Эски мақсадқа қайтайлиқ Абдулҳамид Чўлпон “Ёш бухоролиқ” деган маслак қуйидағи шу уч нарса билан майдонға чиқғандир: мактаб, китоб, матбуот. Ёш бухороликлар ҳам энг олдин бош кўтариб чиқғонларида, юрт ва эл учун кураш майдониға отилғонларида шу 3 нарсани юксак товуш билан қичқирғонлардир: “мактаб, китоб, матбуот!” Буни ёш жумҳуриятимизнинг нозирлар шўроси раиси ва “Ёш бухороликлар”нинг пирларидан бири бўлғон ўртоқ Файзуллохўжа, Бухоро инқилобининг бир йиллиқ байрамида чиқғон “Ахбор”дағи “Хотиримдадир” мақоласида ёзиб тўхталиб ўтди. Кўб яхши. Бунинг устига биздан доғи 5 модда нарса ортдирайлиқ: Маскавда 20 сентябрда улуғ совкўм (“камиссарларшўроси”)нинг отоқли бир пиролетарчи мажлис бўлғон. Мазкур мажлисда Русияда босилатурғон оқчаларнинг 8 фоизини (бир хабарда 80 фоиз) маориф камиссарлигига бериш тўғрисидаги масъалани қарамоқ учун айрим бир ҳайъат тузилган. Озарбойжон жумҳуриятининг комиссарлар шўросираиси ва Русия туркларининг эски жамоат ходимлариданўртоқ Наримонов Озарбайжон жумҳуриятининг маориф хизматчилари қурултойида бир нутқ сўзлаб, ул нутқнинг бир ерида дейдир: “Агар менга фалон ерда, шуролар олами (опарати) кўб яхши қўюлғон, локин маориф ишлари оқсайдир”, – десалар, мен: “ – демак, у ерда шўролар олами яхши қўюлмоғон экан”, – дейман. Доғистон жумҳуриятида маориф ишлари “ортиқдаражада зарбали” деб эълон қилғон. Бухоро халқ қурултойи маориф ишларини“зарбали” (ударний) деб таниди. Жумҳуриятимизнинг маориф назорати 8 ёш билан ёш орасидағиларға “мажбурий ўқуш” эълон қилиб, биркоғаз чиқарди. Шуларнинг ҳаммасининг устига бизнинг айта турғонимиз кўб қисқа: Русия Шўролар ҳукумати энг қийин бир аҳвол ичида маорифга ёпишадир. Озарбайжон жумҳуриятида бу ҳақиқатни бурун ҳам билар эди, тағин қайтариб, маҳкамлаб айтарлар. Доғистон жумҳурияти бу қарорни юзага чиқариш йўлида қатъий чораларга энди киришгандир. Бухоро халқ қурултойи кечагина ўтди – “мажбурий ўқиш” тўғрисидағи эълон яқинда бутун жумҳуриятта тарқатилур. Мактаб учун: муаллим, китоб керак. Китоб учун ёзғувчи, босдирғувчи керак. Матбуот учун киши куч, коғаз, матбаа… яна бир мунча нарсалар керак. Шу кераклар орасида, шу кераклар қўшуни ўртасида қолиб туруб эшитамизки: “Бухорода мактаб биноларини муассаса хизматчиларига хона жой учун бериб туралар. Маориф назоратиға болалар байроқ кўтариб келиб мактаб жойи талаб қилалар. Назоратда баъзан тўпаланг…” эмиш. Мунга ҳам бир нарса демаймиз, бизнинг сўнгги сўзимиз бирдир: Ҳаммамиз эски мақсадға қайтайлик!… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Эски_мақсадқа_қайтайлиқ. Downloaded from uzbekai.com.