Алдамчи ўғрилар ёхуд лўлилар Абдулҳамид Чўлпон Туркистон мусулмонлари орасиға зарарли қурт ва ҳашарот каби жой олган қаландар номида бир гуруҳ лояфлиҳун бор эди. Булардан умумтуркистон мусулмонлари мутазарур эдилар. Ҳамдлар ўлсунки, марказ Туркистон бўлан Тошканд шаҳрида ғаюр ва фаол ҳукумат маъмурларининг ҳамда ёш мусулмонларнинг ғайрат ва ҳамиятлари ила буларнинг тилануб юрмаклари ман’ қилинди. Яшасун арбоби ижтиҳод ва ашоби ҳиммат! Бу яхши ташаббус Туркистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам акси андоз ўлмакдадир. Ибрат ила бу ишни татбиқ этмак ҳар виждон соҳибига вазифа вожибул-адодир. Булардан бошқа Туркистонда яна (лўли)лар бордирки, булар қаландарлардан ҳам мудҳиш ва зарарлидирлар. Бу тоифа ҳамма шаҳарларда бир миқдор бўлуб, эрлари асло машру’ касб ила шуғулланмаслар. Хотунлари эса елкаларига хуржин солуб кўча бакўча кезурлар. Баъзилари гадолик тариқасида, баъзилари ҳар хил майда нарсалар сотмак тариқасида уйдан-уйга юруб бечора хотунларимизни “фол боқаман, уйингда амал бор, жоду бор” деб алдарлар. Пуллари бўлса пулларини, бўлмаса эски кийимларини ва эрлари неча машаққатлар ила йиғқан дон ва ғаллаларини бемиқдор олуб кетадирлар. Шундай қилуб бечора жоҳила хотунларимизни хурофотдан хурофотга солмакдадирлар. Жойи келса ўғрилик ҳам ёш йигитларимизнинг ахлоқ ва номусларини бузадирган ёмон ишлардан ҳам тортинмаслар. Яна ўзларини чин мусулмонликларини даъво қилурлар. Таассуфки, буларда исломият осори кўрунмайдир. Кўзга кўрунадирган масжид, мактаб ва мадрасалари ҳам йўқ, бовужуд бир фирқа халқимиз аларнинг сўзлариға ишонуб тағофил қилмакдадирлар. Шаҳримизнинг бир эшони яқин орада бетоб бўлған эканлар шундай лўли хотунлардан бири кируб эшоннинг ҳолиға кўп афсуслар қилур ва эшонга “Сизға биров амал қилған экан, шуни ичингиздан тортуб олсам тузалиб қолурсиз” дер. Эшон анинг сўзини қабул қилуб амални олдирган экан. Уч-тўрт кундан сўнг яхши бўлуб қолибдур. Бундан сўнг ул зотнинг лўлиларға ихлослари зиёда бўлуб бошқа одамларға лўлиларни таъриф қилуб аларни ҳам шундай амал олдирмакға тарғиб қила бошлабдирлар. Иш бундай бўлмаса яхши эди. Уламо ва авомларимизнинг ҳар бирлари бу тоифанинг зарарларини тушунуб орамиздан тез йўқотмак саъйида бўлсалар, ва аларни ўз ҳавлилариға киргузмасалар эди. Ҳамда ҳукумат аҳлиларидан илтижода бўлинуб кўчаларда ҳам юрутмасалар эди. Чунки юқорида сўйлаганимча халқимизга бир тоифадан кўб зарарлар етишур. Ҳам бу йўл ила топган оқчаларин дангаса ва ялқов эрлариға берурлар. Эрлари буларнинг орқасидан давлатлик бўлуб қолуб уч-тўрт мингға қудратлари етадир. Ҳам ҳар қайсилари икки юз-уч юз сўм турадирган улоқчи отлардан икки, учини боқуб ҳар жумъа ва якшанба кунлари далага чиқуб улоқ чопурлар ва гўрудға чиқуб ичкулик қилуб, катта кўчаларда маст бўлуб юрурлар. Менинг фикримча, бу балодан қутулуб қолмак шул фурсатларда мумкин бўлса керак. Чунки меним йўлим кўпинча эски бозори устидан бўлур эди. Сўнгғи икки-уч ҳафтадан бери бозор тинчроқ бўла бошладир. Сабабини эшитсам қаландарларнинг кўчаға чиқуб тилануб юрмаклари ман’ қилингандан кейин булар ҳам қўрқушуб бозор ва кўчаларга чиқуб юрмакни тарк қилған эканлар. Шул сабабли эскиларини сотмак учун бозорга келмай бозор тинчуб турган экан. Биз мунинг ила кифояланмайлук, бу кун чиқмай турсалар бир-икки ойдан сўнг яна секин-секин чиқа бошлаб ўз ишларида давом қилурлар. Ул вақт яна мундан ортиқ зарарлар кўрурмиз. Шунинг учун ҳар ишларда фуқаропарвар бўлган ҳукумат маъмурларини бу тўғрида дурустроқ чора қилмакларини кўбдан-кўп умид қилурмиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алдамчи_о%E2%80%98g%E2%80%98rilar_ёхуд_ло%E2%80%98лилар. Downloaded from uzbekai.com.