Ичкари типларнинг чевари Абдулҳамид Чўлпон Бу артистканинг бўлакча бир тарихи бор. Совет саҳнасининг бу қадрдон санъаткори билан танишаркан, биз, тилар-тиламас инқилобдан бурунги қора кунларга томон бир бурулиш ясаб оламиз. Қилич ва яроғ-аслаҳа кучи билан Ўрта Осиё ўлкасини ўз тасарруфига олиб, у ўлканинг халқлариға нисбатан зўр бир ғурур билан фотиҳлик сиёсати юргизган чорлар замонини эсга оламиз. Ерли халқ камбағаллари учун “алоҳида” вагон ажратилган, ерли халқни руслаштириш учун махсус “рус-ерли мактаблари” очилган, чиройлик парклар ва боғларға ерли халқ жулдур чапонлари киритилмаган, ҳар бир русдан ерли халққа нисбатан ғурурли ва ҳазар қилувчи бир муомила талаб этилган даврларни кўз олдига келтирамиз. Бутун бу тубанликлардан фарсахларча йироққа кетган бизлар, бу кунги миллий сиёсатнинг гувоҳлари, баъзида, ҳатто ўша кўрсатилган масхараликларнинг бўлганига ўзимизни ишонтиролмай қоламиз… Ўлкамизда ана ўшандай қора бир миллий сиёсат юритилган бир замонда (1899 нчи йилда), Наманган – Тўрақўрғон йўлидаги, Намангандан 2-3 чақирим масофалик бир қишлоқда Маруса хоним туғулади. Унинг отаси, ўша қишлоқдаги пахта заводида ишчи (механик) бўлган. У оилада туғулған болалар, кўча-куйга юриб чиқа олатурған ҳолда келар-келмас, қишлоқдағи ўзбек болалари орасига қоришиб кетиб, чанг ва лойлар ичида, бутун кун ўшалар билан ўйнашдан бўшамас эканлар. Гўдаклар, бир-бирларидан ҳеч ҳазар қилмас, жуда яхши ўртоқ тутушар эканлар. Маруса хонимнинг онаси, ака-укалари ўзбек тилини ўз она тилларидай билганлар. Маруса хонимни саҳнамизда кўрганлар бизнинг миллий хотин-қиз типларини беришда унинг қандай чевар бўлганини яхши биладилар. Маруса хонимнинг биринчи марта саҳнага чиқиши яна Наманганда бўлади. 1917 нчи йилда маҳаллий ўзбек ёшлари томонидан қўюлған таржима бир асарда (“Арвоҳлар”да) Марям ролини ўйнайди. Шундан кейин Наманган шаҳарида саҳнага қўйилған кўп асарларга аралашади. 1918 нчи йилда уни биз Тошкентда учратамиз. Ўзининг айтишича, ўша йили Тошкентда Карл Маркс номидаги театр тўдасида ўйнаган. 1918 нчи йилнинг декабрь ойларида Фарғона шаҳарида Қизил қўшин сиёсий идорасининг ташвиқот поезди тузулади. Шу поезд қошидағи театр тўдасида Маруса хоним ҳам бор. Тўданинг раҳбари Ҳамза Ҳакимзода эди. Тўдада халқ ашулачиси Қори Ёқуб, марҳум Ҳожи Сиддиқ, Рустам Исломов ўртоқлар ишлардилар. Бу тўда илгари Закаспий уруш майдонига бориб, у ердаги қизил аскарларга хизмат қилди. Кейинча Фарғона уруш майдонида босмачиларга қарши урушаётган қизил аскарлар орасида томошалар кўрсатиб юрди. У тўдада Маруса хонимнинг ўйнаган роллари, тамоман деярлик, Ҳамза Ҳакимзоданинг “Фарғона фожеалари” номлик тўрт песасидадир. Ҳозирга қадар ҳаммаси бўлиб 25-30 рол ўйнаган. Булардан муҳимлари: “Ҳалима”да Холжон хола, Ҳалиманинг ўзи, “Лайли Мажнун”да Лайли, “Фарҳод Ширин”да Ширин ва Маҳинбону, “Ёрқин Ой”да Ёрқин, “Аршин мол”да Гулчеҳра, “Лойқалар”да Калонова, “Ревизор”да Анна Андреевна, “Рустам”да Ҳамро, “Уйланиш”да амма, “Менинг дўстим”да София, “Қарол”да Биатрича. Унинг энг яхши ўйнаган роллари, бизча, “Ҳалима”даги Холжон хола роли билан “Лойқалар”дағи Калонова роли. Маруса хонимнинг ўзбек хотин-қизлари ҳаётига (эска ҳаётга) жуда яхши ошна бўлганини назарга олсак, ҳалиги муваффақиятларнинг сири дарров билина