Катта душманимиз йиқилди Абдулҳамид Чўлпон Кечаги газетамизда Амриқо ташқари ишлар идорасининг бошлиғи Юзнинг ўз ўрнидан истеъфо берганлиги ҳақида хабар ёзилди. Юз ким эди? Кенгашлар Русиясининг яшашини кўра олмаған, бойлар дунёсининг хизматчиларидан бири бўлиб, кенгашлар устига бўҳтонлар ёғдириш йўлида уста бир муттаҳам эди. У жаноб бу кун “хусусий истироҳат” учун иш бошидан кетадир. Бойлар дунёсининг “ходимлари” ишчилар дунёси билан курашда ўз мақсадларини юзага чиқара олмаса-да топадурған баҳоналаридан бу ҳам биридир. Кенгашлар ҳокимиятини қайси бир Оврупа давлати танишликка қадам босса, у давлатнинг ҳаракатига йўл қўймаслиқ йўлида кўрган чоралари ҳали Русия ишчиларининг эсидан чиқмайдир. Лекин, у ҳаракатлари унинг дунёси учун натижа бермади. Бизни Оврупонинг ҳамма давлати таниди. Энди Юз кетиши билан бу кундан бошлаб Амриқо бизни танийдирми? деган сўроққа келганда бизни танишға тарафдор бўлған сенатор Юзнинг таъсири ўсиб, иккинчидан Амриқо ишчиларининг орасида бизга муҳаббат ортқан сари, бизни таниш яқинлашғусидир. Бу муҳаббатнинг бизнинг томонда эканлигига 2 нчи байналмилалнинг қонғресида бизга қарши ҳаракат режаси қабул этилмаганлиги ҳам шоҳиддир. Тарих бизнинг учун ишламакдадир. Юзларнинг йиртқич сиёсатларининг натижаси чиқмағанда “тинч истироҳат”га кетишлари дунёнинг сармоя ҳокимиятидан қутулушнинг яқинлашқанлиғини кўрсатадир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Катта_душманимиз_йиқилди. Downloaded from uzbekai.com.