Андижонда маориф ишлари (I) Абдулҳамид Чўлпон (Ўз хабарчимиздан) Ёз келиб мактаблар таътил бўлғандан кейин маориф назорати бу ёзни бир оз истифодалироқ қилиб ўтказмакчи бўлди. Шу масъалада бизнинг маориф назоратимиз гапдан кўра ишни олдиға қўюб, индамасдангина икки яхши иш қилиб қўйди. У иккита иш – шаҳаримизда очилған икки ёзлиқ қурслардур. Қурсларнинг бири мавжуд мактабларнинг муаллимлари учун бўлуб, уларнинг маълумотларини кенгайтмак мақсадини кузатадур. Қурсқа муаллимларнинг ҳаммаси дегундак давом этадур. Таълим жиҳатини шаҳримизнинг муқтадир ўрус муаллимлари олуб борадур. Ўз ҳунарларига яхши тайёрлиқ кўрган ўрус муаллимларининг лексия равишида берган дарсларидан муаллимлар яхши истифода қилған бўлсалар керакким, мақтаб суюниб гапирдилар. 17 нчи июлда Фарғона музофот фирқақўм масъул саркотиби Карим ўғли ва музофот ижроқўм раиси Алихўжа ўғли ўртоқларнинг иштироки билан маориф ва ҳукумат ишчиларининг қўшма мажлиси ясалған эди. Шу мажлисда ҳар ҳафта панжшанба куни соат 12 дан сўнг муаллимларни тўплаб, масъул ишчилар билан бирга кенгаш мажлислари ясаб боришқа қарор берилди. У мажлис ҳам мазкур қурснинг биносида бўлғусидур. Жумҳурият ва иттифоқнинг турлук мактабларига талаба тайёрламоқ учун биринчи ўзбак интернати қошида ҳозирлиқ қурслари очилди. Бу қурсқа шаҳар – уяз мактабларининг энг лаёқатлик талабалари тўпланған. Таълим жиҳатини Боку дорулмуаллиминининг юқори синфларида ўқуғучи талабаларимиз олуб борадурлар. У қурснинг ҳам давоми яхши. Бу кейинги қурснинг аҳамияти шундадурким, бу чоққача жумҳурият ва иттифоқ мактабларида анжанлик талабаларнинг сони бармоқ сониға ҳам етмай келди. Мунга Анжандаги беҳуда гуруҳбозлиқлар қанча сабаб бўлған. Энди бу ишга маориф назорати жиддий аҳамият берди, ижроқўм билан ҳукумат ишчилари ҳам қўллашдилар. Натижада қурс очилди. Қурс талабалари яхши тайёрлансалар, Анжан, жумҳурият ва иттифоқ мактабларидан бу йил тегишлик қисматини ола олғусидур. Фақат, бу қурснинг ҳам таълим жиҳатини кучайтирмак – мунга ҳам бериги қурс қадар, балки, ундан ортиқ аҳамият бермак керак. Нимагаким, келгусининг чин муаллимлари шу доирададур. Ҳар ҳолда, Анжан маориф назоратининг шу чоқдағи ҳаракатларини олқишлаб олишқа тўғри келадур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андижонда_маориф_ишлари_%28I%29. Downloaded from uzbekai.com.