Кеча ва кундуз Абдулҳамид Чўлпон 1-боб «Ҳамал келди, амал келди». Ҳар йил бир келадиган баҳор севинчи яна кўнгилларни қитиқлай бошлади. Яна табиатнинг дилдираган танларига илиқ қон югурди… Толларнинг кўм-кўк сочпопуклари қизларнинг майда ўрилган кокилларидай селкиллаб тушмоққа бошлади. Муз тагида лойқаланиб оққан сувларнинг ғамли юзлари кулди, ўзлари ҳорғин-ҳорғин оқсалар-да, бўшалган қул сингари эркинлик нашъасини кемира-кемира илгари босадилар. Симёғочларнинг учларида якка-якка қушлар кўрина бошлади. Биринчи кўринган кўклам қуши биринчи ёрилган бодроқ нашъасини беради. Бултур экилиб, кўп қошларни қорайтирган ўсма илдизидан яна бош кўтариб чиқди… Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан бу кўкат! Эркакларнинг гуллик тўпписига тегмай, яланг аёллар билан, уларнинг сочлари, гажаклари ва рўмол попуклари билан ҳазиллашиб ўйнаган салқин шабада… кўклам нашъаси билан шўхлик қилади. Ҳаёт нега бу қадар гўзал ва ширин бўлади баҳорда? Зеби (Зебиниса)нинг қиш ичи сиқилиб, занглаб чиққан кўнгли баҳорнинг илиқ ҳовури билан очила тушган, энди, устига похол тўшалган аравада бўлса ҳам, аллақайларга – тола-қирларга чиқиб яйрашни тусай бошлаган эди. Қиш ичи ҳам кети узилмаган совчилар бир-икки ҳафтадан бери келишдан тўхтаганлар, энди ташқари эшикнинг «ғийт» этиши бир-икки аёлнинг астагина босиб, паранжисини судраб кириб келишига далолат қилмас, ҳали эндигина ўн бешга қадам қўйган бу ёш қизнинг гўдак кўнглини унча чўчитмас эди. Кўк териш баҳонаси билан бир-икки марта кенг ҳовлиларга, шаҳар ичида бўлса ҳамки тола-тузларга чиқиб келганидан бери кўнгли қирларни, толаларни, ишқилиб, олис-олис жойларни яна кўпроқ тусай бошлаган эди. Отаси бомдоддан кирмаган, онаси сигир соғиш билан овора, ўзи кичкина саҳнни супуриб турган вақтида ташқари эшикнинг бесаранжом очилиши Зебининг кўнглини бир қур сескантириб олди. Бир қўлида супургиси, бир қўли тиззасида – ерга эгилган кўйи эшик томонга тикилиб қолди. Отасининг одатдаги томоқ қириш ва йўталишлар билан, катта эшикнинг оғир занжирини шарақ-шуруқ қилиб тушириб намозга чиқиб кетганига ҳали кўп ўтмаган эди. Ҳалол-ҳаромни кўп ҳам фарқ қилмайтурган бу одамнинг авродда ўтириш одатлари, ҳатто ҳаммадан кейин қолиб мачит шамларини пуфлаб чиқиш расмлари бўларди. Айтганидек, эшикдан шошилиб кириб келган – ёшгина, ўзи тенги бир қизча бўлди. Ҳали тузук-қуруқ одам қаторига кириб етмаган бу қизчани катта хотинларнинг орият паранжисига буркаганлар, паранжининг узун этаклари катта бир тугундек унинг қўлтиғини тўлғазарди… Ўрганган қиз ичкари эшикдан ҳатлар-ҳатламас паранжини ирғитди ва ўзининг болалик руҳи билан югурганича бориб Зебини қучоқлади. Иккаласи қувона-қувона кўришдилар. Супурги етган жойидан нарига ўтмасдан ерга ёнбошлади… Иккала ёш – юзлари кулган, кўнгиллари ёзилган – қўлтиқлашиб айвонга бордилар ва Зебининг отаси туриб кетган сўрининг чекасига ўтиришдилар. Салти (Салтанат) эрта саҳарда мунақа ҳаллослаб келишининг сабабини ҳали айтгани йўқ эди: улар кўришган ҳамон ёш қизларнинг ўз ораларида ўтатурган маҳрам гапларини гаплашиб, тикаётган кашталари, пилтага кирган тўппилари тўғрисида бир-бирларига калта-калта маълумот беришган эдилар. Салти энди гап очди: – Эрта саҳарлаб чопганим бекорга эмас… – Мен ҳам сезганман… Юрагим бир қур сесканиб ҳам олди… – Нимага, ўртоқжон? – Ўзингиз билган совчилар балоси-да… Қиш ичи кети узилмади. – Менам безганман, жоним қақа… Шу учун бир қишлоққа чиқиб келсакмикан деб эдим… – Нимасини айтасиз… Ариқдаги сув ҳам музнинг тагидан чиқди-ку. Зебининг юзини шу топда бутун қиш ичи тўпланиб қолган ҳорғинликнинг асарлари эгаллаган эди. Унинг иккала юзи, айниқса, кўрпанинг катта-катта қавиғига тикилган андишалик кўзлари, ҳовур босган ойнакнинг бетига ўхшарди. Аксинча, Салтининг юзлари чарақлаган юлдуздай, сернашъа, қувноқ ва ҳар қандай андишадан йироқ бўлиб, кўнглининг чуқур бурчакларидан чиқиб келган севинч тўлқинларини акс эттирарди. Шу учун у Зебининг сўнг сўзларидаги оғир маъюсликни пайқай олмади. Унинг кўзлари Зебида бўлса ҳам, назарлари бошқа ёқларда эди. – Энахонни биласиз-а? Ёйилма сойдаги ўртоғим бор-ку? Зеби бошини кўтариб ўртоғига қаради, шу қараш унинг нечикдир Энахонни эслолмай турганини кўрсатарди. Сўнгра Салти таъриф қилди: – Ўтган куз бизникига меҳмон бўлиб келишди-ку, келинбибиси билан бирга? Ўшанда неча марта киши юбориб чақиртирдим, бормадингиз, отангиз жавоб бермади… Зеби бош тебратди: – Ҳа, ҳа… билдим, билдим. Ўзини кўрганим йўқ-ку, эшитиб биламан. – Ана ўша қиз ўша сафар келганида мени айтиб кетиб эди. Баҳорлашиб бир бориб келаман деб юриб эдим. Яқинда яна айтиб юборибди. Шунга тенг-тўшларим билан бир бориб келмакчиман. Сизни ҳам олиб бораман… – Қачон? Зебининг бу калта саволидан Салти кўп нарсани англади. Бу савол Зебининг иложи бўлса шу кун паранжисини қўлига олиб (ёпиниб ҳам ўтирмасдан!) шу ердан узоқлашмоқ учун талпинганини кўрсатарди. Шу учун Салти: – Мен сизни олиб кетгали келдим, айланай! – деди. Ва икки ёш бола ниҳоясиз қувончлар ичида яна бир-бирларига чирмашдилар… Одатда, онанинг кўнгли юмшоқ бўлади. Зебининг онаси – Қурвонбиби Салтидан ҳалиги чақириқни эшитгандан кейин дарҳол розилик берди: – Майли, ўйнаб, ёзилиб келинглар. Қиш ичи юракларинг ғаш бўлгандир… ёш нарсалар, – деди. Зеби онасининг бературган жавобини илгаридан биларди. Бу она қизининг саодатидан бошқа нарсани билмайтурган оналардан эди. Дунёда қандай яхшилик ва хайриятлик бўлса, ҳаммасини шу биргина қизи учун истар ва орзу қиларди. Лекин… Онанинг розилик сўзларига шу биргина «лекин» элчиб келганидан, бечора қизлар севиниш тўлқинларини яна бир қур кўтаришга фурсат тополмадилар. Ҳамма жим қолди. Ҳар ким ўз олдида бир нарса топиб шунга кўз тиккан ва у нарсада Зеби – ўз отасини, Қурвонбиби – ўз эрини, Салти – қовоғидан доим қор ёғиб турган совуқ бир сўфини кўрарди. Бу булутли ҳавони очмоқ фақат онанинг вазифаси эди: – Отаси бомдоддан кирсин, – деди у Салтига қараб, – мен ўзим ётиғи билан айтиб кўрай, йўқ демас, – сўнгра Зебига юзланди: – Сен, қизим, уйга жой қил, ўртоғингни ўтқиз, дастурхон сол. Биз отанг билан чойни сўрида ичиб, ҳалиги гапни гаплашамиз. Иккала қиз ҳам оғиз очмай жим қолишди. Чунки Раззоқ сўфининг мизожини уларнинг иккаласи ҳам яхши биларди. Сўфига энг маъқул бир масалани бўлса ҳам уқтириб розилигини олмоқ учун ё ўзининг пири, ёки катта бир давлатга эга бўлиш керак эди. У одам ўз тенгларидан ҳеч бирининг ҳеч қачон ҳеч бир гапини тинглаган эмасди. Аёллардан маслаҳат, айниқса, ўз хотинидан бир таклиф эшитмоқ учун Раззоқ сўфининг қайта бошдан бунёдга келиши керак бўларди… Шу учун Зеби, кўзлари андиша билан кенгайиб очилгани ҳолда, индамасдан жойларни йиға бошлади. У ўринларини йиғиштириб, нонушта жойларини тайёрлаб бўлгандан сўнг ўчоқ бошида чойнакларга чой ташларкан: – Отамдан дарак йўқ-ку? – деб сўради онасидан. Қурвонбиби бир кўча эшигига, бир ёнбошдаги дарахтлар орасидан кўтарилиб келаётган қуёшга, бир ўчоқбошидаги қизига қарагандан кейин: – Билмадим, аврод чўзилиброқ кетдимикин? Сен чойни жиндек қўйиб туриб, чала қолдирган ерларингни супуратур, келиб қолар, – деди. Зеби шу топда яна қайтиб қўлига супурги олишни истамаса-да, ўртоғининг «бу қиз энасининг гапига кирмас экан» деган ўйга боришини ўйлаб, индамасдан супургини қўлига олди ва бир қўлини бир тиззасига қўйиб, саҳн бетини супура бошлади. Зебининг чой дамлаб келишини кутиб уйда – дастурхон бошида ўтирган Салти иккала қаноти очиқ турган эшик орқали бу ҳолни кўрганидан кейин ўрнидан туриб ўртоғининг ёнига чиқди. Зеби уни узр айтиб қарши олди: – Ўртоқжон, – деди, – отам авродда ўтириб қолди, шекилли, шунақа одати бор. Эндиёқ кириб келса керак. Хафа бўлманг-а? Бу сўнгги калта жумланинг айтилишидаги самимият бир-бири билан яқин ўртоқ тутишган ёш қизлардагина бўлади. «Хафа бўлманг-а?» деб турган вақтида Зебининг юзини кўриш керак эди! Бир қўлида супурги, бир қўли тиззасида, супурги ҳам ердан узиб олинган эмас, фақат бош юқори кўтарилган-у – бутун вужуд Салтининг ихтиёрида! Кўнгил, орзу, севги, севинч… булар ҳаммаси Салтига томон учади, унга томон отилади, уни ўраб, уни айлантириб, уни қучади! Зебининг юзларидаги ойдай тиниқ ва қуёшдай ёруғ бу ҳолат моддий ҳақиқатлар қадар очиқ кўринарди. Ўртоғининг бу самимиятини Салти ҳам кўз билан кўрибгина эмас, кўнгил билан сезиб англаган эди. Шу учун Зебининг у сўзига жавоб ҳам бериб ўтирмасдан бирданига унинг қўлидаги супургига ёпишди. Ўз кўнглида супургини олиб бироз супуришиб берса, ҳалиги самимиятга яраша жавоб берган бўларди. Зеби супургини қўлдан олдирди, лекин ўртоғи супура бошлагандан сўнг: – Вой, бу нимаси! Қўйинг, ўзим супураман! – деб яна супургига ёпишди. Салти бермади – бу олмоқ истади, Салти қочди – бу қувалади, шундай қилиб саҳнни супуриш ўрнига бу икки ўртоқ бутун ҳовлини бошларига кўтариб, шовқинлар ва қийқиришлар билан дунёни бузиб бир-бирларини қувалаша кетдилар… Ўз уйининг қабристонлар қадар жимжит, хонақоҳлар қадар унсиз, ўз кўнгли қадар тунд ва хўмрайган бўлишини истаган Раззоқ сўфи худди шу ола-тўполон устига кириб келди! Эшикдан кирар-кирмас овозининг борича: – Бу нима қиёмат!!! – деб шовқин солиши иккала ёш қизни чақмоқ теккан дарахтдай турган жойларида қотириб қўйди. Йўқса, сўфи эрининг диндор хотини бўлган Қурвонбиби ҳам «бас энди!» деб озмунча қичқирмаган эди… Агар бу совуқ сўфи кириб келган бўлмаса, икки ёш қизнинг қиш бўйи тўплаган кўнгил ғашликлари бироз шўхлик билан анча ёзилган бўларди. Зотан, уларнинг ўзларини унутар даражада бир-бирлари билан бу хилда ўйнашувлари ўша ғам-ғашлар пуржинасининг бўшалиши, сиқинтилар оқимининг тўғонни бузиб олдинга томон йўл солиши эмасмиди?! Бундай телбаларча кўпириб-тошувларни тўхтатмоқ учун ҳам, албатта, телбаларча ҳайқиришлар, чақмоқ қадар қувватли зарблар лозим бўларди. Отаси кириб келганидан кейин Зебининг кўнглида ўйнаган изтироб ва ҳаяжонлар Раззоқ сўфининг «нима бу қиёмат!» деган қиёматидан қўрқинчроқ эди. Совуқ бир сўфининг наздида бу қадар ваҳимали бўлиб кўринган оддий ва табиий бир болалик ўйини қафас даричасининг очилишини кутган вақтида даричага каттакон бир қулф урилаётганини кўрган бир қушнинг изтиробидан кам бўлармиди?! Иккала қизнинг, айниқса, Зебининг кўнглидаги изтироб, зотан, сўфи киргандан сўнг авж олиши керак эди. Чунки қизлар шўхлик ва ўйинга берилиб кетиб ҳамма нарсани эсдан чиқарган эмасмидилар? Қоронғи қиш кунларидан қолган доғлар, тўрт довол орасида яшашдан келган сиқинтилар, оталардан ўтган зулмлар, совчилардан етган ташвишлар барҳам емаганмиди? Ёшликнинг қувватли тўлқинлари уларнинг барчасини бир баҳор ёғмури каби ювиб кетмаганмиди? Шундай ўртоқнинг шундай ширин муомилалари олдида шундай тескари, шундай ўжар ва қайсар отанинг борлиги ҳам унутилган эмасмиди? Уйидан «бир зумда бориб келаман» деб чиққан Салти ҳам берган ваъдасини, уйини ва ота-онасини унутиб – қўлида маймоқ ва туллаган бир супурги билан! – қолиб кетмаганмиди? Ғафлатда қолганларнинг бошига тушадиган таёқ ёмон зил кетади, дейдилар. Бу иккала қиз ўйин ва шўхлик ҳаваси билан ғафлатда эдилар. Сўфининг оғир зарби билан ўзларига келгач, олдиларида зўр бир тоғ турганини кўриб, ихтиёрсиз чўчиб кетдилар. Бу тоғдан ўтиш керак эди, ҳолбуки, бу тоғ – мунақа ёш болалар ўта оладиган тоғлардан эмасди. Иккаласи ҳам изтиробнинг бу оғир юкини бир-бирларининг кўзларида ўқидилар… Сўфининг бақиришидан сўнг бироз шошиб тургач, улар югурганча уйга кирдилар ва ўзларини эшикли деразанинг панасига олиб, Раззоқ сўфининг ҳаракатларини кузата бошладилар. Кўзлари сўфида бўлса, қулоқлари Қурвонбибининг оғзида эди. Унинг гапирадиган гаплари уларнинг кўнгилларида тугилган оғир ва чигал тугунчакни ё ечиб юборажак, ёки яна баттарроқ чигаллаштириб, икки ёш нарсани – яна неча ой! – бир-биридан ажратиб ташлаяжакди. Сўфи булар уйга кириб олгунча эшик олдида бўзариб-гезариб турди. Булар уйга кирганларидан кейин, салласини Қурвонбибига узатиб, устидаги малла яхтагини олисдан туриб картга ирғитди ва ўзининг оддий овози билан: – Қанжиқлар! – деб бақирди. – Ёш нарсалар, ўйнашса нима бўлибди? Мунча энди забтига олдингиз? –деди Қурвонбиби. – Гапирма, эшак! Қурвонбиби жим бўлди. Сўфи карт томонга қараб юрди. Карт устига дастурхон ёзилиб, бир мистовоқ нон билан пиёлада қиём қўйилган эди. Сўфи картга чиқиб ўтиргандан кейин, Қурвонбиби ўчоқдан чойни олиб келди. Сўфининг бу авзойини кўргандан кейин икки қизнинг борқадар умиди ҳам узилиб бўлди. Зеби бу умидсизликни яширолмади: – Ўйнашмай ўлайлик, энди отам ҳеч қаерга чиқармайди… Салти ҳам ўз ташвишини англатди: – Нима қиламиз энди? Сиз бормасангиз, мен ҳам бормайман… Энахон тоза койийди-да. – Тек ўтирган бўлсак, кўнгли юмшармидикан? – деди Зеби. Салти индамади. Бироздан сўнг яна ўзи илова қилди: – Кўнгли ўлсин, юмшаган вақтини кўрганим йўқ! Катта-катта харсангтошларни сой бўйига девлар ташлашган, дейди… Энг каттасини отамнинг кўкрагига ташлаб қўйиб, «мана шу сенинг кўнглинг!» деганмикан, яшшамагурлар! Бу гап Салтига таъсир қилди, шекилли, «пих-х!» эта кулиб юборди. Зебининг мунга чинакам аччиғи келган эди, қўлини узатиб ўртоғининг оғзини тўсди. – Вой, анови қизни! Яна бешбаттар қиласиз ишни! – деди. Салти зўр билан ўзини босиб олди. Иккаласи яна – кўзларини милтиллатиб – чол билан кампирга тикилдилар. Боядан бери эрига қараб жим ўтирган кампирнинг энди астагина кулимсираши буларга жон киргизди. «Кўрдингизми?» деганни қилиб иккаласи бир-бирига қараб олишди. Чинакам, Қурвонбиби сўфига ёқадиган бир сўз топгандай, дадиллик ва бемалоллик билан, кулиб туриб гап бошлади: – Мен Зебини бир жойга жўнатиб ётирман… Сўфи бу сафар бақирмаса ҳамки, дағал бир овоз билан сўради: – Қаерга? Нега? – Ойдинкўлдаги Халфа эшонимизнинг кичик қизлари бир-иккита ўртоғини «баҳорлашиб кетинглар» деб чақиртирган эканлар. Шуларнинг биттаси Зеби, яна биттаси унинг ўртоғи Салтанатхон экан. Салтанатхон аравани қўштириб қўйиб, ўзи Зебини айтгали келибди. Йўқ десак қандай бўлади? Хотини нима деса «йўқ» дейдиган сўфи бу сафар бирданига «йўқ» демасдан, хаёлга кетди. Қизлар Қурвонбибининг бу тадбиридан хурсанд бўлиб, яна умидлана бошлаган эдилар. – Қурвон холам боплади! – деди Салти. – Энам гапга уста. Эшондан тушганини кўринг. Эшон десангиз отам ўлганини ҳам билмайди… Худо муни эшонлар учун яратган. Салти Зебининг бу гапларини эшитгандан кейин сўфининг хўп деб жавоб беришига ишониб кетди. Бир қўлини ўртоғининг бўйнига ташлаб уни қучоқлар экан: – Бўлди, ўртоқ, энди! Жўнаймиз! – деди. – Санамасдан саккиз демай туринг ҳали! Отам осонлик билан маъқул гапга кўнадиган одам эмас… Жим туриб қолишини кўринг: ҳали ҳам чурқ этмайди. Сукут узоққа чўзилгандан кейин Қурвонбиби энди бу сафар жиддий бир чеҳра билан: – Нимага индамайсиз? Хўп денг! Катта одам, уят бўлади. Бир яхши хотинлари, бир отинча қизлари борки… Ўзларини бўлса ўзингиз биласиз, – деди. Сўфи негадир: – Биламан, фитна, биламан! – деб қўйиб, яна жим бўлди. Энди Қурвонбиби яна ҳам жиддийлашди: – Бўлмаса «йўқ» денг. Салтанатхонга жувоб берай, кетсин! Азонда келиб эди. Шундан кейин сўфининг тили айланди: – Шошма, фитна! «Йўқ» дема, майли, бора қолсин… Қачон келади? – Индинга эрта билан ё кечқурун. – Эшонойимнинг раъйларига қарасин. Сўфи ўрнидан турди. Картдан тушиб, кавшини кияркан: – Овозим бор деб ашуллага зўр бермасин, – деди. – Номаҳрамга овозини эшитдирса, рози эмасман! Бу сафар одамга ўхшаш гапириб Қурвонбибини қувонтирган Раззоқ сўфи шу сўзлардан сўнг яна ўз жимлигига қайтди. Бироз сўнгра, салласини кийиб, яхтагини қўлига олгандан сўнг: – Хуржинни бер, фитна! Бўлмаса, иккита қоп бер! – деб қолди. Қурвонбиби қопни узатаркан, эрининг қўлига шу топда бир оз пул тушганини, энди каттароқ харид қилиш учун бозорга кетаётганини ва ҳалиги зўр илтифотнинг ҳам пулнинг кучи билан бўлганини англади… Сўфи томоқ қириб эшикдан чиқаркан, уйдаги икки шўх қиз яна бир-бирига чирмашган эди. Қафаснинг даричаси очилди! Энди қушларга қанотларини ростлаб туриб «пир!» эта учмоқдан, кенг кўкларга, фазоларга парвоз қилмоқдан бошқа нарса қолмади. Паранжини ёпиниб ўтирмасдан, шундоқ бош устига ташлаб, чимматни «хўжа кўрсин»га тутган бўлиб югуриш керак, холос… Фақат, унда даричанинг очилганига ким севинади? Шодликни ким қилади? Эркинликнинг лаззатини ким тотийди? Шу қадар қайсар бир одамни бу қадар усталик билан йўлга солган онанинг ҳурматини ким ўрнига келтиради? Уни ким қучоқлаб, ким ўпади? Иккала қизнинг уйдан югуриб чиқиб, баб-баробар Қурвонбибининг бўйнига осилишлари ана ўша неъматнинг шукрони эди. Қизлар ўзларининг беҳад севинчларини юзага чиқармоқ билан бирга онага бўлган миннатдорликларини ҳам тегишинча изҳор қилмоққа ошиқардилар. Улар кампирга шу қадар осилиб, эркалик қилиб, у билан шу қадар қаттиқ ўйнашдиларки, кампир ҳолдан кетиб картга думаланди… Булар қийқириқ солишиб, тобига келган чойдишдек шарақлашиб… кампир билан ўйнашаркан, у чарчаб энтикканидан зўрға-зўрға нафас олиб: – Бас, қизи қурғурлар… бас дейман… бўлди энди… Yo‘лингдан қоласан!.. – дея сўзланарди. Кампир ёлворган сари булар авж олишар, бири қўйиб бири: – Шунақа эканми? Вой, тўвва-ей! Халфа эшоннинг қизи чақиртирган эканми? Вой, тўвва-ей!.. – деб унинг энг қитиғи келадиган жойларига чанг солишарди. Ниҳоят, ўзлари ҳам ўлгудек чарчаб, кампирдан қўл тортдилар ва «уҳ!» деб иккаласи икки томонга ўтирдилар. Булар тарақ-туруқ эшик очиб, шошилиб кўчага чиққан вақтларида, пахта заводининг ингичка товушли жинғироғи соат ўн икки бўлганини билдириб қичқирарди. 2-боб Салтиларникида кечгача сафарга тайёрланиб – бирозгина патир билан сомса ёпиб, кўча эшигининг чап биқинидаги катта кундадан аравага ҳатлаган вақтларида, кун ботиб борарди. Арава шаҳар ичидан чиқиб, тола йўлига кирганда, кечанинг қора пардаси ер бетини ўраган эди. Қор остидан чиққан ерлар баҳорнинг салқин ҳавоси ва ёқимли шабадаси остида мудрашиб ётардилар. Ой ҳали чиқмаган, фақат кечанинг қоронғисига ўчашган саноқсиз юлдузлар тепада туриб машъалларини ёндирганлар, худди пешона олдида кўринган энг ёруғ бир юлдуз пиёз тўғраётган келинчакнинг кўзларидай пирпираб ёнарди. Қизлар жим эдилар. Аравакаш зерикди, шекилли, астагина ашулла бошлади. Унинг ашулла си хом хиргойидан нарига ўтмаганидан кейин Салти кўтарилди: – Ўлмасжон, бормисиз? Дурустроқ айтсангиз-чи! Салтининг яна бир ўртоғи – Қумри унинг сўзини қувватлади: – Ҳа, рост, шундай яхши овозингиз бор экан, шўх-шўх айтмайсизми? Кенг толада қанча чўзсангиз, шунча кетади варанглаб… Йигитча кулди. У қоронғида секингина орқасига қайрилган эди. Орқа сафдаги қизлар чимматни кўтариб ўтирганларидан уларнинг юзларини сал-пал кўрса бўларди. Кулимсираб туриб қизларга бироз қарагач: – Орангизда донғи кетган ашуллачингиз бор туриб, менга осилганларинг қизиқ! – деди. – Биз «сув бўлмаса – таяммум»га ярайдиган ашуллачилардан… Қизлар ҳаммаси Зебига қарашдилар. Ҳар томондан ҳар хил овозлар чиқди: – Ҳа, рост! – Чинакам, индамай ўтирганимизни қаранглар-а! – Ашуллачи орамизда-ку. Зеби «чурқ» этмасдан ўтирарди. Унинг мундай қилиши ҳам шу хил таклифдан қўрққанидан эди. Албатта, ёш нарсанинг кўнглида ўйнаш, кулиш ва хушвақтлик қилиш майллари бошқа ҳар нарсадан кўра кучлик келади. Лекин Зеби шундай бир отанинг қизиким, унинг қўлида ҳар қандай кучли майлларни ҳам юганлаб тутмоққа, кўнгилнинг ҳар бир ҳавас ва тилагини кўринган жойида бўғиб ташламоққа тўғри келади. Ҳам: Зеби шундай қилишга ўрганиб қолган. Шу учун ҳам йигитнинг оғзидан ўз исмини эшитгач, бадани дуркираб кетди. Сўнгра қизлар томонидан айтилган сўзлар уни изтиробга туширди. Нима дейишини билмас эди. Ўйлаброқ жавоб бермоқ учун кўнгилнинг талвасага тушмаслиги даркор. Ҳолбуки, кўнгил ташвишда ва шу сабабли талвасада… Аравакаш у ёқдан туриб: – Ҳаббаракалла, бор экансизлар-ку! Ўртага олинглар ашуллачини! – дегандан кейингина Зебининг тиллари калдиради: – Гаплашиб кетайлик, шундай қоронғида!.. – Жин урармиди? – деди биттаси. – Яхши эмас, шундай зим-зиё қоронғида… Гаплашиб кетайлик… Ширин-ширин гаплардан… Аравакаш унинг сўзини илиб олди: – Ширин-ширин гап ўрнига ширин-ширин ашулладан бўлсин, опа. Таърифингизни эшитиб жигарларимиз лахта-лахта қон бўлиб кетган. Салти тегишди: – Вой, тўвваей! Лахта-лахта қон бўлганми? Жавир бўлган экан… Аравакаш ҳам бўш келмади: – Қон бўлган юракларни бир нафасда ёзиш сизларнинг қўлингизда, опалар! Биз ҳам дунёга келиб бир яйрайлик-да. Яна индамасдан ўтирган Зебига энди бу сафар Салти ялинди: – Ўртоқжон, бир нарса десангиз-чи. Ҳамма баробар ташна экан… Зеби ўртоғидан астойдил койиб берди: – Сиздан келган гап шуми, ҳали? Отамнинг айтганларини ўз қулоғингиз билан эшитиб эдингиз-ку! Эшитиб-нетиб қолса, нима бўлади? Билиб туриб… Салти ўртоғини тўхтатди: – Биламан, ўртоқжон, биламан! Отангизнинг гапларини бир эмас, икки қулоғим билан эшитдим. Одамлар ичида, кўпчилик орасида қистасам, мендан хафа бўлинг. Бу ер тола жой бўлса, одам асари бўлмаса, кечаси – қоронғи бўлса, бир-икки жуфт айтиб бермайсизми? – Номаҳрамга эшитдириб-а? Зеби бу сўзни чин кўнгилдан чиқариб ва жеркиб туриб айтган бўлса ҳам, қизлар ҳаммаси бирдан кулишиб юбордилар. Яна ҳар хил овозлар кўтарилди: – Шу ҳам номаҳрам бўлибдими? – Шу Ўлмасжон-а? – Номаҳрам ўла қолсин… Зеби чинакам ранжиган эди. Йиғламсирашга яқин бир овоз билан Салтига: – Мунақа қилишингизни билсам келмас эдим… – деди. Қизлар ишнинг бу томонга айланганига ҳайрон бўлишиб жим қолдилар. Аравакаш: – Эт-тўвба! Эт-тўвба! – деб ўз-ўзига сўзланиб, отни қаттиқ-қаттиқ беш-олти қамчилади. От қадамларини илдамлатиб, аравани гулдур-гулдур ғилдирата бошлади. Ҳамма жим бўлди. Фақат Салти билан Зеби иккови бир-бирлари билан пичирлашиб сўзлашардилар. Бу пичирлаш натижасида Салти ўртоғини тинчлатишга муваффақ бўлган, бунинг устига, яна қизлар ёр-ёр бошлаганда унинг қўшилажаги тўғрисида сўз олган эди. “Бир марта бошлангандан кейин ундан нариси ўзи кета беради” деб ўйларди Салти. Дарров қизларга томон бурилди: – Қани, қизлар, ўзимиз ёр-ёр бошлаймиз! – Ҳаббали! – деди аравакаш. Қизлардан жавоб кутиб ўтирмасданоқ Салти ўзи бошлаб юборди: «Узун-узун арғамчи ё… Қизлар қўшилишди: … Ҳалинчакка, Чакан кўйнак ярашар Келинчакка. Чакан кўйнак енгига Тут қоқайлик…» Бир-икки байт ўтгандан кейин Зебининг тиниқ, ғуборсиз, жонон пиёладек жаранглаб чиқадиган чиройли ва ўткир овози қўшилди. Бу овоз пешона устида пилпиллаган энг ёруғ юлдуз сингари бошқа овозлардан очиқ ажралиб турарди. Шу чоққача ёр-ёрга қулоқ бериб, индамасдан, аста-секин отини қамчилаб кетаётган аравакаш бу овоз чиқиши билан оғир бир «уҳ» тортди, қўлидаги қамчиси дарахтдаги кузги япроқ сингари зўрға-зўрға бармоқларига осилиб қолди… Салтининг диди тўғри чиққан эди: энди Зеби ёр-ёрни ўзи ёлғиз айтарди. Аравакаш билан бирга қолган қизлар – ҳаммаси бир қулоққа айланган эдилар. От бу гўзал овознинг ширин куйлари остида бошини қуйи солиб, бўйнини аста-аста ликиллатиб битта-битта қадам босарди… Ёр-ёрлар битиб, бошқа ҳар хил куйларга ўтилди, энди Зебини тўхтатмоқ мумкин эмасди. Зотан, унинг тўхташини ким истар эди дейсиз? Толаларнинг кенг қучоқларидан учишиб келган майин шабадалар қиз оғзидан чиққан унларни ўз қанотларига миндириб аллақайларга, олисларга олиб кетардилар. Ҳў… йироқларда пилпиллаб кўринган қишлоқ чироғлари ҳам, тепадаги юлдузлар сингари, шабада қанотлари билан келган чиройли унларнинг завқи билан маст бўлиб ёнардилар… Зеби юрагида тугилиб ётган зўр тугунни ечиб юборган эди. Раззоқ сўфининг совуқ юзлари унинг кўзларидан йироқлашганлар, насиҳат йўли билан мингларча марта айтилган ва таъкидланган сўзлар унутилган, совуқ сўфиларнинг «ҳаром» деган даъволари синиб парча-парча бўлган, «номаҳрамлик» сафсаталари от оёқлари остида янчилган, тўрт деволнинг бу тутқун қизи ўзига ўхшаган тутқунлардан бошқа ҳеч бир гувоҳ ва тилчи бўлмаган шу кенг толанинг қулоч етмас бағрида йиллардан бери тугилиб келган аламларини куйга айлантириб кетсиз бўшлиқларга ёйиб юборган эди. Арава якка қанотли кичкинагина бир эшик олдида тўхтаб, аравакаш бола қамчи сопи билан эшикни қоққанда ва ичкаридан бир кампирнинг ингичка ва жонсиз овози «ким у?» деб сўраганда, одамлар бир уйқуни урган эдилар… Кампирчанинг сўроғига аравакаш ҳазиллашиб жавоб берди: – Шаҳардан бир арава меҳмон олиб келдим, эна! Уйингиз куйди тоза! Икки кунда бор-йўғингиздан ажралиб қоқланасиз энди! Қани, бўлинг, эшикни очинг! Қорнимиз ўлгудек оч… Қизлар кулдилар. Кампир қизларнинг кулишини эшитганидан кейин меҳмонларнинг кимлигини англади: – Ҳа-а-а, Салтанатхонлардир? – деди у. Шу сўз билан бирга кичкинагина занжирнинг шириқлаб тушгани ва эшикнинг ғичираб очилгани эшитилди. Кампирча эшикни очар-очмас севинчиламоқ учун ичкарига югурган эди. Аравакаш: – Қани, тушинглар энди, опалар! – деб музаффарона бир овоз билан қичқирди. Фақат, унинг бу чақириғи фойдасиз эди. Чунки занжирнинг заиф шириқлаши қулоқларга кирар-кирмас қизлар ўзларини аравадан таппа-таппа ташлай бошлаган эдилар. Ёруғидан кўра тутуни ва буруқсаши кўп фонарчани ушлаган кампир билан бирга Зебилар тенглик бир қиз «Вой, ўлайин, ухлаб қолибман! Вой, ўлайин, кўзим уйқуга кетибди!» деб ҳў… аллақайлардан узр айтиб чиқиб келди. Бу ёқдан: – Вой, айланай, Энахон! Жоним ўртоғим! Бормисиз? – деб паранжисини қўлига олиб Салти югурди. Қучоқлашиб кўриша кетдилар. Бошқа қизлар билан наридан бери – қўл учини теккизиб – кўришгач, Энахон яна Салтига ёпишди ва иккаласи қўлтиқлашиб ичкарига томон юрдилар. Иккала ўртоқнинг шарақ-шарақ гаплашган, бир-бирларига севинч билдиришган қувноқ ва баланд овозлари бошқа ҳамма унларни босиб кетди… Фақат, кўчада – арава устида бошқа ҳангомалар бўлаётган эдиким, булардан ҳалиги икки бахтлининг ҳеч бир хабари йўқ эди: Салтининг онаси билан катта онаси уни ўзи тенглик ёш қизлар билан бирга олис жойга юбораркан, эҳтиёт томонини ҳам унутмаган эдилар. Унинг ойиси ўз қайнонасига: – Ёш қизларнинг ўзларини юбориб бўладими, қалай? Битта-яримтамиз биргалашмасак бўлмас? – деб ўзининг эслик хотин эканини билдирган вақтида, қайнонаси жуда кескинлик билан жавоб берган эди: – Алватта, айланай! Ўзлари ёлғиз боришадиган бўлса, жавоб йўқ!.. Тандир олдида куйиб-пишиб, шабнам доналаридай йирик-йирик терларга ботиб, Зеби билан бирга патир ёпаётган Салтига бу маслаҳат жуда ёмон қаттиқ теккан ва у ҳам дарҳол ўз овозини эшиттирган эди: – Бизни бўри ермиди? Ёш нарсаларга қариларни аралаштириб нима бор? Сиқилиб ўлмайдими одам?.. Катта она неварасининг бу эркалигига фақат эркалик дебгина қараган, шу учун: – Айланай, болам, патирингни ёп! Кечга қолаётирсиз. Бу сиз аралашадиган иш эмас! – деб қўйиб, яна ўзининг «эслик» келини билан маслаҳатини давом эттирган эди. Маслаҳат натижасида қайнона билан келин уйда қоладиган бўлиб, икки-уч ойдан бери буларникида яшайдиган қариндошлардан Саврибиби деган кампир қизларга кўз-қулоқ қилиб берилган эди. Бу қари кампирнинг қўшилганига қизлар хафа бўлмаган, балки, аксинча, севинган эдилар. Бу кампир аравага оёқ қўяр-қўймас – қизларнинг ўртасига жойланиб олиб, Зебининг тиззасига бош қўйгани ҳолда – уйқуга кетган ва шу бўйича қишлоққа келиб етилганда ҳам кўзини очмаган эди… Қизлар ўзларини таппа-таппа аравадан ташлаб, эшикдан ичкарига кираркан, Зеби секингина кампирни уйғотди: – Энажон, туринг, келиб қолдик! Энажондан жавоб бўлмади. Зеби ўша паст овоз билан яна бир қур уйғотди: энажон ҳали ҳам жим эди. Араванинг олди томонидан келиб аравакаш ҳам ёрдамлашди: – Ҳў… хола, туринг, келиб қолдик! Эркак кишининг кучлик овози билан кампир кўзини очди, лекин уйқусираб туриб: – Ҳозир, айланай… хўп, тураман… – дегандан кейин яна уйқуга кетди. Зеби камоли ҳайрон бўлганидан аравакашнинг номаҳрамлигини ҳам унутиб, ҳалиги танғирқаш назари билан унга қаради. Бу вақтда ой анчагина юқори кўтарилиб қолган эди. Аравакаш юмшоққина кулимсиради. Ёш йигитнинг бу ёш ширин табассумини ой ёруғида алайно кўра олган ёш қиз бутун баданларидан мулойимгина дуркираш кечганини пайқади ва қизариб тескари қайрилди… У қараш аравакаш йигитчага ҳам бошқача таъсир қилган бўлса керак, кампирни туртиб уйғотмоқ учун қўлини юқори узатди. Шунда кампирнинг бошидаги қўл бошқа бир қўлнинг ўзига келиб текканини боягидан кучлироқ бир дуркираш билан сезди. Эркак зоти билан биринчи марта бу хилда учрашган ёш қиз шу пайтда бироз гангираган эди. Шу учун қўлини дарров тортиб олмасдан, ўзига келганидан кейин бирданига жеркиб тортди. Фақат, ёш йигитнинг кучли қўллари уни маҳкам ушлаб, кампирнинг бошидан пастгароқ туширди ва иккала ёш шу бўйича турган жойларида туриб қолдилар… Ичкарида ўтирган бахтли меҳмон ўзидек бахтли измон билан бирга ҳў… анча вақт ўтгандан сўнг йўқолган икки меҳмонни излаб кўчага чиққан вақтида, кўчадаги икки ёш вужуд қўлларини бир-бирларидан ҳануз ажратиб ололмаган эдилар. Кампир эса икки ёшнинг бу талвасали учрашувига қуруқ гавдаси билан гувоҳ бўлиб, ҳали ҳам ширин уйқуда данг қотиб ётарди… Қизларнинг бу «иттик»* пойлоқчисини кўплашиб уйғотдилар, кўплашиб аравадан туширдилар. У Салти билан Энахоннинг қўлтиғига кириб, кўзи уйқуда, довдирай-довдирай ичкарига йўл солди. Зеби ҳам бошқа ўртоқларидай аравадан ўзини «тапп!» этиб ташламоқчи бўлди, фақат қамчили йигит келиб яна қўлини узатди ва шу учун шунча баланд аравадан ўзини ташлаган энг сўнгги меҳмоннинг оёқ товуши ҳеч кимнинг қулоғига қоқилмади… Меҳмонлар ош-сув тараддиларига йўл қўймасдан, сут-қатиқ билан қуруқ чой ичиб, дарҳол ўтирган жойларига узандилар ва аравада уриниб келганлари учун узанар-узанмас уйқуга кетдилар. Аравакаш ичкаридан чиққан иккита нон билан бир пиёла қатиқни ичиб олди-да, отни ташқарига боғлаб, ўзи арава устига чўзилди. Уйқуси қочган эди… Миясида умрида биринчи мартаба ўлароқ ажиб ва ширин хаёллар айланарди. Кўкдаги ойга қараб ердаги ойни ўйлар ва боягидай ширин-ширин кулимсирарди… Ичкаридагилар ҳам донг қотдилар. Фақат, ораларида худди кўчадаги ёш йигитча сингари уйқуси очилган, кўкрагидаги янги, бегона ва ширин ҳисларни англаёлмасдан ҳайрон бўлган биров бор эди. У ҳам кўкдаги ойга қараб ердаги «той»ни ўйлар ва юзлари анордай қизарарди… Шу топда қишлоқнинг дарбадар итлари авжга келган, ҳар томондан ҳуришларини юксалтирганлар, тор кўчанинг тугалишидаги сой, ҳамма ухлаб жим бўлганда, ҳайбатли овозини борича қўйиб юбориб, оч йўлбарсдай гув-гув бўкирарди… 3-боб Энахон йўқсул бир оиланинг қизи эди. Отаси мунинг ёшлигида ўлиб кетган, онаси иккови биргина аканинг боқимига қараб қолган эдилар. Акаси Холмат эсини танигандан бери меҳнат пешида чопарди. Ҳали энг ўйинқароқ бола вақтларида ҳам бутун қишлоқнинг подасини боқиб, оиланинг эҳтиёжларига бирор нарса қўшиб турарди. Унинг подачи бўлган вақтларини ҳали ҳам қишлоқ одамлари ҳавас билан эслашади. Кўча-кўйда унга йўлиққанлар: – Подамизни етим қилиб қўйдинг-да! – деб бошларини афсус билан чайқаб ўтишади. Тез-тез бўлиб турадиган бу хил гаплар унинг юзини кулдириб, кўнглини кўтаради, тинмасдан ишлаш учун билагига дармон ва қувват беради. Унинг ўз бисотида бир шапалоққина шолипояси бор, у ҳам марҳум қайнотасидан теккан: бор кучини шунга сарф қилади, ҳаммадан бурун иш бошлаб, ҳаммадан кеч тугатади ва ҳаммадан кўп уринади. Шу билангина олти жондан бириккан катта бир оилани наридан бери тебратиб келади. Онаси қариб, мукчайиб қолган, бир қизи билан бир ўғли ҳали ёш гўдак, рўзғорнинг бутун иши хотини билан синглисининг бўйнида. У иккови тола ишларида унга ёрдам беришдан ҳам бош тортмайдилар, уларнинг толада ҳам фойдалари кўп тегади. Холмат ўзи шунча тиришиб ишлаб, катта рўзғорни ёлғиз боши-ла тебратгани учун хотини ҳам, синглиси ҳам уни бошларига кўтарадилар. Ҳар тўғрида унинг талабларига хурсандлик билан кўниб, ҳеч бир ишда кўнглини қолдирмасликка тиришадилар. Меҳнатдан бошқа ҳеч нарсани билмаган бу йўқсул йигитнинг қандай зўр талаблари бўлар эди дейсиз? Бутун ҳаваслар, талаблар ва ўйлар – ҳар нечук бўлса ҳам – шу оилани тебратиб ўтиш теграсида айланади… Албатта, келин ҳам, қиз ҳам – ёш нарсалар, ёшларнинг нозлари, инжиқликлари бўлмайди эмас… Уларнинг инжиқликларини бутунлай ҳақсиз дейиш тўғри бўлмаса керак. Чунки улар ҳам – одам, улар ҳам – ёшлар, бошқа ўз тенглари каби уларнинг ҳам орзу-ҳаваслари бор, кўнгиллари кўп нарсани тусайди… Зиндондаги бандини ҳеч бир хаёл сурмайди деб ким айтади? Гадой подшоҳ бўлмоқ истаса ёмонми? Баъзан шу хил кучли талаблар ё келинда, ё қизда кўрилиб, салгина юзага чиқа бошласа, кўпни кўрган зийрак кампир дарров пайқайди ва олдини олади. Холматга сал оғир келадиган бир иш бўлса, унга еткизмасдан, ўзи бир иш қилиб битиради: жойи келганда мулойим гапириб, жойи келганда пўписа қилиб, қизи ёки келинининг кўнглида кўтарилган ҳавас оловларига сув сепади, у оловларни авж олмасдан туриб сўндиради. Уларнинг талаблари жуда ўринли бўлса, ўзи иложини қилиб қондиради. Уларнинг кўнглини олади, Холматни ортиқча ташвишлардан қутқазади. Шаҳардан Салтиларнинг бир арава бўлиб келишлари ҳам Энахоннинг шу хил ҳавасларидан бири эди. Салтанатлар оиласи билан Энахонлар оиласи орасида ота-бободан қолиб келган бир дўстлик, қадрдонлик ҳукм сурарди. Бу икки оила кишилари йилда бир-икки марта бир-бирлари билан кўришиб турардилар. Ўтган куз, хирмонлар олингандан кейин, Энахон билан келин Салтанатларникида бир ҳафтача туриб келган эдилар. Шунда Энахон ўз ўртоғини бир-иккита тенгдошлари билан бирга баҳорда қишлоққа чақириб кетган, баҳор келиб, табиат жонлангач, шаҳарга тушган бир одамдан яна айтдириб юборган эди. Кампир қизининг бу талабини, албатта, ўринли топарди. Энахоннинг ёнида бола-чақаси билан бирга бир неча кун яйраб келган келин ҳам қизнинг фикрига жон-у дилидан қўшилгач, кампирга ҳеч бир гап қайтариш ўрни қолмаган эди. – Гапларинг жуда маъқул! – деди у шу тўғрида маслаҳат бошланганда. – Бунинг иложини ўзимиз қилишимиз керак. Холмат бечорага ҳеч бир оғири тушмасин. Иложи бўлса, унга билдирмайлик. Меҳмонлар келганда билар. Энахон келинга қаради. Келин Энахоннинг бу қарашидан «қани, гапиринг, нима дейсиз?» деганини англаган бўлса-да, қайнона олдида биринчи бўлиб гап очишни эп кўрмасдан, жим қолди. Шундан кейин Энахон бир нарса демакка мажбур эди. – Майли, сиз ўзингиз биласиз, ойи. Чақириш кераклигига йўқ демадингиз. Меҳмон деганни нон қоқига чақириб бўлмайди. Муни ўзингиз биласиз. Келин шу ерга келганда бир оғизгина сўз билан аралашиб қўйди: – Албатта, айниқса, шунча жойдан келадиган меҳмонни. – Хўп яхши биламан! – деди кампир. У келинининг оғзидан гапини узиб олгандай тез гапирарди. – Кузда иккаланг бориб бир ҳафта туриб келдинг. Бечораҳол бўлсалар ҳам, сенларни хўп хурсанд қилиб жўнатишди. Иккаланг ҳам анчагача гапириб юрдинг… – Рост-да! – деди Энахон. – Унинг отаси ҳам ниҳояти бир айрончи, ер-суви йўқ, дастгоҳи йўқ. Рўзғор катта… Шундай бўлса ҳам, бизга деб нималарни қилишмади-а? Сўнгги саволни келинбибисига берган эди. У ҳам: – Ҳа, нимасини айтасиз, – деб дарҳол тасдиқ қилди. Шу билан ҳаммалари жим бўлдилар. Кампир илож ахтариб ўйга ботган эди. У секин-секин оғил томига ётқизилган шотининг иккинчи поғонасига ўтирди. Қиз билан келин ерга чўнқайдилар. Кампир шотининг ён ёғочини силаб ўйнар, Энахон оғзидан олган сақични қўлида эзиб «соққа» ясар, келинчак бўлса бир чўп билан ерни чизғалар – учаласи ҳам шу равишча ўйга ботган эдилар. Кампирнинг бутун хаёли ҳалиги тўғрида бўлса ҳам, икки кўзи буларда; булар эса дам бир-бирларига, дам кампирга қарар, дам бўлса ерга тикилардилар. Сукутни кампир бузди: – Камбағаллик ўлсин, камбағаллик! – деди у ва чуқур бир «уҳ» тортди. – Ҳеч бир иложини топиб бўлмайди… Бироз жим қолгач, бирданига овозини кўтариб: – Шунча ердан бизнинг сўк ошимизни ичгали келишармиди? Уч-тўрт кун туришади. Дурустроқ бир нарса қилиб қўймасак бўладими? – деди. Улар иккови ҳам уйғонгандай бўлдилар: – Албатта, албатта! – дейишди иккаласи. Худди шу вақтда сомонхонанинг ёнида Холмат кўринди. Булар унга қайрилиб қарагали улгурмасдан, унинг: – Ойи, бормисиз? – деган овози эшитилди. Кампир суҳбатни бўлиб ўриндан тураркан: – Шошманглар, бир оз ўйлайлик, эртагача бирор иложи топилиб қолар, – деди ва югуриб Холматнинг ёнига кетди. Кечқурун ётар пайтда кампир ҳалиги икковини ёнига чақириб, ўз фикрини айтди: – Ўйлаб-ўйлаб қўлимдан келгани шу бўлдики, ўлимлигимга аталган нарсалардан бир озроқ ажратдим. Энди, Эна, сен ҳам бисотингда боридан бир-икки нарса ажрат, келин, сиз ҳам бир нарса қўшинг, эрталаб битта-яримтани бозорга туширайлик, шуларни сотиб ул-бул олиб чиқсин. Кампир ўлимлигига аталган нарсалардан ажратгандан кейин гап тамом эди. – Бўлибди, ойи! – деди Энахон. – Менинг бор-йўғим ўз қўлингизда, ўзингиз ажратиб оларсиз. Хайр, майли, ўзим ҳам бир ўйлаб кўрай… – Мен эрта билан сизга топшираман, – деди келин. Кампир туриб ётоғига кетди; икки ёш ўша жойда ўтириб қолиб, нима ажратиш ва нима бериш тўғрисида маслаҳатлашдилар. Бисотдагининг мазаси бўлмаганлигидан бу маслаҳат анча узоқ чўзилди. Ҳар қалай, эрта билан кампирнинг қўлида мўжазгина бир тугунча бор эди. Тугунчани хуржуннинг бир кўзига солган бола яғир отни йўртдириб шаҳарга томон йўл солди. Ўша кун Салтанатларга иккинчи чақириқ етказилган ва катта хуржуннинг икки кўзи тўлиб қайтган эди. Меҳмонларга қўлидан келганча яхши дастурхон солиб, қўни-қўшни қизлар ва келинчакларни чақиртириб, аллақайлардан тори узилган дуторларни топдириб келган ва уларни хурсанд қилмоқ учун тиришиб-тирмашган Энахон ўз кўнглида яна хижолат тортишдан қутулмади. Қадрли меҳмонларини яна аллақандай зиёфатлар, меҳмондорчиликлар, такаллуфларга кўмиб ташламоқчи бўларди. Унча нарса бўлмаганда ҳам, одамлар сингари тузукроқ бир сийлаб юборишни албатта лозим деб ўйларди. Ўз қўлида мундай қудрат йўқлигини ўйлаб noumidlikka тушар, бўғиларди… Юраги ёмон ғаш бўлиб кетганидан кейин чидай олмасдан кампирга айтиб кўрди: – Ўлганим яхши менинг! – деди у. – Кўнгулдагидек бир сийлай олмасам меҳмонларимни! Одатда юмшоқ гапирадиган кампир бу гапга аччиғланди… – Бўлмаса, ўзингни бозорга олиб чиқиб сот! Кўнгулдагидек меҳмон қилоласан… – деди. – Сизга одам кўнглидаги ҳасратини ҳам айта олмас экан-да, – деди Энахон, кўзларига ёш олиб онасидан узоқлашди. Худди шу ҳасратини томорқа ҳовличадаги ариқ бўйида ўтириб келинбибисига айтганида, у дарров бунинг фикрига қўшилди: – Шундай яхши нарсаларки! Буларга қанча қилсангиз оз! Зебихонди қаранг, Зебихонди! Кузда биз борганимизда кўрмаган эдик-а? – Отаси ўлгур, совуқ сўфи, жавоб бермаган экан… – Мунча ҳам овози чиройлик бу қизнинг!.. Ашулла айтса, қулоғинг маст бўлади одам… Нафаси мунча иссиқ, мунча мазалик! Мунча таъсирлик! – Шуни айтаман-да. Суюқ ош қилдик, ошқовоқ сомса қилдик, палов қилдик… – бўлди! Бундан ортиғига мана бу камбағаллик ўлгур йўл қўймайди… Шу ерда чуқур бир «уҳ» тортди Энахон. Сўнгра яна сўзида давом этди: – Варақи сомсалар қилсак, оқ унлардан ғалати мантилар, чучваралар қилсак, бойларникида бўладиган димлама-қўғурмалар қилсак… Бирдан тажангланиб ўрнидан турди: – Ошқовоқ сомса! Ошқовоқ сомса! Камбағаллиги қурсин, илоҳим! «Камбағал худойимнинг суйган бандаси» дейдилар, шуми суйган банданинг ҳоли?! Боядан бери шу тўғрида ўйланиб, оққан сувга хашак ташлаб ўтирган келиннинг юзларида худди шу пайтда бир ёқимли кулимсираш пайдо бўлган эди. Ўрнидан туриб, ҳалиги ширин кулимсираши борган сари очилгани ва ёйилгани ҳолда Энахонга яқин борди: – Хафа бўлманг, айланай! – деди. – Мен иложини топдим. Бойларникига ўхшаган ғалати зиёфат қилиб жўнатамиз меҳмонларимизни! Энахон бу иложнинг нималигини англаёлмаганидан ҳайрон бўлиб келинбибисига қарар, ҳали юзи кулмас эди. – Нечик? – деди у ва келинбибисининг кўзларига бақрайиб тикилгани ҳолда унинг иккала қўлини қўллари орасига олди. – Ўзимизнинг кучимиз етмаса, тенг-тўшларимиз, ўртоқларимиз бор. Уларга айтиб чақиртирамиз… Энахоннинг юзи бирданига очилди. Лабларига кенг бир табассум ёйилди. У келинбибиси топган иложни англаган эди: – Мингбошининг қизига айтмоқчимисиз? Ўша чақирсин дейсизми? – Yo у, ё бўлмаса кичик хотини Султонхон-чи? – Бўлармикин? Шу ергача улар иккови бир жойда тўхташиб сўзлашмоқда эдилар. Келин: – Бўлдиришни менга қўйиб беринг. Ишингиз бўлмасин. Ишқилиб, меҳмонларни хурсанд қилсам бўлдими? – деди. Шундан сўнг иккаласи бел ушлашиб уйга томон юра бошладилар. – Яхши маслаҳат! Жон келинбиби, бир иш қилинг! – деди Энахон, келинбибисини маҳкамроқ қучоқлади. Келин бирданига тўхтаб: – Уларникидан ҳеч кимни чақиртирдикми? – деб сўради. Энахон ҳам етган жойида тўхтаб: – Йўқ! – дея жавоб берди. – Ким билади дейсиз муни? «Мингбошининг фалон-фалонлари бизни кўзига иладими?» деб хабар ҳам қилмабмиз. Энди қандай бўлар экан? – Биз шу кечага мингбоши тоғанинг қизи билан кичик хотинини чақиртирайлик. Кеча чақиртирганимизда келмасалар, бугун чақиртирсак, албатта, келишади. Сиз нима деб ўтирибсиз! Зебихоннинг овози, ашуллалари ундан каттароқларни ҳам судраб келтиради. Сиз хотиржам бўлинг. Мен ўзим ғизиллаб чиқиб келаман. Бу кеча битта-яримта ашулла эшитиб суҳбатни кўришса, эртага албатта чақиртиришади. Иккаласи юзлари юлдуздай чарақлагани ҳолда даричадан ичкарига ҳатлаган вақтларида, Зебининг «Қора сочим» куйига айтаётган ашулла си қулоқларни ширин-ширин қитиқламоқда эди… Бир томчи сув денгизга айланган бир кеча бўлди. Шу камбағал, бебузоат оиланинг иссиқ ва ҳалол қучоғига қишлоқ қизлари ва ёш жувонларининг ҳаммаси деярлик тўпланди. Бевосита қўшни бўлган хонадонларнинг «ошини ошаб, ёшини яшаган» кампирлари ҳам чиқишдилар. Бу кеча ҳатто шаҳар қизларига пойлоқчи бўлиб келган уйқучи кампирга ҳам жон кирди. Унинг жонланганини кўрганлар ихтиёрсиз ёйилиб кулар ва чин кўнгилдан севинардилар. Бир эмас, икки дутор ва икки яхши дуторчи, бир нечта ўйинчи, Зебихондан бошқа яна иккита овози дурустгина ёш жувонлар келишди. Дастурхонга қараган киши бўлмади: ҳеч ким бу фақир ва содда ҳашамат ичида такаллуф ахтармас, кўнгилнинг хурсандликларга бўлган кетсиз майлини қондириш билангина овора эди. Шу учун бўлса керак, дастурхон устида дув-дув гаплашиб, айвонни овозга тўлдириб ўтирган қиз-жувонлардан ҳеч бири ўнг биқинида ёнма-ён ўтириб, зўрға-зўрға дастурхонга қўл узатган мингбоши ойимларнинг «шу ҳам меҳмондорчиликми?» деган маънода бир-бирига қараб лаб буриштирганларини пайқамади. Дастурхон йиғилгандан кейин базм бошланди, шундан кейин ҳамма ўзини унутди, ҳамма ёш болага айланди. Уч овозлик қизга яна бир нечтаси қўшилиб, ялла оҳанги кўкларга кўтарилгандан кейин қишлоқнинг паст-паст, йиқиқ-ёриқ деволларидан осонгина ошиб ўтиб битта-яримта йигит-яланг ҳам тўплана бошлади. Улар хира ёнган чироқчанинг ишиғи зўрға-зўрға етадиган жойларда – айвоннинг икки ёнида чўнқайиб ўтиришган, нафасларини ичларига олган эдилар. Улар орасида Холмат билан аравакаш бола ҳам бор, улар иккови катта тут ёғочига суяниб тикка турардилар. Холмат ҳавас билан қизиқиб қараса-да, унинг кўнгли тамом бетараф эди, фақат аравакаш йигит шунча тўпаланг ялла орасида Зебининг овозидан бошқа овозларни, нечикдир, фарқ этолмасди. У овозни эшитиш билан кўнглининг чуқур жойларидан хуруж қилиб келган аллақандай тотли бир севинчни яширолмади: – Зебинисанинг овозини айтаман, Холмат ака… – деди у, ўзи шу сўзни айтганидан кейин, негадир, бироз қизара тушиб ерга қаради. – Чакки эмас! – деди Холмат. Сўнгра сўради: – Оти Зебинисами? – Ҳа, Зебинисахон! Йигитчанинг шу «хон» деган қўшимчасида «менинг Зебинисам» деган маънода бир мақтаниш, бир ғурур оҳанги бор эди. Бу оҳанг жуда очиқ эшитилган бўлса керакки, Холмат дарҳол фаҳмига борди ва «О, ҳаромией!» дегандай қилиб унга қарагач: – Юракдан урган экан-а!.. – деди. Йигитча бу сўздан ўнғайсизланди ва тона бошлади: – Йўғ-э, овози соз дейман-да, овози! – деди, лекин тили гапиргани билан, юраги «ёлғон, ёлғон» деб турганини ўзи ҳам билар, Холматнинг ишонмаслигига ақли етарди. Шу учун масалани чуқурлаштирмасдан сўзни бошқа томонгароқ буришни эп кўрди. – Овозига нима дейсиз, чинакам қиёмат-а? – деди Холматга. – Ҳа, овози жойида. Салтанатхонди ўртоғими? – Энг яқин ўртоғи. – Кимнинг қизи ўзи? – Раззоқ сўфи деган бир одамнинг… – Раззоқ сўфи? – Ҳа, Раззоқ сўфи. Худо берган лекин сўфига! – Харидори ҳам кўпдир? – Совчининг кўплигидан остонаси ейилиб кетган дейдилар… Билмадик, қайси толейи баландга насиб бўлар экан! – Худодан тилаб туринг, «noumid шайтон» деган гап бор… Шу сўзларни айта туриб Холмат ҳам йигитчага шайтон қараши билан қаради. Бу вақтда ашулла чи қизлар ялладан тўхталдилар, ингичка-йўғон аёл овозларидан иборат кучли бир хорнинг: – Бор бўлсинлар! – деган олқиши юксалди. Эркаклар ўз олқишларини ичларида сақламоққа мажбур эдилар. Уларнинг тўпланганларини бир-иккита кампирдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ялла битгач, баъзи қизлар ўринларидан туриб, у ёқ-бу ёққа жилишдилар: баъзилари ўчоқ бошига чой олгали кетдилар, баъзилари жойларини алмаштириб, яқин кўрган ўртоқларининг ёнларига ўтиб ўтирдилар. Энди эркаклар ҳам ўзларини орқагароқ олмоққа мажбур эдилар, улар ҳам жилишдилар. Меҳмонлардан Қумрихон бирданига тутнинг тагига бориб қолиб, у ерда икки эркакнинг ўзига қараб кулиб турганини кўргач, «Вой ўлақолай!» деб уялиб орқага қайтди. Яна Салтининг ёнига бориб ўтиргач, пичирлабгина: – Теварагимизни шундоққина қишлоқ йигитлари ўраб олишибди. Билмасдан тутнинг тагига бориб қолсам, иккитаси менга қараб бақрайиб турибди… Биттаси ўзимизнинг аравакашми… Бу вақтда бу иккала қизнинг нималар деб пичирлашаётганидан васвасага тушган Зеби секингина бўйнини чўзиб, гапга қулоқ солди. У фақат Қумрининг сўзини – «биттаси ўзимизнинг аравакаш…» деган сўнгги сўзини – эшита олди. Юраги ўйнади… ва дарҳол бурилиб ташқарига қаради. Чироғнинг хира ишиғида кампирларнинг ивирсиб юрганларини кўрди. Бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Юрак ўйнаши босилмади. Лаблари титрамоққа бошлаган эди… Бирданига ўрнидан турди: қизлар йўл бўшатдилар, уларни оралаб ўтди. Айвондан чиқиб олгунча ҳамманинг кўзи унда эди, айвондан саҳнга тушгач, қизлар яна ўз суҳбатларига машғул бўлдилар. Саҳнда уни пойлоқчи кампир қарши олиб пешонасидан ўпди: – Илоҳим, ёмон кўздан сақласин, болам! – деди. Иккала кўзидан яна бир мартадан ўпгач, ичкари уйга томон бурилди. – Ҳа, хола, уйда нима қиласиз? – деб сўради Зеби. – Ухлайин, болам, мен қари нарса ярим кечагача ўтироламанми? Сизлар, ёш-яланг, ўйнаб-кулиб кўнгилларни ёзинглар. Мен ором олай… Пойлоқчининг бу хислати ҳаммага маъқул эди. Айниқса, шу топда кўнгли аллақайларга тортаётган Зеби учун бир хил эзма кампирлардан кўра бу – камгап, серуйқу кампир яхши эди. Юраги ургани ҳолда битта-битта босиб қоронғиликка кирди. У ҳам тут тагига – катта сўрининг ёнига бораётир эди. Қоронғида турган аравакаш йигит ёруғ томондан келаётган қизни таниди, бирданига: – Ана, ўзи келаётир! – деб қичқирди. Унинг бу қичқириши ихтиёрсиз бўлган эди. Аллақачонлар масаланинг фаҳмига бориб қолган Холмат шу топда йигитчадан йироқлашувни эп кўрди. Унга маънили қараш билан кулимсираб қараб, елкасига бир-икки ургач: – «Умидсиз шайтон» дедим-ку, ука… Мана, биз кетдик… – деди ва қуюқ қоронғиликка кириб, йўқ бўлди. Йигит эса Холматнинг бор-йўғини фарқ этолмайдиган ҳолда эди. Шундай пайтларда оғиздан ихтиёрсиз чиқиши лозим бўлган «бор бўлинг», «ўлманг» каби миннатдорлик сўзлари ҳам эсига келмасди. У юрагини ҳовучлагани ҳолда, ихтиёрсиз қари тутнинг йўғон баданига ёпишди… Зеби йигитчанинг «ана, ўзи келаётир!» деган сўзларини эшитган эди. Агар эси ўзида бўлса, у ҳам Қумри сингари «вой ўлақолай!» деб қайтиб кетиши керак эди. Ҳолбуки, у ўзини билмасдан ва ҳеч нарса ўйлаёлмасдан телба қадамлар билан битта-битта босиб илгари юрарди… Унинг оёқлари аллақандай ёмон бир кучнинг афсунига илашганлар, ўша кучнинг судраган томонига борардилар. Ёш қиз ўз кўнглининг биринчи марта ўзига бегоналашганини, ўзидан бошқа бир кучнинг кўнглига эгалик қилганини сезарди… Зеби теграсига бир кўз югуртиб олгач, қадам босишини секинлатиб, катта тутнинг ўнг томонида тўхтади. Йигитча чап томонда эди. Иккаласи ҳам анчагача жим қолдилар. Қайси бири олдин гап бошлашни ва нима дейишни билмасди. Ниҳоят, йигитча бир гап топган бўлди. – Бугун саҳар… аравани қўшаманми? – Нимага? – Кетмаймизми? Зеби жавоб беролмай қолди… Бу саволга жавоб бўлгундай бир сўз унинг шу топда жуда ёмон ғовлаб кетган миясига яқин келмасиди. Сўзга-сўз қайтармоқ учунгина: – Шошилтириб нима қиласиз? – деди ва бу сўзларнинг ўз оғзидан узилиб тушиб борганини сезди. Шу топда ўз овози ҳам ўзига ёт эди, шу сўзларни айтаётган овоз унинг ўз қулоғига сойнинг нариги бетидан келаётгандай эшитиларди. Йигитча ўзини тўхтатиб олган эди. Энди у дадилланиб ва кулиб туриб қўлини тутнинг ўнг томонига узатди. Фақат, иккаласининг ораси анча йироқ бўлганидан бошқа бир қўл унинг қўлига уринмади. Ҳолбуки, Зеби бировнинг қўл узатганини пайқайдиган ҳолда эмасиди. Йигитча Зебидан муқобала кўрмагач, қўлини тортиб олди ва энди, бу сафар бўйнини эгиб икки кўзи билан қизни ахтараркан, қувноқ бир овоз билан: – Ҳали бир-икки кун ўйнаймизми? Отга дам берамизми? – деди. Зебидан жавоб бўлмагач, илова қилди: – Хайр, майли, сизлар қачон «қўш» десанглар, шунда қўшаман. Зеби тутга суянган, ўзининг қайда турганини унутаёзган, шунча гапга бир оғиз жавоб бермасдан оғир ўйларга толган эди. У шу топда ўзининг яқин келажакдаги қора кунларини, қай рангда кўриниши маълум бўлмаган бахти, толейини ўйларди. Унинг бутун бахти Раззоқ сўфининг жоҳил вужудига боғлиқ эмасми? Ўша совуқ сўфи шу қувноқ жонни ва сайроқ қушчани истаган вақтида бахтли ё бахтсиз эта олмайдими? Унинг бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» дейиши қиз бечоранинг беҳад қувнаб яйрашига ёхуд хазон япроғидай бир нафасда сўлиб нобуд бўлувига ярамайдими? Қиз шўрлик у бир умр қовоғи солиқ ва юзи кулмас отадан ҳеч бир хайрият кутмайди. Отаси тўғрисида ўйлаган вақтида ўзини ўлимга маҳкум бир одам, отасини маҳкумнинг жаллоди каби кўради… ва титрайди! Бу қишлоқ саёҳати, аравакаш йигитча билан тасодифан танишиб қолиши, шу танишув орқасида кўнглида сезгани бесаранжомликлар бечора қизни ҳалигидек қора ўйларни ўйлашга мажбур қилган эди. У хил қора ўйлар унинг учун янги эмас, албатта. Ёши балоғатга етиб, уйлари совчиларнинг қатнов йўлларига айланганидан бери у шўрликнинг қора ўйларга ботмаган куни йўқ! Фақат, ширин бир умид билан, кўзда кўрилиб, қўлда тутилган – нақд бир умид билан бирга келган қора ўйлар қиз бечорани ёмон эзиб ташлайди! Бир-икки кундан бери ашулла , ўйин деганда ўзини билмас даражада берилиб кетиши шу изтиробларнинг ҳордиғини чиқариш учун эмасми? Кўнглига оғир ташвишлар солган йигитчанинг шундоқ ёнгинасида жуда ширин хаёллар билан бирга жуда қора ўйларга ботиб турган вақтида, бирданига айвон томондан бир овоз эшитилди: – Ҳай, нима бу ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди? Зебинисахон қанилар? Салтанатхон, айланай, ўртоқжонингизни топмайсизми? Яна бир овоз қўшилди: – Рост-а, ҳаммаёқ музлаб кетди! Ҳай қизлар, сизга нима бўлди? Бирдан бир неча овоз кўтарилди: – Зебинисахон, Зебинисахон! Қизлар ўринларидан туриб у ёқ-бу ёққа юришиб қолдилар. Бу қичқиришлар ҳар қандай оғир уйқудан уйғотишга ярардилар. Зеби ҳам ярим мастлик ҳолатидан сесканиб уйғонди ва апил-тапил жавоб қилди: – Мана мен… Ҳозир бораман… ҳозир… Фақат, бу сафар унинг овози касал одамнинг овози сингари дармонсиз ва жонсиз чиқарди. Йигит буни англади ва тезгина: – Боринг, бемалол ўйин-кулгингизни қилинг! Ҳеч нарсадан қўрқманг, ҳеч бир ғам ея кўрманг! – деди. Сўнгра дарҳол ўзини тутнинг панасига олди. У ёқдан бир-иккита қиз югуриб келиб, Зебини етаклаб кетишди, шуларнинг бири мингбошининг кичик хотини Султонхон эди. Бу сафар фақат ўйин бўлди. Ёш жувонлар ва қизларнинг ҳаммасини деярлик тортдилар. Шаҳарликлардан яхши ўйнаган Қумри бўлди. Қишлоқ қизларидан икки-учтаси яхши ўйнадилар. Ҳатто кампирларни ҳам тортдилар. Энахоннинг онаси, ўзи пакана ва унинг устига букчайган кампир, ўйин қилган бўлиб ҳаммани кулдирди. Энахонни кўндира олмадилар. У «мен хизматларингдаман» деган баҳонани қилди. Мингбошининг қизи бир-икки айланиб тўхтади, кичик хотини эса кўнмади: уни кўп ҳам зўрлай олмадилар. Зеби эса дуторчилар ва ашулла чилар билан бирга енгил-енгил яллалар қилиб турди. Ўйин тамом бўлиб, палов дастурхони ёзилганда, ой анча баландга кўтарилган эди. Ошдан сўнг қишлоқ қизларидан ўзига дурустроқ бир деҳқоннинг қизи ўрнидан туриб: – Эртага меҳмонларни биз кутамиз, – деди. Шундан кейин мингбошининг кичик хотини Султонхон катта кундошининг қизи билан гапни бир жойга қўйиб ўрнидан турди ва Энахонга томон юзланиб: – Бўлмаса, меҳмонларингиз индинга бизникида бўлишади, – деди. –Тузукми? Энди бизга рухсат! У кундошининг қизи билан бирга айвондан пастга тушиб, кавшини кия бошлагач, бошқа қизлар ҳам битта-битта ўринларидан турдилар. Шундай қилиб бу қиёмат йиғин кеча ярим бўлганда гув-гув билан тарқалди. 4-боб Кундошининг қизи билан апоқ-чапоқ бўлиб уйига қайтган Султонхон, мингбошининг шаҳарга кетган бўйича қайтмаганини билганидан кейин, ўз уйига кирди ва жой солиб, ечиниб ўтирмасдан шундоққина тўшакчанинг устида биргина ёстиққа бош қўйиб уйқуга кетди. Эрталаб уйқудан кўзини очганида бош томонида ёнқўшни хотинлардан Умринисабиби ўтирарди. Тез-тез чиқиб мингбоши оиласининг рўзғор ишларига қарашиб, кўрпа ва тўнлари бўлса қавиб, пахталарини саваб берадиган ўрта ёшлардаги бу хотин шу йўл билан кичик қизига сеп орттирарди. Катта қизини бундан икки йил бурун чиқарган, энди бу қизи одам кўзига кўриниб келарди. Султонхон кўзини очар-очмас: – Яхши чиқибсиз, Умриниса хола, – деди, – ўзим ҳам чақиртирмоқчи эдим. Эртага Энахонларникидаги шаҳарлик меҳмонлар чиқишади. Ош-сувга қарашиб бермасангиз бўлмайди. Бугун бир-икки тандир патир ёпиб олсак, дейман… – Мен ҳам шу тўғрида сиз билан гаплашгали чиқиб эдим, – деди Умринисабиби. – Жуда яхши бўлибди. Нонуштани қилиб, хамирга урина берайлик бўлмаса. Бир-икки жойга бориб дутор-мутор сўраб келадиган ишларингиз ҳам бор ҳали. Умринисабиби ўтирган кўйи суриниб Султонхонга яқин келди: – Мен сизга бошқача маслаҳат билан чиқиб эдим… – деди. Бу сўзлар ярим пичираш овози билан ва ҳам кўзлар икки томонга жаланглаб туриб айтилганидан келинчакнинг кўнгли дув этиб олди. У ҳам Умринисабиби томонга ўгирилди: – Нимага пичираб гапираётирсиз? Нима демакчисиз? Яқинроқ келсангиз-чи! Имилламай қолинг, илоҳим! – деди. Умринисабиби энди келинчакнинг худди қулоғига эгилди: – Шаҳарлик меҳмонларни эртага чақирибсиз, эшитдим. Кеча кечқурун менинг Баҳрим ўша ердайди… Шу сўзни айтгач, у бир нафас жим қолди. Келинчакнинг кичкина, қоп-қора ва ўйноқи кўзлари кенг очилиб, қўшни хотиннинг оғзига тикилган эди. Умринисабиби яна бир қур кўзларини жаланглатиб олгач: – Киши деган ўз томирига болта чопадими? – деди. – Кечаси билан ухлаёлмасдан шуни ўйлаб чиқдим… Султонхоннинг ранги ўча бошлаган эди, икки бетидаги шапалоқдай қизилига сўлғунлик югурди. Оғзи ярим очилган, кўкраги бир ётиб-бир турмоқда, дармони танидан узоқлашиб борарди. – Гапиринг тезроқ… нима демакчисиз? – деди у ҳансираш билан. Умринисабиби бўйнини имкон борича чўзиб туриб очиқ эшикдан ташқарига қаради. Сўнгра яна келинчакнинг қулоғига эгилиб деди: – Келин бўлиб келганингизга энди беш ой бўлди. Ҳалитдан бошингизга янги кундош орттирмоқчимисиз? Эрингизнинг қайлиқбозлигини билардингиз-ку! Султонхон: – Вой, ўлақолай!.. Жинни бўлибман мен! – деб қичқирди ва юзини ёстиққа қўйиб, чап қўли билан бошига муштлади… – Ёшлик қилибсиз, айланай. Билмабсиз. У ашуллачи қизнинг довруғи дунёни босди… Ҳамманинг оғзида ўша. Эрингиздай учига чиққан хотинбоз у булбулникидай овозни ўз қулоғи билан эшитсин-у дарров совчи қўймасин – бўладими, қалай? Келинчак бирданига ётган еридан туриб, Умринисабибининг елкасига осилди: – Нимасини айтасиз, холажон? Мен эсимни ебман, эсимни!.. Энди нима қилдик, энди? Айтсангиз-чи, нима қилдим энди мен? Умринисабиби унинг бошини мулойим-мулойим силади: – Энди ҳовлиқманг, – деди у, – бўлар иш бўлди. Бир иш қилиб зарар етадиган томирини кесайлик! – Энди иложи борми, қалай? – Шошманг, ўйлайлик. Бир маслаҳат топилиб қолар. Иккаласи жим қолиб ўйга ботдилар. Умринисабиби оқ дока рўмолининг учини тугумлаб ўйланар, келинчак эса қўлидаги тилла узугини бармоғидан олиб ўша билан ўйнаркан, хаёл сурарди. Бирданига тилла узукни ўз кўзи олдига олиб борди, у ёқ-бу ёғини айлантириб хўп қарагандан кейин, секингина қўл узатиб уни Умринисабибининг синчалоғига кийгизиб қўйди. Бу вақтда зўр бериб ўй ўйламоқда ва тадбир ахтармоқда бўлган Умринисабиби тилла узукнинг ўзга қўлдан ўз қўлига ўтганини икки кўзи билан кўриб турса-да, бу катта топишнинг қийматини пайқаёлгани йўқ эди. Кейин узукка қараб туриб унинг қандай қийматли нарса эканини, қизи Баҳри учун зўр бир давлат қозонилганини эслагач, севинчдан юзлари алвон товлаб кетди ва тезгина узукни бармоғидан чиқариб, рўмолининг учига маҳкам тугиб қўйди. – Қани, гапиринг, хола! – Нима дейишимга ҳайронман… Меҳмонларни чақириб қўйибсиз. Энди бир илож қилиб қайтариш керак. Кундошларингизга билдирмасдан иш тутиш керак. Хайриятки, кундошингизнинг қизи чақирмабди. У чақирганда ёмон бўларди. – Мен ўлгур, ўша куни Зебихоннинг овозига маст бўлиб, ҳеч нарсани ўйлаёлмабман-да! Кундошимнинг қизига «сиз чақирсангизмикан, мен чақирсаммикан?» деб маслаҳат солибман-а! Муни қаранг! Хайрият, у қиз эслилик қилиб, «Мен бувимдан берухсат меҳмон чақирмайман. Сиз каттасиз, ўзингиз чақиринг» деди… – Аслини ўйлаганда, у ҳам эсипастлик қилибди. Лекин унинг бу эсипастлиги сизнинг фойдангиз. Умринисабиби бир озгина жим қолгач, яна келинчакнинг қулоғига эгилди: – Энди сиз бир иш қилиб тобингиз қочган бўласиз-у, мен бориб Энахонга айтаман. «Бошини кўтариб қолса, мен ўзим хабар қиламан» дейман. Шу билан қолиб кетади… Меҳмонлар бугун-эрта қайтиб кетишар эмиш. Зебихон жуда сўфи одамнинг қизи экан. Отаси бир-икки кунга базўр ижозат берган эмиш… Келинчак ҳали ҳам ўзига келмаган эди, яна Умринисабибининг бўйнига осилди: – Қандай бўлар экан? Жуда хунук бўлади-да. Бутун қишлоққа гап тарқалади… Бу кундошларим, денг, тарқатмай қўйишадими? Бошқа бир иложини топсак яхши бўларди. Келинчак Умринисабибининг кўзларига бир оз тикилиб тургач: – Шу топда онам нотоб бўлиб чақиртирса хафа бўлмас эдим! – деди. – Бўлмаса, онангизни касал қилайлик. У сизни жадаллатиб чақиртирсин. Сиз узр айтиб, жўнай беринг… Шу шаҳарлик қизлар кетгунча, онангизникида турганингиз ҳам яхши. – Муни қандай қиламиз? – Бу осон. Мен ҳозир паранжимни ёпиниб сизларникига жўнайман. Ҳамма гапни онангизга уқтириб, тезда қайтаман. Орқамдан дума-дум одам келади, сиз кета берасиз. Кеч пайт мен ўзим кириб, Энахонга айтиб қўяман. Келинчак бу маслаҳатга тамом қойил бўлган эди. Умринисабибининг кўзларидан ўпди: – Бу яхшилигингизни бир умр унутмайман, хола, – деди. – Қизингизни, худо хоҳласа, ўзим тўй қилиб, ўзим узатаман! Сиз дарров жўнанг! Ана, мистовоқда нон, ликопчада майиз бор; нондан, майиздан олиб йўлга тушинг! Тез бўлинг, жон хола! Умринисабиби ирғиб ўрнидан турди, нон билан майизнинг ҳаммасини рўмолчасига тугиб, уйдан чиқди. Унинг уйдан чиқиб ўз ҳовлисига томон кетаётганини келинчак эшик олдида кузатиб турди. Ташқарида кундошлардан бири Умринисабибидан нима қилиб юрганини сўраган бўлса керак, у кичкина даричани очиб, бир оёғини ўз ҳовлисига қўяркан, баланд овоз билан: – Султонхон эртага меҳмон чақиртирмоқчи экан, шунга қарашиб берай деб чиқиб эдим! – деди. Бу баланд ва кескин овоз Султонхоннинг қулоғига жуда хуш ёқар эди… Ашуллачи қизнинг ўзлариникига меҳмон бўлиб келажагини эшитгандан бери мингбошининг ўртанчи хотини Пошшахон жуда хурсанд эди. Фақат, эрининг шаҳарга кетиб бедарак йўқолганига ачинарди. Шаҳарда бўлмасдан шу ерда бўлса, бир иш қилиб шаҳарлик қизнинг овозини унга эшиттириш ва шу йўл билан кундошнинг устига кундош келтириш қийин эмаслигини яхши биларди. Эрининг хотинбозлиги эса бир унга эмас, бутун дунёга маълум эди. Зебини бир иш қилиб мингбошига олиб бериш устида ўзининг бурунги душмани, яъни катта кундоши Хадичахон билан иттифоқ боғлашдан ҳам тортинмасиди. Шу учун бўлса керак, бугунги нонуштани унинг уйида қилди: энг маҳрам сирларини айтган бўлиб, уни ўзига мойил қилдиришга уринди. – Эрингиздан шу чоққача дарак йўқ-а? – деди у кулиб туриб. Хадичахон ҳам ўша хилда кулиш билан жавоб берди: – Ҳа, эрингиз шаҳарда қолиб кетди. Билмадим, яна битта-яримтага назари тушдимикин? – Назарлари қурсин у кишининг? Ҳадеб туша берар экан-да… – Сиз-биз тушмасин деганимиз билан, тушмай қолармиди? Худо ўзи тушадиган қилиб яратган экан-да. – Худовандикарим бу эркакларни мунча яхши кўрар экан, а… – Ўзимиздан қиёс-да… Орамизда эркакни яхши кўрмайдиган ким бор?.. Нондан олинг! Қиёмга қараб ўтирсангиз-чи… – Нон билан қиём ҳар кун бор… Бошқа дардлардан гапиришайлик. – Нон билан қиём ҳар кимникида йўқ. Бу ҳам борникида бор. Шукур қилсак бўлади… – Минг қатла шукурку-я… Ўз бошингиздан ўтган, биласиз, кўнгулни тинталаган бир нарса бор… – Менинг кўнглим тинталаниб-тинталаниб адо бўлган, айланай… Кўнглимдаги оловнинг қуруқ кули қолган, холос. Энди, худонинг тақдири билан, менинг кунларим сизнинг бошингизга тушибди. Инсоф қилганда, айланай, бу кунни худо ҳеч бир бандасининг бошига келтирмасин. Нондан олиб ўтиринг… Пошшахон ўз кундошининг бу гапларидаги аччиқ кесатмаларни, тўппа-тўғри ўз бағрига бориб санчиладиган найзаларни билиб ва сезиб ўтирарди. Чинакам, бир замон ўзи шу бечора хотиннинг устига кундош бўлиб келиб, унинг юрагини тимталаган, уни рашк ва кўролмаслик оловларида ёндирган эди. У вақтда ўзи – кулди, очилди, қувонди, гердайиб, осмондан қараб қадам босди… Хадичахон эса – эзилди, куйди, ўртанди, хўрланиб-хўрланиб аччиқ-аччиқ йиғлади. Фақат, ҳали бўйида бўлмай туриб ўзининг пешонасига ҳам кундош битди… Бутун ғурури синди, гердайиши поймол бўлди, севинчи сўнди, юзи сўлди, лаблари хазон рангига бўянди, умидлари узилди, оёқлари зўрға-зўрға судралиб жиладиган ҳолга келди. Султонхон келгандан бери унинг лаблари икки тиши орасидан чиқмас, кўзлари сал нарсага ёш олиб юборар, кўкрагида девлар ирғитган оғир тошлардан бири кўндаланг келиб ётарди… Дуруст, қорни тўқ, уст-боши жойида, қават-қават сарпо, оғир меҳнат йўқ… Лекин ёнгинасида бошқа бир юлдуз чарақлаб, кўзларини қамаштириб тургандан кейин бу давлатлардан нима фойда?.. Хадичахоннинг бу ҳақли кесатишларидан кейин чўккан оғир бир жимлик ичида фақат оғизларгина қуруқ нонни чайнашдан чалаплар экан, Пошшахон шу нарсаларни ўйларди. Бугун, ўзининг эски душмани олдида, душманнинг ҳақ эканини иқрор қилиш, албатта, енгил эмасиди. Фақат, нариги – кичик кундош мингбошининг кумуш камарида энг аъло нақш бўлиб ёниб турганда, бу зарарсиз кундошнинг ҳақлигини иқрор қилиб ва унинг синиқ кўнглини овлаб, шу билан уни қўлга олмоқ, ҳозир иккала хотин учун баравар кундош бўлган кичик хотинга қарши ўт очмоқ лозим эди. Бўшалган пиёлани чертиб узатаркан: – Айтганларингиз рост, – деди Пошшахон.