Нефть учун кураш Абдулҳамид Чўлпон Нефть… Мана, кейинги вақтда жаҳонгирлар ўртасида бўлған битмас-туганмас талаш, жанжаллар, охири кўринмаган сиёсий музокаралар ва дипломат майнабозлиқларининг сабабчиси нефтдир. Жаҳонгирларнинг бутун тутқан сиёсатлари, қилған ҳаракатлари яна нефть билан ўлчанадир. Нефть дунё сиёсатида муҳим, жуда муҳим рўл ўйнамоқға бошлади. Буржуазия бунинг учун ҳар соатда бир-бирининг бўғзига осилмоқға, зарур бўлса беҳисоб қон тўкишга ҳозирдир. Ёврупо дипломатларининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи майда халқларни муҳофаза, “мазлум миллатларга истиқлолият” дея ашула қилишлари сулҳпарварона алжишлари… тегида буларнинг аслини текшириб кўрсак нефть ётадир. Дунё ҳукмдорларининг бутун ҳаракатлари, бутун сиёсий ўюнлари – ҳаммаси нефтга боруб тиркаладир. Бу нарса жаҳонгирларнинг кеча-кундуз кўз олдиларида; улар бунинг билан ўзларининг “нафис” қўлларини қора қилмоқдан ҳам қўрқмайдирлар. Жаҳонгирларнинг бутун канференсиялари, улуғ давлатларнинг беҳисоб “нуфуз доираларини” белгилаш мажлислари ва ҳоказо, шунинг ичида бўлуб ўткан Генуя, Ғаға, ўшандоқ яқинда марҳум бўлған Лузон канференсиясида ҳам энг шовқунлиқ масъала Месопотамияда нефть чиқатурған муҳим бир районнинг маркази – Мўсул шаҳри устида эди. Бунда эски йўлбосар давлат Англия ва Амриқо ёқалашадир, қолған давлатлар ўзларининг манфаатларига қараб шунлардан бирининг томонини оладирлар. Мана, байналмилал сиёсатда нефтнинг тутқан ўюни… Бунинг сабаби нима? Сабаблари жуда очиқ: ҳозирги кунда катта саноатнинг ўсуви ва бунинг учун ёқиш асбобларининг зарурлиги, бу бир; нефть, тошкўмирга қарағанда кўброқ иссиғлиқ берадир, шунинг устига нефтни чиқариш ва ёқмоқ учун тошкўмирга кетгандек кўб куч сарф қилинмайдир ва арзонроқ турадир, бу икки, уч. Шунинг билан баробар юк ташимоқ йўлларида бунинг аҳамияти улуғдир. Нефть билан ҳаракатга келатурган уруш кемаси, тошкўмир билан юратурганига қарағанда уч мартаба ва балки ортиғроқ тез юрадир. Юк ташимоқ йўлларида, катта саноатда нефть билан иш кўриш кундан-кунга ортадир. Тошкўмир ва бошқа ёқиш асбоблари секин-секин иккинчи ва учинчи планға кўчадирлар. Шуни ҳам эсдан чиқармайликким, нефтдан тағин бензин, ер кўмири, асфальт, газалин, ҳар хил ёқиш ва суркаш ёғлари ва ғайрлар ишлаб чиқариладир. Мана бу ҳоллар нефть чиқариш ишининг кундан-кун ўсишига асосий амаллардир, албатта нефть саноати ҳали кўб ёшқа киргани йўқ. 1870 нчи йилда бутун дунё масштабида фақат 50-55 милён пуд нефть чиқарилур эди. Лекин бора-бора бунинг маҳсулоти ортуб, 1920 нчи йилда 5.552 ва балки ортуғроққа чиқди. Демак: эллик йил ичида нефть чиқариш юз мартабадан ортиғроқ кўтарилди. Дунёда ниҳоятда кўб нефть истеъмол қилғувчи икки давлат – Англия ва Шимолий Амриқодир. Шимолий Амриқо нефть истеъмол қилишда биринчи мамлакат ҳисобланадир. Англиянинг ўз чегарасида (балки 165 минг тонна нефть берган Шотландияни ҳисобламағанда) нефть чиқаролмайдир. Лекин денгизларда подшоҳлиқ қилмоқ учун яхши уруш кемаларига молик бўлмоқ устига, шунга етарлик нефть ўчоқлариға ҳам эга бўлиш керак. Англия ўзига керак нефтни (қора ёғ) чет эллардан оладир. 1920 нчи йилда чет эллардан 3363 тонна (бир тонна олтмиш икки ярим пуд) нефть сотиб олди. Бу бўлса нефть жиҳатидан Англия жуда қийин шароитларда эканлигини кўрсатадир. Англия мустамлакаларида ҳар йили қуйидағи миқдор нефть чиқариладир: Бирма . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 8 милён бочка Ҳиндистон . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 1 милён 200 минг тонна Тринидат . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 3 милён бочка Миср . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 1,5 Қанада . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .1 Месопотамия . