Энди янглишмайлиқ Абдулҳамид Чўлпон (Округ ижроқўми эътибориға) Самарқанд пойтахт бўлғанидан бери дев одимлари билан ўсмакда. Айниқса, бино солиш ишлари жуда қизғин кетаётибдир. Шаҳарга шарқ тарзи меъморийсида чиройли-чиройли бир неча бино тушди. Яна бир нечаси тушиб турибдир. Янги бинолардан бири – эски шаҳардаги кино биносидир. Унинг жойи чинакам муосир бир кино биноси бўлди. Эски шаҳар халқининг бир неча йилги кино эҳтиёжини у бино қоплай олади. Албатта, у бино эски таъбиримизча, 16 чақа билан биткан бинолардан эмасдир. Унга бир неча минг сўм сарф қилинди, қанча меҳнат тўкилди, лекин бинони қилған ва кўбрак қилдирғанлар бир нарсани унутдилар. У эса, у бинони ҳам кино, ҳам театрга яратмоқ масъаласи эди. Бизнинг мамлакатларда ёз фасли жуда узун бўлғучи эди; куз билан баҳорнинг анча вақтлари халққа очиқ ҳавода тафарруж қилмоқ имконини берар эди. Муни шу мамлакатда бир оз яшаған ҳар ким билса керак эди, шу ерда туғилғанларни қўяберинг энди! Ёлғиз, нима бўлибдирки, шу жиҳатни бино солдирғувчилар англамабдирлар. Халқнинг кинога бўлған эҳтиёжи уларнинг кўзларига филдай бўлиб кўринибдир-да, театрга бўлған эҳтиёжи қилдай ҳам кўринмайдир. Йўқса, у жойни ёз фасллари учун эски шаҳарда бирдан-бир кино ва ҳам театр жойи қилған бўлар эдилар. Мунинг учун дунёни пули ҳам кетмас эди. Бир минг – ярим минг ортиқроқ сарф қилинса, саҳнаси кенгаяр, шу билан эски шаҳар санъатнинг бошқа бир бўлагида ҳам қозонған бўлар эди. Энди, эски шаҳар халқининг театрга бўлған эҳтиёжи аниқ билинган вақтда, ё янги ёзлиқ театр биноси солишға тўғри келади, ёки ҳалиги “кино – товуқ катаги”ни бузуб кенгайтиришга мажбур бўлинади. Ўткан йил агар янглишмасам, май ойларида шу бино солина бошланған эди. Ўша вақтларда эски шаҳарда кино “биламан”и бўлиб юрган бир бола (кино жарчиси) эски шаҳарда солинғуси янги бинолар тўғрисида ўртоқ Маъруф Расулий билан сўзлашмак учун сиёсий маориф марказ идорасиға бир-икки дафъа келган эди. Ўшанда кино биносидағи саҳнанинг бир оз кенгайтирилиб солиниши лозимлиғини мен қайтиб-қайтиб айтдим. У бола ўзини шу ишларга жуда уста деб тушунганиданми билмадим, бир неча оғиз ўрисча сўз аралашдириб… гапни бошқа ёқларға бурди ва натижада шунча пул сарф қилинғани ҳолда қуруқ кино биносиға эга бўлиб қолинди, кулли бир фойда қўлдан чиқди… Энди, яқинда Самарқандга 1000 кишилик театр биноси солмоқ учун муҳандислар орасида плон мусобақаси эълон қилинди. Албатта, бутун иттифоқ доирасида бўлған бу ишга театр муҳандислари ҳам аралашар, театрнинг ўзига мувофиқ план тайёрланар. Шундай бўлса ҳам келгусида бўлмоғи эҳтимол янглишлардан сақланмоқ учун, округ ижроқўми ва бошқа алоқадор идораларнинг ишларига мана бу нарсани ҳозирдан тушириб ўтмакчи бўламан: Бизнинг Ўзбекистонда зотан дуруст бир театр биноси йўқ эди. Тошкентнинг донгли “Колизей”си от ўюн учун солинған, у театрга ярамайди. Инқилобдан сўнг эски Бухоро билан эски Тошкентга биттадан иккита яхши бино тушди: улар чинакам театрга атаб солинғанлар, лекин у икки бино ҳам театр муҳандислари маслаҳатидан ташқари солинғани учун бузуқ солинғанлар. Тошкентдагининг саҳнасини жуда ярамас қилғанлар, Бухородағининг тағин катта камчиликлари бор. Ҳолбуки, театр биносининг энг муҳим жойи саҳнадир; золни яхшилаб, кенг қилиб, “минг кишилик” деб ҳовлиққанимиз билан саҳнамиз ярамас бўлса, тор бўлса, ноқулай бўлса, у бино театр биноси бўлолмайдир. Мусобақанинг плонлари келганда шу жиҳатни эсда тутиб, чинакам ҳар томони мукаммал бир театр биноси солдиришға ҳаракат қилмоқ керак. Бу учун театр муаллимлари ва театр аҳлларининг бино солиш ишларига яқиндан аралашмоқлари лозим. Шуни Самарқанд округ ижроқўмиға эслатиб ўтаман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Энди_янглишмайлиқ. Downloaded from uzbekai.com.