– Айтган гапларингиз аччиқ бўлса ҳамки, рост. Бу тўғрида мен сизга ҳеч нарса деёлмайман, айниқса, мен келганда болалик эдингиз сиз… Биламан. Кундошининг қўлидан совиброқ қолган бир пиёла чойни олди-да, бир-бир кетин икки-уч ҳўплаб, бўшалган пиёлани яна қайтарди. Сўнгра давом этди: – У ёғини ўйлаганда, на сизда айб бор, на менда. Қайси биримиз бу одамга ўзимиз хоҳлаб тегибмиз? Ҳаммамизни ота-онамиз биздан сўрамай-нетмай узатган. Бизнинг кўз ёшларимизга ким қараган дейсиз?.. Шу ерда Хадичахон эътироз қилди: – Йўқ, ундай деманг. Мен ўзим хоҳлаб текканман. У вақтда куёвингиз ёш эди, мунча катта амалдор эмасиди, ниҳояти элликбоши эди. Биринчи хотинидан бола бўлмаган экан, икки-уч йил умр қилишганларидан кейин хотини ўлиб кетган. Мени олган вақтида «сен кўз очиб кўрганимсан» дерди… Менинг ҳеч бир нолийдиган ерим йўқ эди. Толейимдан хафа эмас эдим. Бу орада мана бу Фазилат туғилди. Бола деган ота-онани бир-бирига боғлайди… Фазилат туғилгандан кейин мен жуда хурсанд эдим. Худди ўша пайтларда онам ўлди. Отам ҳажга кетиб, у ерда қолди. Шунча мусибатларни қийналмасдан ўтказдим. Нимага десангиз, уйимдан кўнглим тўқ эди… Шу ерга келганда Хадичахон кўзига ёш олди, шапалоқ гулли обиравон кўйлагининг узун енги билан кўзларини артди. Сўнгра ёшли кўзлари билан ташқаридаги сўрида очиқ-сочиқ ётган ва бошига офтоб тушиб қолган Фазилатга қаради. Чойнакдаги сўнгги икки ҳўплам чойни қуйиб, бир ҳамлада ичиб битириб, чойнак-пиёлани нариги ёнига олиб қўйганидан кейин сўзида давом қилди: – Бунингиз амалдор бўлгандан кейин айниди. Мингбошилик ёмон ҳовлиқтирди. Ўз қишлоғини ташлаб бу ерга кўчди. Бу катта ҳовлини сотиб олди. Мана бу катта иморатларни солдирди. Боғ-роғ қилди, ер-сув кўпайтирди. Кўнгли бошқа савдоларга, ўзга кўйларга тушди… Бола ҳам кўзига кўринмади, хотин ҳам. Ёнига «ҳаббаракаллачилар» киришди. Хотин топадиган, маслаҳат берадиганлар кўпайишди. Бир ҳафтанинг ичида тўй қилиб, менинг устимга сизни келтириб қўйди. Шу ерга келганда Пошшахон чидаёлмади: – Мен хоҳлаб келган бўлсам экан… Оёғимдан боғлаб, бир чўридай олиб келдилар… Туғилганимга, ёшлигимда касал бўлиб ўлиб кетмаганимга ўкина-ўкина келганман. – Биламан, айланай, биламан… У ёғини сўрасангиз, бу аёл тоифасининг кўпи ота-онанинг зўри билан эрга тегади. Шундай бўлса ҳам, сиз менга кундош бўлиб келгансиз-да… – Келмай ўла қолай мен! Сизга кундош бўлиб неча йил, неча ойим роҳатда ўтди? Сиз-ку беш-олти йил роҳат кўрибсиз, армонингиз йўқ… Мен шўрлик бир йил ҳам яйраганим йўқ. Бир кечанинг ичида тўй овози чиқди-ю, эртаси куни намозшомда Султонхон кириб келди… Ўлганим яхши эмасми бу кунимдан? Отам ўлгур мунинг ер-сувига, давлатига қизиқди, «ях» деб туриб олди. Бу давлатлардан унга нима фойда?.. – Давлати қурсин, давлати!.. Энахоннинг келинбибисига рашким келади… Давлат асари йўқ. Рўзғорлари зўрға ўтади. Қўзичоқдай икки боласи бор. Эри ҳамиша ёнида… Кундош алами йўқ… – Нимасини айтасиз… Иккови ҳам жим бўлдилар. Бир оздан сўнг гапни яна Пошшахон бошлади: – Мен чидолмайман асло, мен чидолмайман! Мен асло чидолмайман бу аламга! Сўнгра жаланглаб тевараги-атрофга қараб олгач, дастурхон устидан кундошига эгилиб, деди: – Яна биттани олиб бериб, мана бу яшшамагурни қонқора қақшатсам… Кибр-у ҳаволарини синдирсам… Шаштини қайтарсам… Ҳовлиқишини боссам… Ундан кейин сизнинг дастурхонингизни солиб, қўлингизга сув бериб, қизингизнинг чокларини тикишиб, хизматингизни қилиб ётардим! Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг!.. – Шу топда сиз аламзадасиз, ёлғон айтмайсиз… Кундошлик оловлари зотан сўниб битган бу болали хотинга кечаги душманнинг бу кунги хушомадлари ширин эшитилди. Султонхоннинг устига яна бири келса, демак, тўртинчиси бўлади ва кундошлик алами яна ҳам йироқлашади. Шуни ўйлаб, Хадичахон кечаги кундошининг бугун ёрдам сўраб узатган қўлини қабул қилишга йўқ демас эди. Фақат, Пошшахоннинг яна ҳам очиқроқ ва аниқроқ гапиришини, тўғридан тўғри бирлик таклифида бўлишини кутарди. Кундоши кутдирмади: – Қарс икки қўлдан чиқар экан! Иккаламиз бир бўлсак, Султонни тузлаймиз. Ундан кейин кундошлик алами сиздан икки поғона, мендан бир поғона йироқлашади. Икковимиз ҳам хотиржам бўлиб опа-сингил тутишамиз. Шу давлатни қанча керак ўз қўлимизга олиб, ўртада баҳам кўришамиз. Ёшлигимиз шамолга кетиб бўлди… Энди давлатдан бир нарса олиб қолайлик. Қариганимизда асқотади… Хадичахоннинг кутган сўзлари шу эди. Зотан, бу сўзлар унинг ўз кўнглидаги сўзларнинг худди ўзи эмасмиди? Ўзи ёлғиз қолган вақтларида доим шу тўғрида ўйлаб, шу хил тилакларда бўлинмасмиди? Демак, бугун иккала кундошнинг юраги бир зарб билан урибди! Иккала кундош бугун бир-бирларини англаб, бир-бирларига қўл узатибдилар! Мундан яхши нима бор? Бир киши қилолмаган ишни икки киши қила олади. Икки киши қилолмаганини уч киши қилади. Гап ўша уч кишининг бир-бирига қўл узатиб, маслаҳатни бир қилишида! – Соз бир қизни тўғри қилсангиз, ҳали ҳам йўқ демайди у фосиқ! Ўйлашайлик бўлмаса… – деди Хадичахон. Кундоши бирданига ўрнидан туриб, унинг ёнига ўтди ва худди жонажон ўртоқлардай қўлини елкасига ташлаб, бетларидан ўпиб-ўпиб олди. Бу ўпиш риёкор ва алдамчи ўпишлардан эмасиди. Балки, аксинча, чинакам ва астойдил эди. Шу топда Пошшахоннинг бутун вужудини кундошлик олови ўраб олган, кўзлари оловнинг алангалари ила чақнаб ёнмоқда, икки юзи унинг ҳарорати билан қип-қизил чўққа айланганиди… Шу осилиш ва шу ўпишлар билан ўзининг астойдиллигини билдиргандан кейин, Пошшахон ирғиб ўрнидан турди, югуриб бориб эшик ва деразаларни қараб келди-да, деди: – Ўйлаб ўтириш нега керак? Дунёнинг энг соз қизи ўз оёғи билан қишлоғимизга келиб ўтирибди… У қизнинг таърифини эрингизга эшитдирсак, бир илож қилиб қизнинг ўзини ҳам меҳмон қилиб чақирсак… тамом! – Сиз кимни айтаётирсиз? – Энахоннинг шаҳарлик меҳмонларидан Зебихон деган ашуллачисини… Хадичахон тан бергандай қилиб кундошига қаради-да, деди: – Топибсиз-а!.. Эсингизга қойилман! У қизнинг таърифини мен ҳам эшитдим. Бало эмиш… – Шундай бўлгандан кейин бизнинг ишимиз яна ҳам енгиллашади. У қизни эрингизга мақтаб эшитдирадиганлар биздан бошқа ҳам кўп топилади. Мен билан Султонни мақтаб едирганлар шундай қизни айтмайди дейсизми? Ташқаридан йўталган овоз эшитилди. Сўрида ётган Фазилат ўрнидан туриб келаётир эди. Иккаласи ҳам бу суҳбатни шу жойда узиб, майда-чуйда рўзғор гапларига кўчдилар. Бироздан сўнг бет-қўлини ювиб Фазилат кирди. У остонага қадам қўяр-қўймас, онаси: – Бет-кўзингни ювдингми? – деб сўради. – Ҳа! – деди қиз. – Бўлмаса, ўчоқда кичик чойнакда чой бор, ола кир. Нонуштангни қиласан. Қиз чойни келтириб қўйиб, дастурхонга ўтирар-ўтирмас гап бошлади: – Кечаси чарчаб келиб ухлаб қолибман. Бўлмаса, сизларни уйғотиб кўрганларимни гапириб берар эдим. – Нималарни кўрдинг? – деб сўради онаси. – Қани, гапириб беринг-чи, – деди Пошшахон. – Нимасини айтасиз! Зебихон деган бир ашуллачи келибди, овозини эшитсангиз маст бўласиз! Булар иккаласи бир-бирларига қарашиб, мийиғларида кулиб қўйдилар. – Яна кимларни кўрдинг? – Зебихон билан келган бошқа қизлар ҳам бири-биридан яхши, бири-биридан соз, бири-биридан очиқ, бири-биридан қувноқ… Онаси «пих-х» эта кулиб юборди ва эшитилар-эшитилмас қилиб: – Поғонани яна ҳам нарига чўзсак бўлар экан! – деди. – Нима деб ётирсан, ойи? – деб сўради қиз. – Ҳеч, – деди онаси. – Ўзимча бир нарса дедим. Сен эшитмай қўя қол… Бу ҳазилни ўртанчи хотин англаган ва қувониб кулиш билан муқобала қилган эди. – Меҳмондорчилик қанақа бўлди? – деб сўради онаси. – Ҳа, дастурхондан келинг, – деди Пошшахон. – Камбағалнинг дастурхони нима бўлариди? Нон, патир, майиз, ўрикқоқи… савзи қиём… Охирида зиғир ёғи палов… битта-яримта гўшт учраса бор, бўлмаса йўқ… – Вой, ўлақолсин! – деди Пошшахон. – Ҳа-я! – деди қизнинг онаси. – Дастурхонга ким қарабди дейсиз? – деди Фазилат. – Ҳамманинг ақли-ҳуши ўйинда, ашулла да, қизларда, ҳалиги Зебихонда бўлди. То йиғин тугалгунча, ҳеч ким жилмади. Ҳеч кимнинг жилгиси келмади. Ярим кечадан кейин қайтиб келдик. Биз келганда, ҳаммангиз донг қотиб ухлаган эдингиз… – Дастурхони мунча ёмон экан, сен чақирмабсан-да меҳмонларни. Биз бу ерда қиёмат қилиб кузатаридик… – Мен сендан сўроқсиз чақиришга ботинолмадим. Икковимиз маслаҳат қилишдик, эртаги кунга Султонхон аям чақириб келди. Иккала кундошнинг кўзлари бирданига ўғил кўрганини хабар олган отанинг кўзларидай равшан бир олов билан чарақлади. Кўз ҳимоси билан бир-бирларига севинчли хабар узатишиб олдилар. Иккаласи бир-бирини кўз учида қутлади. – Султонхон аянг? – деб сўради онаси. – Ҳа, Султонхон аям. – Мунча эслик экан Султонхон аянг! – Шунга ҳам эс керакми? – деди қиз. Хадичахон кўзларини айёрлик билан ўйнатиб туриб кундошига қаради: – Гапни эшитаётирсизми? – деди. – Эртага бизникига шаҳарлик меҳмонлар келишар экан! Султонхон ойим чақирибдилар. Султонхон ойим… Пошшахон азалдан айёр бўлган кўзларига беш баробар равнақ бериб туриб муқобала қилди: – Мингбоши додхонинг суйгулик хотинлари бўлганидан кейин нима қилса таъби-да! – деди у. – Ким нима дея оларди? Ҳадди борми, қалай?.. – Мунча эслик экан бу Султонхон аянг! – деб такрор килди Хадичахон. – Мунча эслик экан!.. Икки кундош ўша айёр кўзлар билан бир-бирларига қарашиб, маънолик-маънолик кулишдилар. Қиз бечора бу кулишларнинг нималигини англаёлмасдан ҳайрон бўлиб дам онасига, дам кичик бувисига қарарди… Маълум базм кечасининг эртаси куни Энахон билан меҳмонлари қоронғи тушганда меҳмондорчиликдан қайтиб келдилар. Меҳмон қилиб чақирган хонадон қишлоқнинг нариги чекасида яшаганидан булар анча чарчаган эдилар. Зеби ҳаммадан орқада қолиб, қўлидаги насибани аравакашга бериб киргач, Энахоннинг онаси ўз қизини холи топиб, Зеби тўғрисидаги фикрини изҳор қилди: – Бу Зебиниса ўртоғинг топилмайдиган қиз экан, болам. Бир раҳмдил, бир оқкўнгил, бир илинчакки, бу замоннинг ёш-яланги орасида кам топилади. Шунча жойдан олиб келиб, шунча кундан бери пойлаб ётган бечора аравакаш болани бошқа қизларнинг биттаси ҳам эсга олмади, йўқламади, доим йўқлаб, хабар олиб турган Зебихон бўлди. Ўзининг қўшниси бўлиб туриб Салтанатхон ҳам сира йўқламади… Бу сўнгги жумлани кампир паст бир овоз билан ярим пичираб айтган эди. Энахон: – Рост, ойи! – деди. – Зебихон ўртоғим у тўғрида топилмайдиган, лекин… Бу сўзларни айтиб туриб Энахон ўзини тутолмади ва кулиб юборди. Кампир ҳайрон бўлиб: – Нимага куласан? Yo билмай гапирдимми? – деди. – Йўқ, – деди Энахон яна кулиб туриб, – жуда билиб гапирдингиз. Мен бошқа нарсани ўйлаб кулаётирман… Қоронғида паранжи ёпиниб ўтирмасдан, рўмолини пана қилиб аста-секин кириб келаётган Умринисабибини энг илгари Энахон кўрди, юзларида ҳануз ўша кулишнинг алангаси ила товуш бергани ҳолда уни қарши олгали югурди. Зотан, Умринисабибига Энахондан бошқа ҳеч кимнинг даркори ҳам йўқ эди. Қизнинг қўлтиғига кириб: – Юринг бу ёққа, айланай, сизга икки оғиз гапим бор, – деди. Энахон уни айвонга таклиф қилиб, бир пиёла-ярим пиёла чой ичишга ва меҳмондорчиликдан келган қатламадан насиба олишга чақирса ҳам, сира кўнмади. Иккаласи бирга ҳў… нарига, қўшни деволига яқинлашганларидан кейин, Умринисабиби қизни тўхтатиб, деди: – Айланай қизим, бу гапни сизга қандоқ қилиб эшиттиришга ҳайронман. Орага тушмай ўлайин мен… Бу муқаддимадан кейин Энахоннинг кўнгли совуқ бир нарса сезгандай безовта бўла бошлаган эди. – Нима гап ўзи? – деб сўради у товушида очиқ билиниб турган бир талваса билан. – Мени Султонхон юборди… Шуни айтгандан кейин Умринисабиби сўздан тўхтаб, қизнинг юзига қаради. Қизнинг юзи қоронғида унча очиқ кўринмаса ҳам, у ҳалиги сўзнинг қизга қандай таъсир қилганини англамоқчи ва шунга қараб сўз юритмоқчи бўларди. Қиз яна ҳам орта тушган талваса билан бояги саволни такрор қилди: – Нима гап ўзи? – Султонхоннинг онаси бирданига ётиб қолибди… Ҳали ҳозир отлиқ одам келиб, уни олиб кетди. Мен эрта биландан бери ўшаларникида ош-сувларига қарашиб юриб эдим, бирдан мунақа ҳол бўлиб қолгандан кейин мени чақириб олиб, «энди мен кетаётирман, ноиложман, тезлик билан бориб Энахонга менинг узримни айтиб қўйинг» деди… Паранжимни ҳам ёпинмасдан, югуриб сизнинг ёнингизга чиқдим. – Энди эртага меҳмонларни чақириш йўқми? – Султонхон ўзи бўлмагандан кейин ким чақиради? У ҳовлида ундан бошқа одамшаванда ким бор? Ўзингиз биласиз-ку, айланай… Бу совуқ хабар Энахонга ёмон таъсир қилди. У нима дейишини билмасдан ўйланиб қолди. Берган хабарининг ёмон таъсирини кўрган Умринисабиби у таъсирни камайтирмоқ учун сўз тўқиб кўрди: – Ўртоқларингиз, омон-эсонлик бўлса, яна келишар-ку. Ўшанда Султонхон эртанинг ҳиссасини чиқармай қўймайди… Яхши бола у… Ётиғи билан Салтанатхонга айтиб қўйсангиз, эслик қиз, ўзи тушунади… – Гапни чўзиш нима керак, хола? – деди Энахон. – Бўлар иш бўлибди, менинг шўр пешонам экан, майли! – Унақа деманг, айланай! Ҳали ёшсизлар, долай суҳбатларни, долай базмларни, долай тўй-томошаларни кўрасизлар. Султонхоннинг ачинганини айтмайсизми? – Энди ачингандан нима фойда?! Бўлар иш бўлибди… Майли энди. – Бўлмаса, яхши қолинг, мен борай. Супралар, хамирлар шундоқ очиқ-чочиқ қолди. Бориб йиғиштириб қўяй. Кундошлари, ўзингиз биласиз, қайрилиб қарашмайди… – Ўтириб кетардингиз… Энахоннинг бу сўзлари лабининг учидан чиққан, муни Умринисабиби ҳам пайқаган эди. – Яхши қолинг, бўлмаса! – деди Умринисабиби. Сўнгра айвон томонга бориб ўтирмасдан девол бўйлаб тезгина кўздан йўқолди. Энахоннинг кечадан бери тортган режалари ва қурган хаёллари бузилган эди. Энди севгили ўртоқларини кўнгилдагидек хурсанд қилиб жўната олмасиди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, келинбибисини чақирди ва бўлган воқеани унга англатди. У ҳам Энахоннинг хафалигига қўшилди, лекин бошқа бирор илож кўрсатишдан ожизлик қилди. Иккаласи жуда узоқ гаплашдилар, ҳар хил йўлларни ахтариб, ҳар турли маслаҳатни қилиб кўрдилар: ҳеч бири эпақага келмади. Охирда эртага эрта билан ҳалиги хабарни секингина Салтанатга билдирадиган, агар меҳмонлар ўзлари кетмакчи бўлсалар, «йўқ» демасдан уларга ижозат берадиган бўлиб, шу маслаҳатда тўхталдилар. Фақат, эрталабгача меҳмонларга ҳеч нарса демадилар. Улар борган жойларидан чарчаб келишиб, ўтирган ўринларида шундоққина узаниб қолган эдилар. Эрта билан нонушта чоғида Энахоннинг онаси қизига қараб: – Қизим, бугун меҳмонларингни Султонхонларникига олиб чиқасан-а? – деб қолмасинми! Бу савол қизни ҳам, келинни ҳам шошириб қўйди, чунки кечаги хабар ҳали ҳеч кимга эшиттирилмаган эди. Уни нонуштадан кейин Салтанатхоннинг ўзигагина изҳор қилмоқчи эмасмидилар? Энди бу содда кампир у «дард»ни кўпчилик олдида очиб қўйди. Қиз талвасасини беркитишга тиришган ҳолда келинбибисига қаради. Келинбибиси бу қарашнинг маъносини дарҳол англади ва кампирга жавоб қайтарди: – Султонхонларники сал чучмал бўлиб турибди… Энди, меҳмонларимиз қаерни хоҳласалар, ўша ерга олиб борамиз-да… Бўлмаса, шу ернинг ўзида яна ёзилишиб ўтирамиз. Кампир ўринсиз саволдан яна тўхтамади: – Султонхонларники нега чучмал бўлади? Энахон билан келин энди ҳақиқатни очмоққа мажбур эдилар. Энахонга қараб олгач, келин давом этди: – Султонхоннинг онаси бирдан нотоб бўлиб қолибди, қизини кеча олдириб кетган экан. Ўзи у ёқда, қандай бўлар экан деб турибмиз… Салтанат энди оғиз очди: – Биз аравани қўштириб жўнасак ҳам бўлар эди. Шаҳарлик қизлардан иккитаси бу фикрга қўшилишди. Фақат Зеби Салтанатнинг елкасига туртиб, қулоғига секингина шивирлади: – Мунча шошиласиз? Нимангиз қолибди шаҳарда? Неча йилда бир келиб ҳам тузукроқ ёзилмайликми? Шу вақтда салом бериб мингбошининг қизи Фазилатхон келиб кирди. Ёшлар уни ўринларидан туриб қарши олдилар-да, дастурхонга таклиф қилдилар. Қиз кўнмади, айвоннинг ёнгинасига келиб тўхтади-да, тик тургани ҳолда деди: – Мен меҳмонларни айтгали чиқдим. Султонхон аям оналари касал бўлиб, кетиб қолдилар. Ойим билан Пошшахон аям меҳмонларни ўзлари чақирадиган бўлишди. Бугун кечқурун албатта чиқасизлар! Сўнгра хайрлашиб чиқа бошлади. Уни то кўча эшигигача узата чиққан Энахоннинг бесаранжом кўнгли яна ўрнига тушган, ташвишлик юзларига севинч қизилликлари югурган эди. 5-боб Акбарали мингбошининг белида кумуш камари, ёнида кумуш сопли қиличи, устида зарбоф чопони бўлмаса, ҳеч ким уни амалдор демайди. Оддий кийимда кўрганлар ё оддий бир қишлоқ бойи, ё Еттисув билан алоқаси бор қўйчи, ё бўлмаса яйлов томон билан иш кўрадиган туячи деб ўйлайдилар. Чакка суяклари туртиб чиққан, пешона – бўйига тор, энига кенг ва ҳам узун-узун уч чуқур ажинга эга… Бурун ўртача, лекин қаншари паст… Кўз қисилиброқ келган, парда томирларидан икки-учтаси ва ҳам иккала кўзининг бир ёнида жиндак жойи ҳамма вақт қизил, бир кўзида пича шапағлиқ асари ҳам бор… Ияк – кенг, жағ – сергўшт. Жуда сийрак бўлган соқол иякнинг ўртасигагина тўпланиб, эчкиники сингари пастга томон сангиллаб тушган. Узиқарароқ хотин учраб бир чанг солса, ҳеч нарса қолмайди! Мўйлов ҳам соқол сингари сийрак. Уста Тўхташнинг «асрдийда» дукати икки кунда бир қириб турганлигидан лаб устида калта ва текис бўлса ҳам, умуман, ўзи ярмидан кўпи йиқитилган daraxtzor сингари хунук кўринади, икки учида олтитадан ўн иккита узун қил сичқоннинг думидай ингичка бўлиб пастга чўзилган… Дукат билан иккала томонга икки марта қўл тегизилса, у сичқон думларидан асар қолмайди, шу билан мўйлов масхарабоз кепатасидан чиқиб, одам нусхасига киради. Санъатига берилган уста Тўхташ таассуб деган нарсани йиғиштириб қўйиб, «санъат – санъат учун» деган назардан қараб… Акбарали мингбошига мўйлов тўғрисида ҳалиги таклифни қилган бўлса-да, шундай катта бир амалдор ҳам халқнинг таънасидан қўрқиб, уста Тўхташнинг таклифини рад қилди. Шу билан у масхара мўйловлар аянч бир кепатада сангиллаганча қолиб кетдилар… Мингбошини бу баланд даражаларга кўтариб, унинг воситаси билан ўз димоғларини ҳам чоғ қилиб турадиган шаҳардаги тўралар унинг икки чаккасида сангиллаб турган у ингичка «кокил»ларни «икки осилганлар» деб пичинг қилардилар… Бу соддадил «сарт» амалдори мунингдек пичингларга тушунмаса ҳам, пичинг қилувчи тўраларнинг ўзлари машҳур рус адибининг «Етти осилганлари»дан ҳам сўзда, ҳам ишда жуда яхши хабардор эдилар… Акбарали мингбоши ўзи ёлғиз қолиб, «виждони» билан қаршима-қарши келган вақтларида, Мирёқубнинг улуғ хизматларини инсоф билан эсга олар, унга ҳар тўғрида миннатдор бўлганини ўз «виждони» олдида иқрор қиларди. Чинакам, бурунги мингбошига яхши бир улоқчи отни бекорга олиб бергани учун элликбошиликка истеҳқоқ қозонганидан кейин, роса олти йиллик умри ўз қишлоғи билан мингбошининг маҳкамаси ўртасида дафтар кўтариб от чопиш, қишлоқдан одам ҳайдаб чиқиб катта йўлга сув септириш билан ўтди. Бу олти йилнинг мобайнида бир улоқчи отнинг эмас, неча улоқчи отларнинг ҳиссаси чиқарилган, бурунги беш-тўрт таноб ерга яна бир неча беш-тўрт таноб ер қўшилган бўлса-да, элликбошилик, ҳарқалай, меҳнат, уриниш ва югуриб-йўртишни талаб қиладиган амаллардан эди… Шу учун мингбоши бир йил куз фаслида Остонақул бойнинг катта бир қовун сайил қилдирганини сира эсидан чиқаролмайди: Мирёқуб билан ўша сайилда учрашиб танишгани учун сайилни эсдан чиқаришга «виждони» йўл қўймайди… Бу орада кўп нарсалар мингбошининг хотиридан фаромуш бўлганлар… У фақат қовун сайилдан икки кун кейин Мирёқубнинг уйига икки арава қовун-тарвуз билан икки замбар узум, икки чораккина қайроқи буғдой юборганини эслайди. Агар хотираси янглиштирмаса, шундан кейин бирор ой ўтар-ўтмас бир кун эрта билан кумуш камар боғлаб уйдан чиққанини, ундан бир кун бурун кечаси дарвоза олдида шоп-шалопли бир миршабнинг пойлоқчи бўлиб чиққанини билади. Мингбоши бўлганидан кейин оз фурсатда Мирёқуб турган қишлоқдан ҳозирги ҳовлини сотиб олиб, у ерга кўчиб борди. Бошқа гаплар аллақачон эсидан чиқиб кетган… Юртнинг кекса одамлари ўзаро сўзлашаркан, бу мамлакатда ҳеч бир хон ва хонваччанинг мунча узоқ юрт сўрамаганини сўзлайдилар. Маллахонлар, Худоёрлар, Насриддинбеклар юрт устидан баҳор булутлари каби келиб кечган эдилар. Акбарали мингбоши, мана, ўн уч йилдан бери шу маснадида ўтиради, давлати, обрўси, нуфузи тобора ошса ошадики, камимайди. – Худо берган-да, худо! – дейишади кексалар. – Худо ол қулим деса, ҳеч гап эмас. Шундайда баъзи бир ёш-яланглар: – Худо ҳадеб шунақа инсофсизларга берар экан-да! Биз бечораларга ҳам бир нарса узатса-чи! – деб қолишади. Буни эшитган кексалар таёқ кўтариб ёш-яланг устига югуришади, бечора ёшлар таёқдан ўзларини олиб қочаркан, бир-бирларига қараб пичинг отишади: – Нимага қочасан? Худо сенга ҳам бераётир, олмайсанми?.. Юртнинг кексалари бутун бу давлат, ҳукумат ва улуғликнинг бир оғиз гапини силлиқ ва ёқимли қилиб гапиролмайдиган содда ва тўнг одамга бирданига «насиб ва рўзий» бўлиб қолишида Мирёқуб аканинг катта ҳунари бор эканини яхши билишади. Шу учун Мирёқуб ака кўча-кўйда кўринганда, унга бериладиган салом ва қилинадиган таъзимлар мингбошиникидан кам бўлмайди. Фақат, шу қадариси борки, мингбоши у ёқ-бу ёққа жуда кам юради, юрса ҳам миршабларини орқасига эргаштириб, кечаси юради, кундузлари бўлса, фақат шаҳардаги улуғлар чақиртирганда, зарбоф чопонларини кийиб ва татти саманни йўрғалатиб ўтади. Унга салом бериш ва таъзим қилишдан белларга оғирлик келмайди, чунки ойда бир, ўн кунда бир эгилиб қўйиш ҳеч гап эмас. Аммо Мирёқуб аканинг юриши кўп! У, аксари, пиёда юради, юрганда ҳам негадир шошилиб юради. «Ассалому алайкум» деб дона-дона қилиб салом берсангиз, шошилганидан бўлса керак, «васс…» дебгина қўяди. Шу билан бирга, сиз томонга бўйнини қийшайтиб жуда кичиклик билан алик олади, доим кулимсираб турган кўзларини сиз томонга қиягина бир ташлаб олиб, йўрғалаганича ўтиб кетади… Жинқарчадай, ҳамма вақт ва ҳар қайда кўриниб қоладирган бу «асл мингбоши»га салом бермоқдан белларингиз толади… Дўконидан ҳар нарса топиладиган бир баққолга «фаранг баққол» деб ном қўйган кексалар ҳар ишда қўли бўлган бу одамга «Мирёқуб эпақа» лақабини бериб хато қилмаганлар. Ўзлари ҳам бу лақабнинг тўғрилигини осонгина исбот қиладилар: – У аралашмаган иш эпақага келмайди… Мингбошининг ер-суви шу қадар кўпки, ҳисобини ўзи ҳам билмайди. Лекин худо бу севгили қулига давлатни икки қўллаб узатса-да, фарзанд тўғрисида бироз ўкситиб қўйган. Дарҳақиқат, катта хотинидан бўлган қизи Фазилатдан бошқа унинг фарзанди йўқ. Мунча катта давлат кимга қолади? Етти ёт бегоналарга, зурриёти йўқ аёлларгами?.. Мингбоши мана шу аламга илож ахтариб бўлса керак, бир-икки йил ичида иккита ёш хотин олди. Боладан дарак йўқ… Шу учун, баъзида, ўзи ёлғиз қолиб меҳмонхонага беркинганида ва ҳатто ўз соясининг ҳам эшитмоқ эҳтимоли қолмаганда: – Бу қиз ўлгур ҳам бошқадан бўлмасин… – деб қўяди… Мирёқуб унинг ёши анчага бориб қолганда бундай хотинпараст бўлиб кетишига шу фарзанд хусусидаги noumidlik сабаб бўлмадимикан? деб баъзи-баъзида ўйлаб қўяди. Бир кун нойиб тўраникида (уезд ҳокимининг ўринбосариникида) ичкилик қилиб ўтиришган эдилар, ичкилик қуйилмасдан олдинроқ нойибнинг онаси ўз неварасини олиб кириб қолди. У – тилла сочли, тарвуздай думалоқ, ўзи лўппигина ва оппоқ момиқдай бир бола эди. Мингбоши болани дарҳол қўлига олди ва ўз ақидасича «кофир»нинг ва «ўрус»нинг боласи эканига қарамай, маҳкам бағрига босиб ўпди… Бола мингбошининг башарасидан қўрққан бўлса керак, жон аччиғида йиғлай бошлаган эди… Болани олиб чиқиб кетдилар. Шундан сўнг мингбоши бир-бир устун қуйиб ича берди, ича берди, ича берди… Мирёқубнинг имолари, ишоратлари, уй эгаларига эшиттирмай қилган танбеҳлари, ҳатто дўқлари… ҳеч бир таъсир қилмади. Мингбоши тамом маст бўлгач, «болани олиб келинглар» деб сўради. Боланинг онаси бу бадмаст одамга ўз тўқлисини бермоқ истамас эди. Ниҳоят, мингбоши ялиниб-ёлвориб сўрамоққа мажбур бўлди. Ҳатто кўзларига ёш олди… Сўнгра нойибнинг амри билан болани уйғотиб келтирдилар. Фақат, бу вақтда мингбоши ўзидан кетиб диванга ағанаган эди… Фарзанддан ва эсдан маҳрум, лекин ер-сув, пул ва бошқа бойликка кўмилган бу одамнинг бутун борлиги Мирёқубнинг қўлида эди. Ердан чиққан ҳосилнинг қанчаси ўз қўлига кириб, қанчаси Мирёқуб омборига тўкилганини мингбоши ўзи ҳеч қачон билган эмас. Керак бўлганда мингбоши Мирёқубдан пул сўраб олар, ун, гуруч, гўшт, ёғ ва рўзғорнинг бошқа керакларини бўлса ичкарининг талабига қараб яна Мирёқуб тайёрлаб берар, шу учун жонининг роҳатидан бошқани билмаган мингбоши ундан нарисини суриштирмас эди. Мирёқубнинг топиши ёлғиз шу мингбоши орқали бўлса, унга «эпақа» номини қўйиш тўғри бўлармиди? Мирёқубнинг қилмаган иши йўқлигидан шу номни берган эдилар. Қишлоқда иккита баққоллик, битта қассоблик дўкони, гузарда иккита самовар бор. Билган одамлар бу беш муассасадан тўрти Мирёқубнинг кучи билан айланганини сўзлайдилар. Шаҳарда, катта йўлнинг бўйига – қўрғон ташқарисига – бир янги пахта заводи тушди: заводнинг каттакон бир пахта саройи ҳам борки, пахта терим вақтида уч тарози билан пахта олади. Ана ўша заводга ҳам Мирёқубни шерик дейдилар. Воқеан, унинг икки ғилдиракли сариқ файтончаси ва сариқ йўрғаси, аксар, завод олдида боғланган бўлади. Шаҳардаги катта банкалардан бирида «учёт қўмитаси»нинг аъзоси: ҳафтада бир мажлис ўтказади… Шу билан бирга, унинг бирор жойга бирор чақа солиқ тўлаганини, бирор касбга бирор марта «қизил қоғоз» (патент) олганини ҳеч ким билмайди. Мингбошининг бошига не қора кунлар келмади! Яхши адвокатлар томонидан битилган ғалати аризалар қандай терговчиларни келтирмади! Қандай зўр тўралар чақириб сўрамадилар! Ҳоким неча марталар ғазаб билан чақиртирмади! Ундай вақтларда мингбоши, Мирёқубнинг таълими билан, ҳамма саволларга «билмайман» деб жавоб берар ёки бирор айб-иснод қилинса, тониб тура берарди. Расмий сўроқлар бу хилда борганда, орқадан Мирёқуб ғайри расмий йўллар билан сўроқ берар, бир-икки кун шаҳарда қолиб, қишлоққа қайтганида, мингбошининг устидан ҳар қандай оғир тоғ ҳам ағанаган бўларди. Мингбоши қайси бир тўраникига борса, Мирёқуб албатта биргалашиб боради, «бу нимага керак?» деб сўраган одам йўқ. Ахир, Мирёқуб амалдор бўлмаса, лоақал мингбошига мирза ё тилмоч бўлмаса, ўзи ўрус тилини тузук-қуруқ билмаса… нега мунақа мингбошининг кетидан элчиб юради? Нега? Мирёқубнинг кўп умри мингбошиникида ўтади, ўзининг ҳовлиси ҳам шу қишлоқнинг ўзида-ку, лекин чеккароқ жойда. Кечалари унинг ҳовлисида бир-икки миршабнинг пойлоқчилик қилиб чиққанини гапирадилар, фақат муни ўз кўзи билан кўрган киши йўқ, бўлса ҳам очиб гапирмайди, ё… гапиролмайди! Бир куни Мирёқуб нойиб тўранинг уйида эди. Бу сафар олиб борган ҳадяси тўрага ниҳоят даражада ёқиб кетган бўлса керак, тўра уни узоқ олиб ўтириб, кўп нарсаларни гапириб берди. Тўранинг тили чарчаб, Мирёқубнинг оғзида биринчи эснаш асарлари кўринган эдики, ташқаридан бир одам кириб келди. Икки томон ёқасига тилладан болға сурати ўрнатилган – новча бўйлик, мош-биринч соқоллик, хушмўйлов ва бир кўзи жиндак ғилайдан келган бу кулар юзли одам маъруф инженерлардан эди. Нойиб тўра билан бетакаллуф кўришди, Мирёқуб билан кўришиб ўтирмасдан тўппа-тўғри столнинг тўрисига ўтди ва юмшоқ курсини бир қўли билан қаттиққина қимирлатиб кўргандан кейин, аввал билагидаги тилла соатга қаради, сўнгра «да-а» деб чўзиб қўйиб, курсига ўзини ташлади. Шундан кейин нойиб тўра Мирёқуб томонга ишорат қилиб ва янги меҳмон томон бурилиб: – Бизнинг Мирёқуб билан танишмисиз, азизим? Ноёб одамлардан! – дегач, у одам ўтирган ўрнида секингина бош силкиб қўйди. Мирёқуб ғурурининг калтакланишидан келган бир заҳарханда билан кулди, инженер эса бурунги кулар юзини ҳам нўқталаб олди. Муни нойиб тўра яхши пайқади, шекилли, Мирёқубга худди меҳрибон отанинг севимли боласига қарайтурган қараши билан илиқ ва мулойим кулиб бир қаради. Мирёқуб ҳам эрка ўғилдек муқобала қилди. Шу билан бу суҳбатнинг Мирёқуб аралашган кўринишларига парда тортилди-да, иккала билимдон сўзга тушди. Инженер булбул сингари сайрай кетди, сайрай кетди! Мирёқуб адвокат халқининг маҳмадоналигини биларди, бу одамнинг адвокат эмас, инженер бўлганини ҳам ажрата оларди. Шу учун бошда уларнинг тобора қизишаётган суҳбатларига у ҳам қизиқиб қаради. Кейинча тўра ҳам, – меҳмондан юқдими нима? – тилларини бурро қилиб сўзлашга, меҳмоннинг кўп даъволарини акси даъволар билан синдирмоққа тушиб кетгач, бизнинг Мирёқуб секингина қўл узатиб, столнинг бир четида турган катта бир китобни олди. Китоб сурат билан лиқ тўла эди, ҳеч шарпа қилмасдан уни битта-битта варақлай бошлади. Тўра Мирёқубни унутди, гўё у бу ерда йўқ каби… Инженернинг оғзидан баъзи-баъзида сартларга оғир келатурган сўзлар чиқиб кетганидагина, тўра бояги қараш билан Мирёқубга қараб қўяр, лекин ундай фурсатларда унинг икки кўзи китобда бўлса ҳам, икки қулоғи аврашга тушган илондай дингкайганини тўра билмас эди. Узоқ чўзилган бу суҳбатда Мирёқубнинг қулоғи бир марта жуда ғалати дингкайди, ҳатто унинг қоп-қора чиройли кўзларида аллақандай сеҳрли оловлар ёнди. Унинг боши ҳам китобдан кўтарилиб, юзларидан енгил бир қизиллик ёйилиб ўтди. Ўша жойда сартларни камситадиган гап ўтмаганлигидан бўлса керак, тўра ҳам узр сўраган қараш билан Мирёқубга қарамади. Иккала суҳбатдош ўша жойда Мирёқубнинг қулоқларини дингкайтирган сўзларни унга ва у мансуб бўлган халққа алоқасиз бир нарса деб қарадилар, шекилли, худди Мирёқуб шу ерда бўлмагандай, ўз ораларидагина ўтказиб юбордилар… Инженер туриб чиқиб кетгандан кейингина, Мирёқуб ўрнидан турди ва кетишга ижозат сўради. Тўра у билан хайрлашаркан, инженернинг бояги камситишлари учун яна-тағин узр сўраган бўлди. Мирёқуб фақат кулибгина қўйди, бошқа ҳеч нарса демади. Тўра бу кулишни Мирёқубнинг хурсанд ва рози эканига йўйди ва кўнгли ўрнига тушди. Фақат, Мирёқубнинг кўнгли бир неча кунгача ўрнига тушгани йўқ. Бир инженернинг (у, ахир, нойиб тўра сингари катта амалдор эмас!), ниҳояти бир инженернинг бир-икки марта сартларни камситиши Мирёқубни шунча безовта қилдими? Йўқ, унақа камситишлар ҳар қадамда бор! Ҳаммасига безовта бўла берса, Мирёқуб бечора тўрт кунда сил бўлиб қолмайдими? Йўқ, йўқ! Камситишлар ўша оннинг ўзидаёқ унутилган, ўтган йилги қордек эриб йўқ бўлган, баҳордаги ёғмур каби асари ҳам қолмаган… Инженер ўша суҳбатда янги – ҳали сир бўлган! – бир хабарни айтиб эди: шу шаҳардан бошлаб фалон-фалон жойларга поезд йўли тушар экан. Бир ширкат планларини Петербургдаги катта маҳкамаларга топширган, улар тасдиқ қилишга ваъда берганлар. Аллақайси бир банка пул бермоқчи бўлган, текшириш учун яқин орада инженерлар чиқар экан. Иморат-бино ишларига ўша инженерни чақирганлар. Мирёқуб поезднинг қаерлардан ўтишини билиб олган эди. Ўша суҳбатда унинг қулоғи бир дингкайди, жуда ажойиб дингкайди, лекин! Ана ўшанда поезднинг ўтиш жойларини миясига жойлаштирган эди. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас безовталик ҳаракатга ва ишга айланди. Бир ойга етар-етмас, ўша келажак поезд йўли бўйларидан Мирёқуб жуда кўп – бир неча юз десатин – ер сотиб олди. Ерларнинг ҳаммаси деярлик сувсиз, noobod, ташландиқ ерлар эди. Шунча кўп ерга қанча оз пул кетди. Кўплар бу шошилиш савдони билмадилар, билганлар Мирёқубни «жинни бўлибди» дедилар… Ширкат поезд йўли солишга ижозат олиб, тайёрликларга киришгандан кейингина Мирёқуб қилган ишини нойиб тўрага айтди. – Сен худди бир америкаликка ўхшайсан, Мирёқуб! – деди тўра. – Лекин, кўнглингга оғир олма, чакки шу сартия ичида туғилиб қолгансан! Мирёқуб кўнглига оғир олиш тугул, бу гапга севинди балки, юзларига яна ўша енгил қизиллик югурди. Янги йўлнинг аллақайси бир жойида кўз илғамас бир чўл бор эди. Чўл… қуп-қуруқ чўл… Сув – пастда… чуқурда. Атрофдаги деҳқонлардан баъзилари шу ерни экин ерига айлантириш учун турли даврларда якка-якка уриниб кўрган, лекин ҳамма қилган меҳнатлари бекор кетиб, у ердан ҳафсалалари пир бўлганди. Ҳали ҳам у чўлда унумсиз қолган одам меҳнатининг асарлари, тўғриси, харобалари кўринади: ариқлар… экин поллари… марзалар… бир неча туп қуриган тут дарахтчалари… Мирёқуб оз пул, кўп усталик сарф қилиб, ўша чўлни ўз номига ўтказди. Фақат, бу вақтларда поезд йўлининг режалари тортила бошлаганлигидан, одамлар Мирёқубни «жинни» демадилар, балки «бу – бир нарсани билиб қилади» дедилар. Поезд йўли солиниб битмасдан туриб, у чўлга неча тегирмонлик катта сув чиқди. Аввало, ўз чўнтагининг, қолаверса, отахони мингбошининг ёрдами билан чўлнинг ўртасидан катта бир ариқни ўтказиб қўйди. Шундан кейин ерсиз деҳқонларга чек бўлиб бера бошлади. Кўп ўтмай у ерда бир қишлоқ пайдо бўлди ва сув чиқарган одамнинг шаҳардаги отахони номига аталиб «Парпи чеки» бўлди (нойиб тўранинг номи Фёдор, сартлар «Парпи тўра» дейдилар). Кейинча чўлнинг бир четига поезд станцияси тушди, ёни-берига чойхоналар, дўконлар, саройлар солина бошлади. Поезд йўли очилгандан кейин ўша жойдан пахта заводи учун ер танладилар. Булғориялилардан иборат уч кишилик бир ширкат яна ўша жойдан анча ер сотиб олиб, каттакон бир мевали боғ ва зўр бир сабзавот полизи вужудга келтирдилар. Ҳар қалай, поезд ўтгандан кейин бир неча йил орасида Мирёқубнинг қўлида жуда оз ер қолди, ҳаммаси ҳар кимга ўтиб кетди. Мирёқуб ерни унча севмайди, ер қўлдан чиқса, хафа бўлмайди. Шунча ер қўлдан чиққан бўлса, унинг бараварига қанча давлат қўлга киргандир, муни худо билади-ю худонинг севимли бандаси қоракўз Мирёқуб билади!.. Мингбоши ўзининг рус мирзаси Соколов, иноқ миршаби Мирзабоболар билан бирга саман йўрға устида ўз дарвозасига келиб тўхтаганда, қоронғи тушган, кўчада ўйновчи болаларнинг оналари эшик тагига чиқиб, «бемаҳалда бас энди!» дея тергай бошлаган эдилар. Мингбошининг оти тўхтар-тўхтамас, ташқаридаги миршаблар югуришиб бориб дарвозани очдилар, катта дарвозанинг бир қанотидан чиққан ингичка қийтиллаш овози муаззинларнинг хунук ва қўпол товушларига қоришди… Бу овозлар орасида болаларига қовушган сигирларнинг оғир мўлашлари билан оналарини соғинган бузоқларнинг эрка маълашлари мунгли ва ёқимли эшитиларди. Мингбоши отдан тушар-тушмас сўради: – Мирёқуб келдими? Мингбошининг мусулмон мирзаси Ҳакимжон қўл қовуштириб туриб жавоб берди: – Ҳа, шу ерда. Меҳмонхонада ухлаб ётибди. Мингбоши ўзидан хурсанд, кулди: – Ноинсофнинг кеч кирганда ухлашини қаранг! Бор, уйғотиб чиқ! Икки миршаб мингбошини ечинтирмоққа бошлади. Мингбоши ҳали ҳам бояги кулишида давом этарди: – Оббо бетавфиқ-эй. Намозшомда ухлаганини! Меҳмонхонадан кўзларини уқалай-уқалай Мирёқуб чиқиб келди. У ҳали айвондан тушмай туриб: – Ҳорманг, хўжайин! – деб қичқирди. Мингбоши яна ўша кулиш билан ўтирган жойида унга томон эврилди: – Ҳа, худо бехабар! Нима бу бемаҳал уйқу? Намозшом пайтида-я? – Ҳа, хўжайин, шунақа… Сизни кутиб ўтириб ухлаб қолибман. – Қачон келиб эдинг? – Кеч пешинда. Шундан бери йўлингизга кўз тутиб ўтирибман. – Қани ўтирганинг? Уйқуни урибсан-ку! Қани, нима гаплар бор? Янги гаплардан гапир. – Янги гапни сиздан эшитамиз. Шаҳарда эдингиз. Кимларни кўрдингиз? – Кимни кўрардим? Нойиб тўрани кўрдим. – Нима гап экан? – Нима гап бўларди. Берироқ кел! Мингбошининг бу амри билан унга томон бораётган Мирёқуб миршабларга ишорат қилди, улар узоқлашдилар. Шундан сўнг мингбоши овозини пасайтириброқ сўзлай бошлади: – Қумариқнинг пайновидаги деҳқонлар менинг устимдан ариза берганга ўхшайди. Аптидан, «Ҳамма сувни мингбошининг ерлари ичади-ю бизга тегмай қолади. Шунақа қилиб неча йилдан бери экинларимиз қуриб кетаётибди» деб арз қилишганга ўхшайди. Нойиб тўранинг сўзидан шу маълум бўлади. Шу ерга келганда мингбошининг қовоғи солина бошлаган эди, қисиқ кўзларининг тез-тез юмилиб қалтирангандай бўлганини Мирёқуб ҳам пайқади. – Хўжайин, – деди у, – хотиржам бўлиб, битта-битта гапириб беринг. Ҳеч бокиси йўқ. Мингбоши унинг бу сўзларига қунт қилмасдан забтлик бир овоз билан сўради: – Кимнинг иши бу? Қани, айт-чи! Мирёқуб мингбошининг ҳеч бир сўзини бирданига қайтарган одам эмасди. Шу учун бу сафар ҳам эски одатича айланма йўл билан жавоб беришга бошлади: – Кимнинг иши бўлса ҳам билмай қўймаймиз. Илгари нойиб тўранинг мамиласини, сизга нималар деганини гапириб беринг. – Қайси хотин талоқнинг иши дедим мен сенга. Мингбоши овозини бир оз кўтара тушган эди. – Нойиб тўранинг гапидан билинади ўзи, – деди Мирёқуб. – Сиз бўлган гапларни айтиб беринг! Мингбоши яна ҳовуридан тушмаган эди. Шундай бўлса ҳам, ўша жаҳл овози билан Мирёқубнинг саволларига жавоб берди: – Нойиб тўра айтади: мен сени яхши биламан, дейди. Сен фуқарони яхши кўрадиган одамсан, дейди. Башарти, аризада битилган гаплар рост бўлганда ҳам, сени айблашга кўнглим бормайди, дейди… Ерларингга қарайдиган мутасаддилар шундай қилса қилишгандир. Ўшаларни чақириб тайинлаб қўй, сенинг ерингга икки-уч марта сув берганда, бир-икки марта уларникига ҳам бериб қўйсин. Одамларнинг экинини қуритиб юбориш яхши эмас, дейди. Билдингми энди ариза берганнинг кимлигини? Қани, айт-чи? – Бу гаплардан ҳали билиб бўлмайди. Бошқа гапларини айтинг! – Бошқа гапи йўқ. Бўлса ҳам, эсимда туради дейсанми? – Ўйланг. Мен унинг ҳамма гапини билишим керак… – Билсанг билақўй: ўша тарафларда Ёдгорхўжа, Умаралибой деган обрўйлик одамлар бор, дейди, уларнинг ҳам кўпгина ер-сувлари бор, яхши эмас, дейди. Қора фуқаро бўлса – иш бошқайди, мен дейди, фуқаронинг гапига қулоқ солмайман… Ома-лекин юртнинг эслик, обрўйлик одамларини хафа қилманглар, дейди… – Ана, холос, кўриниб турибди: ариза берганларнинг бошида Ёдгор эчки билан Умарали пучуқ турар экан! Нойиб тўра оп-очиқ айтиб берибди. – Эсингга қойилман, бетавфиқ! Шунча эсинг бор-у, намоз ўқимайсан! – Сизга эргашиб шундай бўлдим-да! Мингбоши энди жуда ёйилиб кулди: – Оббо, бенамоз-эй! Гапдан тоза берган сенга худо! Шайлайсан, шайлайсан! Яна овозини пасайтира тушди: – Ёдгор эчки билан Умарали пучуқнинг бир адабини бермасам, кўнглим тинчимайди. Бир иложини қил! Сенга айтаман! – Хўп, хўжайин! Шошманг, мен яна бир сўраштирай. – Сўраштиришнинг нима кераги бор? Ўшалардан бошқа ким қиларди? – Эҳтиёт шарт, хўжайин! Адаб бериш қочмайди… Масаланинг тагига етайлик, балки бошқа гаплар ҳам чиқиб қолар… Мингбоши бу сўздан шубҳага тушди: – Нима дединг! Бошқа гап ҳам чиқиб қолади, дедингми? Бу нима деганинг? – Эҳтиёт шарт, дейман мен! Эҳтиёт! Яхшироқ сўраштирсак, яхшироқ биламиз-да, ахир! Сизнинг ишингиз бўлмасин, мен ўзим икки кунда тагига етиб, сизга арз қиламан. – Ҳа, майли, сўраштир! Судрама лекин! Ҳа!.. Мингбоши шу жойда ўзининг Мирёқубга эътимодини кўрсатмак учун унинг елкасига уриб-уриб қўйди. – Бўлди, хўжайин, хотиржам, – деди Мирёқуб. Иккаласи ҳам жим бўлдилар. Бир оздан сўнг мингбоши миршабларга қараб бақирди: – Ким бор, ҳой! Ҳакимжон югуриб келди. – Бор, овқатдан хабар ол! Қорин очди! Ҳакимжон югуриб ичкари томонга кетгач, мингбоши Мирёқубга юзланди: – Қани, гапир энди, сен нима хабар топиб қўйдинг? Мирёқуб дарҳол жавоб берди: – Тўй. Мингбоши бу биргина, лекин кутилмаган сўзга бир оз ҳайрон бўлди. – Тўй? – Ҳа, тўй! – Нима тўй? Ким тўй қилибди? – Мен тўй қилмоқчиман… – Сен? Кимга? – Сизга! – А, бенамоз-э! Менга? – Ҳа, сизга. Мингбоши бирдан гапнинг суръатини тортди: – Қўй энди, битта-битта гапириб бер: нима гап ўзи? Мирёқуб яқин ўтириб сўзлай бошлади: – Шаҳарда бир худо бандасининг иккала дунёга арзийдиган бир қизи бор экан! Мингбоши эркин-эркин кулди: – «Тавба» де, бетавфиқ! «Астағфурулло» де! Мирёқуб астағфурулло ўрнига уят бир сўз айтди. Мингбоши бешбаттар ёйилиб кулди. – О, баттол-эй! О, баттол-эй! Худо урди сени! Худо урди энди!.. – деди у. Мирёқуб аста-аста давом этди: – Ўзи ўн беш-ўн олтида экан… Жуда етилган вақти… – Унақа етилганлар қишлоқда ҳам кўп. – Унинг бошқа бир хосияти бор экан… – Хўш? – Жуда яхши, булбул сингари ашулла қилар экан. Овози Довуд пайғамбарники сингари дейдилар… Мингбоши яна кулди. – «Саллало» де, бетавфиқ! «Саллало» де! – Қазосини айтаман бир йўла! – деди Мирёқуб, сўнгра давом этди: – Шуни сизга олиб берай дейман. – Одамлар айта беради. Ўзинг эшитдингми овозини? – Йўқ! Менинг хотиним, қизим эшитиб, ҳар кун мақташади. Ҳамманинг оғзида шу… – Одамларга ишонма, дедим-ку. Бу одамлар тегирмончи Шамсиддинни ҳам яхши қўшиқчи деб ер-кўкка сиғдирмай мақтайдилар. Овозини эшитгандирсан? Эшак ҳанграса ундан авло… – Хўжайин! Ўзингиз бир эшитсангиз эди… – Бўлмайдиган гапни гапирма! – Нимага бўлмасин? Қиз ўзи ҳозир шу ерда, қишлоғимизда. Катта хотинингизга айтинг, меҳмон қилиб чақирсин. Эшитасиз… – Қишлоқда? Кимникида? – Холматникида. – Шу Холматникида? Шу ўзимизнинг Холматникида-я? У бечора очидан ўлолмай юрибди, меҳмон чақириб нима қилар экан? Питини бериб боқадими! – Шу учун сиз чақиртирсангиз, Холмат ҳам хурсанд бўлади, меҳмонлари ҳам. – Ундай бўлса, мен катта хотинимга айтайин, чақиртирсин. Эшитайлик… Мирёқубнинг қулоғига эгилди: – Каттанинг рашки келмас-а? – деди. – Энг кичигидан бошқа ҳеч қайсисининг рашки келмайди. Ҳар қалай, катта хотинингиз эслироқ. – Йўғаса, – деди мингбоши ўрнидан туриб, – мен бир ичкарига кириб чиқай. Овқатдан ҳам шу чоққача дарак бўлмади. Сен ўтиратур, кетиб қолма! Ичкарига томон аста босиб юра бошлади. Ҳали ҳам бояги одатича хурсанд бўлиб кулар ва бирушта: – Оббо бетавфиқ-эй!.. – деб сўзланарди. Мингбоши ичкарига кириб катта хотинини чақирганда, меҳмонлар Пошшахоннинг уйида сертакаллуф бир дастурхон устида эдилар. Дастурхон солиб хизмат қилишмоқ учун чиққан Умринисабибини бир нарсадан гумонланиб Пошшахон қувиб чиқарган: у Зебининг бошига келажак фалокатни унга ёки унинг яқин ўртоқларига қандай қилиб айтишини билмасдан ўз уйида парвона сингари айланарди. Пошшахон билан Хадичахоннинг бошлари осмонда: Султонхоннинг катта, даранглаган уйлари бўм-бўш, ўзи бу ҳангомалардан хабарсиз; дуторчи қизлар ҳалитдан, дастурхон йиғилмай туриб дутор созламоқда эдилар… Мингбошининг чақириғига бирдан иккала хотин «лаббай!» деб югурди. Фақат мингбоши катта хотинига имо қилиб: – Биттанг кел! – деди. Пошшахон орқага қайтди, лекин бу суҳбатдан кўнгил узолмасдан яқин бир жойга беркиниб турди… Мингбоши, одатда, хотинларга калта гапирар, улар билан эзилиб ўтиришни ўз эркаклик шаънига сиғдиролмас эди… – Холматникига келган шаҳарлик меҳмонларни чақиртириб яхши бир зиёфат қилинглар, – деди у. – Шаҳардан келиб Холматнинг қуруқ нонини еб кетса яхши эмас! Сўнгра Хадичахоннинг жавоб беришини кутиб ўтирмасданоқ: – Овқатинг нима бўлди? – деб сўради. – Жадаллат! Қорин оч! Хадичахон мулойим кулимсиради: – Меҳмонлар бизникида, шу учун овқатимиз бугун кечроқ бўлади. Мен сизларга нон-чой чиқараман. Мингбоши меҳмонларнинг ўз уйида эканини эшитиб ҳайрон бўлди: – Меҳмонлар шу ерда? Қачон келишди? – Намозшомга яқин. – Яхши, яхши. Бир оздан сўнг яна такрор қилди: – Яхши… Яхши… Сўнгра бирдан: – Ашулла чиси борми, йўқми? – деб сўради. – Бор, – деди Хадичахон. – Ашулла қилганда мени чақиртир! Дурустми? – шу сўзни айтгач, хотинининг жавоб беришини кутмасданоқ бурилиб ташқарига томон юрди. Бутун умрларида деярлик бундай сертакаллуф зиёфатни кўрмаган ёш қизлар такаллуфга яраша бетакаллуфлик билан, ўлгудек қутуриб ўйин-кулги қилдилар. Ҳориб-чарчаб, зўрға-зўрға оёқ ташлаб қўшхоналарига қайтган вақтларида, ярим кечадан анча ўтиб қолган эди. Уйда қолган икки кампирга саҳар туриб аравани қўштиришга буюрдилар-да, ўзлари кўзларини юмар-юммас оғир уйқуга кетдилар. Булар ёшликнинг бепарво қучоғида маъсум гўдаклардай ҳеч нарсадан хабарсиз тўлиб-тошиб ухларкан, сўри томонда икки кампирнинг ташвишли бир ун билан алланега бесаранжом бўлиб пичирлашгани эшитиларди. Уларнинг бири ўзимиз билган Умринисабиби бўлиб, севимли Зебининг ёш умрига қасдланган ёмонлар тўғрисида гапирарди. Тонг ёришмасдан йўлга тушиб, қишлоқдан чиқар-чиқмас ашулла ни баланд қўйган Зеби неча йиллик ғам-ғашлардан тўрт-беш кун ичида ортиғи билан ёзилиб кетаркан, ўз орқасида ўйналаётган ўйинлардан хабарсиз эди. Кечаси Умринисабибидан Зеби тўғрисидаги ташвишли хабарни эшитганидан кейин Энахоннинг онаси меҳмонлар жавдишган вақтда Салтанатни бир чеккага чақириб, ҳалиги хусусда огоҳлантирган бўлса-да, Салтанат бу қадар ёйилиб ва қувнаб бораётган ўртоғини хафа қилмаслик учун унга ҳеч нарса демасликни эп кўрди. Салтанат у тўғрида бу ёш қизга гап очиб, унинг ёруғ таъбини хира қилмасдан, ўз онаси орқали Зебининг онасига эшитдириб қўймоқчи бўларди. Мингбошиникида жуда сертакаллуф зиёфат еган бу ёш қиз зиёфат берган жувонлардан жуда миннатдор бўлмоқ билан бирга шундай қари ва ниҳоят даражада хунук одамга – яна кундош устига! – тушиб қолганлари учун уларга чин кўнгилдан ачинарди. Салтанат билан бирга Зебининг ўзи ва бошқа ҳамма қизлар мингбошининг давлати ва обрўси тўғрисида қанча мақтов эшитган бўлсалар, унинг бадбашараликда ҳам тенгсиз бўлгани тўғрисида ўшанча ваҳимали сўзларни тинглаган эдилар. Қизлардан ҳеч бири мингбоши хотинларининг давлатига қизиқмаган, уларнинг толеларига кўз олайтирмаган, у давлатлар тўғрисида ўзаро гап очилганда, очиқ жирканиш билан «давлати бошидан қолсин!» дея қичқирган эди. Салтанат қизларнинг ашулла ларига қўшилмасдан, ўз олдига оғир-оғир ўйлаб бораркан, ўзини хаёлида – бир нафас учун! – мингбоши хотинларидан бирининг ўрнига қўйиб қаради… Устида гўё хонатлас кўйлак, Хитой товардан калтача, тоза беқасам камзул, қимматбаҳо шоҳи рўмол, амиркон кавиш-маҳси… Кенг ҳовлида, даранглаган айвонлар ва сўлум уйларда, одамни чиройли қилиб кўрсатадиган қалин тошойнакларнинг қаршисида… Тилла билавзиклар, ёқут кўзли узуклар, хина билан чўғдай ловуллаб турган бармоқлар, сурмали кўзлар… Хонтахта устида анвойи ноз-неъмат, турли-туман мева-чева… Турган сари юмшариб, пиша борадиган ва пишган вақтида оғизга солса эрийдиган ноклар… Қуванинг йирик донали ва нордон анорлари… Ҳалиги нокнинг энг тўлганини олиш учун дастурхонга қўл узатар экан, қўлини бошқа бир қўл келиб ушлайди… Унинг ҳам қизлик ҳаваслари уйғонади, юраклари мулойим ва ёқимли бир талваса билан дук-дук ура бошлайди: икки юзи дастурхон устидаги анор сингари қип-қизил бўлади. Энди у ўзининг «мингбоши хотини» бўлганини унутган, ёшликка хос кенг хаёл қучоғида бошқа оламларга ўтган эди. Унинг қаршисида ўткир ва серҳавас кўзларини ўйнатиб ёш бир йигит турган каби бўларди… Бу қўл, албатта, ўша йигитнинг оч ва қайноқ қўлларидан ўзга эмасди… Ниҳоят, ёш қиз ёш йигитга томон астагина қайрилади ва қайрилган ҳамон ўзидан кетиб қичқиради: – Мингбоши!!! Мунинг ҳолидан бехабар ашулла қилишиб бораётган қизлар бу қичқириқни эшитгач чўчиб тушдилар. – Вой, нима бўлди сизга, Салтанатхон? – деди Зеби. Қизлар Салтанатни ўртага олдилар. У эса икки қўли кўксида, ранги ўчган, ўзини Зебининг қучоғига ташлади. Сўнгра аста-аста кўзини очгач, ҳаммага бир-бирқараб олди, унинг бу қарашларида оғир бир ҳорғинлик бориди… Кейин кўзлари Зебига тикилди, энди у кўзларда айбини яширган бир гуноҳкорнинг қарашлари телмирарди. – Нима бўлди сизга, Салтанатхон! – деди яна Зеби. Салтанатхон жавоб ўрнига қўлларини кенг очиб, Зебига ташланди ва: – Зебихон! Жоним Зебихон!! – дея уни маҳкам қучоғига олди… Қизлар ҳайрон, ҳаммасининг кўзи уларда. Салтанатнинг «мингбоши…» дея қичқириши билан баробар аравани тўхтатган Ўлмасжон от устида орқасига қайрилиб – қандай ҳодиса бўлганини англаёлмасдан – танғирқаш назарлари билан қизларга тикилган эди. Икки қизнинг бир-бири билан қучоқлашиб «айланай, ўргилай» қилишлари ҳали-бери тугалмайдиган бўлгандан кейин, елкасини қоқиб яна олдинга эврилди ва астагина «чў» деб отини қамчилади. Сўнгра, у кичкина бир анҳорнинг кечигидан кечаркан, отини суғоришга тўхтаган вақтида, Зеби билан бирга Салтанат ҳам шарақ-шарақ гапга тушган эди. Шаҳарга киргандан кейин қизлар ўз уйларига яқин жойларда битта-битта туша бошладилар, шу билан сафар охирида Ўлмасжоннинг Зебидан бошқа йўлчиси қолмади. Кўнгилларидаги ажиб ҳисларни бир-бирига билдирмоқ учун ҳали фурсат тополмасдан энтиккан бу икки ёш энди, ўн-ўн беш минут холи фурсат топганларида, ортиқча талвасага тушган юраклари дастидан нима дейишларини билолмай энтикардилар… Униси ҳам, муниси ҳам бир оғиз гап айтолмади. Икки ёш кўнгилнинг шу топда кичкинагина бир тилаги бўлса, у ҳам – бир-икки маҳалла ўтгач етиладиган ҳовлининг яна бир неча маҳалла нарига чўзилиши, ё бўлмаса, кексалар айтгандек, «ер таноби»нинг пичагина чўзилмай туриши эди. Ҳолбуки, шаҳарга, ўзига ошна жойларга, ўз отхонаси бор ерларга келганини пайқаган ва қорни очқай тушган от ошиқ-маъшуқнинг кўнгил тилакларидан бехабар қадамини илдамлатар, «ернинг таноби» ўзидан ўзи тортилиб борарди… Арава Зебилар мачити олдига етганда, Раззоқ сўфи бир неча киши билан бирга бошқа бир аравада қарши томонга ўтиб кетди – Отам бирор жойга кетаётганга ўхшайди, – деди Зеби қувонганини яширолмай. – Йироқроқ сафарга ўхшайди. Оқ йўл берсин! – деди Ўлмасжон ва юмшоққина кулди. Шу топда Зебининг кўнглидан оғир бир тоғ кўчган эди! 6-боб Салтанатнинг онаси Зеби тўғрисидаги ташвишни унинг онасига астагина эшитдириб кетгандан кейин, бир кун ўтиб, Раззоқ сўфи қишлоқдан келди. У эшикдан кирар-кирмас тўй тўққизини хотинига узатиб: – Қизинг қани? – дея сўради. Бу шошилиш савол шўрлик онанинг бағрига тикондек ботди. Ранги дарров олинди… – Нимага индамайсан, ҳай фитна? Нима бўлди сенга? – деди сўфи. Хотинининг бу аҳволига у ҳам қунт қилган эди. Қурвонбиби тутилиб, зўрға-зўрға гап эплади: – Шу ерда… шу ерда… қизингиз… – деди у. Уч бўлиб айтилган шу икки оғиз сўзда ҳам бесаранжом бир жадаллик бориди. Эрининг бирор нарса дейишини кутмасдан, бечора хотин бояги бесаранжомлик билан қаторасига уч саволни чизиб ташлади: – Нимайди? Нимага сўрайсиз? Чақириб берайми? Бир-бир кетин ва шошилиш берилган бу уч савол бир онанинг қалбида ёлғиз боласига қарши қандай зўр муҳаббат сақланганини Раззоқ сўфидай бир одамга ҳам керагича кўрсата олган эди. У ясама бўлса ҳамки кулимсирагандай бўлди. – Қизим бўлади-ю сўрамайманми? Қизиқ экансан… Уйга жой қил, жиндак ором олай. Тўйга борган одам уйқудан қолади… Қурвонбиби энди ўзига кела бошлади. – Ким тўй қилибди? – Бадавлат бир одам. Катта ош тортибди лекин! Ҳаст эшонимизни чақирган экан, ҳаммамиз бирга бордик… Қиёмат суҳбатлар[эфн_нотес]Эшонларнинг зикр мажлиси (муаллиф изоҳи).[/эфн_нотес] бўлди! Лекин онанинг кўнгли ҳали ҳам тинчимаган эди: – Зебини нимага сўровдингиз? – деди яна. Энди бу сафар сўфининг аччиғи келди ва бирданига: – Ўз қизимни сўраёлмайманми! – деб бақирди. – Ҳа, бўпти… бўпти… Бақирмай қўя қолинг! – деди кампир ва шошилганича уйга кириб кетди. Ҳовлида – ҳовуз бўйида каштасини тикиб ўтирган Зеби отасининг келганини пайқамаган эди. Фақат, бу сўнгги бақириш унинг қулоғига алайно бориб етди, ҳатто «ўз қизимни…» дегани жуда аниқ эшитилди. Шундан сўнг кўнгли безовта бўлиб, дарҳол ўрнидан турди. У бу ёққа чиққан вақтида чол-кампир уйда эдилар. Шу учун у астагина сўричага бориб ўтирди ва икки кўзи уйнинг эшигида, билинмаган бир кўнгил қоралиги билан онасининг чиқишини кута бошлади… Уйга кириб эшикларни беркитдиргандан кейин Раззоқ сўфи сўз очди: – Зеби қачон келди? – Сиз кетган куни… – Икки кунга деб кетган нарса неча кун юрди, биласанми? – Эшонойим қўймабдилар… – Эшонойим!.. Мендами ихтиёр, эшон ойимдами? – Ўзингиз, ахир, «майли, эшонойимнинг раъйларига қарасин» демабмидингиз? – Э, раъйлари қурсин, раъйлари! Ёш болани бир ҳафта-ўн кун сақлайдими? Кампир нима дейишни билолмай қолди. Кечагина бутун ихтиёрни эшонойимга бериб қўйиб, бугун эшонойимнинг табаррук раъйларини ҳам сўкиб ўтирган бу жоҳил сўфига нима деб бўлади? Ҳар нима бўлганда ҳам, боласини қўриш ўз зиммасига тушган кампир гап топиб жавоб қилмоққа мажбур эди. – Шунча вақтдан бери уйда ўтира бериб юраги сиқилгандан кейин, ёш нарса, уч-тўрт кун яйрамайдими? Ўзингиз кўчадан кирмайсиз-ку! – Мендай бўлганда юраверсин! – деб бақирди сўфи. Кампир ҳам бўш келмади, овозини кўтара туриб: – Сиздай бўлганда ҳам хотин киши бирор жойга чиқа оладими? – деди. – Бу рўзғор ўлгурга ким қарайди? Танур қизитиб нон ёпадими эркак деган нарса? Ёёш нарсани сил қилиб ажалидан беш кун бурун ўлдирмоқчимисиз? Аста-аста авж олаётган бу тажанг овозлар аллақачон Зебининг қулоғига етиб, унинг талвасасини бешбаттар ортдирмоқда эди. У чидаёлмади: сўричадан туриб келиб уй дарпардаларидан бирининг таккинасига ўтирди. Энди уйда ўтаётган гапларнинг ҳар бирини унинг қулоқлари битта-битта овлаб борарди. – Кўп валақламасанг-чи, фитна! Қулоқ-миямни единг-ку! Жаҳлимни чиқарма, ҳа!!! Эрининг ўлгудек баджаҳл эканини Қурвонбиби яхши биларди. Бу сўнгги танбеҳни эшитгандан кейин ҳатто Зеби ҳам ташқарида ўтириб бир томондан онасининг ташвишини торта бошлаган эди. Кампир бирданига овозини пастлатди ва мумкин қадар ўзини босиб туриб сўради: – Хўп, мана, шовқин солмайин. Сиз ҳам ётиғи билан гапириб беринг: нимага ташқаридан кирар-кирмас Зебини сўрадингиз? Бир гап борга ўхшайди… Бирдан бу қадар пасайган овоз Зебининг кўнглини онаси хусусида бир қадар тинчлатган бўлса-да, икки ўртада ўтаётган ва ўзига тааллуқли гапларни очиқ эшитдирмаганлигидан уни яна умидсизликка тушириб, икки кўзини эшик томонга телмиртмоққа мажбур қилган эди. – Берироқ кел! – деди Раззоқ сўфи. Оддий овоз билан айтилган ва Зебига аниқ эшитилган бу икки оғиз сўздан сўнг уйдагиларнинг иккови ҳам пичирлашга кўчдилар. Энди Зеби ҳеч нарсани эшитолмай қолди. Қанча зўр бериб қулоғини дарпардага қўйса ҳам, дарпарданинг секин ғичиллаши билан бирга чол-кампирнинг пичирашгани эшитилар, лекин нима деганларини сира уқиб бўлмас эди. Қурвонбиби эрининг қаршисига бориб ўтиргач, сўфи давом этди: – Жувонмарг Зебинг қишлоққа бориб ашуллани тоза қўйганга ўхшайди. Қишлоқ одамларидан кўп гапларни эшитдим… Ома-лекин тутиб олиб ўлдирсам озлик қилади жувонмаргингни! Шу ерга келганда она бечора бир нарса демоқчи бўлиб эди, Раззоқ сўфи бақириб берди: – Гапди эшит!.. Сўфининг «тутиб олиб ўлдирмоқчи бўлганини» чала-пучуқ эшитган ва бу кейинги бақиришдан эса тамом хабардор бўлган Зеби отасининг айтадиган қўрқинч гапини бир он аввал эшитмоқ учун энтикарди. Фақат, сўфи яна пичирлашга тушди: – Мингбошининг ёни-верида юрадиган бир-икки киши мени холи топишиб, қиз ўлгуринг тўғрисида эҳтиёт билан гап очиб кўришди… – Кимга? – деб сўради кампир ҳовлиқиб. – Кимга бўларди, мингбошига! – Қайси мингбошига? – Акбарали мингбошига! Сен танимайсан уни… Кампир ўзини тутолмади. Юрагининг ҳовлиққани овозининг кўтарилишига сабаб бўлди: – Мингбоши бўлса, хотини бордир? Худо уриб, кундош устигами?! Бу бесаранжом саволлар қизнинг қулоғига жуда аниқ эшитилган эдилар. У иккала қўлининг қандай қилиб кўкрагига бориб қолганини ўзи ҳам пайқаёлмади… Энди унинг юраги нотоб бўлган каби жуда суст урмоқда, ранги оқарган, бутун вужуди латта каби бўшашган эди… Деволга суянганича беҳол ўтириб қолди. Миясида уч-тўрт кун бурун ўтган воқеалар жонланди. Мингбошининг даранглаган уйлари… Сертакаллуф зиёфатлар… Бир-бири билан бу қадар иноқ бўлиб кўринган кундошлар… Султонхоннинг бирданига орадан йўқ бўлиб қолиши… Сўнгра мингбоши тўғрисида ҳар кимлардан эшитган гаплари қулоқларида жаранглай бошлади: у – ўлгудек хотинбоз… у – уч хотин олиб, биргина қиз кўрган… Шунинг аламига чидаёлмасдан ўзини ҳар балога уради… Давлати, бойлиги – ҳеч нарсаси татимайди… Ўзи ўлгудек хунук, бадбашара… Одам кўрса қўрқади… Шундай бўлса ҳам, қандай чиройли ва момиқдай қайлиқлари бор… Бечораларнинг шўри… Сўнгра бирдан унинг эсига аравадаги воқеа келиб тушди: Салтанатхоннинг бирданига «мингбоши» дея бақириши… шу баробар ранги ўчиб, ўзидан кетиб йиқилиши… Кўзини очгандан кейин ҳаммага бир-бир қараб олиб, бунга келганда узоқ тикилиб, кейин бирданига ўзини бунинг қучоғига ташлагани… Сўнгра илгари кунигина Салтанатхоннинг онаси келиб, бунинг онаси билан алланималарни висир-висир гаплашгани… Шундан бери ўз онасининг бунга ҳар дафъа аягандай бўлиб қарашлари… Оҳ, шу топда Салтанатхон бўлсайди! Шу сирларни очиб бериб, бунинг кўнглини тинчлатармидикин? Балки, бу сирларни у ҳам билмас?.. Билса аравада айтмасмиди? Йўл қўйи гаплашиб келиб ҳеч нарса демади-ку. Yo яширармикин? Яширса, унинг дўстлиги қаерда қолди? Бунақа одам дўст бўлармиди, қалай! Бу ўйлар Зебини жон ўртоғидан фарсаҳларча йироқларга олиб кетдилар. Энди у на Салтанатхоннинг кулар юзларига ишонади, на Энахоннинг… Шу топда у – ожиз бир махлуқ, қўли боғлиқ бир қул, ҳеч бир ишонадиган кишиси йўқ, ёлғиз ва ғариб… Фақат, биргина кишининг уйда ўзи учун куйиб гапирганини ўйлади, шу нарса унинг кўнглига таскин берди. Она, ёлғиз она… Жоҳил ва бағритош бир отанинг чегарасиз қайсарлиги ва тескарилиги олдида ожиз бир хотин… нимжон бир кўнгил… Ичкарида суҳбат давом этмоқда эди. Сўзнинг кетишига қараб овозлар дам кўтарилар, дам босиларди. – Сиз нима дедингиз, сиз? – деб сўради кампир. Унинг бу саволидан очиқ бир безовталик сезиларди: «Бу сўфи ўлгур унаб қўймадимикан?!» Раззоқ сўфи индамасдан мийиғида кулимсираб турарди. Бу кулимсирашда бир муғамбирлик асари, «мен бўламан-у индамай қоламанми?» деган ифодалар бориди… Кулимсираш билан яна ҳам хунукроқ кепатага кирган башарасини кампир томон кўтариб туриб: – Ўша бетавфиқ, бенамозга қиз бераманми, қалай? – деди. Бу сўзлардан сўнг кампирнинг кўнгли бироз ўрнига тушди. – Хайрият… шундай дедингизми? Сўфи бу дафъа нодон хотинини масхара қилиб кулди. – Аҳмоқ! – деди у. – Уларинг аллақайлардан даромад қилиб келиб зўрға ипнинг учини чиқаради-ю, мен «йўқ!» деб «томдан тараша тушгандай» жавоб бераманми? – Ҳа, нима дедингиз? – Ишқилиб, мингбоши билан қуда бўладиган жойим йўқлигини яхши билишди… Яна нима керак? Суҳбат тамом бўлиб, кампир ташқарига чиққанида, Зеби ҳолсиз ва дармонсиз дарпарда ёнига чўзилган, унинг ҳали жуда ёш ва жонли кўзларида кўп йиллик меҳнат ва қийналишларнинг оғир бир ҳорғинлиги кўринарди. Раззоқ сўфининг беҳуда тақводорликка суянган сўзлари ва Қурвонбибининг қайта-қайта ишонтиришлари ила Зебининг кўнгли бир қадар тинчланди. Ҳовуз бўйида, ёш толларнинг кўм-кўк баргчалари остида, ҳали ҳам аллақандай белгисиз бир ташвиш ва ҳадиксираш билан жизлаб ётган кўксини юмшоқ шабадага бериб каштасини тикаркан, унинг ғамли овози ғамли куйларни шабадага қўшиб олисларга узатарди. Арава билан у ёқ-бу ёққа қатнайдиган Ўлмасжон ўша кундан бери йўлни бу тарафга солганлигидан, бу ғамли овоз унинг қулоғига ҳам баъзи-баъзида кириб қоларди. Ёш йигит отининг қоринбоғисини маҳкамроқ боғлаш баҳонаси ила аравани девол ёнига тўхтатар, қўли от теграсида айлангани ҳолда бутун вужуди девол ошиб ўтаётган қадрдон ва ёқимли унни овлашга тиришарди. Бир кун қамчиси белида бўлгани ҳолда, девол оша кўринган толдан хипчин синдирмоқчи бўлиб арава устига чиқди, унда ҳам бўйи етмагач, тинч турмаган кегайларга оёқ қўйиб ғилдиракка тирмашди… Бир қўли билан деволга осилиб, яна бир қўлини толга узатган вақтида кўз учи Зебига тушди: бу вақтда сайрашдан тўхтаган у тутқун қушча бутун меҳрини каштанинг иланг-биланг кунгураларига қўйган эди. Ўтган-кетганлар гумонсирамасин деб, йигитча кўз учи ҳамон ҳовуз бўйида бўлгани ҳолда, бир қўли билан кичкина бир тол новдасини синдиришга уринарди. Ниҳоят, кичкина новда қирс эта сингач, Зеби ҳам бошини кўтариб қаради, деволда эркак кишининг қўлини кўрганидан кейин: – Вой, ўлақолай! Эркак киши! – деб қичқирди… Ва ов еган қушдай, каштасини ташлаб ичкари томонга қочди. Бу хил натижани сира кутмаган ёш йигит, гаврони қўлида, ҳайрон бўлиб қолди. Фақат, ўша топда кўчадан ўтаётган бир тақводорнинг: – Ҳой бола, туш бу ёққа! – деган совуқ овози уни саросималикдан уйғотиб юборди… Ғилдирак устидан ўзини аравага ташлаган вақтида, тақводор йўловчи ҳали ҳам сўйланмоқда эди: – Қандай беҳаё боласан! Кап-катта тўнғиздай бўлиб қолибсан-у, шарм-у ҳаё қилмасдан номаҳрам бор ҳовлига қарайсан-а! Сўфи кўргундай бўлса, «гўшт кетти!» қилади. Ҳа!!! Ёш йигит икки бети қип-қизарган ҳолда эшитилар-эшитилмас бир овоз билан зўрға-зўрға: – Отимга гаврон синдирай деган эдим-да… – дея олди. Сўнгра noumid қараш билан яна бир марта девол томонга кўз югуртгач, арава устидан отга ҳатлаб йўлига кетди. Сўнгги хабар билан юраги сиқилганини баҳона қилиб, бир кун Зеби ҳам Салтанатхонларникига йўл олди. Зеби олдида ўзини айбдор санаган ва шу учун кўнгилдан хижолат тортган Салтанат ўртоғини ортиқ даражада зўр ҳурмат билан қарши олди. Унинг ўз ўртоғига қилган муомилаларида ҳатто «пистоқи таъзим» қабилидан бир турли ясамалик асарлари ҳам кўриларди. Қишлоқдаги воқеаларнинг тагидан бехабар бўлган Зеби Салтанатнинг бу қадар меҳрибонлашганини – ўз кўнглида – бошқа нарсага йўяр ва… чин кўнгилдан хурсанд бўларди. Нима учун хурсанд бўларди бу ёш қиз? У билардиким, Ўлмасжон Салтанатлар оиласининг ён қўшнисигина эмас, балки она томонидан бир қадар қариндоши ва бу хонадоннинг энг қадрдон боласи. Сўнгра Зебилар оиласи сингари бу оилада ҳам эркак бола йўқ, шу учун қўшни ва қариндош бўлган бу бола ҳамма вақт шу ҳовлида, у ҳовлидан кўра кўпроқ бу ҳовлининг дастёри ва югурдаги. У бола энди кап-катта йигит бўлиб қолган… Ҳозир уйлантириш тўғрисида айни оғиз соладиган вақтлари… Салтанат ўзининг бу севимли қариндошига бу севимли ўртоғини олиб бермоқ истамайдими? Салтанатда бу истак бўлгандан кейин, уни онаси билан катта онаси билмай қоладими? Онаси билан катта онаси Зебини ёмон кўрадиларми? Ёмон кўрсалар, ўз қизларини унга мунча жонажон ўртоқ қилдириб қўярмидилар? Зеби Салтанатдан кўрган ихлосларини, оё, унинг онасидан ва катта онасидан кўрмаганми? Айниқса, шу сафар? Бу сафар Салтанат унинг теграсида гир-гир айланган бўлса, у икки кекса хотин ўз ёшларига яраша пирпирашган эмасми? Зебидай бир қизнинг келин бўлиб келишини ким истамайди? Қайси ҳовли Зебини ўз қучоғига олишдан тортинади? Учта хотин устига мингбоши ҳам толиб бўлибди-ку!.. Бечора қизнинг бутун бу ширин хаёллари шу биргина «мингбоши» сўзи келиб чиқиши билан бирваракасига паришон бўлиб сочилади, тўкилган тариқ каби ҳар томонга тизғираб кетади. Ҳалиги ширин хаёллар билан кулиб, тўлиб, чўғдай қизариб турган юзлари гармсел теккан экин каби бир нафасда сўлиб, ўлиб, учуғдай бўзариб қолади… Ҳар қалай, севимли ўртоғидан ва унинг оналаридан кўрган ихлос ва хурматлари учун – ҳалиги мулоҳаза орқасида – Зеби хурсанд, унинг хурсандлигини кўриб, ўз гуноҳларининг кечирилганини ё бўлмаса анча енгиллашганини ўйлаган Салти ва унинг оналари хурсанд… Иккала томон ҳам бир-бирининг кўнглидан бехабар, шу хилда хурсандликка кўмилди. Зебининг бу хурсандлиги, албатта, кузатган мақсадига эришмоқ билангина пойидор бўларди. У мақсад ҳам довон ошув қадар зўр бўлмасдан, ниҳояти деволга осилиб гаврон синдирган йигитни бир кўришдан иборат эди… Фақат, чорбозорчи билан аравакашни уйида учратмоқ осон нарсами? Ўлмасжоннинг аравакашликка киришганига фақат тўрт ой бўлди, лекин шу тўрт ой ичида тўрт марта бутун кеча-кундузни уйида ўтказа олдими? Саҳар чиқиб кетади, ярим кечада кириб келади, агар олисга кетмаса! Олисга кетса, икки-уч кун ўтказиб келади. Боласининг дарбадарлигига ачинган она ўша куни – Зеби Салтанатларникига борган куни: – Ҳунар бўлмай ўлсин! – дея сўзланди. – Болам бечоранинг юзини кун ёруғида кўролмайман! Ишлаб-ишлаб топгани нима? Топиб келтиргани нима? Рўзғорга юқ бўлмайди… Қаймоғини карвонбоши ялайди, алватта. Бу шўрликлар юргани-юрган, қатнагани-қатнаган, карвонбоши оғзининг ели билан топади… Шуям инсофми? Бунга отанинг ғаши келди: – Мунча жаврайсан, ҳай! – деди. – Шукур қилсанг-чи! Қиморбоз бўлиб, бор-йўғингни «гарткам»га берса, нима қилардинг? Аҳмадалининг катта ўғлидай бутун рўзғорини ичкиликка совурса, нима қилардинг? Ҳали ишга кирганига тўрт ой энди бўлди. Ҳалигача оз топган бўлса, мундан нари кўп топар. Ҳали ёш, ишласин озроқ… Меҳнатсиз роҳат борми, қалай! – Ишга кирганига тўрт ой бўлди-ю, тўрт йиллик чарчади болам! – деди она.