Андоғ урдиларки Абдулҳамид Чўлпон (Ҳангама) Меним хафалигим ҳаммадан кўра эътиқоди суст, имони заиф кишилардандир. Масалан: ота-боболаримиздан қолған ширин-ширин китоблар, қисса ва ривоятлар бор. 2-3 юз йилдан бери ўшал китобларнинг баракасида қонимизни совутмай сақлаб келдик. – Паҳлавон Аҳмад Замчи… – Баҳодир Қашамшам (“Бобои Равшан”да)… – Сайид Баттол Ғозий ва ҳоказо… Буларнинг руҳга берган яхши таъсирини инкор қилмоқ мумкинми? Айниқса, самоварнинг салқин бир жойиға ўлтуруб, ёғлиғ паловни буюруб қўюб, аччиғ чойни айлантириб қўюб ўлтуруб ўқусангизми… Босмачилар, уларнинг қамишзорларда чоқиб юруб кўрсаткан “баҳодирлиқлари” буткул эсдан чиқиб кетадир. Айниқса, ўзингиз баққол бўлсангизу бозор қиммат касод бўлсаю сабзини майда қилиб тўрғаб қўйғандан кейин оғзингизға бекарчиликда чибин ўлтуруб кетмаслиги учун “Бобо Равшан”ни очасиз-да, Қашамшамнинг жуҳудни миниб аждарни ўлдиргани кетканини ўқуйсиз… ана шул вақтдағи кайфни кўринг! Ўзингизни худди “Қашамшам” деб ўйлайсизу “Тилсим”га кўмилган аждарга қараб туруб қўлингиздаги елпуғучнинг йўғон ёғочи билан андоғ урасизки, дўконингиздаги лаган-маганларингиз кул-парча бўлуб кетиб шу қимматчилик замонда қадрингиз қуруққа, ҳаётингиз ҳавога чиқадир… Мана бу ўшал жангномаларнинг руҳга бўлған маънавий таъсири! Жангномаларга ишонмаған суст эътиқод кишилар чиққан! Замонимизда Аҳмад Замчининг полвонлиғини, Қашамшам бобойнинг ботурлиғини, Сайид Баттол Ғозийнинг шижоатларини инкор қилған, тонған ёшлар бор! Астағфируллоҳ! Ҳолбуки, илгариги, бурунғи яхши “Мусулмонобод” замонларда эмас, манави охирғи замонимизда ҳам мен мундай баҳодирлар, мундай паҳлавонларни кўрдим. Эҳтимолким, сизлар ҳам ишонмайтурған бўлғандирсиз. Бўлмасам, мен бир мирилик чақани белингизга тугуб бергандек қилиб битта-битта тушунтуб берай: Андижон инқилоб-ҳарб қўмитасининг “Шаҳарни, хона жойларни, ҳар хил дўконларни ва кўча-кўйни озода тутуш” тўғрисида бир мажбурий қарори чиқди. Албатта, бу қарорнинг амалга қўюлушидан мелиса билан назофат камиссияси жуда яхши хабардор бўлса керакким, шаҳаримиз “Эрам” боғидан ҳам озода бўлуб кетди… Кўчаларда ўлуб қолиб, кунларча ётқан итлар, сочиғи бўлмаған, чибиннинг уяси бўлған ошхоналар, бузулған, кўнгил-айнитар марожналар, тупроғиға одам эмас, от ботиб кетатурған кўчалар… Айниқса, анави катта кўчани айтинг: бир қур “сув сеп-сув сеп!” бўлдию олачипор илондек ярим-ёрти сув сепилиб яна Ўшнинг йўлидек бўлуб қолди… Ғараз, замонимизнинг Аҳмад Замчилари шаҳарнинг ифлос калласига назофат таёғини андоғ урдиларки, гард-гард бўлди… Янги чиққан замона бойларидан келинг! Марҳум Миркомилни мактаб солмади, маорифга қарашмади деб сўкатурған эдик. У бечора ҳам бир қорихона солиб қўйған эканким, Бухоро Амирининг… … бардорларидан бир “зоти бобаракот” янги мактаб шогирдларни “қори” қилиб, “қироатлари”ни чиқариб турубдур. Замона Миркомилларини қаранг, андижонлиқ талабалар Тошкант, Боку каби ерларда ердан чўп супуруб еб турған вақтда “трилионлар”нинг ичига кўмулуб нима қиладирлар? Нима қилғанлари кўз олдингизда. Тўйларда, тамошоларда, базмларда “изҳори вужуд” қилиб бутилка (ароқ шиша) лари билан жанг қиладирлар. Яқинда бир “Манманбоев”ни катта бир тўйда бир “нозанин” билан бирга ўлтуруб, замонанинг бошиға шишалар билан андоғ урдиким, кайфлар (настроение) майда-майда бўлди. Энди ўз дардимиздан ҳам жиндак айтайлик: “Дархон” газетасининг ёзғувчиларидан бири шошилиш иш вақтида бепарво қолиб, идора шўъба кучерининг қаҳриға йўлуққан. Кучер “қийиғлиқ”, “кажурлик” қамчиларини ростлаб туруб андоғ урғанким, ёзғувчимизнинг мияси икки бўлак бўлди… Миядан ажралған ёзғувчимиз билан қолған бечораларнинг кўнглини кўтармак учун хлопком бир фойтун бермакка ваъда қилған экан. Ваъда шамоли чопқуллаб келиб, идорамизни ўзига андоғ урдиким, устол-курсиларимиз пора-пора бўлди… Фойтундан дарак йўқ! Мана шунча нарсаларни кўргандан кейин яна жангномаларга ишонмаған Қашамшам азизларга шак келтирган кишига афсус, минг афсус, биродарлар! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Андог%E2%80%98_урдиларки. Downloaded from uzbekai.com.