Ниманинг ҳиди Абдулҳамид Чўлпон Билмайман: бу ҳидлар ниманинг ҳиди? Руҳим ҳидлаш билан англаган эди!.. Мавъуд жаннатларнинг энг гўзали-да, Энг гўзал малика атирлар сочди, Кўкларнинг энг нозли ўйноқ париси Атир қутисининг оғзини очди. Кўнгилни мулойим қитиқлагувчи, Ўзида бир турли сир сақлагувчи, Бу ҳиддирким, ҳорғин, чарчаган дилга Янги умид, тоза қувват бергувчи… Муҳаббат булбули берилди тилга! Узилиб-узилиб йиғлаган кўнгил, Азалдан юмшоқлик кўрмаган кўнгил, Гуллик боғчаларда юрмаган кўнгил, Ўзини гулларга урмаган кўнгил Азал малагидан бир ҳид ҳидлади, Эсирди, йиқилди, ўзи билмади… Ҳидсиз тилакларнинг тотли умиди Сонсиз ҳавасларни кўнглимга солди, Оппоқ маликанинг тарқатган ҳиди Танимни, жонимни, руҳимни олди! Энг тотли ҳаваслар сунгувчи ҳидни Руҳим ҳидлаш билан англаган эди!.. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ниманинг_ҳиди. Downloaded from uzbekai.com.