– Тўрт йиллик қариди болам! Бола туғиш, катта қилиш осонми? Кўча-кўйда юриб гапира берасизлар-да! «Тўрт ой энди бўлди-я!..» Оғзингизнинг бир чекасидан чиқади!.. Йўқ, аравакашлиги қурсин! Бошқа ишга берамиз… бўлмади бу. Бошини есин карвоннинг!.. – Бошқа иш осон дейсанми? – деб эътироз қилди ота. – Дунёда осон иш борми? Пулинг бўлса, давлатинг бўлса, оғзинг билан гапириб топсанг… қани энди… Бу давлатни худовандикарим ҳаммага бермас экан! Берганга берар экан! Она бўш келмади: – Бермади деб ётаверасизми? – деди яна. – «Олма пиш, оғзимга туш!» билан бўладими? Ахтарган топади! Истасангиз, болангизга дурустроқ касб ҳам топилади. Сал мундоқ дам олиб яйрайдиган бўлсин-да! – Кечагина қизлар билан қишлоққа бориб, бир ҳафта ўйнаб келди-ку! Отанинг шу «қизлар билан» деган сўзлари Ўлмасжон тенглик йигитлар оғзидан чиқадиган даражада ҳарорат ва илиқлик билан, туртиб айтилган эди. Она дарҳол пайқади: – Ёшингиз элликка бориб қолса ҳам, «қизлар»га қизиқмай ўлинг! «Қизлар билан» деб бир мойлаб айтасизки! Шу аптингизга яна қиз ольгингиз бор! Бўйига етган ўғлингизни ўйланг аввал! Ота у томонда қаҳ-қаҳ отиб кулди. – Сен, – деди у, – қишлоққа бориб бир ҳафта яйраб келганидан гапир! Она жавобни дарров тахлади: – Беш кун яйраб келганига мен қанча нарса сотиб бердим, билдингизми? – деди. – Уч кўйлаклик чит, икки белбоғ, Салтанатхоннинг бир паранг рўмолини сотдирдим! – Кимга бердинг пулини? Ўлмасинг ҳали шунча пулни еб келдими? – Қаерда Ўлмас ейди!.. Ўлмас бир чақа ҳам егани йўқ. От-араванинг ижарасига деб карвонбошига бердим. «Энди бир ойгача бир чақа ҳам бермайман сенга!» деган экан, бола шўрлик йиғлагундай бўлиб келди. Унга жавр бўлмасин деб, Салтанатхон икковимиз бисотимиздан нарса сотиб тўғриладик. Ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, гапира берасиз-да! Кулишдан тўхтаб энди жиддийлашган ота яна эътироз қилиб бир нарса демоқчи эди, даричадан Салтанат билан Зебининг чиқиб келиши уни бошини қуйи солиб кўчага чиқиб кетишга мажбур қилди. Зеби Салтанатларникида туриб бу айтишувнинг баъзи жойларини эшитган, ўз бошига бало келтираёзган қишлоқ сафарининг бу йўқсул хонадонлар учун жуда қимматга тушганини энди билган эди. Шунинг учун дарров ўртоғидан койиди: – Қишлоққа ҳаммамиз бирга бориб эдик. Оғирини ўзингиз билан Ўлмасжоннинг ойисига тортдирибсиз-да! Мен ҳам қўшилишардим-ку… Салтанат ҳам ўртоғинн дарров ўз қучоғига олди. – Битта рўмол кетди, холос, – деди. – Уни ҳам мингбошиникидан ўраб келмадимми? Ўзиники ўзига бўлди, жоним! – Ўлмасжоннинг онаси-чи? – деди Зеби. – Бечоранинг уйи куйибди-ку. Йўқ, ўртоқ, эртага мен сизга бир нарса юбораман! Албатта юбораман! Салтанат бу тўғрида Зебидан ҳатто қуруқ сўзнинг ўзини ҳам эшитмоқ истамас эди. Шу учун дарров сўзни бошқа томонга бурди: – Юринг, бўлмаса! Ўлмасжоннинг ойисини юпатиб чиқайлик… Бу сўз билан бирга ўртоғининг қўлидан тортиб дарча томонга бошлади. Зебининг кўнгли яна ўксиб қолди. Ўлмасжон кечадан бери йўқ эди. Кеч пайтда келармикин деб қоронғи тушгунча қолса ҳам, боладан дарак бўлмади. Салтанат билан оналари уни ётиб қолмоққа қистасалар-да, отасининг қаҳридан қўрқиб сира унамади. Қоронғи тушиб қолганлигидан, «ёш нарса ёлғиз кетмасин» деб, бир кампирни қўшиб бердилар. Булар дарвозадан чиқиб муюлишга етганда, у ёқдан Ўлмасжон кўринди: чарчаган отини ҳорғин-ҳорғин қамчилаб, аста-аста судралмоқда эди. Иккаласи бир-бирини кўришди, танишди… Зеби ихтиёрсиз тўхтаб қолди, Ўлмасжон ҳам ўзи пайқамасдан отининг бошини тортди… Фақат, на униси бир нарса дея олди, на буниси овозини чиқаришга ботинди. Улар ўрнига «номаҳрамлар қасдидан қўриш» вазифасини устига олган кампир ун солди: – Ҳай, нимага тўхтадингиз? – деди Зебига қараб. – Ўлмасжон, нимага тўхтадинг, болам? – деди унга томон бурилиб. Ўлмасжон жавоб эплай олди: – Сизни кўриб тўхтадим, хола! – деди у. – Йўл бўлсин кеч кирганда? – Мана бу меҳмонни кузатиб бораётирман, – деди кампир. Сўнгра, бир-икки қадам босгач, орқасига қайрилиб: – Тез боринг, ойингиз ташвиш тортиб қолди! – деди… Ва Зебининг кетидан йўлга тушди. Зеби ҳам кампирдан қўрқиб орқасига қараёлмасдан, лекин кўнгли ўйнаган ва икки тиззаси енгилгина қалтирагани ҳолда тез-тез юриб кетди. Бу ёқда отига серзарда қамчи берган Ўлмасжоннинг ҳорғин вужуди бу қалтис учрашувнинг гулдирама оловида ёнаркан, ўзидан бегона бўлиб кетаётган Зебининг кўзларида йирик-йирик марварид доналари йилтирарди… 7-боб Иккала ёш кўнгил қоронғи муҳитнинг оғир кишанларида боғланган ҳолда noumid муҳаббат билан бир-бирларининг ҳасратида энтикар экан… Акбарали мингбоши кучли панжалари орасига олиб янги бир газетни ғижимламоқда ва қиморбозларга хос оғзи маймоқлик ила газет ёзганларни сўкмоқда эди. Жадидлар томонидан ҳафтада икки марта зўрға чиқариладиган бир газетда мана шу беш-олти оғиз сўз бориди: «… бўлусининг ҳокими мутлоқи ўлан Акбарали мингбоши бутун бўлуснинг ягона усули жадида мактабини боғлатиб, муаллимини ҳақ бермасдан ҳайдатдирди… Уч ойгина давом эта олмиш бу мактаб миллат болаларина оз-да бўлса оқ-қорани танитдирмоққа муваффақ бўлмиш эди. Мингбошининг ўзи эса ҳар сана бир эвланмоқдан, хотин янгиламоқдан бўшалмайдур… Уч хотини устига яна тўртинчисини, ҳатто беш-олти-еттинчисини… ҳам олувга қарши эмас. Муаллим М. М…» Қаршисида чой қуйиб ўтирган Ҳакимжон шу газетни топиб кўрсатганига аллақачон дунё-дунё пушаймон бўлган эди. У бир неча йил шу одамга мирзалик қилиб, унинг жаҳли келган ва тутоққан вақтларини кўп кўрган бўлса-да, бугун шу кичкина мактубчанинг бу даражада ёмон таъсир қилганига ҳайрон бўларди. Мингбоши мирзанинг қўлидан дастлабки бир пиёла чойни олиб, ҳатто бир ҳўпламасдан ёнига қўйди ва шу бўйича уни тамом эсидан чиқариб юборди. Ҳакимжон совуқ чойни унинг олдидан олмоққа ботинолмас эди… Чойнакдаги чой ҳам аллақачонлар совуб бўлди. Ҳакимжоннинг икки кўзи мингбошида, унинг қизариб-бўзарган юзларида, жаҳл билан, тажанглик билан қисилган панжаларида, ғижимланиб бир мушт ҳолига келган газетда… Хўжайиннинг мудҳиш авзойини кўриб сал нарида дарахтга суяниб турган Мирзабобо ҳам ҳайрон. Дарвозабонлик қилувчи миршабга: «Арзга келганларнинг ҳеч бирини қўймайсан. Хўжайиннинг феъли айниб турибди…» – деб Мирзабобо томонидан таълимот берилган, энди дарвоза орқали Мирёқубдан бошқа ҳеч кимнинг оёқ босиб ўта олиши мумкин эмас. Ҳайкалдай қотиб тура беришдан Мирзабобонинг, доим бир вазиятда қимирламай ўтира беришдан Ҳакимжоннинг беллари қайишиб кетди… Мингбоши дам газетни очиб, у ёқ-бу ёғини айлантириб қарар, дам бўлса панжалари орасига олиб уни ғижимлар, тез-тез дарвоза томонга қараб: – Мирёқубдан дарак йўқми? – дея сўраб қўярди. Мингбоши бу саволни қайтарган ҳамон Мирзабобо югуриб кўчага чиқар, бир оздан сўнг қайтиб киргач, «йўқ» дегали ботинолмасдан гўлайиб жим қоларди. Ниҳоят, мингбоши қўлидаги газетни бир томонга ирғитиб ўриндан турди. – Мирёқуб қани дейман сенга, Мирёқуб?!.. – дея бақирди. Бу ёввойи дарранданинг ўкириши эди! Мирзабободай одам тутила-тутила: – Дарров… отни эгарлаб… уйига бориб келайми? Yo шаҳарга чопайми? – деди. – Энди эсингга келдими, итвачча!.. – деб бақирди мингбоши. Сўнгра асабий одимлар билан ичкарига томон юрди. Ичкаридан ҳам унинг бақирган овози эшитиларди. Фақат, учала хотин унинг нима учун кайфи кетганидан бехабар эдилар. Ўзаро бир-бирларига назар ташлашгач, кўз ишорати ила катта хотинга ваколат бердилар. Хадичахон бир-икки қадам олдинга босиб келиб: – Нима бўлди сизга? – дея сўради. Шу топда ўзи енгилгина қалтирамоқда эди. Мингбоши ниҳоят даражада одобсиз бир сўз билан бақириб жавоб қилди. Иккала ёш хотин секин-секин орқаларига тисарилиб, ўз уйларига кириб кетдилар. Хадичахон турган жойида қотиб қолди… – Елкамда ўн путдан ўттиз пут юким бор… – деди мингбоши. Бу ҳам бақиришга яқин бир овоз билан айтилган эди. Учала хотин ҳам бу юкнинг нималигини англаб етолмадилар. Хадичахоннинг фикрича, мингбошига «ирим» қилган эдилар. Энди уни «қайтартирмоқ»дан ўзга илож йўқ эди. Бу фикр бошқа кундошларнинг мияларидан ҳам ўтмади эмас… Фақат, Хадичахоннинг бу фикри қатъий бўлса керакким, яширишга лузум кўрмади: – Ғанимлар қасд қилганга ўхшайди. Қайтарма қилдириб берсамми? – деди. – Аёлларнинг билгани ирим, билгани қайтарма, билгани азайимхон… Қовоғи учса ҳам азайимхонга чопади… – деди мингбоши. Ва шу сўзларни айтаркан, унинг булутли юзларида жиндаккина очилиш аломатлари кўринди. Шу очилишдан дадилланиб бўлса керак, Хадичахон яна эътироз қилди: – Ўзингиз, ўз оғзингиз билан «юк босди» демадингизми? Мингбоши кулиб юборди: – «Юк босди» деган бўлсам, «қандай юк?» деб сўрагин-да, баччағар! – деди у. Бу вақтда уйдагилар ҳам аста-секин ташқарига чиқиб, яқин ўртага келган эдилар. Мингбоши давом қилди: – Учаланг кам юкмисан менга? – Нима оғиримиз тушди сизга? – деди Хадичахон. – Газетни ўқи, биласан… Сенларнинг туфайлингдан ёмон номим етти иқлимга кетди… Ҳамманг бир қора мўйимга арзирмидинг, қалай?.. Агар олмоқчи бўлса, ҳаммангни икки қўллаб тутардим ўша газетчи даюсга!.. Менга битта хотин бас эди… зурриётлик бўлса… шунча давлатни кимга ишониб қолдираман? Учта безурриётгами?.. – Нимага ҳаммани баробар айблайсиз? Фазилатни оғизга олмайсизми? – Фазилатинг менга асқотармиди? Бир-икки йилдан кейин бировларнинг қўлига сув қуядиган бўлади. Қиз фарзанд бўлармиди? Қайси биринг ота-онангга асқотдинг!.. Бу «маъқул» гапларга эътироз қиладиган жойи бўлмаса ҳам, Хадичахон яна бир нима демоқчи эди, ташқаридан дарвозанинг хархаша билан очилгани эшитилиб, сўнгра «ҳа» дегунча ичкари эшик кетидан Мирзабобонинг йўғон овози чиқиб қолди. – Хўжайин, Мирёқуб акам келдилар! Мингбоши дарвоза очилган ҳамон ташқарига югурган эди. У чиқиб кетгач, учала кундош бир ерга тўпланиб, куёвларининг авзойини муҳокама қилдилар. Анча нари-бери гаплардан кейин эртага эрта билан Хадичахонни чўлоқ азайимхонникига юборишга қарор берилди… Мингбошини ташқарида Мирёқуб ҳам ўша совуқ хабар билан қарши олди: – Хўжайин, сизни газетга урибдилар! Мана, кўринг! «Салом» йўқ, «алик» йўқ, икки ғилдиракли аравасидан тушар-тушмас қўлидаги газетни мингбошига узатиб, кулар юз билан шу сўзларни айтган Мирёқуб мингбошининг кўзига шу топда итдан ҳам хунук кўриниб кетган эди. – Тур-э, афтинг қурсин сенинг!.. Газетинг бошшингни есин!.. Газетни олиб унинг юзига ирғитди. Мирёқуб эса қаҳқаҳа солиб кулди, ерга тушган газетни энгашиб ердан олди-да, қоқиб кўзига суртгач, тўрт буклаб чўнтагига солди, сўнгра тезгина мингбошининг қўлтиғига кириб, апил-тапил уни сўричага келтириб ўтқазди. – Ўтиринг, хўжайин! – деди ўзи ҳам унинг қаршисига ўтираркан. – Нима бу тажанглик? Нима бўлибди? Дунё бузилибдими? Ўзи учун Мирёқубдан бошқа чин кўнгилдан куядиган одам йўқлигини мингбоши яхши биларди. Шу учун унинг бу кунги ҳаракатини сира англаёлмай қолди. Аравасидан тушмай туриб «хўжайин, сизни газетга урибдилар!» деди, сўнгра ўша газетни (ўша газетнинг ўзини!) узатди… Бу нима гап? Тушими, ўнгими? Yo ишонган тоғи ҳам ағдарилмоқчими? Yo Мирёқуб ҳам бошқа ёқадан бош кўтармоқчими? Мирёқубсиз унинг куни кун бўладими? Бу давлатлар, обрўлар, катталиклар… – ҳаммаси қамишнинг тўзғоғидай бир нафасда тўзиб кетадими? Мирёқуб бурунги Мирёқуб бўлса, то мингбоши ўзи гап очмагунча, бу қора хабар тўғрисида гап очишга ҳам ботинолмаслиги лозим келарди… Албатта, кўнгилларида ҳеч гапни сақлаёлмайтурган оғзи бўш одамлар бўлади. Лекин унақа одамларнинг номлари «Мирёқуб», айниқса, «Мирёқуб эпақа» бўлмайди. Мирёқубнинг тишлари, ҳар ҳолда, лабларидан кучлироқ-ку! Лабларини тишлари орасига олса, тили ўлгур бир оз кўмилиб турарди-ку… Фақат, Мирёқуб ҳеч бир ишни билмасдан қилмайди! Ҳалигидек бемаъни ваҳималардан сўнг, ниҳоят, мана шу кейинги натижага келганидан кейингина мингбоши эсини бошига тўплади ва Мирёқубнинг юзига газетни ирғитгани учун ўз-ўзидан койиди. Унинг тирриқ таъби ҳам тезгина ўрнига тушди, юзи кулди… – Ҳазилингни қўй энди, – деди у оддий ва ҳатто бир даража мулойим овоз билан. – Мунга бир маслаҳат топ. Етти иқлимга ёмон номим кетди… Мирёқуб жуда тинчлик билан, кулиб туриб, бемалол гапирарди: – Ҳаббалли, мана мундай денг! Жаҳл билан, ғазаб билан, тутақиш билан бу тўғрида ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Бу маҳкумингиздаги қора фуқаро билан бўладиган иш эмаски, чақиртириб келиб Мирзабобога буюрсангиз-у ертўлага олиб тушиб, қичиган ерини қашласа! Ёзган одам ўша беркитилган мактабнинг домласи… жадид! У аллақачонлар ўз юртига етиб олди, газет бўлса газетчиси билан бирга Тошкентда… Сиз-бизнинг эмас, биздан каттароқларнинг ҳам бўйи етмайди. Газет ёзадиганлар, одатда, закунчи бўлади… Улар билан ярим пошшога ўхшаган улуғ одамлар олишмаса, анча-мунча амалдор бакор келмайди. Жадидлар ҳаммаси маҳмадона келади… – Жадидинг нимаси? Нима деган гап ўзи? – Мактабини ёптирган вақтингизда айтиб берган эдим-ку. – Эсда қолган дейсанми? – Жадид дегани «янги» дегани бўлса керак. Юрт орасида янгиликни расм қилармишлар… Янги ўқиш, янги мактаб, янги урф-одат, янги кийим – ҳар нарса янги… – Эскича бўлса, кимга зарари тегар экан? – Унисини билмадим… Ишқилиб, жадидларнинг қасди шу эмиш… – Янги мингбоши, янги қози ҳам десанг-чи! – Албатта, ўзига мос келадиган мингбоши бўлсин, дейди жадид… – Дарвоқе, Шамсиддин мингбоши билан Тўрақул бўлус тўғрисида ҳеч нарса ёзишмайди-ку жадидларинг… Нимага менинг тўғримда ёзишади? – Абдисамат мингбошини осмонга кўтариб ёзганларидан хабарингиз йўқмиди? – Ҳа, айтганча! Бултурмиди? – Ҳа, бултуриди. Қандай мақтаб ёзишди. – Жадидларингга тушунолмай қолдим-ку! Мен – бутун умримда!– тўртта хотин олибман. Унинг ҳам биттаси ўз ажали билан ўлгандан кейин… Абдисамат бир ўнтача хотин олди… Ҳали ҳам тўрттаси қўлида – нақд… Нега уни ёзмайди жадидинг? – Менинг жадидим эмас, хўжайин! Шундай бўлса ҳам, менинг билишимча, жадидлар янгиликка майл қиладиган одамни яхши кўрадилар. – Ҳа, айтганча, Абдисамат ўз қишлоғига янги тартиб мактаб очган эмасми? Дуруст… – Абдисамат мингбоши ҳавлисида муаллим сақлаб ўғилларини ўқитади. Жадид мактабига пул билан қарашади. Одамларнинг болаларини юбортиради. Ўзи жадид газети ўқийди… – Шу учун жадидларнинг кўзи унинг ўнта хотинини ҳам кўрмайди дегин. – Шундай. Жадидлар янги мактабга қарашмаган бойларни «нодон, жоҳил, у-бу» деб сўкишади. Уларнинг мактабига озгина ёрдам қилган бойни «ҳамиятлик бойларимиздан фалон, фалон…» деб осмонларга кўтариб ёзишади… Сиз ҳам жадид мактабини ёптирмасдан, оғиз учида «ҳа-па» деб қўйсангиз, сизни ҳам мақтаб ёзишарди. Мингбоши шу ерда Мирёқубга томон эгилди ва пастроқ овоз билан деди: – Нойиб тўра қўймади-да, қандоқ қилай. – Нойиб тўра ҳам айёр одам. Ўзи буйруқ бериб ёптирса бўлариди, ундай қилмади. Ўзи бир чеккада туриб, сиз орқали қилдирди… Таёқ энди келиб, сизнинг бошингизда синди! – Йўқ, шошма, мен нойиб тўранинг ёнларига бораман, «Иложини қилинг, ўзингиз айтгансиз», дейман. Қани, йўқ десин-чи! – Йўқ дейишдан қўрқармиди? Йўқ дейди, тониб тура беради… – Нега, ахир? Нега? – Бугун тонадиган бўлмаса, ўша вақтда ўзи ўз буйруғи билан ёптирмасмиди? – Тонганига қўяманми? – Нима қилардингиз? Урармидингиз? – Уриб бўладими? – Нима қилардингиз? Мингбоши жим бўлди. Бир қўлини чаккасига олиб бориб бошини қашларди… Иккаласи ҳам бироз жим қолгач, яна мингбоши гап бошлади: – Бир маслаҳатини топмасак бўлмайди. Мен бу ишни шундай қолдириб кетолмайман… Шамсиддин, Тўрақул, Абдисаматлар қўшкарнай билан жар солишади… биласанми? – Бу гапингиз рост, хўжайин. Уларникида кечадан бери тўй! – Ўша мактабдор домлани топтириб келиб Мирзабобога топширсам-у, ертўлада бир буров солса, деб эдим. Шунда, эҳтимол, кўнглим бир оз ўрнига тушармиди… – Боя айтдим-ку, энди унинг арвоҳини ҳам тополмайсиз. – Нима қиламиз бўлмаса? Мирёқуб жавоб бермади. У айтмоқчи бўлган сўзини фикр тарозисига солиб ўлчамоқда эди. Ниҳоят, мингбоши томонидан ҳалиги савол яна қайтарилгандан кейин: – Нима қилардингиз, тишни тишга қўясиз, хўжайин! – деди. Мингбоши ирғиб ўрнидан турди. – Тишимни тишимга қўядиган ҳезлардан бўлсам, ма, ол, бу шоп-шалопларни! – деди у баланд овоз билан. – Менга бошпут олиб бер, Маккатуллога жўнайин! – Ўтиринг, хўжайин! – деди Мирёқуб, унинг овози ҳам бир оз кўтарила тушган эди. – Ўшқириш билан, зарда билан битадиган иш эмас бу. Ўйлайлик, бир чора топайлик! Сўнгра ўрнидан туриб айвонга борди, у ерда чойнак билан пиёла турган эди: совуқ чойни пиёлага тўлдириб қуйгач, бир шимиришда тамом қилди. Сўнгра орқасига қайтаркан, одатдагидан қаттиқроқ ва тезроқ сўзланди: – Газетни шаҳарда кўрдим. Шундан бери тадбир ахтараман. Ҳеч бир тадбир тополмаганим учун ночор-ноилож кулгига зўр берган эдим. Катта ариқдан ҳатлаёлмаган вақтингизда кулгингиз келади… биласизми? – Биламан. – Йиқилган полвон ҳам аччиғини кулиб енгади, – деди яна Мирёқуб. Мингбоши бир оз жим қолгач: – Ишқилиб, бир чора топмасанг бўлмайди, – деди. Фақат, бу кейинги жумла қутурган дарранданинг эмас, сувга пишилган мушукнинг оғзидан чиқмоқда эди… Ўйга ботган Мирёқуб бошини кўтарди: – Ўзимизнинг газетга келиштириб битта жавоб ёзамиз. Жадид газетида сизни сўккан бўлсалар, ўз газетимизда биз мақтаймиз, муаллимни ёмонлаймиз. Шу билан тарозининг биз томон палласи босиб тушади. Абдисаматларнинг карнайи болалар чаладиган қамиш найга айланиб қолади. Шу бас! – Ҳа, майли! – Дурустми? – деб яна қайтариб сўради Мирёқуб. – Дуруст! – деди мингбоши. – Ўзинг ёзасанми? – Билиб гапирасизми, хўжайин? Мен газетнинг ўзини тузук-қуруқ ўқиёлмайман-ку, унга хат ёзиш қаёқда. Муни ўз аҳли, ўз устаси ёзади. Шаҳарга тушганимда тўғрилаб чиқаман. – Бўпти, – деди мингбоши. – Ишқилиб, ўзинг эпла. Сўнгра ўрнидан туриб Мирёқубга яқин келди ва унинг қулоғига эгилиб: – Пул керак бўлса, аяма лекин! – деди. – Пул деган нарса топилиб кетади, обрў топилмайди, обрў! Орадан икки ҳафта ўтгандан кейин Мирёқуб «сарт» тилида чиқадиган ҳукумат газетасининг бир нусхасини келтириб, индамасдан мингбошининг қучоғига ташлади. У нусхада қуйидаги мактуб босилиб чиққан эди: «Ҳурматли газет муаллифи тўрага саломдин сўнг андоғ арз қилинурким, жадид ном тоифанинг шаҳарларда чиқарилатурғон газетида Акбарали мингбоши хусусида нолойиқ иборатлар билан таъриф қилинган бир нома чоп қилинди. Шу хусусда ҳақиқат юзасидан изоҳ қилиб айтурмизким, Акбарали мингбоши қарийб ўн тўрт йилдан буён оқ подшоҳимизнинг азамат давлатларига садоқат билан хизмат қилиб, шунча замон мобайнида ҳеч қандай сарзанишга мустаҳиқ бўлмадилар. Шаҳар ва уезд ҳокими тўралар ва фуқаро ва боёнлар ва аҳли илм толиблар ва мударрислар ва хонақоҳнишин шайхлар ва эшонлар ва ҳоказо ҳеч кимса мазкур мингбошидан чийзий норози бўлганлари йўқдур. Ва балки ҳамиша анинг ҳаққида хайри дуодадирлар. Ул беодоб мактабдор бўлса ҳамма фуқаронинг назарида паст ва ҳақир кўрилган эрди. Ўзи намоз ўқимасдан ва мактабда гўдак болаларга ер мудаввардур, яъни мисли тарвуз юмалоқдур деб, шариатга хилоф илмларни таълим бергани важҳидан фуқаро безовта бўлиб, ҳар хил қилиқлар пайдо бўлиб, юртнинг осойишига халал келганидан мазкур мактабдорнинг мактабини жаноби Акбарали мингбоши беркитиб эрдилар. Бу важҳидан тамом фуқаро ва алалхусус боёнлар, толиби илм муллабаччалар, мударрислар, имомлар, шайхлар ва зокирлар, сўфилар бағоят мамнун бўлиб, ул шаҳаншоҳи жаҳон оқ подшоҳимизнинг ва ҳам ул улуғ мартабалик ярим подшоҳ жанобларининг ҳақларига дуо айлаб, шундай одил ва инсофлик фуқаропарвар амалдорларни қўйганлари учун уларга миннатдорлик изҳор қиладурлар, валлоҳи аълам биссавоб, таммат-таммат тамом ёзғучи камина холис фуқародин мулла Ривожиддин аълами мулки абадий». Буни ўқитдириб эшитгандан кейин мингбоши жуда хурсанд бўлди. Энди тўй бу томонда бошланди. Энди бунинг карнайи дунёни бузажак, наригиларники бўғулажак эди. Энди етти кишвар, етти иқлимда Акбарали мингбошининг қандай яхши амалдор бўлганини билажакларди. Оқподшоҳ бўлсин-у, етмиш икки тоифанинг тилини биладиган тилмочлари бўлмасин! У тилмочлар томонидан таржима қилиниб берилгандан кейин, бу мактубни оқподшоҳ, албатта, ўқитиб эшитажак… балки ўзи ўқияжак… балки ўзи газетнинг тилига тушунса… қўл остида шунча тоифа яшайдиган бир подшоҳ ўз фуқароларининг тилини билса ажабми? Мулла Ривожиддин ўзи ажиб бир хуштаҳрир одам! Ёзишини кўринг: сувдай равон! Ҳамма уқади, ҳамма англайди! Оқподшоҳ нега англамасин? Шундан кейин Петербургдан Тошкентга – ярим подшоҳга телеграм келса: «Менинг шундай яхши амалдорим бор экан, қадрига етиб, ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турибсанми?» Ана, шундан кейин Тошкентдан чопиб келадиган катта тўраларни айтинг! У вақтда шаҳардаги ҳоким ва приступ тўралар Акбарали мингбошига «час» («чест» демоқчи) берадиган бўлади! Унда наригилар мингбоши эмас, кеч куздаги чибиндан ҳам баттар бўлиб қолишади!.. Бу сафар газетни бағрига босиб шу хил ширин хаёлларга ботган мингбоши ирғиб туриб қаршисида ўтирган Мирёқубни қучоқлаш ва бутун давлатини унга тутиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. Бундай одамга қанча қилса ва қанча берса оз. Шундай бир хурсандлик ичида сузган мингбошига Мирёқубнинг яна бошқа арзлари бор эдиким, улар ҳам – аҳамият жиҳатидан – газетдаги мактубдан сира қолишмасиди. – Хўжайин, кўнглингиз ўрнига тушди, шекилли? – деди у бир турли ғурур билан, лекин бу сўзлар ортиқча «мойланиш» ва хушомаддан йироқ эди. Мингбоши бояги кайфни тўла акс эттириб жавоб қилди: – Нимасини айтасан! – Бўлмаса, нарёғини эшитинг. – Нарёғини? Мингбошининг кўнглига дарҳол изтироб тушиб улгурган эди. Шундай яхши бир хабардан кейинга қолдирилган арз, албатта, хайриятдан гапирмайди. Агар яхши гап бўлса, Мирёқуб уни газетдаги мактубдан бурун айтмасмиди? «Хўжайиннинг бесаранжом кўнглини тинчитай, ундан кейин ётиғи билан бу хабарни эшитдираман» деган бўлса-чи?! Йўқ, амали ҳам қурсин, обрўси ҳам! Мингбошиликнинг шоп-шалопи оғир бўлмаса ҳам, ўзига яраша оғир ташвишлари бор… Катта одам бўлиш ҳам қийин!.. Мингбошининг ҳалиги сўнг саволида бутун шу изтиробларнинг мазмуни бор эди. «Эпақа» лақабини ташийдиган тулки у саволнинг остида ётган беҳуда ташвишларни дарҳол пайқади. Шу учун дарров: – Бугун сизнинг тўйингиз! – деб қўйди. Ва сўзида давом этди. Масала Қумариқ пайновидан сув ичадиганларнинг ҳокимга берган аризалари хусусида эди. Ариза берганларнинг бошида кимлар турганини ўтган сафар нойибнинг мингбошига айтган сўзларидан англаб олган Мирёқуб Қумариқнинг этакларигача бориб келиб, ҳамма гапни билганини ва тегишли тадбирларни ўтказиб келганини гапирди. Ариза эгаларининг адабини бериш вазифаси унинг ўз бўйнига юклатилганлигидан, ҳалиги «ўтказилган тадбирлар» билан у ўша вазифасини ҳам бажариб келган эди. – Яхши. Ариза берганлар Ёдгор эчки билан Умарали пучуқ экан. Аниқ билибсан. Хўш, энди, қани, гапир-чи, улар хусусига нима тадбир қилдинг? Мирёқуб кулди: – Нима тадбир қилдинг дейсизми? – Ҳа, нима тадбир қилдинг дейман. Мингбоши бутун диққатини шу нуқтага тўплаб Мирёқубга томон бир оз эгила тушган эди. Мирёқуб кулишида давом этиб: – Болаларга тайинлаб келдим: пастдаги ерларга ҳам унча-мунча сув бериб туринглар, дедим. Мингбоши яна овозини кўтара тушди: – Шу адаб берганинг бўлдими? – Адаб берганим бўлмаса қилармидим, қалай? – деб Мирёқуб яна кулди. – Нечик, яъни? – Инсоф ҳам керак ахир, хўжайин! Сизнинг ерларингизни суғориб бўлгандан кейин сувни яна Қумариққа очиб қўйса бўлади. Анча сув ортади. Ҳеч ким дод демайди. Айб чоракор болаларда. Сизнинг обрўйингизга таяниб бепарволик қилганлар. – Нимага? – Нимага бўлариди. Улар ерларни суғориб бўлгандан кейин Қумариққа яна қайтиб сув очмас эканлар. Шунча сув ёндаги эски ариқларга, пастликларга тушиб, экинсиз ерларни кўллатиб ётар экан. Пастдагилар ўзларича келиб сувни очгани қўрқишар экан. Мироб бўлса оғиз очолмайди. – Ортиқча сув бўлса, майли, берсин, – деди мингбоши. – Ҳеч нарса демайман. Лекин ҳалиги икковининг адабини бериш керак эди. Нимага менинг устимдан ариза ташлайди? – Адабини бериш керак бўлса, тутиб олиб урамизми? Yo кўпчилик олдида хўрлаб сўкамизми? Yo бўлмаса… Мингбоши Мирёқубнинг оғзидан сўзини узиб олди: – Ҳар нима қиламиз! – деб бақирди. Сўнгра овозини пасайтира тушиб илова қилди: – Мен иккаласини чақиртириб олиб Мирзабобога беришдан ҳам тоймайман! – Бир марта ҳокимга ариза берган одамларни уриб бўлмайди. Кейин улар ҳокимга яна қайта арз қилсалар ё бўлмаса ҳокимнинг устидан арз қилсалар – ёмон бўлади. Адвокатларнинг аризасини биласиз-ку! Мингбоши индаёлмай қолди. Нафаси ичида эди. Фақат, ўз фуқароларидан иккита бойга кучи етмаганига ҳеч чидаёлмасди. Йўғон оёқларидаги зўр-зўр кавишлари билан безовта бўлиб ер депсинарди. Мирёқуб бу ҳолни кўрганидан кейин уни тинчитмоқчи бўлди, мингбошига жуда таниш бўлган кулимсираш билан унинг ёнига ўтди ва душман эшитса ишонадиган бир овоз билан: – Уларнинг адабини деҳқонларнинг ўзлари беришади! – деди. Сўнгра мингбошининг ҳайрон бўлиб ўзига тикилганини кўргач, Қумариқда қуриб келган дасисаларини сўзлаб берди. Унинг сўзидан англашилардиким, Қумариққа борган вақтида у ерига сув етмай аламзада бўлиб юрган оз ерли камбағаллардан билаги йўғон уч йигитни чақириб, уларнинг ерларига сув тегмасликда мингбошининг ҳеч бир айби йўқлигини, ҳамма айб Ёдгор эчки билан Умарали пучуқда эканини сўзлаган. Йигитлар бунинг сабабини сўраган вақтида, Мирёқуб уларни Садақайрағоч деган жойга олиб бориб экинларни кўрсатган. Чинакам, ўша жойда мингбошининг бир шапалоққина ери бўлиб, соя жойда қолиб кетганлигидан ғўзалари унча ўсмаган, кўп чигитлари чиқмай қолган экан. У ернинг ён-веридаги кўп ерлар Умаралибой билан Ёдгорхўжага қарар экан. Уларнинг ерлари мингбошининг пайновидан сувни жуда бемалол ичганлари учун экиннинг кўриниши жуда яхши бўлган. Ана ўша экинларни йигитларга кўрсатиб туриб, «мана, кўринг энди, кимнинг ери кўп ичар экан сувни!» деган. Шундаёқ йигитлар муштларини тугумлаб бойларнинг ерлари томонга ўқталганлар, «ҳап сизними!..» деганлар. Шундан кейин Мирёқуб йигитларни ўтиришга даъват қилиб, уларга бир яширин гап айтмоқчи бўлганини сўзлаган. Улар юракларига талваса тушиб ва лаблари қалтираб унинг оғзига тикилгач, сирни ҳеч кимга айтмасликлари тўғрисида улардан қаттиқ ваъда олган, ундан кейин Умаралибой билан Ёдгорхўжа томонидан ҳокимга берилган аризадан гап очган. Мирёқубнинг гапидан йигитлар англаганларким, Умаралибой билан Ёдгорхўжа яқинда ҳоким тўрага ариза берганлар ва у аризада ўз ерларининг неча йилдан бери сувсиз қолаётганини, Қумариқдаги сувнинг фақат мингбошига қарашли ерлар билан бошқа баъзи бировларнинг ерларини суғорганини, буларнинг ерларига ҳеч бир сув ошмаганини ёзганлар… Бу гапни эшитгандан сўнг йигитларнинг бири ирғиб ўрнидан турган ва муштини тугумлагани ҳолда «ўзим тутиб олиб ураман занғарларни!..» дея ўшқирган… Сўнгра Мирёқуб туриб бундай деган: «Мингбоши додхо бўшаган сувнинг сиз томонга оқишига қарши эмас. Лекин ўша икковига ўчакишиб, пастга сув бергиси келмайди, «ўшаларнинг ери ичадиган бўлса, ҳамманики қуриб кетгани яхши» дейди. Бари бир пастга сув берганимиз билан сизга сув тегмайди, ҳамма сувни улар иккиси тўсиб олади!» Бу сўз йигитларнинг яраларига туз-қалампир бўлиб тушган, улар учаласи бир оғиздан «мингбоши додхо сувни пастга ўтказа берсин, улар билан ўзимиз гаплашамиз!» деганлар. Мирёқуб уларнинг ўз олдиларида мингбошининг чорикорларини чақириб, бўшалган сувни пастга ўтказмоққа буйруқ берган. Мингбоши Мирёқубнинг бу арзини эртак тинглаган ёш боладай буюк бир завқ ва нашъа билан тингламоқда ва эрта-индин иккала бойнинг бошига тушадиган ҳангомаларни кўз олдига келтирмоқда эди. Унинг фикрича, ўсган болага эски кийими тор келгандай, Мирёқубга ҳам энди «эпақа» лақаби камлик қиларди. Унга бошқа бир муносиб лақаб топиш лозим келардиким, ундай лақабни энди бу қишлоқ одамлари тополмасдилар, бунинг учун амир Навоий ёки Мавлоно Жомий ё бўлмаса Шомашрабнинг тирилиб келиши даркор эди. Мингбоши Қумариқда човрилган у ғалати найранглар ва у найрангларнинг устаси тўғрисида шундай ширин ўйларга кетган, Мирёқуб эса мингбошининг хурсандлик ва кайф билан маст бўлган юзларига тикилган бир пайтда ичкаридан бир товоқ тўла манти чиқиб, дастурхоннинг ўртасидан жой олди. Мирёқуб бу даргоҳда тез-тез кўриниб турадиган бу серқатиқ, семиз ва ёғлиқ мантиларга қадрдон дўстини кўргандай ширин бир кайф билан тикилди, сўнгра кўзларини товоқдан кўтариб, мингбошининг юзларига қарагач, шу топда товоқдаги манти билан товоққа томон эгилган юз ўртасида ҳеч қандай фарқ кўрмади: иккаласи ҳам шу қадар ёғлиқ эди! Мингбошининг қўл ювишни унутиб, «олинг-олинг»га қарамасдан, беш панжасини баробар ботириб товоққа ҳужум бошлаганини кўрганидан кейин, Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди-да, қўл чайқамоқ учун ариқ томонга югурди. Лекин мингбоши додхонинг аждар кепатали иштаҳасини бир оз тўхтатмоқ лозим эди, шу учун Мирёқуб унинг ақлини ўғирламоқ мақсадида қичиқ масаладан гап очди: – Тўйни нима қилдик, хўжайин? – деди у қўлини чайқаб туриб. Мингбоши бошини товоқдан кўтармай, оғзида бир манти, қўлида иккинчи манти билан шошилиб жавоб қилди: – Ўзинг биласан! Мен қайдан билай! Мирёқуб мингбошининг бу жавобидан шу топда унинг мантидан бошқа ҳеч бир масала билан машғул бўлолмаслигини англади. Чинакам, у қўлини чайқаб дастурхон бошига келганида, товоқ яримлай деган эди. Шу учун улар иккаласи ҳам бир озгина жим қолишни эп кўрдилар. Айниқса, мингбоши оғзига пахта тиққан каби жиддий сукутга толмишди… Товоқнинг у ер-бу ерида уч-тўртта қатиқсиз манти қолгач, мингбоши додхо товоқдан бошини кўтарди. Фақат икки кўзи ва ҳам қўлининг мўлжали товоқда эди. – Ҳа, хўжайин, – деди Мирёқуб, – бўлдингизми? – Бўлдим ҳисоб! Қани, ол сен ҳам! – деди мингбоши ва ўз олдидаги ёлғиз мантига қўл узатди… Унгача Мирёқуб ҳам ўз томонидаги мантиларни бир жойга тўплаб олган эди! Товоқ бўшалиб ўртадан кўтарилди, унинг ўрнига катта чойнакда чой келди. Шундан кейингина мингбошининг гап-сўзга кўчмак истагани маълум бўлди. – Қани, қиздан гапир энди, бетавфиқ! – деди у. – Отаси нима депти? – Сиз илгари қизнинг ўзидан гапириб беринг. Қалай, овози маъқул бўлдими? – Сўраб нима қиласан? Сенга бутун авлиё-анбиёларни шафе келтириб айтаманки, ўша қиз менга насиб бўлса, ундан кейин хотин олишни бас қиламан! – Ҳеч кимни шафе келтирмай тура туринг ҳали. Кейинги иккитасини олган вақтингизда ҳам, ҳар сафар, «бас энди! Шу – охиргиси!» дердингиз. Бўлмайдиган ваъдаларни тил учига келтирманг, ичкарида тура турсин… Вақти келганда, ваъда бермасдан ҳам биттага таяниб қолсангиз бўлаверади… – Ишонмаганингни қара, бенамоз! Мен астойдил гапираётирман. Худо битта, сўз битта! – Ҳўх-ҳў!.. Ҳали шу даражага бориб қолдингизми? Бўлган экан! – Нимасини айтасан. У келса, учовидан ҳам кечмакчиман. Учовига қайрилиб қарамай дейман… бор-йўғимни ўшанга берай дейман… – Сизга нима бўлди, хўжайин? Ақлингиз жойидами? Yo йўқми? Мингбошининг кўзларида аллақандай бир изтироб бор эди. Унинг оғзидан чиққан сўзлар тилдагина айтиладиган сўзларга ўхшамасиди. Мирёқуб бутун умрида кўрилмаган бу ҳол қаршисида шошиб қолди. Яна бир неча марта бошини элаб «ҳўх-ҳў, ҳўх-ҳў» дея такрор қилди. Орага жимлик чўкди. Фақат, Мирёқубнинг чуқур ўйга кетиб, торта-торта чой ичгани эшитиларди. Мингбоши қўлидаги чойни ҳеч бир лузумсиз айлантириб совутмоқ билан овора эди. – Ҳўх-ҳў! – деди яна Мирёқуб. – Отаси қурғур яқин келмайди-ку. – А? – деди мингбоши. Чойни ерга қўйиб бутун вужуди билан Мирёқубга тикилди. – Сўфиси қурғур ёмон тақводор экан, хўжайин. – Нима депти? – Айта берайми? Мингбоши қичқирди: – Айтмай нима қиласан! Яширармидинг? – Умрида пешонаси сажда кўрмаган одамга қиз бераманми? – депти… Мингбоши негадир қаҳқаҳа солиб кулди: – Тоза авлиё экан-ку, – деди. – Бенамозга қиз бермас эканми? О, авлиёси тушкур-э! – Ундан кейин, бетавфиқ, бузуқ юрадиган депти… Мингбоши яна қаҳқаҳа солди: – Сен билан юриб шундай бўлдим, бетавфиқ! Эпла энди ўзинг. Мен бир иш қилиб оламан қизни! Менга бермай кимга беради? Шу чоққача зўр бериб алланарсаларни ўйламоқда бўлган Мирёқуб ён чўнтагидан соатини олиб қаради: – Ҳўх-ҳў, – деди, – ўн иккига яқинлашиб қолибди. Мен кетдим, хўжайин. Ўрнидан турди. – Шошма, – деди мингбоши, у ҳам ўрнидан турган эди. – Маслаҳат нима бўлди? Отаси бермайди деб кета бераманми? Мирёқуб кавушини кийиб, салласини бошига қўндиргач, мингбошига яқинлашди. – Хотиржам бўлинг, хўжайин! – деди. Овозида жиддийлик, кескинлик ва ўзига ишонч тўлиб ётарди. – Отасини унатамиз, қиз сизники бўлади. Мен ўзим бажараман бу ишни. Мингбоши унинг орқасига бир-икки марта уриб қўйиб: – Сенга ишонаман, сенга, йўлварсим, йўлварсим! – деди. Мингбоши кечанинг чуқур жимлигида каттакон кавушини тарақлатиб, эснай-эснай ичкарига кириб бораркан, Мирёқуб Мирзабобони ёнига олиб дарвоза дарчасидан кўчага чиққан ва қишлоқ итларининг тўпалон вов-вовлари ўртасида кета туриб жоҳил сўфининг қайсарлигини синдириш учун турли-туман тадбирлар ахтарарди… 8-боб Раззоқ сўфининг уйидагилар «мингбоши» деган сўзни унутаёзган эдилар. Мингбоши тўғрисидаги довруқ бир хил дайди шамоллардай тўсатдан келиб қолган, сўнгра сўфининг маълум сўзларидан кейин бутунлай жимиб кетган эди. Қурвонбиби яна қўни-қўшнидан иш олиб, кўрпа қавишга ўтирди. Зеби бўлса ҳовуз бўйига тўшакчани солиб, каштасига берилди. Ўлмасжон ҳар ўтганида деярлик сўфининг баланд деволига осилиб хипчин синдирадиган бўлди. Энди каштачи қиз «вой, ўлақолай!» деб ичкарига қочмас, фақат, бетига рўмолини парда қилиб, икки бети чўғдай ёнгани ҳолда, кулимсираган кўзлари ила ҳалиги парданинг ёнидан мўраларди… Саратон яқинлашганга ўхшайди. Офтоб танурини қизита тушди. Кечагина кўкларда қанот қоқиб ўйнашдан туганмас лаззат олган қушлар энди дарахтларнинг қуюқ кўланкали шохларида ўтириб олиб, иссиқдан жон сақлайлар. Кўча-кўйдан бирорта отлиқ ё арава ўтгундай бўлса, дунё-дунё чанг кўтарилади… Одамлар, жонворларгина эмас, дов-дарахтлар, жонсиз махлуқот ҳам энтикиб, бўғилиб нафас олган каби. Сўфи ҳам дайдишдан тийилди. Неча кундан бери суҳбатга ҳам бормайди. Дарпардаларга чойшабдан пардалар тўстириб, уйни қоп-қоронғи қилдириб, битта кийизчадан бошқа ҳамма палосларни олдириб ташлаб, қоқланган ерларга қалин-қалин сув урдириб… эртадан кечгача уйдан чиқмайди. Олдида – яхна чой, ёнида – елпиғич, ўзича зикр қилган бўлади. Бир қарасангиз, «Ҳикмат»дан[эфн_нотес]Мутасаввуф шоир Хожа Аҳмад Яссавий девони.[/эфн_нотес] байтлар ўқиб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлайди… Дам бўлса, суҳбат ҳофизлари сингари аста-аста хиргойи қилади. – Хонақодан кечиб юбордингиз, шекилли! – деди бир кун Қурвонбиби. – Валдирама, фитна! – деб қичқирди сўфи. Сўнгра яна ўз ишига берилди. – Эшон бувам хафа бўлмайдиларми? Қандай муридсиз! – деди яна бир кун Қурвонбиби. – Шу иссиғда суҳбатга ҳафсала борми? Қизиқ экансан… – деди сўфи. Бу дафъа тескари бурилиб уйқуга кетди… Аллаким ичкари эшик кетидан «Сўфи! Ҳов сўфи!» деб чақирган вақтида, сўфи оғир уйқуда, Қурвонбиби эса қавиб бўлган кўрпани эгасига топширмоқ учун қўшнилариникига чиқиб кетган эди. Бу чақириқни ҳовуз бўйида ўтириб эшитган Зеби рўмолини пана қилиб эшик олдига келди. – Кимсиз? Нима дейсиз? – деб сўради. У ёқдан содда ва бир оз дағал, лекин қувноқ бир эркак овози келди: – Ҳа, Раззоқ сўфининг ожизаларимисиз? Қалайсизлар, омон-эсон бормисизлар? – Худога шукур, – деб қўйди Зеби. – Мен отангизни айтгали келиб эдим… – Ухлаб ётган бўлса керак. Уйғотиб берайми? Зарурми? – Эшонбобом йўқлатдилар. Уйғотмасангиз бўлмайди. «Тез, олдингга солиб кел!» дедилар… – Хўп бўлмаса, уйғотиб берайин. Зотан, жуда сергак ухлайдиган сўфи биринчи чақириқдаёқ уйқудан уйғонган эди. Дарпарданинг бир қанотини очиб ташқарига ун солди: – Ким у? Нима дейди? Элчи сўфининг овозини эшитди: – Менман, сўфи, менман: Худойназар! Элчининг ким эканини билганидан кейин сўфи унинг нима учун келганини сўраб ўтирмади. – Шошманг бўлмаса, ҳозир чиқаман, – деди. Апил-тапил ҳовуз бўйига ўтиб таҳорат янгилай бошлади. Қурвонбиби қўшниларникидан қайтиб чиққан вақтда, сўфи аллақачон кетиб бўлган, Зеби эса уйни йиғиштираркан «биргина қизил олма учун девол ошиб боққа тушган» йигитча тўғрисида ашулла ни данг қўйган эди. – Ҳай Зеби, отанг қани? – Эшон бувам олдириб кетдилар. Ашулла нинг бўлинишини истамаган қиз жавобни калта қилиб, яна сернашъа қўшиғини бошлади. Фақат, кампир шу топда гапга ва гаплашувга жуда қизиқарди. Чунки кўрпақавиқ учун бу сафар пулни кўпгина тўлаганлар, боз устига, «мунча чиройли ва текис қавигани» учун уни ўз юзига мақтаганлар; иккинчи томондан, чолнинг «бир ҳафтадан бери уйда сасиб ётгандан сўнг» яна хонақо томонга йўл солиши кампирнинг бўғилган таъбини оча тушган эди. – Худо умрларини берсин эшонбувамнинг! Мунча яхши қилибдилар! Эркак деган ҳадеб уйда ёта берса, сасиб кетади… – Ҳали ҳам кўрпаларидан аллақандай ҳидлар буруқсайди… – деди Зеби. – Оптовга олиб чиқиб ёй! Иложи бўлса, ҳовлига олиб ўтиб қоқ! – деди Қурвонбиби беш-олтита сийқа тангани қайта-қайта санаркан. – Яхши бўлибди, айланай, болам, отангнинг оғир жуссасини эшонбободай одам кўтармаса, ким кўтара олади? Бир оз жим қолгач, эски ҳасратини бошлади: – Илоҳим, қовоққинаси ўчсин унинг… Юрагим лахта-лахта қон бўлди. Қовоғидан доим қор ёғади, важоҳати доим қиш, доим изғирин… ё бир маслаҳатни айтиб бўлади, ё – рўзғор ишини. Кошки, бошқа мўмин-мусулмондай бир касб қилиб, беш-ўн танга топиб келса… Йўқ, йўқ! Ўзи тўй-мўйга бориб қорнини тўйғазиб келса бўлди, бошқа билан иши йўқ! «Уйда хотиним бор, қизим бор, улар нима ейди?» деб ўйламайди. Хонақонинг текин шулонини еб ёмон ўрганган-да! Меҳнат қилиб, пешона терисини оқизишга энди кўнгли ўлгури унамайди. Акаси шўрлик қанча ялинди – «қишлоққа чиқ, бирга ишлайлик!» деб. Кўнмади сира! Меҳнатга тоби борми, қалай? Оч қолса ҳам, бўйни ишга ёр бермасдан, шу бўйича ўтиб кета беради. Тағин ҳар йил бир қур ҳажга жавдиганига куяман! Ёнида бир чақаси йўқ, нимага ишониб бўлсайкин, ҳар йил бир қур «бошпут» олади. Чинакам жўнайдиган кишидай, бор пулига ун олиб, ёғ олиб – кулчалар ёптиради. Тарадди битгандан кейин, ҳажга бориш қолиб кета беради-да, ёғлиқ патирларни хонақодаги текинхўр сўфилар ейди! Адо бўлдим мен мундан!.. Куйдим мен мундан… Кўрпа-тўшакни ҳовлига ташиб ётган Зеби бу ҳасратларни тингларкан, шўрлик онанинг тоғдай бардошига қойил бўларди. Онасининг жуда оғир юк остида энтикканини билганлигидан, эсини таниганидан бери унга ҳар тўғрида ёрдам қилишга тиришиб, бутун рўзғор ишини ўзи эплаб келар, онасига ҳеч бир оғирини туширмас эди. Зотан, бу рўзғорни Қурвонбибининг қавиган кўрпа-тўшак ва гуппилари ила Зебининг чевар қўлларидан чиққан чорси ва дўппилари тебратиб келмайдими? – Пешонамизга битгани шу бўлса, қандоқ қилайлик, ойи?! – деди қиз. Бу вақтда улар иккаласи ҳовличага ёйилган палосларни қоқмоққа киришган эдилар. – Албатта, болам, қазога чора йўқ. Шундай бўлса ҳам, кўнгил тўлиб кетганда, чидамай гапирасан-да одам… Иккови ҳам жим қолиб, ўз ишларига берилдилар. Бир оздан сўнг кампир куйикишдан босилиб, оддий овоз билан сўради: – Эшонбобом нимага чақиртирди экан? Келган одам айтмадими? – Билмадим, жуда зарур, шекилли, «олдингга солиб кел» деган эканлар. Отам ўзи ҳам апил-тапил таҳорат янгилаб чиқиб кетди. – Яхши бўлибди. Бирор жойда тўй-мўй бордир. Отанг келмаса ҳам, эҳтимол, болам, қишлоқ-пишлоққа чиқишадигандир. Бўлмаса, мунча жадаллатиб чақиртирмасиди. – Қишлоққа чиқиб кетса яна яхши! – деди Зеби. Шу топда унинг юзларига қувноқ бир кулиш ёйилган эди. – Салтанатхонди чақиртирай деб эдим. Бир келиб ўйнаб кетса яхши бўлариди. – Майли, бугун кечгача отанг келмаса, эртага чақиртирарсан. Қизнинг юзига ёйилган ва борган сари қуйилмоқда бўлган қувноқлик қумга тушган томчи каби бирданига йўқ бўлди, унинг жиддийлашган кўзларига энди ташвиш кўлагалари чўккан эди. – На унимиз бор, на гуручимиз. Яна нонқоқига чақирамизми? – деди қиз. Онанинг жавобини кутиб ўтирмасдан, ўртанган бир овоз билан илова қилди: –Йўқчиликдан қутулар кун бормикин?.. – Койима, қизим, – деди она, – ўртоғингни қуруқ жўнатмайсан. Ош-сувингга еткулигини эплаймиз. Зеби кўзларини кенг очиб қаради: – Рост айтасизми? Қурвонбиби рўмолининг учидан бояги тангаларни олиб қизига узатаркан, овини йиқитган мерган сингари кўнгли севинч билан тўлгани ҳолда: – Мана, болам, кўрпа қавиқдан пул тегди! – деди. Зеби икки қўлини онасининг бўйнига ташлади, она унинг сочларини икки-уч марта юмшоқ-юмшоқ силагандан кейин, оғзини у сочларнинг ўртасига қўйди. Шундай қилиб, икки аламзада кўнгил жуда қисқа бўлган қувончларга берилдилар… Фақат, бу тўрт девол орасига кирадиган қувончлар ўткинчининг назаридай бир нафасга кириб чиқадилар. Уларнинг кирганини зўрға пайқаганлар чиққанини пайқаёлмай қоладилар. Ўша тўрт девол ичида туғилиб ўсган, ўша тўрт деволнинг тунд назарларидан бошқа ҳеч нарса кўрмаган ва унга кўникиб қолган бечоралар ўз ҳолларининг мунча фожиалигини пайқай олармидилар? Ҳар қандай қувончни ўзларининг ўша тор дунёларидан ахтармоққа мажбур бўлган шўрликлар ташқаридан адашиб кириб қолган орият қувончларга ишониб кўнгил қўярмидилар?.. Одатда хуфтон ўтар-ўтмас ётоғига кириб, илк саҳар уйқудан уйғонадиган Зеби отасининг келиш-келмасини билиб, шундан кейин хотиржам ухламоқ учун анчагача онаси билан гаплашиб ўтирди. Улар иккаласи топган-тутган гапларини бир-бирларига айтишиб, уч чойнак чойни тамомладилар. Бутун эл бир уйқуни уриб бўлганда ҳам сўфидан дарак бўлмагандан кейин, она-бола унинг эшонбобо билан бирга бирор жойга кетганга ҳукм қилдилар. Зеби эртага ўртоқжонини чақиратурган бўлиб ширин хаёллар билан уйқуга кетди. Бир томондан, жуда кеч ётиб, иккинчи томондан, ниҳоят даражада тотли тушлар билан кўп роҳат ухлаганлигидан у эртаси куни одатдагидан анча кеч уйғонди. Уйқудан кўзини очиб, теварак-атрофга қарагач, ташқари эшикнинг карракдай очилиб турганига кўзи тушди. Демак, сўфи қайтган эди. Ўзининг бу қадар қаттиқ ухлаганига ҳайрон бўлди. Отаси, одатда, дарвозани жуда қаттиқ тарақлатарди. Ичкаридан «лаббай» деб жавоб берилгандан кейин, то биров чиқиб дарвозани очгунча, баджаҳл сўфи бардош қилолмас, қўлидаги таёқ билан зўр бериб дарвозани саварди… Демак, бутун шу тарақ-туруқни эшитмаган Зебининг ўликдай қотиб ухлагани маълум бўларди. Энди Салтанатхонни чақириш ҳаваси елларга учди… Энди яна ҳафталарча сўфининг боши уйдаги ёстиқдан кўтарилмайди. Эндияна – қанчагача – ёш қизнинг гулдек умри ҳовуз бўйида игна санчиб ўтади. Ўрнидан туриб бет-кўзини ювди, ўчоққа ўт ёқиб, чойдишни қўйди, сўнгра ташқари эшикни ёпиб қўйиб, секингина уй томонга борди. Бир жуфт дарпарда ёпиқ бўлганидан, уйнинг ичи бир оз қоронғи эди. Астагина қулоқ берди: бировнинг хўрсиниб йиғлагани эшитиларди. Яна ҳам қунт қилиб тинглади. Йиғлаган онаси эди. Кўнгли шув этиб кетди. Бир оздан сўнг сўфининг ғудурангани эшитилди: – Хотин кишини йиғлашга ҳалқ қилган худо… Йиғлайбер! Шундан сўнг уй ичида оғир бир жимлик чўкди. Қурвонбибининг йиғиси хўрсиниш даражасига тушиб қолди. Кейинча у ҳам жимиб кетди. Узоқ жимликдан сўнг сўфининг оғир бир томоқ қиргани эшитилди. Сўнгра у одатдаги амирона овози билан: – Қани, бўл, чойингни бер! – деди. Кампир эзилиб мулойимлашган овоз билан: – Шу ерга берайми, ё эшикка чиқасизми? – деб сўради. Сўфи яна ўша дағал овоз билан: – Дам уйда нима бор! – деб қичқирди. Онаси ташқарига чиққач, Зеби бориб унинг бўйнига осилди. Қурвонбибининг кўзлари қизариб, қовоқлари кўкарган эди. – Нимага йиғладингиз, ойи? – деб сўради Зеби. Онаси дарҳол жавоб беролмасдан бир оз ўйланиб тургач: – Ҳеч… – деб қўйди. Жавобнинг бирданига берилмагани, сўнгра бу «ҳеч» деган маъносиз жавоб Зебининг ташвишга тушган кўнглини баттар ташвишлантирди. – У нима деганингиз? Бекорга йиғлайдими киши? – деди у. Қурвонбиби яна жим қолди. – Ойи, бир ёмон гап борга ўхшайди. Мендан яшириб ётирсиз! – деди Зеби. Унинг кўнглидаги ташвиш энди тилига, овозига ўтган эди. Она энди бу сафар боласини қондиргундай жавоб бермоққа мажбур бўлганини пайқади. Фақат, нима дейишини билмасиди. – Сўраб нима қиласан, болам? Отангнинг феълини биласан-ку, бекордан бекорга мени ғадаблаб ўтирибди… – Нима дейди, ахир? – Нима дериди? Бошимни олиб бир ерга кетаман дейди… тўйдим сенлардан дейди… Зеби онасининг бу гапларига ишониб, кўнгли анча тинчиган бўлса-да, онанинг ўзи ўз оғзидан чиққан бу ёлғонларга сира ишонолмас, «ўзим ишонмаган нарсага қизим бечорани қандай ишонтираман» деб ўйларди… – Отамнинг шунақа хулқи бор, – деди Зеби. – Баъзи-баъзида феъли айниса, «кетаман»га тушади. Қўйинг, хафа бўлманг. Эрта-индин босилиб қолади. Илгари қилмаган бўлсайкан… Зебининг бу муҳокамаси онанинг кўнглини дарров тинчитди. Қизининг бу сўзларида ва у сўзларни айтган вақтидаги овозида ёш болаларда бўладиган бир соддалик кўринарди. Қиз бечора ҳали кўп содда! У онасининг оғзидан нима чиқса дарров ишонади! Фақат, она бечора ўз қизини қачонгача алдаб юра олади? Қизнинг бу соддалиги қачонгача давом этади? Бу алдашлар эрта-индин очиқ ҳақиқатлар қошида чилпарча бўлиб синмайдиларми? У вақтда алдамоқ учун сўз топиладими? Ёш қизнинг «қарс» эта ёрилиши мумкин бўлган кўнгил шишасини ямаш учун онанинг тадбир сандиғида ҳеч нарса топиладими? Содда қиз тил учида айтилган бир-икки оғиз гап билан тинчланиб, сўрига жой қилгали чиққан вақтида, айвоннинг бир чеккасида ўрнидан жилолмай қолган онанинг кўнглида шу ташвиш ва шу андишалар айланарди. Кейинча, қизнинг тамом тинчланганини кўргач, Қурвонбиби ҳам изтироблардан енгиллангандай бўлди. Сўрига келиб тайёр дастурхонга ўтиргач, Зебининг пешонасидан ўпиб-ўпиб қўйди. Отасини нонуштага чақирмоқ учун кирган Зебига Раззоқ сўфи нимагадир: – Чойингни ҳовлига чиқиб ич! – деб буюрди. Бу буйруққа на она эътироз қилди ва на қиз. Айниқса, Зеби бутун бу нарсаларни отасининг феъли айниганидан кўрарди. Онасининг кўзларида шунча изтироблар қайнаб тошган ҳолда, ёш қизнинг содда кўнгли уларни кўролмас эди. Онанинг кўнгли сир беркитиш орқасида ғашдан ёрилай деганда, қизнинг кўнгли дам Ўлмасжонни, дам Салтанатхонни эркалатиб ўйнарди. Ҳовуз бўйида яна ўша қўшиқ, яна ўша ёқимли овоз сувларнинг жимжимаси устида йўрғаларди. Яна ўша кашталарнинг яна ўша кулар юзли ипаклари иланг-пиланг чизиқ устидан бориб, кунгираларнинг шаклини қавартирарди. Яна ўша деволдан яна ўша аравакаш бола мўралаб, ёш қизнинг мунгли қўшиғини бўларди… Бир кун эрталаб иккита қўй билан бир арава ун-гуруч келиб киргандан кейин, Зеби онасининг андишали кўзларига қарамасданоқ тунов кунги кўз ёшларнинг маънисига тушунди. Ёш қизнинг кўнгил шишасига бир тош келиб теккан каби бўлди… Нонуштадан бироз кейин қўйлар келган бўлса, тушга етмасдан қассоб тайёр бўлди ва Раззоқ сўфи этагини белига қистириб, енгларини шимариб ташқарига жомларни, саватларни ташимоққа бошлади. Қўйларнинг қоп-қора қонлари ерларни бўямасдан туриб, ташқари томондан хурсанд овозларнинг: – Тўй қуллуқ бўлсин, сўфи! – Жуда соз бўлибди! – Бундай давлатни кам бандасига беради худо! – деган хушомадлари кўтарилди. Энди онага қўшилиб қиз йиғлар, қизга қўшилиб она йиғларди. Буларнинг йиғилари кучайган сари ташқари томондан келаётган хушомадлар ҳам кучаяр, бутун маҳалла-кўй Раззоқ сўфининг бахтини олқишлаб чапак чаларди! Ўртароқ бир хонадоннинг орзу-ҳавасли каттакон тўйидан ҳашаматлироқ бўлиб ўтган фотиҳа тўйидан кейин Қурвонбибининг кўзларида йиғлайдиган ёш ҳам қолмаган эди. Зебининг кўз ёшлари сира тинмади. Бу орада Салтанатхон икки марта келиб кетди. Қумрихон келди, бошқа ўртоқлари келишди, ҳар йўл билан Зебининг кўнглини олишга, уни юпатишга уриндилар. Бўлмади? Кўз ёшлари ариқнинг сувидай ўзлари келиб, ўзлари қуюлардилар. Илгарироқ кунда юз марта қизини юпатган, унинг кўз ёшларини енглари билан артган она энди у ёшларга кўникиб қолган, индамасдан ўз ишига машғул бўлар, тўй ҳозирликларини кўрарди. Ҳар ҳафтада бир келадиган қўй, ун-гуручни ташимоқдан Раззоқ сўфининг қўллари қаварди… Тоза гуручлар билан бўрдоқи қўйларнинг паловларини емоқдан қуюқ ёғлар меъдасига урди… Ёғлиқ қўлларини арта бермоқдан унинг эски бедана маҳсиси ойнадай ялтираб кетди. Бутун буларнинг орқасида она билан боланинг қайноқ кўз ёшлари қуйиларди. Бутун бу ноз-неъматлар ёш қизнинг кўнгил шишасини синдириш баҳосига тушган эди. Фақат, сўфи кўнгилдан ва унинг нозик шишасидан бир нарса англайдиган одам бўлмаганлигидан бу каттакон ишнинг оқибатини хаёл қилган вақтларида «келаси йилга (иншаолло!) ҳажга кетиш насиб бўлади» деган умидлар билан хурсанд бўларди… Биринчи марта қўй келган кундан бери бутунлай эсидан оғиб қолган Қурвонбиби фотиҳа тўйидан кейин бир оз ўзига келган эди. Бора-бора Зебининг кўз ёшлари ҳам қуриди. У ҳам худди суратдай жонсизгина судралиб юра бошлади. Бурунгидай онасининг ҳеч бир сўзини қайтармас, нима деса оғзидан чиққан ҳамон бажарарди. Эс-ҳуши ўзида бўлмаган бу жонсиз суратнинг ёғочдай қотиб қолган қўллари ва бармоқлари ила рўзғор ишларини яна бурунгидай пухта бажаришлари онанинг қуриган кўзларини ҳам яна ёш билан тўлғазиб юборарди. Зебининг оғзидан на бир оғиз сўз чиқар, на бир байт қўшиқ, на бир оҳ-воҳ. Бу ҳол онанинг изтиробини бешбаттар оширарди. «Бу кетишда қизим шўрлик тўйга етармикан, йўқмикан?» деган хаёллар онанинг бағрини тилардилар. Эшон чақиртириб кетган куннинг эртасида, Раззоқ сўфи уйига қайтиб келганидан кейин «қизингни мингбошига бериб келдим, тараддингни қил!» деган, шундан сўнг Қурвонбиби йиғлашга бошлаган, уни Зеби юпатган, шу билан иш фотиҳа тўйига бориб етган эди. Бу орада анчагина вақт ўтса ҳам, Қурвонбиби ўз эридан илгари рад қилган мингбошига кейинча розилик беришининг сабабларини сўрамади. Гапнинг рости, юраги бетлаб сўролмади. Илгарилари Зеби ўз отасидан қандай қўрқиб қочган бўлса, энди Қурвонбиби ҳам ўз эридан шунча ўзини четга тортарди. Зебининг ҳалиги аҳволи кўнглига ташвиш солганидан кейин чидаёлмади, бир кун Зебининг йўқ вақтини топиб туриб эрига сўз очди: – Бошим гангиб, ҳеч нарса деёлмай ётибман… – Ҳа, нима демакчисан, фитна? – Сўфи аввалгидай қуруқ ва совуқ гапирарди. Қурвонбиби ҳўрсинганидан бирозгача нафаси бўғзига тиқилиб, гапиролмай турди. Кейин, нафасини бир оз ўнглаб, яна боягидай ҳўрсиниш овози билан бўлиб-бўлиб сўзлади: – Бу нима қилганингиз? Бу… – Ҳа, нима қилибман, баччағар? – Илгари… мингбоши ўлгурга… бермайман деб келиб эдингиз… қўрсайиб… мақтаниб гапириб эдингиз… «Бенамозга… қиз йўқ!» деган эдингиз… Қани у қўрсайишлар? Нима бўлди? Туппа-тузук сўфи одам бир бенамоз, бир бўзахўрга қиз бериб ўтирибсиз? – Берсам нима бўпти, баччағар? Ўз қизим… – Ўз қизингиз-ку… Тенгини топиб беринг-да… Эшонбобомнинг ман қилмаганларига ҳайронман. Ҳа… ҳа… Шу ерга келганда Қурвонбиби бироз дадилланиб, овозини кўтара тушди. Гўё эшонбобо унинг томонида бўлиб, Раззоқ сўфига қарши чиқажак эди: – Ҳа… ҳа… энди билдим! Бу гапдан, валлоҳи аълам, эшонбувамнинг хабарлари йўқ! Бўлмаса, сизнинг бу беҳуда ишингизни қилдиртмас эдилар. У ёқда сўфи аччиғи келиб бақириш ўрнига, бир нарсадан хурсанд бўлгандай, мийиғида кулиб турарди. Қурвонбиби давом этди. Унинг овози яна ҳам кўтарила тушган эди. – Шошманг! Эшонбувамга бориб дод дейман! Ори рост, бир бўлган ишни энди буздириш мумкин эмаску-я, ишқилиб сиздан дод деб бир кўнглимни бўшатмасам бўлмайди… – Э аблаҳ, фитна! – деди сўфи кулиб туриб. – Эсинг йўқлиги шу-да! Шу-да эси пастлигинг! Шу-да хотинлигинг! Қурвонбибининг аччиғи келди: – «Эчкига ўлим, қассобга ёғ!» Мен ўлолмай гарангман, сиз ҳадеб куласиз. Ҳа, эшонбувамга айтолмайманми? – Ҳа, айт! Айт бориб! – деди сўфи яна кулиб туриб. – Аблаҳлигингни пиримизга ҳам кўрсат, фитна! – Оббо, ақллиг-эй! Шошманг, ҳали! Эшонбувам ғадаблагандан кейин эсингиз киради. Ҳали ёғлиқ паловлар билан мастсиз! Сўфи кулишдан тўхтаб жиддийлашди. – Бас дейман, аҳмоқ, бўлди! – деб қичқирди у. – Ҳеч нарсадан хабаринг йўқ, валақлай берасанми? Мингбошига бергин деб, қистаб юриб мени кўндирган эшонбувамнинг ўзлари бўлса, нима дейсан? Қурвонбиби ихтиёрсиз: – Вой, ўлақолай! – деб бақирди. – Эшонбувам ўзлари бошми ҳали? Вой, шўрим қурсиней! Бечора кампир бошларига муштларди. – Муштла бошингни, фитна! – деди сўфи яна ўша жиддият билан. – Кўпроқ муштла, ёр ўша эси паст бошни!.. Иккаласи ҳам жим бўлишди. Сўфи ҳамон ўша жиддият билан бир нуқтага тикилган, Қурвонбиби энди бир оз ўзини тўхтата бошлаган эди. У оддий ва тинч овоз билан сўради: – Эшонбувам қистаган бўлсалар, қаттиқ турсангиз бўлмасмиди? Фақат, кампирнинг бу сўзларида энди тақдирга тан бериш унлари бор эди. Бу унни сўфи ҳам пайқади. У бугун нечундир бир оз юмшара тушган, хотини олдида ўзини оқламоққа тиришгандай кўринарди. – Ҳовлиқмай гапирсанг, фитна… Дунёни бузасан… – деди у. – Мен кўп олишдим. «Бенамозга қиз бермайман!» дедим. «Сен-бизнинг минг йил ибодатимиз-у уларнинг бир кунлик хизматлари – баб-баробар! Мингбоши қанча мўмин-мусулмоннинг ҳожатини чиқаради, қанча аламзаданинг додига етади, қанча ўғри, кисавур, қароқчининг жазосини беради! Қанча ноҳақ бўлган ишларни ҳаққа қарор топқизади. Ибодат ҳам – ибодат, мўмин-мусулмонга хизмат ҳам – ибодат! Балки бу кейингиси – авло!» дедилар. Нима дейин? Нима деб бўлади? Мен оми бўлсам, саводим бўлмаса, оқ-қорани танимасам, у киши мулла бўлса, забардаст бўлса, худонинг буйруғини тушунса, шариатни, тариқатни сувдай билса… нима дейман? Сўфининг ўз хотинига астойдил куйиб-ёниб ўз қилмишларидан бунча дурув-дароз ҳисоб бериб ўтириши – мана шу эди. Буни Қурвонбиби тегишинча тақдир қила билди. Эрига иссиқ назар билан қараб, унинг аҳволига энди бир даража ачина бошлади. Шу учун анча оғирлик ва босинқилик билан: – Мен-ку ҳеч нарса демас эдим, – деди у, – мана бу қизингиз худди бир суратга айланиб қолди… Қўрқиб ётибман… – Ўртоқларини чақиртир, фитна… Ўйин-кулги қилишсин… У тарафдан мен ҳам тўйни тезлатай… Тезроқ бериб қутулайлик. – Салтанатхон ўртоғини ўзи ҳам чақирмоқчи бўлиб туриб эди, – деди кампир. – Сиз уйда бўлганингиз учун… – Мен хонақога кетаман. Чақиртира берсин. Ун-гуруч бўлса сероб… Пул ҳам бор, орзу-ҳавас қиламан деса, мана пул. Бозордан олдирсин. Кўнгли хоҳлаганини қилсин! Шу сўзларни айта туриб, ёнидан битта ўн сўмлик янги қоғоз олди, уни бармоқлари орасида увиб, шир-шираган овоз чиқарди, ундан кейин юзларида шу чоққача ҳеч бир кўрилмаган болаларча қувониш билан кампирга узатди. Кампир умрида кўрмаган ўнталикнинг нақшларига қараркан, шу нақш сингари жонсиз бўлиб қолган шўрлик қизини кўз олдига келтирди-да, кўзларига ихтиёрсиз ёш олиб юборди… 9-боб Зебини тушириб келиш учун шаҳарга борган хотинлар, уларнинг ўз тиллари билан айтсак «қудалар», бошларида Пошшахонга ўхшаган эслик ва айёр бир жувон турганига қарамасдан, негадир, «кичкина митти»ни назардан қочирдилар. «Кичкина митти хон хўжани йиқитди» дейди ўзбек мақоли. Қудалар қофиласи шаҳарга жўнаркан, Умринисабибини аравадан ўз қўли билан тушириб юборган ва унга қараб «агар тўйда ё тўйдан кейин мен сизни уйда кўргундай бўлсам, мингбоши додхога айтиб авақтага жўнатдираман!» деган Пошшахон Умринисабибининг қизини ё кўрмади, ё кўрса ҳам назарига илмади. Пошшахоннинг қўйган қизлари, яъни унинг ўз «одамлари» шаҳарнинг ўзида, йўлда ва ҳар ерда Зеби билан бирга бўлиниб, фаришта қиёфасидаги шайтон каби унинг ичига кириб, пистоқи таъзимлар ва серхушомад гаплар билан унинг кўнглини овлаб – мингбоши додхога уни «иситтираркан», ўзларининг муваффақиятларидан ҳеч бир шак-шубҳа қилмасдилар. Тезда-тезда уларни чақириб таълимот бериб турган Пошшахон ўз одамларининг маърузаларини эшитгандан кейин, боз устига, ўзи ҳам чимилдиқ кетига ўтиб Зеби билан жонажон ўртоқдай гаплашгандан сўнг, «қизнинг муқоваматини синдирдим, ўжарлигини енгдим!» деб ўйларди. Ўзига кўп бино қўйганларнинг алданиши ёмон бўлади! Икки қиз ва бир жувоннинг бутун меҳнатларини Умринисабибининг «кичкина митти»си бир неча оғиз гап билан ювиб ташлашга жуда осон муваффақ бўлди. Умринисабибини ишга солиб қўйиб, ўзи аллақайларда тажанглигидан кокилини юлиб юрган Султонхон энди шайтон кулиши билан кулиб, қўли толгунча чапак чалса бўлади. Унинг кўнгли олдин сезиш йўли билан бир нарса сезган бўлса, ҳали ҳам жиртак чалиб кулаётгандир. Ким билади! Шаҳарда бир неча минут, қишлоқда – мингбошиникида ундан ҳам озроқ холи фурсат топиб, «кичкина митти» Зебига айтиладиган ҳамма гапни айтиб олди. Мингбошини шундай тасвир қилдики, энди унинг ўрнига – куёв ролида – бир дев кириб келса, Зеби «жон!» дерди. Бунинг устига, «бечора Султонхоннинг маъсум кўз ёшлари», «иккала иттифоқчи» (Хадичахон ва Пошшахон)нинг минг бир «ҳилалари» ҳам (Хотинлар ўзлари худди шу шаклда – «ҳила-а» деб гапирадилар) ёш ва маъсум бир қизнинг самимий тили билан бир-бир баён қилинди. Шу учун тўйга яқин ва тўй кунларида ўз ўртоқлари билан кулиб гаплашган, Пошшахоннинг одамларига эса қиёматлик дўстлардай муомала қилиб, уларга «ғалаба» ғурурини берган Зеби қишлоққа жўнар куни бирданига ўзгариб, ёнига ўз онасидан бошқа ҳеч кимни киргизмай, бирданига бурунги қуруқ «сурат» шаклига киргач, иттифоқчилар шошиб қолдилар. Зеби ўзи учун ажратилган катта уйга кириб, ипак чимилдиқнинг кетига ўтган вақтида, иккала иттифоқчи тўйчи хотинларни ҳам унутиб, дастурхон ва ош-сув масалаларини ҳам бировларга топшириб, ўзлари Пошшахоннинг уйига чекилдилар ва бу ўзгаришнинг сабабини текшириб, чорасини ахтармоққа бошладилар: кўп ўйладилар, кўп режаларни чизиб кўрдилар… Фақат, шу кичкина митти ҳеч бирисининг эсига келмади. Шу учун ўзгаришнинг сабаби билинмади! Улар бир чора топишдан ҳам ожиз эдилар, шу қалтис пайтда ақллари ҳеч нарсани олмасди. Бир тарафдан – куёвнинг кирар вақти яқин, иккинчи тарафдан – ҳовли юзи тўла хотин-халаж, бола-чақа, етти иқлимдан одам бор, шовқин-сурон, қий-чув, мия айнайди… мия айнайди, холос! Бир кучли овоз бўлса-ю ҳовлига чиқиб ўкирса ва хотин-халаж бир нафасгина жим бўлса… Булар ўйлаб бир фикр чиқарсалар! Ҳолбуки, хотин-халажнинг қий-чуви авж олаётир. – Шошманг, нима гап? – деди