Марказий труппамиз Фарғонага келадур Абдулҳамид Чўлпон Фарғона меҳнаткаш оммасини ўзбек театрининг бу кунги даражаси билан танишдирмак мақсадида Самарқанддаги Марказий ўзбек давлат труппаси Фарғонага чиқмоқчи бўлди. Сафарга труппанинг ҳамма актўр ва актрисалари, чолғучилар ҳайъати, муаллим ва раҳбарлари, декарация, кийим ва бошқа ҳамма асбоблари билан бирга чиқадурлар. Труппанинг тахминий режаси бўйича, ўйин мана бу шаҳарларда қуйидағи вақтларда бўлинадур: Қўқонда 1 нчидан 11 нчи сентябргача, Наманганда 12 нчидан 18 нчи сентябргача, Андижонда 19 нчи сентябрдан 29 нчи сентябргача, Марғилонда 30 нчи сентябрдан 6 нчи ўктабргача, Фарғонада 6 нчи ўктабрдан 12 нчи ўктабргача. Ундан кейин труппа Самарқандга қайтади. Труппанинг сафарга олиб чиқадурған асарлари (репертуари) мана булардан иборат бўладур: “Маликаи Турондот”, “Ҳужум”, “Фарҳод ва Ширин” (бутунлай янги асосда тайёрланади), “Ёрқиной”, “Арслон”, “Ҳалима” (Фарғонада қўйилмаған тарзда), “Икки бойға бир қарол”. Булар юқоридағи шаҳарларнинг саҳна имконлариға ҳар ҳолда тўғри келади. Аммо, вилоятларнинг саҳна имкониятлариға сиғмай қолиши эҳтимол бўлған “Ўсиш” ва “Зағмуқ” пессалари қўр бўлиб сақланади ва уларни қўйғундай саҳнаси бор жойларда, лозим бўлса қўйилади. Яқиндағина Масквадан келиб катта ютуқлар билан Ўрта Осиёни айланиб кетган “Маскав инқилоб театри” ўзининг моддий ва маънавий ютуқларини маҳаллий касаба ташкилотлари ва оқартиш муассасаларининг кўмаги билан қозонған эди; буни театрнинг раҳбарлари маҳаллий матбуотда қайд қилиб ўтдилар. Айниқса уларга матбуотнинг ёрдами катта бўлди (Тошкентда). Марказий давлат труппаси ҳам бу сафарида ўз асарларини кўпрак, уюшқан томошачиға – касаба аъзолариға, фирқалилар ва камсамўлларга кўрсатмакчи; қўйған асарлари тўғрисида бошлича меҳнаткаш оммасининг фикрини эшитмакчи, бу йўлда труппа қўлидан келган тадбирларни қилса керак. У томондан маҳаллардаги касаба ташкилотлари билан оқартиш муассасалари ҳам ҳаракат қилиб, труппани меҳнаткаш омманинг ўзига яқинлашдириш учун бу кундан бошлаб баъзи бир чораларни кўра бошласалар яхши бўлур эди. Зотан Андижон касаба ташкилотлари билан оқартиш идоралари ва Наманган маориф идораси труппани расман чақириб марказга мурожаат қилдилар. Улар албатта даъватга ижобат бўлғандан кейин, бўйинлариға тушган вазифаларни яхши биларлар. Биз, демак айтамизким, ўша вазифалар труппани расман чақирмаған жойлардағи ташкилотларнинг бўйинларида ҳам бор. Чунки нафис санъат сўнг вақтларда фирқа ва шўроларнинг жиддий аҳамият берган маданий бир ишлари бўлиб кетади. Труппа бутун кучни вагонга юклаб, энг яхши нарсаларини олиб, меҳнаткаш томошачини излаб боради. Ҳақиқий нафис санъатга чанқаған меҳнаткаш томошачи ҳам, ўз ташкилоти орқали, марказий труппасини кутиб олишқа тегишдур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Марказий_труппамиз_Фарг%E2%80%98onaga_келадур. Downloaded from uzbekai.com.