо жойларини ҳеч бўлмағанда Қрим ва Қафқазия курортлари билан тенглаштиришга тегиш. Ўрта Осиёнинг камбағал деҳқонлари, меҳнаткаш ишчилари ўз жумҳуриятларининг шифолик жойларида ҳамма ўнғайлик ва қулайликка эришганлари ҳолда, дам олишга, истироҳат қилишга тегишдурлар. Ҳозирга қадар бу тўғрида жуда оз ишланганга ўхшайдур. Курортнинг ҳатто махсус дўхтўри ҳам йўқ. Сўнгра Жалолободда бу йил муташаккил бир курурт ҳам бўлмади, шекиллик. Жалолобод, бурунғи эсдаликларда ёзғаним каби, кундан-кун тараққий қилиб борадур. Мунда, албатта, темирйўлнинг катта таъсири бор. Бу йўлни яна ичкариларга олиб кетмоқ ҳам мумкин. Жалолободнинг ўзида бир касалхона бор, атрофида (муҳожир қишлоқлари учун) ҳам бир касалхона солинған экан, ҳозир борми, йўқми, билмадим. Маориф ишлари жуда суст. Сустликда марказ Маориф комиссарлиги билан ҳам тенглаштириб бўлмайдир… Шаҳарда тубжой халқ учун биргина интернат бор. У интернат ҳукумат таъминотида. Илгари фаҳш жойи бўлған бир номерни бузуб, халқ ёрдами билан яхши 4 синфлик бир мактаб биноси солғанлар, биз борған вақтда бино битишга яқинлашқан эди. Лекин муаллимларнинг таъминотига на давлат хазинасидан, на маҳаллий маблағлардан ҳеч нарса берилмайдур. Халқ ҳисобига таъмин қилиш ҳам жуда қийин экан. Жалолободнинг маорифпарварлари шу тўғрида бизга кўп шикоят қилдилар. Биз нима қиламиз? Газетага ёзиб тегишлик идораларнинг қулоғиға қуюб кетмакдан бошқа қўлимиздан келмайдур. Сўнг вақтда Жалолобод ижроқўмининг яхши ташаббуслари бор: шаҳарнинг катта қатнов кўчаларига тош тердирилмакчи. Тошни дарёдан ташиб бориш учун йўл идораси билан онглашилған. Бир қисм сарфини Андижон ижроқўми бермакчи бўлған, бир қисмини ўзи топадур. Сўнгра шаҳарчани электрик билан ёруғлаш иши ҳам юзага чиқиб келадур. Бу хусусда мавжуд бир ўт тегирмоннинг қувватидан фойдаланиш йўлини топқанлар. Баъзи бир асбоблар ҳозирланған, тездан шаҳарча электрик билан ёруғлана бошласа керак. Мана бу ишлар, агар ташаббус қилинса, ҳар қайда ҳам кўп нарсалар ишламак мумкинлигини кўрсатадур. Давлат сармоясидан оз берилса ҳам, маҳаллий маблағ йўлға қўйилған бўлмаса ҳам, ташаббус орқасида кўб нарса ишламак мумкин. Мунинг мисоллари биргина Жалолободда эмас, бошқа жойларда ҳам бор. Лекин Жалолободдағиси ташаббуснинг бекор кетмаслигига энг очиқ мисол. Кошки, маориф ишларида ҳам шу хил жиддий ташаббуслар бўлса-ю, ижодий ишлар ишланса ва янги қилинаётган электрик истансалари учун қишлоқ деҳқонларининг болаларидан ёш усталар, техниклар етишсалар. Қайтмоқ учун вағунга ўлтурдик. 5-6 соатдан сўнг Андижонда бўламиз. Шунинг билан саёҳатимиз тамом бўладур. Шу катта саёҳатнинг натижасида кўб нарсаларни кўрдик. 5-6 йиллик бузғунлик тарихини жой-жойида варақлаб ўқиб кўрдик. Бузғунлик ҳақиқатан жуда кучлик. Бузғунликни йўқ қилиб, йиқилганни тиклаш учун жуда зўр кучлар, туганмас ғайратларга эҳтиёж бор. Юрт бузулған. Лекин унинг мунбит тупроғи кўчиб кетгани йўқ, жойида. У тупроқ орқали яна юртни яшнатмак сиз ва бизнинг қўлимизда, ҳурматлик ўқиғучилар! Вилоят театр тўдаси Ҳозир ёш Ўзбекистоннинг қурилуш ва ўнглаш даврида турамиз. Бу куннинг шунга яраша катта-катта масалалари бор. Уларнинг ҳар бирини яхшилаб ҳал қилиш учун анча урунмоқ лозим бўладур. Ўшандақ катта масалаларга ҳам кенг-ковурғина жой топиб бера олмай ётқан газетамиз театр-томошадек орқадароқ турған масалаларга қавоғини буруштирмасдан жой бермайдур. Албатта, шундоқ бўлса ҳам Фарғонанинг вилоят театр тўдаси тўғрисида озроқ бир нарса ёзиб ўтмасак бўлмайдур. Нимага десангиз бу – бир вилоятнинг тўдасигина бўлса ҳам овозаси дунёни босди! “Қизил Ўзбекистон” газетаси “Туркистон” номи билан чиқиб турған вақтида мазкур тўда тўғрисида узундан-узун бир нарса ёзған мен ўзим эдим. “Фарғона”да Ваҳобхон ўғли ўртоғимиз ҳам шу масалага чинакам бир қоқилиб ўтди. “Фарғона”нинг ўша сонида вилоят “театр тўдаси сафарга чиқди” деган “валуалалик” (сенсационный) бир хабар ҳам босилди. Ҳозир мен ўша сафарга кетган тўданинг сафардаги томошасиға суяниб бир нарса демакчиман. Камбағал “маҳаллий маблағ”дан шу театр тўдаси учун катта-катта сарф бўлуб турғани – ҳаммага маълум. Бухородан шу тўда учун энг яхши тарихий кийимларидан бир мунча олиб келгани ҳам кўпимизга белгилик. Бу сўзни биз пичинг ёки таъна тариқасида айтмаймиз. Биз бу сўзни суюнганимиздан айтамиз. “Суюнчилаймиз!” вилоят ижроқўми санъат эгаларига ҳам мунча кўнгил қўяр экан ёр бўлсун. Р.К.П. Ўрта Осиё буюрўсининг раиси ўртоқ Зелинский Бухоро қурултойларининг бирида маъруза қилаётиб “кимга кўб берилса ўшандан кўб сўраладур” мазмунида бир нарса деган эди. Мен ҳам бу кун “шу қадар кўб нарса берилган” театр тўдасидан “шу қадар оз нарса олинғани” тўғрисида гапирмакчиман. Андижонда вилоят тўдаси томонидан бир театр кечаси ўтказилди. Гапни чўзуб ўтирмасдан шунигина айтайинким, агарда бир пардалик, калтагина, мазмунсиз ва қўпол тил билан таржима қилинған кулги асар бўлмаса унда ўзимизнинг Миршоҳидимиз бир оз кулдирмаса, ўзбек қизи Қурбонли қори қизи………………………………………………………………….Кечанинг театр қисмиға хат тортиб қўйишға тўғри келар эди. Айниқса, қафқасчадан таржима қилинған бир пардалик “Ака-сингил” фожиаси маъносизлик, калталик, алоқасизлик ва бошқа-бошқа ҳар тўғрида алоҳида-алоҳида бир “фожиа” эди. Таржима тили ҳам жуда қўпол. Ўйинчилар ҳам (она рўлидаги Ғози қизидан бошқалари, айниқса, йигит) жуда ёмон ўйнадилар… Кечанинг театр қисмини ўзи арзимас нарса бўлса ҳам ўша кулги бир оз жонландирғанидек, кечанинг ўзини ҳам концерт (ашула-ўюн) қисми бир оз жонлантирди. 3 та – кўпчилик ашуласи тайёрланған экан. Ҳаммаси ҳам дуруст чиқди. Айниқса, “тарончи” куйига олинғани жуда яхши эди. Муроджон деган бир ашулачи бор. Унинг товуши (ўртача олсақ) яхшиғина. Айниқса, машҳур Муҳитдин қоримизни “Ғайра-ғайра”да товуши жиҳатидан яхши тақлид қиладур, фақат, қилиқда унча эмас. Эски Сиддиқ ҳожимизнинг ўюнлари, албатта, жойида. Мана кўрасизким, вилоят ижроқўми бу тўдага мунча кўнгил қўйғани билан ундан кутган нарсасини ҳозирғача ололғани йўқ. Мундан кейин ҳам тез орада яхшироқ бир нарса кутиш мумкин бўлмағандек кўрунадур. Озарбайжон шевасида “Ўлилар”, “Коваи оҳангар”, “Учурум”, “Парайжоду”дек катта нарсалар Бокудаги “Таблиғат” театрининг енгил ва яхши асарлари туруб қулоқ эшитмаган ва кўз кўрмаган оддий (1910 нчи йилларнинг) асарларини саҳнага олиб чиқиши бу – нима?.. Маскавда фақат ўзбеклар учунгина очилған 3 йиллик театр мактабига вилоят тўдасидан ким юборилди? Ҳеч ким! Ҳолбуки, ҳеч бўлмағанда 3-4 кишини тўда томонидан юбормоқ лозим эди. Ўшандақ қилғанимизда, бу кундаги умидсизликларимизни келгусидаги умид билан юпатар эдик. На – у бўлди, на – бу! Шу билан қаерғача борамиз? “Маҳаллий маблағ”дан санъат учун бир нарса ойирған вилоят ҳукуматига астойдил ва бир ё жавоб бературған чоқда нима деймиз? Ҳа бир “фожиа” эди, ундай кетди! – деймизми? Шу жавобқа қонатурған одамлар кўб топиладурми экан?.. Хитой қўзғалди “Қора Хитой қўзғалса дунё бузулар эмиш…” деган гап, бурун-бурундан эл оғзида бор. Бирар жойда катта бир тўпаланг бўлғанини айтишган оналаримиз, ҳали ҳам “Қора Хитой қўзғала кўрмасун” деб қўядурлар. Эл айтган, халқ айтган “тўрт кўзлик, 2 бошлиқ, 8 қўллиқ” қора Хитой йўқ. У гаплар Хитойни танимаганликдан келган нарсалар. Лекин тўрт юз милён қадар келатурған улуғ Хитой халқи, Хитой оммаси, Хитой кўпчилиги бор. Ўша сонға ета қолаёзған Хитой ишчиси, Хитой деҳқони, Хитой меҳнаткаши, Хитой косиби бор. Хитойдан бошқаларнинг оёқлари тегмаган кўб жойларда, ўша кўпчилик – ўзига хос бир маишат билан умр ўтказмакдадур. Бу кун ана ўша кўпчиликнинг ана ўша Хитой оммасининг қўзғалғани тўғрисида дунёнинг ҳар томонидан сим қоқиб турадурлар. Шу чоққача ўз генерал ва тўраларининг кетларига эргашиб бир-бирларининг қонларини тўкушган Хитой ишчилари, меҳнаткашлари, энди – ёт қиронларнинг чидаб бўлмас зулмларига қарши бош кўтарганлар. Ҳозир, Хитойнинг ҳар ерида кунботиш жаҳонгирларига қарши кучлик бир ҳаракат бошланди. Қўзғолишнинг бошланиши – Шанхай шаҳаридан бўлди. “Шанхай” – Хитойнинг энг обод, энг ишлик, “бозорлиқ” шаҳари. У ерда ёт қиронлардан келган бойлар катта-катта зовуд ва фабрикаларни солиб, мингларча ун ва юз мингларча Хитой ишчиларини ишлатиб ётадурлар. Ишлатганда ҳам қандоқ дейсиз? Кеча-кундуз дам олдириш йўқ, қимирлашқа фурсат йўқ, доим ишлатадурлар. Шунча ишлатиб ҳам берган ҳақлари “мушукка – офтобға чиққани учун” берилатурған ҳақдан ҳам озроқ… Ана шу учун энг аввал Хитой ишчилари, Шанхайдағи ёт қирон зовудларида ишлагувчи Хитой “қора ишчилари” қўзғолдилар. Зовудларни ўз қўллариға олмоқчи бўлуб кўрдилар, бўлмади. Ёт қирон аскарлари билан Хитойнинг ҳозирғи ҳукуматга қарашлиқ палисалар, уларнинг устига юруш қиладилар. Қанча Хитой ишчиларининг қонлари зовудларнинг темир панжаралик дарвозаларига тўкилиб қолди… Ёт қиронларнинг одамлари ҳар ерда ва ҳар ишда ҳам “Хитой – ўзимизники” дегандак иш тутадурлар. Шу учун Хитойнинг юқори мактаб талабалари, инқилобчи фирқалари ва бошқа шаҳар аҳолилари бир бўлуб туруб кўчага чиқдилар; ўзларининг ёт жаҳонгирлардан хафа бўлғанлиқларини билдирмак учун байроқ кўтариб куча айландилар. Лекин, ҳеч қайда ҳеч кимга тегмадилар; яроқ-аслаҳа ушламадилар. Ана ўша тинч намойишчиларга қаратиб бекардан-бекарга ўқ узулди. Ўқ узган англиз палисалари эди. Талаба, ишчи ва аҳолидан бир мунча киши ўлди; бола-чақалари кўчада етим бўлуб қолдилар… Ҳозирғи қўзғалған тўпаланг ўша воқеа орқасида чиқди. Ўша воқеани далвой қилиб туруб, Хитой халқи ёт жаҳонгирларга қарши қўзғалиш бошлади. Хитойнинг ҳар синф, ҳар хаёл, ҳар табақа аҳолиси қўзғалишқа аралашқан. Ҳатто катта Хитой савдогарларининг Пекиндаги қўмиталари, ёт қиронлар билан муомалани тўқтатмоқчи эмиш. Хитой ҳукумати ҳам, катта қиронларға нома юбориб “ажнабий полисаларининг зулмига қарши” норозилиқ билдирди. Унга қарши катта қиронлар ҳам жавобнома ёзиб “айб бизда эмас” дедилар. Мунга қарши Хитой ҳукумати яна қаттиғроқ норозилиқ номаси юборди. Бу тўғридағи хабарлар газетамизнинг хабар қисмида бор. Лекин бу воқеанинг бир қизиқ жиҳати бор. Ya’ни: ёт қиронлар шу воқеаларда ҳам “Маскав”ни “Большевик қўнсул”ларини айбламакчи бўладурлар. Айниқса, Шанхайда ҳуқуқчи тескаричи ажнабий газеталари бу тўғрида жуда ёмон ҳовлиқиб кетдилар. Албатта, дунёнинг нариги чекасида бир қамишзорға ўт кетса “большевиклар”дан кўруш одат бўлуб қолди. Бу одатни кўзи очиқ одамлар ҳар қаерда ҳам тушунуб қолдилар. Шундоқ гаплар билан на Хитой халқини ва на бизни қўрқита олмайдурлар. Шундоқ бўлса ҳам, Хитой халқининг халқ қўзғалишини босмоқ учун яроғлиқ куч яъни аскар юборатурған вақтда – ҳалигидак иғволарнинг анча фоидаси тегадур. Нима бўлса – бўлсун аскар билан, куч билан 400 милёнлиқ Хитой халқига қарши кетиб бўлмайдур. Кетилганда ҳам ҳеч бир самара чиқмайдур. 150 милёнли шўролар элини яроғли куч билан енга олмаған муттаҳамлар, 400 милёнли Хитой халқини енгамиз десалар, ўзларининг аҳмоқлиқлариниғина кўрсатадурлар. Хитой халқи – миллий қутулуш учун астайдил бел боғласа, ўзининг хоин генералларига унча кўб эрк бермаса, ҳаммаси бир ёқадан бош чиқарса ва ҳаммадан ҳам муҳими – чин инқилобчи бўлған фирқаларнинг йўли билан кетса… Бу ва ё бошқа бир қўзғолишнинг натижасида мақсад ва ниятларга албатта, эришгусидур. Хўжайинлик ёшлар Андижонда босмачилиқ ҳаракати даврида бир мунча ёшларимиз ва мактаб болаларининг «кўзга яқин»лари мажбурият остида ёки ҳавас билан босмачиларнинг томониға ўтуб уларнинг орасида «маҳрам» бўлуб юра-юра босмачилиқ бетиши билан қутулуб келганлар эди. «Ўрганган кўнгул ўртанса қолмас» деган сингари ҳалиги болалар шоҳи тун кумуш пайнак, дандон соплик пичоқ ва катта-катта пулларга ўргануб қолғанлиқлари учун шу кунларда баъзи савдогарлар ёнида яна ўша қиёфат билан кўрина бошладилар. Яқинда биттасини милисия бошлиғи базадан тутуб олди. Мана шу ахволни кўз олдида ўтуб Андижон ёшқўми иқтисодий ҳуқуқ шуъбасининг диққатиға қуйидағи хидматларни ташлаб ўтаман: Ўшандақ хўжайинлик ёшларни рўйхатга олуб хўжайинларининг ижтимоий турмушларини баъзи хислатларини суруштуруб 4-5 соат ўқушға мажбур этилсун. Унча-мунча маълумоти хат-саводи борларини мумкин бўлса,бошқа шаҳарларга ҳам бўлса юбориш чорасини кўрилсун. Хўқанддан “Падаркуш” фожиасини кўрмоқ учун Андижондан Хўқандга келиб, миллий тиётруни кўруб, ўз ҳиссиётимни қисқалик ила ёзмоқни керак билдимки, ушбудур. Бой, Домла, Зиёли, Артун, Пристав, Бойни(нг) камбағал укаси, Лиза, Давлат, Тошмурод, Тангриқул шахсиятига киргонларга таҳсин ва ташаккуримни арз қилурман. Шуни-да ёзайин, учинчи пардадаги Бойни ўлдуриши яхши таъсирлик бўлмади ва Бойбачча шахсияти яхши ижро қилинмагандек бўлди. Хусусий мурожаат Тошканддаги усмонли адабиёти ҳаваслилари бўлган биродарларимизга: Сарфи адабиётдан истифода этмак учун Истанбулда чиққан: “Шаҳбол”, “Турк юрди” ва “Ижтиҳод” мажмуаларининг баъзи бир ададларини кўрмакка ҳиддатли эҳтиёжим бор. Улар бебаҳо нарсалар бўлганликдан сотуб олишга уруниш бир беҳуда ҳаракат ўлур эди. Шунинг учун қўлларинда мазкур мажмуаларнинг бир неча жилд ёки ададлари бўлған биродарлардан илтимос қилур эдимки, ўзларинда бор мажмуалардан муваққат суратда ва ўз жойларинда бир неча соат истифодага руҳсат этсалар экан. Ўз жойларинда бир қадар нарсаларни кўруб олур ва баъзиларини ёзуб олур эдим. Бошқа турли зарар келмаслигин виждоним номина таъмин этаман. Қўлларида бор нарсалар ҳақинда марҳамат қилуб каминани хабардор этсалар, адресим: Собиқ “Туркистон” нўмралари 48 нчи хона (соат 3 дан сўнг). Яна қон шарпаси Газетамизнинг бу сонида Юнонистон пойтахти Афина шаҳаридан берилган бир хабар бор. Ул хабардан ва ундан бурун ҳам газета бетларида кўрулуб ўтган имо ва ишоратлардан бир нарса англамоқ мумки: Яқин Шарқ масъаласини тинчлиқ билан ҳал қилмоқни истамайлар! Яқин Шарқда дарё-дарё оққан қонлар ҳали ерга сингиб биткани йўқ. Уруш чоғида бузулған, ёндирилған – куйдирилган қишлоқ ва шаҳарлар ҳали тузатилгани йўқ. Уруш натижасида ватанжудо бўлған бечоралар, ҳали тузук-қуруқ бир ерга ўрунлашқанлари йўқ. Урушда қариндош-уруғларидан ажраб қолған етимларнинг кўз ёшлари ҳали қуруғани йўқ. Шу ҳолда яна уруш шарпалари яраш шарпаларидан кўра кучликрак эшитилмакдадир. Бунинг айби Онатўли халқида, унинг бошида турған Камол ҳукуматида эмас. Буни очиқ ва қатъий даъво билан айтамиз. Мустафо Камол кечагина сўзлаган бир сўзида: “Бизнинг таклифларимизга буткул қарши жавоб келса ҳам урушдан кўра ярашиш яхши” деди. Туркия ҳукумати, турк халқи ҳар кун, ҳар соат: “Биз тинчлик истаймиз! Биз тинчлик билан ички ишларимизга машғул бўлуб, бу хароб бўлған юртни тузатмакчи бўламиз” деб бақириб, ҳар кимга эшитдириб турубдир. Лекин, нариги томондан келган шарпалар бундай эмас. У ерда яна қилич қайралғани эшитиладир. Яқиндағина юнон бош вазири туруб: “Туркиянинг яраш шартларига кўнмак сира мумкин эмас!” деб эди. Марич наҳри бўйига юнон қўшуни тўпланаётқани тўғрисида кўбдан бери хабар берилиб келадир. Кечагина қайси бир йилда туғулған юнон йигитларига сафарбарлик эълон қилинғанини ўқуған эдик. Бу кун: юнон ҳарбия нозири томонидан ёроғ билан алоқаси бор ҳамма юнонликка “ҳозир бўлуб турунг” деб буйруқ қилинғанини Чаноққалъа бўғозиға уруш кемалари йиғилғанини эшитиб турубмиз. Юнон ҳеч вақтда бекарга ҳовлаған ит эмас. Орқасида олкишлагувчи бўлмаса ул ҳеч кимга югурган эмас. Букун Юнонистонда расмий бўлмаса ҳам ғайрирасмий катта эътиборға эга бўлған машҳур Ваназилоснинг бир йўлдоши бош вазир “қилинмоқчи” эди. Ул кишини сиз ва бизга танитқан чоқда телеғром ширкати: “Бу киши иттифоқчилар рози бўлмасалар уруш қилиб бўлмас, деган фикрдадир, деб ўтган эди. Букун Юнонистондан ошкора уруш шарпалари кела бошлади. Демак, ҳалиги “розилиқ” деган нарса ҳам буткул хаёл эмас. Балки, биздан яширин тутулатурған ҳақиқат! Демак, Юнонистон бир мартаба қоралиғи билинган бахтини янабир қур синаб кўрмоқчи. Лондон билан Париж “хўжайинлари” ҳам бунга “хўб” деганга ўхшайлар. У ҳолда Анқара нима қилар? Анқаранинг қилатурған ишини “Янги кун” газетасида Юнус Нодибек жуда маънолик сўзлар билан билдирадир: “Уруш янгидан бошланатурған бўлса бизнинг режамиз шуки, бир тарафдан ўзимизга лозим бўлған ҳаракатларимизни қиламиз; иккинчи томондан эса, ўзимиз учун ҳозирғидан ҳам фоидалик яраш шартларини эълон қиламиз. У чоқда яраш аҳдномасига қўл қўймоқ учун би Оврупоға эмас, Оврупо бизнинг ёнимизға келиши керак!..” Бошқа нима керак? Яна қўзғалдилар Яна қўзалдилар! Элимизни, юртимизни оғир ва қийин кунларга қолдирған, бошимизға фалокат устига фалокат келтирган борлиғимизни “одам” ва “фано”га тўғри судраган қуп-қуруқ миялик “уламо”лар, тўғриси уламолар тағин қўзғалдилар. Уларни 4-5 йиллик беркиниш ва қочишда кўчага, майдонға тортиб чиқарған нарса янги сиёсат (NEP) бўлса-да, қўзғатиб, шовиланиб, ҳовлиқтириб юборған нарса Фарғонадаги очлиқдир. Фарғонаға очлиқ келмай ўлсун! Фарғона очлиққа йўлуқмай қолсун! Фарғонани қизғониб, Фарғона очлиғиға ёрдам каби улуғ вазифани тушунтираман деб андижонлик Заҳириддин Аълам бир гап айтиб юборди. Кўп замондан бери айтила олмай келган равшан ва очиқ бир ҳақиқатни айтиб қўйди. Қўзғалди тўлқун! Тошди дарё! Андижон қозизодаси русско-туземни ҳавосида руҳи, мияси чириган “тўра” махзум кўтарилди, ошди, тошди. Тошкент уламолари ичига кириб маҳкамаи шаръия ёнида айланиб Зоҳир маҳзумни ёмон кўрсата олмағач Туркистонда ҳақ ва ҳақиқатни ботурлиқ билан айткунча шу биргина кишини “кофир” қила олмағач ўзи каби бир-икки бўш мияларни топиб мухтасар таржимонини орқасиға эргаштириб ҳукуматга хиёнат (донус) қилмоқ учун ҳам тиришди. Билмадик, бу йўлда бирор нарса қила олдими, йўқми. Локин шу иш бир дафъа дам бўлуб кетган эди. Ҳаммамиз тинчгина ўз ишимизга машғул эдик. Фақат, фақат бу тинчлиқ шунинг учун эканким, қозизода Тошкентдан Фарғонаға кетган экан. Фарғонанинг Андижон шаҳрига бориб енг шимарлаб ишга киришган экан. Қозизода Андижон уламоларига: “Заҳириддин Аъламни “Қизил байроқ”да ёзған мақоласи учун Тошкент уламолари “кофирликка” ҳукм қилдилар. Сиз ҳам шунга ривоят қилиб беринг, Туркистондан ҳайдатурмиз” деган. Бу иғво ва бу ёлғонға алданған киши Андижонда борми, йўқми билмадик. Биз ўзимиз йўқ бўлса керак деб ўйлаймиз. Негаким, Андижон маҳкамаи шаръиясининг бошиға чиқиб олиб дарра салтанатини кўрған кишилар энди ўз хатоларини тушунган, ҳар хил эгри йўлларға сақланиброқ киратурған бўлуб қолғандирлар. Агар ҳанузгача тушунмаган бўлсалар яхши тушунсунларким, дин ва шариат номидан халқни эски дунёға, бойлар, қорни тўқларға бўйин эгдириш оламига олиб бормоқчи бўлғанларға сира йўл берилмас. Ҳукуматимизнинг янги сиёсати ҳеч вақтда ҳақиқатни айтгучиларга кишан, сиёсат қилғучиларға ялтироқ тўн кийгизиш учун эмасдур. Ҳукумат бошидағи йўлбошчиларимиздан ҳеч бир вақтда бир тўда қуп-қуруқ мияларнинг бузуқ фикрларини бутун Туркистон уламосининг ҳақ ва ҳақиқатга қараб юргучи кишиларнинг фикри деб англамас. Сиёсатни қурол қилиб бурунғи тўраликга эришмакчи бўлғанлар қатъиян хато қилалар! Эли-юрти неча йиллардан бери исломда бўлмаған хурофотлар билан заҳарланиб келган ишчи-деҳқон миясини яна бадтар заҳарламакчи бўлғанлар, уларга диннинг асоси ҳақ ерларини тушундиришга қарши бўлғанлар майдонда ортиқ эркин от ўйната олмаслар. Қўзғалонлар қўзғала берсинлар. Ўзларининг манфур сиёсатларида давом эта берсинлар. Фақат, натижа ҳеч вақтда улар айтганча чиқмас. Чунки шўролар идораси Туркистонда бордир ва бор бўлғусидир! Янги газета Шаҳаримизда фирқа ва ёшлар ташкилоти томонидан ўзбек тилида ҳафталик бир газета чиқарила бошланди: матбаада, ҳарфлар билан босилатурған бу газетанинг исми “Қизил қлуб” бўлуб, биринчи сони чиқди. Газета ҳозирга девор газети шаклида бир бетлик бўлиб чиқмоқдадир. Матбуотнинг тугалланишига урунмоқ билан бирга бу газетани ҳам яхши бир йўлға қўюб юбормоқ мумкиндур. Шаҳаримизда маънавий куч кифоя қиладур. Моддий жиҳатни, айниқса, матбаа билан бўлатурған моддий алоқани яхши ва ишончлик йўлға қўймоқ керак. Яқин Шарқ конференцияси арафасида Исвичранинг Лузон шаҳрида очилмоқчи бўлған Яқин Шарқ канференсияси очилған бўлса керак. Унинг очилиши учун белгиланган энг кейинги муддат 20 нчи ноябрь эди. Инқилобчи Туркия вакилларининг Лузон шаҳарига бориб-етканларига бир неча кун бўлди. Фақат, вакиллар бошлиғи Исмат Пошонинг Пуанқара билан кўрушмак учун Парижға борғанлиғи тўғрисида хабар бор эди. Француз вакиллари ҳам 19 нчи ноябрда Лузонға қараб йўлға чиққанлар экан. “Эхо де-Пари” номлиқ француз газетасининг хабарига қарағанда, Лузон шаҳарига Сербия ва Булғория вакиллари билан 3 кишидан иборат Миср вакиллари ҳам келганлар. Бу Миср вакиллари, билмадикким, қайси Мисрнинг вакиллари бўлсалар? Англтара ҳукуматининг “ғуломбаччаси” бўлған Султон Фуод ҳукуматининг вакилими экан, ёки Мисрда Англтаранинг “маданий чеҳра”сини кўрмакдан безор бўлған асил Миср халқининг вакилларими экан? Лондондан берилган бир телеғром Миср миллатчилари томонидан Лузон канференсиясига махсус вакиллар юборилишини билдирадир. Ул вакилларга топширилатурған вазифа – Мисрнинг тўла истиқлолини ва Мисрнинг ички ишларига ётларнинг аралашмаслиғини талаб қилмоқдир. Иккинчи томондан Англтара ҳукумати ҳам Мисрдаги ўз “маҳрамлари”дан бир нечасини канференсияга аралашдириб, уларнинг хиёнатлик товушлари билан ўз манфаатини қаттиғроқ илгари сурмакка тиришадир. Телеғром хабарида ҳали бу кейинги тўғрида ҳеч бир маълумот йўқ. Энди канференсиянинг асосий мақсадларига келайлик: канференсиянинг мақсади Шарқ масъаласи деган чигални ечмакдир. Шарқ масъаласи