Андижон улуғ кунлар арафасида Абдулҳамид Чўлпон Чинакам, Андижон мундоқ кунларни умрида кўрмагандур. Оломон қўзғалиши ва “ур Бобирни, ур!” деб қора калтакларнинг қўзғалиб чиқишлари, Бобир каби уста бир ҳукмдорни Андижондан қочирған бўлса ҳам Андижон аҳолиси ҳозирғидак ажойиб кунларни кўрмагандур. Беш-олтита калласи хом, кибр ва ғурури ботмон-ботмон бўлған саркардаларнинг ёввойи истакларини қондирмоқ учун бир-бирига ёв бўлушуб қирилишқан ўзбек, қирғиз ва қипчоқлар ҳам Андижон шаҳари қўлдан-қўлға ўтуб юрган вақтларида бу кунгидек ғалати дамларни кечирган эмасдур. Отаси Худоёр билан “тахт ва бахт” талашқан Насритдинбек Андижон беги (волийси) эди. Отасиға қарши юргизган ҳамма фитна ва можароларини у ҳам шу Андижонда ўтказган. Лекин, “Насритдинбек тўпаланги” деб юргизилган тўпалангларда ҳам Андижон халқи бу кунларнинг билиб югуришини кўрмагандур. Ундан кейин ички урушлар, босмачилиқ даврлари… У даврда Андижон шаҳари ҳар кун бир нечта фожеа кўрар, ҳафтада нечта тўпаланг ва “қоч-қоч”ларнинг бошини ер эди. Лекин, бу куннинг “пўшт-пўшт”лари Андижон аҳолисининг кўкрагидан бошқача жой олди… бошқача! Бошқача! Чинакам, бошқача! Кўчаларда – юрушлар бошқача! Маҳкамаларда – ҳаракат бошқача! Фирқада – мажлислар бошқача! Ҳамма нарса бошқача! “Ойишахоним” томондан келиб, бебозор куни бозорға ўтуб кетаётқан иккита қари чолни кўрдим. Вофурушликнинг нариги бошидан тортиб, “Биржа”гача орқаларидан эргашиб келдим. Ана у икки “сиёсиюн”нинг суҳбатини эшитинг: – Бу нима тўпаланг яна? – Каттаси келар эмиш. – Нелиними? – Йўқ-ей… Нелини ўлган эмасми? – Муниси қайси бўлмаса? – Самарқанддаги каттаси эмиш… – Хайриятликми экан, ишқилиб? – Жуда хайриятлик дейди… Юртни обод қилиш маслаҳати дейди. – Кўчаларни тозалатдирғани шунга десангиз-чи. Шу чоқда Андижон туман-шаҳар ижроқўмининг раис ноиби ўртоқ Халилиф “тасира-тусур” қилиб извошда ўтуб кетди. Ҳалигилар атлас қоровул (“Атлас пошшо” демадик. Савлат тоғамиз хафа бўлуб қолармикан?)нинг бўткасига яқинлашиб келиб, ижроқўмнинг учар отлари ва “гумбир” фойтунига “завқ” қилиб қараб турадилар-да, бурулуб бордон бозор томонға кетдилар. Шунда, ҳалиги чоллардан маълумоти кўпраги наригисига қараб, бояғи гапларига гувоҳ келтиргандай қилиб деди: – Ана моновисининг ҳовлиққанини қаранг. Ҳаммаси ҳам ўша ҳалиги “келди-келди” учун-да… Чинакам бечора Халилиф ўртоғимиз тузук-қуруқ ухлаёлғани ҳам йўқдур. Ундан анча оғир бўлған Ҳакимхўжа ўртоғимиз ҳам, кеча-кундуз кўчаларда иш устида бўлди. Марказ ижроқўм томонидан ҳозирлиқ кўрушга таъин қилинған вакил – ўртоқ Раҳимбобо ўғли қора попкасини кўтариб, кула-кула тегирман тошини ҳар кун ўн мартаба айланди. Камаеф билан Абдулҳайнинг ҳовлиққаниға ҳад йўқ! Мелисаларимизнинг ҳеч биттаси бир дам тингани йўқ десак ёлғон бўлмас. Мана бу – Андижон шаҳаридаги ҳукумат вакилларининг арафа кундаги аҳволлари! Ўзбекистон марказ ижроқўмининг бу 3 нчи ёппа мажлиси Андижон шаҳрининг бир неча хил “ёппа” ва тузалмас жароҳатларига жуда яхши дору – даво бўлуб қолди. Андижон ижроқўмининг қайта-қайта қилған қарорлари, сиёсий маорифдаги Камаеф билан Абдулҳайнинг шунча югуруб елишлари – на ёзлиқ саҳнани ва на қишлиқ саҳнани кўнгилдагидек тузата олмаған эди. Ёз ўтуб, куз тугай деб, қиш яқинлашиб қолғани учун бу йил уларнинг бутуб кетишларига ҳам умуд қилмаған эди. Бирдан “лоп!” этиб бу ёппа мажлис чиқиб қолди ва шунинг шарофати билан ҳалиги саҳналар ҳам кўнгилдагидак бўлуб, битиб кетди. Энди, мундан кейин қолған-қутқани бўлса, шаҳар ўзи тўлдирар, тўлдира олмаса – ундан кейин биргалашиб “жиртак” чолишармиз. Ҳозир Андижон шаҳрини кўрсангиз таний олмайсиз. Темирйўл бекатидан тушуб аста-секин тегирман тошиғача, ундан ўтуб Жомеъгача балки Сойғача боринг – озодаликдан бошқа нарса кўрмайсиз. Қизил байроқлар. Озода йўллар. Ҳаракат. Елиш-югуруш. Мана – Андижоннинг бу кунги таърифи. Гап – шаҳардагина бўлса, ҳисоб эмас. Бу тумтароқларнинг ҳаммаси қишлоқ учун, тўғриси – қишлоқ билан шаҳарнинг иккаласи учун қилинмоқдадур. Шаҳарнинг ишчи-косиблари билан қишлоқнинг қўшчи ва батраклари учун шу елиш-югурушлар бўлуб турадур. Шу учун бу кунларни на Бобир, на Худоёр ва на бошқаларнинг даврига ўхшатиб бўлмайдур. Чинакам Андижоннинг бу улуғ кунларига ўхшатилатурған нарса унинг ўз тарихида бўлмаған. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андижон_улуг%E2%80%98_кунлар_арафасида. Downloaded from uzbekai.com.