Буюк зиёфат Абдулҳамид Чўлпон (Фелетон) 8-июлда Русия Шўролар Жумҳуриятининг Бухоро Жумҳуриятига тайинланган янги сафорат ҳайъати тарафидан озод ва мустақил Бухоро Жумҳурияти шарафига катта бир зиёфат берилди. Кеч соат 9 да сафоратхона қошидағи ақчада махсус ҳозирланған жойға Бухоро Жумҳурият ҳукуматининг бутун ҳукумат ва марказий фирқа аъзолари, ҳам нозирлари ҳозир бўлғон эдилар. Юқори ҳукумат бошлиқлари билан сафорат ҳайъати аъзолари ва бошқа меҳмонлар еб, ўзаро хусусий мусоҳаба қилиб ўтурдилар. Соат 10 да гиламлардан ясалғон саҳнада русчага насират – тамошо бошланди. Насиратнинг биринчи қисми тубандаги пруғрам билан ўтди: “Никоҳ оҳанги”(“Верди” операсидан 1-қитъа). Қизил қўшуннинг сафар ашуласи. “Мазурка”(чолғу). “Қайғу”операсидан 1- қита. Болалар ашуласи. Эй, менинг дўстим (жўр). Оғриған товуқ ҳикояси. Чақмоқ (мусиқа ва ашула). Сўнгра фавқулодда сафирнинг ноиби ўртоқ Бодров ушбу сўзлар билан мажлисни очди. Ўртоқ Бодров: – Биродарлар! Бу чоқғача хусусий мусоҳаба равишда давом этиб келган мажлисимизни умумий мусоҳабага айлантиришга рухсат этамиз! Бу ерга келган азиз ва муҳтарам меҳмонлар ичида буюк Афғонистоннинг вакили ҳам бордир. Бизлар ҳозир, эски ва кўчалаш асосиға қурулғон турмуш оғдарилиб, янги озод бир турмушнинг асоси қурулуб ётғон бир даврда турамиз. Бу ишда, бу янги асосни қуруш ишида Русия Шўролар ҳукумати раҳбарлик қилиш шарафига ноил бўлди. Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти ҳам ўз ишини халқчиллик асосида тузуб ётадир. Бу кунги йиғин шу икки ҳукуматнинг орасидағи дўстлиқ ипини маҳкамласа керакдир. Бу тўпланиш, бизнинг буюк аъмолимиз тарафиға қаратиб қўйғон катта бир қадамимиздир. Шундоғ зўр бир тўпланишда ҳозир бўлғон сизни улуғлаб, сўз навбатини Бухоро иштирокиюн фирқаси марказ қўмитасининг масъул саркотиби ўртоқ Турсунхўжаевга бераман. Турсунхўжаев: – Буюк меҳнаткашлар Русиясининг Бухородағи янги элчисини Бухоро меҳнаткашлари отидан саломлайман. Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти билан Русия Шўролар Жумҳуриятида яшағучи меҳнаткашларнинг ўзаро бўлғон муносабатлари фикр ва идрок асосиға қурулғондир. Бухоро иштирокиюн фирқаси ўзининг йўлида тушунган ва англағон ҳолда ҳаракат этмақдадир. Ёш Бухоро Шўролар Жумҳуриятининг фирқа ва шўро ишларида бир мунча камчиликлар ҳам бордурким, уларни тўлдиришлиқда, тузатишликда Русия Шўролар Жумҳуриятининг ва 3-байналмилалнинг кўмагида бўлиниши онқадар. Бухоро иштирокиюн фирқаси яхши биладурким, Бухоро Халқ Шўролар Жумҳурияти Шарқ меҳнаткашларининг йўл бошлағувчисидир. Бу жумҳурият қўшини Русия Шўролар жумҳуриятининг кўмаги билан амир ва муллолар салтанатини абадий равишда йўқ қилди. Иш мунинг билан битди, деб айтмаймиз, ишнинг қийини ва оғири доғи олдимиздадир. Олдимизда турли моне’ ва садлар ва хоинона чиқишлар йўқ эмасдир. Биз ҳар турли хоинона чиқишларға қарши ҳозир турамиз ва доғи бутун қийинлиқ ва зўрлиғи билан