Ишчи театрининг маҳорати Абдулҳамид Чўлпон Ўзбекистон халқ маориф комиссарлиги қарамоғидағи давлат асосий драм театрусининг бир бўлаги бўлиб, кўчманчи ишчи театри 29-30 нчи йилдан бошлаб ишга киришган эди. Бу театрнинг иш даврида айниқса Бухоро, Термиз шаҳарларидаги тажрибасизликлари, янгиликлари натижасида келиб чиқған жузъий камчиликлар ҳақида матбуот саҳифаларида сўзланиб келинди. Театр ичидаги бир қисм умидли ёшлар бу танқидларға жиддий эътибор қилиб, театрнинг камчиликларини тузатишга ҳаракат қила бошладилар. Театр ичидаги ташкилий, оммавий, ҳаётий, тарбиявий камчиликлар бир томондан тугатила борған бўлса-да, иккинчи томондан театр бошиға қора бир кун туға борди. У ҳам бўлса, театрнинг бутун ҳаёт-мамоти давлат асосий театрнинг бевосита раҳбарлигида бўлиши, айниқса театрнинг бошқаруви ўтакетган жиноятчи Қосимхўжаевнинг қўлида бўлиши. Қосимхўжаев ишчи театрининг бошлиғилигини назарда тутмади. Уни ўсдириш учун чоралар кўрмади. Балки, унинг кучидан фойдаланди. Асосий драм труппа хизматчиларининг ойлиғини ўз вақтида берганида ишчи театри хизматчиларининг ойлиғини 2 ойлаб чўзди. Буларни қишлоқда оч-яланғоч қолишиға сабабчи бўлди. Қосимхўжаев бу труппа ҳақида нима қилди денг? Қосимхўжаев Ўзпахтасоюз билан 60 кунда 60 та театр қўйиб бериш шарти билан шартнома тузишди. Бундан 25 минг сўм пулни олиб “Эсинг бўлса бу ерда турма” деди-да Маскавга қараб жўнаб қолди. Бу шартноманинг бўлишин театр хизматчиларига ҳеч ким тушинтирмади. Ҳатто танаффус чоқларини ҳам эсларига олувчилар бўлмағани қизиқ ҳол. Шу аҳмоқона шартномани коллектиф хизматчилари бажардими, йўқми? Театрнинг умидли азаматлари “Ишласак ўшал безбетнинг шарафига ишламас эканмиз, ҳозирғи давримизнинг жон томири бўлған колхоз, совхоз оммалари учун ишлар эканмиз, у билан бўлса тегишли жойларда ҳисоблашамиз” деб қилинған шартномани танаффуссиз бажардилар. Қосимхўжаев ёмонлиқ билан қаноатланмай заём тўғрисида ҳам театрни ўтдек куйдирди. Театр хизматчилари учинчи сана заёмиға 5080 сўмлиқ ёзилған эдилар. Шу пулдан 3800 сўмни на банкага ва на бошқа ерга топширмади. Шу сабабдан театр хизматчилари ҳалигача аблигацияларини қўллариға олғанлари йўқ. Шундай бўлса-да театр хизматчилари “5 йиллиқни тўрт йилда” заёмиға бир ярим ойлиқдан ёзилувға қарор қилдилар. Театр Термизга борған вақтда Қосимхўжаев экин кампаниясини ўтказиш камиссиясидан қишлоқларға чиқиб театр қўйиб бериш учун деб 4 минг сўм олған эди. Бу нарсадан театр хизматчиларини огоҳлантирмасдан урра қочиб қолди. Натижада бир неча қишлоқлар театрсиз қолиб, ёмон отға театр қолди. Ишчи театри Тошкентга келиб тек ётмасдан 2-3 театр қўйиб берди. Бу театрларни кўрган киши коллектиф хизматчиларига умид боғлай олади. Марказий саное’-нафиса союзининг яқинда бўлған мажлисида театрнинг кўрсатган хизматлари айрим театрнинг 30-31 нчи йил театр мавсумида алоҳида айрим маъмурияти, айрим хўжалиғи ва бюджети билан давлат асосий театридан ажратишни лозим топди. Шунинг охирида Қосимхўжаевнинг яна бир марта таъкидлаб, алоқадор идораларнинг диққат билан қарашларини кутамиз. Яна бир зарур масъала, коллектиф хизматчилари ўртасида сиёсий тарбияни кучайтириш, бу йилғи ўйнайтурған асарларни саралаш лозим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ишчи_театрининг_маҳорати. Downloaded from uzbekai.com.