Бу қарор жуда жойида Абдулҳамид Чўлпон Ижроқўмнинг бу қарори бу сафарги қарор эмас. Бундан бурун ҳам шу қарорни чиқарған ва соғлиқни сақлаш шўъбасига буюрған. Лекин, шўъба мунга қарши ўз фикрини билдириб, шу ишни нимагадур қилғиси келмаган. Ҳалиги икки районга янгидан муолажахона очилса яхши бўлур эди, деган. Ҳолбуки, мунга на давлат ва на маҳалла халтасида таъинлик пул йўқ. Агар бу тўғрида кераклик жойға мурожаат қилинатурған бўлса, жавоб келиб иш “кўнгил хоҳлаған” йўлга киргунда уввв… бир неча қовун пишиғи ўтуб кетар. Ҳолбуким, Жалолобод районида муҳожирлар бор. Шуларнинг “шарофати” билан подшоҳлар вақтида бирдан 3 шифохона пайдо бўлуб қолған. Бир райондаги ортиқча нарсани яна бир йўқ районга кўчуруш жуда табиий ва лозим нарса бўлса керак эди. Билмадик, соғлиқни сақлаш шўъбаси нима учун бошқа чораларни қидириб овора бўлди экан? Ижроқўмнинг мазкур мажлисида Эски шаҳар касалхонасидан мусулмон хотин-қизларининг фоидаланишлари масъаласи қаралиб, бу тўғрида соғлиқни сақлаш шўъбасига таклиф қилиндиким, ҳафтада 3 кун мусулмон хотунларини кўриш учун Эски шаҳар муолажахонасига бир хотун дўқтур таъин қилинсун. Қўрғонтепа район ижроқўмининг ул жойда бир касалхона ва бир почтахона биноси солмоқ кераклиги тўғрисида қилған мурожаати маҳаллий маблағ етишмагани учун ижроқўм томонидан рад қилинди. Қўрғонтепа Жалолобод темирйўли устида истансалик ва обод бир район бўлуб, почтахона ва касалхона эҳтиёжи табиий равишда чиққан бўлса керак. Ижроқўм маҳаллий маблағ етмайдур, деб бино солишқа унамаған. Лекин, бирарта ҳозир бинони эплаб шу икки муассасани очдириш учун ҳаракат қилинса яхши бўлур эди. Ҳар ҳолда бўлмағандан кўра, ёмонроқ ва нари-берироқ бўлса ҳам бўлуб турғани яхши. Қишлоқнинг ўзидан чиққан бу ташаббус ҳар нима бўлғанда ҳам, хайрлик фолдур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Бу_қарор_жуда_жойида. Downloaded from uzbekai.com.