Андижондан хат Абдулҳамид Чўлпон “Муштум” афти бизнинг андижонликлардан ҳафага ўхшайдир. Сабабини сўрасам: “мендан қоча бошладилар” дейди. “Муштум” тоғанинг биздан ўпкалашга ҳаққи йўқ, албатта. Чунки “Муштум”дан қочмоқ айб эмас, лозим, зарур. Бир марта унга йўлуққанлардан буткул айрилуб кетканлар ҳам кўрулди, охир. Қаҳрамонзода “Муштум”нинг даҳшатидан қўрқуб Қўрғонтепада зиғирлар орасида ғойиб бўлди. “Муштум” билан бир қадар ошначилиқ қилиб юрган собиқ “Кўмак” раиси индамасдан, билдирмасдан тоғларға ўчуб кетди. Баъзи бир кишилар: “Қимизға кетди” десалар ҳам, мен ишонмадим. Негаким, қимизға боратурған кишилар одатда бировға зарар-заҳмат бермасдан кетадирлар. Локин, собиқ раис: “Кўмак”нинг белига узиқара отдек шатталаб тепиб, сўнграгина кетиб йўқолди. Ҳозир, “Кўмак” ишсиз қолиб, иш биржасида жой оқтармоқдадир. “Муштум” тоғам хафа бўлмасун. Андижонлик унинг чангалидан қутулмоқчи эмас, балким, кўбрак сиқилиб кирмакчи, лекин бирдан эмас, оз-оз, секин-секин. Ҳозирға шу ҳам бас, дейлик! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андижондан_хат. Downloaded from uzbekai.com.