қолади. Бу икки рол, эски ҳаётимиздаги хотин-қиз типларининг энг характерлиларидандир. Тўғри, Калонова – ўз вақтида жавобгар бир шўро ишчиси эди. Шўро даврида ишлади, шўро даврида жиноят қилиб, ўз жиноятини жазосини тортди. Фақат, у умрининг муҳим даврини инқилобдан илгари яшаган, инқилобдан кейин ҳам эски турмуш ботқоғидан ўзини тортиб ололмаган эди. Шўро даврида бутун борлиги билан эски турмуш чангалида қолиши, уни, охирда фожиага олиб борди. Шу ҳолда уни Холжон холадан кўпда йироқ қўйиб бўлмайди. Бу иккаловини бирлаштирган икки сифат бор: оғзи катталик ва дадиллик. Шу хислатларга эга бўлмасалар, у иккови, ҳаётда ва саҳнада мунча чуқур из қолдириб кетолмасдилар. Маруса хоним Холжон холанинг шу дадиллигини яхши бўртдириб беради, чунки артистканинг ўз шахсий характерида ҳам шу дадиллик бор… Биз, уч машҳур Холжон таниймиз: Ҳасан машиначи, Баҳри, Маруса хоним (мен марказ саҳнасини оламан). Бизда хотин-қизнинг саҳнага чиқиши эмас, театрга келиши мумкин бўлмаган даврларда режиссёр Уйғур Ҳасан машиначини саҳнага олиб чиқиб аёл ролини ўйнатди. Эркаклиги тамом билиниб тургани ҳолда, Ҳасан ўша типнинг бутун икир-чикирини яхши билгани учун, жуда зўр муваффақият билан ўйнади. Уни кўрганлар эски муҳитдан очиқ ва равшан бир парча кўрардилар. Шу учун эркаклик деган нарса билинмасди… Баҳрининг Холжони жуда жонли, серҳаракат, лекин унча дадил ва баҳайбат эмасди. Зотан, Баҳрининг тан тузилиши ҳам тўйлар қаҳрамони бўлган баҳайбат Холжонни беролмасди. У Холжонни майинрак қилиб, кўпрак унинг шайтонлигини бўртдириб, ҳовлиқмалигини кўп ҳам кўрсатмасдан ўйнади. Маруса хоним тамом бунинг акси. Тошкент томошабинларидан бир кампирнинг ўғли, ўз онасини “Ҳалима” томошасига келтиргач, Холжоннинг артистка эканига ишонтиролмаган. У кампир Холжонни аллақайси бир совчи хотинга ўхшатган, “шунинг ўзи” деб тураберган. Бизда ҳали эски турмушнинг қора саҳифалари кўп варақланиши керак. Янги ва бахтли бўғун, у қора кўринишларни саҳнада жонланган ҳолда кўрсин ва бу куннинг эркин ҳаёти билан солштирсин. Шу нуқтадан қарағанда Маруса хонимнинг саҳнамиздаги мавқеи зўр ва баланд. Бу кунги ёш бўғун артисткаларимиз эски маишатни яхши билмайдилар. Улар учун ўрганатурған бир мактаб керак. Маруса хоним, Лутфи хоним ва бошқа шу сингари артисткаларимиз ёшларга эски турмушни кўрсатишда бир мактаб вазифасини ўтаяжаклар. Бу – зўр шараф. Маруса хонимнинг шарафи ва қадри шу нуқтада бўлса унинг заифлиги ва камчилиги ҳам шу жойнинг ўзида. У эски турмушни жуда яхши, янгисини эса жуда оз билади. Ҳозирги замон песаларида унинг Холжон хола ва Калоновалар даражасига кўтарила олмаслиги ана ўша заифликдан бошқа нарса эмас. “Уйланиш”да амма ролини, “Ревизор”да Анна Андреевнани яхши ўйнамайди, “дурус” ўйнайди, холос. Яхши ўйновчи бошқа актёрлар орасида Маруса хонимнинг ўртача ўйини дарров сезилиб қолади. Маруса хоним яхши, истеъдодли артистка. У шу камчилигини курашиб енгиши керак. Афсуски, ўз иқрорича, адабиётни кам ўқуйди (ҳам ўзбекча, ҳам русчани). Театр-санъат адабиёти билан ҳам кўп шуғулланмайди. Касаллик, иш кўплиги ва бошқа-бошқа сабаблар бор, албатта. Фақат, ўсиш йўлини тўсатурған сабабларни курашиб енгмаса бўлмайди! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ичкари_типларнинг_чевари. Downloaded from uzbekai.com.