Чоржўйдан хатлар: Янги Чоржўй «ажоибалари» Абдулҳамид Чўлпон Сиз ўртоқлар, марказда ишга кўмулуб кетгансиз-да, бизнинг янги Чоржўй аҳволидан ҳеч нима билмайсиз. Бизлар, ўзимиз жингқорчадек кичкина бўлсақ ҳам, Амударёнинг балиғидай ҳар нарсани билиб турамиз. Сиз ўртоқлар, Чоржўйда сув тошқини бўлуб, қанча иморатларнинг “хижолат” бўлуб, уялиб бўйни букилганини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, ул иморатларни қайтадан турғузмок, қайтадан тузатмак учун тайёрланғон плонларни, исмета ва ҳисобларии билмайсиз. Сиз ўртоқлар, Чоржўй остонасида марказдан келган ва маҳалладан чиқғон масъул ходимларнинг “пайка”ларини (яъни эски массиларини) кўтариб, билим оломай, поездға ҳафталарча саргардон бўлиб юришларини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, янги Чоржўйнинг оқсоқоли, бобойларнинг оқ сочли кампирларини танимайсиз, уларнинг ҳоло ҳам бўлса янги мактабларга ва уларнинг муаллим ва муаллималарига “орқадан ғийбат” тоши ирғитишларини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, Чоржўй “туташ”ларининг “Когон”никилар билан “тақлид” (ўхшаш) майдонида қандоғ чопишқонларини, ёпишқонларини билмайсиз. Сиз ўртоқлар, янги Чоржўй йигит ва қизларининг оналари олдидан “сорониёға борамиз” деб чиқиб кетиб, шаҳар боқчаси ва темир йўл боқчаларида “семичка” чақиб “собрания” қилишларини билмайсиз. Бизнинг янги Чоржўйда “собрания”лар, “сайловлар” ҳамма вақт кечаси бўладир! Шунинг учун ёш йигитларга кўб яхши ва кўб эркин. Сиз кундуз мажлисларидан сўзламангиз, унда “шу” бор, а бизга “иш” эмас, “тиш” керак. Сиз кўб нарсани билмайсиз, мен кўб нарсани биламан. Мен янги Чоржўйдағи Бухоро Жумҳуриятиға қарашлиқ бир муассасани биламанким, бутун Бухоро Жумҳуриятида мундоғ ишлик муассаса йўқдур… Унинг ака-укаси, тоғо-жиянлари ҳам бор… Уларни ҳам ёзар эдим. Ҳозир қўрқиб тураман, шошманг, бир узунроқ мандат қўлға тушурай, сўнг ёзарман-да балки. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Чоржо%E2%80%98ydan_хатлар%3A_Янги_Чоржо%E2%80%98y_%C2%АБажоибалари%C2%BB. Downloaded from uzbekai.com.