Жуда фойдалик китоблар Абдулҳамид Чўлпон Ҳозирги замонда бизга энг кераклик китоблар: бошлаб мактаб китоблари (дарсликлар)дур. Халқимизда билимга рағбат ортиб, янги мактаблар кўпайган сари мактаб китобларига жуда зўр эҳтиёж сезиладур. У эҳтиёжни даф қилиш йўлида бизнинг Туркистон давлат нашриёти (ҳозир: Ўрта Осиё давлат нашриёти!), гапнинг тўғриси, жуда оз ишлади. Хунук ва янглиш босилишда бир-бири билан пойга қўюшатурған бир неча дарсликлар дардимизга ҳеч шифо бўлолмайдур. Энг зарур эҳтиёжимизни тўлдуруш, яъни дарсликлар тайёрлашда мунча суст кеткан давлат нашриёти, иккинчи бир эхтиёжимизни тўлдурушда ҳам бу чоққача дурустгина бир нарса ишлай олғани йўқ. Иккинчи эҳтиёжимиз деганим – халқ, айниқса, қишлоқ халқи учун кераклик нарсалардан осон тил билан гапуратурған енгил, кичкина рисолачаларга бўлған эҳтиёжларимиздур. Мана бунинг аҳамияти ҳам, умумий халқнинг мактаб ва китоб каби нарсалардан йироқ турғани кўзда тутилғанда, аввалги эҳтиёждан унча ҳам кейин қолмайдур. Яқинда бошқармамизға 7 та майда рисолача келди. У рисолачалар “Туркистон сиёсий онг-билим тарқатиш қўмитаси”нинг ҳаракати билан Туркистон давлат нашриёти томонидан бостирилған халқ учун энг керак ва зарур нарсалардан содда ва осон ўзбек тили билан гапиратурған у китоблар “қишлоқ адабиёти”нинг 21-, 22-, 23-, 24-, 25-, 26- ва 28-бўлакларидан иборатдур. Бу рақамлардан кўринадурким, бу хил асарларнинг босилған ва босилмаған яна бирмунча жузълари бор. Биз қилған жузъларининг ҳам тезроқ босилиб чиқишини умид қилмоқ билан бирга у 7 рисолачанинг исмларини қуйида кўрсатиб ўтамиз: 1 – Отларда қичитма касали (Дездиров асари). 2 – Ипак қуртларини қандай боқиш керак (Соколский асари). 3 – Эчки (Эсгибинов асари). 4 – Уй ҳайвонларида юқумлиқ касаллар (Архипов асари). 5 – Сабза ва мевалардан фойдаланиш йўллари (Эштейнберг асари). 6 – Сутлик сигирни танлаш (Калонтар асари). 7 – Туркистонда боқчачилик ишида қисқача қўлланма (раҳбарлик) (Базаркин асари). Таржума қилғучиларнинг исмлари ёзилмаған. Рисолачалар кичкина ҳажмда, кўпроқ 20 – 25 бетлик бўлуб, ораларида 72 ва 127 бетликлари ҳам бор. Бу рисолачалар тўғрисида умумий бир мулоҳаза ёзишни бошқа вақтға қолдириб, ҳозир бутун “Қўшчи” союзлари, батрак секциялари, сиёсий маориф идоралари, қишлоқ ижроқўмлари ва, айниқса, қишлоқлардағи қизил чойхоналарга у асарларни тезроқ олдириб, халққа баланд овоз билан ҳар қаерда ўқуб, тушунтуруб бермакларини тавсия қилармиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Жуда_фойдалик_китоблар. Downloaded from uzbekai.com.