Ал-жазира инқилобчилари ва учинчи байналмилал Абдулҳамид Чўлпон 3 нчи коммунистлар байналмилалининг раиси ўртоқ Зиновевга бу кунларда Эронға қочиб келган ал-Жазира вакиллари ушбу номани юборғанлар: “Теҳрон. Жумодиял-аввал 1341. Декабрь 21, 1922. Рақам: 15. Раис жаноблари! 22 нчи ўктабр 1922(?) нчи йилда Англтара ҳукумати билан Амир Файсал орасида боғланған аҳднома бўйинча, англизлар ўлкамизнинг озодлиқ ва истиқлолиятини қурмоқни баҳона қилиб, қўшун кучи билан уни қўлға олмоқға киришган эдилар. Англтара ҳукумати бу ишдан кўзлаган мақсадини – ҳали ал-Жазирада ва ҳам бошқа мамлакатларда таъкид қилған эди. Ахири, ал-Жазира ўлкаси англиз қўшуни томонидан қўлға киргизилиб, эгаллагандан сўнг англизлар ўзларининг чин мақсад ва ниятларини юзага чиқардилар. Бу мақсад ва ният эса – ул мусулмон ўлкасини Англтара тупроғиға қўшуб юбориб, қилич кучи билан идора қилишдан бошқа нарса эмас эди… Ал-Жазира халқи, бу ҳақоратга жуда таъсирлик жавоб қайтармоқ қасди билан 1919 (?) нчи йилда ҳаммаси бирдан бош кўтарди. Бу кўтарилишнинг натижаси Англтара ҳукумати ҳам, ахири ал-Жазира ўлкасининг истиқлолиятини тасдиқ қилиб, Ҳижоз қиролининг ўғли бўлған Амир Файсал қўл остида машрутият усули билан бошқарилатурған бир ҳукумат тузушга мажбур бўлди. Англизларнинг ҳийласига ишонмайтурған ал-Жазира халқи янги ҳукуматни бир мунча шартлар билангина қабул қилиб, у ҳукуматнинг сўнградан кетатурған йўлининг натижасини кутмакка қарор берди. Ҳақиқатан, бу ҳукумат кейинча юзидаги риё пардасини бирдан олиб ташлаб, на Миллат Мажлиси ва на-да мамлакат оқсоқоллариға билдирмасдан, фақат англиз найзаларига таянибғина ўлкамиз учун катта бир бебахтлик бўлған бир аҳдномани ақд ва имзо қилди. Агар ул аҳднома тасдиқ қилдирилмоқ учун Миллат Мажлисига ёки кўбчилик ўртасиға ташланған бўлса, унинг кўргулуги бошқача бўлур эди. Барча аҳолининг фикрига қарағанда, бу аҳднома миллатнинг ҳаққи ва эгалиги билан мамлакатнинг истиқлолиятига қўл чўзмоқдан бошқа бир нарса эмасдир. Шунинг билан баробар, бу тўғрида англизлар томонидан берилган таъминотлар ҳам охирда бир мунча далиллар билан рад қилинди. Раис жаноблари, шунинг учун сиз ва сизнинг ўртоқларингизнинг одамгарчилик туйғусиға мурожаат қилмоққа жасорат қилиб, Миллатлар Иттифоқи асосларига қарамасдан бизнинг ўлкамизда пайдо бўлған аҳвол ва можароға диққат қилмоғингизни, умумий сулҳ учун доимий бир қўрқинч ташкил қилған англиз зулм ва истибдодидан бизни ва бизнинг ўлкамизни қутқаруб олмоғингизни ўтинамиз. Ал-Жазира ўлкасининг фавқулодда вакил ва намояндалари.” Бу номага қарши 3 нчи байналмилал раиси бу жавобни юборғандир: “Ҳурматлик дўстлар! Декабрда юборған номангизни улуғ бир истак ва қизиқиш билан ўқудим. Англтара ҳукуматининг бошдан-оёқ хиёнат ва иккиюзлиликдан иборат бўлған сиёсати ал-Жазира фожеасида яна ҳам очиқ-ойдин бўлуб, бутун таги-туги билан майдонга чиқди. Ажабо, бирор жой бормидирким, англиз жаҳонгирлиги у ерда бошқа бир йўл билан юрган бўлсун… Унинг сиёсати хоҳ Ҳиндистонда, хоҳ Мисрда ва хоҳ жанубий Африқада бўлсун – ҳаммаси бирдир ва бошдан-оёқ ёлғончилиқ, хиёнат, сохтакорлиқ, зулм ва жабрдан иборатдир! Кети, чегараси бўлмаған англиз зулмининг натижаси ўлароқ ал-Жазирада кенг ва катта бир бош кўтарилиш бошланғанини бу кунгина газеталарда ўқуб, билдим. 