деган замонда илгари кенг доиралик, жуда катта бир масъалани англар эдик. У вақтда шу Шарқ масъаласининг ичига бутун Арабистон, Миср, Ал-Жазира вилоятлари ва Арзи Мақдис ўлкаси ҳам кирар, араб, турк, курд, яҳуд каби бир мунча миллатларнинг ёзмиши ҳам ораға отилур эди. Энди ҳозир у ўлка ва миллатларнинг ёзмиш Ғарб жаҳонгирларининг хирс ва тамаъларини қондирғулиқ бир суратда вақтинча бўлса ҳам ҳал этилгандир. Ўлкалар ва у миллатлар Оврупо “енгганлари”нинг “тахти ҳимоя”сига олинғанлар, бошлариға қўйилған “амир” ва “қироллар”нинг давлатларига дуо қилиб “тинчгина” яшамоқдалар. Ҳозир Шарқ масъаласи бурунғидай улуғ бир масъала эмас, кичкина, локин оғир бир Яқин Шарқ ёки тўғриси “Туркия” масъаласида, шунинг учун Шарқдаги эзилган халқлардан, фақат, Туркиягина бу канференсияга аралашиб, бошқа эзилган Шарқ ўлкалари чекада томошачи бўлуб турадирлар. Туркия масъаласи ҳам ҳал этилган каби эди. Ул чигални ҳам инқилобчи Туркиянинг ботур ўрдуси ўз найзалари билан ҳал этгандек бўлған эди. Туркия масъаласини Англтара режасига мувофиқ ҳал қилмоқ истаган юнон кучуги иккинчи мартаба ғингшимайтурған бўлуб чекилган эди. Шунинг билан Яқин Шарқ масъаласи ҳам ортиқ “қийл ва қоллар”ға лузум қолмасдан ҳал этилмаги керак эди. Туркиянинг Истанбули, Трокияси берилуб, ажнабийлар учун қўюлған ортиқча имтиёзлар йўқ қилиниб, тўла истиқлоли тасдиқ қилиниб, бўғозлари эркин қўюлуб ишнинг битмаги керак эди. Локин Оврупо жаҳонгирлари, айниқса Шарқнинг эски душмани бўлған Англтара буни истамайдир, Туркияга, турк халқига бурунғидек ҳайвонлар муомаласини қилмоқчи бўладир. Фақат, ўзининг эгри мақсадларига етмак учун Туркияга бир оз “ён бериб” келган Франция ҳам Англтара хорижия нозири Лорд Керзоннинг усталиғи орқасида тўнини тескари киятурған бўлуб турадир. Қон билан, зўрлиқ билан, ҳийла, макр, фасод ва номашру’ йўл билан иш бошиға ўлтурған фашистлар Италияси Туркия масъаласида қаттиғ дўқлар қилиб, дағал юз кўрсатмакда, қўпол сўзлар ирғитмоқдадир. Шу сабаблик Медония канференсияси билан Лузон канференсияси орасидағи фарқ кундан-кун кенгаймакдадир. Лузон канференсияси очилмоқ арафасида; биз бу йўлларни ёзиб турған чоқда балки очилиб, ишга ҳам бошлағандир. Канференсиянинг бошлиқлари 3 давлат вакилларидан иборат бўладир, деган бир телеғром бор эди. Албатта у уч давлатни ном-баном кўрсатиб ўтурмоққа ҳожат йўқ. Унлар – ҳаммамизга ҳам маълумдир. У учнинг орасида енгган Туркия йўқ. Уни ўйлаган киши ҳам йўққа ўхшайдир. Демак, Туркиянинг енгганини енгганга ҳисоб қилмоқ унга бир фоида чиқармаслиқ учун тиришалар. Лузон арафасида Англтара, Франция ва Италия катталари орасида кўрулган “самимият”, “мухолислиқ” (Солидарност) шуни кўрсатадир. Иккинчи томондан енгганлар ҳам бўш келмайлар; Оврупо катталарининг у қўполлиқлариға қарши ажиб бир совуққонлиқ сақлайлар; комил тинчлик ва ўзга ишонишлиқ билан: “биз бу ерга катталарнинг буйруқларини қабул қилғали келмадик, биз одам қатори, инсоф доирасида сўйлашмакка келдик. Бўлмаса биз индамай қайтиб кетаберамиз” дейдирлар. Енгган Туркиянинг бутун шу сирларни яхши тушунган вакиллари канференсияга кўб катта умид боғлағанлари йўқ. Туркия вакилларининг бошлиғи Исмат Пошо бир оз вақт бундан илгари: “Яна қиличға ёпишатурғанға ўхшаймиз” деган эди. Унинг Лузонда газета муҳаррирларига бир неча дафъа айтган сўзлари ҳам: “Бизнинг ҳаққимизни бермасалар, бизнинг ҳақлиғимизни танимасалар канференсияларини бошлариға урсунлар” деган сўзига келадир. Туркия инқилобчи ҳукумати ўзининг қилиқлари билан ҳам ўзининг маҳкам азмини кўрсатмакдадир: Истанбулда мулкий идорани ўз қўлиға олған Рифъат Пошо қочиб кетган султоннинг саройига қулуп солиб қўйди. Онатўли Миллат Мажлиси султонни тушкан эълон қилди. Анқара ҳукумати султонни ва унинг бутун ҳукуматини ҳукмга бермакчидир. Лузон очилиш арафасида. Ҳар икки томон ҳам бир-бирларига сўнг даража хўмрайиб, заҳарлик қарашлар билан қарайлар. Ҳар икки томон ҳам сўнг даража матонат билан Лузон имтиҳониға киришмакдалар. Бу ёқда биз Русиянинг меҳнаткаш камбағал халқи, ўзимизнинг 5 йиллик пухта ҳукуматимиз, бутун дунё онтар-тўнтарини бошқаратурған улуғ жамъиятимиз (байналмилалнинг Маскавдаги 4 нчи йиғини) билан бирга эзмак истаган билан эзилмак истаганлар орасидағи курашни, аввалгиларга аччиғ нафрат ва кейингиларга қизғин муҳаббат сақлағанимиз ҳолда таъқиб этмакдамиз. Ер қимирлашлар Бир-икки ҳафтадан бери шаҳарда тинчсизлиқ бор. Шу орада икки мартаба қаттиғ, 3-4 мартаба енгил қимирлаш бўлди. Гулша, Қуршоб ва Кампиробод (Қорадарёнинг бош) тарафларидан турлук-туман қўрқинч хабарлар келмакдадир. Расмий, тасдиқ қилинған хабарлар бўлмағани учун, халқ шу оғиз хабарлари билан бесаранжом бўлуб турди. На Тошкант ва на музофот газеталарида расадхона хабарлари кўрулмади. Газета хабарларини қидирғанлар кўб бўлди. Халқ кечалари уйда ётмасдан, мумкин қадар очиғроқ жойларда ётмоқдадур. Бир неча кунгача эҳтиёт бўлинсин деган мазмунда ижроқўмдан расмий буйруқ берилди. Ёлғон аралашқан даъволар Айб ҳеч кимда эмас, на дўлда ва на тегирмонда. Айб кармонда ва ҳамёнда. Йўқ, бу даъволарнинг ҳаммаси безрайган ёлғон. Манимча, ҳамма айб эски Тошканд ижроқўмидадир. Йўқ тўғри эмас биргина эски шаҳар ижроқўми эмас, ҳамма шаҳар ижроқўмида ҳам бор. Лекин айб ижроқўмларнинг буйруғини эшитмаган бўлимларидадир. Афв этасиз, кўб ерда бўлмайлар 2… 3 ойлаб ойликларини ололмайдирлар. Нима қилсунлар. Бечоралар, овул ва қишлоқ шўро ишчилари беш йилдан бери ойлик олмағанлари ҳолда бутун давлат эгаси шулар; ижроқўм раислари давлатлик бойлардан кам эмас. Мана бу даъволарнинг ҳаммаси ҳам ёлғондир, ишонмангиз. Манимча, ҳамма айб ҳазрат Одамнинг жаннатдан ҳайдалишиға боис бўлған иблис малъундадир. Ман бўлсам, бутун айбни баладийя идораларига қўяр эдим, чунки тобқан-тутқанлари кўпрук тош йўллари юруб ўз қоринлариға кетадир. Ya’ни, демак айтаманким, бизнинг мусулмон қисмларидаги баладийя бўлимларининг тобқан-тутқанлари ўз ойлиқлариға кетадир. Эски Тошканд думахонасининг ўз сўзича, “Ойлиққа ҳам етмайдир”. Мана энди, бу ҳам туҳмат! Ёлғон. Оғиздан бир чиқиб кетди-да, оға-инилар! Ўйлаб қарасам, ҳамма айб соғлиқни сақлаш бўлими ўрниға очилған балои офат бўлимларида экан… Бу ҳам қуруқ туҳмат! Дунёда кимнинг айби бор?… Айби йўқ. Биргина айб бизнинг аҳмоқлиғимизда, мусулмон бошқармаларининг сиёсий тарбиясизлигида. Уларнинг кўблари ишдан кейин масжид жиловхоналарида ўтканнинг ўроғини, кетканнинг кетмонини олиб ўлтирадирлар-да, устал талашиб ўртадағи ишчи-деҳқонларнинг бошини ёриб кўзини чиқарадирлар. Идорага келганда алмойи-алжойи қассобға имо, баққолға ишорат… Энди тузалган эид, улар асфала софилинга кеткан эид, мана шу ёлғон гап эди. Қани ўлгани, улар яна тириклар. Лекин устал талашадирлар. Умидлари яна усталга ўлтирмоқ. Ёлғон даъво бўлса-да айтиб ўтдик-да, биродар. Ҳа, уюнг куйгур қайси бири тўғри?.. Ҳаммаси тўғри, ҳаммаси эгри ҳам ёлғон… Ўҳ… кимники тўғри, муллоларникими? Йўқ. Иймончиларникими? Йўқ. Бўлмаса умрини фисқ-фужур билан ўтказган миллат болаларининг номусини ерга буккан маълум ва машҳур Усмон полвонники тўғрими? Ҳа, шуники тўғри. Нимага? Нимага бўлар эди замона зўрники, томоша кўрники. Яна замон, пасқамда пишқириш, Усмон полвонларники. Ўлма, бу даъвонг бўш кетди. Нима зарари бор, меним тўрт томоним қибла, нима айби бор, ҳамма гапим ёлғон. Дод деб юбораман-да, нима демакчисан. Юқоридаги учи йўқ чувалиб кеткан учуруқларингдан ҳеч нарса тушуна олмадим. Тушунмасанг бўғилиб ўл. Ўртоқ, қўй, нима демакчисан, очиб сўзла! Очиб сўзлайми? Ҳа… Кераги йўқ. Илтимосимни қайтарма. Хўб, қабул қилдим. Айб ҳаммада. Лекин жим… Ҳеч кимга айтма, айб ҳаммада, ҳаттоки айб ҳам айбдор. Масалан, яқинда милициялар ҳайит куни Тахтапул дарвозасида бачча ўйнатдилар. Бухоро қизил аскарларининг кўблари беданабозлиқ билан машғулдирлар, бу айб эмас-ку, айтиб ўтик-да. Ҳайит куни ҳар ерда синфий айирмас битди. Истаганлар янги иқтисодий сиёсат шарафига уруштирилди, аттанг, оғзимдан чиқиб кетди. Айби йўқ. Эски шаҳарда устал талаши, бош ёрилған, кўз чиққан, ўт билан сув бу кун бирлашкан, ҳа нима учун бундай? Куч-қувват бирликда эмиш… Синфий тортиш қайдасиз, устал масъаласи. Чу… Кўзингни оч, қарға. Бу ерда бир оз чегарани каттароқ кесиб юбордим. Машҳур Самсон Усмон полвоннинг боғиға кўчиб чиққан, Ostroumov ҳукумат ишига кирмакчи бўлуб юрар эмиш. Бухоро эскичилари амирнинг ҳақига дуо қилар эмишлар. Янги имлочиларга қирғин келар эмиш. Ҳар қаерда уламо жамияти очилмоқчи эмиш… Мана бу хабарларнинг ҳаммаси тўғри эмас. Нега десанг, бўёқчининг хуми бузилған. Ҳукумат диний хурофот билан курашмак учун бел боғлаған. Бироқ, бизнинг мусулмон масъул ишчиларининг кўби маълум ва машҳур. Афв этасиз, уларнинг ҳақидаги даъволарнинг ҳаммаси лоф, ёлғон. Масалан, одамлар гап тарқатдиларки, гўё бизнинг бир неча коммунистларимиз эшонға қўл берибдир. Юсуфхон эшон ўлганда бир қанча коммунистлар йиғлаб ўлай дебдир. Юсуфхон эшоннинг сассиғ мурдор жасади учун янги мозор очишға сабаб бўлған эмиш. Вой ёлғончининг уйига ўт тушсун. Эски шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бойлардан бир нарса… олиб эски шаҳарга ўлук кўмиш учун ижозат берар эмиш деб, шу тўғрими, эски шаҳарда ўлук кўмиш учун ижозат берадурған маҳкамалар жуда кўб, ёмоннинг кучи япалоққа етар, ҳаммангизнинг кучингиз соғлиқни сақлаш идорасига етибдир-да. Ижроқўм, идора бўлими, милиция идоралари билан ишингиз йўқ, ҳаммасида ҳам айб бор эмасми? Пучуқ табиб аввал ўз бурнингни тузат, агар сан ҳам бирор идорага бошлиқ бўлсанг эди, нима қилар эдинг, ҳаммаси менга маълум. Айб ҳаммада бор-ку, бироқ бутун жанжал афандининг чопони устида!… Ёшлар орасида Ленинчи ёшлар ўз вазифасини билиши керак! Бу кунги ленинчи ёшлар фирқанинг ҳозирлиқ қурсининг талабалари ҳисоб қилинадур. Ya’ни эрта-индин чин фирқа аъзоси бўлуб умумий ижтимоий, сиёсий ишларда ҳақиқий раҳбарлар бўлуб етишадурлар. Бу кун биз ленинчи ёшлар сафининг кундан-кун кучайиши, сонининг ортиши билан на қадар қувонсақ, лекин уларнинг ички сиёсий тарбиялари учун ҳам шунчалик урунишимиз керак. Бунинг учун биринчидан, ёшлар сафининг ичида ҳақиқий бирлик, самимий ўртоқлиқ бўлиши лозим. Афсуски, ёшлар ҳалигача камисарлик усталидан пастга туша олмаймиз, бизга ўзларини бошлиқ, чин раҳбар деб ўйлаған кўбкина масъул ёш ишчиларимиз ҳатто ҳафталик мажлисларимизга ҳам бир сарқадам келмайдилар. Ёшларга келишмайди Попируснинг на қадар зарарли эканлиги, унинг кишининг ўпкасига бўлатурған зиёнлари маълум. Бу тўғрида сўзлаб ўтурушнинг ҳожати ҳам йўқ. Катталаримиз тушунуб туруб ўзларини ўзлари заҳарлайтурған кишиларимиз майли чекаверсунлар; аммо бизнинг ёш камсамўл аъзолари шундай зиёнли нарсани бу кунданоқ ташлашлари керак. Ёш, ўқуш ёшидағи болалар кўчама-кўча попирус сотиб умрларини бекорга ўтказадурлар. Ҳатто, кўбгина ёш болалар, ота-оналарининг пулларини ўғрилаб бўлса-да попирус олиб чекадурлар. Бизнинг угоркомол ва бошқа юқори идораларимиз шулар тўғрисида тадбирли бир чора кўрса эди. Ёзувчиларимиз Чирчиқ қурилишида Тошкентдан бир неча чақирим нарида, Чирчиқ дарёси бўйларида, Бутуниттифоқнинг энг катта корхоналаридан бири қурилаётир. Йигирма-ўттиз чақирим келатурган бир масофани тор изли темир йўллар, тош йўллар, ишчи бараклари, каттакон автомобиль гаражлари, икки автомобилни бемалол олиб ўтатурған азамат паромлар, ҳайбатли экскаваторлар (ерни ўзи қазиб, ўзи ташувчи машина), гидромониторлар (сув кучи билан адирларни йиқитатурган машина), неча юзлаб автомашиналар, неча минглаб одамлар қоплаган. Чумоли уясидек қайнаган бу кенг майдонда қувватли прожекторлар нурида кеча-кундуз тинимсиз иш боради. Днепр қурилиши каби энг зўр қурилишда иш кўрсатиб мукофотланган бир қанча инженер-техниклар ва юқори ихтисосли ишчилар Чирчиқ қурилишига юборилганлар. Шўх ва саркаш Чирчиқнинг неча юз билан минг йиллардан бери ўтиб келган йўллари ўзгартирилмакчи. Искандарнинг тепасида, дарёнинг бўғзида, сиртмоқ солиниб, унинг кучи билан бир қанча азамат электрик сув станцияларини юргизилмакчи. У станциялар яқин келажакда буюк фабрикаларни айлантириб ишга солажак, ҳозирдан бошланган кимё комбинати жумҳуриятнинг “оқ олтин” талаларини ўғит билан таъмин этажакдир. Ўзбекистон Ёзувчилар союзининг жумҳурият қўмитаси томонидан тузилган ва Ғайратий, А.Қодирий, А.Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон, Элбек, Оппоқова ва Чўлпон ўртоқлардан иборат ёзувчилар бригадаси шу апрель ойининг 10-11 лари орасида Чирчиқ қурилишига чиқиб, юқорида айтилганларнинг барчасини ўз кўзлари билан кўриб келдилар. Ёзувчилар қурилишнинг энг муҳим жойи бўлган бош тўғонни (Искандардан юқорироқда) қариш-қариш кезиб кўрдилар, уларга Днепрда ишлаб ўзини кўрсатган ихтисосли бир ишчи изоҳ бериб, тўғоннинг қурилиши билан таништирди. У ерда энди Чирчиқнинг йўли ўзгариб улгурган. Чирчик тўғон учун жой бўшатиб, ўнгроқдан оқмоқда. У ерда энг катта экскаватор шағалли заминни у ёқдан олиб, бу ёққа ташламоқда, кичкина паровозли поезд омонат излар устида чинқириб юриб тупроқ ва шағалларни ташимоқда. Одамнинг ва экскаваторларнинг кучи етмайтурган оғир харсонларни ва баланд адирларни дори (борот – порох) кучи билан портлатилмоқда, ҳар кун “гум-гум” овозлари Искандарга эшитилиб туради. Комсомол (илгариги Қирғизбулоқ) қишлоғи ёнида биринчи электр сув станцияси солинаётир. У жойни айланганда бригадага ёш ўзбек инженери ўртоқ Файзиев раҳбарлик қилди ва тўла маълумот берди. Бутун қурилиш тўғрисида, айниқса, бош тўғон қуратурган участка (Искандар участкаси) тўғрисида ўша участка бошлиғининг ўринбосари инженер ўртоқ Ниёзов тўла маълумот берди. Қурилишнинг ёрдамчи муассасалари билан бригадани қурилишнинг ўзида чиқатурган “Чирчиқ қурилиши ударниги” газетасининг ходимлари (айниқса, газетанинг муҳаррири ўртоқ Сабуров) таништирдилар. Бригада ҳозир маданий бир шаҳар ҳолига келган Комсомол қишлоғини кўрди, сотсшаҳар билан танишди. Фақат бригада аъзоларидан кўпчилиги нашриётга боғлиқ ишлар билан шаҳарга қайтишга мажбур бўлганларидан бу керакли саёҳатни яна ҳам нари суриш имкони бўлмади. Бригада аъзоларининг ҳаммаси бир оғиздан бу буюк қурилиш билан якка-якка бўлса ҳам доимий алоқада бўлуб туришни зарур топдилар. Бундан сўнг ёзувчи ўртоқлар қурилишнинг газетаси, тиётр тўгараги ва бошқа маданий-оқартиш ишларига ёрдамлашиб турмоқчи бўлдилар. Таассуфга қарши, бу сафарнинг бирмунча камчиликлари ҳам бўлди. Масалан, қурилишдаги касаба ташкилотининг айби билан бу сафар бригаданинг жуда истаган бир нарсаси – қурилиш ударниклари билан учрашув кечаси бўлмай қолди. Жумҳурият қўмитаси ҳозир бу камчиликни тўлатиш чораларига киришди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу сафар яхши уюштирилмаган эди, шу учун бригада икки бўлиниб чиқди ва озгина бир масофага анча қийналиб (бутун кунини йўқотиб) зўрға чиқа олди. Умуман, транспорт масаласида бизнинг жумҳурият қўмитаси бирор нарса қила олмагани каби, қурилиш идораси ҳам (ўртоқ Ҳамидхонов) ҳеч бир ёрдам кўргазмади. Бригада у ёқдан-бу ёққа боришда газетанинг биргина юк машинасига қараб қолдилар. У машина ҳам банд бўлганидан бригаданинг вақтидан яна ҳам унумлироқ фойдаланиш мумкин бўлмади. Гапнинг қисқасини айтганда, қурилиш маъмурияти ва касаба ташкилоти бригадани кўнгилдагидек кутиб олмадилар. Бригаданинг ишларидаги бутун оғирликни ўртоқ Ниёзов билан газета ходимлари кўтардилар. Уларнинг хизматларини қайд этмасдан ўтиб бўлмайди. Газета тўғрисида бир-икки оғиз гапириб ўтиш зарур. Икки газета бир бинода. Бино тор, кичик. Ўзбекча газета ихтисосли ишчилар билан етарлик бутланмаган, шу орқада кичкинагина бир газетада кечирилмаслик матбаа хатолари кетади. Икки газетага бир автомобиль бўлганидан иккала газета ҳам у кенг қурилишнинг ҳамма участкалари билан доимий ва чаққон алоқа боғлай олмайди. Газета ходимлари доим участкадан-участкага ўтиб ишни ўз жойида кузатиб боришлари керак. Уни фақат сайёр редакцияга ишониб ташлаб қўйиш ярамайди. Бундан ташқари, тиражлари бир неча мингга етадиган икки газета учун биргина “Американка” бўлиши ишга кўп зарар беради ва икки газетанинг бир-биридан койишиб туришига сабаб бўлади. Бу икки муҳим газетанинг камчиликларини тезлик билан тугатиш лозим. Бригада Қозоғистон SSRнинг Бўстондиқ районига чиқиб, юриб Чирчиқ бўйидаги колхозлар билан ҳам танишди. Колхозчилар билан қилинган мусоҳабалар кўпрак… янги колхоз устави устида бўлди. Колхозчиларнинг сўзлашларидаги дадиллик ва ишончни ўзи янги уставнинг буюк таъсирини кўрсатиб туради. Бу янги устав бўйича фақат ҳалол меҳнат қилиб, шу билан давлатли бўлмоқ мумкинлигини колхозчилар қайта-қайта айтадилар. Янги қишлоқда янги уставнинг аломатлари ҳозирданоқ кўрина бошлабдир. Йўқолған песалар тўғрисида Бундан 3-4 йил бурун менинг томондан ёзилған “Узунқулоқ бобо” песаси оққа кўчирилмасдан туруб йўқолған эди. Бу йил ўша песани тўрт пардали қилиб ва янги усулларға тўғрилаб ёзиб чиқдим. Олдимиздағи қиш ичи Маскавда ўзбек драм мактабида тайёрланиб, келгуси йилда Ўзбекистонда қўйилса керак. Шунинг учун бурунғи эски пардани саҳнага қўймаслиқларини сўрайман. Лекин, тарихий жиҳатдан менинг ўзимгагина аҳамияти бўлған учун, агар ўзимга қайтарсалар яна яхши бўладир. У песадан бошқа собиқ Бухоро Маориф назорати қўлида бўлған “Чўрининг исёни” номли песам ҳам йўқолған. У ҳам эълон тили билан айтсак “эътибордан соқитдир”.. Юбилей хотираси Тошканднинг ҳукуматимиз Русия тарафидан забт қилунганиға 15 нчи июнда 50 йил тўлмак муносабати билан ватандошларимиз руслар каби биз ҳам юбилейға тайёрланмакнинг лузумини, юбилейға хотира бўлмак азра миллатнинг энг муҳтож бўлган бир муассасани вужудға чиқармак теюшли бўлганини баёндан сўнг (Садои Туркистон) ўз тарафиндан бир (Мадрасаи Олия) очмакни миллатга арз этди. Ва бунинг учун не тариқа ишга бошламак хусусида йўл кўрсатди. Мазкур муассасанинг миллат учун сув ила нон масобасида зарур бўлушин шояд ҳеч ким инкор этмайдир. Фақат одатдаги каби ёзган нарсаларға ва кўрсатилган йўлларға қуруқ шоҳидгина бўлуб, бу тўғрида ҳам ялқовлик ва ғафлат кўрсатилмаса эди, фурсатни ўткармасдан тезроқ ишга бошланса эди. Тошканд тараққийпарвар зиёли ва матбуотидан миллат шуни кутадир. Юнонистонда ўзгариш Англия жаҳонгирларининг яширин мақсадлари учун бу кун ҳақиқатан қурбон бўлуб турған бечора юнон халқи ўзини қўйдек қурбонлиққа судраб бораётқанларға қарши ниҳоят исён қилған, бош кўтарган. Юнон қўшунининг кейинги эзилишидан кейин юнон халқида бир даражада норизолиқ аломатлари кўруна бошлаған. Англия сиёсатига кўрлардек итоат қилиб кетиб Юнонистонни бу кунги фожеаларга йўлуқтурған қирол Қўнстантиннинг “ёмонлиғи” ва “ярамаслиғи” тўғрисида гап-сўз бошланиб қолған эди. Ҳатто бир вақтлар ҳозирғи қирол ҳукуматининг очиқ ва қизғин душмани бўлуб-да шу кунда “ватан жудо” бўлунған машҳур хаёлпараст Ваназислосни ҳукумат раёсатига чақириш масъаласи оғизға тушуб қолған эди. Бошқаларнинг кучлик тамаъларига қурбон қилинғанлиғида сира шубҳа бўлмаған Юнонистонни бу кунги қийин ва оғир вазиятдан на Ваназилос ва на-да Миралай Панатосларнинг қутқара олмаслиғини юнон бўлмағанлар кўб яхши билсалар ҳам, локин, юнонларнинг ўзлари, айниқса уларнинг ортиқ “некбин” бўлған йўл бошлағувчилари (қайси гуруҳдан бўлсалар ҳам) бу ҳақиқатни яхшилаб тушуна олмайлар, ёки тушунмак истамайлар эди. Шунинг учун, гўё ҳар дардга даво бўлатурған бир киши каби Ваназилос жаноблари кўбгина сўзланди ва охирда халқнинг ғазабидан фойдаланиб, ҳукуматга қарши қўзғалғанлар ҳам, ҳам шул гуруҳ, яъни Ваназилосчилар бўлдилар. Телеғром хабарларига қарағанда, қирол Қўнстантин тарафдорларидан генерал Қўнстантино Полос билан Миралай Сотис қўзғолончиларға қарши қўшун кучи уюшдирмоққа қарасалар ҳам, Ваназилосчи унсурлар уларнинг бу ҳаракатларининг олдини олғанлар. Қирол Қўнстантин бошда қарши турушни ўйлаған бўлса ҳам, кегинча ишнинг пачавалигини кўруб тахтни шаҳзодага топширмоққа мажбур бўлған. Мана шунинг билан ҳозирға мавқеининг эгалари ваназилосчилар бўлуб қолғанлар. Сўнг телеғром хабарлари қирол Қўнстантиннинг қамоққа олинғанлиғини билдиралар. Янги ҳукумат ҳайъатининг кимлардан иборат эканлиги расмий равишда аниқ-равшан айтилмаса ҳам, бош вазир генерал Пидир, хорижий ишлар вазири Карапунос, молия вазири Диомида бўлур деган эҳтимол бордир. Нима бўлса бўлди, Юнонистонда бир қадар ўзгариш бўлди. Йиқилған истибдод декарацияси ўзгала тузилди. Англиянинг энг содиқ ва мутъе қули бўлған қирол Қўнстантин ҳукумати иш бошидан кетиб, энди Англия сиёсатига тарафдор бўлмаған, локин, яна ҳам ўзининг мустақил бир йўли бўлмасдан, Франция сиёсатига қийшаятурған ваназилосчилар сув юзига чиқиб қолдилар. Ҳукумат ҳайъати бундан сўнг, эҳтимолким, шулардан тузулур. Фақат, Ваназилоснинг “франциячи” бўлиши ишни бир оз чатоққа тушурадир, негаким, Франция ҳукумати шу чоққача Юнонистоннинг яқин Шарқда кенгайишига йўл тўсуб келди. Энди ўзининг ишонған ваназилосчилари иш бошиға чиққани билан сиёсатни дарҳол ўзгарта олурми? Албатта йўқ. Чунки бу ерда масъала Ваназилос билан Қўнстантин устида эмас, Англия билан Франция орасидадир. Қирол Қўнстантин ва унинг тарафдорлари Англиянинг хайрихоҳлиғи билан Юнонистонни кенгайтмакчи, фақатгина Туркия ҳисобиға “Мигали Эллас” (Улуғ Юнонистон) мафкурасини юзага чиқармоқчи эдилар. Ҳолбуки, бу улуғ мафкуранинг асил муассиси ва пири Ваназилос жаноблари эди. Истанбулни “Мигали Эллас”га пойтахт ясаш хаёли, Ваназилос жанобларининг машру’ ҳақлари эди. Энди, шу хаёл билан кетиб мамлакатни ботирған Қўнстантин ҳукумати ағдарилиб, жойиға