Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси Абдулҳамид Чўлпон Белгисиз қабрингни қора тунларда Амалимнинг шамин ёқиб изладим. Қизил ва пок қонинг исларин сочгач, Кучсиз кўйи юришимни тезладим. Амалимнинг юлдузиким кўз тикди Қора, жирканч ўлим кони ерларга. Савол бердим: «Йўқотганим қайда?» – деб Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга. Қўлиндаги тутам-тутам гулини Қабринг топиб, сочмоқ учун тиришди. Гул ўрнига заҳар тилар муҳитда Унинг қилган бу ишлари бўш ишди. Мен-да ожиз – у муҳитнинг олдида – Қабринг топиб кўз ёшимни тўкмакка Ҳамда аччиқ ҳиддатим-ла ул ерда Оқ каллалик қора девни сўкмакка. Шунинг учун юлдуз каби ярқираб, Элда қолган исминг билан тураман. Шул исмни эслаб, чизган йўлингдан Йироқ кетмай, қимирламай юраман. Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг Мотам гули эканини билмайсан. Шодлик гули кўпдан бери сўлганин Ер остида пок руҳинг-ла сезмайсан. Ана, сочдим қалбимдаги гулларни, Термак учун чақираман қулларни… 1920-йил — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Маҳмудхо%E2%80%98ja_Беҳбудий_хотираси. Downloaded from uzbekai.com.