Бир оз тушинг эди! Абдулҳамид Чўлпон «Қизил Ўзбекистон»нинг 9 нчи сонидағи «Янги кашф» деган мақоладан хурсанд бўлғанимни айтиб сўз бошлайман. Шодиқул ўртоқ каби саҳна дўстлари ва балки мансубларининг бу хилда чиқишлари саҳнамизнинг катта ҳаёти демакдир. Фақат, менинг «Зарафшон»дағи мақолачамга эътироз қилиш учун қўлиға қалам олғанда ўртоқ Шодиқулнинг ҳовури осмонда бўлғанми- билмадим, аччиғланиб «мушт» дўлайиб «мажағлаб юбораман!» деб туруб сарлавҳа қўйибдир. Сарлавҳада шундай қаттиғ бир пўпуса юмшоғроқ қилиб айтгангизда ўткур бир эрмак (ирония) бор. Мақоланинг ичида эса сезиларлик ғазаб йўқ. Шу учун сарлавҳанинг бир оз қалтисроқ кетганини айтиб ўтмак билангина кифояланайлик. Энди туб масалага эътирозға келайлик. Эътирознинг туб тилаги ҳар бир театру севгучини мунаққид (танқидчи) деб қабул этдирмакдир. Мана бу янглиш фикр. Ингичка санъатларнинг танқидида ҳам умуман адабиётдаги танқид усули қўлланиладур. Шу учун қайтариб айтаман танқидчилик-ёзғучилиқ ва ўйнағучилиқдан қийиндир. Шу учун чин танқидчилар ҳам чин ёзғучи ва чин ўйнағучилар каби жуда қийинлиқ билан етишадирлар. Шу учун рус адабиёти ўзининг бутун умрида Белинский каби чинакам танқидчиликлардан бир неча кишинигина етишдира олибдир. Рус адабиётини севган ва уни севуб ўқуған ҳар бир киши нақадар холис бўлса бўлсун оммача танлаган бир мунаққид бўла олмайдир. Театру умуман ингичка санъатларнинг танқиди ҳам шундайдир. Бу кун театрунинг бутун дунёдағи энг соғлом маркази деб танилган Маскавда биргина театру мажмуаси чиқадир ва унда бир нечтагина танилган кишилар театру танқидлари ёзалар. Бутун иттифоқнинг марказ газеталарида ҳам театру танқидлари билинган ва танилган бир неча киши томонидан ёзиладир ва жуда эҳтиёт билан ёзиладир. Сиз бу ўртоғингиз билан бирга «Лайли Мажнун»га борибсиз. Аброр билан Маъсума хонимнинг келишмаган ҳаракатларини дафтарчангизга ёзиб олибсиз. Сўнгра «холисона» бир нарса дебсиз. У – жиддий танқид чин маъноси билан танқид эмасдир. Мен айтамайманким, саҳна муҳиблари ва умуман томошачиларнинг тилаклари эътиборсиз қолдирилсин деб. Йўқ томошачининг руҳини ўрганиш ва тилагини билиш жуда керак. Биздан олдинда бўлғанларнинг театруларида шу мақсадда ишлангизчи махсус тевараклар, уюшмалар бор. Бу йўлда алоҳида қоидалар, усуллар ишланган. Бизда ҳам аста-секин шундай нарсалар бошланиши керак. Бизнинг тилагимиз ҳам шу. Шу йўлда ишламакчимиз ҳам. Мен у мақолачамни чин танқидчилиқ кераклигини айтдим. Сизнинг каби саҳна аҳилларидан албатта ўшандай чин танқидчилар етишади. Лекин бу учун саҳнанинг назариёти билан амалиётиға ошино бўлмоқ керак. Муни энди кўплар тушунган бўлса керак. Ўзбекистон ҳукумати билимли актўрлар етиштириш учун Маскавга алоҳида мактаб очди. Бакуга талабалар юборди. У билимли актўрларимизни танқид қилатурған танқидчилар ҳам саҳна илмида ўшалардан кўбрак билимли бўлсун деймиз. «Зарафшон»да «Сурган»ни танқид қилған ўртоғимиз каби хом хатолар майдонга чиқмасин дейсиз. У хил «танқидлар» албатта яқин келгусидаги ва ҳатто бугунги саҳнамизга ҳам тенглаша олмайдир. Буни эътирозингизнинг бошида ўзингиз ҳам эътироф қилибсиз. Сиз «Зарафшон»да босилған «танқид»ни яна бир ўқуб чиқинг. Ундан кейин менинг ўша мақолачамни яна бир марта яхшилаб ўқинг. У вақтда балки «муҳрли» ҳаракат тўғрисидағи даъвоимга тушунар ва қаноат ҳосил қиларсиз. Унда «фалсафа сотиш» деган сўзингизнинг бир оз жаҳлингиз (аччиғингиз!) чиққан онда ёзилиб қолғаниға ўзингиз ҳам балки унарсиз. Менинг кўнглим қолмайди. Мундайин мунозаралардан мен хурсанд бўламан. Фақат, сарлавҳа қўйишда Омериқо эълончилари йўлини тутиб «зиғрни туя қилиш»каби сисасиялардан эҳтиёт бўлишингизни тилаб қоламан. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Бир_оз_тушинг_эди%21. Downloaded from uzbekai.com.