бирданига Пошшахон. Дарҳақиқат, ташқарида хотин-халажнинг умумий хори бошланган эди. Ҳовлидаги хотинлар ҳаммаси бирдан алланима деб, бир сўзни такрорлаб шовқин солардилар. Булар ҳам бир-бир кетин ҳовлига чиқишди. Кичкинагина бир воқеа бўлиб ўтган эди. Зеби каттакон уйнинг тўрисида, очиқ дераза ёнидаги бурчакда, чимилдиқ кетида онаси билан бирга ўтирарди. Унча бесаранжом бўлгани ҳам кўрилмасди. Ҳатто хотинларнинг қизиқроқ гапларини эшитса кулиб қўярди… Ҳовлида, деразанинг таккинасида турган иккита хотин – ким эканликлари номаълум! – тик ҳолда ўзаро гаплашиб туриб гапни мингбоши додхо ва Зеби тўғрисига кўчирдилар. Зеби уларнинг суҳбатларини юраги ўйнаб туриб тинглар ва онаси суҳбатга моне бўлмоқ истаса, йўл қўймасди. Иккала хотин овозларини пича кўтара тушиб, хотинлар қий-чуви орасида суҳбатда бемалол давом этдилар. Зебининг қулоғи ҳам гўё деразага осилиб қолди. – Қизингиз етилиб қолди, мингбоши додхога бермайсизми? – деди уларнинг биттаси овозини кўтара тушиб. Яна бири овозини анча баланд чиқариб бундай деди: – Буватаваккал адирида одам сонидай йўғон илонлар бўлар эмиш. Шуларга берсам бўлмайдими!.. Зеби «оҳ» деб бир қичқирди-да, онасининг қучоғига йиқилди. Хотинлар чувиллашиб чимилдиққа томон югурдилар. «Вой, нима бўлди? Вой, нима бўлди? Вой, ўлақолай! Вой, шўрим!» овозлари ҳар тарафдан юксалди. Чимилдиқ атрофини қуршаб «вой, нима бўлди?» деган хотинлар орасида ҳалиги иккови ҳам бор эди… Бироздан сўнг улар иккови орадан йўқ бўлишди. Уларнинг келиб-келмаганини ҳеч ким билмади. Шунча кўп хотин-халаж орасида иккита хотинга сон борми? Пошшахон билан Хадичахон воқеани суриштириб кўрдилар. Ҳар оғиздан ҳар хил гап чиқарди. «Аллаким келинга эшитдириб куёвни ёмонлади» деганлар бўлди. «Ўз қулоғим билан эшитдим» деганлар бўлди. Фақат уйдаги хотинлар «Ташқаридагилар гапирди!» дедилар, ташқаридагилар ичкаридагиларни айбладилар… Зеби кўзларини мўлтиратиб, қўли кўксида, бедармон ётарди. Оғзини очиб бир сўз демас, саволларга жавоб бермас, ёнига кирган Энахонни ҳам танимасди. Ранги пахтадек оқарган, қовоқлари бирушта учиб турарди. Пошшахон Умринисабибининг эшигига қулф солдириб қўйиб, иттифоқчиси билан яна кенгашгали кирди. Бу сафар кенгаш жуда калта бўлди. Чунки вақт нозик, тезроқ чора кўриш лозим: куёв кирадиган вақт бўлган эди. – Куёвингизни бугунча киргизмай турсак, – деди Пошшахон. – Эртага Зебихонни алдаб-сулдаб йўлга солардик… Кейин олиб кириб қўйсак, ундан нарисини эркак киши ўзи эплаб оларди… – Ў-в-в… – деди Хадичахон. – Кошки, эп деган нарса бўлса куёвда… – Униси ростку-я… Ҳар қалай, эртагача худо пошшо эгам… Бугуннинг маслаҳатидан келинг. – Ҳалиги маслаҳатингиз дуруст… Бугунча тура турсин, ўлмас… – Ўлмайди, албатта… Пешонасидан кўрсин… Ишқилиб, Султоннинг ошиғи олчи! – Нимасини айтасиз. Умриниса фитна етказгандир бу чоққа… – Қўяди дейсизми? Эрта қачон… – Жиртак чаляпти десангиз-чи, яшшамагур… Иккаласи ҳам бир нафас жим қолишди. – Маслаҳат ҳалиги бўлдими? – деди яна Пошшахон. – Бугунча кирмай турадими? Яхши маслаҳат. – Бошқа иложи ҳам йўқ. Аммо у ўжар куёвни ким кўндиради бунга? – Ғалати экансиз! Ким кўндирарди?! Мирёқуб акангиз-да… – Ўзингизнинг акангиз… – Ҳаммамизнинг акамиз… – Чақириб айтинг бўлмаса. – Йўқ, сиз каттасиз, сиз айтинг! Мен яқин йўламайман! Хадичахон Мирёқубни чақириб гаплашгали ташқари эшик олдига чиқди. Пошшахон Зебидан хабар олгали югурди. Султонхон тўйга бир неча кун қолганда онасиникига кетган эди. Кетаркан кимдан сўраб – ижозат олиб кетишини билолмади. Сўраганда кимдан ҳам сўрайди? Мингбошининг онаси ролида ҳозир Хадичахон. Унга кириб ялинадими? Yo Пошшахонга таъзим қилиб ундан сўрайдими? Улар нима дейдилар? Тил учида «вой, айланай, вой, ўргулай» қилсалар ҳам, кўнгилларида «Ўла-ҳ, ўлганинг яхши! Алам қилдими? Қочгинг келдими? Қоч, орқангга қарамай қоч, кавушингни қўлтиқлаб қоч!» демайдиларми? Мингбошидан сўраш керак эди, албатта. Унинг олдидан ўтмай бўлмайди. У – эр, эр – подшо, хотиннинг инон-ихтиёри ўшанинг қўлида. Фақат, шу топда мингбошининг кўзига оқ-қора кўринмайди. Мингбоши шу кунларда ўз соясидан ҳам бехабар… Беш-олти ой бурун бор эди унинг Султонхони. Энди йўқ! Бир йил бурун унча-мунча «Султоним» деб турарди мингбоши. Тез-тез бунинг ёнида бўларди. Бу даргоҳга эрта баҳорда Зебининг қадами теккандан бери Султонхон бутунлай нест-нобуд бўлди. Кечаги ботган қуёшдай… Унутилди! Паранжисини ёпинди. Умринисабибининг дарчасига яқинлашганида бирдан тўхтади ва орқасига қайтиб, Хадичахоннинг уйига томон йўналди. – Мен ойимларникига кетяпман. Уч-тўрт кун айланиб, кўнглимни ёзиб келай… Хадичахон «ҳа, майли» деб қўя қолса нима бўларди? Жуда чидамай кетса – индамасиниди, бунга қараб мийиғида бир кулсиниди – шу ҳам етиб ортарди. Йўқ! Пошшо афсунчининг бу ўргатма илони бир марта нишини ботириб олмаса бўладими? – Вой, бу нима қилганингиз, Султонхон? Шундай яхши тўйлар бўляпти… Тили зўрға-зўрға калдираб: – Тўйгача… келаман… – дея олди Султонхон. Умринисабибининг дарчасидан ҳатлар-ҳатламас ҳўнгурак отиб йиғлаб юборган эди. У ерда кўп ўтирмади. Бир оз ҳасратларини айтиб, кўнглини бўшатгандан кейин, «кичкина митти»дан фойдаланиш тўғрисида бир-иккита маслаҳат кўрсатиб, онасиникига кетди. Шу бўйича тўй куни ҳам қайтиб келгани йўқ. Янги келин келган куннинг эртасига – худди нонушта чоғида Умринисабиби етиб борди. Ўпкаси оғзига тиқилиб, ўлгудай ҳаллослаб туриб кутилмаган ютуқлардан гапирди. Кичкина миттининг катта ишлари, айниқса, дераза олдида томоша берган икки хотиннинг ўйинлари ўлган Султонхонни тиргизди. Унинг беҳоллик ва уйқусизликдан юмилган кўзларини қайта бошдан очирди. Умринисабибининг буришган терили бармоқларида янги узуклар ялтиради! Иккаласи бир-бирини қучоқлаб ширин-ширин нашъага ботдилар. – Йўқ, хола, ҳали эрта! Эрта ҳали… – Нима демоқчисиз, айланай? – Маъракани йиғиштиришга ҳали вақт эрта. – Нима қилайлик, айланай? Мени у эшикка қадам бостиришмайди. Қизим кириб юриб эди, ҳалиги иккала хотиннинг ишидан кейин ўртадаги эшикка қулф солдилар. – Йўқ, хола! Йўл топилади, топиш керак. – Хўп, айланай, топамиз. – Топамиз!.. Топамиз… топамиз… топамиз… Ақли бошқа жойда бўлгани ҳолда Султонхон ҳадеб шу бир сўзни такрорларди. Бирдан сўраб қолди: – Энахон қаерда? Уни киргизишадими? – У ҳамма вақт Зебихоннинг ёнида. – Бўлмаса, ўша билан гаплашинг. Бугуноқ гаплашинг. Ҳозир бориб гаплашинг. – Ҳозир жўнайман бўлмаса. – Менга қаранг! Икки қўли билан Умринисабибининг икки елкасига ёпишди. Юзини унинг юзига яқин олиб борди. – Менга қаранг, холажон! Энахон Зебига дўст. Чинакам дўст. Мингбошига хотин бўлишини ҳеч хоҳлаган эмас. Ҳали ҳам хоҳламайди. Қўрқмасдан очиқ гаплаша беринг. Гапдан гап чиқади. Гапдан маслаҳат чиқади! Умринисабиби каттакон белбоғини ун-гуруч билан тўлғазиб, дарров йўлга чиқди. Энахонларникига бориб кирган вақтида, Энахонларнинг бутун оиласи ёйилган қопнинг теграсида жугари уқалаб ўтирардилар. – Айланай, Энахон. Шошилиб турибман. Сизга икки оғиз гапим бориди. Иккаласи бирга ҳовлига ўтдилар. Ариқ бўйига ўтиришган ҳамон Умринисабиби гап бошлади: – Зебихоннинг аҳволи қалай, айланай? Жиндак гапириб беринг. Ҳеч нарса билолмай, юрагимиз эзилиб кетди. Кўзимнинг қорачиғидай яхши кўрардим. – Уни яхши кўрмаган ким бор, холажон? Ҳамма яхши кўради. Яхши кўриш бошқа экан-у, толе бошқа экан… – Нимасини айтасиз, айланай? Етти ухлаб, бир тушига кирмаган кунларни кўрди шўрлик… Бироз тўхталди. Рўмолчасини ариққа солиб ҳўллагач, юзини бир қур артиб олди. – Куйиб кетдим, айланай… Бир жойда ўтиролмайман… Қизим Баҳридан сўрайман, бир оғиз гапни эплаб гапиролмайди. Кеча кечаси ўша ердайди. Шаҳарга ҳам бирга бориб эди. Гап сўрасам, худди тили йўқ соқовдай «и, и…» қилади, холос… Юрагим «қарс» эта ёрилгундай бўлди. Шундан кейин бу ерга чопиб келдим, айланай. Содда Энахон бу ёлғонларнинг ҳаммасига астойдил ишонарди. – Зебихон энди пича дуруст, – деди у. – Кеча кечаси куёв киришига яқин аллакимдан бир ёмон гап эшитиб… У шошилмасдан ҳамма бўлган гапларни айтиб берди. Бу гаплар ҳаммаси Умринисабибига маълум бўлса-да, эшитмаган одамдай бирушта «вой, тўвва! Вой, ўлақолай! Вой, шўрлик! Шунақами?» деб турди. – Энди ҳамма ҳайрон, холажон… Бугун кечаси нима бўларикин? Куёв кирмай туриб бу шунақа қилади. Куёв кирганда нима бўлар экан? – Шуни айтаман, айланай! – Мен ҳеч чиққим йўқ ўша томонга. Чиқмасак, оқибатдан эмас. Бизни деб келиб тузоққа тушди шўрлик. Менга шундай кўзларини мўлтиратиб қараса, юрагим «жиғғ!» этиб кетади… – Рост, айланай, рост… Ҳамма деганларингиз рост… – Бу ишни қилган кундош ўлгурлар энди ўзлари ҳам ҳайрон… – Яшшамагурлар… – Султонхон бўлса у ёқда жиртак чаляпти! – Яшшамагур… – Азайимхонларга катта-катта сарф қиляпти, дейди… Отаси бой эмасми? Онасида ҳам бисот каттаймиш… – Яшшамагурлар… – Бир ўйлаганда, у бечорада ҳам айб йўқ. – Рост айтасиз, айланай… – Ана у кундошларда ҳам айб йўқ. – Алватта, айланай… – Кундошлик ўзи бир бало. – Нимасини айтасиз, айланай… Энахон оғир бир уҳ тортиб ўрнидан турди. – Жиндак туриб яна чиқиб бормасам бўлмайди. Юрагим бўлса сира бетламайди. Бу кеча нима қиламиз энди, билмадим… – Нима қилардингиз? – деди Умринисабиби. – Дод-войига қарамасдан куёвига қўшасиз-да, айланай! – Менга қолса, бир умр қўшмас эдим, – деди Энахон. Яна қайтиб жойига ўтирди. Умринисабибига бор-йўғи шу гап керак эди. Дарҳол ўрнидан туриб ариқнинг у юзига ўтди ва Энахоннинг ёнгинасига ўтирди. Устозидан олган таълимини эслаб, икки қўлини унинг елкасига қўйди ва бошини ўз бошига томон тортиб туриб, кўзига маҳкам тикилган ҳолда сўради: – Зебихонга чинакам дўстмисиз? Йўқ, айланай! Худойимни ўртага қўйиб айтинг: астойдил дўстмисиз? – Гумонингиз ҳам борми? Жонимни беришгача борман! – Бўлмаса, менинг гапимга кириб, Зебихоннинг қулоғига секингина шипшитиб қўйсангиз: ҳар кун – ёлғондан бўлса ҳам – бир соат, ярим соат ўзидан кетиб турса… Умринисабиби бирданига овозини пасайтирди: – Биласизми, айланай, бу куёв шундай нарсаки, ҳар қандай хотин ўзи хоҳлаб бориб бўйнига осилмаса… ўзича ҳеч нарса қилолмайди! Ўзи ҳам қариб дармони кетиб қолган… Нимага ҳадеб уйлана берар экан, ҳайронман. – Пул қутуртиради! – деди Энахон. – Рост айтасиз, айланай, давлат қутуртиради! Умринисабиби яна овозини пичирлаш даражасига туширди: – Биласизми, айланай, оқпошшо етти қирон билан уришаётган эмиш… Ҳамма фуқароси қирилиб тамом бўлипти… Юртида одам қолмапти. Бугун эмас, эртага мингбошиларнинг ҳаммасини урушга олиб кетаримиш… – Оғзингизга ёғ, холажон! – Рост гап бу… Ҳакимжон айтипти… Мингбошининг мирзаси эмасми? Тил билади у… газит ўқийди… – Сизга ким айтди? – Бир жойдан эшитиб келдим. Ҳакимжон бориб юрадиган жойдан. Сиз, айланай, Зебинисага сал учини чиқариб қўйсангиз бўлди. У ёғини ўзи эплайди… эслик қиз… Мингбоши урушга кетдими, ҳамма қутулади унинг дастидан. Ёвлашган қирон жуда каттаймиш… Индамасдан келиб ўлдирадиган ўқи боримиш… Осмондан қанот тақиб келиб уришаримиш… Мингбошингиз ўқ тегмасдан туриб йиқиладиган одам… «Урушга борасан», дедими, тамом… юраги ёрилиб ўлади! – Илоҳим, айтганингиз келсин! – деди Энахон. Шу пайтда Холматнинг «эна!» деб чақирган овози эшитилди. Иккала ҳамдард ўринларидан туриб ичкарига томон юрдилар. Шундай қилиб, ўша кечадан бошлаб Зебининг тутқалоғи ҳар кун – намозшом пайтида мунтазам тутадиган бўлди. 10-боб Мингбоши ишнинг бу равишга киришини ҳеч бир кутмаган эди. Бошқа ҳамма кишилардай у ҳам Зебининг тутқалоқларини «қизнинг нози» деб билар ва тезда ўтиб кетишига ишонарди. Шу учун кундузларини жуда бесаранжомлик билан ўтказиб, кеч кирганда энтика-энтика ичкаридан севинчлик хабар кутарди. Беш кунгача ҳар оқшом бир хилда совуқ хабар чиқиб турди: «келинчакнинг тутқалоғи тутиб қолди…» Бу беш кун ичида мингбоши, ўз иқрорича, беш йиллик заҳмат тортган эди… Маҳкама ишларини Ҳакимжонга ташлаб қўйди, зотан, тўйга икки кун қолганда ёнидаги муҳр ҳам Ҳакимжон киссасига тушганди. Мирёқуб, бир жойда бир нафас ўтиролмайдиган нарса, олти-етти кундан бери мингбошининг ёнидан жилмайди. Жаҳли чиқиб тўнини тескари киймоқчи бўлган мингбошини гап билан совутади ва йўлга солади. – Ўзингиз айтасизки, – деди Мирёқуб, – сизга «гаҳ» деганда қўлга қўнадиган тайёргина қуш бўлса… Мунақа қўлга қўнмайдиган ёввойи қушларни овлашга ҳунарингиз йўқ экан. Шундай бўлгандан кейин тишни тишга қўйиб чидаш керак, хўжайин! – Чидаб-чидаб шу ерга келдим. – Оббо-о! Уч кун ўтмай туриб-а?! Шунча бардошсизликми? Ёввойи қушни аста-секин алдаб-алдаб ўргатадилар. Қўрқитсангиз, «пирр!» эта учиб кетади. – Учиб кета қолсин! Шу топда «бор, кет!» дегим бор. – Эсингиз жойидами, хўжайин? Менга қаранг… бу нима гап? «Кет» десангиз, жон дейди. Шамолдай учади. Унга сизнинг «кет!» деганингиз ёввойи қушга қафас даричасини очгандай гап. Ким армонда қолади? Уми? Мингбоши ўйлаб қолди. Сўнгра ювошланиб деди: – Рост айтасан. Қариганда эснинг ҳам мазаси кетганга ўхшайди… Мирёқуб билан Хадичахон шу беш кун орасида бир-бирларидан қочмайдиган даражага келдилар. Хадичахон уни кунда уч марта чақирса, бу уни беш марта чақирарди. Пичир-пичир гап, пичир-пичир гап… маслаҳат! Тутқалоқ беш кун батартиб давом этганидан кейин, Мирёқуб мингбошининг жуда ёмон безовта бўла бошлаганини пайқади. Ўзининг икки ғилдиракли сариқ файтўнини олдирди. – Қани, юринг, хўжайин! – деди. Мингбошининг эътирози ва баҳоналарига қарамасдан, етаклаб олиб бориб файтўнга ўтқизди ва, орқаларида яроғли от қоровул, эрталаб йўлга тушдилар. Шаҳарда мингбошини энг яхши ва обод самоварга туширди. – Боплаб нонушта қилинг, хўжайин, чой ичинг. Томоша қилиб туринг. Мен тезда келаман! – деди. Яна файтўнга ўтириб кетди. Мингбоши қаймоқлар ва ширмон нонлар билан нонушта қиларкан, шаҳарга нима учун келганини билолмасдан боши айланарди. Ўйлади, ўйлади, охирда «Бир қалтис иш чиқиб қоганга ўхшайди. Бўлмаса, бунча шошилиш келмас эдик. Бу Мирёқуб бир ишни ўйламасдан қилмайди» деган қарорга келди. Сўнгра яна ўйлашда давом этди. «Шу қиронларнинг бир-бири билан урушгани ёмон бўлди… «Кўп одам қирилди» дейди нойиб тўра. Менинг мирзам Соколов ҳам дараксиз кетди. Уч ойдан бери дараги йўқ. Юрт ҳам самовардай ичидангина аста-аста қайнаб ётибди. Бир тошади бу! Ёмон тошади лекин. Одамларнинг юзига қарасам, ўрис-мусулмон ҳаммасининг кўзи бежо… «ютаман!» дейди. Қимматчилик борган сари авж оляпти. Шундай оқпошшонинг хазинаси қоқланиб қолдимикин? Оқпошшо менинг гапимга кирса, юрт берса берардики, тезроқ яраш қилиб одамларни тинчитарди. Аллақайлардаги юртларни деб ўз бошини қазога тутадими киши…» Бу ўйлар мингбошининг миясига биринчи марта келаётган ўйлар эди. У бунақа нарсаларни ўйлаб ўрганган одам эмас. Фақат юрт орасида ҳар хил гаплар юради. «Ҳамма амалдорларни, шу қаторда мингбошиларни ҳам урушга жўнатармиш» дейдилар. «Ҳамма юртни поездга солиб Гирмонга қарши ҳайдармиш» деган гаплар эшитилади. Бу гаплар мингбошига таъсирсиз қолмайди. Мингбоши ҳам «замона охир» бўлишига ишонади эмасми? «Замона, чинакам охирга етган бўлса керак» деб ўйлайди; «йўл очиқ бўлса, ҳажга кетардим» деб қўяди. Яна орқасидан «йўл очиқ вақтида қайда эдим? Тавфиқни ҳам жуда кечикиб бераётир худованди карим…» дейди ўз-ўзига. Ўйланиб ўтириб устунга суянганича ухлаб қолди. Кўзини очган вақтида, Мирёқуб тепасига келиб, «қани, юринг, хўжайин!» деб турарди. Бу сафар Мирёқубнинг ўз файтўни эмас, киракаш извош билан янги шаҳар қисмида – бир қаватли эскироқ бинонинг шийпонли зинаси олдида тўхтадилар. Мингбоши хурсанд бўлиб кулди, бу жой унга таниш эди. – Қани, юринг, хўжайин! – Қишлоқда айтсанг бўлмасмиди? Худди зинасининг тагига олиб келгунча ҳеч нарса демайсан. – Мен сизни ёмон йўлга бошлайманми, хўжайин? – деди Мирёқуб ва кулди. Мингбоши ҳам маълум кулиши билан кулиб, эски гапини такрор қилди: – Оббо, бетавфиқ-э! Шаҳарнинг бузуқлик ила ном чиқарган машҳур номерларидан бири эди. Бу номерга келадиган кишилар фақат айш-у ишрат учунгина тўхталардилар. Шу учун у бир хонали айрим уйлардан иборат бўлиб, ярим қоронғи уйчаларда бир карт, икки-уч эски курси, бир овқат столи ва бир жавончадан бошқа ҳеч нарса бўлмасди. Одамнинг ҳайвонлик ҳирслари авж олган вақтда ҳар нарсадан гўзал кўринадиган бу хоналарга у ҳирслардан озода бўлиб кирган одамни дафъатан белгисиз бир қўрқув ҳисси босарди. У хил ҳирслардан озод бўлиш билан кўпда мақтанолмайдиган бизнинг мингбошидай одам ҳам бурун бир неча марта келган вақтида, кутилган хотинлар киргунча дераза олдига бориб ифлос ва қуруқ саҳннинг хунук манзарасига тикилар ва шу ердан тезроқ чиқиб кетгиси келарди. Бу дафъа мингбоши хона ичига кирганидан кейин ўз кўзларига ишонолмади. Хоналар яхшилаб тозаланган, деволларга ҳар хил гулларнинг ва яланғоч хотинларнинг суратлари осилган, деволда ликкагини ўйнатиб катта бир соат чиқилламоқда, кундуз бўлишига қарамасдан хулё рангли қалпоқ остида ёруғ фонарлар ёниб туради. Қаторасига икки хона, икковини бир-бирига улайдиган эшиклар катта очиқ… Биринчи уй иккинчидан кенгроқ, унда катта бир стол, оппоқ дастурхон ёпилган, усти тўла ҳар хил овқат, ширинлик ва ичкиликлар… Овқатлар ўртасида ясама гуллар… Ерда чиройлик бир гилам. Курсилар – янги ва тоза. Бир чекада ойнали, каттакон кийим жавони, унинг кетида оппоқ чойшабли ва қўш парқув болишли карт… Карт олдида – ерда пояндоз гиламча. Нариги уйда оппоқ чойшабли битта карт, қўш парқув болиш, битта жавонча – бошқа нарса йўқ. Фақат, бунда ҳам карт олдида пояндоз гиламча… Ҳар уйнинг фонари бошқа ранг берса ҳам, ранглар ҳаммаси одамнинг ҳирсини қитиқлайдиган аллақандай сирли ва ғалати… Деволдаги яланғоч хотиннинг оппоқ ва текис танлари тепчиниб тургандай, худди жони бордай жозиб… Кулимсираган кўзлари, юқорига томон бир оз керила тушган қилдай ингичка қошлари… ҳавас ва ўйнашнинг чопарлари! Кўкраклари олмадай кичкина ва таранг… Мингбоши кирган ҳамон хурсандлигини очиқ билдириб кулди ва Мирёқубнинг елкасига қоқиб туриб деди: – Ўлма, бетавфиқ! Боплабсан! – Камарни ечинг, хўжайин, – деди Мирёқуб, – иккала уй сизники. Ҳеч нарсани ўйламанг. Енг, ичинг, кайф қилинг. Сассиқ сўфининг нозли қизи ахир бир кун шайтонлашлардан чарчайди. Қачон бўлса ҳам у сизники! Уни ўйламанг сира, ундан қолишмайдиганлар бор бу ерда. Шу ерда мингбоши, шодлигидан бўлсамикин, очилмоқчи ва кўнглидаги бир сирни Мирёқубга очмоқчи бўлди: – Биласанми, Мирёқуб? Мен у қизга қиз деб, хотин деб талабгор бўлсам экан… Мирёқуб кўзларини кенг очди ва мингбошининг ёнига келиб ўтирди. – Нима дейсиз, хўжайин? Нима, нима? «Эски оғиздан янги сўз?» – Ўзим ҳам ҳайронман. Ашулласини эшитсам бўлди, дейман ўз кўнглимда. Ашулласига, овозига ишқим бор, унақа итлик йўқ… – Оббо! Итлик йўқ! Сизда-я? Э тўвба… – Нон урсин агар… Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди: – Бўпти бўлмаса! – деди у.– Итликни шу ерда қолдириб, унинг ёнига одам бўлиб қайтасиз. Унда қиз сизники! Бўлди, хўжайин! Мана бу ер ҳар қанча итлик қилсангиз кўтаради… Шу топда ўзининг негадир «одамлаша бошлагани» тўғрисида ўйлаб кетиб Мирёқубнинг сўнг сўзларини эшитмаган бўлса, мингбошини айблаш керак эмас. Бу қабиҳ одам сўнг вақтларда ўзининг ўзи эканига ҳам унча ишониб етолмайди. – Мен бир айланиб келаман, хўжайин. – Қаерга бормоқчисан? – Сўраманг, хўжайин. Сиз айшингизга қаранг. Ҳамма итликни шу ерга кўмиш керак-а! Биласизми? Керак бўлса, ўзингиз биласиз, мана тугма, шуни босилади. У ёқдан одам кирганда, тортинмай буюра беринг, ҳамма нарса бор… Чиқа бошлади. Сўнгра эшик олдидан яна орқасига қайтди. – Хўжайин, – деди унга томон эгилиб. – Ҳаммасига бир стакандан қуйиб берасиз. Ундан кейин биттасини танлаб ёнингизга оласиз. Бошқалари чиқиб кетади… Тартиб шу! – Биттасига кўзим тўймаса-чи? – У ёғини ўзингиз биласиз. Итлик ҳам тоза жойида экан, хўжайин! У ердан чиқиб, Мирёқуб номер эгасининг ўз уйига кирди. Хўжайин ўн битта хотинни унинг олдидан ясов тортдириб тўрт мартадан ўтказди. Қизиқ: Мирёқуб биринчи сафарда уларнинг юзларига қаради. Иккинчи, учинчи ва тўртинчи сафарда фақат юришларига назар солди. Сўнгра еттинчисини кўрсатиб туриб деди: – Менинг номеримга юбор. Мен келгунча жилмасдан ўтирсин. Бировга кўрсатма! Ҳа! Ванна бор-а? Ваннага туширтир. Қолганлари нариги номерга кириб, бизнинг хўжайинга кўриниб чиқсинлар. Мирёқубнинг ҳалиги икки хонали уйдан бошқа, ўзига хос алоҳида бир хонаси бор эди. Унинг ички зийнати олдида нариги икки хонали уй ип эшолмаса, бунга таажжуб қилиб бўлмайди. Чунки Мирёқуб – Мирёқуб, мингбоши эса – бир Акбарали, холос… Акбарали деган бир одамнинг ёнида ҳукумат муҳридан, зотида паст бир итликдан бошқа нарсаси йўқ. Мирёқубнинг каттакон мияси, ўткир ақли бор! Мингбоши ўйлайдики, Мирёқуб унинг қуйруғи… Мирёқуб ишонадики, мингбоши – туя, бурнига ип ўтказилган, ипнинг учи – сарбонда, яъни туячида, сарбоннинг номини Мирёқуб қўйганлар… Ана, Акбарали деган одам мингбоши бўла туриб арзимас хотинлар орасида итлик ролини ўйнаб ётади. Шу топда юрт куйса иши йўқ, парвойи фалагига! Мирёқуб деган киши – мингбоши ҳам эмас, савдогар ҳам эмас, деҳқон ҳам эмас, шундай бекорчи бир одам – ўн биттанинг энг аълосини танлаб қўйиб, ўзи мингбошиликнинг ишлари, яъни юрт қайғуси билан – пиёда ҳаллослаб! – нойиб тўраникига кетиб боради. Мирёқубга маъқул бўлмаган ўнта хотин кириб мингбошининг теграсини ўрайди… Мингбоши одам шаклидаги ит бўлгани учун бирдан ҳаммасига чанг солади, ҳаммасини бирдан чангаллари орасига олмоқчи бўлади, қутуриб терисига сиғмаган шердай ҳаммасини баравар парчаламоқ истайди… Ниҳоят, мастлик билан ва ҳам – ўтакетган ҳайвонлардагина бўладиган олчоқ, очкўз, мечкай ва ямловчи ҳис билан! – кўзи кўр бўлиб, ҳушёр вақтда қарасанг кўнгил айнайдиган биттасини илинтиради-да, ўзи ифлос, чангалидаги ови ифлос, икки ифлос бир-бирига суйканиб, тагсиз ботқоқ ичига ботиб кетишади! Мастликда хотин танлаб бўладими? Мастнинг кўзига мушук – филь, филь – мушук бўлиб кўринади… Кампирни пари қиз қилиб кўрсатадиган тилсимли ойна ичкиликдан бошқа нарса эмас! Мирёқуб – ит эмас, одам! У ёш бир хотин баззоз дўконидан ўзига тоза кўйлаклик танлагандай қилиб танлади. Еттинчиси чакки эмас… юзининг тозалиги биринчи қарашдаёқ барқ уриб туради. Мирёқубнинг ўша танлаш чоғида электрикни ўчиртириб қўйиши ва намойишни дераза ёнига келтириши ҳикматдан холи эмас. Буни – белида кумуш камари борларгина тушунолмаса мумкин! Номер эгаси Мирёқубни яхши танийди, унинг жуда мушкилписанд гумашта, инжиқ харидор, завқи қайралган шинаванда эканини яхши билади. Шу учун еттинчисининг танланганини кўриб ошнаси Мирёқубнинг елкасига қоқди ва «Ўлма, Мирёқуб! Сарт боласи француз…» деб қўйди. Чунки ўн бир хотин орасида еттинчиси бўлиб қўлга кирган Мария Острова ҳали ёш… Яқиндагина яхши ва нажиб бир оиланинг эрка қизи бўлган… Хўжайиннинг айтишича, бир хиёнат уни бу кўйларга келтирган… Хўжайин ҳам уни кўз қорасидай сақлайди… Мирёқубга кўрсатди, бошқа анча-мунча одамга кўрсатмайди… Хотин ўзи ҳам одам танлайди… Йўқ, одам эмас, пул танлайди! Унга бир ярим минг сўм пул керак, шуни топади, сўнгра йироқ бир мамлакатга кетади. У ерда турмушини бошқа асосларда қуради. Гуноҳларига аччиқ-аччиқ йиғлайди. Ҳозир мўлжалланган сумманинг ярмидан кўпи бор. Уч киши билан «кўришиб» саккиз юз сўм тўплади. Бирор ҳафта-ўн кундан сўнг мўлжалланган сумма қўлга киражак ва ёш хотин янги турмушга қараб йўл солажак! – Ана, ошнанг ваннага кетаётир! – деди хўжайин айвондан ўтаётган ёш хотинни кўрсатиб. – Битта яхши оқсочни тайин қил, ювинтирсин. – Хотиржам бўл, Мирёқуб, унинг ўз хизматчиси бор. – Мен сендан хафаман… – Йўғ-э! – Хафаман… – Рост айтасанми, Мирёқуб? – Рост… – Сабаби? – Ўзинг биласанки, бунақа хотинга пул аямайман. – Биламан. – Билсанг, нега бошқа хотинларга қўшиб кўрсатдинг? Ҳатто уларнинг ўртасига қўйибсан… Хўжайин хохолаб кулди: – Завқингни синамоқчи эдим, жинни! – деди. – Ўзим билардимки, ўшани танлайсан! Мирёқубнинг менлик ҳисси қонган эди. Кулди. – Саккиз юз сўм ишлади дегин? – Саккиз юз сўм! – Сен қанча ишладинг? – Мен бир оз ортиқроқ… Мирёқубнинг миясига бир фикр келган эди. Бир нафас тўхтаб ўйлади ва дарҳол қарорини берди. – Чакки эмас… У бир ярим минг сўм ишлаганда, сен икки мингга еткизмакчисан. Инсоф ҳам керак! – Инсоф кераку-я. Лекин, мунақа фурсатлар кам учрайди. Бизнинг касбимиз – шу, фурсатни қўлдан чиқариш ўз касбига хиёнат қилиш демак… – Мендан қанча оласан? – Сендан юз эллик сўм, холос! – Унга қанчасини берасан? Эллик сўминими? – Йўқ! Унга ўзинг билиб берасан. Мирёқуб ўрнидан турди. Дўстининг елкасига қоқди. – Шайтонсан, дўстим, шайтон! Етти дўзахга кунда бўладигансан!.. – деди ва тез-тез қадам қўйиб кўчага чиқди… Нойиб тўра Мирёқубдан узр сўради. – Мени ҳоким тўра чақираётир. Ҳозир бормасам бўлмайди. Кечроқ уйга келсанг яхши бўларди. – Хўп бўлади. Ортиқча ишим ҳам йўқ. Қоғоз-моғоз бўлса ола кетай деб эдим. Ундан кейин, сизга бир нарса топиб келдим. Ёнидан газетга ўралган бир нарса олди. – Жуда яхши, жуда соз! – деди тўра. – Уйда берарсан. Акбарали қаерда? Мирёқуб ҳалиги нарсани яна қайтиб қўйнига соларкан жавоб қилди: – Шу ерда. – Шаҳарда? – Ҳа, шаҳарда. Телефон жиринглади. Нойиб телефон қулоғини олди: – Мен, менман, Александр Василевич. Ҳозир бораман… ҳозир… Телефон қулоғини яна жойига қўйди. – Шаҳарда дегин? Нима қилиб юрибди? – Гап кўп, тўра. – Яхши, уни ҳам уйда айтиб берарсан. Хайр, ҳозирча. Эшикни очиб саркотибни чақирди: – Игнатюк! Акбаралига тегишли қоғозлар бўлса бериб юбор! Нойиб шошилиб чиқиб файтўнга ўтирди. Мирёқуб қоғозларни олгандан сўнг битта-битта босиб ҳаммомга кетди. Ювиниб, соқол-мўйловларини «фасон» қилиб олдириб, номерга қайтган вақтида, мингбоши ичкари уйда ўзи ёлғиз ухлаб ётарди. Стол усти, ерлар эгаси кўчган уйдан нишон берарди. Уйнинг ҳавоси ҳам бузила тушган… У ердан чиқиб номер хўжайинига учради. – Мингбошига овқат берилдими? – Ҳалигача берилгани йўқ. – Хайр, майли. Ўзи уйғониб сўраса берарсиз. Аммо уйни йиғиштирмасанг бўлмайди. Одам буюр! У ўз хонасининг эшигини секингина очиб кирган вақтида ёш жувон кийимларини ечган, картда ухлаб ётарди. Боши ёстиқдан тушган, сочлари тарқалган… Мирёқуб яна секингина қайтиб чиқиб хўжайининг ёнига кирди. – Бориб уйғот, дўстим. Туриб, ювиниб, кийимларини кийсин. Мен у билан тўппа-тўғри картда учрашмоқчи эмасман… – Сенга нима бўлди, Мирёқуб? – деди хўжайин, кулди. – Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Менинг одатим шу… мен ошначиликни картдан бошламайман… Хўжайин кула-кула чиқди. Хотиннинг безаниши бир соатга яқин чўзилди. Бу орада Мирёқуб бардош қилиб ўтирса ҳам, хўжайин тажангланиб беш-ўн марта бориб келди. Ниҳоят, Мирёқуб ўз хонасининг эшигини иккинчи марта очиб кирди. Ёш жувон ҳарир ва чиройлик кийимлари билан ювиниб-тараниб уйнинг ўртасида турарди. Электрикнинг билинар-билинмас қалтировчи ўткир ёруғида унинг оқ юзлари, айниқса, порлоқ кўринарди. Мирёқуб кирган ҳамон салом қилди ва худди эски бир ошнаси билан кўришаётгандай кулиб туриб кўришди. Хотиннинг қўл беришида шу хил хотинларда бўладиган бир лоқайдлик бориди. Совуқ қўл совуқлик билан узалади: «Ҳа, эски танимнинг янги харидори» дегандай… Мирёқубнинг одатда ҳамма қўлни маҳкам сиқиб кўришадиган қўллари бу кичкинагина, оппоқ ва юмшоқ қўлларни ҳам куч борича сиқдилар. Фақат, бу қисишлар ҳам оловсиз ва ҳароратсиз эдилар: «Ҳа, чуқур чўнтагимнинг очкўз меҳмони!» дегандай… Бутун бу кўришувлар, қўл сиқишувлар ва кўз тутувларда, шунингдек, бу кўришувни ўраб турган шароитда маъни деган нарса топилмасди. Бу иккала «савдогар»дан бир маъни излаш, айниқса шу топда, беҳуда уриниш бўлади. Фақат иккаласининг икки жуфт кўзи бундан мустасно… Хотиннинг қовоқларига оғир бир алам ва изтиробнинг кўлагаси тушгани ҳолда, ёшлик ва жувонликнинг кучи билан беришмай, бўш келмай турган ёз осмони каби тиниқ ва тоза мовий кўзларида кучли бир савол аломати бориди: «бошқаларга ўхшамаган харидор, кимсан ва нима қилмоқчисан?» дегандай… Мирёқубнинг ҳар қандай хотинни лоқайдлик ҳолатидан чиқара оладиган қоп-қора ва думалоқ кўзларига эса бир андиша ва ўйланиш ҳоким эди: «тили кўнглидан жудо бўлган махлуқ, нега сен бу ердасан?» дегандай… Мирёқуб фонарни ўчириб унинг қаршисига келганда ва иккаласи бир-бирига ҳавонинг табиий ёруғида индамасдангина бир-икки минут тикилишганда, иккала томон ҳам бир-бирининг кўзида ҳалиги маънини равшан кўрди ва ўқиди. Мирёқуб ҳали боя номер эгасининг уйида берган қарорини қувватлаш учун хотиннинг мовий кўзларидан қувватли далиллар топган эди. Хотин эса ҳозирга қадар қилган ишлари ва муомалалари билан ўзга «харидорлар»га кўп-да ўхшамаган бу Осиё одамининг, ўз ақидасича, айёр кўзларида оддий «харидорлик» доирасидан четгароқ чиқадиган аломатларни мушоҳада этарди: «Бу одам ҳам, – деб ўйлади хотин, – бошқалар каби чўнтагининг кучи билан мени олаётир… Бу ҳам бошқалар каби ёш гулбундан бир гулни сотиб олиб, дарҳол узажак, узган ҳамон яна ўша гулбуннинг оёқлари остига – чанг ва тупроққа! – ташлаяжак, сўнгра совуқ қўлини узатиб лоқайд хайрлашажак, балки хайрлашиб ҳам ўтирмасдан, бурилиб кетажак. Бир умр учрашмаслик учун кетажак!.. Чунончи… Лодзили вояжор каби…» Шундан сўнг, бир онда ўтган ҳафтадаги учрашувни кўз олдидан кечириб олди. Шу номернинг шу хўжайини кечаси соат иккиларда бунинг эшигини чертиб очтирди. Бу ечиниб ётган эди. «Туринг, Мария Степановна, – деди, – учинчи номерга киринг. Тез! Айтган суммангизни тез тўлатадиган бир олижаноб киши бор. Сизни кутиб ётибди!» «Хўп, ҳозир кийиниб-тараниб бораман». «Йўқ, – деди хўжайин, – йўқ! Айвонда ҳеч ким йўқ. Чойшабни ёпиниб ўта беринг. Кийимсиз ҳам гўзалсиз!» Кулди ва ҳайрон бўлиб турган хотиннинг елкасига картдаги чойшабни ташлади-да, қучоқлаб айвонга олиб чиқди. Янги «касб»нинг мунақа дағал талабларига ўрганмаган ёш жувон ўшанда бутун танининг дир-дир қалтираб борганини сезди. Унинг ёш ва тароватли танидан, ҳали софлигини сақлаган, ейилмаган руҳидан норозилик фарёдлари юксаларди. «Ушидингизми?» – деди хўжайин маҳкамроқ қучоқлаб! «Йўқ, – деди ёш жувон лаблари титраган ҳолда. – Кўнглим айнийди! Бу қадар олчоқлик!..» Хўжайин дарров тўхтади, айвон устунидаги хира чироқнинг шуъласида ёш жувоннинг кўзига тикилди. «Олчоқлик? – деб такрор қилди хўжайин. – Меҳнатсиз, осон пул топмоқчи бўлганлар менлик ҳисларини ўз оёқлари билан тепкилашга мажбурлар… Дунёнинг устуни – пул, пул топиш – қийин! Осон пул топиш олчоқлик бўлса, мардикорлик қилишга нафсингиз кўнадими? Ана, кўчада Турсунбой деган сарт қоровул бор, ҳали ҳам кўча супуриб юради. Олти сўм ойлик олади… Ўшанинг ишини қилишга ўзингизни кўндира оласизми? Хурсанд! Вақти чоғ! Қачон кўрсангиз ашулла айтади. Менинг оқсоч хотинларим билан ўйнашади. Топганини ўшаларга сарф қилади. Ўзи доим оч…» Ёш жувон бошини қуйи эгиб, юзини чапга бурган ва борган сари қалтираши кучайган лабларини ўткир ва оппоқ тишлари ўртасида қисарди… «Беҳуда гапларни ташланг! Ярим соатдан сўнг қўлингизда банкнинг кўп суммали чеки бўлади. Ўшани сўриб-сўриб ўпингиз (орқа томонини ўпинг, йўқса, номери ўчиб кетмоғи мумкин)! Она – боласини, ошиқ – маъшуқини, булбул – гулни, бадавий – тевасини, сарлашкар – қиличини ўпгандай ўпингиз! Негаким, ҳамма гап – ўша чекда, чек – банкда, банка – пулнинг маркази, пул, агар ҳақиқатга тобингиз бўлса – «оллоҳ! Қозий алҳожат!..» Эшикни очиб, бу ёш хотинни – ҳатто бир даража қўполлик билан! – учинчи номерга киритиб юбориб, хўжайин эшикни астагина ёпди-да, «шунақа хотинларни қашқарлик мардикорлар билан бирга ғўза чопиғига юборсанг, айни саратон иссиғида!» деб ғудуранди… Бу хотин шу топда фақат бир нарсага муҳтож эди – исиниш! Ёзнинг дим ва илиқ кечасида пайдо бўлган бу ғайритабиий титрамани тўхтатиш! Бу – бир. Иккинчидан, – уҳдага тушган «вазифани» наридан бери бажариш… Бу ерда «вазифа»нинг гўзаллиги, мулойимлиги ва ёқимлилигини суриштириб турадиларми? Бу ернинг қонуни қаттиқ, унга эътироз қиладиган, гап қайтарадиган кишиларни у ўз доирасига олмайди. «Кирдингми, бўюнсун!» дейди ва ўзича у ҳам – ҳақли! Кўнгилни ғаш босадиган кичкина ва яланғоч хонанинг фонари ўчирилган, ҳеч нарса кўринмайди. «Қандай яхши! Кечанинг битта фазилати, қоронғиликнинг бир яхшилиги – шу!» Айвондаги хира фонардан бир сиқимгина хира шуъла тушиб, эски ва бўёғи ўчган картни, карт ёнидаги курсини, курси устидаги босма айилли шимни, курси оёғидаги бир жуфт ранги белгисиз ярим ботинкани зўрға-зўрға ёритарди. Эшик очилиши билан картда яланғоч ётган эркак бошини кўтарди, бир қимирлади: ёнидан жой бўшатган бўлса керак… Ёш хотин картни кўрган ҳамон ҳеч ўйлаб турмасдан чойшабни ерга ирғитиб ёт эркакнинг бегона қўйнига кирди. – Бунча совуқсиз! – деди эркак хирқироқ овоз билан. – Худди муз! Хотин индамади. У ҳали ҳам лабларини тишларди… Тонг отиб, уй ичи ёришганда, хотин ўрнидан турди ва дарров чойшабни ёпиниб орқасига қайрилди-да, усти очилиб ётган эркакка кўз ташлади: тарвуз сингари юм-юмалоқ, семиз қорни солиниб тушган, икки бети сергўшт-бўртма, кичкина ва маъносиз кўзларга эга бир махлуқ! Пишиллаб нафас олади, хуррак тортиб ухлайди! Ана, у ҳам уйғонди, жойидан турмасдан бошини бир оз кўтарди. Кулди. Бунча хунук кулади! Иккита тилла тиши ўчаётган чўққа ўхшайди. Жуда сийрак бўлган сочлари чала ўрилган экинзор каби… «Нечик мен бутун бир кечани шу билан ўтказа олдим?..» дейди хотин ўз-ўзига, яна лабларини тишлайди. – Берироқ кел-чи! – деди эркак. Хотин қон чиқар даражада шиддат билан лабларини тишлагани ҳолда, ўйлаб ўтирмасдан, қўмондага итоат қилган солдатдай картга яқин борди. – Эгил бир оз! Хотин эгилди. – Чакки эмас! – деди эркак, хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра қўли билан дераза токчасига ишорат қилиб: – Ана чек! – деди. Яна бошини ёстиққа қўйди. Хотин тезгина чекни олиб, хайрлашмасданоқ уйдан чиқди. Ўз уйига келганидан сўнг дарҳол ойнага қаради, ўз афтидан қўрқиб кетдими, билмадим – ўзини картга ташлаб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлашга тушди… Уч юз сўмлик чек қўлидан тушиб аллақайларда тўнтарилиб ётарди… Шу учун Мирёқубга бошқа «харидорлар» каби қараёлмаслигини бу ёш хотин ўзи ҳам билди. «Бу, ҳеч бўлмаса, олган молини қадрлай оладиган савдогар муомиласини қилди-ку, – деб ўйлади у. – Хотин кишига нозик тарбияли бир француз каби яқинлаша билди-ку! Кошки ҳамма харидор шундай бўлса!» Бу хотин ўзича ҳақли, албатта. Қулларини урмасдан, яхши гапириб ишлатадиган, урганлар кунда ўн беш соат ишлатса, яхши гапириб кунда йигирма соат ишлатадиган хўжалар ҳам бўлади-ку… – Ўтир! – деди Мирёқуб сенсираб. Фонарни яна ёқди. Столнинг паст томонига ўзи ўтириб, тўри томонидан унга жой кўрсатди. Ўтирдилар. Хотин ўз «вазифа»сини яхши билганлигидан шу топда гап эмас, «иш» кутарди ва бу таҳқирланишнинг сабабини англаёлмасди… «Ҳар қандай оригинал тип бўлса ҳам, мақсади белгили. Бу жойда ўзга мақсад бўлиши мумкин эмас!» деб ўйларди у. Мирёқуб бўлса нима дейишга ҳайрон бўлиб боши қотиб ўтирарди. Бу одам халқ орасида закунчи ҳисоблангани билан рус тилини мақсад англатарлик билмайди. Қаршисида – Осиё билан яқинда танишган бир нозик рус хотин, Осиё билан яхши танишганда ҳам сарт тилини ўрганишга таназзул қиладими? Зоҳирда бу нарсага далолат қиладиган ҳеч бир асар йўқ! «Бу хотин мен билан французча гаплашса гаплашадики, сартча бир сўз ҳам билмайди» деди ўз-ўзига Мирёқуб… Ҳолбуки, айтадиган анча сўзлар, сўрайдиган анча гаплари бор. Бу хотинга бошқа шу хил хотинларга қараган сингари қараёлмаслигига унинг ўзи ҳам энди ишониб қолган. Бошида бошқача планлар айланади… Ниҳоят, ширин майдан бир қадаҳчага тўлдириб унинг олдига қўйди. Ўзига ярим қадаҳ ароқ қуйди. – Ич! – деди Мирёқуб яна сенсирашида давом этиб. Биринчи марта сенсираганида негадир қунт қилмаган хотин бу сафар ҳайрат аралаш ранжиб қўйди. «Бу осиёли ҳам «сен» билан бошлади», деди ўз-ўзига. Чўқиштириб ичдилар. Мирёқуб энди бир иш қилиб мақсадини англатишга бел боғлади. Русчага сира ўхшамаган бир тил билан, кўпроқ қўлларига ва юз-кўзларига зўр бериб, мақсадини англатишга киришди. Хотин қотиб-қотиб кулар, юзлари чўғдай ёниб қизарар, Мирёқубнинг қистови билан ширин майдан бир оз-бир оз ҳўплаб қўйиб, сўз тингларди. Сўзлар бошда Мирёқубнинг ғалати саволларидан иборат бўлди: – Қачон жўнайсан? – деди у. Бу биринчи айтилган сўз эди. Хотин англамади. Бошини чайқади. Сўнгра Мирёқуб қўл ишоратлари билан бирга ҳалиги сўзни яна такрор қилди. – Қай ерга? – деди хотин. – Мен билмайман. Ўзинг биласан. Бу нарса хотинни бутунлай гангиратиб қўйди. «Нима демоқчи бу севимли азиат?» Мирёқуб мақсадини англатолмасдан саволни бошқача қилиб берди: – Бир ярим мингга етдими? Yo ҳали ҳам саккиз юзми? Хотин тушунди, у шошиб қолди. «Нималар дейди бу ғалати азиат? Менга бир ярим минг сўм пул кераклигини, ҳозир фақат саккиз юз сўм йиғилганини қайдан билади? Муаммо, муаммо!..» Бора-бора керакли сўзлар осонроқ топиладиган, бошқачароқ сўзлар билан айтилган мавҳумлар ҳам икки томонга англашиладиган, қўл ва юз-кўз ҳаракатлари кўзга таниш кўринадиган бўлиб қолди. Хотиннинг ёқимли, жаранглаб чиқадиган қувноқ овози Мирёқубнинг танларига игна ботгандай ботар, лекин ниҳоят даражада кайфини келтирарди. Мирёқуб номер хўжайинининг уйида берган қарорини мустаҳкамлади, яъни бу жувонни ўзи билан бирга бир-икки ой ўйнатиб келиш учун Қримга олиб кетадиган бўлди. Қримдан сўнг қўлига икки минг сўм пул беради ва мумкин бўлса, Петроградгача олиб бориб қўяди. Ундан нари бу хотин ҳалиги пулнинг кучи билан Германияга (душман мамлакатига!) қочади ва унда бадавлат акасига қовушади. Бу сирларни у Мирёқубга «кўнглининг яқинлигидан» айтди ва «сирларнинг очилиши унинг ҳалокатига сабаб бўлишини» ҳам қайд қилиб ўтди. Мирёқуб дераза токчасидан эски бир кулги журнални олиб, ундан туя суратини топди ва «Туя кўрдингми? Йўқ!» деган чучмал мақолни англатмоқчи бўлди, шекилли: – Кўрдингми? Йўқ! – деди хотинга. Бу сўз русча «Видел? Нет!» шаклида чиққанлигидан хотин: – Кўрганман (видела)! – деб жавоб берди. Хотин унинг жон куйдириб гапирган гапини англамаган эди, Мирёқуб қизиди, бармоғи билан туя суратини бир неча марта туртиб, яна ўша саволни такрорлади. Хотин бу дафъа: – Ҳа, ҳа, кўриб турибман (вижу), кўриб турибман! – деб жавоб берди. Мирёқуб тажанг бўлиб ўрнидан турди, тезгина хотиннинг ёнига ўтиб, туя суратини яна қаттиқроқ туртиб кўрсатди, бармоғини оғзига қўйди, бироз шу кўйича жим қолгач, яна ўша саволни такрорлади. Хотин Мирёқубнинг шу қадар зўр беришлари ила мақолнинг мазмунини англаёлмаса-да, унинг нима демоқчи бўлганини англаган эди: «Айёр, лекин, бу азиат! – деб ўйлади у. – Демак, сирни ҳеч кимга айтмайди. Туя каби доим жим қолади». Шу учун ўтирган жойида бошини кўтариб Мирёқубга қаради, кўзлари ўйнаган ва мулойим кулган ҳолда: – Тушундим, тушундим. Раҳмат сизга! – деди. Шу билан Мирёқуб ҳам тинчланиб яна ўз жойига ўтирди. Бу хотин ўзи ёш бўлса ҳам, эси жойида эди. Кўп эркакларнинг ширин тиллари… биринчи ётоққача калдираганини, ётоқдан турар-турмас юзлари буришиб, ҳалиги тилнинг аксига айлана бошлашини яхши биларди. Гимназиянинг сўнг синфини битиролмай қолган бу қиз гимназияда француз тилини тузук-қуруқ ўрганиб, ҳандасани дурустгина ўзлаштириб чиқмаган бўлса-да, ишқ романларини кўп ўқиган эди. Арсибашевнинг тарақлаган даврларида ўртоқлари билан бирга бутун кеча ухламай, ўша «севимли» ёзувчини ўқир ва кечалари пойтахтнинг кенг паркларида ҳар бир учраган эркакни бир «ошиқ» хаёл қилиб, ҳар бир она сути оғзидан кетмаган тентак гимназистни бир «озитқи» деб биларди… «Бу яна-тағин, ёввойи бир азиат… Бунинг гапи, ваъдаси борми? Эртага унутади! Эртагаёқ ўзининг қирқта (!) хотиндан иборат ичкарисига (ўзича айтсак «гаремига») киради-кетади! Топиб бўладими уни – номи йўқ ва номери йўқ, бир-бирига ўхшаган иланг-пиланг кўчаларда?» деб ўйларди хотин. Бир оздан сўнг бу фикрга ўзи қарши бўларди: «Бунинг мақсади карт бўлса, ана – карт, мен – амрига ҳозир, нима учун сўз қилади-ю, «иш» қилмайди? Йўқ, бу бошқа эркакларга ўхшамайди!» Шундай бўлса ҳам, қўлда бир дастак бўлиши керак. Хотин ўйлади ва деди: – Сизнинг бу яхши гапларингиз мени қондирди. Фақат бу гапларнинг эртага эрта биланоқ кул бўлиб учмаслиги учун бирорта дастак борми? – Дастакми? Билмадим… Сиз кўрсатинг, мен ё «хўп», ё «йўқ» дейман? – Гапларингиз рост бўлса, мени ишонтиргунча… менга тегмайсиз! – Бошқаларнинг ҳам тегмаслиги шарти билан! Хотин «Минг бир кеча»даги золим ҳукмдорларга ўхшаган бу «мутаассиб мусулмон»нинг шу қўйган шартидан шу топда жуда рози эди. Фақат, бу жойда, бу бинода у шартни бажариш мумкин эмас. Шу учун у эртаси куни – Мирёқуб ҳисобига – шаҳарнинг энг аъло номерига кўчадиган бўлди. Мирёқуб қаттиқ ваъда олди, ўзи ҳам қаттиқ ваъда берди. Бир ҳафтага қолмай жўнаб кетишга жазм қилдилар. Кеч кирган эди. Кўча фонарлари ёқила бошлаган, уйларига қайтаётган извошчилар чарчаган отларини эринибгина қамчилардилар, отлар ҳам қуруқ аравани шошмасдан аста-секин ғилдиратардилар… Мирёқуб битта-битта қадам босиб нойиб тўранинг уйига томон юрди. Унинг миясида аллақандай бесаранжом фикрлар айланарди. – «Мирёқуб бурунги Мирёқуб эмас, нега бу қадар секин юради? Унинг шу чоққача санаб қадам босганини кўрган одам борми дунёда? Нима бўлди унга? Ўзи ҳам ҳайрон! Акбарали мингбошида бўлган итлик бунда йўқмиди? Бу қутурмаганми? Бу сувдан ҳам мулойим, сутдан ҳам оқ, чумолидан ҳам беозор, мусичадан ҳам сўфими?» – «Йўқ! Бу ҳам Акбаралига ўхшаган мингларча итларнинг бири. Фақат, бу билан Акбарали мингбоши ўртасидаги фарқ шуки, бу ўзини ундан юқори олади. Шу юқорилик ҳисси, шу ғурур унинг ўзидан итликни тўсиб туради, ўзига кўрсатмайди, унинг ўзини алдайди…» – «Йўқ! Бу билан Акбарали ўртасида тоғ қадар фарқ бор! Ана, Петрограддан келган мовий кўзли дилбар бунга гувоҳ! Мирёқуб Акбаралига қараганда фаришта! Буни Петроград гўзали ҳам тили билан тасдиқ қилади. Мирёқубда итлик йўқ!.. Бўлса ҳам, шу топда ҳеч нарса қолмади… Ҳаммасини ана у мовий кўзли гўзалнинг билинмас кучи юлиб ташлади, таг-томири билан юлиб ташлади!..» – «Юлиб ташладими? Таг-томири билан юла олдими? Йўқ! Бекор гап! Неча йиллардан бери илдиз ёйган, шох тарқатган, қулочлаб ўсган нарсани бир қарашда юладиган куч йўқ ва топилмайди! Унинг илдизлари Мирёқубнинг баданида ҳали жуда кучли! Ана ўша куч эмасмики, уни кетаётган йўлида бирданига тўхтатди. Тўхтаган жойида бир уйнинг зинасига ўтиришга мажбур қилди. «Итлик» бош кўтариб келарди…» – «Нима беҳудагарчилик бу? Машҳур бир нўмерда маълум «касб» билан шуғулланадиган бир хотинга йўлиқди. Ори рост: бу ўша жойдаги ўзи сингари хотинларга ўхшамасди. Бошқача кўринарди. Ёш, тароватли ва тоза эди. Нима бўпти? Ҳар қанча танноз бўлса ҳам – яна ўша жойнинг ўшанақа хотини. Мунинг уйига нега кирди? Нега киргани маълум. Бу келганда ечинган кўйи мунинг картида ётиши – нега кирганини кўрсатиб туради. Очиқ кўз билан ўйлаганда мунга нима қилиш керак? Белгили: бориб эшикни очиб кириб, фонарни ўчириб, индамасдан картга тортиш… У ўзи ҳам эрта биландан бери шуни кутиб ўтирмайдими? Шу учун ювиниб-таранмадими? У – Лайли, бу Мажнунмидики, «оҳ, оҳ» деб тоғ-тошларда, ваҳший ҳайвонлар билан улфат бўлиб юра берса? Тоғ-тош қани? Бу – шаҳар… Маданийлашган, «европалашган» шаҳар. Ҳар бурчакдан ҳар минутда бир танноз бурилади ва сузгун кўзлари билан егундай бўлиб одамга қарайди! Шу замонда Мажнун бўламан деганларни ўлганларидан кейин туғ кўтариб мозор қилмайдилар, «жинни эди, ўлиб қолибди», дейдилар ва бир кулиб қўйиб, ўтаверадилар, ўлиги ҳам кўчаларда қолиб кетади. Ўлигини итлар еса, эгаси хурсанд бўлади. Бекор чириб, сасиб ётгандан кўра…» Итликнинг шу хилда осий ўйлари билан Мирёқуб қандай қилиб ўрнидан турганини ва номер зинасидан шошилиб юқорига чиқаётганини ўзи ҳам билмай қолди. Юзлари, кўзлари куларди ва бу кулиш қондирилмаган нафснинг бирданига хуруж қиладиган шўхликларидан ўзга эмасди. Ўз хонасига яқин етгач, деразадан юпқа тўр парда орқали айвонга тушиб турган мулойим шуълани кўрганидан кейин, негадир, юраги ўйнаб, қадам босишини бирданига сусайтирди. Итлик фикрлари яна орқага тисарила бошлаган каби бўлди. Эшик олдига етгач, қабзага қўл узатолмасдан тўхталди… Ичкаридан ёш хотиннинг ширали бир овоз билан оҳистагина айтаётган ашулласи эшитиларди. Бу хотиннинг гапирганида жаранглаб чиқадиган ширин овози энди, ашулла айтаркан, чолғу торидай дарров кўнгилга таъсир қилди! – «Бу қандай овоз? «Итлик» асари борми шу овозда? Шу овоз билан каравотга чақириб бўладими? Ўхшамайди-ку сира! Йўқ! Бояги бир туш эди… бир босирқаш келиб кечди… У оғир босирқашдан уйғонмоқ учун шу қушчанинг сайрашига эҳтиёж бор экан! Ана, сайраётир! Ўзи билган, ўзи таниган, ўзига ёққан овози! Ўзига ёққани учун ваъда бериб, ваъда олган!.. – «Ҳай, кет! Кет, малъун шайтон! Мен Акбарали эмасман! Менинг кумуш камарим, подшоҳлик муҳрим йўқ! Мен – Мирёқубман, Мирёқуб!..» – «Ҳай, Мирёқуб! Писмиқ Мирёқуб! Айёр Мирёқуб! Тулки Мирёқуб! Шайтон Мирёқуб! Нафсининг бандаси, бузуқ, шарманда Мирёқуб! Умрингда бир марта салгина, пичагина, қиттайгина итликни ташлаш, одам бўлиш фурсати топилибди-ю, шунда ҳам мағрур бўйнингни жиндаккина эггинг келмайдими? Шунда ҳам-а! Сен ит бўлсанг, шошма, итлик қилишга ҳали улгурасан! Итлик топиладиган нарса. Пул бўлса – бўлди! Пул ҳар қайда ҳар қанча ҳар қандай итликни амрингга омада қилиб бера олади. Пулинг бўлса, бутун умрингни итликларнинг бир-бирига уланиб кетган занжирига айлантириш ҳеч гап эмас!..» – «Еттинчи сеники, ахир! Сеники! Сендан бошқага йўқ энди у мулойим махлуқ! Сеники у хотин! Ҳеч бўлмаса, шу биттани фоҳиша каби тасарруф қилма! Ҳеч бўлмаса, унинг кўнглини ўлдирма! Умидини синдирма! У сенга одам деб қарайди, «харидор» деган фикрини ташлади, ташлата олдинг. Овозини эшитасанми? Бу овоз чўнтагида пули бор харидорни кутган бузуқ хотиннинг ўз ёзмишини қарғаб айтадиган аламлик ашулла сидаги овоз эмас! Бу овоз бузуқлигидан завқ оладиган хотиннинг айнима қўшиғи эмас! Бу оқшом чоғи куёвини кутиб ётган ёш келинчакнинг маъсум ашулла си! Севганига қовушган ёш махлуқнинг севинч қўшиғи! Жуфти уясига қайтган она қушнинг шукрона куйи! Мирёқуб! Мирёқуб! Мирёқуб!..» Мирёқуб иккита эди: бири қочди, бири қувалади, шу қочиш ва қувалаш суръати билан нойиб тўранинг уйига етиб бориб, жинғироқнинг тугмасини босган вақтида… чўзиб-чўзиб, ҳансираб-ҳансираб нафас оларди… Уй бекаси хоним йўқ эдилар. Катта залда нойибнинг ўзи овқат столи кетида чой ичиб ва газет кўриб ўтирарди. – Ҳа, келдингми, Мирёқуб? Марҳамат! – Келдим, тўра. Қалайсиз? Омонмисиз? Бола-чақа? – Шукур. Ёмон эмас. Қани, ўтир! Мана чой, марҳамат қилиб ўзинг қуйиб ич. Нондан ол. Мана сариёғ, нонга қўшиб е. Конфет, ширин кулча… булардан ол. Ўз уйинг, таклифни кутма. – Қуллуқ, тўра, – деди Мирёқуб ўтираркан. – Ўзим қуйиб ичаман. Янги гаплар, янги хабарлардан гапириб беринг бизга. Каттакон газетларни ўқийсиз… Тўра кўзидан тилла ойнагини олиб, стол устига қўйди ва ўз тиззаси билан стол ўртасида ёйилиб ётган газетага қараб деди: – Катта газетларда катта хабарлар бор, бир-биридан ёмон… Мирёқуб курсини яқинроқ жилдирди, чиройли бир чиноёққ самовардан қуюққина чой қуйгач, чиноёқ ликопчасига иккита конфет олиб қўйди. Сўнгра қўйнидан газетга ўралган нарсани олиб оча бошлади. – Нима у? – деди тўра. – Боя маҳкамада айтган нарсангми? – Ҳа, тўрт хат форсча байт экан. Шаҳобиддин домлага кўрсатиб эдим. Умархон замонида қози бўлиб ўтган Адо деган бир шоирнинг байти, ўз қўли билан ёзилган дейди. – Ундай бўлса кўп ҳам эски нарса эмас, – деди тўра қўлёзмани олиб туриб. – Лекин чинакам мавлоно Адонинг хати бўлса, табаррук нарса. Раҳмат сенга, Мирёқуб. Тўра яна кўзойнагини кийди. – «Лимуҳарририҳу…» Чиройлик хат… Мавлоно Адо шунча хушхат эканми? Шарқда, ислом шарқида сураткашлик дин томонидан ман қилингани учун ривож топмасдан, дин томонидан тарвиж этилган бу хаттотлик санъати яхши тараққий қилган эди. Хўп, қани… ўқиб кўрайлик… «Гулрангли кўз ёшлари ва сарғайган юзлар ажиб гўзал бўладилар, худди зар юргизилган ёқут каби гўзал бўладилар. Сен агар бодом сингари бошдан оёқ кўздан иборат бўлсанг, ҳеч нарса кўролмайсан, аммо севги сурмаси ила очилган кўз равшан бўлади». Тўра ерли халқнинг тил ва адабиётини жуда яхши биладиган маъмурлардан эди. Айниқса, форс тили ва адабиётини яхши билар, Туркистон тарихига оид қўлёзма асарларни ҳар йўл билан қўлга туширишга тиришарди. Унинг бу ҳавасини билгандан кейин, Мирёқуб ҳар қаердан қўлёзма асарлар топиб келтирадиган бўлди. Ўзининг яқин ошнаси бўлган Шаҳобиддин мударрис орқали уч-тўртта қимматбаҳо нарсалар топиб берди. Нойиб тўра Мирёқубнинг бу хизматларини сира унутолмайди. Буни Мирёқуб ўзи ҳам яхши билади. Иккови ҳам бири-бирининг катта-кичик илтимослари бўлса, қўлдан келган қадар бажарадилар. Шу учун совға-салом, тансиқ қўлёзма асарлар ва баъзан оз-кўп пул хусусида тўра Мирёқубга миннатдор бўлиб туради; амалдорнинг қўлидан келадиган баъзи бир хил ҳимоят ишлари тўғрисида Мирёқуб тўрага миннатдор бўлиб туради. Ишқилиб, қарс икки қўлдан чиқади ва ҳамма иш гўзаллик билан битиб боради! «Дунёда ҳамма одам болалари бизнинг иккимиздек бўлсалар, дунё жаннат бўларди» деб ўйлайди тўра. Мирёқуб ҳам шундай ўйласа керак: иккови бир жон, бир тан эмасми ахир! – Мавлоно Адонинг бу байтига ҳеч қайда дуч келмаган эканмиз. Бу жиҳатдан ҳам бу ёзманинг қиммати бор. – Байтнинг маъноси нима, тўра? Тўра тушунтириб берди. – Гўзал шеър… Умуман, Умархон эслик подшо бўлган эди. Мулло одам, ўзи ҳам шоир. Вазирлари ҳам шоир эдилар. Ундан кейингиларнинг мазаси бўлмади… Шаҳобиддин мударрис мунинг мавлоно Адодан бўлганини қайдан билган бўлса? – Тагида қозининг муҳри бор дейди. Ўша қози мавлоно Адо экан… – Э, дарвоқе, бунда муҳр ҳам бор… шошма… ҳа, мана, мана: «Қози Абдиллатиф»… «Саййидалмуслимин Амир Умар»… Чинакам, бу хат Умархон даврининг асари экани маълум бўлди. Аммо муни ёзган Адо бўлмаса керак. Мавлоно Адонинг номи Султонхон бўлса керак… Мен ўқиб эдим. Абдиллатиф эмас. Шаҳобиддин хато қилибди. Сизнинг домлаларингиз мунақа нарсаларни яхши билишмайди… – Мен билмадим, тўра. Шаҳобиддин махсум шундай дедилар. Мен яна суриштириб юрибман, топсам олиб келиб бераман. – Ҳали ҳам кўп қимматбаҳо нарсаларни бердинг, Мирёқуб. Сенинг маданиятга хизматинг катта. Ўтган йил бир тарих китоби берган эдинг, у тўғрида Петрограддаги каттакон мажмуаларга мақолалар ёздим. Сенинг номингни ҳам кўрсатдим. Ҳозир у китоб тўғрисида Англистон, Фарангистон ва Ламса (Немис) мамлакатларида каттакон мажмуаларга кўп нарсалар ёзилди. Раҳмат сенга, Мирёқуб! Катта хизмат қилдинг. Иккови ҳам жим бўлишди. Бир оздан сўнг Мирёқуб гап очди: – Газет хабарларидан гапириб беринг, тўра. Тўранинг бу чоққача кулиб турган башарасига бирданига ғам чўкди. Қовоқлари солинди, лаблари – безгакдай – енгилгина қалтираб учдилар. Қўлёзмани столга қўйди. – Шунақа, дўстим, ишлар ёмон. Бизнинг адади ҳамманикидан кўп бўлган мудҳиш ўрдумиз бир-бир устин енгилаётир… Энг уста ва эслик қўмондонларимизнинг бутун тадбирлари натижасиз қолаётир… Мустаҳкам қалъалар бир-бир кетин душман қўлига ўтмоқда, қанча вилоятлар, ўлкалар, шаҳарларни душман эгаллади… – Оқподшо қаердалар? Бир чора кўрмайдиларми? Ҳаммамиз севган оқподшо… – Бу саволни, Мирёқуб, биз ҳаммамиз бир-биримиздан сўраймиз. Ҳеч қайсимиз жавоб тополмаймиз. Ўз-ўзимиздан сўраймиз. Тажангланиб, хафа бўлиб, қизиб сўраймиз. Шошилмай, тааммул билан, ўйланиб туриб сўраймиз. На ўзимиздан жавоб бор, на бошқадан! Бу – малъун савол, Мирёқуб! – Унақа деманг, тўра… Биз, сартия халқи, худодан кейин оқподшога ишонамиз. – Ишонганларинг яхши. Биз ҳам ҳаммамиз сизлар сингари ишонамиз. Фақат… оғзингга эҳтиёт бўл… фақат… ишониш бошқа, иш, амал, воқеа – яна бошқа. Бири-бирига зид! Биласанми, Мирёқуб, рус халқининг ўқиганлари орасида маъюслик бор, оғир бир маъюслик бор. Улар бутун бу бахтсизликларни оқподшонинг ўзидан кўрадилар… – Оқподшодан? Ҳеч бир подшо ўз юртини ёвга бергиси келадими? – Сенларнинг хонларинг билан бизларнинг подшоҳларимиз юртларига кўп ҳам ачинмайдилар, шекилли… Сенларнинг Худоёрхонингга «ўруслар Оқмачитни олиб қўйди» деганлар. Худоёрхон «у юртим неча кунлик йўлда?» деб сўраган, «бир ойлик йўлда» деганлар. «Ундай бўлса, менга унақа олис жойдаги юртнинг кераги йўқ. Ола берсин» деган… Бизники ҳам, валлоҳи аълам, ундан қолишмас. Мирёқуб нима дейишини билмай қолди. Бунақа сиёсатларга сира аралашмаган ва бу тўғрида шу чоққача ҳеч бир бош қотирмаган киши бундай катта сиёсий масалалар олдида бирданига шошмасдан иложи ҳам йўқ эди. Қуруқ бўлмасин деб гапга аралашиб қўйди: – Илгари бир ойлик йўл бўлса, энди поезд билан уч кунлик йўл бўлиб қолди… – Ҳаво кемаси билан эртага уч соатлик йўл бўлади. Умуман, эртага масофанинг аҳамияти қолмайди, Мирёқуб. Бизнинг катталаримиз асрнинг суръатини англамоқ истамайдилар. «Шошилмасанг етасан» деган мақол бошимизга бир бало бўлди. Германия нега кучлик? – Сиз биласиз, тўра. – Мен, албатта, биламан, сен ҳам билиб қўй. Германия суръат билан ютади. Суръат машина билан ҳосил бўлади. Германия – биздан неча баробар кичик, одами бизнинг учдан биримизча ҳам келмайди! Аммо бир қарич ери темир йўлсиз, тош йўлсиз эмас. Бугун, айтайлик, Самарқандда бўлган аскарини эртага Оқмачитга олиб бориб тўка олади. Бизникилар бир излик темир йўл билан судралиб боргунча иш тамом бўлади… Нимага германлар Фарангистонда қаришлаб олдинга жиладилар? Чунки Фарангистон ҳам, Германия сингари, суръат деган нарсани билади. Техникага бой. Бизнинг шалдирама аравамиз, сизнинг анови девсифат араваларингиз бутун-бутун халқларни ухлатадиган нарса… – Чора нима, тўра? – Чорани ўйлашга ҳам қўрқаман, Мирёқуб, шошма, биттадан ичиб олайлик. Тўра ўрнидан туриб жавонга томон бора бошлади. Шундаги оёқ босишидан Мирёқуб унинг бир оз ширакайф эканини англади. Демак, бу қадар зўр масалаларни ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, оғиз ели билан чиқариши ичкилик таъсири билан эди. – Кел, ичайлик, Мирёқуб. Биз, руслар, ароқ ичишни ҳаммадан яхши биламиз… Сенлар ҳам истеъдодли халқ экансан, биздан ўтказа бошладинг… Чўқиштирдилар. Тўра алланарсанинг соғлигига кўтарди. Фақат Мирёқуб «…соғлигига» деганинигина англаб қолди. Сўзнинг бош қисми, ғолибо, ичда айтилган эди. – Сен чора нима деб сўрайсан, – дея бояги сўзини давом эттирди тўра, – чорасини топишдан биз, биз амалдорлар, ожизмиз. Дуруст, ичимиздаги душманга, қора халққа қарши чиқиш бўлса – тадбири осон. Қозоқ ўрисимиз, миршабимиз, жандармамиз, аскаримиз бор… фюшт!.. Хориждан келаётган ёвга биз ожизмиз, нима қилишимизни билмаймиз. Биз билан бирга – бизнинг томондан – жанг майдонига тушган қиронлар ҳам бизга ишонмай бошладилар. Бу – ёмон, бу жуда ёмон ҳол, Мирёқуб. Кел, яна битта ичайлик… – Чорани айтмадингиз, тўра. «Чорасиз дард йўқ» дейди бизнинг ҳакимлар… «Ўлим билан ишқдан бошқа ҳамма дарднинг чораси бор» дейдилар. – Сафсата ҳаммаси, сафсата… Чорани бизнинг ички душманларимиз, яъни инқилобиюн деган тоифа кўрсатади. Лекин ўзича кўрсатади… – Қани, нима дейди у тоифа? – Подшони ҳам ҳайда, амалдорни ҳам ҳайда. Миршабларни йўқот, жандармларни ўлдир, урушни тўхтат; бойлардан – ер-сувни, фабрикачилардан – фабрикаларни, заводчилардан – заводларни тортиб олиб халққа бер, дейди. Уларнинг халқ дегани – қора халқ, ялангоёқлар… Юртни ўшалар сўрасин, дейди. Мирёқуб хохолаб кулди. – Номаъқул отнинг тезагини епти ўшалар! Саводи йўқ, оми бир ялангоёқ келсин-у юртни сўрасин эмиш… Бойдан ерни тортиб олиб камбағал экар эмиш… Камбағал шунча сўкиб уришсангиз ҳам ерингизга бундай бир ҳафсала қилиб ишламайди-ю… хўжайин бўлмаса, ишлар эмишми? Ўша урушни тўхтатсин дегани дуруст… Уруш чиққандан бери юрт қимматчилик бўлиб кетди. Ўзига яраша давлати, савдо-сотиғи бор одамларни жин ҳам ургани йўқку-я… қайта, молларнинг нархи ошиб, бири беш бўлди. Аммо шу қимматчилик бўлгандан бери одамларнинг кўзига қарасангиз, қўрқиб кетасиз, тўра. – Ҳаббаракалла! Бизнинг ҳамма хавфимиз – ўша «кўзлар»дан… кўзлар кўп хунук қарайлар. У кўзларнинг сони-саноғи йўқ. Гермонни енгсак, кўзлар ювошланади. Худо сақласин, агар шу хилда кета берсак, у кўзлар бизни еб ташлаши мумкин… Тўра жим бўлди. Мирёқуб ҳам жим қолиб унга тикилган эди. Тўра олис хаёлларга кетиб туриб, бошини чайпади. Сўнгра бошини оғир-оғир тебратиб туриб деди: – Хулосайи калом, бу улуғ кема… бу буюк «империя» даҳшатли тўлқинлар ичида зулматга, белгисизликка, йўқликка қараб кетаётир. Уни тўхтата оладиган ва қутқариб қоладиган ҳеч бир куч кўринмайди… балки, ундай куч аслида йўқдир ўзи… – Бир сўз айтдингиз, тўра… «Импер»ми, нимайди? – Ҳа, империя, империя. – У нимаси, тўра? Тўра бир оз ўйлаб тургач, подшонинг деволдаги суратини, сўнгра ўзини, елкасидаги погонини кўрсатди. – Мана шу империя… Мирёқуб ҳеч нарса англамади. Сўнгра тўра оғир бир нафас олгандан кейин: – Менга қара, Мирёқуб, – деди, – қўй энди бу гапларни! – Ҳа, қўйинг, тўра, одамни хафа қиладиган гапларни гапирмайлик. «Эртанинг ғамини эшак ейди». Эртага худо пошшо эгам… – Ҳали Акбарали шу ерда дединг. Уйланганига бир ҳафта бўлмай туриб шаҳарга нега тушди? Биронта иш биланми? Шундан кейин Мирёқуб ўзининг ғамхўр отахонига бутун воқеани гапириб берди: – Эҳ-ҳе, ҳали шунақа дегин! – Ҳа, шунақа, тўра. , – Акбарали аҳмоқ! Эшшак! – Рост айтасиз, тўра, бир оз эси пастроқ… – Сизнинг шариатингиз тўрт хотин олишга йўл қўяди. Бу қонун, аслида, чакки қонун эмас… Ҳар бир эркак буни билади… Фақат, у мундан юз йил, эллик йил бурун дуруст эди, замон кўтарарди. Энди замонлар бошқа, Мирёқуб. Ҳозир тўрт хотин олиб, тўрт ташвишни елкага ортишнинг нима ҳожати бор? Одам деган, албатта, биттага қаноат қилолмайди… бу маълум. Лекин бунинг учун уйланиб ўтириш керакми? Бекорчи хархашани кўпайтириб нима қилади киши? Тўра овозини пасайтира тушди: – Ҳой-ҳавас учун мутлоқ уйланиб ўтириш шарт эмас. Сен ўзимизникисан, сенга ишониб айтганда, менинг бир ошнам бор: урушга кетган офицернинг хотини. Ёш, чиройли нарса. Яқинда, зиёфатда бир савдогар бойнинг хотини билан танишдим… бу оқшом ўшаникига бормоқчиман… очиқ, дилкаш нарса. Мана холос! Аҳмоқ, Акбарали аҳмоқ!.. – Рост айтасиз, тўра, рост. Мана, мен ҳам биттага «қаноат» қилиб ўтаётирман-ку… ҳой-ҳавасларим қолиб кетаётгани йўқ… – Ҳаббаракалла, – деди тўра. – Хотининг битта, айшинг жойида… Кейин бармоғи билан «ҳап сени» қилиб туриб: – Сен, Мирёқуб, ёмонсан лекин… – деди. Мирёқуб аввал бир оз қизаринди, сўнгра кулимсираб тўрага қарагач, жавоб берди: – Худовандикаримнинг раҳмат дарёси кенг дейдилар, тўра. Шунга ишониб унча-мунча эркалик қиламиз-да. Унча-мунча… – Тоғдай-тоғдай гуноҳлар ҳам унча-мунча бўлар экан-да. Мирёқуб хохолаб кулди: – Тоғдай-тоғдайини энди сиздан ўрганамиз, тўра, худо хоҳласа… Сиз, ахир, мулла одамсиз… Тўра ҳам қаҳқаҳа солиб кулди. Сўнгра деволдаги соатга қаради: 8 дан 15 минут ўтган эди. Ўрнидан турди. – Сен ўтириб тур, мен кийиниб олай. Биргалашиб чиқамиз. Тўра кийиниб чиққандан кейин, Мирёқуб ҳам ўрнидан турди. – Қани, юр бу ёққа. Боқча томондан чиқайлик. Хоним келмаган, кампир ухлаб қолибди. Эшикни беркитиб оладиган киши йўқ. Айвонга чиқдилар. Саҳнга тушгач тўра тўхтади. – Мирёқуб, янги гапдан хабаринг борми? – Йўқ, тўра. – Тоғ томонда оломон қўзғолон кўтариб, бир-иккита амалдорникига ўт қўйибди. Эртага тушдан кейин ёнимга аскар олиб чиқиб кетаётирман. Бугун ҳам ўн етти кишини ушлаб келтирдилар. Оломон қутурган, дейди. – Қачон келасиз? – Икки-уч кун қолсам керак. Сен Акбаралига айт, тезроқ жойига борсин. – Хўп, жоним билан. Биз ҳам эртага чиқиб борармиз. – Ҳозир ҳар бир мингбошига яна еттитадан йигит бериш масаласини кўтардик, эҳтимол, яқинда рухсат бўлиб қолса. – Яхши бўларди. Буларнинг овозини эшитиб, ошхона томондан тўранинг ошпази Зуннун келди. Мирёқуб билан кўришди. – Мирёқуб ака, чиқиб кетаётирсизми? Бизникига бир кириб чиқинг. Битта чой дамлаб берай. Сизга бир гапим бориди… Мирёқуб тўрага қаради. – Жуда яхши! Бир оз чой ичиб, гаплашиб борарсан. Зуннунбой зериккандир. Тўра кумуш бошли ҳассасини ерга ура-ура панжара эшикдан чиқиб кетди. Булар ошхона томонга бурилдилар. Зуннун аканинг уйи ошхона билан дон омборининг ўртасида эди. Бу бир қаватли, тор деразали, хом ғиштдан ёпилган бостирмалар эса саҳннинг тўрисида, нойиб тўранинг ўз уйлари ўрнашган пишиқ ғиштли яхши бинонинг қаршисида бўлинарди. Бу бостирмаларнинг кети боқча ва гулзор. Ошхонанинг деразаси саҳнга – олдинга қарагани ҳолда, Зуннун ака турадиган уйнинг фақат боқча томондан бир кичкина дераза ва эшиги бориди. У уйга ошхона орқали ўтса ҳам бўларди. Ошхонадан ҳам саҳн, ҳам боқча томонга эшик очиларди. Зуннун аканинг уйига кирмасдан гулзорда бир скамяга ўтирдилар. Мирёқуб тезроқ бориб ўзининг янги юлдузини яна бир кўрмоқчи ва ўз бошига ёлғиз қолдирилган мингбошидан ҳам хабар олмоқчи эди. Мингбоши – боладай нарса… уни кўп ҳам ёлғиз қолдириб бўлмайди. Шу учун Мирёқуб чой қўймоқ учун тураётган ошпазни тўхтатди: – Зуннун, мен шошилиб турибман. Гапингни айт. Тезроқ бормасам бўлмайди. Мирёқубнинг овозида аллақандай бесаранжомлик ҳам йўқ эмасиди. Буни Зуннун пайқади. – Нима бўлди сизга, Мирёқуб ака! Овозингизда бир безовталик бор… – Ҳеч нарса бўлгани йўқ, шошилиб турибман. – Ундай деманг. Барибир, мен биламан. Бизнинг тўра ҳам жуда хафа. Хоним бўлсалар тезда-тезда «Русияга кўчиб кетсакмикан?» деб қўяди. «Сен ҳам кетасанми?» деб сўрайди. Улар дунёнинг ҳамма ҳол-у аҳволини билиб турадиган одамлар, бир нарсани сезишгандир-да. Мен бу ерда ҳар хил ўруслар билан гаплашаман. Ҳаммаси ҳар нарса дейди. Ўйлаб кўрсангиз, ҳаммасининг гапи бир: «бир бало бўладиганга ўхшайди». Мирёқуб бошини кўтарди. – Ўруслар шунақа дейдими? Қани, гапир, яна нима дейишади? – Айтдим-ку, ҳамма ҳар хил гапиради. Лекин гапнинг таги бир жойдан бориб чиқади: «бир бало бўладиганга ўхшайди». Нима бало экан, бизнинг ақлимиз етмайди. Ҳар қалай, бир балоси бор. Мирёқуб аҳволдан бу даража хабардор бўлган одамдан сир яширишни лозим кўрмади: – Рост айтасан, – деди. – Тўра менга кўп гапларни айтди. Бири-биридан ваҳималик… Унинг гапларини эшитиб, мен ўз-ўзимга «замона охир бўпти. Қиёмат яқин, шекилли» дедим… – Шу учун мен сизни чақириб эдим. Зуннун Мирёқубнинг ёнгинасига ўтирди. – Мен қирққа бориб қолдим. Ҳалигача битта бошим иккита бўлгани йўқ. Кенг кўрпада ёлғиз ўзим қалтираб ётаман… Менинг ҳам орзу-ҳавасим бор. Уйлансам, бала-чақа кўрсам дейман. – Жуда яхши. Ўзингга лойиқ бир қиз топилади, албатта. – Қиз тайёр… қишлоқда менинг бир холам бор, ўша дарак солиб топган экан. Энди қистаб ётибди. – Уйланабер, нимаси бор? Тараддингни қилабер, тўйни биргалашиб ўтказамиз. – Мен хўжайиннинг олдидан бир ўтиб қўйсаммикан деб эдим. – Тўғри, сенинг отахонинг бўлиб қолди. Сўраганинг яхши. – Шуни айтаман. Зуннун кулди. Мирёқубга томон яна ҳам яқинроқ сурилди. – Шу тўғрида хўжайин билан гаплашиб берсангиз деб эдим. – Ўзинг-чи? – Ўзим… бетлаёлмайман. – Нега? Айта бер. – Сиз айтсангиз дейман. – Яхши, мен айтай. Мирёқуб бирдан суҳбатдошига томон бурилди: – Хоним билан қалайсан? – Жуда қалин… – Бўлмаса, унга айт, эрига ўзи айтади. Зуннун кулиб юбориб ўрнидан турди, икки қўлини чаккасига қўйиб, суҳбатдошидан беш-олти қадам йироқлашди. Унга орқасини ўгургани ҳолда қуйигароқ эгилган бошини қаттиқ-қаттиқ чайқаб, сўнгра бирданига югуриб Мирёқубнинг ёнига келди. Ҳамон қизариб кулишини давом этдиргани ҳолда, Мирёқубга эгилиб, деди. – Сиз билмайсиз, хўжайин! – Албатта, билмайман. Сенинг кўнглингни мен қайдан билай? Гапир! Мирёқубнинг бу сўзларида бироз қаттиқлик асари бориди. У, ғолибо, ўзига тенг бўлмаган бир киши билан ортиқча бачканаланишни истамас эди. Ҳоланки, Зуннуннинг қилиқлари бачканаликка қараб кетди. Зуннун суҳбатдошининг овозидаги ўзгаришни пайқади ва дарҳол унинг ёнига ўтирди. – Ҳамма бало хонимда-да! – деди у. Мирёқубнинг кўзлари олайди. Яна суҳбатдошига томон бурилди. – Нималар деб ётирсан? – Хоним бўлмасалар эрта қачон уйланиб олардим, ака! – Оббо худо урди! – деди Мирёқуб, ирғиб ўрнидан турди. Бошини чайқади. Иккала қўлини Зуннуннинг елкасига қўйди. – Нима бало, сенга кўнгли тушиб қолганми? Зуннун зўр бериб куларди. – Ҳой тентак, гапир дейман! Нима бало бор ўртангизда? Зуннун ҳали ҳам куларди. Шу онда бирданига ҳовли томондан хотин кишининг чорлаш овози эшитилди: «Зуннун! Зуннун!