Кирзон нотаси Англия миллат мажлисида Абдулҳамид Чўлпон Сўнг вақтда матбуот, бутун Русия ва балки бутун дунёнинг миясини бир нарса овора қилдиким, у ҳам Англия ҳукуматининг шўролар Русиясига берган нўтасидир. Англия ҳукуматининг «урушқа қилиқ» сезгиларини жуда очиб кўрсаткан бу нўта бизнинг шўролар матбуотида «Кирзон нотаси» деб аталадир. Бу – дарҳақиқат тўғри. Нотанинг руҳи Кирзон тўрадир. Унинг маъноси «Кирзон тўранинг урушқоқлиғи» демакдир. Шул нўта, яъни «Кирзон нотаси»сўнг вақтда Англия миллат мажлисида қаралиб ўтди. Нота очиқдан очиқ «нимага хотунингга ковуш олиб бермадинг? Шунинг учун сенинг адабингни бермак керак деган руҳда бўлғани учун бу масала миллат мажлисида катта филь воқеаларға сабаб бўлса керак эди. Лекин ундай бўлмаған. Маскавда чиқатурған «Ҳақиқат» (Правда), «Хабарлар» (Известия) газеталари бунга бағишлаб бош мақола ёзиб чиқардилар. Биз ўқуғучиларимизни марказ газеталари орқалиқ шу муҳим масала билан таништирмоқчи бўламиз. «Ҳақиқат» (Правда) газетаси ёзадир: «Авом палатасида ҳақиқий бир кулки (камедия) бўлуб ўтди. Бу кулки – миллат мажлиси деган нарсаларни урушқоқ лўрдлар қўлида қандай оддий ўюнчоқ бўлуб юрганлигини кўрсатадур. Кирзон нотасини «иғво» деб турған ҳолда Англия чет эллар нозирининг муовини Мок Ноил туруб Англия ҳукуматининг кенгаш-менгашларни рад қилғанлиғини узун-узун гап сўзларни хоҳламағанлиғини ўз талабида маҳкам турғанлиғини анча-мунча нарсаларга қаноат қилмағанлиғини сўзлайдир. Шундан сўнг миллат мажлиси тарқаладир. Шундан сўнг ҳукумат буткул Кирзонга топшириладур. Кирзуннинг қўллари ечилган истаганини қилаберади. Мана Англияда миллат мажлиси шу ҳолдадир. «Хабарлар» (Известия)да ўртоқ Истиклўф ёзадир: «Русиянинг қайтарған жавобида Мок Ноилга маъқул бўлған жойи – инглиз балиқчи кемалари тўғрисидағи моддалардир. Бошқа моддалар унга сира маъқул эмас. Англия ҳукумати умуман озроқ бир нарса билан рози бўлмоққа истамайдир. Ўзининг талабларини тугал олмоқчи бўладир». Гап-сўз кўриниш хили «ваҳималик» Англия талабларининг қаттиғлиғи жойида юмшағани йўқдир.Русия билан «барча баробар» бўлуб туруб гаплашишни хоҳламаслиқ яна ўз жойида. Биз жанжаллиқ масалаларда Англия ҳукумати билан гаплашишга ҳозирмиз. Лекин ўз бўйниға бировларнинг иродасини осдиришға шўролар ҳукумати сира ва ҳеч бир йўл билан рози бўла олмайдир. Қиссадан ҳисса чиқарайлиқ. «Ҳақиқат» газетаси бу«жиддий қисса»лардан Русия ишчи-деҳқонлари учун шундай бир ҳисса чиқарадир: «Ишчи – деҳқонлар! Ҳар бир қўйилған қадамни кузатиб борингиз». — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Кирзон_нотаси_Англия_миллат_мажлисида. Downloaded from uzbekai.com.