Андижонда вақф ишлари Абдулҳамид Чўлпон Ишлар йўлида. Андижон вақф шуъбаси ўз ишларини яхшилаб йўлга қўймоқ учун тинмасдан ишлаб турубдир. Марказ ва маҳаллалар билан алоқа. Баъзи бир хил ишларнинг вақти-вақтида битмасдан, кечикиб қолишиға марказнинг йироқлиғи хейли моне бўладир. Масалан: баъзи бир муҳим ва шошилиш ишларни бир ёғлиқ қилмоқ учун мутлақ марказ вақфнинг уқдириш ва йўл-йўруқ кўрсатишига эҳтиёж бор. Шунинг учун баъзи бир хил масалаларда Тошкантга чопмоққа тўғри келадир. Бунинг устига, Андижон мадрасаларининг бошқа шаҳарлардаги вақфларини бажармак иши ҳам қанча чопиш ва югуришни иқтизо қиладир. Бошқа шаҳарлардаги мулклар. Марғилон уезидаги ва Хўқанд шаҳаридаги Андижон вақф мулклари шу жумладан бўлуб, буларни жой-жойлариға бориб етказмакка тўғри келди. Масалан: Асака райўнида Андижон вақф муассасаларига қарашлиқ бирмунча мулк бор эканким, ул мулклардан бу йил 756 пут ғалла чиққан. Шул ғаллани Марғилон вақф шуъбаси ўзи тасарруф қилиб кеткандан кейин Андижон вақф шуъбасининг мудири ўртоқ Қоризода Марғилонга бориб, у ернинг вақф шуъбаси билан сўзлашмаган ва натижада ғаллани тасарруф қилиш иши ҳозирға тўқталған. Бу масала яқин орада буткул бир ёғлиқ қилинғусидир. Хўқанд шаҳарида ҳам Хўқанд вақф муассасалари ўртасида муштарак бир ҳаммом бор экан. Шул ҳаммомни тасарруф қилмоқ тўғрисида бироз англасмаслиқ бўлғандан кейин Андижон вақф шуъбаси мудири Хўқандга бориб, шул ишни битказиб келди. Ул ҳаммомнинг тасарруфига Хўқанд вақф шуъбаси Андижон томонидан ҳам вакил қилинди. Хўқанд вақф муассасаларининг Андижон уезидаги мулкларини тасарруф қилиш учун Андижон вақф шуъбасига ваколат берилди. Бундай бўлғанда вақфлар бир не қадар ортиқча сарфлардан қутулған бўлурлар. Эски мадрасалар. Эски мадрасаларнинг ислоҳи учун дастурлар олинған. Уларнинг ислоҳи масаласи ҳам навбатда турадир. Диний ишлар. Диний ишлар (масжидларнинг идораси; имом қўюш-чиқариш; шуларга оид ҳамма нарсалар) буткул маҳкамаи шаръия қарамоғиға ўтказиладир. Фақат масжидларнинг молия ишлари вақф шуъбасининг диния шуъбаси қўлида қолиб, маҳкамаи шаръия ишчиларининг маошлари ҳам шул шуъбача пулидан берилгусидир. Эски мактабларни тузатиш. Вақф шуъбаси томонидан эски мактабларни тузатиш йўлида ҳам яқинда жиддий ташаббус бошланғусидир. Бу тўғрида тегишлик дастурлар олиниб, режалар чизилған. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андижонда_вақф_ишлари. Downloaded from uzbekai.com.