…» Бу хонимнинг овози эди. Зуннун ирғиб ўрнидан турди. – Туринг, дарров менинг уйимга киринг! Чироғни ёқмасдан дераза олдидан томоша қилинг… Нафас ўтмай Мирёқуб дераза олдида ўтириб ташқарини кузата бошлади Зуннун гулзор ўртасидаги электрик фонарни ўчирди, ўзи югуриб ошхонага кирди. Ошхонадаги ёруғ фонарнинг шуъласи эшик тирқишидан уй ичига шуъла ташлаб турарди. Ташқарида – гулзор томонда эса ола қоронғилик ҳукм сурарди. Мирёқубнинг ўткир қулоқлари ошхона томонни тингларкан, икки кишининг пичирлашиб гаплашганини аниқ эшитди, юраги обжувоз линкопидай ура бошлади: – Шошма, Зуннун, шошма дейман! Бу ерда яхши эмас… – Бу ерда яхши эмас дейсиз… Уйимга киргали унамайсиз… Хоним секин жавоб қилди: – Мендан уни кутма! У тўғрида гапирма ҳам! – Сўнгра овозини бир оз пастлатиб деди: – Ўзинг бир яхши менинг уйимга кела биласан… Шошма, Зуннун! Сурсан! Шошма дейман сенга! Хўжайининг қани? – Бир жойга кетди! Кеч келаман, деди. Зарур иши бор экан… – Бас дейман! Кармисан? Вақти бор ҳар нарсанинг. Хафа бўламан бекор! Яна ярим кеча-саҳарларда келади десанг-чи! Оҳ, бу эрлар!.. – Ҳа, кечроқ келаман, деди. – Бунча сур бўлдинг? Мастмисан, нима бало? Юр, боқчага ўтайлик. Дарранда… Бирдан ошхонадаги фонар ўчди. – Ўчирма! Зуннун, ёқиб қўй, жоним…Ёқ дейман! Аввал «чўп» этган кучли бир ўпиш эшитилди. Сўнгра фонар ёнди. Ундан кейин ой қоронғисида қўлтиқлашган икки киши дераза олдидан бир-икки марта у ёқ-бу ёққа ўтдилар. Сўзлари эшитилмасди. Зуннун ўз ҳунарини кўрсатмоқчи бўлди, шекилли, худди дераза қаршисига келганларида хонимни маҳкам қучоқлади-да, деразанинг пастгина супачасига ўтқизди. Мирёқуб ичкарида юрагини ҳовучлади: тўранинг хотини лабларини ошпаз Зуннуннинг лабларига қўйиб унинг қучоғида ҳансирарди… Бирор минутдан сўнг хоним ирғиб ўрнидан турди, шу онда ошхонанинг эшиги очилди. Сўнгра ошхонанинг ҳовли томонидаги эшиги олдидан хонимнинг сўзлагани эшитилди: – Ўзим айтаман… мана шу вақтларда… Ўзинг биласан-ку… Ошхонанинг у эшиги ҳам ёпилди. Бироздан сўнг Зуннун кириб ўз уйининг фонарини ёқди. Мирёқубнинг ранги ўчган эди… – Тоза бўлган экан бўлгулик! – деди у. – Ҳали гап шу дегин? – Бир-икки йилдан бери аҳвол шу… Қани, юринг, гулзорга чиқайлик. Гулзорга чиқиб яна скамяга ўтиргач, Зуннун давом этди: – Мана шу аҳвол. Гапини эшитдингиз-а? Бугун хўжайиннинг чиқиб кетганини билмай қолди, ўзи уйда йўқ эди. Ўзи уйда бўлса, бундай ҳолларда хўжайиндан сўрайди: «қачон келасан?» дейди. «Яна ярим кеча-саҳарларда келармикансан? Кутиб ўтирайликми? Самоварга бир қоп кўмир ташлайликми?» деб ўшқириб ҳам олади. Хўжайин «бугун иш жуда муҳим. Гарнизон бошлиғи иштирок этади. Шу учун кеч келсам керак. Соат 2 дан аввал кела олмасман… Сизлар бемалол ёта беринглар» дейди. Хотинидан узр сўрайди бечора! У кетган ҳамон хоним мени чақиртиради. Онаси олдида буйруқ қилади: «хўжайининг келгунча залда ўтир. Келганда чиқиб эшикни оч. Секин юр! Бизнинг уйқумизга халақит берма!» дейди. «Хўп» деб залда қоламан. Залнинг бир ёнидаги эшик хонимнинг уйларига очилади, бир ёнидагиси йўлакка, йўлакдан – кўча эшигига. Онаси бўлса бола билан бирга, ҳў… нариги чекадаги уйда ётади. У мана бу вақтларда данг қотиб ухлаб қолади. Бола ҳам ювош, мўмингина… Мен залда қоламан. Зал билан ётоқ уйи ўртасидаги эшикнинг бир қаноти очиқ… Хуллас, хўжайин жинғироқ чалганда, секингина ўрта эшикни ёпиб йўлакка чиқаман-у уйқусираб, эснаб, пайпасланиб эшикни очаман. Хўжайин, аксари, маст келади, ҳеч нарсани билмайди. Ҳушёр келганида «бор, энди, жойингга чиқиб ёт! Секин юр, хонимни уйғотасан. Шу чоққача тахталик полда юришни билмайсан. Ҳўкиз!» дейди… Мирёқуб ҳайратлар ичида қолган эди. Шунча гапни эшитишга вақти бўлмаса ҳам, шошилганини унутиб, диққат билан қулоқ солди ва бирушта бошини чайқаб ўтирди. Бироз ўйланиб турганидан сўнг бошини узун-узун чайпаб: – Империяси тағин ҳам ботмасинми? – деди у. – Неча минг, неча лак фуқаронинг жони шуларнинг қўлида. Буларнинг жони эса мана мунақа манжалақилар қўлида экан!.. – Нима дейсиз энди, Мирёқуб ака? – Қайси тўғрида? Сенинг уйланишинг тўғрисидами? – Ҳа. Хаёли бошқа томонда бўлган Мирёқуб: – Яхши, уйлан! – деди. – Қайлиқ олиш яхши нарса. – Уни биламан. Хўжайинга айтиш маслаҳатини сўраб ётирман. – Ҳа, у тўғрини айтасанми? Яхши. Ўзим гаплашиб бераман. Лекин ҳали эмас, бир-икки ойдан кейин… – Унгача қиш келиб қолади-да? – Хотин деган қишда керак-да. Ёзда хотинсиз ҳам иссиқ ўзи… – Бор бўлинг, топдингиз! Мен сизга ишониб тураман, бўлмаса. – Эртагаёқ сўраб берардим. Тушдан кейин хўжайининг тоғ томонга чиқиб кетар экан. Икки-уч кунсиз келолмайман, дейди. Ундан кейин бирор ҳафта ўтказиб ўзим ҳам Қримга жўнайман. Тўйни бизсиз ўтказма, Зуннун! – Ҳа, албатта, албатта! Мингбоши тоғам билан сиз икковингиз бўлмасангиз тўй татийдими? – Бўпти. Зуннун яна кулди. – Эртага хўжайин уйда бўлмас эканми? – Шундай деди. – Менга қаранг, Мирёқуб ака. Мирёқуб бурилди. Зуннун эгилиб туриб сўради: – Бизнинг хоним қалайлар? Тобингиз борми шу кишига? Мирёқуб бирданига жавоб бермади. Ўйланиб қолди. – Айтаберинг, ака. Мен ўз кишингизман… – Ўзи қалай деб сўрасанг, чакки эмас: семизгина, лўппигина, бадани оппоқ, тароватини сақлаган, анча ёш кўринади… Ўзи ҳам 27 – 28 дан нари эмасдир? – 27 да бўлса керак. – Ҳа, мен адашмайман. Энди «тобингиз борми?» деб сўрайсан. Нима дейишга ҳайронман… Биз, эркак халқини ўзинг биласан. Итмиз! Шайтон ҳамма вақт елкамизда… Тизгинни доим чапга буриб туради… Лекин, Зуннунбой, икковингиз ҳам етиб ортасиз бечорага… – Нега икки киши бўлсин? Бир киши, холос… – Нима демоқчисан? – Эри – номига эр. У бошқа хотинлар билан юради. Унинг ўйнашлари кўп. – Сен қайдан биласан? – Мен ҳаммасини биламан. Баъзи бирларини ўз хотини ҳам билади. Унинг менга бунча осилиши ҳам бесабаб эмас. Икки киши деманг, бир киши. Менман, холос! Эҳтимол, ташқарида бўлса… Йўқ, агар бўлса, сезардим, албатта. Сиз менга қаранг, эртага хўжайин уйда бўлмаса, кечлатиб келинг. Аллақайси бир мингбоши тўрага бир тўққиз илварсин юборган экан, учтасини алоҳида тузлаб қўйдим. Яхши палов қиламан. Хоним ҳам бўлади. Тобингиз бўлса, у ёғи осон… Мирёқуб индамасдан ўрнидан турди. Ёнидан пул олиб Зуннунга узатди. – Яхши. Шомдан кейин келаман. Мана бу пулга ичкилик ол… Кўрамиз. Зуннун пулни олмоқ истамаса-да, Мирёқуб қўймаганидан кейин ноилож олиб, стол устига ташлади ва ўша мақтанчоқ кулиши билан кулиб туриб: – Эртага кутаман, – деди. – Хўп, – деди Мирёқуб. Яна боягидай бош чайпаб уйдан чиқди. Номерга қайтиб бораркан, ҳамон бошини чайпаб ўз-ўзига сўзланарди: – «Империяси чирибди… Йиқилса ҳам ҳеч ким танғирқамайди. Менинг миямда шу бугун ғалати фикрлар қўзғалди. Нималигини ўзим ҳам билмайман… Илгари ҳеч бунақа гаплар йўқ эди. Аллакимдан алланималарни сўрагим, билгим, ўргангим келади. Бир пирни топиб – тариқат сўрасамми? Бир закунчини топиб – закун сўрасамми? Yo бир муаллимни топиб – масала сўрасамми? Ҳайронман…» – «Империяни кемага ўхшайди дейди… Йўқ, кема дейди, кема… Нималигини билсам эди! Империя нима десам, оқподшони, ўзини, погонини кўрсатди. Оқподшонинг нималигини ўзи айтиб берди, ўзининг кимлигини ўзим биламан, бугун яна ҳам очиқроқ билдим, эртага жуда равшан билсам керак… Энди, елкасидаги погони қолди. У бир латта, зардан тикилган бўлса ҳамки, бир латта… Машиначи тикади. «Эшагига яраша тушови» деган гап бор. Эгасига яраша – погони… Демак, империя ботишга томон боради». – «Биз нима бўламиз? Фуқаро нима бўлади? Бизнинг топган-тутганларимиз, ортдирган давлатимиз нима бўлади? Азбаройи худо, кимдан сўрасам? Шошма, янги ошнамдан, мени занжирсиз боғлаб қўйган айёрдан сўрайман! У, ҳар ҳолда, ўрус-ку… ўқиган-ку… билади. Йўқ, шошма, у ўзи нима бўлади? Ўзи? Шундай катта империя ботади-ю, у соғ қоладими? Нима, азбаройи худо, бу империя? Кимдан сўрайман энди? Кимдан?!» Соат ўн бирларда номерга келиб мннгбошининг ёнига кирди. У икки хотинни икки ёнига олиб, иккаласининг бўйнига баравар қўл ташлаб, мудрамоқда эди… Кирган ҳамон баланд овоз билан қичқирди: – Туринг, додхо! Хирмонга ўт кетди!!! Мингбоши сесканиб уйғонди, ирғиб ўрнидан турди. – Қаерда қолдинг, ноинсоф? Мени ёлғиз ташлаб? – Ким ноинсоф? Икки таннознинг ўртасида ўтирибсиз-ку, яна ёлғизман дейсиз… – Зерикдим буларингдан… кўнглимга урди. Юр, кетайлик! – Қуллуқ бўлсин итликнинг йўқолиши! Худога шукур, минг қатла шукур, одам бўлибсиз. – Ўтир! – деб бақирди мингбоши. Иккала хотин чўчиб тушди. Мирёқуб ёйилиб-ёйилиб кулди. – Қаерда қолдинг? – Империяга ўт кетган экан. Ўчиришгали бориб эдим… – Нимага? – Империяга… Империя… Хотинларнинг бири мунинг ёнига ўтди. – Сиз «империя» дедингизми? – дея гап бошлади хотин. – Бизнинг шаҳримизда «Империал» деган бир номер бор эди. Тоғнинг шундоққина тепасида, пастда – дарё. Номернинг олди – боғ, боғнинг олди – пастлик, жар… – Империя ўзи ҳам жар бўйига келиб қолган эмиш, – деди Мирёқуб. Хотин унинг ёнига суқулиб кириб: – Нима дедингиз? Англамадим, – деди ва қўлини Мирёқубнинг елкасига ташлади. Мирёқуб унинг қўлини мулойимлик билан ўз елкасидан олиб қўйиб, ўрнидан турди-да, мингбошига юзланди: – Мен кетдим! Эски шаҳарда ишим бор. – Шошма! – деб бақирди мингбоши. – Мен ҳам бирга кетаман! – Сиз бугунча шу ерда ётатуринг. Қорнингиз тўқдир, албатта? – Қорним тўқ, аммо зерикдим. Қачон кетамиз? – Индинга эрта билан, саҳар, худо хоҳласа. Зериккан бўлсангиз, эртага бошқа номерга кўчираман. У ер яхши. – Индинга кетадиган бўлсак, менга бир дутор чалиб ашулла айтадиганини топиб бер. Бу тил билмасларинг билан зерикиб кетдим… – Хўп, хўжайин. Эртага кундузи ҳаммаси бўлади. Индингача империяни ботирамиз… – У нима деганинг? – «Итликни ўлдирамиз!» деганим… Яхши туш кўриб ётинг, хўжайин! Хайр энди, хонимлар! Тез-тез ҳатлаб ташқарига чиқди. Айвонга ўтиши билан ўз уйидаги қизил фонарнинг шуъласи кўринди. «Демак, менинг уйимда». Эшикни секингина очди. Ёш хотин стул кетида китоб ўқиб ўтирарди… Мирёқубни кўргач, ўрнидан туриб жой бўшатди ва тўрига таклиф қилди. Мирёқуб соддагина кўришиб, тўрига уни ўтқазди ва ўзи пастга ўтирди. Аввал ёш хотиннинг кўзларига қаради: ҳорғинлиги, уйқусираганлиги очиқ кўриниб турарди. Картга қаради: одам ётгани билинмайди. Шундан сўнг кўнглида бир севинч қўзғалди, бутун баданини бир завқ ўраб олди… Яна ёш хотинга тикилди: у бир бет қолган китобни охирига етказмоқ учун уринарди. Бу дафъа Мирёқуб худди ўзининг неча йиллик синоқта хотинини кўргандай бўлди. Бу хотин гўё неча йилдан бери ҳар кун шу равишда муни кутиб умр ўтказган… Империя эсидан чиқди. Хотин китобни битиргунча, бу жимгина ўтирди. Китобни ўқиб битиргач, хотин енгилгина, эҳтиёт билангина эснаб олди-да, сўнгра бу ишидан ўзи уялди, шекилли, юзини қўли билан тўсиб кулди. Юмшоққина кулди… Бетларига қизил қон оқинлари югурган эди. Мирёқуб ҳам кулди ва секингина ўрнидан турди. – Хўп, ётиб ухла бўлмаса, мен эски шаҳарга тушиб кетаётирман. – Яхши, бора беринг. Бугун хўжайин эшикни чертиб келган эди, «тобим йўқ» деб киритмадим. – Нима дейди? – «Бир сарт бойвачча келди. Беш юздан кам олмайсиз. Мақсадингизга етдингиз… Ўзи ҳам ёш, чиройлик, оригинал…» дейди. «Яхши, индинга келсин. Тобим қочиб турибди, ваннада совуқ олдирибман…» дедим. «Аттанг, аттанг…» деб қайтиб кетди. Ўзи хоҳламасдан, бўлиб-бўлиб, оддий овоз билан бу воқеани сўзлаб берган хотин энди бу сафар худди ёлворишга яқин бир овоз билан деди: – Эртага шу ердан кетармиканмиз? – Албатта, эрта билан келиб ўзим тўғрилайман. – Нарсаларни қандай қиламиз? – Нарсаларинг кўпми? Хотин кулди. – Бир чамадон, халос. – Осон экан. Эрталаб шу уйга чиқариб қўяласанми? – Эрталаб бўлмас, кечаси бир иш қилиб эпларман. – Ундай бўлса, хотиржам. Сен кийимингни кийиб чиқаверасан, тамом! Мирёқуб чиқиб кетишга мўлжаллай бошлади. – Йўқ, шошманг! – деди хотин. – Мен бу паспортим билан у ерда туролмасман… – Оббо! – деди Мирёқуб. – Ҳали бу масала ҳам бор экан. – Нима қиламиз? – деб сўради хотин. Мирёқуб ўйланиб туриб деди: – Бир йўлини топармиз… шошма. Бир оздан сўнг юзлари кулиб, кескинлик билан деди: – Хотиржам бўл, паспорт топаман. Эртага эрта билан қўлингда бўлади. – Ташаккур этаман. Мирёқуб ташаккурга жавоб қайтаришни билмасди… Лекин у шу топда, негадир, ўзи ҳам хурсанд бўлиб, алланечук чарақлаб очилиб кетди. «Мирёқуб эпақа ҳар ишни эплайди» деган хаёлга бордими, ё бошқа бир ёқимли хаёлга бордими, ҳар қалай, таъбининг чоқлигидан бўлса керак, ёш хотиннинг ёнига бориб пешонасидан бир ўпиб олмоқчи бўлди. Фақат, яна дарров ўзини тўхтатди: «Йўқ, қизиган оловмиз икковимиз ҳам… Қанча йироқ бўлсам, шунча яхши…» – деди ўз-ўзига. – Хўп, ёт, ором ол, бўлмаса. Эшикни ичидан беркитиб ёт! Мирёқуб ирғиб ўрнидан турди. – Табиий, – деди хотин, у ҳам секингина ўрнидан туриб эшик томонга юрди. Мирёқуб айвонга чиққач, ичкаридан калитнинг шарақлагани эшитилди. «Мен учун очиладиган эшик бошқалар учун ёпилди!» – деди у ўз-ўзига. Хурсанд, кўнгли очилган, алланечик енгиллаган, кўзлари, юзлари, бутун борлиги билан кулгани ҳолда илдам-илдам босиб кўчага чиқди. Муюлишда ухлаб ётган извошчини уйғотиб, икки отни чоптирганича, ярим кечада нойиб тўра маҳкамасининг котиби Игнатюкни қидириб кетди. Кеча кечаси кўча эшиги зинасида арвақ Игнатюкнинг қуруқ чангалига қистирилган ўн сўмлик қоғоз ўз вазифасини бажарган эди: эрталаб соат 10 да маҳкамага келиб кирган Мирёқубнинг қўлига Игнатюк бир янги паспорт узатди. 24 яшар Евдокия Захаровна Кабилина номига ёзилган бу муддатсиз паспорт ёш хотиннинг кечаги ташвишини тамоман бартараф қила оларди. У ёзлик кийимини кийиб чиқиб, тўппа-тўғри биринчи класс номерга борди ва ўзи учун ажратилган кичкинагина чигилинг ва соз уйига ўрнашди. Бир соат ўтар-ўтмас нариги номернинг йўғон гавдали, девсифат, узун соқол хизматчиси бир қоп ичига солиб хотиннинг чамадонини келтириб берди. Унинг нариги номердаги хонасида энди ҳеч нарсадан хабари йўқ хизматчи хотиндан бошқа нарса қолмаган эди… Мирёқуб мингбошини ҳам бошқа бир номерга кўчиргандан кейин, ўз номерининг ҳисобларини тамомлаб, номер эгаси дўстига қўл узатди: – Хайр энди, мен қишлоққа жўнайман. – Хайр, Мирёқуб, келиб тур, дўстим. Хотин қалай? – Сўрама. Бир-икки кундан кейин яна келаман… – Арзийди… арзийди, чўрт вазми! – деди хўжайин. Ўзидан хурсанд бўлиб кулди. Сўнгра сўради: – Қанча бердинг? – Ишинг нима? – Айтабер… ҳимматингни билайин дейман. Кечадан бери ўзи ҳам сеникидан чиқмайди. – Меникидан чиқмагани рост, фақат нотоб ўзи… – Сен уни совуққа олдириб қўйгансан. Кеча бир бойвачча келган эди. «Нотобман» деб чиқмади. Сен менга катта зарар келтирдинг. Вагончи бойнинг ўғли эди… Ваҳоб… Биласанми? Ана, пул деган нарса ўшанда! Бир қучоқ! – Бу хотин шу ерда бўлса, вагончи бойваччалар кўп келади ҳали… Шошма! – Албатта, албатта! Ҳар ҳолда қанча бердинг? Айт! – Кўп эмас, фақат… минг сўм! – Минг сўм?! Ростми? – Нега ёлғон бўлсин? Минг сўмлик чек бердим. Банкага кетди. – Чўрт вазми! Бир ярим мингдан ошиб кетибди… «кетаман» деб қолмасин. – Пул ширин. Қанча кўпайса, яна шунча кўпайтиргиси келади. – Рост айтасан. Бир иш қилиб яна бир-икки ҳафта олиб қоламан. Қўяманми мен? – Сен қўймайсан, биламан. Хайр энди! – Яхши бор! Мирёқуб ўз дўстининг аҳмоқлигидан кулиб кўчага чиқди. – Эртага эрта билан қишлоққа жўнайман, – деди у кўнгли илинган хотинга. – Кўп бўлса беш кун туриб қайтаман. Ўша куни жўнаб кетишимиз керак. – Мен сизга кўп ташаккур қиламан, азиз дўстим. Сиз, чинакам, азиз дўстим бўлдингиз. Келинг, мен сизни бир сингил сифатида ўпиб қўяй… Мирёқуб бу сўзларнинг маъносига тушунгунча, ёш хотин келиб пешонасидан ўпди. Бу ўпиш ҳар қандай ярамас ҳисдан узоқ ва эҳтиётли бўлса-да, хотин кишининг бу қадар яқинлашиб келиши Мирёқубни дир-дир титрашга мажбур қилди. Унга нисбатан хотин жуда тинч ва лоқайд эди. Ўпиб бўлгандан сўнг Мирёқубнинг ёнидан унча узоқлашмасдан унинг қоп-қора ва бесаранжом кўзларига тикилиб турган хотин, ғолибо, унинг шу топда кечираётган талвасаларидан хабардор эмасиди. Мирёқуб бир-икки қадам орқага чекинди. – Эски паспорт қани? – Номерда қолди. – У керак эмасми? – Йўқ, йўқ, йўқ! Яхши бўлди, жуда яхши бўлди. Мен бутун қора кечмишимдан қутулдим. Раҳмат сизга, мен бундан сўнг Мария Степановна Острова эмасман – Евдокия Захаровна Кабилинаман. Хунук ном, хунук фамилия… ўзим ёқтирмайман. Лекин менга бундан нари шу номдан қадрли нарса бўлмаяжак! Йўқ, кечирингиз, бу номни менга берган киши, албатта, ундан қадрлироқ! Раҳмат сизга, азиз дўстим. Яна келиб, Мирёқубнинг бир қўлини иккала қўли орасига олди ва силкитиб-силкитиб сиқди. «Қандай қизғин ва ёқимли қўллар!..» – Раҳмат, азиз дўстим! «Арзимайди» деб қўйишни билмайдиган бу гўл «азиат» бутун вужуди билан яна қалтирай бошлаган эди. Тағин икки қадам орқага чекилди. Эшик олдига етиб қолдилар. Буни пайқаган хотин орқасига қайтди ва уни ўтиришга таклиф қилди. – Йўқ, мен кетаман. Эшикни ичидан беркитиб ўтир, ташқарига чиқа кўрма… – деди Мирёқуб. Орқаси билан эшикни очиб йўлакка чиқди. Эшик яна ичидан беркитилди… «Бошқалар учун ёпилди, мен учунгина очилади бу эшик!» – деб ўйлади Мирёқуб яна. Ўзида йўқ, югурганича зинадан туша бошлади. Ичкарида ўз ихтиёри билан қамалган ёш жувоннинг кўзлари шу топда севинч ёшлари ила ҳўлланган эди… – Келинг, Мирёқуб ака. Кечикиб қолдингиз? – Ҳа, эртага эрталаб қишлоққа жўнаймиз. Ишларни битиришим керак эди. Ошхонадан уйга ўтдилар. Зуннуннинг уйи жуда чиройли қилиниб йиғиштирилган эди. Ерда катта янги гилам, деволларда суратлар, ўртада катта стол, оппоқ дастурхон, стол тўла ноз-неъмат, ичкилик… Деразада чиройлик тўрпардалар. Стол теграси тўла курси. – Уйингни таниб бўлмайди, Зуннун. Зуннун ўша бурунги кулиши билан кулди. – Ҳаммаси хонимнинг ишлари… – Бўлмаса, сен уйланиб нима қиласан? – Бола-чақа, рўзғор кўргим келади. – Боласи йўқлар болага қизиқади. Лекин боланинг «бало» бўлгани ҳам бор… – Йўқ, Мирёқуб ака. Мен болани яхши кўраман! – Хўп. Мен курортдан келай, дарров тўйингни қиламиз. – Тезроқ келинг, ишқилиб… – Қани, ҳеч ким йўқ-ку? – Келишади. Хоним келадилар… – Бошқа? – Бошқа йўқ. Хўжайин жўнаб кетди. Уни ҳам чақириб эдим, узр айтди. «Бизнинг кичкинагина бир ҳайитчамиз бор, хўжайин, Мирёқуб акамлар келадилар» – дедим; «Менинг ўрнимга хоним бориб бир пиёла чойингни ичиб, Мирёқуб билан гаплашиб келади» – деди. Хонимга менинг ўз олдимда тайинлади. Хоним, мен сизга айтсам, эрининг олдида ноз қилган бўлди. Пешонасини уқалаб, бўшашган бўлиб, «бошим оғриб турибди…» дейди. «Бошинг оғриса, пирамидон ичиб, жиндак ухла, кечгача ёзилиб кетасан. Зуннунни ўкситма!» – деди хўжайин. Бўлмаса, ундан илгари хоним билан гаплашиб, гапни бир жойга қўйганмиз… – Шошма, – деди Мирёқуб, – у сени яхши кўради… сеники бўлиб қолган. Мен нима қиламан бу ерда? – Қизиқ экансиз, Мирёқуб ака. Мени севса, эрим деб севармиди? Yo мен ўша билан умр ўтказармидим? Шунчалик гап-да… эрмак… Ана, келаётир. Жиндак кайф қилгандан кейин ёнига ўтиб, дадил-дадил тегиша беринг. Бу кеча мен бу ерда йўқман! Тузукми? – деди Зуннун. Чопиб чиқиб кетди. Хоним, унинг боласини кўтаргани ҳолда онаси кириб келдилар. Дераза эшикларининг оҳистагина тарақлаб ёпилгани эшитилди. Ҳаммалари Зуннунни қутладилар ва стол тегарасига ўтириб, унинг соғлигига қадаҳ кўтардилар. Хўжайиннинг йўқлигига ачиндилар. «Ундай олижаноб ва кўнгилчан кишининг бу замонда камёб эканини» сўзлаб ўтдилар. Хоним икки гапнинг бирида ўз оиласи аъзоларининг одам болаларига меҳрибон ва улфат бўлганини қайд этиб ўтарди. Хоним ҳирсли ва майлли кўзларини суза-суза Зуннунга қараб олиб: – Биз ҳаммамиз Зуннунни яхши кўрамиз, – деди. – Бу бизнинг оилада энг қадрли киши. Бизнинг ҳовлимизга келган вақтида 12 – 13 яшар бола экан. Энди, мана, кап-катта киши бўлди. Яқинда уйлаб қўймоқчимиз… Шундай-а, Зуннун, азизим? Зуннун уялиб қизарди. – Валя, уялтирма Зуннунни, – деди онаси. Зуннун тез-тез ичкилик қуйиб, уларни ичишга қистарди. Хоним стол устидаги бир чиройлик шишани Мирёқубга кўрсатиб: – Энг севган ликёрим, – деди. – Маст бўлгунча ича бераман… Жуда нафис нарса. – Атайлаб сиз учун олдим! – деди Зуннун. – Зуннун менинг завқимни яхши билади… Хоним катта бир сир айтгандай қилиб тоғ воқеасини айтди: – Биласизми, биз бунда ичишиб ўтирибмиз. Хурсандмиз. Яхши дўстлар тўпланишганмиз. Федя шўрлик нима ҳолдайкин? Биласизми, юз элликта солдат билан, тўп-тўпхоналар билан кетди. Тоғ одамлари жуда мерган келади. Менинг Федям, сиз билмайсиз, жуда ёвюрак нарса. Солдатлардан олдинда ўзи чопиб кетади… қиличини суғуриб! Бирорта сартия қирғиз мэргани отиб қўймасин деб қўрқаман. Хотя сартлар уни яхши кўришади… Ўзингиз биласиз, тилни жуда яхши билади. Сарт китобларини ўқийди. Сартча ёзади. Сартлар уни «Парпи тўра» дейишади… Биласизми, у ўзи ҳам сартларни жуда яхши кўради. Ювош, қўйдай халқ, дейди. Қанча жабр кўрса, қийналса ҳам «худо!» деб тура беради, дейди. Сартларнинг шу диндорлигини, айниқса, яхши кўради. Зуннун хўжайиннинг соғлигига кўтарди. Қадаҳларнинг жаранглашидан мукаммал бир симфония ҳосил бўлди. – Илоҳим, эсон-омон қайтиб келсин… Илоҳим. Юрагим узилиб кетаётир… Биласизми, сартлар ҳам энди айниб қолишди. Кўп ичкилик ичишади. Мастлик қилишади. Янги шаҳар бузуқхоналарида бир-бирига пичоқ солганлари кўп бўлар экан. Маст бўлиб қолса, сарт жуда ёмон ёввойи бўлармиш… Қани, кўтаринг, Мирёқуб, сартларнинг соғлигига… Ичдилар. Хоним бироз алжий бошлади. Бирор соат ўтгач, хонимнинг онаси ўрнидан турди. – Бола ухлаб қолди, энди мен кетай. Яхши қолинглар! – деди. Хоним ҳам турди: – Энди мен ҳам борай. Кундузи кўп юриб чарчабман… Кечир, Зуннун! Зуннун «йўқ, йўқ» деган маънода қўлини чайпади: – Сизга жавоб йўқ, хоним! Сиз – хўжайин томонидан вакилсиз. Ўтирасиз бир оз. Ҳали кўп гаплашамиз. Эртага кундузи ухларсиз. – Ҳа, шундай бўлсин! – деди Мирёқуб. Кампир қизига юзланди: – Сен ўтир, Валя, гаплашиб борарсан. Вақт ҳали эрта, уйга борганинг билан уйқунг келмайди. Ўзинг ёлғиз зерикасан. – Хайр, майли, – деди хоним, – бўлмаса, беш минутга рухсат беринглар. Уйларни беркитиб, эшикларни қараб келай. Чиқдилар. – Мунча сергап экан бу хотин? – деди Мирёқуб. – Грамафон-а! – Энди билдингизми? Жуда очиқкўнгил нарса. Ичиб қизигандан кейин ўзи ҳам очилиб кетди… Мирёқубга яқин келди: – Уйни беркитиб келаман дедими – бўлди. Энди ҳамма гап ўзингизда! Мирёқуб ҳам ароқ қуввати билан қизиша бошлаган эди… Хоним келиб кириб, уйнинг калитини дераза токчасига қўйганда, иккала эркак уни чапак билан олқишладилар. Яна ичиш бошланди. Мастлик авж оларди. Хоним бир тўхтамай гапирарди. Мирёқуб ўзига таниш «империя»ни яна неча марта эшитди. Фақат, энди ундан осонроқ гапни ҳам англайдиган ҳолда эмасди. Кўзлари чўққа айланганди. Хонимнинг кўзлари эса сузилиб юмила бошлаган эдилар. Фақат, айёр Зуннун бошқаларни кўпроқ ичириб, ўзи камроқ ичар, ҳушёрлигини қўлдан бермасиди. – Туринг ўрнингиздан, Мирёқуб ака! – деди у. – Хонимнинг ёнларига ўтинг. Зерикмасинлар… Мирёқуб бироз довдираниб хонимнинг ёнига ўтди. – Мумкинми, хоним? Хоним кўзи билан ёнидан жой кўрсатди: – Пожаста… Мирёқуб ўтирар-ўтирмас қўлини хонимнинг елкасига ташлади. Хоним оғирлашган бошини буриб, маст кўзлари билан эшик томонга қаради. Зуннун уйда эмасди. Шундан сўнг яна Мирёқуб томонига бурилиб, қўлини унинг елкасига ташлади. Яна ичдилар… Хоним ҳамон сўзларди. Фақат, сўзлари томчилаб томизилаётган дори сингари битта-битта тўкилиб борарди. Хоним тамом маст бўлган кўзлари билан гоҳ-гоҳ эшик томонга қарар, Зуннуннинг киришини кутарди. Зуннун кирмади. Яна ичдилар… Яна ичдилар… Мирёқуб шарпа сезиб кўзини очган вақтда, хоним ойна қаршисида сочларини тузатмоқда эди. Мирёқуб ўрнидан турмоқчи бўлиб ёстиқдан бошини кўтарди. Хоним дарров орқасига бурилиб, уни кўргач… қизариб кулди. – Шошмай тур, Мирёқуб, азизим, – деди. – Мен чиқиб кетай, сўнгра турарсан. Қарама менга… Сўнгра секин келиб картга ўтирди: – Энди мен уйга борай. Кўп ичиб қўйибмиз, бошим оғриб ётир… – деди, лабини Мирёқубга узатди. – Кўришиб турайлик, – деди Мирёқуб. Хоним очилиб кулди: – Жоним билан… – деди эшикдан чиқа туриб. Мирёқуб кийиниб ташқарига чиққан вақтида тонг ёришиб келарди. Ошхонадан Зуннуннинг бесаранжом хурраги, йироқлардан хўрозларнинг чўзиб-чўзиб чақиришлари, ҳовли томондан очилаётган эшикнинг шарпаси эшитиларди… Ҳамма уйқуда… Мирёқуб кўчага чиқди. Доим бир-иккита извош тўхтайдиган жойга – уезд маҳкамасининг нариги муюлишига борди. Ўндан ортиқ извошчиларнинг қатор-қатор чизилиб турганларини кўрди. Тўғри бориб биттасига чиқди. Извошчи унга томон бурилиб: – Тушинг, ака, биз бандмиз, – деди. Наридан рус миршаб қичқирди: – Ким у? Туш аравадан! Мирёқуб извошдан тушди. Ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа қаради. Миршаб етиб келиб, извош фонарининг мазасиз ёруғида унинг юзига қаради. Таниган бўлса керак, сизлаб гапирди: – Бу ерда турманг, ака. Бу извошлар банд. Ярадор солдатларни лазаретга олиб боришади. Мирёқуб бошини чайпай-чайпай, эски шаҳарга – ҳаммомга томон пиёда йўл солди. Боши оғирлашган, гаранг, қовоқлари тошдай қотиб кетган, тиззалари ўз-ўзидан букилиб борарди. Унинг миясида яна иккита Мирёқуб пайдо бўлди: бири – терговчи, яна бири – жавобгар. Эски шаҳар билан янги шаҳарнинг ораси йироқ эди. Уюшган, мажолсиз ва бўшанг оёқларини судраб, энг яқин ҳаммомга етиб боргунича тонг отиб, кўча-кўйда одамлар ўрмалаша бошладилар. Лекин қанча эзилган бўлса ҳам Мирёқуб йўлнинг узоқлигини сезмади. Чунки мияси ажиб бир қувват билан ҳаракатга келган ва золим терговчи борган сари забтини ошириб тергарди: – «Хўш, Мирёқуб, кайфинг қалай?» – «Жойида… Кайфим жойида…» – «Ёлғон гапирма, Мирёқуб. Сен терговчи қошидасан. Биз кўнглингда ёзилганларни баралла ўқиб турибмиз. Вексилдан ё ер васиқасидан сен қандай копия олсанг, биз ҳам сенинг кўнглингдан ўшанақа копия олганмиз. Шу учун ростини айта берсанг – ўз ҳайриятинг. Барибир бизни ёлғон гапга ишонтиролмайсан. Хўш, гапир: кайфинг қалай?». – «Кайфим унча жойида эмас…» – «Ҳаббаракалла, гапир, гапир!» – «Таъбим кир, кўнглим айниган, алланарсадан жирканган кабиман…» – «Алланарсаданми? Yo аллакимданми?» – «Билолмадим». – «Яхшироқ ўйла. Аллакимдан бўлмасин?» – «Аллакимдан десам ҳам бўлади. Лекин кимлигини билолмайман». – «Билолмасанг, биз ёрдамлашамиз. Менга қара, кимдан жирканасан? Мирёқубдан эмасми? Нега индамайсан? Нега даминг чиқмай кетди? Биз тўғри айтган эканмиз, бўлмаса? Шундайми?» – «Тўғри айтдингиз, Мирёқубдан жирканаман…» – «Ҳаққинг бор, ҳаққинг бор! Мирёқуб қанча баландпарвоз бўлгани билан, ўз бўйидан ортиқ кўтарилолмайди. Чунки у – бир ит! Олчоқ, паст ва аянч бир ит! У ўз-ўзини гоҳ арслон рангига, гоҳ қоплон рангига, гоҳ шер ва гоҳ эр бўёқларига бўяб кўрсатади. Фақат, оҳакка ағанаб каптарлар орасига киргач, яна ўз овози билан «ғо-оғ, ғо-оғ!» деб юборган гўнгқарға сингари унинг асил итлиги барала кўриниб туради. Доим кўриниб туради. Мирёқуб Акбарали мингбошини ҳақир кўради, хўрлайди, унинг итланишидан кулади. Уялмайди Мирёқуб, хижолатидан етти қат ер остига кириб кетмайди. О… уни ер ҳам ўзининг маҳрам қўйнига олишдан тортинади, чекинади!..» – «Мен ўзимни терговчи олдида деб билиб, фақат саволларга жавоб беришга тайёрланган эдим. Энди кўраманки, ўша терговчининг ўзи қораловчи сифатида чиқа бошлади. Мен нима қилдим энди? Қайси бирига нима дедим?» – «Сен жим тур, Мирёқуб! Биз керак бўлганда сўроқ сўраймиз, керак бўлганда қоралаш нутқи билан ўртага чиқамиз. Сен чидаб тур, Мирёқуб! Сенга Мирёқубни ҳимоя қилишга йўл қўйилади. Сен ҳали сўз оласан, гапирасан. Шошилма! Шошма! Вақтини, соатини кут! Ҳар нарсанинг вақти бор! – «Мен мундай терговчи ва мундай қораловчига жавоб бермасликка ўзимни ҳақли санайман!» – «Нима дединг, қаҳрамон Мирёқуб? Ҳали терговчи билан қораловчига эътирозинг, норозилигинг ҳам борми? Сабаб?» – «Кўп одамлар от билан хачирни ажрата олмайдилар. Бунга ҳеч нарса деб бўлмайди. Бу – мумкин, чунки улар бир-бирларига ўхшаб келадилар». – «Хўш, хўш? Қани, гапир-чи!» – «Аммо от билан эшакни ажратолмайдиган одамлар адолат мансабига ўтириб бировни тергамасин ва қораламасинлар. Бунга уларнинг ҳақлари йўқ!» – «Хўш, Мирёқуб, гапир! Бу хилда гапиришинг бизга ёқади… Хўш, нима демоқ истайсан?» – «Акбарали мингбоши билан тенглаштирилувимга, ҳатто у билан – қай даражада бўлса ҳам – муқояса қилинувимга қаттиқ норозилик билдираман! Ҳақорат бу, сўроқ эмас!..» – «Кўнглингни тўқ тут, азизим: Мирёқуб билан Акбарали мингбоши ўртасида ер билан осмон қадар фарқ борлигига биз қаттиқ ишонамиз! Акбарали – бошқа одам, Мирёқуб – бутунлай бошқача одам…» – «Бу изоҳдан сўнг мен қониқдим. Сўроғингизда давом этингиз!» – «Сен қониққан бўлсанг, у – ўз ишинг. Қониқувингда бўл! Аммо биз ҳали қониққанимиз йўқ». – «Ya’ни?» – «Биз Акбарали мингбошини Мирёқубдан кўра одамроқ деб биламиз…» – «Нима, нима?!» – Мирёқубнинг нафаси бўғзига келиб тиқилди. – «Афсуслар бўлсинки, бу – шундай!» – «Нега шундай бўлади? Нега?» – Мирёқуб шердай ўкирарди. – «Мирёқуб! Сен шу кечани қайда ва кимнинг қўйнида ўтказдинг?» Мирёқуб тутилиб қолди. Қизарди, бўзарди… Қочмоқ истарди. Ўзидан ўзи қочиб кетмоқчи бўларди… Йўқ, киши ўзидан йироқлашолмайди! – «Гапир, Мирёқуб! Кўнглингдан олинган копия кўз олдимизда… Гапирганинг, иқрор қилганинг яхши!» – «… Мен бу кечани нойиб тўранинг ҳовлисида ўтказдим… Унинг ошпази Зуннун ака зиёфатга чақириб эди». – «Шу холосми? Yo яна борми?» – «Шу холос… Эрталаб маҳкама олдига чиқсам, тоғ томондан ярадор солдатлар келганини айтдилар…» – «Раҳмат, Мирёқуб! Бу хабарни биз ҳали эшитишга улгурганимиз йўқ эди… Раҳмат сенга. Фақат, сен бизга айтиб бер: кечани кимнинг қўйнида ўтказдинг?» – «Мен англаёлмадим… Тонг ёришганда уйқудан кўзимни очсам… ўзим картдайдим, яқинимда нойиб тўранинг хотини турган эди. Кечаси кўп ичган эдик, нима бўлганини билмайман…» – «Сен демоқчи бўласанки, у ишлар ҳаммаси ихтиёрсиз бўлди, сен ўзинг истаганинг йўқ. Шундайми?» – «Шундай!» – «Сени қилич яланғочлаган миршаблар ўраб келиб ўша хотиннинг қўйнига ташлаб юбордиларми? Бечора Мирёқуб! Сенга жабр бўлибди. Зиндонга ташлабдилар сени! Шундайми?!» – «Йўқ! Ўзим – ўз оёғим билан келдим… Ўзим истаб отилдим у хотиннинг қучоғига!» – «Ичкилик олиш учун пул ҳам бердинг?!» – «Бердим!» – «Хотин кийиниб чиқиб кетаркан, «кўришиб турайлик» деган ким эди? Билмайсанми?» – «Мен эдим». – «Хотин «жоним билан» деганда, севинган ким эди?» – «Мен эдим». – «Мирёқуб! Адолат тилида шу феълни «босқинчилик» деб таъриф қиладилар: «ўзга кишининг хотинига босқинчилик қилиш!» Акбарали мингбоши бутун умрида шундай бир иш қилганми? Билмайсанми?» – «Қилмаган бўлса керак. Билмайман…» – «Баракалла! Акбарали мингбоши сенга ким бўлади?!» – «Отахон. Валинеъмат…» – «Ўшанинг орқасида катта давлатга эришдингми? Кўнглингдан олинган копия қўлимизда, гапир!» – «Эришдим». – «Хўп. Пошшахон деган номни эшитганмисан?» – «Билмайман. Йўқ!» – «Яхшилаб ўйла. Жуда яхши биласан!» – «Ҳа, биламан!» – «Ким у?» – «Акбарали мингбошининг, агар янглишмасам, иккинчи хотини». – «Тўғри айтасан. Энди сендан эшитмоқчимиз: у ҳам бировнинг хотини эди, унинг эри, ўз иқрорингча, ҳатто отахонинг, валинеъматинг эди. Уни нега йўлдан урдинг?» – «Сиз менга туҳмат қиласиз! Мен уни йўлдан урганим йўқ!» – «Қизимай гапир. Биз сенга қулоқ берамиз. Нечук сен уни йўлдан урмадинг? Сен билан ўйнашиб юрганидан тонасанми?» – «Тонмайман. Ҳақиқатда мени йўлдан урган у ўзи бўлди…» – «Нечик?» – «Рухсат этсангиз, мен биринчи воқеани айтиб берсам…» – «Бизга ҳақиқатни билиш керак. Бўлган гапни айтиб бер!» Мирёқуб бир-икки йўталди, у ёқ-бу ёқа қараб олди, сўнгра сўзга бошлади: «…Мингбошининг бошқа ҳамма хотинлари каби у ҳам менинг оилам билан бориш-келиш қилиб юрарди. Ўзимизнинг сартия расми бўйича, ҳар бир зарурат кўрилганда, дастурхон қилиб келиб бир-бирларини йўқлаб турардилар. Бундан, чамалаб айтганда, тўрт-беш ой бурун, эрта баҳор фасли эди, шекилли, хотиним менга «мингбоши додхонинг иккинчи хотинлари Пошшахон мунча яхши жувон экан! Бизга шундай меҳрибонки, сира қўяқолинг. Тез-тез дастурхон қилиб келади. Ўтириб, гаплашиб, баъзи кунлари ётиб кетади» деди. Мен «мингбоши додхо бу бечорага жавр қилди. Ёш нарса, эри ҳеч хабар олмаса… зерикиб сиқилганидан келади-да» дедим. Хотиним бу фикримни тўғри топди. Бир кун кеч пайт – шомга яқин, бошида дастурхон, дарвозадан кириб келди. Мен ташқарида – меҳмонхона ичида бўлганимдан тезгина деразага яқин келиб қарадим. Паранжисидан ва юришидан билдимки, ўша эди. Мен кавшимни кийиб ташқарига чиққунимча, у ичкарига ўтиб кетди. Орқасидан думма-дум кирдим. Ичкарида ҳеч ким йўқ эди. У ёқ-бу ёқни қаради. – Вой, ҳеч ким йўқ-ку! Булар қаерга кетишиб қолдилар экан? – деди. – Болаларини олиб онасиникига кетди, – дедим мен. – Вой, ўлақолай, сизмисиз? Мен билмабман, бир бориб, гаплашиб ётиб келай дебман. Эсизгина… Ташқарига томон чиқа бошлади. Мен ҳам орқамга бурилиб, ундан бурунроқ ташқарига чиқдим ва айвонча олдида тўхтадим. У ҳам ташқарига чиқиб деволга яқин бир жойда тўхтади. – Эсизгина… Гаплашиб ётиб кетай деб келиб эдим, – деди яна. – Зерикдим… Айтганча, қачон келишади? Эндиёқ келишиб қолмасмикан? – Келса, эртага кечқурун келади. Ундан бурун келмайди. – Қачон кетиб эди? – Кеча кечқурун… – Тўвба! Билмабман… аттанг… Яна қайтиб ўша уйга бораман экан-да. Ўлақолсин… У ёқ-бу ёққа қаради. – Вой, ўлақолай, қоронғи тушиб қолди. Энди қандоқ қилиб уйга кетаман экан? Ёлғиз ўзим қўрқиб ўламан… – Мен бирга олиб бориб қўйсам бўлмайдими? – Вой! Кўча-кўйда кўрганлар нима дейди? Шундан кейин бу хотиннинг тўғри ният билан менинг уйимга келганига гумонсираб қолдим. Шу гумон менга дадиллик берди. Энди гап бошлайман деб эдим, у ўзи сўраб қолди: – Ўзингиз ёлғиз қолдингизми? – Қандоқ қилайлик?.. – Бечора… ёлғизлик қурсин! Ўзингиз биласиз, бошимдан ўтгани учун айтаман. – Дастурхонингизда нима бор? – Жиндак манти қилиб келиб эдим. Бу хотиннинг бир ғарази борлигига борган сари ишончим ортди. Мен ҳам ўзларингга ўхшаган одамман… итлигим қўзғалди. – Мантига жуда устасизлар… биламан. Аттанг, биз еёлмас эканмиз-да, – дедим мен. – Нимага еёлмайсиз? Манг, меҳмонхонангизга олиб кириб енг. Ош бўлсин! Сизга деб пиширганман… Дастурхонни олай деб унга томон бора бошладим. Бирдан: – Вой, ўлақолай! – деди. – Дарвозангиз кап-катта очиқ! Кўчадан ўтганлар гаплашганимизни шундоққина кўришиб турибди. Беркитиб қўйсангиз бўлмайдими? Ҳолбуки, уни дарвозанинг бир қаноти тўсиб турарди, кўчадан ўтганлар фақат менигина кўра олардилар. Бундан ташқари, ўша пайтда кўчадан ҳам ҳеч ким ўтгани йўқ. Мен кўриб турибман. Шу гап, шу муомила, шу ҳимолардан кейин мақомига яраша жавоб қилмасам… ё фаришта бўлардим, ё – жинни! Дарвозанинг нариги қанотини ҳам ёпиб ичидан занжирлаб қўйдим. Шайтоннинг ҳам қўлидан келмайдиган бир кулиш билан кулди: – Вой, ўлақолай, қамалиб қолдим-ку… – деди. Бошидан дастурхонни олдим. – Қани, юринг, – дедим, – чарчагандирсиз… жиндак дам олинг. Овқатни биргалашиб ейлик. Ундан кейин бирор маслаҳати топилиб қолар… Бир-икки қадам босиб тўхтади. – Ҳай, шошманг. Ўзингиз ёлғизмисиз? – Ҳа, ёлғизман. – Ростдан-а? – Нон урсин! – Қарғанманг… ёмон бўлади. Ёлғиз бўлсангиз, сизга бир-икки гапим ҳам бор эди… Отахонингиздан дод демоқчи эдим… Дадил босиб орқамдан кирди. Меҳмонхонада чироғ ёқилмаган, қоронғи эди. Эшикдан киргач тўхтади. Дастурхонни токчага қўйиб: – Қани, ўтиринг! – дедим. – Вой, ўлақолай! Эшигингиз, деразангиз катта очиқ… ўтириб бўладими бу ерда? Дарров бориб деразани беркитдим. Меҳмонхона эшигини ҳам ичидан занжирладим. Чироғни ёқиб эдим, яна қичқирди: – Хотинингиз хотин эмас экан! – деди. – Дераза деган пардасиз бўладими? Шундай кўриниб турибди… Деразага парда тўсдим. – Мана, энди ўтиринг! – Мана, энди… Энди… энди… Шу сўзни чўзиб-чўзиб уч марта қайтарди, сўнгра бирданига: – Сиз ўз акамсиз-ку! – деди. – Сиздан қочиб ўтираманми? Тоза паранжисини ифлос обрезга ирғитди. Эртаси куни тушга яқин дастурхонни кўтариб менинг меҳмонхонамдан чиқиб кетди»… – «Пошшахоннинг мен билан биринчи учрашуви шу хилда бўлди. Мен бўлган гапни гапирдим». – «Бу ҳикояда ёлғони йўқ. Биз унга ишонамиз. Биз…» Бу «биз» сўзи терговнинг бошидан бери жуда кўп такрорланди. Бу ҳол натижасида Мирёқуб ўзини чинакам суд сўроғи олдида тўхтагандай сеза бошлади. Унинг хумор билан куйиб ёнган мияси шошилиш поезднинг ўтхонасидай тез ва соат механизмасидай мунтазам ишларди. Суд олдида тўхтаганига ўзи ишонган ва суднинг ҳар ҳолда ўзига хайрихоҳ кишилардан, яъни бадавлат одамлардан иборат бўлганини билган Мирёқуб энди дадилланди: ҳар бир саволга очиқ ва ўзича тўғри жавоблар бера бошлади. Бадавлатлар суди унга ёмон кўз билан қарамаслиги маълум, негаким, бадавлат одамлар қанча кўп давлатга эга бўлсалар ҳам, яна пул-давлат деган нарсага лоқайд қараёлмайдилар… Пул деган нарса Мирёқубда оз эмас. Ҳали бу терговчиларда ҳар бир бандада бўладиган «муҳаббат» (муллажиринг муҳаббати) йўқ деб ким айта олади? – «Биз Пошшахон воқеасида, шу биринчи кўришувнинг ҳозирланиши ва юзага чиқиши устида сени айбламаймиз. Худди шу бир парча воқеада сенинг айбинг йўқ! Аммо-лекин биз Пошшахонни ҳам айбламоқчи эмасмиз. У шундай қилишга мажбур эди. Бошқа иложини тополмади у ёш жувон… Сенга келмаса, бошқа бировга борар эди. Ҳолбуки, сенга келиш осонроқ… Бу ерда айб бошлича мингбошига тушади. Шу билан бирга, Пошшахон ишида биз сени бутунлай айбламасдан ўтолмаймиз…» – «Нима, нима?» – «Тинч бўл, Мирёқуб! Аввало, сен мингбошига, унинг машру’ хотинига хиёнат қилган бўлмасанг, ҳар ҳолда, ўз хотинингга хиёнат қилгансан…» – «Бу фоний дунёда ўз хотинига хиёнат қилмаган эркак борми ўзи? Бизнинг сартия ўртасида ўз хотини, ҳатто икки-уч хотини устига «бола» асраганлар камми? Хотинимга хиёнатим – биринчи эмас, мингинчи!.. Кўнглимнинг копиясини яхшироқ ўқингиз!» – «Яхши, у жиҳатга ҳам кўз юмайлик. У тўғрида ҳеч биримизнинг пешонамиз оқ эмас… Фақат, Пошшахонни ўша номашру’ муносабат йўлидан тўхтатиб қолиш, унга мингбошидан чиқиб кетиб бошқа – ўзи тенг бир эрга тегиб роҳат яшов имконини бериш сенинг қўлингдан келарди… Сен шуни қилмадинг! Сен…» – «Шошманг, тақсир, шошманг! Нечик менинг қўлимдан келарди?» – «Бизнинг саволларимизга калта-калта ва тўғри жавоб берсанг, масала ўз-ўзидан очилади. Бутун дунёда мингбошига гапи ўтадиган бир киши бўлса, у ҳам сенсан деб ўйлаймиз биз. Тўғрими?» – «Тўғри!» – «Пошшахон бир одам орқали мингбошига ёлворди: «Менга жавоб беринг, бошқа эр қилай. Ҳали ёшман, кўнглимда орзу-ҳавасларим бор. Қолган умрим хазон бўлмасин!» – деди. Ўша одам шу гапни мингбошига эшитдирганда, сен ҳам бор эдинг. Ёлғонми?» – «Рост!» – «Ўшанда мингбоши нима деди?» – «Эсимда йўқ!» – «Кўнглингда ёзилган гапларни эшит бўлмаса: мингбоши жуда кескин жавоб берди: «Менга хотин бўлган киши бошқа бировга ҳам хотин бўлса, мен эл-халқ орасида қандай бошимни кўтариб юраман? Менинг қўлимга тушибди, тақдирга тан бериб ўтирсин. Мендан жавоб йўқ! Мендан бежавоб кетиб кўрсин, қани?» Жавобини тугатар-тугатмас келган одамни ҳайдаб чиқарди. Ёлғонми?» – «Рост!» – «Сен ўшанда бирор оғиз бир нарса дедингми? Десанг, мингбоши кўнармиди?» – «Демадим, эҳтимол, кўнарди…» – «Нега демадинг?» – «Очиқ айта берайми?» – «Албатта!» – «Пошшахон билан танишганимдан кейин мен уни мингбошидан чиқмаслккка кўндирган эдим…» – «Албатта, лоақал ҳафтада бир марта кўришиб турар эдингиз. У сендан хурсанд эди. Фақат, сен нима учун уни мингбошидан чиқмасликка кўндирдинг? Мақсадинг нима эди?» – «Отахонимнинг кўп узоқ яшаёлмаслигини яхши билардим. Юрагида касали бор… Сўнг вақтларда қийналиброқ нафас олади…» – «Биламиз, биламиз. Сўзингни калта қил!» – «Қазо етиб ўлақолса, Пошшахонга уйланмоқчи эдим… чунки мингбошидан тегадиган мерос чакана бўлмасиди…» – «Яхши, жуда яхши… Катта меросга эга бўлишни ҳаммамиз ҳам истаймиз… Бу машру’ ният. Фақат, мингбошининг у катта давлатига, ҳар ҳолда, беш меросхўр бор. Биргина Пошшахонга теккани сени қаноат қилдирардими? Сен, ахир, ўзинг ҳам бадавлат одамсан!» – «Менинг ҳеч бир касбим бўлмаса, савдо-сотиқ қилмасам, қизил қоғоз олган бўлмасам… озгина ер-сув билан нечик бадавлат бўлайин?» – «Бизни алдаёлмайсан, Мирёқуб! Биз сени ниҳоят даражада ҳурмат қиламиз. Бугун ҳузуримизга олиб келиб сўроқ қилганимиз учун сендан кечирим сўрашгача борамиз. Сен – бизнинг оламимизда улкан кишилардансан. Ўруслар сенга ўхшаганларни китобларда мақтайдилар. Сенинг ҳамма ҳунаринг – енг ичида иш кўриб, шунча пул топишингда. Сен завод парракларини айлантираётган кишисан. Фақат, бир жойга бир чақа солиқ тўламайсан. Шундай бўлгандан кейин, сендай улуғ бир одам бир ишни чуқур ўйламасдан қилмайди. Ҳалиги масалада бизга ҳақиқий планингни айтиб бер!» – «…Нима десам? Ҳайронман… Борингки, мингбоши ўлишига яқин унинг Пошшахондан бошқа меросхўри қолмаслиги керак эди. Yo бўлмаса васиятнома бўйича ҳамма мерос ўшанинг номига ёзиларди…» – «Биз ишонамизки, бу нарса сенинг қўлингдан келарди! Яхши, Пошшахон масаласида биз сени айблашдан воз кечдик. Бизнинг оламда мундай дадил ниятларни қоралаш эмас, оқлаш керак!» – «Раҳмат! Энди менга рухсатми?» – «Йўқ. Жиндак шошма! Биз сени нойиб тўранинг хотини тўғрисида чинакамига айбламоқчимиз! Биз…» – «Йўқ, тақсир! Пошшахон масаласида мени оқлаган маҳкама бу масалада қоралаёлмайди. Мантиқ деган нарса бор…» – «Хўш, гапир!» – «Пошшахон масаласида хиёнатим катта эди: ҳам мингбошига, ҳам унинг тўрт меросхўрига… Унутмангизки, шу тўрт киши ичида Фазилатой сингари балоғатга етмаган қиз бола, умр бўйи мингбошига хизмат қилиб ўтган Хадичахон бор… Бу катта хиёнат эди! Бу ишда мени оқладингизми?» – «Оқладик!» – «Ундай бўлса, иккинчи иш тўғрисида бир эмас, минг марта оқлашингиз керак! Нега десангиз, империя – оқ подшодан, нойиб тўрадан ва унинг погонидан иборат экан. Шунча минг фуқаронинг ва ҳам биз сингари бебузоат бечораларнинг ихтиёри, ўзингиз биласизки, нойиб тўрада, яъни «погон» эгаларида, уларнинг бутун инон-ихтиёри эса хотинлари қўлида бўлар экан. Пошшахон – катта меросга эга бўлиш учун бир қурол эди; мерос – давлат демак, давлат – пул демак. Империя – «погон» демак; «погон» шундай нарсаки, доим «пул, пул, пул!» деб туради. Кўплар унинг сўраганини, яъни пулни берадилар, қайтиб ҳеч нарса олмайдилар. Ҳолбуки, иш билган киши погон «пул» деганда беш сўм бериб, уни – ўша погон ёрдами билан – беш юз сўм қилиб олади. Мен шунақа ишларга ўзимни эпчил деб биламан… Кеча кечаси нойиб тўра хотинининг маст лабларига қўндирилган маст ўпишнинг ёлғиз биргина маъноси бор эди: пул! Тақсирлар, мен нойиб тўранинг хотини билан айш-у ишрат қилмадим, ўлай агар! У бизнинг иш устидаги биринчи учрашувимиз, ўз тилимизда айтсак, биринчи бай очишимиз эди!..» Шу сўзлардан сўнг бояги терговчи ва сўроқчилар гўё ўз-ўзларидан эриб йўқ бўлдилар. Суд зали бўшаб қолди. Мирёқуб кўзини очди: Ҳаммом миён хонасининг ён гумбазларидан бири. Ходмигарнинг бўз лунгиси танга дағал-дағал уринади… Бошида муштдай қаттиқ лунги-ёстиқча… Ёнида – бир чойнак кўкчой… Мияда – суд мажлиси, нойиб тўра хотини, номерда кутиб ётган мовий кўзли дилбар… Аллақайдан мунгли, ҳасратли бир ашулла овози ҳаммом акси садоси билан жаранглаб эшитилади: «…Мусулмоннинг иши кофирга тушди-эй, ё-о-р, ё-о-р-ларим…» 11-боб Кун ботишга бораётган вақтда «отахон» билан «болахон» катта дарвозадан кириб бордилар. Айвонда ағанаб ётган Ҳакимжон мингбошини қўйиб Мирёқубга арз қилди: – Юртда ҳали ҳозир тинчлик. Унақа зўр дегундай иш йўқ. Майда-чуйда аризалар кўп, албатта. Уларнинг кўпини ўзим тўғрилаб юбордим. Беш-тўртта каттароқ аризалар бор, уларни ўзимча ҳал қилишга ботинолмадим. Ичкарида аҳвол тузукка ўхшайди. Янги келиннинг отаси икки кеча ётиб, бугун саҳар жўнаб кетди. Қизи, афтидан, анча юмшарган, шекилли: катта кундошлари томонидан ҳам ҳаракат катта… Ҳар кун қорилар келишиб, «чиллаёсин» ўқилиб туради… Хўжайин кетганларидан бери келинчак ўзи ҳам тинчиб қолганга ўхшайди. Тутқалоқ тутмас эмиш. Билмадим, хўжайин келдилар, яна бошланмаса… Кундуз кунлари кулиб, дуторни сайратиб, ашулла ни баланд қўярмишлар. Айтганча, хўжайиннинг учинчи хотинлари – Султонхон ҳам отасиникидан келиб қолибди. «Ҳамма балони ўша қилди» дердилар, ўзи ҳам жуда бўғилиб, нима қилишини билмай, ўтирадиган жой тополмай юрар эканмиш. Энди бирданига жуда бошқача бўлиб келибди. «Ҳамма ҳайрон» дейди. Катта кундошлари унинг бу хилда ўзгаришига сабаб тополмасдан ҳайрон бўлишар эмиш. Дарвозадан – худди яқин ўртоғини кўргали келган қиздай – кулиб ва қувнаб кириб, тўппа-тўғри кичик келиннинг ёнига кирган эмиш. Кечагина қарғаб, сўкиб, «ўлдирсам!» деб юрган кундошини ўпиб, қучоқлаб, силаб-сийпаб бир нафасда иккаласи «қалин дўст» бўлган эмишлар. Энди кичик келин ҳам тез-тез «Султонхон аям қанилар?» деб сўраб турармиш. Бу кичик келиннинг келиши ўша Султонхоннинг бошида бўлаётган найранглар эмасми? Нега бу хотин мундай қилади? Ҳайронман, Мирёқуб ака! – Ҳайрон бўлмай қўяқол! – деди Мирёқуб. – Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Бирданига мундай ўзгарган бўлса, тагида бир гап бор. Ишқилиб, мундан қўрққулик!.. – Шунга ҳайронман-да! – деди яна Ҳакимжон. – Мен бошқа нарсага ҳайронман, – деди Мирёқуб. – Мен Ҳакимжоннинг мингбоши додхога бешинчи хотин бўлиб тегмаганига ҳайронман. – Тилингиз қурсин, Мирёқуб ака! Шу ҳам гапми энди? – Қаердан билдинг бўлмаса бунча икир-чикирни? Бу ҳаммаси хотин киши биладиган гаплар. – Э, Мирёқуб ака! Сиз хўжайин билан бирга, юрасиз шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ – кайф қилиб! Мен бўлсам, қоққан қозиқдай шу жойдан бир қарич жилолмайман. Иш бўлса ҳам шу ердаман, иш бўлмаса ҳам. Бўш вақтим кўп… зерикаман. Ўтган-кетган хотин-халажни, қиз болаларни тўхтатиб гапга соламан. «Бирга минг қўшиб» узатишади. Айниқса, менинг бир дўстим бор: Умринисабиби деган. Баҳрининг онаси бор-ку? Кўп гапни ўшандан эшитдим. – Қўй энди, кечқуруннинг маслаҳатини қилайлик. Бугун кечқурун куёвни бир иш қилиб суйганига қовуштирмасак бўлмайди. Жуда алангаси осмонга чиқиб кетди! Ўзи ҳам хунук иш бўлди. Эл оғзига тушса ёмон бўлади. – Албатта. Ҳали ҳам унча-мунча гап-сўз йўқ эмас. Янги келинни анча бўшашиб қолган дейишади. Хадича холам билан гаплашиб кўринг. Мирёқуб дарвоза олдига бориб Хадичахонни чақирди. Хадичахоннинг айтган гаплари Ҳакимжон берган маълумотнинг айни ўзи эди. Мирёқуб кулиб қўйди… Мирёқубнинг фикрича, энди нозли келинга мингбошининг шаҳарда изҳор қилган фикрини, яъни унинг фақат дутор ва ашулла га ошиқ бўлганини, итлик туғёнлари тўғрисига келганда, уларни астойдил нўқталашга бел боғлаганини эшитдирилса, балки, қиз ҳам «йўқ» демасди; биринчи учрашув тутқалоқсиз ўтиб олса, ундан кейин осон бўларди. Бу мулоҳазани Хадичахонга эшитдирди. Муни эшитгач, Хадичахон узил-кесил ўз фикрини билдира қўйди: – Ундай бўлса, иш жўн, – деди. – Ҳозир кириб гаплашаман. Кечгача хайриятлик хабарини эшитдирарман. Сиз айвонга, куёвнинг ёнларига боринг: жиндек овқат бориди, ҳозир чиқараман. Ўрнидан тургач, бир кўзининг бир чеккаси билан Мирёқубга қаради: – Сизга жавр бўлди, Мирёқуб! – деди. – Мингбоши додхо худди бир гўдак бола, сиз – она… Сиз бўлмасангиз, очидан ўлади у киши… Овқатдан сўнг бир-икки чойнак чой ичилди. Ҳакимжон бир-иккита ариза кўтариб келиб, мингбошидан фикр сўради. – Сира эсинг кирмади-да, Ҳакимжон! – деди мингбоши. – Шу топда ариза қулоққа кирадими? Қулоғим – ичкарида! Эртагача туратур, бир-икки кун кечикса, ҳеч бало бўлмас! Жуда шошилсанг, ана, ана у бетавфиқдан сўрайқол! Хадичахоннинг чақириши билан эшик олдига бориб бир нафасда яна қайтган Мирёқуб мингбошининг елкасига қоқди. Мингбошининг икки кўзи ундан узилмасди. – Суюнчи беринг, хўжайин! Бугун, мана, ашулла эшитасиз. – Шукур-эй! Шукур-эй! – деди куёв. – Оғзингга қант-у новвот! – Билиб қўйинг, хўжайин, – деди Мирёқуб жиддий бир чеҳра билан: – Менга берган ваъдангиз бор-а! Дутор, ашулла! Итликни ташқарида қолдириб кирасиз… Сўнгра овозини пасайтирди ва мулойим қилиб деди: – Рост айтаман, хўжайин. Дастлабданоқ чўчитиб қўйманг… Ёш нарса. Мирёқуб уйига кетди. Мингбоши кеч киргунча ўтадиган «бир неча йиллик» вақтни қисқартмоқ учун қоронғи меҳмонхонага кириб кўзини юмди. Мирёқуб тўппа-тўғри ўз уйига бориб, зарур бир иш билан икки ойлик сафарга чиқаётганини айтганидан кейин, хотинининг қўлига етарлик пул берди. Баъзи бир гапларни тайинлади. Гузарга чиқиб, ўзига қарашли баққолга уйидан хабар олиб туриш вазифасини юклади. У ёқ-бу ёққа бориб ўзининг хусусий ишларини тўғрилади. Хуфтон пайтларида мингбошиникнга келиб, аҳволдан хабар олди. Куёвнинг ичкарида эканини, биринчи кўришув тутқалоқсиз ўтганини, лекин ҳали ҳозирча дутор ва ашулла овози эшитилмаганини айтдилар. Бу тўғрида ҳам кўнгли жойига тушди. Ҳакимжонга мингбоши додхонинг мансабига оид баъзи ишларни тайинлагач, эртага эрта билан яна шаҳарга тушиб чиқмоқчи бўлганини айтиб, у ердан чиқди. Ичкарида хотини йиғлаб ўтирарди. Болалари ухлаган эдилар. Товоқдаги ошнинг кўпи ейилмай қолганлиги кўриларди. Дастурхон устида гурунч доналари кўп эди. Демак, ошни болалар ўзларигина еганлар… оналари емаган… – Нимага йиғлайсан? – деди Мирёқуб. – Шаҳардан бугун келдингиз. Энди икки ойга кетаман дейсиз… Ёш-ёш болаларингиз бўлмаса ҳам майлийди… – Болаларимга етарли пул қолдирдим. Баққолга тайинлаб қўйдим, нима десанг бериб туради. Икки ой узоқми? Лаҳзада ўтади кетади. Иш бўлмаса, юрмас эдим, иш бор, ночор-ноилож юраман. «Иш қилма, пул топма!» де, ишни сен қил, пулни сен топ, мен уйда ўтирай, жон дейман… Хотини жим бўлди. Фақат, йиғидан тийилмаган эди. – Гугурт бер. Меҳмонхонанинг чироғини ёқай. – Мен сизга ана у сўрига жой қилиб қўйдим. Кетадиган кунингиз болаларингиз билан бирга ётинг энди. – Сен ўзинг биласанки, мен ичкарида ётолмайман. Ичкарида ётсам, кечаси билан кўзимга уйқу келмайди. Гугуртни бер, чиқиб ташқарида айвончада ётай. Тинч ухласам, саҳар туриб жўнаб кетаман. Хотин гугуртни узатди. – Тур, ўрта эшикни занжирлаб ол. Хотин индамасдан ўрнидан турди ва узун енги билан кўз ёшларини арта-арта эрининг орқасидан дарвозагача келди. – Қачон уйғотай? Йўлга нималарни тугиб қўяй? – деб сўради хотин хўрликдан овози тутилгани ҳолда. – Ҳеч нарса керак эмас. Ўзим уйғонаман. Ўрта эшик жуда оҳисталик билан ёпилди. Сўнгра яна ўшандай оҳисталик билан занжир солинди. Ундан кейин айвончага етиб қолган Мирёқубнинг қулоқларига яна ўша томондан ҳўнграб йиғлаган бир овоз эшитилди… Меҳмонхона эшигини очиб гугуртни чаққан вақтида, меҳмонхонанинг ўртасида икки қулочини кенг ёзиб… Пошшахон турарди! Бу дафъа Мирёқуб, бир томондан, номерда қолган олтин сочли дилбарни ўйлаб, яна бир томондан, мудҳиш суднинг сўроқларини эслаб, Пошшахонга совуқ муомала қилди. Уни ҳали вақт ўтмасдан уйига қайтиб кетишга қистади. Насиҳат қилган бўлди… Фақат у насиҳатлардан ҳеч нарса чиқмади. Ҳаётида шу номашру’ эрдан бошқа ҳеч бир юпанчи бўлмаган ёш хотин унинг бўйнига маҳкам осилди, шу қадар ҳирс билан осилдики, Мирёқуб унинг иродасига бўйин эгишга мажбур бўлди. – «Бу фоний дунёда машру’ йўл билан битадиган бирор нарса борми ўзи?» – деди Мирёқуб ўз-ўзига. 