Ижроқўм Абдулҳамид Чўлпон Ниҳоят… ниҳоят келиб инқилоб қўмтамиз ижроия қўмита (ижроқўм)ға айланди. Инқилобнинг қонлар кўпурткан вақтларида бутун шаҳар ва уезд ҳарбий ҳолат остиға кириб, тинчлиқ билан иш кўргучи бир маҳкама, бир идорани кўрушдан йиллардан бери маҳрум бўлуб келди. Ҳаттоки, яқин вақтларда инқилоб қўмитасининг исмига «ҳарб» (уруш) деган бир сўз қўшулуб, «инқилоб ҳарби қўмита» номини олиб келди. Ниҳоят ўтган ойнинг 28 нчи куни Андижон шаҳар ва уезднинг бош маҳкамаси, амалий хужайини ўз мажлисини кўрди. У мажлисда «инқилоб, ҳарби» жумлалари бир тарафга олуб қўюлуб, ижроия қўмита номи ўртага чиқди. Ҳозир, ҳар нарса юмшағанидек, ҳар нарса бўшашғанидек. Лекин, ҳақиқатда асл иш, асл меҳнат, асл ўзни кўрсатиш эндигина бошланди, десак бўладур. Чунки бурунғи ҳайъатларнинг вазифаларида душман билан урушмак баробарида бузмоқлиқ ҳам бўлса, ҳозирги ва мундан кейинги ҳайъатларнинг вазифалари тўппа-тўғри: тузатиш, ўнглаш, обод қилиш, гуллатишдур. «КИЧКИНА ОНГЛАШИЛМАСЛИҚ» Яқиндағина Андижон сув идораси (Вод.хоз) ўзининг фаолияти тўғрисида маъруза берган. Маърузадан онглашиладурким, сув идораси Масковдан келган улгуржи червонларни бекорга сарф қилмаған, биргина Ҳаққулобод маҳкумининг ўзида аллақанча иш қилған экан. Демак, сув идорасига бу иш учун «балли» демак керак. Лекин шу маъруза устига Ҳаққулобод шўро маҳкамаларидан бир қоғоз келиб тушадур. У қоғозға қарасақ, Ҳаққулобод маҳкумида сув идораси ҳеч нарса қилмаған. Қилған бўлса ҳам ўз пули билан эмас, юрт пули билан, юрт кучи билан қилған. Мана мунда «кичгина»онглашилмаслиқ бор. Шу онглашилмаслиқни билиб, онглаб ҳукм қилмоқ учун ижроқўм қошида алоҳида бир комиссия тузулмакдадур. Қани бир оз кутайликчи, комиссия қандай ҳақиқатларни кашф қилар экан? Ўзи қилмаған ишни «қилдим» дегани учун сув идорасини айбларими ёки кўз олдида қилинған ишдан бехабар қолғани учун Ҳаққулобод ҳукумат идораларини қоралармиз. Ҳар ҳолда шу «кичкина» англашилмасликни бартараф қилар! ДЕҲҚОНЧИЛИК СОЛИҒИ Уезднинг баъзи жойларида деҳқончилик солиғининг униши сустрак борадур. Баъзи жойларда солиқни тўлашга қодир кишилар (қишлоқ бойлари) хайрлик қилғанға ўхшайдурлар. Солиқ йиғиш ишидаги вакил шул тўғрида ижроқўмға маъруза қилди. Ижроқум унинг маърузаси юзасидан қуйидағи чораларни кўришга қарор берди. 1) ижроқўмга тобе бўлған ҳамма маҳкум бўлус, қишлоқ ва овул маҳкамаларига буюрулсунким, деҳқончилиқ солиғининг 15 нчи январгача битта қолмай йиғилиши уларнинг жавобгарлигидур. 2) яна ўша маҳкамаларга буюрулсунким, тўлашдан бош тортқан бойлар ва бой деҳқонларға қарши қаттиғ чоралар кўрулсун. 3) солиқ комиссиясига ҳам таклиф қилинсунким, мухлатдан бурун ариза (шикоят)ларни тезлик билан қараб чиқсун. Шу уч моддани амалга қўйиш шошилишлиқ билан ишланди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ижроқо%E2%80%98м. Downloaded from uzbekai.com.