Музофот қурсиндаги воқеа Абдулҳамид Чўлпон “Музофот турк муаллимлар қурси”нинг талабалар ётардирган иқоматгоҳина (илгариги рус-ерли мактаби биносинда, сой бўйинда), андижонлик талабалар турган хонага сешанба куни 29 нчи июлда кечаси соат 12 ларда 10-15 нафар номаълум яроқлик босмачилар кируб, “Асрорхон” деган йигит борми?” деб сўраб, 3 нчи табииёт синфи талабалариндан Асрор Акбарзода “менман!” дегандан кейин уни олдиларига солишуб, бошқа талабаларнинг кийим, уст-бош ва пулларини талаб, олуб чиқуб кетдилар. Талабалардан баъзилари 3-4 мингга пулларли нарсаларини олдирдилар; хусусан усмонли (Туркия) табаъаси Мақсуд афанди Фидоий қуруқ бир кўйлак ва лозим ила қолди… Бошқа зарар йўқ. Ўғрилар милтиқсиз бўлуб, қуруқ “наган” усулиндаги тўпончалар ила қуролланган, ул тўпончалар ҳам ҳужрага кирганлардан, фақат 4 нафарида бор эди. Ўзлари янги фўрмада кийинган, бир-бирларини “товариш” (ўртоқ) деб айтишар эдилар. Эшикда турганлари ичкаридагиларга ҳатто русча: “искори товариш!” (тез бўл, ўртоқ!) деб турдилар. Улар ўзларини Андижон уязинда бўлған машҳур Маҳкам ҳожига нисбат бердилар; қарандаш қалам билан хунук қилиб муаллимлар исмина ёзилган хатда “Асрорнинг керак бўлса Маҳкам ҳожи ёнидан, ё солдат ёки муаллимлар ўзлари боруб олуб келсалар керак эканлиги” баён этиладир ва тагига русча хунук хат билан “Маҳкам Ходжаеф” дея ёзилмишдир. Хатнинг равиши Маҳкам Ҳожига ҳеч алоқаси йўқдай кўрунадир. Қурс биносини сақлашда илгари бир нав’ бепарволик бўлса ҳам, шул воқеадан кейин бинони яхшилаб сақламоқ учун керакли тадбирлари кўрулди. Зарар тортган талабаларға ҳам моддий ёрдам этилажак. Бутун музофот мусулмон меҳнаткашларининг келажакда чин меҳнаткаш бўлуб тарбия этиладурған болаларини тарбия этадурған муаллимларга бу жиноятни ишлаған босмачилар не қадар шоёни нафрат бўлсалар, музофот маркази бўлган бир шаҳарда шундай аҳамиятли бир жойни яхшилаб сақламай, ўз вазифаларина бепарволик қилган ҳукумат кишиларида шул қадар таассуфга шоёндирлар… — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Музофот_қурсиндаги_воқеа. Downloaded from uzbekai.com.