12-боб Мирёқуб эрталаб уйқудан кўзини очган вақтида, аллақайси станциядан жўнаган поезд у издан бу изга дўқиллаб ўтмоқда эди. Вақт ҳали эрта бўлганлигидан, биринчи класс вагоннинг юмшоқ йўлаги томонидан ҳеч қандай оёқ товуши эшитилмади. Демак, ҳали ҳамма йўлчилар уйқуда. Эҳтиёт билан босиб ўтган бир оёқ шарпаси бир нафасгина эшитилиб, сўнгра узун йўлакнинг чуқурликларига ботиб йўқ бўлди… Поезд станция чегарасидан ўтиб, экин далалари орасига кирган эди. Бир терилган пахталар яна чаман-чаман очилиб ётардилар. Аллақайда бир сигирнинг мунғайиб мўрагани эшитилди. Эшак минган бир йўлчи станцияга томон чопиб ўтди. Кичкина эшакнинг кичкина оёқлари шабнам тушиб намланган тупроқ устида болаларнинг олма парра кегайчалари сингари кўзга илашар-илашмас қимирлардилар. Ундан кейин орқаларида чанг булутларини қолдириб отлиқлар ўтдилар. Сўнгра аравалар, пиёдалар, яна эшак, яна отлар бир-бирини таъқиб этди. Эрта биланнинг совуқ шабадаси сур тупроқ чангларини аста-секин вагон деразаси орқали ичкарига томон сура бошлади. Мирёқуб бир нафасга кўзини юмди. Поезд кескин бурилиш билан чапга қайрилди, чанг булутларига кўмилган қишлоқ кўчаси ўнг томонда қолиб кетди. Олисдаги тоғларнинг нил рангли суратлари гавдаланди. Баланд-паст дарахтларнинг учларида ҳамда кенг толанинг бир қисмида эрталабки қуёшнинг зарчавага ўхшаб ёйилган шуъласи кўринди. Қалин дарахт ораларидаги номаълум қишлоқлардан кўтарилган тутун устунлари у жойларда одамлар яшаганини кўрсатарди. Поезд чапга бурилгандан кейин, совуқ шамол толаларнинг хуш ёқадиган салқинини олиб кириб юзларга урди… Шу топда кўзлар ихтиёрсиз пастга қарайди. Ўз ёзмишини бегона бир осиёликнинг қўлига топшириб қўйган ва машру’ номи ташланиб, қалбаки ном берилганига хурсанд бўлган мовий кўзли гўзал юмшоқ ўринда силкина-силкина ухламоқда эди. Шу кеча айниқса бахтли бўлганми бу жувон ёки ширин тушларнинг сеҳрли қучоғида сузадими – нима бўлса бўлсин – шу топда мулойим кулимсираб жуда чиройлик ухлайди. Бу ухлашнинг чиройлилигини Мирёқуб тушунолмайди, албатта! Бу хотин бутун кеча бўйи жуда тинч ва хотиржам ухлаганга ўхшайди. Бир оёғи тиздан қуйиси букилиб, сўричадан пастга осилибди, бир оёғи унисини қувлаб бориб, сўричанинг қирғоғида ухлаб қолибди. Узун кўйлаги бутун баданини кам-кўстсиз ёпиб туради. Фақат, бир енги тирсаккача шимарилиб қолган… Оппоқ қўллари ва билаклари ўз ёнида – ўз онасининг тўқлисидай – бир чиройлик ухлайди. Мирёқуб жонидан кўзини ололмайди. Юқоридан туриб шу бир сиқим вужудни томоша қилади. «Меники, шу гўзал махлуқ меники, бутун вужуди меники» дейди ва қувонади. Фақат, қулоғи остида капа тикиб ётган терговчи дарров ўз борлигини билдиради: – «Мирёқуб! Қайси кўзинг билан шу чиройлик манзарага қарайсан? Ҳаққинг борми унга бу хилда қувониб қарашга? Сен билан кўришганидан бери бу жувон бошқа ҳар нарсани унутди. Берлиндаги севимли акаси ҳам эсига келмайди. Биласанми, тушида ҳам сени кўраётир у! Сен нонкўрни! Сен бевафо дўстини! Сен уста савдогарсан, биламиз, ҳурматлаймиз! Сен пулни ўйнатасан, пул билан ўйнашасан! У сенинг қўлингдан келади, ортиғи билан келади! Пул билан ўйнашсанг, пулни ўйнатсанг яхши бўлариди. Сен чакки мунақа гўзал махлуқларнинг кўнгли билан ўйнаша бошладинг! Гўзал хотинларнинг кўнгли жонон пиёлага ўхшайди, сендек қўпол кишилар унинг жаранглаганини эшитмасдан туриб синдирадилар… Сингандан сўнг улардан аянч нарса қолмайди дунёда!» – «Мени беҳуда айблайсиз. Мен уни ифлос жойлардан ўғирлаб олиб чиқдим. Энди ҳеч бир ҳаром қўл, номаҳрам қўл теголмайди унга! У ҳозир номусли бир эркакнинг номусли хотинидай тоза…» – «Сен ўзинг-чи? Сен ўзинг? Эндигина қилинган янги гуноҳларинг билан?» – «Янги гуноҳ қилганим йўқ! Ҳали ҳам эски гуноҳларим кетимдан қувалаб юрибди. Ўшалардан қутулай деб қочдим. Қочиб кетаётирман. Бас энди, мунча таъна». – «Ҳар нима десанг, де, икки кун аввал нойиб тўранинг хотини, бир кун аввал мингбоши додхонинг хотини сенинг қўйнингда эди. Энди бугун-эрта бу оқкўнгил махлуққа ҳам чанг соласанми? Қандай ботина оласан?» – «Мен мунга тегмоқчи эмасман, тегмайман ҳам. Сиз билмайсиз, шу хотин билан кўришганимдан бери ўз-ўзимни таниёлмай қолдим!» Мирёқубнинг бу сўзлари тўғри эди. У, чинакам, ҳамма вақт бу хотиннинг ёнида ўтириб, у билан бир хонада ётиб боришга мажбур бўлса ҳам, унга қўл узатиш деган васвасали фикр билан доим курашиб келарди. Белгисиз бир жойда, белгисиз бир замонда, белгисиз шартлар ичида улар иккаласи ўз-ўзларидан қўшилиб қолишлари керак эди. Хотин ҳам шу хилда ўйлаб, шу хилда тушунгани учун ўзини она қўйнида кетаётган каби сезарди. Шу учун бўлса керак, Мирёқубнинг мумкин қадар ўзини четга тортишга уринишларини англаёлмасди. Ҳайфки, улар иккаласи – бир-бирининг тилини яхши англаёлмаганлари учун – йўл қуйи ўйлаб ва ўйланиб боришга мажбур бўлсалар-да, ҳар кунги ўйлари ва ингтиболарини бир дафтарчага ёзиб боришни эсларига келтирмадилар. Улар иккови биттадан «кундалик дафтарча» юритган бўлсалар, мана бунга ўхшаган яхшигина саргузаштнома ҳосил бўлариди. Ж а к о б. (Хотин томонидан Мирёқубга берилган ном). «Билмадим, бу поезд мени қаерга олиб боради? Қримга деб йўлга чиқдим. Белатлар Москавгача. У ерда нима бўлади? Унгача нима бўлади? Билмайман. Нима учун бу сафарга чиққанимни ҳам билмайман… Қишлоққа жўнаганимда тўрт-беш кун турарман деб ўйлаган эдим. Бир кеча ётдим, холос. Саҳар туриб, ҳалиги бўйнимга осилган илонни чиқариб ташлагач, ичкарига кирдим. Хотиним ичкарини супураётган эди. Кўзига қарадим, туни бўйи ухламагани кўринарди. Мен ҳам туни бўйи ухлаёлмай чиқдим… Илон кирган эди қўйнимга! Илонни ўпган ҳаром лабларим билан ухлаб ётган болаларимни ўпай деб қуйига эгилдим, кўнглим чидамади. Кўрпанинг қирғоғини ўпдим. Хотиним кўриб турган эди. «Бу одам биздан кечиб кетаётганга ўхшайди. Ҳатто ўз болаларини ҳам ўпкиси келмайди» деб ўйлагандир, тўлиб-тошиб йиғлагандир. Бечора хотин, билмайдики, болаларимни ўпмаслигим уларни севганлигимдан эди». М а р й а м. (Мирёқуб томонидан хотинга берилган ном, хотиннинг асл номи Мария эмасми). «Yo раббий! Yo раббий! Нима бу? Тушимми, ўнгимми? Қайдаман? Нима ҳолдаман? Кечам нимайди? Бугуним нима? Эртамда нима бор? Жакоб номернинг эшигини очиб чиқиб кетди. Мен дарҳол ичдан қулфлаб олдим. Унинг ўз сўзига қараб лоақал беш кун ўзимни қамоққа ҳукм қилган эдим. Беш кунда беш марта кечаси, ҳамма ухлаганида ташқарига чиқиб келишни чамалардим. Бошқа вақтларда доим уйда, доим шу кичкина, ширин ва ишончли уйда! Беш кун ичида нималар бўлмас эди дейсиз? Кўнглимда ташвишларим йўқ эмасиди: балки, келмай қолади? Балки, мендан айниди? Балки, бир ойдан, бир йилдан сўнг келар? Балки, тез орада келар, лекин ўйлари ва ниятлари ўзгариб, оддий бир «харидор» каби келар, бир соатга келар, ярим соатга келар… Шундай бўлса, мен нима қиламан? Яна ўша ифлос муҳитга қайтаманми? Йўқ. Йўқ! Ўлим ундан енгил… анча енгил. Нима учун мен унга ишондим? Нима учун? Нима учун ёт бир одамнинг қуруқ сўзи билан бутун ниятларим, қасдларим ва хуляларимдан кечдим? Қандай эсипаст хотин эканман мен! Яна қайтиб ботқоққа сакрамоқ учун баландроққа чиқибман… Баландроқ ерга чиқиб туриб – худди денгизга ўзини ташлайдиган ҳопитувчилар каби ўзимни яна ўша хандаққа ташламоқчи бўлибман! Билмабман, ўйламабманки, хандақнинг ичида турган вақтингда одам унинг ҳавосига кўнасан. Фақат, бир марта у ердан чиқилгач, очиқ ва соф ҳавога чиқилгач, тоғ ҳавоси каби тоза ҳаволи тепаларга чиқилгач… қайтиб хандаққа тушиб бўладими? Телбаман мен! Телба! У пули кўп бир савдогар эди, шуни билардим. Нима учун мен унга «минг сўмга чек ёзиб бер, шунда ишонаман!» демадим? Ёзиб берарди. Ундан кейин истар келсин, истар келмасин эди. Мен қўлимда пулим билан йўлда бўлардим… мақсад йўлида бўлардим. Ёзиб бермаса, севмаганлигини билардим, унга ишонмас эдим… алданишдан қутулардим. Мен телба!.. Икки кеча-икки кундузнинг қандай ўтганини билмадим. Чунки ҳалиги хилда фикрлар, васвасалар менга кун бермайлар эди. Ўйлардим, ўйлардим, на йиғлашимни билардим, на кулишимни! Йўлакда, эшигим ёнида эҳтиёт билан босилган қадамлар эшитила бошлади. Ўз-ўзини қамоққа олган ёш ва гўзал хотинга қизиқувчилар топилди, шекилли. Хизматчи овқат келтирган вақтида: «Нимага чиқиб юрмайсиз?» – деди. «Мени сўраган киши йўқми?» – дедим. «Йўқ, – деди. – Ким келмоқчи эди?» «Эрим» – дедим, жим бўлди. Шундан сўнг оёқ шарпалари ҳам эшитилмас бўлди. Тушиммиди, ўнгиммиди? Оҳисталик билан эшикнинг чертилганини эшитдим. Унинг мен билан хайрлашиб чиққанига фақат икки кеча, икки кундузгина ўтган эди. «Беш кундан сўнг келаман» деб эди ўзи. Бу чертиш хизматчининг чертишига ўхшарди. Хизматчи бўлса керак деб, сўрамасдан очдим. У кириб келди! Оҳ, шу азиат! Биз кўришмадик, нима учундир, у қўл узатмади, мен ҳам унутдим. Сўз ҳам айтмади. Соқов каби кириб келиб, қўлидаги билетларни кўрсатди. Хизматчини чақириб ҳисобларни уздик. Дарҳол вокзалга чиқдик. Иккимиз бир уйда ётибмиз. Кўнгилларимиз – бир. Баданларимиз – бошқа. Поезд тез юриб кетаётир. Кўзларим юмилди… Тушимми, ўнгимми?..» Ж а к о б. «Тошкентдан кечаси ўтганга ўхшаймиз. Одамни зериктирадиган қуруқ чўлга кириб борамиз. Вагонимизда янги нусха Тошкент тўпписи кийган, сочини бир энликкина ўстирган, форма кийимли бир одам пайдо бўлди. Калтагина, чиройликкина мўйлови бор… Оқ юзли. Ўзи ҳам чиройлик. Жуда олифта қадам қўяди. Тошкент одамига ўхшайди. Масковчи савдогармикин? Yo закунчими? Yo маҳкамаларда ишлайдиган одамми? Ҳар қалай, ўрис тилига омил бўлса керак, қўлида ўрис газетлари кўраман. Бизнинг хонамиз олдидан бир неча марта у ёқ-бу ёққа ўтди. Синчиклаб қарайди. Билмадим, менгами, Марямгами? Қўрқаманки, кўзлари Марямда! Тошкент савдогарлари олифта бўлади. Оврўпа хотинларини яхши кўрадилар. Йўлдан уришга ҳам эпчил, дейдилар… Менга катта ташвиш ортди. Эшикни беркитиб қўйдим… Хона ичи дам. Марям ўнғайсизлана бошлади. Эшикни қайтадан очиб қўйишга мажбур бўлдим». М а р й а м. «Жакоб мени севадиганга ўхшайди. Севмаган одам мундай қилмайди. Оҳ, агар рост бўлса! Чиройли бир сарт йигити бизнинг хонамизга кўп қарайди. Унга қарайдими, менга? Билмайман. Менга қараса керак. Чунки эркак эркакка нега қарасин? Хотя, сартларда эркак эркакни севадиган одат бор эмиш… қизиқ! Жакобчик, менинг севимли Жакобчигим очиқдан очиқ безовта бўла бошлади. Эшикни бир қур ёпди. Кейин мен бир-икки марта оғир «уҳ» тортиб эдим, очиб қўйди. Оҳ, биз хотинлар! Шу сарт йигити тезроқ гап ташласайди. Жакобни яхшилаб синардим. Тезроқ синасам, кўнглим ўрнига тушса. Шу учун йўлакка чиқдим. Очиқ деразанинг орқасида кетсиз чўл, яланғоч саҳро узала тушиб ётади… Қандай тўйдирувчи якнавлик! Ёлғиз бўлсам, илинчагим бўлмаса, зерикиб ўлардим. Томоша бошланди: орқамдан дарров Жакоб чиқди. Ёнимга ўтиб тўхтади. – Ҳаво яхши-а? – деди. – Чакки эмас, – дедим, кулдим. Бу олов билан ўйнашаётган боланинг бепарво кулиши эди… Сарт йигит ҳам дераза олдида эди. Жакоб унинг томонига ўтиб тўхтади. Поезд станцияда бир оз тўхтаб жўнагандан кейин, сарт йигит ёнимиздан ўтди, бизга қўшни бўлган дераза олдида – менинг қаторимда тўхтади. Шундан кейин секингина Жакоб ҳам ўша томонга ўтди. Сарт йигит нега гап ташламайди? Жанжал бўлармиди? Бўлсин! Жанжал қўзғалади, ётади, фақат, уйғониб «ҳой» деган кўнгил жавоб эшитади: «Лаббай!» Менга шу керак. Сарт йигит, у ҳам – азиат! Хотин кўнглини билмайди. Аччиғим келди, уйга кириб эшикни ёпиб қўйдим. Шошма, шошма! Нима гап? Улар иккови сўзлаша бошладилар. Фақат жанжалга ўхшаган ери йўқ… Яна аччиғим келди. Ну, их!..» Ж а к о б. «Хайрият, Марямга эмас, менга қараган экан. Мен билан танишмоқчи бўлганини сўзлади. Танишиб олдик. Тошкентлик савдогар. Финландияга бораётир эмиш. У қайси мамлакат?» М а р й а м. «Жакоб сарт йигит билан қалинлашди. Энди у бизнинг хонада кўп ўтиради. Мен бир чеккада. Ёнимда Жакоб… Жакобчик. Унинг ёнида – йигит. Русчани жуда яхши билар экан бу йигит. Жакобни хижолат қилди. «Хотинингиз билан таништирмайсизми?» деди, шекилли, Жакоб менга қаради. «Бу кишини танийсанми?» деди. Мен қайдан танийман? Қизиқ! Қўлимни узатдим. «Шарафуддин Ходжаев» деди. Қандай қийин от! Жакоб, Жакобчик… Бу бошқа. Ўзи чиройлик нарса лекин». Ж а к о б. «Саволларимнинг жавобини энди топадиганга ўхшайман. Бу йигит жадидларнинг катталаридан бири экан. Энди «империя»ни сўраб олай дейман. Шундай гапларни гапирадики, кўзим пиёладай бўлди. Мен уйқуда эканман… ғафлат босган экан бизни. Миллат деган нарсамиз бор экан, биз – омилар уни «фуқаро» деб юрганмиз. Бу йигит «миллат» деган вақтида аллақандай ширин эшитилади. Лекин «бу киши кимингиз?» деб сўрагани ёмон бўлди. Нима деб жавоб беришга ҳайрон бўлардим. Ҳали жавоб тополганим йўқ эди. Ўзи ёрдам қилди: «Аҳлиянгизми?» «Ҳа, аҳлиям». Қутулдим! Ундан кейин бизнинг хонага кириб ўтириб, «Аҳлиянгиз билан таништириб қўймайсизми?» деди. Мен Марямдан «танишмисан?» деб сўрагунимча бўлмай, Марям қўл узатиб ўтирибди. Кофирнинг қизи! Ўрганиб қолгансан-а! Хайр, майли, мен бу йигитга ишонаман. Унинг бошида хотин савдоси борлигини пайқаганим йўқ. У ўз «миллати» билан овора. Ҳаддидан ошиб кетса, биз оддий халқ, мушт ҳам кўтара берамиз!» М а р й а м. «Сарт йигити бало бўлди. Жакоб эртадан кечгача ўша билан гаплашади. Мен ҳеч нарса англамайман. Ўз тилларида газетлар ўқишади. Йигит ўрисча газетларни ўқиб тушунтиради. Бир томондан олганда, бу яхши: Жакобнинг фикри очилади. Одам бўлади. Маданийлашади. Фақат, мен уни шу ёввойи ҳолида ҳам севаман, шекилли. Зерика бошладим. Нима қилсам? Китоб топиб ўқий. Жакобнинг юзида ва кўзида ўйчанлик аралаш бир табассум пайдо бўлди. Диққат қилдим: кўнглида ажиб бир олов ёна бошлаганга ўхшайди. Оҳ, ё раббий! Мени севган кўнглидаги муҳаббат олови эмасми? Фақат… ундай бўлса, у ажиб ва ширин кулиш билан кулган кўзлари нима учун менга эмас, бошқа ёқларга, олисларга қарайди? Бошқа севгининг олови эмасми? Оҳ, ё раббий! Yo раббий!..» Ж а к о б. «Бу йигит бошқача чиқди. Мен излаган пир шу бўлса-я? Нима учун мен шу вақтгача жадидларни сўкиб келганман? Агар жадид шу бўлса, нимага мен жадид эмасман, нимага мингбоши жадид эмас, ҳамма жадид эмас?.. Фақат, нойиб тўра бойлардан ерларни, заводчилардан заводларни тортиб оладиганлардан гапирди, улар ҳам жадидларга ўхшаган янги бир тоифа эмиш… Йўқ, мен мундан эҳтиёт билан бир сўраб кўраман. Ўзи айтиб берар. Нойиб тўра билан ўртамиздаги алоқани, нойиб тўранинг мусулмон тилига ва хатига омил эканини, унинг «Империя» тўғрисидаги гапларини гапириб бердим. У ҳам гапириб кетди… гапирди… гапирди… оғзидан ажойиб таъсирлик сўзлар тўкилади. У сўзларнинг ҳар бир донаси кўзимдан бир қават пардани сидиради. Очилдим… Умримда биринчи марта янги танишган бир кишига кўнгил сиримни айтиб бердим. Марям воқеасини мендан батафсил эшитгандан кейин калтагина бир сўз қилди: – Сиз энди бу хотинни қўлдан чиқарманг! Бу – бизнинг бошимизда данак чақаётган бир дунёнинг қизи. Биз буларни кўнгилдан ёмон кўрамиз. Булар – бизнинг душманлар! Фақат, булар ҳаммаси, бутун ҳолда – душман! Якка-якка бўлганда, ораларидан дўст топа оламиз. Яхши дўстлар топилади. Жуда яхши дўстлар… У дўстлар билан оғиз-бурун ўпишар экан, уларнинг чангалидан қандоқ қилиб қутулишни бир нафас ҳам унутмаймиз! Сиз уни ифлос чуқурдан тортиб чиқарибсиз. У муни тақдир этади, ўзининг ёш ва тоза кўнглини сизга тутади. Сизга қарашларидан англайманки, унинг кўнгли кўпдан сизники бўлган! Сиз – бахтлисиз. У ҳам сизни энди сиз учун янги бўлган бир дунёга олиб киради. Сиз унда ҳақиқий оналарни кўражаксиз. Миллат болаларининг бахти ҳақиқий, маданий оналар қўлида бўлмаса, бизнинг оқибатимиз ёмон! Сиз ундан кўп нарса ола биласиз. Сингилларингиз, қизларингизни шуларга ўхшаб тарбия қилсангиз, шундагина вазифангизни бажарган бўласиз! Эскиларнинг тили билан: «қўшоқ қарингиз!» дейман… Қўшоқ қарингиз – миллатнинг, миллат оналарининг саодати учун!.. Бизнинг тилимизни биладиган амалдор ошнангиз тўғрисига келсак… Бизнинг мамлакатимизга рус ҳукумати бир «мустамлака» деб қарайди, яъни мамлакатларнинг ўгайи сингари… Шу учун бу ерга яхши амалдорни юбормайди. Битта-яримтаси адашиб келиб қолмаса… Улардан бизга дўст йўқ… Бизнинг дўстимиз – ўзимиз! Бизнинг дўстимиз – миллат! Улар – миллат душманлари… Биз уларга – душман! Шуни унутмангиз! Мамлакатнинг тарихи, адабиётига оид қимматбаҳо асарларни текинга бериш ҳамда бир рус амалдорига бериш, билмадим, нимага тенг? Менча, бу – миллатга хиёнат! Ундай асарларни сиз тўплангиз, миллий кутубхона ташкил қилайлик. Тўғри йўл – шу! Биздан неча баравар кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб, ўз давлатлари ила Овропанинг, шу маданий Овропанинг марказида, яъни киндиги сингари жойда яшайди. Тошкент трамвайини ўшанақалар айлантиради… Бизнинг бахтсизлигимиз – нодонлигимизда, холос. Миллат уйғонсин, кўзини очсин, ўқисин, билим олсин, маданий миллатлар қаторига кирсин, сўнгра у ҳам ўз давлати, ўз бахти, ўз саодатини қуради. – Миллатни уйғотиш – уйғонганларнинг вазифаси. Мана, сиз, анча эслик, ҳушёр, зийрак одам кўринасиз. Иш биласиз экан. Давлатингиз бор экан. Фақат биргина айбингиз шуки, замон аҳволидан хабардор эмассиз. Газет ўқимайсиз. Шу замонда мундан ёмон гуноҳ борми? Қандай яхши газеталар бор. Оренбургда, Қозонда, Уфада, Бокуда, Астарханда, айниқса, Москавда, уруш битгандан кейин четдан олдириб ўқинг! Боқчасаройга беш сўм пул юборсангиз, бир йилгача ҳар куни «Таржимон» келади. Биласизми, «Таржимон» нима дейди? Шу ерда мен унинг сўзини бўлиб, дедим, чунки жуда пайти келган эди: – Бойларнинг ер-суви, заводчиларнинг заводлари олиниб, яланг оёқларга берилсин демайдими? Шуни айтиб берсангиз. – Сиз социалистларни айтасиз, – деди, – бизнинг орамизда социалистлар йўқ. Биз социалистлардан йироқмиз. «Таржимон» нима дейди? «Таржимон» – жадид газетларининг отаси, Исмоил бобойнинг газети. Энг эски газет… «Тилда, фикрда, ишда бирлик!» – дейди, яъни биз мусулмонлар, турк халқлари, бир тил билан гапирайлик, бир фикрда бўлайлик, бир иш қилайлик, дейди. Мундан яхши нима бор? Бойларнинг ерлари, заводчиларнинг заводи, фабрикачиларнинг фабрикалари билан бизнинг ишимиз йўқ. У уларнинг ўз ишлари. Биз ўқийдиган газетларнинг ҳеч бири ундай демайди. Улар қайта: «Бой бўл! Завод сол! Фабрика оч! Беш минглаб, ўн минглаб рабочи ишлат! Миллий саноатни ривожлантир!» – дейди. «Вақт» газетасининг мутасаддиси ким? – Рамеев. Биласизми у ким? У – миллиончи. Тилла конлари бор. Жадидлардан қўрқманг. Миллатни билинг, танинг, унга хизмат қилинг. Шу билан сиз ҳам жадидсиз. Номингиз миллий тарих бетларига олтин билан ёзилади. Ким пул топма дейди сизга? Мана, мен: Финландияда магазиним бор, Петербургда магазиним бор; ҳар йил ярмаркага бориб иш қиламан. Францияда Лион, Германияда Ҳамбург шаҳарларига бораман. Тери, мўйна, маҳаллий саноат молларини ўтказаман. Дунёнинг пулини топаман. Фақат, менинг ўғлим улоқчи от миниб пойгаларда юрмайди, мендан пул олиб қимор ўйнамайди, менинг топганимни бесоқолга, фоҳишага бермайди. Ўқийди, билим олади, одам бўлади, маданият касб этади. Бир укам – Финландияда, Ҳелсингфорс гимназиясининг 5-нчи синфида. Бир укам – Уфада, машҳур Олия мадрасасида. Акамнинг бир ўғли – Тошкент Реал мактабида. Ўз ўғлим ҳали кичик бола. Финландияда, махсус муаллим солиб берганман, ўқийди… Энди бу жадиднинг гапдан тўхташини истамай қолдим…» М а р й а м: «Жакоб мени унутди. У ҳалиги сартнинг афсуни остига тушди. Нима қиламан мен? Хайр, майли, чидайман. Маданий Жакоб, албатта, тил билмас, ёввойи азиат Жакобдан яхшироқ. У мени хандақдан тортиб чиқарди, энди менинг сабабим билан ўзи ҳам маданий одам бўлиб кетса – қандай яхши! Фақат, зерикдим. Китоб олдим. Журнал олдим. Ўқидим… Ўқийман… бўлмайди. Йўл узоқ. Якнав манзаралар… Зерикишдан бўғиламан… Жакобнинг бўйинига осилиб бўғсам дейман! Ниҳоят, бир рус хотин билан танишдим. Эри Тошкент шаҳрида адвокат экан. Оналарини кўргали Москавга кетаётир. Энди менга ҳам сўзлашадиган одам топилиб қолди. Биринчи, иккинчи, учинчи ва ҳ.к. гапларимиз… севги тўғрисида бўлди!» Ж а к о б. «Қизиқ: гап деган нарса шунча таъсирлик бўладими? Кечагина мен «жадид» деган сўзни эшитсам, белим қайишарди. Юртимизнинг катта, обрўйли, эслик одамлари ҳаммаси жадидларни ёқтирмасиди. «Жадид кофирнинг ашаддийси» дерди Шаҳобиддин домла. Газет ўқийтурган битта муллабаччани мадрасадан расво қилиб ҳайдаган эди. Шаҳардаги катта бойларимиз бўлса улар тўғрисида «тирранчалар», «ҳаромилар» демаса гапиролмасиди. Мана, мен энди жадидни кўриб ўтирибман. Эрта-кеч гапига қулоқ соламан, қулоғимни унинг оғзидан узиб ололмайман… Бир ёмон жойини кўрганим йўқ. Гаплари ҳаммаси маъқул. Бировнинг мол-мулкига чанг солатурганга ўхшамайди… Ўзи ҳам бадавлат одам. Ҳалол касб қилиб пул топишни, дунё орттиришни билар экан… Бу ёмонми? Агар жадид шундай бўлса – мен ҳам жадидман… Фурсатни тўғри келтириб туриб: – Империя нима дегани? – деб сўрадим. – Нега сўраб ётибсиз? – деди. – Ўзингиз билган амалдор ошнам бир кун «Империя ботиб боради» деди, шунда жуда хафа бўлиб гапирди. – Унинг Империя дегани ўрис подшосининг қўл остидаги юртлар. Унда ҳар қайси миллатдан бор, шу қаторда биз шўрликлар ҳам бормиз. Улар, уруш муваффақиятсиз битса (шу сўзини тушунолмадим), ўша юртларнинг парча-парча бўлиб бўлиниб кетишидан қўрқадилар. Русияни, шу қулоч етмас кенг ўлкани, қилич кучи билан, қозоқ ўриснинг найзаси билан қўрқитиб, бутун ҳолида қиёматгача ушлаб қолмоқ истайдилар. Соғим сигирни ким истамайди? Оппоқ, ширин сути бор… – Ниманинг сути бор? – деб сўрадим мен. Кулди. – Сиз-биз соғим сигирмиз, бизнинг ширин сутимиз бор, руслар ва бошқа ажнабийлар «бизни» эмиб ётадилар. Бир биз эмас. Қарангиз: Ҳиндистон, Шарқий Туркистон, Тунис, Жазоир, Мағрибистон, яъни Марокаш… Миср ҳам Англия қўлига кириб битди. Энди аста-аста Туркияни бўлаётирлар. Бутун ислом олами, мусулмон ўлкалари бирма-бир ажнабийлар қўлига ўтаётир. Қарангиз: Эронни, бир томондан бизнинг иванлар, бир томондан – «Маккор Албиён» уз нуфузлари остига олдилар. У гапиради, гапиради. Мен ҳайрон бўламан. Мунча номларни қайдан билади? Ҳаммаси қандоқ қилиб эсида туради? Ҳаммасини ўз кўзи билан кўрганми? Yo мени лақиллатиб, ўз ичидан чиқариб айтадими? Ҳали Финландияда бир шаҳарнинг номини айтди, тил ўлгурни бир мундай эпга келтириб айтиб бўлмайди… Ҳар қалай, бу хотин менга ҳеч нарса бермаганда ҳам розиман. Кўзимни тўсиб ётган пардаларни олиб ташлади-ку. Фақат… Марям аллақайси бир уйда бир хотин билан танишиб олиб, бизга ўхшаган суҳбат бошлади. Бир хабар олиб қўяй, суҳбатларига бирорта бегона эркак ораламадимикин? – Мен бир хотинимдан хабар олиб келай! – дедим. Ёнидан жилдим. Борсам, Марям китоб ўқиб ётибди, нариги диққат билан қулоқ солади. Бир эркак бор, юқори сўрида ухлаб ётади. Хайр, майли, зерикмасин бечора Марям. Яна жадиднинг ёнига қайтдим. У бирданига сўраб қолди: – Сизнинг мусулмон хотинингиз ҳам борми?! – Бор… йўқ, янглишдим: бор эди… – Ҳар ҳолда, мусулмон хотин билан туриб кўргансиз-ку?! – Ҳа… албатта. – Энди, мана, тарбиянинг нималигини ўз тажрибангиз билан биласиз. Тарбиясиз, онгсиз ва нодон мусулмон хотин билан тарбиялик маданий оврўпалини солиштириб кўрасиз. Фарқ ер билан осмон қадар! Дарҳол билинади. – Ҳали ҳам ўғлимни ўрис мактабига бераман деб қўйдим. – Бу фикрингиз хато. Ибтидоий тарбияни рус мактабларидан бошлаб бўлмайди, уни миллий мактабларда бериш керак. Илгари миллий ҳиссини ўстириб, ўз миллатини танитгандан кейин рус мактабига бериш керакки, ҳунарга, ихтисосга тегишли илмларни ўқисин (бу одамнинг гапларида шунақа мен англамайдиган сўзлар кўп: у ўзи ўйламасдан гапириб кета беради. Тез-тез тўхтатиб сўрашга мен уяламан. Баъзи сўзларни англамасам-да, ҳамма гапларини англайман. Газет ўқий берсам тушуниб кетарман). Ундан кейин Германия, Франция, Англия мамлакатларига, ҳатто дунёнинг нариги чекасидаги Амриқога юбориб ўқитиш керак… Ўрусларда илм кўп. Ўруслар – мутараққий миллат. Лекин улар ўзлари ҳам асл илмни ўша ёқдан оладилар. – Шундайми? – Шундай. Мана бу уруш тугасин, Финландияга бир келинг. Ундан нари биргалашиб Германияга ўтамиз, Францияни кўрамиз, Англияни томоша қилиб келамиз. Шундан кейин жадидларнинг нима демоқчи бўлганини биласиз… – Мен ҳали ҳам сизнинг гапларингизга қойил келиб ўтирибман… – Қойил келган бўлсангиз, миллатга хизмат қилингиз, ғафлатда қолган халқни уйғотингиз, янги мактаблар очингиз! Болаларингизни янгича ўқитингиз. – Албатта, албатта. Бундан кейин шундай қиламан энди. Кўзим очилди… мен ҳам тараққий қилиб қолдим… Миллатни одам қилишга уринаман энди… – Ҳаббаракалла! Сиз Абдисамат мингбоши деганни танийсизми? – Ўзимизнинг Абдисамат калми? Танийман. Қишлоғи бизга яқин. – Ана, ҳақиқий миллат ходими ўша! Ҳамма мингбоши ва амалдорларимиз ўша одамга ўхшаса, миллат тез тараққий қиларди. – Қизларини янгича ўқитади деб эшитаман. – Қизларини янгича ўқитиш учун Уфадан махсус муаллима олдирган. Ҳозир ўша муаллимага ўз уйида янгича қизлар мактаби очиб бермоқчи бўлибди. Яқинда юқорига ариза бериб, «усули жадид» мактаби очишга рухсат олди. Тошкентдан биз муаллим жўнатдик. У одам – миллатнинг отаси! Ҳаммамизнинг отамиз! Кўрсангиз, салом айтинг. Ҳамма жадиднинг орзуси ўша одамни бир кўриш! Марям чақирди. Билмадим, нима гап. Бу тўйилмас суҳбатни бўлиб чопдим». М а р й а м. «Қарта ўйнаб-ўйнаб зерикдим. Жакоб мендан тамом кечиб юборди… Жинимдан ёмон кўраман у маданий сартни! Ер ютсин уни! Қартада фол очсам, бир-бир кетин «бахтсизлик» (несчасте) чиқади. Қўрқиб қолдим. Демак, менинг Жакобимни тортиб олажаклар! Маданиятдан ёмон нарса борми экан дунёда? Ҳатто маданийлашган сарт ҳам эртадан кечгача валдирашдан бўшамас экан… Чидаёлмадим. Чақирдим. Келса, чинакам гаплашиб, масалани ҳал қиламан. Ана, келаётир… келди. Жакоб!!» Ж а к о б. «Уйга келиб киришим билан, «Жакоб!» деб бўйнимга осилди. Эшик очиқ, ҳамманинг кўзи бизда! Ана, ҳўнграб йиғлай бошлади! Бошимга бало бўладиганга ўхшайди. Менинг фикрим ҳозир бошқа ёқларда, бошқа кўчаларда. Марям муни билмайди… Ҳар қалай, силаб-сийпаб юпатдим. «Бир оздан сўнг қайтиб келиб, туни бўйи сен билан гаплашиб ўтираман» дедим. Кулимсиради… Йўқ, шу кулимсирашидан кечиб кетолмайман!» М а р й а м. «Ҳеч нарса деёлмадим, тилим тутилди… Бўйнига осилиб йиғладим. Эркалатиб, юпатиб, ваъда бериб кетди». Ж а к о б. «Москавда бир-икки кун тўхтаймиз. Шу вақтда Марям масаласини бир ёғлиқ қилиш керак. Шунга жазм қилдим. Унгача Марямни юпатиб бориш керак. Марям масаласи – кичкина масала. У осон ҳал бўлади. Аммо миямда пайдо бўлган фикрлар мени қаерга олиб боради? Шунга ҳайронман». М а р й а м. «Жакобчикнинг менга муомиласи ўзгарди. Қандай бахтлиман! Фақат… «У менинг кимим, нимам? Уни мен севаманми?» деган саволлар миямни тинталайди. Кейинги саволнинг жавобини ўзим беришим керак. Энди бу тўғрида қатъий бир фикр айтадиган вақт келди. Соддалик бас энди! Бир нарса дейишим керак. «Севаманми, йўқми?» Ўзимга берадиган жавобим Москвагача берилмаги лозим!» Ж а к о б. «Оренбургдан жўнаб эдик, ширин сўзли «жадид» шаҳарни кўрсатди. Қарадим. Шаҳар орқада қолган эди… – Бу ерда бир мадраса бор. Номини “Ҳусайния” дейдилар. Уч қават, европача иморат. Унда жадид илмлари ўқилади. Биласизми уни ким солдирган? Жадидларнинг энг катта отахонларидан Аҳмадбой Ҳусаинов… Жуда бой одам эди. Усули жадид мактабларига кўп пул сарф қилди. Миллатга қилган хизмати саноқсиз… Бизда ҳам шундай бойлар бўлса? Анжонда Миркомилбой бор. Эшитгандирсиз? Миллат йўлига бир чақа бермайди. Жоҳил!..» – У нима, бир оми эшак-да… – дедим мен. – Тараққий қилган эмас… Газет ўқимайди… Темир кўприкдан ўтиб, daraxtzor ичига кирдик. Ўрмон дарахтлари сарғая бошлаган эди. – Менга қаранг, – дедим мен, – жадидлар ҳам «бойларнинг ер-суви олинсин» дер эмиш-ку?! Биров менга шундай деди, жуда ишонтириб айтди! – Йўқ, йўқ! Асло! Илгари хам айтиб эдим-ку: улар – социалистлар. Жадидлар социалист эмас. Асло! Асло! Эндигина Аҳмадбой Ҳусаинов тўғрисида гапирдим. Шундай одам жадидларнинг отаси саналади… – Ундай бўлса, жуда яхши, – деб қўйдим мен. – Ори рост, – деди жадид. – Илгари жадидлар орасида ҳам, ҳалиги айтганингиздек, социалист бўлиб юрганлар бор эди. Чунончи, татарлардан Аёз Исҳоқий. У бир неча йил бурун бойларга қараб аюҳаннос тортарди. Ҳозир Москавда бойлардан ёрдам олиб газет чиқаради. Холисанлилло миллатга хизмат қилади… Москавга борсангиз ўша газетни топиб ўқинг… «Сўз» газети… жуда яхши газет! Кўнглим бирмунча тинчланди. Жадидларга энди ишониб қолдим. Улардан ёлғончи чиқмайди. Яхши одамлар! Марямга ваъдам бор эди, вагонда чироғлар ёқилгач, хайрлашиб уйимга кетдим». М а р й а м. «Бу кеча Жакоб мен билан бўлди. Чала-чулпа у гапирди – мен англадим, чин кўнгилдан мен гапирдим – у англади. Англашдик. Қандай бахтлиман мен! Ҳеч шубҳа йўқки, Жакобнинг ўхшовсиз кўзлари бор… қоп-қора, ўйноқ, жонли! Йўқ! Мен у кўзлардан кечиб кетолмайман!.. Нима бу? Иқроримми? Севганимни иқрор қилдимми шу билан? Севаманми мен уни? Севаманми? Йўқми? … Севаман! Лекин… у севмаса? Мендан оладиганини олиб қўлимга чек узатса? Муни ўйлашдан ҳам қўрқаман! Лекин… Севишга ҳаққим бор! Севаман! Нарисини билмайман!..» Жакоб. «Жадид яна Марям масаласига тўхталди. Кўп гапирди. – Юртингизда қолган болаларингизнинг тарбиясини шу хотинингизга топширинг! Одам бўлади улар. – Миллий мактабда ўқимаганлар-ку?! – дедим. – Ундай бўлса, давлатингиз бор, хусусий бир муаллим ё муаллима олинг. Тез бўлади. Сиз агар Қримга борсангиз, Боқчасарой деган ерга тушинг. «Таржимон» газетасини излаб топинг. Ўша ердаги устодлар билан гаплашинг. Балки, муаллим, муаллима хусусида сизга ёрдам берадилар, йўл кўрсатадилар. Қўлимга газетнинг номини ёзиб берди. Мусулмонча хати хунук экан… Марям масаласини Москавда ҳал қилишга тўғри келади. Янги кўришган куним чизилган режалар бузилди… Энди уни Москавда ташлаб, ўзим яна ўз юртимга қайтиб кетсамми? Жадиднинг сўзлари мени қўзғатиб қўйди, унинг сўзларини мен ҳам бошқаларга худди ўшанинг ўзидай чиройлик ва таъсирлик қилиб гапирсам дейман. Одамларнинг кўзини очсам дейман. Йўқ… бўлмайди. Марямни ташлаб кетиш қўлимдан келмайди. Шошма, жадид домла ҳам Марям тўғрисида кўп нарсалар деди-ку! «Миллат оналари етказиш учун ғайримиллатнинг оналаридан ўрнак олайлик» деди. Ҳали Марямнинг ўрнак бўлиши бор… Йўқ, уни ташлаб бўлмас. Қани, Москавга борайлик-чи. «Эртанинг ғамини эшак ейди». Ана, Москав атрофидаги ёзлоқлар ҳам бир-бир кетин ўта бошладилар». М а р й а м. «Москвага яқинлашиб келамиз. Ана, дачалар… баланд иморатлар… катта шаҳар… Фақат, кўнглимни бир қистов, бир хафалик чангаллайди. Алланарсанинг белгисиз ташвиши, андишаси бор… Нима у? Айрилиқ! Йўқ, мен айрилиб кетолмайман!» Ж а к о б. «Озода мусофирхоналардан бирига тушдик. Иккимиз икки хонадамиз. Марямнинг кўзларида ҳақорат қилинган бир қараш пилпиллайди. Бечора… Жадид кетди. У билан вагоннинг ўзида хайрлашдим. Шундан кейин кўрмадим. Энди, унинг ширин овози қулоғимдан йироқлашгач, таъсирли сўзларининг шошилиш оқими узилгач… у сўзларни эс тарозисига солиб кўраётирман. Ростми у гаплар? Ёлғон эмасми? Бир мусулмон одамни дин йўлидан, ота-боболар, бурунгилар йўлидан чиқариш учун ғайридинлар томонидан қурилган тузоқ эмасми? Бу йигит намоз-ниёзни билмайди. Қиёфатида мусулмонлик асари йўқ… Домлаларимизнинг айтганлари ростми экан? Нега мен у йигит билан баҳс қилишмадим? Йўқ, у билан баҳслашиб бўлмайди. Унинг гапларига гап топиб жавоб бериш қийин. Унинг гапларига ҳеч ким жавоб айтолмайди. Қани, кўрайлик, нима бўлар экан. Қримга бормай иложим йўқ. Мен Марям учун бўлса ҳам бораман. У ерда жадидларнинг катталари бор эмиш. Уларни кўраман, гаплашаман. Агар жадидларнинг асоси пуч бўлса, Халифайи Рум жадидларга тарафдор бўлармиди? Ҳамма тартиб, низом ўша томонда дейди-ку. Янгича ўқиш Румдан келган… калта кийим Румдан чиққан… румча ёқалар ўша томондан келиб расм бўлган… Ғалати аҳволга тушиб қолдим мен. Миям ғовлаб кетмаса деб қўрқаман. Илгари тинчгина пул топишимни билардим. Ота-бобомиз юрган йўлдан бора берардик. Энди аллаким чиқиб, «ота-боболарнинг йўли эгри эди, тўғри йўл бу ёқда!» дейди. Одам ишонадиган қилиб айтади. Шу икки йўлдан бирини танлаб олишим керак. Бирданига икки йўлдан юриб бўлмайди. Яна жадидлар билан кўп сўзлашмоқ керак. Газет ўқиш керак. Ҳар кун-ҳар кун янги-янги газетларни ўқиш керак. «Москавда яхши газет бор» деган эди, шуни ахтариб топай. Янгича китоблар топиб олиб, уларни ҳам таталаб кўрай. Майли, ишқилиб, кўзим очилсин. Билинмаган нарсаларни билай. Кўп нарса ўрганай. «Билган билмагандан яхши» дейди жадид. Мана бу гап – ҳақ, лекин!» Марям. «Москвагача Жакоб мен билан бўлди. Муомаласи бутунлай ўзгарди. Қарта, ўлгур, алдадимикин? Ўзим янглиш очдимми? Yo тескарисига айтадиган қартамикан? Фақат, нима учун номерда икковимиз икки хонага тушдик? Демак, Жакоб мен билан айрилишмоқ истайди. Агар кўнглида муҳаббат бўлсайди – шаҳарда уч кеча бирга бўлдик, йўлда олти кечани бирга ўтказдик – менга яқинлашарди. Мен қаршиманми яқинлашса? Yo пул бериш керак деб қўрқармикин? Мен ҳозир пул деган нарсани ўйламайман. Истаса, ўз пулларимни ҳам бераман. Фақат, ҳайдамаса бўлди! Мен шошиб қолдим. Нима қилишимни билмайман. Бу Жакоб жуда берк одам, ҳеч нарсасига тушуниб бўлмайди. Японларни шундай бўлади, дердилар. Бу ҳам Осиё боласи эмасми? Ҳаммаси бир бало!.. Хўп… иккимиз бир хонага ҳам тушдик, у келиб мени ўпди ҳам дейлик… қучоқлади ҳам дейлик… Албатта, у ҳолда мен ўзимни тутолмайман… у ҳам тутолмайди… Фақат, натижа? Натижа нима бўлади? Одатда, эркаклар шундан сўнг совунадилар. Бу ҳам совунса… Қўлимга чек узатса… Хайр-маъзур дегани бўлади! Йўқ, йўқ! Чеки қурсин! Пули қурсин! Истамайман!.. Чора нима, чора? Билмайман… Менда нима ихтиёр? Мени сотиб олган у, пул унда… Ихтиёр унда… Ўшанинг оғзига қарайман-да. Кет дермикин ўша оғиз? А?!» Жакоб. «Қрим санаторияларидан иккитасининг адресини олдим: «Икки кишилик жой борми?» деб телеграмм бермоқчиман. Телеграммни ёздирай деб эдим, бўлмади… Чунки икки жойми, бир жойми? Илгари Марям масаласини ҳал қилиш керак. Мен учун-ку, у масала ҳал бўлган, фақат у нима дейди? «Пулимни бер, кетаман» дейдими? Yo мен билан умр қилишга унайдими? Ҳозир бориб тўппа-тўғри сўрасамми? Сўрай. Йўқ! Сўз билан сўраш бўлмайди… Қани менинг чек дафтарим? Ҳа, мана. Ўрусча ёзишни билмайман-ку. Бўлмаса, сифрини ёзиб тагига қўл қўяй… бўлди!» М а р й а м. «Жакобни куни бўйи кўрмадим. Овқатдан кейин ўз уйига чиқиб кетди. Анчагача кутиб ўтирдим, кирмади. Нима бўлади бу ишларнинг охири? Мен ҳайдаладиган бўлдимми? Ўзини бу қадар четга олишидан, оғир ўйчанлигидан қўрқаман. Соат неча? Ҳў-ҳў… 11 га яқинлашибди. Кеч кирганда ёмон ухлабман. Жакоб ётиб қолгандир энди? Эрта билангача яна жудолик! Энди ўрнимдан турсам… бир ваннахонага чиқиб… яхшилаб ювинсам. Ундан кейин бир нарса еб… пастга тушсам… Зерикдим. Бахтим йўқ менинг! Хазон вақти… табиат аста-аста ўлиб боради… Шундайда менинг ўлук кўнглим тирилди. Яна ўлиш учунми?.. Бир яхши совуқ сувки! Роҳатлар қилдим. Бу нима? Yo тавба! Мен чиқиб кетгандан кейин Жакоб кирганга ўхшайди… Чек! Тамом! Шўрим қуриди…» Ж а к о б. «Бир қучоқ газет олиб келиб ўқидим. Тили ғализроқ… тез чарчайман. Шу кеча Марям билан бирга ётиб, эрта билан қўлига чекни берай деб эдим, кейин мулоҳаза қилдим: мундан «Ишинг битди. Хайр энди!» деган нарсани англамасин, дедим. Чекни аввал бердим. Англармикан? Бир оздан сўнг уйимни қулфлаб ёнига бораман». Марям. «…Қанча йиғласам, шунча дармоним қурийди. Қрим саёҳати пешонамга ёзилмаган экан. Бир кеча-икки кеча, кет дегунча, бирга бўламан. Мендан оладиганини олади… Сўнгра пулни олиб чиқиб кетаман. Яна бурунги хуля: Петроград. Германия… акам. Фақат у хулядан шу қадар қўрқаманки! Нима қилай, сарт йигити йўлдан урди. «Сарт хотинингни ташлама!» деди, шекилли, тағин зиёли. Иблис! Мен қароримни бердим, қатъий қарор: мен уни севамн. У мени қуваётир. Майли, бир-икки кун тамоман меники бўлади. Севган одамим билан икки қиёмат кечани ўтказганман деб, шунга қувониб юрарман! Бўлди! – Тухум қовурмасими? Майли, беринг. Бир шиша портвейн ҳам қўшиб келтиринг! – дедим хизматчига. Оҳ, май! Кўнглимда бир нашъа пайдо бўлди. Негадир севинаман. Эшикни чертдилар. Ким у? Жакоб!..» Жакоб. «Кирганимда кечки овқатни еб битирган экан. Май ҳам ичибди. Ўзи хурсанд! Тушунганга ўхшайди. Шунда ҳам шошилмоқчи эмасман. Илгари бир олдидан ўтиб, баъзи вазифаларни бўйнига қўйиш керак деб биламан. Туриб келиб бўйнимга осилди. Мастлик билан жуда қаттиқ, жинниларча осилди. Мен ҳам муқобала қилдим… Фақат бироздан сўнг қўлини бўйнимдан олиб қўйиб: – Ўтир, – дедим. – «Мени қувма, Жакоб! – деди. – Мен сенга бир-икки кечалик меҳмонман! Шу икки кечанинг ихтиёри менда! Мен – жинланганман, мен – ўтман, оловман! Қарши келма менга!» Кулдим. – Мен сенга хотин бўл деб таклиф қилмоқчиман. Сен нега меҳмонман дейсан? Yo мен билан бирга яшашни истамайсанми? Ранги ўчди. Кўзлари ёшланди. Қалтироқ босди. Нафаси ичига тушди. Ёнига ўтиб эркалатдим. Сўнгра ўзига келди. – Ўнгимми, тушимми? – деди. – Рост айтасанми? Yo ҳазилми? Мунақа ҳазиллар одамнинг ўлишига сабаб бўлади, Жакоб! – Биласанми, Марям, менинг икки қизим, бир ўғлим бор. – Бўлсин. – Катта қизим 12 да, қолганлари ундан кичик… – Жуда яхши. – Болаларнинг саодати учун хотинга жавоб беришга тўғри келади. Бошқа чора йўқ. Қизларни-ку бермас, ўғлимни оламан-у, тарбиясини сенга топшираман. Нима дейсан? «Рост айтасанми» деганни қилиб кўзимга қаради. Мен «рост» деган маънода бош тебратдим. – Мен сеникиман. Нима десанг шу! Икки кишилик жой сўраб, санаторияга шошилиш телеграм жўнатдик. Дераза ёнидаги кенг ва юмшоқ курсига ўзимни ташладим. – Энди меники бўлдингми, Марям? – дедим. Тотли-тотли кулимсираб келиб қаршимда тўхтади: – Кўришган кунимиздан бери! – деди. Ўзи жуда сокин ва ювош эди. Телбаларча қутуришлари кўринмасиди. Кўп интизордан сўнг севганига қовушадиган ҳароратли жувонга ўхшамасиди. Нечундир кўпдан бери эр билан яшаб келган бир оила хотинининг сокинлиги бориди. Илиқ сокинлик… – Тугмани бос, – дедим. Хизматчи келди, соат 11 бўлиб қолганига қарамасдан, ваннани қизитишга буюрдим. Номер халқи пулни яхши кўради. Битта уч сўмликни олиб, бир нафасда ҳозир қилди. Марямнинг пардози узоқ кетишини билганим учун бемалол ювиниб чиқдим. Мен чиққунча Марям кийиниб бўлган эди. – Соат неча? – деб сўрадим – 12 дан бир оз ўтибди. : – Қани, юр бўлмаса! Кўзлари олайди! – Қаерга? Ярим кечада-я? – Юрабер, сен меникисан. Яна тотли-тотли кулди. Москавда нўғойларнинг мачити борлигини тошкентлик йигитдан эшитган эдим. У йигит шуни айта туриб ҳам жадидлигини қилди: «Кўрдингизми, – деди, – динли бўлиш либосга қарамайди. Бизнинг жоҳил уламо кимнинг салла-чопони бўлса мусулмон дейди. Ҳолбуки, мусулмонлик кийимда эмас, қалбда, дилда. Рус тилида бўлса ҳам беш вақт намозларини тарк қилмайтурган мусулмонлар бор». Ярим кечаларда биз – икки телба таъқибдан қочган ўғридай Москав кўчаларида от қўйиб кетдик. Имомни уйғотиб чиқдилар. – Никоҳ, ҳазрат, – дедим, нўғойлар домлаларни «ҳазрат» дер эканлар. Бир менга, бир унга қаради. – Сиз-ку мусулмонсиз, биламан. Бу хоним мусулмонми, йўқми? – деб сўради. – Ҳали ҳозирча йўқ. – Қандай бўлар экан? Уйқули кўзлари билан менга қаради. Битта ўн сўмликни узатдим: – Мусулмончилик – аста-секинлик, ҳазрат. Аста-аста йўлга солиб оламиз. Пулни олиб, докторлар сингари қарамасдан киссасига солди: – Воқеан, – деди ҳазрат, – шариатда ҳам жавоб борку-я… Кўп ўтмасдан сўфини чақириб чиқди. Уни шоҳид қилиб туриб никоҳимизни ўқиди. Сўфига ҳам бир нарса бердик. Шу билан менинг номим ўзича қолиб, янги хотинимнинг номи «Биби Марям Ойша қизи» бўлди… Ойша қизи билан эр-хотин бўлиб, уйга қайтган вақтимизда соат иккига яқинлашиб келарди». М а р й а м. «Yo раббий! Никоҳ ўқитиб келдик, никоҳ! Мен агар бошим айланиб йиқилсам, ҳеч бир таажжуб қиладиган жойи йўқ. Мундан бир неча соат бурун кўз олдимда ўлимдан бошқа ҳеч нарса кўринмасди. Кўзимдаги туман бошқа нарсани кўрсатмас эди. Ҳолбуки, ҳали ёш эдим ва яшамоқ истардим!» Энди – никоҳ! Никоҳли эр! Манфур ботқоқдан абадий қутулиш! Фақат… қандай никоҳ? Бошқа ва бегона бир диннинг ҳаддан ташқари содда ва ўз умматлари сингари ваҳший никоҳи… На жило, на порлоқлик! На савлат, на ҳашам! Ҳинд фақири қадар содда ва яланғоч… Ўчган ёнар тоғлар каби нурсиз ва зиёсиз. Эскирган кема каби равнақсиз ва аянч… Йўқ! Йўқ! Йўқ! Бу, балки, ҳамма учун – шундай. Аммо мен учун… мен учун ундан иссиқ, ундан ёруғ, ундан порлоқ ва муҳташам никоҳ йўқ! Энди ҳамма изтироблар – орқада, ҳамма қора кунлар – ўтди. Энди у – меники, ўзимники!» Ж а к о б. «Мана, Марям энди меники бўлди. Ўзимники, ўзимдан бошқага тирноғи ҳам тегмайди. Ана у айтгандек, душманнинг бу фитначи қизини қўйнимга оларкан, унинг ҳали ҳеч бир қондирилмаган, чанқоқ ва қизғин лабларига лабларимни қўяркан, миллатни, унинг жоҳил оналарини, бечора қизим, синглим ва опаларимни ўйлашим керак… Одамнинг нафаси шунақа ўткирми? Бир хушмўйлов тошкентлик тўрт кунда мени бошқа кўчаларга буриб юборди! Мен ҳали пухта жадид бўлганим йўқ… Жадидлар тўғрисида гумонларим йўқ эмас. Лекин кўнглим ўша томонга майл қилиб қолди. Мен ҳам энди «миллат одам бўлсин!» дейман. «Ота-боболар йўли ҳақ» дейишга энди тилим бормайди. Жадидларни ҳам «булар – ҳақ!» деб очиқ айтолмайман… Аммо жадидларнинг деганларини бошқаларнинг деганларидан кўра осонроқ ва тезроқ англайман… Yo улар ўзлари шунақа чечан одамлармикан? Бизнинг Шаҳобиддин домла тўрт оғиз гапиргунча одамни сил қилиб юборади. У гапирганда ўз гапига ўзи ҳам ишонолмагандай гапиради… Ҳеч бир таъсири йўқ! Йўқ, бизнинг мусулмонлар ҳам энди тартиб, низомга тушмасалар бўлмайди! Марямнинг кўзларида ғалати бир олов ёнади. Шу топда шу кўзга жон берсам арзийди. Бир ҳафта-ўн кун бурун номерда кўп қатори тасарруф қилган бўлсам, бугун қандай асар қоларди? Ҳеч қандай! Акбарали нечтасини тасарруф қилди? Беҳисоб! Ўзим ҳам беҳисоб тасарруф қилганман. Бугун бир асари борми? Йўқ! Қўл ювиб тўкилган сувдай изсиз-асарсиз ўтди-кетди ҳаммаси… Бу-чи? Бу қаноат орқасида қўлга келган давлат! Бу, хушмўйлов йигит айтгандай, миллат болаларига ҳақиқий оналар қозониш йўлини кўрсатади. Бу миллатга хизматнинг боши, бошланиши!…» М а р й а м. «Жакоб фонарни ўчирган эди, мен яна ёқдим. Бу дафъа у ҳайрон бўлди: унинг кўз олдида бояги чекни майда-майда қилиб йиртдим. У пешонамдан юмшоққина бир ўпиб қўйди. Шундан кейин фонар энди бу кеча ёнмайдиган бўлиб ўчди. Ташқарида телба шамол қутурарди… Майли, қутурсин, менга нима!..» 13-боб Султонхон… Зебининг мингбошига унашилганини эшитгандан кейин Султонхон ҳар нарсадан умидини узган эди. Ўша куннинг ўзидаёқ масалани кўндаланг қилиб қўйди. – Мен чиқаман мингбошидан! – деди онасига. – Бошқа эрга тегаман. Устимга кундош келишига тобим йўқ. – Бир оз бардош қил, қизим. – Бардоши нимаси? Пошшахон неча йилдан бери бардош қилиб ёш умрини чиритди. Ўша бадбашара куёвининг юзини ҳам беш ойгина тўйиб кўрган эмас! – Ўшалар ҳам қаноат қилиб ўтирибди-ку, қизим. – Улар эсини еган бўлса, мен еганим йўқ! Менинг эсим бор. Умр деган бир келади. Ёшлик ҳам бир келади. Улар ҳам умрларини, ҳам ёшликларини ўз қўллари билан ўтга ташлар эканлар, мен ҳам шу жинниликни қилайми? Мен ёшман! – Нима қилайлик бўлмаса? – Отамга айтинг. Чиқариб олсин. – Отанг хафа бўлармикин? – Хафа бўлса, чиқариб олмаса – мендан койимасин. Шундай ишларни қилайки, бошини кўтариб юролмайдиган бўлсин! – Ҳай, ундай дема, қизим. Яхши ният қил. – Ниятим яхши. Севмайдиган эрдан чиқиб севадиганига тегаман, дейман. Нимаси ёмон? Иккита опам бир яхши ўз тенги билан умр қилиб ўтирибди-ку. Менинг айбим нима? Эртагача отамдан жавоб олиб беринг. Бўлмаса, ҳаммангизни ерга қаратаман! Зарда қилиб ўрнидан турди ва кавшини наридан бери оёғига илиб, онаси ёнидан чиқа бошлади. Бу бир дўқ эди. – Жинни бўлма, қизим, – деб қичқирди онаси орқасидан. – Бугуноқ гаплашаман отанг билан. Тепа сочинг тик бўлмай турсин! – Эртага жавоб кутаман! – деган овоз келди йироқдан. Айб Садриддин чўлоқнинг ўзида эди. Теварак-атрофдан кўп совчи чиқди бу қизга. Ҳаммасини қайтарди. Баъзиларига қиз ўзи ҳам розийди, онаси ҳам йўқ демасди. «Йўқ, – деди Садри чўлоқ, – икки қизимни қишлоқига бердим, биттасини шаҳарликка бераман. Жуда лойиқ-қобил жойини топиб, бадавлат, обрўлик одамга бераман!» Қизнинг ёши ўн еттидан ўтганда она ташвишланди: «Нимага шаҳарликка бераман дейсиз? Қизнинг ёши ўн саккизга кетди. Бекор қаритиб қўясиз!» деб кўрди. Бунга қарши ўжар чўлоқ: «Аввал қуда қилиб, кейинча ўзим ҳам шаҳарга кўчмоқчиман», – деб жавоб берди. Хуллас, унинг ўжарлигини енголмадилар. Қиз чиройлик, оппоқ, дўндиқ ва таърифи бўлганидан чўлоқнинг бу катта умиди анча давом этди. Унинг бу аҳмоқларча ўжарлигини фақат мингбошининг обрўси синдира олди. Мингбошига рад жавоби бериб, унинг қўл остида тинч туролмаслигини билди ва «хўп» деди. Мингбоши таърифига қизиқиб уни олгандан сўнг бир кун ўтмасдан одамларга «қари қиз экан» деб гапирди… Шунда Султонхон ота-онасини қарғаб қанча йиғлаган эди. Ҳозир қиз 19 га етаёзиб қолган. Чинакам, мингбоши янги қайлиқни олиб, муни бутунлай ташлаб юборди. Жабр, ахир, ёш нарсага! Хотинининг маъқул сўзларини қайтаролмаган Садри чўлоқ ўз ўртоғи Абдулла Саркорни мингбошига вакил қилиб юборди. «Шунча йил яхшими, ёмонми – хизматларини қилди. Энди янги канизаклари бор. Мунисига рухсат берсалар. Ёши ўтмай туриб бир жойга берсак». Садри чўлоқнинг элчисига ҳам мингбоши Пошшахоннинг отаси томонидан қўйилган элчига берган жавобни берди. Мунинг устига яна таъна ҳам қилиб қўйди: «Ким оларди энди у кампирни?» Садри чўлоқ бу жавобни эшитгандан кейин аламига чидолмасдан бир оёғи билан диканг-диканг қилса ҳам, тишини тишига қўйиб чидашга мажбур эди. Мингбошига кучи етадими? Шаҳарга ариза бериши мумкин: «Адвокат яхши пул олиб, яхши ариза ёзиб беради. Фойдаси бўладими? Ҳамма амалдорнинг тили бир эмасми? Шунча ариза берганлар нима қилолди? Бу золимнинг жабрига худо ўзи хат тортмаса, бандаси… невлай-да!» Кампир йиғлаб юборди. Енги билан кўз ёшини артаркан: – Қизнинг авзойи бузуқ! – деди. – Мингбошидан чиқариб олмаса, сатанглар билан дўст тутишаман, дейди. Нима қилдик энди? – Нима қилардинг? – деди Садри чўлоқ пастгина овоз билан. – Бардош қиласан, чидайсан. Бошқа иложи йўқ. – Сатангларникига бориб дутор-муторга илашармикан? Ёш нарса… – Ётиғи билан айт: майли энди, вақтини чоқ қилиб юрса юратурсин, аммо-лекин ҳаддини билсин, ҳаддини… Чўлоқ ўрнидан турди. – Вой, ўлақолай! – деди кампир. – Шўрим бор экан! Отаси фотиҳа бермаса ҳам, ёш жувонга ўз кўнглини бир иш қилиб овутмоқдан бошқа чора қолмаган эди. Бу тўғрида унга маслаҳат кўрсатадиган маҳрам ўртоқлари бўлмаганидан ҳамда опалари бири унда, бири бунда сочилиб, ўз-ўзлари билан овора бўлганларидан, овуниш йўлларини қизнинг ўзи ахтаришга мажбур. «Ундан кейин, опаларга ишониб бўладими? Опа – баъзида дўст, баъзида – душман… Сингил ҳам шундай!» Ишни аввал ўзи туғилган уйда бошлади. Мингбошиникига боришни бир ёққа ташлаб қўйиб, ҳар кун ўртоқларини тўплар, ўйин-кулги, дутор, ашулла базмлари қиларди. Кейинча улар билан бирга у ёқ-бу ёққа юрадиган бўлди. Булар ҳаммаси жонга текканда, ўтириб йиғлар, сўнгра мингбошиникига қараб жўнарди. У ерда кўпроқ Умринисабибиникига, Энахонларникига ўтар, қаллоб баққолнинг эгизак қизлари билан толаларга чиқиб ўйнарди. Зеби келин бўлиб келиб биринчи марта шайтонлаганда, яна кураш олови туташди. Умринисабибининг ҳаракати билан тутқалоқ ҳар кун тутадиган бўлди. Бечора соддадил Султонхон ҳовлиқма Умринисабибининг сўзи билан у тутқалоқларга анчагача умид ҳам боғлаб юрди. «Мингбоши, бир жаҳли келса, ҳайдаб солади яшшамагурни!» деб ўйлади. Рашк олови бир оз пасайганда, орқа-олдини ҳам ўйлаб кўради: «Хўп, у яшшамагурни ҳайдади. Яхши! Мундан менга нима? Уни ҳайдаб менга қайтармиди? Яна биттани олади. Мен яна етим бўлиб юра бераман. Майли, ўша яшшамагур билан бўла қолсин!» Бу инсоф овозини бошқа бир овоз чиқиб босади: «Бу ишни қилган Пошшахон билан Хадичахон. Мен у шаҳарлик қиз билан олишмайман. Унга адоватим йўқ. Мен номус кучидан анови иккаласи билан олишаман!» Мана шу овоз уни кўп кучлар сарф қилиб, бир неча кун Зебини шайтонлатдиришга мажбур қилди. У ҳам бир неча кун, холос… Чунки бир-икки кундан кейин ўзи ҳам бу фикрдан қайтиб қолган эди. Иккинчи томондан, иккала катта кундошнинг Зебини юмшатиш учун жуда қаттиқ ҳаракат қилаётганларини эшитди. Энди Умринисабиби билан унинг қизини оёқ бостирмай қўйдилар. Энахонга ҳам катта кундошлар совуқ муомала қилганлар. У энди кам чиқармиш. Ўзи ёлғиз қолган Зеби қачонгача чидаш беролади? Шу билан Султонхон бу курашда енгилганига ўз-ўзича иқрор бўлди. Энди нима қилиш керак? «Яна ўз кайфимга қарайман!» деди у ўз-ўзига. Қандоқ қилиб «ўз кайфига қараш» масаласи осон масала эмасиди. Энди у масалани «қандоқ қилиб ёш умримда орзу-ҳавас кўриб қоламан?» деган шаклда қўйишга тўғри келарди. Сатангларни унча ҳам жини севмас эди. Унинг миясида, бошда чучмалроқ бўлса ҳам, сатангликдан кўра ёмонроқ ва мудҳишроқ қадамларга тортувчи хаёллар қўзғалди… Уч кеча туни бўйи ухламасдан, бутун хаёлига зўр бериб, ағанай-ағанай ўйлагандан сўнг қатъий қарорини берди… ва шу билан тинчланиб уйқуга кетди. Эртаси куни пешингача данг қотиб ухлаганини кўрган кампир ҳайрон бўлди: – Шунақа ҳам ухлайдими одам деган? Тур, айланай, болам. Кўзини очиб бироз қараб тургач, онасини қучоқлади: – Ойи, ўпинг пешонамдан! Менга инсоф кириб қолди. Энди кундошларимнинг ёнига жўнайман. Улар билан апоқ-чапоқ бўлиб яшайман. – Айланай болам, эслик болам, кенжа болам! – деб эркалатди кампир. Ўша куни кечлатиб мингбошиникига жўнади. Ҳакимжоннинг Мирёқубга айтган қуйидаги сўзлари тўғри эди: «Энди бирданига жуда бошқача бўлиб келибди. Дарвозадан кулиб, қувнаб кириб келган эмиш. Ҳамма ҳайрон дейди». Мирёқуб ҳам бекор айтади деб бўлмайди: «Хотин кишининг кўнглини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Ишқилиб, мундан қўрққулик!» деган эди у. Икки катта кундош душманларининг бу хилда ўзгариши сабабини билолмадилар. Хадичахон: – Эсини топса топгандир, – деди. Пошшахон бу фикрга қўшилмади: – «Таши ялтироқ, ичи қалтироқ» деган гап бор, – деди у. – Мунинг бу кулишидан қўрқаман! Зебихон билан мунча апоқ-чапоқ бўлиши бекор дейсизми? Хадичахон ўз сўзида қаттиқ турди: – Нима қилсин? Қўлидан нима келади? Куёвингиздан чиқиб бошқа эрга тегаман, деб эди, куёвингиз кўнмади. Отаси қизини ҳар қанча яхши кўрса ҳам, мингбоши билан ўчакишувдан қўрқади. Мингбоши бўлса қайрилиб ҳам қарамайди… Нима қилсин? Қаерга борсин? Ночор-ноилож ўзини хурсанд қилиб юради-да. – Зебихон билан апоқ-чапоқ бўлганига нима дейсиз? Ўзининг ашаддий душмани?.. – У ҳам ноиложликдан, айланай. Бошқа иложи йўқ. Ундан кейин, Зебихон ёмон қизми? Ким ўртоқ бўлишни хоҳламайди? Хушчақчақ, базмбоб, очиқ… – Йўқ, жоним, хом ўйлайсиз. Жуда хом ўйлайсиз. – Кўрармиз. Бир кун маълум бўлади. – Ҳа, кўрармиз. Султонхон бўлса кўзини тўрт қилиб, ташқаридан биронта аризачи хотиннинг кириб келишини кутарди. Мингбошига ариза олиб келадиган хотинлар, аксари, қатиқ, қаймоқ ва қовун-тарвуз сингари нарсаларни кўтариб келиб, уч кундошдан қайси бири учраса, шунга ёлворардилар. – Айланай, ойимпошша, шу аризани эрингизга бериб қўйинг. Ноҳақдан бола-бечорага зулм қилаётирлар… Айланай болам, орзу-ҳавасларингизга етинг, бола-чақа кўринг, тилагингизни берсин худойим! Мингбоши додхонинг хотинлари мунақа ёлворишларга жуда баланддан туриб қарардилар. Аризачи хотинларнинг яхши тилаклари уларни кўпда қизиқтирмас эди. – Ўзига беринг, хола! Биз аралашмаймиз… – Айланиб кетай, сиздан нима кетади? Бир оғиз сўз… Бизнинг қўлимиздан олмайди. – Ў-ўв… хола! Жуда шаллақи нарса экансиз. Ўзи олмаса, мирзасига беринг. Бечора кампирлар йиғлагундай бўлиб, ичларида қарғай-қарғай чиқиб кетардилар. Мингбоши шошилиш равишда шаҳарга чақирилган эди. Султонхон «аризачи кампирларнинг ичкарига қатнаши энди авж олади» деб кутарди. Ҳеч ким йўқ… кечгача ҳеч қаерга чиқмай – дам уйида, дам айвонда, дам саҳнда ўтириб – кўп кутди… Ҳеч ким кириб келмади. «Нима бало бўлди бу аризачиларга? – деб ўйларди у. – Керак бўлмаганда қулоқ-миянгни ейдилар. Керак бўлганда жимиб кетадилар… Тескари дунё!» Ниҳоят, аср билан шом ўртасида бир кампир кириб келди. Шу топда иккала катта кундош Зебининг уйида овқат устида эдилар. – Айланай болам, – деди кампир. – Мингбоши додхога арз билан келиб эдим… – Оббо, яна битта аризачи келди. Шулардан тўйдим бу даргоҳда! – деган овоз эшитилди Зебининг уйидан: Пошшахоннинг овозийди. – Қаердан келдингиз? – деди Султонхон ва айвондан пастга тушди. – Қўя берннг, – деди уёқдан Хадичахон. – Кундошингиз муомала қилаётир. У ҳали зерикмаганга ўхшайди. – Тошлоқдан келдим, айланай. Шунча жойдан пиёда келдим. Қари нарсаман. – Ўзингиз ким бўласиз? – Мен, айланай, Қиёмиддин ҳожининг онаси бўламан. Танирмикансиз? – Вой, айланай хола, – деди бирданига Султонхон. – Қиёмиддин ҳожи акамнинг онасимисиз? Вой, у киши отамнинг энг яқин ўртоғи-ку! Иккала «қадрдон» қучоқлашиб кўриша кетдилар. Султонхон бутун бу суҳбатни кундошларига эшитдирмоқ учун мумкин қадар баланд овоз билан олиб борарди. – Ана, топишиб ҳам кетди! – деди Хадичахон ичкаридан. – «Пес пес билан… қоронғида!» – деди Пошшахон. – Ҳай, ана у хотинни… Нега ундай дейсиз? Нафасингиз қурсин! Бу Зебининг овози эди. – Хўп, холажон, Қиёмидднн ҳожи акамнинг ишлари бўлса, албатта тўғрилаймиз. Паранжингизни олиб бир нафас ўтиринг, бирор пиёла чой ичиб, дам олиб кетарсиз. – Йўқ, айланай, ўтирсам кечга қолиб кетарман. Шомдан кейин ёлғиз кетишга қўрқаман. – Одам қўшамиз, холажон. Ўтиринг, чойим тайёр. – Вой, айланақолай, ишимнинг ўнгидан келганини қаранг. Чойга ўтирдилар. – Қани, аризангизни менга беринг-чи. Аризани олиб у ёқ-бу ёғини қаради. Сўнгра ўнг чўнтагига солиб қўйди. – Қиёмдан олинг, холажон. Аризангизни дарҳол тўғрилатамиз. – Худо ярлақасин, болам. Кампирга иккинчи пиёла чойни узатиб уйига кирди. Ўнг чўнтагидаги аризанинг ичига чап чўнтагидаги «ариза»ни ҳам олиб қўшгач, яна кампирнинг ёнига чиқди. – Нонга қаранг, хола. Қиёмдан олинг! – Энди мен жўнайин, болам. Аризани ўзингиз куёвингизга топшириб қўярсиз. – Одам қўшайми? – Йўқ, айланай, овора бўлманг. Вақт бор, ўзим ҳам кета оларман. Турдилар. – Холажон, ташқарида Ҳакимжон деган мирза бор. Бу аризани ўша кишига бериб ўтинг. «Мингбоши додхонинг хотинлари – Султонхон аянгиз тайинладилар» денг. Ундан кейин ўзим ҳам чақириб тайинлайман. Ҳамма иш ўшанда. Ўша ўзи тўғрилаб юборади. – Илоҳим, орзу-ҳавасингизга етинг, айланай! – Эҳтиёт бўлинг, хола. Бошқа бировнинг аризасини ҳам қўшиб қўйдим. У ҳам зарур эди. Кампир паранжисини ёпинди. – Холажон, – деди Султонхон овозини пасайтириб, – мирзага жиндай пул бериш керак эди. Кампир ёнини кавлади. – Бор-йўғи уч танга пулим бор экан, бўлармикан? – Шошманг, хола, эплаймиз. Уйга кириб битта уч сўмлик қоғоз олиб чиқиб кампирга узатди. – Яхши қолинг, айланай, болам! Ҳакимжон овқатни энди еб бўлиб, сўричада чой ичиб ўтирарди. – Айланай болам, Ҳакимжон мирза сизмисиз? – Ҳа, мен. – Мана бу аризани… – Мингбоши ўзлари йўқ, хола, эртага олиб келинг. – Мингбоши додхонинг хотинлари Султонхон аянгиз тайинладилар. Мана, иккита ариза, – деди кампир ва устига пулни қўйиб узатди. Биринчи галда пулни чўнтакка солгач, аризани оча бошлади. – Бўпти, хола. Сиз бора беринг. Жума куни эрта билан жавобини оласиз. Кампир дуо қила-қила чиқиб кетди. Ҳакимжон кампирнинг аризасини ўз одати бўйича наридан бери ўқиб чиқди. «Ҳа, осон иш экан» деб қўйиб, чўнтагига солди. Иккинчи аризани очди. – Худоё тўвба! Бу нима гап? Чироққа яқин олиб борди. Бир чой қоғознинг орқасига оддий қарандаш қалам билан: Фатонатлик эй яхшилар сарвари, Башармусен ё малоик, ё пари? Жафо қилсанг, кўп ошиқнинг дафтари, Не гуноҳим, менга танҳо айладинг, – деб тўрт хат байт ёзилган. Тагига жуда саводсиз ва хунук хат билан қуйидаги сўзлар ортдирилган эди: Дардингизда эзилиб адо бўлдим, Кўришмак иложи бормикин? Ҳакимжон бу хатни қайта-қайта ўқиди. Ўзи жуда ювош ва беозор бўлган бу бола умрида биринчи марта юрагининг ўзига бўйинсунмаганини, ногаҳон уйғотилган кўнглининг ғалати ҳислар билан энтикканини, кўкрагида оғир бир тўқмоқнинг тўхтовсиз бир кўтарилиб, бир тушиб турганини ва ўзига ёт бўлган аллақандай туманли хаёлларнинг миясида пойга қўя бошлаганини сезди. «Ариза»ни берувчи ҳам, олувчи ҳам бу кеча ухлагани йўқ. Эртаси куни эрталаб икки катта кундош Зеби билан бирга ҳовлида – ҳовуз бўйида нонуштага ўтирдилар. Дастурхонда янги узилган ва шудринг еган салқин узум бориди. Зебининг сўрови билан Хадичахон ёмон кўрган кундошини – Султонхонни ҳам чақирди, – Хўп, – деди Султонхон, – биргалашиб нонушта қилайлик. Мен Ҳакимжонни чақириб кечаги Қиёмиддин ҳожи акамнинг аризаларини тайинлаб қўяй… Жуда уятлик одамлар эди. Ундан кейин хушчақчақ кулишамиз. Хадичахонни ҳовуз бўйига жўнатиб, ўзи ташқари эшик олдига келди. Эшикдан бошини чиқариб у ёқ-бу ёққа қаради. Ҳеч ким йўқ… – Ҳакимжон, ҳо Ҳакимжон! Меҳмонхонадан Ҳакимжон чиқиб келди. – Хўш! Ким у чақирган? – Менман, мен. Султонхон аянгиз. Бир-икки оғиз гапим бориди. Ўзини панага олди. Ҳакимжон қип-қизариб, чўғдай ёниб, эшик ёнида тўхтади. Икки кўзи кўча томонда – дарвозада… Султонхоннинг овозида ҳеч қандай қалтираш, қўрқиш ва тортиниш асарлари йўқ эди, худди қичқиргандай чиқарди. Ҳар бир сўзи дона-дона ва дадил-дадил айтиларди. «Хат ёзган бошқа бўлса керак, – деб ўйлади Ҳакимжон. – Мунақа нозик гаплар мундай дадиллик билан айтилмайди». – Миршаблар қани? – деб сўради Султонхон овозини пасайтириб, ўзи панада турарди. – Иккитаси шаҳарда, биттасини гузарга чиқардим, элликбошини топиб келиш учун… – Яхши қилибсиз… Сўнгра овозини кўтара тушди: – Кеча бир кампир сизга ариза топширган бўлса керак. Мен тайинлаб эдим. – Ҳа, топширди. – Ўша ариза берган одам отамнинг жуда қалин ўртоғи. Мингбоши додхонинг қўллари тегмаса, ўзингиз бир нарса қилиб тўғрилаб юборинг. Жуда уятлик одам эди. Қиёмиддин ҳожи деган, тошлоқлик. – Осон иш экан. Ўзим тўғрилаб юбораман. – Шундай қилинг, мирза. Овозини пасайтира тушди: – Миршабингиз келгани йўқми? – Ҳали тез келмас. Элликбоши шу топда гузарда борми, йўқми… Эшикдан мўралаган бўлиб Ҳакимжонга жиндаккина кўриниб қўйди. Ҳакимжон баттар қизарди ва орқага тисарилди. – Мунча қўрқасиз? Яқинроқ келинг… – деди Султонхон жуда паст овоз билан. – Сизни биров еб қўядими? – Йўғ-э, – деди Ҳакимжон зўрға-зўрға. – Хатни ўқидингизми? – Ҳа… ўқидим… – Аччиғингиз келгани йўқми? – Нега, нега… хурсанд бўлдим… – Хурсанд бўлдингизми? Ростдан-а? Шу онда ҳовуз бўйидан кундошларнинг баланд қаҳқаҳалари эшитилди. – Бошим осмонга етди. – Нечага кирдингиз? – деди бирданига Султонхон. Яна кўриниш берди. Бу кутилмаган саволга Ҳакимжон ҳайрон бўлди. – Йигирма тўртга… – Йигирма тўртга? Ёш экансиз… Мунча қочасиз одамдан? Нимадан қўрқасиз? Берироқ келсангиз-чи… Ҳакимжон бир-икки қадам олдинга босиб, кўзларини ердан ололмай тўхтади. Султонхон бошини чиқара тушиб Ҳакимжонга тикилди. Сузилган ва майлли кўзлари ўтдек ёнарди. Секингина бир «уҳ» тортди. «Қип-қизил чўғ…» деди ўз-ўзига. – Шунақа уялчанмисиз? – Уялганим йўқ… – Ҳа, ёлғончи! Нимага, бўлмаса, қип-қизил чўққа айланиб кетибсиз? – Билмасам… – Хатга аччиғингиз келгани йўқми? – деб яна сўради Султонхон. – Йўқ… нега? Жуда хурсанд бўлдим… – Кичкина ҳужрада кеча-кундуз бир ўзингиз зерикмайсизми? Ҳакимжон англади. – Зериксам қандоқ қилай? Худо овунчоқ бериб қолар… – Астойдил тилаб турсангиз, ажаб эмас. Ҳа, боринг энди, сизни қийнаб қўйдим… Ҳакимжон ўрнидан жилолмай қолди. Ҳовуз бўйидан яна қаҳқаҳа юксалди. Султонхон қизариб турган ёш йигитга охирги марта ташна назарларини ташлаб, аста-аста йироқлашди… Султонхон яқиндагина мингбошининг ёш ва севимли хотини бўлганлигидан ичкаридаги уйларнинг энг катта, ясадоқ ва савлатлиси унга берилган эди. Ичкарининг этагида, бир ёни ҳовуз олдидаги майдончага ёпишадиган бу сиркорлик уй ичкаридаги бошқа уйларнинг ҳар биридан бир, бир ярим баробар зўр келади. Пошшахон билан Хадичахонни ўртаган аламларнинг бири шу уй эмасмикин? Ажаб эмас: энг яхши уй энг севимли хотинники бўлади-да! Зебининг тўйига икки-уч кун қолганда, Султонхоннинг йўқлигидан фойдаланиб, иккала катта кундош у катта уйни бўшатдилар: Султонхоннинг унча кўп бўлмаган рўзғор ва кийим-кечакларини бевосита ташқарига ёпишадиган кичкинагина, пастгина, тахта шифтли ва оддий ганчли бир уйчага кўчириб қўйдилар. «Ортиқча ҳақорат бўлиб кетмасин» деган мулоҳаза билан Хадичахон ўзи Султонхоннинг ҳамма бисотини кичкина уйга чиройлик қилиб жойлаб ҳам қўйди. Ҳатто катта уйда етимдек кўринадиган бир сиқим рўзғор ва кийим-кечак кичкина уйчани кемтиксиз тўлдирди; катта уйнинг бир чекасида на у ёққа ва на бу ёққа қарашини билмай саргардон бўлган чиройли қашқар гилами бу кичкина уйга жуда чоқ келди. Шундай қилиб, бу мажбурий кўчириш Султонхонга чигилинггина ва сўлунгина бир уйча бахш этди. У кичкина уйчанинг ичкари томон ёнбошида, Хадичахоннинг дахлизи билан бир қаторда, кичкина бир ганжинача бўлиб, унда қиш ичи мева-чева ва қовун-тарвуз сақланар, бир-иккита семиз ошқовоқлар чириб тамом бўлгунча ўша қоронғи ганжинада қолардилар. Ганжинанинг ўнг томонида, бўргарлик обрез ёнида ташланган бир ўчоқ, неча йилдан бери ётган бир қучоқ ўтин, деволда сиркадан бўшалган бир-иккита қовоқ… Ганжинанинг бутун борлиги шундан иборат! Чап томонда эса бир одамнинг ярим бўйи қадар келадиган тор ва кичкина дарича. Бино бўлганидан бери кўп бўлса икки-уч марта очилган, ичкаридагилардан ҳеч бирининг эсида ва хаёлида ҳам қолмаган бу даричадан ошиб ўтсангиз, қатор-қатор уйларнинг кетидаги каттакон ва тартибсиз ўстирилган боқчага тушасиз. Даричанинг чап томонида – беш қадам нарида – ичкари бокчаси билан ташқари боқчасини бир-биридан айирган беш пахсали эски девол. Деволнинг уйларга яқин бир ерида – бу ҳам ўн қадамдан ошмайди – ичкарига очиладиган бир қанотли эски эшик, ичкаридан занжирланади. Эшикдан у ёққа ўтсангиз, ташқарининг чўзиқ, энсиз боқчаси. Унга фақат мирзахонадан бир дераза ва бир эшик очилади. Дераза олдида Ҳакимжоннинг ёзув столи. Мирзахонадан бир эшик даҳлизга очилади, бир эшикча Ҳакимжоннинг кичкинагина ҳужрасига олиб киради. Ичкаридаги уйларнинг бошқа ҳеч биридан боқча томонга на дераза бор ва на эшик. Чунки боқча – кўча демак, кўчада номаҳрам бўлади, номаҳрам назаридан ўз номусли хотинини сақлаш – ҳар бир мусулмоннинг вазифаси! Қатъий қарорини бериб, мияда чала-чулпа ишланган планлар билан эриникига қайтган Султонхон бу мажбурий кўчиришдан хурсанд бўлган ва ўз кундошларини кўнгилдангина олқишлаган эди. Ҳовуз бўйида кундошлари билан ўйнаб-кулиб нонушта қилгандан кейин, ичкарининг кенг саҳни ўртасида – шафтоли тагидаги сўричада йиғиштирилмасдан турган ўринларини йиғиштирди, аста-секин уйчасига ташимоққа бошлади. – Ҳай, қишга бир талай бор, ҳалитдан уйга кўчаётирсизми? – деди Хадичахон саҳндан ўта туриб. – Эри йўқ, совқотиб қолгандир шўрлик, – деб кесатди наридан Пошшахон. – Эрдан умидни узганман эрта қачон! – деди баланд овоз билан Султонхон. Кейин ўзига томон келаётган Зебига қараб изоҳ берди: – Тунов кун мана бу кигизнинг тагидан каттакон бир чаён топиб ўлдирдим… Ундан кейин худди ёнғоқдай битта бузоқбошини ўлдирдим. Шундан бери кечалари ухлаёлмай чиқаман. Тушимга киради, босирқайман… Уй яхши, жонгинам. – Қиров ҳам тушиб қолди ўзи. Яхши қиласиз, жонимни қоқай! – деди Зеби. Шу «жонимни қоқай» сўзи Султонхоннинг қулоғига аллақандай ширин эшитилиб кетди. Зебининг чин кўнгилдан чиқариб айтган бу сўзи унинг хитой чиннидай жаранглаган овозига буриниб, дуторнинг ғўнғ-ғунғи сингари майин ва юмшоқ ун берган эди. Султонхон ўз кундошини маҳкам қучоқлаб ўпди. У ёқда мингбоши шаҳардан янги гаплар топиб келган эди. Ташқаридан унинг сўзлангани эшитилгач, шом чоғида хотинлар эшик олдига бордилар. – Шундай нозик вақтда Мирёқуб ноинсофнинг ўйнагани кетганини айтмайсанми? – Мингбоши Ҳакимжонга қараб сўзларди. – Битта ўрус хотин билан Сувайсатопилга кетибди… – Мингбоши хохолаб кулди, ичкарида Пошшахон кўкрагини ғижимларди. – Баччағарди боласи-ей! Жуда танноз нарсани топибди, дейди. Икки ойгача ўйнатаримиш… Тўраларимизнинг қовоғидан қор ёғади… Яқин бориб бўлмайди. Ҳар бир мингбошига ўнтадан, ҳар бир аминга иккитадан, ҳар бир элликбошига биттадан яроғли йигит берадиган бўлишибди. Ярим сарфи – ғазнадан, ярим сарфи юртдан! Энди одам дараклаш керак. Мингбошиларга ҳоким тўра ўзи ваъз қилди. «Маҳкам бўл ҳамманг! Тоғдаги гаплар бўла кўрмасин» деди. – Айтганча, тоғда нима гап бўпти? – Тоғда оломон хуруж қилипти. Бир мингбошини ўлдирипти. Икки амин зўрға қочиб қутулипти. Элликбошилар қўрққанидан оломонга қўшилиб кетипди… Маҳкамаларга ўт қўйишипди. Бир-иккита судхўр бойни дўппослашибди. Бизнинг Ёдгор эчкилар ҳам эшитиб қўйса бўларди. Ортиқча ҳовлиқади, қизиталоқлар! – Хайр, тоғдан гапиринг, хўжайин! – Бизнинг нойиб тўра 150 та соллот билан чиқиб, тўполонни босиб келди. Икки қишлоқни теп-текис қилиптилар. Баъзи қишлоқларда баъзи бировларникига соллотлар ўт қўйибди. Чопиш ҳам бўпти… Уч-тўрт юз одам қирилганга ўхшайди. 137 кишини шаҳарга олиб келиб қамаптилар. Яқинда катта суд бўлади, дейди. Нойиб тўранинг гапига қараганда, суд жуда шошилиш бўладиганга ўхшайди. Бир нафасда ҳукм қилиб ота беради дейди-ку! Соллотлардан ҳам тўрт-беш киши ўлипти. Ярадор йигирматача бор, дейди. Айтишларидан, ўрус соллотлари қишлоқларда мусулмон аёлларига ҳам дахл қилганга ўхшайди… Хунук гаплар бор, ишқилиб. – Биз нима қиламиз, хўжайин? – Нима қилардик. Яна еттита йигит қиламиз. Ҳушёр бўламиз. – Мингбоши бир оз ўйланди. – Э, бизнинг юртлар тинч. Фуқароларимиз ҳаммаси ювош, қўйдай. Мен бўлсам уларнинг отахониман… Қаттиқ гапирмайман. Жавр қилмайман… Нимага тўполон қилсин? Ухлай бер, бемалол! Менинг сояйи давлатимда, хоҳласанг, боққа чиқиб ёт! Ҳа! Ўзидан хурсанд, кула-кула ичкарига қараб юрди. Хотинлар чекилдилар. Уч-тўрт қадам босиб яна тўхтади: – Айтганча, Абсамат ёмон хижолат бўлди лекин! – Хўш, хўш? – деди Ҳакимжон. – Ҳамма мингбошиларнинг олдида ҳоким тўра ундан койиб берди. Уйига аллақандай бир нўғой хотинни олдириб янгича мактаб очган экан: эркак болаларга ҳам янгича мактаб очмоқчи бўлиб Тошкентдан бир «форма» мактабдорни чақиртирган экан. Шуларни айтиб койиди. Бир нима бало деди… Ҳа, ёш сартларга эргашманг, деди… Улар ёш турклардан ўрганган деди. У нима дегани бўлсайкин… Ёш сартлари нимаси? Ёш турклари нимаси? Нимани ўргатади улар? Билолмадим. Мирёқуб бўлсайди ковлаб топарди, бетавфиқ! Хайр, ёт энди! Роҳат қил! Бир оздан сўнг катта уйдан Зебининг бидратма дутори ва ширин ашулла си эшитилди. Кундошлар сўриларга чиқиб ётдилар, Султонхон, негадир, уйғоқ: уйига кирмасдан, саҳнда – айвон чекасида ўтирарди. Ниҳоят, ҳамма ухлаб кетди. Шундан кейин Зебининг ашулла си тинди. Яна бир оз кейин дутор товуши ҳам алланечук бирданига узилиб қолди. Бу узилишда аллақандай бир зарда қилиш, бирданига дуторни ирғитиб ташлаш бориди… Шу билан у катта уйга ҳам бир нафасда жимлик чўкди. Ерга тушган уч-тўртта хазон япроқлари куз кечасининг совуқ шабадаси билан ер бетида шитир-шитир суринардилар. Узоқ-яқиндаги итларнинг ҳуриши ва япроқчаларнинг шитирашидан бошқа ун қолмади. Шундан сўнг Султонхон секингина уйига кирди. Юраги бир оз ўйнагани учун бир пиёла совуқ сув ичди. Деразанинг бир қанотини очиқ қолдириб, эшигини ичидан беркитди ва қоронғи уйда жимиб йўқ бўлди… Кўзига уйқу келмаган Ҳакимжон ярим кечага яқин мирзахона деразасининг оҳистагина чертилганини эшитди. Ташқарида ўзидан бошқа ҳеч ким йўқ эди: миршаблар дарвозахонада ва отхона томида ухлардилар. Юраги ўйнаса ҳам, шу тобда ўзидан бошқа кимса йўқлигини билганлигидан дадил босиб мирзахонага чиқди ва товуш чиқмасин деб, эшигини эмас, паст супали деразани очди. Деразани яна беркитиб, бу бемаҳал меҳмоннинг орқасидан оҳистагина ўз ҳужрасига қайтди: уятчан кўзларини ердан сира узиб ололмасиди. Фақат у – ёш ва зориққан хотин чидаёлмади: ўзича отилган пўк сингари томоғидан ихтиёрсиз отилиб чиққан кучли ва иттик овоз билан: – Бераҳм… – деб қичқирди… Ва ўзини унинг қучоғига ташлади. 