яна шу хаёлчилар келсалар эҳтимол. Шунинг билан Юнонистонда, Туркияда, Тракия ва Истанбул устида, балки умум Яқин Шарқ масъаласида қандоғ ўзгаришлар бўлур? Буни яқин фурсатда кўрсак керак. Янги ҳукумат бошиға келган кишилар кимлар, уларнинг Яқин Шарқ масъаласига қарашлари қандоғ, буни очиқ била олмадиқ. Фақат, Қўнстантин ҳукуматига қарши биринчи дафъа қўзғалон ва қўзғалиш майдонига чиққан Миралай Гунатаснинг халқ исмидан ҳукуматга қўйған талаблари орасида “Тракия уруш майдонини кучайтириш” деган бир модда бор. Мана бу нарса масъалага бир оз ёруқ тушура оладир. Юнонистонда қандайғина ҳукумат бўлмасун, кимгина иш бошиға келмасун, “Улуғ Юнонистон” мафкураси буткул кўмулмас. Бунинг учун тублик ўзгариш – мия ўзгариши керакдир. Бошқа миллатларга ҳам ўз эрклари билан ўз тупроқларида тинч яшамоқ ҳуқуқини эътироф қила олатурған ҳукумат лозимдир. Бундай ҳукумат ҳозир Юнонистонда йўқдир. Шунинг учун ғалва ва жанжаллар бошқа шаклда бўлса ҳам – яна давом этгусидир. Қирол Қўнстантин Англия манфаатига Юнонистонни ҳам қурбон қилди. Ўзини ҳам, энди билмадикким, келатурғанлар нима қилурлар? “Мигали Эллас” мафкураси яна ҳам мияларда ҳукм сура берарми, ёки ортиқ ҳар миллатнинг ўз бошича тинч ва роҳат яшаш асосий бир ҳақиқат ҳолида мияларга кирарми? Бу ҳам юқорида айтганимиздек, яқин келгусида очилатурған сирлардандир. Зулм эмас, марҳамат Фарғона туман ижроқўм раиси Қодир ўғли Марҳамат қишлоғидан ўз хотин бола-чақаларини кўчириб келиш учун Анжан кўча 12-сон уйда турувчи савдо хизматчиларининг иттифоқ раиси Тиллабой ўғлини ҳар кун милиция идорасига диканглатиб олиб бориб, бечорани эски шаҳарга кўчиб тушиб кетишга мажбур қилди, – деб шикоят қиладирлар. Яна колхоздан уй сўралса бўлмасмиди? – деб савол ташлабдирлар. Маълум бўлсунки, бу иш жабр ва зулм қилиш юзасидан бўлмасдан ҳукумат қилиш ва сийлаш юзасидан бўлғанлиғи ойинадан равшандир. Чунки мазкур улуғ даргоҳ соҳиби бўлған ижроқўм раиси мазкур Тиллабой ўғлиға ошначилиқ ва ҳурмат юзасидан қарамаған бўлса эди; комхоз ёки бошқа одамларға мурожаат қилиб уйини сўрар эди; бундай катта одамлар уйингни куйдириб юборса ҳам ғинг демасдан сабр қилиб кетабер! Ул зотдан у ишларнинг содир бўлиши айни марҳаматдир, эй каллаварам. «Або Муслим» 13 декабрда «Турон» қишлиқ биносида улуғ адибимиз Фитратнинг 5 парда 7 кўрунушлик «Або Муслим Хуросоний» номлиқ томошаси ўйналди. Томоша — аралашқучу қаҳрамонларнинг кўблиги ҳам тарихнинг энг чувалашқон давридан олиниб ёзилғони учун томошанинг сўнгига унинг натижасини тўла кўрвататурғон бир кўрунуш ортдирилғон. Бу кўрунуш хийла муваффақиятлик тузулган. Айниқса, Марв беги қизининг бир тўда «ёввойи» кишилар орасида қолғон чоғидаги шошқинлиғи, одам болаларининг ахлоқ важидан қандай қуйи даражаларга тушганлиги тўғрисида халққа қаратиб қилғон хитоблари ҳам ул кишиларнинг ҳар бирини битта-битта таъриф қилиши жуда ўткурдир. Умуман томошада Фитратга хос сўз усталиғи хийла кучлик. Бу жиҳатдан томоша катта бир адабий аҳамиятга моликдир. Энди ўйнағучиларға келсак, Або Муслим рўлида Аброр томошанииг бошдан-оёғиғача бир текис олиб бора олмади. Очиброқ айтганда, биз исломият тарихида жуда улуғ довруқларға сабаб бўлғон темир вужудлик, пўлат иродалик, мудҳиш Або Муслимни кўра олмадиқ. Аброр эпчил артисимиздир, шу тилагимизни бу сафар бўлмаса, бошқа бир сафар бера олишиға ишонамиз. Охирги кўрунишда аббосийларнинг биринчи халифаси рўлини Сайфи қори жуда юмшоқ ўйнади. Айниқса, Або Муслим билан Марв беги қизининг ўлишлари чоғида, кароматчи шайх чопони остидан ҳоваржларнинг жосуси Заҳҳок чиқиб келган вақтда, ўзининг катта ва тузалмас хатоларини англағон дамларда шу қадар кам ҳаракат эдиким, сира қўя қолинг! Сайфи қорининг ампуласи (ўйнайтурғон ўюнлари) белгуликдир. Режиссур шуни кўзда тутуб уни ғоят жиддий бўлғон шу хил рўлларга чиқармаслиғи керак. Бизнинг Туркистонда «доғули айёр» деб ном чиқарғон Заҳҳок рўлида Уйғур бошдан-оёқ яхши. Кўзга илинар-илинмас сустлик ва руҳсизлигини санамасак, Марв бегининг қизи Гулнор рўлида Масъума хоним яхши. Або Муслимнинг вазири Холид рўлида Ўктам, Марв беги рўлида (аввалларда Сайфи қори) Амир Али рўлида Шокир, Язид рўлида Олим, Гулнорнинг энагаси рўлида (Робия Туташ текис ўйнайдилар. Нарсиёр рўлида чиққан Босит билан Язид рўлидаги Олимнинг юксак руҳ билан вазият ва аҳволға ёндаштириб ўйнашларини айтиб ўтмак керак. Бошқа кичкина вазифалар ҳам дуруст бажарилди. Умуман айтганда, бу асарнинг бу сафарги ўйналишини жуда текис ва завқли ўюнлардан бўлди десак, сира янглишмағон бўламиз. Бизнинг қашшоқ ва эсдан чиқиб кетган саҳнамизга хос бўлғон камчиликлар (жиҳоз, декарация ва кийимлар камлиги), албатта бу йўла ҳам бор эди. Бунларнинг тўлдирилиши, тугалланиши — Марв бегининг бир саволига қарши Заҳҳокнинг берган жавобидек: «Тева қафасга кирганда бўлатурғонга ўхшайдир…» Халқ зич, тўла эди. «Халқ театрга юрмайди» деган гап тўғри эмас, халқ юрадир. Локин, театр-томоша исмида бўлатурғон қурчоқ ўюнлариға, ўз руҳига ёт бўлғон унга англашилмайтурғон таржималик «ғарбий» асарларга юрмаса ҳақи бордир. Йўқ эса ўзини қизиқтиратурғон заминларда ёзилғон ва яхши ўйналатурғон томошаларга халқ юрадир. Бу ҳол сўнг вақтда жуда очуқ кўрулди. Халқнинг руҳини яхши тушуниб олғон Давлат труппаси энди халқ руҳига яқин бўлғон нарсаларни кўпрак кўймоқ учун ҳаракат қила бошламишдир. Ҳозир труппа томонидан Хуршид ўртоқ қалами билан томоша ҳолиға солинғон машҳур «Фарҳод ва Ширин» афсонаси тайёрланмоқдадир. Иккинчи томондан саҳнамизнинг ўзини тузатишга хам жиддий ҳаракатлар кўрула бошлади. Сирдарё музофот фирқа қўмитасининг масъул саркотиби ўртоқ Абдулҳай Тожи билан Эски шаҳар ижроқўмининг муваққат раиси Маннон Рамз ўртоқлар марказнинг бирдан-бир санъат маркази бўлғон «Турон» биноси ва Давлат труппасини яхши йўлга қўймоқ ишини бир неча ҳаваслик кишиларга топшуриб пуллик ёрдам ваъда қилғонлар. «Бир кунлик халифа» “Фарғона”нинг яқиндағи сонларидан бирида шаҳарнинг энг ишли йигитларидан ўртоқ Холботир ўғлининг маориф назоратига қўюлғанлиғини ёзған ва ундан сўнук маорифимиз учун кўб нарса умид қилинғанлиғини билдирган эдим. Ўртоқ Холботир ўғли маорифда бир ҳафта, ўн кунга етиб ишламасдан дам олғани чиқиб кетди. У ўн куннинг ҳам кўпи ижроқўмда муовинлик қилиб ўтди. Демак, ўртоқ Холботир ўғли маорифда бир кун-ярим кун зўрға ишлади. Мен муни маорифга суст қараш деб англайман. На ажиб тасодифдурким, мундан 2-3 йил бурун ҳам ўртоқ Холботир ўғли маорифга бир мартаба қўйилған, лекин, бир-икки кун иш қилмай туруб “ярамадим, касалман” деган сабаблар билан ундан чиқиб… иқтисодий ишга кириб ишлаб кетган эди. Ўртоқ Холботир ўғли ўзи: “Мен маориф кишиси эмасман, билмайман” дейдир. Лекин шўролар ҳукумати юзага чиққандан бери шунча маориф шўъбаларидан қайси бирисига бир прафессор, бир педағоғ келиб ўтирди? Йўқ, ҳаммасига ҳам Холботир ўғлига ўхшаш идора қила оладурған кишилар кириб, унинг-бунинг ёрдами билан ишлаб кетди ва яхши натижалар ҳам кўрилди. Ҳозир ўртоқ Холботир ўғлининг ўрнига тажрибалик маориф ишчиларидан ўртоқ Ҳамид Қози ўғли қўюлди. Бу ҳам яхши. Лекин, маорифга бир кирган киши узоқ ишлаб, озми-кўбми бир хизмат кўрсатиб кетса, орқасида яхши ном, фойдалик изи қолур эди. «Чин севиш» Яқинда ўзбек саҳнаси улуғ ва улуғлиги қадар юксак ва гўзал бир томоша (пиеса) кўрди. Мен ўзум иқрор қиларға тейишманким, унинг ўзини ва ўйналишини тегишинча танқид ва ё тақриз қилувни мен бажара олмайман. Бироқ бу йўли ва тўғрида ёзмоқлик вазифаси менга тушканликдан кўб чуқур бўлмағон қарашимни ёзиб кетамен. Воқеа Ҳиндистондадир. Ҳиндистон ўзгаришчиларидан бўлғон Каримбахшхоннинг ўқимишли ва гўзал қизи Зулайҳоға икки киши бирдан ошиқдир: бири ўзгаришчи, юртчи шоир Нуритдинхон. Иккинчиси — эгри юракли, англизпараст — Раҳматуллахон. Қизнинг отаси ўзгаришчи ва ҳинднинг буюк шоири бўлған Нуриддинни суяр ва қизини унга бермак истар; қизнинг онаси эса, ўйдан, армондан кўра кийим ва қиёфатка кўз солғонлиғидан ёмон кийингувчи ва дарвеш каби юргувчи Нуриддинга эмас, яхши кийинувчи ва соддаларни алдай олувчи Раҳматуллахонға бермакчи. Қизнинг ўзида Нуриддинни севар. Нуриддин қизни «чин севиш» билан суйганлигидан қизга ҳурмат қилиб, «суйдим» деб айта олмайдир. Раҳматуллахон эса ундан илгари ҳам бир неча ёш қизларнинг бошиға етканлигидан муни қўлға туширувға ҳам қўлидан келганни қиладир: қизнинг онаси билан сийқа муносабатда бўлинадир. Нуриддин бор вақтда қизнинг кўнмаслигини билиб Нуриддинни орадан кўтармак истаб, ёлғон бир туҳмат билан англиз қамоғига олдирадир. Ундада бўлмағоч, ўлдирмак учун одам ёллаб зиндонға юборадир. У одам зиндонға кириб Нуриддиннинг ичатурғон сувига оғу солса ҳам, Нуриддин Зулайхонинг хаёллари билан ўралашнб, ичмай қоладир. Ҳинд ўзгариш қўмитаси зиндончи билан келишиб Нуриддинни қутқарадир ва Каримбахшхоннинг уйида яширин бир жойга жойлайдир. У ерга жойланғоч, Нуриддин билан Зулайҳонинг ораси «василат» жойиға етадур. Гўзал-гўзал шоирона сўзлар билан иккаласи ҳар вақт сўйлашалар. Бир кун бунлар бир неча киши (ичларида Зулайҳо ҳам) «Ўзгариш қўмитаси»нинг мажлисини кўруб, Ҳиндистоннинг ҳар ерида англизларга қарши ялпи қўзғалиш ясов тўғрисида сўйлашиб турғонларида Раҳматуллахон бошлиқ англизлар пўлисалари келиб босалар. Кучли олишмадан сўнг бирмунча англиз пўлисалари билан бирга Зулайҳодан бошқа ҳамма ўзгаришчилар ўладир: Зулайҳони олиб кеталар. Англиз пўлисалари Зулайҳони тутмоқ истаркан, Раҳматуллахон: «теймангиз, у меним суйгилимдир» дегач, англизлар «қўмитачими сенинг суйгилинг» деб ўзини ҳам отиб ўлдиралар. Бу улуғ томошанинг энг оғир вазифалари икки кишида эдиким, бири Зулайҳо, бири — Нуриддин. Ундан қадар кучли бўлғон Раҳматуллахон вазифаси, асосан унларча оғир эмасдир. Боя айтганимдай Нуриддин «чин севиш»га еткан бир ошиқдир ва шунинг учун у хаёллидир, Машрабдир, Девонадир. Зулайҳони у не қадар суйгани ҳолда, «суйдим» деб кўб чоғларғача айта олмағон. Ёлғиз йироқдан «эсонмисиз?» деган, суюклиси ҳам «эсонмисиз?» деса чидай олмағон. Қочқон. Бекиниб-бекиниб йиғлағон. Ҳўнграган». Ўзи суйиб, куйиб ётқони ҳолда, ўзи зўр бир дардга айланғон ҳолда, «ишқ дард эмас, даводир», дейдир ва ҳар ерда шуни айтадир. Бу ролни атоқли ўхшатғувчимиз Уйғур муни яхши ўйнади. Айниқса, учинчи пардада кўрсаткан қилиғлари тўғри ва жойли эдилар. Тўғрисини айтмоқ керак бўлса, 4 нчи пардада Нуриддин рўли етарли чиқмади: аллақандай кўзга ярашмаган ва оддий қилиғлар кўрилди. Мунда кўпроқ айб бизнинг саҳнамизнинг камбағаллигига тушадир. Негаким, ўзининг амплуласи ботир — қаҳрамон рўллари ва ўткур кулги бўлғон Уйғур севгига, севгидан қийнала билувға юмшоқдир. Бироқ севгувчи файласуф табиатли ишларни 3 нчи пардада яхши кўрсатуб эди. Зулайҳо ҳам яхши: бироқ унга кўброқ севги ҳаракати бермоқ керак эди. Тушунув, узоқ вақт сўзсиз тушунув (биринчи пардада) тўғри ва табиий эмасдир. У нарса Нуриддинга келишар. Уни ўйновчи Саъдия Туташға бундан ҳам оғирроқ (агар бўлса!) ва кўб ҳаракатли роллар бериб, унинг ўхшатувчилик кучини ортдирмак керакдир. Ундан кейинги Раҳматуллахон ролини ўртоқ Қори яхши ўйнади ва тўлуғ бир тип (тус) бера билди. Бошқа қаҳрамонларда ҳам бўлғон майда камчиликларни айтув ортиқча. У биринчи пардада юмшоқроқ эди. Шоирона айтмак истаган сўзларини тегишинча таъсирлик қилиб айта олмади. Иккинчи пардада унинг қилиғлари кўб гўзал эди. Айниқса, қизнинг отасидан битик келгач чиқиб кетиб, қайтиб киришлари — бу ўхшатувчини тўлуғ тип берганлар орасиға киритадир. Ўзгаришчи Сарвар билан Нуриддиннинг оғаси чин ўқимишли ёш йигитлар тусини тўлуғ бера олурлар эди, агарда бир оз оғир ва шошилмай қимирласалар. Нуриддинни қаматдирғон ва ўлдирмакка юрган йигит тўғриси, у қадар хоин тоифали эмас эди. Қизнинг отаси (Ўктам) зўр бир оила эгаси. Мунинг устига, юқори фикрли юрт болаларини ўз ўғли каби кўра билатурғон ўзгаришчи бир муҳтарам ота тусини кўрсатди. Раҳматуллахоннинг ўртоқларидан Аюбхоннинг рўлини олғон ўртоқ О. жуда бўш ва янглиш чиқарди. Айниқса ролини билмаслиги на зўр камчилик! Бошқалар кўмакчи бўлушуб, теккиз ўйнадилар. Пўлисалар таппончани ўз бошлиқлариға дўлайдилар; бу энг зўр эътиборсизликларнинг бири. Саҳна орқасидан отилувлар ўз вақтида чиқмади ва шунинг натижасида Раҳматуллахон ўқ тегмасданоқ ўла берди. Умуман, сўнг пардада руҳли бўлишка тегиш экан, руҳсиз чиқди. Ўзбек саҳнаси ёшдир. Унинг учун мундай зўр нарсалар балки оғир бўлур эди. Шундай бўла туриб «Карл Маркс» тўдаси ўртоқ Уйғурнинг тинмаслиги ва берилишлиги орқасида зўр нарсаларни ҳам саҳнага чиқара ва яхши муваффақ бўладир. Асар тўғрисида фикр юритувдан қочмоққа ва ўзимни тортишға мажбурман. Негаким — шу ёзилғонлардан ортиғи меним учун ортиқдир. «Карл Маркс» бу асарни тағин 1—2 маротаба такрорларға керакдир. Халқ, томошачи халқимиз буюк армонли, соф адабий нарсаларга ҳам тушуниб келадир. Бу ўзбек саҳнасининг зўр енгиши, мундан фойдаланув керак. Энди бу бир қўйилиб ўткан ва қўшилиб, бутунланиб босдирилғон ўртоқ Ғози Юнуснинг «Заҳҳоки морон»ини куришга тилаймиз. Бу асарнинг қўйилғаниға кўб бўлди. Халқ соғинғондир. Шунингдек, зўр нарсалар яна ёзилиб туралар шекилли, «Чин севиш»нинг ёзғувчиси унинг давоми дейилса бўлатурғон «Ҳинд ихтилоли»ни ёзиб битирган. Яна бошқа кишиларда бошқа нарсалар ҳам бор эмиш. Саҳнамиз жонлана, юксала. Бироқ Эски шаҳар халқининг бошида турғонлар қишлиқ яхши бир бинони қайғуртмасалар, чиндан жиноят қилғон бўлурлар… «Иблис» Ушбу март ойининг еттинчисида чоршанба куни ўзбек драм тўдаси томонидан қишлоқ «Турон»да Қофқосия туркларининг атоқли адиб ва шоирлари Хусайин Жовиднинг тўрт пардалик «Иблис» фожиаси ўйналди. Ўртоқ Хуршид қалами билан ўзбекчалаштирилган бу асар байт оралаш ёзилғон адабий, ишқий ва ҳарбий бир томошадир. Бу асарда йигирманчи маданият асрида яшағон одам болаларининг қўлларидағи билим ва ҳунарни қон тўкиш, одам ўлдириш, хонумон бузиш каби эгри ва ёмон ишларга сарф этиб, ёмонлиқ ва ярамасликда Иблис(сатана)дан ҳам ўтиб кетганликлари кўрсатиладур. Бутун ёмонлиқларнинг туб омили деб юргазилатурғон Иблис бу асарда, «одам болаларининг ёмонлиқларини кўруб шарманда бўлуб қолғонлиғини» билдирадир. Асарнинг асл ўзи шундайми ёки, қўл билан неча маротаба кўчирилиб ёзилғон нусхадан ўзбекчалашдирилиб, «шўрбасининг, шўрбаси» бўлуб қолғонлиғиданми, билмадим, асарда дарров сезилатурғон бир қаршилик (зидлик —противоположност) бор. Юқорида айтганимдек, «ёмонлиқда одам болалари мендан ўтдилар» деб даъво қилғон Иблис асарда бошдан-оёқ ёмонлиқни ўзи қиладир. Ўзи ҳақиқий омил шаклида кўриладур. Одам болаларининг ёмонлиқларидан тўйғон ва шул сабаблик, улар орасидан қочиб ўрмонларга кетган Ориф қисман ўшал иблиснинг ҳийласига алданиб, катта жиноятлар қиладур. Ya’ни: уни севгувчи бир гуноҳсиз қиз (Ховар) нинг заҳар ичиб ўлмакига сабаб бўладир. Охирда келиб ўзи суйиб юрган бир қиз учун ўз укаси (Васф) ни отиб ўлдирадур. 1925 ва 16 нчи йилларда бўлғон машҳур Чаноқ қалъа урушини хаёл билан кўрган чоғида (биринчи парда), одам болаларига ва уларни йўлдан урғувчи Иблисга шу қадар лаънат ёғдирадурким, сира қўя қолинг! Биринчи пардада шу ҳолда бўлғон ва ундан сўнгги пардаларда ҳам одамларнинг ёввойилигидан шикоят қилғон ҳам Иблисни қарғағон Ориф 3 нчи пардада Иблиснинг қўлини ўпадур, уни бир пир, бир каромат эгаси, бир Хизр деб эътиқод қиладур. Дуруст, ул пардада Ориф Иблисни одам қиёфатида кўрган, танимағон эди, локин одам болалари учун Иблисдан ҳама вақт хавф-хатар борлиғини яхши тушунатурғон эди. Пиесанинг сўнгги пардасида Онатўлидағи турк исёнчилардан бир киши (Элхон) кўрсатиладир. Бу исёнчи Онатўлида иттифоқчиларға қарши инглиз жосусларини француз айғоқчиларини, хиёнатчи (сотилғон) араб ва туркларни кўб суруштуруб ўлтурмасдан, марҳаматсиз отиб ўлдирадур, адолатдан жуда юксак сўзлар билан оҳ айтадур. Аммо ўзи жаҳонгирларга қарши Онатўлида бош кўтарганларга (камолчиларга) қаршидур. «Эҳтимол, қишлоқ халқи ва ишчи омма манфаатини кузатадурғон кишидур», демоқчи бўлсак, у эски пошшоларнинг биридур. Унинг сўзларида ҳалиги тўғрида имо-ишорат йўқ. Эҳтимолким, бу нарса пиесанинг «шўрбанинг шўрбаси» бўлғонлиғидан келган бўлса. Ўйналиш жиҳатига келсак: Саҳнага кириш-чиқиш, сўзларни вақтида айтиш, фонарларнинг ёниш-ўчишларида кўрулган бирмунча камчиликларни санамасак, умуман текис ва зарарсиздир. Иблис рўлида Аброр, Ориф рўлида Уйғур, ибн Ямин (хоин араб) рўлида Сайфи яхши эдилар. Қизларнинг иккови ҳам (Раъно, Ховар) зарарсиз ўйнадилар. Бунларда фақат юмшоқлик, бўшлик бор эди. Бошқалар ҳам текис олиб бордилар. Халқ тўла, унум яхши эди: ҳатто жой бўлмасдан қайтиб кетганлар ҳам кўб бўлғон. Шу ерда кичкинагина бир нарса ёзиб ўтишни керак билдим. Бу томошага «ёшлар» деб аталғон «миллатпарвар»ларнинг ҳам кўблари келган эдилар. Ҳатто янги шаҳар театрларидан сира қолмайтурғон баъзи бир «ортиқ маданий» ёшларимиз ҳам шу томошада бор эдилар… Демак, булар ҳам бу йўли ўз саҳналарига қизиққанлар экан… кўз тегмасин! «Истироҳат мустамлакаси» Ўш шаҳрида собиқ Ўш ҳокимининг шаҳар чеккасидаги гўзал боғида музофот ижтимоий эҳтиёт идораси (сос. страх) томонидан фирқа ва шўро ишчилари учун бир «истироҳат уйи» (дом отдих) очилған. Истироҳат уйининг жойи, биноси, овқати яхши: тиббий жиҳати ҳам тузук. Аслида 90 кишилик қилиб очилған экан, июль ойи ўрталарида 85 киши бўлған. Булардан тубжой халқ ишчилари 7–8 та, қолғанлари ҳаммаси овруполиқлар. Бу оврўполиқлар орасида кон ишчилари қўпроқ бўлса ҳамяхши эди, лекин умуман ишми халқи жуда оз, кўпчилик: музофот юқори муассасаларининг хизматкорлари ва уларнинг «хонадон»лари. Хотун, бола-чақа, хизматкор кампир ва шундайлар. 15–16 ёшлиқ болалар ҳам кўб. Истироҳатга келганлар учун қироатхона-кутубхона очиш ишига ҳам бирмунча пул чиқарилған бўлса керак, овруполиқлар учун бир жавон китоб бор, бир неча газета келиб турадур. Тубжой халқ учун, дорилиққа бўлсун, битта газета йўқ… Бу – «истироҳат уйи» эмас, тўғриси «истироҳат мустамлакаси»га ўхшайдур. Музофот фирқақўмининг масъул саркотиби Карим ўғли билан музофот ижроқўм раиси Али Хўжа ўғли ўртоқлар шу ҳолларни ўз кўзлари билан кўруб кетдилар. Албатта, шўролар мамлакатида бу хилда ёмон аҳволға йўл қўймаслар, деб ишонамен. «Жўрж Дандин» Душанба куни 7 июнда Озарбайжон тиётр мактабидаги талабаларимиз таниқли Молернинг шу номдағи асарини ўйнадилар. Ёлғиз франциялиларнинггина эмас, балки бутун дунёнинг таниқли кулги ёзғувчиси бўлғон Молер шу билан бизнинг саҳнамизда иккинчи дафъа кўринади. Унинг «Хасис» деган асари, Масков тиётр мактабимиз томонидан бултур ва узоқ йиллари бир мартадан ўйналиб ўтгаи эди. Бу сафар қўйилғон асарни янглиш танланғон дея олмаймиз. Муни танлаш билан бокули талабаларимиз яхши иш қилғонлар. Асар, энг ялгари, битта-яримта актўрни ўсдиришга, тарбия қилишға ярайди. Сўнгра унинг қўйилишида ҳам ўрта асрларнинг қизиқ ва ғалати тарз (стиль) лари бор. Масалан: парда ҳамма вақт очиқ туради. Уюннинг бошланиш ва тугашини ходимлар эълон қилади. Ўюннинг бир қисми томошачилар орасида ўйналади. Асарда у вақт ёзғувчилариға қонундай бўлиб қолғон баъзи-бир асослар кузатилади, яъни: учала парда ҳам бир жойда, бир кўринишда кетади (жой бирлиги); воқеа бир кеча-кундуз орасида бўлуб ўтади (вақт бирлиги); ҳар ким ўз жупи билан чиқади ва бошқа-бошқалар. Ўрта аср тиётр тарзида ёзилғони учун, бу асар, ўзида бизнинг ўзбек томошачилариға анча яқинлиқ, нуқталари топа олар эди. Бу жиҳатни, ҳеч бўлмағонда тажриба йўли билан бўлса ҳам татбиқ қилиб кўрилганда, бизнинг эл ўюнлари асосига яқин нуқталарини ишириб қовартириб кўрсатилганда, яхши самара берар эди, балки… Лекин, томошанинг энг заиф нуқтаси ҳам таасуфга қарши, шу «қўйилиш»дадир. Гапнинг очиғини айтганда, бизнинг маориф комиссарлигимиз ўз вақтида яхшироқ бир режиссўр учун керак бўлғон маблағни бермаган, берса ҳам оз берган, яхши режиссўр келмаган, келгани бўлса берилиб ишламаган… Узун сўзнинг қисқаси «қўйилиш» жиҳати кўб заиф чиққан. Йигитларимиз ва қизларимиз чинакам тиришиб ўйнайдилар. Мумкин қадар тўла таъсир бериш учун жонбозлиқ қиладилар. Шундай бўлса ҳам, таъсирнинг мазаси унча бўлмайди. Керакли жойларда талваса (ҳаяжон) етмайди. Балки, чиқмай қолади. Ўюн ёғидан жуда қийматли, олтин фурсатлар сезилмай ўтуб кетади. Ўзингиз ўйланг ахир: Каримжон, бизнинг энг кучли кулдиргучиларимиздан бири у кулгида рўлнинг руҳига киради, ҳато ортдириб юборади. Шундай бир эркин кулдиргичга, кулгидан кўра кўбрак фожиаси бор бир рўлни берганлар. Шу учун унинг фожиали сўзлари ҳам, кулгили сўзлари ҳам бўш, талвасасиз, ишончсиз (неубидителный) чиқади, томошачи кулган бўлса Карим қизиқнинг гапига эмас,—Молер адибнинг лутфларига, тазодлариға, уста гапларига кулади; у кулишлар, пиесани тўппа-тўғри ўқиб берилган вақтда ҳам бўлмоғи мумкин. Каримга шу рўлнинг янглиш берилгани, бутун асарга таъсир қилди, чунки, асарнинг жон нуқтаси ўша рўлда, асар исми ҳам ўшанинг исмида. «Дандин» одам болалари орасида кўб учрайтурғон иродаси заиф (слабоволный), бўшанг, ландавур кишиларнинг биридир. Асар, ўшанинг тирикликдаги фожиасини кўрсатади, ҳам жуда тўла кўрсатади. Унинг кулгили сўзлари ҳам кўз ёшлари орасидан айтилмаги керак; кўз ёшлари самимий бўлса, актўр рўлнинг руҳига кирса, кўз ёшлари орасидан томиб кетган енғил кулги сўзлари ҳам томошачини кулдира беради. Кулдирганда ҳам талваса, изтироб билан кулдирадиким, асл мазият шунда. Кулдиргучи ва қизиқ Каримжонимиз фожиа ниқобида чиққач, албатта унинг борлиғи, асл жавҳари очилмади: шу учун бутун асарда мавжуд бўлғон асллик кўрилмади. Саҳнанинг ўз камчиликлари кўб, муни наркомпирўснинг қулоғига шипшитамиз. Сўнгра энг охирда бир нарсани айтиб ўтайин: бу асарни мундан сўнг қўйғон вақтда, учта қора боланинг «ўюн бошланади» сини бирга тушуриш керак. Ортиқчаси зериктиради ҳам совуқ чиқади. «Коваи оҳангар» 16 январда қишлоқ «Турон» саҳнасида Эрон асотиридан олиб ёзилғон «Коваи оҳангар» пиесасини томоша қилдиқ. Усмонли туркларнинг улуғ адибларидан машҳур Шамсиддин Самибекнинг бу атоқли пиесаси Тошкент ўзбек саҳнасида биринчи маротаба жонланадир. Бу асарга Давлат труппаси хийла катта аҳамият бериб, яхши ҳозирлик кўрган: асарнинг ўзи учун махсус декорация ишланган. Усмонличадан ўзбекчага ағдариш вазифасини ҳам труппанинг режиссури Уйғур ўртоқ ўзи ўтаганлигидан асарнинг «саҳналаниши» хийла тузалган. Йўқ эса муҳаррирнинг ўзи асарнинг бу жиҳатига («саҳналаниш» жиҳатига) кўбда аҳамият бера олғон эмас. Ҳолбуки саҳна учун ёзилатурғон асарларнинг муваффақиятсиз чиқишига аксар вақт шу «саҳнабоб беролмаслик» сабаб бўладир. Бу асар ўйналғонда Давлат труппаси ҳайъатида янги, умидли кучларнинг ортмағонлиғи кўрулди. Балки, аксича, бази бир эпчил артистлар бир-икки йилдан бери саҳнадан узоқда юрадилар. Уларни қайтадан саҳнага жалб этмакка барчаға баробар бўлғон пул танглиги ва унинг орқасида келган таъминотсизлик балоси моне’ бўлуб турғонга ўхшайдир. Йўқ эса труппанинг бурунғи кучлари барчаси ўз сафида бўлса, ва бунинг устига яна янги кучлар қўшилғон бўлса, кўб куч қатнашиб ўйналатурғон бу асар яна ҳам тантаналироқ, яна ҳам тўлароқ чиққон бўлур эди. Қандоқ қилайликки, ўлкамизнинг бирдан бир санъат хазинаси зўр ғайрат, катта фидокорликлар билан зўрға-зўрға судралиб келмакдадир… Труппанинг умумий ҳайъати (состави) бир қадар тўла бўлмаса ҳам, эпчил кишиларининг кўплиги, иккинчи бир таъбир билан айтсак бир қадар кучларнинг сараланган, таланғон ўткур санъаткорлардан иборат бўлиши ёғидан труппа жуда жиддий, жуда кенгдир. Буни биз «Коваи оҳангар»да яхши кўрдик. Одам озлиғи, дабдаба камлигини кучларнинг яхшилиги, саҳна ва декорациянинг тўлалиғи буткул ювуб кетди десак мумкин. Бу хусусдаги камчилик анча-мунча қарашқа рўй бермайдир. Ёзилмоғи тегиш бўлғон шу муқаддималардан сўнг энди пиесанинг ўйналиши ёғига келайлик. Пиесанинг энг зўр қаҳрамони бўлубда биринчи, иккинчи ва тўртинчи пардаларда ҳар дам, ҳар нафасда янги-янги фалокатлар кўратурғон ҳар дақиқада неча рангга, неча ҳолат ва руҳияга тилмоч бўлатурғон Фарҳод рўлида Сайфи қори бўш эди. У кунги Фарҳодда биз руҳий ҳолатларнинг дақиқа-дақиқада ўзгаришини, янги воқеа ва ҳодисалар оғир фалокат ва балолар қаршисидағи кўруб ўтиш (переживание) ларнинг энг озини ҳам кўрмадик. Яна бунинг устига «ёшим саксонга етди» деган чолнинг афти башараси ва ҳаракатлари кўбрак ёшларча бўлуб ўтди… Сайфи қори умидлик артистларимиздан биридир, кейинча бундай хатоларни такрорланмаслигига ишонамиз. ..