Базм-чолғи тўдаси Абдулҳамид Чўлпон Ўзбекистон маориф камисарлиги томонидан “Давлат базм-чолғи (концерт) тўдаси” ташкил қилинмоқчи бўлунуб бу ишнинг ашулачимиз Муҳитдин Қори Яқубийга топширилғанини газеталарда ўқуб эдик. У тўғрида маориф камисари ўртоқ Мўмин Хўжанинг махсус мақоласини ўқуғач, у ишга мазкур камисарлик томонидан қандай жиддий аҳамият берилганлигини ҳам ўрганган эдик. Маориф камисарлигимиз сўнг вақтларда илм-маданият ишларининг бошқа хиллари қаторида ингичка санъатларга ҳам жиддий аҳамият бера бошладиким, буни кўргач севинмай ва уни олқишламай туролмаймиз. Бошқа шарқли жумҳуриятлар бу йўлда, албатта биздан кўпрак ишлайлар. Буни ҳам қуюниб, ҳам севиниб иқрор қилишқа тўғри келадир. Яқинда Татаристон жумҳурияти ўз саҳнасининг 20 йиллиқ байрамини жуда зўр тантаналар билан ўтказди. Байрамдан сўнг Маскавга бориб ўйин қилған татар давлат драмаси ҳаддан ташқари катта муваффақиятлар қозонди, Маскавдаги татарлар ва бошқа Шарқ халқларигина эмас, ҳатто Шарққа қизиққан оврўполилар ҳам чинакам кўнгил қўйдилар. Озарбайжон жумҳурияти ўзининг театр байрамини мундан бир-икки йил бурун ўтказган эди. Тунов кунгина Озарбайжон маориф камисарлиги томонидан давлат опера артисти Булбул ўртоқ қўл остида юборилған 7-8 кишилик ширин бир чолғи тўдаси Маскавнинг Шарқ доираларини анча қўзғолон қилиб кетди. Кечагина яна ўша Озарбайжон маориф камисарлиги томонидан машҳур халқ ҳофизи Саробский йўлдошлиғида юборилған 20-30 кишилик муҳташам бир чолғи тўдаси Меерхўлд театрида Маскавнинг овруполи қисмини ҳам анча англантирди. Уч кунга деб тайинланган, “базм-чолғи” (концерт)лар яна бир неча “уч кун”ларга чўзулди. Бу сўнгғи тўдада Қофқосия миллатларининг уч катта шохидан вакиллар бор эди: гуржи, армани, озарбайжонлилардан. Чолғи тўдасининг чинакам уста устози дўқтур Йивнасиони эди. Маскав газеталарида “Қофқасия жаз банди” деб у тўғрида кўпгина нарсалар ёздилар. Шундай бўлғандан кейин маориф камисарлигимизнинг сўнгғи ташаббусини “ҳали эртарак” деганлар бўлса, уларга “сиз кеч қолдингиз!” дейишга ҳаммамизнинг ҳақиқимиз бордир, албатта! Мана, қаршингизда машҳур Юсуф қизиқ: бири Худоёрхондан қолған, яна бири ҳам кеча-илгари кундан бурунроқ қопланған икки катта ноғорани олдиға қўюб олибдир-да, бир қўлида “так” чўпини уруб, яна бир қўлида “тум” чўпини кўтариб турадир… Ноғоранинг бир томонида – ўнг томонда ёлғиз найни жуда аламли лирик қилиб чолғучи Абдулқодир найчи ўлтурадур. Унинг пастида жумҳуриятимизнинг ҳозирға қадар биргина бўлуб келган ҳунарманд қўшнайчиси ўлтурадур: унинг исмини айтиб ўлтуруш ҳам лозим эмас: “қўқонли қўшнайчи” десак ҳамма биладир. Сўнг уларнинг ён-берларида Тўқтасин ғижжакчи, Уста Олим чангчи, Муҳитдин Ҳожи танбурчи, Ҳайит Охун танбурчи, Орифжон ва Жўрахон яллачилар, катта ўюнчилардан Отахўжа Muhammad Бобо ҳофиз, унинг йўлдоши Худойберди, ўзбек хотинларидан Туҳфаниса, Тожиниса, Хончаниса опалар ўлтурадирлар. Наҳоят ўнг қўл томондан ҳаммадан четда ўзимизнинг Муҳитдин Қори билан Тамарахон (Қамара билан Тамара орасида менимча фарқ йўқ!) ўлтурадирлар. Яқиндағина Мухторува хонимнинг “ашула базм”ларида Тошкентнинг муҳташам “Колизей”си 6 мартаба тўлиб-тошди. Яқинда бизнинг шу базм-чолғи тўдамиз ҳам Фарғанада биринчи базмини қурған вақтида кўплар хафа бўлуб, сўкиб чиқиб кетдилар. Нимадан хафа бўлуб, кимни сўкдилар: жойнинг торлиғидан хафа бўлуб, жойни тор солғанларни сўкдилар… Кечагина Ўзбекистон марказ ижроқўмининг Самарқандда бўлған тўртинчи ялпи мажлисида тўданинг биринчи чиқиши бўлди. Жумҳуриятнинг катта-кичик эранлари ҳаммаси бор эди. Ҳаддан ташқари кўб қилиниб тузулган прўғрам ҳеч кимни тўйдирмади. Ҳамма баробар, ҳамма бир тилак билан олқишлади. Йўлдошбой акам чидамадилар, чиқиб сўзладилар, хурсандлик билдирдилар: демак, кўплар хурсанд бўлған! Фирқа марказқўмининг масъул саркотиби ўртоқ Иванўф қизиб-қизиб Юсуф қизиқни чақирар эди. Юсуф қизиқ чиқмади. Чиқмас эмиш-да. Чунки бу бизнинг тарихимизнинг тадқиқиға алоқадор (этнўғрафи) тўда эмиш. Мен Юсуфжонни, унинг ўткур ҳажвли – почти доҳиёна гапларини жуда яхши кўрсам-да, тўданинг асосига қарши бўлғум келмайдир. Чинакам, бизнинг чолғимиз йўқолиб кетишидан сақланмоғи лозим, куйларимиз унутилиш ва бузулишдан асралмаги даркор. Кўпдан бери даркор бўлған бутун кеч бўлса-да тузулибдир. Яшасун, яшнасун, бизнинг кутган тилакларимизни берсун. Бизнинг вазифамиз – ўшаларни тор бурчаклардан кенг майдонларга олиб чиқиш, ўсдириш, парвариш қилиш, тарбия беришдир. Ижтимоий ҳудудлар ичида парвариш топатурған боланинг ижтимоий ҳодисаларга бегона қолиши мумкинми? Йўқ! Демак, бу куннинг вазифаси ўша қари болани парвариш қилмоқ!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Базм-чолг%E2%80%98и_то%E2%80%98даси. Downloaded from uzbekai.com.