Фарёд Абдулҳамид Чўлпон Маориф ва маданият шўроси раиси ва ишчилар факултаси декани биродар Содиқ Абдусаттороф ва жумҳурият маориф қўмиссари биродар Muhammad Амин Афандизодаларга. Фарёд!.. “Фарёд азин навъи вужуди адам олуда.” Олдимда “Иштирокиюн”нинг кейинги сони ва унда ишчилар факултасининг турк қисми ҳайъати таълимийя аъзоларининг исм ва унвонлари… Кўз олдимда ярқираб ёнуб турган ўлка татар дорулмуаллимини… Қаршимда яна ўзининг руҳлиги билан кўрулуб турган қирғиз дорулмуаллимини… Яна рўбарўмда совуқ, руҳсиз аскарий мусиқанинг “буб-пуф”индан бошқа нарса эшитилмаган маъюс, тушкун ўлка турк дорулмуаллимини.. Ўнгимда бир хато, тузатиши қийин бир хато. Тўғриси, зўр бир хиёнат.. Келажакда – охири йўқ қоронғилиқ… Мана шундай бир ҳолда, мана шу хил нозик бир масъала устида фикр айтмоқ, қалам юргизмоқ керак. Локин, бу оғир, ғоят даражада оғир… Шундай бўлса-да, бир ўзбак боласи, бир ўзбак йигити бўлганлигим учун ўзимнинг овозимни, ўзимнинг юрагимдаги қайнаб турган қайғу денгизининг тўлқунларини тўкишга, бу ишга ва бу ҳаёт-мамот масъаласига совуқлик, қурамаслик билан қараганларнинг юзларига урмоққа, чачмакка мажбурман. Мунинг учун мени афв этарлар. Шўролар ҳукумати, қизил идора Туркистонга ўрунлашгандан кейин, йиллардан бери юракларда ёқилуб келган бир амал, бир хаёл вужудга чиққан, Туркистонда бир турк дорулмуаллимини очилган эди. Туркистондаги ўтроқ ва кўчма миллатларнинг бутун келажаклари, бутун борлиқ ва йўқлиқлари шу дорулмуаллиминга ва ундан етишадурган қаҳрамонларнинг қўлига топширилған эди. Кейин нима бўлди, билмадим, кўчма халқ (қирғиз қардошларимиз) ўзларига айрим дорулмуаллимин очдилар-да чиқдилар. Бу жуда табиий, жуда тўғри бир ҳаракат эди. Тил ва урф-одат тўғрисидан хийла ўзгалиги бўлған бу икки қавмнинг бир мактабда бир хилда ўқиши мумкин эмас эди. Айрим-айрим бўлдилар-да, ҳар бир ўз кунларини ўзлари кўрдилар. Демак, иш ўз йўли, ўзининг табиий йўли билан келди. Татар масъаласи-да шу хилда ҳал этилди: улар-да ғоят табиий ўлароқ ўзларига айрим дорулмуаллимин таъсис этдилар. Қолди ўзбак дорулмуаллимини. Агар унинг эшиги олдина борсангиз зўр бир унвон (вивиска) кўрарсизки: “Ўлка турк дорулмуаллимини” деб ёзилмиш. Фақат бир савол берадурган одам топилмадики, номи мубораклари турк миллатидан бўлган қирғиз ва татарлар ўзларига алоҳида дорулмуаллиминлар очуб, “Татар дорулмуаллимини”, “Қирғиз дорулмуаллимини” деб исм бергандан кейин ва сизнинг дорулмуаллиминда ҳам фақат ўзбаклар қолгандан кейин яна нега ҳамон “турк дорулмуаллимини” бўлуб қолди? – десун… Бу ҳам майли, бу ҳам ўтсун, масъаланинг оғир ери бу ёқда: Ўткан ёз Фарғона музофот маркази Сим (Искоблиф) шаҳрида бутун Фарғона учун бир таълим ва тарбия қурси очилған эди. Ул курсга Фарғонанинг ҳамма шаҳар ва қишлоқларидан (мумкин бўлган ерлардан) ўқувчилар келуб, 3 ой ичида ғоят буюк ва зўр шодлиқлар билан тамом бўлган эди. Ул қурсда таълим берганлар ўлкамизда ҳаққи ила муаллимлик номига лойиқ бўлган кишилар эдики, улар илгари 2 йилдан бери Хўқанд дорулмуаллимининг ҳайъати таълимийясида эдилар. Курс битарга яқинлашқанда бир хабар келди: “Маориф қўмиссари Содиқ Абдусаттороф ўртоқимиз ўлкада мукаммал ва нусха бўлурлиқ бир дорулмуаллимин вужудга келтирмоқ Хўқанд дорулмуаллими хайъати таълимийясини таоми ила Тошкандга чақирған… Ҳар ким шошди, ҳар ким ҳайрон бўлди. Локин шу ўлкада мукаммал нусха бўлурлиқ бир дорулмуаллимин деган сўз билан яна ҳар ким юпанди. Ўлкадан марказдан кутди. Албатта, ул вақтда ул муаллимларнинг ўлка дорулмуаллиминига киражаклари очиқ маълум