Ғалаба устига ғалаба Абдулҳамид Чўлпон Бошда Онатўли (Кичик Осиё) масъаласи бўлуб келиб, инқилобчи турк ўрдуларининг порлоқ ғалабаларидан сўнг Истанбул, бўғозлар ва Тракия масъаласи шаклига кирган қийин чигал – ечилмак олдидадир. Сўнг кунларда телеғром ва симсиз телеғром хабарларида уруш, тўқнаш каби нарсалар сира йўқдир. Ҳозир тўплар ва милтиқларнинг вазифалари бир даража тўқтаған, сиёсатчилар уруши, мияликлар тўқнашувиға кенг майдон очилғандир. Юнонистонни шу қонли ўюнға қизиқтириб киргизиб қўйған Англия сиёсатчилари шармандаликни ёпмоқ учун нима қилишларини билмадилар-да, келиб-келиб “бетараф минтақа” “Истанбул ва бўғозлар эгалиги” масъалаларини чиқардилар. Онатўлиға Туркияга мол узатиб, ҳамёни катта қилиб турған французлар сиёсатчи савдогарлари бўлса, бунга қарши оёқ тираб олдилар. Шунинг билан Туркия ва Юнон ўртасидағи жанжал – Франция билан Англия ўртасиға тушди. Лондон билан Париж орасида тўқтовсиз ноталар, изоҳлар, талаблар, фикрлар юруб турди. Англиянинг Шарқ сиёсатида энг катта рўл ўйнағучи Лорд Керзон жаноблари Франциянинг тутқан мавқеидан қўрқдилар. Маскавдан Қарахан ўртоқнинг бериб турған ноталари ҳам хийла “бесаранжом” қилди. Натижада Лорд Керзон енг шимарлаб майдонга кирди, Франция сиёсатчилари билан гаплашиб, уларни йўлға солишлиқ вазифасини у киши бўйниға олди. Лорд Керзон Франция вакиллари билан жиддий суратда гаплашгандан сўнг масъалани бир даража осонлаштира олди. Ya’ни: бўғозларни ҳар кимга очиқ қўймоқ шарти билан Истанбулни Туркия қўлиға топширмоққа рози бўлғандек бўлди. Ҳатто, кечагина “Турк қўшунини энди бир қарич ҳам илгари босдирмайман!” деб тошдек қотиб турған Англия сиёсатчиси бу кун Туркия қитъасини Эдирнаси билан бирга, Маърич наҳрига қадар яна Туркияга бермакка кўнуб турадир. Зотан, Туркиянинг талаби ҳам шу эди. Энди, бир қарашда масъала буткул ечилган каби кўрунадир. Локин, яқин Шарқ масъаласи инсоф аҳлининг кўзида осон бир масъала бўлса ҳам, Оврупо жаҳонгирлари учун кўб қийин бир масъаладир. Чунки, унда уларнинг хусусий манфаатлари бири-бирига тўқнаш келадир, унда Туркиянинг мустақил яшаш масъаласи бордир. Шунинг учун ҳали бир қадар гаплашишлар, музокаралар бўлиши лозимдир. Шунинг учун, бир вақт Италиянинг Венеция шаҳрида чақирилмоқчи бўлунған кенгаш мажлисининг бўлуб ўтиши лозимдир. Туркия ўрдуларининг ғалабаси, бу мажлисни ҳам чатоқлиққа тушурди. Италия ҳукумати Венецияда бўлсун, дейдир, Франция билан Англия ўз жойлариға яқинроқ торталар, Мустафо Камол ҳам: “Мен бош қўмондон бўлғаним учун ўрнимдан жила олмайман, шунинг учун яқин Шарқ масъаласини қарайтурған канференсия Онатўлининг ўзида бўлсун!” дейдир. Ҳар ҳолда масъаланинг тезрак ҳал қилиниши лозим бўлғанлиғидан бу кичкина модда устида унча кўб талашиб ўлтурмаслар. Истанбул билан Эдирна Туркияга қайтарилмоқчи. Масъаланинг бу кунги бориши шуни кўрсатадир. Фақат, ўлмаган бўлса ҳам ўлганлар қаторида ҳисобланған Туркияга шунча кучлик бўлған Оврупо давлатлари нимага бунча “илтифот” кўрсатиб турадирлар? Буни Оврупо давлатларининг инсофларидан кўруш жуда хатодир. Бунинг сабабини – фақат, Онатўли қишлоқисининг азим ва матонатидан, инқилобчи турк қўшунининг порлоқ ғалабасидан ва ниҳоят бу кунги сиёсий вазиятнинг шунга мойил бўлушидан кўрмак керакдир. Масъалани бу кун шу равишча ҳал этдириб турған – Онатўли халқининг кучидир, милтиғи, ўқи, пулимотидир. Йўқ эса, Истанбулнинг музайян саройларида, юмшоқ тахтларда ўлтурған ва англизлар билан французларнинг ҳар бир ҳаракатига “Марҳабо!” деб турған султон ва шаҳзодаларнинг бу масъалада бир чақалиқ аҳамиятлари йўқдир. Улар учун Истанбулнинг Туркия қўлиға кириши муносиб эмасдир, шунинг учун Истанбул масъаласи Туркия фойдасиға ҳал этилатурған бўлғандан сўнг, султоннинг эрка шаҳзодалари ва уларни силаб, сийпаб юрған олий вазирлар Истанбулни ташлаб, Малта отасиға қоча бошлағанлар… Сафарлари бехатар бўлсун! Истанбулда ўлтурған номуссиз султон ҳукумати энди Онатўли ҳукуматини расмий бир ҳукумат деб танимоқчидир. Инқилобчи Онатўли халқини ва унинг ҳукуматини шу чоққача боғий ва осий деб келганлар бу кун ўз қарашлари ўзгартмакка мажбур бўлубдирлар. Мана бу ғалаба – Истанбул, Эдирна ва Тракияни қўлға киргизиш ғалабасидан ҳам аҳамиятлик бир ғалабадир. Бунинг билан Онатўли қишлоқисини самимий суратда қутламоқ керак. Яшасун, ғалаба устига ғалаба қозониб ётқан инқилоб. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Г%CA%ББалаба_устига_г%E2%80%98alaba. Downloaded from uzbekai.com.