Музофот ижроқўми диққатига Абдулҳамид Чўлпон BU HAM BIR TOUN (ЎЛАТ) Хива, Туркманистон томондан келаётқан toun балоси даф’ қилинғанға ўхшамайдурким, матбуотимиз ҳам жим бўлуб қолди. Албатта ўз вақтида тегишлик чоралар кўрулгандан кейин ундай балоларни даф’ қилмоқ, ҳеч бўлмағанда улардан бошқа соғ таналарни сақлаб қолмоқ мумкиндур. Бир жойдан, бир райондан шундай маълум, танилган бало чиққанда ҳам бесаранжам бўладур. Матбуот ҳам фарёд қиладур. Ҳукумат ҳам аҳамият берадур. Тегишлик идоралар ҳам жиддий чоралар кўруб, вақти-вақтида олдини оладурлар. Лекин, баъзи бир балолар бордурким, зарарлари ҳалигилардан кам бўлмағани, балки ортиб кетгани ҳолда уларга ҳеч ким аҳамият бермайдур, халқ ҳам қиёмат тўпаланг қўзғатмайдур. Бунинг сабаби нима? Бунинг сабаби шудурким, у балолар бир жой ва бир районда, бирдан ва улгуржи пайдо бўлмасдан, кенг халқ орасида ёлғиз-ёлғиз аста-аста пайдо бўладур. Сўнгра, у балолар ҳалигилар каби танилган ҳам бўлмайдур. Танилган балонинг энг каттаси, юқорида айтганимдек, toun (ўлат) эди. Амударё бўйларида пайдо бўлуши билан дарҳол олдини олиб йўқ қилдилар. Лекин зарари ундан кам бўлмаған бир бало бу кун Фарғонанинг баъзи бир шаҳарларида давом қилиб турадур. Мунинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Меним toun қаториға қўйғаним у касал: ёш болаларда кўрулган йўтал касалидур. Анжан ва Ўш шаҳарларининг кўб жойларида шу касални кўрдим. Бир кечанинг ичида бечора бола энг ками 20 марта йўталадур. Баъзан бу йўтал 1,5 минут давом этиб, болаға жуда ёмон азоб берадур. Ширин болаларини доим шу қийноқда кўрган кўп ота-оналар жонлариға теккан вақтда “мунинг бу хилда яшашидан кўра ўлгани яхши эди” дерлар экан… Шаҳарларимизда “ишлаб” келаётқан “фаол” соғлиқни сақлаш маҳкамаларимиз бу касалга қанча аҳамият бердилар экан, хабарим йўқ. Лекин, уларни бир тарафга олиб қўйғанда, халқнинг ўзи ҳам бу тўғрида умумийроқ бир бесаранжамлик кўрсатмайдур. Ҳар оила шу балога йўлуқған бўлса ўз дардини ўзи тортадур, бас. Лекин, буни бу ҳолда қолдирмоқ мумкин эмас. Айниқса, ҳозирги ҳукуматимиз замонида келгусининг ҳур ватандошлари бўлатурған кичкина ука ва сингилларимизни кўз олдимизда шу балонинг панжасига ташлаб қўйишимиз катта хиёнат! Фарғона музофот ижроқўми ва ундан юқорироқ турган идоралар ёш кучлар учун келган бу tounga қарши бутун кучни сафарбарлик остиға тўпламоқлари керак. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Музофот_ижроқо%E2%80%98ми_диққатига. Downloaded from uzbekai.com.