Фузулийнинг пичинглари Абдулҳамид Чўлпон Ниҳоли гулшани дардамки, сув ерина верир, Бана ҳамиша жигар қони боғбони қазо. Фузулий ўзи Бағдодда ўтган, жануб туркчаси билан ёзган бўлса-да, ўзбеклар орасида Навоий билан баробар танилган шоир. Бизнинг бурунги програмсиз мактабларимизнинг “програм”ларида “Чоркитоб”, “Эшонсўфи” каби ахлоқ китобларидан кейин, Навоий девонларидан бири билан бирга, Фузулий девони бўлунарди. Ҳатто чаласаводлик отинбибилар ҳам ҳеч бир доктор ва ресепсиз, тўппа-тўғри аттордан олинган (балки катта оналаридан қолған) кўз ойнакни ип-боғ билан қулоқлариға илаштириб олиб, Фузулийни таталаб ўлтурардилар. Жануб туркларининг Боқий, Надим, Нафъий ва Эмроларини бизнинг туппа-тузук саводхонларимиз, ҳатто адабиётдан хабардор муллаларимиз ҳам билмас эдилар. Фақат Фузулий уларнинг ҳаммасидан айрилиб, бизнинг саводхонларнинг китоб токчалари ва рафларидан ўзига муҳтарам бир жой олган эди. Шу учун, адабиётшуносларимиз, классик адабиётимизнинг Лутфий, Навоий, Атоий, Бойқаро, Бобир, Амир, Фазлий ва бошқа-бошқаларини текширар экан, Фузулийга ҳам диққат қилишлари керак. Ўзбек классик адабиёти тилининг шаклланишида Фузулийнинг жуда яққол таъсири бор (Муҳаммадалихон шеърларида бу таъсир тўла, бошқаларда оз-кўп кўрулади). Фузулий оз ёзган, лекин соз ёзган шоирлардан. Унинг Истамбулда босилган бир куллиёти (тўла тўплами) борки, унга 1 – қасидалар (“қасоид”), 2 – “Банг ва бода”, 3 – Нишонжи пошога ёзилган мактуб, 4 – соқийнома, 5 – ғазаллар девони, 6 – “Лайли ва Мажнун” киради. Қасидалари кўпгина бўлса ҳам “Лайли ва Мажнун” билан ғазаллар девонидан бошқалари мақола ҳажмидаги кичкина асарлардир. Булардан ташқари, ҳалиги девонга кирмаган яна бир асари – “Ҳадиқатус-суадо”си борким, маълум Карбало фожиасига бағишланиб ёзилган. Унинг бошқа асарлари, борлигидан хабаримиз йўқ. Машҳур чиғатой классик шоири Лутфийнинг бир ғазалига Фузулий томонидан боғланған чиройлик бир мухаммас (бешлик) қўлёзма ҳолида сақланған экан, кўрушга муваффақ бўлдик. (Фузулийнинг мухаммас боғлашдағи ҳунарини кўрсатиш учун ўша мухаммас билан яна ўз устози Ҳабибийнинг бир ғазалиға боғлаған мухаммасини бир қадар изоҳ билан “Гулистон”да бермоқчимиз.) Мен ўйлайманки, турк тилида ёзган ва биз билган (ўзбекларга танилган) классик шоирлар орасида Фузулий ўзининг самимийлиги, куюб, кўнглидан олиб ёзиши билан алоҳида ўрун тутади. Фузулий ғазалларининг самимийлиги, яқинлиғи ва оташинлигини унинг ижоди ҳақида ёзганлар бир оғиздан деярлик тасдиқ қиладилар. Лекин мен унинг шу яқинлиғи ва оташинлигини янада олдинга қўймоқчиман. Фузулийдан гапирганда, унинг дарду аламидан, унинг чангги осмонга чиқишидан, чуқур маъноларга эга бўлган фалсафий нолишларидан бўрттириброқ гапириш лозим келади. Мана бу тўрт йўл нарсасини (рубоийсини) кўринг: Ҳар дамки баҳор қилди оройиши боғ, Навмидлик урди лолаваш бағрима доғ, Zero тикан узра дутди булбул маскан, Гул бад гузаргоҳинда ёндирди чироқ. Идеалист фалсафа тарафдорлари, айниқса билимдон мутасаввуфлар нима деса десинлар, бу тўрт йўлдаги шикоят, ўз даврига кўра, дунёнинг текиссизлигидан қилинган шикоятдир. Буни буюк шоир шундай гўзал рамзлар (символ) либосига ўраганки, гўзалликни