Алданиш Абдулҳамид Чўлпон Беш йиллик ёнишим бир йил учунми? Эркалаб ўтгувчи бир ел учунми? Кўзимга кўринган саробми эди? Мен шунга алданиб тоғларми ошдим? Севгимнинг боғчаси харобми эди? Шу боғча ичида йўлми адашдим? Кўзимни ўраган киприкми эди Ёки кўк тусида пардами эди? Кўнгил шу чоққача тирикми эди, Жоним кўклардами, тандами эди? Қўлимни тегиздим…. Одам эди-ку! Кўзимда ўйнаган бир нур эди-ку! Сезгим-да соғ, тетик, бардам эди-ку, Бўйнимга қўл солган бир ҳур эди-ку! Нега мен сезмадим? Ўт эмасмиди? Шу ўт ичидаги мен эмасмидим? Каъбамга осилган бут эмасмиди? Бутни «тангри» деган мен эмасмидим? Мен уни хаёлий, тотли бир севиш, Илоҳий бир муҳаббат, ишқ билан севдим. Беш йил!.. Шунинг учун беш йил англайиш, Ёниш, куйишларим… оҳ, энди билдим. Оҳ, энди билдимким, барчаси хаёл, Барчаси бир тотли, роҳат туш экан! Кет, йўқол кўзимдан, ҳақиқат, йўқол, Бағримга ботмоқда оғули тикан! Чиндан-да мен букун ёлғизми қолдим? Чиндан-да у ўтли севги битдими? Чиндан-да турмушдан оғизми олдим? Чиндан-да умидим буткул кетдими? Чиндан-да кўнглимда севги ўтлари Чўғсиз ўчиб қолган шамдек ўчдими? Чиндан-да каъбамнинг санам, бутлари Кул-парча бўлдими, буткул кўчдими? Чиндан-да мен букун севмасми бўлдим? Чиндан-да муҳаббат ўтими сўнди? Чиндан-да мен букун тиканми юлдим? Кўнглим бу алданишга, оҳ, қандай кўнди? Севгимнинг яшаши бир йилми эди? «Ғув» этиб ўтгувчи бир елми эди? 1922-йил — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алданиш. Downloaded from uzbekai.com.