Иккинчи Лузон арафасида Абдулҳамид Чўлпон Эрта-индин Лузон конференцияси қайтадан очиладир. Бу илгариги Лузоннинг давоми эмас, ўз бошиға янги бир Лузондир, деб тушунсак тўғрироқ бўлур. Негаким, бу сафарги Лузоннинг руҳи бурунғисидан хийла бошқадир. Ўтган Лузонда шўролар Русиясининг вакиллар ҳайъати ҳозир бўлған ва бу ҳол ҳар томондан катта шовқунлар чиқишиға сабаб бўлған эди. Яқин Шарқ ва айниқса бўғозлар масаласига шўролар Русиясининг қараши билан юрилган вақтда Лузон «кенгашчилар» бир сесканишиб олған эдилар. Энди бу сафарги Лузонда ҳали русия вакиллари йўқ. Бу тўғрида на газеталарда ва на телеғромларда ҳеч нарса кўрулмади. Бу бир. Иккинчи томондан Рур масаласи узул-кесил шунинг билан бирга нозик ва ёмон бир йўлға кириб кетиб давлатлар ўртасидаги алоқа ва муносабатларни чайқалаштириб юборди. Англия билан Франция ўртасида ясама бўлса ҳам очиқ бир самимият йўқ. Ундан кейин биринчи Лузон билан манави иккинчи Лузон орасида ўтган узунғина муддат орасида «Осий турклар»га қарши бирорта юнонға ўхшаған ахмоқ кўмак ҳозирланмади, тўғриси – ҳозирламоқ мумкин бўлмади. Мариж бўйига 80 000 қўшун тўплаб қўйип «буйруқ» беришкагина қараб қолған Юнонистон хўжайинларидан кўнгли тўлмади шекиллик аччиғиға чидай олмасдан ғарбий …..даги бўлған халқини сиқиб-эзишга киришди. Бошқа ишга ярай олмади. Анқаранинг ўз ичидан чиқиши кутулган «кўнгилсизлик» (неприятност)лар ҳам ҳалиги чиққани йўқ. Туркияни заифликка, бўшашишлиққа кетиб борғанини кўрсататурған бирор аломат ва ишорат йўқ. Бўлшевиклар русияси билан бўлған дўстлиқ алоқаси ҳам узилгани ёки ҳеч бўлмаса бузулғани йўқ. Ўзимиздаги иқтисод конференциясида «Осий турклар» шўролар вакилини қаттиғ олқиш билан қарши олдилар. Ўртоқ Ленин касал бўлғанда Туркия саркардалари саломатлик тилаб телеғром юборалар. …. ҳам касал. Унга ҳали на хабар, на телеғром юборилмадилар. Учинчи ёқдан Туркия ҳукумати Амерқонинг «Чистир» ширкатига бир мунча имтиёзлар бермак билан Лузонда иттифоқчиларға қарши кучлик ва бой бир рақиб ҳозирлаб қўйди. Туркия ҳукумати «Чистир» ширкатига имтиёз бературған бўлса Омериқо унга Лузонда сиёсий ёрдам ваъда қиладир деган бир хабарни газеталарда ўқуб эдик. 19 апрелда чиққан газетамизда «Америқо томонидан Лузонға вакил қилиб Чаул ва адмирал Пристул деган кишиларнинг белгиланганликлари» хабар берилган эди. 20 апрелдағи сонида эса: «ул Омериқо вакилининг Лузонға боришдан мақсади – ширкатнинг олған имтиёзларини мудофаа қилмоқ» бўлғанини хабар бердик. Демак берилган имтиёзларнинг муҳим бир қисми – асл Туркияники бўлуб-да ҳозир Англия қўлида турған Мусл вилоятида бўлған учун расман имтиёзларни мудофаға қолған Омериқо ҳақиқатда Туркияни мудофаа қилған бўлиб чиқадир. Бу иш Англия билан Франциянинг ҳаддан ташқари ўсуб кетган ғурурлариға катта бир зарба бўлиб уларни бир мунча юмшатса эҳтимолдир. Тўртинчи томондан Лўзонға боратурған Туркия вакиллари ҳайъати-нинг бошиға сиёсатда бир оз бўшанглиғи кўрулган Исмат пошшо ўрнига бу сафар дўқтур Ризо Нурибек қўйилғандирким бу-да Туркиянинг Лузондағи мавқеи бу сафар бошқача бўлишини кўрсатадир. Буларнинг устига Сулаймония воқеаси муносабати билан ёзған мақоласида ҳозирғи вазиятга жуда опғалиқ (ҳушдорлиқ) билан қараған Онатўлидағи «Янги кун» газетасининг фикрини қўшсақ бу кунги Туркиянинг Лузондағи мавқеи ва умуман янги Лузоннинг умумий шакли бизга очиғроқ кўрулган бўладир. «Янги кун» ёзған эди: «Бир томондан Лўзон конференция»сига вакилларимизни юбориб қўйиб иккинчи томондан тинч халқимизни урдиришға йўл қўя олмаймиз. Қўшунимиз қурол остида: Муслни йодимиздан чиқарғанимиз йўқ. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Иккинчи_Лузон_арафасида. Downloaded from uzbekai.com.