Мен шоирми Абдулҳамид Чўлпон «Таржимайи ҳолим»га Хаёлим бир учиб кетиб қоладир, Мен ҳам тизгинини қўйиб бераман. Зотан, қандоқ қилиб тутиб тураман? Энг нозик қилимга тегиб қоладир. Учадир... учадир... минг қабат кўкни Бир бошдан сийпалаб ўта берадир. Зерикмай, эринмай кета берадир, Баъзан ҳовлиқтириб жинни юракни... Кўланка кабидир, ўтган еридан Сўнгра қарасангиз, бир нишон қолмас. Юрган ерларидан озиқ ҳам олмас, Шунда зерикаман унинг сайридан... Бир замон бир ширин жойга етганда, Нарига ўтмасдан тўхтаб қоладир, Ошиқдек ястаниб, ётиб оладир... Шу чоқда қийналиш бошланар менда. Чунки хаёлимнинг кўзлари билан Бир гўзал ҳолатни кўриб тураман, Лаззатга ғарқ болиб, ўлиб тураман. У ҳолни борлиқнинг сўзлари билан. Англатиш қўлимдан келмай қоладир, Шу чоқда тилларим қалдираб кетиб, Борлиғим йўқликка ғилдираб кетиб Демакки: «Бошқалар билмай қоладир Шундай гўзалликни! Аттанг агар мен, Рассом бўлсам эди, чизиб берардим. Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим. Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?. . » Шоирлик менда бир соями, дейман, Ҳар бир тушунчамни ёза олмагач, Рассомдек хаёлга чиза олмагач, Ҳақир борлиғимга кўп афсус ейман... Хаёлим юксакдан тушиб кетадир, Шоирлик чанг бўлиб учиб кетадир... 1923 — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Мен_шоирми. Downloaded from uzbekai.com.