Кўзингга қара, амалдор! Абдулҳамид Чўлпон Ойимқишлоқ бўлуси Тошлоқ деган қишлоқда Бойбобо бойбачча деган киши меҳмонхонасида шериклари билан хўб ичкилик ичкандан кейин маст ҳолида кўчага чиқиб, шовқун-сурон билан халқни бесаранжом қилған. Ўз қўл остида шундоқ тўпаланглар бўлғани ҳолда маҳаллий ҳукумат мунга қарши керакли чораларни кўрмаган. Ижроқўм бу тўғрида хабар олғандан кейин кўчада мастлик қилиб халқни бесаранжом қилған бойбаччага 300 сўм жарима солишқа ва шу воқеага суст қарағани учун Ойимқишлоқ бўлус ижроқўми раиси Қувватбой ўғлини 5 кун қаматмоққа қарор берди. Мастлик қилиб кўча-кўйда халқнинг тинчлиғини бузғанлар қонун бўйинча жазо тортишқа тегишлар. Сўнг вақтда марказ ҳукумат тарафидан чиқарилған бир декрет бўйинча мастлик орқасида кўча-кўйда тўпаланг қилмасдан, кўчада маст ҳолда кўрунганлар ҳам жазо кўришга тегишлар. Ижроқўмимиз Ойимқишлоқдағи бир мастга, у мастга совуқ қараған амалдорга адаб берди. Бу яхшиликни шаҳарнинг ўзида, куппа-кундуз одам кўб жойда анчагина масъул ишдаги ўртоқлар тайтанглаб, маст ҳолда гапириб, халқ қошида ҳукуматнинг эътиборини тушурушга сабаб бўладурлар. Ундоқ ҳолларни милиция кўрмайдур. Ўшандай одамлар, балки, ўзлари милицияга қарашлиқ бўлурлар… Мунга яхшилаб диққат қилинмайдур. Агар ўткурроқ кўз билан, астайдил қаралған вақтда бизнинг кўзимизга илашган суратлар ҳукумат маҳкамаларининг кўзига ҳам илашиб қолар эди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ко%E2%80%98zingga_қара%2C_амалдор%21. Downloaded from uzbekai.com.