Эргашиш Абдулҳамид Чўлпон (Кичкина ҳангома) Замонамизни “ўзгариш замони” деганлар тўғри айталар. Асримизни “ақл ва зийраклик асри” деганлар адашалар. Кунларимизни “тақлид ва эргашиш кунлари” деганлар, локин жуда тўғри айталар. Биласизми, пойтахтимизда бутун жумҳурият учун чиқатурған биргина газета бордурким, исм шарифлари “Ахбор”! Ул газетанинг бошида чиройлиқ бир …. ичида “ҳафтада икки мартаба чиқар” деб ёзилса-да, зўр бериб, “ҳа-ҳа”лаб, сур-сур билан, қийқириб. Қийин-қистов қилсангиз ҳафтада бир марта чиқа олур. Ҳар куни чиқиб, деворларда бақиратурған “жарчи” бор эди. Ул ҳам худонинг раҳматига “қовушди” Нима учун “жарчи” ёш туруб худонинг раҳматига қовушди-да “ҳафтада икки мартаба” чиқишға тегишли бўлған “Ахбор” ҳафтада бир ҳам чиқа олмайдур?-деб сўраб кўрунг қани, нима жавоб олурсиз экан! Матбаа мошинаси гумбираб, кичкина “Америка” қўл мошиналари тариллаб, мураётиб қўллари югуруб юруб жавоб берарки: “Афандим, азизим, жоним, газета чиқармоқ учун бизнинг вақтимиз йўқ. Биз – “иш варақаси” – служебная записка ишлаш билан машғулмиз!” Сиз унларнинг бу жавобларига ишонмазсиз. Локин биз жуда катта ихлос ва эътиқод билан ишонамиз, негаким, биз ўз кўзимиз билан кўруб турамизки, худоға шукур шаҳримизда “масъул” бўлмаған бир ишчи қолмади ва “иш варақаси” босдирмаған бир шўъба мудири ҳам йўқдур. Камина, бир кун бизнинг файтун ҳайдовчи кучеримиз келиб дейдирки, “меним учун иш варақаси буюринг” жоним чиқди, дедимки, “кучерга ҳам иш варақасими?” Кучернинг аччиғи келди, индамасдан қобоғини буруб туруб олдимға бир қоғоз ташлади, ўқудим, кўрдим, мана унинг нусхаси Иш варақаси Служебная записка Шўъбасининг масъул от боқари Ответственний Конюх ——————– отдела Қизардим, уялдим, индаёлмадим. Эртаси куни “масъул от” ва “масъул қашлағуч”ға ҳам “иш варақаси” чиқса яна индаёлмайман. Нима деяй: Замонамиз “ўзгариш замони”… Кунларимиз “тақлид ва эргашиш” кунлари… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Эргашиш. Downloaded from uzbekai.com.