Пиесанинг катта қаҳрамонларидан бири бўлғон ва «фиръавнлашган» Заҳҳок рўлида Уйғур дуруст эди.. Захҳок ғоят золим ва мустабид деб кўрсатилгани учук ҳам унинг «фиръавнлашган»лиги асосига таяниб Уйғур ул рўлни жуда қаттиқ ўйнади ва шунинг билан — бизнинг фикримизча — бироз ортдириб юборди. Аввал Парвез бўлуб, сўнг Фаридунга айланатурғон ёш йигит рўлида Шокир яхши. Локин бу йигит ўюнни бошдан-оёқ бир товуш (тон) билан олиб борадир. Пиесанинг асл, туб қаҳрамони бўлғон исёнчи (Қова) рўлида Аброр яхши. Заҳҳокнинг қизи Хўбчеҳра рўлида Маъсума хоним дуруст бўлса ҳам уни бир подшоҳ қизи ёки тўғриси, бир қиз қилиб кўрсата олмайди. Аксинча унинг онаси (мураббияси) рўлидаги Маърифа ундан кўра кўпрак жиккилаб, кўпрак жонланди. Қолғонлардан: Паҳлавон Қаҳшон рўлида Босит, роҳиб рўлида Музаффар, таъбирчи рўлида Ўктам, Кова хотуни рўлида Робия текис олиб бордилар. Бизнинг саҳна ўюнларимизда бир неча камчилигимиз борким, унлар шу «Кова»да айниқса кўпрак кўзга илиндилар: биринчи — бизда тузаниш (грим)га кўб аҳамият берилмайдир. Тузанишни шошилиб ясайлар-да, сўнгра сунъий сочлар остидан ҳақиқий сочлар — кўб вақт — «мана мен» деб кўрунуб қўядирлар. Иккинчи — бизнинг артист ва артискаларимиз (Уйғурдан бошқаси) яширин товуш чиқаришқа ўргана олмайлар. Улар бировнинг қулоғига бир нарса айтсалар томошачилар эшита олмайдилар, томошачиларга эшитдирилса махфий, сирлик бўлишдан чиқиб кетадир. Ҳолбуки, икковининг ўртасида бир йўл бор, уни бошқа халқларнинг саҳналарида яхши биладирлар. Учинчи — бизнинг артист ва артискаларимиз (айниқса кейингилар)нинг кўблари арабий ва форсий сўзларни кўб янглиш гапиралар. Тарихий пиесаларда; айниқса, шарқ тилларидан таржима қилинғон асарларда бу жуда кўб бўладир. Буни битирмак керак. Умуман олғонда «Коваи оҳангар» саҳнамизда энг яхши ва муваффақиятлик ўйналғон асарлардандир. Бу асар халқнинг сўрови бўйинча 31 январда яна бир маротаба ўйналди. Бу гал ўйналишида энг муҳим рўллардан тўрт рўлни алмаштириб ўйнадилар. Бу ҳақда иккинчи маротаба тағин гаплашармиз. «Кўмак» ишлари Сўнг вақтда шаҳар ва уезд ижроқўм қошида тузилган талабаларга «кўмак» ҳайъати муваффақият билан ишга бошлади. Ҳайъат ўзи яқиндагина (29 декабрь 23-йилда) ишга киришган бўлса ҳам, 16 – 18 кун орасида бирмунча ёрдам тўплаб, талабаларимизга яхшигина ёрдам беришга муваффақ бўлди. Шаҳарда бошланган бу хайрли ташаббусга кенг қўллик ёрдамга етишган яна ўзимизнинг бечора, йўқсил, таланган қишлоқларимиз бўлди. Қишлоқ – «Қайчи» маҳалласи ҳам жуда чеккада қолиб кетган, унутилган бўлса ҳам, ижтимоий ҳаётнинг кам-кўстини тўлдиришда катта фидокорлиқлар кўрсатадур. Бу кун Андижоннинг шаҳар ичидаги мактаблар бир қўлнинг беш бармоғи қадар сонға етмагани ҳолда, қишлоқ ўз таъминотида 40 лаб мактаб сақлайдур. Шаҳарнинг марказида ўлтурған чиройлиқ, оппоқ бинога ўринлашкан маориф назорати қишлоқ мактабларига ҳеч нарса билан ёрдам бера олмайдур. Бу ҳақиқат. Маориф назоратининг қишлоқ мактабларига бўлған муносабати мазкур мактабларнинг маориф назоратига тобелиги билангина ўлчанадур. Заҳи шараф! Мана «Кўмак» ҳайъатига 17 – 18 кун орасида қишлоқлардан келган ёрдамлар: Ҳаққулобод маҳкумидан: 30 чирвон, 500 (юз) 32 сўм пул. Қўрғонтепадан: 17 чирвон, 800 минг сўм пул. Хакент(дан): 500 (юз) 148 сўм пул. Султонободдан: 9 чирвон, 500 (юз) 22 сўм пул. Олтункўлдан: 7 чирвон. Избоскантдан: 9 чирвон. Жалолободдан: 9 чирвон. Бозорқўрғондан: 12 чирвон. Барчаси: 88 чирвон, 205 минг сўм пул. Бу пулдан берилган ёрдамлар: Қўқон, Фарғона ва Тошкант талабаларига (кўпи команда Қурслари талабалари): 49,5 чирвон. Самарқанд ва Масков талабаларининг йўл сарфларига: 12 чирвон, 10.000. 13 сўм пул. Барчаси 70,5 чирвон, 130.000 минг сўм пул. «Кўмак» ҳайъати бу сафарги киримини режа билан яхшилаб бўлуб бера олмади. Мунинг сабаби қиш ўртасида мактаблар таътил қилиниб, шу муносабат билан кўб талабаларнинг Андижонга келиб шошилиш ёрдам сўрашлари бўлди. Мундан кейин бошқа шаҳарлардаги билим юртлари билан тўғри алоқа боғлаб, андижонли талабаларнинг режалик таъминотларига киришмакчидур. Ёрдам қилған қишлоқларимизға қуллуқ, ҳаракат қилиб ишлаган ҳайъатга баракалла дейман. Ҳозирлиқ қурслари «Кўмак»нинг ҳаракати билан яқинда 30 кишилик ҳозирлиқ Қурслари очилуб, ўрта ва олий мактабларнинг келгуси таҳсиллари учун талабалар ҳозирланмоқчидур. Бу масала ижроқўмда қаралуб, тасдиқ қилинган. Хотун-қизлар учун савод қурслари Шаҳримиздаги тубжой халқ қизлар мактаби қошида сиёсий маориф ва хотунлар шуъбасининг ташаббуси билан тубжой халқ хотун-қизлари учун савод қурслари очила ётубдур. Ҳозир 30 хотун ўқуғучиликга ёзилған, бир муаллим тайин қилинған. Шаҳримизда биринчи мартаба қўйилған бу яхши қадамни чин кўнгилдан олқишлаймиз. «Кўмак»га кўмак Турли мамлакатларнинг олий ва ўрта мактабларига Туркистон ерлик халқ болаларини тўлғазмоқ мақсади билан қурулған «Кўмак» уюшмасининг бош идораси сўнг вақтда буткул сўниб кетди. Марказда аҳвол шу кўчада экан, маҳаллаларда «Кўмак» уюшмаларининг яхши ишлар бошлағанлиқлари онглашиладир. Агар Самарқандда чиқатурған «Зарафшон» рафиқимизнинг маҳаллий хабарларини таъқиб қилиб борсак ҳар сонида дегулук «Кўмак»нинг фаолияти тўғрисида хабарлар ўқуймиз, ўқуймиз-да суюнамиз. «Зарафшон»* рафиқимизнинг кейинги (37) сонида ўртоқ А.Исмоилзода «Кўмакка аҳамият берайлик» деган сарлавҳа билан бир бош мақола ёзиб, «Кўмак»ни: «Жаҳолат билан кураш майдонида билимсизликка қарши халқнинг ўз ичидан чиққан бир қаҳрамондир», – деб таъриф қилғандан сўнг қаҳрамоннинг вазифаларига кўчуб дейдир: «Ҳар бир кураш майдонида ул курашни бошқарғучи штабнинг (бош қароргоҳнинг) зўр вазифалари бўлғанидек, шунга қарата ўзи ҳам аҳамиятга молик саналадир. Иштабнинг тўғри ва ҳар томондан яхши йўлға қўюлишидан муваффақият кутуладир». Ўртоқ Исмоилзода ул мақоласида Самарқанд «Кўмак» уюшмасининг сўнг кунларга қадар бўлған мавжуд ниятидан норозидир. Ул ўзининг бу норозилиғини: «Кўмакнинг аҳамиятини бошқа ерларда халқ бир қадар тушунган бўлса ҳам, бизнинг Самарқанд вилоятида ҳозирға қадар керак даражада тушунтиролмаган, «Кўмак» уюшмаси узоқдан йўқ каби кўрунадир», – деган сўзлар билан онглатадир. Локин Самарқанд «Кўмак»и сўнг вақтда хийла жонланған, яхши, яхши, жиддий, жиддий қадамлар босқандир. Буни биз «Зарафшон»да ўқуб била эдик. Буни ўртоқ Исмоилзода ўзи ҳам: «…ҳар нима, сўнг вақтларда баъзи маорифпарвар ўртоқларнинг ташаббуси билан бир қадар йўлға қўюлди. Четдаги талабаларга мумкин қадар ёрдам ҳам бўлди», – деган сўзлар билан эътироф қиладур. «Кўмак» уюшмалари маҳаллаларда тирилиб, жонланиб кетдилар. Марказда эса унинг сира товуши чиқмайдир. Бу ғайритабиий ва балки бир оз уят-да… «Кўн этик» Кўн этик, Фарғона тўни, Чуст дўпписи кийганлар бурунғи вақтларда бой ва бойваччалар ҳам “муҳтарам зиёлилар”ча, назарга илинмайдурған, одам қаторида саналмайдурған “чапан”лар деб аталар эди. Замон ўзгарди, ишлар бошқача бўлиб кетди. Ўзларини одам санаған, “халқ вакиллари” бўлиб келган зотлар ишчи-деҳқонларнинг болға ва кетман сопи билан мамлакатни бошқаришдан ҳайдалдилар. Улар ўрниға мамлакатнинг хўжайини, эгаси бўлған – далаларда елкаларини иссиқ офтобга бериб, ҳам пешана тери, қўл қуввати билан кун кўргувчилар мамлакатни бошқармоққа киришдилар. Мана шул кўн этик, Чуст дўппиликлардан бири ҳам Ўзбекистон оқсоқоли ўртоқ Йўлдошбой Охунбобо ўғли. Бу оқсоқолимиз учун деҳқон кўбчиликининг дарди уларнинг тилагини юзага чиқариш иши биринчи масъалалардандир. Қишлоқ тирикчилиги, унинг рўзгорини кўтариш, деҳқонларға ҳаммасини ўртасида муштумзўр ва қишлоқ балохўрлариға қарши ҳаракат қўзғатиш жумҳурият олдида қўйилған кундалик масъалалардандир. Бу мақсад ва қишлоққа юз ўгиришнинг амалий томонини кўриш билан қишлоқнинг ўзи, унинг халқи билан яқин танишмоқ, кўзма-кўз сўзлашмак, уларнинг эҳтиёжини ўз кўзи билан кўрмак керак. Ўртоқ Охунбобоеф Фарғонадан қайтғандан кейин Тошкент қишлоқларидан бирига, бир вақтда қишлоқ ҳокимлари “Зол ва Ҳомидифлар” зулми остида эзилган Пискентга чиқди. Қишлоқ халқи ўз олдиға чиқадурған ҳукумат бошлиқларини (айниқса аввалги замонларда) қалбаки зўр эҳтиром ва тантана билан кутиб олса, ўз оқсоқоли, ўз ичидан чиққан кишисини ўртоқлиқ муҳаббати билан кутиб олди. Ўртоқ Охунбобо ўғлининг боришини кутиб турған бир турда ташкил қилинған ишчи-деҳқон хотинлар салом билан қарши оладирлар ва ўз қлублариға олиб киришадирлар. Қлуб шиор ва инқилоб раҳбарларининг расмлари билан ясатилған. Ўртоқ Охунбобоеф ўзининг сода, енгил тили билан улар билан сўзлашди, уларнинг эҳтиёжи, аҳволидан хабар олди. Хотин-қизларимизнинг ҳақини, эр ва хотин вазифасини, қалин мол ва туялар ҳақида тушунтирадир. Хотинлар мажлиси тамом бўлғандан кейин Пискент қизил чойхонасида халқ мажлиси (митинг) очиладир. Сўз ана ўша кўн этик оқсоқолға бериладир. Оқсоқолимиз минбарга чиқиши билан узоқ олқиш ва саломлар билан қарши олинади. Ўртоқ Охунбобоеф ўз сўзида меҳнаткашлар дунёсининг қанча оғирлиқ ва қийинлиқлар билан бутун жаҳон ўлчавида биргина Русияда ҳокимиятни қўлға олғанлиғини ва ҳукумат учун узоқ курашлардан кейин, энди мамлакатни тузиш, рўзгор ишларини кўтариш, қишлоқ рўзгорини юксалтириш учун бел боғланғанлиғи, бу йўлда шаҳардаги ишчилар билан қишлоқдағи деҳқонларға ҳаммасининг иттифоқларини маҳкамлаганда олдинға қўйған мақсадга етмаси мумкинлигини сўзлайдир. – “Ҳукумат қишлоқ рўзгорини кўтариш учун сизларга бутун куч ва қуввати билан кўмаклашмакдадир. Лекин, бу кўмаклар қишлоқнинг ҳамма эҳтиёжини таъмин эта олмайдир. Шундай бўлғандан кейин нима қилиш керак? Бир-икки деҳқон бир-бирлашсин, берилган ёрдамни, ўзида бор кучини бир ерга тўпласин; бирлашиб экин эксин. Мана шундай бўлғанда ҳозир кичик ва оз бўлған кўмакдан кўб ҳосил ундириш мумкиндир” деди. Ўртоқ Охунбобоеф сўзидан кейин савол-жавоблар бошланди, деҳқон ва камбағаллар ўз эҳтиёжларини ва нимага муҳтож эканликларини бирма-бир сўзлаб ўтадир. Шулар орасида ифлос сувда балиқ ўлмоқ ниятида бўлған уламолардан бир-иккиси чиқиб: “Тақсир, бизнинг шариат қозимизни янадан сайланиб беришга жавоб берсангиз энди” деб сўрайдирлар. Бу ҳақда деҳқон ва ё меҳнаткашлардан бирортаси бир оғиз сўзламайдир. Оқсоқолимиз шариат ва халқ қозиларининг қиладурған ишлари, уларнинг вазифаси ҳақида сўзлаб, турмушдан олинған бир қанча далиллар билан шариат қозисининг кимлар эканлигини ва кимлар учун улар кераклигини исбот қиладир. “Кенгашлар ҳукумати ҳар миллатни ўз ихтиёрида, ўз турмушиға мувофиқ яшашиға кенг имкон берадир. Ҳокимият ишчи-деҳқон шунча турған деҳқонлардан бири бизга шариат қозиси керак деб бир оғиз ҳеч нарса дегани йўқ. Ишчи-деҳқонларнинг олдида турған муҳим ишлар хўжалиқ, мамлакатни обод қилишдир. Улар учун қозилиқ масъаласи иккинчи масъала аҳамиятсиз нарсадир” деди. Ўртоқ Охунбобоефнинг бу сўзлари узоқ олқишлар билан қарши олинадир. Ундан кейин Мавлонбекиф ва Тошмузофот ижроқўм раиси Акбар Исломиф ўртоқлар доқлад қиладирлар. Мажлис охирида Пискент ижроқўм раиси: “Бизнинг экин вақтимизда деҳқонларимизни саросима қиладурған бир ариғимиз бор. Шул ариқнинг бошини ҳар йили сув уриб кета берадир. Бу кун оқсоқолимизнинг келиши ўшал ариқ бошини янгидан кавлаб ҳозир қилған вақтимизға тўғри келди. Шунинг учун шул ариқни ўртоқ Йўлдошбой исмига қўйишни таклиф қиламен” деди. Бу таклиф узоқ олқиш ва “яшасин оқсоқолимиз” деган товушлар билан қабул қилинадир. Митинг тамом бўлғандан кейин ўртоқ Охунбобоеф ўз исмига бағишланған ариқ бўйига бориб, ариқ бошини очиб берадир. Пискентдан қайтишда бутун йўл бўйи қишлоқ халқи ҳар қаерда тўда-тўда бўлиб ўртоқ Охунбобо ўғли билан сўзлашадир. Солиқ масъаласи, деҳқонларға қарз, каператифлар ва бошқа эҳтиёжлардан сўзлайдир. Узоқ кеч билан ўртоқ Охунбобоеф Тошкентга қайтадир. «Маликаи Турондод» Карлў Хўтси… Вахтанғўф… Аввалгиси милоднинг 1806 нчи йилида ўлиб кетган — италияли бир фожианавис. Кейиигиси 1921 нчи йилларда ёш туриб ўлиб кеткан маскавли бир режиссурдир. Хўтси Италияда «халқ кулгилари» деган йўлни авж олдирмоқчи бўлғон машҳур Саккининг жаҳонгашта, саёқ театр тўдаси билан бирга ўша йўлда чолишқон кишилардан эди. «Халқ кулгилари» деган йўл ўзимизнинг қизиқларимиз тутқон йўлға бирмунча яқиндир. Уида ҳам машҳур, танилган қизиқлар бўлар эди, уларнинг исмлари (Панталуни, Биригалла, Тируффалдии ва бошқалар) бутун Италияга маълум эди. Ўйналадирғон ҳар бир асарда ўша қизиқларға лойиқ рўллар бўларди; асарда унинг бир қаҳрамони сифати билан ўйнай бералар лекин асл ўз исмларини ҳамма пиесаларда сақлаб қоларлар эди. Шу учундирким, Хўтсининг «Турондод»ида учрағон исмлар унинг «Илон хотин» деган асарида ва умуман, бошқа асарларида ҳам учрайди. Ҳатто ундан бурунроқ (1793 да) ўлган Карлу Галдўнининг асарларида ҳам (чунончи: «Икки бойға бир қарол» да) ҳалиги машҳур қизиқлардан Панталўни, Труффалдин ва Биригаллаларга учраймиз. Улар саҳнанинг ҳаммавақт кўрина турғон таниш юзлари, чеҳралари бўлғонлари учун «маска» (ниқоб) номини олдилар. «Комеди дарлорт» деганлари «Ниқобдорлар қизиқчилиғи» деган мафҳумни онглатади. У қизиқларнинг яна бир хусусиятлари ижодчи бўлишларида эди. Ya’ни асл пиесада уларнинг сўзлари кам бўлиб, керак жойда улар ўша замоннинг қизиқ гапларидан қўшиб сўзлар эдилар. Улар кучли ижодчи бўлғонлиқларидандирким, томошачиларни ҳамма вақт пиесада ёзилмағон сўзлар билан кулдириб келганлар. Бутун дунё миқёсида шуҳратга эга бўлиб қолғон Евгений Ватанғўфнинг 3 машҳур «тузма»сидан бири ўша Карлў Хўтсининг «Маликаи Турондод» деган асари эди. Бу асар Вахтанғуф номидаги театрда шу йил қишда 500 нчи марта қўйилишининг тўйини қилиб ўтказди. Ҳар якшанба куни кундузи, умуман кўб байрамларда бу асар тўқтовсиз қўйилиб туради. Ҳамма вақт томошачилар билан театр саҳни лиқ тўла бўлади… «Агар ёш туриб ўлиб кетмасайди, чинакам инқилоб театрини яратқон бўлар эди», дейдилар унинг тўғрисида. Чинакам қувват ва қудрати энди очилиб келаётқонда жуда ёш ўлиб кетди. «Минг гулидан бир гули очилмасдан» сўлди бечора. Инқилобни кўплардан бурун қабул қилиб, унга унаб, у билан ишламакка бел боғлағон Ватангўф инқилобдан бурун ёзилғон асарларга — ўйин йўли билан — инқилоб унсурларини пайванд қиларди. Болчиқли Метерлинкнинг «Антон авлиёнинг каромати» деган асарида. Вахтанғўф юқори табақа одамларини жуда қаттиғ масхара қилади. Унда «буржуази»нинг турли рангдаги кишилари энг олчоқ қилиқлар билан кўрсатиладилар. «Габелма» деган яҳуд театри учун қўйиб берган асарида, «Ҳадебук»да яҳуд халқининг неча юз минг йиллиқ аламларини жуда ўткур қилиб кўрсатади. Хўтсининг «Турондод» деган асари эрга тегишни истамаган ва эркакдан жирканган «нозли» бир хитой маликасини тасвир қилади. Қизнинг отаси Хитой хоқони Алтаум қизининг «нози» учун ҳадеб бош кесдиради. Қизининг эрга тегмак учун қўйғон шарти —учта жумбоқ (тобишмоқ) ни ҳал этиб беришдир; ҳал этканлар — қизни олалар, эта олмағонлар — бошларини кесдирталар… Астархондан бир нўғой хонининг ўғли бориб, жумбоқларни топқунча қанча йигитларнинг боши кетади. Бу ўзимизнинг эски Шарқ ҳикояси мажмуаларида («Ҳафт пайкар»ларда) учраб юрғон хаёлий ҳикоялардан биттасидир. Мавзу эътибори билан бу асар фожеъдир, қўрқинчдир. Лекин бояғи Италия қизиқларидан бир нечтаси аралашиб қолғони учун бир неча жойда яхши кулгилар берадир. Асарнинг тубандаги қизиқлик хусусиятига «ниқоблар қизиқчилиғи» йўлининг ижодий имконларига жуда чуқур тушунган Вахтанғуф қўрқинчли, фожеъли асарни жуда қизиқ бир кулгига айлантирди. Асарнинг мавзуини, режасини, мафҳумини ўзгартмасдан янги шакл берди; ўюн, тузма ва мафҳумни чуқур онглаш йўллари билан асарни бошқа қолибқа солди. Асардаги қизиқлар, букун ҳам ўша қадимги исмларини таниганлари ҳолда, бу куннинг томошачисини бу куннинг мавзулари билан кулдиралар. Шунинг учун Хитойнинг неча минг йил бурунғи турмушидан олинғон, балки ёлғиз хаёл меваси бўлғон бу қадим асарда… бу куннинг радиоси, футўғироф машинаси, анкет тўлдиришлари тўғрисида сўзланади; ўша муюмларнинг ўзлари саҳнада кўринадилар… Вахтанғўф тузмасининг яна бир тўб тилаги: хурофотдан томошачини совутмоқдир. Ya’ни асар бўлғон бир воқеадай эмас яхши, енгил, силлиқ ва текис ўйналғон бир уюндай кўринади. Вахтанғўф бизга — томошачиларға бутун асар бўйича «Ишанманг! Ишанманг! Бу—бўлғон гап эмас! Ёлғон бир ҳикоя! Бу «ўюн» деб туради. Шу учун ўйнағучилар (қизиқлардан бошқалари) тугал саҳна кийими кийиб лозларини бўяб чиқмайлар. Тўғри, ўз кийимлари билан чиқалар-да, томошачилар олдида майда-чуйда латталарни у ер-бу ерларига илиб, ташлаб, боғлаб… хитой эртагисининг қаҳрамонлариға жиндак ўхшаб олалар… Жиндак! Биз, томошачилар Алтаум подшоҳ рўлини ўйнағон Уйғурни, шаҳзода ўйнағон Аброр билан Ҳожиқулни, қиз рўлидаги Турсунни, Сора, Замира, Баҳриниса ва бошқаларни баҳузур таниб ўлтирамиз… Бизни шу ҳикоятга ишантирмаслик учун ўюн йўли билан ҳам бирмунча чоралар кўрилган. Маскавдаги драм мактабимиз бу йил шу асар устида ишламакчи бўлди. Вахтанғўфнинг шогирдларидан Симўниф режиссўрлиққа чақирилди. У Вахтанғўф театри ўйновчиларидан икки киши Талчаниф ва Басиф ўртоқларнинг кўмаги билан ишга бошлади. Асарнинг таржумаси каминага топширилғон эди. Қофиясиз лекин 11 ҳижоли вазн билан таржума қилиб чиқишқа муваффақ бўлинди. Албатта истудия «иш» деб турғон вақтда ўйлайиб-нетиб, ишлаб-тузатиб ўлтиришқа тўғри келмади. Бу унинг бошқа ўюнлари қаторида бир ўюни бўладир. Лекин асар тайёрланмоқда; келаси йил театр фаслида ёш жумҳуриятимизнинг ёш пойтахти у асарни кўра олади. Мунга ишонамиз. Асар навбатдаги бир пиеса қўйилиши каби қўйилмасдан, фан-таҳлил йўли билан қўйилди десак бўлади. Режиссўр ва унинг эмакдошлари у асарни саҳнага қўйиб бериш учун эмас, ўша асар устида истудия талабаларига саҳна дарси бериш учун ишладилар. Шу учун бу асар бизнинг саҳнамизда ортиқча ҳурмат қозонолмоғонда ҳамки, саҳна кучларимизнинг юксалиши ва ўсиши учун катта хизмат қилғон бўлади. «Саҳнамизда ҳурмат қозонолмоғонда» дедим, бундан мақсадим шу: Маскавда жаҳонлар қадар донг топқон бир асар бизда балки жуда хор бўлар: Маскав томошачисиға сира ёқмағон бир нарса бизда катта ҳурмат топар, севилар. Бу фарқ ҳар ким учун очиқ ва равшан бўлғон фарқдир. Мунда асарнинг ёлғиз бир дарс қуроли бўлғонини кўз олдида тутиш керак. Иўқса, ўткан йилдаги каби янглиш тушунчалар бўлмоғи мумкин. Ya’ни, ўтган йил драм истудиямиз русчадан таржума асарларни кўнрак олиб борғони учун ҳажвий «Муштум» да жиддий койишлар бўлди. «Ўз турмушимизни келтирмаган!» дедилар. У асарлариинг рус режиссурлари томонидан мактабда тайёрланғон дарсликлар экани тушунилмади. Муносабат келган вақтда шу ерни пича ойдинлаштириб ўтишни лозим кўрдим. «Муштум»нинг 25-сони Бу сон – унинг 25-нчи сонға битканига бағишланиб 24 бетлик қилиниб, бой мундарижа билан чиқарилған. Бу сонда севгили “Жулқунбой”нинг енгил-енгил равон ҳаживлари бор. Айниқса, истатистика кўп яхши чиққан. Расмлар қисми ҳам бу сафар жиддий аҳамият берилганлигини кўрсатадур. Фақат биргина камчилиги борким, у ҳам бўлса, “Мулла Насриддин”дан олинған нарсаларнинг қайдан олинғанлиги айтилмаганидур. Масалан: шу сондағи “Тошфулот тажанг” расми “Мулла Насриддин”да босилған эди. “Мулла”нинг у сонини очиқ эслай олмасам ҳам кўрганлигим хотирада равшан бор. Мундан бурунги сонларда ҳам шундай нарсалар бўлған эди. Уни – “Муштум”даги бирга ишлашган ўртоқларимнинг ўзлари ҳам яхши биладурлар. Ҳар ҳолда, “Муштум” бизда ҳазилчилик, чандишчилик, тегишқоқлиқнинг биринчи тажрибасидур. Тажрибамизда муваффақият қозондиқ деб даъво қилсақ ҳаққимиз бор. Фақат, камчиликларимиздан ҳам тонмаслигимиз лозим. “Муштум” – мундан сўнг расмларига яна ҳам ортиқроқ аҳамият беришга, уларни Бухоро чопонидек ола-була, бачкана ва ифода (выражение) сиз қилмасдан, содда ва ўқушлиқ қилишқа тиришмаги лозимдур. 