эди, орада ҳали тотор дорулмуаллими масъаласи йўқ эди. Ҳайъати таълимийя бир вагон бўлушуб келдилар ва ўлка турк дорулмуаллиминига келуб: “Мана биз келдик” дедилар. Локин, бахтсиз халқнинг бахтсизлигина қарши бахтсизлардан бир неча кишининг хаёллар тўла овозлари ила жавоб берилди: “Йўқ, сизнинг керакингиз йўқ. Биз ўзимиз ортуб етамиз…” Мана шул сўз билан фожеа бошланадур. Мана шул сўздан сўнг ҳалиги ҳақиқий муаллимлар юзларини айлантириб, бошқа юлдуз истамакка кетдилар. Орада бир мунча “ярашдириш”, “келишдириш” мажлислари бўлмиш, фақат, мумкин бўлмамиш сабаб нима? Очиқ: ул хоинлар ҳамон дорулмуаллимин курсисидан қуваланмамишлар… Орадан икки йил ўтди. Ҳамон бу нарса йўқ, тотор дорулмуаллимини очилуб гуллаб ётадир. Бунда ҳамон ҳеч бир нарса йўқ… Ҳам бўлмас каби-да… Билмайман, ўн йиллардан бери “Дорулмуаллимин” хаёли билан маст бўлганлар қаерда қолдилар? Комиссар бўлдиларда, басми? Юмшоқ усталга ўлтирдилар-да тамомми?.. Агар шундай бўлса, ул кишилардан на халқ учун, на меҳнаткаш ва на бошқа учун бир чақалик фоида йўқдир. Юрагида инсоф ва виждони бўлганлар айтсунларки, ўлка турк дорулмуаллиминида, бу бутун ўзбак халқига мактаб ва мактаб йўллари ва таълим йўллари кўрсатадурган бу муборак муассасада бир таълим-тарбия мутахассис, ҳеч бўлмаса, таълим-тарбиядан онглайдурган бир киши борми? Бор, десинлар, сўзимиз йўқ! Фақат, агар виждонлари бўлса бор дея олмаслар, виждонларидан эса биз жавоб эшитмаймиз. Бу ҳол бир мунча вақтлардан бери шу хилда давом этадир. Ҳеч бир тадбир қилинмаз. Мен, бир мен шу тўғридан ўзбак шоирларидан ёлқинли, тошқинли, халқчи бўлган ўртоқ Алийифга-да, Низомиддин Хўжайифга-да, Афандизодага-да айтдим. Фақат “ҳмм…” деб лаб тишламакдан бошқа бир нарса кўролмадим. Турк дорулмуаллиминининг (ўлик) каби ҳиссиз шогирдлари менга бир неча мартаба келуб шикоят этдилар. Локин, меним овозим лаб қидиришдан бошқага ярамади. Дорулмуаллиминнинг муаллимларидан баъзи бирларига ҳам айтдим, йўқ, ҳеч нарса йўқ… Ўзбак халқи учун ёниш куйиш деган нарса йўқ… Фақат, амин бўлсунларки, улар халқ учун куймасалар, уларни халқ ўзи куйдиражак. Кулларини осмонга совуражақдир. Сиз агар дорулмуаллимин шогирдларидан “дарслардан мамнунмисиз? десангиз Султон Ҳамид вақтидаги ёш турклардан “ғоят мамнун” дерлар. Локин сиз уларнинг ичларига, юракларига кирсангиз, қандай фарёдлар жаранглар… қандай оҳлар кўтарилар. Мен шу ўзбак (яъни “турк”) дорулмуаллиминига муаллим бўлуб киришга вақтлари бўлмаган ёки бошқа сабаблар билан кира олмаган кишиларнинг “ишчилар факултаси” ҳайъати таълимийясига кирганларини кўрдим. Яна “дорулмуаллиминлардан шогирд олинмас” деган қарорни-да ўқидим. Ортиқ чидаб бўлмади, қўлимга қалам олдим, бақирмоқчи бўлдим; эй халқнинг ёш кучлари билан ўйнашишни ҳунар қилганлар! Ўзбак дорулмуаллиминидаги талабаларнинг ҳақиқий таълим-тарбия ва илму маърифатдан баҳрасизликларин билуб туруб ва шунга ҳеч бир бир чора қилмай туруб, нега тағин “ишчилар факултаси”нинг эшикини ҳам улар учун ёпдингиз? Сизга лозим эдики, ўзбак дорулмуаллиминининг руҳига фотиҳа ўқуб, ундаги бечораларнинг ҳаммасини “ишчилар факултаси”га олсангиз. Қилмайсиз экан, ортиқ демангизки, биз халққа хизмат этамиз. Халқ болалари руҳсиз, халқ болалари ўликдай яшарлар. Сизнинг сиёсатингизда бир ўзгариш йўқ. Энди меним бу фарёдим бир фарёдки, бўлуб қолса бирар натижаси кўрулмаса, тонгла, халқ олдида бутун масъулият сизнинг ва сизнинг устингиздадир. Фарёд, фарёд халқ ила ўйнашганлардан!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Фарёд. Downloaded from uzbekai.com.