Бинафша Абдулҳамид Чўлпон Бинафша сенмисан, бинафша сенми, Кўчада ақчага сотилган. Бинафша менманми? бинафша менми, Севгингга, қайғунгга тутилган? Бинафша, нимага бир озроқ очилмай, Бир эркин кулмасдан узилдинг? Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай, Ерларга эгилдинг, чўзилдинг? Бинафша, Айт менга, Кимлардир уларким, Игнани бағрингга санчалар? Бинафша, Бир сўйла, У қандай қўлларким, Узалар, ҳидлайлар, янчарлар? Бинафша, шунчалик чиройли юзинг бор, Нимага узоқроқ кулмайсан? Бинафша, шунчалик тортғувчи тусинг бор, Кўнглимга исриқлик тўкмайсан? Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери, Қайғингни қайғумга қўшгил. Бинафша, сен учун кўкрагим эрк эри, Бу эрдан кўкларга учгил. Бинафша, гўзалим, қайғулим, келмайсан, Қайғунг зўр, қайғумни билмайсан, Менга бир кулмайсан. 1922-йил — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Бинафша. Downloaded from uzbekai.com.