Мирзо Улуғбек Абдулҳамид Чўлпон Илми ҳайъат тарихида Туркистоннинг шарафли бир мавқеи бордур. Милоднинг 1420-йилида машҳур Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбек илми ҳайъатга бўлған кучли муҳаббати орқасида Самарқанд шаҳрига бир расадхона бино қилдирған эди. У вақтдан бери орада 400 йилча вақт ўтуб ерлар тагида кўмулуб кетган у расадхонани мундан 10 йиллар бурун самарқандли мусташриқ Вяткин топуб ковлатган эди. Бу расадхона мармардан ясалған зўр бир бинодан иборат эди. У ерда бизнинг Туркистон ўғли Мирзо Улуғбек дунёнинг ҳар тарафидан тўплаб олған олим йўлдошлари билан зўр бериб ишлаган эди. Мирзо Улуғбек томонидан тузилган битта “Юлдузлар жадвали” бор. Бу жадвалда ўша вақтда маълум бўлған юлдузлар жуда очиқ таъриф қилинадур. У жадвал машҳур юнон ҳайъат олими Хиппорих вақтидан бери тузулган биргина жадвал, деб ҳисобланадур. Туркистон халқи, айниқса биз тубжой халқ, ўзимизнинг шу олим кишимизни сира эсга олмаймиз. Унинг исмига биргина, кичкина бўлса ҳам хотира нишона йўқ. Шаҳарларда очилған мактаблар билангина у улуғ олимни тақдир қилдиқ, деб айта олмаймиз. Сира, сира айта олмаймиз. Тошканд расадхонаси ҳозир бир ишга қадам қўйди. Гирмониядағи Насийс корхонасига буюриб, катта бир телескўп (расадхона дурбини) ясатдирмоқчи ва у дурбинни Тошканд расадхонасига ўрнатуб, унга “Мирзо Улуғбек дурбини” деб ном қўймоқчи. Бу дурбин бир Туркистондагина эмас балки бутун дунёда бирдан бир катта дурбин бўладур. Нимагаким, бундоқ зўрлиқда ва бу ўткурликдаги дурбин фақат Амриқодагина бордур. Корхоначи билан сўзлашилган. Дурбин олтун ҳисоби билан 96000 сўмга тушадур. Бу пулдан 40000 сўми пишаки берилса, дурбин 2-2,5 йилда тайёр бўлиб келадур. Ташаббус бошланған. Иш, фақат шу пулни йиғишда қолған. Пул ваъда қилған идоралар ҳам бор. Биз умид қиламизким, Улуғбекнинг она юртида мундоқ хайрлик ташаббусга керак бўлған пулни Туркистон ҳукумати ҳам, халқ ҳам қандоқ қилиб бўлса-да, тўлдуруб берар. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Мирзо_Улуг%E2%80%98bek. Downloaded from uzbekai.com.