25-нчисонини самимий табрик қилар чоғда шу кичкинагина тилакни арз қилмай ўта олмадиқ. «Насаб қурбонлари» 14-октябр “Колизей” биносида Эски шаҳар сиёсий маориф қарамоғида бўлған бухғалтерлар курси фойдасиға ўқиғучилари томонидан соф ўзбеклар турмушидан олинған 4 пардалик “Насаб қурбонлари” (музикалний драма) саҳнага қўйилди. Асар бизнинг хотин-қизларимизнинг оғир турмушини кўрган жабр-зулмларини кўрсатадир. Асарда бўлған камчиликларга тўхталмасдан ўйнағучиларға келсак, Зиннат рўлини ўйнаған Туташ керак ҳаракат ва керак оҳангда ўзбек хотинини кўрсата олмади. Нурмат рўлини ўйнаған ўртоқ ҳам шундан холи эмас. Бизда ҳали кийим ва гримларда кўп камчиликлар кўришга тўғри келадир. Афишада кўрсатилган бўлса ҳам саҳна ораларида музика кўрилмади. Умуман, театр халққа таъсир бера олмади. Асар фожиалик бўлғани ҳолда ўйнашда кулги бўлиб чиқди. Лекин бунинг фақат қурсантлар томониданғина қўйғанлиғини эътиборға олсақ, ортиқ танқид мумкин эмасдир. Халққа яхши кўринган бир нарса бўлса, ул ҳам бир неча ўзбек қизларининг кўрилишидир. «Ойдин» Июннинг 15-ида чоршанба куни Боку театр техникумидаги талабаларимизнинг учинчи ўюнларини кўрдик. Бу дафъа таржима эмас, табдил қилинғон бир асар, Жаъфар Жаборзоданинг «Ойдин» номли фожеаси қўйилғон эди. 25—30 йиллик бир тарихга эга бўлғон Озарбайжон турк театри, бу асарни сўнгги бир-икки йил ичида репертуваридан сира тушурмайди. Ҳозир мундай яхши асарлар турк халқлари саҳналарида бармоқ билан саналади. Ҳатто, бу кун театр санъатининг маркази саналғон Маскавда ҳам яхши театрлар учун яхши асарлар топилмасдан, репертувар масаласи бош айлантиргучи масалалардан бири бўлиб юради. Ўзи яхши бўлса руҳи (мазмуни) тўғри келмай қолади, руҳи яхши бўлғонларининг ёзилиши заиф бўлади ва ҳоказо… Шундай бўлғондан кейин миллий жумҳуриятларнинг саҳналарида яхши асарга муҳтожлиқ ҳаммадан кўб кўрилиб, ҳаммадан кўб сезилади. Бу, кўз олдимизда ўтиб турган аҳвол. Жабборзоданинг бу асари ҳақиқатнинг қоқ ўртасидан ковланиб олинғон бир мавзуни саҳналашдирган бўлса ҳам, жуда кўнгилчак (сентиментал) бир руҳ билан ёзилғон. Асарнинг ширин ва ёқимли тили, бошдан-оёқ одамлиқ (космополит) фикрларини тўкиб туради, асарнинг бош қаҳрамони Ойдин, тинчимас ва тўполончи, кўнглидан ҳамма вақт одамлиқ, аяш ва қизғониш туйғуларини чиқариб туради. У, Абдусалимзода Муҳаммадҳодининг «Фирдавси алҳомат» деган асаридаги ер юзи жаннатларини истайди, дунёни «олтин» деган балодан қутулғон қилиб кўрмакчи бўлади. Хотини Гултаксин тузук-қўруқ бир кўйнаги йўғлиғидан, ляк рўмолини паранжи қилиб бекитиб юради. Ойдин бўлса ўз элига Наполеўн ва Чингиз ҳашамати билан киришни истайди, шуни хаёл қилади… Бу Ойдин, асримизнинг манхали дарвишларидан; одам ақлли иш қилиб, ишлаб башарнинг дардига малҳам бўлиш ўрнига—сиз… сиз… ўзингизнинг нима эканингизни билмайсиз, англамайсиз! — дейди. Теграсидаги ҳаммани «билмаслар» деб ўйлайди. Ҳолбуки, ўзи ўз хотинининг уни деб (яъни Ойдинни деб) номусини сотишға мажбур бўлғонини билмайди. Умри ўт аравада ўтган, фикри тилла соат ва тилла узуклардан айрилмағон ахмоқ бир бой хотининииг тўрт оғиз ғаразли гапига ишониб, қилча айби бўлмағон Гултаксинга бўлмаған оғир сўзларни ташлайди. Ойдин «шапкали» дедим, Ойдин палли бир туркнинг шапкаси бўлғондан кейин, у «мунавваз» дир, маданийдир. Сўзлари олтиндан қиммат бўлса ҳам, салбий, ёмон, ярамас маданийдир. Дунё зулму жабрга тўлғон бўлса, аччиқ қилиб, «вўдка» ичиш керак эканми? Битга аччиқ қилиб тўнни куйдириш лозим эканми? Жабру зулмда энтиккан одам болаларининг аламларини оз бўлса ҳам, жиндек бўлса ҳам енгиллатиш ҳар бир соғлом кишининг қўлидан келади-ку. Олайлик Давлатбек бойнинг зовутидаги иш ташлашни: ишчилар иш ташлағонлар бола-чақалари билан оч ёталар бой ҳаммасини зовутдан ҳайдамакчи, бечора ишчилар нима қилишларини билмайдилар, уларга йўл кўрсатиш керак: Йўлни ким кўрсатади? Билганларми? Билганнинг бири ва каттаси Ойдин бўлса, болғани олиб у билан гаплашади, унга «сен билмайсан» дейди: Зовутға ўт қўймоқчи бўлади, қўёлмайди, бошқалар қўйиб юборса, «сув беринг, сув! Маданият куйди!» деб боқиради… Мундай башарият ходими билан ҳалиги ҳа деб «жаҳаннамга» деб юра турғон жинни ишчининг орасида нима фарқ бор? Нима фарқ? Бу асарни текшириб ўлтирмоқчи эмасман, у кўб чўзилиб кетатурғон нарса. Мунга газета бетлари торлиқ қилиб қоладир. Асарни бир неча дафъа ўқиб, кўриб сўнгра дурустроқ текширмак мумкин. Ҳозирча мен бош қаҳрамон тўғрисида керак деб олганим гапларни айтиб кетдим. Энди ўйналиш жиҳатига келсак, яна бурунғи гапни қайтаришға тўғри келади. Талаба ҳолидағи йигитларимиз учун бу асар оғир. Айниқса, Ойдин билан Гултаксиннинг рўллари жуда кучли ва моҳир актўрлар талаб қилади. Ойдин билан Гудтаксинни ўйнаган актўр ўсади, тез ўсади; у икки рўл, тарбия бергувчи рўллардандир. Шунинг учун юҳорида таъриф қилинғон Ойдинни биз бу дафъа қониқиб кўра олмағон бўлсак, билмадим кимни айблашға тўғри келар экан. Менча ҳеч кимни… Шубҳасиз бу кеча Ойдин рўлини ўйнағон Раҳимберди, сўнгроқ ўсади, лекин, «бу рўл ўшаники бўлади» дейиш ҳам мумкин эмас. Айниҳса, Гултаксин рўлидаги қиз Назира, у ҳали ҳам умуд беради. Бой рўлидаги Сайфи қори жуда ёт кўринди. Демак, меросхўр бойбачча; у ҳолда унинг бузуқлиғи ўткур қилиб кўреатилса бўлар эди. Бойнинг хотини рўлидаги қиз саҳнада ўзини эркин тутади, бу биринчи муваффақ бўлиш демакдир, Бошқалар ўзларига яраша текис ўтдилар. Қўйилиш ва зийнат жиҳатларидан камчилик кўб бўлди. «Қамоқхонами, жиннихона?» “Улутлук” (шуунот) ном англиз журнали ёзадир: “Агарда жаҳон уруши вақтида Германия зўр келса эди, Оврупо бир қамоқхонадан иборат бўлур эди. Лекин, ул қамоқхонада ҳар нима бўлса ҳам бир озроқ тартиб, интизом бўлур эди. Жаҳон урушида Германия зўр келмасдан биз зўр келдик. Яхши, Оврўпо энди қандай ҳолдадур? Бу саволга жавоб бериб деймизким, “Бу кунги Оврупо бир жиннихонадан иборатдур.” Бу англиз журналининг аччиғини келтирган нарса шудир: Англия ҳукумати илгарироқ ҳадеб Германияни ҳовлуқтирар эдиким: “Франция сени талаб кетаётубдур, дод де, фарёд қил!” деб энди бўлса Англия бош вазири Пуанқара билан зиёфат еб ўлтуруб: “Рурдаги ўлжалардан бизга ҳам ҳисса чиқсун!” деб талашадур. Мазкур журналнинг сўзига қарағанда, ҳозир Лондонда Франция яна қарз бермак маслаҳати бўлуб турған эмас. Франция унингсиз ҳам Англиядан жуда катта қарздор. У қарзларидан ҳали бир чақа бермай туруб яна нимага унга қарз бермакчилар? Бу нимага? Бу шунинг учунким, Франция Англиядан қанча қарздор бўлса, шунча мулозиматлик бўладур. Ўзбекча қилиб айтсак: “Гаҳ!” деганда қўлға қўнатурған бўладур. Бу кейинги хабар ҳали тасдиқ қилинған бўлмаса ҳам. Лондон газетчиларининг оғзида бор. “Нью истесман” деган бошқа бир англиз журнали ҳатто “Болдуиннинг иши тугалди, яна ўша ўзимизнинг Ллойд Жорж дуруст экан” деб, Ллойд Жоржнинг иш бошиға келишини талаб қиладур. “Нишенан” газетаси ёзадурким, ҳали ишнинг каттаси мундан сўнг бошланса керак. Нимага десангиз, Пуанқаранинг Рурдаги “ўлжалари” эндигина бўлинишга келди. “Испектатор” газетаси бўлса, Франциянинг муваффақиятини бекор, хом хаёл деб атайдур. Нимага десангиз, туб мужмал (ҳадаф)га етадурган, яъни қарзларни ундира олатурған ҳеч бир иш қилинғани йўқ. Франция билан Англия орасидағи муносабатнинг ўнг тарафи шу. Энди унинг чап тарафига келсак иш яна ҳам ёмон. Машҳур англиз газетаси “Таймс” 9 нчи ноябрда чиққан сонида, Францияга қарши аччиғ бир мақола ёзадур. “Таймс”нинг аччиғини келтурган нарса, Франция томонидан майда давлатларга ҳадеб улгурчи-улгурчи қарз берилишидур. “Таймс” берилган қарзларнинг рўйхатини ҳам босуб чиқарди. Рўйхатдан кўруладирким, ўтган февраль ойининг 15 нчисида Польшага 400 милён франк, 29 нчи майда Румонияга 100 милён франк, 20 нчи июлда Жанубий Иславияга (бурунғи Сербия)га 300 милён франк қарз берилган. Мунинг ҳам “яна”си бор. Франциянинг молия вакили Беронза деган киши Франция сенатига бир маъруза топшириб, ул маърузада Франция тарафидан кичкина Анталия давлатларига яна ярим милярд франк қарз бериш лозимлиғини билдирадур. Лекин, бу қарз пул билан эмас, ўқ-дори, яроғ-аслаҳа билан… Мана шу холларни кўргандан кейин, қанча совуққонлиқ, оғир одам бўлса ҳам “Таймс” муҳаррирининг жони чиқадир. Жаҳли келгандан кейин албатта, аччиғ мақолаларни ёзадур. “Франция шундай катта сарфларни қилғунча, бизга бературған қарзини берса бўлмайдурми? Ана у яроғ-аслаҳа билан бературған пулини берганда ҳам қарзларидан 3 фоизи қўлланган бўлур эди” дейдур. Ҳурматлик англиз рост айтадур. Сизнинг ҳаққингизни бермасдан бировлар учун катта-катта харжлаган одам яхши одам бўладурми? Чинакам ҳам қийин. Қарзини ундуролмаған Англия билан Амриқоға ҳам қийин. Ит-кучукларига пул еткизолмаған Францияга ҳам қийин. Англиз хазинасини тўйғазолмаған ҳиндиларга, Франция тамаъини қондиролмаған Жазоир-Тунисликларга ҳам қийин. Иш қилиб ҳаммага баб-баравар қийин. Оврупонинг аҳволи ҳозир мана шу. Хоҳ қамоқхона денг, хоҳ жиннихона… «Қизил Шарқ» поезди келди Кўбдан бери дўрт кўз билан кутканимиз, унинг тўғрисида кўб нарсалар эшитканимиз “Қизил Шарқ” поезди ахири Тошкантға келди. 13 нчи март кеч соат 5 ларда мазкур поез ўзининг мазаматлик дилбар ва қизиқ кўриниши билан қизил Тошкантнинг улуғ темирйўл истансасига келуб тўқтади. Эски дунёдан мерос бўлуб қолған умумий баробалиқ натижаси бўлса керакки, унинг келиши тайинлик эмас эди. Тасодифан чиқиб қолған кишиларгагина уни кутуб олмоқ мумкин бўлди. Ҳукумат вакиллари, эссизким, йўқ эдилар. Эски дунёнинг даҳшатлик поездлари Шарққа, Шарқнинг ижтимоий инқилобда дарвозаси бўлган Туркистонға илгари ҳарамлар, фоҳишалар, қарта коғазлари ва бошқа шунинг каби исрофот нарсалари таший эдилар. Ул нарсаларга айрибош қилуб Туркистон деҳқонининг пешана терилари билан топган бор-йўғини, топган-тутганини олуб кетар эдилар. Янги замоннинг гўзал совғаларидан бири бўлған бу поез Туркистонға ва шунинг ила баробар бутун Шарқға: илм-маърифат, ёруғлуқ, ойдинлиқ, соғлом фикр, яхши тилаклар, иссиғ саломлар олуб кела. Унларга айрибош қилуб Туркистон ҳам ўзининг чин тилаклари, орзу ва олқишларилари, биродарона саломларини юборажакдир. Меҳнаткаш Кунботиш билан эзилган Кунчиқиш иттифоқи, бирлиги шудир. Уни бошловчи, очиқ кўрсатувчи бу “Қизил Шарқ поези”дир! Бу поезнинг ўзининг улуғ бир босмахонаси, симсиз телегром истансаси, касалхона, ишхона, қироат-кутубхоналари бордир. Босмахонасида поезддаги “Рўста” шўъбаси томонидан ўзбак, татар, қирғиз, туркман, форсий ва рус тилларида кун аралаш газеталар чиқуб турадир. Туркистон халқининг шиква ва шикоятларини эшитмоқ учун махсус бюроси бордир. Поез бошида ўртоқ Сафариф турадир. Бу поезнинг бизга келтирган қийматлик ҳадиялари бизнинг муҳтож билганимиз иш кишиларидирки, бунлар: ичкари Русия меҳнаткаш газеталарининг бошида турган ўткур қаламли муҳаррирлардан Шаҳид ўртоқ Аҳмадийиф, ишлик кишилардан Маҳмуд Будайли, Файзи Султонбек, Чанишеф ва Бурнашеф ўртоқлардирлар. Шунлар билан бирга Туркистондан юборилган вакил Муҳаммаджон Бесириф ҳам қайтди. Туркистондаги асира сингил ва опалар ичида ишламоқ учун бир неча ишлик хотун-қизлар ҳам келганларки, бу ҳадияларнинг энг баҳоли ва қадрлисидир. Ортиқ, ғарб, ғарбнинг озод қитъаси ўзининг ҳақиқий юзини, чин ва соф қалбини очадир. Поезнинг босмахонасида 4 сонга қадар чиқған “Қизил Шарқ” газетаси бутунлай янги имло билан чиқмишдир ва бошидагиларнинг янги қизғин ёқловчилари эканларини билдикким, бу бизим учун зўр севинчдир. Шарққа Ғарбдан ҳақиқий ёрдам келди, ҳақиқий фикр етказилди. Энди биз унларнинг ёнига кируб бутун дунё мазлумларининг саҳовати учун чолишсак бўладир. “Қизил Шарқ” поезини олқишлаб қарши оламиз ва ўзи ила баробар келтирган қийматлик армуғонларига: – Хуш келдингиз, азиз ўртоқлар! деймиз. «Шаҳнома»нинг туркча таржумаси Эрон-форс адабиётининг отаси бўлғон улуғ Фирдавсий ёлғуз биргина асари, яъни «Шаҳнома» си орқасида бутун ер юзига танилди. Оврўпо тилларининг кўпига назм ва наср билан таржума қилиниб «Тус»ли Абулқосимнинг шуҳратини офоққа ёйғон — ўша «Шаҳнома»дир. Фақат таассуфлар бўлсунким биз, шу чоққача Фирдавсийнинг у улуғ асарини турк шеваларининг ҳеч биттасида — тугал ва назм билан таржума қилинғон ҳолда — кўра олмадиқ. Мундан 10—15 йиллар илгари Тошкент шаҳарида босилғон бир ўзбекча таржумаси бордирким у ҳам наср билан ва фақат моддий манфаат кузатиб — таржима қилинғон. Тош босмада босилғон у таржума ҳали ҳам меҳмонхоналаримизни обод қилиб турадир. Ўзбек шевасида назм билан бир-икки парча бўлса ҳам таржума қилинғонлиғидан хабаримиз йўқ. Бошқа турк шеваларида ҳам назм билан тугал таржума қилинғони бизга маълум эмас. Фақат, Озарбайжон шевасида машҳур Собир томонидан тажриба шаклида бир нарса бошланғон бўлса ҳам, унинг бемаҳал ўлими билан чала қолиб кеткан эди. Яна Озарбайжон шевасида «Шаҳнома»нинг «Суҳроб»га тааллуқли қисми назм билан таржума қилиниб, Тифлисдаги «Ғайрат» босмахонасида босилиб чиққан эди. «Мулла Насриддин» мажмуъасининг бурунғи суратчиси (рассоми) «Рўттер» томонидан у таржумага иккита сурат ҳам тортилиб берилган эди. Ўша вақтларда форс ва рус адабиётларидан хабардор бир кишига ҳалиги таржумани кўрсатиб фикрини сўрағонимда — «бу таржумадан кўра, рус шоири Жукуфский томонидан қилинган таржума яхшироқ; лекин «Рўттер»нинг тортқон расми уларнинг икковидан ҳам яхшироқ», деган эди. У одамнинг шу фикри тўғрими, йўқми — бу тўғрида ақли бўлғон одамлар ўзларича бир ҳукм чиқара олсунлар деб, ҳалиги назмли таржумадан тўрт йўл мисол кўрсатиб ўтамен: Фирдавсийники: Хилоф маромам гар ояд жавоб, Ман у чурзу ўз майдон Афросиёб. Агар шоҳро буди падар, Ба сар барниҳоди маро тожи зар. Таржума қилинғони: Хилоф маромим гелурса жавоб, Манам гўрзу майдону. Афросиёб. Шоҳ ўлсайди шоҳнинг отаси агар, Қўёрди маним бошима тожи зар. Мана шу саналғонлардан бошқа — хоҳ тугал ва хоҳ парча ҳолида ҳеч бир таржумага шу чоққача учрамағон эдим. Ўткан ёз ойларида хусусий бир иш билан Марғилон шаҳрига бориб қолиб, ўшанда оддий бир тасодиф орқасида «Шаҳнома»нинг назм билан қилинғои тугал таржумасига йўлуқиб қолдим. Вақтим оз бўлғонлиғидан чала-чулпа шундай бир қараб чиқдим. Ўша чала-чулпа қараб чиқишнинг натижасини шу ерда ёзиб ўтамен: Таржума қўл ёзма — эски нусхалардан. Тили— ўзимиз билган «Муҳаммадия» китобининг тилида. Бошдан-оёқ назм билан ёзилиб, фасллар (ҳикоялар»)нинг сарлавҳалари «Шаҳнома»нинг ўзидаги каби — наср билан қўюлғон. Таржума мутаржимнинг ўз қалами билан ёзилғонми ёки асл нусхасидан кўчурилганми — бу тўғрида ҳеч бир ишорат кўрулмади. Фақат шу қадариси очиқ кўруладирким, таржуманинг шу нусхаси 2—3 котибнинг қўлидан чиққан. Яримлариғача пухта ва пишиқ, лекин ўқулиши қийинроқ бир хат билан — жуда диққат ва иътино қилиниб ёзилган. Қолғон ярми (назм қисми) яна бошқа бир котиб томонидан иътиносизроқ ва хомроқ кўчурилган. Охирроқларида «Ҳикоя дар хотимаи китоби» сарлавҳаси билан Султон Маҳмуд Ғазнавий тўғрисида бир ҳикоя бошланадир. Бу ҳикоя тугалмай қоладир ва ундан ҳеч нарса онглаб бўлмайдир. Айниқса, охирғи йўллари (мисралари) жуда шошилишлиқ билақ (опил-топил) ёзилғон. Энди таржуманинг қачон ва ким томонидан қилингонлиғиға келайлиқ. Қачон ва қайси йилда қилинғони ҳеч қайда рақамлар билан очиқ-ониқ кўрсатилмайдир. Лекин 906 нчи ҳижрийда Мисрдаги чаркас хонларидан «Ғурий Қонсухон»(?) замонида бўлғонлиғиға мана бу байтларда ишоратлар бор: (ўзича) 19-бет). Тўққуз юз олти йил ҳижратдан эй жон, Эришмишдики Ғурий Султон. (Аслида сакта бор). «Жаҳон Султони Ғурий Қонсухон, Замонинг айини ичра ўлди инсон. (Аслида сакта бор). Шаввол ойида ийднинг аввалида бу таржумага кўшиш бошланғони мана бу байтдан маълум бўладир: Наҳорийид шаввол аввалиндан, Муборак ўлди бу фол аввалиндан. Мутаржим, «Черкас хонлари» (милук чарокса) дан бир нечтасини битта-битта ҳикоя қилиб келиб, уларнинг бир оз умр суриб ўтканликларини айтиб ўтадир. Охирда золим бир хондан гап очиб, уни ёмонлайдир. Мутаржимнинг сўзича, у хон, «Малик Одил» деган киши бўлиб, Жонпўлот («Жонплад») ни ўлтирадир. Унинг тўғрисида мутаржим мана шундай дейдир: Жавониди ўзи юзи кўкчак, Сўрди улув кечи они бешак. «Вале айш айламади тахта лойиқ, Ўзин сўмди ул учун халойиқ. Мутаржимнинг сўзича халқ у хоннинг зулмидан кўп дод-фиғон қилғон; охирда халқнинг «Ноласи асар қилиб» Малик Одилнинг ўрниға ҳалиги Ғурий Қонсухон ўтурғон ва «Шаҳнома»ни «туркча қил!» деб мутаржимга ўша Ғурий Қонсухон буюрғон. Бу одамнинг тўғрисида мутаржим бир мунча «мадҳиялар» ёзадир, чунончи: Мисрда вор эди бир улу султон Ки ул эди қаму султонлара хон. Жанон айлади додила Жаҳони, У етмишдир замонинда замони. (20-бет) Скандар мартабат Жамшид рубат, Фаридун шавкат ва Хуршид талъат. Азалдан саъдоға (анго) ўлмиш муқорин Билур Шом эмишнинг бир-бир диёрин. Малик Одилнинг зулмларидан гапириб келиб, унинг ўрниға Ғурий Қонсухоннинг ўлтириши тўғрисида мана шундай дейдир: Ўтуруб тахта ўлди улу султон, Ўлуб чавкону тўби тутди майдон. Ғурий Қонсухоннинг бир исми «Қайитпой» бўлғон бўлса керакким, у тўғрида мана мундой дейдир: Қайитпой эрди ул султоннинг оди, Жаҳонни тутмишиди адлу доди. Мутаржим Ғўрий Қонсухонга бир оз насиҳат ҳам қилиб ўтадир. Сарой шоирларига хос «лаганбардорлиқ» билан айтилган у насиҳатлар мана булар: Чалап чун верди санит бу мақоми (чалап — тангри). Мақома адлла вергил низоми. Киши қолмаз жаҳонда қолур оди, Кишининг оди қолмоқдир муроди. Ғурий Қонсухон аввал «Шаҳнома»ни таржума қил деб, ўз хазинасида сақланиб ётқон камёб бир нусхасини қолдириб чиқиб берганда, бизнинг мутаржим бир оз «ноз» қилғон. «Қўлимдан келмайдир, фалон» деган. Сўнгра «қўлингдан келгани қадар қил» деб қистағоч «ночор-ноилож» қабул қилғон. Таржумага бошлар чоқда ўзининг «камтарин», «ожиз» ва «ҳақир»лиғидан гапириб келиб ўша ҳолига мана бу байт билан мақтаниб ҳам қўядир: Диламаз кимса муфлис йўлчидан бож, Хирож ўлмаз хароба ердан ихрож. Сўнгра ўзига хитоб қилиб гап бошлайдир. Ана ўша гапларидан биз унинг исмини ҳам билиб оламиз. Мана у байтлар: (21-бет) Расулнинг олийсан чўғ айлама ол, Қўғдири бу китоби алинга ол. Қел эй сайид қу даъвонинг мақомин, Биз арз айла «Шаҳнома» каломин. Таржума «Шаҳнома» асосий қисми «Омадани нома ба Саъд Ваққос» деган фасл билан тугайдир. У фаслнинг сўнг байтлари мана булар: Буроя эрди сатранж ҳикоят, Бу навъа айлади ровий ривоят. Бу сатранжа демишлар неча абёт. Дигар ҳар бириси бир уртулу от. Юқорида айтилиб ўтилган «Ҳикоя дар хотимаи китоб» сарлавҳали ҳикояси мана бу байт билан тугайдир: Бу фикр ичинда саргардон ҳайрон, Ки амр этмиш эди Маҳмуд Султон. Сўнгра наср билан султон Маҳмуд Ғазнавий билан Фирдавсий ўртасида бўлиб ўткан маълум воқеа ҳикоя қилинадир. Мутаржим у ҳикояни наср билан ёзғонини ҳикоя қилиб туруб, дейдир: «Бази «Шаҳнома»ларнинг зоҳиринда бу ҳикояти ажам дилинжа нашрила ёзмишлар, биз доҳи ул тартиб узра туркия дўндирмий баён айлурмиз». Бу ҳикоя ҳам икки хил қалам билан ёзилғон. Охирларида хатларини ўқуш қийинлашадир. У қийин хатлар, бир хил эрон ёзма хати билан усмонлича ёзманинг ўртасида — мужмал бир хат. Энг охирида яна бошқа бир қўл билан (сўнгроқ қўшулғон бўлса керак) худди ёш болаларнинг чизиб ўйнашлариға ўхшатилиб мана бу нарса ёзилғон. Қанда ворам сарви сарафрозим воркан, Yo кима қул улойим сиз афандим воркан… «Шайх Санъон» (КАЛИЗЕЙ БИНОСИ, 29 MAY) Бизга Шайх Санъон кўбдан бери таниш. Уни бизнинг сўфийларимиз кўбдан билалар. Юқоридағи бир йўл сўфийлик ғазали ҳам эскирак замон китобларида бордир. Санъон Мадинада тарбия топқан бир сўфий, бир шайх эди. Тариқат ёймоқ учун бўлса керак, Гуржистонга келади. Унда бир гўзал гуржи қизини кўруб ошиқ бўлди. Шунинг билан унинг тариқатида, шариатида ул қиздан иборат бўлди. Санъон қиз учун ўзининг энг муқаддас эътиқодларини барҳам берганда ҳам юзаки ишонишлардан — заҳарлик кулуш билан кулар эди. У шу ишларнинг ҳаммасини «ҳақиқат» учун, тариқатдан, шариатдан, сўфийлик, зоҳидликдан юқори ва юксак бўлғон бир ҳақиқат учун ишлаган эди. Юзаки кўрунуш, риёкор ибодатлар ўрниға «ҳақиқат излаш» келгандан сўнг Санъон куфр лаънат тошларидан қуруқ қолмади. Юзаки қарағучи таассуб шайтонлари, истаклари қадар сўкуб қарғадилар! Шу шайхнинг ҳаётини театр усулида жонлантурғон Ҳусайн Жовид, Қофқасия туркларининг қувватли адиб ва шоирлари (дан — У. С) Ҳусайн Жовид, шайхга, меним онглашимча, бир ошиқ, бир мухлис эди. Шу ишқ қайноқлиғи натижасида 