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 10 минг Бундан бошқа Англия капиталистлари янги Зеландия жазирасида, Сомали, Новуй Гвинея ярим оқаларида, Фаластинда ва бошқа ерларда нефть чиқармоққа киришдилар. Лекин бир Англия қўл остида чиқарилған миқдор нефть унинг саноат, савдо ва ҳарбий кемаларига керак эҳтиёжларни ёпа олмайдир. Чунки нефть чиқарған мустамлакаларнинг ўзига ҳам нефть керак, кўпига ўзларига ўзларида чиқарилған нефть етмасдан чет эллардан нефть сотуб олмоқға тўғри келадир. Ҳиндистонда 10.200.000 тонна нефть ҳосил қилинса ҳам, буни четга чиқариш ҳақида оғиз очиб бўлмайдир. Чунки Ҳиндистоннинг ўзи ўзида ҳосил бўлған миқдордан ортиқ нефть истеъмол қилуб, етмаганини Эрон, Ҳолландия Ҳиндистони ва Шимолий Амриқодан келтирадир. Шундоқ қилиб Англия нефть билан таъмин қилиш ишида тамоман Амриқо қўлидадир. Англия 1920 йилда чет эллардан сотуб олған нефтнинг 61% ни Шимолий Амриқо жамоҳирул-мутафақасидан олди. Шунинг учун Англиянинг уруш натижасида қўлиға кириб қолған мустамлакалари Миср, Месопотамия ва бошқаларни икки кўзини сақлағандек сақламоғи табиий бир ҳолдир. Англия учун қаналлар, бўғозлар жуда муҳим рўл ўйнайдир. Албатта, унинг учун бўғозларнинг ҳар бир мамлакат кемалари учун очиқ бўлиши ҳеч тўғри келмайдир. Ул денгизларда подшоҳлиқ учун ўзига нефть ўчоқларини таъмин қилмоқчидир. Нефть хусусида Англиянинг ҳоли шу. Энди Амриқоға келайлик: бу мамлакат нефть масъаласида жуда яхши ҳолдадир. Бутун дунёда ҳосил бўлған нефтнинг 70-80 фоизи Шимолий Амриқо жамоҳирул-мутафақасининг ёлғуз ўз чегарасидагина ҳосил қилинадир. Шунинг билан бирга бу мамлакатнинг нуфузи остида нефтга жуда бой бўлған Мексика мамлакати турадир. Ёлғуз бир Мексика нефть ўчоқлари ишлаган тақдирда бутун дунёнинг эҳтиёжини таъмин қилишқа ва балки ундан ҳам ортиқ чиқаришқа қодирдир. Демак, Амриқо билан нефть масъаласида рақобат қилмоқ мумкин эмас. Лекин нефтга шундай бой бўлған Амриқонинг Англия томонидан Эрон, Месопотамия ва бошқа жойларда ўзига нефть ўчоқлари олмоқ ҳаракатларига тинч қарай олмаслиғи ва албатта ўзига ҳам қисмат талаб қилмоғи бир оз ажиб бўлуб кўринадир. Бунинг сабаби нима? Сабаби маълум: Амриқода бўлған нефть заҳираларининг камайиши, ўчоқларнинг кундан-кунга нефтни оз бера бошлашидир. Амриқо ҳар йили 400 милён бочка нефть истеъмол қиладир. Агар нефть харажати ҳар йили шундай бўлуб турса Амриқонинг бутун бераётқан нефть заҳиралари 17-20 йилларгагина етадир. Амриқо учун 10-20 йиллардан кейин Англия ҳолига тушиш хавфи бор. Шунинг учун Амриқо жаҳонгирлари нефть ҳақида масъала чиқғанда албатта аралашадирлар ва ўзларига қисмат олишқа ҳаракат қиладирлар. Айрим мамлакатларнинг нефть муносабатида аҳамиятларини белгилаш учун уларнинг ерда ётқан нефть заҳираларини тасвир қилатурған бир икки рақамларни кўрсатуб кетамиз: Жанубий Амриқо . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 73,6 милярд пуд Шимоли Жамоҳирул-мутафақа. . . . . . . . . . . . 56 Русия . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 53 Эрон ва Месопотамия . . . . . . . . . . . . . . . . .. . . 46, 5 Мексика . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 36 Ҳолландия Ҳиндистони . . . . . . . . . . . . . . . . . 24 Румония . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . 9, 4 Бундан Шимолий Амриқо Жанубий Амриқодан орқада эканлиги кўринадир. Албатта, бундай бўлғандан кейин Шимолий Амриқо нефть масъалаларига бир чекадан тамошабин бўлуб қола олмайдир. Унинг рақиби Англия Мўсул нефтини ўз қўлиға киргизди. Англия ҳимояси остида бўлған ва 1917 нчи йилда тузилган “Рўял – детч – шелд” нефть ширкати ўзининг томирларини – Калифорния, Мексика, Миср, Русия, Зонд жазиралари, Қанада, Руминия, Эрон ва бошқа ерларга ёйиб бир нефть денгизи ташкил қиладир. Бу ширкат 123 жамъиятдан иборатдир. Энди ўзида камрак солуқлари киргизган Амриқо бошқа мамлакатларда бўғозларнинг ҳар бир миллат кемалари учун очиқ “Озод савдо”ларини киргизиш учун талашадир. Бу Амриқо учун фойдалик ва жуда зарур. Амриқо Англиянинг ўз нефть ўчоқларини ортдирмоқ ҳаракатига қарши ва Англияни ўз қўлида тутмоқчи бўладир. Мана булар ўртасида “нефть денгизлари” учун кураш, талаш кетадир. Чунки “нефть денгизлари” ким қўлида бўлса, байналмилал сиёсатда подшоҳлиқ шунингдир. Генуя ва Ғаға канференсиялари шу нефть (рус нефти) масъаласида Амриқо ва Англиянинг рақобатлари натижасида тарқалдилар. Лузон канференсияси ҳам кўбинча Мўсул нефти масъаласида бу икки рақибнинг келиша олмағанлиғи учун натижасиз ёпилди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Нефть_учун_кураш. Downloaded from uzbekai.com.