шарқ масаласи ҳам олдимизда турадир. Шарқда яшағучи милёнларча халқлар ажнабий сармояси қўл остида эзилар. Айниқса, улуғ Ҳиндистон ўлкаси 300 миллион халқи билан бир тўб инглиз мустамлакачилари қўлида эзилиб турадир. Бу эзилганларни қутқармоқ ғарб меҳнаткашларининг зўр вазифалари бўлғонидек, Шарқ инқилобчиларининг, айниқса, Бухоро иштирокиюн фирқасининг ҳам катта вазифасидир. Биз ўзгинамизда 3-байналмилал билан Русия иштирокиюн фирқасининг раҳбарлигига ишонамиз. Тўғри ва ҳақиқатни кўрсаттувчи шиорларни тутуб боратурғон элчилик ҳайъати билан ёш жумҳуриятимиз ҳам ўз мақсадиға етар. Яшасин иштирокиюн фирқаси! Яшасин Русия Шўролар Жумҳурияти! Марказий инқилоб қўмитаси раиси ўртоқ Муҳиддинов: – Русия Шўролар Жумҳурияти вакилининг бизнинг Бухоро Шўролар Жумҳуриятига дўстлик билдириш учун қилғон ташрифига ташаккур айтамиз. Русия Шўролар Жумҳуриятининг бизнинг ёш жумҳуриятимизга кўрсатган кўмаклари учун ташаккур билдирамиз. Кичкинагина Бухоро жумҳуриятинда энг зўр бир курашнинг тажрибаси юргизиладурким, унда ижтимоий асослар учун бўлғон курашдир. Русия Шўролар Жумҳурияти инқилоб ёшидан бери мазлум миллатларга муайян бир ҳимоя сиёсати ила қараб, шул сиёсатни тутуб келадир. Бу сиёсат йўлида икки тараф – сарват аҳли ва меҳнат аҳли курашиб ётадир. Бу курашда кичкинагина Бухоронинг катта бир вазифаси, буюк бир сиёсат бордир. Ya’ни, Бухорода Шарқни эзгучи ҳокимларга қарши катта кураш давом эттириладир. Русиянинг инқилоби муносабати энг очиқ инъикос этган бир кичгина Бухородир. Эрон ва Ҳиндистон, Шарқнинг буюк қитъалари билан Русия Шўролар Жумҳуриятининг алоқаси йўқ кабидир. Бундоғ буюк сиёсат, ёлғиз, кичкина Бухорода юргизилмакдадир. Бухоро илгари ҳам мустақил эди. Локин унинг хорижий сиёсатида Русия интригаси (досеси) иш кўрар, Бухоро Русия сафирининг ризолиғидан бошқа ҳеч бир давлат билан сўйлаша олмас эди. Иқтисодий жиҳатдан бўлса Бухоронинг ҳамма бойлити Русия фабрикалариға кетар эди. Бу миллат, бу Бухоро ҳукумати, илгари бош-оёғи билан Русияга боғлиқ эди. Бухорони қул қилишлиқ сиёсати уруш йўли билан олиб борилмади, уруш муваққатий бир ҳол эди. Қуллиқ сиёсий уруш йўли билан давом эттиради. Русия ҳукумати Бухоро ҳукуматининг бошиға энг ёмон, инсофсиз, сотилғувчи кишиларни қўйди ва шулар орқали турли ихтилофлар чиқартириб, мамлакатни ўз билганича бошқариб келди. Энди биз Русиядан бошқа бир сиёсат кўруб турамиз ва кутамиз. Бир сиёсат бўйинча кучлик ва заиф деган икки нарса бўлмасға керакдир. Мунда кучлик кучсизни эзмаслиги керакдир. Мунда кучсиз Бухоро эзилмаслиги керақдир. Чунки Шўролар Русияси кучсизларни ҳимоя қилишни ваъда қилди ва шул сиёсатни тутмоқ истайдир. Ижтимоий инқилобнинг натижаси ҳам шундадир. Шаркда истибдод остида яшағучи ҳукуматлар Русиянинг ҳақшиносона сиёсатини кўруб англасалар керакдир. Бухоро кичиқдир. Локин Русия тўғри, ҳақ сиёсат тутса, унинг аҳамияти зўр бўлур, яъни Шарқда инқилоб туғар, яъни Шарқ ўзининг ҳақ машруғи бўлғон озодлиғиға етишар. Яшасин ҳақ машру’ сиёсатини юрутган ва унга етиша олғон ҳукумат ва миллатлар! Яшасин у асосдағи Русия ва Бухоро ҳукуматлари! Умид қиламанким, Афғонистон билан Русия Шўролар Жумҳурияти орасидағи муоҳада ҳам пухталанур. Афғонистон элчисининг ноиби Абдурасулхон: Таассуф қиламанки, русча ва туркча билмайман. Шунинг учун ўзимдан илгари сўзлаганларнинг сўзларини онглай олмадим. Биродар Муҳиддинов Афғонистон, Бухоро ва Русия иттифоқидан гапирди. Ҳақиқатан Афғонистоннинг бу жиҳатдан аҳамияти буюкдир. Жуғрофий жиҳатини қарайлик: бир тарафи – Ҳиндистон, иккинчи тарафи – Хитой, учинчи тарафи – Балужистон орқали Арабистон, бир тарафи – Эрон ва бир тарафи – Бухоро – Туркистон. Афғонистон мана шуларнинг ўртасидадир. Энди Афғонистониинг шул мамлакатлар билан бўлғон алоқасиға келсак. Ҳиндистонда Афғонистоннинг таъсири кўб каттадир. Ҳиндистонда 12 қадар афғон қабилалари бордир. Бунлар қарялар ва кичик-кичик бекликлар ташкил этмақдадир. Эронга келсак, бу икки мамлакат ва халк орасида айирма йўқдир, бир эронли афғонистонға келса “ёт ерга келдим” демас. Бир афғонли Эронга борса ҳам шундоғдир. Хитой ҳам Шарқ мамлакатларининг ери бўлғони учун шарқли Афғонистонға яхши қарар. Туркистон билан Афғонистон ҳам яхшидурлар. Афғон халқи билан Туркистон халқи забон, маданият ва дин жиҳатларидан бирдирлар. Ҳам шул жиҳати-да бордирким, Туркистон халқи умумтуркларнинг бир қисмидир. Турклар эса йиллардан бери шарқчилиқнинг умумий асослари, умумий мақсадлари йўлида курашиб келар. Хулоса, Афғонистоннинг атроф, ён-вериси билан алоқаси кўб яхшидир. Энди биз Бухоро билан бўлғон алоқаға келсак, Бухоро билан Афғонистоннинг алоқаси дилу димоғ алоқасидир. Бундоғ бўлғач, икки мамлакатнинг ораси кўб яқиндир. Табиийдирким, дилу димоғнинг қабул этган нарсаларини бутун аъзо қабул этар. Шунинг учун Бухоро ва Афғонистон билан Русиянинг иттифоқи жаҳон иттифоқи каби буюк бир боғланиш саналса мумкиндир. Яшасун Русия Шўролар Жумҳурияти! Яшасун озод ва мустақил Бухоро жумҳурияти! Яшасун бутун ҳурриятлар! Нозирлар шўроси раиси Файзуллахўжа: – Ёш Бухоро Шўролар Жумҳуриятига кўрсаттан ихлослари учун Русия меҳнаткашларига ва Русиянинг жумҳуриятимиздаги янги элчисига қуллуқ қиламан. Русия Шўролар Жумҳурияти Бухоро халқини амирларнинг асрлик салтанатидан қутулишиға ёрдам қилди ва энди мамлакатнинг таъмирот, иқтисодий тараққий этишларига ёрдам қилиб турадир. Бунинг учун Русия Шўролар Жумҳуриятининг ҳақиқий эгаси меҳнаткашларига қуллуқ қиламан. Бухоро халқи ўзининг иштирокиюн фирқаси ва инқилобий вакиллари орқалиқ феодал (дарабчилик) давридан ижтимоий даврга кўчмакдадир. Ўзини ғарбни эзган зўр бонқалар тасаллутига йўлатмасга тиришадир. Шул улуғ ишларни вазифа қилиб бўйнига олғон Бухоронинг инқилобий ҳукумати ўз халқининг ва Русия Шўролар Жумҳуриятининг кўмаги билан ул оғир вазифаларнинг уҳдасидан чиқар. Русия Шўролар Жумҳурияти