Ўликларга қарши Абдулҳамид Чўлпон (Инқилобий ҳукумат томонидан шаҳар ичидаги қабрлар йўқотила бошлаши муносабати билан) Руҳларини бошқаларға топшириб, ер остига яширинган кишилар учун етар ортиқ бу ҳурмат! Тириклик қайнаған, турмуш вулқонланған, иш тўлиб-тошған, кураш қутурған жойларда энг қиммат тупроқларни ўликлар эгаллаб ётмасинлар! Ўликларнинг қони, ёт ислари тор, ҳавосиз кўчаларимизда буғланиб юриб, дайди шамолларнинг кучлари билан қанотланмасунлар! Қанотланмасунлар-да, ҳаётдан қатралар эмган тоза димоғларимизга кириб қолмасунлар! Кириб тўлмасунлар-да, руҳимизни оз чоққа бўлса-да, чарчатмасунлар! Чарчатмасунларким: Ҳозир чарчағанлар учун – енгилиш, енгилганлар учун – ўлим! Шаҳар ўртасида гўр нима қиладур? Яшайтурғанларни-да яшамаслиқ учун, тирикларни-да ўлдирмак учун, ер юзидагиларни-да ер остиға тортмоқ учун, кураш полвонларини ҳам чолиб йиқитмоқ учунми? Қўйинг! Дунё иккига бўлинди, Шиддатли, узил-кесил, жон аччиғи кураш боради. Шу чоқда – қабрларга ҳурмат, Шу чоқда – ўликларга риоя эмиш… Йўқ! Яшамоқ учун тўсуқ бўлатурған ҳар нарсани, кураш йўлина кўндаланг келатурған ҳар кучни олиб ташламоқ, оғдариб йиқитмоқ чоғи! Ўликлар устига тириклар мамлакати қурунгиз! Қабристонларға ҳаёт салтанати бино қилингиз! Ўликлар тирикларни тортмасунлар! Тириклар – ўликларни тирилтиш ўйида бўлсунлар! Борлиғи, яшайиш учун, бўғушуб ётған эл, энди ўликларнннг ҳам нозини чекмасин! Ҳаёт, Турмуш, Кураш – элнинг истагани! Қутулмоқ учун уйғонингғиз! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%E2%80%98ликларга_қарши. Downloaded from uzbekai.com.