Чақимчилар ҳақинда Абдулҳамид Чўлпон Исқоблифда чиқадурган “Халқ қалқони” номлик рус ғазетасинда “Мусулмонларнинг тараққийпарварлар фирқаси ҳам бузуқлар” сарлавҳаси ила ушбу йўлларни ўқидим: “Туркистон чақимчилар маҳкамасининг текширув комиссиясидан: Усмонли туркларнинг “Иттиҳод ва тараққий” фирқасига ўхшаб Туркистон мусулмонлари ичинда ҳам “Таракқийпарвар фирқаси” исминда бир фирқа майдонга чиққан эди; аммо унга ҳар тарафдан душманлар кўпайди. Хусусан, эски бойлар бор кучлари ила қарши туруб, унинг нуфузини битиришга тиришдилар. Ҳатто Андижон қорилари “Тараққийпарвар” деган номни “Падаркуш” (яъни отасини ўлдирганлар) деган номга айлантирдилар… Шул қадар монеъларга қарамасдан фирқа ўзбек-турк ёшлари ичинда ўзининг фикрларини таратмоққа давом этди. Мазкур фирқа 1915 ва 16 йилларда ерлик ҳукумат маъмурлари ила курашганда ўзининг мақсадига бир даража етди. Ya’ни уларни устиндан ҳар ерга аризалар беруб, баланд-паст амалдорлардан кўпини бекор қолишга муваффақ бўлди. Ҳам бу иш бир фирқа “бой”ларга маъқул бўлмасдан ул бойлар бўйинларини Туркистон чақимчилар маҳкамасига эгиб, саломни қуюқ бердилар. Охранка эса келажакда ўзига зўр душман бўлиб чиқадурган бу “тараққийпарварлар” фирқаси ила курашмакка бошлади. Чақимчилар маҳкамаси мусулмон ёшларининг янги ҳам қувватлик бўлган бу партиянинг ичига ўзининг заҳарлик томирини ёйди… ҳам ҳаракатлари бўшқа кетмасдан хайрлик “оқибатлари”ни ҳам кўрди… Шундай килиб, “Қори” ҳам “Нозим” лақаблик чақимчилар тез-тез ёшларнинг аҳволидан “яхши хабарлар”ни охранкага билдируб турибдилар… Шул хусусда фирқанинг ва бошқа ҳамма ишларнинг боши ҳамда Тошканддаги охранканинг каттаси бўлган Шалковский ила сўзлашмак учун одамлар ҳам юборилди. Агарда Андижон шаҳрида бу фирқанинг ичига тилмоч бўлуб турган Келгинбоев ҳам Бойтурсунов деган малъунлар кируб, ҳаракат қилуб, иш юритмасалар бу фирқа хийла кучаяр эди… Чунки бу фирқа ҳукумат маъмурларининг ҳар бири ила ҳатто зўр бойлар ила-да курашга бошлаб бутун Андижон ва атрофини даҳшатга тушурган эди. Мана шул ҳолда ҳалиги малъун таржимонлар онларнинг ишларига аралашуб, ўзлари билан бир бўлган бўлуб туруб, онларнинг томурларина болта чопдилар… Комиссияда мусулмонлар ичинда Туркистон ва Бухорода иш бузуб (чақимчилик қилиб) юрганларнинг номларини ва аслларини ғайрат ила текшируб ётадир. Вақти ила онларнинг номлари эълон этилур”. Ғазетанинг ёзғани мунда тамом. Энди ўз тарафимдан шуни айтаман. Андижон мусулмонлари ичлариндаги об-очиқ эълон этилган чақимчиларни оқламоқ учун ҳаракат қилуб ётадурлар. Бири: муваққат ҳукумат аъзоси ҳам миллий мажлис раиси, иккинчиси: қўрбоши, учинчи бириси, потребителчи… Агар, мунда айтилган Келгинбоев биз билган Келгинбоев бўлса, бу киши Избоскандда участка комиссари сайланиб ётадир… Агар, мунда айтилган Бойтурсунов, биз билган Бойтурсунов бўлса, ул-да мундағи ҳамма жамиятларнинг муҳтарам бир аъзосидир… Бутун мусулмон ёшларининг йўлбошчисидир… дума аъзосидир, рабочийдир, тараққийпарвардир, у-дир, бу-дир… Хулоса, ҳар нимадир?!! Мусулмон ёшлари! Ўтган кунларингизни эсдан чиқармангиз! Қора кунларнинг қора кўланкалари сизга оқ шам бўлиб, ёруқ беруб турадир… Қора “Оқ” бўлурми? Эй бечора соддадиллар!!! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Чақимчилар_ҳақинда. Downloaded from uzbekai.com.