3 нчи байналмилал у қаҳрамонларча курашнинг сўнггини ортиқ бир қизиқиш билан кузатиб бормоқдадир. Яқин эҳтимолдирким, англиз жаллодлари бу янги кўтарилишни фақат ўз кучлари билангина босмоққа қаноат қилмасдан, бир мунча ҳийлалар билан унга ичдан зарба бермакка ҳам тиришурлар. Ҳозирдан тарқала бошлаған ривоятларга қарағанда, гўё ал-Жазирадан хор жафо сурулган инқилобчи саркардалар билан қамоқдағиларға англизлар дархон эълон қилиб, ҳатто хоин Амир Файсалга “миллий вазир” ҳам қилиб қўймоқчи эмишлар. Мен ўйлайманким, илгари бошингиздан ўткан аччиғ тажрибалар англиз вакили (Сарпарисқуқ)нинг иккиюзлик “илтифот”ларини кучлик бир жирканиш туйғуси билан қайтармоқ, рад этмак учун сизга ёрдам қилур. Англизлар агар лозим бўлуб қолса, ал-Жазира устида қонли истибдодларининг яна бир неча йиллар давом қилиб, жойлашмоғи учун сайловларнинг муваффақият билан ўтказилишига ва ҳам ал-Жазира англиз аҳномасининг маҳкам ва пухта бўлуб қолишиға ҳаракат қилишдан ҳам тортинмаслар. Номангизнинг бир жойида ёзилғаниға қарағанда, англизлар ал-Жазирада тутқан ишлари билан гўё Миллатлар Иттифоқининг асосларига қарши ҳаракатда бўлуналар эмиш. Бунда катта бир янглишлиқ бор. Маълумдирким, Миллатлар Иттифоқи урушдан кейин Англия, Франция, Амриқо ва бошқа енгувчи давлатлар томонидан ташкил қилинған бир муассасадир. Уни тузмакдан мақсад енгилган миллатларни таламоқ эди. Ҳозир шу соатда ана шул ўғриларнинг бошида турған яна ўшал Англтаранинг ўзидир! Шунинг учун Миллатлар Иттифоқининг асослари билан, ҳар турлик мудофаа асбобларидан маҳрум бўлған ал-Жазира аҳолисининг ҳаво кемаларидан туруб ўтға тутқан “Англиз асослари” орасида ҳеч бир айримлиқ йўқдир. Буни сизга дўстларча билдирмакдан мақсад, бундан сўнг яна баъзи бир янглишлиқларға тушуб қолмаслиқ учун, Миллатлар Иттифоқининг нимадан иборат эканлигини сизга ва сизнинг рафиқларингизга англатмоқдир. Ал-Жазирани ажнабий зулмидан озод қила олатурған бир қувват бор эса у ҳам – ал-Жазира шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг ажнабий тасаллутига қарши олиб боратурған жиддий курашларидир, йўқ эса, бу ёки нариги бир жаҳонгир ҳукумат ё иттифоқ эмас. Бунинг учун сиз англизлар мамлакатдан чиқиб кетганда кўбчилик учун тинчлик ва роҳат бўлишини аҳолига англатиб, ал-Жазира хоинлари билан Амир Файсал ҳукуматининг чин юзини кўбчиликка очиб бордирмагингиз керакдир. Англия, Франция, Германия, Русия ва ер юзидаги бошқа бир мунча давлатларнинг неча милёндан иборат бўлған ишчи-деҳқонларини ўз қаноти остида тўплаған 3 нчи байналмилал – сизнинг ҳаракат ва ташаббусингизга қарши уларнинг ёрдам ва таважжуҳини таъмин қила олур. Ҳурматлик дўстларим! Агар сиз, машаққат бўлса ҳам, бир мартаба Маскавга кела олсангиз мен сизни зўр бир севинч билан қарши олиб, кўрушар эдим. Агар, воқеаларнинг кетиши сизни Эронда тўқтатиб қолатурған бўлса, ал-Жазирадаги англиз идорасининг нимадан иборат эканлигини кўрсатиб, англататурған суратларнинг йиғилмоғини илтимос қиламан. Агар сиз бу тўғрида бирар китобча ёзатурған бўлсангиз мен уларни севина-севина Оврупо ва Шарқ тилларида босдириб чиқарар эдимким, бу ҳам албатта фойдасиз бўлмас. Самимият билан қўлларингизни қисаман. 