Деҳқонлар зиёфати Абдулҳамид Чўлпон 13 инчи июлда пахта қўмитасининг биринчи заводи олдида шаҳарга иш билан келатурған деҳқонлар учун қизил чойхона очилди. Чойхонанинг очилиш маросимига қишлоқдан деҳқон вакиллари чақирилған эдилар. Ўшал куни Тошкантдан ўртоқ Хидиралиев бошлиқ жумҳуриятимизнинг оқсоқоллари келишиб қолиб, улар ҳам зиёфатда ҳозир бўлдилар. Чой-нондан сўнг марказ деҳқонлар каперативи раиси, ўртоқ Мирза Ҳомид Хўжаев мажлисни очиб, биринчи сўзни ўртоқ Хидиралиевга берди. Ўртоқ Хидиралиев шўролар ҳукуматининг деҳқонларга қараши ва қилган ҳам қилатурған ёрдамлари тўғрисида гапирди. Сўз орасида: “Ҳукумат томонидан деҳқонларга берилатурған ёрдамни жой-жойига топширишда ораға ўзи ишламай турған деҳқонлар ва бурунғи “ками насиячилар” аралашмасун. Ҳукуматининг яхшилиғини улар ўз номларига олиб қолмасинлар”, – деб ўтди. Ундан сўнг ўртоқ Чанишев сўз олиб, деҳқонларни тамом тинч турмушқа киргизмагунча қизил қўшун курашишда давом этадир деди. Сўнгра деҳқонларнинг ўз ораларидан Мавлонқул ота туриб, ҳукуматнинг деҳқонларга қилган моддий ёрдамини, босмачиларни битириш ишида қилаётқан ҳаракатини бир-бир санаб ўтуб, “энди юрт тинчиб қолди” дейдир. Сўнгра ҳукуматдан от-мол ва пул билан яна ёрдам берилишини сўрайдир. Деҳқонлар ўзлари босмачиларни тутуб, йўқ қилишиб берурлар деб деҳқонлар номидан ваъда берадир. Мавлонқул ота шу сўзни айткандан сўнг деҳқонларга қараб “шундай эмасми?” деди. Мунга ҳамма деҳқонлар бирдан гувуллашиб “ҳа!” деб жавоб бердилар. Отанинг сўзлари олқишлар билан қарши олинадир. Ундан кегин ўртоқ Исақулов туриб пул билан ёрдам тўғрисида марказга телегром беришга, ҳозирға эса келтирилган буғдойдан насия бериб туришга ваъда қиладир. Охирда ўртоқ Мирза Ҳомид Хўжаев қизил чойхоналар ва каперациялар тўғрисида сўзлагандан сўнг мажлис ёпилиб, ошдан сўнг мусиқа товуши остида тарқаладир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Деҳқонлар_зиёфати. Downloaded from uzbekai.com.