ўзига монополия қилиш билан мақтанатурған тасаввуф, бу чиройлик рубоийни бошқа ҳеч кимга, айниқса турмушнинг дағал эҳтиёжларидан кўпрак гапиратурған “қўпол” моддачиларга бермак истамайди. Лекин ўша замоннинг ҳоким мафкурасига катта таъсир ижро қилған тасаввуф салтанати (султон салтанати билан баббаравар халқни кемирган куч), шунингдек бутун мамлакатни ўзининг қаттиқ чангалида ушлаган султон идораси, шундай санъаткор бир шоирга ўрта даражалик бир ҳукумат маъмурига берган давлатни бермайди, ёки бергиси келмайди. Бечора шоирни: Давр жавринда тану жонимда роҳат қолмади, Меҳнату ғам чекмага минбаъд тоқат қолмади деб, даврдан аччиқ шикоят қилишға мажбур этади. Унга мурувват қилиш, унинг қимматли асарларини тегишинча тақдир қилиб, у асарларнинг шоирига шунга яраша муомала қилиш бир ёқда турсин, уни ҳатто ҳар томондан яккалатиб, сўктурадилар ҳам. Yo “шиа” деб, ё бўлмаса умуман “эътиқоди суст” деб, унга кўп таъна тошлари оттиради. Умуман шоирга бўлган жаврлар “кетсиз” бўлади: Интиҳосиз жаврлар ўтлара ёндирди мани, Аччи сўзлар тотли жонимдан усондирди мани, – дейди шоирнинг ўзи. Фузулий даврининг катталари (Бағдод волиси Аёз пошо, Увайсбек, Рустам пошо, Мустафо Чалабий, аскарлар қозиси Қодир Чалабий ва бошқалар), шоирнинг ўз нафсини кучлаб туриб ёзган мақтовлари (қасидалар)дан бошқа нарсага тушунаолганмикан? Ўзларини мақтаб ёзган қасидалар учун баъзи-баъзида “илтифот” қилиб, гадойлар қатори “хайр-садақа” ташлаб қўятурған катталар шоирнинг асил кўнглидан чиққан (эмосионал) ҳаяжонларини англаёлармиди? Демиш ҳар ғунчая ошиқлиғим, розин сабо, дерлар, Эл оғзин дутмоқ ўлмаз, қўрқарам, эй гул, санга дерлар. Хаёлий оразинг жавлон эдар бу чашми пурнамда, Нечикким мавжланмиш сувда акси офтоб ўйнар. Маишат танглиги ниҳоят даражасига етгандан кейин, Фузулий “осилсам баландроқ дорга осилай” деб, энг юқориға ариза берган бўлса керак. Биз ҳозир ўша аризадан яъни Фузулийнинг Нишонжи пошога ёзган мактубидан гапирмакчи бўламизки, унда тасаввуф гўзалликларидан ҳеч бир асар йўқ. У ўша даврнинг инсофсизликларидан соддагина қилиб гапирадиган кичкина бир ҳужжатдан иборат. Фузулий турк султонларининг энг ҳашаматлиги бўлган қонуний Султон Сулаймон даврида ўтган. Султоннинг “қонуний” деган лақаби ўзи кўрсатиб турадики, унинг замонида у кенг мамлакат қонун билан идора қилинған давлат аппарати мунтазам ишлаган. Султонпараст тарихчилар Сулаймон даврини мақтаб тугата олмайдилар. Қонуний Сулаймон ўзининг мунча кенг мамлакатини маълум бир қонун доирасига солишга урунган эди. Бу нарса Фузулий мактубидан ҳам маълум бўлади (вақф даромадларининг турли чиқим бобларига-статяларга бўлуниши). Сулаймон ўзининг бу ташаббусида қанчалиқ муваффақ бўлгандир – билмаймиз, аммо Фузулий мактубидан кўрунадики, мамлакат идораси, барибир, бир тўда ўғрилар ва талончилар қўлида қолған. Кенг мамлакат даромадларининг қаймоғини ўшалар ялаганлар-да, Фузулийдек ҳалол меҳнат қилувчи бечораларга, қанча талантли ва санъаткор бўлсалар ҳам, “заҳматларга тушмак”дан бошқа нарса насиб бўлмаган: Банго бан ўлдуғум манзилда роҳат майл эдиб келмас, Душиб заҳматлара ночор бан ўлдум талабгори. Ҳавои сайр қилдим иртифои қадр