14-боб Мингбоши шаҳардан тегишли дастурларни олиб қайтгач, бошқа ҳамма мингбошилар каби, тўхтовсиз ишга киришди. Ўз қўл остидаги ҳамма амин ва элликбошиларни ўз маҳкамасига чақириб, бир кун эртадан кечгача беҳуда интизор қилгандан кейин, ниҳоят, айвонда чой ичиб ўтириб «кенгаш мажлисини» очди. Пойма-пой ва бир-бирига қовушмаган гаплар билан «замона аҳволи»дан, тоғ воқеаларидан ва унинг натижаларидан даромад қилгач, мақсадга ўтди: – Шунақа, яхшилар, – деди у, – энди менинг уч йигитимга яна етти йигит қўшилади. Аминлар иккитадан, элликбошилар биттадан йигит олишади. Йигитларнинг ҳаммасига соллот бешотари берилади. Отадиган азамат топилармикин?.. Ҳеч ким жавоб бермади. Ҳамма жим эди. – Нега индамайсанлар? Оғзингга пахта тиқдингми ҳамманг? Гапир, Матхолиқ! – Ишқилиб… катталаримиз бир ишни қилса, билиб қилади, – деди Матхолиқ амин. – Ҳа, алватта, билиб қилади, – деди бир элликбоши. – Биз нима дердик? Маъқул маслаҳат, – деди яна биров. Сўнгра ёнидагиларга қараб сўради: – Шундаймасми, яхшилар? – Ҳа, шундай, шундай! – деб шовқин солди ҳар ким ҳар жойдан. – Сенлар айтмасанглар ҳам маслаҳат маъқул, – деди мингбоши овозини кўтара тушиб. – Уни биламан. Соллот бешотарини отадиган азаматлар топиладими деб сўрайман. Мунга жавоб бер! – Юрт эмасми, чиқиб қолар, – деди Матхолиқ амин. – Билмаса ўрганар, – деди бир чекада турган Ҳакимжон. – Ишни тўхтатиш керак эмас. Йигитларни ола берайлик, билмаганига шаҳардан одам чақириб ўргатдирармиз. – Маъқул, – деди мингбоши. Кулди. – Ҳаммангнинг ақлинг шу тирранчанинг ақлича бўлмади-я, ҳайф сенларга. Амалдорлар жим қолдилар. Мингбоши давом қилди: – Бўлмаса, маслаҳат шуки, ҳар амин ўзига керакли икки йигитни топиб, индингача менга билдиради. – Рўйхатини топширади, – деди Ҳакимжон. – Ҳа, рўйхатини топширади, – дея такрор қилди мингбоши. – Мундан ташқари, ҳар амин менга ҳам биттадан йигит топиб беради. Қолганини ўзим шу қишлоқдан оламан. Ундан кейин аминларнинг ўзлари қишлоқма-қишлоқ юриб юртга эшитдиради. Мингбоши тўхтади, шамасини кам туширишга ҳаракат қилиб чойнакдан пиёлага чой қуя бошлади. Ўтирганлар бир-бирларига қарашдилар: «Нимани эшитдирамиз?» деган шивирлашлар бошланди. Мингбоши сўзини тугатмаган эди. Ҳакимжон сўради: – Нимани эшитдиради булар? – Ҳа, айтганча, – деди мингбоши, – эсимдан чиқипти: йигит олишни эшитдиради, ундан кейин пул тўғрисини. Ўтирганлар бир сесканиб олдилар. – Қанақа пул, тақсир? – деди Матхолиқ амин. Ҳамманинг кўзи унинг оғзига тикилган эди, ундан кейин ҳамма кўзлар бирданига мингбоши томонга бурилиб, унинг оғзига осилдилар. Кўплар оғизлари билан ҳам тинглардилар. Мингбоши кулди: – Қанақа пул бўлариди! Йигитларнинг ярим ойлиги ғазнадан, ярми юртдан. Ўтирганларнинг оғзидан хор билан айтилгандай яхлит ва бесаранжом бир овоз чиқди: ғу-в-в!.. Худди «до-д-д» дегандай… Зўр ҳовлининг кенг саҳнига гўристон жимлиги чўккан эди. Ҳакимжон оҳистагина бир «уҳ» тортиб ўрнидан турди, айвон устунига чиғаноғи билан бир-икки ургач, битта-битта босиб жамоатга яқин келди. Шу топда унинг жуда эҳтиёт билан – ҳеч бир шарпа чиқармай босган қадамларининг бўшанг шитираши ҳам ўтирганларга малол келган каби эди. Ҳамма кўзини ерга тикиб, узун якандознинг манғизи билан ўйнарди… – Нимага имонинг ўчди бирданига? – деб қичқирди мингбоши ҳайбатли овоз билан. – Ярим пули қанча бўлади, тақсир? – деди яна Матхолиқ. – Ўзингизга бериладиган етти йигитнинг бештасига ҳам юрт тўлайдими, додхо? – Ҳа, бўлмаса, мен ёнимдан тўлайманми? – деди мингбоши дағаллик билан. Яна жимлик чўкди. Мингбоши давом этди: – Уч кун орасида юртга эшитдириб, бўлган гапни менга маълум қиласанлар. – Хўп, тақсир! – деди Матхолиқ. Бошқалар жим қолдилар. Мингбоши қичқирди: – Нега бошқаларинг индамайсан? Қанжиқсан ҳамманг! Сенларди амин қилиб, қўлингга амал бергандан хафа бўлдим-ку! – Бекор қилиб қўйсангиз ҳам тузук эди, тақсир, – деди бир амин. Ҳамма унга томон эврилди. – Сени бекор қилмасдан бурун отхонага қамаб калтаклатаман… Шошмай тур! – Тақсир, тақсир, тақсир! – деган овозлар юксалди ҳар томондан. – Бўлар иш бўлди, яхшилар, – деди Матхолиқ жамоатга юзланиб. – Юртнинг катта-каттасини чақирамиз-у «буйруқ шу» деб эшитдирамиз. Бизнинг ишимиз шу. Юрт «йўқ» деса, катталаримиз бирор маслаҳат кўрсатар. – Йўқ деб кўрсин, қани? – деди мингбоши. – Оқподшонинг ўз буйруғи бу! Йўқ деб кўрсин! – Шу чоққача йўқ демаган, энди ҳам йўқ демас, – деди Ҳакимжон. – Рост айтасан, мирза, – деди мингбоши. У бу сўзнинг аввалги ҳижосини қалин қилиб айтарди. – Йўқ дейдиган топилмайди. – Рост айтасиз, тақсир, – деди Матхолиқ. – Йўқ демаса керак. Аммо-лекин подшоликнинг пастарин бир ити бўлганимдан кўрган, билганимни айтиб қўймасам бўлмайди. – Айт, айтма деган одам борми? Ҳамма Матхолиққа тикилди. – Юртнинг важоҳати бузуқ, тақсир. Гап кўтармай қолди. Асад ойида рўза тутган бангига ўхшайди, тақсир… Энди, юрт – кўпчилик, эҳтиёт керак, деймиз-да. Ҳамма бирданига тасдиқлади: – Рост, тақсир, рост! – Рост бўлса ростдир, ёлғон деган одам йўқ. Аммо-лекин «ким катта: юртми, оқподшоми?» деб сўраганда нима дейсанлар? Қани? Ҳеч ким оғиз очмади. Яна Матхолиқ гапирди: – Албатта, «оқподшо» деймиз, тақсир! – Ундай бўлса, гап тамом. Омин, оллоҳу акбар! Борабер ҳамманг ўз ишингга… Элликбошилар ўринларидан туриб у ёқ-бу ёққа ёйилгач, мингбоши Матхолиқни чақириб олди. Унинг бир қулоғини қўли билан чўзиб келтириб деди: – Абсаматни йиқитсам, сени мингбоши қилиб қўярдим. Абжирсан, баччағар! Матхолиқ кулди. – Қуллуқ, тақсир, хизматингизни қилсам бўлди. Шунга хурсандман. Мингбоши унинг бошини яна ҳам ўзига яқинроқ тортди: – Бу қиш ичи на битта қовуним бор, на бир дона тарвузим. Уч-тўрт аравагина эплагин, ҳиссасини чиқариб бераман. – Хўп, хўжайин, жоним билан. Матхолиқ узоқлаша бошлаган эди, яна чақирди: – Айтганча, эсимдан чиқибди. Буларингга айт: юртни намозга кўпроқ ҳайдаб туришсин. Буйруқ шу! Матхолиқ ҳаммани чақириб олиб баланд овоз билан бу янги буйруқни ҳам эшитдирди. Шу билан тарқалишдилар. Кенгаш мажлисини ўтказгандан кейин мингбоши дарҳол ўзига йигит тўплашга киришди. Етти киши ўрнига йигирма-ўттиз талабгор бир қишлоқнинг ўзидан чиқди. Ҳакимжон муни мингбошига арз қилиб туриб деди: – Ишлар яхши, тақсир, еттита десак, ўттизтаси келиб ўтирипти. Ҳакимжоннинг биринчи жумласида сезиларлик даражада очиқ бир пичинг бор эди. Лекин у пичингни мингбоши додхо пайқаёлмади. – Бекорчи кўп қишлоқда, бекорчи! – деди мингбоши. – Йўқ, хўжайин. Мен гаплашиб кўрдим. Ҳаммаси чорикор болалар. «Жонимиздан тўйдик, бола-чақамиз оч…» дейди. Мингбоши бирданига қўпол бир овоз билан кулиб юборди. Ҳакимжон бу ногахон кулишнинг сабабини билолмай ҳайрон эди. Кейин мингбоши ўзи англатди: – Жонидан тўйган бўлса яхши! – деди у. – Жонидан тўйганлар яхши сўқишади. Оқподшо «вайна»да қийналиб қолса, қишлоқнинг ҳаммасини йиғиб жўнатаман! Иш йирик, мирза. Яна ўша хунук овоз билан кула-кула ичкарига кириб кетди. Ҳали қоронғи тушиб паловга дастурхон ёзилган йўқ эдики, ташқарига бир меҳмон кириб келди. Ҳакимжон уни кулар юз билан, севиниб қарши олди. Бир оз кейин ичкаридан чиққан мингбоши ҳам унга нисбатан бир қадар мулозимат билан муомала қилди. Лекин бу мулозиматнинг ясамалиги шу қадар очиқ эдики, меҳмоннинг кўзлари Ҳакимжоннинг кўзларини тўғри келтириб туриб у тўғрида бир ҳимо қилиб ўтди. Ҳакимжон ҳам кўз қараши билан меҳмондан узр сўради. Меҳмон эса «мунинг ўзи нима-ю, муомиласи нима бўларди?» деган маънода кулиб қўйди, холос. Палов ейилиб бўлгач, кўк чойни ичиб ўтириб, улар учови суҳбатга тушдилар. Меҳмон Ҳасанов деган бир татар йигити бўлиб, қишлоқ қарз ширкатларининг инспектори эди. – Урушдан гапиринг, абзи! Уруш нима бўляпти? – Урушни сиз биласиз, мингбоши. Сиздан эшитайлик, – деди Ҳасанов. – Мен урушни қайдан билай? Газит ўқимасам?! – Сиз, ахир, бир бўлуснинг каттасисиз. – Э, катталиги қурсин! Керак бўлса, олинг шу катталикни! Мингбоши бу сўзларни жиддият билан айтарди. Меҳмон кулди: – Зерикдингизми, хўжайин? Дарҳақиқат, бу нозик замонда катта амал ҳам зериктиради. Ҳакимжон ўз хўжайинининг таъби бир оз олинганини пайқади, шекилли, унинг ёрдамига етишмоқчи бўлди: – Чинакам, – деди у, – шу замонда амалдор одамга жуда қийин… Сиз билмайсиз. Мен, мана, доим хўжайиннинг қўлтиғларидаман. Яхши биламан. Жуда қийин… – Биламан, жуда яхши биламан, – деди Ҳасанов. – Албатта осон эмас. Мингбоши ҳали ҳам жим эди. У қўлидаги бўш пиёлани айлантириб ўйнарди. Ҳакимжон давом этди: – Замон нозик бўлмаса, мингбошиларнинг йигитлари ортдирилармиди? – Шундай гап борми? – деб сўради Ҳасанов. – Гап бор эмас. Буйруқ бор. Биз одам чақирдик. Учта йигитимизга еттита қўшилади… Мана шу жойда мингбоши ҳам бирдан гапга аралашди: – Ҳаммасига соллот бешотари бермоқчи… Соллотликка машқ қилдирмоқчи… Мунга нима дейсан? – Жуда соз! – деди Ҳасанов. Папиросини узун сўриб тортган ҳолда ўйлаб кетди. – Нимаси соз? – деди мингбоши қўпол бир хитоб билан. – Жуда соз, мингбоши афанди. Фақат… мен ишонмайман мунга… – Нимасига ишонмайсан? – деди мингбоши яна ўша қўполлик билан. – Бизнинг мусулмон-турк йигитларининг қўлига рус ҳукумати бешотар милтиқ бериб қўярмиди? Ҳукуматнинг эси бор. Мингбоши ҳайрон бўлиб қолди. Бу етти ухлаб бир тушига кирмаган фикр эди. Кўзини кенг-кенг очиб меҳмонга қаради. Бу қарашда ҳам ҳайрат бор эди, ҳам қўрқув… – Нега бермасин? Ўзи буюриб ўтирипти-ку? – Битта-яримта эси пастроғи буюргандир, тақсир. Эси борлари мунга йўл қўймайди! Мингбоши индамади. Ҳакимжон бутун борлиги бир диққатга айланиб, икки кўзини меҳмонга тиккан эди. Меҳмон давом этди: – Мусулмоннинг қўлига яроқ бермайди бу ҳукумат. Биз мусулмонлар, турк болалари, ўзимиз яроқ олмасак, душманларимиз ўзи ўз қўли билан бермайди. – Ким душман? – деди мингбоши. Бу саволда энди пўписа асари бориди. Меҳмон сира шошмасдан, бемалол жавоб берди: – Сизнинг душманингизни айтаётганим йўқ, додхо афанди. Турк-ислом халқининг душманларини айтаман… – Гермонни айтасанми? Ҳакимжон бирданига кулиб юборишдан ўзини зўрға тўхтатиб қолди. – Шундай, тақсир! Гермонни айтаман. Турк миллатига яроғ бериб қўймайди у! У – турк миллатларининг жон ва қон душмани! – Ундай бўлса… бутун қишлоқни йиғиб, қўлига бешотар бериб, Гермон билан урушгани жўнатмоқчи бўлганимга нима дейсан? Мингбоши бу сўзларни ғурур билан кулиб туриб сўзларди. – Нима дердим? Ундай қилсангиз, сизни «ғозий» дердим… Ислом миллати сизнинг бу хизматингизни ҳеч бир унутмас эди… – Миннатинг билан ишим йўқ. Туркингни ҳам билмайман мен. Мана бу мирза айтадики, қишлоқда жонидан тўйган кўп. Шуларнинг ҳаммасини Гермон урушига жўнатсам – оқподшонинг қўли юқори келади, бу қишлоқлар ялангоёқ, безориларнинг касофатидан қутулади! – Ҳай, ҳай! – деди меҳмон. – Мунинг савобига ким етсин! Жуда зўр хизмат қиласиз, додхо! Фавқулодда буюк хизмат!.. Шу суҳбатдан кейин Ҳакимжонда мингбошига нисбатан бир қараш туғилди. У қарашда ихлос ва ҳурматдан бошқа ҳамма нарса бориди. Бу қарашни ўша кечаси, мингбоши ётгани кириб кетгандан кейин, Ҳакимжон меҳмоннинг ўзига ҳам бир оз изҳор қилди. Меҳмон Ҳакимжоннинг эътирофини эшитгандан кейин жуда ўт олиб, қизиб гапирди: – Бизнинг бутун фожиамиз шундаки, – деди у, – дўстимиз билан душманимизни ажрата олмаймиз. Эшитдингизми унинг гапларини? Бизнинг диндошимиз, миллатдошимиз бўлган Туркия билан бир сафда урушаётган Германия бизга, биз Туркистон туркларига душман эмиш… Меҳмон бир оз тўхталди. Папиросини қаттиқ-қаттиқ тортиб, оғир-оғир бош тебратди. – Булар барчаси илмсизлик касофати, Ҳакимжон! Нодонлик меваси. Бу йўғон саллали, бўш каллали ҳайвонлар, Бухоройи шарифни спекуляция қилиб, ислом миллатини заҳарловчи микроблар бизни шу ҳолга келтирдилар… Эҳ… эҳ… эҳ!.. Астойдил куйиб гапираётган меҳмон Ҳакимжоннинг кўзи уйқуга кетгандан кейингина сўздан тўхтади. Иккаласи сўрига жой қилиб узалган вақтларида, Ҳакимжоннинг яна уйқуси қочган, биринчи хўрозлар унда-мунда қичқира бошлаган эдилар. Булар иккаласи кўрпага узалгандан кейин ҳам анчагина гаплашиб, мингбошидан, умуман, ўша замоннинг ҳамма амалдорлари, ҳукумат ва идора усулларидан шикоят қилишдилар. Меҳмон бир вақтлар нойиб тўранинг Мирёқубга айтган гапларини яна кўпроқ тафсилот билан Ҳакимжонга айтиб берди. Ўз мингбошисининг ишларига қараб ҳамма мингбошилар ва умуман ўша замон ҳокимияти тўғрисида кўп ҳам яхши фикрда бўлмаган Ҳакимжон шу суҳбатдан сўнг ўзининг хом ва чувалашган фикрларини пишитди, бир орага йиғди, бошидаги фикрлар бир тартиб доирасига тушиб, янги-янги пардаларни унинг миясидан сидира бошлагач, ўзида аллақандай бир ўзгариш бўлаётганини ўзи ҳам сезди: ўша кундан бошлаб унинг ҳамма нарсага қараши бошқа бўлди! Мингбоши – бурунги мингбоши эмас, фарсаҳларча йироқларда. Яқинлашиб келганда ҳам худди буни ўлдиргани келаётгандай… Мирёқуб, унинг ишбилармонлиги, эпчиллиги, зийраклиги… «У агар ҳақ йўлни топса борми – ноёб одам бўлади!» Ҳар бир катта саллали домла – беморга заҳар бераётган табиб… Ҳар бир бошини қуйи солган эшон – одамларнинг киссаларига яширинча қўл узатган кисавур… Абдисамат мингбоши – уни ўйлаганда Ҳакимжонга жон киради! «Уни кўрса тикилиб, кўзини олмай, узоқ-узоқ қараб турса, зиёрат қилиб қўлини ўпса, нима буюрса шуни қилса!..» Ҳасановнинг фикрлари, айниқса, янги олинатурган йигитлар тўғрисидаги фикри мингбошига ҳам таъсирсиз қолмаган эди. Мингбоши Ҳасановдан бироз қўрққан ва шу учун унга совуқ қараган бўлса-да, унинг ўша йигитлар тўғрисидаги фикрига қарши келмасди. У ҳам ичкарига кириб жойига чўзилгач, у тўғрида анчагина ўйлаб ётди. «Бу баччағарнинг гапи қурсин! Нимага бўлсайкин, унинг гапларини эшитганда одам чўчиб тушасан: худди… оқподшони сўкиб юборадигандай! Худди… унинг сўкканини биров эшитиб қолиб, Ёдгор эчки ё Умарали пучуққа етказадигандай! Улар бўлса оқизмай-томизмай ҳоким тўрага чақадигандай! Боз устига, улар «оқподшони сўкиб турган вақтида Акбарали мингбоши «ҳа, ҳа» деб турган эди!» дейишдан ҳам тоймадигандай! Сўнгра ҳоким тўра чақириб олиб ғазабига оладигандай! Мингбошиликни тортиб олиб, эл кўзида тамом шарманда қиладигандай! Абдисамат билан Ёдгор эчки, Умарали пучуқлар яна қўшкарнайи билан жар соладигандай!..» – «Лекин, баччағар кофир, бир нарсани билмасдан айтмайди. Нимага десангиз, у «закон» китобини кўп ўқиган, ҳамма вақт ўриснинг ичида қайнайди, ўрис тилини сув қилиб ичиб юборган… Катталаримиз ўрус-да, ахир! Ўрис бўлганидан кейин мусулмонга ён босмайди. Бу рост! Шу ерда Ҳасан абзи билиб айтади! Мусулмоннинг қўлига яхши бешотарни бериб қўярмиди? Йўқ! Агар мен ўрус бўлсам (астоғфурулло!), мусулмоннинг қўлига асло яроғ бермасидим! Асло! Абзи рост айтади. Абзи, абзи, абзи!..» Мана шундай уйлар билан мингбоши зўрға ухлаб кетди. Эрта билан уйқудан уйғонгач, яна ўша – йигит масаласини ўйлади. Йигитларнинг учта ё ўнта бўлиши мингбоши учун барибир эди. «Кўп бўлса, ғалваси ҳам кўпроқ бўлади» деб ўйларди у. Фақат… фақат… – Ўнта яхши йигитга яхши от, яхши сарпо, яхши яроғ-аслаҳа бериб, ўз маҳкумимни бир айлансам, иложи бўлса, Абдисамат турадиган қишлоқдан бир от чоптириб ўтиб қўйсам… бас! Шундан кейин катталар уч йигитни биттага қолдирсалар ҳам майли эди!.. Бу ўйнинг натижаси шу бўлдики, эртаси куниёқ қишлоқдан одам ола бошлаб, 2-3 кунда еттита навқирон йигитни – чертиб-чертиб! – миршабликка қабул қилди. Ундан-бундан сўраб, сўратиб, иложи бўлмаганда… тортиб олиб бўлса-да, ҳаммасини яхши отга миндирди, аллақайлардан ов милтиқлари топиб, ўновини яроқлантирди, уст-бошларини текислади, ўзи ҳам энг яхши зар чопонини кийиб, тилла камарини боғлаб, узун қиличини осиб, саман йўрғани миниб йўлга чиқди. 15-боб Икки кун бурун Қумариқ қишлоғига еттита йигити билан мингбоши келиб кетган эди. Унинг бу келиши қизиқ бўлди. Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан тўппа-тўғри мачитга тушиб домлани йўқлатди. Ўзлари хабар топиб мачитга келган амин ва элликбошилар ҳайрон бўлдилар. «Нимага бизга ҳеч нарса демайди мингбоши додхо?» деб бир-бирларидан сўрашдилар. Элликбошилардан бири югурганича бориб домла-имомга хабар берди. Домла-имом яқиндагина уйланган ёшроқ бир муллавачча бўлганлигидан, «мингбоши чақираётир» дегач, анча ташвишга тушди. Салла-чопонини кийиб мачитга томон бораркан, ўйлади: «Нима учун йўқлатган бўлса?» Мингбошининг уни излатишига зоҳирий бир сабаб йўқ эди. Шунинг учун турли хаёлларга бориб кўрди: «Тунов кун, шаҳарга тушганимда, мударрис домланинг ўғилларига қаттиқроқ тегишиб қўювдим… Ўзи ҳам, баччағар, ипак саллани чамбарак қилиб ўраб, ёмон кўзга илашадиган бўпти-да! Устимдан арз қилган бўлса-я, ҳароми бачча?» «Yo… бурунги имомат қилган жойимда ваҳим ерни Садриддин бой билан чиқишиб, икки-уч йил ўзим ёлғиз тасарруф қилиб эдим. Маҳалладан битта-яримтаси шуни қўзғадимикин». «Yo бўлмаса ўтган ҳафта қовун сайилида янгича мактаб очган тошкентлик нўғой домлага йўлиқиб қолиб, анча қаттиқ сўкиб эдим. Унинг мактабини Абдисамат мингбоши очиб берган экан, мен уни билмабман… Бу бизнинг мингбошига Абдисамат мингбоши итоб қилиб ёздимикин? Кейин, мактабнинг асл соҳиби Абдисамат мингбоши эканини билиб, ҳалиги нўғой домла билан муросага ҳам бордимку-я… Ҳар қалай, бошда аҳволдан бехабар, қаттиқ, гапириб қўйиб эдим… аттанг! Шу ташвишларга Абдураҳмон понсот сабаб бўлди, баччағар! Ноинсоф! Бўлмаса, жимгина ўтириб эдим. Кейин нўғой домланинг олдида одамларга бир-икки оғиз ваъз қилиб, лаънати жадиднинг кўнглини кўтариб қўйдимку-я… «Албатта, – дедим, – нўғой ҳам – мусулмон, аҳли суннат, тошкентлик ҳам – мусулмон, аҳли суннат… Ҳаммамиз бир одам. Дунёвий илмларни ўқиш ҳам шариатимизда бор, чунончи, жаноби ҳасти пайғамбаримиз «утлубулилму валавкана биссин», яъни «Чин мулкида, яъни Хитойда бўлса ҳам илм талабида бўлғил» деганлар. Бу – «ҳадиси саҳиҳ», дедим. Жадид домла хурсанд бўлиб кетди: «Шундай ҳақиқий уламолар бўлса, миллат тараққий қилади», – деди. Шу «миллат» деган сўз туфайлидан яна жиндак мунозара қилиб олишдик. Абдураҳмон понсот нўғой домладан «миллатингиз нима?» деб сўраб қолди, нўғой домла аввал «ислом миллати» деди, ундан кейин – негадир – «ислом ва турк миллати» деб, «турк» деган тоифани ҳам қўшиб қўйди. Мен чидаёлмадим: «Йўқ, дедим, мусулмон одамдан «миллатинг нима» деб сўралса, «миллатим Иброҳим Халиллулло» деб жавоб бериши вожиб. Динимиз – ислом, миллатимиз – миллати Иброҳим Халиллулло. «Турк» деган тоифа Ўзган тарафларида бор, ўзлари элатиядан, бизнинг сартиядек касируладад эмас, унинг миллатга ҳеч бир дахли йўқ!» дедим. Ундан кейин ҳасти Иброҳим Халиллулло тўғрисида ҳасти Сўфи Оллоёрдан далил келтирдим: Халиллуло учун ёндирдилар нор, Қадам қўймай ўшал ўт бўлди гулзор. Жадид домла туриб «Иброҳим пайғамбар яҳудийлар пайғамбари, ҳатто тўрт китобдан бирига ҳам эга бўлган эмас», деди. «Тўвба де, эшак!» деб бақирдим. Ортиқча қизиб кетибман. Кейин пушаймон бўлдимку-я… Энди фойдаси йўқ. Афсус! Афсус!» Имом домла келгандан сўнг, кўп ўтмасдан, мингбоши мачитдан чиқди. Отига отланиб туриб бир элликбоши билан бир-икки оғиз гаплашди. Аминга ва бошқа элликбошиларга сипо қараши билан бир қараб қўйиб, яна дарҳол йўлга тушди. Гузарда ўтирган беш-олти киши ҳайрон бўлишиб бир-бирларига қарашдилар. «Нимага келди-ю, нимага дарров жўнаб қолди?» деган саволга жавоб ахтардилар. – Нимага аминни чақиртирмасдан, имом домлани чақиртиради? – Нимага имом домла келар-келмас жўнаб қолади? – Нимага бу сафар йигити кўп? – Нимага қишлоғига қайтиб кетмасдан дарё томонга ўтди? – Нимага гузарда ўтирганларга ҳеч нарса демай ўтди? – Нимага? Нимага… нимага… Дув-дув гап кетди. Ҳар ким ҳар тарафдан ҳар хил овоз чиқарди, лекин ҳеч бир овоз қулоққа ёқмади, «соз тушмади». Мачит томонда имом кўринди. Унинг юзига тикилдилар. – Ҳой кал, сарасоп солдингми? Ҳали ўтганида имом домланинг қош-қовоғи солиқ эди. Энди очила тушибди. Хайрият бўлса керак. – Сўраймиз қўямиз-да, жинни, – деди кал. – Сен сўра, тилла бош, сенга айтади. – Сўрайман, қовоқбош. Сўрамай нима? Имом домла секин-секин, лекин ишончли ва хотиржам оёқ ташлаб гузар ўртасига келди. Икки томондан саломлар кўтарилди. – Тақсир, чой бор экан! – деди кал. – Бир пиёла тутайлик. – Қуллуқ! – деди домла, тўхтади. – Уйга борай… – Биламиз, тақсир, янги уйланган одамди гапга тутиб бўлмайди! Мингбоши додхо нима хабар олиб келган экан деб сўрамоқчи эдик. Имом домла кулди. – Уйлангандан эмас, Ҳасанбой, – деди. – Бошинглар қичимаганда, тилинглар қичиб турмаса бўлмайди-да, а? Гузардан кулги кўтарилди. – Қичиғини босиб ўтинг деймиз-да, домла! – деди кал Ҳасан. Яна кулдилар. Домла қип-қизариб кетди. – Мингбоши додхо юртнинг омон-эсонлигини сўраб ўтдилар, холос. Бошқа гап айтмадилар. Хўш, менга жавоб энди! Домла яна йўлига тушди. Гузар одамлари унинг гапига ишониб етмадилар. Ҳасан кал деди: – Биздек фуқаро ёлғон айтганда, ишонмаган одам бир-икки марта зўраки йўталиб қўйсин. Амалдор билан домла-имом ё обрўйи катта бойлар ёлғон айтса, ишонмаган одам кавшини қўлга олиб турсин: «Ўғри кетди» бўлмай иложи йўқ! Яна кулдилар. Нарида, кўприк бошида домлага Умаралибой дуч келди. – Ҳа, домла, Акбарали нима деди? – Мингбоши додхо ҳеч нарса деганлари йўқ. «Жамоатнинг намозга юриши қалай?» деб сўради. «Маъниси йўқ», дедим. «Элликбошига айтаман, кўпроқ ҳайдаб беради», деди. Шу, холос. Умарали бой қаҳқаҳа солиб кулди. – Умрида бир марта пешонаси сажда кўрганмикин, сўрамадингизми? – Катта одам. Мен нима деёламан. – Хайр, домла! – деди бой. Йўлга тушди. Кейин орқасига қайрилиб кулди ва деди: – Замонанинг охир бўлгани шу-да, тақсир. Бенамоз раис бўлиб, намоздан қолганни тергайди! Уч кундан кейин жума намозига жуда кўп одам йиғилди. Умуман, мачит билан ҳеч бир алоқаси бўлмаган кишилар ҳам қоқ ерга белбоғларини ёзиб, фақат пешоналарига яраша жойни тўшадилар: имомдан бурун бош қўйиб, имомдан бурун бош кўтардилар, имом «оллоҳу акбар» деб саждага эгилганда, булар қиёмга кўтарилдилар… Сафларда пих-пих кулишлар кетди. Салом берилар-берилмас йўталга зўр бериб ўринларидан турган «намозхонлар»ни сўфининг ёғланмаган араваники сингари ингичка ва ғашга тегадиган овози тўхтатди: – Халойиқ! Яқин-яқин келиб имом домланинг ваъзига қулоқ солинглар! Халқ орасида ўтирган амин ва элликбошилар ҳам уларнинг белгилаб қўйган кишилари сўфининг сўзларини илиб олдилар: – Ҳа, жамоат! Домланинг сўзларини эшитиш зарур! Юқорида, айвоннинг ичкарисида ўтирган домла саф оралаб ташқарига чиқди. Панжара эшик олдида тўхтаб гап бошлади. Мингбоши ўша кунги келишида, шаҳардан берилган таълимотга мувофиқ, ҳамма мачитларда тўхталган, жумадан сўнг одамларга ваъз айтиб, «уларни тинч тириклик билан шуғулланишга ва ҳар хил фитна-фасодларга берилмасликка» чақириш вазифасини мачит имомлари зиммасига юклаб кетган эди. Бизнинг домла сўз тополмасдан тутилиброқ ва қийналиброқ бошласа-да, кейинча жўнашиб кетди: қавмининг ҳаммаси деярлик саводсиз қишлоқ одамларидан иборат бўлганига қарамасдан, «балоғати араб ва фасоҳати фурс»ни мумкин қадар кўп ишлатди, эшон Сўфига жуда мухлис бўлганлигидан, унинг маънилик байтларидан анчасини ҳар ер-ҳар ерга қистириб ўтди. Бир қанча вақт зўр бериб шаҳардаги ҳоким тўраларни, ўзимизнинг «Мулла Акбарали додхо»ни, шулар қаторида – гарчи бошқа маҳкумнинг улуғи бўлса-да – «фаросатлик, ҳушёр, донишманд, сахий ва мурувватманд» ҳукуматдорлардан мулла Абдисамат мингбошини мақтаб ўтди. «Нўғой домла эшитсин» деб янги замон мактабларидан, унда Қуръоннинг тажвид билан – махражига тўғрилаб – ўқитилишидан, у мактабда ўқиган болаларнинг «Шариатул имон»ни катталардан кўра яхшироқ билганларидан, озод бўлишга яқин Миср оҳангида саловот ўқиганларидан, уни эшитган одам йиғламай ўтолмаганидан, ҳатто… ҳатто гарчи у мактабнинг домласи болаларга «ер мудаввар, яъни бамисоли соққа ёки ёнғоқ ва ёки тарвуз – думалоқ» деган бўлса ҳам, бу даъвонинг шариати Мустафога унча хилоф келмаганидан, яъни эшон Сўфи Оллоёр, Амир Навоий, Мавлоно Фузулий, эшони Ҳазиний абъётларида фалакнинг гардиши, яъни айланиши хусусида кўп сўзланганидан гапирди. Бош қизиб, гап қозони қайнагандан сўнг, домламиз алжий бошладилар. Гаплар пойма-пой кела бошлади. Ундан кейин қавмнинг намозга кам юрганига, бойларнинг закот ва садақа хусусида шариат амридан четлашганларига, қишлоқ одамлари орасида «хамр», яъни ароқ ичадиганларнинг кўпайганига ўтди… Ҳеч кимни қолдирмай сўка бошлади. Энди бу руҳоний грамофонни тўхтатиш қийин эди. Домла кимдан койиса, ёнидагиси, албатта, хурсанд бўларди. Домланинг ўткир тилларидан фақат элликбошилар билан аминларгина қутулиб қолдилар. Домла сўзни тамом қилгандан кейин, одамлар яна ўринларидан тура бошлаган эдиларки, айвоннинг ичидан Умаралибойнинг хирқироқ овози кўтарилди. – Домла яхши айтдилар! Балли домлага! – деди бой. – Бенамозларнинг касофатидан ҳаммаёқ қимматчилик бўлиб кетаётир! – Хотинбознинг касофатидан-чи, хотинбознинг? – деди биров пастдан. – Бойбува ўз қилмишидан ҳам гапирсин жиндак! Эшитайлик! – деди яна биров. Бой аччиғланди. Саф оралаб айвон қирғоғига келди. – Ким у менга таъна қилган? Қайси бенамоз? – деди у. Ўзи қалтирарди. Жавоб бўлмади. – Имом домланинг қўлларига дарра олиб берамиз энди, бенамозларнинг жазосини беради? – деди ичкаридан ташқарига чиқаётган Ёдгорхўжа. – Судхўрдан гап эшитинг! Судхўрдан! – деди пастдагилардан бири. – Пул меники! Кимга қандай шарт билан берсам – ихтиёр ўзимда! Сенга нима, ўғри? – деди Ёдгорхўжа. – Ўзинг ўғри, ҳаммани ўғри деб биласан! – Нима, нима? – Ҳовлиқма! – Биласизми, тақсир, – деди Умаралибой, – ҳамма бало амалдорларимизнинг ёмонлигида. Мингбошимиз – Акбарали бўлса, пешонаси бир умр сажда кўрган бўлмаса, хотинлари бузуқ бўлса, ўзи пияниста, бузуқ одам бўлса! Бошқалардан койиб бўладими? – Ҳай, Умаралибой, ундай деманг! – деди имом. – Мулла Акбарали додхога тил тегизманг. У кишидан фуқаро ҳеч қандай бир ёмонлик кўрган эмас. Унча-мунча чакки юришлари бўлса, амалдор ҳам подшодай гап, подшоларга буюради ўзи… – Мен мулла Абдисаматга ҳеч нарса демайман, – деди Умаралибой. – Мулла Абдисамат бўлса ҳамма жон дейди! – деди Ёдгорхўжа. – Мулла Абдисаматдек амалдор йўқ! – деб давом этди Умаралибой. – Акбарали одамми? Сипоҳми? Амалдорми? Унинг ўрнида мен бўлсам, гузардаги самоварларни тақатак беркитдирардим. Ҳамма бенамоз шу ерга йиғилади. Намоз ўқимаганни ёзда дарралатардим, қишда муз тешиб сувга пишардим. – Шу учун худо сенга амал бермайди-да! – деди биров пастдан. – Туяга қанот берса, қайси иморат соғ қолади? – деди кал Ҳасан. Ҳамма кулиб юборди. Умаралибой яна давом қилди: – Мен амалдор бўлсам, шу қишлоқдан беш-тўртта ялангоёқни Сивирга ҳайдатардим. – Ҳаббаракалла! – деди Ёдгорхўжа. – Биз Сивирга кетардик, сенлар қолиб – биттанг қишлоқда соғ хотин қолдирмасидинг, биттанг юзни мингга берардинг! – Юрт обод бўларди! – Биттанг Қумариқнинг сувини ўз ерингдан чиқармасдинг. Биттанг Катта ариқдан қишлоқ одамларига бир томчи сув бермасидинг. Хайрият, амалдор эмассан! – Бўламан амалдор! – Кўрамиз! – Кўрамиз!! Умаралибой қизиб кетди: – Кўрасан! Кўрсатаман сен хотинталоқларга! Пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик наъра солди: – Ким хотинталоқ?!! Ўнлаб киши муштини тугумлаб айвонга югурди. Бақиришлар, дод-войлар, фарёдлар юксалди. Оғир муштларнинг оғир зарбалари эшитилди. Бутун қавм бир-бирига киришиб кетди… Амин осмонга қаратиб бир-икки марта тўппонча чиқарди. Унга қараган ва аҳамият берган бўлмади. Бир йигит роса мўлжаллаб туриб аминнинг қўлига муштлаган эди, тўппончаси йўлидан тушди. Уни бошқа бир йигит олиб ёнига солди, ёнидагиларга қараб мағрур-мағрур… кулди. Муни кўрган икки элликбоши ўзини дарвозага уриб қочди. Мачит айвони олдидаги эски чирик панжаранинг шарақ-шуруқ синиши кўчанинг у юзида чўзиқ бир акс садо берди. Бир оздан сўнг бутун қишлоқ исён ҳолатида эди. Мингбоши бу ёқда йигит ортдириш тўғрисидаги буйруқнинг амин ва элликбошилар томонидан нечик бажарилгани хусусида расмий маълумот кутиб ўтирарди. Қишлоқларни айланган вақтида амин ва элликбошиларнинг баъзиларига ўзи яна эслатиб ўтган эди. Ҳакимжондан тез-тез сўраб турарди. У бу ишни мумкин қадар тез ва ҳаммадан олдин битказиб, ўзи шаҳарга тушмоқчи, ҳоким тўрага арз қилиб, ўз садоқатини кўрсатмоқчи бўларди. Иккинчи томондан, Ҳасан абзининг васвасалик фикрлари ҳам уни ҳали тарк этмаган эдилар. Бу жиҳатни ўйлаган вақтида у ўзининг қишлоқ айланиб келишидан хурсанд бўларди… «Ўзимни кўрсатдим! Хўп яхшилаб кўрсатдим! Абдисаматнинг қишлоғидан от қўйиб ўтиш насиб бўлмаса ҳам, шу айланишимнинг ўзи чакки бўлмади. Абдисамат эшитгандир. Эшитдирмай қўядими одамлар? Юраги ўртансин баччағарнинг!..» Фақат, амин ва элликбошилар жойларига қайтгандан сўнг нафасларини ичларига солиб ўтира бердилар. Кўплари кўчага ҳам чиқмай қўйди. Улар одамларга қандай қилиб янги пул солиғидан гапиришга ҳайрон эдилар. Орадан бир ҳафта ўтди. Ҳеч бир амин ва элликбоши бу тўғрида ҳеч бир кимга оғиз очгани йўқ. Мингбоши тажанглана бошлади. – Мирза, бу занғарларинг эсидан чиқардими? Yo имони ўчиб индаёлмай турадими? Бир-иккитасига фармойиш ёзиб, от чоптир! – Хўп, тақсир! Йигитлар фармойишни кўтариб йўрта кетдилар. Ичкарида бутун ишлар мингбошининг истаганича ҳал бўлган эди. Илгари дутор чалиб «Нетайхон» куйига сайрайдиган шаҳар булбули, кейинча секин-секин қўлга қўна бошлаб, Султонхон ташқарига йўл солган кечаси – бироз ижирғаниб бўлса ҳам – ўзини мингбоши додхонинг ихтиёрларига топширди… Топширмай нима қилсин? Бошқа иложи бормиди? Қани у илож? У ҳам шу ўлкадаги мингларча, неча ўн минг, юз мингларча аянч қулларнинг бири эмасми? Савдогарлар билан лиқ тўла қул бозорида сотиладиган канизак ҳеч бир тадбир билан сотилишдан ўзини қутқаролмайди. Мунинг учун ўзига ўхшаш канизларнинг кўп бўлиши, у кўпнинг бир бутун бўлиши, бир бутуннинг савлатли ҳукмларга, яъни ўлимга тайёр бўлиши керак. Ота-оналари томонидан қари чолларга сотилган қизлар озмиди? Қайси бири қаршилик қилиб эплай олган? Қайси бири ҳийла билан қутулиб кетган? Ундайлар тўғрисида халқ оғзида битта-яримта достон ҳам йўқ. Халқ тақдирга тан берганлардан гапиради. Кўпчиликка қулоқ солсангиз: қутурганларнинг чор-ночор юмшаганини, осийларнинг бўйинсунганини, телбаларга эс кирганини, оловларнинг пасайганини, алангаларнинг сўнганини, фарёдларнинг бўғилганини, дод-войларнинг бўғизлардан берига чиқолмасдан эриганини айтади, айтаркан ё кўзидан бир-икки томчи анъанавнй ёш чиқаради, ё бўлмаса маънилик қилиб бошини чайқайди. Зеби отасининг хунук феълини билади. Отаси шаҳардан пиёда келган эди. Оппоқ соқоли билан кўз ёшларини тўкиб йиғлади. «Қизим, – деди, – мени мунақа шарманда қиладиган бўлсанг, илоҳим, бўйнинг тагингда қолсин… Муродингга етмагин…» Мундай қарғишларнинг ортиқ даражада қўрқинч эканини ҳар оғиздан эшита-эшита ўсган; «эрга теккунча, худодан кейин ота-она келади» деган талқинлар остида катта бўлган ожиз, иродасиз, аянч ва яккабош бир қиз учун, Раззоқ сўфидай одамнинг омонсиз назарлари остида етилган бир нотавон махлуқ учун ҳалиги хилда қарғишларнинг руҳий таъсири бўлмаса мумкинми? Мунинг устига, Зеби онасини ҳаддан ортиқ яхши кўради, бу кўнгли қаттиқ отанинг дардини у муштипар ҳам кам тортган эмас… У бечора ҳали ҳам шаҳарга қайтиб кетолмайди. Бир сиқим рўзғор соврилиб битмадимикин? Она шўрлик ҳар кун йиғлайди, кўз ёши қилади: «Айланай қизим, менга раҳминг келсин, – дейди. – Мен сенга оналик меҳримни қўйиб катта қилганман, бошқа гуноҳим йўқ. Сени суймаган кишига берган бўлса, отанг берди… Мен бир нарса деб эплай оламанми, қалай? Ўзинг биласан. Отанг тепа тўнини тескари кийиб келибди. Мингбоши додхо олдида мунақа шарманда қиладиган бўлса, қиз ҳам керак эмас менга, сен ҳам керак эмассан, дейди. Айланай болам. Мен отангдан қўрқаман… Шаҳарга боролмайман. Бу ерда ҳам қололмайман… Ҳеч бўлмаса менга раҳминг келсин, болам. Жон болам, кўз болам!» Ҳар кун бошқачароқ шаклда такрор қилинган бу сўзлар таъсирсиз қолмайди, албатта. Айниқса, юмшоқ кўнгилли қиз болага… Ўзи ҳам ўйлайди: «Мен, – дейди Зеби, – якка бошим билан қаршилик қилиб эплай оламанми? У девдай бир эркак бўлса, мен бир сиқим жони бор қиз бўлсам? Онам бечора шаҳарга кетолмай, жонини қўлига олиб, ҳар кун, ҳар кеча қулоғим остида йиғлаб турса? Икки кундошим кеча-кундуз менга қараб кулиб, мени эркалатиб, силаб-сийпаб муомала қилгани билан, кеча-кундуз менга дейдигани шу: «Мунақа қилманг, айланай!» Мингбошини мендан узоқ тутиш учун жон олиб, жон бериб уриниши керак бўлган Султонхон келганидан бери ҳар кун қулоғимга эгилиб иккала кундошининг гапини қайтаради… билолмай қолдим! Умринисабибини чиқармай қўйдилар, қизига ҳам йўл йўқ. Энахон ҳам кам чиқади, чиққанда ҳам шу кундошларнинг гапини қайтаради. Ёлғиз жоним билан ҳеч нарса қилолмайдиганга ўхшайман, тақдирга тан бераман, шекилли. Вой, худойим, ўзинг ташлаганингдан кейин бошқа чора борми?» Шундай қилиб, қиз бечора тақдирига тан беришга жазм қилганидан кейин, омонсиз тақдирнинг суниб турган жомидан ўзини маст бўлгандай хаёл қилиб, ўзи хоҳламаган ва ўзи қўрққан завққа толди. Ўша шумлик кунда то кечгача Зеби неча марта тишини тишига босиб ғижинди, оёғи билан ер депсаб ўзини зўрлади, оқшом чоғи кўнглидаги изтиробларни дутор қилларига ва Нетайхон яллаларига топширди. Ортиқча қийналмаслик учун бутун оқшом ичи фонар ёқмади, ташқаридан тушган заиф ёруғда – мингбошига қайрилиб қарамасдан – дуторини чалиб, ялласини қила берди. Келин бўлиб келган кундан бери ўнтача қалин кўрпадан иборат ҳашамли ётоқ уйнинг ўртасида ҳар кун куёв-қайлиқни кутарди. Мингбоши ҳар кунги одатини қилиб, кирган ҳамон ечиниб ётган, устига катта чойшабни ташлаб ўзи севган яллаларини тингларди. Итлик қилмасликка ваъда берган бу одам, билмадим кимдан хижолат тортиб, ваъдасини бузишга уринмаган эди. «Бу оқшом ҳам сеҳрли яллани эшитиб ухлаб кетарман» деб ўйларди у. Зеби аввал ашулла ни тўхтатди. Ундан кейин, ташқарида ҳамма ухлагач, бирданига дуторини ирғитди: «Бир нарса бўлмадими?» деб ўйлаб бошини кўтарган мингбоши ёнига салгина қалтираниб Зебининг кириб келаётганини кўрди. Қиз унинг очилган қучоқларига бир қулдай эътирозсиз кириб кетди… Эртаси куни унча ижирғанмади. Ундан кейин табиат ўз ишини қилди. Мамлакатнинг қизғин қуёшида тез етилган тан бечора қизнинг маъюс кўнглини ўз илиқ қучоғига олди. Эрта билан иккала катта кундош қаҳқаҳа солиб туриб бу ёш кундошни олқишладилар. Улар ўз қаҳқаҳалари билан нариги кундошни – Султонхонни бўғмоқ истардилар. Ҳолбуки, у ҳар кеча деярлик мирзанинг қўйнида саодатдан бўғиларди… У ҳалиги юксак қаҳқаҳани эшитгач, унинг маъносини англади: югуриб Зебининг ёнига кирди, ҳаммага бирдан салом бергач, Зебига осилди; уни ҳам – худди мирза каби – бутун ҳирси билан қучоқлаб, чўп-чўп ўпди, бу билан иккала катта кундошга демоқчи бўлдики: «Сиз қанча севинсангиз, мен сиздан ортиқроқ севинаман! Сиз қуруқ ваҳимани қучоқлаб севинасиз, мен тирик ва жони бор одамни қучоқлаб яйрайман. Ким аҳмоқ! Ким аҳмоқ?!» Султонхон бечора кундошларнни «аҳмоқ» деб ўйлайди. Ҳолбуки, у сиқиқ муҳитда, у кишанли жамиятда ва у «мамну’ ўлка»да яшовчиларнинг ҳаммаси бир-бирини алдашга, бир-бирини «аҳмоқ» қилиб қолдиришга уринади ва ўзи муваффақ бўлгач, бошқа ҳаммани «аҳмоқ» санайди. Яшаш учун кураш бораётган бўлса, одатда, куч билан енголмаган одамлар ҳийла билан енгадилар: бу – жуда табиий нарса. Айниқса, хотинни қулдан баттар хўрловчи бир муҳитда хотин чор-ночор ҳийланинг устаси бўлади. Хотиннинг икки қўлига кишан солиб, кўча дарвозасини ташқаридан қулфлаб дўконига кетадиган савдогар ҳаммадан ортиқ аҳмоқ бўлганини англамайди… 16-боб Йигитларни фармойиш билан аминларникига жўнатгандан сўнг мингбоши додхо ичкарига кирди. Сўнг вақтларда феъли жуда ўнгланиб қолганидан ҳамма хотинларига бир-бир тегишиб, гап ташлаб ўтди. Сўнгра Зебининг уйига кирди. Зеби ташқаридайди. Онаси хотиржам бўлиб шаҳарга қайтиб кетган эди. Хадичахон ҳовлига чопди ва Зебини айтиб келди. «Уйга киринг, айланай, эрингиз кириб кетдилар». Зеби кулди, Хадичахон ҳам кулди: бу кулишнинг маъносини фақат кундош аҳли ўзи англайди… Мингбоши Зеби киргунча дуторни олиб чертиб боқди. Чиқмади. «Шоп-шалопга ўрганган қўл дуторга ярармиди?» деди ўз-ўзига, шу билан ўзини юпатган бўлди. Зеби кириб майда йўллардан биттасини олди. Дуторнинг овозига эндигина ўз овозини қўшаман деганда, ташқаридан мингбошини чақирдилар. Бу Қумариқ мачитидаги тўполон хусусида келган биринчи хабар эди. Ярим соат ҳам ўтмасдан, мингбоши эски йигитлардан иккисини, янгилардан тўрттасини олиб, Қумариққа қарата от қўйди. Мачитдаги воқеани от чопиб келиб мингбошига хабар берган ва унинг ёнида от йўртдириб бораётган одам тўппонча воқеасидан сўнг мачитдан қочган икки эликбошининг бири – Қосим лайлак эди. Бўлган воқеани оёқ устида туриб мингбошига англатди ва аҳволни жуда ваҳималик қилиб кўрсатди. Унинг айтишича, «мингбоши етиб боргунча қишлоқнинг қарийб ярми қирилиб битади». Йўлга чиққандан сўнг мингбошининг саман йўрғасига етолмасдан ҳансираб йўртаётган йўғон қора биясини тўхтовсиз қамчилаб, мингбошига «гап едиришга» уринди. Бойларнинг икковидан ҳам Қосим лайлак дилгир эди. Подшоликнинг патталик солиқлари, яъни ўлпон ва тутун пулларини ҳаммадан кеч тўлайдиган, аммо қоровул пули ва капсан каби паттасиз солиқларни сира тўламасдан, элликбоши ва аминларга ўшқириб муомала қиладиган бу пурзўрлар ёлғиз Қосим лайлакка эмас, бошқа элликбоши ва аминларга ҳам унча ёқмасдилар. Ёлғиз элликбоши ва аминларгагина эмас, ундан каттароқлар ҳам «берганни» ёқтиради-да! Фурсат жуда қулай келганлигидан Қосим лайлак имкон борича фойдаланиб қолмоқчи бўлди. – Мингбоши додхо, отларга жиндак дам берсак, оқ кўпикка тушиб кетди жониворлар! Сизга бир-икки оғиз зарур гапим бор эди. Мингбоши саман йўрғанинг бошини тортиб орқасига қайрилди, йигитлар йироқда қолган эдилар, фақат улар ҳам отларнинг бошларини торта тушдилар. – Уялмасдан катта холангдай бияни миниб юрганингни қара, лайлак! – деди мингбоши. – Менинг қашқа йўрғам уйда қолди, тақсир. Мачитдан чиқиб уйга боролмадим: фурсат бўлмади. Гузарда битта шу от бор экан, миниб чопа бердим. – Баракалла, лайлак! Подшоликка шунақа хизмат қилсанг, мартабанг ошади. – Шунисига ҳам шукур, тақсир. – Қани, гапингни гапир. – Шу Умаралибой билан Ёдгорхўжани айтаман. Бугунги фасодга ҳам ўшалар сабаб бўлди. Патталик солиқ чиқса, ҳаммадан кейин тўлайди. Паттасиз солиқларни ҳеч бўйнига олмайди. Бориб сўрасанг, ўшқириб беради. Қўрқасан одам… Шу бугун ҳам домла-имомдан кейин бири қўйиб, бири юртни тергади, намоз ўқимаганларни сўкди. Ўзлари ўқиса экан, кошки… Юрт жуда ёмон кўради у икковини: қишлоқнинг тўртдан бир ҳисса ери ўшаларники, иккала ариқнинг сувини ҳам ўшалар ичади, ҳеч кимга бермайди. Ҳамма улардан қўрқади. Ўзимиз ҳам унча-мунча яхши гапириб турмасак, шаҳардан катталар чиққанда, устимиздан арз қилишади. Қосим лайлак бир-икки йўталди, орқасига қараб олди, сўнгра яна сўзида давом этди: – Шунча халқ олдида сиздай одамга тил тегизишди… Мингбоши отининг бошини яна торта тушиб сўради: – Нима, нима? Менга тил тегизди? Нималар дейди хотинталоқ? Шундан кейин Қосим лайлак иккала бойнинг мингбоши тўғрисидаги фикрини бирига беш қўшиб айтиб берди. Мингбоши қишлоққа келган куни кўприк устида Умаралибойнинг домла-имомга айтган сўзлари ҳам мингбошига тўкис-тугал еткизилди. Бу узунқулоқ ҳеч бир шоҳид йўқ ерда айтилган у сўзларни қайдан эшитгандир – билмадим, мингбошига эшиттирган вақтда ярим ҳижосини ҳам ғалат қилгани йўқ. Шундай қилиб, Акбарали мингбоши исён чиқарган Қумариқ қишлоғига тайёр фикрлар, ҳозир ниятлар билан кириб борди. Булар қишлоққа бориб кирганда, офтоб кенг толалар устидан ўз уйига томон йўл солган эди. Ҳали анча баландда бўлса ҳам, унинг камолидан заволи яқинроқ экани кўриниб турарди. Саман йўрға гузарнинг ўртасида тўхтади. Югуриб келиб юганини ушладилар. Мингбоши ирғиб тушди. Гузардагилар ҳаммаси оёққа қалқдилар. Мачитда одам кўринмади, фақат намозхонларнинг ҳаммаси гузар олдида тўпланган эдилар. Улар орасида ҳалиги иккала бой йўқ, булар ҳаммаси супанинг пастида намоз ўқиган ва «хотинталоқ» деб сўкилган деҳқонлар, чоракорлар, қароллар эди. Мингбоши ўнг томондаги озодароқ самоварга чиқиб, ўзи учун тўшалган тўшакка ўтирмасдан, гиламнинг бир четига ўтирди ва чилим буюрди. Чилимни жуда узоқ тортиб чеккандан кейин, сарғимтил тутунини оғзидан совуриб туриб, ўтирганларга хитоб қилди: – Нима номаъқулчилик қилиб қўйдинг, баччағарлар? Ҳамма жим қолди. У ер-бу ердан бир-иккита йўтал овози эшитилди. – Қани, гапириб бер менга. Нима номаъқулчилик қилдинг? Яна ўша оғир жимлик бузилмади. Сўнгра мингбоши Қосим лайлакка юзланди: – Қани, Лайлак, сен гапир, бўлмаса! – Мен, тақсир, подшоликнинг одами бўлсам. Нима деб гапираман? Юрт ўзи гапирсин. Ҳақиқат маълум бўлади. Ҳамма гапни йўлда гапириб бўлган Қосим лайлакнинг юрт олдида гапириб жавобгар бўлишдан ўзини олиб қочаётганлиги маълум эди. – Бўлмаса гапиринглар. Нега жим турасанлар? Мен ҳақиқатни билай деб келдим. Ниҳоят, бойга қараб мушт кўтарганлардан бири ўрнидан турди. Кўзларида ғазаб учқунлари чақнаса-да, ҳаракатлари оғир ва бепарво эди. – «Хотинталоқ» демаса, ҳеч ким тегмас эди уларга. Ҳаммамизни бирдан хотинталоқ деб юборди, тақсир. – Ўзи хотинталоқ! – деди мингбоши. Мингбошидан бу хил жавобни кутмаган оломонга жон кирди. Ҳар қайси ҳар тарафдан қичқириб гапира бошлади. – Биттанг гапир! Биттанг! Ҳамманг баравар шовқин қиласан, гап уқиб бўладими?! Битта-битта келиб гапир. Бошқа бириси туриб келди: – Сенлар намоз ўқимайсан дейди, тақсир. Бенамозсан дейди, тақсир. Нима, у подшолик қўйган раисми ё имомми? Тергаса имом домла тергасин. Яна бири турди: – Ўзи намоз ўқийдими денг, тақсир. Жумага келса келади, келмаса йўқ. Иккала ҳайит намозини ўқийди, муниси рост лекин. – Биттаси ўлгудек хотинбоз. Унинг дастидан хотинларимиз, опа-сингилларимиз кўчадан ўтолмайди. Ўтган хотинга гап ташлайди. Уят гапларни гапиради… – Биттаси судга пул беради. Бошқалар бирни бирга берса, бу бирни бешга, ўнга беради. Қишлоқ одамининг уйи куйиб кетди, тақсир! – Ҳамма ерлар аста-текин ўшаларга ўтиб кетаётибди. Қўлимизда ер қолмади. Ҳаммамиз чоракор бўлиб қолдик. Ишлатиб-ишлатиб ҳеч нарса бермайди. Бир сўм қарзимизни ўн сўм қилиб кўрсатиб, бизга кўнадиган ҳақни олиб қола беради. – Бир дафтари бор, ўзи ёзиб, ўзи ўчиради. Биз билмасак, тақсир… «Мунча қарзинг бор, мунчаси тегди, мунчаси қолди» дейди. Биз қайдан билайлик? – Бўйнимиз қарздан чиқмайди. – Подшолик «вайна»га чақирар эмиш деб эшитдик. Тезроқ чақира қолса, ҳаммамиз кетардик. Жонимиздан тўйдик, тақсир. Орқасида ўтирганларга қаради. Улар барчаси бир овоздан тасдиқ қилдилар: – Шундай тақсир. Жондан тўйиб кетдик. – Ҳаммамиз бола-чақалик бўлсак… Нечтадан ёш жўжаларимиз бор… Биз ўзимиз оч-яланғоч ўта берамиз, ёш бола уни билмайди: «нон» дейди, «ош» дейди… – Кеча-кундуз ишлаб қорнинг тўймаса, бу қандай замон бўлди? Мингбоши қичқирди: – Гапириб бўлдингми ҳамманг? – Бизда айб йўқ, тақсир! – деди бириси. – Бизда айб йўқ! – деб қичқирди оломон. Шу вақтда ҳаллослаб югурганича Умар амин келиб қолди. – Ҳа, Умар, қаерда қолдинг? – деди мингбоши. – Ассалому алайкум, тақсир! Хуш келибсиз. Мен шу тўполон билан овора бўлиб юрибман. Тўполонда тўппончамни йўқотиб эдим, шуни топиб олдим. – Бойлар қани? – Бири беҳуш бўлиб уйида ётибди. Бир қўли синганга ўхшайди. Боши ёрилибди. Яна биттаси бир жойга бекинган бўлса керак. Дараги йўқ… – Ўша иккаласи қишлоқда қоладиган бўлса, биз қишлоқни ташлаб кетамиз! – деди биров. – Рост айтасан! – деб қичқирди оломон. Мингбоши нима қилишини ва нима дейишини билмасди. Ниҳоят, қарорини берди: – Оломон тарқалсин. Ҳамма уй-уйига кетсин. Тирикчилигини қилсин. Айбдорларни биз ўзимиз топиб, жазосини берамиз. Унинг сўзларини амин ҳам баланд овоз билан такрор қилди. – Ишқилиб, инсоф билан тергалсин! Юртда айб йўқ! – Юрт оғиз очмай туриб, Умаралибой сўз бошлади. – Ҳаммамизни ҳақорат қилди. – Мингбоши тоғанинг ўзини ҳам ҳақорат қилди, занғар! Амин бориб шу сўнг сўзни айтган одамга дўқ қилди: – Жим тур, аблаҳ! Унақа гапларни гапирма! Яна ўзаро ғудрашиб-ғудрашиб, тўпланганлар тарқалиб кетдилар. Улар кетгач, мингбоши мачитга бориб воқеа жойларини кўрди, имом домлани топдириб келиб, воқеа тўғрисида батафсил маълумот олди. Имом қўрққаниданми ё бошқа бир хаёл биланми, бўлган воқеани айнан гапириб берди. Ортиқча ёлғон қўшмади, ҳеч кимни қораламади, ҳеч кимни ёқламади ҳам. Маълумот олингандан кейин, домлага жавоб берилди. Энди икки элликбоши, бир амин ва бир мингбоши маслаҳат учун мачит айвонига чиқиб эдилар, ташқаридан Ёдгорхўжа кириб келди. Мингбоши қарагали улгурмай туриб, бой шовқин солди: – Мингбоши ётади тўртта хотинни олиб! Бу ерда ялангоёқлар, бошкесарлар, ўғриларнинг дастидан ҳеч кимга кун йўқ! Бу қандай замон бўлди? Мингбоши супа қирғоғида тўхтади. – Шовқин солмай гапиринг, бой. Қулоғимиз бор. – Бизнинг бўлусимизда қулоғи бор одамлар қолгани йўқ ўзи! Энди ер-сувимизни сотиб, бошқа тарафларга кетмасак бўлмайди. – Нима бўлди сизга, Ёдгорхўжа? Нега ётиғи билан гапирмайсиз? – деди амин. – Сен гапирма, хотинталоқ! Сендан каттароғидан ҳам қўрқмайман мен! – Нима, нима? – деди мингбоши. – Сен қутурибсан, Ёдгор! Сенга одам мамиласини қилиб бўлмас экан ўзи. Юрт билиб қилганга ўхшайди… – Вой-до-од!.. – деб қичқирди Ёдгорхўжа. – Вой-до-од Акбаралининг дастидан! Айтмадимми! Ҳамма ўғри, бошкесар, ялангоёқларнинг бошида Акбарали ўзи туради! Кечалари йигитлари билан босма қилади. Йигитлари ҳаммаси босмачи! Ўғри!.. – Олиб бор баччағарни! Қамаб қўй! – деб бақирди мингбоши, жаҳлдан ўз қўлларини чимчиларди. Ҳеч ким қимирламади. – Қаматиб кўр-чи, қани! Қаматиб кўр-чи! Нима қилар эканман! Ўғри! Босмачи!.. – Ҳой болалар, сенга айтаман! – деб қичқирди мингбоши.– Олиб бор бу босмачини, қамаб қўй ўша ҳужрага! Дарвоза олдидаги йигитлардан учтаси келиб бойга ёпишдилар. Бой уларнинг учаласига ҳам сўз бермасдан, оғзидан тўхтовсиз «куфур» совурарди. Кейин бошқа йигитлар ҳам ёпишиб уни ўртага олдилар: зўр билан сўфининг ҳужрасига олиб кириб, устидан қулф солдилар. Бу вақтда мачит дарвозаси олдига яна одамлар тўплана бошлаган эди. Мингбоши ўзининг эски, синоқта йигитларидан бирини эшик олдига қўйди, янги йигитлардан иккисини унинг ёрдамига берди. Сўнгра синоқта йигитнинг қулоғига эгилиб, бир оз таълимот берганидан кейин гузарга чиқиб отига отланди. От тизгинини ушлаб турган аминга икки оғизгина сўз деди: – Юрт ҳам тинчиди, бойлар ҳам тинчиди. Мундан кейин иккови ҳам номаъқулчилик қилмайди. Юртга ҳам насиҳат қил: ўз бошига иш тутмасин. Керак бўлса бизга арз қилсин. Ўзимиз адабини берамиз! Шундан кейин отнинг бошини буриб, йигитлари билан бирга ўз қишлоғига қайтиб кетди. Қоронғи тушган, йўлнинг икки томонида қуруқ ғўзапояси қолган, баъзи жойларда ғўзапояси ҳам юлиниб яланғочланган ерлар энди биринчи қорнинг совуқ тамосини кутиб ётардилар. Келишда бирушта чопиб келиб оқ кўпикка тушган отлар бу қисқа тўхталишда жиндак дам олган бўлсалар-да, яна ўша хилда тез юришга тоблари йўқ эди. Унча-мунчага чарчамайднган саман йўрға қамчининг ели билан оёқларини бидратмоққа бошлаганда, мингбоши ўзи унинг бошини тортиб қўярди. Йигитларнинг отлари, барибир, қамчи зарби билан ҳам шошилмоқчи эмасдилар. Йигитлар мингбошига малол келмаслиги учун оҳистагина ғингшиб ашулла бошладилар. Нозик замон, қоронғи кеча, совуқ ҳаво, кенг толада бу хиргойи, негадир, мингбошига ёқиб кетди. – Ҳа, йигитлар, овозингни кўтара туш! Йигитлар бир ерга ғужум бўлиб олиб ашулла ни бир йўсинда чўзиб юбордилар. Отлар ҳам ашулла нинг зарбига оёқ ташлаб, оҳиста-оҳиста борардилар. Бу чопиб келиш ва ҳадемай яна отга отланиб уйга қайтишнинг бемаънилигини мингбоши ўзи ҳам англаган эди. «Бутун бир қишлоқ қўзғолон кўтарди, – деб ўйлади у. – Бир одамни чала ўлик қилиб ташладилар. Мачитнинг панжаралари синди. Яна бириси қочиб қутулмаса, у ҳам ўларди ё майиб бўларди. Йигит-яланг чинакам қутурган эди. Бу ҳазилакам гап эмас. Қишлоқнинг икки элликбошиси, бир амини ҳеч нарса қилолмасдан, менга одам юбордилар. Апил-тапил кийиниб, отга отланиб, етти-саккиз йигитим билан келдим. Келишим чакана бўлмади! Фақат, натижа? Натижа нима бўлди? Нимага эришдим? Нима қилдим? Нимани бажардим? Йигит-ялангнинг арзини эшитдим (мингбоши, негадир, энди «юрт» дегиси келмайди). Ёдгорхўжа ўшқириб келиб эди, қаматиб қўйдим. Жиндак ҳовуридан тушмаса бўлмайди. Ўз қилмишига пушаймон бўладими, йўқми – уни билмайман, аммо-лекин бугун-эрта чиқиб кетишига қаттиқ ишониб турганини яхши биламан. Қамоқдан чиқса менга ёмон осилади. Иложи бўлса, ярим подшогача боради. Қўймайди лекин! Битта оғзи катта бойга кучим етмагандан кейин, бу шоп-шалопни нега тақдим, денг? О, пули тушкур-э! Амалдан ҳам кучли экан-а!.. Рост-да, Ёдгорхўжанинг оқибати нима бўлишини мен биламанми? Шундай катта мингбоши? Йўқ, билмайман! Уни шу ҳолда кўп сақлаб бўлмайди, эртага эрта билан ё конвой билан шаҳарга жўнатилади, ё чиқариб юборилади. Бошқа йўл йўқ! Шу йўлларнинг қайси бири маъқул? Қайси бири эп келади? Қайси бирини қилсам, ўзимга хайрият бўлади? Билмайман! Ҳайронман… Шу топда Мирёқуб жувонмарг бўлсайди. Бир оғиз гап билан маъқул маслаҳатни топиб берарди, «Қўй ҳам бутун, бўри ҳам тўқ» бўларди. Хотин дардига қолмай ўлсин, бетавфиқ! Битта ғайридинни топиб неча ойлик йўлга кетибди-я!..» Отлар ўлчовли қадам ташлаб ва бошларини жирка-жирка илгари босаркан, йигитларнинг гоҳ кўтариб, гоҳ пасаядиган мунгли ашулла лари остида мингбоши додхонинг мияси шу хил фикрлар билан ташвишланарди. Мингбоши ўзининг Мирёқубсиз ҳеч нарсага ярамаганини умрида биринчи марта ўз-ўзига иқрор қилди. Тўғриси, қилишга мажбур бўлди. Мингбоши қанча ўйласа ҳам, маъқул бир маслаҳат топа олмади. Мияси чарчади. Боши енгилгина оғригандай, кўзлари тингандай бўлди. «Хайр, қўй, – деди яна ўзига ўзи. – Уйга борайлик-чи. Ҳеч бўлмаса, Ҳакимжондан маслаҳат сўрарман». Сўнгра йигитларга юзланди: – Қани, йигитлар, шўхроқ ашулла дан бўлсин! Жаноза босиб кетди ҳаммаёқни. Йигитлар кулдилар. Йўлда учраган кичкина бир қишлоқдан чиққач, шўх ашулла бошланди. Унгача қиш арафасининг совуқ ва сержаҳл шамоли қўзғалди, унинг игналари юз ва қулоқларга ачитиб-ачитиб санчиларди. Қор учқунлари келиб гоҳ-гоҳ юзларни чимчиларди. Бир оздан сўнг саман йўрғанинг оёқ бидратганини кўриб, йигитлар ҳам қамчига зўр бердилар ва эл уйқуга ётганда, ўз қишлоқларига кириб бордилар. Ҳаял ўтмай йигитлардан иккитаси чарчамаган отлардан иккитасига отланиб яна Қумариққа жўнадилар: Ёдгорхўжани бўшатиб юборишга фармон берилган эди. Султонхонни ўз ҳужрасида қолдириб, негадир, ҳалитдан қишлик пўстинини устига ташлаб ва уйқусираган сингари довдираниб ҳовлига чиққан Ҳакимжон икки йигитни у ёққа жўнатгач: – Чакки иш қилиб қўйибсиз, хўжайин! – деди. – Билмадим, бу ишнинг оқибати нима бўларкин? – Нима бўлса бўлар! – деди мингбоши. – Олса амалини олади-да. Жонни олармиди? Шунча йил хизмат қилганман. – Мундай нозик вақтда хизматга қарамайди, хўжайин. Мингбошининг жаҳли чиқди: – Уйқудан қолибсан, мирза! – деди у. – Тур, жойингга кириб ёт! Эрта билан гаплаш мен билан. Ювуқсиз!.. Ўзи ҳам таппа-таппа қадам босиб ичкарига томон юрди. Мингбошининг бу узун суҳбатни мундай қирт кесиб ичкарига йўл солганига ичдан хурсанд бўлган мирза ўз уйига кирган вақтида, мингбоши додхонинг хотинлари юрагини чангаллаб ўтирарди. – Қўрқманг, – деди Ҳакимжон уни пўстини орасига олиб, – сиз ўз уйингизда ўтирибсиз… Бу кеча Ҳакимжон қанча кам ухлаган бўлса, мингбоши ундан ҳам кам ухлади. Ярим кечада катта хотинини уйғотиб, жиндак гўшт қовуртирди. Бир шиша ароқ билан уни егандан кейин яна бир шиша ароқни ярим қилди ва шундан сўнг оч бўридай увлаб-увлаб уйқуга кетди. 17-боб Кечаси ташқарига бир қарич қор тушди. Деразаларнинг ойнаклари панжара гулчин сингари ғалати-ғалати нақшлар билан безандилар. Жипс ёпилмайтурган эшикларнинг икки қаноти орасидан совуқ қорнинг заҳарли изғирини кириб, уйларнинг токчаларини айланмоққа, унинг совуқ «ҳув-ҳувлари» шифт ораларидан эшитилмоққа бошлади. Қалдирғочнинг ташландиқ уясидан чигиртканики сингари ингичка ҳуштак овози чиқарди: изғирин беркиниб олиб шўхлик қилаётганга ўхшайди! Ҳакимжоннинг уйқусираган кўзларини уқалаб туриб кеча ярмида қилган ваҳимаси мингбошининг ўзига таъсирсиз қолмаган эди. Кечаси ичилган бир ярим шиша ароқ унинг миясини тарози тошидай оғирлаштириб, бир нафасда кўзларини юмдирган бўлса-да, тонг ёришар-ёришмас яна безовталик билан уйғонишига сабаб бўлди. Кўзини очган вақтида боши худди прессга тушган тойпахтадек, ёрилгудек бўлиб оғрирди. Зўрға-зўрға қайрилиб ёнига қаради: севимли булбули, сочларини тўздириб, ширин уйқуда роҳат қилмоқда эди! «Нима қилсам? Уйғотсамми? Yo уйқусига халал бермасамми?» деб ўйлади мингбоши. Фақат, бошида ўтирган алвасти йўғон болтасини қўлига олиб энди ўтин ёришга киришганидан, чор-ночор қичқиришга мажбур бўлди: – Тур, ҳай! Тур дейман! – Бу мингбошининг ўз севимлисини биринчи марта сенлаши. – Қотиб қолибди баччағарди қизи! – Зебини туртди. – Тур дейман, тур! Зеби кўзини очиб дарҳол эшик томонга қаради: – Ким у чақирган? – Менман, мен. Тур ўрнингдан! – деди мингбоши унинг елка томонидан. – Тур, кечаги ароқди олиб бер! – Сизга нима бўлди? – Кейин биласан. Бўл, ароқди бер тезроқ. Бир катта пиёлага чоч қилиб тўлдиргандан кейин бир шимиришда ичиб бўлди. – Аҳ, худога шукур! – деди. – Ётиб ухлай бер. Ҳали вақт эрта. Ўзи оғирлик билан ўрнидан туриб ташқарига чиқди. Ташқарида жон асари йўқ. Ҳамма уйқуда. Янги ёққан қор оёқ остларида ғирчиллама этик сингари овоз бериб ётарди. Дарвоза даричаси очиқ, демак, йигитларнинг намозхони Ўлмас ота намозга чиққан. Сўрига бориб ўтирмоқчи бўлди: сўридаги йиғиштирилмаган палослар қалин қор остида қолганлар. Тўшакча устидаги думалоқ болиш – тепаси қор, икки ёни қуруқ – чала бўялган тухум сингари чучмал ва ғалати кўринарди. Айвондаги гиламга чиқиб ўтириб бошини чайқаб кўрди. Оғриғи тарқалган, енгиллашгандай бўлган, лекин мияга ўйларни тўплайдиган ҳолда эмасди. Ўйлар булут устига мингашган булутдай мужмал ва рангсиз эдилар. Гиламга узаниб бошини қўллари устига қўйди: бемаҳал қишнинг совуқ тонгида шамоллаб уйқуга кетмоқ истарди. Бўлмади. Уйқу келмади. Кўзларининг уст пардаси юмилса-да, ич пардаси юмилмоқ истамас эди. Гўё бир бўлак гўшт бошининг олдига – худди пешона тепасига келиб олиб, билакдаги томирдай бирушта лўмшиб турарди. «Нима бўлди менга?» деб ўйламоқчи бўлди мингбоши: шу уч сўзни миясига тўплай олмади. Учала сўз бошининг уч бурчига тарқалиб, ҳар томондан пойма-пой овоз берди: «Бўлди… нима?.. менга…» Ўрнидан туриб каттакон чорсисини ариқ сувига ботирди, сўнгра наридан бери сиқиб олиб бошига босди ва шу бўйича касал одамдай ўнтаб ётиб уйқуга кетди. Ҳакимжон келиб уйғотганда, соат 11 га яқинлашган эди. Ўрнидан турмасданоқ ётган жойида учта-тўртта қалампир солинган аччиқ шўрвадан ярим коса ичди. Устига катта бир кўрпа ташладилар, ётиб терлади. Шундан кейин мияси жойига келгандай бўлиб, ўрнидан турди. – Мирёқуб акамдан хат бор, – деди Ҳакимжон. – Ким олиб келди? – Бошқа қоғозлар билан бирга шаҳардан юборибдилар. – Нима дебди? – Ўқиб берақолай. Ҳакимжон ўқий бошлади. Бошида узундан узоқ дуо-ю саломлар – ҳаммага алоҳида-алоҳида, номма-ном… – Ўтабер, – деди мингбоши. – Ундан кейин йўлдаги саргузаштлар… – Ўтабер… – Ундан кейин Қримнинг тоғлари, денгизларининг таърифи. Бир неча бет… – Ўтабер… Лақма бўлмай ўлсин! Қачон келишини айтмайдими? – Йўқ, – деди Ҳакимжон. Хатни энди Ҳакимжон ўз ичида ўқий бошлади. – Ҳалиги манжалақи тўғрисида ҳеч гап йўқми? – Йўқ. Бир жойда «жуда хурсандман, айшим жойида» дебди. – Унинг айши жойида бўлмаган вақти йўқ… Менинг уйим куйди бу ерда! Ўтабер! – Мана мунда бир гапи бор. «Агарда биронта нозик иш чиқиб қолса ва ҳам ҳоким тўра билан хилватда гаплашмакни тақозо қилинса, ҳамма гапни Зуннунбой орқали нойиб тўранинг оғачаларига айтилсин. Inshoollo, ҳар қандай мушкул ишлар ҳам хайрият саранжом топқай». – Шуниси керак эди бизга. Яна қайтиб ўқи! Ҳа, балли, энди қаерга тушгани борми, йўқми? – Ҳа, адреси бор. – Бўлмаса, тезлик билан телеграмма жўнат. «Тез етиб келмасанг бўлмайди» дегин. Уқдингми? – Хўп, хўжайин. Менга қаранг, додхо. Хатнинг бошида ғалати бир гап бор, сиз қунт қилмай ўтдингиз. – Хўш, хўш? Қани? – Мана муни эшитинг: «Жаноби ҳурматлик отахонимиз, қиблагоҳимиз, миллатнинг отаси ва тараққийпарвар мулла Акбарали афанди мингбоши додхо ҳазратларига кўп-кўп саломдин сўнгра андоғ маълум ва равшан бўлгайким… в.