Кисловодскда Икромов номидаги санатория Абдулҳамид Чўлпон 1932-йил охирларида Ўзбекистон ХКСнинг ташаббуси ва қарори билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги қарамоғида Ўзбекистон санаторияси очилган. Бутун Русия курортлар идораси бизнинг санатория учун шаҳарнинг яхши ва баҳаво бир еридан жой берган. Дуруст, у жойдаги биноларнинг кўп мазаси йўқ; санаториянинг иккала корпуси ҳам, агар янгилшмасам, илгари хусусий кишилар (бойлар)нинг ҳовлилари бўлган. Санатория тузулгач у биноларни наридан-бери санатория талабларига уйғунлаштирганлар. “Наридан-бери” деганим асоссиз эмас: ҳали ҳам санаториянинг ошхонаси, қлуби ва бошқа ёрдамчи жойлари тарқоқ ва ўз шаънига унча ярашмайтурған биноларда бўлунади. Санатория мудири жой хусусида Тошкент шаҳар советидан кам қийналмайди. Бутун Русия курортлар идораси билан қилинған шартнома бўйича 1932-йилдан бошлаб махсус санатория биноси солиниши керак. Ҳозир 1936-йил бўлатурған бўлса у масал ҳали ҳам очиқ туради. Санаторияни беркитиш керак деган фикрлар борга ўхшайди. Бу фикрлар ҳам қатъий эмас, шу учун санатория мудирлиги эртага нима бўлушини билмасдан, ёлғиз бугун учунгина иш кўради. Ҳолбуки, бундай катта ишда истиқболнинг аҳамияти катта. Шунинг учун санатория ўз тақдирини аввалдан узул-кесил билиши керак. Шу йил май ойининг бирида санатория ремонтдан чиқиб очилди. Республикамизнинг ҳар бир томонидан дардига дармон қидирган меҳнаткашлар бора бошладилар. Уларнинг кўпчилиги – мамлакатимизнинг шарафли эранлари: стахановчилар. Каганович районидан бир чолни курорт билан мукофотланганлар. Унинг номи Жалил полвон Исматиллаев, “Ободон” колхозининг раиси. Бу колхоз 1932-йилдан бери пахта планини вақтидан илгари бажариб келади. Бу йил эса Жалил полвон пахтасини 12 апрелда экиб битирганда, биринчи чопиққа одам тушуриб, сўнгра ўзи дам олгали жўнаган. Полвоннинг қисиқ кичкина кўзлари тинмасдан ўйнайди. Унинг бадани роҳатда бўлса ҳам, кўнгли бесаранжом: “Марказга ваъдани катта берганмиз. Ваъдага вафо қилиш керак. Бунинг учун тинмасдан ишлаш лозим. Мен бўлсам бу ерда ўйнаб юрибман. Яхши жой экан, сероблари бор экан, чўмулиб ётибман. Аммо, муллака, кўнгул тинчимайди… тушимда ҳам талаларимни кўриб чиқаман…” дейди. Бир кун менга яна нималар дейди. Бир кун менга яна нималар дейди: “Мудирга айтсангиз, тезроқ жавоб бера қолса!”. Жалил полвон колхоз таласини яшнатиш билан бирга колхозчининг маиший талабларини ҳам унутмаган. “Қишлоқимизда бузулиб вайрон бўлиб кетган бир ҳаммом бор эди. Янгидан солдиргандай қилиб тузаттирдик. Ҳали райондан ҳам кўп одамлар ҳаммомлашгали бизнинг қишлоққа келадилар” дейди. Янги мактаб биноси бор, лекин кичикрак. Ҳозир ғишт қуйдирилмоқда, мактаб учун катта бино солинмоқчи. Колхоз йўл бинокорлиги планининг ўзига тегишли қисмини тўла бажариб келади. Колхознинг 80 та қўйи бор. Ҳар колхозчида яна бир нечта қўй бор. “Моли йўқ колхозчи кам қолди, кўп бўлса 5-10 дан ошмас. Бу йил уларни ҳам моллик қиламиз” дейди полвон. Республикамиз ўзининг бундай азамат ўғуллари учун ҳар қанча қилса яна оз! Кисловодск олисда бўлгани учунми, билмадим – бизнинг Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги тегишинча аҳамият бермайди. Шу йил ҳам ремонт битишга яқинлашғани ҳолда маблағ масаласи ҳал бўлган эмас эди. Бирорта адабий кеча ўтказиш мумкунми, йўқми деган мақсад билан февраль ойида Кисловодскка жўнаркан Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлигига кириб, курортлар бошлиғи ўртоқ Камшенкодан санаториядаги касалларнинг миллий составини сўрадим. У ўртоқ менга “билмайман” деб жавоб берди, “Ўша ерга бориб санатория мудири ўртоқ Назаров билан гаплашинг” деди. У ерга борган вақтимда ўзбеклардан 5-6 гина киши бор эди. Касалларнинг 60 просенти ўзбеклардан бўлсин деб халқ комиссарлар советининг қарори бор экан. У қарор бу йил ҳам (чунончи май ойида) бажарилгани йўқ. Ўтган мавсумда касаллар санаториядан, айниқса, овқатдан нолир эдилар. Бу йил овқат учун белгиланган пул орттирилган бўлмаса-да, санаториянинг хўжалик қисмида янгиланиш бўлди. Натижада овқатларнинг анча яхшиланганини айтдилар. Ҳозир касаллардан нолиган кишига учрамадим. Шундай бўлса ҳам санаториянинг камчиликлари бор, уларни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш халқ комиссарлиги ташаббус кўрсатсагина йўқ қилиш мумкин. Ҳар ҳолда Ўзбекистон марказий уюшмалари бу ишга жиддий қарашлари даркор. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Кисловодскда_Икромов_номидаги_санатория. Downloaded from uzbekai.com.