Идорага мактуб: Нўширавон афанди ҳақинда Абдулҳамид Чўлпон Марҳум Нўширавон афанди ўлгандан сўнг “Улуғ Туркистон” ғазитасинда андан қолған нарсалар ҳақинда ҳар ким маълумот бермакка бошлаған эди. Мен ҳам ўзимдаги нарсалар ҳақинда ёзиб билдирмакчи бўлдим. Маълумдирким, марҳум Туркистон Чини саёҳатиға тўқталған “Садои Туркистон” ғазитасининг мухбир ҳам вакили сифати ила кетган эди. Йўлдан “Садо”ға икки китоб юборган эди. Бириси: буюк турк шоири Амир Навоийнинг босилмаған бир асарики, унинг миллатга қолдирған вақфлари ҳақида “Вақфнома” деб айтурлик бир нарсадир. Ул асар Навоийнинг ўз асридаги “рўмантизм” руҳинда ҳар турли бўёв билан бўялуб ёзилған (яъни арабий-форсий сўзларнинг бозори.). Марҳум уни асл нусхасиндан ўзимизнинг 6 нчи нўмирлик русий коғазга кўчурган (аслини ололмаған бўлса керак), иккинчи саҳифасинда марҳумнинг ўз қўли билан ким нималар ёзилған эди, ҳозир хотиримда бўлмаса-да, ҳар ҳолда асарнинг исми ҳақиндан бўлса керак, яхшигина адабий бир нарса эди. Иккинчиси: форсий ёзилган “Жангнома” (уруш ҳикояси) бўлуб, яхши мусулмон коғазига ғоят гўзал бир қалам ила ёзилған назм эди. Биринчи асар ҳозир ўз қўлимда эмас. Хўқандда бир биродарим Юнусжон Оғалиқ жаноблариндадир. 2 нчиси ўзимда, аммо 20-30 минг чақиримлиқ ерда; саломатми? Йўқми? Билмайман. Агар меним китоблар қўйған еримга “қаҳрамон” арманилар “қизил лента”лар боғлаб кирган бўлсалар, эҳтимолдирки, асар марҳум Нўширавон афандининг ёнига кетган бўлса… Саломат бўлған тақдирда вақти ила тобшурурман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Идорага_мактуб%3A_No%E2%80%98shiravon_афанди_ҳақинда. Downloaded from uzbekai.com.