ҳ.». – Нима бало? Жинни бўлдими? Йўқ ердаги бемаъни сўзлар… – Биласизми, хўжайин, бу сўзлар ҳаммаси жадидлар айтадиган сўзлар. Абдисамат мингбошига Самарқанддан бир жадид муфтининг ёзган хатини кўриб эдим. Ўшанда ҳам «миллатнинг отаси, тараққийпарвар» деган гаплар бор эди… – Нима дегани у? Ҳакимжон шу бемаъни саволга жавоб бермасликни эп кўрди. Шу учун калтагина қилиб: – Ўзим ҳам билмайман, – деб қўя қолди. – Ишқилиб, бизни Абдисаматга тенглаштирибди, дегин. Мирёқубдан келган оқибат шу бўлибди-да… Шу топда мингбошининг юзида ёш болаларнинг аразлаши сингари бир нарса бориди. Ҳакимжон муни дарров пайқади. У аввал билинар-билинмас қилиб кулди, кейин овозида бир нав эрмак асарини босолмагани ҳолда мингбошига «насиҳат» қилган бўлди: – Йўқ, хўжайин, ундай деманг, Мирёқуб акамнинг сиздан бошқа ҳеч кими йўқ. Сизга ҳеч қачон игнадек бир ёмонликни раво кўрмайди. – Мен раво кўраманми бўлмаса? – деди мингбоши. Шу топда унинг кўнглидан «менинг кимим бор ундан бошқа» деган аламлик бир фикр ўтди. Мингбоши бу оғир суҳбатни ёпмоқчи эди, шу учун дарров сўзни бошқа томонга бурди: – Хўш, болалар келишдими? – Йўқ, хўжайин. – Нима, нима? Шу вақтгача келмайдими? Қумариқ қанчалик йўл экан? Хуфтонда одам жўнатган эдик. – Билмадим, хўжайин. Худди шу пайтда янги йигитлардан бири арвоқ отни оқ кўпикка тушириб чоптирганича етиб келди. Дарвозани очгунча бўлмай отдан ўзини ташлаб, ранги ўчган ва ҳаллослаган ҳолда мингбошининг қаршисига келиб тўхтади. – Нима гап? Мунча ҳовлиқдинг? – Иш ёмон, хўжайин. Иш ёмон… Йигит сўзлай билмасди. – Ўтир, дамингни ростла! Битта-битта гапир! Мингбоши ўзи ҳам икки қулоғини дингкайтирди. Йигитга бир пиёла чой бердилар, ичди, нафасини ростлади. Сўнгра бирин-бирин сўзлаб берди. Мингбошининг кечаси жўнатган икки йигити бу қишлоқдан чиқмай туриб, у қишлоқда яна тўполон бошланади. Тўполонни қамоқда ётган Ёдгорхўжанинг барзангидай икки ўғли билан нариги – калтакланган Умаралибойнинг бир ўғли бошлайдилар: кейинги бойваччанинг қўлида кичкинагина оппоқ «Смет-виссон» тўппончаси бўлади. Булар аввал Ёдгорхўжани қамоқдан қутқариб, кейин Умаралибойни калтаклаганларнинг бошлиғи ҳисобланмиш Маматурдини отиб ўлдирмоқчи бўладилар. Маматурдининг ўзи Умаралибойга йигирма йил қарол бўлган киши. Тўхтасин бойвачча қўлидаги оппоқ тўппончани ялтиратиб қоронғида гузар олдидан ўтар экан, овозини бемалол қўйиб юбориб: – Ўз хўжайинига, нон-тузини ичган кишисига қўл кўтарган одам қандай одам бўлади? – деб сўзланади. – Ундай одамни тирик қўйиш ярамайди. Уни тирик қўйсак, бошқалар ҳам шунга эргашадиган бўлади. Ака-ука бойваччалар ҳам бу фикрни маъқул топадилар ва мардларча қадам қўйиб, гузар олдидан мачитга томон ўтадилар. Бу вақтда гузарда оқ аланга қилишиб ўтирган бир-икки йигит дарров бориб, эшитган гапларини Маматурдига айтади. Маматурди қора синчалоғи билан ўнг қулоғини бир кавлаб олгач, жулдур гупписини елкасига ташлаб уйидан чиқади, бироздан сўнг улар ҳам беш-ўн киши бўлишиб, кўприк олдида – баққол дўконининг айвончасига тўпланадилар. Бу вақтда биринчи қор қўшинининг илғорлари ерга етиб келиб, бир-бир қатор чизила бошлайдилар. Аччиқ изғирин чилдирмасини қўлига олиб гиждангни қизитади… – Мен ҳеч кимга тегмоқчи эмасман, – дейди Маматурди. – Мачитда гап бошлаган ким бўлди? Ўшалар! Ўзлари «хотинталоқ» деб сўкмаса, биз қўл кўтармас эдик. – Ҳа, албатта, – дейди йигитлар. – Биз энди ҳам қўл кўтармаймиз. Қўл кўтариб келсалар, алватта, жон борича тортишамиз. Пакана Тўхташ кўпчиликнинг фикрига қўшилмайди: – Улар қўл кўтаргандан кейин қўл кўтарсак кеч қоламиз, оғайнилар, – дейди у. – Орқаларидан қувиб бориб бирданига солдирмасак бўлмайди! Ҳа! Эрали семизнинг жувозкаш боласи Тўхташнинг фикрини қувватлайди: – Бостиргандан босган яхши, алватта! – Йўқ, сенлар тушунмайсан, – дейди Маматурди. – «Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин» деган гап бор. Ким кучлик? Пули бор кучлик. Подшолик, амалдор, яримпошшо – ҳаммаси пули борнинг оғзига қарайди. – «Пули борнинг гапи ўнг, пули йўқнинг гапи тўнг»,– дейди яна биттаси. – Ҳаб-баракалла. Биз олдин қўл кўтарсак, бу номард амалдорларинг бутун қишлоқни отув қилишдан ҳам тоймайди. Ўзлари бир нима деб келишса, биз ўшанга қараб муомала қилайлик. – Ҳа, ҳа, тўғри, – дейди қишлоқ йигитлари. Бироз ўйлагандан кейин Маматурди бошини кўтаради: – Менга қара, болалар! Унинг қасди менда. Мен ўзим олишаман. Сенлар аралашмасанг ҳам бўлади. Сенларда қасди йўқ. Йигитлар ҳаммаси бир оғиздан: – Йўқ! – деб қичқиради. – Биз сенга қўл тегиздирмаймиз! Бу орада учала бойвачча қамоқдаги «бечора»ни қутқариб олиш учун қанча зўр бериб, ҳеч нарса чиқара олмайдилар. Мингбошининг синоқта йигити қаттиқ туради, милтиқ қўндоғини ўз кўксига қадаб туриб қичқиради: – Яқин келганингни отаман! Мингбошидан буйруқ келмагунча ҳеч кимни яқин келтирмайман. Унинг ёнидаги йигитда ҳам ов милтиғи бўлганидан, бой болалари қўрқадилар: тўппончани қўйнига солиб туриб қаҳрамон бойвачча аччиқ-аччиқ сўкинади, шу билан улар учови тез-тез қадам қўйиб мачитдан чиқиб кетадилар. Мачитнинг чап биқинидаги тор кўча билан толага чиқиб, ундан сув бўйлаб тўппа-тўғри Маматурдининг уйига борадилар. У ерда Маматурди бўлмаганидан, «бирор жойда беркиниб ётгандир» деб, уйнинг ҳар томонини қидира бошлайдилар. Маматурдининг гангиб қолган хотини «кўчага чиқиб кетди, гузардадир, фалон» деса ҳам, қулоқ солмайдилар. Хотин бечора бойваччанинг қўлида оппоқ тўппончани кўргандан кейин қўрқиб кўчага чиқади ва овозининг борича бақириб «дод» демоққа бошлайди. Хотинининг фарёдини эшитгандан кейин Маматурди ишнинг нималигини дарров пайқаб, йигитлар билан бирга ўз уйига қараб югуради. «Ҳай, ҳай! Ҳай, ҳай! Бу нима гап?» деб эшикдан кирган ҳамон бойвачча айвон олдидан югуриб келиб унга қарата бир ўқ узади, ўқ Маматурдининг чап елкасига тегиб уни ярадор қилади; у ёқдан пакана Тўхташ етиб бориб калтагина бир таёқ билан бойвачанинг қўлига уради, тўппонча икки-уч қадам нарига бориб тушади; нариги икки бойвачча буларга қараб тош отишга киришадилар. Шундай қилиб, икки орада яна уруш бошланиб, натижада ака-ука бойваччаларнинг бири ўлади, бири озроқ калтак егандан кейин қочиб қутулади; тўппончали бойвачча эса тўппончасидан воз кечиб, қоронғида бир жойга беркинади. Қон кўп кетганлигидан Маматурди ҳам йиқилиб қолади. Унинг хотини эрта қачон ўзидан кетган бўлади. Мачитда эса ҳужранинг дарпардасини ағдариб ташқарига чиққан Ёдгорхўжа икки йигитга сўз бермай чиқиб кетмоқчи бўлади: йигитлар қор билан намланган ерда у билан анча олишгандан кейин қўл-оёғини боғлаб, яна ҳужрага киритиб қўядилар. Шундан кейин икки йигит етиб бориб мингбошининг буйруғини эшитдиради. Бой қўл-оёғи бўшалгандан кейин йигитларни масхара қилиб кулади, жуда бўлмағур гаплар билан ҳақорат қилиб сўкади: «Ҳаммангизни оттириб юбормасам номимни бошқа қўяман!» – деб қичқиради. Йигитлар индамай тура берадилар. Фақат, енгилгина кулиб қўядилар. Янги йигитларнинг бири қаттиқроқ кулиб юборгандан кейин, бой туриб унга ёпишади – урмоқ қасдида бўлса керак. Шундан кейин, синоқта йигитнинг ман қилганига қарамасдан, мингбошининг янги йигитлари унинг ўзини анчагина калтаклаб ташлайдилар. Бутун шу ҳангомалар бўлган вақтда қишлоқнинг бир амин ва икки элликбошисидан ҳеч бири кўринмайди: улар мингбоши кетар-кетмас уйларига кириб яширинган бўладилар… Мингбоши бутунлай гангиб қолди. Нима қилишини билмайди. Кимдан маслаҳат сўрашга ҳайрон бўлади. Шу тирранча Ҳакимжондан маслаҳат сўрай берса, у нима хаёлларга боради? Ҳолбуки, бу Қумариқ воқеаси уни икки ўт орасига ташлаб қўйди: бир томонда – ҳақлиги очиқ кўриниб турган фуқаро, халқ; бир томонда – пули кўп, обрўйи катта бойлар. Мингбошининг ўзи учун, шу топда, фуқаро қўрқинч эмас: мингбоши нима деса, йўқ демайди фуқаро. Бойлар бўлса на фуқарони бир чақага олади (муниси-ку майли-я!), на мингбошини (мана мунисига чидаб бўлмайди!). Очиқдан очиқ сўкади, ҳақорат қилади, халқ олдида «сени у қилдим, бу қилдим!» деб бақиради. Мингбошига қолса иккала бойни Сибирга жўнатарди. Лекин бу – бўладиган иш эмас. Фуқаро қанча ҳақли бўлса ҳам, шаҳардаги катталар пули борнинг тарафини олади, унга озор бердирмайди. Энди мундан кейин бойлар ҳам тек турмайди: бор-йўғини адвокатга бериб, каттакон аризаларни ёздиради, катта нойибга, уезд ҳокимига, ярим подшогача ариза юборади. Ишқилиб, мингбошининг бошини емай қўймайди… Қани энди, Мирёқуб бўлса! Албатта, бир тадбирини қиларди. Қўймасди. «Аттанг, – дейди мингбоши ўз-ўзига. – Қишлоқ одамлари чакки қилибди. Кечанинг ўзида иккала бойни ўлдириб юборишса яхши бўлариди. Айб менга тушмасиди: чунки мен у ерда йўқ эдим. Жуда соз бўларди. Аттанг, аттанг…» Нима қилишини билмасдан ичкарига кириб, ташқарига чиқиб, ҳовлига ўтиб, кўчада айланиб – кеч киргунча хаёл суриб юрди. Кеч кирганидан кейин, Зебининг ёнига кириб, кечки овқат билан бирга бир шиша ароқни ичиб олди. Сўнгра тўшакка ёнбошлаб, ўзининг хунук ва қўпол овози билан турли-туман, алмойи-алжойи ашулла ларни айтишга бошлади… Учала хотин даҳлиз эшиги олдида тўхташиб ашулла ни эшитар ва ағанаб-ағанаб кулардилар. Фақат, биргина Пошшахоннинг кўзларида Зебининг тўйидан бурун бўлгани сингари ўткир бир жиддият кўринарди. Бу жиддият ичидаги оғир изтиробларнинг кўзларда акс этган кўлагалари эди. Унинг шу топдаги кўзларига тикилиб қараган киши қўрқиб кетади. Фақат, ҳар бири ўз кунини ўзича кўраётган кундошлар у кўзларнинг қўрқинч ифодаларидан бехабар… «У – енгган, ютган, ошиғи олчи келган, деганини бўлдирган кундош эмасми? Нима ғами бўлсин?..» Кундошлар шундай ўйлайди. Лекин ҳақиқатда… Ҳақиқатда эса мингбоши хотинлари орасида энг жонли ва энг эслиги бўлган бу жувон Султонхонга қарши очган курашининг натижасидан норози эди. Зеби келмасдан бурун қандай зўр бериб ўйланган бўлса, энди ундан кўпроқ хаёл суради. Унинг хаёли дарёлардай бу жувонни аллақайларга оқизиб олиб кетади. Ушлаб бўлса экан хаёлларнинг учини! «Нима бўлди? Зебихонни келтирдик: қанча қийинликлардан сўнг унинг қайсарлигини синдириб, қўзидай ювош ва мулойим қилиб мингбошига топширдик. Мингбоши энди ундан хурсанд: Зебихоннинг ҳам хафа бўлгани маълум эмас. Нега хафа бўлсин? Мингбоши ўзи қари бўлса ҳам, қуввати жойида: у ўзи бир хотинга қаноат қиладиган бўлса, хотин киши албатта қаноат қилади. Ундан кейин, «ёш хотин қари эркакни яшартади» деган гаплар бор: қариганда уйланадиган эркаклар шу ҳикматга амал қилар эмиш. Мингбошига тегмагани билан, Зебихоннинг бахти кулармиди? Маълум эмас. Мингбоши қари бўлса, унинг ўрнига мутлоқ ёш бир йигит келишига ким кафил бўларди дейсиз? Зебихоннинг отаси қизининг нозига қарайдиган кишими? Йўқ, асло йўқ! Мингбоши билан оралари тузалгандан кейин муни Зебихоннинг ўзи ҳам иқрор қилмадими? Бир куни кундошларига нима деди у? «Ў-в-в, – деди, – қиз боланинг пешонаси қурсин! Ўзи хоҳлаб эрга тега олармиди? Мени отам шу қари одамга берди деб койийман: мунга бермаса, кимга берарди? Ўзим суйган йигитга берармиди, қалай? Тантилиги тутиб кетганда эшонбобога бериб юборарди… У мундан бешбаттар!» Хўш, мингбошининг ўзи, одамлар айтгандай, жуда хунук ва бадбашара одамми? Албатта, кўп эркаклардан хунукроқ… Ўлгудек қўпол… Аммо-лекин дунёда ундан хунук, ундан қўпол эркаклар ҳам бор-ку! Мунга бермасалар, ўшалардан бирига ҳам бермас эдилар деб ким айта олади? Ҳеч ким!» Пошшахоннинг ўткир ўйи ўргимчак тўридай ҳар томонга ёйилиб миясини ғовлатади. Тиним йўқ у ўйлардан! «Султонхоннинг ўрнини Зебихон эгаллади. Мингбоши Зебихоннинг уйига бутунлай капа тикиб олди. У уйдан гоҳ ёш келиннинг қувноқ ва болаларча кулиши, гоҳ қари куёвнинг хурсанд қийқиришлари, гоҳ бўлса янги қайлиқнинг йўрға зарбли дутори билан ширин ва ширали овози, гоҳ бўлса янги келтирилган грамофонда Нетайхоннинг қичиқ яллалари эшитилади… Ана турмуш! Ана куёв-қайлиқ! Пошшахон билан Султонхон қайлиқ бўлибдими? Зебихонга элчи қўйиб юрилган вақтларда мингбоши бир сўз деган эмасмиди: «Шуни қўлга келтирсам, бор-йўғимни тутаман. Бор-йўғим шуники бўлади. Биттагина бола туғиб берса, меросхўрим ўша бўлади. Бошқаларга ҳеч нарса йўқ!» Яқинда ҳам Ҳакимжонга айтган эмиш: «Мен энди топдим бахтимни. Ҳамма йўғим шуники. Бошқаларга беш-тўрт таноб ерни тириклигимда ўтказиб бериб, қолган давлатимни батамом шунга қолдираман». Мингбошининг катта давлатидан катта мерос кутгани учунгина қора кўзли Мирёқуб Пошшахонни қучоғига олган эмасмиди? Орада ваъда беришлар бўлган эмасмиди? Мирёқубдай қора ва чиройли кўзли, тани-жони соғ, ўзи бардам, базмчи, айш-у ишратни ҳамма вақт ширин суҳбат билан бошлайдиган, озода ва ширин сўзли эркакни қайдан топиб бўлади? Мингбошининг ҳамма давлати қолмаганда ҳам, кўпроқ қисми Пошшахонга қолганда, Мирёқуб яна қучоғини очиб келардику-я. Бир ўрис хотин билан аллақаёққа кетган эмиш. Бу эркак халқи шунақа итмижоз бўлади. Биттага илиқса, эргашиб кетаверади… Майли, ўйнаб келади. Мингбошининг катта давлати тинч қўяди дейсизми?» Пошшахоннинг кучли ўйлари шамолдай учади, баланд-пастни айланади. Қани энди, уларни тутиб бўлса! «Мирёқубга ваъда қилинган катта давлат яқин ўртада Зебихонга тегадурганга ўхшайди. Мингбоши ахир ҳамма хотинларидан қари. Сўнг вақтларда ароққа ёмон берилди. Бу хилда ича берса, бирда бўлмаса бирда юраги куйиб ўлади. Ўлими ҳам яқин энди унинг! Юрт бесаранжом… Мингбошига эмас, ундан каттароғига ҳам сўз бермайди. Қумариқдаги тўполон мингбошининг ошига заҳар қотиб қўйди, ўтирар жойини тополмайди. Мингбоши шу кетишда ўлмаганда ҳам, ё бекор бўлади, ё бошқа. Аччиғи келса, «вайна»га кетиб қолади… Борди-ю, бир кун эрта билан мингбоши жон таслим қилди. Давлати нима бўлади? Давлати қурсин! Ҳаммани еб адо қиладиганга ўхшайди. Илгари тўрт киши ўртасидайди, энди беш киши ўртасига тушади. Илгари ҳеч бўлмаса ҳар кимга ўз ҳиссаси тушади деган умид бориди, энди уч хотинга бир ҳовучдан ер, қолган ҳаммаси Зебихонга. Дунёда ўз оёғига ўзи болта чопадиган аҳмоқ ҳам бўладими?» Ойнага қарайди Пошшахон: «Мана, мана, ўша аҳмоқ!» дейди, йиғлашга ҳозирланган хўрсиниқ овози билан қаҳқаҳа солиб кулади. Пошшахоннинг жаҳлига теккан яна бир нарса – Султонхоннинг бепарволиги! Шу бепарволик, шу ўйнаб-кулиб юришлар Пошшахонни сил қилади, сил! «Нима бўлди бу жувонга? Эртадан кечгача кундошлари билан ўйнашади, гапиради, ашулла қилади, кулади, кулдиради, тегишади, ҳазил қилади, қитиқлайди, қочади, қувлайди, қувлашади. Қор ёққанидан бери қишлоқнинг ярим хотин-қизлари билан қор отишиб чиқди… Учта билан «қорхат» ўйнаб ютди… Нима бало бўлди бу жувонга! Кеч кирса, хуфтондаёқ ўз уйига чекилиб, эшикни ичидан беркитиб олади: тонг отгунча дов-дараги йўқ бўлиб сингиб кетади… Энг ашаддий душмани Зебихон эди, энг яқин ўртоғи Зебихон бўлиб қолди. Иккаласи сирдош, маҳрам…» Бир замон Султонхоннинг бошидан ўтган уйқусиз кечалар энди Пошшахоннинг кўзини юмдирмайди. Ҳар куни шомдан тортиб азонгача ётган жойида у ёқ-бу ёққа ағанаб ўй ўйлайди. Кўп ўйлаш натижасида Султонхон ўзининг маълум қарорини бериб, дарҳол ишга киришган эди, энди Пошшахон ҳам ўзининг қўрқинч қарорини берди ва ишга бошлади: «Энди бир ўқ билан икки қушни ағдариш керак!» Пошшахоннинг қарори қандай қўрқинч бўлса, унинг бажарилиши шу қадар тез ва осон бўлди: баққолдан яширинча олдирилган кучала кичкинагина декчада эртадан кечгача қайнади; эрталаб унинг суви бир чойнакка солиниб, Зебининг уйига олиб кирилишга мўлжалланди… Бу вақтда мингбошининг қолган учала хотини Дадабой баққолнинг катта қизиникига зиёфатга чиқиб кетган эдилар. Мингбоши эса шошилиш суратда шаҳарга чақирилган, яшириб бўлмаслик даражада бесаранжомлик ва талваса кўрсатган ҳолда эрталаб шаҳарга жўнаб кетган эди. Пошшахоннинг уйида аллақандай бир қариндоши ўтирганлигидан кундошлари уни қистамадилар. Хадичахон келиб уни ташқарига чақириб олган ва «Меҳмонингизни жўнатгандан кейин чиқинг. Кечгача ўйнашиб ўтирамиз» деган эди. Шундай қилиб, ўзи ёлғиз қолган Пошшахон бемалол Зебининг уйига кирди… Токчада бир кичкина чойнакда «табаррук» сув бор эди: у сувга Раззоқ сўфининг илтимоси билан эшоннинг ўзи дуо ўқиб дам солган, уни ичгандан сўнг тез фурсатда Зеби ҳомиладор бўлиб, бола туғиши керак эди. Чойнакдаги «табаррук» сувни ҳўл обрезга тўкиб ташлаб, ўрнига ўз чойнагидаги сувни тўлдирди. Тамом! «Зеби кечқурун чиқиб сувдан ичади-да, тил тортмай ўлади. Ундан кейин кундошини ўлдирган албатта Султонхон бўлади. Тўртинчи хотиннинг учинчидан бошқа кундоши бўладими? Муни ёш бола ҳам билади…» Уйдан тўппа-тўғри баққолнинг қизиникига чиқди. Анчагача кундошлари ва ўртоқлари билан гаплашиб, ўйнашиб, кулишиб ўтирди. Ўзи заҳар бераётган кундошини бир қучоқлаб ўпти… Зебининг ўпишлари иссиқ ва астойдил бўлса ҳам, Пошшахон, негадир, ҳалитдан уни ўликнинг совуган лабларидан олгандай бўлар ва нишаб сувга тегиб турган майса учидай енгилгина қалтирарди. Қаҳқаҳалар билан дунёни бошига кўтарган вақтларида ҳам ўз қўлининг беихтиёр кўкрагига бориб қолганини пайқар, аллақандай совуқ бир туман парчасининг кўкрагида ивирсиб, у ер-бу ерга қадалиб юрганини сезарди. Шу қадалган нарсани чиқариб юбормоқ учун ўзини зўрлаб бўлса ҳам бир-икки марта қаттиқ-қаттиқ йўталди. Фақат, бу йўтал унинг оғзидан эмас, аллақандай етти ёт бегоналарнинг оғзидан чиқди, бу йўтал овозидаги орият шу қадар очиқ эдики, йўталдан сўнг Пошшахон яна кўксини ғижимлашга мажбур бўлди. – Нима бўлди, жоним, сизга? Шамоллаб-нетиб қолдингизми? – деб сўради Зеби. Зебининг шу меҳрибон, шу содда, шу болаларча маъсум кўзларида самимиятдан бошқа ҳеч қандай маъно бўлмаса-да, Пошшахон унда қуйидаги сўзларни ўқиди: «Бир мени ўлдирганинг билан мақсадингга етолармидинг? Бекор менинг ёш жонимни жувонмарг қилганинг қолади». Шундан кейин ҳалиги туман парчаси кўкрак теграсида от қўйиб чопқиллай бошлади. Бутун аъзойи баданида ялмоғиз кампирнинг муздек совуқ қўллари ўрмалагандай бўларди. Ёш жувоннинг ранги ўчди. Кундошлари унинг теграсини олдилар: – Нима бўлди, Пошшахон, сизга? – Совуқ олдирибман, шекилли. – Чиқиб ётинг, бўлмаса. Овқатга ҳам қарамасдан уйига чиқиб кетди. Шу бўйича эртаси куни ҳам бошини кўтаролмади… 18-боб – Акбарали, сен шундай бир иш қилибсанки, – деди нойиб тўра, – энди мундан нари мен сени ҳимоя қилолмасман. Мингбоши нима дейишини билмасдан ерга қараб жимгина ўтирарди. Нойиб тўра давом этди: – Иккала бой бир бўлиб энг яхши адвокатга икки қулоч ариза ёздиришиб, тўппа-тўғри ҳоким тўрага тутибдилар. Ҳоким тўра телефон берди, мендан бироз койиди. Энди бугун ўша аризани менга чиқариб, мендан маълумот сўрабди. Аризани кўрдим. Ёмон нарсалар бор унда… Сени энди ҳеч ким ҳимоя қилолмас деб қўрқаман… Мингбоши беихтиёр бошини кўтариб нойиб тўрага қаради, сўнгра яна бурунгидан кўра пастроқ энгашиб, амиркон этигининг букилган болдирларига тикилди. Нойиб давом этди: – Ҳозир, сен келмасдан бир оз бурун, бир одамимни Қумариққа юбордим. Участка пристави ҳам ўша ерда. Мачитда икки бойга қарши мушт кўтариб чиққанларнинг ҳаммасини қамоққа олади. Бошқа чора йўқ. Имом домлага бизнинг номимиздан раҳмат айтишга буюрдим. Жуда яхши сўз қилган дейдилар. Мингбоши чидаёлмади: – Тақсир тўра, мен ҳайронман: ҳалиги қамоққа олинадиганларда заррача гуноҳ йўқ-ку. Бу қандай бўлади? Агар ўзингиз ўша ерда бўлсангиз, у иккала бойни отардингиз… – Биламан, – деди нойиб, – жуда яхши биламан. Унақа мингта аризадан сенинг бир оғиз сўзингга кўпроқ эътибор қиламан. Бойларнинг қутургани рост, суриштириб кўрдим. Улар ўз қилмишларининг жазосини тортганлар… Мингбоши дадилланди: – Ундай бўлса, мундай адолатлик подшо вақтида очиқдан очиқ ноҳақлик қилишга қандай йўл қўйилади? Нойиб кулди: – Соддасан, Акбарали. Подшолик ҳамма вақт юртнинг обрўйлик одамларини ҳимоя қилади. Обрўй давлат билан топилади, муни биласан. Ундан кейин, қишлоқ одамларининг шунақа ўзбошимча ҳаракатларига йўл қўйиб берсак, оз вақт ичида қишлоқдан қўл ювишимиз керак бўлади. Сен хомсан сиёсатга… – Мен бир оми одамман, – деди мингбоши, – сиёсатингизни билмайман. Қўлимдан келганича подшоликка хизмат қилиб келдим. Шунча замон қилган хизматимни назарга олмасмикин? – Мен ҳам шуни ўйлайман. Акбар, сен ҳозирча боравер. Мен ҳоким тўранинг олдида сени оз бўлса ҳам ҳимоя қилиб кўраман. Бўлмаса, сенинг ўрнингга бошқа одам қўярмиз. Давлатинг катта, еб ёта берасан. Ўзинг ҳам қариб қолдинг. – Майли, тақсир, – деди мингбоши бир оз енгил тортиб, – амалдан туширингиз, майли. Қариган вақтимда сўроқ бериб юришга нафсим кўнмайди… – Менга қолса сенга тегмас эдим, Акбар. Иш ҳоким тўрада. Ҳоким тўрани йўлга солиш қийин бўлади, унга бир нарса дегани мен қўрқаман… чунки иш жуда хунук. Хайр, боравер, иложи бўлса, ўша иккала кўппак билан ўзинг битиш. Балки, аризанинг беоқибат қолдирилишини сўраб ариза берарлар. Мирёқуб бўлсайди, сенга осон бўларди… – Нимасини айтасиз, тўра, бошим қотиб қолди. Шу билан мингбоши кўнгли бузилиб маҳкамадан чиқди. Мингбошиликдан бекор қилсалар, унча қайғурмас эди: мунга ўз нафсини бир иш қилиб кўндира оларди. Лекин «Акбарали мингбоши амалидан бекор бўлибди» деган хунук гапни ҳалиги икки бой билан Абдисамат каптарларнинг қанотига илиб, шамолнинг қўлтиғига қистириб, ёмғирнинг томчисига жойлаб, булутнинг қўйнига солиб учиради; ҳар бир учган қарға шуни айтиб қағиллайди, шу билан икки кун ичида у шумли хабар ер юзини айланиб Маккатиллогача етиб боради. У ерда мингбошининг эски кушандаси Насриддин бақироқ Каъбайи шарифнинг баланд томига чиқиб араб тилида айюҳаннос тортади… Ундан кўра ўлгани яхши эмасми?.. Зуннун билан бирга нойиб тўранинг уйи олдидаги пастгина скамяга ўтирдилар. – Мен ҳам эшитдим, ота, хунук гап бўлибди, – деди Зуннун. – Ёмон бўлди бу иш, шу сабабдан мен сенинг ёнингга келдим. Яқинда Мирёқуб акангдан хат келиб эди, «баъзи бир нозик ишларни Зуннун билан гаплашинглар, у ўзи нойиб тўранинг бекасига айтиб тўғрилайди» деган экан. Шунга келиб эдим. – Жоним билан, ота! Мирёқуб акам айтмаса ҳам қилиб бераман. Бемалол буюра беринг. – Ҳамма гап ҳоким тўрада, дейди. Ҳайронман. Бека билан гаплашгин-чи, нима маслаҳат берар экан. – Сиз эски шаҳарга тушиб, кечгача бир айланиб келинг. Мен бека билан гаплашиб қўяман. Кеч пайтида жавобини айтаман. Шунга қараб иш қиласиз. Мингбоши ўша кунни зўрға ўтказди. Намозгар бўлмасдан туриб Зуннуннинг олдида эди. – Катта пул керак эмиш, – деди Зуннун бирданига. Мингбоши ҳам устидан тоғ тушгандай енгил нафас олди. – Пул билан битадиган бўлса, майли. Пул топилади. Мингбошининг енгил нафас олганини кўриб, Зуннун ҳам очила тушди, унинг кўзларида бурунги андиша қолмаган эди. – Бекамиз мундай дедилар: ҳоким тўранинг хотини билан ўзим гаплашиб кўраман, иш қалтис, бир нарса чиқадими, йўқми – олдиндан айтолмайман. Ҳар қалай, бир минг, бир ярим минг пул керак, дейдилар. Ўзимга бўлса, Акбарали қадрдон одам, иш эпланадиган бўлса, кейинча бир нарса қилар, дейди… Аммо, дейди, иш жуда нозик, бир нарса чиқариб бўлармикин, йўқмикин – ҳайронман, дейди. Пулни олиб кела берсин, «Ётиб қолгунча отиб қолайлик» дейди. Аммо менга ишониб ўзи ҳаракатсиз юрмасин, дейди. – Қуллуқ, Зуннун, қуллуқ сенга. Бу иш тузалмайдиганга ўхшайди. Хайр, майли, эрта-индин пулни эплаб олиб келайин. Бир уриниб кўрайлик. Чиқса – чиқар, чиқмаса, отасининг гўрига… – Ичкарига кирайлик, ота. Битта-яримта чой қилай. – Йўқ, Зуннун, томоғимдан ҳеч нарса ўтмайди. Мингбоши Зуннун билан хайрлашмасданоқ ўрнидан туриб кетди. У ердан чиқиб оддий бир майхонага кирди. Бир шиша ароқни жиндек кабоб билан ичиб олди. Сўнгра мияси хамирдай кўпиб, от устида қийшая-қийшая орқасида икки йигити билан қишлоққа жўнади… Уйдагилар аллақачон ётган эдилар. Довдираганича қоқилиб-йиқилиб Зебининг уйига кириб борди. Мияси ҳеч нарса олмасиди, шундай бўлса ҳам эртага ё индинга бир иш қилиб лоақал уч минг сўм пул топишга жазм қилди. Мунинг учун ҳеч қандай тадбирдан чекинмаяжак эди. – Тур, ҳой! – деди Зебига. Зеби ётган жойидан туриб, фонарни баландлатди. – Дастурхонни ёз! Егулик нарсанг борми? – Ҳа, косада ош бор. – Бер бу ёққа. Зеби эрининг маст эканлигини билса-да, унинг овозидаги бу ғайритабиий қўрслик ва қаттиқликка ҳайрон бўлди, бошини кўтариб унга тикилди, «ўзими, бошқами?» дегандай… – Нимага менга қарайсан? Yo мастмисан, синталоқ? – деди мингбоши. Зеби индамасдан дастурхонни ёйиб ошни қўйди. – Оч муни! – Мингбоши ёнидан бир шиша ароқ олиб узатди. – Мен очишни билмайман, – деди Зеби, кўз ёшлари қовоғига келиб тизилган эди. – Менинг хотиним бўлиб ароқ очишни билмайсанми? – деди мингбоши, хохолаб кулди. – Ўрган! Мана, қараб тур! – Шишанинг тагига йўғон шапалоғи билан икки марта урди, пўкак сачраб чиқиб шифтга тегди, сўнгра у ердан сачраб токчадаги катта жомга келиб тушди: «жар-р-ранг»… этди жом. – Ха-ха-а!.. – деди мингбоши. – Жомларингни жаранглатдим, синталоқ! Бир-бир кетин икки пиёлани тўлатиб ичди, енги билан оғзини артди. Сўнгра бир пиёлани чоч қилиб Зебига узатди: – Ма, ич! Одам бўласан! – Вой, ўлақолай! Ароқ ичаманми? Қўйинг, гапирманг! – Одам бўласан, дейман! Ол! О-ол!!! Зеби орқасига чекилиб йиғлаб юборди. – Қўй, майли, ичмасанг ичма, – деди мингбоши. – Ўзим ичаман! Бир шишани тамом қилиб, ювуқсиз қўли билан ошга чанг солди. Ошнинг ярми бармоқлари орасидан дастурхонга, кўрпа-тўшакка, ўзининг либосларига тўкиларди. Зеби деворга суяниб, бу қўрқинч куёвни томоша қиларди… Мингбоши оғзида тўла ош билан: «Нетайхон айланай йодимга тушди-э…» деб хиргойи қилди. Ошли оғиз билан бошланган хиргойи томоққа тиқилди, мингбоши қоқаб кетди ва оғзидаги ошни косага пуркаб, яна ошга қўл узатди. Зебининг кўнгли айниди, шекилли, секингина тисарила-тисарила даҳлизга чиқди. Даҳлизда бир пиёла совуқ сув ичди. Юраги куйгани босилмади, шекилли, яна қуймоқчи бўлди. Сув йўқ эди. Бир қаноти очиқ эшикдан уйга қаради. Мингбоши яна битта шишани очиб пиёлага тўлдираётган эди… Зеби ташқарига чиқиб тоза қор билан қўлини ювди, тоза қорни юзларига суркади, жиндак еди. Анча шамоллаб ва енгиллаб кирган вақтида, мингбоши дастурхон ёнида ағанаб учиб қолган эди. Уни қўзғатиб ўтирмасдан дастурхонни секингина йиғиштириб олди-да, бир чеккага бир ёстиқни ташлади, устига бир тўшакчани ёпинди, фонарни пастлатди, шу билан уйқуга ётди. Орада қанча ухлагандир, ўзи ҳам билмайди, бесаранжом бир қичқириш билан уйғонди: – Сув! Сув! – деб қичқирарди мингбоши. Зеби уйқусираб келиб, яна фонарни баландлатди. Унгача мингбошининг қўрқинч овози яна кўтарила тушди: – Синталақди қизи, сув дейман! Сув! Юрагим куйиб кетди… Ёниб кетди!… Сув! Сув!!! Зеби шошиб қолди, тез бориб чойнакдаги табаррук сувни қўлига олди ва – ҳеч нарса ўйлашга фурсат йўқ – дарҳол мингбошига узатди… Мингбоши чойнакдаги сувни бир шимиришда тамом қилди. Зеби энди унинг тинчиб уйқуга кетишини кутарди. Ёнига юмшоқ болишлардан иккитасини қўйди, устига кичкинагина бир тўшакни ёпди. Мингбоши ҳам тинчиб қолгандай бўлди. Зебининг киприклари энди бир-бирига текканда, мингбоши бирданига даҳшатли бир ун чиқарди. Ўрнидан туриб камарларини, тўнларини апил-тапил ечишга бошлади. Зеби бутун бу ҳаракатларни бояги сингари мастлик асарлари деб ўйлади. Унинг камар ва тўнларини бир-бир олиб, қозиққа илди, иккаласи учун солинган жойни тузатди – эрини секингина олиб бориб ётқизмоқчи бўларди… Мингбошининг кўзлари чаноғидан чиқиб кета бошлади. У энди кўйлакларини йиртиб кўксини, томоқларини тинталай бошлади… Бор кучи билан зўр бериб нафас олишга тиришарди. Сўнгра бузуқ овоз билан зўрға-зўрға: – Бўғма, бўғма мени… – деб қичқирди. Бир-иккита қадам босиб девордаги жавонга суянди, бир нафас тинч қолгач, яна бўғзига қўл узатиб этларини чўзди. Кўксига муштлади. Ундан кейин бир қўлини юқори кўтариб бошига қўйди. Кўзида икки-уч томчи йирик-йирик ёш кўринган эди. Ғалати, ювош, мулойим, беозор ва аянч назар билан Зебига қаради ва иккала қўлини қўйиб юбориб, бошини бир томонга шилқ этиб ташлади-да, ўзи ҳам деворга суйкана-суйкана секингина ерга ўтирди, бир нафас ўтиргандан кейин бир тарафга қийшайиб, оҳистагина ёнчасига йиқилди ва шу бўйича қимирламай қолди… Нафаси ичига тушгани ҳолда деворга орқасини бериб бутун бу фожиани кузатаётган Зеби бўлган ишни англадими, йўқми – ҳар ҳолда, қиш кунида югурганича кўйлакчан ташқарига чиқди ва ихтиёрсиз фарёд солди. Кундошлари ҳам бирин-бирин уйғониб чиқдилар ва мингбошининг кенг ичкарисида азонга яқин тўрт хотиннинг азани билдирган йиғи овози кўтарилди. Улар орасида ўқ отиб мўлжалига тегизолмаган Пошшахон ҳам бориди. Ким билади, мингбошининг ўлимига йиғлайдими у жувон, ё – Мирёқубнинг бевафолигига, ё бўлмаса – ҳайф кетган кучалага… 19-боб Кундошлик орқасида юз берган бу жиноят замоннинг нозиклиги орқасида оловга ташланган жиззадек бўлди. Кичкинагина уезд шаҳрининг кичкина ва тор мияли амалдорлари – ҳаммаси аскардан етишган «азаматлар» – келишмаган бир тасодифнинг тўрт чақага арзимаган бу қурбонини замоннинг зўр қаҳрамони даражасига кўтариб юбордилар. Шу билан улар янги fath этилган ўлкада ва янгигина бўйинсунган «ваҳший» халқ орасида жуда яхши ва зийрак сиёсат юргизиб, ўша халқ орасидан шундай эслик ва тадбирлик, тож-у тахтга нисбатан шундай содиқ ва астойил маъмур етишдирганликларини ўзларидан юқори амалдорларга кўрсатмоқ истардилар. Буларнинг шунча йиллар зўр бериб зўрға-зўрға етиштирган зийрак давлат одамларини мунақа осонгина (кучала билан!) ўлдириб кета берсалар, ўлкада тутилган сиёсатнинг ва ҳам у сиёсатни амалга оширувчиларнинг бир чақалик обрўси қоладими? Айниқса, ерли халқ ўртасида? Сиёсатнинг обрўсизлиги нима демак? Идора усулининг обрўсизлиги эмасми? Ҳиндистонга қўшни ва дарвоза бўлган бир мустамлакадаги сиёсатга тўкис-тугал обрў таъмин этилган бўлиши керак. Йўқса – натижа ёмон! Қўрқинч!!! Мана шу ваҳима ва ташвишлар билан лиқ тўлиб Тошкентга томон қанот қоққан депешалар (расмий телеграммалар) воқеанинг учинчи кунида Тошкентдан Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъатини учириб келди. Сўроқнинг ўзи эса суднинг етиб келишидан ҳам тез ўтди. «Мундай шошилиш суд уруш майдонларида бўлмаса, бошқа жойда бўлишига ақлим етмайди!» деб пичинг қилиб гапирди тилмоч… Бу одам эскидан бери судларда ишлаб келиб, муттаҳамликка гувоҳнома олган қадрдон тулкилардан эмас, негадир, четдан, холис кишилар орасидан чақирилган эди. Уни шаҳар одамлари, айниқса, ерли халқ кам танийди. Ниҳояти почтада ишловчи (ўзи ерли халқдан етишиб қолган!) пастроқ бир маъмур… Аммо закунчи… Закунчи – бошқа одам! Бу одам, йўқ, бу зот – Туркистон ўлкасининг қайси бир олис жойида (Закаспийда эмасмикан?) давлат хазинасининг кўпгина пулини еб қўйган аскарий бир тўра. Агар ҳақиқий қонунларга амал қилинганда, уни ё отиш, ё умрлик сургун қилиш керак эди. Фақат, у ўзи жуда иссиқ мамлакатда яшаса ҳам, бошида қалин-қалин соябонлари бор экан. Улар ўз кишиларини бутунлай куйдириб ташлашга йўл қўймаганлар. Уларнинг сояларида бу зот аскарий рутбаларидангина ажраб, киссаси кўп ҳам қоқланмасдан, ўлканинг у чекасидан бу чекасига «сургун» бўлиб (ўз истаги билан «сургун» бўлиб!) келган ва мунда… хусусий закунчилик касбига киришган. Давлатни алдаб ўринлатган киши бошқаларни алдаб ўринлатолмайдими? Тажриба – зўр давлат ўзи! Бу одамнинг чўпқатлари жуда кўп! Ўз-ўзини ҳурматлай билган ҳеч бир закунчи томонидан олинмайтурган ҳамма «гумонлик ишлар»ни шу киши олади ва, кўпинча, ютиб чиқади. Хуллас, мустамлака ўлкасининг нодон ерлилари орасида уезд миқёсига яраша иш кўрадиган кичкинагина бир Плевако. Маҳаллий терговчининг «тергов протоколи» билан ҳарбий суд прокурорининг айблаш қоғози закунчининг қўлига топширилган вақтда, у бошқа катта бир ишни олиш тўғрисида ўзига ўхшаган бир киши билан гаплашиб ўтирган эди. Ким экан у – «ўзига ўхшаган» киши? Шаҳарда бўлсин, уездда бўлсин, уни танимаган одам йўқ, ўзи ерлилардан. Ерли халқ уни «Обрезқора» деб атайди. Ўрта бўйли, қоп-қора танли, арвоқ, қотма бир киши… Бу закунчи руслардан чиққан «адвокат» бўлса, Обрезқора – ерли халқлардан чиққан «адвокат»… Қайси бир суд мажлисида «ёлғон гувоҳ»га ҳожат кўрилса – Обрезқора тайёр. Унинг бу хислати ҳам ҳаммага отнинг қашқасидай маълум. Катта-катта қозилар, бойлар, обрўйлик одамлар шу Обрезқора билан олишиб… ер билан яксон бўлишган! Муни ҳам ҳамма билади. Шу учун ундан ҳамма қўрқади… «Бу Обрезқора босма қилишдан ҳам тоймайди!» деб гапиришади шаҳар одамлари. Шундай азиз бир чўпқат «хизмат ҳақи» беш минг сўмларга етиб борадиган бир «иш» топиб келиб, шу тўғрида қаймоқлашиб ўтирганда, аллақандай ҳарбий суднинг бефойда ишига вақт сарф қилиш закунчига анча оғир келди. Келган қоғозларга устидангина бир кўз югуртиб олди-да, бир чеккага ташлаб қўйди. Улар ўз мундарижаларида зикр этилган шахслар сингари то сўроқ кунигача – йўқланмасдан ва эсга олинмасдан – ташландиқ ҳолда қолиб кетдилар. Сўроқ кунигача закунчи уларни хотирлаб қўйишга ҳам фурсат тополмади. Кичкина шаҳарнинг кичкина Плевакосида иккитагина қоғозни кўриб чиқишга фурсат топилмайдими? Вокзал қаршисидаги кўчада бир салқин такя бор, уни эртадан кечгача шунда ўтириб Обрезқора билан қимор ўйнайди дейдилар. Демак, фурсати эмас, ҳафсаласи бўлмаган. Арзийдиган иш бўлса, ҳафсала ҳам топилардику-я!.. Сўроқ куни эрта билан ҳалиги икки «етимчани» топиб олди ва нонушта чоғида алланечук бир ихлоссизлик билан тезгина кўриб чиқди. Бу иш шу қадар тез бажарилдики, нонушта дастурхонига закунчи келиб ўтирмасдан бурунроқ қуйилган бир стакан чой иккала қоғоз ўқиб чиқилгандан кейин ҳам совуниб етмаган эди, шу учун унинг совунишини яна бир оз кутишга тўғри келди. Иккала қоғознинг мазмуни ҳам закунчига худди гўдаклар фалсафасидек туюлди. Қоғозларни ўқиб туриб ҳамда уларни ўқиб бўлганидан кейин адвокатнинг чўзиқ юзларига бир кулги ёйилди, унинг мошбиринч мўйловларини икки томонга кериб юборган бу кулишда, чинакам, отанинг боладан кулганига ўхшаган бир нарса бориди… Аммо протоколга совуқ қарашда фақат закунчинигина айблаш мумкин. Ёзув машинаси бўлмаган терговчи маҳкамасининг мирзаси бечора протоколни жуда зўр диққат ва ҳафсала билан кўчирган. Ори рост, ерли халқнинг номларини ёзишда у ҳам чаласавод болаларнинг ишини қилади, яъни «Акбарали» деган сўзни бир жойда «Умарали», яна бир жойда «Амир ўғли», яна бир жойда «Қамбар вали» деб юборади… Зотан, бунинг нима аҳамияти ҳам бор? Тил келмаган нарсага қалам қандай келсин? «Акбар» бўлди нима, «Қамбар» бўлди нима – бари бир эмасми? Бир сартнинг номи! Инсоф қилиш керак: протокол ниҳоятда чиройлик хат билан ёзилган. Қоғоз бетида худди поезднинг изларидай теп-текис кетади. Ҳаммадан ҳам «д» ва «б» ҳарфларини кўринг! Ҳайрон қоласиз! Қаерда «б» учраса, қуйруғи ўнгга қайрилган. Икковининг ҳам қуйруғи баландда, икковининг ҳам қуйруғи кулча бўлган илондай буралиб-буралиб ётади! Протокол эмас, томоша! Томоша!.. Унда мана бу нарсалар бор: Бўлиб ўтган воқеа, ўлдирилганнинг кимлиги, унинг Русия давлатига садоқат билан қилган кўп йиллик хизматлари, идора ишларида кўрсатган зийраклиги ва усталиги батафсил баён қилинади; ўлдирувчи аёлнинг кимлиги эса бир неча оғиз сўз билан айтиб ўтилади. Гувоҳлар (мингбошининг уч хотини) бир оғиздан ўзларининг аралашмаганликларини сўзлаб, «Зебинисахондан бошқа ҳеч ким қилмайди» дейдилар. Холис тариқасида сўралган қўни-қўшнилар бундай дедилар: «Мингбошининг бошқа хотинлари кўниб қолган эдилар; Зебинисахон бўлса анчагача мингбошини хафа қилиб, хотин бўлгиси келмай, ўзини касалликка солиб юрди. Сўнг вақтларда мингбоши билан умр қилишга кўнгандек бўлиб эди; бир неча кун яхшигина яшадилар. Бу кейинги юмшоқ муомалалар, бизнинг фикримизча, кўз бўяш учун қилинган бўлса керак. Энди билсак, қиз ўлгурнинг ғарази бошқа экан». Мингбошининг иккинчи хотини Пошшахон ўша воқеадан бир кун бурун шамол олдириб қўйиб, нотоб ётган экан: терговни унинг ётган ерида ўтказишга мажбурият кўрилган. Айбдорнинг ўзига берилган саволлар ва унинг жавоблари шундай зўр протоколда ҳаммадан оз жой олади. Шу қадар озки, мирзанинг қалам учини сиёҳга ботириб ўтиришига арзимайди. Терговчи бечора шунга ҳам умр сарф қилган-да, шўрлик! Бор-йўғи иккита савол, иккита жавоб. Саволлар калта-калта, жавоб ундан ҳам калта: – Мингбошига сувни ким берди? – Мен бердим. – Демак, мингбошини ўлдирган – сиз? – Йўқ… «Айблаш қоғози» эса протоколдан бир ютим, яъни шу қадар калта! Унда протоколдаги маълумотнинг хулосаси: мингбошининг зийраклиги ва тадбирлилигига оид калта-калта, лекин кучлик ва ҳайбатлик иборалар. Сўнгра талаб: «Фалончи фалон модда билан фалон жазога мустаҳиқдир». Хуллас: қон ҳиди!.. Суд мажлисига ярим соат қолганда, закунчи келди. Суд бўладиган бинонинг боқчасида тикка туриб айбдор билан гаплашди. Бу гаплашув ҳам калтагина савол-жавобдан иборат бўлди. Бу дафъа саволларнинг адади иккидан бешга чиқди: – Мингбошига сувни ким берди? – Мен бердим. – Сув чойнакда экан, чойнак кимники эди? – Меники эди. – Ичида қандай сув борлигини билармидингиз? – Билардим. – Чойнакдаги сув заҳарлик экан, демак, эрингизга заҳарни сиз бергансиз?! – Чойнакда заҳар борлигини билмадим. Эримни мен ўлдирганим йўқ… Закунчи елкасини қоқиб йироқлашди. Воқеанинг юз берганига бир неча кунгина бўлди. Бу тўғридаги довруқ ҳали шаҳарга эшитилгани йўқ. Битта-яримта шаҳар одамлари эшитган бўлсалар ҳам, Зебининг ота-онаси бу гаплардан бехабар бўлсалар керак. Улар ҳали қизларига мингбоши додходан авлод тилаб эшонбобонинг табаррук нафасларидан яна табаррук сув ҳозирлаб қўйганлардир… Жумани ўтказиб чолнинг ўзи бир бориб ҳам келар… Умид каттадир! Башарти улар билган бўлсалар ҳам, закунчи солиш ёки бирор жойга арз қилиб бош уришни на чол билади ва на кампир! Гапнинг калтаси, улар «ўрус маҳкамаларига бориб бир нарса чиқаролмайдилар». Жуда чидамай кетса, Раззоқ сўфи тўппа-тўғри эшонбобонинг ёнларига боради: ўзини кўтариб уриб йиғлайди… Шу! Зеби бўлса ўша заҳарланиш ҳодисасидан бери доим карахт бир ҳолда бўлинарди: унинг мияси бирдан фалажга йўлиққан каби эди. У бутун бу сўроқ, тергов, конвой, суд ва закунчиларга ажиб бир лоқайдлик билан – худди жонсиз одамдай қарар, нималар дейишни, ўзини нечик мудофаа қилишни, нима деб гап қайтаришни ўйламасиди. Унинг миясида, миясининг ҳам аллақайси олис бир бурчида хира ва туманли бир фикр бор, у фикр шунча олисда ва хираки, унинг нималигини англаёлмайди бечора… Миясини тугумлаб жуда зўр берган вақтда у туманли фикр мана бу кепатага киргандай бўлади: «Мен ўлдирганим йўқ… Бу аниқ… Мени қўйиб юборадилар… Яна ўша ерга қайтаманми?.. Нима кераги бор… Ойим-чи? Ойимнинг ёнига қайтаман… Эрим ўлиб қолди, дейман… Йиғлайман…» Суд мажлиси бўладиган кенг залда шамоллар учиб ўйнарди. Қатор-қатор чизилган вена курсилари ҳафталик уйқуларидан ҳали ҳам уйғонмаган эдилар. Энг олдинги қаторда ҳоким, нойиб, гарнизон бошлиғи, полиция бошлиғи, поп, учинчи қатордаги энг чекка курсида оппоқ ва зўр саллали чол – жоме’ мачитининг ингичка овозли имоми ўтирарди. Бир томонда – закунчи, бир томонда – тилмоч, бошқа ҳеч ким йўқ. Зеби икки конвойнинг яланғоч қиличи ўртасида залга кириб келди: устида қора барқут паранжи, қора чиммат, оёғида қора амиркон маҳси-кавуш билан суд қаршисига келиб тўхтади. Бу омонсиз суддан ва бу ялтираган яланғоч қиличлардан кўра унинг ўша қора қиёфаси қўрқинч эди: ўрта асрлардаги Испания инквизиция маҳкамаларининг қора аболи ва сирли кардиналларига ўхшарди… Поп қаради: бошини чайқади; домла қаради: «астағфурулло» ўқиб соқолини силкитди. Суд раиси, ниҳоят, тилмочга юзланди: – Айтингиз, айбдор юзини очсин. Тилмоч бу буйруқни Зебига тушунтириб берди. – Вой, ўлақолай! Шунча номаҳрамнинг олдида юзимни очаманми? Ундан кўра ўлганим яхши эмасми? Бу сўз таржима қилиб берилгач, пастдагиларнинг ҳаммаси деярлик, суд ҳайъатидан бир неча киши енгилгина кулиб олдилар. Улардан икки киши айрилди: биринчиси – ниҳоятда семиз ва йўғон гавдали гарнизон бошлиғи, бу одам товуқнинг қақалашига яқин бир ун билан овози борича ва бирданига қаҳқаҳа солди. Ҳамма унга томон эврилди. Суд раиси жинғироқ чалди. Гарнизон бошлиғи ёнидан рўмолчасини олиб, юз-кўзини арта бошлади… Иккинчиси – имом-домла: бу киши ўзларининг ингичка – ҳуштак сингари овозлари билан, ихтиёрсиз «маша-олло!..» деб юбордилар. Ҳамма у кишига томон эврилгач, қип-қизариб ва ҳам… қўрқиб бошларини қуйи солдилар. – Сиз бу аёлга тушунтириб айтингиз: юзини очмаса бўлмайди. Суднинг қоидаси шу. Паранжи остида айбдордан бошқа кишининг ҳозир бўлишига йўл қўймаслик учун биз унинг юзини очдиришга мажбурмиз. Айтингиз, қаршиликдан фойда йўқ! Зеби худди ўйинда шеригига аччиқ қилган боладай тескари бурилиб олди. У индамай турганлигидан, суд раиси яна сўз олди. – Яхшилаб тушунтирингиз, юзини очмаса, суд мажлисини олиб боролмайман. – Олиб бормаса майлига… – деди Зеби. – Билганини қилсин! Тилмоч ўзи кулиб, қип-қизариб туриб таржима қилди. Суд раиси овозини кўтара тушди: – Ҳарбий суд масхарами бу кишига? Айтингиз, яхшилик билан очсинлар. Бўлмаса, куч билан очдирамиз! – Вой, шўрим! Шунча эркак ўтирса-я! Ўлганим минг марта яхшироқ! Сўнгра овозини пасайтириброқ тиркади: – Отамнинг пиридай кап-катта саллалик домла ўтирибдилар. Қандай юзим билан қарайман?.. Суд раиси энди бу сафар мулойим гапирди: – Айтингиз, суд томонга қараб, домлага орқасини ўгириб турсин! Зеби яна индамади. Домла ўтирган жойидан бир оз кўтарила тушиб: – Ҳечқиси йўқ, қизим! – деди. – Мен қарамайман! – Мана булар-чи? – деди Зеби. Суд ҳайъатини кўрсатди. Энди бу сафар домла ўрнидан туриб тилмочга юзланди: – Эшони мирза! Менга ижозат берилса, шу аёлга икки оғиз насиҳат қилсам. – Марҳамат, тақсир! Домла Зебининг ёнига бориб насиҳатга бошлади. Зеби борган сари сусайиб бўлса-да, домланинг ҳар бир сўзига жавоб қайтарарди. Охирда домла ўз диндошлари ўртасида машҳур бўлган бир эътиқод масаласини очди: – Кофир билан итнинг фарқи йўқ. Итдан қочмайсизми? Шундай бўлса, кофирдан ҳам қочмасангиз бўлади. Бу жоиз! Домла шундай жойда бу хил гапларни гапиришдан жуда қўрқарди. Шу учун бошда бошқа сўзлар билан Зебига таъсир қилишга уринди. У уринишлардан тезроқ бир натижа чиқмагандан кейин мажлис аҳлини маҳтал қилиб қўймаслик учун бу масалани очишга мажбур бўлди. Мажбур! Шу учун сўнгги сўзларни жуда паст овоз билан айтган эди. Зеби унади: – Бўлмаса, сиз ўзингиз нарироққа бориб ўтиринг! – Хўп, қизим, хўп, – деди домла. Тўрт-беш қатор орқага бориб ўтирди. Ҳамманинг кўзи домлада экан, Зеби чимматини юзидан олди ва судга томон эврилгани ҳолда бир қўлини яна юзига парда қилди. – Мана, қилақол сўроғингни! Ҳозир бўлганлар ўртасида «бу содда мусулмон қизини уялтирмаслик учун» кўзини бошқа томонга буриб ўтирганлар билан бирга, икки кўзини ундан узмаган ва алланималар деб ўзича сўзланиб, лабларини тез-тез қимирлатганлар ҳам бор эди… Айбдорнинг кимлиги суриштирилгач, суд котиби дарҳол ўрнидан туриб айбномани ўқиди. Ундан кейин яна калта савол-жавоблар кетди. Бу дафъа уларнинг адади орта тушди: – Айбномани эшитдингизми? – Ҳа… – Мингбоши сувни ўзи сўрадими? – Ҳа, ўзи сўради… – Мастмиди? – Кўп ароқ ичиб эди. – Сувни ким берди? – Мен бердим. – Чойнакдамиди? – Ҳа… – Мана бу чойнакми? – Ҳа… – Кимнинг чойнаги бу? – Меники. – Сизникими? – Ҳа, меники. – Ичида қандай сув борлигини билармидингиз? – Билардим. – Қанақа сувиди? – Ирим сувиди. – Кимга қилинган ирим? – Менга… – Нима учун ирим қилдирардингиз? – Фарзанд бўлсин деб… Пастда ўтирганларнинг домладан бошқалари, сўнгра суд ҳайъатидан бир-икки киши, закунчи ва тилмоч енгилгина кулиб қўйдилар. – Нега у сувни мингбошига бердингиз? – Жуда ташна бўлиб сўраган эди, шундоққина токчадан олиб узатдим. – Чойнакда заҳар борлигини билармидингиз? Зеби кулди. – Қизиқ экансан («ўрусни сизлаб бўлмайди»), мен қаердан билай? – Демак, эрингизни ўзингиз ўлдирдингиз? Зеби қаттиқроқ ва чўзиброқ жавоб берди: – Yo‘-ў-қ!.. Ўлибманми ўз эримни ўлдириб. Унинг бу сўнгги жавобида ҳар қандай қиз боланинг ўз ўртоғига ўзини оқлаб гапирадиган содда гапидаги гуноҳсиз оҳанг бориди: «Вой, ўлақолинг! Мен шунақа дермидим?» Зеби суд раисининг бола эмаслигини қайдан билсин? Шу ерда ўтирган шунча эркакнинг ойдай равшан бир нарсани англаёлмасликларини қайдан билсин? «Ўрус-у мусулмон бўлиб шунча одам ўтирибди, ахир. Мингбошини ўлдирган Зеби эмаслигини ҳаммаси билади. Билиб туриб яна қайтовлаб сўрай бергани қизиқ! Yo ўсмоқчилаб сўрармикин?» Суд раиси гапирмоқчи бўлиб ўрнидан турган вақтда Зеби: «Ана, сўроқ тамом бўлди. Энди уйимни қандай қилиб топиб бораман?» – деб ўйлади. – Ўтиринг, – деди суд раиси Зебига. Секингина ва эҳтиёт билангина ўтирди. Суд раиси сўз олди: – Воқеа шу қадар очиқ, масала шу қадар равшанки, менингча, мажлисни давом эттиришга ҳам ҳожат йўқ. Айбдор ўзи ҳар бир саволга берган жавоби билан жиноятини иқрор қилди. Шундай бўлгач, биз ҳукм чиқариш учун ичкарига кира берсак, дейман. Суд мажлисида фақат айбдорга берилган саволлар, сўнгра тергов протоколи билан ҳукмноманинг энг керак жойлари таржима қилинар, бошқа сўзлар ўрусча кетарди. Шу учун тил билмаган Зеби ўтирган жойида гапирган тўраларнинг юз ҳаракатларини томоша қила бошлади. Суд раиси прокурорга қаради: – Сиз нима дейсиз, зоти муҳтарам? Прокурор ўрнидан туриб, икки қўлини столга қўйди-да, ярим энгашиб туриб деди: – Мен бу таклифга қарши эмасман. Албатта, менинг бу масалада бошқа мулоҳазаларим бор. Мен уруш вақтининг нозик пайтларида бўлган бу ўлдиришга оддий ўлдириш каби қараёлмайман. Ўлдирилган одам Русия давлатига ва подшога садоқати билан танилган одам эди. Уни «ёш сарт» махфийлари, айниқса, уларнинг душманимиз бўлган Туркия билан фикран боғланишган унсурлари ёмон кўрардилар. Мен бу «содда» ва «гуноҳсиз» сарт аёлнинг шундай унсурлар қўлида ўйинчоқ бўлмаганидан амин эмасман… Биз сарт халқига алланечук бепарволик билан қараб ўрганганмиз: «Қўйдай ювош улар!» – деймиз. Албатта, уларнинг мамлакатларини қон тўкиб олган фотиҳлар сифатида бу қарашимиз бир нав тўғри ҳам бўла билади. Фақат бизга энди бу нотўғри қарашни ташлаш керак! Туркиядаги 1908-йил инқилоби, ўзимиздаги шумли бешинчи йил тўполони, Эрондаги сўнгги машрутият ҳаракатлари сартларнинг кўзини очаётир… Зоҳирда рус маданиятига ёпишиб келган европа қиёфали жадидлар, аксари, кулар юзли ёш савдогарлардан иборат бўлган «ёш сарт» кадрлари империяга қарши тиш қайрашда Туркия иттиҳодчиларидан қолишмайлар… Дуруст, сарт халқининг кўпчилиги муаззам давлатимизга, севимли подшоҳимизга содиқ… Эслик, тажриба кўрган катта савдогарлар, қишлоқнинг обрўйли бойлари, айниқса, уламо тоифаси «ёш сарт»ларнинг нуфузини қирқиш учун зўр бермоқдалар, буларни биламан. Лекин ҳаддан ташқари эҳтиёт билан, сергаклик билан иш олиб бормасак, бир кун эмас бир кун ҳалиги кўпчиликнинг «ёш сартлар» байроғи остида бош кўтариши жуда мумкин нарса. Ўзингиз биласиз, декабристлар хуружи чоғида давлат ва давлатчиликка, подшо ва Ватанга қарши бўлган унсурлар буюк Пётрнинг улуғ шаҳрида биргина майдонни зўрға тўлғазган эдилар; 1905-йилда ўша хилда боғовот майдонларининг сони-саноғи бўлмади. Ҳолбуки, биз яқиндагина эшон тўполони бўлиб ўтган жойдан унча олисда эмасмиз… У вақтда муҳтарам муттафиқимиз Англия биз билан тегишган бўлса, энди душманимиз Германия ва унинг қўғирчоғи бўлган Туркия биз билан унақа ҳазиллашиб ўтирмайди. Муни билиш керак! Кечагина бўлиб ўтган тоғ воқеалари, Қумариқ ҳодисалари назаримиздан қочмасин, тақсирлар! Мана шу нуқталардан қараб, мен бу «соддадил», «ювош» ва «гуноҳсиз» сарт қизига энг олий жазо талаб қилмоқчи бўламан. Модомики, масала ўзи бу қадар равшан ва айбдорнинг ўзи ўз оғзи билан иқрор қилиб турибди, майли, музокара очиб ўтирмасак ҳам бўлади. Мен ўз фикримни муҳтарам суд ҳайъатига арз қилиб, масаланинг бу томонига ҳам диққат қилинмоғини сўрайман. Закунчи суд раисининг мурожаатини кутмасданоқ ўрнидан турган эди: – Мен ҳам сўз айтишдан воз кечаман! – деди у, яна дарҳол жойига ўтирди. Суд ҳайъати ўрнидан туриб ичкарига чекилди. «Ана, – деб ўйлади Зеби, – ўзим айтган. Ҳамма гап ойдай равшан… Энди уйимни топиб кеталармикинман?» Чорак соат ўтмасдан ҳукмномани эшитдирдилар. Унда бу ишнинг асосан сиёсий бир рангдан холи эмаслиги иқрор қилинмоқ билан бирга, бу сўроққа тўғридан тўғри алоқаси бўлмаганлиги, ишнинг у жиҳатини алоҳида текшириб, лозим кўрилгани тақдирда қайтадан иш қўзғатмоқ тегишли маҳкамаларнинг вазифаси эканлиги, энди бу ўлдириш ҳодисаси тўғрисига келганда, масаланинг жуда аниқ англашилганлиги, айбдорнинг ўзи томонидан неча марталар иқрор қилингани, шу учун гувоҳ жалбига ва музокарага лузум кўрилмаганлиги айтилади. Ундан кейин: «Айбдорнинг қилган гуноҳи оғир бўлиб, ҳозирги уруш вақтида ва нозик шароитлар ичида давлат одамига қасд қилгани учун фалон, фалон моддалар бўйича олий жазога ҳукм қилиш керак бўлса-да, бовужуд Ўлка ҳарбий судининг сайёр ҳайъати айбдорнинг маданиятсиз ерли халқ аёли эканини, ўзининг ёш ва турмушда тажрибасизлигини ва ҳам ҳамма гуноҳларини номус билан иқрор қилиб бўйнига олганини назарда тутиб, фалон, фалон моддалар бўйича етти йил сургунга ҳукм қилди. Бу ҳукм устидан тегишли жойларга шикоят қилиш мумкин», – дейилади. Тилмоч ҳукмномани тўрт оғизгина қилиб эшитдирди: – Айбдор Зебиниса Раззоқ сўфи қизи, Ҳарбий суднинг ҳукми билан етти йил Сибир қилиндингиз. Норози бўлиб ариза берсангиз мумкин. Ҳукмнома ўқилиб битар-битмас, залдагилар чиқа бошлаган эдилар. Ўқилиб тамом бўлгач, суд раисининг ишорати билан қилич яланғочлаган конвойлар яна бояги тахлитда Зебини олиб чиқиб кетишди. Шундан кейин суд ҳайъати ҳам чиқиб кетди. Залда фақат тилмоч, закунчи, ундан кейин нима учун ўзининг бу ерга чақирилганини билмаган имом домла қолган эди. Тилмоч домла-имомнинг ёнига келди: – Тақсир! Сиз жиндак сабр қилинг. Мен ҳозир келаман, ундан кейин гаплашамиз. Домла юрагини қўлига олиб, ранги ўчган, лаблари бир оз қалтирагани ҳолда… суд залида қолди. Закунчи тилмочни олиб ташқарига – Зебининг ёнига чиқди, Зеби чиммат остида ҳўнгур-ҳўнгур йиғламоқда эди. Закунчи сўради: – Нима дейсиз? Ариза ёзиб берайми? Зеби хўрсинган овоз билан йиғлаб туриб, узук-узук жавоб қилди: – Кимга? – Юқорига. – Унда… нима бўлади? – Нима бўлариди, эҳтимол, яна сўроқ бўлади, ишни қайтадан кўрадилар. – Ким… кўради? Шулар… кўрадими? – Бошқа суд кўради. – Бари бир… оп-очиқ турган нарсани… булар тушунмайди-ю, улар тушунармиди? – Ариза бермайми? – Қўяқол!.. Мен учун… овора бўлиб ўтирма… Закунчи кулумсираб тилмочга қаради, у елкасини қоқди. Закунчи боқча дарвозасидан чиқиб кетмак учун ўша томонга қараб юрди. – Ҳай, шошма, – деди Зеби. – Шаҳарда… Шаҳарда… ота-онам… бор… кўрсатармикин? – Авақтага олиб боргандан кейин кўрсатади. Закунчи дарвозага қараб кетди. Тилмоч у билан хайрлашгач, яна домланинг ёнига кирди. – Эшони мирза, – деди домла-имом уни бесаранжомлик билан қарши олиб, – мени нимага чақирган эканлар? Тилмоч кулди: – Сизни, тақсир, суд садри чақиртирган эди. Башарти қасам бериш лозим бўлиб қолса, мусулмон шариатига мувофиқ қасам бериш учун. – Қасам бермадилар-ку? – Лозим бўлмади, тақсир. Аёл ўзи иқрор… Домла англаёлмади, шекилли, мирзанинг сўнгги сўзини савол шаклида қайтарди: – Ўзи иқрор?! Тилмоч яна кулди: – Ҳа, ўзи иқрор… Эшитмадингизми? – Ўзи иқрор эмас, инкор қилди шекилли-ку? – Дамингизни чиқарманг, тақсир. Бу нозик масала… – Ҳа, албатта, албатта… – Энди, тақсир, суд раисининг сиздан илтимоси бор: ўзингиз эшитдингиз, бу аёл Раззоқ сўфи деган одамнинг қизи, ўз эрига заҳар берган. Эри хизмати сингган мингбошилардан экан. Прокурор отиб ўлдирилсин деган эди, суд қабул қилмасдан етти йилга Сибирга кесди. Эртага жумадан кейин мачитда икки оғиз гапириб қўйсангиз, дедилар. – Нима тўғрида, мирза? – Ya’ни оқподшонинг содиқ одамларига ким қўл кўтарса, оқибати мана шундай бўлади деган мазмунда… – Хўп, эшони мирза, хўп. Албатта, айтаман, албатта. Энди менга рухсатмикин? Домланинг бу саволида худди гуноҳ қилган одамнинг очиқ безовталиги сезиларди: «Мени қамамасмикин?» дегандай… Тилмоч муни пайқади, шекилли, қуруқ ва совуқ жавоб берди: – Бора беринг. Домла мактабидан «озод» бўлган эски мактаб болалари сингари ўзини эшикка урди ва ўша онда кўздан йўқ бўлди. Тилмоч кулди: «Имон йўқ тақсиримда», – деди ўз-ўзига. Сўнгра битта-битта қадам босиб эшикка томон бораркан, айланиб орқасига қаради: кенг зал бўм-бўш, худди етимчадек кўринади. Суддан сўнг у ёқ-бу ёқда тартибсиз қолиб кетган курсилар бозорчиларнинг карвонсаройга боғлаган отлари сингари бир-бирларига тескари эврилганлар… Кўк ёпиқли узун стол устида суд аъзоларидан бирининг кўзойнак қутичаси қолиб кетган, зал ўртасидаги оғзи очиқ печдан ўтиннинг чарсиллаб ёнгани эшитилади. Тилмоч яна олдинга юрди ва бошини чайпай-чайпай: – Безобразие, безобразие! 10 – деб сўзланди. 20-боб Жума намозидан сўнг ташқаридаги жамоат дув эта ўрнидан турди ва фотиҳани кутмасдан ўз ишига кетди. Айвондагилар ҳам уларга қўшилдилар. Унда-мунда якка-ярим кишиларнинг бўйинларини қуйи эгиб фотиҳани кутганликлари кўриларди. Намоз дуоси, ундан сўнг «дуойи холис» ўткач, айвон билан ташқари томон бўшади, хонақо ичидан ҳам йўтала-йўтала бир қанча киши чиқиб келди. Улар ҳам чиқиб битгач, имом туриб сўз бошлади. Умуман, жамоат олдида гапиришни севмайдиган, ўзининг имомлик вазифасига ҳам жуда расмий равишда қарайдиган; уйидан жомеъга келиб, жомеъдан уйига қайтгунча фақат салом-алайкдан бошқага оғиз очмайдиган, онда-сонда янги келинчакдай мулойим ва юмшоқ йўталиб қўядиган ингичка овозли домла-имом бир неча оғиз сўз қилиб, суд раисининг илтимосини расман ўрнига қўйди ва қайтиб жойига ўтирди. Шундан кейин хонақодагилар аста-аста чиқа бошладилар. Ҳамма чиқиб бўлгандан сўнг, бир-икки марта ингичка йўталиб домла ҳам ўрнидан турди ва эшикка томон юрди. Хонақо ичи ярим қоронғи эди. Эшик олдида қоронғиликдан бирданига бир овоз келди: – Тахсир, арзим бор эди… Сўйловчиси қоронғида қолиб кўзга кўринмаганлиги учун домла бу кутилмаган шарпадан чўчиб тушди: – Астағфурулло! – деди домла шошилиб ва орқасига тисарилиб қўлини кўксига олиб борди. Қоронғидаги одам ёриққа чиқиб келиб сўзида давом қилди: – Кечиринг, тақсир. Акбарали мингбошини қайси хотини ўлдирибди? – Қанақа одамсиз? Аввал бир йўталиб шарпа қилсангиз бўлмайдими? Ҳайвон экансиз-ку! – Кечиринг, тақсир, билмабман. – Билмабман… Қачонгача билмайсизлар, ахир? – Кечиринг, тақсир, айб менда. Акбарали мингбошининг тўртта хотини бор. Битта хотини менинг ожизам бўлади. Шунга сўровдим, тақсир. Домла ўзини тўхтатди ва битта-битта босиб у одамнинг ёнига келди, «э афтинг қурсин!» деган маънода у одамга қаради. Сўнгра деди: – Номини унутибман… Қора паранжиси бориди… Валлоҳи аълам, отасининг номи… бир нарса сўфи… ҳа, Раззоқ сўфи… Раззоқ сўфи… Сўфининг номини бир неча марта такрорлаб хонақо эшигидан чиқди. Раззоқ сўфи эса ранги ўчган ва қалтираган ҳолда эшикка суянганича қолди. Ниҳоят, ўзига келиб мачитдан чиққач, уйига ҳам хабар бермасдан ўткинчи бир аравага ярим сўм бериб қишлоққа жўнади. У ерда Ҳакимжондан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ҳакимжон бўлган воқеани англатди ва Зебининг терговчилар ва докторлар келган куннинг ўзидаёқ шаҳарга олиб кетилганлигини сўзлади. Суд ҳукмидан Ҳакимжон ҳам бехабар эди. – Нима қиламан энди мен? – деб сўради сўфи. Унинг овозида ожизлик ва аламзадаликдан келган бир қалтираш бориди. Ўлгудек аянч қалтираш… Ҳакимжон сўфига тикилди. Бурунги сўфидан, яқиндагина келиб бир ҳафта ётиб кетган сўфидан асар йўқ. Унинг ранги мачитнинг жайдари шамидек сап-сариқ… гўё касалдан яқиндагина бош кўтарган. Фақат Ҳакимжон сипоҳликни қўлдан бермай оғир ва кескин жавоб қилди: – Нима қилардингиз? У ер, бу ерга арз қилиб кўринг. Бу нозик замонда арз қилишдан бирон натижа чиқармикин? Невлай-да. Бир суднинг ҳукмини юқорироқ бир суд буза оладику-я. Замон нозик, иш нозик: шундан қўрқаман! Сўфининг ундан кейинги сўзи Ҳакимжонни бутунлай шошириб қўйди: – Ўрусга ҳам қийин, – деди сўфи.– Ундай уста амалдорни энди Чин-Мочиндан топиб келмаса, бу юртларда топилмас… Ҳакимжон ҳайрон бўлганидан қўлини ёқасига олиб борди ва «сўфи гапираётирми, ё бошқами?» дегандай қилиб яна сўфининг юзига тикилди. Дарҳақиқат, сўфининг ўрнида унинг кўлагаси ё арвоҳи сингари бир нарса кўринарди. Ҳакимжон бу дафъа сўфига ачинган бўлса-да, жавоб беришда ўша сиполик йўсинини бузмади: – Одам тайин бўлган. Индинга келиб мансабига ўтиради. – Ўрусга одам қаҳат эмас экан бўлмаса, – деди яна сўфи. Шундан кейингина Ҳакимжон сўфининг нималар гапираётганидан ўзи бехабар бўлганини пайқади. Сўфи давом этди: – Ким у киши? Мана бу савол Ҳакимжонни яна шошириб қўйди. «Рост айтдими бу одам ё мени маймун қилиб ўйнатадими?» деб ўйлади у, шу сабабдан қўрсроқ ва жеркиброқ жавоб берди: – Сиз танимайсиз! Зуннунбой деган! Олдин нойиб тўранинг хизматида бўлган киши! – Тадбирлик экан бўлмаса, – деди яна сўфи. Ҳакимжон сўфига энди очиқ бир жирканиш билан қаради. Сўфи эса йиғига ўхшаган бир кулимсираш билан ундан кўзини олмасди. Ёш йигит чидаёлмади, шекилли, тез-тез босиб ичкари эшик олдига бориб қичқирди: – Фазилатхон! Меҳмонга дастурхон чиқаринглар! Ичкаридан жавоб бўлишини кутмасдан, ҳақорат кўрган кишидай таппа-таппа босиб кўчага чиқиб кетди. Фазилат ичкаридан бир мис товоқда нон билан майиз кўтариб чиққанда, ташқарида на Ҳакимжон бориди ва на сўфи! Сўфининг арз қилиб борадиган бирдан бир маҳкамаси яна эшонбобонинг хонақолари эди. Дастурхонни кутмасдан дарҳол йўлга чиқди ва ярим йўлни арава билан босиб, тўппа-тўғри хонақога борди. Эшон йўқ эди. «Тўйга кетди» дедилар. Кутиб ўтирди ва ўйга толди: «Эшонбобо нима қилсин? У киши закунчи эдимики, ариза битиб берса? Ўрус тилини билармидики, амалдорлар, судлар билан чиқишса? Башарти, закунчига, амалдорга, судга бориладиган бўлса, ҳаммасига пул керак, мўмай-мўмай пул керак, менда унақа пул йўқ. Зебининг орқасида энди қўлга пул тушармикин деб умид қилардим, эндигина кафтим қичиша бошлаган эди. Бу ҳодиса кафтимнинг қичиғини вақтидан илгари босиб қўйди… Эшонбобо хотиржам, бир чақа ҳам бермайдилар. У киши, албатта, бераман десалар-ку қўлларидан келади: ҳар қандай катта закунчининг иштаҳасини қондирадиган дунёлари бор. Фақат, нечораки, у киши бериб ўрганмаганлар, олиб ўрганганлар: «Ўрганган кўнгул ўртанса қўймас» дейди бурунгилар. У кишини беришга ўргатиш қийин! У киши шунча бадавлат бўлиб туриб, эшикдан гадой кирса, қўлига қарайди, «назри йўқмикин?» деб. Бу хабарни қизнинг шўрлик онасига эшитдириш керак ҳали! Менинг кўнглим тош-метин! Фақат, шўрлик онанинг ёлғиз боласига бўлган меҳри шундай кучлик нарсаки, ундақа тош-метинларга қарши ўз тош-метинини ирғитади, балки бир ирғитишда парча-парча қилиб ташлайди!.. Йўқ, бу кеча уйга бориб бўлмас. Бу кечани шу ерда тунайман. Эшонбобомга арз қилиб маслаҳат сўрайман. Бир нарса дер, ахир… Ундай десам, икки кундан бери уйга қайтганим йўқ. Уйдан «жумага бораман» деб чиққанман. Кампир нима ўйлайди? Ҳалиги шум хабар қулоғига киргундай бўлса, турган жойида қотиб қолмайдими? Йўқ, бориб кўнглини кўтарай… Йўқ! Ҳар нима бўлса ҳам, эшонбобом келсинлар. Бир оғиз айтиб ўтай, нима дер эканлар». Ниҳоят, эшонбобо келдилар. Кайфлари чоғ, нашъалари баланд, овозларида аллақандай бир шўхлик бор. «Тўйда қимиз ичганга ўхшайдилар, – деб ўйлади сўфи. – Кўп ичса, у ҳам одамни айнитармиш. Қишда қимиз нима қилади? Ҳайронман… Хайр, ўзлари биладилар». Эшон бу воқеани эшитган эди, лекин унга ўз муриди Раззоқ сўфининг аралашганини билмасиди. Сўфи кўзларида марварид доналаридай йирик-йирик ёшлари кўрингани ҳолда, билганича айтиб берди. Пир кулиб туриб (кулиб туриб!) эшитди. Бу нашъалик кулиш, бу кайфи чоғлик, бу овоздаги шўхлик ҳеч нари-бери бўлмади. Сўфи воқеанинг энг қўрқунч жойларини айтиб берган вақтида ҳам, эшоннинг юз-кўзларида ҳамон ўша шўх ва ўйноқ кулиш жилваланарди. «Мен тошга гапираётибман, шекилли» деган ўйни ўйлаб олди сўфи: орқасидан дарров истиғфор айтди… Сўзини битиргач, сўфи эшоннинг оғзига тикилди ва «муборак» сўзларига мунтазир бўлиб қолди. Эшоннинг шўхлиги яна орта тушган эди. Хонақо куйларининг энг шўхини олиб, бошини тўлғай-тўлғай бутун вужуди билан силкина-силкина куйлади: Фоний дунё бе-эш кундир, бе-эш кундир, ҳо-ов, Сўфилик аҳди-ин синдур, аҳдин синдур, ҳо-ов. Биллур қада-аҳлар бирла май сўнгил, соқи-ей, Хонақо қаро-о тундур, қаро-о тундур, ҳо-ов… Сўфининг кўзлари олайиб кетди: бу – муриднинг ўз пирига биринчи марта кўз олайтириши эди. – Тақсир, бирон маслаҳат… – Маслаҳат? – деди эшон, хохолаб кулди. – Одам ўлдирган боланинг отасига қандай маслаҳат бўлади, сўфи? Боласининг ёнига нима учун отасини жўнатмайди бу аҳмоқ ўрус? Адолат борми кофирда?! Сўфининг танларига бирданига ўт туташгандай бўлди. Бутун вужуди қизиган танурдай тобига келган эди. Қўллари ихтиёрсиз баландга кўтарилди, муштлари ўз-ўзича тугумланди… Бу мушт пирнинг бошига тушмоқчи эди. Фақат, қаршидаги ким? – Пир! – Эшон! Эшонбобо! Йўқ, унга қўл кўтариб бўлмайди! Яна бир онда сўфи сувдай суюлди, қордай эриди, орият оёқлари билан омонат ерни босиб ташқарига чиқди… Уйга бориб индамасдан ётоққа чўзилди, кампирнинг саволларига жавоб бермади. «Яна феъли айнибди чолнинг!» деб ўйлади кампир. У бечора ҳали воқеадан хабарсиз эди. Эрта билан нонушта чоғида бутун бўлган воқеани ётиғи билан кампирга айтганидан кейин сўфи кеча пирининг бошига тушмоқ учун кўтарилган муштнинг бу кун ўз бошига тушаётганини кўрди. У мушт шу қадар даҳшатли эдики, «кечанинг ўзида ўз жойига туширсам бўлар экан!» деб ўйлади сўфи, аччиғидан муштини тишлади. Пиёладаги чойни ярим қолдириб кўчага чиққан вақтида сўфи ўз-ўзини таниёлмай қолди. Оёқлари худди тобут кўтариб бораётган мусулмоннинг оёғидай бир-бирига тегмасиди. Бармоқлари бири очилиб, бири юмилар, ичидан кучли бир овоз тўлқини чиқиб келиб кўча ўртасида томоғига ёпишарди. Салом берганлар аликсиз, сўрашганлар жавобсиз қолдилар. Унинг яқинидан ўтганлар мутлоқ туртилдилар, дастурхон кўтарган хотинлар ҳаммаси деярлик қарғаб ўтдилар. «Жинними, нима бало?» деган овозлар эшитилди, бу овозлар сўфининг қулоғига «Ким жинни? Ўрусми ё ўзларими?» деган шаклда бориб кирди. Аравакашларнинг «пўшт, пўшт!» деган овозларини «ўлаҳ, ўл!» деган каби таъна шаклида эшитди ва худди елкаси олдида тўхтаган отнинг кўпикли тумшуғига қараб туриб, «ўзлари ўлсин, ўзлари!» деб сўзланди: аравакашлар араваларини унинг ёнидан секингина буриб ўтар эдилар. Бозор ўртасида бир нонвой обинон саватини тутди, сўфи ихтиёрсиз қўл узатиб иккита нонни олди, сўнгра бир нафас ўтмай нонни яна саватга қўйгач, нонвойга қараб кулди: «Мен оламан ҳам, бераман ҳам, у киши фақат олишни биладилар!» – деди, яна йўлга тушди. Шундан кейин юришини секинлатди, оғир-оғир ўй сурарди: «Худо – худо бўлиб туриб – ҳам олади, ҳам беради, йўқ-а, у илгари жон беради, кейин жон олади. Ер, ер бўлиб туриб, илгари ризқ беради, кейин жон олади. Олган беради-да! Сен нимасан, пирим, сен? Худодан зўрмисан? Ердан кучлимисан? Оласан, бермайсан. Оласан, бермайсан…» Хонақода намоздан кейин «сукут»га кетиб, мудраб ўтирган эшонни Раззоқ сўфининг телба ҳайқиришлари уйғотиб юборди. Эшон сесканиб кетди. Кўзини очиб у ёқ-бу ёққа қарагунча бўлмасдан эшикдан баланд овоз билан сўзланиб Раззоқ сўфи кириб келди. Оғзидан кўпик сочиб, бошларини жеркиб-жеркиб сўзланарди: – Худо, худо бўлиб туриб аввал жон беради, ундан кейин жон олади. Сен кимсан? Худодан зўрмисан, тақсир? – Бай-бай! Тилинг кесилсин, бадбахт! Кофир! Сўфи ўша хилда гапирганича пирнинг бошига келиб тўхтади. – Ер жонидан – илгари беради, кейин олади. Ердан ҳам кучлимисан, тақсир? – Нима бўлди сенга, сўфи? Жинни бўлдингми? – Ўзлари жинни, тақсир, ўзлари! Эшаклари жинни, итлари!.. – Ҳай, ким бор? Болалар! – деб қичқирди эшон, ўрнидан туриб орқага тисарилди. – Қочма, тақсир! Ҳовучингни оч! Мен гадой бўлсам ҳам, хуржунимнинг икки кўзи тўладир… Сендақаларни неча йил боқишга ярайман… – Болалар! – деб бақирди яна эшон. Ўзи тисарилиб-тисарилиб бориб хонақонинг бир бурчига қисилган эди. – Қўрқутманг, тақсир, бечора муридингизни. Мен нима қилдим сизга? Сўфи бирданига йиғлай бошлади. Ташқаридан муридлар югуриб келишдилар. – Қайда қолдинг ҳамманг? Чақира бериб томоғим йиртилди. Олиб чиқ бу жиннини! Сувга пиш! Муридлар ҳаммаси сўфига ёпишдилар. – Тегма менга! – деб бўкирди суфи. – Мен ўрус судидан қочиб қутилган киши бўламан. Эшонингни соғ қўяманми мен? А? Муридлар истиғфор айтиб, сўфини қарғадилар. – Тилинг қурсин, тилинг узилсин! – Кофир! – Насора! – Мардуд! Кўча дарвозалари тақа-тақ беркитилгач, ҳовузнинг қалин музини тешдилар: сўнгра сўфини яланғоч қилиб кўтарганларича ҳозузга ташладилар. Сўфининг тани шу топда Арабистон тоғларининг саратондаги тошларидай қизиб ёнарди. Унга хуш ёқди бу жазо… Сув ичида жиннилардай наъра солиб бақирарди. Муридлар кулишиб қарардилар. – Бас энди! – деди эшон ичкаридан. – Энди озроқ хипчин! Сўфини ҳовуздан чиқариб олиб ингичка новда билан гавронладилар. Яланғоч ва нам баданига теккан беҳи савачўп «чирс!» эта овоз чиқарарди. Зарбларнинг саноғи анчага етгач, сўфи бир марта қаттиқ фарёд кўтарди, шу билан ҳушидан кетиб муридлар қўлига йиқилди… Ундан кейин куни бўйи карахт бўлиб ётди. Кечаси иситма бошланди. Ичкаридан чиққан бир коса қайноқ шўрвани муриднинг юзига ирғитди. Шундан кейин муридлар яна калтакладилар. Фақат, ўзи иситма билан ёниб турган одам калтак зарбини сезмади. У калтаклар унга уқалашдай туюлган эди. Эрта билан ўзига келди, иситмаси тарқалган эди. Ҳорғин кўзларини очди, калтакланган ерларининг ачишганини сезди. Қамиш савачўпни куйдириб кулини боғладилар, ором олгандай бўлди. Фақат, бу ором ухламаган кўзларининг ўткир талабидан ўзга эмасиди. Ухлаб кетди. Икки кундан сўнг у мусичадек ювош ва мулойим бўлган эди. Ташқарига чиқиб юрди, муридларга кулиб қаради. Фақат, гапга жавоб бермади. Хаёли бошқа жойда, бошини чайпар, кулимсираган кўзлари билан муридларга тикиларди. Эшонга айтдилар, «ҳайдаб юборайликми?» деб сўрадилар. – Юра турсин. Энди ўзи билиб кетади, – деди у, кулди. Яна уч кундан сўнг жума куни эрта билан намозга турган муридлар эшоннинг хонақода ўлиб ётганини кўрдилар. Соқоллари юлинган, томоғида чуқур бармоқ излари бориди. Хонақонинг бир бурчида кичкинагина жавончада эшоннинг энг азиз китоблари сақланғучи эди: жавон очилган, китоблар ҳам очилиб-сочилиб ётардилар. Ўша ердан бир неча уч сўмлик ва беш сўмлик қоғоз пул топиб олдилар, улар ҳам сочилиб ётарди. – Ҳам жонига, ҳам молига қасд қилган экан баччағар! – деди бир мурид. Бошқалар ҳам бошларини тебратиб бу фикрга қўшилдилар. Сўфидан дарак йўқ эди. Қурвонбиби жинни бўлиб паранжисиз ва йиртиқ кийимлар билан эшонникига келган вақтида, уни занжирга боғлайдиган одам ҳам топилмади. Эшоннинг катта хотини раҳми келганидан муридларга буюрди: улар жинни хотинни тутиб ичкаридаги катта толга боғладилар. Қурвонбиби бир нафас тинмасдан ўзича сўзланар, ким ёнига борса, Зебини мақтаб гапирар, унинг дутор чалиши, ашулла айтиши, чок тикиши, тўппи босишларини ҳикоя қилар, юриш-туришлари, қадди-қомати, бўйлари, кўзлари ва қошларининг чиройлилигини айтиб, ҳар кимдан «Қани менинг Зебим? Қани Зебонам?» деб сўрар, шундан сўнг ҳўнграк отиб йиғлаб юборар эди. Қиш чиқишга яқин аллақандай қариндошлари келиб уни олиб кетдилар. Қорилар, домлалар, парихон, азайимхон, дуохон ва бошқаларга пул бериб ўқитдилар, кўчиртирдилар, дам солдирдилар – фойдаси бўлмади. Ҳамон ўша эшонникидаги сингари ҳар кимга қизини мақтаб гапирар, сўнгра ҳўнграк отиб аччиқ-аччиқ йиғлагач, «Ёрилтош» куйида ўзи тўқиган байтларини ўқирди: Зеби, Зеби, Зебона, Мен кўйингда девона. Сени сотди ўз отанг, Мен бўлайин садағанг! Заҳар қилиб ошингни, Пирим еди бошингни! Зеби, Зеби, Зебонам! Қайда қолдинг, дилбарим?.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Кеча_ва_кундуз/01. Downloaded from uzbekai.com.