Эски китоблар савдосини қўлга олайлик Абдулҳамид Чўлпон Эски китобларнинг аҳамиятини сўйлаб ўлтиришга ҳожат йўқ. Умуман, ҳамма маданий мерослар ичида энг катта ўрин туткан китоблар экани барчага белгилик. Жумҳуриятимизнинг турли бурчакларида, ҳар кимларнинг қўлида бекиниб, ортиқча матах бўлиб ётган қимматли асарлар жуда кўп. Булар эгасини тополмай чанг-тупроқ орасида кўмилиб ётади. Ҳолбуки, кундан-кунга сони ўсиб турган илмий ходимларимиз учун улар жуда керак. Ундан ташқари, савияси ўсиб, маданий даражаси кўтарилиб турган омма ҳам янги ва эски китобларга талабгор. Иттифоқнинг бошқа қисмларида эски китоблар савдоси давлат муассасалари қўлига олинган. Булар қимматли асарлар тушганда дарҳол илмий ташкилотлар, кутубхоналар ва музейларга топшириладилар. Шу билан бирга оммавий талабгорни ҳам қондириб турадилар. Чунончи Москвада нуқул эски китоблар олиб сотилатурган ўнларча давлат магазинлари бор. Бизда ҳам эски китоблар бойлигининг зўр эканига қарамай, бутун Ўзбекистонда лоақал бир киоска ҳам йўқ. Шунинг учун бу иш аллақандай саводсиз одамлар, тўғриси чайқовчилар қўлида қолиб келмоқда. Бизнинг фикримизча, Ўзнашр бу ишга айрим аҳамият бериб “букинист” дўконлар очмоғи ёки ўз катта магазинларида айрим бурчаклар ташкил қилмоғи керак. Эҳтимол баъзи ўртоқлар: “Ўзнашр янги китоблар савдосини қанчалик йўлга қўйиб эдики, энди эски китоблар билан машғул бўлсин?” деб айтарлар. Ҳеч бўлмаганда, Ўзнашр тажриба учун Тошкентнинг ўзида бундай бир магазин очиши мумкин. Бунинг устига яна, албатта, бу масала аҳамиятли бўлгани учун, Маориф комиссарлиги ҳам кўмаклашмай қолмаса керак. Айрим кутубхоналар бу ишга қизиққанлари учун улар ҳам аралашиб турарлар. Демак, жамоат контроллиги ва ёрдами ҳар жиҳатдан таъмин этилажақдир. Бундай бир магазин очилганда қадимги босма ва ёзма асарларни таниш, уларни керакли кишилар ва муассасалар қўлига тўплаш мумкин бўлганидек, сўнгги вақтларда чиқиб тарқатилиб кетган ва қайтадан босилмаган китобларни айрибошлаб туриш учун ҳам имконият ҳосил бўлади. Бинобарин, Маориф комиссарлиги ва “Ўзнашр”дан бу ишга эътибор қилиб, “саҳҳофлик” (букинист) магазинлар очиш тўғрисида чора кўрмакларини сўрайман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Эски_китоблар_савдосини_қо%E2%80%98lga_олайлик. Downloaded from uzbekai.com.