Ўрта мактаб имтиҳони Абдулҳамид Чўлпон Шу ҳафта бошларида Эски шаҳар дорулмуаллимини (ўрта мактаб) шогирдларининг имтиҳони бўлди. Имтиҳон мажлисига маориф ва ҳукумат идораларидан кишилар ва болаларнинг оталари чақирилған. Мажлисда одам кўб эди. Имтиҳон бошланди. Ҳар бир дарс устида болалардан қийин ва узоқ сўроқлар сўралиб, қаноатланурлик жавоблар олинди. Тажриба билан кўрсатилиши керак бўлған дарслар (кимё, ҳикмат каби) тажриба асбоблари билан ишланиб кўрсатилди. Асбобларнинг камчилигидан кўз юмғанда тажрибалар муваффақиятлик чиқди. Имтиҳондан кўрулдики, шогирд ва ўқитувчилар ўз сабоқларини тиришиб ўтказганлар. Шогирдларнинг ҳандаса даъволарини исбот қилишлари, адабиётни очиқ ва тўғри текширишлари, сарф-наҳвда жуда олдинға кетганликлари, табииёт ва ташриҳ дарсларини амалий суратда кўрсата олишлари, айниқса рус тилидан ўзбекчага, ўзбекчадан русчага осонлиқ билан таржима қилишлари ва рус тили қоидаларини жуда яхши билишлари, англизча ўқуй бошлағанлари ҳаммани ҳайрон қолдирди. Имтиҳон мажлиси ёпилғунча келган меҳмон ва оталарға чой-дастурхон берилиб турилди. Имтиҳон тугагандан кейин ош тортилди. Оталар шогирд ва ўқувчилар ҳақига дуо қилдилар. Ҳар кимда севинч ва қувонч излари кўрилар эди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/О%E2%80%98rta_мактаб_имтиҳони. Downloaded from uzbekai.com.