Андижон уездида маориф ҳафтаси Абдулҳамид Чўлпон (Умумий ҳисоб) Маориф ҳафтаси аллақачон тамом бўлуб кетди. Унинг бориши ва натижаси тўғрисида илгари ҳам бир ёзуб ўтган эдим. У вақтлар ҳисоблар тамом олунуб битмағани учун ҳафтанинг умумий натижаси чала қолған эди. Энди бу сафар у чалани тўлғазамиз. Тошкантда ўлкамизнинг маориф ишлари тўғрисида, катта бир кенгаш мажлиси бўлуб, унда ўртоқ Ирисқул ўғли (Рисқулўф) кичкина бир нарса айтуб ўтган эди. Ўртоқ Ирисқул ўғлининг сўзлари орасида «маориф ҳафталаридан унга яхши натижа чиқмади» деган бир даъво бор. Бу даъво тўғри. Маориф ҳафталаридан унга кўб нарса чиқмади: тўғрисини айтсак биз кутган натижалар чиқмади. Умуман, ҳар хил ҳафта ва ойлар – бир-бир кейин келабериб ишлагучини ҳам, халқни ҳам хийла чарчатқанга ўхшайдур. Ҳафталпар бўлғанда биз очиқдан-очиқ кўрар эдикким, кўбрак вазифа мажбурияти билан ишлб қўялар эди. Шунинг учун ҳафталаримиз кўб вақт совуқ чиқар эди. Бизнинг уезда маориф ҳафтаси хийла яхши ўтди. Уезимизнинг кўб жойларида мана бу ички урушлар вақтда хароб бўлуб, йўқсулликка тушуб қолишига қарамасдан моллий ёрдам бера олди. Ҳафтани ўтиш комисияси қўлидаги ҳужжатларга қарағанда, ҳафтадан ҳозиргача ўтган нақд маблағ шундан иборатдур: червон билан 1980 сўм, қоғоз пул билан бир миллион тўқуз минг саксон саккиз сўм, 10½ пут гуруч, 23 ½ пут шоли. Ҳафтада энг кўб ва улгуржи ёрдам қилған Бозорқўрғон раюни билан Жалолобод раюнидур. Масалан: Бозорқўғон раюнидан чирвон билан 1080 сўм, 2 облигация топширилған. Жалолобод раюни 282, 430 сўм пул, 20 бош қўй, 35 пуд картўшка, 23 ½ пуд буғдой, 21 пуд маккажуҳори йиғиб берган. Буларнинг пулдан бошқа нарсалари ўша жойдаги қирғиз-қозоқ интернатига берилган. Раюнлардан сўнг Ёрбоши, Султонобод, Қўрғонтепа, Ҳаққулобод ва Олтинкўл бўлуслари келадур. Буларнинг барчалари шундоқ: Ёрбоши бўлуси 36.125 сўм пул, 15 пуд гуруч, 23 ½ пуд шоли, Султонобод чирвон билан 150 сўм қоғоз пул билан 124.50 сўм, Қўрғонтепа чирвон билан 150 сўм қоғоз пул билан 5330 сўм, Ҳаққулобод 138.860 сўм қоғоз пул. Ҳозиргача олинған ҳисобга қараганда бошқа раюнларнинг унча мазаси йўқ. Сайилдан 76.200 сўм, ҳар хил кеча ва томошалардан 60.000 сўмгача пул тушган. Бир имзо варақасидан чирвон билан 90 сўм, қоғоз пул билан 33.000 сўм тушган. Избоскент ва Бозорқўрғон бўлусларидан кўб имзо варақалари ҳали топширилмаған. Бошқа бўлуслардан ҳам имзо варақларини ҳалигача топшуруб тугатмаганлари бор. Беш-олти йилдан бери бузғунликдан бошқани кўрмаган Фарғона деҳқонлари, қишлоқ камбағаллари ҳали ҳам ўқуш билим йўлида катта химмат кўрсатуб турубдурлар. Ибрат! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андижон_уездида_маориф_ҳафтаси. Downloaded from uzbekai.com.