9 манзаралик шеър билан ёзилғон мукаммал адабий, фалсафий бир асар майдонға чиққон. Унда шу «зуннор билан боғли бўлғон» Шайх Санъоннинг руҳий ҳолатлари, жиннилик ҳаёти тўла кўрсатилган. Хуршид ўртоқнинг таржимаси ортиқ мақтарлиқ эмас. Бизда ҳали эътироф қилайлиқ — бундай зўр адабий асарларни «ўзбекчалашдира» турғон тўла бир куч йўқ. У ҳолда, таржима ортиқ яхши бўлмаса ҳам ярарлиқ, бўларлиқдир. Фақат асарнинг жойланиши (постановкаси) учун қимматли Уйғуримиз кўб тиришқон. Бутун ҳайъати билан 11 кишидан иборат бўлғон қора бахтли бир театр тўдаси билан, тўдага беш-ўн баробар келатурғон кучини четдан тортиб, шу қадар текис ва эркин чиқориш катта муваффақият. «Кализей»дек аждаҳо бир саҳнада «Шайх Санъон»дек оғир ва куч талаб эткан бир асарни жонландириш ўзбек театрининг чин ошиқлари бор эканлигига далил. Ўюн — умуман олғонда — текис чиқди. Айниқса, Шайх Санъон яхши эди. Биринчи пардада Шайх Кабир вазифасини усталик билан бажарган Босит масъулиятлик дарвиш вазифасида кутган ўюнимизни кўрсата олмади. Бошқа вазифаларга тўқталиб ўлтурмайман. Улар ўюннинг кетишида бир мунча камчиликлари билан бирга текис эдилар. Ўюннинг ўзи ҳам вақтида бошланиб, вақтида битди. Халқ жуда севинган эди. Сўнг пардаларнинг бирида Уйғур ўртоқ айрим олқишланиб, тўда исмидан унга бир олтун соат совға қилинди. Халқ кўб, «Кализей» биноси тўлғон, унум яхши, айниқса фахрий жойларни сотишда кечанинг масъул мудири Мирза Қодир ўртоқ Қушбегиефнинг жиддий ташаббуси бўлғонлиғи кўрулди. Шундай унумлик томошалар биландирким, ягона бир театру тўдамиз ўлуб қолмасдан, яшаб келадир. «Сўз, сўз, сўз!» Қлассиқ фожианависликнинг энг улуғ кишиси, оламшумул тиётру муҳаррири Шекспир энг юксак асари бўлған «Ҳамлет»да бош қаҳрамоннинг тили билан юқоридағи жумлани айтдиради. Чинакам, у доҳийнинг ҳамма асарлари гаплашиш (диалог)нинг, умуман, сўз санъатининг қлассиқ – энг мукаммал нусхасидур. Ўртоғимиз бўлған рус саҳнаси ҳам бир замонлар сўз бобида энг улуғ кучларни етиштирди. Шчепкин, Мочалўф, Садўфскийлар («Кичкина тиётру»нинг сутунлари) ўз вақтида томошачини сўз билан ўзларига банд эткан кишилар эди. Шекспирнинг сўз нусхаси бўлған асарлари ўшаларнинг тилларида жонланиб, зални сескантирди. Ҳозир ҳам «Биринчи бадиий тиётру»нинг Качалўф, Москвинлари, собиқ «Корш» тиётрусининг Блументал – Тамаринаси бадиий сўзнинг катта эранларидурлар. Сўнгғи йилларда тиётрчилик санъати тажриба (эксперимент) кўчаларига кўпрак уриб кетиб, сўзни (ва шу сабабли актўрни ҳам) орқадароқ қолдириб келди. Бу нарса «режиссўр тажрибачилиги» (яъни режиссўрнинг тажрибалари учун кенграк майдон қўйиш) йўлини туткан янги тиётрулардагина эмас, сўзни ўзларининг «кўз қаролари» қилиб олған эски тиётруларда («Кичкина тиётру» кабиларда) ҳам кўрилди. Тиётручилик санъатида актўрларга аҳамият бермаслик ўша санъатни, бир бутун ҳолда олғанда, анча паслатмакда экани сўнг вақтларда тушунила бошланди. Шу учун эдиким тиётру маҳфилларида (теварагларида) «актўрга қайтайлик» деган шиор яна айтила бошлади. Актўрга аҳамият бериш демак сўзга аҳамият бериш демакдур. Актўр, тиётру санъатининг актўри ҳар қандай наркилий (конструктив) саҳнада ҳам сўзлайди, гапиради; чирайлик сўз чирайлик қилиниб гапирилса, томошанинг таъсири бўлмай иложи йўқ. Шу учундирким сўнг вақтларда Масков тиётру матбуотида сўз санъати хусусида хос боблар очилиб, сўз билгичларнинг фикрлари кўпчилик ўртасиға ташлана бошлади. Шу учундирким «Қироатчилар тиётруси» (Тиётр чтетса)нинг тарқалғани, Гулидова қўл остидағи сўз санъати труппасининг йўқ бўлуб борғани, уста қироатчи Светаевнинг кўринмай ётканини ёза бошладилар. Шу учун ишчи мухбирлар: «Қулубларға бадиий қироат берингиз!» – деб ҳамма томондан талаб қила бошладилар. Демак, бу масала қизил Масковда, бизга керакли санъатнинг у буюк марказида жиддий ва қизғин суратда пишитила бошланди. Бизнинг янги ўзбек тиётрусида, ҳали эндигина «тетапоя, олтин соя» қилиб келаёткан ёш труппамизда ўзининг ёшиға қараб, албатта, ҳали кўб етишмасликлар борлиғи маълум. Бизда ҳали тугал маъниси билан маданий актўр ҳам йўқ. Лекин, шу билан бирга, букунги Ўзбек давлат труппасининг тан ҳаракатлари бобида анча ўсганини труппадаги баъзи бир актўр йигит ва қизларимизнинг ўйин хусусида (ёлғиз ўйин хусусида) маданий поғоналарнинг анча юқорисида турғанини севинч билан айтиб ўтишға тўғри келади. Ҳатто баъзи бир урфий ва тетик (типичный) рўлларда яхши ўйнағучиларнинг яхшиғина сўзлари ҳам бор. Баъзан кўб яхши сўзлаган актўрлар ва кўб яхши сўзланган сўзлар бўлади. Лекин актўрнинг ўйин ҳунарига қарағанда сўз ҳунари, албатта ва албатта, заиф, хом. Ҳатто тўппа-тўғри сўзни ҳам дудилиб, ямлаб, англашилмас қилиб айтадурғанларимиз бор. Бу кўб томошаларнинг (тиётру томошасининг асосан сўз устиға қурулғанини эътиборга олсак) томошачиға тугал бориб етмаслигига; томошачида тўла таъсир ҳосил бўлмаслиғиға, томошанинг бадиий қисмини анча пастлатишка сабаб бўлади. Ўзбек давлат труппасининг янгиланган раҳбарлари кўбдан бери «мана, мен!» деб ўзини кўрсатиб келган бу камчиликнинг дафъига жиддий чора топмоқлари лозим. Гўзал ва усталарча ўйнаған актўр гўзал ва усталарча гапиришни ҳам билсин. Шундай бўлғанда ўйин билан сўз бирлашиб томошани тўлатади. Иккинчи томондан, контсертларимизда ҳадеб чолғи билан ашула ва рақс гулламасдан, яхши, таъсирли декламациялар ҳам туғилади: Ш.Сулаймон ўртоғимизнинг «минбар адабиёти» уста ижрочиларға эга бўлади. У вақтда ижтимоий мазмун ва мафҳумга ўжарлик билан бўйин эгадиган куйлар (айниқса, «мақомлар») ўрниға ижтимоий мазмунни «жон» деб қабул қиладиған бир бадиий йўл очилади. Шундай бўлғанда ёш шоирларимизнинг ўтли хитобларини ишчи-деҳқон оммасига яна оловли тиллар билан, чирайлик ва сингатурған қилиб берилади. Бу зарур тавсия Ўзбек давлат труппаси раҳбарларигагина хос бўлмасдан, Маориф комиссарлигимизга ҳам оиддур. Маориф комиссарлиги бу тавсиядан баъзи мактабларга бадиий қироат дарслари киргизиш лузумини англасин. Меҳнаткаш оммасига 2 йил орасида хос мактаб очмасдан турмуш ва кураш мактабида ўткур нотиқлар ва солмоқ маърузачилар етказиб бердик, энди мактаб ва тарбия йўли билан чирайлик сўзларни чирайлик қилиб ўқийтурған қироатчилар, хатиблар етказиб берайлик. «Талабалар ўюни» (ўзича) 2-июнда шанба куни давлат театри биносида Озарбайжон давлат театри техникуми талабаларининг биринчи ўюнларини кўриш шарафига эришдик. Келгусида саҳнамизни гуллатмак учун бу кун тубли бир билим юртиға кириб ўқуб ётқан азаматларимиз икки йилгина бир таҳсилдан сўнг саҳнада биринчи тажрибаларини кўрсаталар. Шу учун бу ўюнни биз жуда қувониб, яйраб томоша қилдиқ. Асар ва унинг ўйналиши тўғрисида ўз фикримни айтиб ўтмакчи бўлғанимда азамат йигитларимизнинг ҳали ҳам икки ёшлиқ талабагина эканликлари ҳамма вақт кўз олдимда турди ва шу назар билан қараб туруб бу мулоҳазани ёздим. Асар рус адибларидан бириники дейилган. Чинакам у рус талабалик турмушини кўрсатади. Инқилобдан бурунғи талабаларнинг ўқушдан кўра кўпрак қизлар билан ўйнашиш ва бой бўлиш учун чалишқанларини, бу асар бизларга – бу куннинг одамлариға билинтириб қўяди. Бу жиҳати яхши, лекин актурни ўсдириш катта бир масалани очиб бериш каби фазилатлари бўлмасдан енгил ва бачкана бир кулги бўлғанлиғидан унинг саҳнада кўрилишини катта бир воқеа деб бўлмайди. Рус ва ажнабий турмушдан олинған асарлар орасида жуда яхши асарлар бўлғани ҳолда бу асарнинг танланиши кўбда мақталиб бўлмайтурған хизмат. Хайр бу жиҳатини ҳам ҳалиги тажриба деган нуқтаси ёпиб кетади дейлик… Асар «лашдирилган» яъни Озарбайжон кебатасига киргизилган. Бу бизнингча ярамайди. Ҳар қандай бу асарнинг асл руҳи нуқталарини топиб ўшаларни бошқа бир элнинг руҳ нуқталариға тўғрилаб ўйнаш яхши. Дунёнинг энг юксак театри бўлған рус театрида ажнабий асарларга шундай йўл билан яқинлашадилар. Асл руҳ, асл жавҳар бояғидай қолдирилиб ёлғиз “устубош” кийгизилса ва “Турсинбой, Эшмат” каби номлар қўюлса ундан кўб ҳам яхши натижа чиқмайди. Бу асарда ҳам исмлар “Рамзий, Иляс, Shavkatzoda” бўлған. Лекин башара (бет) бояғича қолаберган. Мунинг устига озарбайжончадан ўзбекчага табдили 50 парасан кам бўлған, яъни 50 парасан ўзгартирилмай қолған. Шу учун бу кунги томошада икки шеванинг баравар пойгалашганини кўрдик. Бу жуда қизиқ бўлар экан… Умуд қиламизким, келгусида бу жиҳати тузалар. Мунда қизиқ бир нарса бор. Асарнинг “лашдирилгани” бундан тўғри бўлмаса-да, шу сафар у ўйин учун кўб ҳаётли чиқди. Бу “лашдириш”дан талабаларимиз (қайтариб айтаман: талабаларимиз!) бундайлар агар озарбайжонлаштириш бўлмаса ўюн бир неча парасан муваффақиятсиз чиқар эди. Чунки талабаларимизнинг савия ва таҳсил даражалари бир эмас. Сўнгра мактабда бизнинг талабалар ҳали пирактик (тажриба) йўлиға ўтмаганлар. Шу ҳоллар асарнинг муваффақиятини шубҳада қолдирар эди. Айниқса, қизлар, улар Озарбайжон ва, умуман, Шарқнинг уялчан, тортинчоқ ва адабли қизларини кўб яхши ўйнадилар. Унинг ўрниға шўх, дадил ва эркин Оврупо қизи башаралари берилсайди. Албатта, бир йилгина мактаб кўрган қизларимиз қисталаб қолардилар. Мен айрим актўрларнинг ўюнлариға тўқталмайман. Негаким, талабаларни чуқур текшириб бўлмайди. Бир неча оғир гап билан айтиб кетилмакчи бўлинғанда шунигина демак лозимдирким, ҳамма ўйнағучилар астойдил берилиб ўйнайдилар. Айниқса, яхши қизларимиз биринчи мартаба саҳна кўрганлари ҳолда анча эркинлик кўрсатдилар. Бурун саҳна кўрмаган йигитларимиз келгуси учун умуд бердилар. Бурун саҳнага чиқиб келганлари мактаб кўрганларини кўрсатдилар. Бурундан билиб ва таниб келганимиз Сайфи қори шундай бир рўлда чиқдиким, уни танқид қилишға маҳал қолмади. Ya’ни бир эркак суфати билан кўрсатган камчиликларини хотинлиғи ёпади ва бир хотин суфати билан қилған хатоларини эркаклиги ёпади. Лекин унинг эски саҳна одами экани билиб туради. Қадимғи Карим ўз рўлида бўлмағани учун бўлса керак, ўзини ортиқча сездирмади. Умуман, ўюн текис ўтди. Сўзлар “атала тил” билан бўлса-да очиқ ва англайишли қилиб айтилди. Сўз охирида бу азамат талабаларимиз ва айниқса журъатли умудли қизларимизни яна бир қур олқишлаб ўтамиз. Ўзбекистон маориф халқ комиссарлиги бу талабаларга ҳам яхши қунт қилиб қараб уларнинг тилакларига жавоб бериш лозим. Умудли талабаларимизнинг биринчи ўюнлари шуни талаб қилади. «Тақсир-хўжайин» сўзи йўқолмоқда Истибдод эгаси “Николай” тўраларидан ўзбекларга мерос қолған “тақсир-хўжайин” сўзлари бизнинг Ҳаққулобод районида йўқолмоқда. Атроф ижроқўмининг олдига ишлари тушуб келган меҳнаткашлар: Тақсир, бизнинг ҳолимиз мундоқ; хўжайин фалони мундоқ зўрлиқ қилди… деб, ўзларининг юракларидаги арзларини қўрқуб, қалтираб айтган вақтларида райижроқўм: “Тақсир билан хўжайин деб, гапирманглар! Қўрқмасдан, қалтирамасдан сўзларингни айта беринглар! деб, арзини ишлатмасдан бурун ташвиқот юргузмоқда. Ва ҳам бўлус ижроқўм, қишлоқ ижроқўмлари орқали халққа “тақсир-хўжайин” сўзларининг орадан кўтарилиши учун ташвиқотлар қилмоқда. Мана шунинг учун бу хилда чор ҳукуматнинг вақтида давр суруб, ўзбеклар орасида одат бўлуб келган “тақсир-хўжайин” сўзлари ўз маҳаллий ҳукуматларимиз тарафидан мана шу хилда қилиб йўқотилса шоён тақдир бўлур экан! «Узун қулоқ бобо» тўғрисида Бошқармага хат «UZUN ҚУЛОҚ BOBO» ТЎҒРИСИДА Менинг «Узун қулоқ бобо» номлиқ 2 пардалик кулги асаримни оққа кўчуруб ўзбек труппасига топширмоқ шарти билан мазкур труппанинг энг муқтадир бир артисти олғон эди. Ҳозир шул асарнинг мазкур артист қўлида борлиғи шубҳалик бўлуб қолди. Эшитганимга кўра, бечора асарим Самарқанд санъат ҳаваскорларига «тортуқ» қилиниб, бериб юборилғон эмиш. Шунинг учун газета орқали эшитдирмакчи бўламанким, бутун ҳақ ва ҳуқуқ ўзимда бўлғон ул асар қайда бўлса ҳам босдирилса ёки саҳнага қўюлса, шунга алоқалик кишиларни ҳукмга тортғумдир. «Яна уйланаман» — Юсуфжон акам саҳнада! — Машҳур қизиғимиз Юсуфжон ака Москвага келибдирда бирор саҳнада қизиқлиқ қилибдир. 1923 йилда бўлиб ўткан бутун иттифоқ деҳқончилиқ кўргазмасига аралошқон Юсуфжон акам ўшанда Маскав саҳнасига (тўғриси: майдонига) бир қур чиққон эди. Демак, бу янгилик бўлмайди. Янгилик шундадирким, бу чоққача қизиқ сифатида саҳна ва майдонларга чиқиб келган Юсуфжон ака, бу йил Маскав саҳнасига (саҳнасига!) муҳаррир, ёзғувчи, фожеъанавис сифатида чиқди. Бу кунги суҳбатимиз ана ўша тўғрисида. Юсуфжон акамнинг ҳар қаерда неча йиллардан бери айтиб келган бир кулги ҳикояси бор. Унда, бир имом домланинг — номоз вақтида ғалати ҳийла қилиб маҳалладан икки йиллик ҳаққини ундириб олғонлиғи айтилади. Юсуфжон аканинг сўзлашида бир неча оғиздан ошмағон бу ҳикоя, мазмун ва мавзуи жиҳатидан қизиқ ва бойдир. Бу ҳикоянинг «авжи жойи» ғалати бир «қўрқинч» (трюк)ни кўрсатади. Режани яхши чизиб, уни бир адабий ҳикояга айлантирганда гўзал нарса чиқар эди. Мен шундай қиларман деб ўйлаб юрар эдим. Шу йилги ўқиш мавсумида Маскав драм истудияси, машҳур Меерхулд театри актурларидан ўртоқ Свердлинга, бир мустақил асарнинг «тузма» (постановка (Ч.) сини топширмоқчи бўлди. Таржима асарлар етарли бўлмоғонлиғидан асл (оригинал) асар қўймоқчи эдилар. Ўртоқ Свердлин, истудиянинг кўрсатиши бўйинча, менга йўлиқди. Мен унга Юсуфжон акам ҳикоясининг қисқағина мазмунини айтиб бериб эдим, маъқул бўлди ва боши-кетига кўринишлар қўшиб тезлик билан ёзиб беришга буюрди. Ана шу билан «Яна уйланаман!» деган — 3 парда 7 кўринишли асар майдонга чиқди. Шу йил апрсл ойида ўша асар Маскавда кўпчиликка кўрсатилди. Бутун нттифоқ шўролар қурултойиға келган қийматли вакилларимиз ҳам керакли бўлакларини кўрдилар. Келгуси қиш мансумида асар Ўзбекистон пойтахтида кўрсатилса керак. Асарнинг «катта машқи» (генерал репетицияси)ни кўрган ўртоқ Февралский (марказий «Правда» газетасининг театршунос муҳаррири) «Правда»нинг 92 нчи сонида унинг тузмаси тўғрисида мана бундай дейди: тузмачи L. Свердлин, испектаклда Оврупо ва ўзбек театрчилигидаги унсурларни бирга тўплағон. Ya’ни: бир томондан Шарққа хос қизиқ ҳаракатлар берган, испектаклни рақс, ашула ва чолғилар (танбур, дутор, чилдирма, ноғора, карнай ва бошқалар) билан тўлғизғон: иккинчи томондан Шарқ халқининг ўлтириб гаплаша беришдаги «зерикдириш» таъсирларидан испектаклни қутқарғон. Лекин, гаплаша бериш ва секин қимирлашдан қочилғон вақтда албатта, жуда иҳтиёт билан қочилғон: Шарққа хос у аҳволнинг тасвирлари хали ҳам испектаклда бор. Ўртоқ Свердлин, ўзбек турмуши билан ошналиғи орқасида, турмушнинг энг қизиқ онларидан бир неча парчалар кўрсаткан (мачит олдидағи кўча, бойни ҳадим қилиш, тўй каби), сўнгра ёшларни эски урфлардан йироқлаша борғонини кесатиб ўткан. Испектакл, режиссурлиқ жиҳатидан қарағонда, эслилик билан, қизиқ қилиниб ва шу билан бирга кўпчиликка онглашиларлиқ равишда қўйилғон. Саҳнанинг ясалиши шартли (условно) ва содда (ҳаммаси бўлиб 130 сўм кетган)». Ўртоқ Февралский, испектаклга аралашқон актурларга айрим-айрим тўқтамасдан, умумий суратда мана бу бир неча оғиз гапни айтиб ўтади: «Ёш актурлар жуда қизиқиб ўйнайдирлар; зўр қобилиятлари бўлғон бир неча актурларни кўргандан кейин, Шарқнинг халқ оммалари орасида қандай бой артистлик кучлари бўлғонлиғини кўрасан». Ўзбекистонда саҳна кўрмасдан туриб, асар ва унинг тизмаси тўғрисида бундан ортиқ гапириб бўлмайди. Бу ерда шунигина айтиб ўтиш лозимдирким, ўзбек театри — ҳали ёш ва бола бўлишиға қарамасдан — турли театр маслаклари билан амалий танишишда кенг йўл билан бормоқдадир. Маскав, драм истудияси, бу ернинг театр оламига ғалвалар солғон бир ғалати оқим — Меерхулд оқимини — ўз турмушиға олиб кўрсатмак билан, қизиқ бир тажриба ясайди. У оқимнинг биздаги йўқсуллар оммасига қандай таъсир қилиш, ёқиб-ёқмаслиғи, шу йил қишда англашиладирғон «сирлар»дан. Қўклам келди, ёз навбатда. Истудия ўктабрнинг ўн йиллиқ тўйида чинакам саҳна кўрадурғон бу асарининг «мирзоси» (муҳаррири демайман!) Юсуфжон акага, тузмачи Свердлинга, режиссур-кўмакчи Лутфулла, чолғи раҳбари Мирўнуф, суратчи Ефиминко ўртоқларға ўзининг миннатдорчилиғини билдиради. «Ёрилтош» Андижонда, 18 нчи июнда Фарғона вилоят давлат труппаси томонидан ёш ёзувчимиз Рафиқнинг халқ эртакидан олиниб ёзилған 4 пардали “Ёрилтош” исмли ўпереттаси ўйналди. “Ёрилтош” халқимиз оғзида кўбдан бери севилиб айтилиб келмакда бўлған машҳур “Ёрилтош” эртаги – афсонасидир. Рафиқ уни муайян бир усулга – йўлган солиб, ўзидан баъзи бир мунгли куйлар қўшқан. Тиётру қишлиқ бинода бўлса ҳам халқ куткандагидан кўб эди. Халқ иссиққа қарамай ўзининг руҳига яқин, завқиға, хаёлиға ошно бўлған бир янги песа асарни жуда ошиқиб ортиқ бир рағбат билан эшитди. Ўйнағучиларнинг кўбиси зарарсизгина ўйнади. Фақат “Гулхан” рўлида ўйнаған туташ ўзбакча оҳангларни бузуброқ, йўғон овоз билан куйлади. Бизнингча шу “Гулхан” рўзлини унинг онаси рўлини ўйнаған туташга берилганда тағин-да яхшироқ бўлған бўлур эди. Фарғона вилоят давлат труппаси яна ҳам ўз вазифасига керагича аҳамият бериб шундай яхши асарларни мукаммалроқ чиқариб кўпрак қўйишқа урунса, жуда яхши бўлур эди. Халқ тиётрудан хурсанд бўлуб “Яша қўқонлиқ азаматлар!” деб шодлиқ билан тарқалди. Алданиш Беш йиллик ёнишим бир йил учунми? Эркалаб ўтгувчи бир ел учунми? Кўзимга кўринган саробми эди? Мен шунга алданиб тоғларми ошдим? Севгимнинг боғчаси харобми эди? Шу боғча ичида йўлми адашдим? Кўзимни ўраган киприкми эди Ёки кўк тусида пардами эди? Кўнгил шу чоққача тирикми эди, Жоним кўклардами, тандами эди? Қўлимни тегиздим…. Одам эди-ку! Кўзимда ўйнаган бир нур эди-ку! Сезгим-да соғ, тетик, бардам эди-ку, Бўйнимга қўл солган бир ҳур эди-ку! Нега мен сезмадим? Ўт эмасмиди? Шу ўт ичидаги мен эмасмидим? Каъбамга осилган бут эмасмиди? Бутни «тангри» деган мен эмасмидим? Мен уни хаёлий, тотли бир севиш, Илоҳий бир муҳаббат, ишқ билан севдим. Беш йил!.. Шунинг учун беш йил англайиш, Ёниш, куйишларим… оҳ, энди билдим. Оҳ, энди билдимким, барчаси хаёл, Барчаси бир тотли, роҳат туш экан! Кет, йўқол кўзимдан, ҳақиқат, йўқол, Бағримга ботмоқда оғули тикан! Чиндан-да мен букун ёлғизми қолдим? Чиндан-да у ўтли севги битдими? Чиндан-да турмушдан оғизми олдим? Чиндан-да умидим буткул кетдими? Чиндан-да кўнглимда севги ўтлари Чўғсиз ўчиб қолган шамдек ўчдими? Чиндан-да каъбамнинг санам, бутлари Кул-парча бўлдими, буткул кўчдими? Чиндан-да мен букун севмасми бўлдим? Чиндан-да муҳаббат ўтими сўнди? Чиндан-да мен букун тиканми юлдим? Кўнглим бу алданишга, оҳ, қандай кўнди? Севгимнинг яшаши бир йилми эди? «Ғув» этиб ўтгувчи бир елми эди? 1922-йил Амалнинг ўлими Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар? Шарқнинг оналари, жувонларими? Қаршимда инглаган бу жонлар кимлар? Қуллар ўлкасининг инсонларими? На учун уларнинг товушларида Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар? На учун ёзмишнинг ўйнашларида Ҳар юриш кўнглимни ништардек тиғлар? Кенглик хаёллари учдими кўкка? Бутун умидларни ёвларми кўмди? Мангу тутқунликка кирдими ўлка? Хаёлда порлаган шамларми сўнди? Кечанинг жон олгич қоронғилиги Нажот юлдузини хаёлми билди? Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди? Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар Шарқнинг кўкрагида бир жой топмасми? Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар Ухлаган дилларга силжиб оқмасми? Ҳар кеча кўкларда ўйнаган юлдуз Айтар эди менга: «Эрклик юлдузи – Тутқин еллар учун само қундузи, Кўнгилда қолгуси унинг бир изи». У бир из кўзимнинг нурларидан ҳам Юксакдир, мен уни ўпмак истайман, Агар топилмаса, бу юртлардан ҳам Кўчиб йироқларга кетмоқ истайман. Йиғлаган, инглаган амал қизими? Кўкдаги юлдузлар унинг изими? 1921 йил Бинафша Бинафша сенмисан, бинафша сенми, Кўчада ақчага сотилган. Бинафша менманми? бинафша менми, Севгингга, қайғунгга тутилган? Бинафша, нимага бир озроқ очилмай, Бир эркин кулмасдан узилдинг? Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай, Ерларга эгилдинг, чўзилдинг? Бинафша, Айт менга, Кимлардир уларким, Игнани бағрингга санчалар? Бинафша, Бир сўйла, У қандай қўлларким, Узалар, ҳидлайлар, янчарлар? Бинафша, шунчалик чиройли юзинг бор, Нимага узоқроқ кулмайсан? Бинафша, шунчалик тортғувчи тусинг бор, Кўнглимга исриқлик тўкмайсан? Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери, Қайғингни қайғумга қўшгил. Бинафша, сен учун кўкрагим эрк эри, Бу эрдан кўкларга учгил. Бинафша, гўзалим, қайғулим, келмайсан, Қайғунг зўр, қайғумни билмайсан, Менга бир кулмайсан. 1922-йил Битди Бер қўлингни, шу титраган қўлим билан сўнг дафъа Бир қисайин, сўнгра ортиқ у қўлларга тегмоқ йўқ. Кўзларингни сўнг мартаба тушир хира кўзимга, Кўкрагимга кирпикларинг сўнг мартаба отсин ўқ. Кўкимизда ҳануз ўчмай қараб турган юлдузнинг Кўр юзини, айрилиқнинг кўзи билан сарғайган. Сен кетасан, юлдуз ўчар, ёлғизликда ташланган Ўксигингга ҳаёт бермас ёғдулари кундузнинг. Бер қўлингни сўнг мартаба ёлғиз қолган ўксикка, От ўқингни сўнг мартаба алам кутган кўксимга!.. 1922-йил Бокуга Шарқ қурултойига кетканда Ёлимизда чўллар, сувлар, денгизлар, Босувчисин таниб бўлмаслик излар, Шул изларни босиб, денгизлар кечиб, Буюк амал билан борамиз бозлар! Юракдаги сақлаб борган амаллар, Йўллардаги денгизлардан улуғроқ; Эзилганлар тилак тилар бу йўли Аввалгидан тўлуғроқ. Маҳкам қилиб боғланилган камарлар… Шарқнинг эски чигалини ечайлик. 