3 нчи каммунистлар байналмилалининг раиси.” Бошқармадан: Бу хабарни биз Бокуда чиқатурған “Қоммунист” рафиқимиздан кўчурдик. Хабарнинг бош томонидан икки ерда савол аломати (?) бордирким, уни биз қўйдиқ. Сабаби ҳам ўшал рақамларнинг ҳақиқат ҳолға тўғри келмасликларидир. Масалан: англиз қўшуни томонидан ал-Жазиранинг қўлға олина бошланиши 1922 нчи йилда деб кўрсатилмакдадир-да, бунга қарши ал-Жазира аҳолисининг бош кўтариши 1919 нчи йилда қилиниб кўрсатиладир… Рафиқимизнинг бу ердаги муддаосини ё биз тушуна олмадиқ, ёки аслида бир оз хато кеткан. Ҳар ҳолда бир англашилмайтурған нуқтаси бор. Шунинг учун биз ал-Жазиранинг англиз тасаллутига ўтиши тарихидан қисқағина рақамлик маълумот бериб ўтмакчимиз: Англиянинг ал-Жазирага тажовузи аслида жаҳон урушининг аввалларида (21 нчи нўябр 1914 нчи йилда) бошланадирким, шу кун англизлар Басра шаҳарини оладилар. Сўнгра улар учун катта бир муваффақиятсизлик рўй берадир: 29 нчи апрель 1916 нчи йилда генерал (Tounsand) “Кутал-амора”да 20000 қўшуни билан турк ва араблар қўлиға асир тушадир. Шундан сўнг бир йилгача англизлар қимирлая олмасдан туруб, охирда 1917 нчи йил март ойида уруш бошлаб, Бағдод шаҳарини оладирлар. Ал-Жазира сафарининг 1918 нчи йили 30 нчи сентябрда Туркия қўшунининг юқори Дажлада енгилиши билан тамом бўладир. Шул енгилишда турклардан 7000 киши англизлар қўлиға асир тушган. Шу йилнинг 9 нчи ўктабрига келиб ал-Жазира тугал англизлар қўлиға ўтадир. Шу муносабат билан Амриқода: “Англизлар дунёдағи қораёғ конларининг 90 фоизига эга бўлдилар, биз бўлсақ оғзимизни очиб қола бердик!” деган гап чиқадир. 1919 нчи йили январь ойида англизлар Бағдод темирйўлини ўз тафтишлари остиға олалар. Ундан сўнг бир мунча вақт ал-Жазира масъаласида чучмаллик ҳукм сурар. Ya’ни: унинг устида иттифоқчиларнинг ўзаро жанжаллари бошланадир. Бу ҳол 1920 нчи йилнинг апрель ойиғача чўзуладир. Сўнгра шу тарихда Сан-Ремода бир канференсия бўлуб, Сурия билан ал-Жазира ўлкалари икки мустақил давлат деб таниладирлар. Бу танилишнинг биргина шарти бордирким, ул мустақил давлатлар қўлида мандати бор давлатнинг қарор ва кенгашларига бўюн эгмакка мажбур” бўладурлар. Ал-Жазиранинг мандати Русия, Англия ва Франция ўртасида 1916 нчи йилда бўлған битишиш бўйинча Англияга берилган эди. Араб ва курд халқининг англизларга қарши бош кўтаришлари 1919 нчи йил ўктабр ойида юқори ал-Жазирада бошланадир. 1920 йилга бориб бу кўтарилиш умумий бир шаклга кирадир. 1920 нчи йилда Англия камиссари (Сарқуқ) ал-Жазирага унинг найранглик ва уста сиёсати натижасида 1921 нчи йилнинг июнь ойида Амир Файсалнинг амирлиги хоин, сотилған араблар томонидан тасдиқ қилинадир. Ал-Жазира ўлкаси шу билан бир оз тинчланган каби бўлса-да, у ерда инқилоб учун пухта бир замин ҳозир бўлуб, қўзғалиш ҳаракатларининг доим давом этмаги сўнгғи (1922 нчи йил) телеғромларидан ва манови инқилобчиларнинг Эронға қочиб келишларидан кўрунуб турадир. Ҳар ҳолда ал-Жазира масъаласи англиз ҳукумати ўйлағанча осон эмас, балки баъзи бир англиз сиёсий доиралари тушунгандек кўб оғир ва қийин бир масъаладир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ал-жазира_инқилобчилари_ва_учинчи_байналмилал. Downloaded from uzbekai.com.