Меерхўлд тиётри Абдулҳамид Чўлпон «Эр юзи» мажмуаси ўз ўқувчиларини энг зўр тиётр муаллимларидан бири билан танишдирмоқчи бўлуб шу вазифани менга топширди. Бу кўп шарафлик бир хизмат бўлса ҳам, тиламасданрак бажардим. Бунинг сабаби белгили. Меерхўлд тўғрисида китоблар ёзилади, мақолалар, айниқса, «Эр юзи»нинг ўлчовли бетларига сиға оладурған қисқа мақолачалар ёзиш билан уни керагича танитиб бўлмайди. Модомики тугал танита олинмас экан, ҳозирға сабр қилиб туриш яхшимасмиди? Йўқ! «Оз бўлса ҳам таниб турайлиқ», – дер экан ўқувчилар; шу учун биз ҳам қўлдан келганини қилишға мажбур бўламиз. Боринг, бу сарлавҳаси бўлсин, бир оздан сўнг «мадҳал»ини бошлашға ҳам мумкин бўлуб қолар. Меерхўлдни махтағанлар «рус тиётрининг мумтоз санъаткори» деб махтайлар; ҳатто унинг мухолифлари ҳам сўкиш чоғида: «Энг буюк муаллимлардан бирининг хатоси», – дейиб ўталар. 1926 йил апрель ойида унинг тиётри 5 йиллик тўйини ўтказди. Шу тўйни ўтказмак учун 101 кишидан иборат махсус қўмита тузилган эди. Қўмитанинг раиси Клара Сеткин, ўринбосарлари Луначарский билан Славинский ўртоқлар эди. Бошқа аъзолар орасида Бела Кун, Будённий, Догодоф, Лозовский, Семашко, Думбол ва Уншлихт каби улкан номлар учрайди. Мана бунинг ўзгинаси ҳам бу кун Меерхўлд тиётрининг аҳамиятини кўрсатишга етади. Тўйға қадар бир коллектив ҳолда ишлаб келган бу тиётр тўйдан сўнг ҳукумат қарамоғиға ўтти ва «Меерхўлд номиға ҳукумат тиётри» деб аталди. Бу тиётрнинг ўз бошиға мустақил бир муассаса бўлуб ишлаши 1922 йилдан бошланади. 1922 ва 1923 йил тиётр фаслида у аввал «Меерхўлд тиётри» бўлуб, сўнгра «Меерхўлд номиға тиётр» бўлуб ишлайди. Унгача бу тиётр бир неча муассасага аралашиб чиққан: 1920 йилнинг ноябрь ойидан 21 йилнинг ёзлариғача бу тиётрнинг туб кучлари бошларида Меерхўлд бўлғани ҳолда, «RSFSRнинг биринчи тиётри»да ишлайлар. У ерда «Тонг қизиллиқлари» («Заря»), «Мистерия буфф», «Ёшлар союзи» деган нарсалар қўйилади. Буларнинг биринчиси балчиқоли адиб ва шоир Верхарнники бўлуб, муосир сармоядор жамиятдан бошқа бир олийроқ жамиятга кўчишни тасвир қилади. Унда синф кураши бир неча табақа орасида кўрсатилади. Иккинчиси рус футуристларидан машҳур Маяковскийнинг асари бўлуб, нариги (маънавий) оламларни эрмак қилади. Ниҳоят, учинчиси норважли адиб Ибсенники бўлуб, асримизнинг муаммоларига қоқилади. Бу асарларнинг ҳар бири ўша вақтда жамиятга ҳаяжонлар солған, уни силкиткан нарсалардир. Меерхўлд ўша тиётрда вақтида эдиким, «Тиётрда ўктабр» шиорини майдонга отти. Унинг ғайрати ва ташаббуси биландирким ўша тиётрда янги асослар амалга қўйилди. Бу янги асосларнинг бири «Тиётр санъати ҳам сиёсатдан холи эмас»дир. Қандай бўлса ҳам, бир синфнинг манфаатига хизмат этганини даъво қилар, шу учун ўзи ҳам мамлакат тизгинини қўлға олған тумоёқ синфига хизмат этарди. Бу мафкура масаласидир. Яна бир янги асос саҳнанинг тузилишига оид бўлуб, саҳна майдонининг чиройлиқ қилиб ясатилишиға қарши саҳнада энг оддий муйимлардан энг осон ва арзон шакллар уюшдиришга тиришарди. Бу ҳам, албатта, «сиёсатдан холи эмас», негаким бу содда саҳна содда халқ учун, содда халқ эса тумоёқлар эди. Бино етишмаслиги орқасида у тиётр бурунғи Незлобин тиётри билан бирга қўшилиб, «Актўр тиётри»ға айланди. Ўша тиётрда қўйилиб жуда катта муваффақият қозонған «Великодушный рогоносетс» томошаси «Актўр тиётри» қурулмасдан бурун «Биринчи RSFSR тиётри» билан