Энг муҳим бир вазифамиз Абдулҳамид Чўлпон “Зарафшон” рафиқимизда ўртоқ Исмоилзода “Унутилған бир вазифа” сарлавҳаси билан бир бош мақола ёзиб, хотун-қизларимиз борасида маориф тарқатиш масаласидан жиддий суратда баҳс этадир. Бизда мактаб, ўқуш ўқутиш ва билимлик бўлуш масаласи жуда жиддий ҳаракатлар билан йўлға қўюла бошлаған чоқда, шу билимдан халқнинг эркак-хотунини баб баробар фойдалантириш ҳақиқатан муҳим ва муҳимлиги унутилған бир масаладир. Дуруст, ўртоқ Исмоилзода айтганидек, “Кейинги вақтларда газета бетларида мактаб ва маорифга доир бир кўб сўзлар ва ишлар ёзилиб ўтди. Бунинг натижасида бир кўб ишлар ҳам қилиндиким,бунга бир чин кўнглимиздан ташаккур ва тахсин этишдан бошқа бир нарса айта олмаймиз”. Фақат, бу ҳаракатларнинг натижасида ишланган ишлар бир томонлиқ бўлуб қолди. Ya’ни: “Бу қилинған ҳаракат ва фаолият фақатгина ижтимоиятимизнинг бир синфи бўлған эрлар синфи учунгина махсус бўлуб қолди. Ижтимоиятнинг энг нозик бир ери ва балки асос бўлған хотун қизларнинг аҳволи ҳеч бир эътиборға олинмади”. Бу тўғри. “Туркистон”»да Тошкентдаги мактаб имтиҳонлари тўғрисида бир кичкина мақола ёзилиб, имтиҳонлар натижасида қиз мактабларимизнинг ғайри оддий (не нормално) давом этканликлари айтилиб ўткан эди. Сон жиҳатидан ҳам зотан жуда оз бўлған қиз мактабларимизнинг яна бунинг устига ғайри оддий давом этишлари умумий маорифимиз учун катта камчиликдир. Бунинг олдини тўқтовсиз олмоқ даркор. Бу тўғрида марказдан кўра маҳаллалар кўпрак ёмон ҳолда бўлуналар. Исмоилзода ўртоғимизнинг гапига қарағанда “Самарқанддек” вилоят шаҳарида биргина бўлса ҳам мунтазам қизлар мактаби йўқ. Илгарида кўзга кўринарлик бўлуб келган Бибихоним мактаби ҳозирда сўнг кунларини ўтказадур. Бу мактабда 20 нчи йилда 50 дан ортиқ қиз болалар ўқуғани ҳолда,энди юксалишдан пастлашга юз тутуб, ўқувчилари 7-8 та қолған. Бу ҳол – бир Самарқандда эмас, ҳар ерда шундайдир. Бу ҳақда ўйламоқ, тушунмак ва қуруқ тушунмак билангина қолмасдан жиддий ва амалий чора кўрмак яна сиз ва бизнинг вазифамиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Энг_муҳим_бир_вазифамиз. Downloaded from uzbekai.com.