1920 йил, 10 Август, Тошкент. Бузилган Ўлкага Эй, тоғлари кўкларга салом беран зўр ўлка, Нега сенинг бошингда қуюқ булут кўланка? Учмохларнинг кавсаридек покиза, Садафларнинг донасидек топ-тоза Салқин сувлар тоғдан қуйи тушаркан, Томчилари ёмғир каби учаркан, Нима учун йиғлар каби инграйлар? Ёв борми, деб тўрт тарафни тинглайлар? Табиатнинг ўтини йўқ ўтида, Шарақ-шарақ қайнаб чиққан булоқлар Ҳар қоронғи, қўрқинч туннинг бетида Шифо истаб келмасин дер, қўноқлар. -Бу нега? Айт менга. Кўм-кўк, гўзал ўтлоқларинг босилғон, Устларида на пода бор, на йилқи, Подачилар қайси дорға осилғон? От кишнаши, қўй маъраши ўрнига -Оҳ, йиғи, Бу нега? Туморчалар хамойиллар тақинган, Далаларда лола барги ёпинган, Тоғ-тошларда ўйин қилган, Чопинган Гўзал қизлар, ёш келинлар қаерда? Жавоб йўқми кўклардан-да, ердан-да, Хароб бўлган элдан-да. От минганда, қушлар каби учгувчи, Эркин-эркин ҳаволарни қучғувчи, От чопганда, учар қушни тутқувчи, Учар қушдай ёш йигитлар қаерда? Тоғ эгаси – сор бургутлар қаерда? Сенинг қаттиқ сир – бағрингни кўп йиллардир эзганлар, Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар. Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳақи йўқ хўжалар, Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар? Нега сенинг қалин товшинг „кет“ демайди уларга? Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга? Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши? Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши? Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг? Нега бунча умидсиздир туришинг? Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ? Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ? Нима учун ғазабингни уйғотмайдир оғу-ўқ? Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик? Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас? Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас? Кел, мен сенга қисқагина достон ўқий, Қулоғингга ўтганлардан эртак тўқий. Кел, кўзингнинг ёшларини суриб олай Кел, ярали танларингни кўриб олай, тўйиб олай. Нима учун ағдарилган, йиқилган Оғир тойнинг заҳар ўқи кўксингда? Нима учун ёвларингни бир замон Йўқ қилғундай темирли ўч йўқ сенда? Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка, Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка? 1921 Эркинлик истаги Эркин кўнглим чидай олмас бу сиқиқ, Бу боғланган, бу «эгалик» турмушда. Агар шундай кетаверса, бу аниқ: Тилак учун қила олмас бир иш-да. Шунча чоғлар чидаб келган кўнглимга Бу кунгина ўз чизиғи тор келди. Гўё унинг қўл тегмаган бўйнига Ип боғланиб, жуда қаттиқ тортилди. У интилиб, у уриниб ётадир Тор қафасдан қутқаргали ўзини. Теваракка аччиқ қарғиш отадир, Билмадимки, қон босганми кўзини? Бундан бурун ул кўп оғир тинларни Чидам билан, тинчлик билан ўткарди. Қаршисида авраб турган жинларни Кўра туриб қўрамади, кеткарди. Шунинг учун тубанларнинг тубани, Ёвуз, бузуқ кишилар ҳам эркинча Таларларди, эмарларди-да – уни Сўкарларди орқасидан эр-кеча. У қандай тор, қандай сиқиқ ерларда, Қандай бузуқ чизиқларда бўлмади? У қандай ҳур, қандай тубан эрларда – Қилини ҳам қимирлатмай турмади? Энди ул ҳам тор чизиқдан безгандир, Қайтиб унга киришликни истамас. У маъносиз «эгаликлар» эзгандир, Улар билан бир тин бўлсин – туролмас! У эркинлик, ўзбошлилик истайдир, Кетга қараб – ўлим бўлсин – кетмайдир!.. 1922-йил Гелиёрсун Гелиёрсунг дағ, тепелер ашарақ, Гелиёрсунг су, денгизлер гечерек, Гелиёрсунг амалине-қошарақ, Гелиёрсунг ўз ёлинги сечерек. Чоқдан бери сўнмиш олан гунешинг Тепелерин енг башиндан гўрунди, Чоқдан бери юз дўндурмиш мехвешинг Эмелингинг нурларина бурунди. Ҳер сафхаси алчалмани язарак, Сенинг учун қан ағлаян тарихинг, У ёллари хаялиле бозарак Язмададир парлайишин ярнинг. “Шарқ гўзели” дее ғарби яндиран Кара сачли, кара гўзли у сенинг Гўзел қизинг, ўлумлери андиран Чехресиле ағлиёрду: Бен онунг Гоз яшлари арасинда батиёр, Боғулуёр ўлуёрдум… Гелмиёр Гелмиёрди имдадима хеч киши Кесилмишди санки жахан нефеси. Дағ, тепелер, ашип евет сен гелдинг Бен де шимди алиёрум генг нефес; Сен де затен рухен эсир дегилдинг, Ялгиз сенинг вужудуну кисарди Алчак ғарбинг гейдирдиги дар кафес… Вужудунга пек дарди. Гелиёрсун дағ, тепелер ашарак, Гелиёрсун чўл, сахролар гечерек Беклиёрум бен де хаят ичерек, Юлларина гул лалелер сачарак, Кучағими ачарак! Хараретли, селамими кабул эт Хурметими бутун Шарка такдим эт! Гўзал Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб, Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен. Ул юлдуз уялиб, бошини букиб, Айтадир: „Мен уни тушда кўрамен. Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал, Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!..“ Кўзимни оламен ой чиққан ёққа, Бошлайман ойдан-да сени сўрмоққа, Ул-да айтадирки: „Қизил яноққа Учрадим тушимда, кўмилган оққа. Оққа кўмилганда шунчалар гўзал, Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!..“ Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб, Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен. Айтадир: „Бир кўриб, йўлимдан озиб, Тоғу тошлар ичра истаб юрамен! Бир кўрдим мен уни – шунчалар гўзал, Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!..“ Ул кетгач кун чиқар ёруғлиқ сочиб, Ундан-да сўрайман сенинг тўғрингда. Ул-да уятидан бекиниб, қочиб, Айтадир: „Бир кўрдим, тушдамас ўнгда. Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал, Ойдан-да гўзалдир… мендан-да гўзал!..“ Мен йўқсил на бўлуб уни суйибмен?! Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куюбмен. Бошимни зўр ишга бериб қўюбмен, Мен суюб…мен суюб…кимни суюбмен? Мен суйган „суюкли“ шунчалар гўзал, Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!" 1919 Ишқ Илк эввел гўзими ишқ ила очдим, Ишқинг мейданина қаними сачдим. Ишқсиз ўлкалерден у энди қочдим, Не замон боғладим зунноре ишқи. Ишқ дея айрилдим диндан, имандан, Англамам ҳеч бир сей жой инсоф, виждондан. Ишка сажда этдим, бўлдим у ондан, Не замон қатл этдим куффор-и ишқи. Жаннат беним учун қуруқ саҳродир, Ишқнинг саҳроси, ким банга маъводир. Аксини сен банга не қадар қондир. Қонмам, чунки билдим гулзор-и ишқи. Ишқинг мейдонинда бир пехливаним, Бир махшар қўпарур ҳар дамда қоним, На буюк беним, бақ, ишққа имоним, Ера диз чўтирдим жаббар-и ишқ. Бен ишқинг мулкига ягона ҳоқон, Банга бўйин эгар бил жумла-и султон. Инанир ўрдума шуйла бир боққан, Кўр нижа саф биста ашкор ишқи. Сўйларкан дилларим на ёмон, Ёзаркан қаламим на ҳазин ағлар, Соддадил бунлардан на маъни англар, Билмас куч ўлдуғи исҳор-и ишқи. 1922 йил. Ишқ йўли Сабрнинг косаси тўлгандир, Бу оғир айрилиқ тўйдирган, Оҳ, қанча азоблар бўлгандир, Гўзалим, хабаринг бўлмаган! Оч, ахир, очгилким кўксингни, Бир нафас ўзимни унутай. Унутмоқ бутунлай «ўзлик»ни, Оҳ, шундан нажотни мен топай. Кечалар, кечалар… оҳ, сенсиз ва ойсиз. Бир кеча менга худди бир йилдир. Қайтариб айталар: «Кечалар – рўёсиз, Олдингда…» кўп оғир бир йўлдир! Эй дарвеш, бу йўлда биргина йўлчи – сен, Кетавер, бир куни сўнгига етарсен!.. Кет Кет, кўзимни алдагувчи хоин нур, Кет, оловли чизиғимдан нари юр! Кет, заҳарли қизғалдоқни ирғитма, Кўнглимдаги сўнг умидни йўқ этма! Кет, илоҳий виждонимни булғама, Бутлар билан тегарамни чулғама. Кет, эй тўққиз пари кўзли қора қуш, Йиқиқ бўлган кўкрагимдан четда уч! Кет, севгимнинг улуғ ёви, кўринма, Лаънат сочиб, ёнларимда юринма. Эски дўстлар йўл адашиб ўлдилар, Янги дўстлар бунинг учун кулдилар. Янги йўлга оёқ босмай тўхтасам, Бу йўлларда қутилишлик йўқ десам, Сен ул чоғда қайси йўлга солардинг? Фалокатдан қандай тортиб олардинг? «Ун»инг қўпол… қийнагувчи қилиғинг, Кет, мангулик йўққа кўчсин борлиғинг! Кет, малаклар достонини ўқима, Кет, аслсиз эртакларни тўқима! Кет, севгили кўкрагимга тинчлик бер, Кет, сенинг-чун қучоқ очган қора ер. Кет, жонимни қийнагувчи жоду – ҳур, Кет, кўнглимни алдагувчи ёлғон нур! 1922-йил Кетдинг Йўлдошим, зим-зиё бўлдинг-да, кетдинг, Бор эдинг – йўқолдинг, ўлдинг-да, кетдинг, Гул эдинг, очилмай сўлдинг-да, кетдинг, Йўқлик денгизига тўлдинг-да, кетдинг. Қичқириб орқангдан югурдим, чопдим, Ғариблар мозорин истадим, топдим, Кўрай деб сўнг чоғда телмуриб боқдим, Сен эсанг юзингни бурдинг-да, кетдинг. Элингнинг тилаги етимми қолди? Бошига қайғуни ўлимми солди? Жонингни тангриси севибми олди? Айтмадинг, оғзингни юмдинг-да, кетдинг. Боғчангга ёш қўллар экалар гуллар, Очилмоқ истайлар лола, сунбуллар, Борлиқ куйларини куйлар булбуллар, Сен бўлса йўқликка урдинг-да, кетдинг, Кўкармай, яшармай, қурдинг-да, кетдинг!.. 1920–йил Кўклам Қайғуси Эй қоронғу узун қишнинг хаёли, Кўклам чоғи кўзларимда ўйнама! Айрилиқнинг чидаб бўлмас малоли, Кўкат, майса юзларида қайнама! Бир оз… бир оз кўнгил берай кўкламда Шафтолининг гўзал, қизил юзига. Бир оз… бир оз алданайин кўнглимда Бош чиқарган йигитликнинг сўзига. Қаршимдаги кулиб турган юмшоқ қиз Кўм-кўк майса ўртасида бир гулдир. Кўп йиғладим… ёшларимни қатор чиз Ва қаршимда гўзал қизни бир кулдир! Кўклам чоғи сайроқ булбул сайрамас, Не учунким танбуримнинг тили йўқ. У гўзал қиз чин қараш-ла қарамас, Не учунким умидимнинг йўли йўқ. Тилларимда ҳар кўкламнинг қўшиғи, Юрагимда ҳар гўзалнинг севгиси, Кўзларимда ҳар қайғудан бир йиғи, Юзларимда алданишнинг белгиси… Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаган? Ёлғиз менми ҳар умидда алданган? Ёлғиз менми кўкрагини тиғлаган? Ёлғиз менми севинч билан бўлмаган? Эй кўкламнинг кўз тортгувчи келини, Нима учун йиғлатасан бир мени?..Қўйлиқ. 1922-йил Кулмак истадинг На учун кулмак истадинг, гўзалим? Йўқса, сўлмоқди лабларингнинг иши… На учун тишларингни беркиниши Бу йўли битмак истади, малагим? Сенки кулмак билан вужудимни Баъзида севгига кўмар эрдинг. Сўнгра бирдан яна чўкар эрдинг Эски, беҳуда, кенг хаёлларингга. Ол қўлимни бир оз-да қўлларингга, Кўкка беҳуда қўйма дудимни! Севги – дард, севгувчи-да – бир тентак. Сен-да тентакдан эътироз этасан. Қочасан, оҳ, фақат адаш кетасан. Истагинг бормиким, бориб етасан? Қайда бўлсанг-да, ғирт бўғар севмак, Севгидан қочмоқ истасанг, гўзалим, Ташла, беҳуда ўйдир ул, азалим. Менга бир кулмак истадинг, малагим. Кулки, кулсин кулолмаган тилагим!.. Бухоро (Ҳарбий хастахона). 1922, 4–январь Кураш Бақиргувчи, ўкиргувчи бир товуш Ботирларнинг жон сўраган товшидир. Йиқитгувчи, ағдаргувчи қўзғалиш Яқиндаги зўр курашнинг бошидир. Тентаклардек борар ерин билолмай, Унда-бунда ўзни урган душмандир. Кенг юракда тура олмай, сиғолмай Тошиб кетган йўқсилдаги имондир. Улуғ, қаттиқ ағдаргувчи бир кураш, Yo бор бўлиш, ё йўқ бўлиш: – Йўқ яраш!.. Тошкент. 1921, 8-март Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси Белгисиз қабрингни қора тунларда Амалимнинг шамин ёқиб изладим. Қизил ва пок қонинг исларин сочгач, Кучсиз кўйи юришимни тезладим. Амалимнинг юлдузиким кўз тикди Қора, жирканч ўлим кони ерларга. Савол бердим: «Йўқотганим қайда?» – деб Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга. Қўлиндаги тутам-тутам гулини Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди. Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда Унинг қилган бу ишлари бўш ишди. Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида – Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда Оқ каллалик қора девни сўкмакка. Шунинг учун юлдуз каби ярқираб, Элда қолган исминг билан тураман. Шул исмни эслаб, чизган йўлингдан Йироқ кетмай, қимирламай юраман. Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг Мотам гули эканини билмайсан. Шодлик гули кўпдан бери сўлганин Ер остида пок руҳинг-ла сезмайсан. Ана, сочдим қалбимдаги гулларни, Термак учун чақираман қулларни… 1920-йил Мастликда Май бу кун шишадан тошиб чиқмишдир, Унинг бир томчиси ерга тушмасин. Уни хаёлимиз амал демишдир, Амаллар мажлисдан четга кўчмасин. Майлар шишаларда қўшиқлар айтиб, Бизнинг ийдимизни қутлаб турадир. Майнинг кўпиклари минг қатла қайтиб, Мажлис лаззатини сўзлаб турадир. Майнинг атрофинда эски ўртоқлар, Йиғилиб ўлтириб, суҳбат қилалар, Мажлис шодлигини кўриб «оппоқлар» Ҳурмат юзасидан салом бералар. Майнинг кўпиклари тутқун ўғлини Қайғу чоғларида юпатиб турсин. Мастликда ўрганиб ўнг ва сўлини Ўксик болалари у йўлдан юрсин. Майнинг кўпиклари кўзнинг қораси, Мастлар ўлсалар-да, «эслик» қолғуси. Мен шоирми «Таржимайи ҳолим»га Хаёлим бир учиб кетиб қоладир, Мен ҳам тизгинини қўйиб бераман. Зотан, қандоқ қилиб тутиб тураман? Энг нозик қилимга тегиб қоладир. Учадир... учадир... минг қабат кўкни Бир бошдан сийпалаб ўта берадир. Зерикмай, эринмай кета берадир, Баъзан ҳовлиқтириб жинни юракни... Кўланка кабидир, ўтган еридан Сўнгра қарасангиз, бир нишон қолмас. Юрган ерларидан озиқ ҳам олмас, Шунда зерикаман унинг сайридан... Бир замон бир ширин жойга етганда, Нарига ўтмасдан тўхтаб қоладир, Ошиқдек ястаниб, ётиб оладир... Шу чоқда қийналиш бошланар менда. Чунки хаёлимнинг кўзлари билан Бир гўзал ҳолатни кўриб тураман, Лаззатга ғарқ болиб, ўлиб тураман. У ҳолни борлиқнинг сўзлари билан. Англатиш қўлимдан келмай қоладир, Шу чоқда тилларим қалдираб кетиб, Борлиғим йўқликка ғилдираб кетиб Демакки: «Бошқалар билмай қоладир Шундай гўзалликни! Аттанг агар мен, Рассом бўлсам эди, чизиб берардим. Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим. Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?. . » Шоирлик менда бир соями, дейман, Ҳар бир тушунчамни ёза олмагач, Рассомдек хаёлга чиза олмагач, Ҳақир борлиғимга кўп афсус ейман... Хаёлим юксакдан тушиб кетадир, Шоирлик чанг бўлиб учиб кетадир... 1923 Ниманинг ҳиди Билмайман: бу ҳидлар ниманинг ҳиди? Руҳим ҳидлаш билан англаган эди!.. Мавъуд жаннатларнинг энг гўзали-да, Энг гўзал малика атирлар сочди, Кўкларнинг энг нозли ўйноқ париси Атир қутисининг оғзини очди. Кўнгилни мулойим қитиқлагувчи, Ўзида бир турли сир сақлагувчи, Бу ҳиддирким, ҳорғин, чарчаган дилга Янги умид, тоза қувват бергувчи… Муҳаббат булбули берилди тилга! Узилиб-узилиб йиғлаган кўнгил, Азалдан юмшоқлик кўрмаган кўнгил, Гуллик боғчаларда юрмаган кўнгил, Ўзини гулларга урмаган кўнгил Азал малагидан бир ҳид ҳидлади, Эсирди, йиқилди, ўзи билмади… Ҳидсиз тилакларнинг тотли умиди Сонсиз ҳавасларни кўнглимга солди, Оппоқ маликанинг тарқатган ҳиди Танимни, жонимни, руҳимни олди! Энг тотли ҳаваслар сунгувчи ҳидни Руҳим ҳидлаш билан англаган эди!.. Оппоқ ой Қучоғингда қалтирайман, титрайман, Ортиқ сендан безди кўнглим, «оппоқ ой». Йўлни очсанг, энди бундан кетаман, Кўклам яқин келган дейлар, бир қарай! Кўкдан тушган енгил оппоқ парлардан Қудрат қўли сенга кўйлак тўқийди. Учиб келиб узоқ-яқин ерлардан Бир тўп қарға мадҳиянгни ўқийди. «Кўклам яқин!» деган сўзни эшитиб, Кўзларингга замҳарирдек ёш келди. У ёшларинг жумак бўлиб, уюшиб, Осилдилар… бўйнинг ерга эгилди. Ҳовуз юзи икки қарич муз бўлган, Ёш болалар тийғанишиб ўйнайлар. Увшиб, тўнғиб масжиддаги чол ўлган, Етим қолган болалари йиғлайлар. Жарқишлоқнинг йўлида ҳам шаҳарга Қаймоқ ва сут келтирувчи бир бола Тўнғиб ўлган, ҳар кун эрта саҳарда Шундай қилиб бир неча жон йўқола… Қучоғинг-да жуда совуқ, «оппоқ ой», Кўклам келсин, бир суюнай, бир ўйнай!.. 1922-йил Отмишларга Эй, 60 баҳодир, 60 азамат! Сизга чин кўнгулдан Олқиш ва ҳурмат! Эй, 60 азамат, 60 курашчи! Машина бошида Кутади ишчи! Эй, 60 курашчи, 60 билимдон! Далада кутади Колхозчи деҳқон. Сиз буюк ўлкада, Буюк ишдасиз! Тарихда мисли йўқ Қурулишдасиз! Букунги кунингиз Шонли ва порлоқ. Эртаги кунингиз Яна шонлироқ! Сиз ўқиб чиққансиз Яратмоқ учун; Дунёни биз томон Қаратмоқ учун. Сиз ўқиб чиққансиз Ободлик учун. Яшатиш, яшнатиш Ва шодлик учун. Сизнинг билимингиз – Иш билан бирга, Севинчлар сочади Осмонга, ерга! Ўшқириб келмайди Фабрикачи бой. Ишлайсиз эртанинг Ғамини қилмай! Эртанинг ипи ҳам Ўз қўлингизда. Ўтилмас ғов йўқдир Бу йўлингизда. Борингиз, билакни Маҳкам шимариб, Ёруғлик сочингиз, Зулматни ёриб! Билимни иш билан Ясантирингиз! Ишни ҳам билимга Хўп қондирингиз! Эй, 60 билимдон, 60 инженер! Улуғ ватанингга Билимингни бер! 1934 йил, июнь Ўлимдан кучли – Ўлим, сендан кучли бошқа куч борми? Тарафингдан бир марҳамат бўлганми? – Мендан кучли, мендан қувватлилар бор: Мана, мендан ҳеч қўрқмайлар одамлар. Ўтли сув Зўр денгизнинг тўлқинидир, бағрида Юз йилларнинг қонли қўрқинч изи бор. Юмшоқ сувдан бириктирган оғзида Шафқат билмас исёнларнинг сўзи бор! Қандай мағрур аҳмоқларким, тинч ерда Тот олурлар уни қарғаб, сўкмоқдан. Йўлчи бўлиб, йўлга чиққач, бу ерда Жон берарлар даҳшатидан, қўрқмоқдан. Қора булут кўзларидан кўп чоқлар Ҳовуч-ҳовуч янги кучлар оладир. Эй тинч ерда кулар юзли ўйноқлар, Сизга ёлғиз қовоғини соладир. Саватингиз, хуржунингиз, кўрдиким, Кўз ёшлари, қайғулар-ла тўлмишдир. Учиб ўтган йўлчилардан сўрдиким, Қўлингизда жон йигитлар ўлмишдир. Кўпирар ул, ҳовлиқар ул, тошар ул, Гўрингиздан наъра тортиб ошар ул!.. Тошкент. 1922, 23-март Парча Мақтадим, кўкка кўтардим сизни мен, Энди менга сизга етмаклик қийин. Мақтамоққа бир киришгач мақтайин, Тўхтасам, сўнгги тинимда тўхтайин!.. 1920–йил Пўртана Пўртана қўзғалди, пўртана юрди, Пўртана ўзини қирғоққа урди, Пўртана олдида бир кема кўрди: Ичида зич одам… ўйнатди, сурди! Ул кучли, ул ботир, ул қўрқмас, юраклик, Ул мағрур, керилган ҳам мажнун, ҳовлиқма; Фарёд дер қирғоқлар ундан, шу туғролик Шаҳардек кемалар унга бир «луқма»!.. Ул ўзи қон ичар, қон олар бўлса-да, Бағрида севгиси кучли. Бақириб, ўкириб, югуриб юрса-да, Гўзални суювга ўчли… Сув қизи: Чиройли, сочлари қоп-қора Бўйнидан сочилган, тарқоқ. Кўзлари дил тортар, йироқдан бир қара, Илиндинг… раҳмсиз ул тузоқ… Кўзлари кийикни кўр қилди, кўрмадинг, Сўзлари – булбулни тутқун; Юзлари ойларни ботирди, билмадинг, Булутлар остига қочиб кирди кун! Ана шу гўзални, ана шу малакни, Йўқ янглиш… фалакни Пўртана кўксида сақлар; Ерлар сарф этар ғайратни, эмакни Иш қилиб малакни, Йўқ… жаҳон, фалакни Оқ кўпик ичида оқлар! Баъзида ҳисобсиз оқ кўпик ичига Султондек тутқизар уни; Дам кўкка ирғитиб, дам тортар кўксига. Шу йўлда ўйнатар қизни, Кулдириб у нурли юзни, Суйдириб у оҳу кўзни, Қул қилиб сизни ҳам бизни… Кўпиклар… у оппоқ саноқсиз кўпиклар Юлдуздек жимирлаб туралар; Кўпиклар… у кичик, чиройли кўпиклар Ошиқнинг кўнглидан уралар… Қичқирар, бўкирар – ўкирар йўлбарсдек, Югурар, секрар, отилар девдек. Олдида ҳеч тўсиқ, ҳеч моне қўймасдек Интилар… ўнг-сўлин кўрмай!.. Кўтарса бошини, кўкларга тегадир, Булутлар, чақмоқлар даҳшатда; Эгса ул бўйнини кўп вақт эгадир, Сув тегин кўрасан ваҳшатда. Жонворлар қўрқувда… даҳшатда титрайдир, Балиқлар ўлимни куталар; Кучлиги кучсизни ютмайдир, ситмайдир, Қўрқувдан оғулар юталар!.. Денгиз тинч, қўрқув йўқ. Қиёмат ухлайдир. Пўртана жимжитдир – ўйда. Шамолни пўртана қўзғатмай сақлайдир, Қўзғалмоқ деган сўз йўқ ўйда… Бу маҳшар, қиёмат, пўртана. Тўлқинлар – Ҳаммаси йўқсилнинг кўнглида. Бир дамда дунёни куйдирар вулқонлар Ожизнинг у ўтли дилида… Ўйна, эй тўлқинлар, пўртана, даҳшат сол, Қирғоқлар титрасин қўрқиб; Кўк юзи, ер ости тинч бўлса – ваҳшат сол Дарёдан сув ташлаб, пуркаб! Бу меним кенг кўнглим ғалвани, жанжални, Тўполон, қўзғалиш, чувалаш, Исёнли, тўфонни Суядир; шунинг-чун дунёни, жаҳонни, Тоғ ва тош – Ҳаммасин ағдармоқ истайдир, Ёнадир, куядир… Ўйна, эй пўртана, тўхтатма, қувват ол, Чоғ келгач, эриниб ётма, ухлама, Бўлмасни йўқлама. Кўп эзган душмандан, Паст жондан Ўчни ол, ўчни ол, ўч ол!.. Тошкент. 1920, май Қаландар Ишқи Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку, Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку. Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир, Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку. Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси,аё дўстлар, Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку. Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим, Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку. Қаландардек юриб дунёни кездим,топмайин ёрни, Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку. Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар, Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку. Боку, 1920 Қилич ва қон Қиличим қинда қолмасин, чиқсин, Тиғига тилларим томизсин қон. Амалим қонли тиғини ювсин, Қолмасин қонни севмаган бир жон! Қизариш Нечун қизарди юзинг қип-қизил анор янглиғ? Дилингда ўйноқи бир шарпа ўтдими шошилиш? Кўзингда кучли ҳавасларнинг излари қолмиш… Қизармоғинг, йўқ эса, сирли ипгами боғлиқ? Қизарганингда лабингдан-да бир тилак учди, Унинг қанотлари кўнглимга ғамли ел урди. Ўйимни ул тилагинг бирга илгари сурди Ва кўкда бир тўда алдамчи севгилар қучди… Нечун, нечун яна кўзларда томчилар ўйнар? Нечун, нечун бу аламларни кўммадик бирга? Нечун, уларни ташийликми сўнг қўнуқ – гўрга? Нечун юзинг яна сўлғин, нечун узун ўйлар? Лабингда биргина сўз бор, фақат деёлмайсан, Нечун, уни демакка кечмишингми қўймайдир? Нечун мени кўрасан, сўзлай, индай олмайсан? Нечун сенинг қарашинг ўйга ҳеч тўёлмайдир? Бир оз… бир оз очилиб сўзла, англатиб бер сен, Лабингда мангу ёпиқ қолмасин у биргина сўз. Гўзал чечакдек очилсин сўник ва сўлғин юз Ва мен-да дардингга бир чора, бир шифо топайин. Лабингда қолса у сўзлар, яна ўшал қизариш, Яна кўнглингда ҳароми ва ўйноқи шарпа, Яна сўлиш ва ўчиш… мангу, доимо қарғиш, Битар, кетар шу балолар… лабингга жон кирса! Нечун юзингда қизил чўғ каби ёниш, қизариш? Ярарми менга-да билмак: нечун, нечун бу иш?.. Бухоро (Ҳарбий хастахона). 1922, 5–февраль Қизларнинг дафтарига Кўнгил, тинмас кўнгил, энди етар, кўз тикма гулларга, Гўзалдир, ёшдир ул гуллар… фақат алданма унларга Ки, қизғанмас, кўнгил қўймас сенингдек оқкўнгилларга… 1922-йил Қўзғалиш Эй сен – мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди! Эй устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган! Эй бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган! Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди! Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур. Томиримда қўзғалишнинг ваҳший қони гупирди, Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди, Yo битарман, ёки сенинг салтанатинг бузилур! Эй сен – мени қул ўрнида ишлатгувчи афанди! Титра, қўрқким, боғлиқ қулинг бош кўтарган куч энди!.. Тошкент. 1922, 15 июль Шарқ нури Сўнг даврда йўқсил Шарқнинг тарихи Бир бет бўлсин оқ сатрни кўрмади. Дунё тарихини ёзган муаррих Яхшиликка қаламини бурмади. Шарқнинг қайси бурчагини қарасанг, Йўқлик, ўлим, зулм, қарғиш кўрардинг. «Томуғ» деган сўзни билмак истасанг, Шарқни бошдан оёққача юрардинг. Бир замонлар ер юзида ўз бошли, Улуғ, шонли маданият туғдирган У гўзал Шарқ, ширин тупроқ сўнг замон Бўлди четлар панжасида кўз ёшли… Унинг бундай қизғаничли ҳолига Ҳар кимдан кўп қон йиғлаган сен эдинг. Уни эзган йиртқич қўлли маъзинга Сен улуғ ёв, сен мужассам кин эдинг. Инсонликка саодатнинг бирдан бир Тўғри йўлни кўрсатгувчи Марксди; Бироқ Шарққа қутулишнинг йўлини Кўрсатгувчи улуғ доҳий сен эдинг; Сендек киши Шарқ элига тансиқди. Пок сийнангга ўқ отгувчи душманлар, Ўйламаки, бир ўзингнинг душманинг; У душманлар – бутун Шарқнинг душмани, Кўпдан ичиб келган қонларин унинг. Кун ҳам Шарқдан, ой ҳам Шарқдан чиқадир, Бироқ бир сен Ғарбда чиқдинг ва ботдинг; Шунинг учун меним шарқлик руҳимда Ажиб мудҳиш, қўрқинч туйғу уйғотдинг! Шарқнинг куни кирса булут остига, Сенинг сўник кунларингни ўйлайман; Ботиб борган ойга қараб: «Эй йўқсил, У улуғ «нур» сенмасми?» – деб сўрайман… Эҳтимолдир, сени ҳар бир нарсадан Азиз кўрган, у сен суйган йўқсил Шарқ, Руҳларингни ой ўрнига қўйгандир, Балки, бизнинг кўзларимиз қилмас фарқ… Меним шарқлик кўзим сенинг руҳингни Шарқнинг ҳар бир бурчагида кўрадир; Тўғри, сенинг у шарқсуяр руҳларинг Ал-Ҳумрода, саройларда юрадир. Энди ундан учиб ўтди Мисрнинг Сирлар тўлиб оққан Нили бўйига; Нилни бўйлаб келиб кирди у руҳинг Фаллоҳларнинг қашшоқларча тўйига. Ундан ўтиб Суриянинг Шомига Аср кўрган кўчаларни айланди. Шу минутда Ҳимолая тоғида Ҳинд қизига йигитликка сайланди. Кеча кўрдим уни: Будда ёнида Риёзатнинг фоидасин ўқирди. Ўтган куни Нишопурда – боғчада Хайём билан ишқий шеър тўқирди. Ўтган ҳафта Чин-Мочиннинг юртида Канфуцию фалсафасин эшитди. Бу ҳафтада Эрон бориб, Зардуштга Нича билан қалайсиз деб тегишди… Ҳиндистонда Бедил билан юрганин Меним шарқлик кўзим аниқ кўрмишди; Аламутнинг тепасида юрганда Меним руҳим орқасида юрмишди… Шунинг учун суяр сени бутун Шарқ, Сен Шарқмисан, Шарқ сенмидир билофарқ. 1918-йил Суйган Чоқларда Гўзалларнинг маликаси экансан, Буни сенинг кўзларингдан ўқидим. Ўқидим-да истиқболим қушига Хаёлимдан олтин қафас тўқидим. Гунафшалар қулоғимга мадҳингни Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади... Аламзада булбул йиғлаб, кечалар Аламингнинг сўнгин тамом этмади Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин, Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим. Ўшал, эски жароҳатли қалбимни Сатрларнинг наштари-ла тилардим. Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган Парилари, ҳурларини кўрдингми? Аламимдан гуллар эккан йўллардан Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми? Йўлларингда шеър айтса сўлган барг, Қулоғимга мусиқалар келтирур. Қачон сенинг мусиқали овозинг Сенинг мени суйганингни билдирур? 1921 йил. Тараққий Шунинг билан тараққий қилиб бўлурми? Ҳали кун буткул ётиб кўрунмай кетгани йўқ эди. Ҳали биз турған тўрт ёғи баланд деволлик қалъа каби ҳавлига хийла қоронғи тушуб қолған бўлса-да, ёнимиздағи масжиднинг қари, қулоч етмас қайрағочининг учида куннинг бир қучоқ қадар шуъласи ўчар-ўчмас бўлуб турар эди. Илҳом бир марта соатига, яна бир марта масжид қайрағочининг учига қарағандан сўнг: – Ўртоқлар, уже время, – деди. Мен ўзим билиб туруб яна нимагадир сўрадим: – Хўш, қаерға борамиз? – Картинага! Мен Илҳомнинг одатини яхши билар эдим, шунинг учун унинг сўзи билан картинага чиқмоқни истамас эдим. Лекин Илҳомга индамасдан Салоҳиддинга қараб: – Салоҳ, картинага чиқишға сира тобим йўқ, бошқа бир ерга борайлик, – дедим. Салоҳ сўради: – Майли, бўлмаса, қаерға борайлик? – Борамиз бирор ерға. – Циркга борайлиқми? – Унда нима бор? – Танса… – Картинадан қочқан киши «танса» учун сиркға борадими? Бизнинг сўзимизни диққат билан таъқиб қилиб турған Илҳом бирдан ўрнидан туруб: – Ну, ўртоқлар, вопросни мен решил! – деди. Биз сўрадик: – Хўш, қандоғ? – Самий яхши маслаҳат: шул ерға борамиз – городской садга, ов қиламиз, ов! Салоҳ менга қараб хоҳлар-хоҳламас: – Йўқ-эй, яхши эмас, – деди. Иш бу даражага етиб, ҳар кимнинг фикри билингандан кейин мен ҳам тилагимни очиб айтдим: – Сўфи бобонинг олдиға кирамиз. «Ўрус келди»да бўлған гаплардан, ўшал вақтдағи хонларнинг, бекларнинг қилған ишларидан гапириб беради, эшитиб чиқамиз. Сўфи бобо Қўқон хонлари билан Бухоро амирлари орасидағи беҳуда ғалваларни жуда яхши билади, бир эшитар эдик, – дедим. Салоҳ бирдан эътироз қилди: – Шу ҳам гапми? Эски, мияси чуруган бобойларни лақиллатишдан нима фойда? – Фойда, асли, шунда. Сўфи бобо жонлик бир тарих, – дедим. Бу сўзимга иккаласи ҳам баробар эътироз қилдилар: – Шунинг билан тараққий қилиб бўладими? Картинага чиқдиқ. Локин картина қолиб кетди, боқчада ов қилиб юрубмиз. Мен кўб бўшанг, Худо урған эканманким, шу «ҳунар»ни ҳеч ўргана олмадим. Ўртоқларим ҳар бир ўтган «этаглик»нинг орқасидан селдек «ширин сўзлар» (кампилимент) ёғдирғанда, мен уялиб, қизариб ерга қарайман. Мунга Илҳомнинг аччиғи келди: – Шу ҳам қилиқми? Бир оз очилсанг-чи. Қизарғанини… Меним узурим катта: – Қандай қилай? Ўрганмаганман. Бунга ҳам баробар эътироз: – Шунинг билан тараққий қилиб бўлурми? Салоҳ билан биз искамияда ўлтурамиз. Бирдан учтасини етаклаб Илҳом келди. Оғзидан мазалик ва мазасиз гаплар селдек ёғадир. Биттасини дарров Салоҳ қўлтуқлади. Биттаси Илҳом билан қолди, қора кўйлаклиги менга яқинлашди. Мен қизариб турибман. Илҳомнинг аччиғи келди: – Туришини… туришини! Ну, ушлашинг! Нимага қараб турасиз? Ну, возмите, ну… Титрадим, секингина бориб қўлтиқладим. Кетиб борамиз. Улар иккаласи оғизларига нима келса сўзлайлар, гапиралар, қизларнинг кулгиси дунёни босди. Мен гапирмак истасам ҳам ҳеч бир кишига муносиброқ гап тополмайман. – Ну, молодой человек. – … – Что нового? – … Қора кўйлаклик Салоҳга қараб: – Слушайте, почему он ничего не говорит? – деди. Салоҳ менга: – Ҳой, гапирсанг-чи, пес! Нима бўлди сенга? – деди. – Нима гапирай? – Картушка, сабзи, пиёз, ошқобоқ… нима бўлса ҳам. – Шуларни гап қилиб гапирадими? Бу сўзимга Илҳомнинг жуда аччиғи келди: – Шу песни нимага олиб чиқдик? Ўўдаймай ўлсун. Шу ҳам инсонми?! – Ҳа, инсонлик қандақа бўлар экан, бўлмаса? Инсонлик этагбозлик, ҳар соатда бир гул искаш эканми? Бу сўзим Илҳомга бошқача таъсир этган эканким: – Ҳа, ўлманг, шундай ширин сўзларни билар экансиз, шу сўзларни ёнингиздагиға айтмайсизми? Мунча уятчанлик, бу нима? Бунга Салоҳ қўшди: – Шунинг билан тараққий қилиб бўлар эканми? Тортишув тонги Енгган қўшин бошлиғидек гердайиб Ботган қуёш булутларнинг остидан Бош кўтариб чиқмоқ учун тириша. Шунинг учун бери ёқда иржайиб Кулишурлар. Унга қарши, қаршидан Йиғлов, сиқтов, товуш, ғавғо, хархаша. Суюнингиз: кўпдан бери зиндонда Қуёш кўрмай, захлаб қолган кўнгиллар. Чиқар кунлар етди сизга ундан-да, Мунда ечиб юборилган тугунлар. Қайғурингиз: Кишанларни ясовчи усталар. Бошқаларни тубанлар деб атовчи хўжалар, Сизнинг учун ёз бошининг қоридек Эрув кунлар келадир, Сизнинг учун алвастининг зоридек йиғлар кунлар келадир… Чиқадирган қуёшни сиз беҳуда Этак билан тўсмоқ учун тиришманг, Аҳмоқ бўлиб Азроилнинг олдида Жон талашинг, то ўлгунча беришманг. Тошкент, 1920 йил, Октябр. Тўфон (Анатўли қишлоқисининг музаффар ўрдуларига) Эй Инўну, эй Сиқаря, эй истиқлол эрлари, Миллий мисақ олинганча тўхтамасдан илгари! Биламизким, жаннат каби тупроғингиз ёвларнинг Гўдакларни ястагучи оёқлари остида. Биламизким, товушингиз ҳақсиз чиққан довларнинг, Инсофсизча шовқинларнинг, ҳурушларнинг пастида. Биламизким, „маданият“ бешигида ўтирган Жаллодларнинг бутун таъма ва ҳирслари сизларда. Биламизким, „озодлик“ деб шовқин қилган, бақирган Бўриларнинг оч кўзлари олтин тўла ерларда. Биламизким, улар сизни яшамоққа қўймайлар, Биламизким, қонингизни томчи-томчи ичалар, Биламизким, улар сира ювош халқни севмайлар, Биламизким, тупроқ учун инсонликдан кечалар. Биламизким, сиз йўқсиллар сўнг чоғда Шундай ёмон душманларнинг қўлида Мангу асир, мангу тутқун бўлишни Истамасдан қўлга яроғ олдингиз. Биламизким, қатор-қатор қишлоқлар, Сийнасига нон тўлдирган тупроқлар Ўт ичинда, шунинг учун ўлишни Ортиқ кўруб, жонни ўтга солдингиз. Жонни қонга, ўққа, ўтга солдингиз, Фақат бу кун тотли бир ўч олдингиз, Яна бир қур тарихларда қолдингиз! Эй истиқлол, эй Сиқаря, эй Инўну эрлари, Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олгувчи селлари!.. 1922-йил (Анатўли қишлоқисининг музаффар ўрдуларига) Эй Инўну, эй Сиқаря, эй истиқлол эрлари, Миллий мисақ олинганча тўхтамасдан илгари! Биламизким, жаннат каби тупроғингиз ёвларнинг Гўдакларни ястагучи оёқлари остида. Биламизким, товушингиз ҳақсиз чиққан довларнинг, Инсофсизча шовқинларнинг, ҳурушларнинг пастида. Биламизким, „маданият“ бешигида ўтирган Жаллодларнинг бутун таъма ва ҳирслари сизларда. Биламизким, „озодлик“ деб шовқин қилган, бақирган Бўриларнинг оч кўзлари олтин тўла ерларда. Биламизким, улар сизни яшамоққа қўймайлар, Биламизким, қонингизни томчи-томчи ичалар, Биламизким, улар сира ювош халқни севмайлар, Биламизким, тупроқ учун инсонликдан кечалар. Биламизким, сиз йўқсиллар сўнг чоғда Шундай ёмон душманларнинг қўлида Мангу асир, мангу тутқун бўлишни Истамасдан қўлга яроғ олдингиз. Биламизким, қатор-қатор қишлоқлар, Сийнасига нон тўлдирган тупроқлар Ўт ичинда, шунинг учун ўлишни Ортиқ кўруб, жонни ўтга солдингиз. Жонни қонга, ўққа, ўтга солдингиз, Фақат бу кун тотли бир ўч олдингиз, Яна бир қур тарихларда қолдингиз! Эй истиқлол, эй Сиқаря, эй Инўну эрлари, Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олгувчи селлари!.. 1922-йил Тун Эркин шеър I Тун ёмон, тун қоронғи, Тун қўрқинч, тун азоб! Тунда эски ва янги Ҳар нарса хаёл ва сароб. Туннинг узунлиги, Чуқурлиги кўп ёмон. Туннинг бузуқлиги, Ёлғизлиги беомон! Тунда ҳар нарсанинг товуши Йироқдан гувиллаб келар. Тунда кўп чоғлар юзимга Жинларнинг қўллари урилар. Оҳ, туннинг қалин пардаси Қандай гуноҳларни яширмас. Оҳ, туннинг товушсиз наъраси Ҳеч жонни қўрқитмай қолмас! Туннинг яширин қучоқларида Ўлимлар, қонлар тўлгандир! Унинг алдамчи боғларида Қанча ёш гуллар сўлгандир! II Тинчланиб ўлтириб юлдуздан Эртаклар эшитмак бўлсам Yo ўзим истаб топган қиздан Бир қараш, бир кўриш сўрасам. III Ҳар ердан қанча товушлар Девлардек наъра солурлар. Теграмда найза – қиличлар Жонимга ҳамла қилурлар… Салқин сув кони – булоқлар Кундузлар чанқаганимда Шир-ширлаб кўнглимни йўқлар. Мен дарров олмаганимда Баттарроқ қайнаб оқарди. Бир ҳўплаб кунда мен ичсам, Кайфимга қанча ёқарди. Истардим: қўйнига қочсам! Оҳ, тунда оғу бўлар, ҳар Манбадан томчи сув ичсам, Оҳ, тунда нозли булоқлар Кўнглимга тарқаталар ғам! Бу тунда, севгили ёрим, Қолдингми мендан узоқда? Билмайсан: оғриқли бағрим Қон йиғлар тунда, бу ёқда! Бу тунким, сирли, қоронғу, Йўлларда шарпа-да йўқдир. Кўнглимда тўп-тўла қайғу, Оҳ, йўллар қанча узоқдир! Кел, энди ташлама, қўйма, Бу туннинг қўйнида ёлғиз. Ҳижронни бошима ёйма, Эй тундек сочи қора қиз!.. 1922-йил Улуғ йўловчига А.М. руҳига «Дунёга ишлар учунгина келганман» (Ўз сўзи) Боқчаларда гуллар сўлди, сезмадим, Ўстирганлар етим бўлди, сезмадим, Кўнгилларга қора тўлди, сезмадим, Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан… Кетган йўлинг йироқ йўлдир, кети йўқ, Бошланиши: қуруқ ва кенг бир бўшлиқ, Тугалиши: яна чексиз бир йўқлик, Бироқ қайтмоқ йўқдир тушган йўлингдан… Кетдинг, бироқ изларингда кўз қолди, Тилларингда айтилмаган сўз қолди, Ўксиз бўлиб ётлар эмас, «ўз» қолди, Чуқур маъно истаб эски сўзингдан… 1921-йил Уйқу Жим туринг, шовқинламанг: уйқу ичида ул пари, Юрма, тек тур, эй шамол, юрсанг-да юр бироз нари! Кўкда бир тўп қиз-малак уйқу куйини бошлади, Илгари чалган тирик, жонли куйини ташлади. Бош учида айланар бир тўп фаришта жимгина, Кўк элининг тангриси – Ой ҳам қарайдир тинчгина… Ул олос кўзлар юмилган… куйни ёндиргачгина, Кўп гўзал кўзларни юмдиргач, уялтиргачгина… Чарчаган, толган умидсиз кўзларим тўймай қарар, Ҳар қарашда кўнглима минг турли ўйларни солар… Бу ётиш, бу уйқу, бу қандай ширин, қандай гўзал, Жонланар, юз кўрсатар синган ва ястанган амал. Бу ётиш, уйқу на ерда, на хаёлий кўкда бор, Бу гўзал сирли томоша менда, мен ўксукда бор. Жим туринг, шовқинламанг: уйқу ичида ул пари, Кўзларим тўймай қарар, борлиқ, кўринма, тур нари!.. Тошкент. 1921, февраль Виждон эрки Ай тутқинлар, ай эзилган, Ай қийналган, йўқсил эллар, Ай умидсиз, ай чизилган Дор олдига... оппоқ диллар! Ай бевалар, бечоралар, Ай боғланган кишанларга. Ай эрк учун оворалар, Кўп ялинманг сиз уларга! Бўрилардан омон кутмак Тентакларнинг ишидир ул. Ҳар монеъни ҳатлаб ўтмак — Турмушда энг тўғри бир йўл! Зулм олдида ҳар бир нарса, Эҳтимолки бўйин эгар. Агар зулм авжга келса, Кўк бошида ерга тегар. Ҳайвонларга, инсонларга Золим эга бўлмай қолмас. Фақат эркин виждонларга Эга бўлмоқ — мумкин эмас! Самарқанд, 1922, 9–июнь Хаёли Кўнгилдаги муҳаббатнинг учқунин Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим. Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим. Қулоғимга ол бахт, деб эшитилган Азонларни шайтоний деб ўйладим, Шунинг учун бахт берган малакка Турли-туман афсоналар сўзладим... Сочларини ўйнаб туриб эшитди Ва дедиким: "Афсоналар беҳуда". Бул сўзлари қулоғимга етишди: "Оқдим,-деди,-қонли, зардобли сувда..." Оқ-оқ,-деди афсоналар султони, - Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир. Ул зардобли, қонли сувлар остида Қора кийган жонинг жилва этадир. Кет, эй шайтон, босқирадим... қўрқаман... Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган. Кўрасанми? Мен эзилган, ётаман, Устимга-да бало тоғи йиқилган. Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак, Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак. Тошкент. 1920, апрель Яна қор Яна қор! Оқ кафан ўралди яна, Яна кўк қуйди ерга парларини. Қарғанинг тиллари буралди яна, Яна қиш чорлади «нафарлар»ини… Қоп-қора дев каби булут йиғини Қоплаб олди яна қуёш юзини. Ётқизиб ёз ботир «енгиш туғи»ни, Уйқудан очмади сира кўзини. Кутдилар ёз қизи – баҳор ойининг Янги кунда ясалгувси тўйини. Ёз каби турли гулга кўп бойнинг, Дедилар, бўлгувси чечак ўйини. Қариган қиш бобой чидолмасдан Тўй кутилганда қилди бир босқин. Нега эргашди унга қорли бўрон? Кўп қўпол эди асти ул озғин. Бир фақат қарғалар қор устида Қағлашиб қиш бобойни алқайлар. Тўнгдиргувчи заҳар совуқ тунда Бева-бечоралар ёмонлайлар. Ҳар етим кўзда томчи-томчи заҳар, Ҳар фақир уйида инглайиш ва йиғи. Ҳар сариқ юзда сўнгги шуъла сўнар, Ҳар томон, ҳар тарафда бир қайғи… Яна қиш… Қор-кафан ёпилди яна, Қарғага тўй… ўйин топилди яна!.. Яшайиш Оғир-оғир ва фақат қайғудан йироқ уйқу, Нечун узоқларга қочдингки, кўп ёмондир бу! Кўзим очилди, бироқ кўрмадим гўзалликни, Кўнгилда яъс ила кўрдим бутун тубанликни… Йўқ эмас эди гўзаллик билан чиройлилик, Фақат улар тубида жилваланди ҳайвонлик… Кулиб қарар эди дунёси гоҳ-гоҳлари, Фақат кулишлар ичида фиғон ва оҳлари! Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим? Бу уйғонишда тўлиб-тошди, ошди қайғуларим… Ёнғин Таланмаган, йиқилмаган ер йўқ, Гўдаклар найза бошида... (Хабар) Нега меним қулоғимда тун ва кун Бойқушларнинг шумли товши бақирар? Нега меним борлиғимга ҳар ўюн Ва ҳар кулги оғу сепар, ўт қўяр? Кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар, Бойқушларга бузуқ кўксин очганми? Ота-она, таниш-билиш, ўртоқлар Юртни ташлаб, тоғ ва тошга қочганми? Шундай катта бир ўлкада ёнмаган, Йиқилмаган, таланмаган уй йўқми? Бир кўз йўқми қонли ёши томмаган, Бутун кўнгил умидсизми, синиқми? Подаларнинг яйловида бўрилар Қонга тўйгач, увлайларми кўплашиб, Йиқиқлардан ўликларни тўплашиб, Ўтми қўяр алвастилар, парилар? Табиатнинг бутун ёмон томони Шу ўлкага фақат жилва қилдими? Мўминларнинг оқ виждони, имони Шам сўнгандай тинсизгина сўндими? Қиличларнинг тилларида қизил қон, Булоқларнинг суви янглиғ тошдими? Яланг бола, яланг гўдак —маъсум жон Найзаларнинг бошларидан ошдими? Кенг яйловга ўтми кетди, ёндими? «Маданият» истагига қондими? 1921 Ёруғ юлдузга Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла Оталарнинг тарихдаги хатосин; Шул хатодан осиғланиб ёвларнинг Эл кўксида сурган ишрат, сафосин. Сўзла, англат ўтгандаги турмушнинг Бутун қонли, шонли, жонли ерларин. Кўз олдимга жилвалантир юрт учун Жонлар бериб, қонлар тўккан эрларин. Ўйнат, қўзғат, тўлқинлантир, ҳовлиқтир Кенг Ҳазарнинг кўм-кўк юмшоқ сувларин. Сўзлаттириб чарчат, ҳорсин, чарчасин, Тери оқсин, кўкка чиқар буғларин. Кўпиклантир, майда оппоқ кўпикдан Кўйлак кийдир, ясантир сув бетларин. Ул сувлар-ла пардоз қилдир, кийинтир Тоғли, тошли қирғоқларин, четларин. Нега жимсан, нега жавоб бермайсан? Нега кўзинг қизаринди, ёшланди? Нега юзинг сўлган каби юмшарди? Нега сенда бир талваса бошланди? Биламан мен: сўзламайсан шунинг-чун Сўзлайдирган яхши сўзинг йўқ эрур. Оғиз очсанг йўқсил элни эзмакка, Қон қилмоққа ҳасратларинг кўп эрур. Майли, майли, қандоқ аччиқ бўлса ҳам, Тўғри сўзни яширмасдан сўзлай бер. Ҳар қанчалар юрак ёргич куй бўлса, Ботир бўлиб секингина куйлай бер. Ўтганларнинг заҳари ҳам бу кунда Кўнгилларга тегмай ўтар кабидир. Кечмишларнинг йиғиси ҳам шу кунда Йўқсил дилни суюнтирар кабидир. Фалокатлар кўрган ота-боболар Истиқлолнинг қимматини билмаган. Эл ва юртни сақлар учун сўнг хонлар Тузуккина чора, тадбир қилмаган. Биз, йўқсиллар, бошқаларга қул бўлиб, Чет оёқлар товонида эзилдик. Ҳар ярамас, ҳар бузуқнинг тагида Алам тортган, жабр кўрган биз эдик. Етар, бўлди! Мени гапга солдинг-да, Ўзинг унда тинглабгина турасан. Яна, тағин таъсирланиб сўзимдан, Оҳ-воҳ қилиб ўзни ҳар ён урасан. Сўзла сен-да тилларингни ўйнатиб, Эски олам ичра бизни олиб бор. Яшрин ётган пардаларни, зулматни Қараб турма, нуринг билан йирт, юбор! Ялинтирма, бошқаларга ялинган Каби сен ҳам ялинтирмоқ истайсан. Эзилганни эзишликка, сен гўзал, Озроқ шарм, озроқ ҳаё қилмайсан. Сўзла, англат, гўзал юлдуз, тез сўзла, Мен-да сенинг чиройлигинг сўзларман. Ҳазардаги кўпикларга бирлашиб Сени мақтаб ширин куйлар куйларман. Оғиз очдинг, товшинг келди, эй юлдуз, Сўзла-сўзла, ёт киши йўқ, иккимиз!.. Баҳри Ҳазар. 1920, 19-август Ётоқдан Оғриқ олди, қайғу олди, зор олди, Сўник кўзли, бағри эзик ёр қолди. Қайда қолди мулла Бозор – девона, Қулоғимга ўқир эди афсона: Эзгу жойга оқ от билан кирганни, Дил каъбасин ўқлар билан бузганни… Йиқиқлардан, қабрлардан товушлар, Ўликларнинг саломини ўқийлар. Борлиғимни қўрқинч ўтлар ҳовучлар, Хонақоҳлар фано тўри тўқийлар. Сирли сирдан қилдай бўлсин хабар йўқ, Йўқса, ул-да ўтганлардек сўндими? Оқ деб, пок деб юрганларда дил бузуқ, Йўқса, фано майсалари ундими? Алам олди, фироқ олди, қон олди, Амал қолди… Кўзи ёшли жон қолди!.. Бухоро (Ҳарбий хастахона). 1922, 21–январь Зарафшон Кўз олдимда оқиб ётган Зарафшон Ёш боладек эркалайдир, ўйнайдир; Ҳовлиқма ҳам бўлса ўзи кўп чаққон, Унча-мунча тўсиқларни қўймайдир. Катта-кичик тошлар бўлса йўлида, Ҳеч қўрамай судраб кетар илгари; Ким биладир, жон топширмиш қўлида Ҳазил-ҳазил билан қанча ёш-қари?.. Унинг ўзи, шу ўйноқи қилиғи, Шу ҳовлиқма одати-ла кўп қўрқинч; Сувларининг нозли қиздек силлиғи Кўп танларни ағдарарлик катта куч! Ундан қўрқинч унинг ўткарганлари, Салтанатлар, қонлар, улуғ тарихи, Сийнасида бўғиб ўлдирганлари, Кўп жонларнинг инграйиши ва оҳи! Тарихининг қанотлари сўнг йиллар Аллақандай қора ранг-ла бўялмиш. Ёнларида яшагувчи кўп эллар Қора ёзмиш қозиғига суялмиш… Шўх-шўх оқиб юрагида яшринча Тарихларни, асрларни қарғамиш. Билмадимки, ўз умрида ул қанча Яхши эрлар йод этмиш-да, алқамиш? Эй Зарафшон, ўйнаб-кулиб оқавер, Мазлумларнинг юрагини ёқавер!.. Самарқанд. 1920, август «Ўзбек қизи» учун Гўруёрум: Ҳер бир элинг гогунде, Йилдузлари парил-парил янрёр, Йилдизларинг ере сачан нурини Ҳер бир инсан иче-иче каниёр. Гулшан йўқ ки кадин гули ачмасун. Бакча йўқ ки кадин булбул отмесин. Ер йўқ ки кадин иси сачмасун. Гонгул йўқ ки кадин мафтун этмасун. Ҳер миллетинг гулшанида гуллари О миллетинг кадинлери, кизлари: Ҳер миллетинг ҳақ суйдиги бир ёлу Кадинлигин басмиш олан изидир. Ҳич миллетда кадинларин о гўзел Чеҳрелери перделере гирмиёр. Ҳич миллетде ……… ҳаъин эл Кадинлара ғазаб ила эрмиёр. Ҳер нерее гирдим исем: каршимда Кадинлари ачик юзде булурум; Ҳатирларим: Капаҳдир юрдумда, Ўзбек кизи кайғулара доларим, Боғулурум Ўлурум… Сияҳ перде билир мисин? – О алчак Эски дуня сени бизе биракмиш. Эркли олан кадинларин башина Дин исминден эсирлиги о тақмиш. Кўз алдинда эски дуня о буюк Салтанати шевкет иле ўлиёр. Ўлмесине иблислердир ағлаян Мелеклерсе гўк юзинде гулуёр. Сен де онунг мирасисин эй перде, Каламазсин азад олан бу ерде, Анд ичрим: Эсир Ўзбек киз ичун, Шимде бурда ялниз мезар сенингчун. Бир мезар ки, ташлариндан яш дамлар Таш ичинде Ўзбек кизи – ҳеп ағлар. 1920 йил Август, Баку. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Абдулҳамид Чўлпон). Downloaded from uzbekai.com.