билан Бухоро Шўролар Жумҳуриятининг орасида янги алоқа ва муносабат бошланмоқдадир. Янги сафорат билан ҳам, бошқалари каби бирга ва баробар ишлармиз деб, умид қиламиз. Мундан сўнг орадағи баъзи бир онглашилмовчиликлар бўлмас. Ҳар икки тараф биродарлиқ ва бирлик асосида ишларлар. Яшасун биродарлиқ ва у асосга қурулғон Русия шўролари билан Бухоро Шўроларининг иттифоқи! Яшасун инқилоб ишидаги самаралик хизмат! Русия Шўролар Жумҳуриятининг фавқулодда сафири ўртоқ Юренев: – Биз Шарқдағи раҳбаримиз бўлғон Бухоро Шўролар Жумҳурияти орқали бутун Шарқ билан алоқа боғлармиз. Биз Шарқ халқи билан қанча яқинлашсак, Русия Шўролар Жумҳуриятининг шайбасини шунча маҳкамлаган бўлурмиз ва шунча тезлик билан дунёга намунасини юзага чиқара олурмиз. Биз Бухоро Жумҳуриятига ёрдам қилмоқ билангина кифояланмасдан, икки орадағи муоҳадани юзага чиқариш, тажриба йўли билан уни ҳаётта татбиқ қилинмағон. Мунда икки тараф ҳам айбдор эмас, айбдор – аҳволнинг оғирлигидир. Бу ерда улуғ Афғонистоннинг вакили бор. Унинг Афғонистон билан Ҳиндистоннинг муносабати тўғрисидағи сўзлари тўғри. Локин Русиянинг Афғонистон тўғрисидағи сиёсати, унингсиз ҳам дўстона ва яқин эди. Биз, яъни Русия Шўролар Жумҳурияти Афғонистон билан бу ерда, тўғри, бирлашмадик. Биз Афғонистон билан маълум муоҳада нома бўйинча бирлашдик. Афғонистон, Бухоро ва Русия ҳукуматлари орасидағи муносабат яқин орада доғи расмийлашур, Бухоро билан Афғонистон муносабатининг яхшиланишиға биз кўмак этармиз. Мен, Бухоро жумҳурияти тарафидан берилган бу зиёфатда бўлуб кўрдимки, Бухоро Шўролар Жумҳурияти билан Русия Шўролар Жумҳурияти орасида иқтисодий муносабат кўб яқин бўлиши керак экан. Бизнинг Русияда юрган кўб асослар бу ерда юрмайлар. Юрсалар-да, буткул эмас. Шунинг учун бизни мунда “эгалик этадур” деганлар тўғри айтмаслар. Сиёсий аҳволнинг кетишига қараб юрамиз. Файзуллахўжа ўртоғимиз айтгандай, энди мундан сўнг англашилмовчиликлар бўлмас. Орада фақат бир-бирига ёрдамгина бўлиши мумкиндир. Биз расмиятта қаттиғ ёпишамиз. Бир-биргина нарсани айтамизки, қайси тараф кўпрак ёрдам эта олса, расмиятга қарамай, тезрак ишда ва амалда кўрсатсун. Бизнинг орамизда Хива жумҳуриятининг вакиллари йўқ. Локин тез замонда бўлиши аниқдир. Эрон ва Анқара инқилобчи ҳукуматларининг вакиллари ҳам яқин замон ичида бизнинг орамизда бўлсалар керак. Ажнабий матбуотнинг сўзлари тамоман ёлғондир, “Бухоро Русиянинг олами”, дерлар ва бу очиқ ёлғондир. Мен Бухоро иштирокиюн фирқасининг бошлиғиға ташаккур айтаманки, ул бизнинг асосларимизнинг бир эканлигини айтди. Ҳам ҳақиқатда шундоғдир ва бир икки ҳукуматнинг ишлари кўб халқларнинг ҳаёти билан алоқадордир. Мен зиёфатга келған бутун қўноқларға қайтадан ташаккур этаман. Сўнгра бир пардалик “Бобойлар” исмли русча кулги песа ўйналиб, кечаси соат 2 ларда зиёфат тамом бўлди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Буюк_зиёфат. Downloaded from uzbekai.com.