юқори режиссўр Қурслари томонидан бирликда тайёрланған эди. Меерхўлднинг иккинчи асоси (саҳнани соддалаштириш) ўша вақтда авжига чиққан эди: унинг ўз гапига қарағанда, юқорида айтилган асарнинг қўйилиши фақат 200 сўмгагина тушкан. Ўзига ҳамма вақт янги йўллар ақтарған, бир ерда тўқтамаған, «тиниб ўлмас» Меерхўлд ва унинг тўдаси, албатта, Низлобин тўдаси билан чиқиша олмас эди. Ҳам шундай бўлди-да: илгари иккови орасида кураш кетди, сўнгра узилишишга мажбур бўлдилар. «Актўр тиётри» тамоман Меерхўлд қўлиға қолди. Ундан кейин «Актўр тиётри» деганимиз «GITIS тиётри»ға айланди. Унда ҳам икки тўда ўйнарди: бири Меерхўлдники, яна бири «Тажриба қаҳрамонлиқ тиётри». Бу иккала тўданинг курашиши натижасида сўнгғи тўда йўқ ўлди ва 1922 йилда «Меерхўлд тиётри» деган мустақил бир тиётр ташкил қилинди. Ўзининг ўша йўли билан Меерхўлд тиётри ҳозирғача юриб келди. Албатта, бу орада чайқалишлар бўлмади эмас, бўлди, лекин уларнинг моҳиятидан гапирмакчи бўлсак, китоблар ёзишға тўғри келадирким, унга бизнинг кучимиз ҳам ҳали ҳозирға етмайди. Бу орада Меерхўлд тиётри «Муаллим Бубус», «Д.Э.» (Бер Оврупони!), «Мандат», «Эр кўпди», «Юр, Хитой» каби ҳар жиҳатдан янги ва муосир нарсалар берди: қадимги Островскийнинг «Ўрмон»и билан Гоголнинг «Терговчи»сини янгилаб астар-аврасини ағдариб қўйди. «Ўрмон»да унча қилу қол қўзғалмаған эди. Аммо бу «Терговчи»да жуда қилу қол қўзғалди. Қўйилғанига бир ярим ой бўлуб қолғани ҳолда, ҳали ҳам мақташ ва сўкишлар тўқтағани йўқ. «Терговчи»га баҳо беришда Масков билан Ленинград танқидчилари иккига бўлиндилар. Масков сўкади, Ленинград махтайди. Бу сўкиш ва махташлар тўғрисида гапирмак учун ҳам яна айрим мақолалар ёзиш керак. Шунинг учун қисқа қилиб шунигина айтамизким, Масков мунаққидлари Меерхўлдни «ўнглашиб кетиш»да айблайлар, Ленинград мунаққидлари эса Меерхўлднинг «Терговчи»сидан Гоголнинг чин руҳини топалар ва янги ҳеч ким тополмаған нарсалар топилғанини даъво қилалар. Чинакам, «Терговчи» билан «Великодушный рогоносетс» орасида шакл жиҳатдан жуда катта фарқ бор. Сўнгғи нарсани 200 сўмга тайёр бўлған деб ўткан эдик. «Терговчи»нинг саҳна жиҳозларига бир неча минг сўм кетган десак хато қилмаймиз. Кийимлар ҳаммаси тоза нарсадан, хотин кийимлари ҳаммаси ипак, бошқа жиҳозлар ҳам кинўларники қадар бой. Меерхўлд тиётрида бу чоққача парда, декорация ва саҳнаолди фанорлари бўлмас эди. «Терговчи»да парда деворға айланган. Равот дарвозалар… Ўйинларда «От ўйини» (тсирк) ва кинўнинг кўб таъсири бўлған бу тиётр, гапнинг қисқаси, теварак-атрофни энг кўб машғул қилаёткан бир санъат муассасасидир. Бу тўғрида бир эмас, кўб, кўб мартаба сўз қилишға тўғри келар – ҳозир сўзни тамом қилмасдан бурун Меерхўлд тиётрининг бизга таъсиридан икки оғиз сўзлаб ўтай. Бу тиётрнинг соддалиги биз учун керак, кўбчиликка яқин келиши яна биз учун лозим. Бизнинг халқ тиётрлари унсурларидан баъзилари бу тиётрда бор. Шу учун бизнинг янги тиётримиз ҳам бундан қочиб қутулолмайди ва қочмоқчи ҳам эмас, албатта. Балки Масков драм истудияси бу йўлда биринчи қадамни қўйди: ўткан йил Масков истудиясида меерхўлдчилардан ўртоқ Свердлиннинг таълими билан «Қоровул уйқуси» деган бир сўзсиз ўйин тайёрланған эди. Энди бу йил эса «Пул ундириш» деган бир кулги асар тайёрланиб турадир. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Меерхо%E2%80%98ld_тиётри. Downloaded from uzbekai.com.