учун, зеро – Еринда ҳар матоинг паст ўлур албатта миқдори. Шундай қилиб, юқорида айтганимиздек, фақирлиқ ва йўқсуллиқдан қутулиб бир қадар одам қатори яшамоқчи бўлган Фузулий вақфдан нафақа (“тақоид”) сўраб, ўша Султон Сулаймоннинг бош вазири бўлган Нишонжи пошога ариза беради. У аризанинг устига бош вазир “завоид ҳисобига (вақфнинг туб эҳтиёжларига белгиланган маблағдан ошиқча пуллар ҳисобига) берилсин” деб ёзади. Мана шу “завоид” сўзини дастак қилиб олиб, вақф идорасидаги тўралар Фузулийга ҳеч нарса бермайдилар. Уни кўп вақтларғача ана-мана деб сарсон қиладилар. Ахири, Фузулий вақфдан пул олиш умидини тамом йўқотғандан кейин шу мактубни ёзади. Мактуб жуда тумтароқ, сертакаллуф иборалар билан бошланадики, уни ўрта даражада саводли бир киши ҳам (арабча ва форсийчадан мукаммал хабари бўлмаса) тушунолмайди: “Молики мулк оройи олам ва ҳокими ҳикмат фазои ақолим…” Бу қуруқ бир муқаддимадан иборат. Ундан кейин шоир бир неча йўл шеър (назм) билан ҳалиги аризанинг нима учун ёзилганини, ундан нима натижа чиққанини билдиради. Бу бир неча йўл назм мактубчанинг бошида келади, демак Султон ва унинг идорасига отиладиган пичинг тошлари шу ернинг ўзидаёқ бошланади (шундай жойларнинг остига чизилди): Арз этар хокисору бемиқдор, Бандаи камтарин Фузулийи зор, Ки муқимий мақоми узлат экан, Сокини гўшаи қаноат экан, Бошима душди жоҳ савдоси, Завқи аҳли тама’ таманноси; Ҳаваси касби нангу ном этдим, Талаби рифъати мақом этдим, Истадимким, улувви қадр ўлам, Мазҳари лутфи подшоҳи олам. Билмадим ким, шикастаҳол ўлурам, Ҳасад аҳлина пойимол ўлурам. Тама’, ашрора ходим ўлмоқ эмиш, Суфаҳоя мулозим ўлмоқ эмиш. Кимки Аллоҳдин ибо айлар, Ғайр даргоҳа илтижо айлар, Ҳосили заллату хасорат ўлур, Рахти уммиди яъса ғорат ўлур . Фузулий shy ерда Султон идорасидан бир нарса умид қилиш хато эканини оп-очиқ, лекин қандай усталик билан пичинг тариқасида айтади! Ундан кейин вазирдан жавоб олганини, у жавобга кўп севинганини айтади. Аммо бу қаттиқ севинч яна ўшандай қаттиқ пушаймон ва хафаликка айланганидан кейин шоир чидаёлмай кетади ва қонуний Сулаймон давридаги “қонуний” давлат аппаратини содда, лекин ўткур ва чиройлик сўзлар билан жуда ёмон уриб ташлайди (шу жойини тўла кўчурамиз, лекин асл нусхасини бериб ўтурмасдан, таржимасинигина берамиз): “…ва ҳукмни ижро эттирмоқ учун вақф мутаваллиси ёнига бордим, мутаваллини учратиб бўлмади, ундан кейин молия бўлумига қараб кетиб, энг наҳс вақтда ва энг ёмон фурсатда у жойга етиб борганлигимдан, бир тўда одамларни кўрдимки, ҳикоятлари паришон, на сафодан унда асар-у, на садоқатдан унда нишон бор; тўпламлари ҳиллалар тузоғи, мажлисдағи одамлари “ҳайвоннинг ўзи, балки унинг ҳам озғинроғи”. Келишмаган ҳаракатлари руҳнинг эгови сингари ва озор бергувчи сўзлари Нуҳ тўфони тўлқунларидай жангари; салом берсам, “бу пора эмас” деб олмадилар, ҳукм кўрсатдим, “фойдаси йўқ” деб назар солмадилар, гарчи зоҳирда бўюн эгиш (итоат) шаклини кўрсатдилар, аммо ҳол тили билан ҳамма саволларимга бир-бир жавоб айтдилар: дедим: “ҳой яхшилар, бу қандай феъли хато ва чин абрудир? Дедилар: “ҳамма вақт бизнинг одатимиз шудир”. Дедим: “менга риоя қилинсин. Нафақа учун қоғоз бердиларки, ҳамма вақт ундан баҳра олай, хотиржам ўлтуриб подшоҳнинг ҳақлариға дуо қилай”. Дедилар: “Эй бечора, сенинг уволингга қолғанлар, сени оворалик кўчасига солганлар, энди доим фойдасиз жанжаллар қиласан, хунук юзлар кўриб, дўққи сўзлар эшита беришдан сиқиласан”. Дедим: “Нафақам нима учун қўлға келмас?”