Амалнинг олими Абдулҳамид Чўлпон Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар? Шарқнинг оналари, жувонларими? Қаршимда инглаган бу жонлар кимлар? Қуллар ўлкасининг инсонларими? На учун уларнинг товушларида Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар? На учун ёзмишнинг ўйнашларида Ҳар юриш кўнглимни ништардек тиғлар? Кенглик хаёллари учдими кўкка? Бутун умидларни ёвларми кўмди? Мангу тутқунликка кирдими ўлка? Хаёлда порлаган шамларми сўнди? Кечанинг жон олгич қоронғилиги Нажот юлдузини хаёлми билди? Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди? Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар Шарқнинг кўкрагида бир жой топмасми? Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар Ухлаган дилларга силжиб оқмасми? Ҳар кеча кўкларда ўйнаган юлдуз Айтар эди менга: «Эрклик юлдузи – Тутқин еллар учун само қундузи, Кўнгилда қолгуси унинг бир изи». У бир из кўзимнинг нурларидан ҳам Юксакдир, мен уни ўпмак истайман, Агар топилмаса, бу юртлардан ҳам Кўчиб йироқларга кетмоқ истайман. Йиғлаган, инглаган амал қизими? Кўкдаги юлдузлар унинг изими? 1921 йил — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Амалнинг_олими. Downloaded from uzbekai.com.