Андижонда маориф ҳафтаси Абдулҳамид Чўлпон Газеталарга кўз солуб бораман: маориф ҳафтаси тўғрисида жуда оз ёзиладур. “Фарғона”да ўртоқ Низомбой ўғлининг бир нарсаси босилуб чиқди. Шундан бошқа маориф ҳафтасининг жиғи-бийронини титадурған бир нарса кўрулмади. Бир-иккита ярим юмшоқ нарсалар ўтди, бас… Бизнинг Андижонда ҳам маориф жуда шарпасизўтуб борадур. Маориф теграсида юрган бир неча кишидан бошқалар у хусусни дарёнинг нариги ёқасига ўтказиб қўйғанлар шекиллик! Маориф ҳафтасини ўтказиш учун бу ерда ҳам бир комиссия тузилган. Комиссия раиси: маориф нозири ўртоқ Касаткин бўлуб, аъзолари: Куприянуф (фирқанинг масъул саркотиби), Ғозиюф (инқилоб қўмита раиси) ўртоқлардур. Комисия сентябр охирларида тузулган бўлса ҳам биринчи ўктабрдангина ишга бошлаған. Комисиянинг ташаббуси билан уезнинг маҳкуми (раюни)да маҳкум комисиялари уюштирилган. Бу комисиялар бўлуслардан вакиллар қирадур. Комисия томонидан маҳалаларга қоғоз юборилуб, ҳар ерда ҳафта фойдасига сайил қилишқа рухсат берилган бўлса ҳам, сайил фақат Жалабек деган қишлоқдагина бўлған. Раюнларда. Эски шаҳарда, шаҳар атрофидаги 3 бўлусда фирқасизлар конференцияси бўлуб, ҳафта тўғрисида маърузалар қилинған. Ҳафтанинг бутун ҳисобини ҳали олғани йўқ. Ҳозиргача тутган тушум шаҳардан йиғилған 200,000 сўм (23-йил пули билан) дан иборат.Қишлоқлардан ҳали дараги йўқ. Эски шаҳар тўқуғучилар союзи билан кўнчилар союзининг аъзолари бир кунлик хизмат ҳақларини ҳафта фойдасига бермакчи бўлғанлар. Мундан бошқа ҳам майда-чуйда киримлар бор. Шу киримлардан бир қисми дарсликлар олиш учун Тошкандга юборилған. Ҳафтадан тушган тушум билан баъзи мактабларнинг шикаст-рехтини тузатуб, дарсликлар ва болалар учун оёқ кийими эплаб олиш умиди бор. Ҳафта тўғрисида қолған маълумотни шундан сўнгги мактубимда билдиргайман. Ҳозирги, шаҳримизда (эски шаҳарда) икким от ўюн (цирк) ва бир картина давом қиладур. Одам деган нарса ҳар иковига ҳам (миркларга) ҳар кун лиқ тўлуб турадур. Бу тўғрида ҳам гап кўб. Лекин, ҳозирга шунчаси бас. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андижонда_маориф_ҳафтаси. Downloaded from uzbekai.com.