. Дедилар: “Завоид деган нарса бизда бўлмас”. Дедим: “Шундай катта вақф завоидсиз бўладими?”. Дедилар: “Вақфнинг туб чиқимларидан зиёдаси биздан ортиб қоладими?”. Дедим: “Вақф молини ортиқча (ўз мақсадидан ташқариға) ишлатиш уволдир”. Дедилар: “Пулга сотиб олганмиз, бизга ҳалолдир”. Дедим: “Ҳисоб сўраб қолсалар жавобгарликка қолинади”. Дедилар: “Ҳисоб деган қиёматда олинади”. Дедим: “бу дунёда ҳам ҳисоб олинади деб эшитдик”. Дедилар: “Ундан қўрқмаймиз, чунки котибларни рози этдик”. Кўрдимки, саволимга жавобдан бошқа нарса бермайдилар, бу ҳужжат билан сўраганимни беришга яқин ҳам келмайдилар, ночор хархашани ташладим, яна маъюс ва умидсиз бўлиб ўзимнинг пана бурчагимга йўл бошладим”. Қонуний деган лақаби билан мақталатурған шундай катта бир султоннинг идора аппаратини қора ерларга уруб тоза разил қилғанидан кейин, ҳалиги икки ўртада сарсон бўлган ариза қоғози тўғрисида мана бу ширин йўлларни ёзади: “Ҳужжатимдан (қоғозимдан) ҳақорат кўрганим учун менга унинг олдида кўп уят, ҳужжатим менга фойда еткизолмагани учун мендан хижолат. У чарх этилган гувоҳдек гапирган гапидан пушаймон, мен ёлғон даъвогар сингари таъналардан паришон; у бекор бўлган оятдек ишга яровсиз, мен одам қаторидан чиққан умматдек овсиз ва довсиз”. Ундан кейин шу юқоридағи сўзларни тўрт йўл байт ичига қандай чиройлик ва бадиий қилиб, яхши образлар билан жойлайди: Бан анга фитна, ул банга офат, Мутанаффир бан андан, ул бандан. Бан анга ғусса, ул бана миҳнат, Мутакаддир бан андан, ул банда! Юқорида ҳам айтган эдик: бош вазирнинг буйруғидағи “завоиддан берилсин” деган ҳукмни баҳона қилиб, мутавалли ва унинг молиядаги тўралари шоирга ҳеч нарса бермайдилар. Шу учун мана шу “завоид” сўз устида ҳам Фузулий бош вазирга қаттиқ пичинглар қилади. “Дарҳақиқат, агар “завоид” сўзидан мақсад – хизматчилар ва рутба эгаларининг ойликларидан, нафақахўрларнинг маошларидан, от, мол ва бошқа ҳайвонларнинг ем-ҳашак сарфларидан, оқтариш ва бинолар солиш харажатларидан ошган пулдан нафақа берилсин, демоқ бўлса, у ҳолда жанобингиз мана бундай демоқчи бўласиз: “олдин ва юқори бўлиш даъвосини қилучи ва ўзини кўп мустаъид одамлардан олдинда деб билучи Фузулий, менинг сояи давлатимда, менинг қайнаб тушган сахийлигим, жўмардлигим ва марҳаматларим орқасида шу сахийлик номасини олиб ва менинг буйруғимға асосан, бундан кейин ўзини – ҳамма гадолардан, балки ҳайвонлар, тошлар ва ҳатто тупроқлардан кам ва паст билсин, беҳудага қоғоз ишлатмасдан ўз мартабасини топсин”. Бу мактуб яна бир неча йўл назм билан битади. Бу назмда ҳам каттакон пичинг бор: …Гарчи андуҳу миҳнатим чўқдир, Ҳечкимдан шикоятим йўқдир, Толиъимдир банга жафо кетиран, Ҳар бир онингда бинг бало кетиран, Йўқса даргоҳи подшоҳи замон, Лутфа манбаъдуру муруввата кон. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Фузулийнинг_пичинглари. Downloaded from uzbekai.com.